UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 9-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 9 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 января 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 January 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари меҳнатини рағбатлантиришнинг самарали тизимини жорий этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 3 октябрдаги ПҚ-3956-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари ходимлари меҳнатига қўшимча ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Т. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 12-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом қуйидаги ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартибини белгилайди:

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат экология қўмитаси деб аталади) марказий аппарати, унинг ташкилий тузилмасига кирадиган, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган ҳудудий бўлинмалари ва ташкилотларининг (кейинги ўринларда бюджет ташкилотлари деб аталади) ходимлари;

Давлат экология қўмитаси тизимига кирадиган хўжалик ҳисобидаги давлат унитар корхоналари ва давлат муассасалари (кейинги ўринларда бюджет ташкилоти бўлмаган ташкилотлар деб аталади) ходимлари.

2. Бюджет ташкилотлари ва бюджет ташкилоти бўлмаган ташкилотлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек, қўшимча меҳнат кафолатлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига, ушбу Низомга, бошқа қонун ҳужжатларига, жамоа шартномасига, шунингдек, бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

лавозим маошлари (тариф ставкалари);

лавозим маошларига қўшимчалар ва устамалар;

меҳнатнинг якуний натижаларига кўра белгиланадиган мукофотлар.

3. Бюджет ташкилоти бўлмаган ташкилотлар ходимларининг лавозим маошларига қўшимчалар ва устамалар, шунингдек, мукофотлар мазкур ташкилотларнинг раҳбарлари томонидан молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда белгиланган тартибда белгиланади.

2-боб. Лавозим маошларини (тариф ставкаларини) белгилаш тартиби

4. Бошқарув ходимларининг, хизмат кўрсатувчи ва техник ходимларнинг лавозим маошлари, шунингдек, ишчиларнинг тариф ставкалари қонун ҳужжатларига мувофиқ Меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткаси асосида белгиланади.

Ходимнинг лавозим маоши белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини ягона тариф сеткасининг тегишли разряди тариф коэффициентига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Соатбай тариф сеткаси миқдори ходимнинг лавозим маошини (тариф ставкасини) беш кунлик иш ҳафтаси асосида, иш вақти нормал давом этган тақдирда иш соатларининг ўртача ойлик миқдорига бўлиш йўли билан аниқланади.

5. Штат жадвалини шакллантиришда иш касблари (мутахассисликлар) бўйича малака разрядлари Вазирлар Маҳкамасининг «Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 4 октябрдаги 795-сон қарорига мувофиқ талаб этиладиган малакадан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

6. Ходимларнинг лавозим маошлари қуйидаги ҳолатларда ўзгартирилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори оширилганда;

ходим ушбу ташкилотда бошқа лавозимга ўтганда ёки ходимга юқори малака разряди берилганда.

3-боб. Қўшимчалар ва устамалар

7. Бюджет ташкилотлари ходимларига меҳнат тўғрисидаги қонунларга мувофиқ экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида узоқ муддат ишлаганлик учун лавозим маошига фоиз миқдорида ҳар чоракда қуйидаги миқдорларда устамалар тўланади (тўлаш шартлари ва тартиби норматив ҳужжатлар билан белгиланади):

Иш стажи Устамалар миқдорлари (лавозим маошига нисбатан фоиз ҳисобида) 3 йилдан 5 йилгача 30 5 йилдан 10 йилгача 40 10 йилдан 15 йилгача 60 15 йилдан ортиқ 80

8. Бюджет ташкилоти бўлмаган ташкилотлар ходимларига ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан лавозим маошига қуйидаги қўшимчалар ва устамалар белгиланиши мумкин:

касбларни (лавозимларни) қўшиб бажарганлик ва хизмат кўрсатиш ҳудудини кенгайтирганлик учун — амалда бажарилган ишлар учун;

дам олиш ва байрам кунларида ишлаганлик учун — соатбай тариф ставкасидан келиб чиққан ҳолда икки баравар миқдорда;

узоқ муддат ишлаганлик учун лавозим маошига фоизлар ҳисобида — ҳар чоракда ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган миқдорларда ва шартларда.

