📅 2019-yil 12-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 12-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 12 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 12 марта 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 12 March 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Мўйноқ туманини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 16 январдаги 37-сон қарорининг 9-бандига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Мўйноқ туманини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Мўйноқ туманини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Р. Сариев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 мартдаги 211-сон қарорига ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Мўйноқ туманини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Мўйноқ туманини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) фаолиятини ташкил этиш ва маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида ташкил этилади.
3. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари билан қабул қилинган дастур ҳамда белгиланган топшириқлар (кейинги ўринларда дастурлар деб аталади) асосида Мўйноқ туманини ривожлантириш бўйича назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш мақсадида ташкил этилади.
4. Жамғарма учун шахсий ғазна ҳисобварақлари белгиланган тартибда очилади.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Жамғарма маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби
6. Қуйидагилар жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг мақсадли маблағлари, шу жумладан марказлаштирилган инвестициялар;
халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг имтиёзли кредитлари (қарзлари);
Қорақалпоғистон Республикаси бюджети маблағлари;
Қорақалпоғистон Республикаси республика ва Мўйноқ тумани бюджети захира жамғармалари маблағлари;
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
хайрия жамғармаларининг грантлари, хорижий донорларнинг маблағлари;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
7. Марказлаштирилган манбалар ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида ушбу мақсадлар учун режалаштирилган маблағлар доирасида, амалдаги тартиб асосида молиялаштирилади ҳамда уларнинг ҳисоби Жамғарма орқали сарфланадиган маблағлар билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан олиб борилади.
8. Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг ҳамда Мўйноқ тумани бюджетининг захира жамғармалари маблағлари, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг имтиёзли кредитлари (қарзлари), жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, хайрия жамғармаларининг грантлари, хорижий донорларнинг маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан маблағлар белгиланган тартибда Жамғарманинг шахсий ғазна ҳисобварағига тушади.
Халқаро молия институтларининг ва бошқа хорижий донорларнинг тартиботлари ёки хорижий кредитлар ва грантларни беришнинг шартларида бошқача тартиб белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
9. Жамғарма маблағлари:
дастурлар асосида Мўйноқ туманини ривожлантириш бўйича белгиланган тадбирларни молиялаштиришга;
Мўйноқ тумани инфратузилмасини яхшилашга, қишлоқларни ободонлаштиришга ва кўкаламзорлаштириш ҳамда маҳаллий ички йўлларни таъмирлашга;
Мўйноқ тумани уй-жой фондининг кўп квартирали уйларидаги умумий фойдаланиладиган ва уйлар ичидаги муҳандислик коммуникацияларини таъмирлашга, шунингдек, болалар майдончалари барпо этган ҳолда уйларга ёндаш ҳудудларни ободонлаштиришга;
маҳаллалар ҳудудида кутубхоналар ташкил этишга ва уларни бадиий адабиётлар билан таъминлашга;
кам таъминланган ва ёш оилаларга имтиёзли кредитлар олинишида бошланғич бадални қисман ёки тўлиқ қоплашга ҳамда маиший техника воситаларига бўлган бирламчи эҳтиёжни қондиришга;
қишлоқ ва чекка ҳудудларда жойлашган таълим ва тиббиёт муассасаларида ишлаш учун юборилган ходимларни хизмат жойлари билан таъминлашга;
Мўйноқ тумани аҳолисининг турмуш шароитлари ва сифатини яхшилаш бўйича бошқа тадбирларга сарфланади.
3-боб. Жамғарма маблағларини бошқариш
10. Жамғарманинг Кузатув кенгаши Жамғармани бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади, унинг таркиби ва низоми Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тасдиқланади.
11. Жамғарманинг Кузатув кенгаши раиси — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари, унинг аъзолари — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, тегишли нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат бўлади.
12. Жамғарманинг Кузатув кенгаши:
Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;
Жамғарма маблағларининг тушуми ва улардан фойдаланиш прогнозларини кўриб чиқади ва уларни навбатдаги йил учун тасдиқлайди;
Жамғарма маблағларининг мақсадли йўналтирилганлигини назорат қилади;
Жамғарма маблағларини тасарруф этувчи фаолиятини назорат қилади;
дастурларга киритилмаган қўшимча лойиҳаларни кўриб чиқади ва уларни тасдиқлайди;
зарур ҳолларда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаларига тегишли ўзгартиришлар киритади;
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
13. Кузатув кенгаши мажлиси заруратга кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.
Кузатув кенгаши мажлиси аъзоларнинг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади.
