UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 26-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 26 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 26 ноября 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 26 November 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

ТУЗИЛМАСИ

ТАРКИБИ

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида

Таълим, фан, маданият соҳасида халқаро ҳамкорликни жадал ривожлантириш, Ўзбекистоннинг маданий, маънавий ва тарихий меросини кенг халқаро жамоатчилик орасида фаол тарғиб қилиш, ЮНЕСКО билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва уни самарали амалга ошириш, шунингдек, ЮНЕСКО Уставига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясининг таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Комиссия раисига, заруратга кўра, котибият тузилмасига бошкарув ходимларининг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳак тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуки берилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 ноябрдаги 957-сон қарорига 1-ИЛОВА

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, таркибини ва ишини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ЮНЕСКО ва Таълим, илм-фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилотининг (АЙСЕСКО) ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

3. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилган давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ҳисобварақларига эга бўлади.

3 1 . Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

4. Комиссия тузилмасида унинг ишчи органи ҳисобланган котибият фаолият юритади.

5. Қуйидагилар Комиссия фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

таълим;

илм-фан;

маданият;

оммавий ахборот воситалари ва коммуникациялар.

2-боб. Комиссиянинг асосий вазифалари ва функциялари

5. ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО фаолиятида жаҳон цивилизацияси ва маданияти марказларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг халқаро обрўси ва ролини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикасида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари бўйича вазирликлар ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади.

6. Комиссия ўзига юкланган вазифаларни бажариш доирасида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

давлат дастурларида белгиланган Ўзбекистоннинг халқаро обрўси ва ролини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

ўзбек халқининг маданий ва тарихий меросини ҳамда Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини халқаро даражада белгиланган тартибда ҳимоя қилиш;

Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини фан-таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамда мамлакатнинг ҳудудий ва глобал ривожланиш бўйича позицияси ва ёндашувини илгари суриш;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО тадбирларида ҳамда лойиҳаларида вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар, шунингдек, мутахассисларнинг қатнашиши тўғрисида ЮНЕСКО котибиятига ҳамда минтақавий бўлинмаларига, АЙСЕСКО Бош дирекциясига Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлари вазирлиги билан биргаликда таклифлар тайёрлаш ва киритиш;

таълим, фан, маданият, ахборот ва коммуникациялар соҳасида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича ЮНЕСКО, АЙСЕСКОнинг минтақавий бюролари ва марказлари билан мунтазам консультациялар ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО тадбирларини ташкиллаштириш ва ўтказишда қатнашиш;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО томонидан чақириладиган бош конференция ҳамда бошқа ҳукуматлараро кенгашларни ташкил этишга ва ўтказишга кўмаклашиш;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО дастурларини ишлаб чиқиш ва бажаришда давлат ва нодавлат ташкилотларининг иштирокини рағбатлантириш;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО грантлари ва ҳомийлик хайрияларини жалб этиш ва улардан мақсадли фойдаланишни ташкил этиш.

7. Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган мамлакатимиздаги тегишли ҳудудлар (объектлар)да режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари лойиҳалари Комиссия билан келишилади.

3-боб. Комиссиянинг ҳуқуқлари

8. Комиссия ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлардан ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО масалаларига оид зарур материаллар ва маълумотларни белгиланган тартибда сўраб олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан чиқарилган ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО қоидаларига зид келган ҳолларда аниқланган номувофиқликларни бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

Комиссия ўзининг мажлисларида ваколати доирасига кирувчи масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини эшитиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО масалалари бўйича муаммо ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО дастурларини ва бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар вакилларини, шунингдек, бошқа мутахассисларни жалб қилиш.

9. Комиссия ўз ваколатлари доирасида фаолият йўналишлари бўйича эксперт кенгашлари ва ишчи гуруҳларни тузиши мумкин.

4-боб. Комиссиянинг таркиби

10. Комиссия таркибига Комиссия раиси, унинг ўринбосарлари, Бош котиби ва Комиссия аъзолари киради.

Комиссия таркибига вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, шунингдек, фан, маданият ва таълим арбоблари ҳам киритилиши мумкин.

Комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Комиссия раиси, унинг ўринбосарлари ва Комиссия аъзолари Комиссия фаолиятини амалга оширишда жамоатчилик асосида иштирок этадилар.

