UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 26-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 26 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 26 февраля 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 26 February 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва фуқароларга ижара шартномаси шартлари асосида беришни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига мувофиқ, шунингдек, давлат уй-жой фондидаги турар жойлар беришнинг норматив-ҳуқуқий базасини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш ва ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар давлат уй-жой фондидаги турар жойларни олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали олишни йўлга қўйсин ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқаролар бўйича электрон маълумотлар базасини шакллантириб, уларни ўз расмий веб-сайтларига жойлаштирилишини ва мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири А.Ж. Раматов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги 170-сон қарорига 2-ИЛОВА

Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш ва ҳисобини юритиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш ва ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.

Агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро шартномаларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам мазкур Низом қоидалари татбиқ этилади.

Мазкур Низом талаблари махсус уйларга (ётоқхоналар, вақтинчалик яшаш учун бериладиган уй-жой фондининг уйлари, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун уй интернатлари, шунингдек, меҳрибонлик уйлари ва бошқа махсус мақсаддаги уйлар) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги давлат уй-жой фондига нисбатан қўлланилмайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат уй-жой фонди — муниципал уй-жой фонди, идоравий уй-жой фонди ва мақсадли коммунал уй-жой фонди;

муниципал уй-жой фонди — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ихтиёрида бўлган, маҳаллий бюджетга тушган солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган асослар бўйича бошқа тушумлар ҳисобидан барпо этилган уй-жой фонди;

идоравий уй-жой фонди — давлат муассасалари ва ташкилотларнинг тўлиқ хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида бўлган уй-жой фонди;

аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ихтиёрида бўлган, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан барпо этилган, шунингдек, хусусий, муниципал, идоравий уй-жой фондидан олиб уларнинг балансига берилган, фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган, кам таъминланган тоифалари учун хусусийлаштириш ҳуқуқисиз ижара шартлари асосида фойдаланиш учун берилган уй-жой фонди;

хизмат турар жойлари — хусусий, муниципал, идоравий уй-жой фонди ёки аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларида жойлашган, ўз меҳнат муносабатлари хусусиятига кўра иш жойига бевосита яқин ерда яшаши керак бўлган фуқаролар кўчиб киришига мўлжалланган турар жойлар;

ижарага берувчи — балансида ижарага бериладиган давлат уй-жой фонди ҳисобга олинган юридик шахс ёки унинг ваколатли органи;

ижарага олувчи — мазкур Низомда белгиланган тартибда ва шартларда турар жойнинг ижара шартномасини тузган, вояга етган жисмоний шахс;

ижара шартномаларини ҳисобга олувчи орган — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий органлари (Тошкент шаҳрида — «Тошкент шаҳар уй-жойларга давлат ордерлари ва маълумотномалар бериш маркази» Давлат унитар корхонаси).

3. Ижарага берилган турар жой гаровга қўйилиши ёки ўзгача тарзда учинчи шахсларга ўтказилиши мумкин эмас.

4. Ижарага олувчи мулкни соз ҳолатда сақлаш, ўз ҳисобидан жорий таъмирлашни амалга ошириш ва уни сақлашга кетадиган харажатларни қоплашга мажбур.

5. Турар жойни ижарага олиш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Агар шартномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у беш йилга тузилган деб ҳисобланади.

Бунда ижарага олувчи янги муддатга шартнома тузиш учун устунлик ҳуқуқига эга бўлади. Турар жойни ижарага берувчи, агар у турар жойни ижарага бермасликка қарор қилган бўлса, бу ҳақда ижарага олувчини уч ой олдин огоҳлантирган ҳолда янги муддатга шартнома тузишни рад этиши мумкин.

6. Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш ва ҳисобини юритиш ушбу Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Турар жойни ижарага бериш тартиби

7. Турар жойни ажратиш ҳақидаги қарор ва ажратилаётган турар жойга кўчиб кириш учун асос бўлган ордер асосида, ижарага берувчи ордер берилган санадан бошлаб ўн кун муддатда ижарага олувчи билан ижара шартномасини тузади.

Аввал фойдаланишга берилган турар жойлар бўйича, асосий ижарага олувчи бўлмаган тақдирда, белгиланган тартибдаги тақдим этилган уй дафтарининг нусхаси бўйича янги асосий ижарага олувчи билан ижара шартномасини тузади.

Бунда ижарага бериладиган турар жой белгиланган санитария, ёнғинга қарши ва техник талабларга жавоб берадиган бўлиши ҳамда коммунал хизматлардан қарзи мавжуд бўлмаслиги зарур.

8. Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномасига биноан ижарага олувчи ижарага берувчининг розилиги билан ўзи ижарага олган бинонинг бир қисмини ёки ҳаммасини муайян муддатга иккиламчи ижарага олувчига беради (аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги уйлар бундан мустасно). Иккиламчи ижарага олувчи уй-жойдан мустақил фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Уй-жойни ижарага бериш шартномасига биноан ижарага олувчи ижарага берувчи олдида жавобгар бўлади.

Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномаси қонунчилик ҳужжатларининг жон бошига тўғри келадиган уй-жой майдони ижтимоий нормаси ҳақидаги талабларига риоя этилган тақдирдагина тузилиши мумкин.

Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномаси ҳақ эвазига амалга оширилади.

Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномасининг муддати уй-жойни ижарага бериш шартномасининг муддатидан кўп бўлиши мумкин эмас.

Уй-жойни ижарага бериш шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда, бир вақтнинг ўзида уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномаси ҳам бекор қилинади.

Янги муддатга шартнома тузишга бўлган имтиёзли ҳуқуқ тўғрисидаги қоида уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномасига нисбатан татбиқ этилмайди.

3-боб. Турар жойнинг ижара шартномасини тузиш ва бекор қилиш

9. Турар жойнинг ижара шартномасига кўра ижарага берувчи ижарага олувчига тўлов эвазига вақтинчалик фойдаланиш ва яшаш учун турар жойни бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Ижара шартномасида томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фуқаролик ва уй-жой кодексларида назарда тутилган бошқа шартлар белгиланади.