14. Жамғарма маблағларини тасарруф этувчи:
Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасини тузади ҳамда тасдиқлаш учун Кузатув кенгашига тақдим этади;
Жамғармага халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг имтиёзли кредитлари (қарзлари), жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, хайрия жамғармаларининг грантлари, хорижий донорларнинг маблағлари жалб этилишини таъминлайди;
дастурларга киритилган ҳамда Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган лойиҳаларни молиялаштиради;
дастурлар доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли йўналтирилиши мониторингини тизимли асосда олиб боради;
Жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги чораклик ва ҳар йилги ҳисоботларни тузади ва кўриб чиқиш учун Жамғарманинг Кузатув кенгашига киритади;
Жамғарма маблағларининг шакллантирилиши ва мақсадли ишлатилиши юзасидан тегишли маълумотларни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва бошқа тарғибот тадбирлари орқали кенг ёритиб боради;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
15. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши бўйича назорат Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бошқармаси томонидан амалга оширилади.
16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 12 март,
211-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining Moʻynoq tumanini rivojlantirish jamgʻarmasi faoliyatini tashkil etish va mablagʻlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Moʻynoq tumanini kompleks ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirishda loyihalarni moliyaviy qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Qoraqalpogʻiston Respublikasining Moʻynoq tumanini kompleks ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 16-yanvardagi 37-son qarorining 9-bandiga muvofiq Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashida Moʻynoq tumanini rivojlantirish jamgʻarmasi tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining Moʻynoq tumanini rivojlantirish jamgʻarmasi faoliyatini tashkil etish va mablagʻlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari — transport vaziri A.J. Ramatov va Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining Raisi Q.R. Sariyev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 12-martdagi 211-son qaroriga ILOVA
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining Moʻynoq tumanini rivojlantirish jamgʻarmasi faoliyatini tashkil etish va mablagʻlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining Moʻynoq tumanini rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) faoliyatini tashkil etish va mablagʻlaridan foydalanish tartibini belgilaydi.
2. Jamgʻarma yuridik shaxs hisoblanmaydi hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashida tashkil etiladi.
3. Jamgʻarma Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Hukumati qarorlari bilan qabul qilingan dastur hamda belgilangan topshiriqlar (keyingi oʻrinlarda dasturlar deb ataladi) asosida Moʻynoq tumanini rivojlantirish boʻyicha nazarda tutilgan tadbirlarni moliyalashtirish maqsadida tashkil etiladi.
4. Jamgʻarma uchun shaxsiy gʻazna hisobvaraqlari belgilangan tartibda ochiladi.
5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Jamgʻarma mablagʻlarini tasarruf etuvchi hisoblanadi.
2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi
6. Quyidagilar jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari hisoblanadi:
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining maqsadli mablagʻlari, shu jumladan markazlashtirilgan investitsiyalar;
xalqaro moliya institutlari va boshqa xorijiy donorlarning imtiyozli kreditlari (qarzlari);
Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti mablagʻlari;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika va Moʻynoq tumani budjeti zaxira jamgʻarmalari mablagʻlari;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjetining qoʻshimcha manbalari;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
xayriya jamgʻarmalarining grantlari, xorijiy donorlarning mablagʻlari;
Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh mablagʻlarini joylashtirishdan tushadigan daromadlar;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
7. Markazlashtirilgan manbalar hisobidan amalga oshirilishi nazarda tutilgan loyihalar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetida ushbu maqsadlar uchun rejalashtirilgan mablagʻlar doirasida, amaldagi tartib asosida moliyalashtiriladi hamda ularning hisobi Jamgʻarma orqali sarflanadigan mablagʻlar bilan birgalikda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi tomonidan olib boriladi.
8. Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjetining hamda Moʻynoq tumani budjetining zaxira jamgʻarmalari mablagʻlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjetining qoʻshimcha manbalari hisobidan ajratiladigan mablagʻlar, xalqaro moliya institutlari va boshqa xorijiy donorlarning imtiyozli kreditlari (qarzlari), jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari, xayriya jamgʻarmalarining grantlari, xorijiy donorlarning mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan mablagʻlar belgilangan tartibda Jamgʻarmaning shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga tushadi.
Xalqaro moliya institutlarining va boshqa xorijiy donorlarning tartibotlari yoki xorijiy kreditlar va grantlarni berishning shartlarida boshqacha tartib belgilangan holatlar bundan mustasno.
