📅 2019-yil 5-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 5-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 5 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 5 февраля 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 5 February 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни давлат ижтимоий гранти асосида молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 24 июлдаги ПҚ-3880-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, хорижий мамлакатлар кинокомпаниялари иштирокида ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни давлат ижтимоий гранти асосида молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Ф.Ш. Зокиров зиммасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 февралдаги 89-сон қарорига ИЛОВА
Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни давлат ижтимоий гранти асосида молиялаштириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган кинематография ташкилотларининг (кейинги ўринларда миллий кинокомпания деб аталади) хорижий мамлакатлар кинокомпаниялари ва бошқа ташкилотлари (кейинги ўринларда хорижий кинокомпания деб аталади) билан ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришини давлат ижтимоий гранти асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари ҳисобига молиялаштириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришда иштирок этадиган миллий кинокомпания ва (ёки) хорижий кинокомпаниялар (ҳампродюсерлар);
Бадиий кенгаш — ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун ариза берувчининг мурожаатини кўриб чиқиш, саралаш ва давлат ижтимоий гранти асосида ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни молиялаштириш бўйича хулоса берувчи «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи коллегиал орган;
продюсер — фильмлар ишлаб чиқариш жараёни устидан ғоявий-бадиий ва ташкилий-молиявий назоратни амалга оширувчи, фильмни тасвирга олиш гуруҳи ва техник ходимлар таркибини шакллантиришда иштирок этадиган кинокомпания вакили;
учинчи шахс — ҳампродюсерларнинг бири томонидан ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришда иштирок этиш учун жалб этилган учинчи мамлакат кинокомпанияси ёки продюсери;
фильм — оригинал сценарий ёки адабий асарни экранлаштириш асосида тасвирга олинадиган аудиовизуал асар (бадиий тўлиқ метражли, бадиий қисқа метражли, ҳужжатли-хроникал, илмий-оммабоп фильмлар ва ижтимоий видеороликлар);
ҳамкорликдаги фильм — миллий кинокомпаниялар томонидан хорижий кинокомпаниялар ёки продюсерлар билан биргаликда ижодий, техник ва молиявий ҳисса қўшиш йўли билан ишлаб чиқарилган фильм;
ҳампродюсерлар — ҳамкорликда фильм ишлаб чиқариш бўйича ўзаро келишувга эга ва ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришда иштирок этадиган миллий кинокомпаниялар ёки камида бир нафари хорижий бўлган кинокомпаниялар ёки продюсерлар.
3. Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришда иштирок этувчи хорижий кинокомпания томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 12 июндаги 169-сон қарори билан тасдиқланган Хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни кино- ва видеотасвирга олиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ бериладиган рухсатномани олиш талаб этилмайди.
4. Қуйидаги ҳолларда фильм ҳамкорликда ишлаб чиқарилган ҳисобланади:
фильм Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки унинг ҳудудидан ташқарида ҳампродюсерларнинг биргаликдаги ижодий, техник ва бошқа ҳамкорлиги натижасида ишлаб чиқарилган бўлса;
фильм ишлаб чиқаришда ҳампродюсерлар ҳар бирининг қўшадиган энг кам ҳиссаси фильмни ишлаб чиқариш умумий харажатларининг 20 фоизидан кам бўлмаган, энг кўпи 80 фоизидан ошмаган бўлса;
ҳампродюсерларнинг келишувига кўра фильмни ҳамкорликда ишлаб чиқариш учун учинчи давлатдан бошқа продюсер жалб қилинган ҳолларда учинчи шахсларнинг ҳиссаси фильмни ишлаб чиқариш умумий харажатларининг 30 фоизидан ошмаган бўлса;
ҳампродюсерларда фильмдан биргаликда фойдаланиш тартибини белгиловчи шартномаларнинг мавжудлиги, бунда кинопрокатидан тушадиган даромадларнинг ҳампродюсерлар ва ҳудудлар (фильм прокати амалга ошириладиган мамлакатлар) ўртасида ўзаро тақсимланиши каби қоидалар назарда тутилган бўлса.
5. Агар ҳамкорликда фильм ишлаб чиқариш тўғрисидаги халқаро шартномаларда ҳампродюсерлар ўртасидаги расмий келишувларда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартномалар қоидалари қўлланилади.
6. Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни молиялаштиришга оид ҳужжатларни кўриб чиқиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
2-боб. Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун тақдим қилинадиган ариза ва ҳужжатларни кўриб чиқиш
7. Ҳамкорликдаги фильмни ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун ариза берувчи «Ўзбеккино» Миллий агентлигига (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) қуйидагиларни тақдим этади:
а) ҳамкорликдаги фильмни ишлаб чиқаришни молиялаштириш тўғрисида ариза;
б) режалаштирилаётган фильм сценарийсининг давлат ёки рус тилидаги босма (электрон) варианти;
в) ариза берувчи томонидан ҳамкорликда фильм ишлаб чиқариш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;
г) фильмни тасвирга олиш гуруҳи ва асосий роллардаги актёрларнинг фуқаролиги, касби ва (ёки) лавозими тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган рўйхат;
д) ҳамкорликдаги фильмни тасвирга олишга сарфланадиган маблағларнинг дастлабки ҳисоб-китоби;
е) ҳамкорликдаги фильмни тасвирга олиш календарь-постановка режаси.
Ариза берувчи томондан ушбу бандда назарда тутилмаган бошқа ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.
8. Ариза берувчи ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун зарур бўлган ҳужжатларни Агентликка бевосита бериши ёки почта алоқаси воситалари орқали ёхуд электрон шаклда юбориши мумкин.
Ариза берувчи томонидан Агентликка тақдим этилган ҳужжатлар қайтарилмайди.
9. Агентликка тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади. Рўйхат Агентлик томонидан ариза қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда дарҳол ариза берувчига берилади (юборилади).
Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар Агентлик томонидан бир иш кунида кўриб чиқилади. Ариза ва ҳужжатларда камчиликлар мавжудлиги аниқланса, бу ҳақда дарҳол ариза берувчига хабарнома юборилади. Хабарномада ҳужжатлардаги мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этган ҳолда такроран ариза билан мурожаат қилишнинг аниқ муддати кўрсатилиши лозим.
Аризани бошқа асосларга кўра, шу жумладан, мақсадга мувофиқ эмас, деган важлар билан рад этишга йўл қўйилмайди.
10. Аризани такроран кўриб чиқишда Агентлик томонидан ариза берувчига илгари ёзма шаклда, шу жумладан, ахборот тизими, электрон почта алоқаси орқали баён қилинмаган рад этиш сабаблари Агентлик томонидан келтирилишига йўл қўйилмайди, илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.
11. Хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин ариза берувчи томонидан топширилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва Агентлик томонидан умумий тартибда кўриб чиқилади.
12. Ариза берувчи томондан топширилган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.
13. Агентлик томонидан қабул қилинган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар бир иш кунида кўриб чиқиш ва тегишли хулоса бериш учун Бадиий кенгашга юборилади.
14. Бадиий кенгаш аризани у олинган кундан бошлаб 15 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқади ва унинг натижаси бўйича қуйидаги хулосалардан бирини чиқаради:
ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни молиялаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги;
ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни молиялаштиришнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги.
15. Агентлик ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни Бадиий кенгашнинг тегишли хулосаси асосида уч иш кунида кўриб чиқади ва унинг натижаси бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни давлат буюртмасига асосан миллий кино маҳсулотларини яратиш йиллик ишлаб чиқариш ҳажмлари ва шу мақсадларга Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан Агентликка ажратилган маблағлар доирасида ёки Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириш тўғрисида;
ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни молиялаштиришни рад этиш тўғрисида.
16. Агентлик қабул қилинган қарор ҳақида ариза берувчини қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай ёзма шаклда, шу жумладан, ахборот тизими орқали электрон почта алоқаси орқали хабардор қилиши шарт.
17. Қуйидаги ҳолларда ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни молиялаштириш рад этилади:
а) агар фильм сценарийсида:
миллий, ирқий, этник ёки диний душманликни тарғиб этувчи;
фуқароларнинг миллий мансублиги, диний эътиқодлари муносабати билан уларнинг қадр-қимматини камситувчи, ҳақорат қилувчи ёки ахлоқ нормаларига ва миллий менталитетга зид бўлган;
Ўзбекистон Республикаси халқларининг тарихи, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини ҳақиқатга зид тарзда ёки бузиб акс эттирувчи;
экстремизм ва терроризм ғояларини, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жиноий ёки бошқа жавобгарликка олиб келувчи порнографик ва бошқа хусусиятга эга бўлган лавҳалар мавжуд бўлса;
б) ҳамкорликдаги фильмни ишлаб чиқаришни молиялаштириш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ва (ёки) Жамғармадан кино маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ажратиладиган йиллик ҳажмлардан кўп маблағни талаб этса.
