📅 2019-yil 9-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 9-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 9 январь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 9 января 2019 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 9 January 2019 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
НИЗОМ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ ЮРИДИК техникумларида ЯКУНИЙ ДАВЛАТ АТТЕСТАЦИЯСИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 октябрдаги 858-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида ўқишни ташкил қилиш чоралари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Ҳукумат баённома қарорлари ва идоравий норматив ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бошқармаси Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.
3. Қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ва туркумлаш бошқармаси ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинишини таъминласин.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
5. Мазкур буйруқ ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари — Тошкент давлат юридик университети ректори Е. Каньязов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 9 январдаги 7-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 октябрдаги 858-сон « Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида ўқишни ташкил қилиш чоралари тўғрисида »ги, 2020 йил 30 октябрдаги 677-сон « Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида »ги қарорларига мувофиқ Адлия вазирлигининг юридик техникумларида (кейинги ўринларда юридик техникум деб юритилади) якуний давлат аттестациясини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
якуний давлат аттестацияси — ўқувчиларнинг билим, малака ва улардан фойдаланиш кўникмаси даражасини давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлигини комплекс баҳолаш орқали ўқувчиларга кичик мутахассис малака даражаси ва уларга юридик техникумни тугатганлиги тўғрисида дипломни бериш масаласини ҳал этувчи таълим сифатини назорат қилишнинг тури;
якуний давлат аттестацияси комиссияси (комиссия) — тегишли мутахассисликлар ва касблар бўйича ташкил этиладиган якуний давлат аттестациясини ўтказиш учун юридик техникум ходимлари, шунингдек Тошкент давлат юридик университети, иш берувчи ташкилотлар раҳбарлари билан келишилган ҳолда ушбу ташкилотларнинг вакилларидан иборат комиссия;
якуний давлат аттестация синовлари (аттестация синовлари) — юридик техникумнинг ўқув режасидаги мутахассислик ва хорижий тил (инглиз, немис, француз) фанларининг мажмуи.
2. Қуйидагилар якуний давлат аттестациясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
ўқувчиларнинг тегишли фанлар бўйича билим ва улардан фойдаланиш кўникмаси даражасини Давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлигини комплекс баҳолаш;
олинган билимларни амалиётга қўллаш кўникмаларини ва касбий малакаларни шаклланганлик даражасини аниқлаш;
аттестация якуни бўйича юридик техникумни тугатганлиги тўғрисида ўқувчига давлат намунасидаги диплом бериш масаласини ҳал этади.
2-боб. Комиссияни шакллантириш тартиби
3. Комиссия аъзолари таркиби камида 5 кишидан иборат бўлиб, унинг учдан икки қисми қатнашган тақдирда комиссия ваколатли ҳисобланади.
Комиссия аъзолари таркибининг камида 70 фоизини иш берувчи ташкилотлар ходимлари ва бошқа мутахассислар ташкил этиши керак.
Юридик техникум директори комиссия таркибини шакллантириш жараёнида манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шарт.
4. Комиссия раиси якуний давлат аттестация бошланишидан камида бир ой олдин адлия вазирининг, комиссия аъзолари эса юридик техникум директорининг буйруғи билан тайинланади.
5. Комиссия раиси юридик техникумда ишламаётган мутахассислардан бўлиши лозим. Бир шахс кетма-кет бир юридик техникумда икки мартадан ортиқ комиссия раиси бўлиши мумкин эмас.
Комиссия аъзоси юридик техникум ўқувчиларига ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил ва қизлар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, шунингдек манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, якуний давлат аттестациясида иштирок этишига йўл қўйилмайди.
6. Комиссия раислигига номзодлар юридик техникумлар томонидан тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда, Адлия вазирлигига якуний давлат аттестация бошланишидан камида икки ой олдин тасдиқлаш учун тақдим этилади.
