📅 2018-yil 12-dekabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018-yil 12-dekabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018 йил 12 декабрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Молия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 12 декабря 2018 г. · Документы министерств и ведомств · Министр финансов
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 12 December 2018 · Ministry and agency documents · Moliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (7-сонли БҲС) «Товар-моддий захиралар»ни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси , Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ва бюджет ҳисобини давлат секторида молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари билан мувофиқлаштириш мақсадида буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (7-сонли БҲС) «Товар-моддий захиралар» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ 2020 йил 1 январдан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2018 йил 12 декабрдаги 151-сон буйруғига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (7-сонли БҲС) «Товар-моддий захиралар»
Мазкур Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (7-сонли БҲС) «Товар-моддий захиралар» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларининг (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) товар-моддий захиралари ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
жорий тикланиш қиймати — ташкилот томонидан активни харид қилиш натижасида ҳисобот даврида юзага келадиган харажатлар;
товар-моддий захиралар — ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган хом ашё ва материаллар, уларнинг доимий фаолияти давомида фойдаланиш ёки сотиш учун мўлжалланган ёки сотиш ёки тақсимлаш учун ишлаб чиқарилган активлар кўринишида бўлади;
реализация қилишнинг соф қиймати — одатий фаолият жараёнида кутилаётган сотиш қийматидан ишлаб чиқариш якуни бўйича ҳамда сотиш, алмаштириш ёки бериш билан боғлиқ харажатларни чегирган ҳолда аниқланадиган қиймат.
2. Ҳисоблаш методи асосида молиявий ҳисоботларни тузувчи ва тақдим қилувчи ташкилотлар товар-моддий захиралар ҳисобини юритишда мазкур Стандартдан фойдаланади.
3. Товар-моддий захираларни ҳисобга олишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
барча моддий қимматликларнинг бутлигини таъминлаш ҳамда ишлатилиши ва тўғри фойдаланилиши устидан назорат ўрнатиш;
захиралар ва харажатларнинг белгиланган меъёрларини кузатиб бориш;
реализация қилиниши лозим бўлган, фойдаланилмайдиган материалларни ўз вақтида аниқлаш;
ташкилот омборларида мавжуд бўлган қолдиқлар ҳақида аниқ маълумотлар олиш ва бошқалар.
4. Товар-моддий захираларни қабул қилиш, сақлаш ва топшириш жавобгарлиги ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тайинланган моддий жавобгар шахсларга юклатилади. Моддий жавобгар шахсларнинг алмашиниши товар-моддий захираларнинг инвентаризацияси ва ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланадиган қабул қилиш-топшириш далолатномаларини тузиш билан амалга оширилади. Товар-моддий захираларни сақлаш жойлари тош-тарозу жиҳозлари, ўлчов асбоблари, ўлчов идишлари ва бошқа назорат мосламалари билан таъминланиши лозим.
2-боб. Товар-моддий захиралари турлари
5. Товар-моддий захиралар ташкилотлар томонидан сотиб олинган ёки қайта сотиш учун мўлжалланган товарлар ва бошқа мол-мулкларни ўз ичига олади.
6. Товар-моддий захиралар қуйидаги кўринишда бўлади:
озиқ-овқат маҳсулотлари;
хизмат кўрсатиш ва қурилиш материаллари;
ҳарбий қурол-аслаҳалар;
асосий воситалар учун эҳтиёт қисмлари;
стратегик захиралар (масалан, энергия ресурс захиралари);
муомалага чиқарилмаган пул белгилари;
сотиш учун мўлжалланган почта инвентарлари;
тугалланмаган ишлаб чиқариш, шу жумладан ўқув ва таълим материаллари ҳамда ташкилот томонидан кўрсатиладиган хизматлар (масалан, аудиторлик текшируви);
сотиш учун мўлжалланган ер ёки мол-мулклар. Бунда узоқ муддатли активлар (ер, бинолар, иншоотлар, транспорт воситалари, мулкий (мутлақ) ҳуқуқлар ва бошқалар) кейинчалик сотиш ёки қайта сотиш мақсадида харид қилинган ҳолларда товар бўлиб ҳисобланади;
маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш, ишлаб чиқаришга хизмат кўрсатиш, маъмурий ва бошқа эҳтиёжлар учун мўлжалланган хом ашё ва материал захиралар, харид қилинган ярим тайёр маҳсулотлар ва бутловчи буюмлар, ёқилғи ва ёнилғилар, тара ва тарабоп материаллар, инвентар ва хўжалик жиҳозлари, эҳтиёт қисмлар ва бошқа материаллар;
қайта ишланаётган ва йиғилаётган деталлар, узеллар, тугалланмаган технологик жараёнлар ва маҳсулотлар кўринишидаги тугалланмаган ишлаб чиқаришлар;
ташкилотда тайёрланган тайёр маҳсулотлар.
7. Ташкилотлар фавқулодда ёки бошқа вазиятларда (мисол учун табиий офатлар ёки фуқаро ҳимояси билан боғлиқ бўлган фавқулоддаги ҳаракатлар) фойдаланиладиган энергия ресурслари (мисол учун нефть) каби турли ресурсларнинг стратегик захираларини сақласалар, ушбу захиралар товар-моддий захира сифатида тан олинади ва мазкур Стандартга мувофиқ равишда ҳисобга олинади.
8. Товар-моддий захиралар қуйидагилар натижасида ташкилотга кирим қилинади:
етказиб бериш (олди-сотди) шартномаси бўйича харид қилиниши;
беғараз келиб тушиши (ҳадя шартномаси бўйича);
узоқ муддатли активлар таркибидан ўтказилиши;
ортиқча (ҳисобга олинмаган) товар-моддий захираларнинг аниқланиши;
ташкилотнинг ўзида тайёрланиши;
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
3-боб. Товар-моддий захираларни баҳолаш
1-§. Товар-моддий захиралар таннархи
9. Товар-моддий захиралар уларнинг таннархи ва реализация қилишнинг соф қийматлари асосида баҳоланади, бундан мазкур Стандартнинг 10 ва 11-бандлари мустасно.