10. Кўп квартирали уйда турар жойни ижарага олувчи турар жойдан фойдаланиш билан бир қаторда ушбу уйнинг умумий фойдаланишдаги мулкидан белгиланган тартибда фойдаланиш ҳуқуқига эга.

11. Турар жойнинг ижара шартномаси турар жойнинг балансда сақловчиси ёки ваколатли органлари томонидан турар жойни олаётган фуқаролар билан Фуқаролик кодекси ва Уй-жой кодексида белгиланган тартибда ёзма шаклда тузилади. Шартноманинг ёзма шаклда тузилишига риоя қилинмаслиги ва унинг ҳисобга олинмаслиги шартноманинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

12. Ижара шартномаси бўйича эгаллаб турилган турар жойга бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа мулкдорга ўтиши шартноманинг ўзгартирилиши ёки бекор қилинишига сабаб бўлмайди. Бунда янги мулкдор аввал тузилган турар жойнинг ижара шартномаси шартлари асосида ижарага берувчига айланади.

13. Шартномада қуйидагилар кўрсатилади:

ижарага берилаётган турар жойнинг таркиби;

ижара муддати;

ижара учун тўлов, унинг шартлари ва тўлаш муддатлари;

ижара ҳақи миқдорини қайта кўриб чиқиш муддатлари ва шартлари;

ижарага олувчи томонидан турар жойдан фойдаланиш, шу жумладан коммунал ва бошқа фойдаланиш тўловларини тўлаш шартлари;

шартнома тугагандан сўнг турар жойни қайтариш шартлари;

ижарага олинган турар жойни тиклаш ва таъмирлаш бўйича мажбуриятлар;

ижара шартномасини бекор қилиш шартлари, шу жумладан ижара ҳақини тўлаш муддатларининг бузилиши муносабати билан томонларнинг жавобгарлиги;

қонунчиликка зид бўлмаган бошқа шартлар.

14. Турар жойнинг ижарага олувчиси оила аъзолари ва ўзи билан доимий яшаётган фуқароларнинг ижара шартномаси шартларини бузганлиги учун ижарага берувчи олдида жавобгар бўлади.

15. Ижарага олувчининг оила аъзолари ва у билан бирга доимий яшаётган фуқаролар турар жойдан фойдаланиш бўйича ижарага олувчи билан тенг ҳуқуқларга эгадирлар.

16. Турар жойнинг ижара шартномаси томонларнинг келишувига кўра, томонлар келишувга эришмаган тақдирда эса — суд томонидан ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.

Турар жойни ижарага олувчи оила аъзоларининг ҳамда ўзи билан доимий яшаётган фуқаролар розилиги билан исталган вақтда ижарага берувчини уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, ижара шартномасини бекор қилиши мумкин. Бунда ижарага олувчи кейинги уч ой учун турар-жой ижара ҳақини тўлаши шарт.

17. Ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ва у билан доимий яшаётган фуқаролар бошқа аҳоли пунктига доимий яшаш учун жўнаб кетган ёки шу аҳоли пунктининг бошқа жойига кўчиб ўтганларида турар жойни ижарага бериш шартномаси жўнаб кетган ёки кўчиб ўтган кундан бошлаб бекор қилинган ҳисобланади.

18. Турар жойнинг ижара шартномаси исталган тарафларнинг талаби бўйича суд тартибида бекор қилиниши мумкин, агар:

турар жой доимий яшаш учун яроқсиз ёки авария ҳолатига келган бўлса;

турар жой жойлашган уй бузилиши лозим бўлса;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда.

19. Турар жой ижарага олувчи томонидан сотиб олинган тақдирда, шартнома балансда сақловчи ёки унинг ваколатли органи томонидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб бекор қилинган деб ҳисобланади.

20. Ижара шартномаси қуйидаги ҳолларда ижарага берувчининг талаби билан суд тартибида бекор қилиниши мумкин:

ижарага олувчи томонидан шартномада белгиланган тўлов муддати тугагандан сўнг олти ойдан ортиқ муддат учун ижара ҳақи тўланмаган тақдирда;

ижарага олувчи ёки уларнинг ҳаракатлари учун у жавобгар бўлган бошқа фуқаролар томонидан турар жой бузилган ёки унга зарар етказилган тақдирда. Агар турар жой ижарачиси ёки уларнинг ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар турар жойдан мақсадга мувофиқ бўлмаган тарзда фойдаланаётган бўлса, ёхуд турар жойдан фойдаланиш қоидаларини доимий бузаётган бўлса, ижарага берувчи ижарага олувчини огоҳлантириши ва ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда эса турар жойнинг ижара шартномасини суд тартибида бекор қилишга ҳақли.

4-боб. Ижара ҳақи

21. Давлат уй-жойидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи турар жойнинг умумий майдонидан келиб чиқиб, турар жойнинг 1 кв.м. учун Тошкент шаҳрида бир йилга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 1 фоизи миқдорида белгиланади ва бу миқдор ушбу календарь йилида ўзгармай қолади.

Хизмат турар жойи ижарага олувчига текин фойдаланишга берилади.

6-боб. Турар жойнинг ижара шартномаси бўйича ҳисоб-китоб қилиш

22. Уй-жой учун ҳақ ижарага олувчи томонидан уй-жойни ижарага олиш шартномасида назарда тутилган муддатларда тўлаб турилиши лозим. Агар шартномада бундай муддатлар назарда тутилган бўлмаса, ҳақ ижарага олувчи томонидан ҳар ойда тўлаб турилиши шарт.

23. Ижара учун тўлов балансда сақловчининг ҳисоб рақамига келиб тушади.

Ижара ҳақининг ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушиши устидан назоратни балансда сақловчи амалга оширади.

24. Коммунал ва фойдаланиш хизматлари учун тўловларни киритишнинг миқдори, тартиби ва муддатлари ижарага олувчи ва ушбу хизматларни кўрсатувчи ташкилот ўртасида тузилган битим билан тартибга солинади. Зарур бўлган электроэнергия, сув ва газни ҳисоблаш асбобларини ўрнатиш ижарага олувчи томонидан амалга оширилади.

