UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 13-noyabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Moliya vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 13 ноябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Молия вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 ноября 2018 г. · Документы министерств и ведомств · Министр финансов

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 November 2018 · Ministry and agency documents · Moliya vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг

буйруғи

МИСОЛЛАР

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (5-сонли БҲС) «Қишлоқ хўжалиги»ни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси, Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ва бюджет ҳисобини давлат секторида молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари билан мувофиқлаштириш мақсадида буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (5-сонли БҲС) «Қишлоқ хўжалиги» иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ 2019 йил 1 январдан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2018 йил 13 ноябрдаги 143-сон буйруғига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (5-сонли БҲС) «Қишлоқ хўжалиги»

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (5-сонли БҲС) «Қишлоқ хўжалиги» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси , Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларининг (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) қишлоқ хўжалиги фаолияти ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

биологик актив ― ҳайвонлар ёки ўсимликлар;

биологик активларнинг гуруҳлари ― ўхшаш хусусиятларга эга ҳайвонлар ёки ўсимликларнинг жамланмаси;

биотрансформация ― ўсиш, насл қолдириш, деградация, ишлаб чиқариш ва кўпайиш жараёни натижасида биологик активда содир этиладиган сифат ва сон ўзгариши;

етилган биологик активлар ― бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотини йиғиб олиш мумкин бўлган даражага етган (фойдаланиладиган (истеъмол қилинадиган) биологик активларга нисбатан қўлланиладиган) ёки уларни мунтазам равишда йиғишни (олишни) таъминлаши мумкин бўлган (унумдор биологик активларга қўлланиладиган) активлар;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ― биологик активларидан олинган (йиғилган) маҳсулот;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш ― маҳсулотни биологик активдан ажратиб олиш ёки биологик активнинг ҳаёт фаолиятини тугатиш;

қишлоқ хўжалиги фаолияти ― ташкилотлар томонидан етилган биологик активлар ва биотрансформацияни ёки олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ёки қўшимча ишлаб чиқарилган биологик активларни сотиш, беғараз асосида ёхуд номинал қиймат бўйича бериш мақсадида бошқариш;

сотиш харажатлари ― молиялаштириш харажатлари, солиқлар ва йиғимлардан ташқари, активларнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ бўлган тўғридан-тўғри қўшимча харажатлар. Активларнинг чиқиб кетиши сотиш, беғараз ёки номинал қиймати бўйича ўтказиш орқали амалга оширилади;

унумдор (наслдор) биологик активлар ― ушбу биологик активлар қишлоқ хўжалиги фаолиятида бир йилдан ортиқ вақт давомида узлуксиз ва қайта фойдаланиладиган активлардир. Унумдор (наслдор) биологик активлар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти эмас, балки ўз-ўзидан қайта тикланувчи объект ҳисобланади. Унумдор (наслдор) биологик активлар ҳисобланувчи ҳайвон турларига насл қолдирувчи ҳайвонлар (балиқ ва қушлар), сут маҳсулотлари йўналиши бўйича йирик шохли қорамоллар, жун ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган қўйлар ва бошқа ҳайвонлар мисол бўла олади. Унумдор (наслдор) биологик активлар ҳисобланувчи ўсимлик турларига мева ва резаворлар, ёнғоқ, шарбат, қатронлар, қобиқлар ва барглар олиш учун ўстириладиган дарахтлар, узумзорлар ва буталар киради;

фойдаланиладиган (истеъмол қилинадиган) биологик активлар ― қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатида олинадиган (йиғиладиган) ёки биологик активлар сифатида сотиладиган, беғараз ёки номинал қиймат бўйича бериладиган активлар. Масалан, фойдаланиладиган (истеъмол қилинадиган) биологик активларга бир марталик фойдаланиш учун ҳайвон ёки ўсимликлар, хусусан гўшт йўналишида йирик шохли қорамол, сотиш учун мўлжалланган қорамол, балиқ етиштириш хўжаликларидаги балиқ, маккажўхори ва буғдой каби донли маҳсулотлар, шунингдек ёғоч тайёрлаш мақсадида ўстириладиган дарахтлар киритилади;

ҳосил берувчи ўсимлик — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва етказиб беришда фойдаланиладиган, бир неча даврлар давомида ҳосил бериши кутиладиган ҳамда ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулоти сифатида сотилиши эҳтимоли паст бўлган (бундан унинг қолдиқ сифатида реализация қилиниши ҳолатлари мустасно) ўсимлик.

1 1 . Қуйидагилар ҳосил берувчи ўсимлик ҳисобланмайди:

а) қишлоқ хўжалиги маҳсулоти сифатида йиғиб олиш учун етиштириладиган ўсимликлар (масалан, ёғоч олиш мақсадида етиштириладиган дарахтлар);

б) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш учун парвариш қилинадиган ва ташкилот томонидан ушбу ўсимликларнинг ўзини ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулоти сифатида йиғиб олиб реализация қилиш эҳтимоли кам бўлмаган (бундан уларнинг қолдиқ сифатида реализация қилиниши ҳолатлари мустасно) ўсимликлар (масалан, ҳам меваси, ҳам ёғочи учун етиштириладиган дарахтлар);

д) бир йиллик экинлар (масалан, маккажўхори ва буғдой).

1 2 . Ҳосил берувчи ўсимликлар ҳосил олиш мақсадида фойдаланилмай қўйилганда, улар кесилиши (масалан, ўтин сифатида фойдаланиш учун) ва қолдиқ сифатида реализация қилиниши мумкин.

Қолдиқ сифатидаги бундай реализация қилиш ҳосил берувчи ўсимликнинг ушбу Стандартда белгиланган таърифига мувофиқлигини ўзгартирмайди.

1 3 . Ҳосил берувчи ўсимликларда ўсаётган (етиштирилаётган) ва ҳали йиғиб олинмаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари биологик актив ҳисобланади.

1 4 . Бошқа бюджет ҳисоби стандартларида таърифланган атамалар ушбу Стандартда ҳам худди шу маънода қўлланилади.

1 5 . Ташкилот биологик активнинг ҳақиқий қийматини аниқлашда имкон қадар кузатиш мумкин бўлган бозор маълумотларидан фойдаланиши ҳамда кузатиш мумкин бўлмаган маълумотлардан фойдаланишни минималлаштириши керак.

Бунда маълумотлар кузатиладиган ёки кузатилмайдиган бўлиши мумкин ва улар қуйидаги турларга бўлинади:

1-даража — баҳолаш санасида фаол бозорларда мавжуд бўлган бир хил активлар ёки мажбуриятлар учун шаклланган нархларни ифодаловчи маълумотлар;

2-даража — 1-даража маълумотларига кирмайдиган, бироқ актив ёки мажбуриятга доир бевосита ёки билвосита кузатиш мумкин бўлган бозор нархларига асосланган маълумотлар;

3-даража — актив ёки мажбуриятга доир кузатиш мумкин бўлмаган маълумотлар, шу жумладан ташкилотнинг ички баҳолашига асосланган маълумотлар.

2. Қишлоқ хўжалиги фаолияти турли соҳаларни қамраб олади, жумладан чорвачилик, ўрмончилик, қишлоқ хўжалигининг бир йиллик ёки кўп йиллик ўсимликларини ўстириш. Ушбу фаолият бир қатор умумий жиҳатлар ажратилади:

а) ўзгариш қобилияти. Ҳайвонлар ва ўсимликлар биотрансформация хусусиятига эга;

б) ўзгаришларни бошқариш. Бошқариш зарур бўлган қулайликлар ёки ушбу жараённи амалга ошириш учун барқарор шарт-шароитларни яратиш йўли билан биотрансформацияга кўмаклашади (мисол учун, белгиланган даражада озуқа моддаларини таъминлаш, намлик, ҳарорат, маҳсулдорлик ва ёруғликни сақлаб туриш). Бундай бошқариш қишлоқ хўжалиги фаолиятини бошқа фаолият турларидан (бошқариб бўлмайдиган манбалардан олинадиган маҳсулотлар, жумладан табиий кўллар ва дарёлардан балиқ тутиш ёки ўрмонларни кесиш) фарқланади;

в) ўзгаришларни ўлчаш. Биотрансформация натижасида юзага келадиган сифат (мисол учун, генетик хусусиятлари, зичлиги, етилганлиги, ёғ қатлами, оқсилнинг мавжудлиги, толанинг мустаҳкамлиги) ва миқдор ўзгаришларини (мисол учун, насли, оғирлиги, куб метри, толанинг узунлиги ёки диаметри, ғунчалар сони) ўлчаш ва назорат қилиш бошқарувнинг функцияларидан бири ҳисобланади.

3. Биотрансформация қуйидаги натижаларга олиб келади:

а) активларнинг ўсишига (ҳайвонлар ёки ўсимликлар миқдорининг ўсиши ёхуд уларнинг сифат хусусиятлари яхшиланиши);

б) активларнинг камайишига (ҳайвон ёки ўсимликлар миқдорининг камайиши ёхуд уларнинг сифат хусусиятлари ёмонлашиши) ёки кўпайишига (қўшимча жонли ҳайвон ёки ўсимликларнинг пайдо бўлиши);

в) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқилишига (масалан, чой барги, жун, сут ва бошқалар).

4. Ҳисоблаш методи орқали молиявий ҳисоботни тузувчи ва тақдим қилувчи ташкилотлар ўзининг қишлоқ хўжалиги фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳолатларда мазкур Стандартни қўллаши ва қуйидагиларнинг ҳисобини юритиши керак:

а) биологик активлар, ҳосил берувчи ўсимликлар бундан мустасно;

б) йиғиш пайтидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари.

5. Мазкур Стандарт қуйидагиларга қўлланилмайди:

а) қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларга;

б) қишлоқ хўжалиги фаолиятига тегишли ҳосил берувчи ўсимликларга (бунда, ушбу Стандарт ҳосил берувчи ўсимликлардаги ҳосилга нисбатан қўлланилади);

д) қишлоқ хўжалиги фаолияти билан боғлиқ номоддий активларга;

э) хизматлар кўрсатиш ёки ишларни бажариш учун мўлжалланган биологик активларга;

ф) қишлоқ хўжалиги фаолиятига тегишли ерни ижарага олиш натижасида юзага келган фойдаланиш ҳуқуқи активларига.

