📅 2019-yil 25-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 25-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 25 январь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Соғлиқни сақлаш вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 25 января 2019 г. · Документы министерств и ведомств · Министр здравоохранения
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 25 January 2019 · Ministry and agency documents · Sogʻliqni saqlash vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг
буйруғи
НИЗОМ
Патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2019 йил 25 январдаги 68-сон буйруғига ИЛОВА
Патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
патологоанатом — патологик-анатомик тадқиқотларни ўтказувчи мутахассис;
биопсия — одам ҳаётлигида ундаги касалликка ташхис қўйиш мақсадида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш;
аутопсия — даволаш-профилактика муассасаларида вафот этган шахсларнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш.
2. Патологик-анатомик тадқиқотлар фақат патологоанатом томонидан ўтказилади.
3. Патологик-анатомик тадқиқотлар биопсия ва аутопсия усулларида амалга оширилади.
2-боб. Биопсия усулида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш
4. Даволаш-профилактика муассасасида амбулатор ва стационар шароитда даволанаётган беморларга тўғри ташхис қўйиш ва уларни самарали даволаш мақсадида тегишлилиги бўйича Республика патологик-анатомия маркази, патологик-анатомия бўлимлари ҳамда ҳудудий патологик-анатомия бюроларида (бундан буён матнда патологик-анатомия хизмати деб юритилади) биопсия усулида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказилади.
5. Даволаш-профилактика муассасаларида амбулатор ва стационар шароитда даволанаётган беморлардан олинган биопсия материали ёки жарроҳлик амалиёти жараёнида олинган тўқима тегишли патологик-анатомия хизматига касалликни ҳужайравий даражада аниқлаш учун йўлланма асосида тақдим қилинганда уни патологик-анатомия хизматининг масъул ходими қабул қилиб олади.
6. Масъул ходим қабул қилиб олинган биопсия материали ёки жарроҳлик амалиёти жараёнида олинган тўқима ҳақидаги маълумотларни тақдим қилинган йўлланманинг тегишли қисмига ёзиб қўяди. Ушбу маълумотлар лаборант томонидан юритиладиган дафтарга ҳам қайд қилинади.
7. Патологоанатом патологик-анатомик тадқиқот ўтказиш учун тақдим этилган биопсия материали ёки жарроҳлик амалиёти жараёнида олинган тўқимадан микропрепарат тайёрлаш учун кесма олади.
8. Патологоанатом олинган кесмани микропрепарат тайёрлаш учун йўлланма асосида лабораторияга топширади.
9. Лабораториянинг масъул ходими топширилган кесмадан 10 кундан кўп бўлмаган муддатда микропрепарат тайёрлайди. Микропрепаратни тайёрлаш қўшимча вақт талаб этган тақдирда, мазкур муддат яна 10 кунгача узайтирилиши мумкин.
Бунда лабораториянинг масъул ходими муддат узайтирилганлиги тўғрисида шу куннинг ўзида патологоанатомни ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
10. Лабораториянинг масъул ходими тайёрланган микропрепаратни шу куннинг ўзида патологоанатомга топшириши лозим.
11. Патологоанатом тайёрланган микропрепаратни микроскоп ёрдамида таҳлил қилади ва гистологик ташхис қўяди.
12. Патологоанатом томонидан қўйилган ташхис ва унга тегишли бошқа маълумотлар ҳақида йўлланманинг тегишли қисмига ёзув киритилади.
13. Йўлланмада кўрсатилган ташхис ва бошқа маълумотлар лаборант томонидан юритиладиган дафтарга қайд этилади ва йўлланма тегишли даволаш-профилактика муассасасига юборилади.
3-боб. Аутопсия усулида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш
14. Даволаш-профилактика муассасасида касаллик оқибатида вафот этган шахснинг мурдасида аутопсия усулида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш тегишлилиги бўйича патологик-анатомия хизматларида амалга оширилади.
15. Патологик-анатомия хизмати масъул ходими мурдани қабул қилиб олишда унинг касаллик тарихида қайд этилган ташхисга асосан мурдани қабул қилиб олади. Бунда масъул ходим томонидан мурданинг ташқи кўриниши кўрикдан ўтказилади.