25. Балансда сақловчи коммунал ва фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун тузилган битимларга мувофиқ ижарага олувчи томонидан кўрсатилган хизматлар учун ўз вақтида тўловларнинг амалга оширилишини назорат қилади.

7-боб. Турар-жойни топшириш ва қайтариб олиш тартиби

26. Ижара шартномасига мувофиқ ҳолда балансда сақловчи ёки унинг ваколатли шахси ижарага олувчи иштирокида унга турар жойни бериш, ижарага олувчи эса ижара муддати тугагандан сўнг ёки муддатидан олдин бекор қилинган, ижара шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда балансда сақловчига ёки ваколатли органга турар жойни шартнома шартлари ва уйнинг фойдаланиш мақсадига мувофиқ бўлган соз ҳолатда қайтариб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

27. Турар жойни бериш ва уни қайтариб олиш томонларнинг ваколатли шахси иштирокида, мазкур Низомнинг 3-иловасида белгиланган намунадаги шаклида, икки томонлама топшириш далолатномаси тузилган ҳолда амалга оширилиб, ушбу далолатномада қуйидагилар қайд этилади:

далолатнома тузилган жой ва сана;

ижара шартномасининг реквизитлари (тузилган сана, рақами);

турар жойнинг техник ҳолати.

28. Топшириш далолатномаси томонларнинг ваколатли шахслари томонидан имзоланади ва томонларнинг муҳрлари билан тасдиқланади (муҳр мавжуд бўлган тақдирда).

8-боб. Ижарага берилаётган турар жойни ҳисобини юритиш ва уни назорат қилиш

29. Ижарага берилаётган давлат мулкининг маълумотлар базасининг юритилиши ва ҳисобга олиниши ҳисобга олувчи орган томонидан амалга оширилади.

Ҳисобга олувчи орган томонидан ижара шартномаси, унинг бекор қилиниши, ўзгартирилиши ва қўшимча киритилиши ҳисобга олинади.

Ижара шартномасини ҳисобга олиш учун жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан ижара шартномаси тузилган санадан бошлаб беш иш куни давомида ҳисобга олувчи органга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

илова хати;

томонлар ўртасида имзоланган ижара шартномасининг ва топшириш-қабул қилиш далолатномасининг учтадан асл нусхаси;

ижарага олувчи паспортининг нусхаси;

кўчиб кириш учун асос бўлган ордер ёки уй дафтарининг нусхаси (квартиралар бўйича карточканинг нусхасининг (17-шакл) нусхаси.

Ижара шартномасининг бекор қилиниши, ўзгартирилиши ва унга қўшимча киритилишини ҳисобга олиш ҳисобга олувчи орган томонидан жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ёзма мурожаати асосида амалга оширилади.

Ҳисобга олувчи орган уч иш куни мобайнида юқорида кўрсатилган ҳужжатлар асосида ижара шартномаси, унинг бекор қилиниши, ўзгартирилиши ва қўшимча киритилишини ҳисобга қўяди.

Ижара шартномасини ҳисобга қўйиш учун ҳисобга олувчи орган томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Бунда тўлов ижарага олувчи ҳисобидан амалга оширилади. Ижара шартномасининг бекор қилиниши, ўзгартирилиши ва унга қўшимча киритилишини ҳисобга олиш бепул амалга оширилади.

30. Ижарага берилаётган турар жойни ҳисобга қўйиш мақсадида ҳисобга олувчи орган тузилган ижара шартномаларини ҳисобга қўяди, рўйхатга тегишли қайдни киритади ва шартноманинг ҳар бир нусхасида ҳисобга олиш санаси ва рақамини кўрсатади. Ҳисобга олинганлик ҳақидаги қайдни киритади ва муҳр билан тасдиқлайди. Уч нусхада расмийлаштирилган ижара шартномаси балансда сақловчи, ижарага олувчи ва ҳисобга олувчи органга бир нусхадан берилади.

31. Ижарага берилиши лозим бўлган турар жой реестри балансда сақловчи томонидан шакллантирилади.

32. Ижара шартномасининг амал қилиши давомида балансда сақловчи ёки унинг ваколатли органи ижарага олувчи томонидан ижара шартномаси бўйича зиммасига олинган мажбуриятларнинг тегишлича бажарилиши устидан доимий назоратни амалга оширади. Шу мақсадда ижарага берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ижарага олувчидан ижара шартномасида назарда тутилган ҳажмларда маълумотларни сўраш;

зарур бўлган тақдирда, ижарага олувчининг ҳаётига аралашмаган ҳолда ижара мулкининг жисмоний ҳолатини кўздан кечириш;

ижарага берилган турар жойдан қандай фойдаланилаётганини ўрганиш;

қонунчилик ва шартномада белгиланган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш.

Давлат уй-жой фондидаги турар жойда ижара шартномаси асосида яшаётган ижарага олувчи, у билан бирга яшаётган барча вояга етган оила аъзолари ва яшаш майдонига ҳуқуқи бўлган бошқа шахсларнинг розилиги билан, аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги турар-жойдан ташқари, ушбу турар жойни сотиб олиш ҳуқуқига эга.

Турар жойни хусусийлаштириш ижара шартномаси тузилган ва ҳисобга олувчи органда ҳисобга қўйилган тақдирдагина, қонунчиликда Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисидаги Қонунга мувофиқ амалга оширилади.

9-боб. Якунловчи қоидалар

33. Турар жойнинг ижара шартномасини расмийлаштириш, тузиш, бекор қилиш, қўшимча киритиш ва ўзгартириш вақтида қонунчилик талабларига риоя қилиниши учун шахсий жавобгарлик балансда сақловчи ва унинг ваколатли органи зиммасига юклатилади.

Балансда сақловчи ҳар чоракда камида бир марта унинг ихтиёрида бўлган давлат уй-жой фондининг хатловини амалга ошириши ва турар жойдан ижара шартномасиз фойдаланилаётгани аниқланган тақдирда, ўн кун муддатда ижара шартномасини тузиш бўйича чоралар кўриши ва ижара ҳақи миқдорини ушбу Низом тасдиқланган санадан белгилаши лозим.