6. Биологик активлардан тадқиқотлар ўтказиш, таълим, транспортировка, кўнгилочиш, божхона назоратини ўтказиш мақсадида фойдаланилган ҳолларда мазкур Стандарт талаблари бўйича ҳисобга олинмайди.

7. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобини юритишда уларни олиш (йиғиш) вақтидагина мазкур Стандартдан фойдаланилади. Унинг кейинги ҳисобини юритишда бошқа тегишли стандартлар қўлланилади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини олишдан (йиғишдан) кейинги қайта ишлаб чиқиш ишларида (мисол учун, узумни винога қайта ишлаш) мазкур Стандарт қўлланилмайди. Қайта ишлаб чиқиш қишлоқ хўжалиги фаолиятининг мантиқий ва табиий давоми, шунингдек бўлиб ўтаётган жараёнлар ва биотрансформация ўртасида айрим ўхшашлик бўлса-да, мазкур жараён мазкур Стандартдаги қишлоқ хўжалиги фаолияти тушунчасига кирмайди.

8. Биологик активлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва уларни қайта ишлаб чиқиш натижасида олинадиган (йиғиладиган) маҳсулотларга мисоллар мазкур Стандартнинг иловасида келтирилган.

2-боб. Ҳисобга олиш ва баҳолаш

9. Ташкилот биологик актив ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотини фақат қуйидаги ҳолларда ҳисобга олади:

а) маҳсулот етиштирилгунга (йиғилгунга) қадар даврда активни назорат қилса;

б) актив билан боғлиқ келажакда иқтисодий даромад келиши ёки хизмат кўрсатиш имкониятини эҳтимоллиги юқори бўлса;

в) активнинг ҳақиқий қиймати ёки таннархини ўлчаш маълумотлари ишончли бўлса.

10. Биологик активнинг ҳақиқий қиймати унинг жойлашган жойи ва ҳозирги вақтдаги ҳолатидан келиб чиқиб аниқланади. Мисол учун, хўжаликдаги беғараз ёки номинал қийматда бериш учун мўлжалланган қорамолни жойга етказиб беришнинг транспорт ва бошқа харажатларини ҳисобламаганда, унинг ҳақиқий қиймати тегишли бозордаги нархи ҳисобланади.

11. Қишлоқ хўжалиги фаолиятида йирик шохли қорамолга эгалик қилиш ҳуқуқи сифатида унинг сотиб олиниши, туғилиши ёки ажратилиши вақтида тамғалаш ёки бошқа усулда белги қўйилади. Келажакдаги иқтисодий фойда ва хизмат кўрсатиш потенциали унинг ўзига хос кўрсаткичларидан келиб чиқиб баҳоланади.

12. Дастлабки ҳисобга олиш ва ундан кейинги ҳар бир ҳисобот даврига биологик актив ўзининг ҳақиқий қиймати бўйича сотиш харажатларини ҳисобга олмаган ҳолда белгиланиши керак, мазкур Стандартнинг 27-бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.

13. Ташкилотлар биологик активларни алмашув бўлмаган операциялар орқали қабул қилса, биологик активни дастлабки ҳисобга олиш ва ундан кейинги ҳар бир ҳисобот даврида баҳолаш мазкур Стандартнинг 12-бандига мувофиқ амалга оширилади.

14. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ушбу маҳсулотлар олинган вақтда аниқланадиган сотиш харажатларини чегирган ҳолда ҳақиқий қиймати бўйича баҳоланиши керак. Ушбу баҳоланиш натижасида олинган қиймат бошқа тегишли стандарт қўлланиб бошланадиган кунга маҳсулотнинг қиймати бўлиб ҳисобланади.

15. Биологик актив ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг ҳақиқий қийматини аниқлаш жараёнини осонлаштириш мақсадида уларнинг асосий хусусиятлари мос равишда гуруҳлаштирилиши мумкин (мисол учун, ёши ёки сифати бўйича). Ташкилот активнинг нархини белгилашда асос сифатида бозорга мос равишда фойдаланилаётган хусусиятлардан келиб чиқади.

16. Ташкилотлар кўп ҳолларда ўзларининг биологик активлари ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини келажакдаги қайсидир вақтда сотиш бўйича шартнома тузадилар. Бундай шартномаларда келишилган нархлар ҳақиқий қийматни аниқлашда асос бўлиши шарт эмас, чунки ҳақиқий қиймат сотувчи ва сотиб олувчи иштирок этаётган бозордаги нархларнинг жорий конъюктурасини кўрсатади. Шунга кўра, шартноманинг мавжудлиги биологик активлар ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳақиқий қийматини ўзгартирилишига олиб келмайди.

Алмашув операциясида биологик актив ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш бўйича шартнома айрим ҳолларда зарар келтирувчи шартнома сифатида эътироф этилиши мумкин. Бундай шартномаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти ( 16-сонли БҲС ) «Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар» (рўйхат рақами 3562, 2024 йил 22 октябрь) талаблари қўлланилади.

17. Агар биологик активлар ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун уларнинг жойлашган жойи ва ҳолатига боғлиқ ҳолда фаол бозор мавжуд бўлса, бунда ушбу бозорда белгиланган нарх мазкур активнинг ҳақиқий қийматини аниқлаш учун мос келувчи асос ҳисобланади. Агар ташкилот бир қанча фаол бозорларга кириш имконияти бўлса, ташкилотга тўғри келувчи энг мақбул бўлган нарх ишлатилади (мисол учун, агар ташкилотда иккита фаол бозорга кириш имконияти бўлса, бунда у ўзи битим тузишни истаган бозордаги нархдан фойдаланади).

18. Фаол бозор мавжуд бўлмаган ҳолатларда, ташкилотлар бозор қийматни аниқлаш учун бир ёки бир қанча қуйидаги кўрсаткичлардан фойдаланади:

а) агар охирги битим амалга оширилган сана ва ҳисобот санаси ўртасидаги даврда хўжалик шартларига муҳим ўзгартиришлар киритилмаган бўлса савдо битимнинг охирги нархлар;

б) ўхшаш активлар учун бозор баҳоси фарқларини ҳисобга олиш билан аниқлаш;

в) мос келувчи соҳа кўрсаткичлари, мисол учун бир экспорт лот боғдорчилик кўчатлари ҳисоби гектар ва йирик шохли қорамол ҳисоби килограмм гўшт.

19. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ёки биологик активларнинг ҳақиқий қийматини мазкур Стандартнинг 18-банди асосида аниқлашда ҳар хил хулосаларга олиб келса, ташкилот ушбу фарқлар сабабларини биологик активнинг ҳақиқий қийматини ишончлироқ баҳолаш учун кўриб чиқиши керак.

20. Ташкилот активларини ўз ҳисоб-китобида молиялаштириш, солиққа тортиш ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олгандан (йиғгандан) кейин биологик активларни тиклаш билан боғлиқ бўлган (мисол учун, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари йиғиб олинганидан кейинги экин майдонларини тиклашга кетадиган харажатлар) пул оқимини акс эттирмайди.

21. Биологик активлар таннархи баъзида ҳақиқий қийматга деярли тенг бўлиши мумкин, хусусан:

а) бошланғич харажатлари амалга оширилган вақтдан сезиларли биотрансформация содир бўлмаганда (мисол учун, мевали дарахтлар ҳисобот давридан олдин кўчатлари экилган);

б) биотрансформациянинг нархга таъсири сезиларли даражада бўлиши кутилмаганда (мисол учун, ишлаб чиқариш даври 30 йилни ташкил этувчи экилган қарағайларни бошланғич ўсиш даври).

22. Биологик активлар кўпинча ер билан бевосита боғлиқ бўлади (мисол учун, ўрмондаги дарахтлар).

Ташкилот биологик активларнинг ҳақиқий қийматини аниқлаш учун бир-бирига боғлиқ бўлган активларга тегишли ахборотдан фойдаланади. Бунда, биологик активларнинг ҳақиқий қийматини аниқлаш учун бир-бирига боғлиқ бўлган активларнинг ҳақиқий қийматидан ишлов берилмаган ерларининг ҳақиқий қийматини ва уни яхшилашга қаратилган капитал харажатларини чегириш орқали аниқланади.

3-боб. Фойда ва зарар

23. Биологик активнинг сотиш харажатларидан ташқари уни ҳақиқий қиймати бўйича дастлабки ҳисобга олишда, шунингдек сотиш харажатларини чегирган ҳолда биологик активни ҳақиқий қийматининг ўзгариши натижасида юзага келадиган фойда ёки зарар у ҳосил бўлган даврдаги ташкилотнинг фойда ёки зарар таркибига киритилиши керак.

24. Биологик актив дастлабки ҳисобга олинганда фойда ёки зарар юзага келиши мумкин. Масалан, биологик активнинг ҳақиқий қийматини сотиш харажатларини чегирган ҳолда аниқлаш натижасида зарар юзага келиши мумкин. Шунингдек, биологик активнинг пайдо бўлиши натижасида фойда ҳам юзага келиши мумкин (масалан, бузоқ туғилганда).

25. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш харажатларидан ташқари уни ҳақиқий қиймати бўйича дастлабки ҳисобга олинишидаги фойда ёки зарарининг юзага келиш ҳолатлари у ҳосил бўлган даврдаги ташкилотларнинг фойда ёки зарар таркибига киритилиши керак.

26. Қишлоқ хўжалик маҳсулотининг дастлабки ҳисобга олинишида ушбу маҳсулот олиниши (йиғиб олиниши) натижасида фойда ёки зарар юзага келади.

4-боб. Ҳақиқий қийматнинг ишончли баҳолана олинмаслиги

27. Биологик активнинг ҳақиқий қийматини ишончли аниқлаш мумкин, деб ҳисобланади. Мазкур фараз фақат биологик актив дастлаб ҳисобга олинаётганда, унга нисбатан бозорда эълон қилинган нархлар мавжуд бўлмаган ва ҳақиқий қийматни аниқлашнинг муқобил усуллари ишончли натижа бермайди деб топилган ҳолларда рад этилиши мумкин. Бундай ҳолларда биологик актив унинг дастлабки қиймати бўйича жамғарилган амортизация ва жамғарилган қадрсизланиш зарарлари чегирилган ҳолда баҳоланади.