16. Патологоанатом патологик-анатомик тадқиқотини бошлашдан олдин мурдани ташқи ҳолатини кўрикдан ўтказади. Кўрикдан ўтказиш жараёнида жароҳат ва синиш белгилари мавжудлиги аниқланмаса, патологоанатом тадқиқотни давом эттиради.
17. Кўрикдан ўтказиш жараёнида жароҳат ва синиш белгилари мавжудлиги аниқланган ҳолларда, патологоанатом мурдада патологик-анатомик тадқиқотини ўтказишни рад этади ва бу ҳақда патологик-анатомия хизмати раҳбарини хабардор қилади.
18. Патологоанатом мурданинг тегишли тана қисмини ёради ва мурданинг ички аъзоларини бирма-бир кўрикдан ўтказади.
19. Мурданинг ички аъзоларини кўрикдан ўтказишда гистологик тадқиқот учун ҳар бир ички органдан 1 сантиметрдан катта бўлмаган ҳажмдаги намуналар кесиб олинади. Агар даволаш-профилактика муассасасида вафот этган шахснинг касаллик тарихида у юқумли касалликлар оқибатида вафот этганлиги кўрсатилган бўлса, шунингдек, тадқиқотни ўтказаётган патологоанатом мурдада юқумли вирус ва микроблар мавжудлигига шубҳа қилган ҳолларда, вирусологик ва бактериологик текширув учун намуналар олинади.
20. Кесиб олинган намуналар шу вақтнинг ўзида тегишлилиги бўйича гистологик, вирусологик ёки бактериологик лабораторияга текшириш учун топширилади.
21. Топширилган намуналар тегишли лаборатория томонидан 7 кундан кўп бўлмаган муддатда лаборатор текширувдан ўтказилади. Топширилган намуналарнинг лаборатор текшируви қўшимча вақт талаб этган тақдирда, мазкур муддат яна 10 кунгача узайтирилиши мумкин.
Бунда лаборатор текширувни амалга ошираётган масъул ходим муддат узайтирилганлиги тўғрисида шу куннинг ўзида патологоанатомни ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
22. Лаборатория ўтказилган лаборатор текширув якунланган вақтдан бошлаб 1 кун ичида текширув натижалари бўйича тегишли патологоанатомга ёзма равишда хулоса тақдим этиши лозим.
23. Патологоанатом томонидан шу вақтнинг ўзида Патологик-анатомик тадқиқоти баённомаси расмийлаштирилади.
24. Патологоанатом баённомада мурданинг ҳар бир орган ва тўқималарида кузатилган морфологик ўзгаришлар ҳамда лаборатория текшируви учун олинган намуналар билан боғлиқ маълумотларни, шунингдек, мурданинг касаллик тарихидаги маълумотларни аниқ кўрсатиши шарт. Бунда патологоанатом мурдага оид бошқа маълумотларни ҳам баённомага қўшимча сифатида киритиши мумкин.
25. Лаборатор текширув натижалари олингандан кейин патологоанатом томонидан таҳлил қилинади ҳамда ўтказилган патологик-анатомик тадқиқоти бўйича якуний ташхис Патологик-анатомик тадқиқоти баённомасида расмийлаштирилади.
26. Баённома патологик-анатомик тадқиқотни ўтказган патологоанатом, мутахассислар ҳамда тегишли бўлим мудири томонидан имзоланади.
4-боб. Якуний қоида
27. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Вазир А. ШАДМАНОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 25 январь,
68-сон
Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining
buyrugʻi
NIZOM
Patologik-anatomik tadqiqotlar oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Fuqarolar sogʻligʻini saqlash toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq buyuraman:
1. Patologik-anatomik tadqiqotlar oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining 2019-yil 25-yanvardagi 68-son buyrugʻiga ILOVA
Patologik-anatomik tadqiqotlar oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Fuqarolar sogʻligʻini saqlash toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq patologik-anatomik tadqiqotlar oʻtkazish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
patologoanatom — patologik-anatomik tadqiqotlarni oʻtkazuvchi mutaxassis;
biopsiya — odam hayotligida undagi kasallikka tashxis qoʻyish maqsadida patologik-anatomik tadqiqotlar oʻtkazish;
autopsiya — davolash-profilaktika muassasalarida vafot etgan shaxslarning oʻlim sabablarini aniqlash maqsadida patologik-anatomik tadqiqotlar oʻtkazish.
