📅 2018-yil 21-noyabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Maktabgacha taʼlim vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018-yil 21-noyabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Maktabgacha taʼlim vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018 йил 21 ноябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Мактабгача таълим вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 21 ноября 2018 г. · Документы министерств и ведомств · Министр дошкольного образования
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 21 November 2018 · Ministry and agency documents · Maktabgacha taʼlim vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг
буйруғи
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
Мактабгача таълим ташкилотининг кузатув кенгаши ҳақидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги ПҚ-3955-сон «Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Мактабгача таълим ташкилотининг кузатув кенгаши ҳақидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг 2018 йил 21 ноябрдаги 2-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА
Мактабгача таълим ташкилотининг кузатув кенгаши ҳақидаги
Мазкур Намунавий низом (бундан буён матнда Низом деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги ПҚ-3955-сон «Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ мактабгача таълим ташкилоти кузатув кенгашининг (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) мақсади, вазифалари, ваколатлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат мактабгача таълим ташкилотларига (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) татбиқ этилади.
Мазкур Низом нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун тавсиявий хусусиятга эга.
2. Кенгаш юридик шахс ҳисобланмайди ва давлат рўйхатидан ўтказилмайди.
Кенгаш ташкилотни бошқаришда стратегик орган ҳисобланади.
3. Кенгашнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
ташкилотнинг устувор вазифаларини белгилаш;
туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлими (бундан буён матнда ҳудудий бўлим деб юритилади) томонидан тавсия этилган номзодлар таркибидан хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқ мактабгача таълим ташкилоти директорини сайлаш;
ташкилотнинг мақсадлари ва вазифаларини ҳамда уларга эришиш режаларини тасдиқлаш;
ташкилотда амалга оширилиши белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ва мақсадли кўрсаткичларга эришилиши устидан назорат олиб бориш.
4. Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, фармонлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек ташкилотнинг Устави ҳамда мазкур Низом асосида амалга оширади.
2-боб. Кенгашнинг вазифалари
5. Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
ҳудудий бўлим томонидан тавсия этилган номзодлар таркибидан ташкилот директорини сайлаш, шунингдек уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида таклифлар киритиш;
ташкилотни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш;
ташкилот директорининг ушбу ташкилот фаолиятини такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, молия-хўжалик ҳолати, даромадлар ва харажатлар, бюджет маблағларидан, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш;
ташкилотнинг йиллик молиявий режаларини, кўрсатилаётган пуллик хизматлар нархининг миқдорларини ва ташкилот мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи миқдорини, шу жумладан аукциондаги бошланғич нархни ташкилот директорининг иштирокида танишиб чиқиш ва таклифлар бериш;
ташкилот директорининг ва бошқа ходимларининг фаолиятига тааллуқли ижтимоий сўровлар ўтказиш;
ташкилотда тарбияланувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни яхшилаш бўйича ота-оналар, жамоатчилик ташкилотлари ва ҳомийлар билан ҳамкорлик қилишда амалий ёрдам кўрсатиш;
ташкилотни ривожлантиришга доир устувор йўналишларни белгилаш бўйича таълим ташкилоти директорининг дастур ва режалари юзасидан ҳудудий бўлимга таклифлар киритиш;
ташкилотнинг ходимларини рағбатлантириш бўйича ҳудудий бўлимга таклифлар бериш.
Кенгаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга ошириши мумкин.
3-боб. Кенгаш фаолиятини ташкил этиш ва таркибини шакллантириш
6. Ташкилотда болаларнинг сифатли таълим олишлари, уларга тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳамда таълим-тарбия жараёнларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкилот директорига кўмаклашиш учун ҳар бир ташкилотда Кенгаш ташкил этилади.
