📅 2018-yil 12-dekabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018-yil 12-dekabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2018 йил 12 декабрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Молия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 12 декабря 2018 г. · Документы министерств и ведомств · Министр финансов
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 12 December 2018 · Ministry and agency documents · Moliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (6-сонли БҲС) «Ижара»ни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси , Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ва бюджет ҳисобини давлат секторида молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари билан мувофиқлаштириш мақсадида буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (6-сонли БҲС) «Ижара» иловага мувофиқ тасдиқлансин .
2. Мазкур буйруқ 2020 йил 1 январдан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2018 йил 12 декабрдаги 150-сон буйруғига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (6-сонли БҲС) «Ижара»
Мазкур Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (6-сонли БҲС) «Ижара» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси , Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон «Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли ва бюджетдан ташқари бошқа жамғармаларнинг ижара ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
актив — давлат мулки объекти бўлиб, давлат корхоналари ва бюджет ташкилотлари балансидаги мол-мулк, шунингдек юридик шахсларнинг оммавий мулкни бошқарувчи ёхуд ваколатли давлат органи томонидан тасарруф этиш ҳуқуқисиз уларга берилган мол-мулк (давлат мулки объектларини инвестиция мажбуриятлари ва бошқа мажбуриятлар билан сотиш ҳоллари бундан мустасно);
балансда сақловчи — ижарага берилаётган активни балансида ҳисобга олган бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли ва бюджетдан ташқари бошқа жамғармалар;
дастлабки тўғридан-тўғри харажатлар — ижара шартномасини тузиш ва тайёрлаш билан бевосита боғлиқ бўлган қўшимча харажатлар;
ижарага берувчи — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги давлат мулкини ижарага бериш марказлари;
ижара муддати — ижарага олинган актив бўйича тузилган ижара шартномаси бекор қилинмайдиган давр, бу даврлар мобайнида ёки ундан кейин ижарачи ижара шартномаси муддатини келишув асосида узайтириши мумкин;
ижарачи — активларни ижарага олиш бўйича ижара шартномасини тузган юридик ёки жисмоний шахс;
ижара муддатини бошланиши — ижарачи томонидан ижарага олинган активдан ижара шартномасида кўрсатилган фойдаланиш ва эгалик қилиш ҳуқуқининг бошланиш санаси. Бу ижарани дастлабки ҳисобга олиш санаси ҳисобланади;
ижара шартномасининг бошланиши — ижара шартномаси тузилган ёки унинг асосий шартлари бўйича мажбуриятлар қабул қилинган санадан аввалроқ бўлган давр;
ижара шартномасида кўзда тутилган фоиз ставкаси — ижара муддатининг бошланишида ижара объектининг жорий қиймати билан минимал ижара тўловлари ва кафолатланмаган қолдиқ қиймати суммаси йиғиндисининг дисконтланган қиймати тенг бўлишини таъминлайдиган фоиз ставкаси;
кафолатланган тугатиш қиймати:
ижарачи учун — ижарачи ёки у билан боғлиқ бўлган тараф томонидан кафолатланган тугатиш қиймати қисми (ҳар қандай ҳолатда ҳам тўланиши белгиланган максимал қийматга тенг бўлган кафолатланган сумма);
балансда сақловчи учун — молиявий жиҳатдан кафолатлар бўйича тўлаш қобилиятига эга бўлган балансда сақловчига боғлиқ бўлмаган учинчи шахс ёки ижарачи томонидан кафолатланган тугатиш қиймати қисми;
кафолатланмаган тугатиш қиймати — ижара берилаётган актив қийматининг бир қисми бўлиб (ижара шартномасининг бошланишида аниқланган), унинг олинишини балансда сақловчи кафолатламайди ёки у балансда сақловчи билан боғлиқ тараф томонидангина кафолатланади;
фойдали хизмат муддати — ижара шартномаси муддати билан чекланмаган, ижара фаолияти бошланишидан кейинги муддатда балансда сақловчи томонидан активдан фойда олиши кутилаётган давр;
шартли ижара тўлови — бу ижара суммасини қатъий белгиланмаган қисми бўлиб, ижара миқдори билан белгиланмаслиги ва келажакдаги муддат ўзгаришларига асосланувчи тўлов (масалан, сотишдан олинадиган фоиз, фойдаланишнинг қиймати, нархлар индекси, келажакдаги бозор баҳосининг ўзгариши);
минимал ижара тўловлари — шартли ижара тўловидан ташқари, ижара муддати давомида ижарачидан талаб қилиниши мумкин бўлган тўловлар бўлиб, балансда сақловчи томонидан тўланган хизматлар учун тўловларни балансда сақловчига қуйидагилар билан бирга қайтарилиши лозим бўлган суммалардир:
а) ижарачи учун — ижарачи ёки у билан боғлиқ бўлган томоннинг ҳар қандай кафолатланган суммалари;
б) балансда сақловчи учун — балансда сақловчига учун кафолатланган барча тугатиш қиймати, ижарачи, ижарачи билан боғлиқ бўлган томон ёки кафолатлар учун молиявий жиҳатдан жавоб бера оладиган мустақил учинчи шахслар томонидан кафолатланадиган суммалар.
2. Стандарт мақсадларига кўра ижара қуйидагиларга ажратилади:
а) молиявий ижара;
б) оператив ижара.
3. Молиявий ижара — мол-мулкни (молиявий ижара объектини) эгалик қилиш ва фойдаланишга ўн икки ойдан ортиқ муддатга шартнома бўйича топширишда вужудга келадиган ижара муносабатларидир.
Молиявий ижара шартномаси қуйидаги талаблардан бирига жавоб бериши керак:
молиявий ижара шартномасининг муддати тугагач, молиявий ижара объекти ижарачининг мулкига ўтса;
молиявий ижара шартномасининг муддати молиявий ижара объекти хизмат муддатининг 80 фоизидан ортиқ бўлса ёки молиявий ижара объектининг молиявий ижара шартномаси тугаганидан кейинги қолдиқ қиймати унинг бошланғич қийматининг 20 фоизидан кам бўлса;
молиявий ижара шартномасининг муддати тугагач, ижарага олувчи молиявий ижара объектини шу ҳуқуқни амалга ошириш санасидаги бозор қийматидан паст нарх бўйича сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлса;
молиявий ижара шартномасининг амал қилиш даврида ижара тўловларининг жорий дисконтланган қиймати молиявий ижара объектининг молиявий ижарага топшириш пайтидаги жорий қийматининг 90 фоизидан ошиб кетса. Жорий дисконтланган қиймат бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
4. Оператив ижара — молиявий ижара шартномаси ҳисобланмайдиган мулкий ижара шартномасига биноан активни вақтинчалик эгалик қилишга ва фойдаланишга ёки фойдаланишга бериш.
