UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 1-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 1 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 1 февраля 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 1 February 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Давлат таълим муассасаларининг спорт иншоотларида пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгаракларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Давлат таълим муассасаларининг спорт иншоотларида пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгаракларини ташкил этиш орқали спорт иншоотларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш ва уларнинг бу соҳага бўлган эҳтиёжини қондириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, спорт иншоотларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва тренерларни моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Белгилансинки, 2019 йил 1 февралдан бошлаб:

ушбу қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ жисмоний тарбия соатларидан бўш вақтларида спорт иншоотларида тренерлар томонидан аҳолига, шу жумладан, ўқувчи-ёшлар ва талабаларга кўрсатиладиган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт хизматлари пуллик асосда амалга оширилади;

давлат таълим муассасаларининг спорт иншоотларида тренерлар томонидан кўрсатилган хизматлар учун тушган тўловнинг 20 фоизи коммунал хизматлар харажатларига йўналтирилади, қолган қисми давлат таълим муассасаси ва тренерлар ўртасида тенг миқдорда тақсимланади.

2. Давлат таълим муассасаларининг спорт иншоотларида пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгаракларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

бир ой муддатда спорт турлари, энг аввало, оммавий спорт турлари бўйича янги қўшимча секция ва гуруҳларни ташкил этиш ҳисобига спорт иншоотларидан фойдаланиш даражасини ошириш чораларини кўрсин;

пуллик хизмат кўрсатиладиган спорт иншоотларининг манзили, иш вақти, кўрсатиладиган хизмат турлари ва нархлари ҳақидаги маълумотлар Интернет жаҳон ахборот тармоғида доимий равишда кенг ёритилишини йўлга қўйсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Х. Набиев, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 февралдаги 78-сон қарорига ИЛОВА

Давлат таълим муассасаларининг спорт иншоотларида пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгаракларини ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом давлат таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда таълим муассасалари деб аталади) спорт иншоотларида тренерлар томонидан жисмоний тарбия соатларидан бўш вақтларда аҳолига, шу жумладан ўқувчи-ёшлар ва талабаларга (кейинги ўринларда шуғулланувчилар деб аталади) пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгаракларини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Пуллик хизмат таълим муассасалари спорт иншоотларидан (кейинги ўринларда спорт иншоотлари деб аталади) фойдаланиш орқали аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасига бўлган эҳтиёжини қондириш, ушбу соҳада хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, спорт иншоотларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда пуллик хизмат кўрсатувчи тренерлар (кейинги ўринларда тренерлар деб аталади) меҳнатини рағбатлантириш учун қўшимча маблағлар жалб қилиш мақсадида ташкил этилади.

3. Давлат таълим муассасаларининг спорт иншоотларида пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгаракларини ташкил этиш мазкур Низомнинг иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Спорт иншоотида пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгаракларини ташкил этиш

4. Спорт иншоотида ташкил этиладиган пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгараклари тўғрисида таълим муассасалари томонидан аҳоли, шу жумладан, ўқувчи-ёшлар ва талабалар ўртасида оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ва бошқа шаклда тарғибот ишлари олиб борилади.

Тарғибот ишлари натижалари бўйича спорт тўгаракларида шуғулланиш истагида бўлганлар тўғрисида таълим муассасасида доимий янгилаб бориладиган маълумотлар базаси шакллантирилади.

Спорт тўгараклари шуғулланувчиларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб таълим муассасалари томонидан шакллантирилган маълумотлар базаси асосида ва тренерларнинг ихтисослигини инобатга олган ҳолда ташкил этилади.

