📅 2018-yil 22-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018-yil 22-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018 йил 22 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 ноября 2018 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 November 2018 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик шаклларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3651-сон қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик муносабатларини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш шаклини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш шаклидаги давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилаб қўйилсинки, хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш шаклидаги давлат-хусусий шериклик:
хусусий шерикнинг ташаббуси билан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш асосида танлов ўтказилмасдан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш орқали амалга оширилади;
лойиҳани амалга ошириш доирасида нодавлат таълим муассасасини ташкил этиш бўйича битим тузган хусусий шерикка Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3651-сон қарорида белгиланган имтиёзлар татбиқ этилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги:
бир ҳафта муддатда хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш шаклидаги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги намунавий битим лойиҳасини ишлаб чиқсин;
бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири А.В. Шин зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги 944-сонли қарорига ИЛОВА
Хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш шаклидаги давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш шаклидаги давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом билан тартибга солинмаган давлат-хусусий шерикликнинг ушбу шаклини амалга оширишдаги муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3651-сон қарори билан тасдиқланган Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги низом қоидалари асосида тартибга солинади.
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
давлат-хусусий шериклик — хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш шаклидаги давлат шериги ва хусусий шерикнинг аниқ муддатга юридик расмийлаштирилган мактабгача таълим соҳасидаги ўзаро самарали ҳамкорлиги;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда битим деб аталади) — хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этишга қаратилган томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ижро этишнинг бошқа шартларини белгилаб берадиган давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида тузилган ёзма шартнома;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаси (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) — хусусий шерикка тегишли бўш турган ер участкалари, қурилиши тугалланмаган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ёки жиҳозланадиган бино ва иншоотлар негизида нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объекти — хусусий шерикка тегишли бўш турган ер участкалари, қурилиши тугалланмаган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ёки жиҳозланадиган бино ва иншоотлар;
давлат шериги — Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги;
хусусий шерик — давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш бўйича битим тузган ёки битим тузиш истагини билдирган юридик шахс. Давлат ташкилотлари хусусий шерик бўла олмайди, шунингдек, хусусий шерик тарафида иштирок эта олмайди;
ижтимоий кўмакка мухтож оилалар — Ижтимоий реестрга киритилган оилалар, аъзолари ногиронлиги бўлган шахслардан иборат бўлган оилалар, боқувчисини йўқотган оилалар, боланинг ота-онаси квоталар бўйича минтақаларга тақсимланган ижтимоий соҳа ходимлари бўлган оилалар, тўрт ёки ундан кўп болалари бўлган оилалар;
махсус контингент — ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг болалари, мактабгача таълим тизими ходимлари ва давлат умумтаълим мактаблари педагог ходимларининг болалари.
3. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси хусусий шерикнинг ташаббуси билан ва у томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш асосида танлов ўтказилмай тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш орқали амалга оширилади.
4. Хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш шаклидаги давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартиби ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини таклиф этиш тартиби
5. Давлат хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш истагини билдирган талабгор Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига қуйидагиларни илова қилган ҳолда ариза беради:
ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси;
бинога бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);
ариза тақдим этиладиган кундан узоғи билан бир ой олдин солиқлар, йиғимлар, бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик ҳамда бошқа молиявий санкциялар йўқлиги тўғрисида маълумот;
лойиҳа қийматининг камида 25 фоизини молиялаштириш бўйича хусусий шерикнинг имкониятини тасдиқловчи ҳужжат ёки бошқа ташкилотнинг кафиллиги;
ташкил этиш режалаштирилган нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносининг белгиланган тартибда тасдиқланган ва келишилган лойиҳа-смета ҳужжатлари;
ҳудуддаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Санэпидқўм органларининг мактабгача таълим ташкилотини қуриш бўйича хулосалари;
нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қуриш учун дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичлар.
6. Хусусий шерикнинг лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги аризаси давлат шериги томонидан ариза тушган кундан бошлаб 15 кун ичида кўриб чиқилади.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида 7 кун мобайнида битим тузилади. Битимда унинг амал қилиш муддати 30 йил этиб белгиланади.
Ҳудуддаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Санэпидқўм органларининг мактабгача таълим муассасасини қуриш бўйича берилган асосланган салбий хулосалари билан таклиф этилган лойиҳалар давлат шериги томонидан 3 кун ичида рад этилади.