5. Ҳисоблаш методи асосида молиявий ҳисоботлар ни тузувчи ва тақдим қилувчи балансда сақловчилар барча ижара турлари ҳисобини юритишда мазкур Стандартдан фойдаланади. Стандартда қуйидагилар қўлланилмайди:
табиий ресурслар, фойдали қазилмалар, жумладан нефт, табиий газ ва шу каби қайта тикланмайдиган ресурсларни қидирув ва фойдаланиш бўйича ижара шартномалари;
кинофильм, видеоёзув, пьеса, қўлёзма, патент ва авторлик ҳуқуқлари каби объектлар бўйича лицензия келишувлар ҳисобини юритиш.
6. Ижара муддати ва ижара шартномасининг бошланиш муддати ўртасидаги даврда ижара бўйича тўлов суммаларини ўзгариш тартиби ижара бўйича шартномада кўрсатилади. Бунда:
қурилиш қийматининг ўзгариши ёки ижарага берилган мулкни сотиб олиниши;
харажат ёки қиймат кўрсаткичларининг ҳар қандай ўзгаришлари, хусусан ижарани молиялаштириш бўйича балансда сақловчининг харажатлари ёки умумий нарх даражаси кўрсатилади.
7. Ижара шартномасида келишилган шартлар бажарилган ҳолларда, ижарачи активга тасарруф этиш ҳуқуқини бериш имкониятини ўз ичига оладиган шартномалар тузилади. Кўчмас мулк объектларига нисбатан тузилган шартномалар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги 279-сон қарори билан тасдиқланган Давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда тузилади.
8. Агар ижарага бериш натижасида балансда сақловчининг ишлаб чиқариш ёки молиявий кўрсаткичлари ёмонлашса ёки бюджетдан молиялаштиришнинг назарда тутилган лимитларидан ортиқ бўлса, актив ижарага берилиши мумкин эмас. Кўрсатиб ўтилган ҳолатлар юқори турувчи ташкилот ёки муассис (мавжуд бўлганда) билан келишган ҳолда балансда сақловчи томонидан ҳужжатлар билан асослантирилиши керак.
2-боб. Ижаранинг таснифланиши
9. Ижара шартномасининг бошланиш санаси ҳолатида ижара молиявий ёки оператив ижара сифатида таснифланади.
10. Стандартда қабул қилинган ижаранинг таснифланиши ижарага берилаётган активдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган хатар ва фойданинг ижарачи ва балансда сақловчи ўртасида тақсимланишига асосланади.
Хатарлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
технологияларнинг эскирганлиги ёки фойдаланиш қувватининг йўқолганлиги;
иқтисодий ҳолатларнинг ўзгариши натижасида юзага келадиган актив қиймати ўзгаришлари.
11. Ижара шартномаси доирасида активга эгалик қилиш билан боғлиқ бўлган барча хатар ва фойдаларнинг ижарачида бўлиши молиявий ижара сифатида таснифланади.
Ижара доирасида активга эгалик қилиш билан боғлиқ бўлган барча хатар ва фойдаларни ижарачида бўлмаслиги оператив ижара сифатида таснифланади.
12. Ижарага берувчи, балансда сақловчи ва ижарачи ўртасидаги ижара шартномаси аниқлаштирилган шартлар асосида тузилиши лозим.
13. Ижаранинг молиявий ёки оператив ижара деб таснифланиши шартнома шаклига эмас, балки унинг мазмунига боғлиқ бўлади.
14. Молиявий ижарада ижарага берилаётган активнинг қуйидаги ҳолатлари алоҳида ёки биргаликда қўлланилиши мумкин:
ижарачи ижарага берувчи ва балансда сақловчи билан шартномани муддатидан олдин бекор қилганда, балансда сақловчининг ушбу ижарага тегишли барча харажатларини қоплайди;
шартномада кўрсатилган ижара тўлови миқдори бозор қийматидан паст бўлган қийматда ижарачи ижара шартномасини яна бир муддатга узайтиради.
15. Бошқа турдаги активлар каби, бино ва ер ижараси молиявий ёки оператив ижара деб таснифланади. Ернинг фойдали хизмат муддати аниқ бўлмайди.Агар эгалик ҳуқуқи ижара муддатининг охирида ижарачига берилмаса, ижарачида хатар ва фойда бўлмайди ҳамда бу ижара оператив ижара сифатида таснифланади.
Бундай оператив ижара учун амалга оширилган тўлов ижара шартномаси учун аванс тўлови сифатида акс эттирилади ва ҳисобга олинади.
16. Бино ва ер участкаларининг ижара ҳисобини алоҳида юритиш ва таснифлаш зарур бўлган ҳолларда минимал ижара тўловларини (ҳар қандай бир марталик аванс тўловлари билан бирга) шартноманинг бошланиш санасидаги бино ва ер участкаларининг ижарага эгалик ҳуқуқи ўртасида «бино» ва «ер участкалари» элементлари бўйича ҳақиқий қийматига кўра пропорционал тақсимланади.
Бу икки элемент ўртасида ижара тўлови ишончли тақсимланмайдиган ҳолатларда ижара оператив ижара сифатида таснифланади.
17. Ижарага берилган ер участкаси ва биноси Стандартнинг 19-бандига мувофиқ «ер участкалари» ижара элементи учун дастлабки тан олинган суммаси сезиларли даражада бўлмаса, ер участкалари ва бинолар ижарани таснифлаш мақсадида бир объект сифатида кўрилиши ва Стандартнинг 14-15-бандларига мувофиқ молиявий ва оператив ижараси сифатида таснифланиши мумкин.
Бундай ҳолларда бинонинг фойдали хизмат муддати ижарага берилган активнинг фойдали хизмат муддати ҳисобланади.
3-боб. Молиявий ижара ва унинг ҳисоби
18. Стандарт активларни ижарага бериш натижасида юзага келадиган фойда ёки зарарларни бюджет ҳисобида акс эттирилишини белгилайди.
19. Молиявий ижарада барча хатар ва фойдалар ижарачида бўлади. Ижарачининг дебитор қарздорликлари сифатида тўланаётган пул маблағларини унинг асосий қарзини қоплаш сифатида, кўрсатилган хизматлар учун компенсация ва рағбатлантиришни молиявий даромад сифатида ҳисобга олинади.
20. Ижара муддатининг бошланишида ижарачи молиявий ижара доирасида олинган активлар ни молиявий ҳолатлар тўғрисидаги ҳисоботда активлар сифатида ва бу активлар билан боғлиқ бўлган мажбуриятларни мажбуриятлар сифатида қабул қилади.
21. Балансда сақловчи молиявий ижара шартномаси шартлари асосида актив реализацияси бўйича фойда ёки зарарни ҳисобга олади.
22. Балансда сақловчи ижара муддатида олган ижара тўловларини даромад сифатида ҳисобга олади .