10. Алмашув операцияси амалга оширилмасдан харид қилинган товар-моддий захиралар уларнинг сотиб олиш кунидаги ҳақиқий қиймати билан баҳоланиши керак.
11. Товар-моддий захиралар беғараз ёки номинал қиймат бўйича бериш ёки маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланишга мўлжалланган бўлса, улар таннархи ва жорий тикланиш қийматларига нисбатан энг кичик қийматда баҳоланади.
12. Товар-моддий захираларнинг таннархи уларни сотиб олиш, қайта ишлаш ва жорий ҳолатига етказиш учун сарф қилинган барча бошқа харажатларини ўз ичига олади.
13. Товар-моддий захираларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган харажатларни аниқлашда:
уларнинг харид қиймати;
божхона божлари ва бошқа солиқлар;
транспорт-тайёрлов харажатлари ва уларни сотиб олиш билан бевосита боғлиқ бошқа харажатлар ҳисобга олинади.
Бунда, савдо чегирмалари, қайтарилган тўловлар ва бошқа шу каби ҳолатлар ҳисобга олинмайди.
14. Инвентаризация натижасида аниқланган ортиқча (ҳисобга олинмаган) товар-моддий захираларни баҳолаш улар аниқланган санадаги жорий қийматдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
15. Тугалланмаган ишлаб чиқаришдаги товар-моддий захираларни тайёр маҳсулотнинг товар-моддий захиралари ҳолатига келтириш харажатлари ишлаб чиқариш соҳасига тааллуқли бўлади.
Товар-моддий захираларни қайта ишлаш харажатлари маҳсулот қиймати билан боғлиқ бўлган бевосита харажатларни ўз ичига олади (масалан, иш ҳақи тўловлари учун тўғридан-тўғри харажатлар). Шунингдек, уларга тайёр маҳсулот хом ашёсининг қайта ишлаш жараёнидаги доимий ва ўзгарувчан қўшимча ишлаб чиқариш харажатларининг тизимли тақсимоти киради.
Доимий қўшимча ишлаб чиқариш харажатларига ишлаб чиқариш кўламидан қатъи назар ўзгармайдиган билвосита ишлаб чиқариш харажатлари, амортизация, бино ва жиҳозларга хизмат кўрсатиш ҳамда маъмурий бошқарув харажатлари киради.
Ўзгарувчан қўшимча ишлаб чиқариш харажатларига ишлаб чиқариш ҳажмининг ўзгаришига боғлиқ бўлган харажатлар киради (масалан, иш ҳақи тўловлари ва хом ашё билан боғлиқ билвосита харажатлар).
16. Қуйидагилар товар-моддий захиралар таннархидан чиқариб ташланадиган ва ўша давр харажати сифатида тан олинадиган харажатлар ҳисобланади:
а) хом ашё, бажарилган меҳнат ёки бошқа ишлаб чиқариш харажатларининг нормативлардан юқори сарфланиши;
б) сақлаш харажатлари, агарда улар ишлаб чиқариш жараёнида кейинги босқичга ўтиш учун зарур бўлмаса;
в) товар-моддий захираларнинг жорий жойлашган жойи ва жорий ҳолатига келтириш билан боғлиқ бўлмаган маъмурий қўшимча харажатлар;
г) реализация харажатлари.
17. Хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг товар-моддий захиралари ишлаб чиқариш қиймати бўйича баҳоланади.
Мазкур таннарх асосан хизмат кўрсатишда бевосита иштирок этувчи ходимлар, шунингдек назорат қилувчи ходимларнинг иш ҳақи харажатларини ҳамда бунга мувофиқ қўшимча харажатларни ўз ичига олади.
Бунда хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган иш ҳақи ҳисобга олинмайди. Сотиш ва умумий маъмурий персонал билан боғлиқ иш ҳақи ва бошқа харажатлар товар-моддий захиралар таннархига қўшилмайди, балки ўша даврдаги харажатлар ҳисобланади.
Хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг товар-моддий захиралари таннархига кирувчи қўшилган маржа ёки алоқадор бўлмаган қўшимча харажатлар кирмайди.
18. Ташкилотнинг биологик активларидан фойдаланиши натижасида олган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ўз таркибига олувчи товар-моддий захиралар дастлабки тан олинишида ҳосилни йиғиш даврида сотиш харажатлари чегирган ҳолда ҳақиқий нархи билан баҳоланади.
19. Таннархни аниқлаш методлари, яъни норматив харажатлар ва чакана нархлар ҳисоби бўйича методлари агар уларнинг натижалари таннарх қийматига яқин келса қулайлик сифатида фойдаланилади.
Норматив харажатлар хом ашё ва материаллар, меҳнат, самарадорлик ва қувватининг нормал фойдаланиш даражаларини назарда тутади. Улар доимий текширилиб борилади, зарурат туғилганда иш давомида кўриб чиқилади.
20. Товар-моддий захираларнинг таннархи харид қилинган даврдаги ҳақиқий қийматига тенг бўлганда, улар ташкилотга алмашув бўлмаган операциялар бўйича берилиши мумкин. (масалан, ҳомийлар томонидан касалхонадаги беморлар учун озиқ-овқат маҳсулотлари ёки дори-дармон воситалари текинга берилиши мумкин).
2-§. Товар-моддий захиралар таннархини ҳисоблаш усуллари
21. Товар-моддий захираларнинг бир-бирининг ўрнини босмайдиган алоҳида моддаларининг таннархи, шунингдек махсус лойиҳалар учун мўлжалланган ва ишлаб чиқарилган товар ёки хизматлар харажатларининг махсус идентификация йўли билан аниқланиши керак.