9. Узлуксиз иш стажи:

ташкилотлар тугатилганлиги (қайта ташкил этилганлиги) ёки штат қисқаргани ёхуд доимий яшаш жойи ўзгарганлиги сабабли ташкилотлардан ишдан бўшаган кундан бошлаб уч ойдан кечикмай ишга кирганда;

ўз хоҳишига кўра (узрли сабаб бўйича), шу жумладан, эри ёки хотинининг яшаш жойи ўзгариши муносабати билан (кўчиш вақти бир ойлик муддатга киритилмайди) ташкилотлардан ишдан бўшаган кундан бошлаб бир ойдан кечикмай ишга кирганда ҳисобланади.

4-боб. Бюджет ташкилотлари ходимларини рағбатлантириш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш тартиби

10. Бюджет ташкилотлари ходимларини мукофотлаш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш Давлат экология қўмитасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси ҳамда Бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

11. Бюджет ташкилотлари ходимларини мукофотлаш қуйидаги тартибда белгиланиши мумкин:

байрам кунларида — Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни, Конституция куни, 8-март куни, Наврўз, Янги йил, диний байрамларда («Рўза ҳайит» (Ийд-ал-Фитр) ва «Қурбон ҳайит» (Ийд-ал-Адҳа) ходимларни ойлик лавозим маошининг бир баробари миқдорида рағбатлантириш;

марказий аппарат ва ҳудудий бошқармаларнинг хизмат вазифаларини сидқидилдан ва самарали бажариб келаётган юқори малакали, ташаббускор ходимларига шахсий устамалар;

йил якунлари билан алоҳида ташаббускор ва юқори малакали ходимларни, шунингдек, ходимнинг нафақага чиқиши муносабати билан қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш;

давлат мукофотлари, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланганлиги учун ойлик иш ҳақининг бир бараваригача рағбатлантириш.

Шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши ҳолатларини аниқлаган ходимларга юридик ва жисмоний шахслардан ундирилган жарима ва зарарни қоплашдан тушган пул маблағлари суммасининг 15 фоизи миқдорида мукофот пули тўланади.

12. Мукофотларнинг аниқ миқдорларини белгилаш учун Давлат экология қўмитасида бюджет ташкилотлари ходимларини мукофотлаш тартибини белгилаш комиссияси (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) ташкил этилади.

Комиссия Давлат экология қўмитаси раисининг қарори билан 6 нафардан иборат таркибда шакллантирилади: раис (комиссия раиси), бош бухгалтер, кадрлар бўлими бошлиғи, юридик бўлим бошлиғи, меҳнат жамоаси ва касаба уюшма қўмитаси вакиллари.

Комиссия қарори кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва тегишли баённома билан расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

13. Бюджет ташкилотлари ходимларига қуйидагилар тўланади:

йўлкира ва овқатланиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда ҳар ойлик компенсация;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда бир йўла моддий ёрдам;

алоҳида ҳолатлар (узоқ муддат касаллик, оила аъзосининг вафоти, никоҳ тузиш ва бошқалар) муносабати билан икки лавозим маошидан ошмайдиган миқдорда бир йўла моддий ёрдам.

Шу билан бирга, Давлат экология қўмитаси томонидан белгиланган тартибда:

уй-жой билан таъминланмаган ходимларга амалдаги сарф-харажатлар доирасида уй-жойни ижарага бериш шартномасига мувофиқ уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ижара тўловининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик компенсация тўловлари;

алоҳида заруратга кўра ходим (юбилей саналарида, бахтсиз ҳодиса юз берганда, соғлиғини тиклаш учун, молиявий ҳолатининг оғирлиги ва бошқа шу каби ҳолатларда) ходим ойлик иш ҳақининг ўн бараваригача моддий ёрдам;

ходимларнинг фарзандлари учун дам олиш ва соғломлаштириш оромгоҳлари йўлланмалари қийматининг 50 фоизи миқдорда касаба уюшмаси маблағларидан;

ходимларга тижорат банклари ипотека кредитлари ҳисобга сотиб олинадиган якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйлардаги квартира қийматининг 25 фоизи миқдорида фоизсиз ва қайтариш шарти билан дастлабки бадал суммалари қоплаб берилиши мумкин.