Балансда сақловчи даромад сифатида ҳисобга олган ижара тўловларини ижарага берилган мулкдан келиб тушадиган дебитор қарздорлиги маблағлари сифатида ҳисобга олади.
23. Ижара билан боғлиқ бўлган ўзига хос дастлабки тўғридан-тўғри харажатлар тез-тез вужудга келади, жумладан ижара шартномасини тузиш ва музокаралар олиб бориш харажатлари.
Молиявий ижара билан боғлиқ бўлган балансда сақловчи томонидан амалга оширилган харажатлар актив қийматига қўшилади.
24. Минимал ижара тўловлари молиявий харажатлар ҳамда қопланмаган ёки тўланмаган мажбуриятларга ажратилади.
Ижара муддати давомида харажатлар ҳар бир муддат учун тақсимланганда мажбуриятларнинг қолган қисми бўйича даврий фоиз ставкаси сақланади.
Шартли ижара тўлови тўланган ҳар бир давр учун харажат сифатида ҳисобланади.
25. Ижарачининг молиявий ижарага берилаётган активни яхшилаш (ободонлаштириш, қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар билан таъминлаш, реконструкция, модернизация қилиш, техник қайта қуроллантириш ва бошқалар) харажатлари молиявий ижарага олинган актив қийматини кўпайтирувчи капитал қуйилмалар сифатида акс эттирилади.
Агар молиявий ижарага берилаётган актив, балансда сақловчининг рухсати билан яхшиланган бўлса, шартноманинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ёки шартнома бекор қилингач, молиявий ижара шартномасида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, ижарачи ана шу мақсад йўлида сарфлаган барча харажатларининг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Балансда сақловчининг рухсатисиз амалга оширилган молиявий ижарага берилган активни яхшилашга сарфланган маблағлар (қўйилмалар) ва уларни молиявий ижарага берилган активга зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш имконияти бўлмаса, молиявий ижара шартномасида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, молиявий ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугагач ёки шартнома бекор қилингач, улар балансда сақловчига текинга ўтади. Агарда уларни молиявий ижарага берилган активга зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш мумкин бўлса ва агар балансда сақловчи уларнинг қийматини тўлашга рози бўлмаса, бундай ҳолларда ижарачи уларни ажратиб олиши мумкин.
26. Молиявий ижарада ҳар бир ҳисобот даври учун молиявий ижарага берилган актив бўйича амортизация ажратмаси каби харажатлар юзага келади ва ижарачи томонидан амалга оширилади.
27. Молиявий ижарага берилган активни ҳар йили қайта баҳолаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижарачи томонидан амалга оширилади.
28. Ижара шартномаси тугатилганда ижарачи томонидан молиявий ижарага берилган активни қайтариш муносабати билан балансдан чиқариш, ижара шартномасига мувофиқ молиявий ижара тўхтатилган санадаги молиявий ижарага берилган активнинг қопланмаган қиймати суммаси бўйича амалга оширилади.
29. Балансда сақловчининг ташаббуси билан ижара шартномаси тугатилганда молиявий ижара объектини кирим қилиш ижара шартномасига мувофиқ молиявий ижарани тугатиш кунидаги қарздорлик (дебитор қарздорлик) суммаси бўйича амалга оширилади.
30. Балансда сақловчи томонидан амалга оширилган ва молиявий ижара шартномасига мувофиқ ижарачи томонидан қопланадиган молиявий ижарага берилган активни етказиб бериш ва белгиланган мақсадда фойдаланиш учун уни яроқли ҳолга келтириш билан боғлиқ бўлган харажатлар молиявий ижарага берилган активнинг қийматига қўшилади. Ижара шартномасига мувофиқ юқоридаги харажатлар ижарачи томонидан қопланмаганда, улар юзага келган пайтдаги тегишли ҳисобот даври харажатлари сифатида ҳисобга олинади.
4-боб. Оператив ижара ҳисоби
31. Оператив ижарада, активга эгалик қилиш билан боғлиқ бўлган барча хатарлар ижарачида бўлмайди. Оператив ижара шартномаси бўйича олинган активлар ижарачининг балансида ҳисобга олинмайди.
32. Оператив ижара объекти ижарачи томонидан балансдан ташқари ҳисобларда — оператив ижара шартномасида кўрсатилган қийматда, балансда сақловчида — асосий воситалар таркибида баланс ҳисобларида ҳисобга олинади.
33. Балансда сақловчининг оператив ижара объектларини сақлаб туриш билан боғлиқ харажатлари ушбу харажатлар юзага келган ҳисобот даврининг жорий харажатлари сифатида тан олинади.
34. Ижарачининг оператив ижарага олинган активни яхшилаш (ободонлаштириш, қўшимча қуриш, қўшимча асбоб-ускуналар ўрнатиш, реконструкция, модернизация қилиш, техник қайта қуроллантириш ва бошқалар) харажатлари оператив ижарага олинган актив қийматини кўпайтирувчи капитал қуйилмалар сифатида акс эттирилади.
Оператив ижарага олинган актив ижарага берувчи ва балансда сақловчининг рухсати билан яхшиланганда, оператив ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ёки оператив ижара шартномаси бекор қилингач, оператив ижара шартномасида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, ижарачи ана шу мақсад йўлида сарфлаган барча харажатларнинг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ижарага берувчи ва балансда сақловчининг рухсатисиз амалга оширилган оператив ижарага олинган активни яхшилашга сарфланган харажатлар (қўйилмалар) ва уларни оператив ижарага олинган активга зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш имкони бўлмаса, оператив ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугагач ёки шартнома бекор қилингач, оператив ижара шартномасида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса, улар балансда сақловчига текинга ўтади. Оператив ижара объектига зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш мумкин бўлса ва балансда сақловчи уларнинг қийматини қоплашга рози бўлмаса, бундай ҳолларда ижарачи уларни ажратиб олиши мумкин.
35. Тўловлар бошқа асосда амалга оширилганда, оператив ижарада тегишли ижара тўловларининг харажатлар сифатида тан олиниши тўғри чизиқ усулида ҳисобга олинади, ижарачи томонидан фойда олишнинг қулайроқ вақтинчалик жадвалини таъминлайдиган бошқа тизимли асос ҳолати юзага келиши бундан мустасно.
36. Балансда сақловчи йил чорагида камида бир марта ўзи унинг юритишида бўлган активни хатловдан ўтказишга ва фойдаланилмаётган актив аниқланган тақдирда 10 кун мобайнида ижарага берувчига актив жойлашган жойни, миқдори, таркиби ва бошқа умумий тавсифларини кўрсатган ҳолда унинг ҳақидаги маълумотларни тақдим этишга мажбур.