22. Харажатларнинг махсус идентификацияси бу махсус харажатлар уларнинг аниқ белгиланган моддаларига тааллуқлилигини билдиради.
Бу метод сотиб олинган ёки ишлаб чиқарилганидан қатъий назар махсус лойиҳаларга мўлжалланган моддалар учун мос келади.
Агар товар-моддий захираларнинг йирик миқдордаги моддалари бир-бирининг ўрнини босганда, харажатларнинг махсус идентификациясига мос келмайди. Бундай ҳолатларда, бирор даврдаги соф фойда ёки зарарга ҳисоб-китоб таъсирини ўрганиш учун товар-моддий захирада қолувчи предметни танлаш методларининг биридан фойдаланиш мумкин.
23. Мазкур Стандартнинг 22-бандини қўллашда, ташкилот бир хил тур ва вазифадаги барча товар-моддий захиралар учун бир хил қийматни ҳисоблаш усулини қўллаши керак. Турли хил тур ва вазифалардаги товар-моддий захиралар (масалан, иқтисодиётнинг бир ва бошқа сегментларида ишлатилувчи товарлар) учун ҳар хил ҳисоблаш усулларини қўллаш мумкин. Товар-моддий захираларнинг жойлашган жойларидаги фарқи (шунингдек, турли солиқ солиш шартлари) турли ҳисоблаш усулларидан фойдаланиш учун асос бўла олмайди.
24. Мазкур Стандартнинг 21-бандида кўрсатилган товар-моддий захиралардан ташқари товар-моддий захиралар таннархи биринчи тушум — биринчи чиқим (бундан буён матнда ФИФО усули деб юритилади) ёки ўртача қиймат (бундан буён матнда AVECO усули деб юритилади) усуллари орқали аниқланади.
Ташкилот ўхшаш ва фойдаланиш мақсади бир хил бўлган барча турдаги товар-моддий захиралар учун бир хил ҳисоблаш усулидан фойдаланиши керак.
25. ФИФО усули биринчи сотиб олинган товар-моддий захиралар биринчи сотилиши ва шу асосида давр охирида қолган товар-моддий захиралар яқинда сотиб олинган ёки ишлаб чиқарилган товар-моддий захираларни назарда тутади.
AVECO усулига кўра ҳар бир модданинг қиймати давр бошидаги ўхшаш моддаларнинг ва давр давомида сотиб олинган ёки ишлаб чиқарилган шундай моддаларнинг ўртача қиймати орқали аниқланади.
3-§. Реализация қилишнинг соф қиймати
26. Товар-моддий захираларга зарар етган, тўлиқ ёки қисман эскирган, уларни сотиш нархи пасайган, шунингдек товар-моддий захираларни якунлаш, сотиш, алмаштириш ёки бериш харажатлари кутилаётганидан ошганда, уларнинг таннархи қопланмайдиган ҳисобланади.
27. Товар-моддий захиралар реализация қилишнинг соф қиймати моддалар бўйича ҳисобдан чиқарилади.
Бунда бир турдаги маҳсулот турига тааллуқли бўлган, бир хил мақсад ёки якуний истеъмолга йўналтирилган, бир ҳудудда ишлаб чиқарилган ва сотиладиган ҳамда бу маҳсулотнинг бошқа қисмлари алоҳида баҳолана олмайдиган товар-моддий захиралар гуруҳлаштириш йўли билан ҳисобдан чиқарилади.
Товар-моддий захираларнинг таснифи асосида ҳисобдан чиқарилмаслиги лозим (масалан, муайян фаолиятдаги барча бир турдаги товар моддий захиралар ёхуд тайёр маҳсулотлар).
Хизмат кўрсатиш соҳасидаги ташкилотлар сотиш нархи алоҳида белгиланадиган ҳар бир хизмат бўйича харажатларни жамлайди. Бунинг натижасида ҳар бир шундай хизмат алоҳида модда сифатида ифодаланади.
28. Реализация қилишнинг соф қийматини ҳисоблаганда мавжуд товар-моддий захираларнинг нимага мўлжалланганлиги ҳисобга олинади.
Масалан, товарларни сотиш ёки хизмат кўрсатиш шартномаларини бажариш учун мўлжалланган товар-моддий захираларнинг реализация қилиш соф қиймати ушбу шартномада белгиланган нархларга асосланади.
Агар шартномалар бўйича сотиш ҳажми мавжуд товар-моддий захиралар ҳажмидан паст бўлса, қолган товар-моддий захираларнинг реализация қилиш соф қиймати умумий сотиш нархларига асосланади.
29. Агар тайёр маҳсулот таннархи бўйича ёки таннархидан юқори даражада сотилиши, алмаштирилиши ёки берилиши мумкин бўлса, уни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган материаллар таннархидан паст қийматда ҳисобдан чиқарилмайди.
Агар материаллар нархининг тушиши муносабати билан тайёр маҳсулот нархи пасайтирилса, яъни ушбу материаллардан тайёрланган тайёр маҳсулотнинг таннархи мазкур тайёр маҳсулотни реализация қилишнинг соф қийматидан ошса, материаллар қиймати камайтирилиши лозим. Бунда, материалларни қоплаш харажатлари мавжуд бўлган реализация қилишнинг соф қийматини баҳолашнинг энг яхшиси деб ҳисобланади.
30. Ҳар бир кейинги даврда реализация қилишнинг соф қиймати янгидан баҳоланади.
Товар-моддий захираларнинг таннархидан паст қийматда ҳисобдан чиқарилмаган ҳолларда ёки иқтисодий ҳолатларнинг ўзгариши оқибатида реализация қилишнинг соф қиймати ўсиши аниқ ҳолати кузатилганда, янги баланс қиймати таннарх ва қайта кўриб чиқилган реализация қилишнинг соф қиймати ўлчамларининг энг паст миқдорини танлаш орқали ҳисобдан чиқариш суммаси қайта тикланади (қайта тикланиш ҳисобдан чиқаришнинг дастлабки қиймати доирасида амалга оширилади).