2. Patologik-anatomik tadqiqotlar faqat patologoanatom tomonidan oʻtkaziladi.
3. Patologik-anatomik tadqiqotlar biopsiya va autopsiya usullarida amalga oshiriladi.
2-bob. Biopsiya usulida patologik-anatomik tadqiqotlar oʻtkazish
4. Davolash-profilaktika muassasasida ambulator va statsionar sharoitda davolanayotgan bemorlarga toʻgʻri tashxis qoʻyish va ularni samarali davolash maqsadida tegishliligi boʻyicha Respublika patologik-anatomiya markazi, patologik-anatomiya boʻlimlari hamda hududiy patologik-anatomiya byurolarida (bundan buyon matnda patologik-anatomiya xizmati deb yuritiladi) biopsiya usulida patologik-anatomik tadqiqotlar oʻtkaziladi.
5. Davolash-profilaktika muassasalarida ambulator va statsionar sharoitda davolanayotgan bemorlardan olingan biopsiya materiali yoki jarrohlik amaliyoti jarayonida olingan toʻqima tegishli patologik-anatomiya xizmatiga kasallikni hujayraviy darajada aniqlash uchun yoʻllanma asosida taqdim qilinganda uni patologik-anatomiya xizmatining masʼul xodimi qabul qilib oladi.
6. Masʼul xodim qabul qilib olingan biopsiya materiali yoki jarrohlik amaliyoti jarayonida olingan toʻqima haqidagi maʼlumotlarni taqdim qilingan yoʻllanmaning tegishli qismiga yozib qoʻyadi. Ushbu maʼlumotlar laborant tomonidan yuritiladigan daftarga ham qayd qilinadi.
7. Patologoanatom patologik-anatomik tadqiqot oʻtkazish uchun taqdim etilgan biopsiya materiali yoki jarrohlik amaliyoti jarayonida olingan toʻqimadan mikropreparat tayyorlash uchun kesma oladi.
8. Patologoanatom olingan kesmani mikropreparat tayyorlash uchun yoʻllanma asosida laboratoriyaga topshiradi.
9. Laboratoriyaning masʼul xodimi topshirilgan kesmadan 10 kundan koʻp boʻlmagan muddatda mikropreparat tayyorlaydi. Mikropreparatni tayyorlash qoʻshimcha vaqt talab etgan taqdirda, mazkur muddat yana 10 kungacha uzaytirilishi mumkin.
Bunda laboratoriyaning masʼul xodimi muddat uzaytirilganligi toʻgʻrisida shu kunning oʻzida patologoanatomni yozma ravishda xabardor qilishi shart.
10. Laboratoriyaning masʼul xodimi tayyorlangan mikropreparatni shu kunning oʻzida patologoanatomga topshirishi lozim.
11. Patologoanatom tayyorlangan mikropreparatni mikroskop yordamida tahlil qiladi va gistologik tashxis qoʻyadi.
12. Patologoanatom tomonidan qoʻyilgan tashxis va unga tegishli boshqa maʼlumotlar haqida yoʻllanmaning tegishli qismiga yozuv kiritiladi.
13. Yoʻllanmada koʻrsatilgan tashxis va boshqa maʼlumotlar laborant tomonidan yuritiladigan daftarga qayd etiladi va yoʻllanma tegishli davolash-profilaktika muassasasiga yuboriladi.
3-bob. Autopsiya usulida patologik-anatomik tadqiqotlar oʻtkazish
14. Davolash-profilaktika muassasasida kasallik oqibatida vafot etgan shaxsning murdasida autopsiya usulida patologik-anatomik tadqiqotlar oʻtkazish tegishliligi boʻyicha patologik-anatomiya xizmatlarida amalga oshiriladi.