Комиссия Бош котиби Комиссия котибияти раҳбари ҳисобланади ва ўз фаолиятини доимий асосда олиб боради.

11. Комиссия аъзолари унинг мажлисларида алмашув ҳуқуқисиз иштирок этадилар.

Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли вазифаларини бажариш юклатилган шахслар киритилади.

5-боб. Комиссия ишини ташкил этиш

12. Комиссия мажлисларини Комиссия раиси олиб боради, Комиссия раиси қатнашмаган ҳолларда унинг топшириғига кўра йиғилишни раис ўринбосарларидан бири олиб боради.

13. Комиссиянинг умумий мажлислари навбатдаги ва навбатдан ташқари бўлиши мумкин.

Навбатдаги умумий мажлислар ҳар йилда камида бир марта чақирилади. Бунда, қоида тариқасида, Комиссия раисининг ва Бош котибининг Комиссия ишчи гуруҳлари ва котибиятининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари тингланади, Комиссия қарорларининг бажарилиши кўриб чиқилади, унинг истиқболдаги фаолияти муҳокама қилинади ҳамда котибият ва Комиссиянинг иш режалари тасдиқланади.

Навбатдан ташқари умумий мажлислари алоҳида ҳолларда Комиссия ваколатлари доирасига кирадиган, зудлик билан ҳал қилиниши зарур бўлган масалалар юзасидан чақирилади.

14. Комиссиянинг умумий мажлислар ўртасидаги даврда барча ишларга Комиссия котибияти раҳбарлик қилади.

15. Умумий мажлисларнинг кун тартиби, шунингдек, уларни ўтказиш жойи ва вақти Комиссия раиси ёки унинг топшириғига кўра раис ўринбосарларидан бири томонидан белгиланади.

16. Мажлислар Комиссия аъзоларининг умумий сонидан камида ярми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

17. Комиссия қарорлари мажлисда қатнашаётган Комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда, мажлисга раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

18. Комиссия қарорлари баённома билан расмийлаштирилади, уни Комиссия раиси ёки мажлисга раислик қилган унинг ўринбосари ва Комиссия Бош котиби имзолайди.

19. Комиссия мажлиси қарорларининг мазмуни (шарҳи) оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиб борилади.

20. Фойдаланиш ҳуқуқи чекланган ахборотларни ўзида мужассам этган материаллар Комиссиянинг ёпиқ мажлисларида Комиссиянинг ваколатли аъзолари иштирокида кўриб чиқилади. Ушбу мажлисларда қабул қилинган қарорлар белгиланган тартибда расмийлаштирилади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмайди.

6-боб. Комиссиянинг котибияти

21. Комиссиянинг бош котиби ва унинг ўринбосари мақоми ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

22. Комиссия котибияти қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ЮНЕСКО котибияти ва АЙСЕСКО Бош дирекцияси, ЮНЕСКО ҳузуридаги консультатив мақомга эга бўлган комиссиялар ҳамда ЮНЕСКО ва АЙСЕСКОга аъзо давлатларнинг миллий комиссиялари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

Комиссия ва унинг ишчи органлари иш режалари тайёрланиши ҳамда улар бажарилишини назорат қилишни таъминлаш;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКОнинг даврий нашрларида республика фуқаролари, ташкилотлари, муассасаларининг фан, таълим ва маданият масалалари бўйича асарлари ва бошқа материалларини чоп этишга кўмаклашиш;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО ҳомийлигида ўтказиладиган халқаро тадбирларни тайёрлаш ва амалга оширишда ташкилотларга ёрдам кўрсатиш;

фан, маданият ва таълим бўйича дастурларни тайёрлаш ва уларни Комиссияга кўриб чиқиш учун киритиш;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО тадбирларида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси вакилларини танлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ЮНЕСКО котибиятида ва унинг минтақавий бўлинмаларида, шунингдек, АЙСЕСКО Бош дирекциясида ишлаш учун экспертлар сифатида республика мутахассисларини танлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда таклифлар тайёрлаш;

Комиссия фаолиятига тааллуқли материалларни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш;

Комиссия фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг илғор тажрибасини амалиётга татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

тегишли давлат органлари ва халқаро ташкилотлар билан хизмат доирасида ёзишмалар олиб бориш;

