📅 2019-yil 18-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 18-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 18 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 18 января 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 18 January 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТУЗИЛМАСИ
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети таркибида Ўзбек-Беларусь қўшма ахборот технологиялари факультетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда республика иқтисодиётининг ишлаб чиқариш ва реал сектори тармоқлари учун юқори малакали, халқаро миқёсда рақобатбардош кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш, шунингдек, олий таълим тизимида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Беларусь Республикасининг Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университетининг Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети (кейинги ўринларда университет деб аталади) таркибида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети (Беларусь Республикаси) билан ҳамкорликдаги Ўзбек-Беларусь қўшма ахборот технологиялари факультетини (кейинги ўринларда факультет деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар факультетнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
республика иқтисодиётининг реал сектори тармоқлари учун ахборот технологияларининг дастурий таъминоти, мобил тизимларни дастурлаш, сунъий интеллект соҳалари бўйича малакали мутахассисларни, илмий, илмий-педагогик кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;
ахборот технологияларининг дастурий таъминоти, мобил тизимларни дастурлаш, сунъий интеллект соҳалари бўйича ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб бориш;
ахборот технологиялари соҳасида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини ташкил этиш ҳамда таълим бериш;
юқори малакали мутахассислар ҳамда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги тамойиллари, шунингдек, жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига интеграциялашиш асосида ривожлантириш;
таълим ва илмий-техник соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, ишлаб чиқариш тармоқлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиш, ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
факультет кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлари бўйича бакалавр ва магистрлар, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган университет таркибий бўлинмаси ҳисобланади;
факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида рус тилида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон Республикаси Олий таълимнинг давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда университетнинг Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети билан қўшма таълим дастурлари асосида амалга оширилади;
факультетга абитуриентларни талабаликка қабул қилиш ва факультет битирувчиларининг аттестацияси Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университетида белгиланган тартиб, талаб ва муддатларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда амалга оширилади;
факультетда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квотаси кадрларга бўлган замонавий талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, университет ва Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади;
факультетнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида унга ажратилган бино ва иншоотларни жорий таъмирлаш ишлари ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситалари харид қилиш) билан боғлиқ харажатлар университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
факультетда ўқиш учун тўлов-контракт маблағлари миқдори миллий валютада тегишли бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг базавий тўлов-контракт суммасидан кам бўлмаган миқдорда университет ва Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади;
факультет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ҳамда Беларусь Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган, ўзаро келишув асосида белгиланган намунадаги икки томонлама тан олинадиган университет ҳамда Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети дипломлари берилади;
факультет фаолиятини молиялаштириш университетга талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
4. Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университетидан факультетнинг ўқув жараёнига жалб қилинган профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва хизмат сафари харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон қарорининг 4-бандига мувофиқ амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2019 йил 1 августга қадар:
факультетга университет ҳудудидаги бинолардан мос жой ажратилишини;
факультет профессор-ўқитувчилари таркиби касбий педагогик маҳоратга эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан тўлдирилишини, шунингдек, нуфузли хорижий олий таълим ва илмий муассасаларда таълим олган, малака оширган, илмий даражаларни ҳимоя қилган иқтидорли педагог кадрлар ҳамда амалий иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларни таълим жараёнига кенг жалб қилинишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги университет буюртманомаларига биноан факультетни ташкил этишда ва унинг фаолиятида иштирок этадиган хорижий профессор-ўқитувчилар, илмий ва раҳбар ходимларни республикага жалб этишга рухсатномалар белгиланган тартибда берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек уларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 24 июлдаги 569-сон қарорига 1-илованинг матни иловага мувофиқ таҳрирда баён этилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 январдаги 46-сон қарорига ИЛОВА
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 18 январь,
46-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TUZILMASI
Muhammad al-Xorazmiy nomidagi Toshkent axborot texnologiyalari universiteti tarkibida Oʻzbek-Belarus qoʻshma axborot texnologiyalari fakultetini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oliy taʼlim muassasalarida taʼlim sifatini oshirish va ularning mamlakatda amalga oshirilayotgan keng qamrovli islohotlarda faol ishtirokini taʼminlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 5-iyundagi PQ-3775-son qarori ijrosini taʼminlash hamda respublika iqtisodiyotining ishlab chiqarish va real sektori tarmoqlari uchun yuqori malakali, xalqaro miqyosda raqobatbardosh kadrlar tayyorlashni yanada takomillashtirish, shuningdek, oliy taʼlim tizimida xalqaro hamkorlikni rivojlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Belarus Respublikasining Belarus davlat informatika va radioelektronika universitetining Muhammad al-Xorazmiy nomidagi Toshkent axborot texnologiyalari universiteti (keyingi oʻrinlarda universitet deb ataladi) tarkibida 2019/2020 oʻquv yilidan boshlab Belarus davlat informatika va radioelektronika universiteti (Belarus Respublikasi) bilan hamkorlikdagi Oʻzbek-Belarus qoʻshma axborot texnologiyalari fakultetini (keyingi oʻrinlarda fakultet deb ataladi) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Quyidagilar fakultetning asosiy vazifalari etib belgilansin:
respublika iqtisodiyotining real sektori tarmoqlari uchun axborot texnologiyalarining dasturiy taʼminoti, mobil tizimlarni dasturlash, sunʼiy intellekt sohalari boʻyicha malakali mutaxassislarni, ilmiy, ilmiy-pedagogik kadrlarni xalqaro taʼlim standartlari darajasida tayyorlash;
axborot texnologiyalarining dasturiy taʼminoti, mobil tizimlarni dasturlash, sunʼiy intellekt sohalari boʻyicha hamda iqtisodiyotning boshqa tarmoqlarida fundamental, amaliy va innovatsion ilmiy tadqiqotlar olib borish;
axborot texnologiyalari sohasida bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarini tashkil etish hamda taʼlim berish;
yuqori malakali mutaxassislar hamda ilmiy-pedagogik kadrlar tayyorlash tizimini ilm-fan va ishlab chiqarishning uzviyligi hamda uzluksizligi tamoyillari, shuningdek, jahon taʼlim va ilmiy hamjamiyatiga integratsiyalashish asosida rivojlantirish;
taʼlim va ilmiy-texnik sohalarda xorijiy mamlakatlarning yetakchi taʼlim muassasalari, ilmiy-tadqiqot markazlari, ishlab chiqarish tarmoqlari hamda biznes-hamjamiyatlari bilan uzoq muddatli aloqalarni oʻrnatish, rivojlantirish va mustahkamlash.
