UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 13-dekabr · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 13 декабрь · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 декабря 2018 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 December 2018 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг

Қарори

НИЗОМ

Фермер хўжаликларининг аъзолик бадалини Ўзбекистон фермерлари кенгашига ўтказиб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги ПҚ-3680-сон «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки Бошқаруви ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қарор қилади:

1. Фермер хўжаликларининг аъзолик бадалини Ўзбекистон фермерлари кенгашига ўтказиб бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки Бошқаруви ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 27 ноябрдаги 177, 347-В ва 40-сон «Фермер хўжаликларининг аъзолик бадалини Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ўтказиш ва тасдиқланадиган смета асосида харажат қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2957, 2017 йил 19 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 51-сон, 1246-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк Бошқаруви, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 13 декабрдаги 153, 350-В ва 56-сон қарорига ИЛОВА

Фермер хўжаликларининг аъзолик бадалини Ўзбекистон фермерлари кенгашига ўтказиб бериш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом фермер хўжаликларининг аъзолик бадалини (бундан буён матнда аъзолик бадали деб юритилади) Ўзбекистон фермерлари кенгашига (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) ўтказиб бериш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Аъзолик бадаллари Кенгаш тизимини молиялаштириш учун туман фермер хўжаликлари кенгашларининг (бундан буён матнда туман кенгаши деб юритилади) асосий ҳисобварағига ўтказиб берилади. Туман кенгашлари томонидан келиб тушган аъзолик бадаллари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар фермер хўжаликлари кенгашларининг (бундан буён матнда ҳудудий кенгаш деб юритилади) асосий ҳисобварағига, ҳудудий кенгашлар томонидан эса Кенгашнинг асосий ҳисобварағига ўтказилади.

2. Кенгаш Уставига мувофиқ Кенгаш фаолиятини молиялаштириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади.

кириш ва аъзолик бадаллари;

хайрия маблағлари ва грантлар;

тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган тушумлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

2-боб. Маблағларни шакллантириш

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги ПҚ-3680-сон «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Кенгашга аъзолик бадали қуйидагича белгиланади:

пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари томонидан етиштириладиган пахта хомашёси бўйича биржада эълон қилинадиган бошланғич нархидан ҳамда доннинг шаклланган ўртача нархидан 0,6 фоиз миқдорида, бунда 2025 йил ҳосилидан бошлаб пахтадан гектарига 50 сентнердан ва ғалладан 80 сентнердан юқори ҳосил олган фермер хўжаликлари учун 0,3 фоиз миқдорида;

бошқа фермер хўжаликлари учун улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишдан тушган пул маблағларининг 0,5 фоизи миқдорида.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасини бошқариш департаменти томонидан ажратиладиган давлат эҳтиёжлари учун етиштириладиган пахта ва ғалла ҳосили бўнак ва якуний ҳисоб-китоби маблағлари ҳисобидан фермер хўжаликлари билан тузилган шартномаларга ва уларнинг тўлов тошириқномаларига асосан аъзолик бадали тўловлари амалга оширилиши мумкин.

5. Туман кенгашларига аъзолик бадалларини кирим қилиш учун тижорат банкларида очилган кенгашларнинг даромад ва харажатлари учун 20212-сон асосий ҳисобварақлари очилади.

6. Аъзолик бадали ҳар йили фермер хўжаликлари томонидан ойма-ой фермер хўжаликларининг тўлов топшириқномалари ёки туман кенгашлари томонидан шартномага мувофиқ қўйиладиган тўлов талабномаларига асосан туман кенгашларининг 20212-сон асосий ҳисобварағига ўтказиб берилади.

7. Туман кенгашларининг 20212-сон асосий ҳисобварағига аъзолик бадаллари учун келиб тушган маблағлар кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда банк ҳисобварағи шартномасига асосан тўлов топшириқномаси ёки мемориал ордер орқали тўлиқ ҳудудий кенгашнинг 20212-сон асосий ҳисобварағига ўтказилади.

8. Ҳудудий кенгашнинг 20212-сон асосий ҳисобварағига туман кенгашларидан келиб тушган маблағлар кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда банк ҳисобварағи шартномасига асосан тўлов топшириқномаси ёки мемориал ордер орқали тўлиқ Кенгашнинг 20212-сон асосий ҳисобварағига ўтказилади.

10. Кенгаш ва унинг ҳудудий ҳамда туман кенгашлари ҳисобварақларига тушган хайрия маблағлари ва грантлар, тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар (фойда) ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар уларнинг асосий ҳисобварақларига кирим қилинади ва мазкур кенгашлар тасарруфида қолади. Ушбу маблағлардан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўз Уставида кўрсатилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланилади.

