📅 2019-yil 16-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 16-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 16 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 16 марта 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 16 March 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
қоидалари
Газ хўжалигида хавфсизлик қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўз кучини йўқотаётган умуммажбурий идоравий ҳужжатларнинг ўрнига янги норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш тўғрисида» 2018 йил 16 июлдаги 538-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Газ хўжалигида хавфсизлик қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгандан кейин кучга киради.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б.В. Гулямов зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ёқилғи-энергетика соҳаси ва саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 мартдаги 226-сон қарорига ИЛОВА
Газ хўжалигида хавфсизлик
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу қоидалар аҳоли пунктларида жойлашган газ таъминоти тизимида, саноат корхоналарининг, қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ва коммунал-маиший соҳа ташкилотларининг (кейинги ўринларда ташкилотлар деб аталади) газ қувурларига қўйиладиган хавфсизлик талабларини белгилайди.
2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
авария — иншоотлар ва (ёки) хавфли ишлаб чиқариш объектларида қўлланиладиган техник қурилмаларнинг бузилиши, назорат қилиб бўлмайдиган портлаш ва (ёки) хавфли моддаларнинг чиқиши;
блокировкаловчи қурилма — ташқи таъсир натижасида хавфсизлик талаблари бузилган ҳолатларда ёки технологик режим бузилган вақтларда газни ёки технологик қурилмани ишга тушириш имконини бермайдиган ускуна;
газдан хавфли ишлар — газланган муҳитда ёки газ чиқиш эҳтимоли мавжуд газ қувурларида, сиғимларда ва агрегатларда бажариладиган ва бунинг оқибатида инсонлар заҳарланиши, газ алангаланиши ва портлаш содир бўлиши мумкин бўлган ишлар;
газ — ёқилғи сифатида фойдаланиш учун конлардан қазиб олинадиган табиий газ, нефть гази, газ ва нефтни қайта ишловчи саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган газлар;
газ қувурлари — муҳити газ бўлган қувур ўтказгичлар;
газни тартибга солиш пункти (ГТП) ва газни тартибга солиш қурилмаси (ГТҚ) — газ тақсимлаш тармоқларидаги газ босимини пасайтириш ва уни белгиланган даражада сақлаб туриш учун мўлжалланган технологик қурилма;
газ хизмати — ташкилотларда газдан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш учун газ хўжалиги тизимлари объектлари эгалари томонидан ташкил этилган таркибий бўлинма;
газ хўжалиги — ташкилот ҳудудидаги газлаштирилган ёрдамчи ишлаб чиқариш ва маъмурий-маиший биноларнинг газ жиҳозлари, газ қувурлари, суюлтирилган углеводород гази қурилмалари, газ қувурларидаги иншоотлар, электр кимёвий емирилишдан ҳимоялаш воситалари, ГТП ва ГТҚлар;
газ таъминоти ташкилоти — техник меъёрлар ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда табиий газ ва суюлтирилган газни қабул қилиш, тақсимлаш ва истеъмолчиларга етказиб беришни таъминловчи ташкилот;
газ хўжалиги техник қурилмалари — газдан ёқилғи сифатида фойдаланиладиган ишлаб чиқариш печлари, қозонлари, газ генераторлари, суюлтирилган углеводород гази қурилмалари ва бошқалар;
газ хўжалиги тизимлари объектлари — ташкилот ҳудудида жойлашган газлаштирилган ёрдамчи ишлаб чиқариш ва маъмурий-маиший биноларнинг газ жиҳозлари, газ қувурлари, суюлтирилган углеводород гази қурилмалари, газ қувурларидаги иншоотлар, электр кимёвий емирилишдан ҳимоялаш воситалари, ГТП ва ГТҚлар;
газ хўжалиги тизимлари объектларининг эгалари — тасарруфида газ хўжалиги тизими объектлари бўлган ташкилотлар;
газнинг хавфли концентрацияси — газни энг пастки алангаланиш чегарасининг 20 фоизидан ошадиган ҳаво таркибидаги концентрацияси (газнинг ҳажмли улуши);
газ таъминоти тизими — газ тақсимлаш станциясидан истеъмолчиларга етиб борадиган газ қувурлари, суюлтирилган углеводород гази қурилмалари, газ қувурларидаги иншоотлар ва электр кимёвий емирилишдан ҳимоялаш воситалари, саноат корхоналарининг газ жиҳозлари, ГТП ва ГТҚлар;
инцидент — хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишлатиладиган техник ускуналарнинг шикастланиши ёки тўхташи, технологик жараён режимидан четга чиқиши, қонунчилик ҳужжатларида бўлган, шунингдек, саноат хавфсизлиги соҳасидаги меъёрий техник ҳужжатлардаги талабларнинг бузилиши;
ихтисослаштирилган ташкилотлар — асосий фаолият тури газ таъминоти тизимларини лойиҳалаш, қуриш (монтаж қилиш), таъмирлаш, қайта қуриш, ишга тушириш-созлаш, фойдаланиш ва путур етказмайдиган назорат қилиш билан боғлиқ бўлган ишларни амалга оширувчи ташкилотлар;
коммунал-маиший соҳа ташкилотлари — овқат тайёрлаш, иситиш ёки иссиқ сув таъминоти мақсадида ёқилғи сифатида табиий газдан фойдаланувчи, 1 та газ ускунасининг йиллик газ сарфи 100000 куб метрдан юқори бўлган ташкилотлар ёхуд ҳажми 150 литрдан ортиқ бўлган суюлтирилган углеводород газидан фойдаланувчи ташкилотлар;
маиший газ баллони — суюлтирилган углеводород газини сақлаш, ташиш ва ундан фойдаланиш учун мўлжалланган ёпқич мосламали пайвандланган пўлат баллон, ортиқча босими 1,6 мегапаскал (бир квадрат сантиметрда 16 килограмм)дан юқори бўлмаган сиғим;
маиший газ асбоблари — газдан ёқилғи сифатида ва ижтимоий эҳтиёжлар учун фойдаланиладиган газ плиталари, сув иситиш қозонлари ва печлар;
печ ва дудбуронларни қуриш ва кўрикдан ўтказиш хизмати (кейинги ўринларда Дудбуронлар хизмати деб аталади) — тегишли далолатнома тузган ҳолда печларни қуриш, монтаж қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, дудбуронлар, шамоллатиш каналларини кўрикдан ўтказиш, тозалаш ва носозликларни бартараф этиш ишлари билан шуғулланувчи ихтисослашган ташкилот;
саноат корхоналари — ёқилғи сифатида табиий газдан фойдаланувчи, 1 та газ ускунасининг йиллик газ сарфи 100000 куб метрдан юқори бўлган ишлаб чиқариш характерига эга ва эга бўлмаган ёхуд йилига 150 литрдан ортиқ суюлтирилган углеводород газидан фойдаланувчи истеъмолчилар;
сигнализация — назорат қилинадиган параметрларнинг юқори ва қуйи ўлчамларга етиш ҳолатларида овоз ёки ёруғлик ёрдами билан хабар берилишини таъминлайдиган ускуна;
суюлтирилган углеводород гази (СУГ) — табиий газ, нефть ва газ конденсатини қазиб олишда ва қайта ишлашда олинадиган, асосий компонентлари пропан ва бутан бўлган газ;
техник хизмат кўрсатиш — маҳсулот (техник қурилма)дан мақсадли фойдаланиш, сақлаш ва етказиб беришда унинг иш қуввати ёки созлигини сақлаб туриш бўйича бажариладиган операциялар комплекси ёки якка операция;
ташқи газ қувури — кирувчи газ қувуридан олдин ўрнатилган ўчирувчи мосламагача бўлган ер ости ва ер устидан ёки бинонинг кириш жойидаги ғилофгача бўлган ер остидан ўтказилган газ қувури;
таъмирлаш — газ қувурлари ва унда ўрнатилган иншоотларнинг созлиги ёки иш қувватини тиклаш ҳамда унинг ресурсларини ёки асосий қисмларини тиклаш бўйича бажариладиган операциялар комплекси;
қишлоқ хўжалиги корхоналари — иссиқхона, консерва ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб чиқарувчи ёқилғи сифатида табиий газдан фойдаланувчи, 1 та газ ускунасининг йиллик газ сарфи 100000 куб метрдан юқори бўлган ишлаб чиқариш характерига эга ва эга бўлмаган ёхуд йилига 150 литрдан ортиқ суюлтирилган углеводород газидан фойдаланувчи истеъмолчилар.
3. Мазкур Қоидалар ёқилғи сифатида фойдаланиладиган босими 1,2 мега-паскалдан юқори бўлмаган табиий газ ва босими 1,6 мегапаскалдан юқори бўлмаган СУГ билан таъминлаш тизимларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланишда қўйиладиган талабларни белгилайди.
Қоидалар қуйидагиларга татбиқ қилинади:
аҳоли пунктларида жойлашган газ таъминоти тизимига;
саноат корхоналарнинг, қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ва коммунал-маиший соҳа ташкилотларининг газ қувурлари ҳамда улардаги қурилма ва жиҳозларга.
4. Қоидалар:
турар жойлар ва улардаги ички газ қувурлари ва газ жиҳозларига;
газни хомашё сифатида ишлатувчи кимё, нефть-кимё, нефть ва газни қазиб чиқариш ҳамда нефть ва газни қайта ишлаш саноат корхоналарининг технологик газ қувурлари ва газ жиҳозларига;
қора металлургия маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи саноат корхоналарининг газ хўжаликларига;
газ билан ишлаётган тажриба ва экспериментал агрегатлар ва қурилмаларга;
автомобиль ва темир йўл транспорти, дарё, денгиз ва ҳаво кемаларининг газ жиҳозлари, шунингдек, газдан фойдаланадиган кўчма қурилмаларига;
газ-ҳаво аралашмаларининг портлаш кучидан фойдаланувчи ёки ҳимоя газлари олишга мўлжалланган қурилмаларга татбиқ этилмайди.
5. Муҳандис-техник ходимлар учун билимларни синовдан ўтказиш 3 йилда бир марта, ишчи-ходимлар учун эса бир йилда камида бир марта амалга оширилади.
6. Пўлат ва полиэтилен газ қувурларини пайванд қилиш ишларини бажариш техник ўқув курсларида ўқитилган ва аттестациядан ўтказилган пайвандчиларга рухсат этилади.
7. Газ жиҳозлари, техник қурилмалар, газ қувурларидан фойдаланиш ва созлаш, қуриш, автоматик ҳимоя ва сигнализация тизимлари, электр кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, шунингдек, газда ишловчи қурилма ва асбоблардан фойдаланиш билан банд бўлган ишчилар мустақил ишга қўйилишидан олдин тажрибали ишчилар раҳбарлигида камида ўн кунлик иш амалиётидан ўтадилар.
2-боб. Лойиҳалаш ва қуриш
8. Газ хўжалиги тизимлари объектларини лойиҳалаш ишлари қонунчиликда белгиланган тартибда лицензияга эга бўлган, ихтисослаштирилган лойиҳалаш ташкилотлари томонидан бажарилади.