37. Балансда сақловчи ижара муддати давомида молиявий даромадни доимий равишда тақсимлаши лозим. Ижара тўловлари ижара муддати мобайнида хизматларга кетган харажатларни чегирган ҳолда, дебитор қарзнинг асосий қисмини камайтириш учун қабул қилинади.
38. Дастлабки тўғридан-тўғри харажатлар ижара муддатининг бошланиши даврида харажат сифатида ҳисобга олинади.
39. Оператив ижара бўйича олинувчи даромад ижара муддати давомида тўғри чизиқли усулда ҳисобга олинади, агар бошқа усул ижарага берилган актив бўйича фойда даромадларини ҳисобга олиш усулини фойдали тасвирласа, ўша усулдан фойдаланилади.
5-боб. Қайта ижарага олинган активнинг ҳисобини юритиш
40. Молиявий ижара орқали реализация қилинган активни қайта ижарага олишни ҳисоблаш тартиби ижара таснифига боғлиқ ҳисобланади. Агар активни қайта ижарага олиш молиявий ижарага олиб келса, реализация қилинган сумманинг баланс қийматидан ортиқ бўлган миқдори ижарачи учун даромад сифатида ҳисобга олинмайди. Бу ҳолатлар кейинги даврларга ўтказилади ва ижара муддати давомида ҳисобга олинади.
41. Қайта ижарага олиш молиявий ижара бўлса, ижарачини молиявий маблағлар билан таъминлашнинг бир усули ҳисобланиб, бунда актив таъминот сифатида ҳисобга олинади.
42. Агар активни қайта ижарага олиш операциялари оператив ижарага олиб келса, бундан келиб чиқадиган фойда ёки зарар ҳисобга олинади. Активни сотиш нархи ҳақиқий қийматдан паст бўлса, бу ҳолат дарҳол фойда ёки зарар сифатида ҳисобга олинади,бундан зарар келгусидаги ижара тўловларининг бозор нархидан паст қийматда қопланган ҳолат мустасно.
Агар активни қайта ижарага олиш оператив ижарага олиб келса, реализация қилинган сумманинг баланс қийматидан ортиқ бўлган миқдори актив фойдаланиш даври учун кейинги даврларга ўтказилиши ва ҳисобдан чиқарилиши керак.
43. Оператив ижарада қайта ижарага олинган активнинг қиймати унинг баланс қийматидан паст бўлса, бу фарқ зарар сифатида ҳисобга олинади.
Ижарачи мол-мулкни соз ҳолатда сақлайди, ўз ҳисобидан жорий таъмирлаш ва мулкни сақлаш бўйича харажатларни қоплайди.
6-боб. Ахборотни очиб бериш
44. Балансда сақловчи оператив ижара бўйича қуйидаги ахборотларни очиб бериши керак:
а) муддатидан олдин бекор қилиш ҳуқуқисиз бўлган оператив ижара бўйича келгусидаги минимал ижара тўловларини умумий ҳамда ҳар бири учун алоҳида қуйидаги даврлар учун:
бир йилгача бўлган муддатда;
бир йилдан сўнг, лекин, беш йилдан кам бўлмаган муддат;
беш йилдан кейинги муддат;
б) молиявий фаолият ҳисоботида, даромад сифатида ҳисобга олинган шартли ижара тўлов суммаси;
в) балансда сақловчи томонидан тузилган ижара шартномаларининг умумий тавсифлари.
45. Ижарачилар молиявий ижара бўйича қуйидаги ахборотларни очиб бериши керак:
ҳисобот давридаги ҳар бир активнинг тури бўйича соф баланс қиймати;
ҳисобот давридаги харажат сифатида тан олинган шартли ижара тўлови;
муддатидан олдин бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган ижара шартномалари бўйича баланс кунида қабул қилинадиган ижаранинг келгусидаги минимал ижара тўловлари умумий суммаси;
молиявий ҳисоботни тузиш санасига ижарадан олиниши кутилаётган келгуси ижара тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотлар;
молиявий ижара муддати учун қопланмаган мажбурият қолдиғига даврий фоиз ставкасини олиш учун балансда сақловчининг даромади (молиявий ижара бўйича фоизлар)ни тақсимлашда фойдаланиладиган усул;
ижарачи томонидан тузилган, шартли ижара тўлови бўйича кредиторлик қарздорлигининг аниқланиш асоси маълумотларни ўз ичига олувчи, бироқ бу билан чегараланмаган ижара шартномалари умумий мазмуни.
46. Ижарачи оператив ижара бўйича қуйидаги ахборотларни очиб бериши керак:
а) оператив ижара шартномаси бўйича келажакдаги минимал ижара тўлови суммасини муддатидан олдин бекор қилиш ҳуқуқисиз қуйидаги даврларни:
бир йилгача бўлган муддат;
бир йилдан сўнг, лекин, беш йилдан кеч бўлмаган муддат;
беш йилдан кейинги муддат;
б) муддатидан олдин бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган ижара шартномалари бўйича келгусидаги минимал ижара тўловларнинг умумий суммасини;
в) ижарачи томонидан тузилган, қуйидаги маълумотларни ўз ичига олувчи, бироқ бу билан чегараланмаган ижара шартномалари умумий мазмунини:
шартли ижара тўлови бўйича кредитор қарздорликни аниқланиши учун асос;
шартномани янгилаш имкониятининг шартлари ҳамда мавжудлиги ёки ўзгарувчан нархлар тўғрисидаги харидлар ва эслатмалар.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 12 декабрь,
150-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirining
buyrugʻi
Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (6-sonli BHS) “Ijara”ni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining Budjet kodeksi , Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq va budjet hisobini davlat sektorida moliyaviy hisobotlarning xalqaro standartlari bilan muvofiqlashtirish maqsadida buyuraman:
1. Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (6-sonli BHS) “Ijara” ilovaga muvofiq tasdiqlansin .
