📅 2018-yil 26-dekabr · Prezident qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018-yil 26-dekabr · Prezident qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018 йил 26 декабрь · Президент қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 26 декабря 2018 г. · Постановления Президента
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 26 December 2018 · Presidential resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
СЎРОВНОМА
СЎРОВНОМА
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
[Кўчирма]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 16 августдаги ПФ-5156-сон Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш автоматлаштирилган тизимини ўз вақтида яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилиш, шунингдек, миллий ишлаб чиқувчиларнинг дастурий таъминотларидан максимал фойдаланиш ва биометрик паспорт тизимига кейинги даврда техник хизмат кўрсатиш мақсадида:
1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 16 августдаги ПФ-5156-сон Фармонига мувофиқ 2019 йил 1 январдан бошлаб хорижга чиқиш учун рухсат ёзув стикерини расмийлаштириш тартибининг бекор қилиниши;
биометрик паспорт тизимини қўллаб-қувватлаш, «Хорижга чиқиш паспорти» ва идентификациялаш ID-карталари тизимини яратиш лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини беришни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази (кейинги ўринларда — ДПМ), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматининг 2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш автоматлаштирилган тизимини (кейинги ўринларда — «Хорижга чиқиш паспорти» тизими) жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
3. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Қуйидагилар:
ДПМ — «Хорижга чиқиш паспорти» тизимини яратиш ва Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилиш бўйича лойиҳа буюртмачиси ва лойиҳа бошқарилишини таъминловчи орган этиб белгилансин;
6. Белгилансинки:
«Хорижга чиқиш паспорти» тизимини яратиш ва Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилиш лойиҳаси билан боғлиқ харажатлар ДПМнинг бюджетдан ташқари ҳисоб рақами маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
2018 йил якунлари бўйича ДПМнинг бюджетдан ташқари ҳисоб рақамида қолган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилмайди;
7. ДПМ ва «Хорижга чиқиш паспорти» тизимини яратиш ва Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилиш бўйича пудратчилар томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича «Хорижга чиқиш паспорти» тизимини яратиш ва Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида четдан олиб кириладиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, дастурий таъминотлар, эҳтиёт қисмлар ва материаллар уч йил муддатга божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.
8. ДПМ Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда икки ой муддатда «Хорижга чиқиш паспорти» тизимини яратиш ва Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилиш бўйича техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 10 апрелдаги ПФ-5005-сон Фармонида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза», «АДИС» ҳамда «АСИЛ» автоматлаштирилган тизимларини модернизация қилиш кўзда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда «Паспорт-виза», «АДИС» ҳамда «АСИЛ» автоматлаштирилган тизимларининг «Хорижга чиқиш паспорти» тизими билан интеграция қилишни таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда биометрик паспортлар, фуқароларнинг хорижга чиқиш биометрик паспортлари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини бериш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушадиган давлат божлари миқдори қайта кўриб чиқилишини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг асослантирилган ҳисоб-китоблари асосида, ички идоравий аппарат-дастурий комплексларга техник хизмат кўрсатиш, модернизация қилиш ва такомиллаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун зарур маблағларнинг ажратилишини назарда тутсин.
11. ДПМ манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2021 йилдан бошлаб мавжуд республика биометрик паспорт тизими инфратузилмаси негизида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти ўрнига идентификациялаш ID-карталари бериш тизими жорий этилишини назарда тутсин.
12. ДПМ ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш махсус жамғармаси (кейинги ўринларда — Махсус жамғарма) юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тузилсин ҳамда биометрик паспорт, фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини бериш учун ДПМнинг бюджетдан ташқари ҳисоб рақамига тўланадиган давлат божи тушумларининг 3 фоизи миқдоридаги ажратмалар унинг маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин.
ДПМ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ДПМ ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш махсус жамғармаси тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
ДПМга ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан, шу жумладан хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ДПМнинг буюртманомалари асосида «Хорижга чиқиш паспорти» тизимини яратиш ва Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассисларга кўп марталик кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмаган ҳолда белгиланган тартибда расмийлаштиришни таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига «Хорижга чиқиш паспорти» тизимини яратиш ва Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассисларга, давлат божлари ундирилмаган ҳолда кўп марталик визаларни белгиланган тартибда расмийлаштириш, бериш ва муддатини узайтириш, шунингдек, вақтинчалик рўйхатга қўйиш, яшаш жойида ҳисобга олиш ва унинг муддатини узайтиришга рухсат берилсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, ДПМ, Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4079-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, бериш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, консуллик ҳисобига қўйиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти (кейинги ўринларда — биометрик паспорт) — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари сақланган электрон ахборот ташувчига (чипга) эга бўлган ҳужжат;
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти (кейинги ўринларда — хорижга чиқиш биометрик паспорти) — хорижга чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш, шунингдек, хорижда туриш вақтида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари сақланган электрон ахборот ташувчига (чипга) эга бўлган ҳужжат;
идентификация электрон картаси (кейинги ўринларда — ID-карта) — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эгасининг шахсини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, ҳар бир фуқаронинг ягона идентификация рақами ва унинг шахсий маълумотлари сақланган, давлат хизматларидан фойдаланиш вақтида шахсни аниқлаш учун фойдаланиладиган ҳужжат;
верификация — паспортга киритилган биометрик параметрлар унинг эгасининг биометрик параметрлари билан мослигини машинада текшириш;
хорижда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, хорижга чиқиб, вақтинча у ерда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
хорижда доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — Ўзбекистон Республикасидаги яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлиги бекор қилиниб, хорижга доимий яшашга чиқиш учун белгиланган тартибда рухсатнома расмийлаштирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
паспорт олиш учун талабнома — паспорт олувчи ҳақида маълумотларни йиғиш пункти томонидан шакллантирилган биографик маълумотлар ва биометрик параметрларни ўз ичига олган электрон ҳужжат (кейинги ўринларда — талабнома);
консуллик округи — консуллик функцияларини бажариш учун консуллик муассасаси иш олиб борадиган ҳудуд бўлиб, у бир нечта давлат ҳудудини ўз ичига олиши мумкин;
консуллик муассасаси — Ўзбекистон Республикасининг чет давлатда таъсис этиладиган дипломатик ваколатхонасининг консуллик бўлими, Ўзбекистон Республикасининг бош консулхонаси, консулхонаси, вице-консуллиги ва консуллик агентлиги;
консуллик рўйхати — тегишли консуллик округи ҳудудига келган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари қошида белгиланган тартибда қайддан ўтказиш;
вақтинча консуллик рўйхати — хорижда вақтинча бўладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари томонидан қайддан ўтказиш;
доимий консуллик рўйхати — доимий яшаш учун хорижга чиқиш рухсатномаси белгиланган тартибда расмийлаштирилган, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаси консуллик округи ҳудудида доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайддан ўтказиш;
персоналлаштириш — паспорт эгасининг биографик маълумотларини ва биометрик параметрларини паспорт бланкига киритиш;
маълумотларни йиғиш пункти — хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун мурожаат қилган фуқароларнинг биографик маълумотларини ва биометрик параметрларини жамлаш, ушбу маълумотларни Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаментига (кейинги ўринларда — Миграция ва персоналлаштириш департаменти) юбориш ҳамда фуқароларга янги расмийлаштирилган биометрик параметрли паспортларни бериш вазифаларини бажарувчи ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари ҳамда туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари;
хизматдан фойдаланувчи — хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва олиш учун мурожаат этган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлиги бекор қилиниб, хорижга доимий яшашга чиқиб кетган ва доимий консуллик рўйхатида турадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бундан мустасно).
3. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлардан ташқари ҳолда, ушбу Низомда назарда тутилган тартибда хорижга эркин чиқиш ва Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқига эга.
4. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижга чиқадиган ҳолларда уларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилади. Хориждаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам хорижга чиқиш биометрик паспортига эга бўлишлари шарт.
Ўзбекистон Республикасининг биометрик дипломатик паспорти билан хорижга чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 16 августдаги ПФ-4554-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг биометрик дипломатик паспорти тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
Консуллик рўйхатида турувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, бериш ва алмаштиришга оид давлат хизматлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибга асосан амалга оширилади.
4 1 . Фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқишда;
илгари хорижга чиқиш биометрик паспорти билан ҳужжатлаштирилмаган, консуллик рўйхатига олинган фуқаролар хорижда бўлганида;
фарзанд хорижда туғилганида;
хорижга чиқиш биометрик паспортининг амал қилиш муддати тугаганида;
фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, жинси ўзгарганида;
ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганида;
маълумотлар ёки визалар учун мўлжалланган бетлар ишлатилиб бўлинганида;
хорижга чиқиш биометрик паспорти бланкаси яроқсиз ҳолга келганида;
хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқотиб қўйилганида;
суд ажрими билан хорижга чиқиш биометрик паспортининг амал қилиши тўхтатиб турилганда;
хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида;
илгари берилган хорижга чиқиш биометрик паспортини муддатидан олдин алмаштириш бўйича мурожаат этилганда.
5. Хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳар қандай давлатга чиқиш учун ҳақиқийдир.
Хорижда доимий яшаётган ва доимий консуллик рўйхатида турадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш биометрик паспорти, унинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган даврда шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиб, давлат хизматларидан фойдаланиш учун ҳақиқийдир.
6. Хорижга чиқиш биометрик паспорти Ўзбекистон Республикасининг мулкидир ва унинг эгаси Ўзбекистон Республикасининг ҳимоясида бўлади.
7. Хорижга чиқиш биометрик паспорти фуқароларга қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:
туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача — икки йил муддатга;
бир ёшдан 25 ёшгача — 5 йил муддатга;
25 ёшдан ошган шахсларга — 10 йил муддатга.
Амал қилиш муддати тугаганидан кейин хорижга чиқиш биометрик паспорти маълумотларни йиғиш пунктига топширилади.
Амал қилиш муддати тугаган ёки яроқсиз ҳолатга келган, аммо ичига қўйилган хорижий давлатларга кириш визаларининг амал қилиш муддати тугамаган хорижга чиқиш биометрик паспортлари қайта расмийлаштирилган тақдирда, хизматдан фойдаланувчининг сўровига кўра маълумотларни йиғиш пункти ходими томонидан ушбу паспортга бекор қилинганлигини ифодаловчи махсус белги қўйилган ҳолда, янги хорижга чиқиш биометрик паспорти билан бирга эски хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳам қайтариб берилади.
8. Хорижга чиқиш биометрик паспорти бланки қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланади.
Хорижга чиқиш биометрик паспорти бланкларини тайёрлаш «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида амалга оширилади. Персоналлаштириш, ҳисобга олиш ишлари ҳамда тайёрлаш вақтида бузилган ва маълумотларни йиғиш пунктларидан алмаштириш учун қайтарилган паспортларни йўқ қилиш — Миграция ва персоналлаштириш департаментида, хорижга чиқиш биометрик паспортларини эгаларига бериш ва ҳақиқий бўлмаган хорижга чиқиш биометрик паспортларини йўқ қилиш — маълумотларни йиғиш пунктларида амалга оширилади.
Хорижга чиқиш биометрик паспортларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида етказиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Давлат фельдъегерлик хизмати (кейинги ўринларда — ДФХ) томонидан амалга оширилади.
Хорижга чиқиш биометрик паспортларини хориждаги маълумотларни йиғиш пунктларига ва консуллик муассасаларидан Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш белгиланган тартибда дипломатик почта воситаси орқали амалга оширилади.
9. Хорижга чиқиш биометрик паспорти белгиланган намуна бўйича тайёрланади ва инглиз тилида персоналлаштирилади.
10. Хорижга чиқиш биометрик паспорти бланкига қуйидаги асосий маълумотлар киритилади:
паспортни берган давлатнинг номи;
ҳужжатнинг номи;
ҳужжатнинг тури;
паспортни берган давлатнинг коди;
паспорт серияси ва рақами;
фамилия, исм, ота исми;
фуқаролиги;
туғилган санаси;
туғилган жойи;
жинси;
берилган сана;
берган орган;
амал қилиш муддати тугайдиган сана;
эгасининг рақамли сурати;
эгаси ҳақидаги машина ўқийдиган маълумотлар.
11. Чипга қуйидаги маълумотлар киритилади:
паспорт эгасининг биографик маълумотлари;
эгасининг рақамли сурати;
қўл бармоқларининг излари — 16 ёшга етганидан кейин.
12. Хорижга чиқиш биометрик паспортига қуйидаги қайдлар киритилади:
паспорт эгасининг хорижда доимий яшаш учун чиқишига рухсат берилганлиги тўғрисида мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ штамп;
давлат чегарасидан ўтганлиги тўғрисида;
консуллик рўйхатига олингани ёки консуллик рўйхатидан чиқарилгани тўғрисида;
никоҳ қайд этилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисида;
хорижий давлатларга кириш учун рухсатнома (виза) тўғрисида;
ҳамроҳлик қилувчи шахслар тўғрисида (вояга етмаган фуқаролар учун) мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ штамп;
илгари қўйилган қайдлар бекор қилинганлиги тўғрисида.
Паспортда унинг эгасининг имзоси бўлиши шарт.
Паспорт эгаси қонининг гуруҳи ва резус-мансублик тўғрисидаги қайдлар унинг розилиги билан амалга оширилади.
13. Хорижга чиқиш биометрик паспортига:
ички ишлар органлари бўлинмалари томонидан — хорижда доимий яшаш учун чиқишига рухсат берилганлиги ҳақидаги, ҳамроҳлик қилувчи шахслар ҳақидаги (вояга етмаган фуқаролар учун);
чегара назорати бўлинмалари томонидан — Давлат чегарасидан ўтганлик ҳолати ҳақидаги;
фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан — никоҳ қайд этилганлиги ва никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги (доимий консуллик рўйхатида туриб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган фуқаролар учун);
соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан — қон гуруҳи ва резус-мансублик ҳақидаги;
Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари томонидан — вақтинчалик ва доимий консуллик рўйхатига олиш ёки консуллик рўйхатидан чиқариш ҳақидаги, никоҳ қайд этилганлиги ва никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги, ҳамроҳлик қилувчи шахслар ҳақидаги (вояга етмаган фуқаролар учун);
чет давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан — хорижий давлатларга кириш рухсатномалари (кириш визаси) ҳақидаги қайдлар киритилади.
Муассасалар зарур ҳолларда ўзлари илгари қўйган қайдларни бекор қилганликлари тўғрисида қайдлар киритишлари мумкин.
Паспортларга ушбу Низомда назарда тутилмаган ёзувларни ва қайдларни киритиш тақиқланади.
14. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига муддатли ҳарбий хизматга чақирилган фуқаролардан хорижга чиқиш биометрик паспортлари мудофаа ишлари бўлимлари томонидан олиб қўйилади ва хизмат тугагунга қадар сақланади. Муддатли ҳарбий хизмат тугаганидан кейин мудофаа ишлари бўлимлари олиб қўйилган хорижга чиқиш биометрик паспортларни фуқароларга улар ҳарбий ҳисобга қўйилганидан кейин ўн кун муддатда қайтариб беришлари шарт.
Шартнома асосида ҳарбий хизматга, ўқиш учун олий ҳарбий таълим муассасаларига кирган фуқаролардан хорижга чиқиш биометрик паспортлари ҳарбий қисмларнинг ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларининг кадрлар билан ишлаш органлари томонидан олиб қўйилади ва штабларда сақланади.
Ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизмат назарда тутилган тегишли вазирликларда ва идораларда сақланаётган хорижга чиқиш биометрик паспортлари амал қилиш муддати тугаганидан кейин белгиланган тартибда йўқ қилиш учун маълумотларни йиғиш пунктларига жўнатилади.
2-боб. Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби
15. Хизматдан фойдаланувчиларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ схемага асосан маълумотларни йиғиш пунктида амалга оширилади.