9. Шаҳарлар, аҳоли яшаш пунктлари ва газ истеъмолчиларининг газ хўжалиги тизимлари объектларини лойиҳалаштиришда газ таъминоти ташкилоти томонидан газ билан узлуксиз ва хавфсиз таъминлашни, шунингдек, саноат корхоналарининг газ хўжалиги тизимларини тезкорлик билан ўчириш имкониятини таъминлаши шарт.
10. Газ таъминоти тизимларини қуриш ва ўрнатишга оид лойиҳа ҳужжатлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, шунингдек, амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мос бўлиши лозим.
Газ хўжалигидаги табиий газдан ёқилғи сифатида фойдаланувчи техник қурилмаларни лойиҳалашда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлган газ сигнализаторлари томдаги ва операторсиз қозонхоналарга ўрнатилиши шарт.
Газ хўжалигидаги суюлтирилган углеводород газидан ёқилғи сифатида фойдаланувчи техник қурилмаларни лойиҳалашда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлган газ сигнализаторлари қуйидаги объектларда ўрнатилиши мумкин:
ҳажми 150 литрдан ортиқ бўлган баллонли қурилмалар гуруҳига;
автоном тизимли газ таъминотига;
суюлтирилган углеводород газидан фойдаланувчи қозонхона ва бошқа қурилмаларга.
Газ сигнализаторлари қуйидагича ўрнатилади:
табиий газдан ёқилғи сифатида фойдаланувчи техник қурилмалар ўрнатилган хонанинг юқори қисмига (хона шифтидан 30 сантиметрдан ортиқ пастда бўлмаслиги лозим);
суюлтирилган углеводород газидан ёқилғи сифатида фойдаланувчи техник қурилмалар ўрнатилган хонанинг паст қисмига (хона полидан 30 сантиметрдан юқори бўлмаслиги лозим).
11. Лойиҳа ҳужжатлари, берилган техник шартларга мос равишда ишлаб чиқилганлиги газ таъминоти ташкилоти томонидан текширилиб, келишилган бўлиши лозим.
12. Газ хўжалиги тизимлари объектларини лойиҳалаш, қуриш, кенгайтириш, қайта қуриш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, консервация қилиш, тугатиш ва фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
13. Газ таъминоти тизимларини қуришда пайвандлаш, изоляциялаш ва бошқа қурилиш-монтаж ишлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
14. Газ жиҳозлари, ускуналари, асбоблари ва уларнинг қисмлари, шу жумладан, чет элдан келтириладиганлари, техник регламентлар ёки техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мос келиши ва тасдиқловчи тегишли ҳужжатларга эга бўлиши зарур.
15. Газ хўжалиги тизимлари объектларида монтаж, таъмирлаш ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш учун қуйидаги фаолият турлари бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасидан (кейинги ўринларда — Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси) рухсатнома олиниши лозим:
а) газ хўжалиги тизимлари объектларининг газ қувурлари бўйича:
юқори, ўрта ва паст босимли ер усти пўлат газ қувурларини монтаж қилиш, таъмирлаш ва ишга тушириш-созлаш фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бир йил муддатга берилади;
ўрта ва паст босимли ер усти пўлат газ қувурларини монтаж қилиш, таъмирлаш ва ишга тушириш-созлаш фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бир йил муддатга берилади;
юқори, ўрта ва паст босимли ер ости пўлат газ қувурларини монтаж қилиш, таъмирлаш ва ишга тушириш-созлаш фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бир йил муддатга берилади;
юқори, ўрта ва паст босимли полиэтилен газ қувурларини монтаж қилиш, таъмирлаш ва ишга тушириш-созлаш фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бир йил муддатга берилади;
б) газ истеъмол қилувчи газ хўжалиги тизимлари объектлари бўйича:
газ истеъмол қилувчи газ хўжалиги объектларида ишга тушириш-созлаш фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бир йил муддатга берилади;
газ истеъмол қилувчи газ хўжалиги объектларини ишга тушириш-созлаш ишларини амалга ошириш учун рухсатнома икки ойгача муддатга берилади;
в) газ хўжалиги тизимлари объектларининг техник қурилмалари бўйича:
суюлтирилган углеводород газ сақланадиган босим остида ишлайдиган сиғимлар ҳамда ҳажми 150 литрдан юқори бўлган баллонлар гуруҳини монтаж қилиш фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бир йил муддатга берилади;
суюлтирилган углеводород газ сақланадиган босим остида ишлайдиган сиғимлар ҳамда ҳажми 150 литрдан юқори бўлган баллонлар гуруҳини ишга туширишдан олдин улардан фойдаланишга бир марталик рухсатнома берилади.
Юқорида қайд этилган бир қанча фаолият турларига умумлаштирилган битта рухсатнома берилиши ҳам мумкин. Бунда унинг амал қилиш муддати ҳар бир фаолият тури учун алоҳида белгиланади.
16. Газ хўжалиги тизимлари объектларининг қурилиш-монтаж ишлари лойиҳага асосан амалга оширилиши лозим.
17. Газ хўжалиги тизимлари объектларини қабул қилиш комиссиясига шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқ тегишли ташкилотлар вакиллари киритилади.
18. Буюртмачи қабул комиссиясини ишлаш санаси ва жойи ҳақида ишни бошлашдан камида 5 кун олдин огоҳлантириши лозим.
19. Фойдаланишга қабул қилаётган комиссияга қурилиш сифатини қўшимча текшириш учун ер ости газ қувурининг исталган бўлагини очиб кўриш ҳамда қўшимча хулосалар учун қайта синов ўтказиш ҳуқуқи берилади.
20. Қабул қилиш комиссиясига ижро-техник ҳужжатлар тақдим этилади.
21. Қуриб битказилган объектлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқ қабул қилиниши зарур.
22. Газ хўжалиги тизимлари объектларининг техник қурилмаларини ишга тушириш-созлаш ишлари ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талаблари бўйича бажарилиши керак.
3-боб. Газ хўжалиги тизимлари объектларидан фойдаланиш
23. Ишга тушириш-созлаш ишлари бажарилмасдан газ истеъмол қилувчи ташкилотлар газ хўжалиги тизимлари объектларидан фойдаланиши мумкин эмас.
24. Газ хўжалиги тизимлари объектларидан фойдаланувчи ташкилотларга қуйидаги вазифалар юкланади:
мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиш, газ хўжалиги тизимлари объектларининг соз ҳолатда сақланишини таъминлаш, шу жумладан техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун комплекс чора-тадбирларни бажариш ҳамда уч босқичли назорат тизимини олиб бориш;
ижобий тиббий хулосага ва малакаси етарли бўлган ходимларга эга бўлиш;
ходимларни ўз вақтида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва билимларини текширишни ташкил этиш;
индивидуал ҳимоя воситалари билан таъминлаш;
газ хўжалиги тизимлари объектларида ишларни хавфсиз олиб бориш услуби ва тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга эга бўлиш;
саноат хавфсизлиги талаблари бўйича ишлаб чиқариш назоратини ўрнатиш ва ташкил этиш;
назорат тизими ва ўлчов асбобларининг бўлиши ва ишлашини таъминлаш;
аввал қурилган газ хўжалиги тизими объектларига мазкур Қоидаларнинг 10-бандига мувофиқ газ сигнализаторлари ўрнатиш ва уларнинг ишлашини таъминлаш;
мазкур Қоидаларга мувофиқ газ жиҳозлари, ускуналари, иншоотлари ва газ қувурларининг техник ҳолатини диагностика қилиш ва техник кўрикдан ўтказишни таъминлаш;
газ хўжалиги тизимлари объектларида содир бўлган авариялар, инцидент ёки бахтсиз ҳодисалар тўғрисида мутасадди органларга белгиланган тартибда хабар бериш;
авария, инцидент ёки бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, мутасадди органларга уларнинг келиб чиқиш сабабларини текширишда ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳисобга олиш чораларини кўриш.
Газ хўжалигида ишлатиладиган ўлчов асбоблари Ўзбекистон Республикаси ўлчов асбоблари Давлат реестрига киритилиши, белгиланган тартибда текширилиши ва текшириш ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши керак.
25. Газ хўжалиги тизимлари объектларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ҳуқуқлари:
газ билан таъминловчи ташкилотлар, шунингдек, шартнома асосида техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини бажарувчи ташкилотлар билан алоқа қилиш;
газ таъминоти ташкилоти билан шартномада кўрсатилган миқдорда белгиланган техник меъёрлар ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда табиий газ ва суюлтирилган газни томонлар ўзаро келишган тартибга мувофиқ узлуксиз етказиб берилишини талаб қилиш;
шартнома бўйича газ хўжалиги тизимлари объектларини монтаж қилувчи, ишга тушириш-созлаш ишларини бажарувчи ва таъмирловчи ташкилотлар рухсатномаси нусхасига эга бўлиш;
газ таъминоти лойиҳаларини кўриб чиқишда ва газлаштирилган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олувчи комиссиялар ишида қатнашиш.
26. Газ хўжалиги тизимлари объектларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш ва бажариш тартиби мазкур Қоидалар ҳамда жиҳоз ва агрегатларнинг техник ҳужжатлари бўйича белгиланади.
Газ хўжалиги тизимлари объектларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари бўйича режа-жадвал газ хўжалиги тизимлари объектларига эга ташкилотнинг раҳбари томонидан тасдиқланади.
Газ жиҳозига техник хизмат кўрсатиш ишлари шартнома асосида амалга оширилади.
Газ жиҳозига техник хизмат кўрсатиш ишлари шартнома асосида ташкилотлар раҳбарлари билан келишилган ҳолда тасдиқланган жадвалларга асосан бажарилади.
27. Газ билан кесиш, пайвандлаш ва газ алангаси билан ишлов беришнинг бошқа турларига оид ишлар, шунингдек, бошқа манбалардан очиқ оловни қўллаш ишлари мазкур Қоидалар талабларига асосан бажарилади.
28. Газ хўжалиги тизимлари объектларидан техник фойдаланиш билан шуғулланувчи шахслар учун лавозим, ишлаб чиқариш, хавфсиз ишлаш услублари ва ёнғин хавфсизлигига оид йўриқномалар ишлаб чиқилиши керак.
Йўриқномалар газ хўжалиги тизимлари объектларининг хусусиятлари, жиҳозни ишлаб чиқарган завод талабларини ва ишлаб чиқаришнинг аниқ шартларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.
29. Лавозим йўриқномасида раҳбарлар ва мутахассисларнинг ҳуқуқ ва вазифалари аниқ белгиланади.
30. Ишлаб чиқариш йўриқномаси турли жараёнларни бажаришнинг технологик кетма-кетлиги, бажариладиган ишлар сифатини текшириш услублари ва ҳажмларини ўз ичига олади.
Газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашдаги ишлаб чиқариш йўриқномаларига беркитиш арматураси ва назорат-ўлчов асбоблари ўрнатилган жойлар кўрсатилган схемалар илова қилинади.
