📅 2019-yil 22-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 22-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 22 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 февраля 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 February 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ТАВСИФИ
ТАВСИФИ
Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейлар битирувчиларини рағбатлантиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сон қарорини ижро этиш юзасидан, шунингдек, умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчилари учун олтин ва кумуш медаллар таъсис этилсин.
2. Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки:
олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10 ва 11-синфларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, чораклик ва йиллик баҳолари аъло бўлган ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, ярим йиллик ва йиллик баҳолари аъло бўлган битирувчиларга;
кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10 ва 11-синфларида ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган битирувчиларга берилади.
3. Умумий ўрта таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари учун бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг тавсифи 2-иловага , академик лицейларнинг иқтидорли битирувчилари учун бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг тавсифи 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Марказий банк ҳузуридаги «Давлат белгиси» давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг буюртмаларига мувофиқ ҳар йили умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медаллар белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медалларни тайёрлаш учун зарур бўлган маблағларни назарда тутсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов ва Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 февралдаги 154-сон қарорига 1-ИЛОВА
Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом умумий ўрта таълим муассасалари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатлари, спорт йўналишидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ҳамда академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини (кейинги ўринларда битирувчилар деб аталади) олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартибини белгилайди.
2. Битирувчилар олтин ва кумуш медаллар билан белгиланган тартибда давлат аккредитациясидан ўтган давлат ва нодавлат умумтаълим муассасалари, академик лицейлар (кейинги ўринларда таълим муассасаси деб аталади) томонидан иловага мувофиқ схема бўйича тақдирланади.
Битирувчиларга бўйсунувидан қатъи назар, умумий ўрта таълим тўғрисида шаҳодатнома бериладиган таълим муассасаларида олтин ва кумуш медаллар бериш жараёни — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, шунингдек, бўйсунувидан қатъи назар, битирувчиларига ўрта махсус таълим тўғрисида диплом бериладиган таълим муассасаларида олтин ва кумуш медаллар бериш жараёни — Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.
2-боб. Битирувчиларни олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш
3. Олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10 ва 11-синфларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, чораклик ва йиллик баҳолари аъло бўлган ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, ярим йиллик ва йиллик баҳолари аъло бўлган битирувчиларга берилади.
4. Кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10 ва 11-синфларида ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган битирувчиларга берилади.
6. Таълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳар йили 10 июнга қадар:
битирувчиларнинг баҳоларини, ўқув-тарбия жараёни билан боғлиқ ҳужжатларни (синф журнали, баҳолар табели) ўрганади;
олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлашга муносиб бўлган битирувчилар рўйхатини шакллантиради;
олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланадиган битирувчилар рўйхатини таълим муассасасининг Педагогик кенгашига (кейинги ўринларда Педагогик кенгаш деб аталади) тақдим этади.
7. Педагогик кенгаш ушбу Низомнинг 3 ва 4-бандларида белгиланган талаблар асосида ҳар йили 14 июнга қадар битирувчиларни олтин ёки кумуш медаллар билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилади.
8. Битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари, битирувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида таълим муассасаси директори томонидан ҳар йили 15 июнга қадар тантанали равишда топширилади.
9. Педагогик кенгашнинг битирувчиларни олтин ёки кумуш медаллар билан тақдирлаш тўғрисидаги қарори нусхаси ҳар йили 17 июнга қадар таълим муассасаси жойлашган ҳудуд бўйича тегишли туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимига тақдим этилади.
Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳар йили 20 июнга қадар тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига олтин ва кумуш медаль билан тақдирланган битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари олтин ва кумуш медаль билан тақдирланган битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштиради ҳамда ҳар йили 25 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдим этади.
Битирувчиларига ўрта махсус таълим тўғрисида диплом бериладиган бошқа вазирликлар ва идоралар тизимидаги таълим муассасалари олтин ва кумуш медаль билан тақдирланган битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни ҳар йили 25 июнга қадар белгиланган тартибда идоравий мансублиги бўйича тегишли вазирликлар ва идораларга тақдим этади.
10. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, тизимида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ҳар йили 30 июнга қадар ўзининг расмий веб-сайтида олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган битирувчилар ҳақидаги маълумотларни жойлаштиради.
3-боб. Буюртмани шакллантириш ҳамда олтин ва кумуш медалларни тайёрлаш
11. Таълим муассасалари ушбу Низомнинг 3 ва 4-бандларида белгиланган талаблар асосида тегишли ўқув йилининг 15 ноябрига қадар олтин ва кумуш медалларга буюртмани туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларига тақдим этади.
12. Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари тегишли ўқув йилининг 25 ноябрига қадар буюртмаларни умумлаштириб, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига тақдим этади.
13. Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари олтин ва кумуш медалларга буюртмани умумлаштириб, тегишли ўқув йилининг 1 декабрига қадар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдим этади.
Битирувчиларига ўрта махсус таълим тўғрисида диплом бериладиган бошқа вазирликлар ва идоралар тизимидаги таълим муассасалари белгиланган тартибда олтин ва кумуш медалларга буюртмани ҳар ўқув йилининг 1 декабрига қадар белгиланган тартибда идоравий мансублиги бўйича тегишли вазирликлар ва идораларга юборади. Вазирлик ва идоралар буюртмаларни умумлаштириб, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади.
14. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги буюртмаларни умумлаштириб, тегишли ўқув йилининг 15 декабрига қадар Марказий банк ҳузуридаги «Давлат белгиси» давлат унитар корхонасига буюртма беради.
15. Марказий банк ҳузуридаги «Давлат белгиси» давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг буюртмаси асосида олтин ва кумуш медалларни тегишли ўқув йилининг 1 майига қадар тайёрлайди.
16. Олтин ва кумуш медаллар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг «Таъминот ва логистика хизмати» давлат унитар корхонаси томонидан тегишли ўқув йилининг 1 июнига қадар топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига етказилади.
Олтин ва кумуш медаллар Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан тегишли ўқув йилининг 5 июнига қадар топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларига, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари орқали тегишли ўқув йилининг 8 июнига қадар топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида таълим муассасаларига етказилади.
Тизимида битирувчиларига ўрта махсус таълим тўғрисида диплом бериладиган таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар олтин ва кумуш медалларни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан қабул қилиб, топшириш-қабул қилиш далолатномалари асосида тегишли ўқув йилининг 5 июнига қадар таълим муассасаларига етказади.
17. Таълим муассасасида олтин ва кумуш медаллар таълим муассасаси директорининг пўлат сандиғида (сейфда) сақланади. Медаллар ўқувчиларга топширилгунга қадар сақлаш учун жавобгарлик таълим муассасаси директорига юкланади.
18. Олтин ва кумуш медаллар турли сабабларга кўра ортиб қолган тақдирда тегишли ўқув йилининг 15 июнига қадар топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида таълим муассасаси директори томонидан туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўринбосарига, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўринбосари томонидан тегишли ўқув йилининг 18 июнига қадар топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларининг масъул ходимига топширилади.
19. Ортиб қолган олтин ва кумуш медаллар Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан тегишли ўқув йилининг 30 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қайтарилади.
Ўрта махсус таълим тўғрисида диплом бериладиган таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар ва идоралар тизимидаги таълим муассасаларида ортиб қолган олтин ва кумуш медалларни 30 июнга қадар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади.
20. Ортиб қолган олтин ва кумуш медаллар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида захира сифатида сақланади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
21. Олтин ва кумуш медаллар давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.