14. Бюджет ташкилотлари ходимларини мукофотлаш ҳамда моддий рағбатлантириш тўловларини ажратишнинг тартиби ва қўшимча меҳнат кафолатлари жамоа шартномалари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

5-боб. Бюджет ташкилоти бўлмаган ташкилотлар ходимларини мукофотлаш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш тартиби

15. Бюджет ташкилоти бўлмаган ташкилотлар ходимларини мукофотлаш ташкилот бўйича белгиланган асосий кўрсаткичлар бажарилганда, шунингдек, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга, харажатларни камайтиришга ва ишлаб чиқаришнинг ички захираларидан фойдаланишга йўналтирилган тадбирлар ўз вақтида бажарилганда ҳамда кутилаётган самарага эришилганда ҳисобот давридаги ишларнинг натижалари бўйича амалга оширилади.

Ўзининг функционал вазифаларини ўз вақтида, сифатли бажариш ва ташкилот фаолияти натижаларига шахсий улуш қўшиш хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар ходимларига мукофотлар белгилаш учун асосий кўрсаткичлар ҳисобланади. Бюджет ташкилоти бўлмаган ташкилотлар ходимларини мукофотлашнинг аниқ кўрсаткичлари тегишли ташкилотлар раҳбарлари томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишган ҳолда белгиланади.

16. Бюджет ташкилоти бўлмаган ташкилотлар ходимларини мукофотлаш ва уларга белгиланадиган қўшимча ва устама тўловлар миқдорлари тегишли ташкилотларнинг раҳбарлари томонидан молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

17. Бюджет ташкилоти бўлмаган ташкилотлар ходимларига моддий ёрдам тўлаш ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган шартларда амалга оширилади.

6-боб. Ходимларни моддий рағбатлантиришни таъминлаш юзасидан масъулият

18. Бюджет ташкилотларининг ва бюджет ташкилоти бўлмаган ташкилотларнинг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари ходимлар меҳнатини нормалаш ва ҳисобга олишнинг ташкил этилиши, лавозим маошлари ва тариф ставкаларининг тўғри белгиланганлиги, ушбу Низомда назарда тутилган қўшимчалар, устамалар ва мукофотлар тўғри ҳисоблаб чиқилганлиги учун шахсан жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 9 январь,

12-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.01.2019 й., 09/19/12/2442-сон, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi xodimlari mehnatini ragʻbatlantirishning samarali tizimini joriy etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish sohasida davlat boshqaruvi tizimini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 3-oktabrdagi PQ-3956-son qarori ijrosini taʼminlash hamda ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish organlari xodimlari mehnatiga qoʻshimcha haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirish tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi xodimlari mehnatiga haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ular qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ boshqaruvi raisi A.J. Ramatov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi raisi B.T. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 9-yanvardagi 12-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi xodimlari mehnatiga haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom quyidagi xodimlarning mehnatiga haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi:

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza davlat qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda Davlat ekologiya qoʻmitasi deb ataladi) markaziy apparati, uning tashkiliy tuzilmasiga kiradigan, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobiga moliyalashtiriladigan hududiy boʻlinmalari va tashkilotlarining (keyingi oʻrinlarda budjet tashkilotlari deb ataladi) xodimlari;

Davlat ekologiya qoʻmitasi tizimiga kiradigan xoʻjalik hisobidagi davlat unitar korxonalari va davlat muassasalari (keyingi oʻrinlarda budjet tashkiloti boʻlmagan tashkilotlar deb ataladi) xodimlari.