Комиссия мажлиси кун тартибига киритилган масалалар юзасидан зарур ҳужжатларни, материалларни ва таклифларни тайёрлаш;

амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлар нусхаларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлари вазирлигига мунтазам киритиб бориш;

Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектларини асраш масалалари бўйича ЮНЕСКО мезонларига мувофиқ таклиф ва тавсиялар киритиш ва бу борада тегишли вазирликлар ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш;

ЮНЕСКО конвенциялари талаблари амалга оширилиши ва Миллий комиссия қарорлари ижросининг таъминланиши юзасидан назорат олиб бориш ҳамда ушбу мақсадлар учун эксперт кенгашлари ва ишчи гуруҳларини тузиш;

Миллий комиссия қарорларини сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминламаган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ таъсир чораларини қўллаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ҳамда уларнинг буфер зоналарида жойлашган объектлар бўйича электрон маълумотлар базасини яратилиши ҳамда унинг юритилиши юзасидан мониторинг олиб бориш;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган объект ва ҳудудларда, шу жумладан уларнинг буфер зоналарида олиб бориладиган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир ишлар давомида ўтказиладиган давлат назоратида иштирок этиш ҳамда тегишли соҳа мутахассисларини жалб қилиш;

Комиссия фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа топшириқларни бажариш.

23. Комиссия Бош котиби ва унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

24. Комиссия котибияти ходимлари Комиссия Бош котиби томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадилар ва лавозимидан озод этиладилар.

24 1 . Котибият ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари (ходимларни қисқартириш ҳисобидан қўлланиладиган устамалар, умумий иш стажи учун қўлланиладиган устамалар, Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларидан ташқари) татбиқ этилади ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари қўлланилади.

Комиссия котибияти ходимларининг ҳар ойлик лавозим маошларига 40% миқдорида устама ҳақ (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти) тўланади.

Котибият ходимларининг эришган натижаларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар ойлик лавозим маошларига (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) нисбатан 100 фоизгача устамалар белгиланади, уларнинг 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, 50 фоизгача устамалар эса — ходимларни моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан қопланади.

Котибият ходимлари ҳар ойлик лавозим маошига котибиятда хизмат қилган умумий иш стажи учун 3 йилдан 5 йилгача — 10 фоиз, 5 йилдан 10 йилгача — 20 фоиз, 10 йилдан 20 йилгача — 30 фоиз, 20 йилдан ортиқ — 40 фоиз ойлик устамалар қўлланилади.

25. Комиссия котибияти давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.

26. Комиссиянинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Туризм, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти томонидан мувофиқлаштирилади.

7-боб. Комиссия фаолиятини молиялаштириш

27. Комиссия фаолиятини молиялаштириш қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО Бош дирекцияси котибиятининг маблағлари;

Комиссия котибиятини таъминлашга ажратиладиган бюджет маблағлари;

ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО билан ҳамкорликда ўтказиладиган тадбирларни ташкил этишдан тушган маблағлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар.

28. Комиссиянинг йиллик харажатлар сметаси Комиссия раиси томонидан тасдиқланади. Комиссия пул маблағлари харажатлар сметасига мувофиқ Комиссия Бош котиби томонидан тасарруф этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 ноябрдаги 957-сон қарорига 2-ИЛОВА

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясининг

Комисси я, Раис Комиссия аъзолари — 15 нафар, жамоатчилик асосида Котибият, Бош котиб 1 Бош котиб ўринбосари 1 Таълим ва илм-фан масалалари бўлими 3 Коммуникация ва ахборот масалалари бўлими 2 Юрисконсульт, кадрлар бўйича мутахассиси 1 Маданият масалалари бўлими 3 Халқаро маслаҳат қўмитаси координатори 1 Бош бухгалтер 1

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 ноябрдаги 957-сон қарорига 3-ИЛОВА