Агар кейинчалик ушбу биологик активнинг ҳақиқий қийматини ишончли тарзда аниқлаш имконияти юзага келса, ташкилот уни сотиш харажатлари чегирилган ҳолдаги ҳақиқий қиймат бўйича баҳолайди. Агар узоқ муддатли биологик актив сотиш учун мўлжалланган актив сифатида таснифланса (ёки сотиш учун мўлжалланган гуруҳ таркибига киритилса), унинг ҳақиқий қийматини ишончли тарзда аниқлаш мумкин, деб ҳисобланади.

28. Агар ташкилот аввал сотиш харажатларини чегирган ҳолда ҳақиқий қиймати бўйича қандайдир биологик активни баҳолаган бўлса, сотиш харажатларини чегирган ҳолда ҳақиқий қиймати бўйича мазкур биологик активни ҳисобдан чиқарилгунга қадар баҳолашни давом эттиради, мазкур Стандартнинг 27-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

29. Барча ҳолатларда ташкилотлар қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олинган (йиғилган) вақтда сотиш харажатларини чегирган ҳолда ҳақиқий қиймати бўйича баҳолайди.

Мазкур Стандарт қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг уларни йиғиш пайтидаги ҳақиқий қийматини ишончли аниқлаш мумкин деган фаразга асосланади.

29 1 . Биологик активнинг харид қиймати, жамғарилган амортизацияси ва жамғарилган қадрсизланиш зарарларини аниқлашда, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳисобга олишда ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти ( 7-сонли БҲС ) «Товар-моддий захиралар» (рўйхат рақами 3120, 2019 йил 14 январь) ва Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти ( 8-сонли БҲС ) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар» (рўйхат рақами 3144, 2019 йил 20 март) талабларини ҳисобга олади.

5-боб. Ахборотни очиб бериш

30. Ташкилотлар биологик активлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини дастлабки ҳисобга олиш, шунингдек биологик активларнинг сотиш харажатларидан ташқари ҳақиқий қийматининг ўзгариши натижасида юзага келадиган фойда ёки зарарнинг умумий қийматини очиб бериши керак.

31. Ташкилот истеъмол қилинадиган биологик активлар билан ҳосил берувчи (унумдор) биологик активлар, шунингдек сотиш учун мўлжалланган биологик активлар билан беғараз ёки номинал қиймат асосида беришга мўлжалланган биологик активлар ўртасидаги фарқлар тўғрисидаги маълумотларни очиб бериши керак.

Ахборотни беришда ташкилотлар биологик активларни етилган ва етилмаган биологик активларга ажратади.

32. Ташкилот, агар у тақдим этилган молиявий ҳисобот билан бирга очиб берилмаган бўлса, қуйидаги маълумотларни очиб бериши керак:

а) биологик активларнинг ҳар бир гуруҳлари билан боғлиқ бўлган ўзининг фаолиятининг хусусияти бўйича;

б) натурал кўринишда ифодаланган номолиявий активлар параметрлари ёки ҳисоб-китоб кўрсаткичлари:

ҳисобот даври якунига ташкилотлар биологик активларининг ҳар бир гуруҳлари бўйича;

ҳисобот даврида ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳажми бўйича.

32 1 . Ташкилот молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларга қуйидаги ҳолатларни баҳолаш имконини берадиган маълумотларни ёритиб бериши керак:

а) дастлабки ҳисобга олишдан кейин молиявий ҳисоботда ҳақиқий қиймат бўйича баҳоланадиган биологик активларнинг ҳақиқий қийматини аниқлашда қўлланилган баҳолаш усуллари ва киритилган маълумотлари;

б) дастлабки ҳисобга олишдан кейин молиявий ҳисоботда 3-даража маълумотларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ҳақиқий қиймат баҳолашларининг ҳисобот давридаги молиявий натижага ёки соф активлар (капитал) қийматига таъсири.

32 2 . Ташкилот мазкур стандартнинг 32 1 ‑бандидаги мақсадларга эришиш учун қуйидагиларни ҳисобга олиши керак:

а) маълумотларни ёритиб бериш талабларини таъминлаш учун зарур бўлган тафсилотлар аниқлиги (масалан, қорамол — сут берадиган сигир, буқа, ёш бузоқ);

б) турли талабларнинг ҳар бирининг аҳамияти (устуворлиги);

д) қай даражада умумлаштириш ёки алоҳида элементларга ажратиш кераклиги;

э) молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчиларнинг ёритиб берилган миқдорий маълумотларни баҳолаш учун қўшимча маълумотга эҳтиёжи бор ёки йўқлиги.

Агар ушбу Стандарт ва бошқа бюджет ҳисоби стандартларига мувофиқ ёритиб берилган маълумотлар ушбу Стандартнинг 32 1 ‑бандидаги мақсадларга эришиш учун етарли бўлмаса, ташкилотлар мазкур мақсадларга эришиш учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни (масалан, баҳолаш бўйича қўшимча тушунтиришлар ёки биологик активлар таснифи бўйича изоҳ каби маълумотлар) ёритиб беради.

32 3 . Ташкилот мазкур Стандартнинг 32 1 ‑бандида белгиланган мақсадларга эришиш учун, дастлабки ҳисобга олишдан кейин молиявий ҳисоботда ҳақиқий қиймат бўйича баҳоланадиган ҳар бир биологик активнинг тоифаси бўйича (биологик активларнинг тоифалари ушбу Стандартнинг 32 4 -бандига мувофиқ аниқланади) камида қуйидаги маълумотларни очиб бериши керак:

а) ҳисобот даври якунидаги ҳақиқий қиймат ўлчовлари;

б) ҳақиқий қиймат ўлчовлари қайси маълумотлар даражасига киритилганлиги (1, 2 ёки 3-даража);

д) кузатиш мумкин бўлмаган маълумотлардан фойдаланган ҳолда аниқланган ҳақиқий қиймат ўлчовлари учун қўлланилган баҳолаш усуллари ва фойдаланилган маълумотлар тавсифи. Агар баҳолаш усули ўзгарган бўлса (масалан, бозор ёндашувидан даромад ёндашувига ўтиш ёки қўшимча баҳолаш усулини қўллаш), ташкилот ушбу ўзгариш ва унинг сабабларини очиб бериши керак.

Ташкилот 3-даражага киритилган ҳақиқий қийматни баҳолашда фойдаланилган кузатиш мумкин бўлмаган муҳим маълумотлар бўйича миқдорий маълумотларни очиб бериши керак. Агар бундай миқдорий маълумотлар шакллантирилмаган бўлса, уларни яратиш талаб этилмайди. Бироқ ташкилот учун олиш имконияти мавжуд ва ҳақиқий қийматни аниқлаш учун муҳим бўлган миқдорий маълумотлар инкор этилмаслиги керак;

э) ташкилот 3-даража маълумотларига асосан киритилган ҳақиқий қиймат ўлчовлари бўйича давр бошидан давр охиригача бўлган ўзгаришларни қуйидагича очиб бериши керак:

ҳисобот даврида тан олинган жами натижа ва унинг фойда ёки зарар ҳисоботида акс этган элементлари;

жами активлар (капитал)да тан олинган умумий фойда ёки зарар ва уни тан олинган элементлари;

харидлар, сотувлар, ҳисобдан чиқаришлар ва ҳисоб-китоблар (ушбу турдаги ҳар бир ўзгариш алоҳида очиб берилади);

ф) 3-даража маълумотларига асосан киритилган ҳақиқий қиймат ўлчовлари бўйича ҳисобот даври охирида ушлаб турилган биологик активларга тааллуқли амалга оширилмаган фойда ёки зарарлардаги ўзгаришлар ҳиссаси ҳамда мазкур ҳисобга олинган фойда ёки зарар элементлари;

г) 3-даража маълумотларига асосан киритилган ҳақиқий қиймат ўлчовлари учун қўлланилган баҳолаш жараёнлари тавсифи (жумладан, баҳолаш сиёсати ва тартиблари қандай белгиланиши ҳамда ҳақиқий қиймат ўзгаришларининг даврлар орасида таҳлил қилиниши);

ҳ) 3-даража маълумотларига асосан киритилган ҳақиқий қиймат ўлчовлари учун ўзгаришларга нисбатан таъсирчанлик бўйича тавсиф. Агар бундай маълумотлар ўртасида ўзаро боғлиқлик мавжуд бўлса, ташкилот уларнинг таъсирини кучайтириши ёки камайтириши мумкинлигини ҳам тавсифлаши керак.

32 4 . Ташкилотлар биологик активларни тоифаларга ажратишни қуйидагилар асосида белгилайди:

а) биологик активларнинг табиати, хусусиятлари ва хавф-хатарлари;

б) ҳақиқий қиймат ўлчови қайси даража маълумотларига асосан аниқланганлиги.

Бунда, 3-даража маълумотларига асосан киритилган ҳақиқий қиймат ўлчовлари учун маълумотлар даражаси юқорироқ бўлиши талаб этилиши мумкин, чунки бундай ўлчовлар юқори даражадаги ноаниқлик ва субъективлик билан тавсифланади.

Ҳақиқий қиймат ўлчовлари бўйича маълумотларни тақдим этиш учун биологик активларни қандай даражада тоифаларга ажратишни белгилаш профессионал мулоҳазани талаб этади. Биологик активлар одатда молиявий ҳисоботда келтирилган моддаларга нисбатан кенгроқ даражада тоифаларга ажратишни талаб қилади. Бироқ, ташкилот молиявий ҳисоботда келтирилган моддалар билан мувофиқлаштириш имконини берувчи етарли маълумотларни тақдим этиши шарт.

Агар бошқа бюджет ҳисоби стандарти биологик активларни тоифаларга ажратиш тартибини белгилаган бўлса, ташкилот мазкур Стандартда талаб этилган маълумотларни тақдим этишда ушбу тартиблардан фойдаланиши мумкин (агар у мазкур банд талабларига жавоб берса).

32 5 . Молиявий ҳисоботда ҳақиқий қиймат бўйича баҳоланмайдиган, аммо ҳақиқий қиймати очиқлаб кўрсатиладиган ҳар бир биологик активлар тоифаси учун ташкилот ушбу Стандартнинг 32 3 -банди « б », « д » ва «ҳ» кичик бандларида назарда тутилган маълумотларни очиқлаб кўрсатиши керак, бундан мазкур банднинг иккинчи хатбошисидаги ҳолатлар мустасно.