7. Комиссия ўз фаолиятини мазкур низом ва ўқувчиларнинг тайёргарлик даражаси ҳамда таълим мазмунига қўйилган Давлат таълим стандартлари талабларини бажаришга йўналтирилган бошқа қонунчилик ҳужжатларига таянган ҳолда олиб боради.
8. Якуний давлат аттестациясида фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари ва ота-оналар вакиллари жамоатчилик асосида кузатувчи сифатида қатнашиши мумкин.
9. Комиссия ҳар йили якуний давлат аттестациясини ўтказиш давридан бошлаб кейинги ўқув йили бошлангунга қадар фаолият кўрсатади.
10. Юридик техникум директори ва унинг ўринбосарлари якуний давлат аттестациясини ўз вақтида сифатли ўтказишга ҳамда комиссиянинг ишлаши учун зарур шароитларни яратишга масъул ҳисобланади.
3-боб. Якуний давлат аттестациясини ташкил этиш
11. Якуний давлат аттестациясига тегишли ўқув режа ва фан дастурларини тўлиқ тугатган ва ўқув режасида назарда тутилган барча синовлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар қўйилади.
12. Аттестация синовларини топширишга тавсия этиладиган фанлар рўйхати ва ўтказиш шакллари Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда ТДЮУ деб юритилади) Кенгаши томонидан белгиланади.
13. Мутахассислик бўйича якуний давлат аттестацияси синовларининг таркибий қисмлари ва уларни ўтказиш муддатлари ўқув режада белгиланади.
14. Якуний давлат аттестациясини ўтказиш жадвали юридик техникум директори томонидан, қоида тариқасида, якуний давлат аттестацияси бошланишидан камида ўттиз кун олдин тасдиқланади.
15. Якуний давлат аттестацияси синовларининг намунавий савол ва топшириқлари мазмуни, ҳажми ва мураккаблик даражаси тегишли фаннинг Давлат таълим стандартига мувофиқ ўқув дастурида назарда тутилган материалларни ўқувчи томонидан ўзлаштирилганлик даражасини аниқлашга йўналтирилган бўлиши шарт.
16. Аттестация синовларини ўтказиш шакли тўғрисидаги маълумот якуний давлат аттестацияси бошланишидан 6 ой олдин ўқувчилар эътиборига етказилади. Ўқувчиларга тайёргарлик кўриш ҳамда консультациялар бериш учун зарур бўлган барча шароитлар яратилади.
17. Аттестация синовларининг саволлари ўқув дастурлар мазмунини тўлиқ қамраб олган ҳолда юридик техникумнинг тегишли кафедралари томонидан шакллантирилади. Саволлар аттестация синовларидан 6 ой олдин экспертизадан ўтказиш учун ТДЮУга тақдим этилади. ТДЮУ томонидан саволлар 20 иш куни давомида экспертизадан ўтказилади ва тегишли экспертиза хулосалари юридик техникумга юборилади.
18. Аттестация синовларининг саволлари фан дастурлари доирасида тузилиши ҳамда якуний давлат аттестация бошланишидан камида 1 ой олдин ўқувчиларнинг эътиборига етказилиши лозим.
19. Директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари ўқувчилар сонидан келиб чиқиб аттестация синовларининг саволлари вариантларини тузади ва уларнинг ошкор этилмаслигини таъминлайди.
20. Якуний давлат аттестациясини ўтказиш жараёни видеотасвирга олиш орқали амалга оширилади. Якуний давлат аттестациясининг юқори даражада очиқлик ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ушбу жараён видеокузатувлар орқали жамоатчилик, шу жумладан, ўқувчиларнинг ота-оналари томонидан реал вақт режимида (онлайн) кузатиб бориш имкони яратилиши мумкин.
21. Якуний давлат аттестациясига мобил алоқа воситаси, компьютер ёки бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоблар, луғат, шпаргалкалар ва бошқа материаллар олиб кирган, якуний давлат аттестацияси жараёнида улардан фойдаланган ўқувчилар якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади.