22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби
Босқичлар Ижрочилар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Таълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари 1) битирувчиларнинг баҳоларини, ўқув-тарбия жараёни билан боғлиқ ҳужжатларни (синф журнали, баҳолар табели) ўрганиш 2) олтин ва кумуш медаль билан тақдирлашга муносиб бўлган битирувчилар рўйхатини шакллантириш 3) олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланадиган битирувчилар рўйхатини Педагогик кенгашга тақдим этиш Ҳар йили 10 июнга қадар 2-босқич Педагогик кенгаш Битирувчиларни олтин ёки кумуш медаллар билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилиш Хар йили 14 июнга қадар 3-босқич Таълим муассасаси директори маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари. битирувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари Битирувчиларга олтин ва кумуш медалларни тантанали равишда топшириш Ҳар йили 15 июнга қадар 4-босқич Таълим муассасаси директори Педагогик кенгашнинг битирувчиларни олтин ёки кумуш медаллар билан тақдирлаш тўғрисидаги қарори нусхасини туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимига тақдим этиш Ҳар йили 17 июнга қадар 5-босқич Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларига олтин ва кумуш медаль билан тақдирланган битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш Ҳар йили 20 июнга қадар 6-босқич 1. Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бош бошқармаси ва вилоятлар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари 1. Олтин ва кумуш медаль билан тақдирланган битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдим этиш Ҳар йили 25 июнга қадар 2. Тасарруфида таълим муассасалари бўлган бошқа вазирликлар ва идоралар 2 Олтин ва кумуш медаль билан тақдирланган битирувчилар тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда идоравий мансублиги бўйича тегишли вазирликлар ва идораларига тақдим этиш 7-босқич Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар Расмий веб-сайтда олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган битирувчилар рўйхатини жойлаштириш Ҳар йили 30 июнга қадар
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 февралдаги 154-сон қарорига 2-ИЛОВА
Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчилари учун бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг
Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг диаметри 35 миллиметрли доира шаклида бўлиб, металл қотишмасидан тайёрланган, доира бўртма шаклда. Олтин медаль олтинсимон рангли, кумуш медаль кумушсимон рангли бўлади.
Олтин ва кумуш медалларнинг ўрта қисмида доиранинг марказида, кўтарилаётган қуёш нурлари фонида бўртма китоб тасвирланган, унинг умумий баландлиги 20 миллиметр, эни 28 миллиметр, пастки чап томондан ўнг томонга қараб устки қисмига қадар ниҳол тасвирланган. Юқоридаги белгилар диаметри 30 миллиметр бўлган доира шаклидаги бўртма гардиш билан ўралган. Медалнинг чап пастки қисмидан бошлаб айлана бўйлаб бош ҳарфлар билан «OʻQISНDAGI MUVAFFAQIYATLARI UCНUN» деган ёзув жойлашган. Ҳарфларнинг ўлчами 2 миллиметр.
Медалларнинг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг логотипи тасвирланган. Медалнинг орқа томони чап пастки қисмидан бошлаб, айлана бўйлаб бош ҳарфлар билан «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI MAKTABGACHA VA MAKTAB TAʼLIMI VAZIRLIGI» деган ёзув жойлашган. Ҳарфларнинг ўлчами 2 миллиметр.
Тасвирлар ва ёзувлар қабариқ.
Медаллар илгакчалар ва ҳалқача ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган. Қадағичнинг бўйи — 15 миллиметр, эни — 25 миллиметр. Қадағичда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган.
Қадағичнинг орқа томонига медалларни кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 февралдаги 154-сон қарорига 3-ИЛОВА
Академик лицейларнинг иқтидорли битирувчилари учун бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг
Битирувчиларга бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, металл қотишмасидан тайёрланган, доира бўртма шаклда. Олтин медаль олтинсимон рангли, кумуш медаль кумушсимон рангли бўлади.
Олтин ва кумуш медалларнинг ўрта қисмида доиранинг марказида, кўтарилаётган қуёш нурлари фонида бўртма китоб тасвирланган, унинг умумий баландлиги 11 миллиметр, эни 21 миллиметр, пастки чап томондан ўнг томонга қараб устки қисмига қадар ниҳол тасвирланган. Юқоридаги белгилар диаметри 30 миллиметр бўлган доира шаклидаги бўртма гардиш билан ўралган. Медалнинг чап пастки қисмидан бошлаб, айлана бўйлаб бош ҳарфлар билан «OʻQISHDAGI MUVAFFAQIYATLARI UCHUN» деган ёзув жойлашган. Ҳарфларнинг ўлчами 2 миллиметр.