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясининг

Лавозимига кўра — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси, миллий комиссия раиси Б.О. Саидов — ташқи ишлар вазири, миллий комиссия раисининг ўринбосари И.Ю. Абдураҳмонов — олий таълим, фан ва инновациялар вазири, миллий комиссия раисининг ўринбосари О.А. Назарбеков — маданият ва туризм вазири А.И. Икрамов — ёшлар сиёсати ва спорт вазири Ш.Х. Шерматов — рақамли технологиялар вазири Ҳ.Ў. Умарова — мактабгача ва мактаб таълими вазири А.Р. Каримов — иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Б.С. Йўлдашев — Фанлар академияси президенти А.В. Нуриддинов — Бадиий академия раиси А.А. Ходжаев — Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А. Кўчимов — Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.Д. Хаджаев — Миллий телерадиокомпания раиси лавозимига кўра — Миллий комиссия Бош котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 ноябрдаги 957-сон қарорига 4-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотаётган айрим қарорлари рўйхати

1. Вазирлар Маҳкамасининг «ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссиясини ташкил этиш тўғрисида» 1994 йил 29 декабрдаги 629-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим, илм-фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (АЙСЕСКО) билан ҳамкорлик тўғрисида» 2017 йил 12 октябрдаги 821-сон қарорининг 3-банди ва унга илова .

3. Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 16 январдаги 26-ф-сон фармойиши.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 26 ноябрь,

957-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.11.2018 й., 09/18/957/2228-сон, 14.05.2019 й., 09/19/397/3123-сон; 19.02.2020 й., 09/20/92/0182-сон, 27.06.2020 й., 09/20/411/1000-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.02.2022 й., 09/22/90/0166-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 04.07.2023 й., 09/23/271/0440-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

TUZILMASI

TARKIBI

YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasi faoliyatini takomillashtirish toʻgʻrisida

Taʼlim, fan, madaniyat sohasida xalqaro hamkorlikni jadal rivojlantirish, Oʻzbekistonning madaniy, maʼnaviy va tarixiy merosini keng xalqaro jamoatchilik orasida faol targʻib qilish, YUNESKO bilan har tomonlama hamkorlikni yanada kengaytirish va uni samarali amalga oshirish, shuningdek, YUNESKO Ustaviga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasining tuzilmasi 2-ilovaga muvofiq;

YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasining tarkibi 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

Komissiya raisiga, zaruratga koʻra, kotibiyat tuzilmasiga boshkaruv xodimlarining umumiy cheklangan soni va mehnatga hak toʻlash fondi doirasida oʻzgartirishlar kiritish huquki berilsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Huqumatining 4-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.A. Abduhakimov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 26-noyabrdagi 957-son qaroriga 1-ILOVA

YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasining (keyingi oʻrinlarda Komissiya deb ataladi) asosiy vazifalari, funksiyalari, huquqlari, tarkibini va ishini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Komissiya oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, YUNESKO va Taʼlim, ilm-fan va madaniyat masalalari boʻyicha Islom tashkilotining (AYSESKO) hujjatlariga, shuningdek, ushbu Nizomga hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.

3. Komissiya Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzurida tashkil etilgan davlat muassasasi shaklidagi yuridik shaxs hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga, Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Gʻaznachiligida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga, bank hisobvaraqlariga, shu jumladan, xorijiy valyutadagi hisobvaraqlariga ega boʻladi.

3 1 . Komissiyaning oʻz vakolatlari doirasida qabul qilgan qarorlari davlat organlari va boshqa tashkilotlar hamda ularning mansabdor shaxslari tomonidan bajarilishi majburiy hisoblanadi.

4. Komissiya tuzilmasida uning ishchi organi hisoblangan kotibiyat faoliyat yuritadi.

5. Quyidagilar Komissiya faoliyatining asosiy yoʻnalishlari hisoblanadi:

taʼlim;

ilm-fan;

madaniyat;

ommaviy axborot vositalari va kommunikatsiyalar.

2-bob. Komissiyaning asosiy vazifalari va funksiyalari

5. YUNESKO va AYSESKO faoliyatida jahon sivilizatsiyasi va madaniyati markazlaridan biri sifatida Oʻzbekistonning xalqaro obroʻsi va rolini mustahkamlash, Oʻzbekiston Respublikasida YUNESKO va AYSESKO dasturlarini ishlab chiqish va amalga oshirish masalalari boʻyicha vazirliklar va idoralarning faoliyatini muvofiqlashtirish Komissiyaning asosiy vazifalari hisoblanadi.