Қуйидаги ҳолларда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш бўйича давлат хизмати фақат миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари томонидан кўрсатилади:
фуқаро доимий яшаш учун чет элга чиқиб кетаётганда;
ушбу Низомга мувофиқ, хорижга чиқиш биометрик паспортлари вазирликлар ва идораларнинг ёзма илтимосномалари асосида расмийлаштирилиши шарт бўлган ҳолларда;
хорижга чиқиш биометрик паспорти суриштирув, тергов органлари ёки суд томонидан ашёвий далил сифатида олиб қўйилганда;
хорижга чиқиш биометрик паспортининг амал қилиши суд ажрими билан тўхтатиб турилганда.
16. Хизматдан фойдаланувчилар хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтган манзилидан қатъи назар, экстерриториаллик тамойили асосида исталган маълумотларни йиғиш пунктига ўзи келиб ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП)дан рўйхатдан ўтади.
17. Кекса, ўзгалар парваришига муҳтож ёки ногиронлиги бўлган шахсларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва беришга оид хизматлар тегишли мурожаатга асосан, бевосита яшаш ёки турган жойига чиқиш орқали амалга оширилади.
18. Хизматдан фойдаланувчилар хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш юзасидан маълумотларни йиғиш пунктига ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, маълумотларни йиғиш пункти ходимлари томонидан фуқаро номидан электрон тарзда, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса мустақил равишда ушбу Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради.
19. 16 ёшга тўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун сўровнома ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ шаклда тўлдирилади.
20. Фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш юзасидан сўровномани ЯИДХП орқали электрон тарзда юборганда, сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди, ушбу Низомнинг 22-банди бешинчи ва еттинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Хизматдан фойдаланувчи сўровномани ЯИДХП орқали юбориш чоғида ўзига қулай бўлган маълумотларни йиғиш пунктини (хизматдан фойдаланувчининг юзини рақамли форматда расмга олиш ва қўл бармоқларининг электрон изларини тўплаш ишларини амалга ошириш учун) танлайди.
Хизматдан фойдаланувчи сўровнома ЯИДХП орқали юборилган кундан бошлаб, бир ой муддат ичида маълумотларни йиғиш пунктига ташриф буюрмаган тақдирда, ушбу сўровнома кўриб чиқилмайди.
21. Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш бўйича сўровнома маълумотларни йиғиш пункти ходими томонидан тўлдирилгач, ундаги маълумотларнинг тўғри эканлиги хизматдан фойдаланувчи томонидан электрон рақамли имзо, у бўлмаганда эса, имзони идентификация қилишнинг бошқа замонавий воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) орқали тасдиқланади.
22. Давлат хизматини кўрсатишда сўровнома ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардан (биометрик паспорт ёки ID-карта) бошқа ҳужжатлар талаб этилишига йўл қўйилмайди, қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:
илгари берилган хорижга чиқиш биометрик паспортини муддатидан аввал алмаштириш бўйича мурожаат этган тақдирда — илгари берилган хорижга чиқиш биометрик паспортининг асл нусхаси;
хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилган ҳолларда — ваколатли органнинг қарори нусхаси;
хорижга чиқиш биометрик паспортининг амал қилиши суд ажрими билан тўхтатиб турилганида — процессуал мажбурлов чораси бекор қилинганлиги ҳақида ваколатли органнинг қарори нусхаси;
вояга етмаган шахслар учун-ота-оналари ёки васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги, ота-оналарнинг ҳар иккиси маълумотларни йиғиш пунктига бевосита мурожаат қилган ҳоллар бундан мустасно. Сўровнома ЯИДХП орқали юборилганда, ота-оналар ёки васийлар (ҳомийлар)нинг нотариал тасдиқланган розилиги талаб этилмайди. Бунда, ота-оналар ёки васийлар (ҳомийлар)нинг розилиги фақат электрон рақамли имзони қўллаш орқали амалга оширилади;
вояга етмаган шахслар учун — фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти (ҳамроҳлик қилувчи шахс вояга етмаганнинг отаси ва (ёки) онаси ёхуд васий ёки ҳомийси бўлган ҳоллар бундан мустасно);
15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда, хорижга кузатувчисиз чиқиши мумкин. Ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига розилиги, улар бевосита маълумотларни йиғиш пунктига ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилган тақдирда, нотариал тасдиқланиши талаб этилмайди. Сўровнома ЯИДХП орқали юборилганда ота-оналар ёки васийлар (ҳомийлар)нинг розилиги фақат электрон рақамли имзони қўллаш орқали амалга оширилади.
23. Ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришда маълумотларни йиғиш пункти томонидан электрон тизим орқали тегишли мудофаа органлари реал вақт режимида хабардор қилинади.
24. Сўровномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ахборот тизимлари ёрдамида автоматик равишда текширилади.
25. Автоматлаштирилган тизим орқали сўровномага киритилган маълумотларнинг тўғрилиги тасдиқлангач, маълумотларни йиғиш пункти масъул ходими хизматдан фойдаланувчига қонунчиликда белгиланган давлат божини тўлаш бўйича инвойс тақдим этади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинган ҳолларда эса, тўлов инвойси автоматик тарзда хизматдан фойдаланувчининг шахсий саҳифасига келиб тушади.
26. Хизматдан фойдаланувчи томонидан давлат хизмати учун тўловлар инвойс рақами келиб тушган вақтдан бошлаб 1 ой муддат ичида амалга оширилади.
Тўлов белгиланган муддатда амалга оширилмаган мурожаатлар кўриб чиқилмайди.
27. Хорижга чиқиш биометрик паспорти берилганлиги учун «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунда белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.
Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда давлат божи суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Давлат хизмати Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилганда, давлат божи суммасининг 50 фоизи миқдорида, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига кўрсатилганда — 75 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади. Бунда мазкур чегирма:
«Ижтимоий реестрнинг «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига «давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан чиқарилганлиги муносабати билан киритилган оилаларга уларнинг илгари белгиланган тоифасига мувофиқ;
оғир ҳаётий вазиятга тушган оила сифатида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга «камбағал оила» тоифасидаги оила учун белгиланган миқдорда, улар Ижтимоий реестрда турган даврда, бироқ ушбу реестрга киритилган санадан бошлаб 12 ойдан кўп бўлмаган муддатда қўлланилади;
Давлат божи тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари, шу жумладан Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланади.
28. Фуқаролар «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, қуйидаги ҳолларда хорижга чиқиш биометрик паспорти берилганлиги учун давлат божини тўлашдан озод қилинади:
яқин қариндошлари вафот этган ёки улар дафн этилган жойларни зиёрат қилганда;
фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларга (битимларга) биноан улар хориж судларига фуқаролик ва жиноят ишлари юзасидан тарафлар, гувоҳлар ва экспертлар сифатида чақирилган тақдирда;
вояга етмаган шахсга, шунингдек унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга хорижий давлатда ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатилганда ёки жарроҳлик амалиёти ўтказилганда;
вояга етмаган шахс илм-фан, таълим, спорт ёки маданият соҳаларидан биридаги халқаро тадбирда ёки мусобақада иштирок этганда;
Ижтимоий реестрга киритилган шахсга, шунингдек, унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга хорижий давлатда ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатилганда ёки жарроҳлик амалиёти ўтказилганда;
биометрик паспорт Ўзбекистон Республикаси ёки чет давлатлар ҳудудида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёниши, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) юз берганлиги натижасида жабрланган жисмоний шахслар томонидан йўқотилган ёхуд яроқсиз ҳолга келганда.
Бунда, ушбу ҳолатларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар (яқин қариндоши эканлигини тасдиқловчи ҳужжат, яқин қариндоши хорижий давлатда дафн этилганлигини тасдиқловчи ваколатли орган томонидан берилган ҳужжат, хорижий давлатлар судининг тегишли ҳужжати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан берилган йўлланма, фуқаронинг халқаро тадбир ёки мусобақага юборилаётганлиги тўғрисида масъул ваколатли давлат органининг маълумотномаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан берилган, гербли муҳр билан тасдиқланган ёнғин содир бўлганлиги ҳақидаги далолатнома ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар) сўровномага илова қилинади.
Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан хорижга хизмат сафарига юбориладиган фуқароларнинг хорижга чиқиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар учун давлат божи белгиланган тартибда ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тўланади.
29. Давлат божи суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) хизматдан фойдаланувчи Марказга ўзи келиб мурожаат қилганда:
45 фоизи — Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаментининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;
5 фоизи — Адлия вазирлиги Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;
қолган маблағлар — Давлат бюджетига ўтказилади;
б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:
45 фоизи — Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаментининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;
5 фоизи — ЯИДХП орқали шакллантирилган сўровнома бўйича хизматдан фойдаланувчи танлаган маълумотларни йиғиш пункти туридан келиб чиқиб, тегишлича Адлия вазирлиги Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ёки Ички ишлар вазирлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;
5 фоизи — Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига ўтказилади;
қолган маблағлар — Давлат бюджетига ўтказилади;
в) миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари орқали мурожаат қилинганда:
45 фоизи — Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаментининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;
5 фоизи — Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;
қолган маблағлар — Давлат бюджетига ўтказилади.
30. Тўлов муваффақиятли ўтгандан сўнг, хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш бўйича шакллантирилган сўровнома қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш учун ахборот тизими орқали Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати органларига юборилади:
Ички ишлар органларига — судланганлик, маъмурий назоратда турганлик, шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо ва шартли ҳукм қўлланилганлик, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларга суд томонидан мажбуриятлар юклатилганлик, шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлик ҳолатларини, ҳужжат ва шахс текшируви ҳамда шахсни идентификация қилиш бўйича текширувлардан ўтказиш учун;
Давлат хавфсизлик хизмати органларига — мурожаат этувчининг хорижга чиқиш биометрик паспортини беришга доир хизмат кўрсатишни рад этувчи, ушбу низомда назарда тутилган асослар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текшириш учун;
Миграция ва персоналлаштириш департаментига — хорижга чиқиш биометрик паспортини чоп этиш ва маълумотларни йиғиш пунктига юбориш учун.
31. Маълумотларни йиғиш пункти томонидан хорижга чиқиш биометрик паспорти хизматдан фойдаланувчи мурожаат этиб, тегишли тўловларни амалга оширган кундан бошлаб, ЯИДХП орқали мурожаат қилинган ҳолларда эса, маълумотларни йиғиш пунктида хизматдан фойдаланувчининг биографик маълумотларини, қўл бармоқларининг электрон изларини (16 ёшдан катта шахслар учун) тўплаш, юзни тўғридан рақамли форматда расмга олиш ишлари амалга оширилган пайтдан бошлаб, ўн иш куни (16 ёшдан 25 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун қўшимча ўрганишлар талаб этиладиган алоҳида ҳолларда — бир ой) ичида тақдим этилади.
32. Фуқаро давлат хизматини кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида ушбу хизматдан фойдаланишдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Хизматдан фойдаланувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади ҳамда амалга оширилган тўлов суммаси хизматдан фойдаланувчига қайтарилмайди.
33. Ўзбекистон Республикасининг вояга етмаган фуқаросига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида қуйидаги ҳолатларда ота-онадан бирининг розилиги талаб қилинмайди:
ота-онанинг бири вафот этганда;
боқувчиси ёлғиз она бўлган ҳолларда;
боланинг ота-онасидан бири хориж фуқароси бўлганида;
ота-онадан бири суд томонидан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинган, бедарак йўқолган деб топилган ёхуд муомалага лаёқатсиз деб топилганида;
ота-онадан бирининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлиги хорижга доимий яшашга кетганлиги муносабати билан бекор қилинганида.
Мазкур банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатлар маълумотларни йиғиш пункти ходимлари томонидан «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали, олтинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар эса Ички ишлар вазирлигининг «Манзил» ахборот тизими орқали мустақил равишда текширилади.
Ушбу банднинг бешинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатларни тасдиқлаш учун тегишли суд қарорининг нусхаси тақдим этилади.
34. Вояга етмаган шахсларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш хизмати юзасидан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида чиққан ҳар қандай низолар суд тартибида ҳал қилинади.
35. Ота-онанинг бири ўз боласининг хорижга чиқишига рози бўлмаган тақдирда, унинг хорижга чиқиш ҳуқуқини чеклаш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
36. 16 ёшга тўлмаган шахслар номидан уларнинг ота-оналари, васийлари (ҳомийлари), ушбу шахсларни хорижга юбораётган ташкилотларнинг вакиллари мурожаат қилади.
37. Тақдим этилган ҳужжатлар асосида маълумотларни йиғиш пункти хизматдан фойдаланувчининг биографик маълумотларини, қўл бармоқларининг электрон изларини (16 ёшдан катта шахслар учун) тўплайди, юзни тўғридан рақамли форматда расмга олади ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш бўйича электрон талабномани шакллантиради. Талабнома электрон шаклда автоматик тарзда Миграция ва персоналлаштириш департаментига жўнатилади.
38. Хизматдан фойдаланувчи ўз ихтиёрига кўра давлат хизматини кўрсатишнинг тегишли босқичлари (мурожаат қабул қилиниб, тўлов учун инвойс ҳамда тайёр бўлган хорижга чиқиш биометрик паспортнинг маълумотларни йиғиш пунктига етказилганлиги) ҳақида автоматик равишда смс-хабар йўллаш орқали хабардор қилиб борилиши мумкин.
Давлат хизматини кўрсатишнинг тегишли босқичлари ЯИДХП ёки Миграция ва персоналлаштириш департаментининг расмий веб-сайти орқали текшириб олинади.
39. Миграция ва персоналлаштириш департаментининг Персоналлаштириш маркази тайёр бўлган хорижга чиқиш биометрик паспортини уни расмийлаштириш учун ДФХ орқали талабнома юборган маълумотларни йиғиш пунктига топширади.
Маълумотларни йиғиш пункти хорижга чиқиш биометрик паспортини қабул қилиб олган куннинг ўзида хизматдан фойдаланувчини паспортни олиб кетиш мумкинлиги ҳақида хабардор қилади.
39 1 . Хизматдан фойдаланувчи сўровномада хорижга чиқиш биометрик паспорти почта алоқаси орқали етказиб берилишини кўрсатган бўлса, маълумотларни йиғиш пункти ходимлари хорижга чиқиш биометрик паспортини почта хизмати ходимига беради.
Бунда почта харажатлари хизматдан фойдаланувчи ҳисобидан қопланади.
Почта хизмати томонидан кўрсатилган хизмат учун тўлов миқдорини почта хизмати белгилайди.
Почта хизмати ходими тайёр бўлган хорижга чиқиш биометрик паспортини олгандан сўнг хизматдан фойдаланувчи билан телефон орқали боғланиб, сўровномада кўрсатилган манзилга (Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказида бир иш куни, қолган ҳудудларда икки иш куни ичида) хорижга чиқиш биометрик паспортини етказиб беради.
39 2 . Хизматдан фойдаланувчи билан телефон орқали келишилган вақтда у ушбу манзилда бўлмаса, хизматдан фойдаланувчи хорижга чиқиш биометрик паспортини ушбу ҳудуддаги почта алоқаси бўлимидан ўн иш куни давомида олиши мумкин.
Хизматдан фойдаланувчи хорижга чиқиш биометрик паспортини мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган муддатда олиб кетмаса, почта хизмати ходими уни маълумотларни йиғиш пунктига топширади. Бунда хизматдан фойдаланувчининг ўзи шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан сўровномада кўрсатилган маълумотларни йиғиш пунктига келиб хорижга чиқиш биометрик паспортини олиб кетади.
Почта хизмати учун тўланган тўловлар қайтарилмайди.