5. Шуғулланувчилар томонидан спорт тўгаракларига қатнашиш учун таълим муассасаси раҳбарига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

таълим муассасаси раҳбари номига спорт тўгарагига қатнашиш тўғрисида ариза (вояга етмаган шуғулланувчиларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчилар ишончли шахслар номидан ариза);

фуқаролик паспорти нусхаси, вояга етмаган шуғулланувчиларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси (ҳужжатни топшириш вақтида ҳужжатнинг асл нусхаси кўрсатилади);

086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома;

шуғулланувчиларнинг 3,5 x 4,5 см ўлчамдаги 4 та рангли фотосурати;

Таълим муассасаси раҳбари томонидан мазкур бандда кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

6. Таълим муассасасида таълим муассасаси раҳбари, малакали тренерлар ва тиббиёт ходимидан иборат бўлган аризаларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) тузилади.

7. Ишчи гуруҳ томонидан аризалар улар келиб тушгандан бошлаб 5 кун ичида кўриб чиқилади ва шуғулланувчиларнинг спортнинг муайян тури билан шуғулланишга лойиқлиги аниқланади.

Кўриб чиқиш натижалари бўйича Ишчи гуруҳнинг баённомаси расмийлаштирилади.

8. Ишчи гуруҳ баённомаси асосида таълим муассасаси раҳбари ва шуғулланувчилар ўртасида спорт тўгарагига қатнашиш бўйича белгиланган тартибда шартнома тузилади. Шартномада пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгаракларининг тури, ўқув-машқ жараёнининг давомийлиги, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари каби асосий қоидалар белгиланади.

Пуллик хизмат кўрсатганлик учун тўлов миқдори тренер томонидан таълим муассасаси раҳбарияти билан келишилган ҳолда белгиланади.

Таълим муассасаси раҳбари режалаштирилаётган пуллик хизмат тури, ҳажми ва уни бажариш харажатлари, тасдиқланган нархлар ва тарифлардан келиб чиқиб, спорт иншоотларида кўрсатиладиган пуллик хизматнинг даромадлар ҳамда харажатлар сметасини тузади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди.

Агар молия йили мобайнида пуллик хизматдан олинадиган даромадлар прогнозига нисбатдан камайса ёки кўпайса, спорт иншоотлари раҳбарияти харажатларни тегишли миқдорда мустақил равишда камайтиради ёки кўпайтиради.

3-боб. Спорт иншоотида пуллик хизмат кўрсатувчи тренерлар ҳамда шуғулланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

9. Тренер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

спорт иншоотида пуллик хизмат кўрсатиш бўйича таълим муассасаси раҳбарига таклифлар киритиш;

таълим муассасаси раҳбаридан спорт иншоотида спорт тўгаракларининг фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиш;

шуғулланувчиларнинг ўқув-машқ жараёнида зарур режимга амал қилишларини назорат қилиб бориш.

Тренер қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

10. Тренер:

таълим муассасаси раҳбари билан ўқув-машқ, оммавий спорт тадбирлари ўтказишни келишиб олиш ва унга ушбу тадбирларга эркин кириш имконини беришга;

ўқув-машқ жараёнини ўтказиш даврида шуғулланувчилар хавфсизлигини таъминлашга;

қонунчилик ҳужжатларига ва таълим муассасаси уставига риоя қилишга мажбур.

Тренер қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.

11. Шуғулланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тренер раҳбарлигида ўқув-машқ, оммавий спорт тадбирларида қатнашиш учун таълим муассасаси раҳбари билан шартнома тузиш ва уни бекор қилиш;

таълим муассасаси раҳбари билан тузилган шартномада белгиланган талабларни таълим муассасаси раҳбаридан талаб қилиш;

тренер назоратида ҳамда фақат ўқув-машқ вақтларида таълим муассасасининг жисмоний тарбия-спорт иншоотлари, спорт жиҳозлари ва анжомларидан фойдаланиш;

ўқув-машқ машғулотлари ва оммавий спорт тадбирлари жараёнида хавфсиз шарт-шароитларга риоя қилиш.

Шуғулланувчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

12. Шуғулланувчилар:

якка тартибдаги ва гуруҳли машғулотларнинг ўқув режалари ва дастурларини бажариш, спорт режими, санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя қилишга;

спорт иншоотларининг мол-мулкига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ва ички тартиб-қоидаларига риоя қилишга мажбур.

Шуғулланувчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.

4-боб. Спорт иншоотида пуллик хизмат кўрсатиш учун тўловни амалга ошириш

13. Спорт иншоотларида пуллик хизматлар кўрсатганлик учун тўловлар ҳар ойда келгуси ойнинг 10-санасидан кечикмасдан шуғулланувчилар ва таълим муассасаси раҳбари билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади.

14. Пуллик хизматлар кўрсатганлик учун тўловлар таълим муассасасининг тегишли шахсий ғазначилик ҳисоб рақамига тўланади.

15. Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзолари бўлган шуғулланувчилардан пуллик хизмат кўрсатилганлиги учун белгиланган тўловларни имтиёзли равишда 50 фоиз миқдорида, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзолари бўлган шуғулланувчилардан мазкур хизматлар учун белгиланган тўловларни имтиёзли равишда 25 фоиз миқдорида амалга оширилади. Бунда чегирма Ижтимоий реестрнинг:

«давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига ўтказилган оилаларга, уларнинг илгари белгиланган тоифасига мувофиқ миқдорда;

оғир ҳаётий вазиятга тушган оила сифатида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга «камбағал оила» тоифасидаги оила учун белгиланган миқдорда қўлланилади.

16. Бир оиладан икки ёки ундан ортиқ фарзанд иштирок этган тақдирда, пуллик хизмат кўрсатилганлиги учун белгиланган тўловларни имтиёзли равишда ҳар бири учун 70 фоиз миқдорида амалга оширади.

5-боб. Спорт иншоотида пуллик хизмат кўрсатишдан тушган маблағлардан фойдаланиш

17. Спорт иншоотларида ҳар бир тренер томонидан биринчи навбатда кўрсатилган пуллик хизматлар кўрсатилганлиги учун тўланган тўлов суммасининг 20 фоизи таълим муассасаси томонидан фойдаланилган спорт иншоотларининг коммунал тўловлари харажатларига йўналтирилади ҳамда маблағларнинг қолган қисми қуйидаги тартибда тақсимланади:

50 фоизи — спорт иншоотининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилади;

50 фоизи — тренерга белгиланган тартибда моддий рағбатлантириш сифатида тўлаб берилади.

18. Спорт иншоотларида бир вақтнинг ўзида икки ва ундан кўп тренерлар пуллик хизмат кўрсатган тақдирда спорт иншоотларининг коммунал тўловлари миқдори ҳар бир тренерга бир хил миқдорда тақсимланади.

6-боб. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи

19. Ҳар бир тренер томонидан кўрсатилган пуллик хизмат учун тўловларнинг тушуми ва уларга тўланган тўловлар бўйича алоҳида бухгалтерия ҳисобини юритилиши тегишли таълим муассасасининг бухгалтерияси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

20. Таълим муассасаси раҳбари пуллик хизмат кўрсатиш тўловлари тушумининг мақсадли сарфлаш бўйича жавобгар ҳисобланади.

7-боб. Якуний қоидалар

21. Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги спорт иншоотларида пуллик хизмат кўрсатиш учун тўловларни амалга ошириш ҳамда уларнинг тақсимоти мониторингини олиб боради.

22. Мазкур Низом юзасидан келиб чиқадиган низоли масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Давлат таълим муассасаларининг спорт иншоотларида пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгаракларини ташкил этиш тартиби тўғрисида низомга ИЛОВА

Давлат таълим муассасаларининг спорт иншоотларида пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгаракларини ташкил этишнинг