Ташкилотдан 3-даража маълумотларига асосан киритилган ҳақиқий қиймат ўлчовлари бўйича ушбу Стандартнинг 32 3 -банди «д» кичик бандида назарда тутилган муҳим кузатиш мумкин бўлмаган маълумотларга оид миқдорий очиқлашларни тақдим этиш талаб этилмайди.

Ташкилот бундай биологик активлар учун ушбу Стандартда назарда тутилган бошқа очиқлашларни тақдим этиши шарт эмас.

32 6 . Ташкилот ушбу Стандартда назарда тутилган миқдорий очиқлашларни жадвал шаклида тақдим қилиши керак, агар бошқа мақбул шакл мавжуд бўлмаса.

33. Ташкилотлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳар бир гуруҳининг олиш (йиғиш) вақтида ва биологик активлари ҳар бир гуруҳининг ҳақиқий қийматини аниқлашда фойдаланиладиган усул ҳамда асосий йўналишлар тўғрисидаги маълумотларни очиб бериши керак.

Ҳисобот даврида олинган (йиғилган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотига нисбатан ташкилот шу маҳсулотнинг олиш (йиғиш) вақтида аниқланадиган сотиш харажатларини чегирган ҳолда ҳақиқий қийматини кўрсатиши керак.

34. Ташкилот:

а) қўллаш бўйича маълум чекловлари бор бўлган биологик активларнинг мавжудлиги ва баланс қийматини, шунингдек мажбуриятларни бажариш учун гаров сифатида берилган биологик активларнинг қийматини;

б) субъект томонидан биологик активлардан фойдаланиш ёки уларни сотиш эҳтимоллиги мавжуд бўлганда шу активларга қўйиладиган чекловлар даражаси ва хусусиятини;

в) биологик активларни такомиллаштириш ёки сотиб олиш бўйича ўз бўйнига олган мажбуриятларнинг миқдори;

г) қишлоқ хўжалиги фаолияти билан боғлиқ молиявий хатар бошқариш стратегиясини очиб бериши керак.

35. Ташкилот жорий ҳисобот даврининг боши ва охири ўртасида бўлган биологик активларнинг баланс қийматининг ўзгаришларни қиёслаши керак. Ушбу қиёслаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

а) ҳосил берувчи (унумдор) биологик активлар ва истеъмол қилинувчи биологик активлар бўйича алоҳида очиладиган сотиш харажатларини чегирган ҳолда ҳақиқий қийматининг ўзгаришларидан олинган фойда ва зарар;

б) биологик активларни сотиб олиш натижасида қийматнинг ошиши;

в) алмашув бўлмаган операциялар натижасида сотиб олинган активлар ҳисобига қийматнинг кўтарилиши;

г) мазкур Стандартга мувофиқ равишда биологик активларни сотиш ва классификациялаш сабабли қийматнинг пасайиши;

д) активларни беғараз ёки номинал қиймат бўйича берилиши сабабли қийматнинг пасайиши;

е) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш (олиш) билан боғлиқ қийматнинг пасайиши;

ж) фаолиятни бирлаштириш бўйича битимлар натижасида қийматнинг кўтарилиши;

з) молиявий ҳисобот кўрсаткичларини ҳисобот топшириш валютасига қайта ҳисобланиши ва ҳисобот топширилаётган субъектни чет эл бўлинмасининг кўрсаткичларини ҳисобот валютасига қайта ҳисобланишидан келиб чиқадиган соф курс фарқлари;

и) бошқа ўзгаришлар.

36. Активнинг ҳақиқий қиймати сотиш харажатларини чегирган ҳолда биологик жисмоний хусусиятлари ҳамда бозордаги нархларнинг ўзгариши билан боғлиқ равишда ўзгаради.

37. Биотрансформация натижасида бир қатор жисмоний хусусиятлар ўзгариши кузатилади (ўсиш, насл қолдириш, ишлаб чиқариш ва кўпайиш) ҳар бир ўзгариш кузатилиши ва ўлчаниши лозим. Жисмоний хусусиятлар ўзгаришининг ҳар бири келгусидаги иқтисодий фойда ёки самарали фойдаланиш имконияти билан тўғридан-тўғри боғлиқ. Йиғилган (олинган) қишлоқ хўжалиги маҳсулоти натижасида биологик активни ҳақиқий қийматининг ўзгариши жисмоний хусусиятларни ҳам ўзгартиришини ўзида акс эттиради.

38. Қишлоқ хўжалиги фаолияти кўпинча ноқулай об-ҳаво шароитида юзага келадиган хатарлари, касалликнинг оммавий тарқалиши ва бошқа табиат хатарлар билан боғлиқ. Бундай воқеалар содир бўлиш натижасида даромад ёки харажатлар ҳажми кўпайиб ёки камайиб кетиши мумкин, бунда уларнинг хусусияти ва миқдори ташкилотнинг молиявий ҳисоботида кўрсатилиши керак. Бундай воқеаларга мисол бўлиб инфекцион касалликларнинг оммавий тарқалиши, сув тошқини, кучли қурғоқчилик ёки ҳавонинг совуқ келиши, шунингдек ҳашаротларнинг кўпайиб кетиши ҳисобланади.

39. Агар ташкилот биологик активни охирги даврдаги қадрсизланиши натижасида тўпланган амортизация (мавжуд бўлганда) ва зарарни чегирган ҳолда таннарх бўйича ўлчаса, бунда биологик активларга нисбатан қуйидаги маълумотларни кўрсатиши керак:

а) ушбу биологик активларнинг гуруҳи;

б) ҳақиқий қийматни ишончли ўлчаш имконияти йўқлиги сабабларини тушунтириш;

в) имкониятлардан келиб чиқиб, барча эҳтимолликлиги билан ҳақиқий қийматнинг ҳисоб-китоб баҳолари оралиғини;

г) амортизацияни ҳисоблашда фойдаланиладиган усул;

д) амортизацияни ҳисоблашда қўлланиладиган меъёрлар ёки самарали фойдаланиш муддатлари;

е) ҳисобот даврининг боши ва охири ўртасидаги умумий баланс қиймати ва йиғилган амортизация (қадрсизланишдан тўпланган зарар билан бирга) суммаси.

40. Агар ташкилот ҳисобот даври давомида биологик активни қадрсизланишдан йиғилган амортизация ва зарарни чегирган ҳолда баҳоласа, бунда биологик активнинг чиқиб кетганида тан оладиган ҳар қандай фойда ёки зарар суммасини кўрсатиб бериши, мазкур Стандартнинг 35-бандига мос равишда кўриб чиқилганда, шу каби биологик активларга тегишли кўрсаткичларни алоҳида кўрсатиши керак. Бундан ташқари, мазкур кўриб чиқиш таркибига биологик активга тегишли қуйидаги кўрсаткичлар киради:

а) қадрсизланишдан кўрилган зарарлар;

б) қадрсизланишдан кўрилган зарарларнинг тикланган суммаси;

в) амортизация суммаси.

41. Агар жорий ҳисобот даври давомида қадрсизланишдан тўпланган амортизация ва зарарни чегирилган ҳолда олдин таннархни бўйича аниқланадиган биологик активларнинг ҳақиқий қийматини ишончли ўлчаш имконияти юзага келганда, ташкилот мазкур биологик активларга нисбатан қуйидаги ахборотни кўрсатиши керак:

а) ушбу биологик активларнинг таснифи;

б) ҳақиқий қийматни ишончли ўлчаш имконияти борлиги сабабларини тушунтириш;

в) ўтишнинг ҳақиқий қийматга таъсири.

Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти ( 5-сонли БҲС ) «Қишлоқ хўжалиги»га ИЛОВА

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, биологик активлар ва уларни қайта ишлаш натижасида олинадиган (йиғиладиган) маҳсулотларга

Биологик активлар Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Қайта ишлаш натижасида олинадиган маҳсулотлар Қўйлар Жун Ип-калава, гилам Ёғоч-тахта учун экилган ўрмонзордаги дарахтлар Кесилган дарахтлар Ёғоч-тахта материаллари Ғалла экини Буғдой Ун ва ун маҳсулотлари Соғин сигир Сут Пишлоқ Пахта ўсимлиги Терилган пахта Ип-тола, кийим Шакар қамиш Ўрилган шакар қамиш Шакар Узум токлари Узум Вино Гўшт йўналишидаги қорамоллар Гўшт Колбаса маҳсулотлари Мевали дарахтлар Йиғилган мевалар Қайта ишловдан ўтган мевалар

Вазир Д. КУЧКАРОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 13 ноябрь,

143-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.12.2018 й., 10/18/3106/2369-сон; 11.06.2026 й., 10/26/3106-1/0583-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirining

buyrugʻi

MISOLLAR

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (5-sonli BHS) “Qishloq xoʻjaligi”ni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining Budjet kodeksi, Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq va budjet hisobini davlat sektorida moliyaviy hisobotlarning xalqaro standartlari bilan muvofiqlashtirish maqsadida buyuraman:

1. Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (5-sonli BHS) “Qishloq xoʻjaligi” ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq 2019-yil 1-yanvardan kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining 2018-yil 13-noyabrdagi 143-son buyrugʻiga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (5-sonli BHS) “Qishloq xoʻjaligi”