3-боб. Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш
18. Ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш:
давлат буюртмасига мувофиқ миллий кино маҳсулотларини яратиш йиллик ишлаб чиқариш ҳажмлари ва шу мақсадларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Агентликка ажратилган маблағлар доирасида маблағ ажратиш;
Жамғармадан маблағ ажратиш;
ҳампродюсерларга ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришда моддий-техника базани шакллантиришга кўмаклашиш орқали амалга оширилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
19. Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни молиялаштириш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан келиб чиқадиган низоли масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
20. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни давлат ижтимоий гранти асосида молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни молиялаштиришга оид ҳужжатларни кўриб чиқиш
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 5 февраль,
89-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Hamkorlikda film ishlab chiqarishni davlat ijtimoiy granti asosida moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Milliy kinoindustriyani rivojlantirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 24-iyuldagi PQ-3880-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, xorijiy mamlakatlar kinokompaniyalari ishtirokida hamkorlikda film ishlab chiqarishni qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Hamkorlikda film ishlab chiqarishni davlat ijtimoiy granti asosida moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. “Oʻzbekkino” Milliy agentligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ular qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish “Oʻzbekkino” Milliy agentligi bosh direktori F.Sh. Zokirov zimmasiga va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Madaniyat, sanʼat va yoshlar siyosati masalalari axborot-tahlil departamentiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 5-fevraldagi 89-son qaroriga ILOVA
Hamkorlikda film ishlab chiqarishni davlat ijtimoiy granti asosida moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasida roʻyxatdan oʻtgan kinematografiya tashkilotlarining (keyingi oʻrinlarda milliy kinokompaniya deb ataladi) xorijiy mamlakatlar kinokompaniyalari va boshqa tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda xorijiy kinokompaniya deb ataladi) bilan hamkorlikda film ishlab chiqarishini davlat ijtimoiy granti asosida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti va “Oʻzbekkino” Milliy agentligi huzuridagi Milliy kinematografiyani rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) mablagʻlari hisobiga moliyalashtirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ariza beruvchi — hamkorlikda film ishlab chiqarishda ishtirok etadigan milliy kinokompaniya va (yoki) xorijiy kinokompaniyalar (hamprodyuserlar);
Badiiy kengash — hamkorlikda film ishlab chiqarishni moliyalashtirish uchun ariza beruvchining murojaatini koʻrib chiqish, saralash va davlat ijtimoiy granti asosida hamkorlikda filmlar ishlab chiqarishni moliyalashtirish boʻyicha xulosa beruvchi “Oʻzbekkino” Milliy agentligi huzuridagi doimiy faoliyat koʻrsatuvchi kollegial organ;
prodyuser — filmlar ishlab chiqarish jarayoni ustidan gʻoyaviy-badiiy va tashkiliy-moliyaviy nazoratni amalga oshiruvchi, filmni tasvirga olish guruhi va texnik xodimlar tarkibini shakllantirishda ishtirok etadigan kinokompaniya vakili;
uchinchi shaxs — hamprodyuserlarning biri tomonidan hamkorlikda film ishlab chiqarishda ishtirok etish uchun jalb etilgan uchinchi mamlakat kinokompaniyasi yoki prodyuseri;
film — original ssenariy yoki adabiy asarni ekranlashtirish asosida tasvirga olinadigan audiovizual asar (badiiy toʻliq metrajli, badiiy qisqa metrajli, hujjatli-xronikal, ilmiy-ommabop filmlar va ijtimoiy videoroliklar);
hamkorlikdagi film — milliy kinokompaniyalar tomonidan xorijiy kinokompaniyalar yoki prodyuserlar bilan birgalikda ijodiy, texnik va moliyaviy hissa qoʻshish yoʻli bilan ishlab chiqarilgan film;
hamprodyuserlar — hamkorlikda film ishlab chiqarish boʻyicha oʻzaro kelishuvga ega va hamkorlikda film ishlab chiqarishda ishtirok etadigan milliy kinokompaniyalar yoki kamida bir nafari xorijiy boʻlgan kinokompaniyalar yoki prodyuserlar.
3. Hamkorlikda film ishlab chiqarishda ishtirok etuvchi xorijiy kinokompaniya tomonidan Vazirlar Mahkamasining 2012-yil 12-iyundagi 169-son qarori bilan tasdiqlangan Xorijiy kinokompaniyalar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududida filmlarni kino- va videotasvirga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq beriladigan ruxsatnomani olish talab etilmaydi.