4-§. Товар-моддий захираларни беғараз ёки номинал қиймат бўйича ўтказиб бериш
31. Ташкилотлар пул маблағларининг соф тушумларини таъминлаш имконияти билан бевосита боғлиқ бўлмаган, келгусида иқтисодий фойда ва хизмат кўрсатиш салоҳиятга эга товар-моддий захираларга эга бўлиши мумкин.
Бундай турдаги товар-моддий захиралар товарларни беғараз ёки номинал қийматда ўтказиб берилиши натижасида келиб чиқади. Бунда, товар-моддий захираларнинг келгусидаги иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш имкониятидан келиб чиқиб ҳақиқий нархи бўйича молиявий ҳисоботларда акс эттирилади.
Келгусидаги иқтисодий фойда ва хизмат кўрсатиш имкониятини бозорда сотиб олиш имкони бўлмаса, алмаштириш қийматини баҳолаш амалга оширилади. Агар товар-моддий захиралар сақлаш мақсади ўзгарса, товар-моддий захиралар мазкур Стандартнинг 9-бандига мувофиқ баҳоланади.
4-боб. Товар-моддий захираларни харажат сифатида тан олиш
32. Товар-моддий захираларнинг сотилиши, алмаштирилиши ёки ўтказиб берилишидан олинган даромад даврига мос равишда харажатлар ҳисобга олиниши керак.
Агар у билан боғлиқ даромад мавжуд бўлмаса, товарлар ўтказиб берилганда ёки хизматлар кўрсатилганда харажат сифатида тан олинади.
Товар-моддий захираларнинг қисман ҳисобдан чиқарилиш ва йўқотилиш харажатлари ушбу ҳисобдан чиқарилиш ва йўқотилиш даврида харажатлар сифатида тан олиниши керак.
Товар-моддий захираларнинг қисман ҳисобдан чиқарилишининг ўзгариши амалга оширилган даврда харажат сифатида қабул қилинади ва товар-моддий захиралар миқдорининг камайиши кўринишида ҳисобга олинади.
33. Баъзи бир товар-моддий захиралар (масалан, асосий воситаларнинг қисмлари сифатида фойдаланиладиган товар-моддий захиралар) бошқа активлар ҳисобига киритилади. Шу кўринишдаги товар-моддий захиралар мазкур асосий воситаларнинг хизмат муддати давомида харажат сифатида қабул қилинади.
34. Ҳисобдан чиқарилаётган товар-моддий захираларнинг қиймати чиқарилиш далилини аниқлаш пайтида балансдан чиқарилиши керак. Товар-моддий захиралар ташкилотнинг балансидан:
сотиш;
беғараз бериш;
сақлаш муддати тугагач яроқсизлиги сабабли жисмонан ва маънан эскирганлиги натижасида тугатиш (йўқ қилиш);
камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш) аниқланиши;
бошқа операциялар ва ҳодисалар натижасида ҳисобдан чиқарилади.
35. Товар-моддий захиралар улар сотиб олинган баҳода (етказиб бериш ва бошқа қўшимча харажатларни ҳам ҳисобга олган ҳолда) ёки улар ҳар хил нархларда сотиб олинган бўлса, ўртача баҳода ҳисобдан чиқарилади.
Материаллар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ташкилот раҳбари (ёки унинг ўринбосари) томонидан тасдиқланган тегишли ҳужжатларга мувофиқ ҳисобдан чиқарилиши лозим.
5-боб. Ахборотни очиб бериш
36. Ташкилотнинг молиявий ҳисоботларида қуйидаги маълумотлар очиб берилиши керак:
товар-моддий захиралар қийматини аниқлашда қабул қилинган ҳисоб сиёсати, шу жумладан товар-моддий захираларнинг таннархини ҳисоблашда фойдаланилган усуллар;
товар-моддий захираларнинг умумий баланс қиймати ва ташкилотда фойдаланиладиган классификация бўйича баланс қийматлари;
сотиш харажатларини чегирилган ҳолда ҳақиқий қиймат бўйича ҳисобга олинган товар-моддий захираларининг баланс қиймати;
ҳисобот даврида харажат сифатида тан олинган товар-моддий захиралар суммаси;
ҳисобот даврида харажат сифатида тан олинган ҳисобга киритилган ҳар қандай товар-моддий захираларнинг ҳажми;
ҳисобот даврида харажат сифатида тан олинган ҳар қандай товар-моддий захираларнинг қайтарилган суммаси;
мажбуриятлар учун кафолат сифатида гаровга қўйилган товар-моддий захираларнинг баланс қиймати.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 12 декабрь,
151-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirining
buyrugʻi
Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (7-sonli BHS) “Tovar-moddiy zaxiralar”ni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining Budjet kodeksi , Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq va budjet hisobini davlat sektorida moliyaviy hisobotlarning xalqaro standartlari bilan muvofiqlashtirish maqsadida buyuraman:
1. Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (7-sonli BHS) “Tovar-moddiy zaxiralar” ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq 2020-yil 1-yanvardan kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining 2018-yil 12-dekabrdagi 151-son buyrugʻiga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (7-sonli BHS) “Tovar-moddiy zaxiralar”
Mazkur Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (7-sonli BHS) “Tovar-moddiy zaxiralar” (bundan buyon matnda Standart deb yuritiladi) Oʻzbekiston Respublikasining Budjet kodeksi va Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq budjet tashkilotlari, davlat maqsadli jamgʻarmalari va boshqa budjetdan tashqari jamgʻarmalarining (bundan buyon matnda tashkilotlar deb yuritiladi) tovar-moddiy zaxiralari hisobini yuritish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Standartda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
joriy tiklanish qiymati — tashkilot tomonidan aktivni xarid qilish natijasida hisobot davrida yuzaga keladigan xarajatlar;
tovar-moddiy zaxiralar — tashkilotlarda ishlab chiqarish jarayonida foydalaniladigan xomashyo va materiallar, ularning doimiy faoliyati davomida foydalanish yoki sotish uchun moʻljallangan yoki sotish yoki taqsimlash uchun ishlab chiqarilgan aktivlar koʻrinishida boʻladi;
realizatsiya qilishning sof qiymati — odatiy faoliyat jarayonida kutilayotgan sotish qiymatidan ishlab chiqarish yakuni boʻyicha hamda sotish, almashtirish yoki berish bilan bogʻliq xarajatlarni chegirgan holda aniqlanadigan qiymat.