Медалларнинг орқа томонида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг логотипи тасвирланган. Медалнинг орқа томони чап пастки қисмидан бошлаб, айлана бўйлаб бош ҳарфлар билан «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY TAʼLIM, FAN VA INNOVATSIYALAR VAZIRLIGI» деган ёзув жойлашган. Ҳарфларнинг ўлчами 2 миллиметр.
Тасвирлар ва ёзувлар қабариқ.
Медаллар илгакчалар ва ҳалқача ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган. Қадағичнинг бўйи — 17 миллиметр, эни — 26 миллиметр. Қадағичда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган.
Қадағичнинг орқа томонига медалларни кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардияси тизимидаги ҳарбий академик лицейларнинг битирувчиларига бериладиган медалларнинг орқа томонида тегишли вазирлик ва идораларнинг логотиплари тасвирланади ҳамда орқа томони чап пастки қисмидан бошлаб, айлана бўйлаб бош ҳарфлар билан тегишли вазирлик ва идоранинг номи туширилган ёзув жойлаштирилади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 22 февраль,
154-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
TAVSIFI
TAVSIFI
Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari va akademik litseylar bitiruvchilarini ragʻbatlantirishni yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoshlarni maʼnaviy-axloqiy va jismoniy barkamol etib tarbiyalash, ularga taʼlim-tarbiya berish tizimini sifat jihatidan yangi bosqichga koʻtarish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 14-avgustdagi PQ-3907-son qarorini ijro etish yuzasidan, shuningdek, umumiy oʻrta taʼlim muassasalari va akademik litseylarning iqtidorli bitiruvchilarini qoʻllab-quvvatlash hamda ularni ragʻbatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari va akademik litseylarning iqtidorli bitiruvchilari uchun oltin va kumush medallar taʼsis etilsin.
2. Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari va akademik litseylarning iqtidorli bitiruvchilarini oltin va kumush medallar bilan taqdirlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Belgilansinki:
oltin medal umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 9-sinfini bitirganlik toʻgʻrisidagi aʼlo darajali shahodatnomasi mavjud boʻlgan, umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 10 va 11-sinflarida barcha fanlar boʻyicha yakuniy nazoratlar, choraklik va yillik baholari aʼlo boʻlgan yoki akademik litseylarning barcha kurslarida barcha fanlar boʻyicha yakuniy nazoratlar, yarim yillik va yillik baholari aʼlo boʻlgan bitiruvchilarga;
kumush medal umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 9-sinfini bitirganlik toʻgʻrisidagi aʼlo darajali shahodatnomasi mavjud boʻlgan, umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 10 va 11-sinflarida yoki akademik litseylarning barcha kurslarida barcha fanlar boʻyicha yillik baholari aʼlo boʻlgan bitiruvchilarga beriladi.
3. Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining iqtidorli bitiruvchilari uchun beriladigan oltin va kumush medallarning tavsifi 2-ilovaga , akademik litseylarning iqtidorli bitiruvchilari uchun beriladigan oltin va kumush medallarning tavsifi 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Markaziy bank huzuridagi “Davlat belgisi” davlat unitar korxonasi Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining buyurtmalariga muvofiq har yili umumiy oʻrta taʼlim muassasalari va akademik litseylarning iqtidorli bitiruvchilariga beriladigan oltin va kumush medallar belgilangan tartibda tayyorlanishini taʼminlasin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi har yili Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarini shakllantirishda umumiy oʻrta taʼlim muassasalari va akademik litseylarning iqtidorli bitiruvchilariga beriladigan oltin va kumush medallarni tayyorlash uchun zarur boʻlgan mablagʻlarni nazarda tutsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.A. Abduxakimov, Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vaziri Sh.X. Shermatov va Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 22-fevraldagi 154-son qaroriga 1-ILOVA
Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari va akademik litseylarning iqtidorli bitiruvchilarini oltin va kumush medallar bilan taqdirlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom umumiy oʻrta taʼlim muassasalari, shu jumladan, ixtisoslashtirilgan maktablar, ixtisoslashtirilgan sanʼat va madaniyat maktab-internatlari, sport yoʻnalishidagi ixtisoslashtirilgan maktab-internatlar hamda akademik litseylarning iqtidorli bitiruvchilarini (keyingi oʻrinlarda bitiruvchilar deb ataladi) oltin va kumush medallar bilan taqdirlash tartibini belgilaydi.