Объектларда қайта қуриш ва техник қайта жиҳозлаш ишларини амалга ошириш ҳамда технологик жараённи ўзгартириш учун жиҳозлар ишга туширилгунга қадар ишлаб чиқариш йўриқномаси ва технологик схема қайта кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Ушбу объектлардан фойдаланишга алоқадор барча ишчи-ходимлар амалга оширилган ўзгаришлар татбиқ этилгунга қадар навбатдан ташқари йўриқномадан ўтказилади.
31. Ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирлари ҳақидаги йўриқномалар ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига мувофиқ ишлаб чиқилиши керак.
32. Ташкилотлар ўзлари фойдаланаётган газ қувурлари ва газлаштирилган объектлар қурилишига оид лойиҳа ва ижро ҳужжатларини ўзида сақлашни таъминлайди.
Кўрсатилган ҳужжатлар фақат газ хўжалиги ташкилотларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини бажариш ҳолатларидагина фойдаланишга берилиши мумкин.
33. Ҳар қайси техник қурилма ва газ қувури учун фойдаланиш паспорти тузилиб, унда асосий техник тавсифлар, шунингдек, амалга оширилган таъмирлаш ишлари бўйича маълумотлар кўрсатилади.
34. Ҳар бир ташкилотда раҳбар буйруғи билан мазкур Қоидалар бўйича билими синовдан ўтказилган, раҳбарлар ёки техник маълумотга эга бўлган мутахассислардан газ хўжалигидан хавфсиз фойдаланиш бўйича жавобгар шахс тайинланади.
Бир неча цех (бўлинма)ларида газ ишлатиладиган ташкилотларда газ хўжалиги тизимлари объектларидан хавфсиз фойдаланишга масъул шахсдан ташқари раҳбар буйруғига асосан ташкилотларнинг алоҳида цехлари (бўлинмалари)га газ хўжалигига жавобгар шахслар тайинланади.
35. Газ хўжалиги тизимлари объектларидан ўз кучлари билан фойдаланадиган ташкилотларда газ хизмати ташкил этилиши мумкин. Газ хизматининг вазифалари, тузилмаси ва унинг сони ташкилот раҳбари томонидан белгиланади ва унинг тегишли буйруғи билан тайинланади.
36. Ташкилотларнинг газ хўжалиги тизимлари объектларидан хавфсиз фойдаланишга масъул шахснинг вазифалари лавозим йўриқномасида белгилаб қўйилади. Йўриқномада:
газ таъминоти режимининг хавфсизлигини таъминлаш;
газ таъминоти лойиҳаларини кўриб чиқишда ва газлаштирилган объектларни фойдаланишга қабул қилиб олувчи комиссиялар ишида қатнашиш;
содир бўлиши мумкин бўлган аварияларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш режалари ва йўриқномаларини тузиш;
ташкилотларнинг газ хўжалигига оид қоидалар, меъёрлар ва йўриқномалар бўйича билимларни текширувчи комиссиялар ишида иштирок этиш;
мутахассислар ва ишчиларни мустақил ишлашга қўйишда уларнинг мазкур Қоидалар бўйича жорий этилган тартибларга амал қилишини текшириш;
газ қувурлари ва жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш ва уларни таъмирлашни мунтазам назорат қилиб бориш;
фойдаланиш ва таъмирлаш вақтида техник ҳужжатлар тўғри юритилаётганини текшириш;
цех (бўлинма)ларнинг газ хўжалиги тизимлари объектларидан хавфсиз фойда-ланишга жавобгар шахсларига ёрдам бериш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш;
эскирган жиҳозларни алмаштириш ва такомиллаштириш бўйича режа-тадбирлар ва дастурларни ишлаб чиқиш;
мутахассислар ва ишчилар билан аварияга қарши машғулотлар ўтказишни ташкил этиш;
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ходимлари томонидан ўтказиладиган кўрик ва текширувларда иштирок этиш назарда тутилган бўлиши керак.
37. Ташкилотнинг газ хўжалиги тизимлари объектларидан хавфсиз фойдаланилишига жавобгар шахсга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
газ билан таъминловчи ташкилотлар, шунингдек, шартнома асосида техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини бажарувчи ташкилотлар билан алоқа боғлаш;
қоидалар, меъёрлар ва йўриқномалар бўйича билими синовдан ўтказилмаган ёки қониқарсиз деб топилган шахсларга газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш ва газдан хавфли ишларни бажаришга рухсат бермаслик;
мазкур Қоидалар талабларини бузаётган шахсларга интизомий чора кўриш ҳақида ташкилот раҳбарига таклифлар киритиш;
мазкур Қоидалар талабларига жавоб бермайдиган газ қурилмаларидан фойдаланишга рухсат бермаслик;
мазкур Қоидалар талабларига жавоб бермайдиган газ қувурлари ва жиҳозлари ишини тўхтатиб қўйиш;
цех (бўлинма)ларда газ хўжалиги тизимларидан хавфсиз фойдаланишга масъул шахслар, газ хизмати мутахассислари ва ишчиларини танлашда иштирок этиш.
38. Аҳоли пунктларида жойлашган саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва коммунал-маиший соҳа ташкилотларининг газ жиҳозлари ва газ қувурларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари шартнома асосида, газ таъминоти ташкилоти ёки ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан бажарилади.
39. Саноат корхоналарининг газ хўжалиги тизимлари объектларидан фойдала-ниш газ хўжалиги тизимлари объектларининг эгаси ҳисобланган ташкилотлар ёхуд шартнома бўйича ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
40. Ертўла ва техник пол остиларини доимий шамоллатиш ва газланганлигини газ таъминоти ташкилотлари томонидан текшириш учун имконият яратиш ва ер ости муҳандислик коммуникацияларининг кириш жой (нуқта)ларидаги герметиклигини таъминлашга бино эгалари жавоб беради.
41. Ташқи газ қувурлари ва иншоотларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни ташкил этиш ушбу Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ олиб борилади.
Саноат корхоналари газ таъминоти ва ички газ қувурлари ҳамда газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ушбу Қоидаларнинг 2-иловасига мувофиқ амалга оширилади.
Назорат-ўлчов асбоблари, автоматлаштириш ва сигнализация тизимларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ушбу Қоидаларнинг 3-иловасига мувофиқ бажарилади.
Газни тартибга солиш пункти ва газни тартибга солиш қурилмасига хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш ушбу Қоидаларнинг 4-иловасига мувофиқ олиб борилади.
Емирилишдан электр кимёвий усулда ҳимоялаш қурилмаларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ушбу Қоидаларнинг 5-иловасига мувофиқ таъминланади.
Авария вазиятларининг олдини олиш ва бартараф этиш ишлари ушбу Қоидаларнинг 6-иловасига мувофиқ амалга оширилади.
4-боб. Авариялар ва бахтсиз ҳодисаларни текшириш тартиби
42. Агар аҳоли пунктларида жойлашган газ таъминоти тизимида, саноат корхоналарининг газ қувурлари, улардаги қурилма ва жиҳозларда авариялар ва бахтсиз ҳодисалар содир бўлган тақдирда тегишли комиссия томонидан уларни текшириш ишлари олиб борилади.
43. Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси вакили ва бахтсиз ҳодисани текшириш комиссияси аъзолари етиб келгунларига қадар ташкилот маъмурияти ва авария диспетчерлик хизмати, бахтсиз ҳодиса ёки авария рўй берган вазият ҳолатини, агар бу ҳолат инсонларнинг саломатлиги ва ҳаётига хавф солмаса ҳамда ташкилотнинг узлуксиз иш тартиби бузилишига олиб келмаса, сақлаб туришни таъминлашлари керак.
5-боб. Мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши
44. Мазкур Қоидалар талаблари бажарилиши юзасидан давлат назорати Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Давлат ёнгин хавфсизлиги хизмати, «Ўзэнергоинспекция», Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, шунингдек, бошқа ваколатли давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.
6-боб. Якунловчи қоида
45. Ушбу Қоидаларнинг талаблари бузилишига йўл қўйган (носозликка ёки одамлар билан бахтсиз ҳодиса юз беришига олиб келганлиги-келмаганлигидан қатъий назар) газ қувурлари ва газ жиҳозларидан фойдаланувчи ташкилотлар, лойиҳалаш, қурилиш-монтаж, созлаш ташкилотларининг раҳбарлари, муҳандис-техник ва ишчи ходимлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Газ хўжалигида хавфсизлик қоидаларига 1-ИЛОВА
Ташқи газ қувурлари ва иншоотларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни ташкил этиш
1. Газ қувурлари орқали узатиладиган табиий газ техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ берилиши керак.
2. Газ таъминоти ташкилотлари томонидан ташқи газ қувурлари ва иншоотлар ҳиднинг интенсивлигини аниқлаш услубига мувофиқ текширилади.
Назорат пунктлари ва газдан намуна олиш муддатлари газ таъминоти тизими ҳамда газ сарфига кўра белгиланади. Текширувлар натижалари махсус журналда қайд этилади.
3. Шаҳар ва аҳоли яшайдиган жойлардаги газ тармоқларида босим йилига камида икки маротаба (қишда ва ёзда) газ сарфи энг кўп бўлган соатларда ва турли нуқталарда газ хўжалиги ташкилотлари томонидан текширилади.
Газ тақсимлаш станцияларининг чиқишдаги газ босими миқдори газ таъминоти ташкилотлари томонидан лойиҳада белгиланган номинал даражада ушлаб турилади.
Тармоқлардаги босимни ўлчаш нуқта (пункт)ларини газ хўжалиги тизимлари объектларининг эгалари ёки улар томонидан ташкил этилган таркибий бўлинмалар белгилайди.
4. Газ қувурларидаги намлик ва конденсат борлигини текшириш ҳамда уларни чиқариб ташлаш ишлари, газ қувурларида конденсат тўсиқлари пайдо бўлиш эҳтимолидан олдинроқ газ таъминоти ташкилоти томонидан амалга оширилади.
Текшириш муддатларини газ хўжалиги тизимлари объектларининг эгалари белгилайди.
5. Газ қувурларига ўрнатилган беркитиш арматураси ва компенсаторларга ҳар йили газ хўжалиги тизими объектлари эгаси томонидан техник хизмат кўрсатилади ва зарур ҳолатларда таъмирланади. Зулфинлар, жўмраклар, компенсаторлар алмаштирилганлиги, шунингдек, мукаммал таъмирлашда бажарилган ишлар ҳақидаги маълумотлар газ қувурининг паспортига, техник хизмат кўрсатиш ҳақида эса журналга ёзиб борилади.
6. Ишлатилаётган газ қувурлари газ хўжалиги тизимлари объектларининг эгаси томонидан мунтазам кузатиб борилади, техник ҳолати текширилади, жорий ҳамда мукаммал таъмирланади.
7. Ташқи газ қувурлари ва иншоотларининг техник ҳолатини назорат қилиш белгиланган муддатларда кўрикдан ўтказиш орқали олиб борилади.