Босқичлар Масъуллар Тадбирлар номи Муддат 1-босқич Таълим муассасаси раҳбари Тренер билан шартнома тузади. Тарафлар келишувига кўра 2-босқич Таълим муассасаси раҳбари 1. Таълим муассасаси спорт иншоотида пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгарагини ташкил этади. 2. Пуллик хизмат кўрсатганлик учун тўлов миқдорини тренер билан келишилган ҳолда белгилайди. Тарафлар ўртасида шартнома тузилганидан сўнг 3-босқич Таълим муассасаси Спорт иншоотида ташкил этиладиган пуллик хизмат кўрсатувчи спорт тўгараклари тўғрисида оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ва бошқа шаклда тарғибот ишларини олиб боради. Мунтазам 4-босқич Таълим муассасаси Тарғибот ишлари натижалари бўйича спорт тўгаракларида шуғулланиш истагида бўлганлар тўғрисида маълумотлар базасини шакллантиради. Мунтазам 5-босқич Таълим муассасаси раҳбари Таълим муассасасида таълим муассасаси раҳбари, малакали тренерлар ва тиббиёт ходимидан иборат бўлган аризаларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳни (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) тузади. Аризалар тушишига қараб 6-босқич Таълим муассасаси раҳбари Ишчи гуруҳ баённомаси асосида шуғулланувчилар билан спорт тўгарагига қатнашиш бўйича белгиланган тартибда шартнома тузади. 1 кун 7-босқич Шуғулланувчилар Спорт иншоотларида пуллик хизматлар кўрсатганлик учун тўловларни амалга оширади. Бунда ушбу тўловларни таълим муассасасининг тегишли шахсий ғазначилик ҳисоб рақамига тўлайди. Ҳар ойда келгуси ойнинг 10-санасидан кечикмасдан 8-босқич Таълим муассасаси раҳбари Спорт иншоотларида ҳар бир тренер томонидан биринчи навбатда пуллик хизматлар кўрсатилганлиги учун тўланган тўлов суммасининг 20 фоизини таълим муассасаси томонидан фойдаланилган спорт иншоотларининг коммунал тўловлари харажатларига йўналтиради ҳамда маблағларнинг қолган қисмини қуйидаги тартибда тақсимлайди: 50 фоизи — спорт иншоотининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтириш учун; 50 фоизи — тренерга белгиланган тартибда моддий рағбатлантириш сифатида тўлаб бериш учун. Ҳар ой

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 1 февраль,

78-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.02.2019 й., 09/19/78/2559-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон: 19.06.2025 й., 09/25/378/0518-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Davlat taʼlim muassasalarining sport inshootlarida pullik xizmat koʻrsatuvchi sport toʻgaraklarini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Davlat taʼlim muassasalarining sport inshootlarida pullik xizmat koʻrsatuvchi sport toʻgaraklarini tashkil etish orqali sport inshootlaridan foydalanish samaradorligini yanada oshirish, aholini jismoniy tarbiya va sport bilan shugʻullanishga keng jalb etish va ularning bu sohaga boʻlgan ehtiyojini qondirish, jismoniy tarbiya va sport sohasida xizmat koʻrsatish sifatini yanada yaxshilash, sport inshootlarining moddiy-texnika bazasini rivojlantirish va trenerlarni moddiy ragʻbatlantirish tizimini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Belgilansinki, 2019-yil 1-fevraldan boshlab:

ushbu qaror bilan tasdiqlangan Nizomga muvofiq jismoniy tarbiya soatlaridan boʻsh vaqtlarida sport inshootlarida trenerlar tomonidan aholiga, shu jumladan, oʻquvchi-yoshlar va talabalarga koʻrsatiladigan jismoniy tarbiya-sogʻlomlashtirish va sport xizmatlari pullik asosda amalga oshiriladi;

davlat taʼlim muassasalarining sport inshootlarida trenerlar tomonidan koʻrsatilgan xizmatlar uchun tushgan toʻlovning 20 foizi kommunal xizmatlar xarajatlariga yoʻnaltiriladi, qolgan qismi davlat taʼlim muassasasi va trenerlar oʻrtasida teng miqdorda taqsimlanadi.