2. Mazkur buyruq 2020-yil 1-yanvardan kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining 2018-yil 12-dekabrdagi 150-son buyrugʻiga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (6-sonli BHS) “Ijara”
Mazkur Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (6-sonli BHS) “Ijara” (bundan buyon matnda Standart deb yuritiladi) Oʻzbekiston Respublikasining Budjet kodeksi , Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2009-yil 8-apreldagi 102-son “Davlat mulkini ijaraga berish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq budjet tashkilotlari, davlat maqsadli va budjetdan tashqari boshqa jamgʻarmalarning ijara hisobini yuritish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Standartda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
aktiv — davlat mulki obyekti boʻlib, davlat korxonalari va budjet tashkilotlari balansidagi mol-mulk, shuningdek yuridik shaxslarning ommaviy mulkni boshqaruvchi yoxud vakolatli davlat organi tomonidan tasarruf etish huquqisiz ularga berilgan mol-mulk (davlat mulki obyektlarini investitsiya majburiyatlari va boshqa majburiyatlar bilan sotish hollari bundan mustasno);
balansda saqlovchi — ijaraga berilayotgan aktivni balansida hisobga olgan budjet tashkilotlari, davlat maqsadli va budjetdan tashqari boshqa jamgʻarmalar;
dastlabki toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlar — ijara shartnomasini tuzish va tayyorlash bilan bevosita bogʻliq boʻlgan qoʻshimcha xarajatlar;
ijaraga beruvchi — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi davlat mulkini ijaraga berish markazlari;
ijara muddati — ijaraga olingan aktiv boʻyicha tuzilgan ijara shartnomasi bekor qilinmaydigan davr, bu davrlar mobaynida yoki undan keyin ijarachi ijara shartnomasi muddatini kelishuv asosida uzaytirishi mumkin;
ijarachi — aktivlarni ijaraga olish boʻyicha ijara shartnomasini tuzgan yuridik yoki jismoniy shaxs;
ijara muddatini boshlanishi — ijarachi tomonidan ijaraga olingan aktivdan ijara shartnomasida koʻrsatilgan foydalanish va egalik qilish huquqining boshlanish sanasi. Bu ijarani dastlabki hisobga olish sanasi hisoblanadi;
ijara shartnomasining boshlanishi — ijara shartnomasi tuzilgan yoki uning asosiy shartlari boʻyicha majburiyatlar qabul qilingan sanadan avvalroq boʻlgan davr;
ijara shartnomasida koʻzda tutilgan foiz stavkasi — ijara muddatining boshlanishida ijara obyektining joriy qiymati bilan minimal ijara toʻlovlari va kafolatlanmagan qoldiq qiymati summasi yigʻindisining diskontlangan qiymati teng boʻlishini taʼminlaydigan foiz stavkasi;
kafolatlangan tugatish qiymati:
ijarachi uchun — ijarachi yoki u bilan bogʻliq boʻlgan taraf tomonidan kafolatlangan tugatish qiymati qismi (har qanday holatda ham toʻlanishi belgilangan maksimal qiymatga teng boʻlgan kafolatlangan summa);
balansda saqlovchi uchun — moliyaviy jihatdan kafolatlar boʻyicha toʻlash qobiliyatiga ega boʻlgan balansda saqlovchiga bogʻliq boʻlmagan uchinchi shaxs yoki ijarachi tomonidan kafolatlangan tugatish qiymati qismi;
kafolatlanmagan tugatish qiymati — ijara berilayotgan aktiv qiymatining bir qismi boʻlib (ijara shartnomasining boshlanishida aniqlangan), uning olinishini balansda saqlovchi kafolatlamaydi yoki u balansda saqlovchi bilan bogʻliq taraf tomonidangina kafolatlanadi;
foydali xizmat muddati — ijara shartnomasi muddati bilan cheklanmagan, ijara faoliyati boshlanishidan keyingi muddatda balansda saqlovchi tomonidan aktivdan foyda olishi kutilayotgan davr;
shartli ijara toʻlovi — bu ijara summasini qatʼiy belgilanmagan qismi boʻlib, ijara miqdori bilan belgilanmasligi va kelajakdagi muddat oʻzgarishlariga asoslanuvchi toʻlov (masalan, sotishdan olinadigan foiz, foydalanishning qiymati, narxlar indeksi, kelajakdagi bozor bahosining oʻzgarishi);
minimal ijara toʻlovlari — shartli ijara toʻlovidan tashqari, ijara muddati davomida ijarachidan talab qilinishi mumkin boʻlgan toʻlovlar boʻlib, balansda saqlovchi tomonidan toʻlangan xizmatlar uchun toʻlovlarni balansda saqlovchiga quyidagilar bilan birga qaytarilishi lozim boʻlgan summalardir:
a) ijarachi uchun — ijarachi yoki u bilan bogʻliq boʻlgan tomonning har qanday kafolatlangan summalari;
b) balansda saqlovchi uchun — balansda saqlovchiga uchun kafolatlangan barcha tugatish qiymati, ijarachi, ijarachi bilan bogʻliq boʻlgan tomon yoki kafolatlar uchun moliyaviy jihatdan javob bera oladigan mustaqil uchinchi shaxslar tomonidan kafolatlanadigan summalar.
2. Standart maqsadlariga koʻra ijara quyidagilarga ajratiladi:
a) moliyaviy ijara;
b) operativ ijara.
3. Moliyaviy ijara — mol-mulkni (moliyaviy ijara obyektini) egalik qilish va foydalanishga oʻn ikki oydan ortiq muddatga shartnoma boʻyicha topshirishda vujudga keladigan ijara munosabatlaridir.
Moliyaviy ijara shartnomasi quyidagi talablardan biriga javob berishi kerak:
moliyaviy ijara shartnomasining muddati tugagach, moliyaviy ijara obyekti ijarachining mulkiga oʻtsa;
moliyaviy ijara shartnomasining muddati moliyaviy ijara obyekti xizmat muddatining 80 foizidan ortiq boʻlsa yoki moliyaviy ijara obyektining moliyaviy ijara shartnomasi tugaganidan keyingi qoldiq qiymati uning boshlangʻich qiymatining 20 foizidan kam boʻlsa;
moliyaviy ijara shartnomasining muddati tugagach, ijaraga oluvchi moliyaviy ijara obyektini shu huquqni amalga oshirish sanasidagi bozor qiymatidan past narx boʻyicha sotib olish huquqiga ega boʻlsa;
moliyaviy ijara shartnomasining amal qilish davrida ijara toʻlovlarining joriy diskontlangan qiymati moliyaviy ijara obyektining moliyaviy ijaraga topshirish paytidagi joriy qiymatining 90 foizidan oshib ketsa. Joriy diskontlangan qiymat buxgalteriya hisobi toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.
4. Operativ ijara — moliyaviy ijara shartnomasi hisoblanmaydigan mulkiy ijara shartnomasiga binoan aktivni vaqtinchalik egalik qilishga va foydalanishga yoki foydalanishga berish.
5. Hisoblash metodi asosida moliyaviy hisobotlar ni tuzuvchi va taqdim qiluvchi balansda saqlovchilar barcha ijara turlari hisobini yuritishda mazkur Standartdan foydalanadi. Standartda quyidagilar qoʻllanilmaydi:
tabiiy resurslar, foydali qazilmalar, jumladan neft, tabiiy gaz va shu kabi qayta tiklanmaydigan resurslarni qidiruv va foydalanish boʻyicha ijara shartnomalari;
kinofilm, videoyozuv, pyesa, qoʻlyozma, patent va avtorlik huquqlari kabi obyektlar boʻyicha litsenziya kelishuvlar hisobini yuritish.