3-боб. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
7. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда хусусий шерик қуйидаги ҳуқуқларга эга:
мактабгача ёшдаги болалар учун тўгараклар ва бошқа таълим хизматларини ташкил этиш;
ҳар бир тарбияланувчи учун давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 50 фоизигача, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 июндаги ПҚ-5144-сон қарори билан тасдиқланган олис ва чекка ҳудудларда 75 фоизигача миқдорда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан белгиланган тартибда субсидиялар олиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 июндаги ПҚ-5144-сон қарори билан тасдиқланган олис ва чекка ҳудудларда жойлашган давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар» ёки «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг ҳар бир тарбияланувчи фарзандлари учун мазкур дафтарлар жамғармалари ҳисобидан давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 25 фоизи миқдорида субсидиялар олиш;
давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига фойдаланган электр энергияси ва табиий газ хизматлари нархининг 50 фоизи миқдорида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ойлик компенсациялар олиш;
фойда олиш;
битим шартлари давлат шериги томонидан бузилган тақдирда битимни суд тартибида бекор қилиш.
Битимга мувофиқ хусусий шерик бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
8. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда хусусий шерик қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:
битим амал қиладиган бутун муддат давомида тарбияланувчилар умумий сонининг 25 фоизи миқдорида ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларини ва махсус контингентларни ота-оналар тўловини тегишли ҳудуддаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган ҳажмлардан ошмайдиган миқдорда белгилаган ҳолда имтиёзли қабул қилиш;
нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қуриш, қурилишини тугаллаш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун лойиҳа умумий қийматининг 25 фоизи миқдорида ўз маблағларини киритиш;
фаолияти давомида қонунчилик талабларига, шу жумладан, давлат таълим талабларига риоя қилиш;
битим амал қиладиган бутун муддат давомида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият турини ўзгартирмаслик;
нодавлат мактабгача таълим ташкилотида санитария қоидалари ва нормаларига, гигиена нормативларига риоя қилиш;
нодавлат мактабгача таълим ташкилотини юқори малакали педагогик ва бошқа кадрлар билан тўлдириш, ўқув-тарбия жараёнини қонунчиликка қатъий мувофиқ ҳолда ташкил этиш чораларини кўриш;
тарбиялаш ва ўқитишнинг юқори сифатини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, истеъдодли болаларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш;
ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, усуллари ва замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида мактабгача таълим соҳасидаги таълим жараёнининг самарадорлигини ва натижадорлигини ошириш чораларини кўриш;
тарбияланувчиларнинг ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатиш, ўқитиш муддатлари ва шартларини, томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ҳамда бошқа шартларни улар билан келишган ҳолда белгилаш.
Битимга мувофиқ хусусий шерикка бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
9. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда давлат шериги қуйидаги ҳуқуқларга эга:
хусусий шерикдан ҳар чоракда битим шартларини бажариш юзасидан ахборот олиш;
битим шартларини бажариш жараёни устидан мониторинг олиб бориш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилиши ҳолатини баҳолаш;
қонунчиликка ва битим шартларига риоя этилиши устидан мониторинг олиб бориш доирасида аниқланган камчиликлар хусусий шерик томонидан бартараф этилишини талаб қилиш;
битим шартлари хусусий шерик томонидан бузилган тақдирда, битимни суд тартибида бекор қилиш.
Битимга мувофиқ хусусий шерик бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда давлат шериги қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олиши мумкин:
хусусий шерикнинг лойиҳани амалга оширишга маблағи етарли бўлмаса, унга имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашиш;
хусусий шерикка мактабгача таълим соҳасида услубий ва консультатив ёрдам кўрсатиши;
хусусий шерикнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмаслик.
Битимга мувофиқ давлат шериги зиммасига бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
11. Хусусий шерик томонидан битим шартларига амал қилинмаслиги оқибатида битим белгиланган тартибда бекор қилинса:
лойиҳани амалга ошириш доирасида хусусий шерикка ажратилган имтиёзли кредит тегишли банкнинг тижорат кредитлари учун белгиланган фоиз ставкаси асосида қайта ҳисоблаб чиқилади ва оширилган фоиз ставкасида қайтарилади;
сўндирилган кредитлар бўйича ҳисобланган фоиз ставкалари ҳам қайта ҳисоб-китоб қилиниб, етказилган зарар хусусий шерикдан ундирилади;
солиқ ва божхона тўловлари бўйича қўлланилган имтиёзлар ҳам қайта ҳисоб-китоб қилиниб, хусусий шерик томонидан қопланади.