2. Davlat taʼlim muassasalarining sport inshootlarida pullik xizmat koʻrsatuvchi sport toʻgaraklarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Jismoniy tarbiya va sport vazirligi, Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi:

bir oy muddatda sport turlari, eng avvalo, ommaviy sport turlari boʻyicha yangi qoʻshimcha seksiya va guruhlarni tashkil etish hisobiga sport inshootlaridan foydalanish darajasini oshirish choralarini koʻrsin;

pullik xizmat koʻrsatiladigan sport inshootlarining manzili, ish vaqti, koʻrsatiladigan xizmat turlari va narxlari haqidagi maʼlumotlar Internet jahon axborot tarmogʻida doimiy ravishda keng yoritilishini yoʻlga qoʻysin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Jismoniy tarbiya va sport vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.A. Abduxakimov, Oʻzbekiston Respublikasi jismoniy tarbiya va sport vaziri D.X. Nabiyev, Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov va Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 1-fevraldagi 78-son qaroriga ILOVA

Davlat taʼlim muassasalarining sport inshootlarida pullik xizmat koʻrsatuvchi sport toʻgaraklarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom davlat taʼlim muassasalarining (keyingi oʻrinlarda taʼlim muassasalari deb ataladi) sport inshootlarida trenerlar tomonidan jismoniy tarbiya soatlaridan boʻsh vaqtlarda aholiga, shu jumladan oʻquvchi-yoshlar va talabalarga (keyingi oʻrinlarda shugʻullanuvchilar deb ataladi) pullik xizmat koʻrsatuvchi sport toʻgaraklarini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Pullik xizmat taʼlim muassasalari sport inshootlaridan (keyingi oʻrinlarda sport inshootlari deb ataladi) foydalanish orqali aholining jismoniy tarbiya va sport sohasiga boʻlgan ehtiyojini qondirish, ushbu sohada xizmat koʻrsatish sifatini yaxshilash, sport inshootlarining moddiy-texnika bazasini rivojlantirish hamda pullik xizmat koʻrsatuvchi trenerlar (keyingi oʻrinlarda trenerlar deb ataladi) mehnatini ragʻbatlantirish uchun qoʻshimcha mablagʻlar jalb qilish maqsadida tashkil etiladi.

3. Davlat taʼlim muassasalarining sport inshootlarida pullik xizmat koʻrsatuvchi sport toʻgaraklarini tashkil etish mazkur Nizomning ilovasida keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

2-bob. Sport inshootida pullik xizmat koʻrsatuvchi sport toʻgaraklarini tashkil etish

4. Sport inshootida tashkil etiladigan pullik xizmat koʻrsatuvchi sport toʻgaraklari toʻgʻrisida taʼlim muassasalari tomonidan aholi, shu jumladan, oʻquvchi-yoshlar va talabalar oʻrtasida ommaviy axborot vositalari, Internet jahon axborot tarmogʻi orqali va boshqa shaklda targʻibot ishlari olib boriladi.

Targʻibot ishlari natijalari boʻyicha sport toʻgaraklarida shugʻullanish istagida boʻlganlar toʻgʻrisida taʼlim muassasasida doimiy yangilab boriladigan maʼlumotlar bazasi shakllantiriladi.

Sport toʻgaraklari shugʻullanuvchilarning ehtiyojlaridan kelib chiqib taʼlim muassasalari tomonidan shakllantirilgan maʼlumotlar bazasi asosida va trenerlarning ixtisosligini inobatga olgan holda tashkil etiladi.

5. Shugʻullanuvchilar tomonidan sport toʻgaraklariga qatnashish uchun taʼlim muassasasi rahbariga quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:

taʼlim muassasasi rahbari nomiga sport toʻgaragiga qatnashish toʻgʻrisida ariza (voyaga yetmagan shugʻullanuvchilarning ota-onasi yoki ularning oʻrnini bosuvchilar ishonchli shaxslar nomidan ariza);

fuqarolik pasporti nusxasi, voyaga yetmagan shugʻullanuvchilarning tugʻilganlik haqidagi guvohnomasi nusxasi (hujjatni topshirish vaqtida hujjatning asl nusxasi koʻrsatiladi);

086-U-shakl boʻyicha tibbiy maʼlumotnoma;

shugʻullanuvchilarning 3,5 x 4,5 sm oʻlchamdagi 4 ta rangli fotosurati;

Taʼlim muassasasi rahbari tomonidan mazkur bandda koʻrsatilmagan hujjatlarni talab qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

6. Taʼlim muassasasida taʼlim muassasasi rahbari, malakali trenerlar va tibbiyot xodimidan iborat boʻlgan arizalarni koʻrib chiqish boʻyicha ishchi guruh (keyingi oʻrinlarda Ishchi guruh deb ataladi) tuziladi.