2. Bitiruvchilar oltin va kumush medallar bilan belgilangan tartibda davlat akkreditatsiyasidan oʻtgan davlat va nodavlat umumtaʼlim muassasalari, akademik litseylar (keyingi oʻrinlarda taʼlim muassasasi deb ataladi) tomonidan ilovaga muvofiq sxema boʻyicha taqdirlanadi.
Bitiruvchilarga boʻysunuvidan qatʼi nazar, umumiy oʻrta taʼlim toʻgʻrisida shahodatnoma beriladigan taʼlim muassasalarida oltin va kumush medallar berish jarayoni — Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, shuningdek, boʻysunuvidan qatʼi nazar, bitiruvchilariga oʻrta maxsus taʼlim toʻgʻrisida diplom beriladigan taʼlim muassasalarida oltin va kumush medallar berish jarayoni — Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan muvofiqlashtiriladi.
2-bob. Bitiruvchilarni oltin va kumush medallar bilan taqdirlash
3. Oltin medal umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 9-sinfini bitirganlik toʻgʻrisidagi aʼlo darajali shahodatnomasi mavjud boʻlgan, umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 10 va 11-sinflarida barcha fanlar boʻyicha yakuniy nazoratlar, choraklik va yillik baholari aʼlo boʻlgan yoki akademik litseylarning barcha kurslarida barcha fanlar boʻyicha yakuniy nazoratlar, yarim yillik va yillik baholari aʼlo boʻlgan bitiruvchilarga beriladi.
4. Kumush medal umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 9-sinfini bitirganlik toʻgʻrisidagi aʼlo darajali shahodatnomasi mavjud boʻlgan, umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 10 va 11-sinflarida yoki akademik litseylarning barcha kurslarida barcha fanlar boʻyicha yillik baholari aʼlo boʻlgan bitiruvchilarga beriladi.
6. Taʼlim muassasasi direktorining oʻquv ishlari boʻyicha oʻrinbosari har yili 10-iyunga qadar:
bitiruvchilarning baholarini, oʻquv-tarbiya jarayoni bilan bogʻliq hujjatlarni (sinf jurnali, baholar tabeli) oʻrganadi;
oltin va kumush medallar bilan taqdirlashga munosib boʻlgan bitiruvchilar roʻyxatini shakllantiradi;
oltin va kumush medallar bilan taqdirlanadigan bitiruvchilar roʻyxatini taʼlim muassasasining Pedagogik kengashiga (keyingi oʻrinlarda Pedagogik kengash deb ataladi) taqdim etadi.
7. Pedagogik kengash ushbu Nizomning 3 va 4-bandlarida belgilangan talablar asosida har yili 14-iyunga qadar bitiruvchilarni oltin yoki kumush medallar bilan taqdirlash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
8. Bitiruvchilarga oltin va kumush medallar mahalliy davlat hokimiyati organlari va fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi vakillari, bitiruvchilarning ota-onalari yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar va boshqa jamoat tashkilotlari vakillari ishtirokida taʼlim muassasasi direktori tomonidan har yili 15-iyunga qadar tantanali ravishda topshiriladi.
9. Pedagogik kengashning bitiruvchilarni oltin yoki kumush medallar bilan taqdirlash toʻgʻrisidagi qarori nusxasi har yili 17-iyunga qadar taʼlim muassasasi joylashgan hudud boʻyicha tegishli tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimiga taqdim etiladi.
Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi har yili 20-iyunga qadar tegishliligi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalariga oltin va kumush medal bilan taqdirlangan bitiruvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etadi.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari oltin va kumush medal bilan taqdirlangan bitiruvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni umumlashtiradi hamda har yili 25-iyunga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligiga taqdim etadi.