Белгиланган тартибни бузган ўқувчилар якуний давлат аттестациясидан четлаштирилади ҳамда комиссия аъзолари томонидан якуний давлат аттестациясидан четлаштириш бўйича ушбу Низомга иловада кўрсатилган шаклда далолатнома расмийлаштирилади.
22. Якуний давлат аттестацияси натижалари баллар қўйиш йўли билан 100 баллик тизимда баҳоланади.
Комиссия томонидан аттестация синовлари натижаларига кўра топшириқларнинг 86 — 100 фоизи тўғри бажарилган бўлса «аъло», 71 — 85 фоизи тўғри бажарилса «яхши», 56 — 70 фоизи тўғри бажарилса «қониқарли» баҳоланади.
Якуний давлат аттестацияси натижалари бўйича ўқувчи 55 ва ундан кам балл тўплаган ҳолларда «қониқарсиз» баҳоланган деб ҳисобланади.
23. Комиссиянинг қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан, йиғилишда иштирок этувчиларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолда, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
24. Якуний давлат аттестацияси натижалари шу куннинг ўзида эълон қилинади ва комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланадиган, комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган йиғилиш баённомасида қайд этилади.
25. Ўқувчи аттестация синовларининг барчасидан муваффақиятли ўтгандан сўнг унга тегишли касбни эгаллагани, юридик техникумни тамомлагани ва касб-ҳунар маълумоти тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.
Ўқув дастурларини ўзлаштиришда ўқув режасидаги барча фанларнинг камида 4/5 қисми бўйича 86 балл ва ундан юқори ўзлаштириш кўрсаткичларига эришган, (бошқа фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи 71 баллдан кам бўлмаган), шунингдек, якуний давлат аттестацияси синовларининг ҳар бири бўйича камида 86 балл ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган ўқувчиларга «имтиёзли» диплом берилади.
26. Аттестация синовларининг биридан «қониқарсиз» баҳоланган ёки узрли сабабларга кўра аттестация синовларида иштирок этмаган ўқувчи бошқа аттестация синовларини топшириш ҳуқуқидан маҳрум этилмайди.
27. Узрли сабабларга кўра аттестация синовларида қатнаша олмаган ўқувчилар юридик техникум директорининг буйруғи билан комиссия иши якунланишига қадар бошқа муддатларда ўтказиладиган аттестация синовларига киритилади.
28. Юридик техникумнинг белгиланган давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқишнинг таълим дастурини бажарган, бироқ якуний давлат аттестациясида иштирок этмаган ёки унда «қониқарсиз» баҳоланган ўқувчилар ўқиш муддати тугагандан сўнг, 3 йил ичида аризасига мувофиқ тегишли синовни қайта топшириш ҳуқуқига эга. Бунда юридик техникум директори шахсни якуний давлат аттестациясини қайта топширишга қўйиш ҳақида буйруқ чиқаради.
Муддатли ҳарбий хизматда бўлган вақт, 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун бериладиган таътил вақти мазкур уч йиллик муддатга кирмайди.
29. Якуний давлат аттестациясини қайта топшириш муддатида аттестация синовларидан учинчи марта ҳам ўта олмаган ёки аттестация синовларини қайта топшириш учун мурожаат қилмаган шахсга академик маълумотнома берилади.
4-боб. Якуний давлат аттестацияси натижаларини апелляция тартибида кўриб чиқиш
30. Якуний давлат аттестацияси жараёнида қўйилган баллдан норози бўлган ўқувчилар якуний давлат аттестацияси натижалари эълон қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида апелляция комиссиясига мурожаат қилиши мумкин.
31. Якуний давлат аттестациясида олган баллига эътироз билдирган ўқувчиларнинг аризаларини кўриб чиқиш учун мазкур низомнинг 3 — 9-бандларига мувофиқ апелляция комиссияси тузилади.
Апелляция комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
32. Апелляция комиссияси аттестация синовларида ўқувчининг берган жавобларини акс этган видеотасвирларни қайта кўриш орқали қайта текширувдан ўтказади. Апелляция комиссияси томонидан ўқувчини қайта баҳолашга қаратилган саволлар берилишига йўл қўйилмайди.