2. Budjet tashkilotlari va budjet tashkiloti boʻlmagan tashkilotlar xodimlarining mehnatiga haq toʻlash, shuningdek, qoʻshimcha mehnat kafolatlari Oʻzbekiston Respublikasi Mehnat kodeksiga, ushbu Nizomga, boshqa qonun hujjatlariga, jamoa shartnomasiga, shuningdek, boshqa normativ hujjatlarga muvofiq amalga oshiriladi va quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

lavozim maoshlari (tarif stavkalari);

lavozim maoshlariga qoʻshimchalar va ustamalar;

mehnatning yakuniy natijalariga koʻra belgilanadigan mukofotlar.

3. Budjet tashkiloti boʻlmagan tashkilotlar xodimlarining lavozim maoshlariga qoʻshimchalar va ustamalar, shuningdek, mukofotlar mazkur tashkilotlarning rahbarlari tomonidan moliyaviy imkoniyatlardan kelib chiqqan holda belgilangan tartibda belgilanadi.

2-bob. Lavozim maoshlarini (tarif stavkalarini) belgilash tartibi

4. Boshqaruv xodimlarining, xizmat koʻrsatuvchi va texnik xodimlarning lavozim maoshlari, shuningdek, ishchilarning tarif stavkalari qonun hujjatlariga muvofiq Mehnatga haq toʻlash boʻyicha yagona tarif setkasi asosida belgilanadi.

Xodimning lavozim maoshi belgilangan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorini yagona tarif setkasining tegishli razryadi tarif koeffitsiyentiga koʻpaytirish yoʻli bilan aniqlanadi.

Soatbay tarif setkasi miqdori xodimning lavozim maoshini (tarif stavkasini) besh kunlik ish haftasi asosida, ish vaqti normal davom etgan taqdirda ish soatlarining oʻrtacha oylik miqdoriga boʻlish yoʻli bilan aniqlanadi.

5. Shtat jadvalini shakllantirishda ish kasblari (mutaxassisliklar) boʻyicha malaka razryadlari Vazirlar Mahkamasining “Xizmatchilarning asosiy lavozimlari va ishchilar kasblari klassifikatorini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida” 2017-yil 4-oktabrdagi 795-son qaroriga muvofiq talab etiladigan malakadan kelib chiqqan holda belgilanadi.

6. Xodimlarning lavozim maoshlari quyidagi holatlarda oʻzgartiriladi:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining qarorlari bilan belgilangan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdori oshirilganda;

xodim ushbu tashkilotda boshqa lavozimga oʻtganda yoki xodimga yuqori malaka razryadi berilganda.

3-bob. Qoʻshimchalar va ustamalar

7. Budjet tashkilotlari xodimlariga mehnat toʻgʻrisidagi qonunlarga muvofiq ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish sohasida uzoq muddat ishlaganlik uchun lavozim maoshiga foiz miqdorida har chorakda quyidagi miqdorlarda ustamalar toʻlanadi (toʻlash shartlari va tartibi normativ hujjatlar bilan belgilanadi):

Ish staji Ustamalar miqdorlari (lavozim maoshiga nisbatan foiz hisobida) 3 yildan 5 yilgacha 30 5 yildan 10 yilgacha 40 10 yildan 15 yilgacha 60 15 yildan ortiq 80

8. Budjet tashkiloti boʻlmagan tashkilotlar xodimlariga tashkilotlarning oʻz mablagʻlari hisobidan lavozim maoshiga quyidagi qoʻshimchalar va ustamalar belgilanishi mumkin:

kasblarni (lavozimlarni) qoʻshib bajarganlik va xizmat koʻrsatish hududini kengaytirganlik uchun — amalda bajarilgan ishlar uchun;

dam olish va bayram kunlarida ishlaganlik uchun — soatbay tarif stavkasidan kelib chiqqan holda ikki baravar miqdorda;

uzoq muddat ishlaganlik uchun lavozim maoshiga foizlar hisobida — har chorakda ushbu Nizomning 7-bandida nazarda tutilgan miqdorlarda va shartlarda.