6. Ijara muddati va ijara shartnomasining boshlanish muddati oʻrtasidagi davrda ijara boʻyicha toʻlov summalarini oʻzgarish tartibi ijara boʻyicha shartnomada koʻrsatiladi. Bunda:
qurilish qiymatining oʻzgarishi yoki ijaraga berilgan mulkni sotib olinishi;
xarajat yoki qiymat koʻrsatkichlarining har qanday oʻzgarishlari, xususan ijarani moliyalashtirish boʻyicha balansda saqlovchining xarajatlari yoki umumiy narx darajasi koʻrsatiladi.
7. Ijara shartnomasida kelishilgan shartlar bajarilgan hollarda, ijarachi aktivga tasarruf etish huquqini berish imkoniyatini oʻz ichiga oladigan shartnomalar tuziladi. Koʻchmas mulk obyektlariga nisbatan tuzilgan shartnomalar Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 6-oktabrdagi 279-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat koʻchmas mulk obyektlarini sotish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan tartibda tuziladi.
8. Agar ijaraga berish natijasida balansda saqlovchining ishlab chiqarish yoki moliyaviy koʻrsatkichlari yomonlashsa yoki budjetdan moliyalashtirishning nazarda tutilgan limitlaridan ortiq boʻlsa, aktiv ijaraga berilishi mumkin emas. Koʻrsatib oʻtilgan holatlar yuqori turuvchi tashkilot yoki muassis (mavjud boʻlganda) bilan kelishgan holda balansda saqlovchi tomonidan hujjatlar bilan asoslantirilishi kerak.
2-bob. Ijaraning tasniflanishi
9. Ijara shartnomasining boshlanish sanasi holatida ijara moliyaviy yoki operativ ijara sifatida tasniflanadi.
10. Standartda qabul qilingan ijaraning tasniflanishi ijaraga berilayotgan aktivdan foydalanish bilan bogʻliq boʻlgan xatar va foydaning ijarachi va balansda saqlovchi oʻrtasida taqsimlanishiga asoslanadi.
Xatarlar quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
texnologiyalarning eskirganligi yoki foydalanish quvvatining yoʻqolganligi;
iqtisodiy holatlarning oʻzgarishi natijasida yuzaga keladigan aktiv qiymati oʻzgarishlari.
11. Ijara shartnomasi doirasida aktivga egalik qilish bilan bogʻliq boʻlgan barcha xatar va foydalarning ijarachida boʻlishi moliyaviy ijara sifatida tasniflanadi.
Ijara doirasida aktivga egalik qilish bilan bogʻliq boʻlgan barcha xatar va foydalarni ijarachida boʻlmasligi operativ ijara sifatida tasniflanadi.
12. Ijaraga beruvchi, balansda saqlovchi va ijarachi oʻrtasidagi ijara shartnomasi aniqlashtirilgan shartlar asosida tuzilishi lozim.
13. Ijaraning moliyaviy yoki operativ ijara deb tasniflanishi shartnoma shakliga emas, balki uning mazmuniga bogʻliq boʻladi.
14. Moliyaviy ijarada ijaraga berilayotgan aktivning quyidagi holatlari alohida yoki birgalikda qoʻllanilishi mumkin:
ijarachi ijaraga beruvchi va balansda saqlovchi bilan shartnomani muddatidan oldin bekor qilganda, balansda saqlovchining ushbu ijaraga tegishli barcha xarajatlarini qoplaydi;
shartnomada koʻrsatilgan ijara toʻlovi miqdori bozor qiymatidan past boʻlgan qiymatda ijarachi ijara shartnomasini yana bir muddatga uzaytiradi.
15. Boshqa turdagi aktivlar kabi, bino va yer ijarasi moliyaviy yoki operativ ijara deb tasniflanadi. Yerning foydali xizmat muddati aniq boʻlmaydi.Agar egalik huquqi ijara muddatining oxirida ijarachiga berilmasa, ijarachida xatar va foyda boʻlmaydi hamda bu ijara operativ ijara sifatida tasniflanadi.
Bunday operativ ijara uchun amalga oshirilgan toʻlov ijara shartnomasi uchun avans toʻlovi sifatida aks ettiriladi va hisobga olinadi.
16. Bino va yer uchastkalarining ijara hisobini alohida yuritish va tasniflash zarur boʻlgan hollarda minimal ijara toʻlovlarini (har qanday bir martalik avans toʻlovlari bilan birga) shartnomaning boshlanish sanasidagi bino va yer uchastkalarining ijaraga egalik huquqi oʻrtasida “bino” va “yer uchastkalari” elementlari boʻyicha haqiqiy qiymatiga koʻra proporsional taqsimlanadi.
Bu ikki element oʻrtasida ijara toʻlovi ishonchli taqsimlanmaydigan holatlarda ijara operativ ijara sifatida tasniflanadi.
17. Ijaraga berilgan yer uchastkasi va binosi Standartning 19-bandiga muvofiq “yer uchastkalari” ijara elementi uchun dastlabki tan olingan summasi sezilarli darajada boʻlmasa, yer uchastkalari va binolar ijarani tasniflash maqsadida bir obyekt sifatida koʻrilishi va Standartning 14-15-bandlariga muvofiq moliyaviy va operativ ijarasi sifatida tasniflanishi mumkin.
Bunday hollarda binoning foydali xizmat muddati ijaraga berilgan aktivning foydali xizmat muddati hisoblanadi.
3-bob. Moliyaviy ijara va uning hisobi
18. Standart aktivlarni ijaraga berish natijasida yuzaga keladigan foyda yoki zararlarni budjet hisobida aks ettirilishini belgilaydi.
19. Moliyaviy ijarada barcha xatar va foydalar ijarachida boʻladi. Ijarachining debitor qarzdorliklari sifatida toʻlanayotgan pul mablagʻlarini uning asosiy qarzini qoplash sifatida, koʻrsatilgan xizmatlar uchun kompensatsiya va ragʻbatlantirishni moliyaviy daromad sifatida hisobga olinadi.
20. Ijara muddatining boshlanishida ijarachi moliyaviy ijara doirasida olingan aktivlar ni moliyaviy holatlar toʻgʻrisidagi hisobotda aktivlar sifatida va bu aktivlar bilan bogʻliq boʻlgan majburiyatlarni majburiyatlar sifatida qabul qiladi.
21. Balansda saqlovchi moliyaviy ijara shartnomasi shartlari asosida aktiv realizatsiyasi boʻyicha foyda yoki zararni hisobga oladi.
22. Balansda saqlovchi ijara muddatida olgan ijara toʻlovlarini daromad sifatida hisobga oladi .
Balansda saqlovchi daromad sifatida hisobga olgan ijara toʻlovlarini ijaraga berilgan mulkdan kelib tushadigan debitor qarzdorligi mablagʻlari sifatida hisobga oladi.
23. Ijara bilan bogʻliq boʻlgan oʻziga xos dastlabki toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlar tez-tez vujudga keladi, jumladan ijara shartnomasini tuzish va muzokaralar olib borish xarajatlari.