4. Quyidagi hollarda film hamkorlikda ishlab chiqarilgan hisoblanadi:
film Oʻzbekiston Respublikasi hududida yoki uning hududidan tashqarida hamprodyuserlarning birgalikdagi ijodiy, texnik va boshqa hamkorligi natijasida ishlab chiqarilgan boʻlsa;
film ishlab chiqarishda hamprodyuserlar har birining qoʻshadigan eng kam hissasi filmni ishlab chiqarish umumiy xarajatlarining 20 foizidan kam boʻlmagan, eng koʻpi 80 foizidan oshmagan boʻlsa;
hamprodyuserlarning kelishuviga koʻra filmni hamkorlikda ishlab chiqarish uchun uchinchi davlatdan boshqa prodyuser jalb qilingan hollarda uchinchi shaxslarning hissasi filmni ishlab chiqarish umumiy xarajatlarining 30 foizidan oshmagan boʻlsa;
hamprodyuserlarda filmdan birgalikda foydalanish tartibini belgilovchi shartnomalarning mavjudligi, bunda kinoprokatidan tushadigan daromadlarning hamprodyuserlar va hududlar (film prokati amalga oshiriladigan mamlakatlar) oʻrtasida oʻzaro taqsimlanishi kabi qoidalar nazarda tutilgan boʻlsa.
5. Agar hamkorlikda film ishlab chiqarish toʻgʻrisidagi xalqaro shartnomalarda hamprodyuserlar oʻrtasidagi rasmiy kelishuvlarda nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, xalqaro shartnomalar qoidalari qoʻllaniladi.
6. Hamkorlikda film ishlab chiqarishni moliyalashtirishga oid hujjatlarni koʻrib chiqish ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema boʻyicha amalga oshiriladi.
2-bob. Hamkorlikda film ishlab chiqarishni moliyalashtirish uchun taqdim qilinadigan ariza va hujjatlarni koʻrib chiqish
7. Hamkorlikdagi filmni ishlab chiqarishni moliyalashtirish uchun ariza beruvchi “Oʻzbekkino” Milliy agentligiga (keyingi oʻrinlarda Agentlik deb ataladi) quyidagilarni taqdim etadi:
a) hamkorlikdagi filmni ishlab chiqarishni moliyalashtirish toʻgʻrisida ariza;
b) rejalashtirilayotgan film ssenariysining davlat yoki rus tilidagi bosma (elektron) varianti;
v) ariza beruvchi tomonidan hamkorlikda film ishlab chiqarish toʻgʻrisida tuzilgan shartnoma nusxasi;
g) filmni tasvirga olish guruhi va asosiy rollardagi aktyorlarning fuqaroligi, kasbi va (yoki) lavozimi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar aks ettirilgan roʻyxat;
d) hamkorlikdagi filmni tasvirga olishga sarflanadigan mablagʻlarning dastlabki hisob-kitobi;
e) hamkorlikdagi filmni tasvirga olish kalendar-postanovka rejasi.
Ariza beruvchi tomondan ushbu bandda nazarda tutilmagan boshqa hujjatlar taqdim etilishini talab qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.
8. Ariza beruvchi hamkorlikda film ishlab chiqarishni moliyalashtirish uchun zarur boʻlgan hujjatlarni Agentlikka bevosita berishi yoki pochta aloqasi vositalari orqali yoxud elektron shaklda yuborishi mumkin.
Ariza beruvchi tomonidan Agentlikka taqdim etilgan hujjatlar qaytarilmaydi.
9. Agentlikka taqdim etilgan ariza va unga ilova qilingan hujjatlar roʻyxat boʻyicha qabul qilinadi. Roʻyxat Agentlik tomonidan ariza qabul qilingan sana toʻgʻrisida belgi qoʻyilgan holda darhol ariza beruvchiga beriladi (yuboriladi).
Ariza va unga ilova qilingan hujjatlar Agentlik tomonidan bir ish kunida koʻrib chiqiladi. Ariza va hujjatlarda kamchiliklar mavjudligi aniqlansa, bu haqda darhol ariza beruvchiga xabarnoma yuboriladi. Xabarnomada hujjatlardagi mavjud kamchiliklar va ularni bartaraf etgan holda takroran ariza bilan murojaat qilishning aniq muddati koʻrsatilishi lozim.