9. Uzluksiz ish staji:

tashkilotlar tugatilganligi (qayta tashkil etilganligi) yoki shtat qisqargani yoxud doimiy yashash joyi oʻzgarganligi sababli tashkilotlardan ishdan boʻshagan kundan boshlab uch oydan kechikmay ishga kirganda;

oʻz xohishiga koʻra (uzrli sabab boʻyicha), shu jumladan, eri yoki xotinining yashash joyi oʻzgarishi munosabati bilan (koʻchish vaqti bir oylik muddatga kiritilmaydi) tashkilotlardan ishdan boʻshagan kundan boshlab bir oydan kechikmay ishga kirganda hisoblanadi.

4-bob. Budjet tashkilotlari xodimlarini ragʻbatlantirish va ularga moddiy yordam koʻrsatish tartibi

10. Budjet tashkilotlari xodimlarini mukofotlash va ularga moddiy yordam koʻrsatish Davlat ekologiya qoʻmitasining Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish va chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish jamgʻarmasi hamda Budjet tashkilotlarini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobiga amalga oshiriladi.

11. Budjet tashkilotlari xodimlarini mukofotlash quyidagi tartibda belgilanishi mumkin:

bayram kunlarida — Oʻzbekiston Respublikasi Mustaqilligi kuni, Konstitutsiya kuni, 8-mart kuni, Navroʻz, Yangi yil, diniy bayramlarda (“Roʻza hayit” (Iyd-al-Fitr) va “Qurbon hayit” (Iyd-al-Adha) xodimlarni oylik lavozim maoshining bir barobari miqdorida ragʻbatlantirish;

markaziy apparat va hududiy boshqarmalarning xizmat vazifalarini sidqidildan va samarali bajarib kelayotgan yuqori malakali, tashabbuskor xodimlariga shaxsiy ustamalar;

yil yakunlari bilan alohida tashabbuskor va yuqori malakali xodimlarni, shuningdek, xodimning nafaqaga chiqishi munosabati bilan qimmatbaho sovgʻalar bilan taqdirlash;

davlat mukofotlari, faxriy yorliqlar bilan taqdirlanganligi uchun oylik ish haqining bir baravarigacha ragʻbatlantirish.

Shuningdek, ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish sohasidagi qonun hujjatlari talablarining buzilishi holatlarini aniqlagan xodimlarga yuridik va jismoniy shaxslardan undirilgan jarima va zararni qoplashdan tushgan pul mablagʻlari summasining 15 foizi miqdorida mukofot puli toʻlanadi.

12. Mukofotlarning aniq miqdorlarini belgilash uchun Davlat ekologiya qoʻmitasida budjet tashkilotlari xodimlarini mukofotlash tartibini belgilash komissiyasi (keyingi oʻrinlarda komissiya deb ataladi) tashkil etiladi.

Komissiya Davlat ekologiya qoʻmitasi raisining qarori bilan 6 nafardan iborat tarkibda shakllantiriladi: rais (komissiya raisi), bosh buxgalter, kadrlar boʻlimi boshligʻi, yuridik boʻlim boshligʻi, mehnat jamoasi va kasaba uyushma qoʻmitasi vakillari.

Komissiya qarori koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi va tegishli bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi. Ovozlar teng boʻlgan taqdirda, raisning ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

13. Budjet tashkilotlari xodimlariga quyidagilar toʻlanadi:

yoʻlkira va ovqatlanish uchun — bazaviy hisoblash miqdorining besh baravarigacha miqdorda har oylik kompensatsiya;

qishloq xoʻjaligi mahsulotlari xarid qilish uchun — bazaviy hisoblash miqdorining oʻn baravarigacha miqdorda bir yoʻla moddiy yordam;

alohida holatlar (uzoq muddat kasallik, oila aʼzosining vafoti, nikoh tuzish va boshqalar) munosabati bilan ikki lavozim maoshidan oshmaydigan miqdorda bir yoʻla moddiy yordam.