3. Belgilab qoʻyilsinki:
fakultet kadrlarga boʻlgan ehtiyojni inobatga olgan holda taʼlim yoʻnalishlari hamda mutaxassisliklari boʻyicha bakalavr va magistrlar, ilmiy-pedagogik kadrlar tayyorlashni amalga oshiradigan, yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan universitet tarkibiy boʻlinmasi hisoblanadi;
fakultetda talabalarni oʻqitish toʻlov-kontrakt asosida rus tilida, kunduzgi taʼlim shaklida Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari talablari inobatga olingan holda universitetning Belarus davlat informatika va radioelektronika universiteti bilan qoʻshma taʼlim dasturlari asosida amalga oshiriladi;
fakultetga abituriyentlarni talabalikka qabul qilish va fakultet bitiruvchilarining attestatsiyasi Belarus davlat informatika va radioelektronika universitetida belgilangan tartib, talab va muddatlarga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi hamda Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishgan holda amalga oshiriladi;
fakultetda bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklariga qabul kvotasi kadrlarga boʻlgan zamonaviy talab va ehtiyojdan kelib chiqib, universitet va Belarus davlat informatika va radioelektronika universiteti tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot vazirligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi hamda Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishgan holda belgilanadi;
fakultetning boshlangʻich faoliyatini samarali tashkil etish maqsadida unga ajratilgan bino va inshootlarni joriy taʼmirlash ishlari va jihozlash (mebel, kompyuter texnikasi, oʻquv adabiyotlari va boshqa moddiy-texnika vositalari xarid qilish) bilan bogʻliq xarajatlar universitetning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi;
fakultetda oʻqish uchun toʻlov-kontrakt mablagʻlari miqdori milliy valyutada tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarining bazaviy toʻlov-kontrakt summasidan kam boʻlmagan miqdorda universitet va Belarus davlat informatika va radioelektronika universiteti tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi bilan kelishgan holda belgilanadi;
fakultet bitiruvchilariga Oʻzbekiston Respublikasi hamda Belarus Respublikasida oliy taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat sifatida eʼtirof etiladigan, oʻzaro kelishuv asosida belgilangan namunadagi ikki tomonlama tan olinadigan universitet hamda Belarus davlat informatika va radioelektronika universiteti diplomlari beriladi;
fakultet faoliyatini moliyalashtirish universitetga talabalarni toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar, yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari, tegishli shartnomalar asosida manfaatdor tashkilotlar tomonidan taqdim etiladigan grantlar, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobiga amalga oshiriladi.
4. Belarus davlat informatika va radioelektronika universitetidan fakultetning oʻquv jarayoniga jalb qilingan professor-oʻqituvchilar va mutaxassislarning mehnatiga haq toʻlash va xizmat safari xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oliy taʼlim tizimini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 20-apreldagi PQ-2909-son qarorining 4-bandiga muvofiq amalga oshiriladi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi 2019-yil 1-avgustga qadar:
fakultetga universitet hududidagi binolardan mos joy ajratilishini;
fakultet professor-oʻqituvchilari tarkibi kasbiy pedagogik mahoratga ega boʻlgan yuqori malakali mutaxassislar bilan toʻldirilishini, shuningdek, nufuzli xorijiy oliy taʼlim va ilmiy muassasalarda taʼlim olgan, malaka oshirgan, ilmiy darajalarni himoya qilgan iqtidorli pedagog kadrlar hamda amaliy ish tajribasiga ega boʻlgan mutaxassislarni taʼlim jarayoniga keng jalb qilinishini taʼminlasin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi universitet buyurtmanomalariga binoan fakultetni tashkil etishda va uning faoliyatida ishtirok etadigan xorijiy professor-oʻqituvchilar, ilmiy va rahbar xodimlarni respublikaga jalb etishga ruxsatnomalar belgilangan tartibda berilishini (muddati uzaytirilishini), shuningdek ularga Oʻzbekiston Respublikasi hududida mehnat faoliyatini amalga oshirish huquqiga tasdiqnomalar berilishini (muddati uzaytirilishini) taʼminlasin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Muhammad al-Xorazmiy nomidagi Toshkent axborot texnologiyalari universitetida kadrlar tayyorlash tizimini tubdan takomillashtirish va samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 24-iyuldagi 569-son qaroriga 1-ilovaning matni ilovaga muvofiq tahrirda bayon etilsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.A. Abduxakimov hamda Oʻzbekiston Respublikasi axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vaziri Sh.M. Sadikov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 18-yanvardagi 46-son qaroriga ILOVA
Muhammad al-Xorazmiy nomidagi Toshkent axborot texnologiyalari universitetining
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 18-yanvar,
46-son