Почта хизмати ходими хорижга чиқиш биометрик паспортини маълумотларни йиғиш пунктидан қабул қилиб олгандан бошлаб уни фойдаланувчига ёки тегишли маълумотларни йиғиш пунктига қайта топширгунга қадар бут сақланишини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланади.
40. Тайёр бўлган хорижга чиқиш биометрик паспорти фақатгина хизматдан фойдаланувчининг ўзига тақдим этилади.
Бунда 16 ёшдан катта шахсларга хорижга чиқиш биометрик паспорти қўл бармоқларининг электрон изларини солиштириш орқали верификация қилиш ёки биометрик идентификация қилиш (Face-ID) орқали тақдим этилади.
40 1 . 16 ёшга тўлмаган шахснинг хорижга чиқиш биометрик паспорти унинг ота-оналарига, васийлари (ҳомийлари)га, хорижга чиқиш биометрик паспорти бериш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилган ташкилотларнинг вакилларига тақдим этилади.
40 2 . Фуқаро ва қонуний вакиллар хорижга чиқиш биометрик паспортини авайлаб сақлаши шарт.
40 3 . Фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, жинси ўзгарганлиги ёхуд ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан хорижга чиқиш биометрик паспорти алмаштирилаётганда фуқаро маълумотларни йиғиш пунктига ушбу ҳолатларни тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этади.
Ёзувларда ноаниқликлар ва хатоликларга маълумотларни йиғиш пункти ёки Миграция ва персоналлаштириш департаменти ходимларининг айби билан йўл қўйилган тақдирда, фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини қайта расмийлаштириб берганлик учун давлат божи ундирилмайди.
40 4 . Хорижга чиқиш биометрик паспорти, хизматдан фойдаланувчининг хоҳишига кўра, амал қилиш муддати қанча қолганидан қатъи назар, исталган вақтда алмаштирилиши мумкин. Бунда хорижга чиқиш биометрик паспортини алмаштириш мазкур бобда белгиланган тартибда амалга оширилади.
3-боб. Хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишни рад этиш асослари
40 5 . қуйидагилар хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос бўлади:
а) ушбу Низомда назарда тутилган талаб этилувчи ҳужжатлар тақдим этилмаганда;
б) агар шахс ўзи тўғрисида била туриб сохта ёки нотўғри маълумотларни тақдим этган бўлса;
в) қўл бармоқларининг изларини олиш тартиб-таомилидан бош тортилган ва кўзойнак тақиб ёки бош кийим, ташқи кўринишга таъсир қилувчи ашёлар билан суратга тушиш истаги қатъий билдирилган бўлса;
г) агар шахсга нисбатан хорижга чиқишига тўсқинлик қиладиган шартнома, контракт мажбуриятлари амал қилаётган бўлса, ушбу мажбуриятларнинг амал қилиш муддати тамом бўлгунига қадар;
д) агар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса — иш юзасидан узил-кесил суд қарори ёки бошқа қарор қабул қилингунга қадар (суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма хати асосида);
е) агар шахс ички ишлар органларининг маъмурий назоратида бўлса — назорат тўхтатилгунгача (маъмурий назоратни амалга оширувчи органнинг ёзма хати асосида);
ж) агар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо ва шартли ҳукм қўлланилган бўлса — жазони ўтаб бўлгунигача ёки жазодан ва шартли ҳукмдан озод қилингунга қадар (жазони ижро этувчи органнинг ёзма хати асосида);
з) агар шахсда суд томонидан юкланган ижро этилмаган мажбуриятлар бўлса — мажбуриятлар ижро этилгунга қадар, вояга етмаган болаларни таъминлаш учун алиментлар олдиндан тўланганлиги Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг маълумотномалари билан тасдиқланган ҳолатлар бундан мустасно;
и) агар шахсга нисбатан ваколатли органларнинг мазкур шахс хорижга чиқиши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи ахбороти мавжуд бўлса;
к) агар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларга суд томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқмаслик мажбурияти юклатилган бўлса.
Хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишни ушбу бандда назарда тутилмаган бошқа асослар билан рад этишга йўл қўйилмайди.
40 6 . Хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилганидан кейин шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш фақат қонунда белгиланган ҳолларда амалга оширилиши мумкин. Фуқаронинг давлат чегараси орқали ўтиш ҳуқуқини чеклаш суриштирув, тергов ёки суд органлари қарори асосида чегара назорати бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
40 7 . Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришни ушбу низомнинг 40 5 ва 40 6 -бандларида назарда тутилган асослар бўйича рад этиш ёки фуқароларнинг хорижга чиқишини чеклаш, шунингдек, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришга доир давлат хизматини кўрсатиш тартибини бузиш юзасидан бўйсуниш тартибида юқори турувчи органга ёхуд бевосита судга шикоят қилиниши мумкин.
4-боб. Консуллик рўйхати
41. Белгиланган тартибда хорижга доимий яшаш учун чиқиб кетган, шунингдек, олти ойдан ортиқ муддат давомида хорижда вақтинчалик турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари консуллик муассасаларида доимий ёки вақтинчалик консуллик рўйхатига туришлари лозим.
42. Ўзбекистон Республикасидаги яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлиги бекор қилиниб, хорижга доимий яшашга чиқиш учун белгиланган тартибда рухсатнома расмийлаштирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари доимий консуллик рўйхатига олинадилар.
43. Хорижга хизмат сафарига, ўқишга, даволанишга, ишга ва ўз оиласи билан бирлашиш учун чиқиб кетган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари вақтинчалик консуллик рўйхатига олинадилар.
Ўзбекистон Республикасининг фуқароси борган мамлакатида қонуний тарзда яшаётган бўлса ва мамлакатга олти ойдан ортиқ муддатга борган бўлса вақтинчалик консуллик рўйхатига олинади.
44. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари доимий яшаш жойини, шунингдек, иш, ўқиш ёки хизмат сафари жойини олти ойдан ортиқ муддатга ўзгартирганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасига қарашли бошқа консуллик муассасасининг консуллик округи ҳудудига кўчиб ўтган тақдирда олдинги яшаш жойидаги консуллик рўйхатидан (доимий, вақтинчалик) чиқишлари ҳамда янги келган жойларида консуллик рўйхатига олинишлари лозим.
45. Доимий консуллик рўйхатига олиш учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда консуллик йиғимлари ундирилади.
46. Вақтинча яшаш учун хорижга чиқиб кетган, у ерда қонуний тарзда яшаётган ҳамда хорижда доимий яшашга қарор қилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари доимий яшаш учун рухсатномани расмийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг тегишли консуллик муассасасига қуйидаги ҳужжатлар билан мурожаат қилишлари шарт:
белгиланган шаклдаги ариза-анкета;
биометрик бўлмаган намунадаги паспорт ёки биометрик паспорт ёхуд хорижга чиқиш биометрик паспорти;
туғилганлик ҳақида гувоҳноманинг нусхаси;
ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўлимининг белгиланган намунадаги маълумотномаси (ҳарбий хизматга мажбурлар учун);
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган ўз ота-оналарининг ва турмуш ўртоғининг (биргаликда чиқиш ҳолатлари бундан мустасно), шунингдек, агар биргаликдаги никоҳдан вояга етмаган болалар бўлса, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган собиқ турмуш ўртоғининг нотариал тасдиқланган розилиги;
консуллик йиғимлари тўланганлиги ҳақидаги квитанция.
Фуқаро ўзи яшаб турган мамлакатда Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси бўлмаган тақдирда, мазкур мамлакат Ўзбекистон Республикасининг хориждаги қайси консуллик округига кирса ўша консуллик округининг консуллик муассасасига мурожаат қилади. Хориждаги консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшашни расмийлаштириш бўйича қабул қилинган ҳужжатларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юборадилар. Консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг доимий яшаш учун рухсатини олгач, ариза берувчини доимий консуллик ҳисобига қабул қиладилар.
47. Хорижда доимий яшаётган ва Ўзбекистон Республикасига доимий яшаш жойига қайтиб келишни режалаштираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасасидаги консуллик рўйхатидан чиқишлари лозим.
Агар фуқаролар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлсалар, улар консуллик рўйхатидан чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қиладилар.
48. Консуллик рўйхатига олиш ва чиқариш ҳақидаги аризаларнинг, фуқароларни консуллик рўйхатига олиш ва чиқаришга доир қайд этиш китоблари ва бошқа ҳужжатларнинг шакллари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
5-боб. Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришга доир алоҳида тартиботлар
49. Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлардан хабардор фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш Давлат хавфсизлик хизматининг тегишли органлари билан келишилади.
Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлардан хабардор фуқароларнинг хорижга чиқиш биометрик паспортлари давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар билан ишлаш ёки махфий-режим бўлинмаларида сақланади.
Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлардан хабардор фуқаролар хориждан қайтиб келганларидан кейин хорижга чиқиш биометрик паспортини давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар билан ишлаш ёки махфий-режим бўлинмаларига топшириши шарт.
50. Давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар билан ишлаш ёки махфий-режим бўлинмаларида сақланаётган хорижга чиқиш биометрик паспортларининг амал қилиш муддати тугагач, белгиланган тартибда йўқ қилиш учун миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига жўнатилади.
51. Давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар билан ишлаш ёки махфий-режим бўлинмаларида сақланаётган хорижга чиқиш биометрик паспортлари меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин Давлат хавфсизлиги хизматининг тегишли органлари билан келишган ҳолда фуқароларга қайтариб берилади.
52. Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқаётган ҳарбий хизматчиларнинг хорижга чиқиш биометрик паспортлари бўлмаса, шунингдек, уларга хорижга чиқиш биометрик паспорти бериш зарурати билан боғлиқ бошқа ҳолатларда хорижга чиқиш биометрик паспортлари вазирликлар ва идораларнинг ёзма илтимосномалари асосида ушбу Низомда белгиланган тартибда миграция бўлинмалари томонидан берилади.
53. Яроқсиз ҳолга келтирилган ёки йўқотиб қўйилган хорижга чиқиш биометрик паспортларини янгисига алмаштириш ушбу Низомда назарда тутилган умумий тартиблар асосида маълумотларни йиғиш пунктлари томонидан амалга оширилади.
54. Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолатга келтирилган хорижга чиқиш биометрик паспортларини алмаштиришга оид мурожаатлар бўйича тегишли ваколатли органлар қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартиб-таомиллар амалга оширишлари учун хабардор қилинади.
Ушбу тоифадаги сўровномаларни кўриб чиқиш муддати истисно тариқасида яна ўн иш кунигача узайтирилиши мумкин.
55. Топиб олинган хорижга чиқиш биометрик паспорти маълумотларни йиғиш пунктларига топширилади.
56. Вафот этган фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига топширилади, мазкур орган хорижга чиқиш биометрик паспортини кейинчалик йўқ қилиш учун тегишли миграция ва персоналлаштириш бўлинмасига жўнатади.
57. Қамоққа олинган ёки озодликдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд озодликни чеклаш жазоси тайинланган, шартли ҳукм қўлланилган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, суд томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқмаслик мажбурияти юклатилган шахслардан хорижга чиқиш биометрик паспорти суриштирув, тергов органлари, ички ишлар органларининг пробация бўлинмалари ёки суд томонидан олиб қўйилади. Шахс қамоқда қолдирилган ёки суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган тақдирда, хорижга чиқиш биометрик паспорти Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига жўнатилади.
Қамоқдан озод қилинганда ёки жазо муддати ўтаб бўлганидан ёхуд Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқмаслик мажбурияти суд томонидан бекор қилинганидан кейин хорижга чиқиш биометрик паспорти суриштирув, тергов органлари, ички ишлар органларининг пробация бўлинмалари, суд томонидан ёхуд жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти томонидан эгасига (жазони ижро этиш муассасасидан чиқиб кетаётган вақтнинг ўзида) қайтариб берилади.
Хорижга чиқиш биометрик паспорти суриштирув, тергов органлари ёки суд томонидан ашёвий далил сифатида олиб қўйилган тақдирда (паспортни ашёвий далил сифатида сақлаб туриш даврида амал қилиш муддати ўтиб кетса), янги паспорт ваколатли органнинг олиб қўйиш ҳақидаги тегишли қарори тақдим этилгач, миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари томонидан расмийлаштирилади.
58. Суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилган хорижга чиқиш биометрик паспорти ички ишлар органлари томонидан тегишли миграция ва персоналлаштириш бўлинмасига йўқ қилиш учун жўнатиш мақсадида олиб қўйилганда, фуқарога унинг паспорти олиб қўйилганлиги ҳамда йўқ қилинганлиги ҳақида далолатнома берилади.
59. Текшириш, верификациялаш жараёнида ноаниқликлар ёки чегара (миграция) қайдлари, хориж визалари, рухсат берувчи ёзувлар сохталаштирилганлигини кўрсатувчи белгилар аниқланган биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти, шунингдек, белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилган ёки суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилган биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти чегара назорати бўлинмалари томонидан тегишли вазирликлар ва идораларга жўнатиш учун олиб қўйилиши мумкин. Паспорт олиб қўйилган тақдирда, чегара назорати бўлинмаси томонидан фуқарога унинг паспорти олиб қўйилганлиги ҳақида далолатнома берилади.
60. Қуйидагилар тақиқланади:
ушбу Низомда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари фуқародан хорижга чиқиш биометрик паспортини олиб қўйиш;
хорижга чиқиш биометрик паспортини мажбуриятларни таъминлаш мақсадида гаров сифатида қабул қилиш ва топшириш.
61. Миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари хорижга чиқиш биометрик паспортининг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги тўғрисидаги суд ажримини Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти орқали Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаларига маълумот учун юборади.
62. Доимий яшаш учун хорижга чиқишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган ўз ота-оналарининг ва турмуш ўртоғининг (биргаликда чиқиш ҳолатлари бундан мустасно), шунингдек, агар биргаликдаги никоҳдан вояга етмаган болалар бўлса, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган собиқ турмуш ўртоғининг нотариал тасдиқланган розилиги, улар вафот этган ёки бедарак йўқолган ҳолларда эса вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг ёки суднинг шахсни бедарак йўқолган деб эътироф этиш ҳақидаги қарорининг нотариал тасдиқланган нусхаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига тақдим этилади.
63. Доимий яшаш мақсадида хорижга чиқиш учун мурожаат қилган фуқарони миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси масъул ходими мазкур Низомнинг 6-иловасига мувофиқ огоҳлантиради.
Бунда, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар, агар улар доимий яшаш мақсадида хорижга чиқиш учун мурожаат қилган тақдирда, бу ҳақда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан электрон ахборот алмашинуви воситасида реал вақт режимида тегишли мудофаа органлари хабардор қилинади.
6-боб. Ушбу Низом талабларини бузганлик учун жавобгарлик
64. Қонун ҳужжатлари билан қуйидагилар учун жавобгарлик белгиланади:
хорижга чиқиш биометрик паспортига атайлаб шикаст етказиш, шунингдек, хорижга чиқиш биометрик паспортини эҳтиётсизлик билан сақлаб, унинг йўқолишига сабаб бўлиш;
йўқолганлиги ҳақида ариза берилган хорижга чиқиш биометрик паспортидан, шунингдек, бошқа шахсга қарашли бўлган хорижга чиқиш биометрик паспортидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш;
хорижга чиқиш биометрик паспортини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки уни гаров сифатида қабул қилиш;
хорижга чиқиш биометрик паспортига ғаразли ёки бошқа тубан ниятлар билан эга бўлиб олиш, шунингдек, уни йўқ қилиш, яроқсиз ҳолга келтириш, яшириш.
65. Жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёниши, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) юз берганлиги оқибатида хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқолганлиги ёки яроқсиз ҳолга келганлиги тўғрисида мурожаат этган шахс жавобгарликка тортилмайди.