9. Jamgʻarma mablagʻlari:
dasturlar asosida Moʻynoq tumanini rivojlantirish boʻyicha belgilangan tadbirlarni moliyalashtirishga;
Moʻynoq tumani infratuzilmasini yaxshilashga, qishloqlarni obodonlashtirishga va koʻkalamzorlashtirish hamda mahalliy ichki yoʻllarni taʼmirlashga;
Moʻynoq tumani uy-joy fondining koʻp kvartirali uylaridagi umumiy foydalaniladigan va uylar ichidagi muhandislik kommunikatsiyalarini taʼmirlashga, shuningdek, bolalar maydonchalari barpo etgan holda uylarga yondash hududlarni obodonlashtirishga;
mahallalar hududida kutubxonalar tashkil etishga va ularni badiiy adabiyotlar bilan taʼminlashga;
kam taʼminlangan va yosh oilalarga imtiyozli kreditlar olinishida boshlangʻich badalni qisman yoki toʻliq qoplashga hamda maishiy texnika vositalariga boʻlgan birlamchi ehtiyojni qondirishga;
qishloq va chekka hududlarda joylashgan taʼlim va tibbiyot muassasalarida ishlash uchun yuborilgan xodimlarni xizmat joylari bilan taʼminlashga;
Moʻynoq tumani aholisining turmush sharoitlari va sifatini yaxshilash boʻyicha boshqa tadbirlarga sarflanadi.
3-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini boshqarish
10. Jamgʻarmaning Kuzatuv kengashi Jamgʻarmani boshqarishning yuqori organi hisoblanadi, uning tarkibi va nizomi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi tomonidan tasdiqlanadi.
11. Jamgʻarmaning Kuzatuv kengashi raisi — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi Raisining oʻrinbosari, uning aʼzolari — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining Raisi, vazirlik va idoralar rahbarlari, shuningdek, tegishli nodavlat notijorat tashkilotlari vakillaridan iborat boʻladi.
12. Jamgʻarmaning Kuzatuv kengashi:
Jamgʻarma faoliyatining asosiy yoʻnalishlarini belgilaydi;
Jamgʻarma mablagʻlarining tushumi va ulardan foydalanish prognozlarini koʻrib chiqadi va ularni navbatdagi yil uchun tasdiqlaydi;
Jamgʻarma mablagʻlarining maqsadli yoʻnaltirilganligini nazorat qiladi;
Jamgʻarma mablagʻlarini tasarruf etuvchi faoliyatini nazorat qiladi;
dasturlarga kiritilmagan qoʻshimcha loyihalarni koʻrib chiqadi va ularni tasdiqlaydi;
zarur hollarda tasdiqlangan daromadlar va xarajatlar smetalariga tegishli oʻzgartirishlar kiritadi;
Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish bilan bogʻliq boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.
13. Kuzatuv kengashi majlisi zaruratga koʻra, biroq har chorakda kamida bir marta oʻtkaziladi.
Kuzatuv kengashi majlisi aʼzolarning yarmidan koʻpi qatnashgan taqdirda vakolatli hisoblanadi. Koʻrib chiqilayotgan masalalar boʻyicha qarorlar oddiy koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi. Qabul qilingan qaror bayonnoma shaklida rasmiylashtiriladi.
14. Jamgʻarma mablagʻlarini tasarruf etuvchi:
Jamgʻarmaning daromadlari va xarajatlari smetasini tuzadi hamda tasdiqlash uchun Kuzatuv kengashiga taqdim etadi;
Jamgʻarmaga xalqaro moliya institutlari va boshqa xorijiy donorlarning imtiyozli kreditlari (qarzlari), jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari, xayriya jamgʻarmalarining grantlari, xorijiy donorlarning mablagʻlari jalb etilishini taʼminlaydi;
dasturlarga kiritilgan hamda Kuzatuv kengashi tomonidan tasdiqlangan loyihalarni moliyalashtiradi;
dasturlar doirasida ajratilgan mablagʻlarning maqsadli yoʻnaltirilishi monitoringini tizimli asosda olib boradi;
Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari ijrosi toʻgʻrisidagi choraklik va har yilgi hisobotlarni tuzadi va koʻrib chiqish uchun Jamgʻarmaning Kuzatuv kengashiga kiritadi;
Jamgʻarma mablagʻlarining shakllantirilishi va maqsadli ishlatilishi yuzasidan tegishli maʼlumotlarni ommaviy axborot vositalari, ijtimoiy tarmoqlar va boshqa targʻibot tadbirlari orqali keng yoritib boradi;
Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli va samarali foydalanilishini nazorat qiladi;
Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish bilan bogʻliq boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
15. Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli foydalanilishi boʻyicha nazorat Qoraqalpogʻiston Respublikasi Moliya vazirligining Davlat moliyaviy nazorati boshqarmasi tomonidan amalga oshiriladi.
16. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 12-mart,
211-son