Shu bilan birga, Davlat ekologiya qoʻmitasi tomonidan belgilangan tartibda:

uy-joy bilan taʼminlanmagan xodimlarga amaldagi sarf-xarajatlar doirasida uy-joyni ijaraga berish shartnomasiga muvofiq uy-joylarni ijaraga olganlik (ijarada turganlik) uchun ijara toʻlovining 50 foizi miqdorida har oylik kompensatsiya toʻlovlari;

alohida zaruratga koʻra xodim (yubiley sanalarida, baxtsiz hodisa yuz berganda, sogʻligʻini tiklash uchun, moliyaviy holatining ogʻirligi va boshqa shu kabi holatlarda) xodim oylik ish haqining oʻn baravarigacha moddiy yordam;

xodimlarning farzandlari uchun dam olish va sogʻlomlashtirish oromgohlari yoʻllanmalari qiymatining 50 foizi miqdorda kasaba uyushmasi mablagʻlaridan;

xodimlarga tijorat banklari ipoteka kreditlari hisobga sotib olinadigan yakka tartibdagi uy-joy yoki koʻp kvartirali uylardagi kvartira qiymatining 25 foizi miqdorida foizsiz va qaytarish sharti bilan dastlabki badal summalari qoplab berilishi mumkin.

14. Budjet tashkilotlari xodimlarini mukofotlash hamda moddiy ragʻbatlantirish toʻlovlarini ajratishning tartibi va qoʻshimcha mehnat kafolatlari jamoa shartnomalari va boshqa normativ hujjatlar bilan belgilangan qoidalarga muvofiq amalga oshiriladi.

5-bob. Budjet tashkiloti boʻlmagan tashkilotlar xodimlarini mukofotlash va ularga moddiy yordam koʻrsatish tartibi

15. Budjet tashkiloti boʻlmagan tashkilotlar xodimlarini mukofotlash tashkilot boʻyicha belgilangan asosiy koʻrsatkichlar bajarilganda, shuningdek, ishlab chiqarish samaradorligini oshirishga, xarajatlarni kamaytirishga va ishlab chiqarishning ichki zaxiralaridan foydalanishga yoʻnaltirilgan tadbirlar oʻz vaqtida bajarilganda hamda kutilayotgan samaraga erishilganda hisobot davridagi ishlarning natijalari boʻyicha amalga oshiriladi.

Oʻzining funksional vazifalarini oʻz vaqtida, sifatli bajarish va tashkilot faoliyati natijalariga shaxsiy ulush qoʻshish xoʻjalik hisobidagi tashkilotlar xodimlariga mukofotlar belgilash uchun asosiy koʻrsatkichlar hisoblanadi. Budjet tashkiloti boʻlmagan tashkilotlar xodimlarini mukofotlashning aniq koʻrsatkichlari tegishli tashkilotlar rahbarlari tomonidan kasaba uyushma qoʻmitasi bilan kelishgan holda belgilanadi.

16. Budjet tashkiloti boʻlmagan tashkilotlar xodimlarini mukofotlash va ularga belgilanadigan qoʻshimcha va ustama toʻlovlar miqdorlari tegishli tashkilotlarning rahbarlari tomonidan moliyaviy imkoniyatlardan kelib chiqqan holda belgilanadi.

17. Budjet tashkiloti boʻlmagan tashkilotlar xodimlariga moddiy yordam toʻlash ushbu Nizomning 15-bandida nazarda tutilgan shartlarda amalga oshiriladi.

6-bob. Xodimlarni moddiy ragʻbatlantirishni taʼminlash yuzasidan masʼuliyat

18. Budjet tashkilotlarining va budjet tashkiloti boʻlmagan tashkilotlarning rahbarlari va bosh buxgaltyerlari xodimlar mehnatini normalash va hisobga olishning tashkil etilishi, lavozim maoshlari va tarif stavkalarining toʻgʻri belgilanganligi, ushbu Nizomda nazarda tutilgan qoʻshimchalar, ustamalar va mukofotlar toʻgʻri hisoblab chiqilganligi uchun shaxsan javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 9-yanvar,

12-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 09.01.2019-y., 09/19/12/2442-son, 29.12.2019-y., 09/19/1046/4242-son)

lex.uz