Бунда, жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан шахс бу ҳолатни тасдиқловчи тегишли ҳужжатни тақдим этади, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёниши, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) юз берганлиги ҳолатини тасдиқлаш зарурати бўлганда, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан сўров асосида қонунчиликда белгиланган ваколатли идоралардан маълумотнома олинади.
66. Маълумотларни йиғиш пункти ходимлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
67. Мурожаат қилувчилар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
68. Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ушбу Низомга мувофиқ, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатилиши талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан, шу жумладан ЯИДХП орқали доимий назоратни ва мониторингни амалга оширади.
69. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Хорижда доимий яшаш учун рухсат берилганлиги тўғрисида паспортга киритиладиган штамп намунаси
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ҳамроҳлик қилувчи шахслар ҳақида (вояга етмаган фуқаролар учун) паспортга киритиладиган штамп намунаси
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Хизматдан фойдаланувчи Маълумотларни йиғиш пунктига ўзи келган ҳолда мурожаат қилади ёки ЯИДХП да рўйхатдан ўтади ҳамда сўровномани электрон шаклда тўлдиради. Хоҳишига кўра 2-босқич Ахборот тизимлари Сўровномадаги маълумотлар автоматик тизим орқали текширилади: «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими; Ягона миллий меҳнат тизими»; «Нотариус» ахборот тизими; Ички ишлар вазирлигининг «Тезкор маълумотлар» ахборот тизими. Автоматик тарзда 3-босқич 1. Маълумотларни йиғиш пункти 2. ЯИДХП Тўлдирилган электрон сўровнома ва талабнома Персоналлаштириш агентлигига юборилади. Сўровнома тўлдирилгандан кейин 10 дақиқа ичида 4-босқич 1. Ваколатли органлар 1. Давлат хизмати кўрсатилишини рад этиш асослари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги нуқтаи назаридан текширилади. 1. 5 иш кунигача (алоҳида ҳолларда 20 кунгача) 2. Персоналлаштириш агентлиги 2. Хорижга чиқиш биометрик паспорти тайёрланади. 2. 2 иш кунигача 3. Давлат фельдъегерлик хизмати 3. Хорижга чиқиш биометрик паспорти маълумотларни йиғиш пунктига етказилади. 3. 3 иш кунигача 5-босқич 1. Маълумотларни йиғиш пункти 2. Почта хизмати (сўровномада хорижга чиқиш биометрик паспортини почта алоқаси орқали етказиб бериш кўрсатилган бўлса) 1. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг тайёр бўлган хорижга чиқиш биометрик паспортини фуқарога тақдим этади ёки уни ариза берувчининг манзилига юбориш учун почта хизмати ходимига топширади. 2. Почта хизмати ходими сўровномада кўрсатилган манзилга хорижга чиқиш биометрик паспортини етказиб беради. Хизмат юзасидан тегишли тўловлар амалга оширилган кундан бошлаб, 10 иш кунида (алоҳида ҳолларда 30 кунда) Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказида 1 иш кунида, қолган ҳудудларда 2 иш кунида
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун
1. Фамилияси Исми 2. Жинси Э □ А □ Отасининг исми 3. Фамилиянгиз, исмингиз, отангизнинг исми ўзгарганми? Агар ўзгарган бўлса, қуйидагиларни тўлдиринг. Ҳа □ Йўқ □ Фамилияси Исми Отасининг исми 4. Туғилган йили, ойи, куни, жойи Йил Кун ой жой 5. Маълумот учун Телефон: Эл.почта манзили ________________(мавжуд бўлса) 6. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат (биометрик паспорт ёки ID карта маълумотлари) Серия Рақами Берилган санаси 7. Меҳнат фаолияти ҳақида сўнги 5 йилдаги маълумот (ўқув юртларидаги ўқиш ва ҳарбий хизмат ҳам киради) Ой ва йил Иш жойи ва лавозими, ҳарбий қисм рақами Ташкилот манзили Кирган Бўшаган 8. Турмуш ўртоғи (мавжуд бўлса) Фамилияси Исми Отасининг исми Туғилган санаси Охирги иш жойи ва лавозими Манзили 9. Сиз ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматга чақирилишга мажбурмисиз (эркаклар учун 17 дан 27 ёшгача) Ҳа □ Йўқ □ 10. Хорижга чиқиш режалаштирилаётган давлат номи ва мақсади Давлат номи Мақсад 11. Сўровномада ёлғон маълумотларни мавжудлиги хорижга чиқиш биометрик паспортини беришни рад этишга асос бўлишидан хабардорман. Сўровнома тақдим этилган сана Сўровномани тақдим этган шахснинг электрон рақамли имзоси 12. Хизмат натижасини олиш усули Маълумотларни йиғиш пунктига ўзи келган ҳолда Почта хизмати орқали
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга 5-ИЛОВА
16 ёшга тўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун
1. Фамилияси Исми 2. Жинси Э □ А□ Отасининг исми 3. Фамилиянгиз, исмингиз, отангизнинг исми ўзгарганми? Агар ўзгарган бўлса, қуйидагиларни тўлдиринг. Ҳа □ Йўқ□ Фамилияси Исми Отасининг исми 4. Туғилган йили, ойи, куни, жойи Йил Кун ой жой 5. Маълумот учун Телефон: Эл.почта манзили ________________(мавжуд бўлса) 6. Шахсни тасдиқловчи ҳужжат (туғилганлик гувоҳномаси, биометрик паспорти, ID карта ) Серия Рақами Берилган санаси 7. Ота-онаси тўғрисида маълумот Қариндошлик даражаси Фамилияси Исми Отасининг исми Туғилган санаси Отаси: Онаси: 8. Ҳамроҳлик қилувчи шахс(лар): Яқинлик даражаси Фамилияси Исми Отасининг исми Туғилган сана 9. Сўровномани берган шахснинг Ф.И.О 10. Сўровномада ёлғон маълумотларни мавжудлиги хорижга чиқиш биометрик паспортини беришни рад этишга асос бўлишидан хабардорман. Сўровнома тақдим этилган сана Сўровномани тақдим этган шахс(лар)нинг электрон рақамли имзоси 11. Қарамоғимдаги вояга етмаган шахсни чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдирмаслик, болага таъминот, таълим-тарбия бериш, болани ўз ота-онасига ёки яқин қариндошларига ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланмаган ва тегишли давлатнинг қонунчилигига биноан зарур ваколатларга эга бўлган ташкилотга топшириш бўйича зиммамга юкланган мажбуриятларни бажармаслигим маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирилдим.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга 6-ИЛОВА
ОГОҲЛАНТИРИШ ХАТИ Мен, ________________________ й.т., ___________________________________________________________ (фуқаронинг Ф.И.О.) «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига асосан қайси ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилдим. ______________________ (сана) ______________________ (имзо) ______________________ (Ф.И.О.)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 26 декабрь,
ПҚ-4079-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining
Qarori
NIZOM
SXEMASI
SOʻROVNOMA
SOʻROVNOMA
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish va berish tizimini yaratish hamda Oʻzbekiston Respublikasi biometrik pasport tizimini modernizatsiya qilishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
[Koʻchirma]
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijga chiqish tartibini takomillashtirishga doir muhim chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2017-yil 16-avgustdagi PF-5156-son Farmoniga muvofiq, Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish va berish avtomatlashtirilgan tizimini oʻz vaqtida yaratish hamda Oʻzbekiston Respublikasi biometrik pasport tizimini modernizatsiya qilish, shuningdek, milliy ishlab chiquvchilarning dasturiy taʼminotlaridan maksimal foydalanish va biometrik pasport tizimiga keyingi davrda texnik xizmat koʻrsatish maqsadida:
1. Quyidagilar maʼlumot uchun qabul qilinsin:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijga chiqish tartibini takomillashtirishga doir muhim chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2017-yil 16-avgustdagi PF-5156-son Farmoniga muvofiq 2019-yil 1-yanvardan boshlab xorijga chiqish uchun ruxsat yozuv stikerini rasmiylashtirish tartibining bekor qilinishi;
biometrik pasport tizimini qoʻllab-quvvatlash, “Xorijga chiqish pasporti” va identifikatsiyalash ID-kartalari tizimini yaratish loyihalarini amalga oshirish masalalari boʻyicha manfaatdor vazirlik va idoralar vakillaridan iborat ishchi guruh tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining xorijga chiqish biometrik pasportini berishni inobatga olgan holda Oʻzbekiston Respublikasi biometrik pasport tizimini yanada takomillashtirish boʻyicha takliflar tayyorlanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat personallashtirish markazi (keyingi oʻrinlarda — DPM), Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi va Davlat xavfsizlik xizmatining 2019-yil 1-yanvardan boshlab Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish va berish avtomatlashtirilgan tizimini (keyingi oʻrinlarda — “Xorijga chiqish pasporti” tizimi) joriy etish hamda Oʻzbekiston Respublikasi biometrik pasport tizimini modernizatsiya qilish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijga chiqish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Quyidagilar:
DPM — “Xorijga chiqish pasporti” tizimini yaratish va Oʻzbekiston Respublikasi biometrik pasport tizimini modernizatsiya qilish boʻyicha loyiha buyurtmachisi va loyiha boshqarilishini taʼminlovchi organ etib belgilansin;
6. Belgilansinki:
“Xorijga chiqish pasporti” tizimini yaratish va Oʻzbekiston Respublikasi biometrik pasport tizimini modernizatsiya qilish loyihasi bilan bogʻliq xarajatlar DPMning budjetdan tashqari hisob raqami mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi;
2018-yil yakunlari boʻyicha DPMning budjetdan tashqari hisob raqamida qolgan mablagʻlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetiga qaytarilmaydi;
7. DPM va “Xorijga chiqish pasporti” tizimini yaratish va Oʻzbekiston Respublikasi biometrik pasport tizimini modernizatsiya qilish boʻyicha pudratchilar tomonidan belgilangan tartibda shakllantiriladigan roʻyxatlar boʻyicha “Xorijga chiqish pasporti” tizimini yaratish va Oʻzbekiston Respublikasi biometrik pasport tizimini modernizatsiya qilish loyihasi doirasida chetdan olib kiriladigan Oʻzbekiston Respublikasida ishlab chiqarilmaydigan uskunalar, dasturiy taʼminotlar, ehtiyot qismlar va materiallar uch yil muddatga bojxona toʻlovlari toʻlashdan (bojxona yigʻimlaridan tashqari) ozod etilsin.
8. DPM Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati bilan birgalikda ikki oy muddatda “Xorijga chiqish pasporti” tizimini yaratish va Oʻzbekiston Respublikasi biometrik pasport tizimini modernizatsiya qilish boʻyicha texnik-iqtisodiy hisob-kitoblarni ishlab chiqsin va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ichki ishlar organlarining faoliyati samaradorligini tubdan oshirish, jamoat tartibini, fuqarolar huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlarini ishonchli himoya qilishni taʼminlashda ularning masʼuliyatini kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 10-apreldagi PF-5005-son Farmonida Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining “Pasport-viza”, “ADIS” hamda “ASIL” avtomatlashtirilgan tizimlarini modernizatsiya qilish koʻzda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan birgalikda uch oy muddatda “Pasport-viza”, “ADIS” hamda “ASIL” avtomatlashtirilgan tizimlarining “Xorijga chiqish pasporti” tizimi bilan integratsiya qilishni taʼminlasin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi 2020-yildan boshlab har yili Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarini shakllantirishda biometrik pasportlar, fuqarolarning xorijga chiqish biometrik pasportlari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning biometrik harakatlanish hujjatlarini berish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetiga tushadigan davlat bojlari miqdori qayta koʻrib chiqilishini inobatga olgan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati va Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarining asoslantirilgan hisob-kitoblari asosida, ichki idoraviy apparat-dasturiy komplekslarga texnik xizmat koʻrsatish, modernizatsiya qilish va takomillashtirish bilan bogʻliq xarajatlarni qoplash uchun zarur mablagʻlarning ajratilishini nazarda tutsin.
11. DPM manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda 2021-yildan boshlab mavjud respublika biometrik pasport tizimi infratuzilmasi negizida Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining 2011-yilgi namunadagi biometrik pasporti oʻrniga identifikatsiyalash ID-kartalari berish tizimi joriy etilishini nazarda tutsin.
12. DPM xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash maxsus jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Maxsus jamgʻarma) yuridik shaxs tashkil etmagan holda tuzilsin hamda biometrik pasport, fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasporti va fuqaroligi boʻlmagan shaxsning biometrik harakatlanish hujjatlarini berish uchun DPMning budjetdan tashqari hisob raqamiga toʻlanadigan davlat boji tushumlarining 3 foizi miqdoridagi ajratmalar uning mablagʻlarini shakllantirish manbalari etib belgilansin.
DPM Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda DPM xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash maxsus jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomni ishlab chiqsin va tasdiqlasin.
DPMga oʻz zimmasiga yuklangan vazifalarni bajarish uchun Maxsus jamgʻarma mablagʻlari hisobidan, shu jumladan xorijiy mutaxassislarni shartnoma asosida jalb qilish huquqi berilsin.
13. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi DPMning buyurtmanomalari asosida “Xorijga chiqish pasporti” tizimini yaratish va Oʻzbekiston Respublikasi biometrik pasport tizimini modernizatsiya qilish loyihasi doirasida jalb etiladigan xorijiy mutaxassislarga koʻp martalik kirish vizalarini konsullik va boshqa yigʻimlar undirilmagan holda belgilangan tartibda rasmiylashtirishni taʼminlasin.
14. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligiga “Xorijga chiqish pasporti” tizimini yaratish va Oʻzbekiston Respublikasi biometrik pasport tizimini modernizatsiya qilish loyihasi doirasida jalb etiladigan xorijiy mutaxassislarga, davlat bojlari undirilmagan holda koʻp martalik vizalarni belgilangan tartibda rasmiylashtirish, berish va muddatini uzaytirish, shuningdek, vaqtinchalik roʻyxatga qoʻyish, yashash joyida hisobga olish va uning muddatini uzaytirishga ruxsat berilsin.
15. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, DPM, Adliya vazirligi, boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda qonun hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
16. Mazkur qarorning ijrosini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A.N. Aripov va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Xavfsizlik kengashi kotibi V.V. Maxmudov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 26-dekabrdagi PQ-4079-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijga chiqish tartibi toʻgʻrisidagi
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijga chiqish tartibini, Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish, berish va undan foydalanish, shuningdek, konsullik hisobiga qoʻyish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining biometrik pasporti (keyingi oʻrinlarda — biometrik pasport) — Oʻzbekiston Respublikasi hududida egasining shaxsini va Oʻzbekiston Respublikasining fuqaroligini tasdiqlaydigan, pasport egasining shaxsiy biografik maʼlumotlari va biometrik parametrlari saqlangan elektron axborot tashuvchiga (chipga) ega boʻlgan hujjat;
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining xorijga chiqish biometrik pasporti (keyingi oʻrinlarda — xorijga chiqish biometrik pasporti) — xorijga chiqish hamda Oʻzbekiston Respublikasi hududiga kirish, shuningdek, xorijda turish vaqtida egasining shaxsini va Oʻzbekiston Respublikasining fuqaroligini tasdiqlaydigan, pasport egasining shaxsiy biografik maʼlumotlari va biometrik parametrlari saqlangan elektron axborot tashuvchiga (chipga) ega boʻlgan hujjat;
identifikatsiya elektron kartasi (keyingi oʻrinlarda — ID-karta) — Oʻzbekiston Respublikasi hududida egasining shaxsini hamda Oʻzbekiston Respublikasining fuqaroligini tasdiqlaydigan, har bir fuqaroning yagona identifikatsiya raqami va uning shaxsiy maʼlumotlari saqlangan, davlat xizmatlaridan foydalanish vaqtida shaxsni aniqlash uchun foydalaniladigan hujjat;
verifikatsiya — pasportga kiritilgan biometrik parametrlar uning egasining biometrik parametrlari bilan mosligini mashinada tekshirish;
xorijda vaqtincha boʻlib turgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari — Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashaydigan, xorijga chiqib, vaqtincha u yerda boʻlib turgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari;
xorijda doimiy yashaydigan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari — Oʻzbekiston Respublikasidagi yashash joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtkazilganligi bekor qilinib, xorijga doimiy yashashga chiqish uchun belgilangan tartibda ruxsatnoma rasmiylashtirgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari;
pasport olish uchun talabnoma — pasport oluvchi haqida maʼlumotlarni yigʻish punkti tomonidan shakllantirilgan biografik maʼlumotlar va biometrik parametrlarni oʻz ichiga olgan elektron hujjat (keyingi oʻrinlarda — talabnoma);
konsullik okrugi — konsullik funksiyalarini bajarish uchun konsullik muassasasi ish olib boradigan hudud boʻlib, u bir nechta davlat hududini oʻz ichiga olishi mumkin;
konsullik muassasasi — Oʻzbekiston Respublikasining chet davlatda taʼsis etiladigan diplomatik vakolatxonasining konsullik boʻlimi, Oʻzbekiston Respublikasining bosh konsulxonasi, konsulxonasi, vitse-konsulligi va konsullik agentligi;
konsullik roʻyxati — tegishli konsullik okrugi hududiga kelgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarini xorijdagi Oʻzbekiston Respublikasining konsullik muassasalari qoshida belgilangan tartibda qayddan oʻtkazish;
vaqtincha konsullik roʻyxati — xorijda vaqtincha boʻladigan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarini xorijdagi Oʻzbekiston Respublikasi konsullik muassasalari tomonidan qayddan oʻtkazish;
doimiy konsullik roʻyxati — doimiy yashash uchun xorijga chiqish ruxsatnomasi belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan, Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi konsullik muassasasi konsullik okrugi hududida doimiy yashayotgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarini qayddan oʻtkazish;
personallashtirish — pasport egasining biografik maʼlumotlarini va biometrik parametrlarini pasport blankiga kiritish;
maʼlumotlarni yigʻish punkti — xorijga chiqish biometrik pasportini olish uchun murojaat qilgan fuqarolarning biografik maʼlumotlarini va biometrik parametrlarini jamlash, ushbu maʼlumotlarni Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Migratsiya va personallashtirish departamentiga (keyingi oʻrinlarda — Migratsiya va personallashtirish departamenti) yuborish hamda fuqarolarga yangi rasmiylashtirilgan biometrik parametrli pasportlarni berish vazifalarini bajaruvchi ichki ishlar organlarining migratsiya va personallashtirish boʻlinmalari hamda tuman (shahar) Davlat xizmatlari markazlari;
xizmatdan foydalanuvchi — xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish va olish uchun murojaat etgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari (yashash joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtkazilganligi bekor qilinib, xorijga doimiy yashashga chiqib ketgan va doimiy konsullik roʻyxatida turadigan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari bundan mustasno).
3. Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, qonun hujjatlarida belgilangan cheklovlardan tashqari holda, ushbu Nizomda nazarda tutilgan tartibda xorijga erkin chiqish va Oʻzbekiston Respublikasiga kirish huquqiga ega.
4. Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari xorijga chiqadigan hollarda ularga xorijga chiqish biometrik pasporti rasmiylashtiriladi. Xorijdagi Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari ham xorijga chiqish biometrik pasportiga ega boʻlishlari shart.
Oʻzbekiston Respublikasining biometrik diplomatik pasporti bilan xorijga chiqish Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2013-yil 16-avgustdagi PF-4554-son Farmoni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining biometrik diplomatik pasporti toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi.
Konsullik roʻyxatida turuvchi Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolariga xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish, berish va almashtirishga oid davlat xizmatlari Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlangan tartibga asosan amalga oshiriladi.
4 1 . Fuqarolarga xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish va berish quyidagi hollarda amalga oshiriladi:
Oʻzbekiston Respublikasidan tashqariga chiqishda;
ilgari xorijga chiqish biometrik pasporti bilan hujjatlashtirilmagan, konsullik roʻyxatiga olingan fuqarolar xorijda boʻlganida;
farzand xorijda tugʻilganida;
xorijga chiqish biometrik pasportining amal qilish muddati tugaganida;
familiyasi, ismi, otasining ismi, tugʻilgan sanasi, jinsi oʻzgarganida;
yozuvlarda noaniqliklar va xatolar mavjudligi aniqlanganida;
maʼlumotlar yoki vizalar uchun moʻljallangan betlar ishlatilib boʻlinganida;
xorijga chiqish biometrik pasporti blankasi yaroqsiz holga kelganida;
xorijga chiqish biometrik pasporti yoʻqotib qoʻyilganida;
sud ajrimi bilan xorijga chiqish biometrik pasportining amal qilishi toʻxtatib turilganda;
xorijga chiqish biometrik pasporti ashyoviy dalil sifatida olib qoʻyilganida;
ilgari berilgan xorijga chiqish biometrik pasportini muddatidan oldin almashtirish boʻyicha murojaat etilganda.
5. Xorijga chiqish biometrik pasporti har qanday davlatga chiqish uchun haqiqiydir.
Xorijda doimiy yashayotgan va doimiy konsullik roʻyxatida turadigan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijga chiqish biometrik pasporti, uning egasi Oʻzbekiston Respublikasi hududida boʻlgan davrda shaxsni tasdiqlovchi hujjat hisoblanib, davlat xizmatlaridan foydalanish uchun haqiqiydir.
6. Xorijga chiqish biometrik pasporti Oʻzbekiston Respublikasining mulkidir va uning egasi Oʻzbekiston Respublikasining himoyasida boʻladi.
7. Xorijga chiqish biometrik pasporti fuqarolarga quyidagi amal qilish muddatlariga beriladi:
tugʻilgan kunidan boshlab bir yoshgacha — ikki yil muddatga;
bir yoshdan 25 yoshgacha — 5 yil muddatga;
25 yoshdan oshgan shaxslarga — 10 yil muddatga.
Amal qilish muddati tugaganidan keyin xorijga chiqish biometrik pasporti maʼlumotlarni yigʻish punktiga topshiriladi.
Amal qilish muddati tugagan yoki yaroqsiz holatga kelgan, ammo ichiga qoʻyilgan xorijiy davlatlarga kirish vizalarining amal qilish muddati tugamagan xorijga chiqish biometrik pasportlari qayta rasmiylashtirilgan taqdirda, xizmatdan foydalanuvchining soʻroviga koʻra maʼlumotlarni yigʻish punkti xodimi tomonidan ushbu pasportga bekor qilinganligini ifodalovchi maxsus belgi qoʻyilgan holda, yangi xorijga chiqish biometrik pasporti bilan birga eski xorijga chiqish biometrik pasporti ham qaytarib beriladi.
8. Xorijga chiqish biometrik pasporti blanki qatʼiy hisobga olinadigan hujjat hisoblanadi.
Xorijga chiqish biometrik pasporti blanklarini tayyorlash “Davlat belgisi” davlat ishlab chiqarish birlashmasida amalga oshiriladi. Personallashtirish, hisobga olish ishlari hamda tayyorlash vaqtida buzilgan va maʼlumotlarni yigʻish punktlaridan almashtirish uchun qaytarilgan pasportlarni yoʻq qilish — Migratsiya va personallashtirish departamentida, xorijga chiqish biometrik pasportlarini egalariga berish va haqiqiy boʻlmagan xorijga chiqish biometrik pasportlarini yoʻq qilish — maʼlumotlarni yigʻish punktlarida amalga oshiriladi.
Xorijga chiqish biometrik pasportlarini Oʻzbekiston Respublikasi hududida yetkazib berish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligining Davlat feldyegerlik xizmati (keyingi oʻrinlarda — DFX) tomonidan amalga oshiriladi.
Xorijga chiqish biometrik pasportlarini xorijdagi maʼlumotlarni yigʻish punktlariga va konsullik muassasalaridan Oʻzbekiston Respublikasiga yetkazib berish belgilangan tartibda diplomatik pochta vositasi orqali amalga oshiriladi.
9. Xorijga chiqish biometrik pasporti belgilangan namuna boʻyicha tayyorlanadi va ingliz tilida personallashtiriladi.
10. Xorijga chiqish biometrik pasporti blankiga quyidagi asosiy maʼlumotlar kiritiladi:
pasportni bergan davlatning nomi;
hujjatning nomi;
hujjatning turi;
pasportni bergan davlatning kodi;
pasport seriyasi va raqami;
familiya, ism, ota ismi;
fuqaroligi;
tugʻilgan sanasi;
tugʻilgan joyi;
jinsi;
berilgan sana;
bergan organ;
amal qilish muddati tugaydigan sana;
egasining raqamli surati;
egasi haqidagi mashina oʻqiydigan maʼlumotlar.
11. Chipga quyidagi maʼlumotlar kiritiladi:
pasport egasining biografik maʼlumotlari;
egasining raqamli surati;
qoʻl barmoqlarining izlari — 16 yoshga yetganidan keyin.
12. Xorijga chiqish biometrik pasportiga quyidagi qaydlar kiritiladi:
pasport egasining xorijda doimiy yashash uchun chiqishiga ruxsat berilganligi toʻgʻrisida mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shtamp;
davlat chegarasidan oʻtganligi toʻgʻrisida;
konsullik roʻyxatiga olingani yoki konsullik roʻyxatidan chiqarilgani toʻgʻrisida;
nikoh qayd etilganligi yoki bekor qilinganligi toʻgʻrisida;
xorijiy davlatlarga kirish uchun ruxsatnoma (viza) toʻgʻrisida;
hamrohlik qiluvchi shaxslar toʻgʻrisida (voyaga yetmagan fuqarolar uchun) mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq shtamp;
ilgari qoʻyilgan qaydlar bekor qilinganligi toʻgʻrisida.
Pasportda uning egasining imzosi boʻlishi shart.
Pasport egasi qonining guruhi va rezus-mansublik toʻgʻrisidagi qaydlar uning roziligi bilan amalga oshiriladi.
13. Xorijga chiqish biometrik pasportiga:
ichki ishlar organlari boʻlinmalari tomonidan — xorijda doimiy yashash uchun chiqishiga ruxsat berilganligi haqidagi, hamrohlik qiluvchi shaxslar haqidagi (voyaga yetmagan fuqarolar uchun);
chegara nazorati boʻlinmalari tomonidan — Davlat chegarasidan oʻtganlik holati haqidagi;
fuqarolik holati dalolatnomalarini yozish organlari tomonidan — nikoh qayd etilganligi va nikoh bekor qilinganligi haqidagi (doimiy konsullik roʻyxatida turib, Oʻzbekiston Respublikasi hududida boʻlgan fuqarolar uchun);
sogʻliqni saqlash tashkilotlari tomonidan — qon guruhi va rezus-mansublik haqidagi;
Oʻzbekiston Respublikasining konsullik muassasalari tomonidan — vaqtinchalik va doimiy konsullik roʻyxatiga olish yoki konsullik roʻyxatidan chiqarish haqidagi, nikoh qayd etilganligi va nikoh bekor qilinganligi haqidagi, hamrohlik qiluvchi shaxslar haqidagi (voyaga yetmagan fuqarolar uchun);
chet davlatlarning diplomatik vakolatxonalari va konsullik muassasalari tomonidan — xorijiy davlatlarga kirish ruxsatnomalari (kirish vizasi) haqidagi qaydlar kiritiladi.
Muassasalar zarur hollarda oʻzlari ilgari qoʻygan qaydlarni bekor qilganliklari toʻgʻrisida qaydlar kiritishlari mumkin.
Pasportlarga ushbu Nizomda nazarda tutilmagan yozuvlarni va qaydlarni kiritish taqiqlanadi.
14. Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari safiga muddatli harbiy xizmatga chaqirilgan fuqarolardan xorijga chiqish biometrik pasportlari mudofaa ishlari boʻlimlari tomonidan olib qoʻyiladi va xizmat tugagunga qadar saqlanadi. Muddatli harbiy xizmat tugaganidan keyin mudofaa ishlari boʻlimlari olib qoʻyilgan xorijga chiqish biometrik pasportlarni fuqarolarga ular harbiy hisobga qoʻyilganidan keyin oʻn kun muddatda qaytarib berishlari shart.
Shartnoma asosida harbiy xizmatga, oʻqish uchun oliy harbiy taʼlim muassasalariga kirgan fuqarolardan xorijga chiqish biometrik pasportlari harbiy qismlarning hamda oliy harbiy taʼlim muassasalarining kadrlar bilan ishlash organlari tomonidan olib qoʻyiladi va shtablarda saqlanadi.
Harbiy xizmatchilarning harbiy xizmat nazarda tutilgan tegishli vazirliklarda va idoralarda saqlanayotgan xorijga chiqish biometrik pasportlari amal qilish muddati tugaganidan keyin belgilangan tartibda yoʻq qilish uchun maʼlumotlarni yigʻish punktlariga joʻnatiladi.
2-bob. Xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish va berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish tartibi
15. Xizmatdan foydalanuvchilarga xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish va berish mazkur Nizomga 3-ilovaga muvofiq sxemaga asosan maʼlumotlarni yigʻish punktida amalga oshiriladi.
Quyidagi hollarda xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish va berish boʻyicha davlat xizmati faqat migratsiya va personallashtirish boʻlinmalari tomonidan koʻrsatiladi:
fuqaro doimiy yashash uchun chet elga chiqib ketayotganda;
ushbu Nizomga muvofiq, xorijga chiqish biometrik pasportlari vazirliklar va idoralarning yozma iltimosnomalari asosida rasmiylashtirilishi shart boʻlgan hollarda;
xorijga chiqish biometrik pasporti surishtiruv, tergov organlari yoki sud tomonidan ashyoviy dalil sifatida olib qoʻyilganda;
xorijga chiqish biometrik pasportining amal qilishi sud ajrimi bilan toʻxtatib turilganda.
16. Xizmatdan foydalanuvchilar xorijga chiqish biometrik pasportini olish uchun doimiy yoki vaqtinchalik roʻyxatdan oʻtgan manzilidan qatʼi nazar, eksterritoriallik tamoyili asosida istalgan maʼlumotlarni yigʻish punktiga oʻzi kelib yoki davlat xizmatlaridan elektron shaklda foydalanish uchun Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP)dan roʻyxatdan oʻtadi.
17. Keksa, oʻzgalar parvarishiga muhtoj yoki nogironligi boʻlgan shaxslarga xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish va berishga oid xizmatlar tegishli murojaatga asosan, bevosita yashash yoki turgan joyiga chiqish orqali amalga oshiriladi.
18. Xizmatdan foydalanuvchilar xorijga chiqish biometrik pasportini olish yuzasidan maʼlumotlarni yigʻish punktiga oʻzi kelib murojaat etgan taqdirda, maʼlumotlarni yigʻish punkti xodimlari tomonidan fuqaro nomidan elektron tarzda, YIDXP orqali murojaat etgan taqdirda esa mustaqil ravishda ushbu Nizomning 4-ilovasiga muvofiq shakldagi soʻrovnomani elektron tarzda toʻldiradi.
19. 16 yoshga toʻlmagan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish uchun soʻrovnoma ushbu Nizomga 5-ilovaga muvofiq shaklda toʻldiriladi.
20. Fuqarolar xorijga chiqish biometrik pasportini olish yuzasidan soʻrovnomani YIDXP orqali elektron tarzda yuborganda, soʻrovnomani elektron raqamli imzo bilan tasdiqlash talab etilmaydi, ushbu Nizomning 22-bandi beshinchi va yettinchi xatboshisida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.