Bitiruvchilariga oʻrta maxsus taʼlim toʻgʻrisida diplom beriladigan boshqa vazirliklar va idoralar tizimidagi taʼlim muassasalari oltin va kumush medal bilan taqdirlangan bitiruvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni har yili 25-iyunga qadar belgilangan tartibda idoraviy mansubligi boʻyicha tegishli vazirliklar va idoralarga taqdim etadi.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, tizimida taʼlim muassasalari boʻlgan vazirliklar va idoralar har yili 30-iyunga qadar oʻzining rasmiy veb-saytida oltin va kumush medallar bilan taqdirlangan bitiruvchilar haqidagi maʼlumotlarni joylashtiradi.
3-bob. Buyurtmani shakllantirish hamda oltin va kumush medallarni tayyorlash
11. Taʼlim muassasalari ushbu Nizomning 3 va 4-bandlarida belgilangan talablar asosida tegishli oʻquv yilining 15-noyabriga qadar oltin va kumush medallarga buyurtmani tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlariga taqdim etadi.
12. Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari tegishli oʻquv yilining 25-noyabriga qadar buyurtmalarni umumlashtirib, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalariga taqdim etadi.
13. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari oltin va kumush medallarga buyurtmani umumlashtirib, tegishli oʻquv yilining 1-dekabriga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligiga taqdim etadi.
Bitiruvchilariga oʻrta maxsus taʼlim toʻgʻrisida diplom beriladigan boshqa vazirliklar va idoralar tizimidagi taʼlim muassasalari belgilangan tartibda oltin va kumush medallarga buyurtmani har oʻquv yilining 1-dekabriga qadar belgilangan tartibda idoraviy mansubligi boʻyicha tegishli vazirliklar va idoralarga yuboradi. Vazirlik va idoralar buyurtmalarni umumlashtirib, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga taqdim etadi.
14. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi buyurtmalarni umumlashtirib, tegishli oʻquv yilining 15-dekabriga qadar Markaziy bank huzuridagi “Davlat belgisi” davlat unitar korxonasiga buyurtma beradi.
15. Markaziy bank huzuridagi “Davlat belgisi” davlat unitar korxonasi Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining buyurtmasi asosida oltin va kumush medallarni tegishli oʻquv yilining 1-mayiga qadar tayyorlaydi.
16. Oltin va kumush medallar Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining “Taʼminot va logistika xizmati” davlat unitar korxonasi tomonidan tegishli oʻquv yilining 1-iyuniga qadar topshirish-qabul qilish dalolatnomasi asosida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalariga yetkaziladi.
Oltin va kumush medallar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari tomonidan tegishli oʻquv yilining 5-iyuniga qadar topshirish-qabul qilish dalolatnomasi asosida tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlariga, tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari orqali tegishli oʻquv yilining 8-iyuniga qadar topshirish-qabul qilish dalolatnomasi asosida taʼlim muassasalariga yetkaziladi.
Tizimida bitiruvchilariga oʻrta maxsus taʼlim toʻgʻrisida diplom beriladigan taʼlim muassasalari mavjud boʻlgan vazirliklar va idoralar oltin va kumush medallarni Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligidan qabul qilib, topshirish-qabul qilish dalolatnomalari asosida tegishli oʻquv yilining 5-iyuniga qadar taʼlim muassasalariga yetkazadi.
17. Taʼlim muassasasida oltin va kumush medallar taʼlim muassasasi direktorining poʻlat sandigʻida (seyfda) saqlanadi. Medallar oʻquvchilarga topshirilgunga qadar saqlash uchun javobgarlik taʼlim muassasasi direktoriga yuklanadi.
18. Oltin va kumush medallar turli sabablarga koʻra ortib qolgan taqdirda tegishli oʻquv yilining 15-iyuniga qadar topshirish-qabul qilish dalolatnomasi asosida taʼlim muassasasi direktori tomonidan tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi boshligʻi oʻrinbosariga, tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi boshligʻi oʻrinbosari tomonidan tegishli oʻquv yilining 18-iyuniga qadar topshirish-qabul qilish dalolatnomasi asosida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalarining masʼul xodimiga topshiriladi.