Moliyaviy ijara bilan bogʻliq boʻlgan balansda saqlovchi tomonidan amalga oshirilgan xarajatlar aktiv qiymatiga qoʻshiladi.
24. Minimal ijara toʻlovlari moliyaviy xarajatlar hamda qoplanmagan yoki toʻlanmagan majburiyatlarga ajratiladi.
Ijara muddati davomida xarajatlar har bir muddat uchun taqsimlanganda majburiyatlarning qolgan qismi boʻyicha davriy foiz stavkasi saqlanadi.
Shartli ijara toʻlovi toʻlangan har bir davr uchun xarajat sifatida hisoblanadi.
25. Ijarachining moliyaviy ijaraga berilayotgan aktivni yaxshilash (obodonlashtirish, qoʻshimcha qurish, qoʻshimcha asbob-uskunalar bilan taʼminlash, rekonstruksiya, modernizatsiya qilish, texnik qayta qurollantirish va boshqalar) xarajatlari moliyaviy ijaraga olingan aktiv qiymatini koʻpaytiruvchi kapital quyilmalar sifatida aks ettiriladi.
Agar moliyaviy ijaraga berilayotgan aktiv, balansda saqlovchining ruxsati bilan yaxshilangan boʻlsa, shartnomaning amal qilish muddati tugagandan soʻng yoki shartnoma bekor qilingach, moliyaviy ijara shartnomasida oʻzgacha shartlar koʻzda tutilmagan boʻlsa, ijarachi ana shu maqsad yoʻlida sarflagan barcha xarajatlarining qoplanishini talab qilish huquqiga ega.
Balansda saqlovchining ruxsatisiz amalga oshirilgan moliyaviy ijaraga berilgan aktivni yaxshilashga sarflangan mablagʻlar (qoʻyilmalar) va ularni moliyaviy ijaraga berilgan aktivga zarar yetkazmagan holda ajratib olish imkoniyati boʻlmasa, moliyaviy ijara shartnomasida oʻzgacha shartlar koʻzda tutilmagan boʻlsa, moliyaviy ijara shartnomasining amal qilish muddati tugagach yoki shartnoma bekor qilingach, ular balansda saqlovchiga tekinga oʻtadi. Agarda ularni moliyaviy ijaraga berilgan aktivga zarar yetkazmagan holda ajratib olish mumkin boʻlsa va agar balansda saqlovchi ularning qiymatini toʻlashga rozi boʻlmasa, bunday hollarda ijarachi ularni ajratib olishi mumkin.
26. Moliyaviy ijarada har bir hisobot davri uchun moliyaviy ijaraga berilgan aktiv boʻyicha amortizatsiya ajratmasi kabi xarajatlar yuzaga keladi va ijarachi tomonidan amalga oshiriladi.
27. Moliyaviy ijaraga berilgan aktivni har yili qayta baholash qonunchilik hujjatlariga muvofiq ijarachi tomonidan amalga oshiriladi.
28. Ijara shartnomasi tugatilganda ijarachi tomonidan moliyaviy ijaraga berilgan aktivni qaytarish munosabati bilan balansdan chiqarish, ijara shartnomasiga muvofiq moliyaviy ijara toʻxtatilgan sanadagi moliyaviy ijaraga berilgan aktivning qoplanmagan qiymati summasi boʻyicha amalga oshiriladi.
29. Balansda saqlovchining tashabbusi bilan ijara shartnomasi tugatilganda moliyaviy ijara obyektini kirim qilish ijara shartnomasiga muvofiq moliyaviy ijarani tugatish kunidagi qarzdorlik (debitor qarzdorlik) summasi boʻyicha amalga oshiriladi.
30. Balansda saqlovchi tomonidan amalga oshirilgan va moliyaviy ijara shartnomasiga muvofiq ijarachi tomonidan qoplanadigan moliyaviy ijaraga berilgan aktivni yetkazib berish va belgilangan maqsadda foydalanish uchun uni yaroqli holga keltirish bilan bogʻliq boʻlgan xarajatlar moliyaviy ijaraga berilgan aktivning qiymatiga qoʻshiladi. Ijara shartnomasiga muvofiq yuqoridagi xarajatlar ijarachi tomonidan qoplanmaganda, ular yuzaga kelgan paytdagi tegishli hisobot davri xarajatlari sifatida hisobga olinadi.
4-bob. Operativ ijara hisobi
31. Operativ ijarada, aktivga egalik qilish bilan bogʻliq boʻlgan barcha xatarlar ijarachida boʻlmaydi. Operativ ijara shartnomasi boʻyicha olingan aktivlar ijarachining balansida hisobga olinmaydi.
32. Operativ ijara obyekti ijarachi tomonidan balansdan tashqari hisoblarda — operativ ijara shartnomasida koʻrsatilgan qiymatda, balansda saqlovchida — asosiy vositalar tarkibida balans hisoblarida hisobga olinadi.
33. Balansda saqlovchining operativ ijara obyektlarini saqlab turish bilan bogʻliq xarajatlari ushbu xarajatlar yuzaga kelgan hisobot davrining joriy xarajatlari sifatida tan olinadi.
34. Ijarachining operativ ijaraga olingan aktivni yaxshilash (obodonlashtirish, qoʻshimcha qurish, qoʻshimcha asbob-uskunalar oʻrnatish, rekonstruksiya, modernizatsiya qilish, texnik qayta qurollantirish va boshqalar) xarajatlari operativ ijaraga olingan aktiv qiymatini koʻpaytiruvchi kapital quyilmalar sifatida aks ettiriladi.
Operativ ijaraga olingan aktiv ijaraga beruvchi va balansda saqlovchining ruxsati bilan yaxshilanganda, operativ ijara shartnomasining amal qilish muddati tugagandan soʻng yoki operativ ijara shartnomasi bekor qilingach, operativ ijara shartnomasida oʻzgacha shartlar koʻzda tutilmagan boʻlsa, ijarachi ana shu maqsad yoʻlida sarflagan barcha xarajatlarning qoplanishini talab qilish huquqiga ega.
Ijaraga beruvchi va balansda saqlovchining ruxsatisiz amalga oshirilgan operativ ijaraga olingan aktivni yaxshilashga sarflangan xarajatlar (qoʻyilmalar) va ularni operativ ijaraga olingan aktivga zarar yetkazmagan holda ajratib olish imkoni boʻlmasa, operativ ijara shartnomasining amal qilish muddati tugagach yoki shartnoma bekor qilingach, operativ ijara shartnomasida oʻzgacha shartlar koʻzda tutilmagan boʻlsa, ular balansda saqlovchiga tekinga oʻtadi. Operativ ijara obyektiga zarar yetkazmagan holda ajratib olish mumkin boʻlsa va balansda saqlovchi ularning qiymatini qoplashga rozi boʻlmasa, bunday hollarda ijarachi ularni ajratib olishi mumkin.