Юқорида кўрсатилган маълумотларни яшириш, ўз вақтида тақдим қилмаганлик, шунингдек уларни нотўғри кўрсатганлик учун балансда сақловчи ва бошқа айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.

34. Давлат мулкини ижарага бериш муносабати бўйича вужудга келган низолар қонунчилик ва шартномада белгиланган тартибда ҳал қилинади.

35. Ижарага берилган турар жой учун ижара ҳақининг ўз вақтида ва тегишлича ҳисобланиши, тўланиши устидан назорат балансда сақловчи томонидан амалга оширилади.

Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш ва ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш ва ҳисобини юритиш

Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш ва ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

‎‎Турар жойни ижарага олувчига топшириш ‎ДАЛОЛАТНОМАСИ ‎ ‎‎20___ й. «____» _________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎___________________________________ ‎(аҳоли жойининг номи) ‎ ‎‎Бизким, Ижарага берувчининг топшириғига кўра унинг номидан иш юритувчи ___________________________________ ва ____________________ нинг «___»_________20__ й. даги ______-сон қарорига мувофиқ Серия_______________ № _____________ ордер асосида ҳаракат қилувчи ижарага олувчи фуқаро _____________________________________________________ томонидан ушбу далолатнома тузилди шу ҳақдаки, Ижарага берувчининг вакили ва Ижарага олувчи ўртасида ____________________________________________ манзилида жойлашган ____ уйнинг _____қаватидаги _______ квартирани топшириш ва қабул қилиш амалга оширилди. ‎Турар жой умумий майдони _________ кв.м. бўлган __________ та яшаш хонасидан иборат. ‎Турар жойнинг таркиби: ‎ ‎‎Ошхона ‎ванна хонаси ‎ҳожатхона ‎даҳлиз (холл) ‎омборхона ‎балкон ‎лоджия ‎яшаш хонаси ‎‎__________________; ‎__________________; ‎__________________; ‎__________________; ‎__________________; ‎__________________; ‎__________________; ‎__________________; ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Турар жой сув таъминоти (совуқ ва иссиқ сув), канализация ва иссиқлик тармоғи (марказий ва маҳаллий иситиш тизими), электр тизими, телефон алоқаси билан таъминланган (йўқ бўлгани ўчириб ташлансин). ‎Турар жойнинг қўшимча хоналарида ускуналар ўрнатилган. ‎________________________________________________________________________________________________ ‎Хоналарнинг техник ҳолати ‎________________________________________________________________________________________________ ‎‎(хоналарнинг техник ҳолати кўрсатилади) ‎ ‎‎Ижарага берувчи вакили ‎_______________________________________ ‎(Ф.И.Ш. имзо, муҳр) ‎ ‎‎Ижарага олувчи ‎_______________________________________ ‎(Ф.И.Ш. имзо) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги 170-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган баъзи қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат уй-жой фонди хусусийлаштирилиши муносабати билан норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 1994 йил 28 июндаги 325-сон қарорининг учинчи хатбоши ва унга 1-илова .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Хизмат турар жойлари бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2000 йил 27 январдаги 24-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., 1-сон, 7-модда) 1-банди ва унга 1 — 4-иловалар .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 26 февраль,

170-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.02.2019 й., 09/19/170/2672-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 31.12.2020 й., 09/20/830/1696-сон; 12.01.2021 й., 07/21/4940/0018-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.05.2021 й., 06/21/6221/0428-сон, 24.07.2021 й., 06/21/6269/0704-сон, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.12.2021 й., 09/21/737/1132-сон, 08.02.2022 й., 09/22/62/0111-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 12.03.2024 й., 09/24/124/0203-сон; 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон; 15.10.2026 й., 09/26/563/1041-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

ROʻYXATI

Davlat uy-joy fondidagi turar joylarni taqsimlash va fuqarolarga ijara shartnomasi shartlari asosida berishni tartibga solishga qaratilgan normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining Uy-joy kodeksiga muvofiq, shuningdek, davlat uy-joy fondidagi turar joylar berishning normativ-huquqiy bazasini yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Davlat uy-joy fondidagi turar joylarni ijaraga berish va hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2020-yil 1-yanvarga qadar davlat uy-joy fondidagi turar joylarni olish uchun zarur boʻlgan hujjatlarni idoralararo elektron hamkorlik tizimi orqali olishni yoʻlga qoʻysin hamda uy-joy sharoitlarini yaxshilashga muhtoj fuqarolar boʻyicha elektron maʼlumotlar bazasini shakllantirib, ularni oʻz rasmiy veb-saytlariga joylashtirilishini va muntazam ravishda yangilab borilishini taʼminlasin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari — Oʻzbekiston Respublikasi transport vaziri A.J. Ramatov hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 26-fevraldagi 170-son qaroriga 2-ILOVA

Davlat uy-joy fondidagi turar joylarni ijaraga berish va hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi hududida joylashgan davlat uy-joy fondidagi turar joylarni ijaraga berish va hisobini yuritish tartibini belgilaydi.

Agar Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlari va xalqaro shartnomalarida boshqacha tartib belgilanmagan boʻlsa, chet el fuqarolari hamda fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga ham mazkur Nizom qoidalari tatbiq etiladi.