7. Ishchi guruh tomonidan arizalar ular kelib tushgandan boshlab 5 kun ichida koʻrib chiqiladi va shugʻullanuvchilarning sportning muayyan turi bilan shugʻullanishga loyiqligi aniqlanadi.

Koʻrib chiqish natijalari boʻyicha Ishchi guruhning bayonnomasi rasmiylashtiriladi.

8. Ishchi guruh bayonnomasi asosida taʼlim muassasasi rahbari va shugʻullanuvchilar oʻrtasida sport toʻgaragiga qatnashish boʻyicha belgilangan tartibda shartnoma tuziladi. Shartnomada pullik xizmat koʻrsatuvchi sport toʻgaraklarining turi, oʻquv-mashq jarayonining davomiyligi, taraflarning huquq va majburiyatlari kabi asosiy qoidalar belgilanadi.

Pullik xizmat koʻrsatganlik uchun toʻlov miqdori trener tomonidan taʼlim muassasasi rahbariyati bilan kelishilgan holda belgilanadi.

Taʼlim muassasasi rahbari rejalashtirilayotgan pullik xizmat turi, hajmi va uni bajarish xarajatlari, tasdiqlangan narxlar va tariflardan kelib chiqib, sport inshootlarida koʻrsatiladigan pullik xizmatning daromadlar hamda xarajatlar smetasini tuzadi va belgilangan tartibda tasdiqlaydi.

Agar moliya yili mobaynida pullik xizmatdan olinadigan daromadlar prognoziga nisbatdan kamaysa yoki koʻpaysa, sport inshootlari rahbariyati xarajatlarni tegishli miqdorda mustaqil ravishda kamaytiradi yoki koʻpaytiradi.

3-bob. Sport inshootida pullik xizmat koʻrsatuvchi trenerlar hamda shugʻullanuvchilarning huquqlari va majburiyatlari

9. Trener quyidagi huquqlarga ega:

sport inshootida pullik xizmat koʻrsatish boʻyicha taʼlim muassasasi rahbariga takliflar kiritish;

taʼlim muassasasi rahbaridan sport inshootida sport toʻgaraklarining faoliyat yuritishi uchun zarur shart-sharoitlar yaratilishini talab qilish;

shugʻullanuvchilarning oʻquv-mashq jarayonida zarur rejimga amal qilishlarini nazorat qilib borish.

Trener qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

10. Trener:

taʼlim muassasasi rahbari bilan oʻquv-mashq, ommaviy sport tadbirlari oʻtkazishni kelishib olish va unga ushbu tadbirlarga erkin kirish imkonini berishga;

oʻquv-mashq jarayonini oʻtkazish davrida shugʻullanuvchilar xavfsizligini taʼminlashga;

qonunchilik hujjatlariga va taʼlim muassasasi ustaviga rioya qilishga majbur.

Trener qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarni ham olishi mumkin.

11. Shugʻullanuvchilar quyidagi huquqlarga ega:

trener rahbarligida oʻquv-mashq, ommaviy sport tadbirlarida qatnashish uchun taʼlim muassasasi rahbari bilan shartnoma tuzish va uni bekor qilish;

taʼlim muassasasi rahbari bilan tuzilgan shartnomada belgilangan talablarni taʼlim muassasasi rahbaridan talab qilish;

trener nazoratida hamda faqat oʻquv-mashq vaqtlarida taʼlim muassasasining jismoniy tarbiya-sport inshootlari, sport jihozlari va anjomlaridan foydalanish;

oʻquv-mashq mashgʻulotlari va ommaviy sport tadbirlari jarayonida xavfsiz shart-sharoitlarga rioya qilish.