7. Кенгаш 11 кишидан кам бўлмаган тоқ сондан иборат таркибда тузилади. Бунда, Кенгаш таркибига ташкилотнинг педагоглари орасидан 2 нафар, тарбиячи ёрдамчилари орасидан 2 нафар, ташкилот маъмуриятидан 1 нафар, тегишли ҳудудий бўлимдан 1 нафар, жамоат ташкилотлари ва ҳомийлар орасидан 2 нафар ҳамда ҳар бир гуруҳида тарбияланувчиларнинг ота-оналаридан камида 3 нафар, аъзо киритилади.
Кенгаш аъзоларининг сони чекланмайди.
8. Кузатув кенгаши ҳар бир гуруҳдаги тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўринини босувчи шахслар, педагоглар, тарбиячилар ёрдамчилари, ташкилот маъмурияти, ҳудудий бўлим ходимлари орасидан шакллантирилади.
9. Кенгашнинг биринчи йиғилишида иштирок этаётган аъзолар умумий сонининг оддий кўпчилик очиқ овоз бериши орқали Кенгаш раиси ва котиби сайланади. Бунда, Кенгаш раиси ва котиби Кенгаш аъзоси ҳисобланган ота-оналар орасидан сайланади.
10. Кенгаш таркиби 3 йил муддатга сайланади. Бунда Кенгаш таркиби ҳар ўқув йили бошида кўриб чиқилиши мумкин.
11. Кенгаш аъзоларининг сайлашда ташкилотда тарбияланаётган болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (улардан бири) иштирок этиши мумкин.
12. Кенгаш аъзолари ташкилот тарбияланувчилари ота-оналарининг умумий йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.
13. Кенгаш аъзоси этиб сайланган ота-оналарнинг фарзандлари ташкилотда тарбияланувчилар қаторидан чиқарилганда, кенгашнинг ушбу аъзоси кенгаш аъзолари қаторидан чиқарилади ва унинг ўрнига ота-оналар орасидан бошқа аъзо сайланади.
14. Ташкилот маъмурияти ходимлари, педагоглар, тарбиячилар, тарбиячи ёрдамчилари Кенгашга яширин овоз бериш орқали сайланади ва ташкилот педагогик кенгашининг қарори билан тасдиқланади.
15. Кенгаш аъзолигига ҳудудий бўлим вакили тегишли ҳудудий бўлим бошлиғининг буйруғи билан тайинланади.
16. Ташкилотнинг директори ёки унинг ўринбосарлари, шунингдек уларнинг яқин қариндошлари Кенгаш аъзолари сифатида сайланишига йўл қўйилмайди.
17. Кенгаш аъзоси Кенгашнинг йиғилишларида сурункали 3 марта узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда, у Кенгаш аъзолари таркибидан чиқарилади.
4-боб. Кенгаш йиғилишларини ташкил қилиш ва ўтказиш
18. Кенгашнинг биринчи йиғилиши ташкилот директори томонидан ташкиллаштирилади ва ўтказилади.
19. Кенгаш ҳар чоракда камида бир марта йиғилади.
20. Кенгаш йиғилиши баённома билан расмийлаштирилади.
21. Кенгаш йиғилишида унинг умумий аъзоларидан 60 фоизи иштирок этганда Кенгаш қарор қабул қилиши мумкин.
22. Кенгаш ўз фаолиятини дахлсизлик, ошкоралик, шаффофлилик, адолатлилик тамойилларига мувофиқ амалга оширади.
23. Кенгаш қарорлари аъзоларнинг тенг ҳуқуқлилиги асосида оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
24. Кенгаш йиғилишларига Кенгаш раиси раислик қилади.
25. Кенгаш раиси ўз ваколатини вақтинча бажариш имконияти бўлмаган ҳолларда (хизмат сафари, таътил ва касаллик даврида), унинг вазифасини бажариш Кенгаш аъзоларидан бирига вақтинча юклатилади. Бунда, ташкилот ва ҳудудий бўлим ходимларига юклатилиши мумкин эмас.