6. Komissiya oʻziga yuklangan vazifalarni bajarish doirasida quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:

davlat dasturlarida belgilangan Oʻzbekistonning xalqaro obroʻsi va rolini mustahkamlashga qaratilgan chora-tadbirlarning amalga oshirilishini taʼminlash;

oʻzbek xalqining madaniy va tarixiy merosini hamda Oʻzbekiston Respublikasi milliy manfaatlarini xalqaro darajada belgilangan tartibda himoya qilish;

Oʻzbekistonning xalqaro tashabbuslarini fan-taʼlim va madaniy-gumanitar sohalarda hamda mamlakatning hududiy va global rivojlanish boʻyicha pozitsiyasi va yondashuvini ilgari surish;

YUNESKO va AYSESKO tadbirlarida hamda loyihalarida vazirliklar, idoralar va tashkilotlar, shuningdek, mutaxassislarning qatnashishi toʻgʻrisida YUNESKO kotibiyatiga hamda mintaqaviy boʻlinmalariga, AYSESKO Bosh direksiyasiga Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlari vazirligi bilan birgalikda takliflar tayyorlash va kiritish;

taʼlim, fan, madaniyat, axborot va kommunikatsiyalar sohasida ikki tomonlama va koʻp tomonlama hamkorlikni rivojlantirish masalalari boʻyicha YUNESKO, AYSESKOning mintaqaviy byurolari va markazlari bilan muntazam konsultatsiyalar oʻtkazish;

Oʻzbekiston Respublikasi hududida va uning tashqarisida YUNESKO va AYSESKO tadbirlarini tashkillashtirish va oʻtkazishda qatnashish;

YUNESKO va AYSESKO tomonidan chaqiriladigan bosh konferensiya hamda boshqa hukumatlararo kengashlarni tashkil etishga va oʻtkazishga koʻmaklashish;

YUNESKO va AYSESKO dasturlarini ishlab chiqish va bajarishda davlat va nodavlat tashkilotlarining ishtirokini ragʻbatlantirish;

YUNESKO va AYSESKO grantlari va homiylik xayriyalarini jalb etish va ulardan maqsadli foydalanishni tashkil etish.

7. Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan mamlakatimizdagi tegishli hududlar (obyektlar)da rejalashtirilgan qurilish va obodonlashtirish ishlari loyihalari Komissiya bilan kelishiladi.

3-bob. Komissiyaning huquqlari

8. Komissiya oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish uchun quyidagi huquqlarga ega:

YUNESKO va AYSESKO masalalariga oid normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishda ishtirok etish;

davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlardan YUNESKO va AYSESKO masalalariga oid zarur materiallar va maʼlumotlarni belgilangan tartibda soʻrab olish;

davlat va xoʻjalik boshqaruvi, mahalliy davlat hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlar tomonidan chiqarilgan YUNESKO va AYSESKO masalalariga oid normativ-huquqiy va boshqa hujjatlar Oʻzbekiston Respublikasi qonunlari va boshqa qonunchilik hujjatlariga, YUNESKO va AYSESKO qoidalariga zid kelgan hollarda aniqlangan nomuvofiqliklarni bartaraf etish yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritish;

Komissiya oʻzining majlislarida vakolati doirasiga kiruvchi masalalar yuzasidan davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlarning mansabdor shaxslarini eshitish;

davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlar tomonidan YUNESKO va AYSESKO masalalari boʻyicha muammo va kamchiliklarga yoʻl qoʻyilganligi aniqlangan taqdirda ularni bartaraf etish choralarini koʻrish;

YUNESKO va AYSESKO dasturlarini va boshqa hujjatlarini ishlab chiqish va amalga oshirishda davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari va boshqa tashkilotlar vakillarini, shuningdek, boshqa mutaxassislarni jalb qilish.

9. Komissiya oʻz vakolatlari doirasida faoliyat yoʻnalishlari boʻyicha ekspert kengashlari va ishchi guruhlarni tuzishi mumkin.

4-bob. Komissiyaning tarkibi

10. Komissiya tarkibiga Komissiya raisi, uning oʻrinbosarlari, Bosh kotibi va Komissiya aʼzolari kiradi.

Komissiya tarkibiga vazirliklar, idoralar va tashkilotlar hamda ommaviy axborot vositalarining vakillari, shuningdek, fan, madaniyat va taʼlim arboblari ham kiritilishi mumkin.

Komissiya tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi.