2. Hisoblash metodi asosida moliyaviy hisobotlarni tuzuvchi va taqdim qiluvchi tashkilotlar tovar-moddiy zaxiralar hisobini yuritishda mazkur Standartdan foydalanadi.
3. Tovar-moddiy zaxiralarni hisobga olishning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
barcha moddiy qimmatliklarning butligini taʼminlash hamda ishlatilishi va toʻgʻri foydalanilishi ustidan nazorat oʻrnatish;
zaxiralar va xarajatlarning belgilangan meʼyorlarini kuzatib borish;
realizatsiya qilinishi lozim boʻlgan, foydalanilmaydigan materiallarni oʻz vaqtida aniqlash;
tashkilot omborlarida mavjud boʻlgan qoldiqlar haqida aniq maʼlumotlar olish va boshqalar.
4. Tovar-moddiy zaxiralarni qabul qilish, saqlash va topshirish javobgarligi tashkilot rahbarining buyrugʻi bilan tayinlangan moddiy javobgar shaxslarga yuklatiladi. Moddiy javobgar shaxslarning almashinishi tovar-moddiy zaxiralarning inventarizatsiyasi va tashkilot rahbari tomonidan tasdiqlanadigan qabul qilish-topshirish dalolatnomalarini tuzish bilan amalga oshiriladi. Tovar-moddiy zaxiralarni saqlash joylari tosh-tarozu jihozlari, oʻlchov asboblari, oʻlchov idishlari va boshqa nazorat moslamalari bilan taʼminlanishi lozim.
2-bob. Tovar-moddiy zaxiralari turlari
5. Tovar-moddiy zaxiralar tashkilotlar tomonidan sotib olingan yoki qayta sotish uchun moʻljallangan tovarlar va boshqa mol-mulklarni oʻz ichiga oladi.
6. Tovar-moddiy zaxiralar quyidagi koʻrinishda boʻladi:
oziq-ovqat mahsulotlari;
xizmat koʻrsatish va qurilish materiallari;
harbiy qurol-aslahalar;
asosiy vositalar uchun ehtiyot qismlari;
strategik zaxiralar (masalan, energiya resurs zaxiralari);
muomalaga chiqarilmagan pul belgilari;
sotish uchun moʻljallangan pochta inventarlari;
tugallanmagan ishlab chiqarish, shu jumladan oʻquv va taʼlim materiallari hamda tashkilot tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar (masalan, auditorlik tekshiruvi);
sotish uchun moʻljallangan yer yoki mol-mulklar. Bunda uzoq muddatli aktivlar (er, binolar, inshootlar, transport vositalari, mulkiy (mutlaq) huquqlar va boshqalar) keyinchalik sotish yoki qayta sotish maqsadida xarid qilingan hollarda tovar boʻlib hisoblanadi;
mahsulotlar ishlab chiqarish, xizmatlar koʻrsatish, ishlarni bajarish, ishlab chiqarishga xizmat koʻrsatish, maʼmuriy va boshqa ehtiyojlar uchun moʻljallangan xomashyo va material zaxiralar, xarid qilingan yarim tayyor mahsulotlar va butlovchi buyumlar, yoqilgʻi va yonilgʻilar, tara va tarabop materiallar, inventar va xoʻjalik jihozlari, ehtiyot qismlar va boshqa materiallar;
qayta ishlanayotgan va yigʻilayotgan detallar, uzellar, tugallanmagan texnologik jarayonlar va mahsulotlar koʻrinishidagi tugallanmagan ishlab chiqarishlar;
tashkilotda tayyorlangan tayyor mahsulotlar.
7. Tashkilotlar favqulodda yoki boshqa vaziyatlarda (misol uchun tabiiy ofatlar yoki fuqaro himoyasi bilan bogʻliq boʻlgan favquloddagi harakatlar) foydalaniladigan energiya resurslari (misol uchun neft) kabi turli resurslarning strategik zaxiralarini saqlasalar, ushbu zaxiralar tovar-moddiy zaxira sifatida tan olinadi va mazkur Standartga muvofiq ravishda hisobga olinadi.
8. Tovar-moddiy zaxiralar quyidagilar natijasida tashkilotga kirim qilinadi:
yetkazib berish (oldi-sotdi) shartnomasi boʻyicha xarid qilinishi;
begʻaraz kelib tushishi (hadya shartnomasi boʻyicha);
uzoq muddatli aktivlar tarkibidan oʻtkazilishi;
ortiqcha (hisobga olinmagan) tovar-moddiy zaxiralarning aniqlanishi;
tashkilotning oʻzida tayyorlanishi;
qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa hollarda.
3-bob. Tovar-moddiy zaxiralarni baholash
1-§. Tovar-moddiy zaxiralar tannarxi
9. Tovar-moddiy zaxiralar ularning tannarxi va realizatsiya qilishning sof qiymatlari asosida baholanadi, bundan mazkur Standartning 10 va 11-bandlari mustasno.
10. Almashuv operatsiyasi amalga oshirilmasdan xarid qilingan tovar-moddiy zaxiralar ularning sotib olish kunidagi haqiqiy qiymati bilan baholanishi kerak.