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (5-sonli BHS) “Qishloq xoʻjaligi” (bundan buyon matnda Standart deb yuritiladi) Oʻzbekiston Respublikasining Budjet kodeksi , Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq budjet tashkilotlari, davlat maqsadli jamgʻarmalari va boshqa budjetdan tashqari jamgʻarmalarining (bundan buyon matnda tashkilotlar deb yuritiladi) qishloq xoʻjaligi faoliyati hisobini yuritish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Standartda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

biologik aktiv ― hayvonlar yoki oʻsimliklar;

biologik aktivlarning guruhlari ― oʻxshash xususiyatlarga ega hayvonlar yoki oʻsimliklarning jamlanmasi;

biotransformatsiya ― oʻsish, nasl qoldirish, degradatsiya, ishlab chiqarish va koʻpayish jarayoni natijasida biologik aktivda sodir etiladigan sifat va son oʻzgarishi;

yetilgan biologik aktivlar ― bu qishloq xoʻjaligi mahsulotini yigʻib olish mumkin boʻlgan darajaga yetgan (foydalaniladigan (isteʼmol qilinadigan) biologik aktivlarga nisbatan qoʻllaniladigan) yoki ularni muntazam ravishda yigʻishni (olishni) taʼminlashi mumkin boʻlgan (unumdor biologik aktivlarga qoʻllaniladigan) aktivlar;

qishloq xoʻjaligi mahsulotlari ― biologik aktivlaridan olingan (yigʻilgan) mahsulot;

qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yigʻish ― mahsulotni biologik aktivdan ajratib olish yoki biologik aktivning hayot faoliyatini tugatish;

qishloq xoʻjaligi faoliyati ― tashkilotlar tomonidan yetilgan biologik aktivlar va biotransformatsiyani yoki olingan qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yoki qoʻshimcha ishlab chiqarilgan biologik aktivlarni sotish, begʻaraz asosida yoxud nominal qiymat boʻyicha berish maqsadida boshqarish;

sotish xarajatlari ― moliyalashtirish xarajatlari, soliqlar va yigʻimlardan tashqari, aktivlarning chiqib ketishi bilan bogʻliq boʻlgan toʻgʻridan-toʻgʻri qoʻshimcha xarajatlar. Aktivlarning chiqib ketishi sotish, begʻaraz yoki nominal qiymati boʻyicha oʻtkazish orqali amalga oshiriladi;

unumdor (nasldor) biologik aktivlar ― ushbu biologik aktivlar qishloq xoʻjaligi faoliyatida bir yildan ortiq vaqt davomida uzluksiz va qayta foydalaniladigan aktivlardir. Unumdor (nasldor) biologik aktivlar qishloq xoʻjaligi mahsuloti emas, balki oʻz-oʻzidan qayta tiklanuvchi obyekt hisoblanadi. Unumdor (nasldor) biologik aktivlar hisoblanuvchi hayvon turlariga nasl qoldiruvchi hayvonlar (baliq va qushlar), sut mahsulotlari yoʻnalishi boʻyicha yirik shoxli qoramollar, jun ishlab chiqarish uchun foydalaniladigan qoʻylar va boshqa hayvonlar misol boʻla oladi. Unumdor (nasldor) biologik aktivlar hisoblanuvchi oʻsimlik turlariga meva va rezavorlar, yongʻoq, sharbat, qatronlar, qobiqlar va barglar olish uchun oʻstiriladigan daraxtlar, uzumzorlar va butalar kiradi;

foydalaniladigan (isteʼmol qilinadigan) biologik aktivlar ― qishloq xoʻjaligi mahsulotlari sifatida olinadigan (yigʻiladigan) yoki biologik aktivlar sifatida sotiladigan, begʻaraz yoki nominal qiymat boʻyicha beriladigan aktivlar. Masalan, foydalaniladigan (isteʼmol qilinadigan) biologik aktivlarga bir martalik foydalanish uchun hayvon yoki oʻsimliklar, xususan goʻsht yoʻnalishida yirik shoxli qoramol, sotish uchun moʻljallangan qoramol, baliq yetishtirish xoʻjaliklaridagi baliq, makkajoʻxori va bugʻdoy kabi donli mahsulotlar, shuningdek yogʻoch tayyorlash maqsadida oʻstiriladigan daraxtlar kiritiladi;

hosil beruvchi oʻsimlik — qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish va yetkazib berishda foydalaniladigan, bir necha davrlar davomida hosil berishi kutiladigan hamda oʻzining qishloq xoʻjaligi mahsuloti sifatida sotilishi ehtimoli past boʻlgan (bundan uning qoldiq sifatida realizatsiya qilinishi holatlari mustasno) oʻsimlik.

1 1 . Quyidagilar hosil beruvchi oʻsimlik hisoblanmaydi:

a) qishloq xoʻjaligi mahsuloti sifatida yigʻib olish uchun yetishtiriladigan oʻsimliklar (masalan, yogʻoch olish maqsadida yetishtiriladigan daraxtlar);

b) qishloq xoʻjaligi mahsulotini yetishtirish uchun parvarish qilinadigan va tashkilot tomonidan ushbu oʻsimliklarning oʻzini ham qishloq xoʻjaligi mahsuloti sifatida yigʻib olib realizatsiya qilish ehtimoli kam boʻlmagan (bundan ularning qoldiq sifatida realizatsiya qilinishi holatlari mustasno) oʻsimliklar (masalan, ham mevasi, ham yogʻochi uchun yetishtiriladigan daraxtlar);

d) bir yillik ekinlar (masalan, makkajoʻxori va bugʻdoy).

1 2 . Hosil beruvchi oʻsimliklar hosil olish maqsadida foydalanilmay qoʻyilganda, ular kesilishi (masalan, oʻtin sifatida foydalanish uchun) va qoldiq sifatida realizatsiya qilinishi mumkin.

Qoldiq sifatidagi bunday realizatsiya qilish hosil beruvchi oʻsimlikning ushbu Standartda belgilangan taʼrifiga muvofiqligini oʻzgartirmaydi.

1 3 . Hosil beruvchi oʻsimliklarda oʻsayotgan (yetishtirilayotgan) va hali yigʻib olinmagan qishloq xoʻjaligi mahsulotlari biologik aktiv hisoblanadi.

1 4 . Boshqa budjet hisobi standartlarida taʼriflangan atamalar ushbu Standartda ham xuddi shu maʼnoda qoʻllaniladi.

1 5 . Tashkilot biologik aktivning haqiqiy qiymatini aniqlashda imkon qadar kuzatish mumkin boʻlgan bozor maʼlumotlaridan foydalanishi hamda kuzatish mumkin boʻlmagan maʼlumotlardan foydalanishni minimallashtirishi kerak.

Bunda maʼlumotlar kuzatiladigan yoki kuzatilmaydigan boʻlishi mumkin va ular quyidagi turlarga boʻlinadi:

1-daraja — baholash sanasida faol bozorlarda mavjud boʻlgan bir xil aktivlar yoki majburiyatlar uchun shakllangan narxlarni ifodalovchi maʼlumotlar;

2-daraja — 1-daraja maʼlumotlariga kirmaydigan, biroq aktiv yoki majburiyatga doir bevosita yoki bilvosita kuzatish mumkin boʻlgan bozor narxlariga asoslangan maʼlumotlar;

3-daraja — aktiv yoki majburiyatga doir kuzatish mumkin boʻlmagan maʼlumotlar, shu jumladan tashkilotning ichki baholashiga asoslangan maʼlumotlar.

2. Qishloq xoʻjaligi faoliyati turli sohalarni qamrab oladi, jumladan chorvachilik, oʻrmonchilik, qishloq xoʻjaligining bir yillik yoki koʻp yillik oʻsimliklarini oʻstirish. Ushbu faoliyat bir qator umumiy jihatlar ajratiladi:

a) oʻzgarish qobiliyati. Hayvonlar va oʻsimliklar biotransformatsiya xususiyatiga ega;

b) oʻzgarishlarni boshqarish. Boshqarish zarur boʻlgan qulayliklar yoki ushbu jarayonni amalga oshirish uchun barqaror shart-sharoitlarni yaratish yoʻli bilan biotransformatsiyaga koʻmaklashadi (misol uchun, belgilangan darajada ozuqa moddalarini taʼminlash, namlik, harorat, mahsuldorlik va yorugʻlikni saqlab turish). Bunday boshqarish qishloq xoʻjaligi faoliyatini boshqa faoliyat turlaridan (boshqarib boʻlmaydigan manbalardan olinadigan mahsulotlar, jumladan tabiiy koʻllar va daryolardan baliq tutish yoki oʻrmonlarni kesish) farqlanadi;

v) oʻzgarishlarni oʻlchash. Biotransformatsiya natijasida yuzaga keladigan sifat (misol uchun, genetik xususiyatlari, zichligi, yetilganligi, yogʻ qatlami, oqsilning mavjudligi, tolaning mustahkamligi) va miqdor oʻzgarishlarini (misol uchun, nasli, ogʻirligi, kub metri, tolaning uzunligi yoki diametri, gʻunchalar soni) oʻlchash va nazorat qilish boshqaruvning funksiyalaridan biri hisoblanadi.

3. Biotransformatsiya quyidagi natijalarga olib keladi:

a) aktivlarning oʻsishiga (hayvonlar yoki oʻsimliklar miqdorining oʻsishi yoxud ularning sifat xususiyatlari yaxshilanishi);

b) aktivlarning kamayishiga (hayvon yoki oʻsimliklar miqdorining kamayishi yoxud ularning sifat xususiyatlari yomonlashishi) yoki koʻpayishiga (qoʻshimcha jonli hayvon yoki oʻsimliklarning paydo boʻlishi);

v) qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini ishlab chiqilishiga (masalan, choy bargi, jun, sut va boshqalar).

4. Hisoblash metodi orqali moliyaviy hisobotni tuzuvchi va taqdim qiluvchi tashkilotlar oʻzining qishloq xoʻjaligi faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan holatlarda mazkur Standartni qoʻllashi va quyidagilarning hisobini yuritishi kerak:

a) biologik aktivlar, hosil beruvchi oʻsimliklar bundan mustasno;

b) yigʻish paytidagi qishloq xoʻjaligi mahsulotlari.

5. Mazkur Standart quyidagilarga qoʻllanilmaydi:

a) qishloq xoʻjaligi uchun moʻljallangan yerlarga;

b) qishloq xoʻjaligi faoliyatiga tegishli hosil beruvchi oʻsimliklarga (bunda, ushbu Standart hosil beruvchi oʻsimliklardagi hosilga nisbatan qoʻllaniladi);

d) qishloq xoʻjaligi faoliyati bilan bogʻliq nomoddiy aktivlarga;

e) xizmatlar koʻrsatish yoki ishlarni bajarish uchun moʻljallangan biologik aktivlarga;

f) qishloq xoʻjaligi faoliyatiga tegishli yerni ijaraga olish natijasida yuzaga kelgan foydalanish huquqi aktivlariga.

6. Biologik aktivlardan tadqiqotlar oʻtkazish, taʼlim, transportirovka, koʻngilochish, bojxona nazoratini oʻtkazish maqsadida foydalanilgan hollarda mazkur Standart talablari boʻyicha hisobga olinmaydi.

7. Qishloq xoʻjaligi mahsulotlari hisobini yuritishda ularni olish (yigʻish) vaqtidagina mazkur Standartdan foydalaniladi. Uning keyingi hisobini yuritishda boshqa tegishli standartlar qoʻllaniladi.