Ўқувчининг аризасини кўриб чиқиш натижаси бўйича апелляция комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
қўйилган балларни ўзгаришсиз қолдириш;
қўйилган балларни ўзгартириш.
Ўқувчининг апелляция шикоятини кўришда унинг илгари олган баллини пасайтиришга йўл қўйилмайди.
33. Апелляция комиссияси ўз хулосасини ўқувчига шу куннинг ўзида маълум қилади.
34. Комиссиянинг иши бўйича йиллик ҳисобот юридик техникумнинг кенгашида кўриб чиқилади.
5-боб. Якуний қоидалар
35. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
36. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази билан келишилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Якуний давлат аттестациясидан четлаштириш ҳақидаги ДАЛОЛАТНОМА ______________ш. «___» _________20___йил Биз, қуйида имзо чекувчилар шуни тасдиқлаймизки, ўқувчи ________________________________________________________________________________________________ (Ф.И.Ш.) қуйидаги сабабларга кўра якуний давлат аттестациясидан четлаштирилди: тақиқланган воситалардан (уяли телефон, компьютер ҳамда бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, луғат, китоб, шпаргалка) фойдаланган; тақиқланган воситаларни (уяли телефон, компьютер ҳамда бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, луғат, китоб, шпаргалка) олиб кирган. ________________________________________________________________________________________________ (низомда кўзда тутилган бошқа ҳолатлар) Ўқувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг _____ банди талаблари бузилган. 1. Комиссия раиси 2. Комиссия аъзоси 3. Комиссия аъзоси _________________________________ (Ф.И.Ш.) _________________________________ (Ф.И.Ш.) _________________________________ (Ф.И.Ш.) __________________ (имзо) __________________(имзо) __________________ (имзо)
Вазир Р. ДАВЛЕТОВ
Касб-ҳунар таълими маркази директори М. ХОЛМУХАМЕДОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 9 январь,
2019 йил 8 январь
7-мҳ-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirining
buyrugʻi
NIZOM
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI ADLIYA VAZIRLIGINING YURIDIK texnikumlarida YAKUNIY DAVLAT ATTESTATSIYASINI OʻTKAZISH TARTIBI TOʻGʻRISIDAGI NIZOMNI TASDIQLASH HAQIDA
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 13-apreldagi PQ-3666-son “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi faoliyatini yanada takomillashtirishga doir tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qarori va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 23-oktabrdagi 858-son “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida oʻqishni tashkil qilish choralari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq davlat roʻyxatidan oʻtkazilsin va bu haqda Hukumat bayonnoma qarorlari va idoraviy normativ hujjatlarni huquqiy ekspertizadan oʻtkazish boshqarmasi Idoraviy normativ-huquqiy hujjatlarning davlat reyestriga tegishli yozuv kiritsin.
3. Qonun hujjatlarini tahlil qilish va turkumlash boshqarmasi ushbu idoraviy normativ-huquqiy hujjatni “Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami” — “Sobraniye zakonodatelstva Respubliki Uzbekistan”da hamda Oʻzbekiston Respublikasi Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasida eʼlon qilinishini taʼminlasin.
4. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
5. Mazkur buyruq ijrosini nazorat qilish vazir oʻrinbosari — Toshkent davlat yuridik universiteti rektori E. Kanyazov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2019-yil 9-yanvardagi 7-mh-son buyrugʻiga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 13-apreldagi PQ-3666-son “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi faoliyatini yanada takomillashtirishga doir tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qarori va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 23-oktabrdagi 858-son “ Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida oʻqishni tashkil qilish choralari toʻgʻrisida ”gi, 2020-yil 30-oktabrdagi 677-son “ Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi yuridik texnikumlari faoliyatini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida ”gi qarorlariga muvofiq Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida (keyingi oʻrinlarda yuridik texnikum deb yuritiladi) yakuniy davlat attestatsiyasini tashkil etish va oʻtkazish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
yakuniy davlat attestatsiyasi — oʻquvchilarning bilim, malaka va ulardan foydalanish koʻnikmasi darajasini davlat taʼlim standartlari talablariga muvofiqligini kompleks baholash orqali oʻquvchilarga kichik mutaxassis malaka darajasi va ularga yuridik texnikumni tugatganligi toʻgʻrisida diplomni berish masalasini hal etuvchi taʼlim sifatini nazorat qilishning turi;
yakuniy davlat attestatsiyasi komissiyasi (komissiya) — tegishli mutaxassisliklar va kasblar boʻyicha tashkil etiladigan yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish uchun yuridik texnikum xodimlari, shuningdek Toshkent davlat yuridik universiteti, ish beruvchi tashkilotlar rahbarlari bilan kelishilgan holda ushbu tashkilotlarning vakillaridan iborat komissiya;
yakuniy davlat attestatsiya sinovlari (attestatsiya sinovlari) — yuridik texnikumning oʻquv rejasidagi mutaxassislik va xorijiy til (ingliz, nemis, fransuz) fanlarining majmui.
2. Quyidagilar yakuniy davlat attestatsiyasining asosiy vazifalari hisoblanadi:
oʻquvchilarning tegishli fanlar boʻyicha bilim va ulardan foydalanish koʻnikmasi darajasini Davlat taʼlim standartlari talablariga muvofiqligini kompleks baholash;
olingan bilimlarni amaliyotga qoʻllash koʻnikmalarini va kasbiy malakalarni shakllanganlik darajasini aniqlash;
attestatsiya yakuni boʻyicha yuridik texnikumni tugatganligi toʻgʻrisida oʻquvchiga davlat namunasidagi diplom berish masalasini hal etadi.
2-bob. Komissiyani shakllantirish tartibi
3. Komissiya aʼzolari tarkibi kamida 5 kishidan iborat boʻlib, uning uchdan ikki qismi qatnashgan taqdirda komissiya vakolatli hisoblanadi.
Komissiya aʼzolari tarkibining kamida 70 foizini ish beruvchi tashkilotlar xodimlari va boshqa mutaxassislar tashkil etishi kerak.
Yuridik texnikum direktori komissiya tarkibini shakllantirish jarayonida manfaatlar toʻqnashuvini oldini olish yoki uni bartaraf etish yuzasidan oʻz vaqtida choralar koʻrishi shart.
4. Komissiya raisi yakuniy davlat attestatsiya boshlanishidan kamida bir oy oldin adliya vazirining, komissiya aʼzolari esa yuridik texnikum direktorining buyrugʻi bilan tayinlanadi.
5. Komissiya raisi yuridik texnikumda ishlamayotgan mutaxassislardan boʻlishi lozim. Bir shaxs ketma-ket bir yuridik texnikumda ikki martadan ortiq komissiya raisi boʻlishi mumkin emas.
Komissiya aʼzosi yuridik texnikum oʻquvchilariga oʻzaro yaqin qarindosh yoki quda-anda boʻlgan shaxslarning (ota-onalar, aka-ukalar, opa-singillar, oʻgʻil va qizlar, er-xotinlar, shuningdek er-xotinlarning ota-onalari, aka-ukalari, opa-singillari va bolalari), basharti ulardan biri ikkinchisiga bevosita boʻysunib yoki uning nazorati ostida xizmat qiladigan boʻlsa, shuningdek manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelgan taqdirda, yakuniy davlat attestatsiyasida ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
6. Komissiya raisligiga nomzodlar yuridik texnikumlar tomonidan tegishli tashkilotlar bilan kelishilgan holda, Adliya vazirligiga yakuniy davlat attestatsiya boshlanishidan kamida ikki oy oldin tasdiqlash uchun taqdim etiladi.
7. Komissiya oʻz faoliyatini mazkur nizom va oʻquvchilarning tayyorgarlik darajasi hamda taʼlim mazmuniga qoʻyilgan Davlat taʼlim standartlari talablarini bajarishga yoʻnaltirilgan boshqa qonunchilik hujjatlariga tayangan holda olib boradi.