8. Ер усти газ қувурларини текшириш вақтида газ сизиб чиқиши, тирговучлардан четга сурилганлиги, тебраниш борлиги, эгилганлиги, газ қувурининг рухсат этилмаган даражада эгилиши, чўкиши, таянчларнинг эгилиши ва шикастланиши, ҳимоя фланецларининг уланиши, ёпиш мосламаларининг ҳолати, электр ўтказгичлари тушиб кетишидан ҳимоялаш воситалари, газ қувурларининг маҳкам ўрнатилганлиги ва бўялганлиги кўриб чиқилади. Ер усти газ қувурларини кўздан кечириш учун кўрикдан ўтказиш газ таъминоти ташкилоти ишчиси томонидан ҳар ойда бир маротаба амалга оширилади.
Аниқланган носозликлар бартараф этилиши, газ қувурлари бўёқларининг шикастланган жойлари қайта бўялиши керак. Баландликда жойлашган газ қувурларини таъмирлашда кўчма нарвонлардан фойдаланиш тақиқланади.
9. Газ таъминоти ташкилоти ишчиси ер остидаги газ қувурларини кўздан кечириш учун кўрикдан ўтказиш вақтида қуйидагиларни бажариши керак:
газни аниқлаш махсус асбоблар ёрдамида ёки ҳиди ҳамда ташқи белгиларга қараб газ сизиб чиқаётганлиги ҳолатини аниқлаш;
барча қудуқлар ва назорат найчалари, шунингдек, бошқа ер ости коммуникацияларининг қудуқ ҳамда камералари, биноларнинг ертўлалари, шахталар, коллекторлар, ер ости ўтиш йўллари, газ қувурининг иккала томонида 15 метргача оралиқда жойлашган бўлса, газни аниқлаш махсус асбоблар ёрдамида назорат қилиниши;
газ иншоотларининг деворлардаги кўрсаткичлари ва нишонларининг бутунлиги ҳамда аҳволи текширилиши;
газ қудуқларининг қопқоқлари қор, муз ва ифлосланишлардан тозаланиши;
газ қувури трассаси ўтган жойда тупроқ ўпирилиши, эриган қор ва ёмғир сувлари билан ювилишининг олдини олишни аниқлаш мақсадида унинг аҳволи кўздан кечирилиши;
газ қувурининг икки томонидан 15 метргача масофада олиб борилаётган қурилиш ишлари назорат қилиниши ва газ қувурларининг бутунлигини таъминлаши ва зарарланишдан сақланиши.
10. Газ қувурини текшираётган ишчилар газ қувури трассасида газ сизиб чиқаётгани аниқланганда бу ҳақда зудлик билан авария-диспетчерлик хизмати ва объектларнинг эгаси бўлган газ таъминоти ташкилоти раҳбарларини хабардор қилади. Газ қувуридан 50 метр радиусда жойлашган газ тўпланиши мумкин бўлган ертўлалар, биноларнинг биринчи қаватлари, қудуқлар, камералар ва бошқа иншоотларни шамоллатиш ва қўшимча равишда махсус газни аниқловчи асбоблар билан текшириш чораларини кўради.
Авария бригадаси етиб келгунга қадар бино ичидаги одамларни ташқарига чиқариши ҳамда уларни чекиш, очиқ олов ва электр асбобларидан фойдаланиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантиради.
11. Ер остидаги газ қувурларини текшириш муддати газ таъминоти ташкилоти бош муҳандиси томонидан белгиланиб, текшириш газ қувурларининг техник ҳолати, улардан қачондан бери фойдаланилаётгани, емирилиш хавфи ва электр кимёвий ҳимояловчи воситаларнинг ишлаш самарадорлиги, газ босими, ертўлаларнинг газланиши, газанализаторларнинг мавжудлиги, тупроқнинг ҳолати, тоғ силжиш ва сейсмик ҳолатлар, жойнинг тафсилоти ва ундаги қурилмаларнинг жойлашиш зичлиги, шунингдек, йил фаслига кўра амалга оширилади.
12. Ер остидаги газ қувурлари трассаларини камида икки нафар кишидан иборат бригада кўрикдан ўтказиши керак. Аҳоли пунктларининг қурилмалар бўлмаган қисмида, шунингдек, йўлларнинг транспорт юрмайдиган, газ қувурларидан 15 метр оралиғида, қудуқлар ва бошқа ер ости коммуникациялари бўлмаган қисмидаги газ қувурлари трассаларини бир нафар ишчи кўрикдан ўтказиши мумкин.
13. Ер остидаги газ қувурларини текширувчига йўналиш хариталари махсус журналга имзо қўйдириш орқали берилади. Унда газ қувурлари йўналишлари схемалари, газ иншоотларининг ўрнатилган жойи, бинолар ертўлалари ва газ бўлиши мумкинлиги текшириладиган коммуникацияларнинг қудуқлари турган жойлар кўрсатилади. Газ тармоқларидаги ўзгаришлар бўйича йўналиш хариталарига йил давомида тегишли ўзгартиришлар киритиб борилади. Биринчи марта текширувга чиқаётган ишчилар газ қувурлари трассаси билан тўлиқ таништирилади.
14. Ер ости газ қувурини кўрикдан ўтказиш натижалари махсус журналда қайд этилади. Носозликлар борлиги аниқланган тақдирда ёки ўзбошимчалик билан газ қувурларининг ҳимоя зонасида ишлар олиб борилганда ишчи томонидан ўз раҳбарига хабар берилади ҳамда билдиришнома тақдим этилади.
15. Ташкилот ҳудудидан ўтувчи ер ости газ қувури трассаси бўйлаб ҳар иккала томонидан 2 метр кенгликда жой ажратилган бўлиши ва тўсиқлар бўлмаслиги керак. Ушбу ҳудудда бино ва иншоотлар қурилишининг норматив ҳужжатлар қоидаларига асосан бажарилиши талаб этилади.
16. Ҳудудидан газ қувури транзит усулида ўтказилган ташкилот маъмурияти газ таъминоти ташкилоти ишчиларига уни кўздан кечириш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш ҳамда авария ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш учун имконият яратиб беради.
17. Газ қувуридан 50 метр радиусда ўтказилган ёнма-ён ер ости коммуникацияларининг эгалари уларда газ йиғилганлигини текшириш учун қудуқлар ва камераларнинг қопқоқларини ўз вақтида қор, муз ва ифлосликлардан тозалаб турилишини таъминлайди.
18. Фойдаланишда бўлган ер ости газ қувурлари ихтисослаштирилган ташкилотларни жалб этган ҳолда путур етказмайдиган назорат усули билан техник текширувдан ўтказиб борилади.
19. Йигирма беш йилгача фойдаланилган ер остидаги пўлат газ қувурлари 5 йилда камида бир марта, йигирма беш йилдан ортиқ фойдаланилганлари эса — 3 йилда камида бир марта техник текширувдан ўтказилади.
Мукаммал таъмирлаш ёки алмаштириш режасига киритилган пўлат газ қувурлари йилига камида бир марта текширувдан ўтказилиши керак.
20. Ер ости пўлат газ қувурларини навбатдан ташқари мақсадли текширувдан ўтказиш ишлари пайванд чокларининг зичлиги бузилганда ёки узилганда, емирилишдан ҳимояловчи қопламаси шикастланганда — электрдан ҳимояловчи қурилмалари йил давомида:
дайди токларнинг хавфли таъсир этиш зоналарида — бир ойдан ортиқ вақт мобайнида ишламаганда;
бошқа ҳолатларда, агар газ қувурлари бошқа мосламалар билан ҳимояланмаган бўлса — 6 ойдан кўп вақт мобайнида ишламаганда ўтказилади.
21. Ер ости пўлат газ қувурларини техник текшириш вақтида унинг герметиклиги, пайванд чокларининг сифати, емирилиш хавфи борлиги, қувурларнинг ҳимояловчи қопламаси ҳамда металлнинг ҳолати текширилади.
22. Қувур металли ҳолати газ қувуридан фойдаланиш жараёнида ҳимоялаш қобиғини таъмирлаш ёки газ сизиб чиқишини бартараф этиш учун қазиладиган барча шурфларда аниқланади.
23. Ер ости пўлат газ қувурлари металл ҳимоя қобиғи ҳолатини аниқлаш мақсадида фақат ҳимоялаш қопламаси шикастланган, шунингдек, асбоблардан фойдаланиш путур етказмайдиган назорат усули билан техник текширувни ўтказиш қийин бўлган ҳолатларда (қувурлар тепасида камида 1,5 метр узунликда назорат шурфлари қазилиб) текшириш ишлари амалга оширилади.
Путур етказмайдиган назорат усули билан техник текширув ўтказиладиган жойларда назорат шурфлари қазиладиган шурфлар ва уларнинг сонини газ таъминоти ташкилоти бош муҳандиси аниқлайди. Ҳеч қандай асбобсиз оддий кўз билан текшириш учун емирилиш (занглаш) хавфи юқори бўлган жойлар, газ қувурлари бошқа ер ости коммуникациялари билан кесишган жойлар, конденсат тўплагичлар ва гидрозатворлар танланади.
24. Ер ости газ қувурлари герметиклигини ва газ сизиб чиқаётган жойларини аниқлаш ишлари қудуқларни бурғулаш ва махсус асбоблар ёрдамида намуналар олиш йўли билан амалга оширилади.
25. Тақсимловчи газ қувурида қудуқларни бурғулаш ишлари газ қувури уланган жойларда олиб борилади. Уланиш нуқталарининг жойлашуви кўрсатилган схемалар бўлмаган ҳолатларда кириш газ қувурларида қудуқларнинг ўрни ҳар икки метр оралиғида танланади. Қишда бурғулаш чуқурлиги тупроқнинг музлаш чуқурлигидан кам бўлмаслиги, йилнинг бошқа фаслларида эса — қувурлар ётқизилган чуқурликка мос бўлиши керак. Қудуқлар газ қувури деворидан камида 0,5 метр нарида қазилади.
Газ сизиб чиқишини аниқлаш учун махсус асбоблардан фойдаланилганда қудуқларни камроқ чуқурликка ва газ қувурининг ўқи бўйлаб қазишга рухсат этилади, бунда ер ости газ қувурининг устидан қазилган қудуққача бўлган масофа 40 сантиметрдан кам бўлмаслиги лозим.
26. Бурғуланган қудуқларда газ борлигини аниқлаш учун махсус асбоблардан фойдаланилади. Қудуқларда газ борлигини аниқлаш учун очиқ оловдан фойдаланиш тақиқланади.
27. Газ қувурларининг герметиклигини қурилиш меъёрий қоидаларига мувофиқ сиқилган ҳаво билан текширишга рухсат этилади.
28. Полиэтилен газ қувурларидан фойдаланувчи ташкилот уларнинг зичлигини юқори даражада сезгир газ аниқловчи асбоблар ёрдамида (иморатлар қурилган жойдаги қисми — йилига камида бир марта ва асосан баҳорда, иморатлар қурилмаган жойдаги қисми эса — беш йилда камида бир марта) техник текширувдан ўтказиши керак.