Qishloq xoʻjaligi mahsulotini olishdan (yigʻishdan) keyingi qayta ishlab chiqish ishlarida (misol uchun, uzumni vinoga qayta ishlash) mazkur Standart qoʻllanilmaydi. Qayta ishlab chiqish qishloq xoʻjaligi faoliyatining mantiqiy va tabiiy davomi, shuningdek boʻlib oʻtayotgan jarayonlar va biotransformatsiya oʻrtasida ayrim oʻxshashlik boʻlsa-da, mazkur jarayon mazkur Standartdagi qishloq xoʻjaligi faoliyati tushunchasiga kirmaydi.

8. Biologik aktivlar, qishloq xoʻjaligi mahsulotlari va ularni qayta ishlab chiqish natijasida olinadigan (yigʻiladigan) mahsulotlarga misollar mazkur Standartning ilovasida keltirilgan.

2-bob. Hisobga olish va baholash

9. Tashkilot biologik aktiv yoki qishloq xoʻjaligi mahsulotini faqat quyidagi hollarda hisobga oladi:

a) mahsulot yetishtirilgunga (yigʻilgunga) qadar davrda aktivni nazorat qilsa;

b) aktiv bilan bogʻliq kelajakda iqtisodiy daromad kelishi yoki xizmat koʻrsatish imkoniyatini ehtimolligi yuqori boʻlsa;

v) aktivning haqiqiy qiymati yoki tannarxini oʻlchash maʼlumotlari ishonchli boʻlsa.

10. Biologik aktivning haqiqiy qiymati uning joylashgan joyi va hozirgi vaqtdagi holatidan kelib chiqib aniqlanadi. Misol uchun, xoʻjalikdagi begʻaraz yoki nominal qiymatda berish uchun moʻljallangan qoramolni joyga yetkazib berishning transport va boshqa xarajatlarini hisoblamaganda, uning haqiqiy qiymati tegishli bozordagi narxi hisoblanadi.

11. Qishloq xoʻjaligi faoliyatida yirik shoxli qoramolga egalik qilish huquqi sifatida uning sotib olinishi, tugʻilishi yoki ajratilishi vaqtida tamgʻalash yoki boshqa usulda belgi qoʻyiladi. Kelajakdagi iqtisodiy foyda va xizmat koʻrsatish potensiali uning oʻziga xos koʻrsatkichlaridan kelib chiqib baholanadi.

12. Dastlabki hisobga olish va undan keyingi har bir hisobot davriga biologik aktiv oʻzining haqiqiy qiymati boʻyicha sotish xarajatlarini hisobga olmagan holda belgilanishi kerak, mazkur Standartning 27-bandida koʻrsatilgan holatlar bundan mustasno.

13. Tashkilotlar biologik aktivlarni almashuv boʻlmagan operatsiyalar orqali qabul qilsa, biologik aktivni dastlabki hisobga olish va undan keyingi har bir hisobot davrida baholash mazkur Standartning 12-bandiga muvofiq amalga oshiriladi.

14. Qishloq xoʻjaligi mahsulotlari ushbu mahsulotlar olingan vaqtda aniqlanadigan sotish xarajatlarini chegirgan holda haqiqiy qiymati boʻyicha baholanishi kerak. Ushbu baholanish natijasida olingan qiymat boshqa tegishli standart qoʻllanib boshlanadigan kunga mahsulotning qiymati boʻlib hisoblanadi.

15. Biologik aktiv yoki qishloq xoʻjaligi mahsulotining haqiqiy qiymatini aniqlash jarayonini osonlashtirish maqsadida ularning asosiy xususiyatlari mos ravishda guruhlashtirilishi mumkin (misol uchun, yoshi yoki sifati boʻyicha). Tashkilot aktivning narxini belgilashda asos sifatida bozorga mos ravishda foydalanilayotgan xususiyatlardan kelib chiqadi.

16. Tashkilotlar koʻp hollarda oʻzlarining biologik aktivlari yoki qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini kelajakdagi qaysidir vaqtda sotish boʻyicha shartnoma tuzadilar. Bunday shartnomalarda kelishilgan narxlar haqiqiy qiymatni aniqlashda asos boʻlishi shart emas, chunki haqiqiy qiymat sotuvchi va sotib oluvchi ishtirok etayotgan bozordagi narxlarning joriy konyukturasini koʻrsatadi. Shunga koʻra, shartnomaning mavjudligi biologik aktivlar yoki qishloq xoʻjaligi mahsulotlarining haqiqiy qiymatini oʻzgartirilishiga olib kelmaydi.

Almashuv operatsiyasida biologik aktiv yoki qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotish boʻyicha shartnoma ayrim hollarda zarar keltiruvchi shartnoma sifatida eʼtirof etilishi mumkin. Bunday shartnomalarga nisbatan Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti ( 16-sonli BHS ) “Baholangan majburiyatlar, shartli majburiyatlar va shartli aktivlar” (roʻyxat raqami 3562, 2024-yil 22-oktabr) talablari qoʻllaniladi.

17. Agar biologik aktivlar yoki qishloq xoʻjaligi mahsulotlari uchun ularning joylashgan joyi va holatiga bogʻliq holda faol bozor mavjud boʻlsa, bunda ushbu bozorda belgilangan narx mazkur aktivning haqiqiy qiymatini aniqlash uchun mos keluvchi asos hisoblanadi. Agar tashkilot bir qancha faol bozorlarga kirish imkoniyati boʻlsa, tashkilotga toʻgʻri keluvchi eng maqbul boʻlgan narx ishlatiladi (misol uchun, agar tashkilotda ikkita faol bozorga kirish imkoniyati boʻlsa, bunda u oʻzi bitim tuzishni istagan bozordagi narxdan foydalanadi).

18. Faol bozor mavjud boʻlmagan holatlarda, tashkilotlar bozor qiymatni aniqlash uchun bir yoki bir qancha quyidagi koʻrsatkichlardan foydalanadi:

a) agar oxirgi bitim amalga oshirilgan sana va hisobot sanasi oʻrtasidagi davrda xoʻjalik shartlariga muhim oʻzgartirishlar kiritilmagan boʻlsa savdo bitimning oxirgi narxlar;

b) oʻxshash aktivlar uchun bozor bahosi farqlarini hisobga olish bilan aniqlash;

v) mos keluvchi soha koʻrsatkichlari, misol uchun bir eksport lot bogʻdorchilik koʻchatlari hisobi gektar va yirik shoxli qoramol hisobi kilogramm goʻsht.

19. Qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yoki biologik aktivlarning haqiqiy qiymatini mazkur Standartning 18-bandi asosida aniqlashda har xil xulosalarga olib kelsa, tashkilot ushbu farqlar sabablarini biologik aktivning haqiqiy qiymatini ishonchliroq baholash uchun koʻrib chiqishi kerak.

20. Tashkilot aktivlarini oʻz hisob-kitobida moliyalashtirish, soliqqa tortish yoki qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini olgandan (yigʻgandan) keyin biologik aktivlarni tiklash bilan bogʻliq boʻlgan (misol uchun, qishloq xoʻjalik mahsulotlari yigʻib olinganidan keyingi ekin maydonlarini tiklashga ketadigan xarajatlar) pul oqimini aks ettirmaydi.

21. Biologik aktivlar tannarxi baʼzida haqiqiy qiymatga deyarli teng boʻlishi mumkin, xususan:

a) boshlangʻich xarajatlari amalga oshirilgan vaqtdan sezilarli biotransformatsiya sodir boʻlmaganda (misol uchun, mevali daraxtlar hisobot davridan oldin koʻchatlari ekilgan);

b) biotransformatsiyaning narxga taʼsiri sezilarli darajada boʻlishi kutilmaganda (misol uchun, ishlab chiqarish davri 30 yilni tashkil etuvchi ekilgan qaragʻaylarni boshlangʻich oʻsish davri).

22. Biologik aktivlar koʻpincha yer bilan bevosita bogʻliq boʻladi (misol uchun, oʻrmondagi daraxtlar).

Tashkilot biologik aktivlarning haqiqiy qiymatini aniqlash uchun bir-biriga bogʻliq boʻlgan aktivlarga tegishli axborotdan foydalanadi. Bunda, biologik aktivlarning haqiqiy qiymatini aniqlash uchun bir-biriga bogʻliq boʻlgan aktivlarning haqiqiy qiymatidan ishlov berilmagan yerlarining haqiqiy qiymatini va uni yaxshilashga qaratilgan kapital xarajatlarini chegirish orqali aniqlanadi.

3-bob. Foyda va zarar

23. Biologik aktivning sotish xarajatlaridan tashqari uni haqiqiy qiymati boʻyicha dastlabki hisobga olishda, shuningdek sotish xarajatlarini chegirgan holda biologik aktivni haqiqiy qiymatining oʻzgarishi natijasida yuzaga keladigan foyda yoki zarar u hosil boʻlgan davrdagi tashkilotning foyda yoki zarar tarkibiga kiritilishi kerak.

24. Biologik aktiv dastlabki hisobga olinganda foyda yoki zarar yuzaga kelishi mumkin. Masalan, biologik aktivning haqiqiy qiymatini sotish xarajatlarini chegirgan holda aniqlash natijasida zarar yuzaga kelishi mumkin. Shuningdek, biologik aktivning paydo boʻlishi natijasida foyda ham yuzaga kelishi mumkin (masalan, buzoq tugʻilganda).

25. Qishloq xoʻjalik mahsulotlarini sotish xarajatlaridan tashqari uni haqiqiy qiymati boʻyicha dastlabki hisobga olinishidagi foyda yoki zararining yuzaga kelish holatlari u hosil boʻlgan davrdagi tashkilotlarning foyda yoki zarar tarkibiga kiritilishi kerak.

26. Qishloq xoʻjalik mahsulotining dastlabki hisobga olinishida ushbu mahsulot olinishi (yigʻib olinishi) natijasida foyda yoki zarar yuzaga keladi.