Arizani boshqa asoslarga koʻra, shu jumladan, maqsadga muvofiq emas, degan vajlar bilan rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
10. Arizani takroran koʻrib chiqishda Agentlik tomonidan ariza beruvchiga ilgari yozma shaklda, shu jumladan, axborot tizimi, elektron pochta aloqasi orqali bayon qilinmagan rad etish sabablari Agentlik tomonidan keltirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi, ilgari koʻrsatilgan sabablar bartaraf etilganligini tasdiqlovchi hujjatlar bilan bogʻliq rad etish sabablari keltirilishi bundan mustasno.
11. Xabarnomada koʻrsatilgan muddat oʻtganidan keyin ariza beruvchi tomonidan topshirilgan ariza yangidan topshirilgan hisoblanadi va Agentlik tomonidan umumiy tartibda koʻrib chiqiladi.
12. Ariza beruvchi tomondan topshirilgan hujjatlarni koʻrib chiqish uchun yigʻim undirilmaydi.
13. Agentlik tomonidan qabul qilingan ariza va unga ilova qilingan hujjatlar bir ish kunida koʻrib chiqish va tegishli xulosa berish uchun Badiiy kengashga yuboriladi.
14. Badiiy kengash arizani u olingan kundan boshlab 15 ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatda koʻrib chiqadi va uning natijasi boʻyicha quyidagi xulosalardan birini chiqaradi:
hamkorlikda film ishlab chiqarishni moliyalashtirishning maqsadga muvofiqligi;
hamkorlikda film ishlab chiqarishni moliyalashtirishning maqsadga muvofiq emasligi.
15. Agentlik ariza beruvchi tomonidan taqdim etilgan hujjatlarni Badiiy kengashning tegishli xulosasi asosida uch ish kunida koʻrib chiqadi va uning natijasi boʻyicha quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
hamkorlikda film ishlab chiqarishni davlat buyurtmasiga asosan milliy kino mahsulotlarini yaratish yillik ishlab chiqarish hajmlari va shu maqsadlarga Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetidan Agentlikka ajratilgan mablagʻlar doirasida yoki Jamgʻarma mablagʻlari hisobiga moliyalashtirish toʻgʻrisida;
hamkorlikda film ishlab chiqarishni moliyalashtirishni rad etish toʻgʻrisida.
16. Agentlik qabul qilingan qaror haqida ariza beruvchini qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay yozma shaklda, shu jumladan, axborot tizimi orqali elektron pochta aloqasi orqali xabardor qilishi shart.
17. Quyidagi hollarda hamkorlikda film ishlab chiqarishni moliyalashtirish rad etiladi:
a) agar film ssenariysida:
milliy, irqiy, etnik yoki diniy dushmanlikni targʻib etuvchi;
fuqarolarning milliy mansubligi, diniy eʼtiqodlari munosabati bilan ularning qadr-qimmatini kamsituvchi, haqorat qiluvchi yoki axloq normalariga va milliy mentalitetga zid boʻlgan;
Oʻzbekiston Respublikasi xalqlarining tarixi, madaniyati, anʼanalari va urf-odatlarini haqiqatga zid tarzda yoki buzib aks ettiruvchi;
ekstremizm va terrorizm gʻoyalarini, zoʻravonlik va shafqatsizlikni targʻib qiluvchi;
Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq jinoiy yoki boshqa javobgarlikka olib keluvchi pornografik va boshqa xususiyatga ega boʻlgan lavhalar mavjud boʻlsa;
b) hamkorlikdagi filmni ishlab chiqarishni moliyalashtirish xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan va (yoki) Jamgʻarmadan kino mahsulotlarini ishlab chiqarishga ajratiladigan yillik hajmlardan koʻp mablagʻni talab etsa.
3-bob. Hamkorlikda film ishlab chiqarishni qoʻllab-quvvatlash
18. Hamkorlikda filmlar ishlab chiqarishni qoʻllab-quvvatlash:
davlat buyurtmasiga muvofiq milliy kino mahsulotlarini yaratish yillik ishlab chiqarish hajmlari va shu maqsadlarga Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan Agentlikka ajratilgan mablagʻlar doirasida mablagʻ ajratish;
Jamgʻarmadan mablagʻ ajratish;
hamprodyuserlarga hamkorlikda filmlar ishlab chiqarishda moddiy-texnika bazani shakllantirishga koʻmaklashish orqali amalga oshiriladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
19. Hamkorlikda film ishlab chiqarishni moliyalashtirish bilan bogʻliq holatlar yuzasidan kelib chiqadigan nizoli masalalar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
20. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Hamkorlikda film ishlab chiqarishni davlat ijtimoiy granti asosida moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Hamkorlikda film ishlab chiqarishni moliyalashtirishga oid hujjatlarni koʻrib chiqish
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 5-fevral,
89-son