11. Tovar-moddiy zaxiralar begʻaraz yoki nominal qiymat boʻyicha berish yoki mahsulot ishlab chiqarishda foydalanishga moʻljallangan boʻlsa, ular tannarxi va joriy tiklanish qiymatlariga nisbatan eng kichik qiymatda baholanadi.
12. Tovar-moddiy zaxiralarning tannarxi ularni sotib olish, qayta ishlash va joriy holatiga yetkazish uchun sarf qilingan barcha boshqa xarajatlarini oʻz ichiga oladi.
13. Tovar-moddiy zaxiralarni xarid qilish bilan bogʻliq boʻlgan xarajatlarni aniqlashda:
ularning xarid qiymati;
bojxona bojlari va boshqa soliqlar;
transport-tayyorlov xarajatlari va ularni sotib olish bilan bevosita bogʻliq boshqa xarajatlar hisobga olinadi.
Bunda, savdo chegirmalari, qaytarilgan toʻlovlar va boshqa shu kabi holatlar hisobga olinmaydi.
14. Inventarizatsiya natijasida aniqlangan ortiqcha (hisobga olinmagan) tovar-moddiy zaxiralarni baholash ular aniqlangan sanadagi joriy qiymatdan kelib chiqqan holda belgilanadi.
15. Tugallanmagan ishlab chiqarishdagi tovar-moddiy zaxiralarni tayyor mahsulotning tovar-moddiy zaxiralari holatiga keltirish xarajatlari ishlab chiqarish sohasiga taalluqli boʻladi.
Tovar-moddiy zaxiralarni qayta ishlash xarajatlari mahsulot qiymati bilan bogʻliq boʻlgan bevosita xarajatlarni oʻz ichiga oladi (masalan, ish haqi toʻlovlari uchun toʻgʻridan toʻgʻri xarajatlar). Shuningdek, ularga tayyor mahsulot xomashyosining qayta ishlash jarayonidagi doimiy va oʻzgaruvchan qoʻshimcha ishlab chiqarish xarajatlarining tizimli taqsimoti kiradi.
Doimiy qoʻshimcha ishlab chiqarish xarajatlariga ishlab chiqarish koʻlamidan qatʼi nazar oʻzgarmaydigan bilvosita ishlab chiqarish xarajatlari, amortizatsiya, bino va jihozlarga xizmat koʻrsatish hamda maʼmuriy boshqaruv xarajatlari kiradi.
Oʻzgaruvchan qoʻshimcha ishlab chiqarish xarajatlariga ishlab chiqarish hajmining oʻzgarishiga bogʻliq boʻlgan xarajatlar kiradi (masalan, ish haqi toʻlovlari va xomashyo bilan bogʻliq bilvosita xarajatlar).
16. Quyidagilar tovar-moddiy zaxiralar tannarxidan chiqarib tashlanadigan va oʻsha davr xarajati sifatida tan olinadigan xarajatlar hisoblanadi:
a) xomashyo, bajarilgan mehnat yoki boshqa ishlab chiqarish xarajatlarining normativlardan yuqori sarflanishi;
b) saqlash xarajatlari, agarda ular ishlab chiqarish jarayonida keyingi bosqichga oʻtish uchun zarur boʻlmasa;
v) tovar-moddiy zaxiralarning joriy joylashgan joyi va joriy holatiga keltirish bilan bogʻliq boʻlmagan maʼmuriy qoʻshimcha xarajatlar;
g) realizatsiya xarajatlari.
17. Xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlarning tovar-moddiy zaxiralari ishlab chiqarish qiymati boʻyicha baholanadi.
Mazkur tannarx asosan xizmat koʻrsatishda bevosita ishtirok etuvchi xodimlar, shuningdek nazorat qiluvchi xodimlarning ish haqi xarajatlarini hamda bunga muvofiq qoʻshimcha xarajatlarni oʻz ichiga oladi.
Bunda xizmat koʻrsatish bilan bogʻliq boʻlmagan ish haqi hisobga olinmaydi. Sotish va umumiy maʼmuriy personal bilan bogʻliq ish haqi va boshqa xarajatlar tovar-moddiy zaxiralar tannarxiga qoʻshilmaydi, balki oʻsha davrdagi xarajatlar hisoblanadi.
Xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlarning tovar-moddiy zaxiralari tannarxiga kiruvchi qoʻshilgan marja yoki aloqador boʻlmagan qoʻshimcha xarajatlar kirmaydi.
18. Tashkilotning biologik aktivlaridan foydalanishi natijasida olgan qishloq xoʻjalik mahsulotlarini oʻz tarkibiga oluvchi tovar-moddiy zaxiralar dastlabki tan olinishida hosilni yigʻish davrida sotish xarajatlari chegirgan holda haqiqiy narxi bilan baholanadi.
19. Tannarxni aniqlash metodlari, yaʼni normativ xarajatlar va chakana narxlar hisobi boʻyicha metodlari agar ularning natijalari tannarx qiymatiga yaqin kelsa qulaylik sifatida foydalaniladi.
Normativ xarajatlar xomashyo va materiallar, mehnat, samaradorlik va quvvatining normal foydalanish darajalarini nazarda tutadi. Ular doimiy tekshirilib boriladi, zarurat tugʻilganda ish davomida koʻrib chiqiladi.
20. Tovar-moddiy zaxiralarning tannarxi xarid qilingan davrdagi haqiqiy qiymatiga teng boʻlganda, ular tashkilotga almashuv boʻlmagan operatsiyalar boʻyicha berilishi mumkin. (masalan, homiylar tomonidan kasalxonadagi bemorlar uchun oziq-ovqat mahsulotlari yoki dori-darmon vositalari tekinga berilishi mumkin).