26. Кенгаш йиғилишида ташкилот директори ёки унинг ўринбосарлари кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин.
27. Кенгаш йиғилишлари мазкур Низом талабларига мувофиқ ташкиллаштириши ва ўтказилиши ҳамда ҳужжатларнинг тўғри ва тўлиқ расмийлаштирилиши учун Кенгаш раиси масъул ҳисобланади.
28. Кенгаш йиғилиши ўтказилишидан камида 10 кун олдин йиғилиш ўтказиладиган кун, вақти, жойи ва муҳокама этиладиган масалалар ҳақида Кенгаш аъзолари хабардор қилиниши лозим. Кенгаш аъзоларини хабардор қилиш учун Кенгаш раиси масъул ҳисобланади.
29. Ташкилот раҳбари Кенгаш йиғилишларини ўтказиш ва унинг ишини ташкил қилиш (ҳужжатларни расмийлаштириш ва сақлаш учун зарур бўлган хона, ташкилот фаолияти билан боғлиқ маълумотлар ва канцелярия жиҳозлари) учун масъул ҳисобланади.
30. Кенгашнинг фаолияти бўйича маълумотларни ҳар чоракда ташкилотнинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида ёки ташкилотнинг барча кўриши мумкин бўлган жойига жойлаштириш тавсия этилади.
31. Кенгаш йиғилишлари ўтказилганлиги ҳақидаги баённомалар Кенгаш йиғилиши ўтказилган кундан бошлаб 3 кундан кўп бўлмаган муддатда ҳудудий бўлимга тақдим этилиши лозим.
5-боб. Кенгашнинг ҳуқуқ ва ваколатлари
32. Кенгаш ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ташкилотнинг тегишли даврдаги фаолияти бўйича ташкилот директоридан маълумотлар сўраш ва олиш;
ташкилотнинг молиявий ҳисоботлари билан танишиш;
ҳомийлик ва хайрия маблағларининг кирим қилиниши ва сарфланиши ҳақидаги маълумотлар билан танишиш;
ташкилот педагог ходимларининг шаъни, қадр-қиммати, обрўсини ҳимоя қилиш бўйича таклифлар киритиш.
6-боб. Якуний қоидалар
33. Кенгашнинг фаолиятига ташкилот директори, ҳудудий бўлим, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ташкилотларнинг аралашувига йўл қўйилмайди.
34. Ташкилотда тарбияланувчилар ва уларнинг ота-оналаридан турли хил сабаблар билан ташкилот директори, Кенгаш аъзолари ва бошқа ходимлари томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади.
35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
36. Кенгаш раиси, котиби ва аъзолари жамоатчилик асосида амалга оширадиган кузатув кенгашидаги фаолияти юзасидан интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
37. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.
Вазир А. ШИН
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш. КУДБИЕВ
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси К. РАФИКОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 21 ноябрь,
2018 йил 21 ноябрь,
2018 йил 21 ноябрь,
2-мҳ-сон
Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha taʼlim vazirining
buyrugʻi
NAMUNAVIY NIZOM
Maktabgacha taʼlim tashkilotining kuzatuv kengashi haqidagi namunaviy nizomni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining “Maktabgacha taʼlim va tarbiya toʻgʻrisida”gi Qonuni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 30-sentabrdagi PQ-3955-son “Maktabgacha taʼlim tizimini boshqarishni takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:
1. Maktabgacha taʼlim tashkilotining kuzatuv kengashi haqidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha taʼlim vazirining 2018-yil 21-noyabrdagi 2-mh-son buyrugʻiga ILOVA
Maktabgacha taʼlim tashkilotining kuzatuv kengashi haqidagi
Mazkur Namunaviy nizom (bundan buyon matnda Nizom deb yuritiladi) Oʻzbekiston Respublikasining “Maktabgacha taʼlim va tarbiya toʻgʻrisida”gi Qonuni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 30-sentabrdagi PQ-3955-son “Maktabgacha taʼlim tizimini boshqarishni takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq maktabgacha taʼlim tashkiloti kuzatuv kengashining (bundan buyon matnda Kengash deb yuritiladi) maqsadi, vazifalari, vakolatlari hamda faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlariga (bundan buyon matnda tashkilot deb yuritiladi) tatbiq etiladi.