19. Ortib qolgan oltin va kumush medallar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari tomonidan tegishli oʻquv yilining 30-iyuniga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligiga qaytariladi.
Oʻrta maxsus taʼlim toʻgʻrisida diplom beriladigan taʼlim muassasalari mavjud boʻlgan vazirliklar va idoralar tizimidagi taʼlim muassasalarida ortib qolgan oltin va kumush medallarni 30-iyunga qadar belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga taqdim etadi.
20. Ortib qolgan oltin va kumush medallar Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligida zaxira sifatida saqlanadi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
21. Oltin va kumush medallar davlat mukofotlaridan keyin koʻkrakning chap tomoniga taqiladi.
22. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari va akademik litseylarning iqtidorli bitiruvchilarini oltin va kumush medallar bilan taqdirlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari va akademik litseylarning iqtidorli bitiruvchilarini oltin va kumush medallar bilan taqdirlash tartibi
Bosqichlar Ijrochilar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Taʼlim muassasasi direktorining oʻquv ishlari boʻyicha oʻrinbosari 1) bitiruvchilarning baholarini, oʻquv-tarbiya jarayoni bilan bogʻliq hujjatlarni (sinf jurnali, baholar tabeli) oʻrganish 2) oltin va kumush medal bilan taqdirlashga munosib boʻlgan bitiruvchilar roʻyxatini shakllantirish 3) oltin va kumush medallar bilan taqdirlanadigan bitiruvchilar roʻyxatini Pedagogik kengashga taqdim etish Har yili 10-iyunga qadar 2-bosqich Pedagogik kengash Bitiruvchilarni oltin yoki kumush medallar bilan taqdirlash toʻgʻrisida qaror qabul qilish Xar yili 14-iyunga qadar 3-bosqich Taʼlim muassasasi direktori mahalliy davlat hokimiyati organlari va fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi vakillari. bitiruvchilarning ota-onalari yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar va boshqa jamoat tashkilotlari vakillari Bitiruvchilarga oltin va kumush medallarni tantanali ravishda topshirish Har yili 15-iyunga qadar 4-bosqich Taʼlim muassasasi direktori Pedagogik kengashning bitiruvchilarni oltin yoki kumush medallar bilan taqdirlash toʻgʻrisidagi qarori nusxasini tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimiga taqdim etish Har yili 17-iyunga qadar 5-bosqich Tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalariga oltin va kumush medal bilan taqdirlangan bitiruvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etish Har yili 20-iyunga qadar 6-bosqich 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi bosh boshqarmasi va viloyatlar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari 1. Oltin va kumush medal bilan taqdirlangan bitiruvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni umumlashtirish hamda Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligiga taqdim etish Har yili 25-iyunga qadar 2. Tasarrufida taʼlim muassasalari boʻlgan boshqa vazirliklar va idoralar 2 Oltin va kumush medal bilan taqdirlangan bitiruvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni belgilangan tartibda idoraviy mansubligi boʻyicha tegishli vazirliklar va idoralariga taqdim etish 7-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi tasarrufida taʼlim muassasalari boʻlgan vazirliklar va idoralar Rasmiy veb-saytda oltin va kumush medallar bilan taqdirlangan bitiruvchilar roʻyxatini joylashtirish Har yili 30-iyunga qadar
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 22-fevraldagi 154-son qaroriga 2-ILOVA
Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari va akademik litseylarning iqtidorli bitiruvchilari uchun beriladigan oltin va kumush medallarning
Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari bitiruvchilariga beriladigan oltin va kumush medallarning diametri 35 millimetrli doira shaklida boʻlib, metall qotishmasidan tayyorlangan, doira boʻrtma shaklda. Oltin medal oltinsimon rangli, kumush medal kumushsimon rangli boʻladi.