2-§. Tovar-moddiy zaxiralar tannarxini hisoblash usullari
21. Tovar-moddiy zaxiralarning bir-birining oʻrnini bosmaydigan alohida moddalarining tannarxi, shuningdek maxsus loyihalar uchun moʻljallangan va ishlab chiqarilgan tovar yoki xizmatlar xarajatlarining maxsus identifikatsiya yoʻli bilan aniqlanishi kerak.
22. Xarajatlarning maxsus identifikatsiyasi bu maxsus xarajatlar ularning aniq belgilangan moddalariga taalluqliligini bildiradi.
Bu metod sotib olingan yoki ishlab chiqarilganidan qatʼiy nazar maxsus loyihalarga moʻljallangan moddalar uchun mos keladi.
Agar tovar-moddiy zaxiralarning yirik miqdordagi moddalari bir-birining oʻrnini bosganda, xarajatlarning maxsus identifikatsiyasiga mos kelmaydi. Bunday holatlarda, biror davrdagi sof foyda yoki zararga hisob-kitob taʼsirini oʻrganish uchun tovar-moddiy zaxirada qoluvchi predmetni tanlash metodlarining biridan foydalanish mumkin.
23. Mazkur Standartning 22-bandini qoʻllashda, tashkilot bir xil tur va vazifadagi barcha tovar-moddiy zaxiralar uchun bir xil qiymatni hisoblash usulini qoʻllashi kerak. Turli xil tur va vazifalardagi tovar-moddiy zaxiralar (masalan, iqtisodiyotning bir va boshqa segmentlarida ishlatiluvchi tovarlar) uchun har xil hisoblash usullarini qoʻllash mumkin. Tovar-moddiy zaxiralarning joylashgan joylaridagi farqi (shuningdek, turli soliq solish shartlari) turli hisoblash usullaridan foydalanish uchun asos boʻla olmaydi.
24. Mazkur Standartning 21-bandida koʻrsatilgan tovar-moddiy zaxiralardan tashqari tovar-moddiy zaxiralar tannarxi birinchi tushum — birinchi chiqim (bundan buyon matnda FIFO usuli deb yuritiladi) yoki oʻrtacha qiymat (bundan buyon matnda AVECO usuli deb yuritiladi) usullari orqali aniqlanadi.
Tashkilot oʻxshash va foydalanish maqsadi bir xil boʻlgan barcha turdagi tovar-moddiy zaxiralar uchun bir xil hisoblash usulidan foydalanishi kerak.
25. FIFO usuli birinchi sotib olingan tovar-moddiy zaxiralar birinchi sotilishi va shu asosida davr oxirida qolgan tovar-moddiy zaxiralar yaqinda sotib olingan yoki ishlab chiqarilgan tovar-moddiy zaxiralarni nazarda tutadi.
AVECO usuliga koʻra har bir moddaning qiymati davr boshidagi oʻxshash moddalarning va davr davomida sotib olingan yoki ishlab chiqarilgan shunday moddalarning oʻrtacha qiymati orqali aniqlanadi.
3-§. Realizatsiya qilishning sof qiymati
26. Tovar-moddiy zaxiralarga zarar yetgan, toʻliq yoki qisman eskirgan, ularni sotish narxi pasaygan, shuningdek tovar-moddiy zaxiralarni yakunlash, sotish, almashtirish yoki berish xarajatlari kutilayotganidan oshganda, ularning tannarxi qoplanmaydigan hisoblanadi.
27. Tovar-moddiy zaxiralar realizatsiya qilishning sof qiymati moddalar boʻyicha hisobdan chiqariladi.
Bunda bir turdagi mahsulot turiga taalluqli boʻlgan, bir xil maqsad yoki yakuniy isteʼmolga yoʻnaltirilgan, bir hududda ishlab chiqarilgan va sotiladigan hamda bu mahsulotning boshqa qismlari alohida baholana olmaydigan tovar-moddiy zaxiralar guruhlashtirish yoʻli bilan hisobdan chiqariladi.
Tovar-moddiy zaxiralarning tasnifi asosida hisobdan chiqarilmasligi lozim (masalan, muayyan faoliyatdagi barcha bir turdagi tovar moddiy zaxiralar yoxud tayyor mahsulotlar).
Xizmat koʻrsatish sohasidagi tashkilotlar sotish narxi alohida belgilanadigan har bir xizmat boʻyicha xarajatlarni jamlaydi. Buning natijasida har bir shunday xizmat alohida modda sifatida ifodalanadi.
28. Realizatsiya qilishning sof qiymatini hisoblaganda mavjud tovar-moddiy zaxiralarning nimaga moʻljallanganligi hisobga olinadi.
Masalan, tovarlarni sotish yoki xizmat koʻrsatish shartnomalarini bajarish uchun moʻljallangan tovar-moddiy zaxiralarning realizatsiya qilish sof qiymati ushbu shartnomada belgilangan narxlarga asoslanadi.
Agar shartnomalar boʻyicha sotish hajmi mavjud tovar-moddiy zaxiralar hajmidan past boʻlsa, qolgan tovar-moddiy zaxiralarning realizatsiya qilish sof qiymati umumiy sotish narxlariga asoslanadi.
29. Agar tayyor mahsulot tannarxi boʻyicha yoki tannarxidan yuqori darajada sotilishi, almashtirilishi yoki berilishi mumkin boʻlsa, uni ishlab chiqarishda foydalaniladigan materiallar tannarxidan past qiymatda hisobdan chiqarilmaydi.
Agar materiallar narxining tushishi munosabati bilan tayyor mahsulot narxi pasaytirilsa, yaʼni ushbu materiallardan tayyorlangan tayyor mahsulotning tannarxi mazkur tayyor mahsulotni realizatsiya qilishning sof qiymatidan oshsa, materiallar qiymati kamaytirilishi lozim. Bunda, materiallarni qoplash xarajatlari mavjud boʻlgan realizatsiya qilishning sof qiymatini baholashning eng yaxshisi deb hisoblanadi.