3-боб. Жавобгарлик ва назорат

11. Кенгашга, ҳудудий ва туман кенгашларига уларнинг Уставида белгиланган вазифалар доирасида фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш юзасидан мажбурият юклатилади.

12. Кенгаш билан фермер хўжаликлари ўртасида тузилган аъзолик шартномалари доирасида томонларга олган мажбуриятини бажариш ҳамда аъзолик бадалларини белгиланган муддатларда тўлаб бериш мажбуриятлари юклатилади.

13. Аъзолик бадали бўйича қарздорлиги бўлган фермер хўжаликлари тугатилганда ва ушбу қарзларни ундириш имкони бўлмаганда мазкур қарздорликларни Кенгаш Раёсати қарорига асосан ундириш ишлари тўхтатилади.

14. Кенгаш, ҳудудий ва туман кенгашларининг йиллик даромадлар ва харажатлар сметаларининг тўғрилиги ва асосланганлиги ҳамда келиб тушган маблағларни мақсадли ишлатилиши учун Кенгаш, ҳудудий ва туман кенгашлари шахсан жавобгардирлар.

15. Маблағларнинг тўғри ва мақсадли ишлатилишини назорат қилиш Кенгашнинг Раёсати зиммасига юклатилади.

4-боб. Якуний қоидалар

16. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

17. Мазкур Низом Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши билан келишилган.

Молия вазири Д. КУЧКАРОВ

Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ

Қишлоқ хўжалиги вазири Б. ЮСУПОВ

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси в.б. А. ХАИТОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 13 декабрь,

Тошкент ш.,

2018 йил 13 декабрь,

Тошкент ш.,

2018 йил 13 декабрь,

2018 йил 13 декабрь

153-сон

350-В-сон

56-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2019 й., 10/19/3121/2483-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 01.06.2023 й., 10/23/3121-1/0313-сон; 14.07.2025 й., 10/25/3121-2/0609-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligining

Qarori

NIZOM

Fermer xoʻjaliklarining aʼzolik badalini Oʻzbekiston fermerlari kengashiga oʻtkazib berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 26-apreldagi PQ-3680-son “Fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari faoliyatini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq, Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi, Markaziy banki Boshqaruvi va Qishloq xoʻjaligi vazirligi qaror qiladi:

1. Fermer xoʻjaliklarining aʼzolik badalini Oʻzbekiston fermerlari kengashiga oʻtkazib berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi, Markaziy banki Boshqaruvi hamda Qishloq va suv xoʻjaligi vazirligining 2017-yil 27-noyabrdagi 177, 347-V va 40-son “Fermer xoʻjaliklarining aʼzolik badalini Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashiga oʻtkazish va tasdiqlanadigan smeta asosida xarajat qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2957, 2017-yil 19-dekabr) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2017-y., 51-son, 1246-modda) oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.

3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi, Markaziy bank Boshqaruvi, Qishloq xoʻjaligi vazirligining 2018-yil 13-dekabrdagi 153, 350-V va 56-son qaroriga ILOVA

Fermer xoʻjaliklarining aʼzolik badalini Oʻzbekiston fermerlari kengashiga oʻtkazib berish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom fermer xoʻjaliklarining aʼzolik badalini (bundan buyon matnda aʼzolik badali deb yuritiladi) Oʻzbekiston fermerlari kengashiga (bundan buyon matnda Kengash deb yuritiladi) oʻtkazib berish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Aʼzolik badallari Kengash tizimini moliyalashtirish uchun tuman fermer xoʻjaliklari kengashlarining (bundan buyon matnda tuman kengashi deb yuritiladi) asosiy hisobvaragʻiga oʻtkazib beriladi. Tuman kengashlari tomonidan kelib tushgan aʼzolik badallari Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar fermer xoʻjaliklari kengashlarining (bundan buyon matnda hududiy kengash deb yuritiladi) asosiy hisobvaragʻiga, hududiy kengashlar tomonidan esa Kengashning asosiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

2. Kengash Ustaviga muvofiq Kengash faoliyatini moliyalashtirish manbalari quyidagilar hisoblanadi.

kirish va aʼzolik badallari;

xayriya mablagʻlari va grantlar;

tadbirkorlik faoliyatidan olinadigan tushumlar;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa tushumlar.