4-боб. Якунловчи қоида
12. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш шаклидаги давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш шаклидаги давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартибининг
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Талабгор Давлат хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш бўйича Мактабгача таълим вазирлигига ариза билан мурожаат қилиш. Талабгор хоҳишига кўра 2-босқич Мактабгача таълим вазирлиги Талабгор томонидан лойиҳа бўйича тақдим этилган ҳужжатларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш. Ҳужжат қабул қилинган кундан бошлаб 15 кун мобайнида 3-босқич Мактабгача таълим вазирлиги а) Лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, музокаралар асосида битим тузиш. Қарор қабул қилинган кундан эътиборан 7 кун мобайнида б) Ҳудуддаги экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, давлат санитария-эпидемиология назорати органларининг асосланган салбий хулосалари билан таклиф этилган лойиҳани рад этиш. Ҳужжат қабул қилинган кундан бошлаб 3 кун мобайнида 4-босқич Мактабгача таълим вазирлиги Лойиҳанинг амалга оширилишини ўрганиш ва назорат қилиш. Доимий равишда
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 22 ноябрь,
944-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Maktabgacha taʼlim sohasida davlat-xususiy sheriklik shakllarini yanada kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maktabgacha taʼlim tizimini yanada ragʻbatlantirish va rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 5-apreldagi PQ-3651-son qarorida belgilangan vazifalarning ijrosini taʼminlash, maktabgacha taʼlim sohasida davlat-xususiy sheriklik munosabatlarini yanada rivojlantirish uchun qulay shart-sharoitlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha taʼlim vazirligi, Moliya vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarining maktabgacha taʼlim sohasida davlat-xususiy sheriklikning xususiy sherikka tegishli yer va bino-inshootlarda nodavlat maktabgacha taʼlim muassasasini tashkil etish shaklini joriy etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Xususiy sherikka tegishli yer va bino-inshootlarda nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotini tashkil etish shaklidagi davlat-xususiy sheriklikni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Belgilab qoʻyilsinki, xususiy sherikka tegishli yer va bino-inshootlarda nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotini tashkil etish shaklidagi davlat-xususiy sheriklik:
xususiy sherikning tashabbusi bilan taqdim etilgan hujjatlarni oʻrganish asosida tanlov oʻtkazilmasdan toʻgʻridan-toʻgʻri muzokaralar olib borish orqali amalga oshiriladi;
loyihani amalga oshirish doirasida nodavlat taʼlim muassasasini tashkil etish boʻyicha bitim tuzgan xususiy sherikka Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maktabgacha taʼlim tizimini yanada ragʻbatlantirish va rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 5-apreldagi PQ-3651-son qarorida belgilangan imtiyozlar tatbiq etiladi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha taʼlim vazirligi:
bir hafta muddatda xususiy sherikka tegishli yer va bino-inshootlarda nodavlat maktabgacha taʼlim muassasasini tashkil etish shaklidagi davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi namunaviy bitim loyihasini ishlab chiqsin;
bir oy muddatda manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ular qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.A. Abduhakimov va Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha taʼlim vaziri A.V. Shin zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 22-noyabrdagi 944-sonli qaroriga ILOVA
Xususiy sherikka tegishli yer va bino-inshootlarda nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotini tashkil etish shaklidagi davlat-xususiy sheriklikni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom xususiy sherikka tegishli yer va bino-inshootlarda nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotini tashkil etish shaklidagi davlat-xususiy sheriklikni amalga oshirish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizom bilan tartibga solinmagan davlat-xususiy sheriklikning ushbu shaklini amalga oshirishdagi munosabatlar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 5-apreldagi PQ-3651-son qarori bilan tasdiqlangan Maktabgacha taʼlim sohasida davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi nizom qoidalari asosida tartibga solinadi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:
davlat-xususiy sheriklik — xususiy sherikka tegishli yer va bino-inshootlarda nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotini tashkil etish shaklidagi davlat sherigi va xususiy sherikning aniq muddatga yuridik rasmiylashtirilgan maktabgacha taʼlim sohasidagi oʻzaro samarali hamkorligi;
davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi bitim (keyingi oʻrinlarda bitim deb ataladi) — xususiy sherikka tegishli yer va bino-inshootlarda nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotini tashkil etishga qaratilgan tomonlarning huquqlari, majburiyatlari va javobgarligini, shuningdek, davlat-xususiy sheriklik loyihasini ijro etishning boshqa shartlarini belgilab beradigan davlat sherigi va xususiy sherik oʻrtasida tuzilgan yozma shartnoma;
davlat-xususiy sheriklik loyihasi (keyingi oʻrinlarda loyiha deb ataladi) — xususiy sherikka tegishli boʻsh turgan yer uchastkalari, qurilishi tugallanmagan, rekonstruksiya qilinadigan, kapital taʼmirlanadigan yoki jihozlanadigan bino va inshootlar negizida nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotini tashkil etish;
davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi bitim obyekti — xususiy sherikka tegishli boʻsh turgan yer uchastkalari, qurilishi tugallanmagan, rekonstruksiya qilinadigan, kapital taʼmirlanadigan yoki jihozlanadigan bino va inshootlar;
davlat sherigi — Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha taʼlim vazirligi;
xususiy sherik — davlat-xususiy sheriklik asosida nodavlat maktabgacha taʼlim muassasasini tashkil etish boʻyicha bitim tuzgan yoki bitim tuzish istagini bildirgan yuridik shaxs. Davlat tashkilotlari xususiy sherik boʻla olmaydi, shuningdek, xususiy sherik tarafida ishtirok eta olmaydi;
ijtimoiy koʻmakka muxtoj oilalar — Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalar, aʼzolari nogironligi boʻlgan shaxslardan iborat boʻlgan oilalar, boquvchisini yoʻqotgan oilalar, bolaning ota-onasi kvotalar boʻyicha mintaqalarga taqsimlangan ijtimoiy soha xodimlari boʻlgan oilalar, toʻrt yoki undan koʻp bolalari boʻlgan oilalar;
maxsus kontingent — harbiy xizmatchilarning va huquqni muhofaza qiluvchi organlar xodimlarining bolalari, maktabgacha taʼlim tizimi xodimlari va davlat umumtaʼlim maktablari pedagog xodimlarining bolalari.
3. Davlat-xususiy sheriklik loyihasi xususiy sherikning tashabbusi bilan va u tomonidan taqdim etilgan hujjatlarni oʻrganish asosida tanlov oʻtkazilmay toʻgʻridan-toʻgʻri muzokaralar olib borish orqali amalga oshiriladi.
4. Xususiy sherikka tegishli yer va bino-inshootlarda nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotini tashkil etish shaklidagi davlat-xususiy sheriklikni amalga oshirish tartibi ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Davlat-xususiy sheriklik loyihasini taklif etish tartibi
5. Davlat xususiy sheriklik asosida nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotini tashkil etish istagini bildirgan talabgor Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha taʼlim vazirligiga quyidagilarni ilova qilgan holda ariza beradi:
yer uchastkasiga boʻlgan huquq davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi haqidagi guvohnoma nusxasi;
binoga boʻlgan huquq davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi haqidagi guvohnoma nusxasi (mavjud boʻlgan taqdirda);
ariza taqdim etiladigan kundan uzogʻi bilan bir oy oldin soliqlar, yigʻimlar, boshqa majburiy toʻlovlar boʻyicha qarzdorlik hamda boshqa moliyaviy sanksiyalar yoʻqligi toʻgʻrisida maʼlumot;
loyiha qiymatining kamida 25 foizini moliyalashtirish boʻyicha xususiy sherikning imkoniyatini tasdiqlovchi hujjat yoki boshqa tashkilotning kafilligi;
tashkil etish rejalashtirilgan nodavlat maktabgacha taʼlim tashkiloti binosining belgilangan tartibda tasdiqlangan va kelishilgan loyiha-smeta hujjatlari;
hududdagi ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish, Sanepidqoʻm organlarining maktabgacha taʼlim tashkilotini qurish boʻyicha xulosalari;
nodavlat maktabgacha taʼlim tashkiloti binosini qurish uchun dastlabki texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlar.