Xizmatdan foydalanuvchi soʻrovnomani YIDXP orqali yuborish chogʻida oʻziga qulay boʻlgan maʼlumotlarni yigʻish punktini (xizmatdan foydalanuvchining yuzini raqamli formatda rasmga olish va qoʻl barmoqlarining elektron izlarini toʻplash ishlarini amalga oshirish uchun) tanlaydi.
Xizmatdan foydalanuvchi soʻrovnoma YIDXP orqali yuborilgan kundan boshlab, bir oy muddat ichida maʼlumotlarni yigʻish punktiga tashrif buyurmagan taqdirda, ushbu soʻrovnoma koʻrib chiqilmaydi.
21. Xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish boʻyicha soʻrovnoma maʼlumotlarni yigʻish punkti xodimi tomonidan toʻldirilgach, undagi maʼlumotlarning toʻgʻri ekanligi xizmatdan foydalanuvchi tomonidan elektron raqamli imzo, u boʻlmaganda esa, imzoni identifikatsiya qilishning boshqa zamonaviy vositalari (daktiloskopiya, elektron imzo va boshqalar) orqali tasdiqlanadi.
22. Davlat xizmatini koʻrsatishda soʻrovnoma va shaxsni tasdiqlovchi hujjatlardan (biometrik pasport yoki ID-karta) boshqa hujjatlar talab etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi, quyidagi holatlar bundan mustasno:
ilgari berilgan xorijga chiqish biometrik pasportini muddatidan avval almashtirish boʻyicha murojaat etgan taqdirda — ilgari berilgan xorijga chiqish biometrik pasportining asl nusxasi;
xorijga chiqish biometrik pasporti ashyoviy dalil sifatida olib qoʻyilgan hollarda — vakolatli organning qarori nusxasi;
xorijga chiqish biometrik pasportining amal qilishi sud ajrimi bilan toʻxtatib turilganida — protsessual majburlov chorasi bekor qilinganligi haqida vakolatli organning qarori nusxasi;
voyaga yetmagan shaxslar uchun-ota-onalari yoki vasiylar (homiylar)ning fuqaroning xorijga chiqishiga notarial tasdiqlangan roziligi, ota-onalarning har ikkisi maʼlumotlarni yigʻish punktiga bevosita murojaat qilgan hollar bundan mustasno. Soʻrovnoma YIDXP orqali yuborilganda, ota-onalar yoki vasiylar (homiylar)ning notarial tasdiqlangan roziligi talab etilmaydi. Bunda, ota-onalar yoki vasiylar (homiylar)ning roziligi faqat elektron raqamli imzoni qoʻllash orqali amalga oshiriladi;
voyaga yetmagan shaxslar uchun — fuqaroga hamrohlik qiluvchi shaxsning notarial tasdiqlangan majburiyati (hamrohlik qiluvchi shaxs voyaga yetmaganning otasi va (yoki) onasi yoxud vasiy yoki homiysi boʻlgan hollar bundan mustasno);
15 yoshdan 18 yoshgacha boʻlgan fuqarolar ota-onalar, vasiylar (homiylar)ning voyaga yetmagan shaxsning mustaqil ravishda xorijga chiqishiga notarial tasdiqlangan roziligi boʻlgan taqdirda, xorijga kuzatuvchisiz chiqishi mumkin. Ota-onalar, vasiylar (homiylar)ning voyaga yetmagan shaxsning mustaqil ravishda xorijga chiqishiga roziligi, ular bevosita maʼlumotlarni yigʻish punktiga yoki YIDXP orqali murojaat qilgan taqdirda, notarial tasdiqlanishi talab etilmaydi. Soʻrovnoma YIDXP orqali yuborilganda ota-onalar yoki vasiylar (homiylar)ning roziligi faqat elektron raqamli imzoni qoʻllash orqali amalga oshiriladi.
23. Oʻn sakkiz yoshdan yigirma yetti yoshgacha boʻlgan, harbiy xizmatga majburlar va chaqiriluvchilarga xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirishda maʼlumotlarni yigʻish punkti tomonidan elektron tizim orqali tegishli mudofaa organlari real vaqt rejimida xabardor qilinadi.
24. Soʻrovnomaga kiritilgan maʼlumotlarning haqqoniyligi axborot tizimlari yordamida avtomatik ravishda tekshiriladi.
25. Avtomatlashtirilgan tizim orqali soʻrovnomaga kiritilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligi tasdiqlangach, maʼlumotlarni yigʻish punkti masʼul xodimi xizmatdan foydalanuvchiga qonunchilikda belgilangan davlat bojini toʻlash boʻyicha invoys taqdim etadi. YIDXP orqali murojaat qilingan hollarda esa, toʻlov invoysi avtomatik tarzda xizmatdan foydalanuvchining shaxsiy sahifasiga kelib tushadi.
26. Xizmatdan foydalanuvchi tomonidan davlat xizmati uchun toʻlovlar invoys raqami kelib tushgan vaqtdan boshlab 1 oy muddat ichida amalga oshiriladi.
Toʻlov belgilangan muddatda amalga oshirilmagan murojaatlar koʻrib chiqilmaydi.
27. Xorijga chiqish biometrik pasporti berilganligi uchun “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunda belgilangan miqdorda davlat boji undiriladi.
Davlat xizmati koʻrsatilishi uchun YIDXP orqali murojaat etilganda davlat boji summasining 90 foizi undiriladi.
Davlat xizmati Ijtimoiy reyestrning “kambagʻal oila” toifasiga kiritilgan oilalarning aʼzolariga, shuningdek, I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarga koʻrsatilganda, davlat boji summasining 50 foizi miqdorida, Ijtimoiy reyestrning “davlat taʼminotidagi oila” toifasiga kiritilgan oilalarning aʼzolariga koʻrsatilganda — 75 foiz miqdorida chegirma qoʻllaniladi. Bunda mazkur chegirma:
“Ijtimoiy reyestrning “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasiga “davlat taʼminotidagi oila” yoki “kambagʻal oila” toifasidan chiqarilganligi munosabati bilan kiritilgan oilalarga ularning ilgari belgilangan toifasiga muvofiq;
ogʻir hayotiy vaziyatga tushgan oila sifatida “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasiga kiritilgan oilalarga “kambagʻal oila” toifasidagi oila uchun belgilangan miqdorda, ular Ijtimoiy reyestrda turgan davrda, biroq ushbu reyestrga kiritilgan sanadan boshlab 12 oydan koʻp boʻlmagan muddatda qoʻllaniladi;
Davlat boji toʻlanganligi axborot-kommunikatsiya tizimlari, shu jumladan Yagona billing tizimi orqali tasdiqlanadi.
28. Fuqarolar “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunga muvofiq, quyidagi hollarda xorijga chiqish biometrik pasporti berilganligi uchun davlat bojini toʻlashdan ozod qilinadi:
yaqin qarindoshlari vafot etgan yoki ular dafn etilgan joylarni ziyorat qilganda;
fuqarolik, oilaviy va jinoyat ishlari boʻyicha huquqiy yordam koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnomalarga (bitimlarga) binoan ular xorij sudlariga fuqarolik va jinoyat ishlari yuzasidan taraflar, guvohlar va ekspertlar sifatida chaqirilgan taqdirda;
voyaga yetmagan shaxsga, shuningdek unga hamrohlik qiluvchi shaxsga xorijiy davlatda ixtisoslashgan tibbiy yordam koʻrsatilganda yoki jarrohlik amaliyoti oʻtkazilganda;
voyaga yetmagan shaxs ilm-fan, taʼlim, sport yoki madaniyat sohalaridan biridagi xalqaro tadbirda yoki musobaqada ishtirok etganda;
Ijtimoiy reyestrga kiritilgan shaxsga, shuningdek, unga hamrohlik qiluvchi shaxsga xorijiy davlatda ixtisoslashgan tibbiy yordam koʻrsatilganda yoki jarrohlik amaliyoti oʻtkazilganda;
biometrik pasport Oʻzbekiston Respublikasi yoki chet davlatlar hududida tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar, shu jumladan maishiy tusdagi ofatlar (turar joylarning yoki yashash uchun moʻljallanmagan joylarning yonishi, qulashi, transport vositalarining yonishi) yuz berganligi natijasida jabrlangan jismoniy shaxslar tomonidan yoʻqotilgan yoxud yaroqsiz holga kelganda.
Bunda, ushbu holatlarni tasdiqlovchi tegishli hujjatlar (yaqin qarindoshi ekanligini tasdiqlovchi hujjat, yaqin qarindoshi xorijiy davlatda dafn etilganligini tasdiqlovchi vakolatli organ tomonidan berilgan hujjat, xorijiy davlatlar sudining tegishli hujjati, Sogʻliqni saqlash vazirligi yoki uning hududiy boshqarmalari tomonidan berilgan yoʻllanma, fuqaroning xalqaro tadbir yoki musobaqaga yuborilayotganligi toʻgʻrisida masʼul vakolatli davlat organining maʼlumotnomasi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi yoki uning hududiy boshqarmalari tomonidan berilgan, gerbli muhr bilan tasdiqlangan yongʻin sodir boʻlganligi haqidagi dalolatnoma va boshqa tasdiqlovchi hujjatlar) soʻrovnomaga ilova qilinadi.
Korxonalar, muassasalar va tashkilotlar tomonidan xorijga xizmat safariga yuboriladigan fuqarolarning xorijga chiqish huquqini beruvchi hujjatlar uchun davlat boji belgilangan tartibda ushbu korxonalar, muassasalar va tashkilotlar tomonidan toʻlanadi.
29. Davlat boji summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:
a) xizmatdan foydalanuvchi Markazga oʻzi kelib murojaat qilganda:
45 foizi — Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Migratsiya va personallashtirish departamentining budjetdan tashqari jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi;
5 foizi — Adliya vazirligi Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi;
qolgan mablagʻlar — Davlat budjetiga oʻtkaziladi;
b) YIDXP orqali murojaat etilganda:
45 foizi — Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Migratsiya va personallashtirish departamentining budjetdan tashqari jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi;
5 foizi — YIDXP orqali shakllantirilgan soʻrovnoma boʻyicha xizmatdan foydalanuvchi tanlagan maʼlumotlarni yigʻish punkti turidan kelib chiqib, tegishlicha Adliya vazirligi Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga yoki Ichki ishlar vazirligi budjetdan tashqari jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi;
5 foizi — Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga oʻtkaziladi;
qolgan mablagʻlar — Davlat budjetiga oʻtkaziladi;
v) migratsiya va personallashtirish boʻlinmalari orqali murojaat qilinganda:
45 foizi — Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Migratsiya va personallashtirish departamentining budjetdan tashqari jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi;
5 foizi — Ichki ishlar vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi;
qolgan mablagʻlar — Davlat budjetiga oʻtkaziladi.
30. Toʻlov muvaffaqiyatli oʻtgandan soʻng, xorijga chiqish biometrik pasportini olish boʻyicha shakllantirilgan soʻrovnoma quyidagi harakatlarni amalga oshirish uchun axborot tizimi orqali Ichki ishlar vazirligi va Davlat xavfsizlik xizmati organlariga yuboriladi:
Ichki ishlar organlariga — sudlanganlik, maʼmuriy nazoratda turganlik, shaxsga nisbatan ozodlikdan mahrum qilish bilan bogʻliq boʻlmagan jazo va shartli hukm qoʻllanilganlik, jazoni oʻtashdan muddatidan ilgari shartli ozod qilingan shaxslarga sud tomonidan majburiyatlar yuklatilganlik, shaxsga nisbatan jinoyat ishi qoʻzgʻatilganlik holatlarini, hujjat va shaxs tekshiruvi hamda shaxsni identifikatsiya qilish boʻyicha tekshiruvlardan oʻtkazish uchun;
Davlat xavfsizlik xizmati organlariga — murojaat etuvchining xorijga chiqish biometrik pasportini berishga doir xizmat koʻrsatishni rad etuvchi, ushbu nizomda nazarda tutilgan asoslar mavjud yoki mavjud emasligini tekshirish uchun;
Migratsiya va personallashtirish departamentiga — xorijga chiqish biometrik pasportini chop etish va maʼlumotlarni yigʻish punktiga yuborish uchun.
31. Maʼlumotlarni yigʻish punkti tomonidan xorijga chiqish biometrik pasporti xizmatdan foydalanuvchi murojaat etib, tegishli toʻlovlarni amalga oshirgan kundan boshlab, YIDXP orqali murojaat qilingan hollarda esa, maʼlumotlarni yigʻish punktida xizmatdan foydalanuvchining biografik maʼlumotlarini, qoʻl barmoqlarining elektron izlarini (16 yoshdan katta shaxslar uchun) toʻplash, yuzni toʻgʻridan raqamli formatda rasmga olish ishlari amalga oshirilgan paytdan boshlab, oʻn ish kuni (16 yoshdan 25 yoshgacha boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari uchun qoʻshimcha oʻrganishlar talab etiladigan alohida hollarda — bir oy) ichida taqdim etiladi.
32. Fuqaro davlat xizmatini koʻrsatishning har qanday bosqichida ushbu xizmatdan foydalanishdan bosh tortish huquqiga ega. Xizmatdan foydalanuvchi davlat xizmatidan foydalanishdan bosh tortganda, uning soʻrovnomasi koʻrilmasdan qoldiriladi hamda amalga oshirilgan toʻlov summasi xizmatdan foydalanuvchiga qaytarilmaydi.
33. Oʻzbekiston Respublikasining voyaga yetmagan fuqarosiga xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish chogʻida quyidagi holatlarda ota-onadan birining roziligi talab qilinmaydi:
ota-onaning biri vafot etganda;
boquvchisi yolgʻiz ona boʻlgan hollarda;
bolaning ota-onasidan biri xorij fuqarosi boʻlganida;
ota-onadan biri sud tomonidan ota-onalik huquqlaridan mahrum qilingan, bedarak yoʻqolgan deb topilgan yoxud muomalaga layoqatsiz deb topilganida;
ota-onadan birining Oʻzbekiston Respublikasi hududidagi yashash joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtkazilganligi xorijga doimiy yashashga ketganligi munosabati bilan bekor qilinganida.
Mazkur bandning ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilarida nazarda tutilgan holatlar maʼlumotlarni yigʻish punkti xodimlari tomonidan “FHDYning yagona elektron arxivi” axborot tizimi orqali, oltinchi xatboshisida nazarda tutilgan holatlar esa Ichki ishlar vazirligining “Manzil” axborot tizimi orqali mustaqil ravishda tekshiriladi.
Ushbu bandning beshinchi xatboshisida nazarda tutilgan holatlarni tasdiqlash uchun tegishli sud qarorining nusxasi taqdim etiladi.
34. Voyaga yetmagan shaxslarga xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish va berish xizmati yuzasidan ota-onalar yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar oʻrtasida chiqqan har qanday nizolar sud tartibida hal qilinadi.
35. Ota-onaning biri oʻz bolasining xorijga chiqishiga rozi boʻlmagan taqdirda, uning xorijga chiqish huquqini cheklash uchun sudga murojaat qilish huquqiga ega.
36. 16 yoshga toʻlmagan shaxslar nomidan ularning ota-onalari, vasiylari (homiylari), ushbu shaxslarni xorijga yuborayotgan tashkilotlarning vakillari murojaat qiladi.
37. Taqdim etilgan hujjatlar asosida maʼlumotlarni yigʻish punkti xizmatdan foydalanuvchining biografik maʼlumotlarini, qoʻl barmoqlarining elektron izlarini (16 yoshdan katta shaxslar uchun) toʻplaydi, yuzni toʻgʻridan raqamli formatda rasmga oladi va xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish boʻyicha elektron talabnomani shakllantiradi. Talabnoma elektron shaklda avtomatik tarzda Migratsiya va personallashtirish departamentiga joʻnatiladi.