2-bob. Mablagʻlarni shakllantirish

3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 26-apreldagi PQ-3680-son “Fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari faoliyatini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Kengashga aʼzolik badali quyidagicha belgilanadi:

paxta va gʻalla yetishtirishga ixtisoslashtirilgan fermer xoʻjaliklari tomonidan yetishtiriladigan paxta xomashyosi boʻyicha birjada eʼlon qilinadigan boshlangʻich narxidan hamda donning shakllangan oʻrtacha narxidan 0,6 foiz miqdorida, bunda 2025-yil hosilidan boshlab paxtadan gektariga 50 sentnerdan va gʻalladan 80 sentnerdan yuqori hosil olgan fermer xoʻjaliklari uchun 0,3 foiz miqdorida;

boshqa fermer xoʻjaliklari uchun ular tomonidan ishlab chiqarilgan mahsulotlarni sotishdan tushgan pul mablagʻlarining 0,5 foizi miqdorida.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Qishloq xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasini boshqarish departamenti tomonidan ajratiladigan davlat ehtiyojlari uchun yetishtiriladigan paxta va gʻalla hosili boʻnak va yakuniy hisob-kitobi mablagʻlari hisobidan fermer xoʻjaliklari bilan tuzilgan shartnomalarga va ularning toʻlov toshiriqnomalariga asosan aʼzolik badali toʻlovlari amalga oshirilishi mumkin.

5. Tuman kengashlariga aʼzolik badallarini kirim qilish uchun tijorat banklarida ochilgan kengashlarning daromad va xarajatlari uchun 20212-son asosiy hisobvaraqlari ochiladi.

6. Aʼzolik badali har yili fermer xoʻjaliklari tomonidan oyma-oy fermer xoʻjaliklarining toʻlov topshiriqnomalari yoki tuman kengashlari tomonidan shartnomaga muvofiq qoʻyiladigan toʻlov talabnomalariga asosan tuman kengashlarining 20212-son asosiy hisobvaragʻiga oʻtkazib beriladi.

7. Tuman kengashlarining 20212-son asosiy hisobvaragʻiga aʼzolik badallari uchun kelib tushgan mablagʻlar keyingi ish kunidan kechikmagan holda bank hisobvaragʻi shartnomasiga asosan toʻlov topshiriqnomasi yoki memorial order orqali toʻliq hududiy kengashning 20212-son asosiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

8. Hududiy kengashning 20212-son asosiy hisobvaragʻiga tuman kengashlaridan kelib tushgan mablagʻlar keyingi ish kunidan kechikmagan holda bank hisobvaragʻi shartnomasiga asosan toʻlov topshiriqnomasi yoki memorial order orqali toʻliq Kengashning 20212-son asosiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

10. Kengash va uning hududiy hamda tuman kengashlari hisobvaraqlariga tushgan xayriya mablagʻlari va grantlar, tadbirkorlik faoliyatidan olinadigan daromadlar (foyda) va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa tushumlar ularning asosiy hisobvaraqlariga kirim qilinadi va mazkur kengashlar tasarrufida qoladi. Ushbu mablagʻlardan qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda oʻz Ustavida koʻrsatilgan maqsad va vazifalarni amalga oshirish uchun foydalaniladi.

3-bob. Javobgarlik va nazorat

11. Kengashga, hududiy va tuman kengashlariga ularning Ustavida belgilangan vazifalar doirasida fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash yuzasidan majburiyat yuklatiladi.

12. Kengash bilan fermer xoʻjaliklari oʻrtasida tuzilgan aʼzolik shartnomalari doirasida tomonlarga olgan majburiyatini bajarish hamda aʼzolik badallarini belgilangan muddatlarda toʻlab berish majburiyatlari yuklatiladi.

13. Aʼzolik badali boʻyicha qarzdorligi boʻlgan fermer xoʻjaliklari tugatilganda va ushbu qarzlarni undirish imkoni boʻlmaganda mazkur qarzdorliklarni Kengash Rayosati qaroriga asosan undirish ishlari toʻxtatiladi.

14. Kengash, hududiy va tuman kengashlarining yillik daromadlar va xarajatlar smetalarining toʻgʻriligi va asoslanganligi hamda kelib tushgan mablagʻlarni maqsadli ishlatilishi uchun Kengash, hududiy va tuman kengashlari shaxsan javobgardirlar.

15. Mablagʻlarning toʻgʻri va maqsadli ishlatilishini nazorat qilish Kengashning Rayosati zimmasiga yuklatiladi.

4-bob. Yakuniy qoidalar

16. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

17. Mazkur Nizom Oʻzbekiston fermer, dehqon va tomorqa yer egalari kengashi bilan kelishilgan.

Moliya vaziri D. KUCHKAROV

Markaziy bank raisi M. NURMURATOV

Qishloq xoʻjaligi vaziri B. YUSUPOV

Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi raisi v.b. A. XAITOV

Toshkent sh.,

2018-yil 13-dekabr,

Toshkent sh.,

2018-yil 13-dekabr,

Toshkent sh.,

2018-yil 13-dekabr,

2018-yil 13-dekabr

153-son

350-V-son

56-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 16.01.2019-y., 10/19/3121/2483-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 01.06.2023-y., 10/23/3121-1/0313-son; 14.07.2025-y., 10/25/3121-2/0609-son)

lex.uz