6. Xususiy sherikning loyihani amalga oshirish toʻgʻrisidagi arizasi davlat sherigi tomonidan ariza tushgan kundan boshlab 15 kun ichida koʻrib chiqiladi.
Loyihani amalga oshirish maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, davlat sherigi va xususiy sherik oʻrtasida 7 kun mobaynida bitim tuziladi. Bitimda uning amal qilish muddati 30 yil etib belgilanadi.
Hududdagi ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish, Sanepidqoʻm organlarining maktabgacha taʼlim muassasasini qurish boʻyicha berilgan asoslangan salbiy xulosalari bilan taklif etilgan loyihalar davlat sherigi tomonidan 3 kun ichida rad etiladi.
3-bob. Davlat-xususiy sheriklik loyihasini amalga oshirishda tomonlarning huquqlari va majburiyatlari
7. Davlat-xususiy sheriklik loyihasini amalga oshirishda xususiy sherik quyidagi huquqlarga ega:
maktabgacha yoshdagi bolalar uchun toʻgaraklar va boshqa taʼlim xizmatlarini tashkil etish;
har bir tarbiyalanuvchi uchun davlat maktabgacha taʼlim tashkilotining bir nafar tarbiyalanuvchisi uchun sarflanadigan xarajatlar summasining 50 foizigacha, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 10-iyundagi PQ-5144-son qarori bilan tasdiqlangan olis va chekka hududlarda 75 foizigacha miqdorda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan belgilangan tartibda subsidiyalar olish;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 10-iyundagi PQ-5144-son qarori bilan tasdiqlangan olis va chekka hududlarda joylashgan davlat-xususiy sheriklik asosidagi nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari “Yoshlar daftari”, “Temir daftar” yoki “Ayollar daftari”ga kiritilgan oilalarning har bir tarbiyalanuvchi farzandlari uchun mazkur daftarlar jamgʻarmalari hisobidan davlat maktabgacha taʼlim tashkilotining bir nafar tarbiyalanuvchisi uchun sarflanadigan xarajatlar summasining 25 foizi miqdorida subsidiyalar olish;
davlat-xususiy sheriklik asosidagi nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotlariga foydalangan elektr energiyasi va tabiiy gaz xizmatlari narxining 50 foizi miqdorida Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan oylik kompensatsiyalar olish;
foyda olish;
bitim shartlari davlat sherigi tomonidan buzilgan taqdirda bitimni sud tartibida bekor qilish.
Bitimga muvofiq xususiy sherik boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
8. Davlat-xususiy sheriklik loyihasini amalga oshirishda xususiy sherik quyidagi majburiyatlarni oʻz zimmasiga oladi:
bitim amal qiladigan butun muddat davomida tarbiyalanuvchilar umumiy sonining 25 foizi miqdorida ijtimoiy koʻmakka muhtoj oilalarning farzandlarini va maxsus kontingentlarni ota-onalar toʻlovini tegishli hududdagi davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari uchun belgilangan hajmlardan oshmaydigan miqdorda belgilagan holda imtiyozli qabul qilish;
nodavlat maktabgacha taʼlim tashkiloti binosini qurish, qurilishini tugallash, rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash hamda jihozlash uchun loyiha umumiy qiymatining 25 foizi miqdorida oʻz mablagʻlarini kiritish;
faoliyati davomida qonunchilik talablariga, shu jumladan, davlat taʼlim talablariga rioya qilish;
bitim amal qiladigan butun muddat davomida nodavlat maktabgacha taʼlim tashkiloti faoliyat turini oʻzgartirmaslik;
nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotida sanitariya qoidalari va normalariga, gigiyena normativlariga rioya qilish;
nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotini yuqori malakali pedagogik va boshqa kadrlar bilan toʻldirish, oʻquv-tarbiya jarayonini qonunchilikka qatʼiy muvofiq holda tashkil etish choralarini koʻrish;
tarbiyalash va oʻqitishning yuqori sifatini taʼminlash uchun qulay shart-sharoitlar yaratish, shu jumladan, isteʼdodli bolalarni aniqlash va qoʻllab-quvvatlash choralarini koʻrish;
oʻqitishning innovatsion pedagogik shakllari, usullari va zamonaviy texnologiyalaridan foydalanish asosida maktabgacha taʼlim sohasidagi taʼlim jarayonining samaradorligini va natijadorligini oshirish choralarini koʻrish;
tarbiyalanuvchilarning ota-onalar yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar bilan oʻzaro manfaatli munosabatlarni oʻrnatish, oʻqitish muddatlari va shartlarini, tomonlarning huquqlari va majburiyatlarini hamda boshqa shartlarni ular bilan kelishgan holda belgilash.