38. Xizmatdan foydalanuvchi oʻz ixtiyoriga koʻra davlat xizmatini koʻrsatishning tegishli bosqichlari (murojaat qabul qilinib, toʻlov uchun invoys hamda tayyor boʻlgan xorijga chiqish biometrik pasportning maʼlumotlarni yigʻish punktiga yetkazilganligi) haqida avtomatik ravishda sms-xabar yoʻllash orqali xabardor qilib borilishi mumkin.
Davlat xizmatini koʻrsatishning tegishli bosqichlari YIDXP yoki Migratsiya va personallashtirish departamentining rasmiy veb-sayti orqali tekshirib olinadi.
39. Migratsiya va personallashtirish departamentining Personallashtirish markazi tayyor boʻlgan xorijga chiqish biometrik pasportini uni rasmiylashtirish uchun DFX orqali talabnoma yuborgan maʼlumotlarni yigʻish punktiga topshiradi.
Maʼlumotlarni yigʻish punkti xorijga chiqish biometrik pasportini qabul qilib olgan kunning oʻzida xizmatdan foydalanuvchini pasportni olib ketish mumkinligi haqida xabardor qiladi.
39 1 . Xizmatdan foydalanuvchi soʻrovnomada xorijga chiqish biometrik pasporti pochta aloqasi orqali yetkazib berilishini koʻrsatgan boʻlsa, maʼlumotlarni yigʻish punkti xodimlari xorijga chiqish biometrik pasportini pochta xizmati xodimiga beradi.
Bunda pochta xarajatlari xizmatdan foydalanuvchi hisobidan qoplanadi.
Pochta xizmati tomonidan koʻrsatilgan xizmat uchun toʻlov miqdorini pochta xizmati belgilaydi.
Pochta xizmati xodimi tayyor boʻlgan xorijga chiqish biometrik pasportini olgandan soʻng xizmatdan foydalanuvchi bilan telefon orqali bogʻlanib, soʻrovnomada koʻrsatilgan manzilga (Toshkent shahri va viloyatlar markazida bir ish kuni, qolgan hududlarda ikki ish kuni ichida) xorijga chiqish biometrik pasportini yetkazib beradi.
39 2 . Xizmatdan foydalanuvchi bilan telefon orqali kelishilgan vaqtda u ushbu manzilda boʻlmasa, xizmatdan foydalanuvchi xorijga chiqish biometrik pasportini ushbu hududdagi pochta aloqasi boʻlimidan oʻn ish kuni davomida olishi mumkin.
Xizmatdan foydalanuvchi xorijga chiqish biometrik pasportini mazkur bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan muddatda olib ketmasa, pochta xizmati xodimi uni maʼlumotlarni yigʻish punktiga topshiradi. Bunda xizmatdan foydalanuvchining oʻzi shaxsini tasdiqlovchi hujjat bilan soʻrovnomada koʻrsatilgan maʼlumotlarni yigʻish punktiga kelib xorijga chiqish biometrik pasportini olib ketadi.
Pochta xizmati uchun toʻlangan toʻlovlar qaytarilmaydi.
Pochta xizmati xodimi xorijga chiqish biometrik pasportini maʼlumotlarni yigʻish punktidan qabul qilib olgandan boshlab uni foydalanuvchiga yoki tegishli maʼlumotlarni yigʻish punktiga qayta topshirgunga qadar but saqlanishini taʼminlash uchun javobgar hisoblanadi.
40. Tayyor boʻlgan xorijga chiqish biometrik pasporti faqatgina xizmatdan foydalanuvchining oʻziga taqdim etiladi.
Bunda 16 yoshdan katta shaxslarga xorijga chiqish biometrik pasporti qoʻl barmoqlarining elektron izlarini solishtirish orqali verifikatsiya qilish yoki biometrik identifikatsiya qilish (Face-ID) orqali taqdim etiladi.
40 1 . 16 yoshga toʻlmagan shaxsning xorijga chiqish biometrik pasporti uning ota-onalariga, vasiylari (homiylari)ga, xorijga chiqish biometrik pasporti berish haqida iltimosnoma bilan murojaat qilgan tashkilotlarning vakillariga taqdim etiladi.
40 2 . Fuqaro va qonuniy vakillar xorijga chiqish biometrik pasportini avaylab saqlashi shart.
40 3 . Familiyasi, ismi, otasining ismi, tugʻilgan sanasi, jinsi oʻzgarganligi yoxud yozuvlarda noaniqliklar va xatolar mavjudligi aniqlanganligi munosabati bilan xorijga chiqish biometrik pasporti almashtirilayotganda fuqaro maʼlumotlarni yigʻish punktiga ushbu holatlarni tasdiqlaydigan hujjatlarni taqdim etadi.
Yozuvlarda noaniqliklar va xatoliklarga maʼlumotlarni yigʻish punkti yoki Migratsiya va personallashtirish departamenti xodimlarining aybi bilan yoʻl qoʻyilgan taqdirda, fuqarolarga xorijga chiqish biometrik pasportini qayta rasmiylashtirib berganlik uchun davlat boji undirilmaydi.
40 4 . Xorijga chiqish biometrik pasporti, xizmatdan foydalanuvchining xohishiga koʻra, amal qilish muddati qancha qolganidan qatʼi nazar, istalgan vaqtda almashtirilishi mumkin. Bunda xorijga chiqish biometrik pasportini almashtirish mazkur bobda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
3-bob. Xorijga chiqish biometrik pasportini berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishni rad etish asoslari
40 5 . quyidagilar xorijga chiqish biometrik pasportini berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishni rad etish uchun asos boʻladi:
a) ushbu Nizomda nazarda tutilgan talab etiluvchi hujjatlar taqdim etilmaganda;
b) agar shaxs oʻzi toʻgʻrisida bila turib soxta yoki notoʻgʻri maʼlumotlarni taqdim etgan boʻlsa;
v) qoʻl barmoqlarining izlarini olish tartib-taomilidan bosh tortilgan va koʻzoynak taqib yoki bosh kiyim, tashqi koʻrinishga taʼsir qiluvchi ashyolar bilan suratga tushish istagi qatʼiy bildirilgan boʻlsa;
g) agar shaxsga nisbatan xorijga chiqishiga toʻsqinlik qiladigan shartnoma, kontrakt majburiyatlari amal qilayotgan boʻlsa, ushbu majburiyatlarning amal qilish muddati tamom boʻlguniga qadar;
d) agar shaxsga nisbatan jinoyat ishi qoʻzgʻatilgan boʻlsa — ish yuzasidan uzil-kesil sud qarori yoki boshqa qaror qabul qilingunga qadar (surishtiruvchi, tergovchi, prokuror yoki sudyaning yozma xati asosida);
e) agar shaxs ichki ishlar organlarining maʼmuriy nazoratida boʻlsa — nazorat toʻxtatilgungacha (maʼmuriy nazoratni amalga oshiruvchi organning yozma xati asosida);
j) agar shaxsga nisbatan ozodlikdan mahrum qilish bilan bogʻliq boʻlmagan jazo va shartli hukm qoʻllanilgan boʻlsa — jazoni oʻtab boʻlgunigacha yoki jazodan va shartli hukmdan ozod qilingunga qadar (jazoni ijro etuvchi organning yozma xati asosida);
z) agar shaxsda sud tomonidan yuklangan ijro etilmagan majburiyatlar boʻlsa — majburiyatlar ijro etilgunga qadar, voyaga yetmagan bolalarni taʼminlash uchun alimentlar oldindan toʻlanganligi Bosh prokuratura huzuridagi Majburiy ijro byurosining maʼlumotnomalari bilan tasdiqlangan holatlar bundan mustasno;
i) agar shaxsga nisbatan vakolatli organlarning mazkur shaxs xorijga chiqishi maqsadga muvofiq emasligini koʻrsatuvchi axboroti mavjud boʻlsa;
k) agar jazoni oʻtashdan muddatidan ilgari shartli ozod qilingan shaxslarga sud tomonidan Oʻzbekiston Respublikasidan tashqariga chiqmaslik majburiyati yuklatilgan boʻlsa.
Xorijga chiqish biometrik pasportini berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishni ushbu bandda nazarda tutilmagan boshqa asoslar bilan rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
40 6 . Xorijga chiqish biometrik pasporti rasmiylashtirilganidan keyin shaxsning Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishini vaqtincha cheklash faqat qonunda belgilangan hollarda amalga oshirilishi mumkin. Fuqaroning davlat chegarasi orqali oʻtish huquqini cheklash surishtiruv, tergov yoki sud organlari qarori asosida chegara nazorati boʻlinmalari tomonidan amalga oshiriladi.
40 7 . Xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirishni ushbu nizomning 40 5 va 40 6 -bandlarida nazarda tutilgan asoslar boʻyicha rad etish yoki fuqarolarning xorijga chiqishini cheklash, shuningdek, xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirishga doir davlat xizmatini koʻrsatish tartibini buzish yuzasidan boʻysunish tartibida yuqori turuvchi organga yoxud bevosita sudga shikoyat qilinishi mumkin.
4-bob. Konsullik roʻyxati
41. Belgilangan tartibda xorijga doimiy yashash uchun chiqib ketgan, shuningdek, olti oydan ortiq muddat davomida xorijda vaqtinchalik turgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari konsullik muassasalarida doimiy yoki vaqtinchalik konsullik roʻyxatiga turishlari lozim.
42. Oʻzbekiston Respublikasidagi yashash joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtkazilganligi bekor qilinib, xorijga doimiy yashashga chiqish uchun belgilangan tartibda ruxsatnoma rasmiylashtirgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari doimiy konsullik roʻyxatiga olinadilar.
43. Xorijga xizmat safariga, oʻqishga, davolanishga, ishga va oʻz oilasi bilan birlashish uchun chiqib ketgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari vaqtinchalik konsullik roʻyxatiga olinadilar.
Oʻzbekiston Respublikasining fuqarosi borgan mamlakatida qonuniy tarzda yashayotgan boʻlsa va mamlakatga olti oydan ortiq muddatga borgan boʻlsa vaqtinchalik konsullik roʻyxatiga olinadi.
44. Oʻzbekiston Respublikasining fuqarolari doimiy yashash joyini, shuningdek, ish, oʻqish yoki xizmat safari joyini olti oydan ortiq muddatga oʻzgartirganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasiga qarashli boshqa konsullik muassasasining konsullik okrugi hududiga koʻchib oʻtgan taqdirda oldingi yashash joyidagi konsullik roʻyxatidan (doimiy, vaqtinchalik) chiqishlari hamda yangi kelgan joylarida konsullik roʻyxatiga olinishlari lozim.
45. Doimiy konsullik roʻyxatiga olish uchun Oʻzbekiston Respublikasining qonun hujjatlarida belgilangan miqdorda konsullik yigʻimlari undiriladi.
46. Vaqtincha yashash uchun xorijga chiqib ketgan, u yerda qonuniy tarzda yashayotgan hamda xorijda doimiy yashashga qaror qilgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari doimiy yashash uchun ruxsatnomani rasmiylashtirish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasining tegishli konsullik muassasasiga quyidagi hujjatlar bilan murojaat qilishlari shart:
belgilangan shakldagi ariza-anketa;
biometrik boʻlmagan namunadagi pasport yoki biometrik pasport yoxud xorijga chiqish biometrik pasporti;
tugʻilganlik haqida guvohnomaning nusxasi;
harbiy guvohnomaning yoki chaqiruv uchastkasida qayd etilganligi haqidagi guvohnomaning nusxasi yoxud mudofaa ishlari boʻlimining belgilangan namunadagi maʼlumotnomasi (harbiy xizmatga majburlar uchun);
Oʻzbekiston Respublikasi hududida doimiy yashaydigan oʻz ota-onalarining va turmush oʻrtogʻining (birgalikda chiqish holatlari bundan mustasno), shuningdek, agar birgalikdagi nikohdan voyaga yetmagan bolalar boʻlsa, Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashaydigan sobiq turmush oʻrtogʻining notarial tasdiqlangan roziligi;
konsullik yigʻimlari toʻlanganligi haqidagi kvitansiya.
Fuqaro oʻzi yashab turgan mamlakatda Oʻzbekiston Respublikasining konsullik muassasasi boʻlmagan taqdirda, mazkur mamlakat Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi qaysi konsullik okrugiga kirsa oʻsha konsullik okrugining konsullik muassasasiga murojaat qiladi. Xorijdagi konsullik muassasalari Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining doimiy yashashni rasmiylashtirish boʻyicha qabul qilingan hujjatlarini belgilangan tartibda koʻrib chiqish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi orqali Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligiga yuboradilar. Konsullik muassasalari Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining doimiy yashash uchun ruxsatini olgach, ariza beruvchini doimiy konsullik hisobiga qabul qiladilar.
47. Xorijda doimiy yashayotgan va Oʻzbekiston Respublikasiga doimiy yashash joyiga qaytib kelishni rejalashtirayotgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi konsullik muassasasidagi konsullik roʻyxatidan chiqishlari lozim.
Agar fuqarolar Oʻzbekiston Respublikasi hududida boʻlsalar, ular konsullik roʻyxatidan chiqish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligiga murojaat qiladilar.
48. Konsullik roʻyxatiga olish va chiqarish haqidagi arizalarning, fuqarolarni konsullik roʻyxatiga olish va chiqarishga doir qayd etish kitoblari va boshqa hujjatlarning shakllari Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi tomonidan belgilanadi.
5-bob. Xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirishga doir alohida tartibotlar
49. Davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlardan xabardor fuqarolarga xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish Davlat xavfsizlik xizmatining tegishli organlari bilan kelishiladi.
Davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlardan xabardor fuqarolarning xorijga chiqish biometrik pasportlari davlat organlari va tashkilotlarining kadrlar bilan ishlash yoki maxfiy-rejim boʻlinmalarida saqlanadi.
Davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlardan xabardor fuqarolar xorijdan qaytib kelganlaridan keyin xorijga chiqish biometrik pasportini davlat organlari va tashkilotlarining kadrlar bilan ishlash yoki maxfiy-rejim boʻlinmalariga topshirishi shart.
50. Davlat organlari va tashkilotlarining kadrlar bilan ishlash yoki maxfiy-rejim boʻlinmalarida saqlanayotgan xorijga chiqish biometrik pasportlarining amal qilish muddati tugagach, belgilangan tartibda yoʻq qilish uchun migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmalariga joʻnatiladi.
51. Davlat organlari va tashkilotlarining kadrlar bilan ishlash yoki maxfiy-rejim boʻlinmalarida saqlanayotgan xorijga chiqish biometrik pasportlari mehnat shartnomasi bekor qilingandan keyin Davlat xavfsizligi xizmatining tegishli organlari bilan kelishgan holda fuqarolarga qaytarib beriladi.
52. Oʻzbekiston Respublikasidan tashqariga chiqayotgan harbiy xizmatchilarning xorijga chiqish biometrik pasportlari boʻlmasa, shuningdek, ularga xorijga chiqish biometrik pasporti berish zarurati bilan bogʻliq boshqa holatlarda xorijga chiqish biometrik pasportlari vazirliklar va idoralarning yozma iltimosnomalari asosida ushbu Nizomda belgilangan tartibda migratsiya boʻlinmalari tomonidan beriladi.
53. Yaroqsiz holga keltirilgan yoki yoʻqotib qoʻyilgan xorijga chiqish biometrik pasportlarini yangisiga almashtirish ushbu Nizomda nazarda tutilgan umumiy tartiblar asosida maʼlumotlarni yigʻish punktlari tomonidan amalga oshiriladi.
54. Yoʻqotilgan yoki yaroqsiz holatga keltirilgan xorijga chiqish biometrik pasportlarini almashtirishga oid murojaatlar boʻyicha tegishli vakolatli organlar qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartib-taomillar amalga oshirishlari uchun xabardor qilinadi.