Komissiya raisi, uning oʻrinbosarlari va Komissiya aʼzolari Komissiya faoliyatini amalga oshirishda jamoatchilik asosida ishtirok etadilar.

Komissiya Bosh kotibi Komissiya kotibiyati rahbari hisoblanadi va oʻz faoliyatini doimiy asosda olib boradi.

11. Komissiya aʼzolari uning majlislarida almashuv huquqisiz ishtirok etadilar.

Komissiya aʼzolari boshqa ishga oʻtgan taqdirda, uning tarkibiga ushbu lavozimlarga yangidan tayinlangan yoki tegishli vazifalarini bajarish yuklatilgan shaxslar kiritiladi.

5-bob. Komissiya ishini tashkil etish

12. Komissiya majlislarini Komissiya raisi olib boradi, Komissiya raisi qatnashmagan hollarda uning topshirigʻiga koʻra yigʻilishni rais oʻrinbosarlaridan biri olib boradi.

13. Komissiyaning umumiy majlislari navbatdagi va navbatdan tashqari boʻlishi mumkin.

Navbatdagi umumiy majlislar har yilda kamida bir marta chaqiriladi. Bunda, qoida tariqasida, Komissiya raisining va Bosh kotibining Komissiya ishchi guruhlari va kotibiyatining faoliyati toʻgʻrisidagi hisobotlari tinglanadi, Komissiya qarorlarining bajarilishi koʻrib chiqiladi, uning istiqboldagi faoliyati muhokama qilinadi hamda kotibiyat va Komissiyaning ish rejalari tasdiqlanadi.

Navbatdan tashqari umumiy majlislari alohida hollarda Komissiya vakolatlari doirasiga kiradigan, zudlik bilan hal qilinishi zarur boʻlgan masalalar yuzasidan chaqiriladi.

14. Komissiyaning umumiy majlislar oʻrtasidagi davrda barcha ishlarga Komissiya kotibiyati rahbarlik qiladi.

15. Umumiy majlislarning kun tartibi, shuningdek, ularni oʻtkazish joyi va vaqti Komissiya raisi yoki uning topshirigʻiga koʻra rais oʻrinbosarlaridan biri tomonidan belgilanadi.

16. Majlislar Komissiya aʼzolarining umumiy sonidan kamida yarmi qatnashgan taqdirda vakolatli hisoblanadi.

17. Komissiya qarorlari majlisda qatnashayotgan Komissiya aʼzolarining koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan hollarda, majlisga raislik qiluvchining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.

18. Komissiya qarorlari bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi, uni Komissiya raisi yoki majlisga raislik qilgan uning oʻrinbosari va Komissiya Bosh kotibi imzolaydi.

19. Komissiya majlisi qarorlarining mazmuni (sharhi) ommaviy axborot vositalari orqali eʼlon qilib boriladi.

20. Foydalanish huquqi cheklangan axborotlarni oʻzida mujassam etgan materiallar Komissiyaning yopiq majlislarida Komissiyaning vakolatli aʼzolari ishtirokida koʻrib chiqiladi. Ushbu majlislarda qabul qilingan qarorlar belgilangan tartibda rasmiylashtiriladi va ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinmaydi.

6-bob. Komissiyaning kotibiyati

21. Komissiyaning bosh kotibi va uning oʻrinbosari maqomi va transport xizmati koʻrsatish sharoitlariga koʻra tegishlicha vazirning birinchi oʻrinbosari va vazir oʻrinbosariga tenglashtiriladi.

22. Komissiya kotibiyati quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:

YUNESKO kotibiyati va AYSESKO Bosh direksiyasi, YUNESKO huzuridagi konsultativ maqomga ega boʻlgan komissiyalar hamda YUNESKO va AYSESKOga aʼzo davlatlarning milliy komissiyalari bilan oʻzaro hamkorlik qilish;

Komissiya va uning ishchi organlari ish rejalari tayyorlanishi hamda ular bajarilishini nazorat qilishni taʼminlash;

YUNESKO va AYSESKOning davriy nashrlarida respublika fuqarolari, tashkilotlari, muassasalarining fan, taʼlim va madaniyat masalalari boʻyicha asarlari va boshqa materiallarini chop etishga koʻmaklashish;