29. Техник текширув натижалари асосида далолатнома тузилиб, унда аниқланган камчиликларни ҳамда техник ҳолатни инобатга олган ҳолда газ қувурини бундан кейин фойдаланиш мумкинлиги, уни таъмирлаш ёки алмаштириш зарурлиги ва муддатлари ҳақида хулоса берилади. Техник текширув ҳақидаги далолатномани ушбу ишларни бажарган ташкилот раҳбари тасдиқлайди.
30. Сув остидан ўтадиган газ қувурларини текширувдан ўтказиш уларнинг жойлашган ўрни ва ҳимоя қобиғи шикастланганлигини аниқлашдан иборат бўлади. Бу ишлар камида беш йилда бир марта амалга оширилади.
31. Газ қувурларидаги газ сизиб чиқиши авария тартибида бартараф этилади. Бинолар ертўлалари, бино поли ости, коллекторлар, ер ости ўтиш йўллари ва галереяларда хавфли миқдорда газ тўпланганлиги аниқланганда газ таъминоти зудлик билан тўхтатилади. Носозликлар бартараф этилгунга қадар улардан фойдаланиш тақиқланади.
32. Ҳар куни назорат қилиш шарти билан ташқи газ қувурларида газ сизиб чиқиш ҳолатларини вақтинчалик (ўн беш кунгача) тўхтатиш учун хавфсизлик қоидаларига риоя этган ҳолда бандаж, ёғоч понаси, лойли бинт ёки хомут ўрнатишга рухсат этилади.
33. Учма-уч уланган газ қувурлари шикастланиши (узилиши, ёрилиши)нинг узунлиги 200 миллиметрдан кам бўлмаган ғалтакча пайвандлаш ёки муфта ўрнатиш йўли билан таъмирланади.
Учма-уч уланган газ қувурларининг бошқа нуқсонлари (шлакли уланиш, чала пайвандланган ва рухсат этилган меъёрдан ортиқча ғоваклик) ҳамда қувур девори қалинлигидан 30 фоиздан юқори бўлган чуқурчалар муфталар ўрнатиш йўли билан кучлантирилади.
Газ қувурлари ва уларнинг арматурларини таъмирлаш, янги қурилган газ қувурларини ишлаб турган газ тармоқларига улаш ишлари билан боғлиқ бўлган қувурларни режали ўчириш ҳамда қайта газ бериш вақти ҳақида истеъмолчиларни камида бир сутка олдин огоҳлантиради.
34. Ер ости пўлат газ қувурларига эга ташкилот ўз вақтида ушбу қувурлар ҳимоя қопламасини таъмирлайди ва кейинги емирилишларнинг олдини олиш чораларини кўради. Дайди токлар таъсир қиладиган жойларда ёки одамлар тўпланиши мумкин бўлган бинолар яқинида жойлашган газ қувурлари ҳимоя қопламасининг нуқсонлари биринчи навбатда бартараф этилади.
35. Ер ости пўлат газ қувурларини улаш ва таъмирлаш даврида пайвандлаш, изоляция қилиш ва уларнинг сифатини назорат қилиш ишлари қурилиш меъёрий қоидалари талабларига мувофиқ бажарилади.
36. Полиэтилен газ қувурлари герметиклигини таъминламаётган шикастланган қисмлари, ажралмайдиган бирикмали узеллари ва уланиш деталлари кесиб ташланади ва янгиланади.
37. Ер ости газ қувуридан 15 метр масофада қурилиш, шу жумладан ер қазиш ишлари фақат газ таъминоти ташкилоти билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Газ таъминоти ташкилоти томонидан ер ости газ қувурларининг жойлашиш схемаси боғламлари билан илова қилинади.
Ер қазиш ишларини амалга оширувчи ташкилот газ таъминоти ташкилотига келишиш учун ишларни бажариш лойиҳасини тақдим этади.
Агар газ қувурларининг ҳимоя зонасида қурилиш ишларининг тегишли ёзма рухсатсиз олиб борилаётганлиги аниқланса, фойдаланувчи ташкилот ишларни тўхтатиш чораларини кўради.
38. Ер остидаги газ қувурлари трассаси яқинида зарбали механизмлар ва ер қазиш техникасини ишга туширишдан олдин қўлда шурфлар қазиш йўли билан қувурнинг қаерда жойлашганлиги аниқлаб олинади.
Ерни юмшатувчи зарбали механизмларни ер ости газ қувуридан камида 3 метр, вертикал ўқидан сезиларли даражада оғиши мумкин бўлган механизм (шар, пона-баба ва бошқа)лар эса камида 5 метр масофада ишлатилиши мумкин.
Газ қувурларини механизмлар билан кавлаб очишга қувурларни жойлашган жойи ва чуқурлиги асбоблар билан аниқлангандан кейин рухсат берилади. Бунда газ қувурининг устидаги тупроқнинг 200-300 миллиметр қалинликдаги охирги қатламини қўлда белкураклар ёрдамида, ҳимоя қопламасини сақлаш чораларига риоя қилган ҳолда олиб ташланади.
39. Ер остидаги пўлат газ қувурлари механик равишда шикастланиб, асосий ҳолатига нисбатан силжиб қолган бўлса, газ сизиб чиқишини бартараф этиш ишларини бажариш билан бир вақтда, горизонтал ва вертикал бўйича шикастланган жойининг иккала томонидаги биттадан уланиш жойлари очилиб, радиографик усулда текширилиши керак. Газ қувурининг шикастланиши натижасида чоклари узилганлиги ва ёрилганлиги аниқланса, қувурнинг кейинги уланиш жойи қўшимча кавлаб очилади ва радиографик усулда текширилади.
Қурилиш меъёрий қоидаларида рухсат этилмаган чоклар чала пайвандланганлиги, ғоваклар кўплиги ва йўл қўйилмайдиган бошқа нуқсонлар борлиги аниқланганда, пайванд чокларининг сифати навбатдан ташқари текширувдан ўтказилади.
40. Ишлаётган ер ости пўлат газ қувури яқинида бинолар, каналлар, коллекторлар ва тоннеллар қурилган ҳамда газ қувурлари ана шу муҳандислик иншоотлари билан кесишган ҳолатларда қурилиш ташкилотлари томонидан лойиҳада кўрсатилган талаблар амалга оширилади.
41. Темир йўл ва автомобиль йўллари билан кесишиш жойларида газ қувурлари олдинги текширув ҳамда таъмирлаш санасидан қатъий назар, йўл асосини кенгайтириш ва мукаммал таъмирлаш пайтида қайта текширилади ва зарур бўлса, таъмирланади ёки алмаштирилади.
Газ хўжалигидан фойдаланувчи ташкилотлар йўлларнинг таъмирланиши ёки кенгайтирилиши тўғрисида ерни кавлаш ишлари бошланишидан олдин хабардор қилиниши лозим.
Газ хўжалигида хавфсизлик қоидаларига 2-ИЛОВА
Саноат корхоналари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари газ таъминоти, ички газ қувурлари ва газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни ташкил этиш
1-боб. Умумий қоидалар
1. Газ сизиб чиқаётган газ жиҳозларидан фойдаланганда хавфсизлик автоматикаси ҳамда ўзбошимчалик билан ўрнатилган жиҳозлар газ таъминоти ташкилоти томонидан истеъмолчини огоҳлантирмасдан газ таъминотидан узиб қўйилади.
2. Газ қувурлари ўтказилган ҳамда газ жиҳозлари ва арматуралари ўрнатилган хоналарга хизмат кўрсатувчи ходимлар кириши учун имконият яратилиши керак. Улардан омборхона, устахона ва бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.
Газ қувурларига юк осиш ва улардан таянч конструкциялар ҳамда ерга улагичлар сифатида фойдаланиш тақиқланади.
3. Ҳимоя ва назорат асбобларини уламасдан газ жиҳозларини ишлатиш тақиқланади.
4. Ишлаётган газ жиҳозларини доимий назоратсиз қолдиришга рухсат этилмайди.
5. Мавсумий ишлайдиган газ жиҳозлари иситиш мавсуми якунлангандан сўнг газ таъминоти ташкилоти томонидан тармоқдан тамғалаш йўли билан узиб қўйилади. Носоз ва мавсумий ишлайдиган газ жиҳозларининг газ қувуридан узиб қўйилганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади.
6. Газ жиҳозларини бўлакларга ажратиб таъмирлашда ҳамда хона ва биноларни тўлиқ таъмирлашда газ қувурлари ва жиҳозлари газ таъминоти тизимларидан тиқинлар ўрнатиш орқали узиб қўйилади.
2-боб. Саноат объектларига қўйиладиган талаблар.
2.1. Табиий газга қўйиладиган талаблар
7. Саноат корхоналарининг ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг газ жиҳозлари олдига газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича йўриқнома илиб қўйилади.
8. Саноат корхоналарининг ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг газ жиҳозлари ва газ қувурларига ҳар йили бир марта техник ва уч марта профилактик хизмат кўрсатилади.
Печларни қуриш, монтаж қилиш ва таъмирлаш, шунингдек дудбуронлар, шамоллатиш каналларини кўрикдан ўтказиш, тозалаш ва носозликларни бартараф этиш ишларини бажариш учун объектнинг эгаси томонидан Дудбуронлар хизмати жалб қилинади.
9. Қуйидаги ҳолатларда газ жиҳозларидан доимий хизмат кўрсатувчи ходимларсиз фойдаланишга рухсат этилади:
газ жиҳозлари хавфсизлик ҳимояси ва автоматик тизим билан жиҳозланганда;
бинода газ чиқишини аниқлайдиган асбоблар мавжуд бўлиб, уларнинг маълумоти доимий навбатчи бўладиган хонага уланганда;
газ жиҳозларини авариявий тўхтатишга боғлиқ ишларни бажарадиган, диспетчерга тезкор бўйсунадиган навбатчи ходимлар бўлганда.
10. Ҳимоя тизими ишга туширилганда қуйидаги ҳолатларда газ берилиши автоматик тарзда тўхтатилади:
ёндиргичлар олдида газ босимининг кўтарилиши ёки пасайишида;
дудбурондаги ҳаво сўришининг пасайишида;
мажбурий ҳаво бериш билан жиҳозланган қозон ёндиргичлари олдида ҳаво босими пасайганда;
қозон ишлаб турганда ёндиргичлар олови ўчиб қолганда;
ҳимоя тизимларида носозлик юзага келганда;
ўлчов воситаларида, автоматик ва оралиқ бошқарув қурилмаларида электр токи берилиши тўхтатилганда ёки унинг кучланиши йўқолганда;
газланиш сезилганда, газ жиҳозлари ва қувурларда газ сизиб чиқиши ҳолатлари аниқланганда;
ёндиргичлар олдидаги беркитувчи арматураларни зичлиги йўқолганда ва сақловчи қурилмалар ишдан чиққанда.