8. Yakuniy davlat attestatsiyasida fuqarolarni oʻzini-oʻzi boshqarish organlari va ota-onalar vakillari jamoatchilik asosida kuzatuvchi sifatida qatnashishi mumkin.
9. Komissiya har yili yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish davridan boshlab keyingi oʻquv yili boshlangunga qadar faoliyat koʻrsatadi.
10. Yuridik texnikum direktori va uning oʻrinbosarlari yakuniy davlat attestatsiyasini oʻz vaqtida sifatli oʻtkazishga hamda komissiyaning ishlashi uchun zarur sharoitlarni yaratishga masʼul hisoblanadi.
3-bob. Yakuniy davlat attestatsiyasini tashkil etish
11. Yakuniy davlat attestatsiyasiga tegishli oʻquv reja va fan dasturlarini toʻliq tugatgan va oʻquv rejasida nazarda tutilgan barcha sinovlardan muvaffaqiyatli oʻtgan oʻquvchilar qoʻyiladi.
12. Attestatsiya sinovlarini topshirishga tavsiya etiladigan fanlar roʻyxati va oʻtkazish shakllari Toshkent davlat yuridik universiteti (keyingi oʻrinlarda TDYU deb yuritiladi) Kengashi tomonidan belgilanadi.
13. Mutaxassislik boʻyicha yakuniy davlat attestatsiyasi sinovlarining tarkibiy qismlari va ularni oʻtkazish muddatlari oʻquv rejada belgilanadi.
14. Yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish jadvali yuridik texnikum direktori tomonidan, qoida tariqasida, yakuniy davlat attestatsiyasi boshlanishidan kamida oʻttiz kun oldin tasdiqlanadi.
15. Yakuniy davlat attestatsiyasi sinovlarining namunaviy savol va topshiriqlari mazmuni, hajmi va murakkablik darajasi tegishli fanning Davlat taʼlim standartiga muvofiq oʻquv dasturida nazarda tutilgan materiallarni oʻquvchi tomonidan oʻzlashtirilganlik darajasini aniqlashga yoʻnaltirilgan boʻlishi shart.
16. Attestatsiya sinovlarini oʻtkazish shakli toʻgʻrisidagi maʼlumot yakuniy davlat attestatsiyasi boshlanishidan 6 oy oldin oʻquvchilar eʼtiboriga yetkaziladi. Oʻquvchilarga tayyorgarlik koʻrish hamda konsultatsiyalar berish uchun zarur boʻlgan barcha sharoitlar yaratiladi.
17. Attestatsiya sinovlarining savollari oʻquv dasturlar mazmunini toʻliq qamrab olgan holda yuridik texnikumning tegishli kafedralari tomonidan shakllantiriladi. Savollar attestatsiya sinovlaridan 6 oy oldin ekspertizadan oʻtkazish uchun TDYUga taqdim etiladi. TDYU tomonidan savollar 20 ish kuni davomida ekspertizadan oʻtkaziladi va tegishli ekspertiza xulosalari yuridik texnikumga yuboriladi.
18. Attestatsiya sinovlarining savollari fan dasturlari doirasida tuzilishi hamda yakuniy davlat attestatsiya boshlanishidan kamida 1 oy oldin oʻquvchilarning eʼtiboriga yetkazilishi lozim.
19. Direktorning oʻquv ishlari boʻyicha birinchi oʻrinbosari oʻquvchilar sonidan kelib chiqib attestatsiya sinovlarining savollari variantlarini tuzadi va ularning oshkor etilmasligini taʼminlaydi.
20. Yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish jarayoni videotasvirga olish orqali amalga oshiriladi. Yakuniy davlat attestatsiyasining yuqori darajada ochiqlik va shaffofligini taʼminlash maqsadida ushbu jarayon videokuzatuvlar orqali jamoatchilik, shu jumladan, oʻquvchilarning ota-onalari tomonidan real vaqt rejimida (onlayn) kuzatib borish imkoni yaratilishi mumkin.