15. Patologik-anatomiya xizmati masʼul xodimi murdani qabul qilib olishda uning kasallik tarixida qayd etilgan tashxisga asosan murdani qabul qilib oladi. Bunda masʼul xodim tomonidan murdaning tashqi koʻrinishi koʻrikdan oʻtkaziladi.
16. Patologoanatom patologik-anatomik tadqiqotini boshlashdan oldin murdani tashqi holatini koʻrikdan oʻtkazadi. Koʻrikdan oʻtkazish jarayonida jarohat va sinish belgilari mavjudligi aniqlanmasa, patologoanatom tadqiqotni davom ettiradi.
17. Koʻrikdan oʻtkazish jarayonida jarohat va sinish belgilari mavjudligi aniqlangan hollarda, patologoanatom murdada patologik-anatomik tadqiqotini oʻtkazishni rad etadi va bu haqda patologik-anatomiya xizmati rahbarini xabardor qiladi.
18. Patologoanatom murdaning tegishli tana qismini yoradi va murdaning ichki aʼzolarini birma-bir koʻrikdan oʻtkazadi.
19. Murdaning ichki aʼzolarini koʻrikdan oʻtkazishda gistologik tadqiqot uchun har bir ichki organdan 1 santimetrdan katta boʻlmagan hajmdagi namunalar kesib olinadi. Agar davolash-profilaktika muassasasida vafot etgan shaxsning kasallik tarixida u yuqumli kasalliklar oqibatida vafot etganligi koʻrsatilgan boʻlsa, shuningdek, tadqiqotni oʻtkazayotgan patologoanatom murdada yuqumli virus va mikroblar mavjudligiga shubha qilgan hollarda, virusologik va bakteriologik tekshiruv uchun namunalar olinadi.
20. Kesib olingan namunalar shu vaqtning oʻzida tegishliligi boʻyicha gistologik, virusologik yoki bakteriologik laboratoriyaga tekshirish uchun topshiriladi.
21. Topshirilgan namunalar tegishli laboratoriya tomonidan 7 kundan koʻp boʻlmagan muddatda laborator tekshiruvdan oʻtkaziladi. Topshirilgan namunalarning laborator tekshiruvi qoʻshimcha vaqt talab etgan taqdirda, mazkur muddat yana 10 kungacha uzaytirilishi mumkin.
Bunda laborator tekshiruvni amalga oshirayotgan masʼul xodim muddat uzaytirilganligi toʻgʻrisida shu kunning oʻzida patologoanatomni yozma ravishda xabardor qilishi shart.
22. Laboratoriya oʻtkazilgan laborator tekshiruv yakunlangan vaqtdan boshlab 1 kun ichida tekshiruv natijalari boʻyicha tegishli patologoanatomga yozma ravishda xulosa taqdim etishi lozim.
23. Patologoanatom tomonidan shu vaqtning oʻzida Patologik-anatomik tadqiqoti bayonnomasi rasmiylashtiriladi.
24. Patologoanatom bayonnomada murdaning har bir organ va toʻqimalarida kuzatilgan morfologik oʻzgarishlar hamda laboratoriya tekshiruvi uchun olingan namunalar bilan bogʻliq maʼlumotlarni, shuningdek, murdaning kasallik tarixidagi maʼlumotlarni aniq koʻrsatishi shart. Bunda patologoanatom murdaga oid boshqa maʼlumotlarni ham bayonnomaga qoʻshimcha sifatida kiritishi mumkin.
25. Laborator tekshiruv natijalari olingandan keyin patologoanatom tomonidan tahlil qilinadi hamda oʻtkazilgan patologik-anatomik tadqiqoti boʻyicha yakuniy tashxis Patologik-anatomik tadqiqoti bayonnomasida rasmiylashtiriladi.
26. Bayonnoma patologik-anatomik tadqiqotni oʻtkazgan patologoanatom, mutaxassislar hamda tegishli boʻlim mudiri tomonidan imzolanadi.
4-bob. Yakuniy qoida
27. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.
Vazir A. SHADMANOV
Toshkent sh.,
2019-yil 25-yanvar,
68-son