Shugʻullanuvchilar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

12. Shugʻullanuvchilar:

yakka tartibdagi va guruhli mashgʻulotlarning oʻquv rejalari va dasturlarini bajarish, sport rejimi, sanitariya normalari, qoidalari va gigiyena normativlariga rioya qilishga;

sport inshootlarining mol-mulkiga ehtiyotkorlik bilan munosabatda boʻlish va ichki tartib-qoidalariga rioya qilishga majbur.

Shugʻullanuvchilar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarni ham olishi mumkin.

4-bob. Sport inshootida pullik xizmat koʻrsatish uchun toʻlovni amalga oshirish

13. Sport inshootlarida pullik xizmatlar koʻrsatganlik uchun toʻlovlar har oyda kelgusi oyning 10-sanasidan kechikmasdan shugʻullanuvchilar va taʼlim muassasasi rahbari bilan tuzilgan shartnoma asosida amalga oshiriladi.

14. Pullik xizmatlar koʻrsatganlik uchun toʻlovlar taʼlim muassasasining tegishli shaxsiy gʻaznachilik hisob raqamiga toʻlanadi.

15. Ijtimoiy reyestrning “kambagʻal oila” toifasiga kiritilgan oilalarning aʼzolari boʻlgan shugʻullanuvchilardan pullik xizmat koʻrsatilganligi uchun belgilangan toʻlovlarni imtiyozli ravishda 50 foiz miqdorida, Ijtimoiy reyestrning “davlat taʼminotidagi oila” toifasiga kiritilgan oilalarning aʼzolari boʻlgan shugʻullanuvchilardan mazkur xizmatlar uchun belgilangan toʻlovlarni imtiyozli ravishda 25 foiz miqdorida amalga oshiriladi. Bunda chegirma Ijtimoiy reyestrning:

“davlat taʼminotidagi oila” yoki “kambagʻal oila” toifasidan “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasiga oʻtkazilgan oilalarga, ularning ilgari belgilangan toifasiga muvofiq miqdorda;

ogʻir hayotiy vaziyatga tushgan oila sifatida “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasiga kiritilgan oilalarga “kambagʻal oila” toifasidagi oila uchun belgilangan miqdorda qoʻllaniladi.

16. Bir oiladan ikki yoki undan ortiq farzand ishtirok etgan taqdirda, pullik xizmat koʻrsatilganligi uchun belgilangan toʻlovlarni imtiyozli ravishda har biri uchun 70 foiz miqdorida amalga oshiradi.

5-bob. Sport inshootida pullik xizmat koʻrsatishdan tushgan mablagʻlardan foydalanish

17. Sport inshootlarida har bir trener tomonidan birinchi navbatda koʻrsatilgan pullik xizmatlar koʻrsatilganligi uchun toʻlangan toʻlov summasining 20 foizi taʼlim muassasasi tomonidan foydalanilgan sport inshootlarining kommunal toʻlovlari xarajatlariga yoʻnaltiriladi hamda mablagʻlarning qolgan qismi quyidagi tartibda taqsimlanadi:

50 foizi — sport inshootining moddiy-texnika bazasini mustahkamlashga yoʻnaltiriladi;

50 foizi — trenerga belgilangan tartibda moddiy ragʻbatlantirish sifatida toʻlab beriladi.

18. Sport inshootlarida bir vaqtning oʻzida ikki va undan koʻp trenerlar pullik xizmat koʻrsatgan taqdirda sport inshootlarining kommunal toʻlovlari miqdori har bir trenerga bir xil miqdorda taqsimlanadi.

6-bob. Buxgalteriya hisobi va hisoboti

19. Har bir trener tomonidan koʻrsatilgan pullik xizmat uchun toʻlovlarning tushumi va ularga toʻlangan toʻlovlar boʻyicha alohida buxgalteriya hisobini yuritilishi tegishli taʼlim muassasasining buxgalteriyasi tomonidan belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

20. Taʼlim muassasasi rahbari pullik xizmat koʻrsatish toʻlovlari tushumining maqsadli sarflash boʻyicha javobgar hisoblanadi.