YUNESKO va AYSESKO homiyligida oʻtkaziladigan xalqaro tadbirlarni tayyorlash va amalga oshirishda tashkilotlarga yordam koʻrsatish;

fan, madaniyat va taʼlim boʻyicha dasturlarni tayyorlash va ularni Komissiyaga koʻrib chiqish uchun kiritish;

YUNESKO va AYSESKO tadbirlarida ishtirok etish uchun Oʻzbekiston Respublikasi vakillarini tanlash boʻyicha takliflar tayyorlash;

YUNESKO kotibiyatida va uning mintaqaviy boʻlinmalarida, shuningdek, AYSESKO Bosh direksiyasida ishlash uchun ekspertlar sifatida respublika mutaxassislarini tanlash boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi bilan birgalikda takliflar tayyorlash;

Komissiya faoliyatiga taalluqli materiallarni yigʻish, umumlashtirish va tahlil qilish;

Komissiya faoliyatiga taalluqli masalalar yuzasidan xorijiy mamlakatlar tajribasini oʻrganish, tahlil qilish va ularning ilgʻor tajribasini amaliyotga tatbiq etish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritish;

tegishli davlat organlari va xalqaro tashkilotlar bilan xizmat doirasida yozishmalar olib borish;

Komissiya majlisi kun tartibiga kiritilgan masalalar yuzasidan zarur hujjatlarni, materiallarni va takliflarni tayyorlash;

amalga oshirilgan ishlar boʻyicha hisobotlar nusxalarini Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlari vazirligiga muntazam kiritib borish;

Oʻzbekiston Respublikasining YUNESKO Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan obyektlarini asrash masalalari boʻyicha YUNESKO mezonlariga muvofiq taklif va tavsiyalar kiritish va bu borada tegishli vazirliklar va idoralar faoliyatini muvofiqlashtirish;

YUNESKO konvensiyalari talablari amalga oshirilishi va Milliy komissiya qarorlari ijrosining taʼminlanishi yuzasidan nazorat olib borish hamda ushbu maqsadlar uchun ekspert kengashlari va ishchi guruhlarini tuzish;

Milliy komissiya qarorlarini sifatli va oʻz vaqtida bajarilishini taʼminlamagan mansabdor shaxslarga nisbatan qonunchilikka muvofiq taʼsir choralarini qoʻllash toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritish;

YUNESKOning Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan hududlarda hamda ularning bufer zonalarida joylashgan obyektlar boʻyicha elektron maʼlumotlar bazasini yaratilishi hamda uning yuritilishi yuzasidan monitoring olib borish;

YUNESKOning Umumjahon madaniy merosi roʻyxatiga kiritilgan obyekt va hududlarda, shu jumladan ularning bufer zonalarida olib boriladigan moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlarini asrashga doir ishlar davomida oʻtkaziladigan davlat nazoratida ishtirok etish hamda tegishli soha mutaxassislarini jalb qilish;

Komissiya faoliyatini taʼminlash uchun zarur boʻlgan boshqa topshiriqlarni bajarish.

23. Komissiya Bosh kotibi va uning oʻrinbosari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti bilan kelishgan holda Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod etiladi.

24. Komissiya kotibiyati xodimlari Komissiya Bosh kotibi tomonidan belgilangan tartibda lavozimga tayinlanadilar va lavozimidan ozod etiladilar.

24 1 . Kotibiyat xodimlariga nisbatan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi apparati xodimlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash shartlari (xodimlarni qisqartirish hisobidan qoʻllaniladigan ustamalar, umumiy ish staji uchun qoʻllaniladigan ustamalar, Yagona tarif setkasi boʻyicha mehnatga haq toʻlash razryadlaridan tashqari) tatbiq etiladi hamda Vazirlar Mahkamasining qarori bilan tasdiqlangan Yagona tarif setkasi boʻyicha mehnatga haq toʻlash razryadlari qoʻllaniladi.

Komissiya kotibiyati xodimlarining har oylik lavozim maoshlariga 40% miqdorida ustama haq (mehnatni ragʻbatlantirish koeffitsiyenti) toʻlanadi.

Kotibiyat xodimlarining erishgan natijalaridan kelib chiqqan holda, har oylik lavozim maoshlariga (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini hisobga olgan holda) nisbatan 100 foizgacha ustamalar belgilanadi, ularning 50 foizi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan, 50 foizgacha ustamalar esa — xodimlarni moddiy ragʻbatlantirish maxsus fondi hisobidan qoplanadi.