Mazkur Nizom talablari maxsus uylarga (yotoqxonalar, vaqtinchalik yashash uchun beriladigan uy-joy fondining uylari, nogironligi boʻlgan shaxslar, faxriylar, yolgʻiz qariyalar uchun uy internatlari, shuningdek, mehribonlik uylari va boshqa maxsus maqsaddagi uylar) hamda Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi davlat uy-joy fondiga nisbatan qoʻllanilmaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

davlat uy-joy fondi — munitsipal uy-joy fondi, idoraviy uy-joy fondi va maqsadli kommunal uy-joy fondi;

munitsipal uy-joy fondi — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari ixtiyorida boʻlgan, mahalliy budjetga tushgan soliqlar, yigʻimlar va boshqa toʻlovlar, shuningdek qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan asoslar boʻyicha boshqa tushumlar hisobidan barpo etilgan uy-joy fondi;

idoraviy uy-joy fondi — davlat muassasalari va tashkilotlarning toʻliq xoʻjalik yuritishida yoki operativ boshqaruvida boʻlgan uy-joy fondi;

aniq maqsadli kommunal uy-joy fondi — mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari ixtiyorida boʻlgan, mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan barpo etilgan, shuningdek, xususiy, munitsipal, idoraviy uy-joy fondidan olib ularning balansiga berilgan, fuqarolarning ijtimoiy jihatdan himoyalanmagan, kam taʼminlangan toifalari uchun xususiylashtirish huquqisiz ijara shartlari asosida foydalanish uchun berilgan uy-joy fondi;

xizmat turar joylari — xususiy, munitsipal, idoraviy uy-joy fondi yoki aniq maqsadli kommunal uy-joy fondining uylarida joylashgan, oʻz mehnat munosabatlari xususiyatiga koʻra ish joyiga bevosita yaqin yerda yashashi kerak boʻlgan fuqarolar koʻchib kirishiga moʻljallangan turar joylar;

ijaraga beruvchi — balansida ijaraga beriladigan davlat uy-joy fondi hisobga olingan yuridik shaxs yoki uning vakolatli organi;

ijaraga oluvchi — mazkur Nizomda belgilangan tartibda va shartlarda turar joyning ijara shartnomasini tuzgan, voyaga yetgan jismoniy shaxs;

ijara shartnomalarini hisobga oluvchi organ — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligining hududiy organlari (Toshkent shahrida — “Toshkent shahar uy-joylarga davlat orderlari va maʼlumotnomalar berish markazi” Davlat unitar korxonasi).

3. Ijaraga berilgan turar joy garovga qoʻyilishi yoki oʻzgacha tarzda uchinchi shaxslarga oʻtkazilishi mumkin emas.

4. Ijaraga oluvchi mulkni soz holatda saqlash, oʻz hisobidan joriy taʼmirlashni amalga oshirish va uni saqlashga ketadigan xarajatlarni qoplashga majbur.

5. Turar joyni ijaraga olish shartnomasi besh yildan ortiq boʻlmagan muddatga tuziladi. Agar shartnomada muddat koʻrsatilmagan boʻlsa, u besh yilga tuzilgan deb hisoblanadi.

Bunda ijaraga oluvchi yangi muddatga shartnoma tuzish uchun ustunlik huquqiga ega boʻladi. Turar joyni ijaraga beruvchi, agar u turar joyni ijaraga bermaslikka qaror qilgan boʻlsa, bu haqda ijaraga oluvchini uch oy oldin ogohlantirgan holda yangi muddatga shartnoma tuzishni rad etishi mumkin.

6. Davlat uy-joy fondidagi turar joylarni ijaraga berish va hisobini yuritish ushbu Nizomning 1-ilovasidagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

2-bob. Turar joyni ijaraga berish tartibi

7. Turar joyni ajratish haqidagi qaror va ajratilayotgan turar joyga koʻchib kirish uchun asos boʻlgan order asosida, ijaraga beruvchi order berilgan sanadan boshlab oʻn kun muddatda ijaraga oluvchi bilan ijara shartnomasini tuzadi.

Avval foydalanishga berilgan turar joylar boʻyicha, asosiy ijaraga oluvchi boʻlmagan taqdirda, belgilangan tartibdagi taqdim etilgan uy daftarining nusxasi boʻyicha yangi asosiy ijaraga oluvchi bilan ijara shartnomasini tuzadi.

Bunda ijaraga beriladigan turar joy belgilangan sanitariya, yongʻinga qarshi va texnik talablarga javob beradigan boʻlishi hamda kommunal xizmatlardan qarzi mavjud boʻlmasligi zarur.

8. Uy-joyni ikkilamchi ijaraga berish shartnomasiga binoan ijaraga oluvchi ijaraga beruvchining roziligi bilan oʻzi ijaraga olgan binoning bir qismini yoki hammasini muayyan muddatga ikkilamchi ijaraga oluvchiga beradi (aniq maqsadli kommunal uy-joy fondidagi uylar bundan mustasno). Ikkilamchi ijaraga oluvchi uy-joydan mustaqil foydalanish huquqiga ega boʻlmaydi. Uy-joyni ijaraga berish shartnomasiga binoan ijaraga oluvchi ijaraga beruvchi oldida javobgar boʻladi.

Uy-joyni ikkilamchi ijaraga berish shartnomasi qonunchilik hujjatlarining jon boshiga toʻgʻri keladigan uy-joy maydoni ijtimoiy normasi haqidagi talablariga rioya etilgan taqdirdagina tuzilishi mumkin.

Uy-joyni ikkilamchi ijaraga berish shartnomasi haq evaziga amalga oshiriladi.

Uy-joyni ikkilamchi ijaraga berish shartnomasining muddati uy-joyni ijaraga berish shartnomasining muddatidan koʻp boʻlishi mumkin emas.

Uy-joyni ijaraga berish shartnomasi muddatidan oldin bekor qilingan taqdirda, bir vaqtning oʻzida uy-joyni ikkilamchi ijaraga berish shartnomasi ham bekor qilinadi.

Yangi muddatga shartnoma tuzishga boʻlgan imtiyozli huquq toʻgʻrisidagi qoida uy-joyni ikkilamchi ijaraga berish shartnomasiga nisbatan tatbiq etilmaydi.

3-bob. Turar joyning ijara shartnomasini tuzish va bekor qilish

9. Turar joyning ijara shartnomasiga koʻra ijaraga beruvchi ijaraga oluvchiga toʻlov evaziga vaqtinchalik foydalanish va yashash uchun turar joyni berish majburiyatini oʻz zimmasiga oladi. Ijara shartnomasida tomonlarning huquq va majburiyatlari, shuningdek, fuqarolik va uy-joy kodekslarida nazarda tutilgan boshqa shartlar belgilanadi.