30. Har bir keyingi davrda realizatsiya qilishning sof qiymati yangidan baholanadi.
Tovar-moddiy zaxiralarning tannarxidan past qiymatda hisobdan chiqarilmagan hollarda yoki iqtisodiy holatlarning oʻzgarishi oqibatida realizatsiya qilishning sof qiymati oʻsishi aniq holati kuzatilganda, yangi balans qiymati tannarx va qayta koʻrib chiqilgan realizatsiya qilishning sof qiymati oʻlchamlarining eng past miqdorini tanlash orqali hisobdan chiqarish summasi qayta tiklanadi (qayta tiklanish hisobdan chiqarishning dastlabki qiymati doirasida amalga oshiriladi).
4-§. Tovar-moddiy zaxiralarni begʻaraz yoki nominal qiymat boʻyicha oʻtkazib berish
31. Tashkilotlar pul mablagʻlarining sof tushumlarini taʼminlash imkoniyati bilan bevosita bogʻliq boʻlmagan, kelgusida iqtisodiy foyda va xizmat koʻrsatish salohiyatga ega tovar-moddiy zaxiralarga ega boʻlishi mumkin.
Bunday turdagi tovar-moddiy zaxiralar tovarlarni begʻaraz yoki nominal qiymatda oʻtkazib berilishi natijasida kelib chiqadi. Bunda, tovar-moddiy zaxiralarning kelgusidagi iqtisodiy foyda yoki xizmat koʻrsatish imkoniyatidan kelib chiqib haqiqiy narxi boʻyicha moliyaviy hisobotlarda aks ettiriladi.
Kelgusidagi iqtisodiy foyda va xizmat koʻrsatish imkoniyatini bozorda sotib olish imkoni boʻlmasa, almashtirish qiymatini baholash amalga oshiriladi. Agar tovar-moddiy zaxiralar saqlash maqsadi oʻzgarsa, tovar-moddiy zaxiralar mazkur Standartning 9-bandiga muvofiq baholanadi.
4-bob. Tovar-moddiy zaxiralarni xarajat sifatida tan olish
32. Tovar-moddiy zaxiralarning sotilishi, almashtirilishi yoki oʻtkazib berilishidan olingan daromad davriga mos ravishda xarajatlar hisobga olinishi kerak.
Agar u bilan bogʻliq daromad mavjud boʻlmasa, tovarlar oʻtkazib berilganda yoki xizmatlar koʻrsatilganda xarajat sifatida tan olinadi.
Tovar-moddiy zaxiralarning qisman hisobdan chiqarilish va yoʻqotilish xarajatlari ushbu hisobdan chiqarilish va yoʻqotilish davrida xarajatlar sifatida tan olinishi kerak.
Tovar-moddiy zaxiralarning qisman hisobdan chiqarilishining oʻzgarishi amalga oshirilgan davrda xarajat sifatida qabul qilinadi va tovar-moddiy zaxiralar miqdorining kamayishi koʻrinishida hisobga olinadi.
33. Baʼzi bir tovar-moddiy zaxiralar (masalan, asosiy vositalarning qismlari sifatida foydalaniladigan tovar-moddiy zaxiralar) boshqa aktivlar hisobiga kiritiladi. Shu koʻrinishdagi tovar-moddiy zaxiralar mazkur asosiy vositalarning xizmat muddati davomida xarajat sifatida qabul qilinadi.
34. Hisobdan chiqarilayotgan tovar-moddiy zaxiralarning qiymati chiqarilish dalilini aniqlash paytida balansdan chiqarilishi kerak. Tovar-moddiy zaxiralar tashkilotning balansidan:
sotish;
begʻaraz berish;
saqlash muddati tugagach yaroqsizligi sababli jismonan va maʼnan eskirganligi natijasida tugatish (yoʻq qilish);
kamomad, yoʻqotish yoki shikastlanish (sinish, boʻlinish) aniqlanishi;
boshqa operatsiyalar va hodisalar natijasida hisobdan chiqariladi.
35. Tovar-moddiy zaxiralar ular sotib olingan bahoda (yetkazib berish va boshqa qoʻshimcha xarajatlarni ham hisobga olgan holda) yoki ular har xil narxlarda sotib olingan boʻlsa, oʻrtacha bahoda hisobdan chiqariladi.
Materiallar va oziq-ovqat mahsulotlari tashkilot rahbari (yoki uning oʻrinbosari) tomonidan tasdiqlangan tegishli hujjatlarga muvofiq hisobdan chiqarilishi lozim.
5-bob. Axborotni ochib berish
36. Tashkilotning moliyaviy hisobotlarida quyidagi maʼlumotlar ochib berilishi kerak:
tovar-moddiy zaxiralar qiymatini aniqlashda qabul qilingan hisob siyosati, shu jumladan tovar-moddiy zaxiralarning tannarxini hisoblashda foydalanilgan usullar;
tovar-moddiy zaxiralarning umumiy balans qiymati va tashkilotda foydalaniladigan klassifikatsiya boʻyicha balans qiymatlari;
sotish xarajatlarini chegirilgan holda haqiqiy qiymat boʻyicha hisobga olingan tovar-moddiy zaxiralarining balans qiymati;
hisobot davrida xarajat sifatida tan olingan tovar-moddiy zaxiralar summasi;
hisobot davrida xarajat sifatida tan olingan hisobga kiritilgan har qanday tovar-moddiy zaxiralarning hajmi;
hisobot davrida xarajat sifatida tan olingan har qanday tovar-moddiy zaxiralarning qaytarilgan summasi;
majburiyatlar uchun kafolat sifatida garovga qoʻyilgan tovar-moddiy zaxiralarning balans qiymati.
Vazir D. KUChKAROV
Toshkent sh.,
2018-yil 12-dekabr,
151-son