4-bob. Haqiqiy qiymatning ishonchli baholana olinmasligi

27. Biologik aktivning haqiqiy qiymatini ishonchli aniqlash mumkin, deb hisoblanadi. Mazkur faraz faqat biologik aktiv dastlab hisobga olinayotganda, unga nisbatan bozorda eʼlon qilingan narxlar mavjud boʻlmagan va haqiqiy qiymatni aniqlashning muqobil usullari ishonchli natija bermaydi deb topilgan hollarda rad etilishi mumkin. Bunday hollarda biologik aktiv uning dastlabki qiymati boʻyicha jamgʻarilgan amortizatsiya va jamgʻarilgan qadrsizlanish zararlari chegirilgan holda baholanadi.

Agar keyinchalik ushbu biologik aktivning haqiqiy qiymatini ishonchli tarzda aniqlash imkoniyati yuzaga kelsa, tashkilot uni sotish xarajatlari chegirilgan holdagi haqiqiy qiymat boʻyicha baholaydi. Agar uzoq muddatli biologik aktiv sotish uchun moʻljallangan aktiv sifatida tasniflansa (yoki sotish uchun moʻljallangan guruh tarkibiga kiritilsa), uning haqiqiy qiymatini ishonchli tarzda aniqlash mumkin, deb hisoblanadi.

28. Agar tashkilot avval sotish xarajatlarini chegirgan holda haqiqiy qiymati boʻyicha qandaydir biologik aktivni baholagan boʻlsa, sotish xarajatlarini chegirgan holda haqiqiy qiymati boʻyicha mazkur biologik aktivni hisobdan chiqarilgunga qadar baholashni davom ettiradi, mazkur Standartning 27-bandida nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno.

29. Barcha holatlarda tashkilotlar qishloq xoʻjalik mahsulotlarini olingan (yigʻilgan) vaqtda sotish xarajatlarini chegirgan holda haqiqiy qiymati boʻyicha baholaydi.

Mazkur Standart qishloq xoʻjaligi mahsulotlarining ularni yigʻish paytidagi haqiqiy qiymatini ishonchli aniqlash mumkin degan farazga asoslanadi.

29 1 . Biologik aktivning xarid qiymati, jamgʻarilgan amortizatsiyasi va jamgʻarilgan qadrsizlanish zararlarini aniqlashda, shuningdek qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini hisobga olishda tashkilotlar Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti ( 7-sonli BHS ) “Tovar-moddiy zaxiralar” (roʻyxat raqami 3120, 2019-yil 14-yanvar) va Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti ( 8-sonli BHS ) “Koʻchmas mulk, bino va jihozlar” (roʻyxat raqami 3144, 2019-yil 20-mart) talablarini hisobga oladi.

5-bob. Axborotni ochib berish

30. Tashkilotlar biologik aktivlar va qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini dastlabki hisobga olish, shuningdek biologik aktivlarning sotish xarajatlaridan tashqari haqiqiy qiymatining oʻzgarishi natijasida yuzaga keladigan foyda yoki zararning umumiy qiymatini ochib berishi kerak.

31. Tashkilot isteʼmol qilinadigan biologik aktivlar bilan hosil beruvchi (unumdor) biologik aktivlar, shuningdek sotish uchun moʻljallangan biologik aktivlar bilan begʻaraz yoki nominal qiymat asosida berishga moʻljallangan biologik aktivlar oʻrtasidagi farqlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni ochib berishi kerak.

Axborotni berishda tashkilotlar biologik aktivlarni yetilgan va yetilmagan biologik aktivlarga ajratadi.

32. Tashkilot, agar u taqdim etilgan moliyaviy hisobot bilan birga ochib berilmagan boʻlsa, quyidagi maʼlumotlarni ochib berishi kerak:

a) biologik aktivlarning har bir guruhlari bilan bogʻliq boʻlgan oʻzining faoliyatining xususiyati boʻyicha;

b) natural koʻrinishda ifodalangan nomoliyaviy aktivlar parametrlari yoki hisob-kitob koʻrsatkichlari:

hisobot davri yakuniga tashkilotlar biologik aktivlarining har bir guruhlari boʻyicha;

hisobot davrida ishlab chiqarilgan qishloq xoʻjaligi mahsuloti hajmi boʻyicha.

32 1 . Tashkilot moliyaviy hisobotdan foydalanuvchilarga quyidagi holatlarni baholash imkonini beradigan maʼlumotlarni yoritib berishi kerak:

a) dastlabki hisobga olishdan keyin moliyaviy hisobotda haqiqiy qiymat boʻyicha baholanadigan biologik aktivlarning haqiqiy qiymatini aniqlashda qoʻllanilgan baholash usullari va kiritilgan maʼlumotlari;

b) dastlabki hisobga olishdan keyin moliyaviy hisobotda 3-daraja maʼlumotlaridan foydalangan holda amalga oshirilgan haqiqiy qiymat baholashlarining hisobot davridagi moliyaviy natijaga yoki sof aktivlar (kapital) qiymatiga taʼsiri.

32 2 . Tashkilot mazkur standartning 32 1 ‑bandidagi maqsadlarga erishish uchun quyidagilarni hisobga olishi kerak:

a) maʼlumotlarni yoritib berish talablarini taʼminlash uchun zarur boʻlgan tafsilotlar aniqligi (masalan, qoramol — sut beradigan sigir, buqa, yosh buzoq);

b) turli talablarning har birining ahamiyati (ustuvorligi);

d) qay darajada umumlashtirish yoki alohida elementlarga ajratish kerakligi;

e) moliyaviy hisobotlardan foydalanuvchilarning yoritib berilgan miqdoriy maʼlumotlarni baholash uchun qoʻshimcha maʼlumotga ehtiyoji bor yoki yoʻqligi.

Agar ushbu Standart va boshqa budjet hisobi standartlariga muvofiq yoritib berilgan maʼlumotlar ushbu Standartning 32 1 ‑bandidagi maqsadlarga erishish uchun yetarli boʻlmasa, tashkilotlar mazkur maqsadlarga erishish uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha maʼlumotlarni (masalan, baholash boʻyicha qoʻshimcha tushuntirishlar yoki biologik aktivlar tasnifi boʻyicha izoh kabi maʼlumotlar) yoritib beradi.

32 3 . Tashkilot mazkur Standartning 32 1 ‑bandida belgilangan maqsadlarga erishish uchun, dastlabki hisobga olishdan keyin moliyaviy hisobotda haqiqiy qiymat boʻyicha baholanadigan har bir biologik aktivning toifasi boʻyicha (biologik aktivlarning toifalari ushbu Standartning 32 4 -bandiga muvofiq aniqlanadi) kamida quyidagi maʼlumotlarni ochib berishi kerak:

a) hisobot davri yakunidagi haqiqiy qiymat oʻlchovlari;

b) haqiqiy qiymat oʻlchovlari qaysi maʼlumotlar darajasiga kiritilganligi (1, 2 yoki 3-daraja);

d) kuzatish mumkin boʻlmagan maʼlumotlardan foydalangan holda aniqlangan haqiqiy qiymat oʻlchovlari uchun qoʻllanilgan baholash usullari va foydalanilgan maʼlumotlar tavsifi. Agar baholash usuli oʻzgargan boʻlsa (masalan, bozor yondashuvidan daromad yondashuviga oʻtish yoki qoʻshimcha baholash usulini qoʻllash), tashkilot ushbu oʻzgarish va uning sabablarini ochib berishi kerak.

Tashkilot 3-darajaga kiritilgan haqiqiy qiymatni baholashda foydalanilgan kuzatish mumkin boʻlmagan muhim maʼlumotlar boʻyicha miqdoriy maʼlumotlarni ochib berishi kerak. Agar bunday miqdoriy maʼlumotlar shakllantirilmagan boʻlsa, ularni yaratish talab etilmaydi. Biroq tashkilot uchun olish imkoniyati mavjud va haqiqiy qiymatni aniqlash uchun muhim boʻlgan miqdoriy maʼlumotlar inkor etilmasligi kerak;

e) tashkilot 3-daraja maʼlumotlariga asosan kiritilgan haqiqiy qiymat oʻlchovlari boʻyicha davr boshidan davr oxirigacha boʻlgan oʻzgarishlarni quyidagicha ochib berishi kerak:

hisobot davrida tan olingan jami natija va uning foyda yoki zarar hisobotida aks etgan elementlari;

jami aktivlar (kapital)da tan olingan umumiy foyda yoki zarar va uni tan olingan elementlari;

xaridlar, sotuvlar, hisobdan chiqarishlar va hisob-kitoblar (ushbu turdagi har bir oʻzgarish alohida ochib beriladi);

f) 3-daraja maʼlumotlariga asosan kiritilgan haqiqiy qiymat oʻlchovlari boʻyicha hisobot davri oxirida ushlab turilgan biologik aktivlarga taalluqli amalga oshirilmagan foyda yoki zararlardagi oʻzgarishlar hissasi hamda mazkur hisobga olingan foyda yoki zarar elementlari;

g) 3-daraja maʼlumotlariga asosan kiritilgan haqiqiy qiymat oʻlchovlari uchun qoʻllanilgan baholash jarayonlari tavsifi (jumladan, baholash siyosati va tartiblari qanday belgilanishi hamda haqiqiy qiymat oʻzgarishlarining davrlar orasida tahlil qilinishi);

h) 3-daraja maʼlumotlariga asosan kiritilgan haqiqiy qiymat oʻlchovlari uchun oʻzgarishlarga nisbatan taʼsirchanlik boʻyicha tavsif. Agar bunday maʼlumotlar oʻrtasida oʻzaro bogʻliqlik mavjud boʻlsa, tashkilot ularning taʼsirini kuchaytirishi yoki kamaytirishi mumkinligini ham tavsiflashi kerak.

32 4 . Tashkilotlar biologik aktivlarni toifalarga ajratishni quyidagilar asosida belgilaydi:

a) biologik aktivlarning tabiati, xususiyatlari va xavf-xatarlari;

b) haqiqiy qiymat oʻlchovi qaysi daraja maʼlumotlariga asosan aniqlanganligi.

Bunda, 3-daraja maʼlumotlariga asosan kiritilgan haqiqiy qiymat oʻlchovlari uchun maʼlumotlar darajasi yuqoriroq boʻlishi talab etilishi mumkin, chunki bunday oʻlchovlar yuqori darajadagi noaniqlik va subyektivlik bilan tavsiflanadi.