10. Koʻp kvartirali uyda turar joyni ijaraga oluvchi turar joydan foydalanish bilan bir qatorda ushbu uyning umumiy foydalanishdagi mulkidan belgilangan tartibda foydalanish huquqiga ega.

11. Turar joyning ijara shartnomasi turar joyning balansda saqlovchisi yoki vakolatli organlari tomonidan turar joyni olayotgan fuqarolar bilan Fuqarolik kodeksi va Uy-joy kodeksida belgilangan tartibda yozma shaklda tuziladi. Shartnomaning yozma shaklda tuzilishiga rioya qilinmasligi va uning hisobga olinmasligi shartnomaning haqiqiy emasligiga olib keladi.

12. Ijara shartnomasi boʻyicha egallab turilgan turar joyga boʻlgan mulk huquqining boshqa mulkdorga oʻtishi shartnomaning oʻzgartirilishi yoki bekor qilinishiga sabab boʻlmaydi. Bunda yangi mulkdor avval tuzilgan turar joyning ijara shartnomasi shartlari asosida ijaraga beruvchiga aylanadi.

13. Shartnomada quyidagilar koʻrsatiladi:

ijaraga berilayotgan turar joyning tarkibi;

ijara muddati;

ijara uchun toʻlov, uning shartlari va toʻlash muddatlari;

ijara haqi miqdorini qayta koʻrib chiqish muddatlari va shartlari;

ijaraga oluvchi tomonidan turar joydan foydalanish, shu jumladan kommunal va boshqa foydalanish toʻlovlarini toʻlash shartlari;

shartnoma tugagandan soʻng turar joyni qaytarish shartlari;

ijaraga olingan turar joyni tiklash va taʼmirlash boʻyicha majburiyatlar;

ijara shartnomasini bekor qilish shartlari, shu jumladan ijara haqini toʻlash muddatlarining buzilishi munosabati bilan tomonlarning javobgarligi;

qonunchilikka zid boʻlmagan boshqa shartlar.

14. Turar joyning ijaraga oluvchisi oila aʼzolari va oʻzi bilan doimiy yashayotgan fuqarolarning ijara shartnomasi shartlarini buzganligi uchun ijaraga beruvchi oldida javobgar boʻladi.

15. Ijaraga oluvchining oila aʼzolari va u bilan birga doimiy yashayotgan fuqarolar turar joydan foydalanish boʻyicha ijaraga oluvchi bilan teng huquqlarga egadirlar.

16. Turar joyning ijara shartnomasi tomonlarning kelishuviga koʻra, tomonlar kelishuvga erishmagan taqdirda esa — sud tomonidan oʻzgartirilishi va bekor qilinishi mumkin.

Turar joyni ijaraga oluvchi oila aʼzolarining hamda oʻzi bilan doimiy yashayotgan fuqarolar roziligi bilan istalgan vaqtda ijaraga beruvchini uch oy oldin yozma ravishda ogohlantirib, ijara shartnomasini bekor qilishi mumkin. Bunda ijaraga oluvchi keyingi uch oy uchun turar-joy ijara haqini toʻlashi shart.

17. Ijaraga oluvchi, uning oila aʼzolari va u bilan doimiy yashayotgan fuqarolar boshqa aholi punktiga doimiy yashash uchun joʻnab ketgan yoki shu aholi punktining boshqa joyiga koʻchib oʻtganlarida turar joyni ijaraga berish shartnomasi joʻnab ketgan yoki koʻchib oʻtgan kundan boshlab bekor qilingan hisoblanadi.

18. Turar joyning ijara shartnomasi istalgan taraflarning talabi boʻyicha sud tartibida bekor qilinishi mumkin, agar:

turar joy doimiy yashash uchun yaroqsiz yoki avariya holatiga kelgan boʻlsa;

turar joy joylashgan uy buzilishi lozim boʻlsa;

qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa holatlarda.

19. Turar joy ijaraga oluvchi tomonidan sotib olingan taqdirda, shartnoma balansda saqlovchi yoki uning vakolatli organi tomonidan qaror qabul qilingan kundan boshlab bekor qilingan deb hisoblanadi.

20. Ijara shartnomasi quyidagi hollarda ijaraga beruvchining talabi bilan sud tartibida bekor qilinishi mumkin:

ijaraga oluvchi tomonidan shartnomada belgilangan toʻlov muddati tugagandan soʻng olti oydan ortiq muddat uchun ijara haqi toʻlanmagan taqdirda;

ijaraga oluvchi yoki ularning harakatlari uchun u javobgar boʻlgan boshqa fuqarolar tomonidan turar joy buzilgan yoki unga zarar yetkazilgan taqdirda. Agar turar joy ijarachisi yoki ularning harakatlari uchun ijaraga oluvchi javobgar boʻlgan boshqa fuqarolar turar joydan maqsadga muvofiq boʻlmagan tarzda foydalanayotgan boʻlsa, yoxud turar joydan foydalanish qoidalarini doimiy buzayotgan boʻlsa, ijaraga beruvchi ijaraga oluvchini ogohlantirishi va ushbu talablar bajarilmagan taqdirda esa turar joyning ijara shartnomasini sud tartibida bekor qilishga haqli.

4-bob. Ijara haqi

21. Davlat uy-joyidan foydalanganlik uchun ijara haqi turar joyning umumiy maydonidan kelib chiqib, turar joyning 1 kv.m. uchun Toshkent shahrida bir yilga bazaviy hisoblash miqdorining 2 foizi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlarda 1 foizi miqdorida belgilanadi va bu miqdor ushbu kalendar yilida oʻzgarmay qoladi.

Xizmat turar joyi ijaraga oluvchiga tekin foydalanishga beriladi.

6-bob. Turar joyning ijara shartnomasi boʻyicha hisob-kitob qilish

22. Uy-joy uchun haq ijaraga oluvchi tomonidan uy-joyni ijaraga olish shartnomasida nazarda tutilgan muddatlarda toʻlab turilishi lozim. Agar shartnomada bunday muddatlar nazarda tutilgan boʻlmasa, haq ijaraga oluvchi tomonidan har oyda toʻlab turilishi shart.