35. Toʻlovlar boshqa asosda amalga oshirilganda, operativ ijarada tegishli ijara toʻlovlarining xarajatlar sifatida tan olinishi toʻgʻri chiziq usulida hisobga olinadi, ijarachi tomonidan foyda olishning qulayroq vaqtinchalik jadvalini taʼminlaydigan boshqa tizimli asos holati yuzaga kelishi bundan mustasno.
36. Balansda saqlovchi yil choragida kamida bir marta oʻzi uning yuritishida boʻlgan aktivni xatlovdan oʻtkazishga va foydalanilmayotgan aktiv aniqlangan taqdirda 10 kun mobaynida ijaraga beruvchiga aktiv joylashgan joyni, miqdori, tarkibi va boshqa umumiy tavsiflarini koʻrsatgan holda uning haqidagi maʼlumotlarni taqdim etishga majbur.
37. Balansda saqlovchi ijara muddati davomida moliyaviy daromadni doimiy ravishda taqsimlashi lozim. Ijara toʻlovlari ijara muddati mobaynida xizmatlarga ketgan xarajatlarni chegirgan holda, debitor qarzning asosiy qismini kamaytirish uchun qabul qilinadi.
38. Dastlabki toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlar ijara muddatining boshlanishi davrida xarajat sifatida hisobga olinadi.
39. Operativ ijara boʻyicha olinuvchi daromad ijara muddati davomida toʻgʻri chiziqli usulda hisobga olinadi, agar boshqa usul ijaraga berilgan aktiv boʻyicha foyda daromadlarini hisobga olish usulini foydali tasvirlasa, oʻsha usuldan foydalaniladi.
5-bob. Qayta ijaraga olingan aktivning hisobini yuritish
40. Moliyaviy ijara orqali realizatsiya qilingan aktivni qayta ijaraga olishni hisoblash tartibi ijara tasnifiga bogʻliq hisoblanadi. Agar aktivni qayta ijaraga olish moliyaviy ijaraga olib kelsa, realizatsiya qilingan summaning balans qiymatidan ortiq boʻlgan miqdori ijarachi uchun daromad sifatida hisobga olinmaydi. Bu holatlar keyingi davrlarga oʻtkaziladi va ijara muddati davomida hisobga olinadi.
41. Qayta ijaraga olish moliyaviy ijara boʻlsa, ijarachini moliyaviy mablagʻlar bilan taʼminlashning bir usuli hisoblanib, bunda aktiv taʼminot sifatida hisobga olinadi.
42. Agar aktivni qayta ijaraga olish operatsiyalari operativ ijaraga olib kelsa, bundan kelib chiqadigan foyda yoki zarar hisobga olinadi. Aktivni sotish narxi haqiqiy qiymatdan past boʻlsa, bu holat darhol foyda yoki zarar sifatida hisobga olinadi,bundan zarar kelgusidagi ijara toʻlovlarining bozor narxidan past qiymatda qoplangan holat mustasno.
Agar aktivni qayta ijaraga olish operativ ijaraga olib kelsa, realizatsiya qilingan summaning balans qiymatidan ortiq boʻlgan miqdori aktiv foydalanish davri uchun keyingi davrlarga oʻtkazilishi va hisobdan chiqarilishi kerak.
43. Operativ ijarada qayta ijaraga olingan aktivning qiymati uning balans qiymatidan past boʻlsa, bu farq zarar sifatida hisobga olinadi.
Ijarachi mol-mulkni soz holatda saqlaydi, oʻz hisobidan joriy taʼmirlash va mulkni saqlash boʻyicha xarajatlarni qoplaydi.
6-bob. Axborotni ochib berish
44. Balansda saqlovchi operativ ijara boʻyicha quyidagi axborotlarni ochib berishi kerak:
a) muddatidan oldin bekor qilish huquqisiz boʻlgan operativ ijara boʻyicha kelgusidagi minimal ijara toʻlovlarini umumiy hamda har biri uchun alohida quyidagi davrlar uchun:
bir yilgacha boʻlgan muddatda;
bir yildan soʻng, lekin, besh yildan kam boʻlmagan muddat;
besh yildan keyingi muddat;
b) moliyaviy faoliyat hisobotida, daromad sifatida hisobga olingan shartli ijara toʻlov summasi;
v) balansda saqlovchi tomonidan tuzilgan ijara shartnomalarining umumiy tavsiflari.
45. Ijarachilar moliyaviy ijara boʻyicha quyidagi axborotlarni ochib berishi kerak:
hisobot davridagi har bir aktivning turi boʻyicha sof balans qiymati;
hisobot davridagi xarajat sifatida tan olingan shartli ijara toʻlovi;
muddatidan oldin bekor qilish huquqiga ega boʻlmagan ijara shartnomalari boʻyicha balans kunida qabul qilinadigan ijaraning kelgusidagi minimal ijara toʻlovlari umumiy summasi;
moliyaviy hisobotni tuzish sanasiga ijaradan olinishi kutilayotgan kelgusi ijara toʻlovlari summasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
moliyaviy ijara muddati uchun qoplanmagan majburiyat qoldigʻiga davriy foiz stavkasini olish uchun balansda saqlovchining daromadi (moliyaviy ijara boʻyicha foizlar)ni taqsimlashda foydalaniladigan usul;
ijarachi tomonidan tuzilgan, shartli ijara toʻlovi boʻyicha kreditorlik qarzdorligining aniqlanish asosi maʼlumotlarni oʻz ichiga oluvchi, biroq bu bilan chegaralanmagan ijara shartnomalari umumiy mazmuni.
46. Ijarachi operativ ijara boʻyicha quyidagi axborotlarni ochib berishi kerak:
a) operativ ijara shartnomasi boʻyicha kelajakdagi minimal ijara toʻlovi summasini muddatidan oldin bekor qilish huquqisiz quyidagi davrlarni:
bir yilgacha boʻlgan muddat;
bir yildan soʻng, lekin, besh yildan kech boʻlmagan muddat;
besh yildan keyingi muddat;
b) muddatidan oldin bekor qilish huquqiga ega boʻlmagan ijara shartnomalari boʻyicha kelgusidagi minimal ijara toʻlovlarning umumiy summasini;
v) ijarachi tomonidan tuzilgan, quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oluvchi, biroq bu bilan chegaralanmagan ijara shartnomalari umumiy mazmunini:
shartli ijara toʻlovi boʻyicha kreditor qarzdorlikni aniqlanishi uchun asos;
shartnomani yangilash imkoniyatining shartlari hamda mavjudligi yoki oʻzgaruvchan narxlar toʻgʻrisidagi xaridlar va eslatmalar.
Vazir D. KUCHKAROV
Toshkent sh.,
2018-yil 12-dekabr,
150-son