Oltin va kumush medallarning oʻrta qismida doiraning markazida, koʻtarilayotgan quyosh nurlari fonida boʻrtma kitob tasvirlangan, uning umumiy balandligi 20 millimetr, eni 28 millimetr, pastki chap tomondan oʻng tomonga qarab ustki qismiga qadar nihol tasvirlangan. Yuqoridagi belgilar diametri 30 millimetr boʻlgan doira shaklidagi boʻrtma gardish bilan oʻralgan. Medalning chap pastki qismidan boshlab aylana boʻylab bosh harflar bilan “OʻQISNDAGI MUVAFFAQIYATLARI UCNUN” degan yozuv joylashgan. Harflarning oʻlchami 2 millimetr.
Medallarning orqa tomonida Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining logotipi tasvirlangan. Medalning orqa tomoni chap pastki qismidan boshlab, aylana boʻylab bosh harflar bilan “OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI MAKTABGACHA VA MAKTAB TAʼLIMI VAZIRLIGI” degan yozuv joylashgan. Harflarning oʻlchami 2 millimetr.
Tasvirlar va yozuvlar qabariq.
Medallar ilgakchalar va halqacha yordamida toʻgʻri toʻrtburchak shaklidagi qadagʻichga ulangan. Qadagʻichning boʻyi — 15 millimetr, eni — 25 millimetr. Qadagʻichda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bayrogʻi tasvirlangan.
Qadagʻichning orqa tomoniga medallarni kiyimga taqib qoʻyish uchun toʻgʻnogʻich koʻrinishidagi moslama oʻrnatilgan.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 22-fevraldagi 154-son qaroriga 3-ILOVA
Akademik litseylarning iqtidorli bitiruvchilari uchun beriladigan oltin va kumush medallarning
Bitiruvchilarga beriladigan oltin va kumush medallarning diametri 34 millimetrli doira shaklida boʻlib, metall qotishmasidan tayyorlangan, doira boʻrtma shaklda. Oltin medal oltinsimon rangli, kumush medal kumushsimon rangli boʻladi.
Oltin va kumush medallarning oʻrta qismida doiraning markazida, koʻtarilayotgan quyosh nurlari fonida boʻrtma kitob tasvirlangan, uning umumiy balandligi 11 millimetr, eni 21 millimetr, pastki chap tomondan oʻng tomonga qarab ustki qismiga qadar nihol tasvirlangan. Yuqoridagi belgilar diametri 30 millimetr boʻlgan doira shaklidagi boʻrtma gardish bilan oʻralgan. Medalning chap pastki qismidan boshlab, aylana boʻylab bosh harflar bilan “OʻQISHDAGI MUVAFFAQIYATLARI UCHUN” degan yozuv joylashgan. Harflarning oʻlchami 2 millimetr.
Medallarning orqa tomonida Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining logotipi tasvirlangan. Medalning orqa tomoni chap pastki qismidan boshlab, aylana boʻylab bosh harflar bilan “OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI OLIY TAʼLIM, FAN VA INNOVATSIYALAR VAZIRLIGI” degan yozuv joylashgan. Harflarning oʻlchami 2 millimetr.
Tasvirlar va yozuvlar qabariq.
Medallar ilgakchalar va halqacha yordamida toʻgʻri toʻrtburchak shaklidagi qadagʻichga ulangan. Qadagʻichning boʻyi — 17 millimetr, eni — 26 millimetr. Qadagʻichda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bayrogʻi tasvirlangan.
Qadagʻichning orqa tomoniga medallarni kiyimga taqib qoʻyish uchun toʻgʻnogʻich koʻrinishidagi moslama oʻrnatilgan.
Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati va Milliy gvardiyasi tizimidagi harbiy akademik litseylarning bitiruvchilariga beriladigan medallarning orqa tomonida tegishli vazirlik va idoralarning logotiplari tasvirlanadi hamda orqa tomoni chap pastki qismidan boshlab, aylana boʻylab bosh harflar bilan tegishli vazirlik va idoraning nomi tushirilgan yozuv joylashtiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 22-fevral,
154-son