23. Ijara uchun toʻlov balansda saqlovchining hisob raqamiga kelib tushadi.

Ijara haqining oʻz vaqtida va toʻliq kelib tushishi ustidan nazoratni balansda saqlovchi amalga oshiradi.

24. Kommunal va foydalanish xizmatlari uchun toʻlovlarni kiritishning miqdori, tartibi va muddatlari ijaraga oluvchi va ushbu xizmatlarni koʻrsatuvchi tashkilot oʻrtasida tuzilgan bitim bilan tartibga solinadi. Zarur boʻlgan elektroenergiya, suv va gazni hisoblash asboblarini oʻrnatish ijaraga oluvchi tomonidan amalga oshiriladi.

25. Balansda saqlovchi kommunal va foydalanish xizmatlarini koʻrsatish uchun tuzilgan bitimlarga muvofiq ijaraga oluvchi tomonidan koʻrsatilgan xizmatlar uchun oʻz vaqtida toʻlovlarning amalga oshirilishini nazorat qiladi.

7-bob. Turar-joyni topshirish va qaytarib olish tartibi

26. Ijara shartnomasiga muvofiq holda balansda saqlovchi yoki uning vakolatli shaxsi ijaraga oluvchi ishtirokida unga turar joyni berish, ijaraga oluvchi esa ijara muddati tugagandan soʻng yoki muddatidan oldin bekor qilingan, ijara shartnomasi haqiqiy emas deb topilgan taqdirda balansda saqlovchiga yoki vakolatli organga turar joyni shartnoma shartlari va uyning foydalanish maqsadiga muvofiq boʻlgan soz holatda qaytarib berish majburiyatini oʻz zimmasiga oladi.

27. Turar joyni berish va uni qaytarib olish tomonlarning vakolatli shaxsi ishtirokida, mazkur Nizomning 3-ilovasida belgilangan namunadagi shaklida, ikki tomonlama topshirish dalolatnomasi tuzilgan holda amalga oshirilib, ushbu dalolatnomada quyidagilar qayd etiladi:

dalolatnoma tuzilgan joy va sana;

ijara shartnomasining rekvizitlari (tuzilgan sana, raqami);

turar joyning texnik holati.

28. Topshirish dalolatnomasi tomonlarning vakolatli shaxslari tomonidan imzolanadi va tomonlarning muhrlari bilan tasdiqlanadi (muhr mavjud boʻlgan taqdirda).

8-bob. Ijaraga berilayotgan turar joyni hisobini yuritish va uni nazorat qilish

29. Ijaraga berilayotgan davlat mulkining maʼlumotlar bazasining yuritilishi va hisobga olinishi hisobga oluvchi organ tomonidan amalga oshiriladi.

Hisobga oluvchi organ tomonidan ijara shartnomasi, uning bekor qilinishi, oʻzgartirilishi va qoʻshimcha kiritilishi hisobga olinadi.

Ijara shartnomasini hisobga olish uchun joylardagi davlat hokimiyati organlari, davlat organlari, korxonalar, muassasalar va tashkilotlar tomonidan ijara shartnomasi tuzilgan sanadan boshlab besh ish kuni davomida hisobga oluvchi organga quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:

ilova xati;

tomonlar oʻrtasida imzolangan ijara shartnomasining va topshirish-qabul qilish dalolatnomasining uchtadan asl nusxasi;

ijaraga oluvchi pasportining nusxasi;

koʻchib kirish uchun asos boʻlgan order yoki uy daftarining nusxasi (kvartiralar boʻyicha kartochkaning nusxasining (17-shakl) nusxasi.

Ijara shartnomasining bekor qilinishi, oʻzgartirilishi va unga qoʻshimcha kiritilishini hisobga olish hisobga oluvchi organ tomonidan joylardagi davlat hokimiyati organlari, davlat organlari, korxonalar, muassasalar va tashkilotlarning yozma murojaati asosida amalga oshiriladi.

Hisobga oluvchi organ uch ish kuni mobaynida yuqorida koʻrsatilgan hujjatlar asosida ijara shartnomasi, uning bekor qilinishi, oʻzgartirilishi va qoʻshimcha kiritilishini hisobga qoʻyadi.

Ijara shartnomasini hisobga qoʻyish uchun hisobga oluvchi organ tomonidan bazaviy hisoblash miqdorining yarmi miqdorida yigʻim undiriladi. Bunda toʻlov ijaraga oluvchi hisobidan amalga oshiriladi. Ijara shartnomasining bekor qilinishi, oʻzgartirilishi va unga qoʻshimcha kiritilishini hisobga olish bepul amalga oshiriladi.

30. Ijaraga berilayotgan turar joyni hisobga qoʻyish maqsadida hisobga oluvchi organ tuzilgan ijara shartnomalarini hisobga qoʻyadi, roʻyxatga tegishli qaydni kiritadi va shartnomaning har bir nusxasida hisobga olish sanasi va raqamini koʻrsatadi. Hisobga olinganlik haqidagi qaydni kiritadi va muhr bilan tasdiqlaydi. Uch nusxada rasmiylashtirilgan ijara shartnomasi balansda saqlovchi, ijaraga oluvchi va hisobga oluvchi organga bir nusxadan beriladi.

31. Ijaraga berilishi lozim boʻlgan turar joy reyestri balansda saqlovchi tomonidan shakllantiriladi.

32. Ijara shartnomasining amal qilishi davomida balansda saqlovchi yoki uning vakolatli organi ijaraga oluvchi tomonidan ijara shartnomasi boʻyicha zimmasiga olingan majburiyatlarning tegishlicha bajarilishi ustidan doimiy nazoratni amalga oshiradi. Shu maqsadda ijaraga beruvchi quyidagi huquqlarga ega:

ijaraga oluvchidan ijara shartnomasida nazarda tutilgan hajmlarda maʼlumotlarni soʻrash;

zarur boʻlgan taqdirda, ijaraga oluvchining hayotiga aralashmagan holda ijara mulkining jismoniy holatini koʻzdan kechirish;

ijaraga berilgan turar joydan qanday foydalanilayotganini oʻrganish;

qonunchilik va shartnomada belgilangan boshqa harakatlarni amalga oshirish.