Бундан ташқари, саноат объектларида хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан газ берилиши қуйидаги ҳолатларда зудлик билан ўчирилиши керак:
газ йўлларидаги портлаш клапанлари ўрнатилган жойлар зичлиги бузилганда;
газ ишлатувчи қурилмаларнинг ёндиргичларида носозликлар пайдо бўлганда;
назорат-ўлчов асбоблари, автоматик ишлайдиган ва сигнализация воситалари носоз ҳолатга келганда;
ўтхона бўшлиғида портлаш юз берганда, газ портлаганда ёки газ йўлларидаги ёнувчи қатламлар ёнганда;
беркитиш арматураларини масофадан бошқариш, ҳимоя тизимлари ҳамда жиҳоз ёки ишчи ходимларга хавф туғдирадиган ёнғин содир бўлганда;
газ жиҳозларида режали огоҳлантирув таъмирлаш ишлари ўтказилаётганда.
11. Газ жиҳозини (тўхтатилгандан сўнг мазкур илованинг 10-банди талабларига мувофиқ) ишга тушириш тартиби ишлаб чиқариш йўриқномасида белгилаб қўйилади. Бунда газнинг берилиши носозликлар бартараф этилгандан кейин амалга оширилади.
12. Газ жиҳозларини таъмирлашдан олдин уларнинг ўтхоналари ёки газ йўлларини таъмирлаш ва кўздан кечириш, шунингдек, мавсумий ишлайдиган қурилма газ жиҳозлари, ўт олдириш ёндиргичлари, газ қувурлари, газ тармоғидан беркитиш арматураларидан кейин тиқин ўрнатиш ва саноат объектининг масъул ходимлари томонидан тамғалаш йўли билан ўчириш лозим.
13. Саноат корхонаси ва қишлоқ хўжалиги корхонаси маъмуриятидан мавсумий ишлатиладиган қурилмалар, жумладан иситиш қозонларини ишга туширишдан олдин қуйидагилар талаб этилади:
Газ хўжалигида хавфсизлик қоидалари талабларига мувофиқ хизмат кўрсатувчи ходимларнинг билимларини текшириш;
газ жиҳозлари ва автоматик назорат тизимларини кўрикдан ўтказиш ва жорий таъмирлаш;
газ йўлларини тозалаш ва шамоллатиш тизимлари созлигини текшириш.
Кўрсатилган ишлар бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлгандагина газ беришга рухсат этилади.
14. Қозон ва печ агрегатлари ишга туширилишидан олдин уларнинг ўтхоналари ва газ йўллари шамоллатилади. Шамоллатиш вақти ишлаб чиқарувчи завод йўриқномасида белгиланади. Шамоллатишнинг тугаганлиги газни аниқловчи махсус асбоблар ёрдамида текширилади.
Газ қувуридаги ёндиргичдан олдинги беркитиш арматурасини ёндириш қурилмаси ишга туширилгач ёки унга ёнаётган ўт олдиргич қурилмаси яқинлаштирилгандан сўнг очиш мумкин.
15. Агар ёндиргични ўт олдириш ёки уни созлаш жараёнида аланга узилиб, ичига ўтиб кетса ёхуд ўчиб қолса, ёндиргич ва ўт олдиргич қурилмасига газ берилиши зудлик билан тўхтатилади.
Хавфсизлик қувурлари ва газ ёндиргич мосламалари орқали қозон газ қувурларини пуфлаш тақиқланади.
Печ ва агрегатларга етказиб бериладиган қувурларга узатилаётган газ тажриба ёки ҳисоблаш йўли билан аниқланган вақт давомида ва ишлаб чиқарувчи завод йўриқномасида кўрсатилганидек, тизимдаги барча ҳаво зичлаб чиқарилгунга қадар ҳайдалади. Газ ҳайдашнинг тугаганлиги қозон газ қувурлари ичида кислород борлигини таҳлил қилиш йўли билан аниқланади. Бино (иморат, хона) ҳажмига нисбатан кислород бир фоиздан кўп бўлса ёндиргичларни ёқиш тақиқланади.
16. Таъмирланадиган қозон, печ ва бошқа агрегатларнинг тутун йўллари умумий йўналишдан шиберлар ёки тўсиқлар ёрдамида ажратиб қўйилади.
17. Барча қурилмалар ўчирилгандан сўнг етказиб берувчи ва хавфсизликни таъминловчи газ қувурларидаги беркитиш арматуралари доим очиқ ҳолатда бўлиши лозим.
18. Цех ёки қозонхонада портлаш ва ёнғин юз берганда газ қувурининг кириш қисмидаги ўчириш қурилмалари дарҳол беркитилиши керак.
2.2. Суюлтирилган углеводород гази (СУГ)га қўйиладиган талаблар
19. Газ баллонли қурилмаларнинг герметиклигини газнинг ишчи босими остида аниқловчи асбоб билан ёки совун кўпигидан фойдаланиб текширишга рухсат этилади. Барча маиший газ баллонлари беш йилда бир марта техник текширувдан ўтказилади.
20. Газ билан тўлдирилган баллонлар лойиҳа бўйича махсус ажратилган жойларда сақланади.
21. СУГ билан тўлдирилган баллонлар сақланадиган омборларнинг поллари текис, сирпанмайдиган ва турли жисмлар зарбидан учқун чиқармайдиган материаллардан тайёрланади.
22. Омборхонада тўлдирилган ва бўш баллонлар алоҳида сақланиши керак. Уларнинг ўрни «Тўлдирилган баллонлар» ва «Бўш баллонлар» деган ёзувлар билан белгилаб қўйилади.
23. СУГ билан тўлдирилган баллонларни енгил алангаланувчи моддалар ва ёниш жараёнини кучайтирадиган техник газлар (кислород) билан биргаликда сақлашга рухсат берилмайди.
24. СУГ билан тўлдирилган баллонлар сақланадиган омборлар (ёки очиқ майдонлар) атрофидаги 20 метр масофа ҳудудида турли ёнувчан материалларни сақлаш ҳамда очиқ олов билан боғлиқ бўлган темирчилик, пайвандлаш, кавшарлаш ва шу каби бошқа ишларни бажариш тақиқланади.
25. СУГ билан тўлдирилган баллонлар сақланадиган омборхонанинг эшигида бегона шахсларнинг кириши, чекиши ва очиқ оловдан фойдаланишни тақиқловчи огоҳлантириш белгилари ўрнатилган бўлиши лозим.
26. СУГ билан тўлдирилган баллонлар сақлаш учун мўлжалланган омборнинг кўринадиган жойида тўлдирилган ва бўш баллонлар билан ишлаш ҳамда уларни хавфсиз сақлаш қоидалари илиб қўйилган бўлиши керак.
27. СУГ билан тўлдирилган баллонларни лойиҳасиз қурилган бостирмалар остида сақлаш тақиқланади.
28. СУГ билан тўлдирилган баллонлар сақланадиган омборларда ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ва плакатлар илиб қўйилиши зарур.
29. СУГ билан тўлдирилган баллонлар вертикал ҳолатда турғизилиб, қалпоқлари бураб қўйилган ҳолда сақланиши ҳамда вентилларининг ён томонидаги штуцерларида тиқин бўлиши керак. Баллонларни қулаш ва шикастланишидан ҳимоялаш мақсадида улар махсус уя (ўрин)ларга ўрнатилади ёки тўсиқ билан ажратилади.
30. Бошмоқлари бўлмаган баллонлар горизонтал ҳолатда ёғоч рамалар ёки стеллажларда сақланиши мумкин. Бошмоқли баллонларни очиқ майдонларда сақлашда уларни горизонтал қаторлари орасидаги арқон, ёғоч ёки резинадан тайёрланган прокладкаси бўлган штабелларга ўрнатишга рухсат берилади.
Баллонларни штабелларга ўрнатишда уларнинг баландлиги 1,5 метрдан ошмаслиги керак. Баллонлардаги вентиллар бир томонга қаратилган бўлиши лозим.
31. СУГ билан тўлдирилган баллонлар сақланадиган омборлар яшиндан ҳимоя қилинган зонада жойлашган бўлиши зарур.
32. Суюлтирилган газ тўлдирилган баллонларни сақлаш омборларида қуйидаги ёнғинни ўчириш бирламчи воситалари бўлиши керак:
а) хона ичида (ҳар 50 квадрат метрга):
5 литр ҳажмдаги кукунли ўт ўчиргичлар — 2 та;
0,5 куб метр ҳажмли қум солинган қути — 1 та;
белкурак — 1 та;
2×2 метрли кигиз ёки асбест мато — 1 та;
б) омбор ҳудуди тўсиқлари чегараларида (ёнғинга қарши пункт — шитда):
5 литр ҳажмдаги кукунли ўт ўчиргичлар — 2 та;
темир илгак — 2 та;
лом — 1 та;
қизил рангга бўялган челак — 2 та;
ёнғин болтаси — 1 та;
сиғими 200 литр бўлган сув тўлдирилган бочка — 2 та.
5 литр ҳажмдаги кукунли ўт ўчиргичлар бўлмаган ҳолатларда уларни углекислотали ўт ўчиргичларга алмаштириш мумкин.
Омбор ҳудудида жойлаштириладиган ёнғинга қарши қалқонларнинг сони ва уларнинг жойлаштирилиши ёнғин хавфсизлиги қоида ва меъёрларига асосан белгиланади.
Гидрантлар мавжуд ҳолатларда сув тўлдирилган бочка талаб этилмайди.
33. Металларга газ алангасида ишлов бериш учун қўлланиладиган газ билан кесиш постлари муқим бўлиши лозим. СУГда ишлаганда улар кўчма бўлиши мумкин.
34. Бевосита газ билан кесиш пости ёнида фақат битта суюлтирилган углеводород газ баллонини ўрнатишга рухсат этилади.
35. Муқим газ билан кесиш постлари газ истеъмол қилинадиган жойлардаги девор, устун ва бошқа конструкцияларга қуйидаги минимал масофаларга риоя этиб ўрнатилиши мумкин:
а) изоляцияланган сим ва электр кабелларигача — 1 метр;
б) очиқ симларгача — 2 метр.
СУГнинг газ билан кесиш постларини очиқ ертўла, қудуқ ва бошқа чуқурликларгача 10 метрдан яқин масофага ўрнатиш тақиқланади. СУГнинг газ билан кесиш постигача 25 метрдан кам масофада жойлашган ертўла ва ўраларда хабарловчиси бўлган автоматик газ анализаторлари ўрнатилиши, улар СУГнинг миқдори алангаланиш қуйи концентрация чегарасининг 20 фоизидан кам бўлганда ишлаб кетиши керак. Қудуқлар иккита қопқоқ билан жиҳозланиши ҳамда газ билан кесиш постлари механик шикастланишлардан муҳофазаланган бўлиши лозим.
36. Муқим газ билан кесиш постлари шамоллатиш учун тешиклари бўлган металл шкафга жойлаштирилади. Кислород ва ёнувчан газ учун газ билан кесиш постлари орасидаги масофа камида 5 метр бўлиши зарур. Иш пайтида жавон эшикчалари очиқ бўлиши ҳамда газ билан кесиш постидан фойдаланувчи ишчи бўлмаганда шкаф қулфланган бўлиши лозим.