Mazkur Nizom nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari uchun tavsiyaviy xususiyatga ega.
2. Kengash yuridik shaxs hisoblanmaydi va davlat roʻyxatidan oʻtkazilmaydi.
Kengash tashkilotni boshqarishda strategik organ hisoblanadi.
3. Kengashning asosiy maqsadlari quyidagilardan iborat:
tashkilotning ustuvor vazifalarini belgilash;
tuman (shahar) maktabgacha taʼlim boʻlimi (bundan buyon matnda hududiy boʻlim deb yuritiladi) tomonidan tavsiya etilgan nomzodlar tarkibidan xotin-qizlar va erkaklar uchun teng huquq hamda imkoniyatlar kafolatlarini taʼminlash prinsiplariga muvofiq maktabgacha taʼlim tashkiloti direktorini saylash;
tashkilotning maqsadlari va vazifalarini hamda ularga erishish rejalarini tasdiqlash;
tashkilotda amalga oshirilishi belgilangan vazifalarning bajarilishi va maqsadli koʻrsatkichlarga erishilishi ustidan nazorat olib borish.
4. Kengash oʻz faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining qarorlari, farmonlari va farmoyishlari, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari hamda boshqa qonunchilik hujjatlari, shuningdek tashkilotning Ustavi hamda mazkur Nizom asosida amalga oshiradi.
2-bob. Kengashning vazifalari
5. Kengashning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
hududiy boʻlim tomonidan tavsiya etilgan nomzodlar tarkibidan tashkilot direktorini saylash, shuningdek uni egallab turgan lavozimidan ozod etish haqida takliflar kiritish;
tashkilotni rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlarini belgilash;
tashkilot direktorining ushbu tashkilot faoliyatini takomillashtirish yuzasidan koʻrilayotgan chora-tadbirlar, moliya-xoʻjalik holati, daromadlar va xarajatlar, budjet mablagʻlaridan, budjetdan tashqari, homiylik va boshqa mablagʻlardan foydalanish toʻgʻrisidagi hisobotlarini eshitish;
tashkilotning yillik moliyaviy rejalarini, koʻrsatilayotgan pullik xizmatlar narxining miqdorlarini va tashkilot mulkidan foydalanganlik uchun ijara haqi miqdorini, shu jumladan auksiondagi boshlangʻich narxni tashkilot direktorining ishtirokida tanishib chiqish va takliflar berish;
tashkilot direktorining va boshqa xodimlarining faoliyatiga taalluqli ijtimoiy soʻrovlar oʻtkazish;
tashkilotda tarbiyalanuvchilar uchun qulay shart-sharoitlar yaratish hamda ularni yaxshilash boʻyicha ota-onalar, jamoatchilik tashkilotlari va homiylar bilan hamkorlik qilishda amaliy yordam koʻrsatish;
tashkilotni rivojlantirishga doir ustuvor yoʻnalishlarni belgilash boʻyicha taʼlim tashkiloti direktorining dastur va rejalari yuzasidan hududiy boʻlimga takliflar kiritish;
tashkilotning xodimlarini ragʻbatlantirish boʻyicha hududiy boʻlimga takliflar berish.
Kengash qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vazifalarni amalga oshirishi mumkin.
3-bob. Kengash faoliyatini tashkil etish va tarkibini shakllantirish
6. Tashkilotda bolalarning sifatli taʼlim olishlari, ularga tegishli shart-sharoitlar yaratish hamda taʼlim-tarbiya jarayonlarini qoʻllab-quvvatlash maqsadida tashkilot direktoriga koʻmaklashish uchun har bir tashkilotda Kengash tashkil etiladi.