Davlat uy-joy fondidagi turar joyda ijara shartnomasi asosida yashayotgan ijaraga oluvchi, u bilan birga yashayotgan barcha voyaga yetgan oila aʼzolari va yashash maydoniga huquqi boʻlgan boshqa shaxslarning roziligi bilan, aniq maqsadli kommunal uy-joy fondidagi turar-joydan tashqari, ushbu turar joyni sotib olish huquqiga ega.

Turar joyni xususiylashtirish ijara shartnomasi tuzilgan va hisobga oluvchi organda hisobga qoʻyilgan taqdirdagina, qonunchilikda Davlat uy-joy fondini xususiylashtirish toʻgʻrisidagi Qonunga muvofiq amalga oshiriladi.

9-bob. Yakunlovchi qoidalar

33. Turar joyning ijara shartnomasini rasmiylashtirish, tuzish, bekor qilish, qoʻshimcha kiritish va oʻzgartirish vaqtida qonunchilik talablariga rioya qilinishi uchun shaxsiy javobgarlik balansda saqlovchi va uning vakolatli organi zimmasiga yuklatiladi.

Balansda saqlovchi har chorakda kamida bir marta uning ixtiyorida boʻlgan davlat uy-joy fondining xatlovini amalga oshirishi va turar joydan ijara shartnomasiz foydalanilayotgani aniqlangan taqdirda, oʻn kun muddatda ijara shartnomasini tuzish boʻyicha choralar koʻrishi va ijara haqi miqdorini ushbu Nizom tasdiqlangan sanadan belgilashi lozim.

Yuqorida koʻrsatilgan maʼlumotlarni yashirish, oʻz vaqtida taqdim qilmaganlik, shuningdek ularni notoʻgʻri koʻrsatganlik uchun balansda saqlovchi va boshqa aybdor shaxslar qonunchilikka muvofiq javobgarlikka tortiladi.

34. Davlat mulkini ijaraga berish munosabati boʻyicha vujudga kelgan nizolar qonunchilik va shartnomada belgilangan tartibda hal qilinadi.

35. Ijaraga berilgan turar joy uchun ijara haqining oʻz vaqtida va tegishlicha hisoblanishi, toʻlanishi ustidan nazorat balansda saqlovchi tomonidan amalga oshiriladi.

Davlat uy-joy fondidagi turar joylarni ijaraga berish va hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Davlat uy-joy fondidagi turar joylarni ijaraga berish va hisobini yuritish

Davlat uy-joy fondidagi turar joylarni ijaraga berish va hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

‎‎Turar joyni ijaraga oluvchiga topshirish ‎DALOLATNOMASI ‎ ‎‎20___ y. “____” _________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎___________________________________ ‎(aholi joyining nomi) ‎ ‎‎Bizkim, Ijaraga beruvchining topshirigʻiga koʻra uning nomidan ish yurituvchi ___________________________________ va ____________________ ning “___”_________20__ y. dagi ______-son qaroriga muvofiq Seriya_______________ № _____________ order asosida harakat qiluvchi ijaraga oluvchi fuqaro _____________________________________________________ tomonidan ushbu dalolatnoma tuzildi shu haqdaki, Ijaraga beruvchining vakili va Ijaraga oluvchi oʻrtasida ____________________________________________ manzilida joylashgan ____ uyning _____qavatidagi _______ kvartirani topshirish va qabul qilish amalga oshirildi. ‎Turar joy umumiy maydoni _________ kv.m. boʻlgan __________ ta yashash xonasidan iborat. ‎Turar joyning tarkibi: ‎ ‎‎Oshxona ‎vanna xonasi ‎hojatxona ‎dahliz (xoll) ‎omborxona ‎balkon ‎lodjiya ‎yashash xonasi ‎‎__________________; ‎__________________; ‎__________________; ‎__________________; ‎__________________; ‎__________________; ‎__________________; ‎__________________; ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Turar joy suv taʼminoti (sovuq va issiq suv), kanalizatsiya va issiqlik tarmogʻi (markaziy va mahalliy isitish tizimi), elektr tizimi, telefon aloqasi bilan taʼminlangan (yoʻq boʻlgani oʻchirib tashlansin). ‎Turar joyning qoʻshimcha xonalarida uskunalar oʻrnatilgan. ‎________________________________________________________________________________________________ ‎Xonalarning texnik holati ‎________________________________________________________________________________________________ ‎‎(xonalarning texnik holati koʻrsatiladi) ‎ ‎‎Ijaraga beruvchi vakili ‎_______________________________________ ‎(F.I.Sh. imzo, muhr) ‎ ‎‎Ijaraga oluvchi ‎_______________________________________ ‎(F.I.Sh. imzo) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 26-fevraldagi 170-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan baʼzi qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Davlat uy-joy fondi xususiylashtirilishi munosabati bilan normativ hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 1994-yil 28-iyundagi 325-son qarorining uchinchi xatboshi va unga 1-ilova .

2. Vazirlar Mahkamasining “Xizmat turar joylari berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2000-yil 27-yanvardagi 24-son qarorining (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2000-y., 1-son, 7-modda) 1-bandi va unga 1 — 4-ilovalar .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 26-fevral,

170-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 26.02.2019-y., 09/19/170/2672-son; 29.12.2019-y., 09/19/1046/4242-son; 31.12.2020-y., 09/20/830/1696-son; 12.01.2021-y., 07/21/4940/0018-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 06.05.2021-y., 06/21/6221/0428-son, 24.07.2021-y., 06/21/6269/0704-son, 23.11.2021-y., 09/21/705/1082-son, Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 06.12.2021-y., 09/21/737/1132-son, 08.02.2022-y., 09/22/62/0111-son, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 12.03.2024-y., 09/24/124/0203-son; 10.11.2025-y., 09/25/709/1027-son; 16.12.2025-y., 09/25/791/1167-son; 15.10.2026-y., 09/26/563/1041-son)

lex.uz