Haqiqiy qiymat oʻlchovlari boʻyicha maʼlumotlarni taqdim etish uchun biologik aktivlarni qanday darajada toifalarga ajratishni belgilash professional mulohazani talab etadi. Biologik aktivlar odatda moliyaviy hisobotda keltirilgan moddalarga nisbatan kengroq darajada toifalarga ajratishni talab qiladi. Biroq, tashkilot moliyaviy hisobotda keltirilgan moddalar bilan muvofiqlashtirish imkonini beruvchi yetarli maʼlumotlarni taqdim etishi shart.

Agar boshqa budjet hisobi standarti biologik aktivlarni toifalarga ajratish tartibini belgilagan boʻlsa, tashkilot mazkur Standartda talab etilgan maʼlumotlarni taqdim etishda ushbu tartiblardan foydalanishi mumkin (agar u mazkur band talablariga javob bersa).

32 5 . Moliyaviy hisobotda haqiqiy qiymat boʻyicha baholanmaydigan, ammo haqiqiy qiymati ochiqlab koʻrsatiladigan har bir biologik aktivlar toifasi uchun tashkilot ushbu Standartning 32 3 -bandi “ b ”, “ d ” va “h” kichik bandlarida nazarda tutilgan maʼlumotlarni ochiqlab koʻrsatishi kerak, bundan mazkur bandning ikkinchi xatboshisidagi holatlar mustasno.

Tashkilotdan 3-daraja maʼlumotlariga asosan kiritilgan haqiqiy qiymat oʻlchovlari boʻyicha ushbu Standartning 32 3 -bandi “d” kichik bandida nazarda tutilgan muhim kuzatish mumkin boʻlmagan maʼlumotlarga oid miqdoriy ochiqlashlarni taqdim etish talab etilmaydi.

Tashkilot bunday biologik aktivlar uchun ushbu Standartda nazarda tutilgan boshqa ochiqlashlarni taqdim etishi shart emas.

32 6 . Tashkilot ushbu Standartda nazarda tutilgan miqdoriy ochiqlashlarni jadval shaklida taqdim qilishi kerak, agar boshqa maqbul shakl mavjud boʻlmasa.

33. Tashkilotlar qishloq xoʻjaligi mahsulotlari har bir guruhining olish (yigʻish) vaqtida va biologik aktivlari har bir guruhining haqiqiy qiymatini aniqlashda foydalaniladigan usul hamda asosiy yoʻnalishlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni ochib berishi kerak.

Hisobot davrida olingan (yigʻilgan) qishloq xoʻjaligi mahsulotiga nisbatan tashkilot shu mahsulotning olish (yigʻish) vaqtida aniqlanadigan sotish xarajatlarini chegirgan holda haqiqiy qiymatini koʻrsatishi kerak.

34. Tashkilot:

a) qoʻllash boʻyicha maʼlum cheklovlari bor boʻlgan biologik aktivlarning mavjudligi va balans qiymatini, shuningdek majburiyatlarni bajarish uchun garov sifatida berilgan biologik aktivlarning qiymatini;

b) subyekt tomonidan biologik aktivlardan foydalanish yoki ularni sotish ehtimolligi mavjud boʻlganda shu aktivlarga qoʻyiladigan cheklovlar darajasi va xususiyatini;

v) biologik aktivlarni takomillashtirish yoki sotib olish boʻyicha oʻz boʻyniga olgan majburiyatlarning miqdori;

g) qishloq xoʻjaligi faoliyati bilan bogʻliq moliyaviy xatar boshqarish strategiyasini ochib berishi kerak.

35. Tashkilot joriy hisobot davrining boshi va oxiri oʻrtasida boʻlgan biologik aktivlarning balans qiymatining oʻzgarishlarni qiyoslashi kerak. Ushbu qiyoslash quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

a) hosil beruvchi (unumdor) biologik aktivlar va isteʼmol qilinuvchi biologik aktivlar boʻyicha alohida ochiladigan sotish xarajatlarini chegirgan holda haqiqiy qiymatining oʻzgarishlaridan olingan foyda va zarar;

b) biologik aktivlarni sotib olish natijasida qiymatning oshishi;

v) almashuv boʻlmagan operatsiyalar natijasida sotib olingan aktivlar hisobiga qiymatning koʻtarilishi;

g) mazkur Standartga muvofiq ravishda biologik aktivlarni sotish va klassifikatsiyalash sababli qiymatning pasayishi;

d) aktivlarni begʻaraz yoki nominal qiymat boʻyicha berilishi sababli qiymatning pasayishi;

e) qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yigʻish (olish) bilan bogʻliq qiymatning pasayishi;

j) faoliyatni birlashtirish boʻyicha bitimlar natijasida qiymatning koʻtarilishi;

z) moliyaviy hisobot koʻrsatkichlarini hisobot topshirish valyutasiga qayta hisoblanishi va hisobot topshirilayotgan subyektni chet el boʻlinmasining koʻrsatkichlarini hisobot valyutasiga qayta hisoblanishidan kelib chiqadigan sof kurs farqlari;

i) boshqa oʻzgarishlar.

36. Aktivning haqiqiy qiymati sotish xarajatlarini chegirgan holda biologik jismoniy xususiyatlari hamda bozordagi narxlarning oʻzgarishi bilan bogʻliq ravishda oʻzgaradi.

37. Biotransformatsiya natijasida bir qator jismoniy xususiyatlar oʻzgarishi kuzatiladi (oʻsish, nasl qoldirish, ishlab chiqarish va koʻpayish) har bir oʻzgarish kuzatilishi va oʻlchanishi lozim. Jismoniy xususiyatlar oʻzgarishining har biri kelgusidagi iqtisodiy foyda yoki samarali foydalanish imkoniyati bilan toʻgʻridan-toʻgʻri bogʻliq. Yigʻilgan (olingan) qishloq xoʻjaligi mahsuloti natijasida biologik aktivni haqiqiy qiymatining oʻzgarishi jismoniy xususiyatlarni ham oʻzgartirishini oʻzida aks ettiradi.

38. Qishloq xoʻjaligi faoliyati koʻpincha noqulay ob-havo sharoitida yuzaga keladigan xatarlari, kasallikning ommaviy tarqalishi va boshqa tabiat xatarlar bilan bogʻliq. Bunday voqealar sodir boʻlish natijasida daromad yoki xarajatlar hajmi koʻpayib yoki kamayib ketishi mumkin, bunda ularning xususiyati va miqdori tashkilotning moliyaviy hisobotida koʻrsatilishi kerak. Bunday voqealarga misol boʻlib infeksion kasalliklarning ommaviy tarqalishi, suv toshqini, kuchli qurgʻoqchilik yoki havoning sovuq kelishi, shuningdek hasharotlarning koʻpayib ketishi hisoblanadi.

39. Agar tashkilot biologik aktivni oxirgi davrdagi qadrsizlanishi natijasida toʻplangan amortizatsiya (mavjud boʻlganda) va zararni chegirgan holda tannarx boʻyicha oʻlchasa, bunda biologik aktivlarga nisbatan quyidagi maʼlumotlarni koʻrsatishi kerak:

a) ushbu biologik aktivlarning guruhi;

b) haqiqiy qiymatni ishonchli oʻlchash imkoniyati yoʻqligi sabablarini tushuntirish;

v) imkoniyatlardan kelib chiqib, barcha ehtimollikligi bilan haqiqiy qiymatning hisob-kitob baholari oraligʻini;

g) amortizatsiyani hisoblashda foydalaniladigan usul;

d) amortizatsiyani hisoblashda qoʻllaniladigan meʼyorlar yoki samarali foydalanish muddatlari;

e) hisobot davrining boshi va oxiri oʻrtasidagi umumiy balans qiymati va yigʻilgan amortizatsiya (qadrsizlanishdan toʻplangan zarar bilan birga) summasi.

40. Agar tashkilot hisobot davri davomida biologik aktivni qadrsizlanishdan yigʻilgan amortizatsiya va zararni chegirgan holda baholasa, bunda biologik aktivning chiqib ketganida tan oladigan har qanday foyda yoki zarar summasini koʻrsatib berishi, mazkur Standartning 35-bandiga mos ravishda koʻrib chiqilganda, shu kabi biologik aktivlarga tegishli koʻrsatkichlarni alohida koʻrsatishi kerak. Bundan tashqari, mazkur koʻrib chiqish tarkibiga biologik aktivga tegishli quyidagi koʻrsatkichlar kiradi:

a) qadrsizlanishdan koʻrilgan zararlar;

b) qadrsizlanishdan koʻrilgan zararlarning tiklangan summasi;

v) amortizatsiya summasi.

41. Agar joriy hisobot davri davomida qadrsizlanishdan toʻplangan amortizatsiya va zararni chegirilgan holda oldin tannarxni boʻyicha aniqlanadigan biologik aktivlarning haqiqiy qiymatini ishonchli oʻlchash imkoniyati yuzaga kelganda, tashkilot mazkur biologik aktivlarga nisbatan quyidagi axborotni koʻrsatishi kerak:

a) ushbu biologik aktivlarning tasnifi;

b) haqiqiy qiymatni ishonchli oʻlchash imkoniyati borligi sabablarini tushuntirish;

v) oʻtishning haqiqiy qiymatga taʼsiri.

Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti ( 5-sonli BHS ) “Qishloq xoʻjaligi”ga ILOVA

Qishloq xoʻjaligi mahsulotlari, biologik aktivlar va ularni qayta ishlash natijasida olinadigan (yigʻiladigan) mahsulotlarga

Biologik aktivlar Qishloq xoʻjaligi mahsulotlari Qayta ishlash natijasida olinadigan mahsulotlar Qoʻylar Jun Ip-kalava, gilam Yogʻoch-taxta uchun ekilgan oʻrmonzordagi daraxtlar Kesilgan daraxtlar Yogʻoch-taxta materiallari Gʻalla ekini Bugʻdoy Un va un mahsulotlari Sogʻin sigir Sut Pishloq Paxta oʻsimligi Terilgan paxta Ip-tola, kiyim Shakar qamish Oʻrilgan shakar qamish Shakar Uzum toklari Uzum Vino Goʻsht yoʻnalishidagi qoramollar Goʻsht Kolbasa mahsulotlari Mevali daraxtlar Yigʻilgan mevalar Qayta ishlovdan oʻtgan mevalar

Vazir D. KUCHKAROV

Toshkent sh.,

2018-yil 13-noyabr,

143-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 25.12.2018-y., 10/18/3106/2369-son; 11.06.2026-y., 10/26/3106-1/0583-son)

lex.uz