Ushbu toifadagi soʻrovnomalarni koʻrib chiqish muddati istisno tariqasida yana oʻn ish kunigacha uzaytirilishi mumkin.
55. Topib olingan xorijga chiqish biometrik pasporti maʼlumotlarni yigʻish punktlariga topshiriladi.
56. Vafot etgan fuqaroning xorijga chiqish biometrik pasporti fuqarolik holati dalolatnomalarini yozish organiga topshiriladi, mazkur organ xorijga chiqish biometrik pasportini keyinchalik yoʻq qilish uchun tegishli migratsiya va personallashtirish boʻlinmasiga joʻnatadi.
57. Qamoqqa olingan yoki ozodlikdan mahrum qilish, majburiy jamoat ishlari, axloq tuzatish ishlari yoxud ozodlikni cheklash jazosi tayinlangan, shartli hukm qoʻllanilgan va jazoni oʻtashdan muddatidan ilgari shartli ozod qilinib, sud tomonidan Oʻzbekiston Respublikasidan tashqariga chiqmaslik majburiyati yuklatilgan shaxslardan xorijga chiqish biometrik pasporti surishtiruv, tergov organlari, ichki ishlar organlarining probatsiya boʻlinmalari yoki sud tomonidan olib qoʻyiladi. Shaxs qamoqda qoldirilgan yoki sud hukmi bilan ozodlikdan mahrum etishga hukm qilingan taqdirda, xorijga chiqish biometrik pasporti Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Jazoni ijro etish departamentiga joʻnatiladi.
Qamoqdan ozod qilinganda yoki jazo muddati oʻtab boʻlganidan yoxud Oʻzbekiston Respublikasidan tashqariga chiqmaslik majburiyati sud tomonidan bekor qilinganidan keyin xorijga chiqish biometrik pasporti surishtiruv, tergov organlari, ichki ishlar organlarining probatsiya boʻlinmalari, sud tomonidan yoxud jazoni ijro etish muassasasining maʼmuriyati tomonidan egasiga (jazoni ijro etish muassasasidan chiqib ketayotgan vaqtning oʻzida) qaytarib beriladi.
Xorijga chiqish biometrik pasporti surishtiruv, tergov organlari yoki sud tomonidan ashyoviy dalil sifatida olib qoʻyilgan taqdirda (pasportni ashyoviy dalil sifatida saqlab turish davrida amal qilish muddati oʻtib ketsa), yangi pasport vakolatli organning olib qoʻyish haqidagi tegishli qarori taqdim etilgach, migratsiya va personallashtirish boʻlinmalari tomonidan rasmiylashtiriladi.
58. Sud ajrimi bilan amal qilishi toʻxtatib turilgan xorijga chiqish biometrik pasporti ichki ishlar organlari tomonidan tegishli migratsiya va personallashtirish boʻlinmasiga yoʻq qilish uchun joʻnatish maqsadida olib qoʻyilganda, fuqaroga uning pasporti olib qoʻyilganligi hamda yoʻq qilinganligi haqida dalolatnoma beriladi.
59. Tekshirish, verifikatsiyalash jarayonida noaniqliklar yoki chegara (migratsiya) qaydlari, xorij vizalari, ruxsat beruvchi yozuvlar soxtalashtirilganligini koʻrsatuvchi belgilar aniqlangan biometrik pasport yoki xorijga chiqish biometrik pasporti, shuningdek, belgilangan tartibda haqiqiy emas deb topilgan yoki sud ajrimi bilan amal qilishi toʻxtatib turilgan biometrik pasport yoki xorijga chiqish biometrik pasporti chegara nazorati boʻlinmalari tomonidan tegishli vazirliklar va idoralarga joʻnatish uchun olib qoʻyilishi mumkin. Pasport olib qoʻyilgan taqdirda, chegara nazorati boʻlinmasi tomonidan fuqaroga uning pasporti olib qoʻyilganligi haqida dalolatnoma beriladi.
60. Quyidagilar taqiqlanadi:
ushbu Nizomda nazarda tutilgan holatlardan tashqari fuqarodan xorijga chiqish biometrik pasportini olib qoʻyish;
xorijga chiqish biometrik pasportini majburiyatlarni taʼminlash maqsadida garov sifatida qabul qilish va topshirish.
61. Migratsiya va personallashtirish boʻlinmalari xorijga chiqish biometrik pasportining amal qilishi toʻxtatib turilganligi toʻgʻrisidagi sud ajrimini Tashqi ishlar vazirligining Konsullik-huquqiy departamenti orqali Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi konsullik muassasalariga maʼlumot uchun yuboradi.
62. Doimiy yashash uchun xorijga chiqishda Oʻzbekiston Respublikasi hududida doimiy yashaydigan oʻz ota-onalarining va turmush oʻrtogʻining (birgalikda chiqish holatlari bundan mustasno), shuningdek, agar birgalikdagi nikohdan voyaga yetmagan bolalar boʻlsa, Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashaydigan sobiq turmush oʻrtogʻining notarial tasdiqlangan roziligi, ular vafot etgan yoki bedarak yoʻqolgan hollarda esa vafot etganlik toʻgʻrisidagi guvohnomaning yoki sudning shaxsni bedarak yoʻqolgan deb eʼtirof etish haqidagi qarorining notarial tasdiqlangan nusxasi migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmalariga taqdim etiladi.
63. Doimiy yashash maqsadida xorijga chiqish uchun murojaat qilgan fuqaroni migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmasi masʼul xodimi mazkur Nizomning 6-ilovasiga muvofiq ogohlantiradi.
Bunda, harbiy xizmatga majburlar va chaqiriluvchilar, agar ular doimiy yashash maqsadida xorijga chiqish uchun murojaat qilgan taqdirda, bu haqda migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmasi tomonidan elektron axborot almashinuvi vositasida real vaqt rejimida tegishli mudofaa organlari xabardor qilinadi.
6-bob. Ushbu Nizom talablarini buzganlik uchun javobgarlik
64. Qonun hujjatlari bilan quyidagilar uchun javobgarlik belgilanadi:
xorijga chiqish biometrik pasportiga ataylab shikast yetkazish, shuningdek, xorijga chiqish biometrik pasportini ehtiyotsizlik bilan saqlab, uning yoʻqolishiga sabab boʻlish;
yoʻqolganligi haqida ariza berilgan xorijga chiqish biometrik pasportidan, shuningdek, boshqa shaxsga qarashli boʻlgan xorijga chiqish biometrik pasportidan gʻarazli maqsadlarda foydalanish;
xorijga chiqish biometrik pasportini qonunga xilof ravishda olib qoʻyish yoki uni garov sifatida qabul qilish;
xorijga chiqish biometrik pasportiga gʻarazli yoki boshqa tuban niyatlar bilan ega boʻlib olish, shuningdek, uni yoʻq qilish, yaroqsiz holga keltirish, yashirish.
65. Jazoni ijro etish muassasasida jazoni oʻtab chiqqan, tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar, shu jumladan maishiy tusdagi ofatlar (turar joylarning yoki yashash uchun moʻljallanmagan joylarning yonishi, qulashi, transport vositalarining yonishi) yuz berganligi oqibatida xorijga chiqish biometrik pasporti yoʻqolganligi yoki yaroqsiz holga kelganligi toʻgʻrisida murojaat etgan shaxs javobgarlikka tortilmaydi.
Bunda, jazoni ijro etish muassasasida jazoni oʻtab chiqqan shaxs bu holatni tasdiqlovchi tegishli hujjatni taqdim etadi, tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar, shu jumladan maishiy tusdagi ofatlar (turar joylarning yoki yashash uchun moʻljallanmagan joylarning yonishi, qulashi, transport vositalarining yonishi) yuz berganligi holatini tasdiqlash zarurati boʻlganda, ichki ishlar organlarining migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlimlari tomonidan soʻrov asosida qonunchilikda belgilangan vakolatli idoralardan maʼlumotnoma olinadi.
66. Maʼlumotlarni yigʻish punkti xodimlari oʻz faoliyatini amalga oshirishi natijasida olingan maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlaydi.
67. Murojaat qiluvchilar davlat organlari va boshqa tashkilotlar xodimlarining xatti-harakatlari yuzasidan qonun hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilishi mumkin.
68. Adliya vazirligi va uning hududiy boshqarmalari ushbu Nizomga muvofiq, xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish va berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatilishi talablari ijrosi boʻyicha davlat organlari va boshqa tashkilotlarning faoliyati ustidan, shu jumladan YIDXP orqali doimiy nazoratni va monitoringni amalga oshiradi.
69. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijga chiqish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Xorijda doimiy yashash uchun ruxsat berilganligi toʻgʻrisida pasportga kiritiladigan shtamp namunasi
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijga chiqish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Hamrohlik qiluvchi shaxslar haqida (voyaga yetmagan fuqarolar uchun) pasportga kiritiladigan shtamp namunasi
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijga chiqish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining xorijga chiqish biometrik pasportini berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Xizmatdan foydalanuvchi Maʼlumotlarni yigʻish punktiga oʻzi kelgan holda murojaat qiladi yoki YIDXP da roʻyxatdan oʻtadi hamda soʻrovnomani elektron shaklda toʻldiradi. Xohishiga koʻra 2-bosqich Axborot tizimlari Soʻrovnomadagi maʼlumotlar avtomatik tizim orqali tekshiriladi: “FHDYning yagona elektron arxivi” axborot tizimi; Yagona milliy mehnat tizimi”; “Notarius” axborot tizimi; Ichki ishlar vazirligining “Tezkor maʼlumotlar” axborot tizimi. Avtomatik tarzda 3-bosqich 1. Maʼlumotlarni yigʻish punkti 2. YIDXP Toʻldirilgan elektron soʻrovnoma va talabnoma Personallashtirish agentligiga yuboriladi. Soʻrovnoma toʻldirilgandan keyin 10 daqiqa ichida 4-bosqich 1. Vakolatli organlar 1. Davlat xizmati koʻrsatilishini rad etish asoslari mavjud yoki mavjud emasligi nuqtai nazaridan tekshiriladi. 1. 5 ish kunigacha (alohida hollarda 20 kungacha) 2. Personallashtirish agentligi 2. Xorijga chiqish biometrik pasporti tayyorlanadi. 2. 2 ish kunigacha 3. Davlat feldyegerlik xizmati 3. Xorijga chiqish biometrik pasporti maʼlumotlarni yigʻish punktiga yetkaziladi. 3. 3 ish kunigacha 5-bosqich 1. Maʼlumotlarni yigʻish punkti 2. Pochta xizmati (soʻrovnomada xorijga chiqish biometrik pasportini pochta aloqasi orqali yetkazib berish koʻrsatilgan boʻlsa) 1. Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining tayyor boʻlgan xorijga chiqish biometrik pasportini fuqaroga taqdim etadi yoki uni ariza beruvchining manziliga yuborish uchun pochta xizmati xodimiga topshiradi. 2. Pochta xizmati xodimi soʻrovnomada koʻrsatilgan manzilga xorijga chiqish biometrik pasportini yetkazib beradi. Xizmat yuzasidan tegishli toʻlovlar amalga oshirilgan kundan boshlab, 10 ish kunida (alohida hollarda 30 kunda) Toshkent shahri va viloyatlar markazida 1 ish kunida, qolgan hududlarda 2 ish kunida
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijga chiqish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish uchun
1. Familiyasi Ismi 2. Jinsi E □ A □ Otasining ismi 3. Familiyangiz, ismingiz, otangizning ismi oʻzgarganmi? Agar oʻzgargan boʻlsa, quyidagilarni toʻldiring. Ha □ Yoʻq □ Familiyasi Ismi Otasining ismi 4. Tugʻilgan yili, oyi, kuni, joyi Yil Kun oy joy 5. Maʼlumot uchun Telefon: El.pochta manzili ________________(mavjud boʻlsa) 6. Shaxsni tasdiqlovchi hujjat (biometrik pasport yoki ID karta maʼlumotlari) Seriya Raqami Berilgan sanasi 7. Mehnat faoliyati haqida soʻngi 5 yildagi maʼlumot (oʻquv yurtlaridagi oʻqish va harbiy xizmat ham kiradi) Oy va yil Ish joyi va lavozimi, harbiy qism raqami Tashkilot manzili Kirgan Boʻshagan 8. Turmush oʻrtogʻi (mavjud boʻlsa) Familiyasi Ismi Otasining ismi Tugʻilgan sanasi Oxirgi ish joyi va lavozimi Manzili 9. Siz haqiqiy muddatli harbiy xizmatga chaqirilishga majburmisiz (erkaklar uchun 17 dan 27 yoshgacha) Ha □ Yoʻq □ 10. Xorijga chiqish rejalashtirilayotgan davlat nomi va maqsadi Davlat nomi Maqsad 11. Soʻrovnomada yolgʻon maʼlumotlarni mavjudligi xorijga chiqish biometrik pasportini berishni rad etishga asos boʻlishidan xabardorman. Soʻrovnoma taqdim etilgan sana Soʻrovnomani taqdim etgan shaxsning elektron raqamli imzosi 12. Xizmat natijasini olish usuli Maʼlumotlarni yigʻish punktiga oʻzi kelgan holda Pochta xizmati orqali
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijga chiqish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 5-ILOVA
16 yoshga toʻlmagan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining xorijga chiqish biometrik pasportini rasmiylashtirish uchun
1. Familiyasi Ismi 2. Jinsi E □ A□ Otasining ismi 3. Familiyangiz, ismingiz, otangizning ismi oʻzgarganmi? Agar oʻzgargan boʻlsa, quyidagilarni toʻldiring. Ha □ Yoʻq□ Familiyasi Ismi Otasining ismi 4. Tugʻilgan yili, oyi, kuni, joyi Yil Kun oy joy 5. Maʼlumot uchun Telefon: El.pochta manzili ________________(mavjud boʻlsa) 6. Shaxsni tasdiqlovchi hujjat (tugʻilganlik guvohnomasi, biometrik pasporti, ID karta ) Seriya Raqami Berilgan sanasi 7. Ota-onasi toʻgʻrisida maʼlumot Qarindoshlik darajasi Familiyasi Ismi Otasining ismi Tugʻilgan sanasi Otasi: Onasi: 8. Hamrohlik qiluvchi shaxs(lar): Yaqinlik darajasi Familiyasi Ismi Otasining ismi Tugʻilgan sana 9. Soʻrovnomani bergan shaxsning F.I.O 10. Soʻrovnomada yolgʻon maʼlumotlarni mavjudligi xorijga chiqish biometrik pasportini berishni rad etishga asos boʻlishidan xabardorman. Soʻrovnoma taqdim etilgan sana Soʻrovnomani taqdim etgan shaxs(lar)ning elektron raqamli imzosi 11. Qaramogʻimdagi voyaga yetmagan shaxsni chet davlat hududida nazoratsiz qoldirmaslik, bolaga taʼminot, taʼlim-tarbiya berish, bolani oʻz ota-onasiga yoki yaqin qarindoshlariga yoxud Oʻzbekiston Respublikasi hududida taqiqlanmagan va tegishli davlatning qonunchiligiga binoan zarur vakolatlarga ega boʻlgan tashkilotga topshirish boʻyicha zimmamga yuklangan majburiyatlarni bajarmasligim maʼmuriy yoki jinoiy javobgarlikka sabab boʻlishi haqida ogohlantirildim.
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining xorijga chiqish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 6-ILOVA
OGOHLANTIRISH XATI Men, ________________________ y.t., ___________________________________________________________ (fuqaroning F.I.O.) “Oʻzbekiston Respublikasining fuqaroligi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 25-moddasiga asosan qaysi hollarda Oʻzbekiston Respublikasi fuqaroligi yoʻqotilishi mumkinligi toʻgʻrisida ogohlantirildim. ______________________ (sana) ______________________ (imzo) ______________________ (F.I.O.)
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2018-yil 26-dekabr,
PQ-4079-son