Газ билан кесиш постлари жавонларининг бўёғи ва улардаги огоҳлантирувчи ёзувлар белгиланган талабларга мос бўлиши керак.
37. Ацетилен газ баллонларидан ёки ацетилен генератори ва унинг ўрнида ишлатиладиган агрегатлардан чиқаётган газларнинг муқим газ билан кесиш постлари тегишли беркитиш арматураси ва ёпиқ турдаги суюқлик очиб-ёпқичи ёки қуруқ очиб-ёпқич билан жиҳозланади. Суюқлик очиб-ёпқичлари қиш фаслида музламайдиган суюқлик билан тўлдирилади.
Табиий газ ва СУГ учун сақлаш очиб-ёпқичлари ўрнига тескари клапан ўрнатишга рухсат берилади.
Суюлтирилган ёки қуруқ турдаги сақлаш очиб-ёпқичлари, шунингдек тескари клапанлар лойиҳа бўйича ясалиши ва газнинг қабул қилинган босими ва сарфига тегишли равишда ишлатилиши лозим.
38. Газ аланга ускунаси олдидаги ёнувчан газларнинг босими газ ва ускуна турига кўра ўрнатилади.
Ацетилен ўрнида ишлатиладиган биринчи даражали газлар учун босимнинг қуйи чегараси ёндиргич ёки кескич тавсифида кўрсатилган (3,0 килопаскал)дан паст бўлмаслиги керак.
39. Газ билан кесиш постларига табиий ёки СУГ беришда қувурлардаги газ босими 0,15 мегапаскалдан кўп бўлмаслиги керак. Босим 0,15 мегапаскалдан кўп бўлса, суюқлик ёки қуруқ затвор ёхуд тескари клапан олдига газни ростлаш ускунаси (редуктор) ўрнатилиши лозим.
40. Газ билан кесиш постини газ билан таъминлайдиган баллонда босимни пасайтириш учун редуктор ўрнатилади.
41. Битта суюқлик ёки қуруқ затворга ёхуд тескари клапанга фақат битта кескични улаш мумкин. Агар оператор газ билан кесиш постида битта машинага хизмат кўрсатса, машинага ўрнатиладиган ёндиргич ёки кескичлар сони фақат затвор ёки клапаннинг ўтказиш қуввати билан чекланади.
42. Бинодан ташқаридаги газ баллонлари ёпиладиган икки эшикли металл шкафларда ёки газ баллонларининг тепа қисмини беркитадиган ёпилувчан ғилофларда ўрнатилади ва бинонинг ташқи деворига маҳкамланади. Шкафларда баллонларни ўрнатиш учун уялар ва деворининг орқа қисмида босим ростлагичини маҳкамлаш учун тугун ўрнатилади. Шкаф ва ғилофларда шамоллатиш учун махсус тешиклар ясалади.
Шкафлар ичида ва ғилофларда турган газ баллонлари биринчи қават эшик ва ойналаридан 0,5 метрдан кам бўлмаган масофада, бинонинг пастки қисми ва ертўла қаватларининг эшик ва ойналаридан ҳамда қудуқ ва кавланган чуқурлардан камида 3 метр масофада ўрнатилади.
Газ баллонлари учун шкафлар ва ғилоф остидаги газ баллонлари чўкиш эҳтимоли бўлмаган, ёнмайдиган асосларга ўрнатилган бўлиши ва бино пойдеворига ёки деворларига маҳкамланиши талаб этилади.
43. Газ баллонли қурилмаларнинг газ баллонлари газ таъминоти ташкилоти ишчилари томонидан ўрнатилади ва алмаштирилади.
Лойиҳа ҳужжатларисиз ўрнатилган ва техник кўрикдан ўтмаган маиший газ баллонларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.
44. Истеъмолчиларга баллонлар махсус жиҳозланган автомашиналар ёки талаб бўйича жиҳозланган оддий бортли юк машиналарида етказиб берилади.
45. СУГ билан тўлдирилган баллонларни жиҳозланган оддий юк автомашина-лари бортида ҳам вертикал ҳам горизонтал ҳолатда ташиш мумкин.
46. Баллонларни горизонтал ҳолатда ташишда уларни ўчириш мосламаларини машина ичига қаратилган ҳолатда жойлаштириб, ўз ўлчамига тенг бўлган катакларга жойлаштирилади.
47. Баллонлар катакларга ажратилган ёки уларнинг қулаши ёхуд бир-бирига урилишини истисно этувчи махсус кузовли автомашиналарда ташилади. Шунингдек, махсус мосламаларга эга бўлган оддий кузовли юк автомашиналарида ҳам юқорида кўрсатилган шартларга риоя қилган ҳолда ташишга рухсат берилади. Махсус мосламалар сифатида катакли ёғочли брусоклар ва резина ёки арқонли ҳалқалардан фойдаланилади.
48. СУГ тўлдирилган баллонларни ташувчи махсус ва оддий автомашиналар кузовининг конструкцияси йўлларда ҳаракатланиш вақтида баллонларнинг тушиб кетишидан ҳимояланган бўлиши талаб этилади.
49. Баллонларни юклаш ва тушириш ишларини бажарувчилар махсус кийим-бош ва қўлқопларда хавфсизлик қоидаларига риоя этган ҳолда ишлашлари зарур.
50. Баллонларни автомашиналардан қопқоқларини пастга қаратган ҳолда тушириш, шунингдек, уларни ирғитиш қатъиян тақиқланади.
51. Сиғими 12 литрдан ортиқ бўлган баллонларни амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ҳимоя қопқоқлари бураб ёпиб қўйилган ҳолда ташилади.
52. Баллонларни ташиш ёки уларни истеъмолчига ўрнатиш вақтида носозлик аниқланган ҳолатларда улардан фойдаланиш тақиқланади, баллонлар газ таъминоти ташкилоти ёки газ тўлдириш станцияси (пункти)га қайтарилади.
53. Баллонларни ташиш вақтида газ сизиб чиқиши аниқланганда носоз баллонни зудлик билан автомашинадан тушириб олиб, уни газдан (имкон қадар очиқ майдонларда, ертўласи бўлган бинолардан узоқроқда ва бошқа хавфсиз жойларда) бўшатилади ва газ таъминоти ташкилоти ёки газ тўлдириш станцияси (пункти)га қайтарилади.
54. Баллонларни юклаш ва тушириш, ташиш ва сақлашда тик ҳолатдан қулаб кетиши, шикастланиши ва ифлосланишининг олдини олиш чоралари кўрилиши лозим.
55. Тўлдирилган баллонларни автомашинага юклаш ҳамда бўш баллонларни тушириш вақтида автомашина двигатели ўчирилган бўлиши зарур.
56. СУГ билан тўлдирилган баллонларни ўткир ҳидли ва портловчи моддалар, шунингдек ёниш жараёнини кучайтирадиган техник газлар (кислород) ва радиоактив моддалар билан биргаликда ташиш тақиқланади.
57. Тўлдирилган ва бўш баллонлар ортилган автомашинани назоратсиз қолдириш мумкин эмас.
58. СУГ билан тўлдирилган баллонлар ташиладиган автомашина кузовида одамлар бўлиши қатъиян тақиқланади.
59. СУГ ташувчи ҳар бир автомашинада:
двигателидан чиқарилган сўндиргич (глушитель) машинанинг олди томонига ўтказилган бўлиши;
сўндиргичда учқунни ўчирувчи сеткаси бўлиши шарт;
СУГ билан тўлдирилган баллонларни ёнғинни ўчириш учун бирламчи воситалар (5 литр ҳажмдаги углекислотали ўт ўчиргич) билан таъминланмаган ва ерга уланадиган сими (заземление) бўлмаган барча турдаги юк машиналарида ташиш тақиқланади;
автомашина ҳайдовчиси махсус ўқув курсларида ўқиган, аттестациядан ўтган ва СУГ баллонларини ташиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга бўлиши зарур.
60. СУГ тўлдирилган автоном газ таъминоти тизимларида ўрнатилган босим остида ишлайдиган сиғимларни лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуни талаблари асосида амалга оширилади.
Газ хўжалигида хавфсизлик қоидаларига 3-ИЛОВА
Назорат-ўлчов асбоблари, автоматлаштириш ва сигнализация тизимларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни ташкил этиш
1. Газ қувурлари ва агрегатларига ўрнатилган, автоматик бошқарув, сигнализация асбоблари ва назорат воситалари ҳамда портлашдан сақланган электр ускуналарини доимий равишда техник назорат қилиш, уларга хизмат кўрсатиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари ташкилотлар (уларнинг эгалари) томонидан амалга оширилади.
2. Импульс газ тармоқлари ва беркитиш арматурасининг герметиклигини текшириш ишлари газ жиҳозларини кўрикдан ўтказиш ва техник хизмат кўрсатиш вақтида бажарилади.
3. Ўлчов воситалари, автоматик бошқарув ва сигнализация тизимларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларининг ҳажми ва муддатлари ишлаб чиқарувчи заводларнинг фойдаланиш йўриқномасида белгиланади.
4. Назорат-ўлчов асбобларининг созлиги ва тўғри кўрсатаётганлигини аниқлаш амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бажарилади.
Назорат-ўлчов асбобларининг тўғри ва соз ишлаётганлигини текшириб туриш учун пружинали манометр остига уч йўналишли жўмрак ўрнатилади.
5. Ўлчов воситалари қуйидаги муддатларда мажбурий даврий давлат қиёслов текширувидан ўтказилади:
кўрсатувчи, масофадан бошқариладиган манометрлар — йилига камида бир марта;
СУГ баллонларини назорат тариқасида тортиб кўриш учун фойдаланиладиган оғирликни ўлчаш асбоблари — йилига камида бир марта;
кўчмас ва кўчма газанализаторлар — йилига камида икки марта;
эталон қадоқ тошлар — йилига камида бир марта.
Юқорида келтирилган назорат-ўлчов асбоблари мукаммал таъмирлангандан кейин ҳам давлат қиёслаш текширувидан ўтказилиши лозим.
6. Тамғаси бўлмаган, текшириш муддати ўтиб кетган, шикастланган ёки ўчирилганда шкаланинг кўрсаткичи «нолга» қайтмаган ўлчаш воситаларидан фойдаланиш мумкин эмас.
7. Кўрсатувчи манометрларнинг циферблати ёки корпусида ишчи босимига мос келувчи шкаланинг кўрсаткичи бўёқ билан кўрсатиб қўйилади.
8. Хавфсизлик автоматик қурилмалари ва сигнализация воситаларининг ўрнатилган ишлаб кетиш кўрсаткичлари созлаш ташкилотининг техник ҳисоботида кўрсатилган параметрларга мос бўлиши (газ анализаторлари хонада газнинг хавфли концентрация миқдори юзага келганда ишлаб кетиши) керак.