Bitimga muvofiq xususiy sherikka boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
9. Davlat-xususiy sheriklik loyihasini amalga oshirishda davlat sherigi quyidagi huquqlarga ega:
xususiy sherikdan har chorakda bitim shartlarini bajarish yuzasidan axborot olish;
bitim shartlarini bajarish jarayoni ustidan monitoring olib borish va davlat-xususiy sheriklik loyihalari amalga oshirilishi holatini baholash;
qonunchilikka va bitim shartlariga rioya etilishi ustidan monitoring olib borish doirasida aniqlangan kamchiliklar xususiy sherik tomonidan bartaraf etilishini talab qilish;
bitim shartlari xususiy sherik tomonidan buzilgan taqdirda, bitimni sud tartibida bekor qilish.
Bitimga muvofiq xususiy sherik boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
10. Davlat-xususiy sheriklik loyihasini amalga oshirishda davlat sherigi quyidagi majburiyatlarni oʻz zimmasiga olishi mumkin:
xususiy sherikning loyihani amalga oshirishga mablagʻi yetarli boʻlmasa, unga imtiyozli kreditlar olishda koʻmaklashish;
xususiy sherikka maktabgacha taʼlim sohasida uslubiy va konsultativ yordam koʻrsatishi;
xususiy sherikning moliya-xoʻjalik faoliyatiga aralashmaslik.
Bitimga muvofiq davlat sherigi zimmasiga boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
11. Xususiy sherik tomonidan bitim shartlariga amal qilinmasligi oqibatida bitim belgilangan tartibda bekor qilinsa:
loyihani amalga oshirish doirasida xususiy sherikka ajratilgan imtiyozli kredit tegishli bankning tijorat kreditlari uchun belgilangan foiz stavkasi asosida qayta hisoblab chiqiladi va oshirilgan foiz stavkasida qaytariladi;
soʻndirilgan kreditlar boʻyicha hisoblangan foiz stavkalari ham qayta hisob-kitob qilinib, yetkazilgan zarar xususiy sherikdan undiriladi;
soliq va bojxona toʻlovlari boʻyicha qoʻllanilgan imtiyozlar ham qayta hisob-kitob qilinib, xususiy sherik tomonidan qoplanadi.
4-bob. Yakunlovchi qoida
12. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javob beradilar.
Xususiy sherikka tegishli yer va bino-inshootlarda nodavlat maktabgacha taʼlim muassasasini tashkil etish shaklidagi davlat-xususiy sheriklikni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Xususiy sherikka tegishli yer va bino-inshootlarda nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotini tashkil etish shaklidagi davlat-xususiy sheriklikni amalga oshirish tartibining
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Talabgor Davlat xususiy sheriklik asosida nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotini tashkil etish boʻyicha Maktabgacha taʼlim vazirligiga ariza bilan murojaat qilish. Talabgor xohishiga koʻra 2-bosqich Maktabgacha taʼlim vazirligi Talabgor tomonidan loyiha boʻyicha taqdim etilgan hujjatlarni belgilangan tartibda koʻrib chiqish. Hujjat qabul qilingan kundan boshlab 15 kun mobaynida 3-bosqich Maktabgacha taʼlim vazirligi a) Loyihani amalga oshirish maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, muzokaralar asosida bitim tuzish. Qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran 7 kun mobaynida b) Hududdagi ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish, davlat sanitariya-epidemiologiya nazorati organlarining asoslangan salbiy xulosalari bilan taklif etilgan loyihani rad etish. Hujjat qabul qilingan kundan boshlab 3 kun mobaynida 4-bosqich Maktabgacha taʼlim vazirligi Loyihaning amalga oshirilishini oʻrganish va nazorat qilish. Doimiy ravishda
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2018-yil 22-noyabr,
944-son