Kotibiyat xodimlari har oylik lavozim maoshiga kotibiyatda xizmat qilgan umumiy ish staji uchun 3 yildan 5 yilgacha — 10 foiz, 5 yildan 10 yilgacha — 20 foiz, 10 yildan 20 yilgacha — 30 foiz, 20 yildan ortiq — 40 foiz oylik ustamalar qoʻllaniladi.

25. Komissiya kotibiyati davlat muassasasi shaklidagi yuridik shaxs hisoblanadi.

26. Komissiyaning faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Turizm, madaniyat va ommaviy kommunikatsiyalar masalalari kotibiyati tomonidan muvofiqlashtiriladi.

7-bob. Komissiya faoliyatini moliyalashtirish

27. Komissiya faoliyatini moliyalashtirish quyidagilar hisobiga amalga oshiriladi:

YUNESKO va AYSESKO Bosh direksiyasi kotibiyatining mablagʻlari;

Komissiya kotibiyatini taʼminlashga ajratiladigan budjet mablagʻlari;

YUNESKO va AYSESKO bilan hamkorlikda oʻtkaziladigan tadbirlarni tashkil etishdan tushgan mablagʻlar;

qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar.

28. Komissiyaning yillik xarajatlar smetasi Komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadi. Komissiya pul mablagʻlari xarajatlar smetasiga muvofiq Komissiya Bosh kotibi tomonidan tasarruf etiladi.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 26-noyabrdagi 957-son qaroriga 2-ILOVA

YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasining

Komissi ya, Rais Komissiya aʼzolari — 15 nafar, jamoatchilik asosida Kotibiyat, Bosh kotib 1 Bosh kotib oʻrinbosari 1 Taʼlim va ilm-fan masalalari boʻlimi 3 Kommunikatsiya va axborot masalalari boʻlimi 2 Yuriskonsult, kadrlar boʻyicha mutaxassisi 1 Madaniyat masalalari boʻlimi 3 Xalqaro maslahat qoʻmitasi koordinatori 1 Bosh buxgalter 1

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 26-noyabrdagi 957-son qaroriga 3-ILOVA

YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasining

Lavozimiga koʻra — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi raisi, milliy komissiya raisi B.O. Saidov — tashqi ishlar vaziri, milliy komissiya raisining oʻrinbosari I.Y. Abdurahmonov — oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri, milliy komissiya raisining oʻrinbosari O.A. Nazarbekov — madaniyat va turizm vaziri A.I. Ikramov — yoshlar siyosati va sport vaziri Sh.X. Shermatov — raqamli texnologiyalar vaziri H.Oʻ. Umarova — maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri A.R. Karimov — iqtisodiyot va moliya vaziri oʻrinbosari B.S. Yoʻldashev — Fanlar akademiyasi prezidenti A.V. Nuriddinov — Badiiy akademiya raisi A.A. Xodjayev — Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi direktori A. Koʻchimov — Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bosh direktori A.D. Xadjayev — Milliy teleradiokompaniya raisi lavozimiga koʻra — Milliy komissiya Bosh kotibi

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 26-noyabrdagi 957-son qaroriga 4-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotayotgan ayrim qarorlari roʻyxati

1. Vazirlar Mahkamasining “YUNESKO ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi milliy komissiyasini tashkil etish toʻgʻrisida” 1994-yil 29-dekabrdagi 629-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Taʼlim, ilm-fan va madaniyat masalalari boʻyicha Islom tashkiloti (AYSESKO) bilan hamkorlik toʻgʻrisida” 2017-yil 12-oktabrdagi 821-son qarorining 3-bandi va unga ilova .

3. Vazirlar Mahkamasining 1996-yil 16-yanvardagi 26-f-son farmoyishi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 26-noyabr,

957-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 27.11.2018-y., 09/18/957/2228-son, 14.05.2019-y., 09/19/397/3123-son; 19.02.2020-y., 09/20/92/0182-son, 27.06.2020-y., 09/20/411/1000-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 26.02.2022-y., 09/22/90/0166-son; 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 04.07.2023-y., 09/23/271/0440-son)

lex.uz