7. Kengash 11 kishidan kam boʻlmagan toq sondan iborat tarkibda tuziladi. Bunda, Kengash tarkibiga tashkilotning pedagoglari orasidan 2 nafar, tarbiyachi yordamchilari orasidan 2 nafar, tashkilot maʼmuriyatidan 1 nafar, tegishli hududiy boʻlimdan 1 nafar, jamoat tashkilotlari va homiylar orasidan 2 nafar hamda har bir guruhida tarbiyalanuvchilarning ota-onalaridan kamida 3 nafar, aʼzo kiritiladi.
Kengash aʼzolarining soni cheklanmaydi.
8. Kuzatuv kengashi har bir guruhdagi tarbiyalanuvchilarning ota-onalari yoki ularning oʻrinini bosuvchi shaxslar, pedagoglar, tarbiyachilar yordamchilari, tashkilot maʼmuriyati, hududiy boʻlim xodimlari orasidan shakllantiriladi.
9. Kengashning birinchi yigʻilishida ishtirok etayotgan aʼzolar umumiy sonining oddiy koʻpchilik ochiq ovoz berishi orqali Kengash raisi va kotibi saylanadi. Bunda, Kengash raisi va kotibi Kengash aʼzosi hisoblangan ota-onalar orasidan saylanadi.
10. Kengash tarkibi 3 yil muddatga saylanadi. Bunda Kengash tarkibi har oʻquv yili boshida koʻrib chiqilishi mumkin.
11. Kengash aʼzolarining saylashda tashkilotda tarbiyalanayotgan bolalarning ota-onalari yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar (ulardan biri) ishtirok etishi mumkin.
12. Kengash aʼzolari tashkilot tarbiyalanuvchilari ota-onalarining umumiy yigʻilishida ochiq ovoz berish yoʻli bilan saylanadi.
13. Kengash aʼzosi etib saylangan ota-onalarning farzandlari tashkilotda tarbiyalanuvchilar qatoridan chiqarilganda, kengashning ushbu aʼzosi kengash aʼzolari qatoridan chiqariladi va uning oʻrniga ota-onalar orasidan boshqa aʼzo saylanadi.
14. Tashkilot maʼmuriyati xodimlari, pedagoglar, tarbiyachilar, tarbiyachi yordamchilari Kengashga yashirin ovoz berish orqali saylanadi va tashkilot pedagogik kengashining qarori bilan tasdiqlanadi.
15. Kengash aʼzoligiga hududiy boʻlim vakili tegishli hududiy boʻlim boshligʻining buyrugʻi bilan tayinlanadi.
16. Tashkilotning direktori yoki uning oʻrinbosarlari, shuningdek ularning yaqin qarindoshlari Kengash aʼzolari sifatida saylanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
17. Kengash aʼzosi Kengashning yigʻilishlarida surunkali 3-marta uzrli sabablarsiz ishtirok etmagan taqdirda, u Kengash aʼzolari tarkibidan chiqariladi.
4-bob. Kengash yigʻilishlarini tashkil qilish va oʻtkazish
18. Kengashning birinchi yigʻilishi tashkilot direktori tomonidan tashkillashtiriladi va oʻtkaziladi.
19. Kengash har chorakda kamida bir marta yigʻiladi.
20. Kengash yigʻilishi bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.
21. Kengash yigʻilishida uning umumiy aʼzolaridan 60 foizi ishtirok etganda Kengash qaror qabul qilishi mumkin.
22. Kengash oʻz faoliyatini daxlsizlik, oshkoralik, shaffoflilik, adolatlilik tamoyillariga muvofiq amalga oshiradi.
23. Kengash qarorlari aʼzolarning teng huquqliligi asosida oddiy koʻpchilik ovoz berish yoʻli bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan hollarda Kengash raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.