21. Yakuniy davlat attestatsiyasiga mobil aloqa vositasi, kompyuter yoki boshqa aloqa va telekommunikatsiya vositalari, kitoblar, lugʻat, shpargalkalar va boshqa materiallar olib kirgan, yakuniy davlat attestatsiyasi jarayonida ulardan foydalangan oʻquvchilar yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish tartibini buzgan hisoblanadi.
Belgilangan tartibni buzgan oʻquvchilar yakuniy davlat attestatsiyasidan chetlashtiriladi hamda komissiya aʼzolari tomonidan yakuniy davlat attestatsiyasidan chetlashtirish boʻyicha ushbu Nizomga ilovada koʻrsatilgan shaklda dalolatnoma rasmiylashtiriladi.
22. Yakuniy davlat attestatsiyasi natijalari ballar qoʻyish yoʻli bilan 100 ballik tizimda baholanadi.
Komissiya tomonidan attestatsiya sinovlari natijalariga koʻra topshiriqlarning 86 — 100 foizi toʻgʻri bajarilgan boʻlsa “aʼlo”, 71 — 85 foizi toʻgʻri bajarilsa “yaxshi”, 56 — 70 foizi toʻgʻri bajarilsa “qoniqarli” baholanadi.
Yakuniy davlat attestatsiyasi natijalari boʻyicha oʻquvchi 55 va undan kam ball toʻplagan hollarda “qoniqarsiz” baholangan deb hisoblanadi.
23. Komissiyaning qarorlari ochiq ovoz berish yoʻli bilan, yigʻilishda ishtirok etuvchilarning koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan holda, raisning ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.
24. Yakuniy davlat attestatsiyasi natijalari shu kunning oʻzida eʼlon qilinadi va komissiyaning barcha aʼzolari tomonidan imzolanadigan, komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadigan yigʻilish bayonnomasida qayd etiladi.
25. Oʻquvchi attestatsiya sinovlarining barchasidan muvaffaqiyatli oʻtgandan soʻng unga tegishli kasbni egallagani, yuridik texnikumni tamomlagani va kasb-hunar maʼlumoti toʻgʻrisida davlat namunasidagi diplom beriladi.
Oʻquv dasturlarini oʻzlashtirishda oʻquv rejasidagi barcha fanlarning kamida 4/5 qismi boʻyicha 86 ball va undan yuqori oʻzlashtirish koʻrsatkichlariga erishgan, (boshqa fanlar boʻyicha oʻzlashtirish koʻrsatkichi 71 balldan kam boʻlmagan), shuningdek, yakuniy davlat attestatsiyasi sinovlarining har biri boʻyicha kamida 86 ball oʻzlashtirish koʻrsatkichlariga ega boʻlgan oʻquvchilarga “imtiyozli” diplom beriladi.
26. Attestatsiya sinovlarining biridan “qoniqarsiz” baholangan yoki uzrli sabablarga koʻra attestatsiya sinovlarida ishtirok etmagan oʻquvchi boshqa attestatsiya sinovlarini topshirish huquqidan mahrum etilmaydi.
27. Uzrli sabablarga koʻra attestatsiya sinovlarida qatnasha olmagan oʻquvchilar yuridik texnikum direktorining buyrugʻi bilan komissiya ishi yakunlanishiga qadar boshqa muddatlarda oʻtkaziladigan attestatsiya sinovlariga kiritiladi.
28. Yuridik texnikumning belgilangan davlat taʼlim standartlariga muvofiq oʻqishning taʼlim dasturini bajargan, biroq yakuniy davlat attestatsiyasida ishtirok etmagan yoki unda “qoniqarsiz” baholangan oʻquvchilar oʻqish muddati tugagandan soʻng, 3 yil ichida arizasiga muvofiq tegishli sinovni qayta topshirish huquqiga ega. Bunda yuridik texnikum direktori shaxsni yakuniy davlat attestatsiyasini qayta topshirishga qoʻyish haqida buyruq chiqaradi.