7-bob. Yakuniy qoidalar

21. Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi sport inshootlarida pullik xizmat koʻrsatish uchun toʻlovlarni amalga oshirish hamda ularning taqsimoti monitoringini olib boradi.

22. Mazkur Nizom yuzasidan kelib chiqadigan nizoli masalalar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

Davlat taʼlim muassasalarining sport inshootlarida pullik xizmat koʻrsatuvchi sport toʻgaraklarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida nizomga ILOVA

Davlat taʼlim muassasalarining sport inshootlarida pullik xizmat koʻrsatuvchi sport toʻgaraklarini tashkil etishning

Bosqichlar Masʼullar Tadbirlar nomi Muddat 1-bosqich Taʼlim muassasasi rahbari Trener bilan shartnoma tuzadi. Taraflar kelishuviga koʻra 2-bosqich Taʼlim muassasasi rahbari 1. Taʼlim muassasasi sport inshootida pullik xizmat koʻrsatuvchi sport toʻgaragini tashkil etadi. 2. Pullik xizmat koʻrsatganlik uchun toʻlov miqdorini trener bilan kelishilgan holda belgilaydi. Taraflar oʻrtasida shartnoma tuzilganidan soʻng 3-bosqich Taʼlim muassasasi Sport inshootida tashkil etiladigan pullik xizmat koʻrsatuvchi sport toʻgaraklari toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalari, Internet jahon axborot tarmogʻi orqali va boshqa shaklda targʻibot ishlarini olib boradi. Muntazam 4-bosqich Taʼlim muassasasi Targʻibot ishlari natijalari boʻyicha sport toʻgaraklarida shugʻullanish istagida boʻlganlar toʻgʻrisida maʼlumotlar bazasini shakllantiradi. Muntazam 5-bosqich Taʼlim muassasasi rahbari Taʼlim muassasasida taʼlim muassasasi rahbari, malakali trenerlar va tibbiyot xodimidan iborat boʻlgan arizalarni koʻrib chiqish boʻyicha ishchi guruhni (keyingi oʻrinlarda Ishchi guruh deb ataladi) tuzadi. Arizalar tushishiga qarab 6-bosqich Taʼlim muassasasi rahbari Ishchi guruh bayonnomasi asosida shugʻullanuvchilar bilan sport toʻgaragiga qatnashish boʻyicha belgilangan tartibda shartnoma tuzadi. 1 kun 7-bosqich Shugʻullanuvchilar Sport inshootlarida pullik xizmatlar koʻrsatganlik uchun toʻlovlarni amalga oshiradi. Bunda ushbu toʻlovlarni taʼlim muassasasining tegishli shaxsiy gʻaznachilik hisob raqamiga toʻlaydi. Har oyda kelgusi oyning 10-sanasidan kechikmasdan 8-bosqich Taʼlim muassasasi rahbari Sport inshootlarida har bir trener tomonidan birinchi navbatda pullik xizmatlar koʻrsatilganligi uchun toʻlangan toʻlov summasining 20 foizini taʼlim muassasasi tomonidan foydalanilgan sport inshootlarining kommunal toʻlovlari xarajatlariga yoʻnaltiradi hamda mablagʻlarning qolgan qismini quyidagi tartibda taqsimlaydi: 50 foizi — sport inshootining moddiy-texnika bazasini mustahkamlashga yoʻnaltirish uchun; 50 foizi — trenerga belgilangan tartibda moddiy ragʻbatlantirish sifatida toʻlab berish uchun. Har oy

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 1-fevral,

78-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 02.02.2019-y., 09/19/78/2559-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 27.12.2021-y., 09/21/774/1198-son, Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 10.05.2024-y., 09/24/272/0337-son: 19.06.2025-y., 09/25/378/0518-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son)

lex.uz