24. Kengash yigʻilishlariga Kengash raisi raislik qiladi.
25. Kengash raisi oʻz vakolatini vaqtincha bajarish imkoniyati boʻlmagan hollarda (xizmat safari, taʼtil va kasallik davrida), uning vazifasini bajarish Kengash aʼzolaridan biriga vaqtincha yuklatiladi. Bunda, tashkilot va hududiy boʻlim xodimlariga yuklatilishi mumkin emas.
26. Kengash yigʻilishida tashkilot direktori yoki uning oʻrinbosarlari kuzatuvchi sifatida ishtirok etishi mumkin.
27. Kengash yigʻilishlari mazkur Nizom talablariga muvofiq tashkillashtirishi va oʻtkazilishi hamda hujjatlarning toʻgʻri va toʻliq rasmiylashtirilishi uchun Kengash raisi masʼul hisoblanadi.
28. Kengash yigʻilishi oʻtkazilishidan kamida 10 kun oldin yigʻilish oʻtkaziladigan kun, vaqti, joyi va muhokama etiladigan masalalar haqida Kengash aʼzolari xabardor qilinishi lozim. Kengash aʼzolarini xabardor qilish uchun Kengash raisi masʼul hisoblanadi.
29. Tashkilot rahbari Kengash yigʻilishlarini oʻtkazish va uning ishini tashkil qilish (hujjatlarni rasmiylashtirish va saqlash uchun zarur boʻlgan xona, tashkilot faoliyati bilan bogʻliq maʼlumotlar va kanselyariya jihozlari) uchun masʼul hisoblanadi.
30. Kengashning faoliyati boʻyicha maʼlumotlarni har chorakda tashkilotning rasmiy veb-saytida, ommaviy axborot vositalarida yoki tashkilotning barcha koʻrishi mumkin boʻlgan joyiga joylashtirish tavsiya etiladi.
31. Kengash yigʻilishlari oʻtkazilganligi haqidagi bayonnomalar Kengash yigʻilishi oʻtkazilgan kundan boshlab 3 kundan koʻp boʻlmagan muddatda hududiy boʻlimga taqdim etilishi lozim.
5-bob. Kengashning huquq va vakolatlari
32. Kengash oʻziga yuklatilgan vazifalarni amalga oshirishda quyidagi huquqlarga ega:
tashkilotning tegishli davrdagi faoliyati boʻyicha tashkilot direktoridan maʼlumotlar soʻrash va olish;
tashkilotning moliyaviy hisobotlari bilan tanishish;
homiylik va xayriya mablagʻlarining kirim qilinishi va sarflanishi haqidagi maʼlumotlar bilan tanishish;
tashkilot pedagog xodimlarining shaʼni, qadr-qimmati, obroʻsini himoya qilish boʻyicha takliflar kiritish.
6-bob. Yakuniy qoidalar
33. Kengashning faoliyatiga tashkilot direktori, hududiy boʻlim, mahalliy hokimliklar va boshqa tashkilotlarning aralashuviga yoʻl qoʻyilmaydi.
34. Tashkilotda tarbiyalanuvchilar va ularning ota-onalaridan turli xil sabablar bilan tashkilot direktori, Kengash aʼzolari va boshqa xodimlari tomonidan pul mablagʻlarini yigʻish qatʼiyan taqiqlanadi.
35. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.
36. Kengash raisi, kotibi va aʼzolari jamoatchilik asosida amalga oshiradigan kuzatuv kengashidagi faoliyati yuzasidan intizomiy javobgarlikka tortilishi mumkin emas.
37. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi hamda Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi Kengashi bilan kelishilgan.
Vazir A. ShIN
Bandlik va mehnat munosabatlari vaziri Sh. KUDBIYEV
Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi Kengashi raisi K. RAFIKOV
Toshkent sh.,
2018-yil 21-noyabr,
2018-yil 21-noyabr,
2018-yil 21-noyabr,
2-mh-son