Muddatli harbiy xizmatda boʻlgan vaqt, 3 yoshga toʻlgunga qadar bolani parvarishlash uchun beriladigan taʼtil vaqti mazkur uch yillik muddatga kirmaydi.
29. Yakuniy davlat attestatsiyasini qayta topshirish muddatida attestatsiya sinovlaridan uchinchi marta ham oʻta olmagan yoki attestatsiya sinovlarini qayta topshirish uchun murojaat qilmagan shaxsga akademik maʼlumotnoma beriladi.
4-bob. Yakuniy davlat attestatsiyasi natijalarini apellyatsiya tartibida koʻrib chiqish
30. Yakuniy davlat attestatsiyasi jarayonida qoʻyilgan balldan norozi boʻlgan oʻquvchilar yakuniy davlat attestatsiyasi natijalari eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida apellyatsiya komissiyasiga murojaat qilishi mumkin.
31. Yakuniy davlat attestatsiyasida olgan balliga eʼtiroz bildirgan oʻquvchilarning arizalarini koʻrib chiqish uchun mazkur nizomning 3 — 9-bandlariga muvofiq apellyatsiya komissiyasi tuziladi.
Apellyatsiya komissiyasi aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi. Apellyatsiya komissiyasining qarori oddiy koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi va majlisda ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan tasdiqlanadigan bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.
32. Apellyatsiya komissiyasi attestatsiya sinovlarida oʻquvchining bergan javoblarini aks etgan videotasvirlarni qayta koʻrish orqali qayta tekshiruvdan oʻtkazadi. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan oʻquvchini qayta baholashga qaratilgan savollar berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
Oʻquvchining arizasini koʻrib chiqish natijasi boʻyicha apellyatsiya komissiyasi quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
qoʻyilgan ballarni oʻzgarishsiz qoldirish;
qoʻyilgan ballarni oʻzgartirish.
Oʻquvchining apellyatsiya shikoyatini koʻrishda uning ilgari olgan ballini pasaytirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
33. Apellyatsiya komissiyasi oʻz xulosasini oʻquvchiga shu kunning oʻzida maʼlum qiladi.
34. Komissiyaning ishi boʻyicha yillik hisobot yuridik texnikumning kengashida koʻrib chiqiladi.
5-bob. Yakuniy qoidalar
35. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
36. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Kasb-hunar taʼlimi markazi bilan kelishilgan.
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Yakuniy davlat attestatsiyasidan chetlashtirish haqidagi DALOLATNOMA ______________sh. “___” _________20___yil Biz, quyida imzo chekuvchilar shuni tasdiqlaymizki, oʻquvchi ________________________________________________________________________________________________ (F.I.Sh.) quyidagi sabablarga koʻra yakuniy davlat attestatsiyasidan chetlashtirildi: taqiqlangan vositalardan (uyali telefon, kompyuter hamda boshqa aloqa va telekommunikatsiya vositalari, lugʻat, kitob, shpargalka) foydalangan; taqiqlangan vositalarni (uyali telefon, kompyuter hamda boshqa aloqa va telekommunikatsiya vositalari, lugʻat, kitob, shpargalka) olib kirgan. ________________________________________________________________________________________________ (nizomda koʻzda tutilgan boshqa holatlar) Oʻquvchi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining yuridik texnikumlarida yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning _____ bandi talablari buzilgan. 1. Komissiya raisi 2. Komissiya aʼzosi 3. Komissiya aʼzosi _________________________________ (F.I.Sh.) _________________________________ (F.I.Sh.) _________________________________ (F.I.Sh.) __________________ (imzo) __________________(imzo) __________________ (imzo)
Vazir R. DAVLETOV
Kasb-hunar taʼlimi markazi direktori M. XOLMUXAMEDOV
Toshkent sh.,
2019-yil 9-yanvar,
2019-yil 8-yanvar
7-mh-son