9. Ҳимоя, блокировка ва сигнализация қурилмаларининг ишлаб кетиши, ишлаб чиқарувчи заводларнинг йўриқномаларида назарда тутилган муддатларда, лекин ойига камида бир марта текширилади ва бу ҳақда ихтиёрий кўринишдаги журналга қайд этилади.
10. Газланганликни назорат қилувчи газ сигнализаторларининг белгиланган параметрларга мослигини текшируви назорат газ аралашмаси ёрдамида бажарилади. Газосигнализатор яроқлилигини хонани газлаштириш орқали текшириш тақиқланади.
11. Лойиҳада кўзда тутилган блокировка ва сигнализация, назорат-ўлчов асбобларини ўчириб қўйган ҳолда газ жиҳозларидан фойдаланиш тақиқланади.
12. Таъмирлаш ёки текшириш учун олинган асбоблар ўрнига зудлик билан айнан шунга ўхшаш, шу жумладан ишлатиш шароити ҳам ўхшаш бўлган асбоблар билан алмаштирилади.
13. Зарур ҳолатларда ва истисно тариқасида (блокировка, сигнализация ёки назорат-ўлчов асбоблари ишламаганда) ташкилот раҳбарининг ёзма рухсати билан қисқа муддатда айрим қурилма ва агрегатларнинг ҳимоясини узиб қўйган ҳолда ишлатишга рухсат этилади. Бунда ишларни хавфсиз ва бехатар олиб бориш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилади.
14. Газланганликни аниқловчи узлуксиз ишлайдиган газосигнализаторларни алмаштиришдан олдин ишлаб чиқариш хоналари ҳавосидаги газ миқдори иш сменасининг ҳар ўттиз дақиқасида кўчма асбоблар билан назорат қилиб борилади.
15. Ўлчов воситаларига, автоматик ва телемеханик ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва режали таъмирлаш ишлари улардан фойдаланувчи ташкилотларнинг ихтисослашган хизматлари томонидан ёки белгиланган тартибда рухсатномага эга бўлган ташкилотлар билан шартнома асосида бажарилади.
16. Ҳаво газланган шароитда автоматлаштириш, авариядан ҳимоялаш ва сигнализация тизимларини созлаш ҳамда таъмирлаш ишларини бажариш тақиқланади.
17. Электр жиҳозлари уларни ишлаб чиқарувчи заводларнинг йўриқномалари талабларига мувофиқ равишда ишлатилади.
Газ хўжалигида хавфсизлик қоидаларига 4-ИЛОВА
Газни тартибга солиш пункти (ГТП) ва газни тартибга солиш қурилмаси (ГТҚ)га хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни ташкил этиш
1. ГТП ва ГТҚнинг иш тартиби лойиҳа ва меъёрий ҳужжатларга мувофиқ белгиланади.
2. Шаҳар ва шаҳарчалардаги ГТП жиҳозларини созлаш параметрлари газ таъминоти ташкилотининг раҳбари томонидан белгиланади. Бунда маиший истеъмолчилар учун:
тартибга солишдан кейинги энг юқори ишчи босим 0,003 мегапаскалдан ошмаслиги;
сақлаш-чиқариш клапанлари (жумладан босим тартиблагичларига ўрнатилганлари ҳам) тартиблагичдан кейинги босим максимал ишчи босимдан 15 фоиздан кўп бўлмаган қийматга ошса, газни чиқариб юборишни таъминлаши;
сақлаш-беркитиш клапанлари ишлаб кетишининг юқори босим чегараси максимал ишчи босимдан 25 фоиздан ортиқ бўлмаслиги керак.
Сақлаш клапанлари ишидаги камчиликлар, шунингдек, газ сизиб чиқиши авария тартибида бартараф этилади.
3. Саноат корхоналарининг ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ГТП ва ГТҚ жиҳозларини созлаш параметрлари лойиҳада кўрсатилади ва ишга тушириш-созлаш ишлари амалга оширилишида аниқланади.
Ишчи босимнинг пасайиши ёки ошишига сабаб бўлган тартиблагичлар ва сақлаш клапанларининг ишидаги носозликлар ҳамда газ сизиб чиқиши авария тартибида бартараф этилади.
4. Газ берилиши тўхтаб қолганда сақлаш-беркитиш клапанининг ишлаб кетиш сабаблари аниқланиб, улар бартараф этилгандан сўнг босим тартиблагичи ишга туширилади.
5. Жиҳозлар ва арматураларни таъмирлаш вақтида айланма (байпас) қувур орқали газ беришга рухсат этилади.
Жиҳозлар ва арматураларни таъмирлаш ишлари камида икки нафар кишидан иборат ишчилар бригадаси томонидан бажарилади. Бунда ишловчилардан бири бригада раҳбари бўлиши зарур.
Саноат корхоналари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари айланма қувуридаги ва сақлаш-чиқариш клапани олдидаги беркитувчи қурилмалар газ хўжалигидан фойдаланувчи ташкилотнинг вакили ҳамда газ таъминоти ташкилоти ходими иштирокида тамғаланади.
6. Жиҳозлар ва ўлчов воситалари жойлашган хонанинг ҳарорати уларни ишлаб чиқарган заводнинг паспорти (йўриқномаси)да кўрсатилганидан паст бўлмаслиги лозим.
Огоҳлантирувчи «Ёнғинга хавфли» деган ёзув, агар ГТП бино ичида жойлашган бўлса — бинонинг ташқарисида, ГТП шкафли бўлса — унинг эшикларига ёки ГТҚнинг тўсиғига қўйилади.
7. Жиҳозларни қисмларга ажратиш пайтида созлаш қувуридаги ўчириш ускуналари ёпилган ҳолатда бўлиши лозим. Ўчириб қўйилган қисм чегарасида ўчириш ускуналаридан кейин энг юқори газ босимига мос келувчи тиқинлар ўрнатилади.
8. Кафолатланган муддатда фойдаланиладиган созлагичларга техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмирлаш ишлаб чиқарувчи завод паспорти (йўриқномаси) бўйича бажарилади.
Кафолатланган муддат тугагандан сўнг бундай созлагичлар текширув ва сервис хизматидан ўтказилади.
9. ГТПнинг электр жиҳозларини таъмирлаш ҳамда куйган электр лампаларини алмаштириш ишлари кучланиш узиб қўйилгандан кейин бажарилади. Табиий ёруғлик етарли бўлмаганда портлашдан ҳимояланган кўчма ёриткичлардан фойдаланишга рухсат этилади.
10. Саноат корхоналарига ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига қарашли ГТПлар даврий техник тафтишдан ўтказилмаган ёки сақлаш-чиқариш ва сақлаш-беркитиш клапанлари носоз, таъмирталаб бўлган ҳолатларда улардан фойдаланишга рухсат этилмайди.
11. ГТП хоналари ёнғин ўчириш бирламчи воситалари билан таъминланади.
ГТПнинг асосий хонаси учун ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари рўйхати
Восита Миқдори Хонанинг юзаси (квадрат метр) Углекислотали ёки кукунли ўт ўчиргич 2 та ҳамма хоналар ОУ-2 1 та 50 ОУ-5 1 та 100 ОП-10А 1 та — Қумли қути 0,5 куб метр ҳамма хоналар Белкурак 1 та ҳамма хоналар Асбест мато ёки намат 2×2 метр ҳамма хоналар
Эслатма: Ўт ўчиргичлар ГТП хонаси ичидаги эшик ёнида жойлаштирилади.
Углекислотали ўт ўчиргичлар ўрнига кукунли ўт ўчиргичлардан фойдаланиш мумкин.
12. ГТП хонасида мойли ва бошқа ёнувчан материалларни сақлаш тақиқланади.
13. ГТПлар жойлашган иморатлар ёки биноларга тақаб қурилган иншоотлар ишлаб чиқариш учун белгиланган А тоифа талабларига жавоб бериши лозим. Улар бир қаватли бўлиб, оловга чидамлилик тоифаси I ва II, оғирлиги 1 квадрат метр майдонга 120 килограмм бўлган енгил қопламали конструкция ва поли оғир ёнадиган, зарб берганда учқун чиқармайдиган материаллардан тайёрланган бўлади. Хоналарнинг эшиклари ташқарига очилади.
Тақаб қурилган хоналарда жойлашган ГТП бинодан ёнмайдиган, газ ўтказмайдиган яхлит девор билан ажратилади ва алоҳида чиқиш эшигига эга бўлади.
14. ГТП, ГТҚ эгаси бўлган ташкилотлар томонидан ҳар бир ГТП ва ГТҚнинг улардаги жиҳозлар, назорат-ўлчов асбоблари ва хоналарнинг асосий хусусиятлари кўрсатилган паспортлари тайёрланади.
Бундан ташқари, ГТПларда уларга хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан текшириш натижалари ёзиб қўйиладиган махсус журнал бўлади.
15. ГТП бино ичида жойлашган бўлса, хонанинг эшигида «Бегона шахсларнинг кириши тақиқланади» деган ёзув бўлиши талаб этилади.
16. ГТҚ ўрнатилган хона кенг бўлиши, ундаги жиҳозлар олдига эркин кириш имконияти бўлиши ва ҳар хил таъмирлаш ишларини бажариш учун бўш майдон бўлиши лозим.
17. ГТП хонаси табиий ҳамда портлашдан ҳимояланган сунъий ёритгичлар билан жиҳозланади.
18. ГТП хонаси уч каррали табиий ҳаво алмашинуви орқали шамоллатилади. Тоза ҳаво тешикли панжара орқали кириши, ҳавонинг чиқиши эса дарча ёки том ёпқичида ўрнатилган созланувчи дефлектор орқали амалга оширилади.
19. ГТП биноси қўшни объектларнинг яшинга қарши ҳимоя зонасига кирмаган ҳолатларда ГТП хонасининг яшинга қарши ҳимояси ўрнатилади. Агар ГТП биноси бошқа объектларнинг яшинга қарши ҳимояси зонасида жойлашган бўлса, унда фақат ерга уланган ҳимояловчи сим контурлари қилинади.
Газ хўжалигида хавфсизлик қоидаларига 5-ИЛОВА
Емирилишдан электр кимёвий усулда ҳимоялаш қурилмаларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни ташкил этиш
1. Ер ости пўлат газ қувурлари (кейинги ўринларда газ қувурлари деб аталади) ва СУГ сиғимларидан фойдаланишда емирилишдан ҳимоялашга қўйиладиган талабларига риоя қилиш талаб этилади.
Газ қувурларини электр кимёвий ҳимоя (кейинги ўринларда ЭКҲ деб аталади) қилиш воситаларидан фойдаланиш ва газ қувурларида потенциалларни даврий назорат қилиш ихтисослаштирилган ташкилотлар, хизматлар (гуруҳлар) ва лабораториялар томонидан олиб борилади.
2. Газ қувурларидаги электр потенциалларини ўлчаш ишлари ҳимоя воситалари ишлайдиган жойларда — камида олти ойда бир марта, шунингдек, электрлаштирилган транспорт воситаларининг электр таъминоти тизимидаги иш режимини ўзгариши натижасида ҳар гал емирилиш шароитларининг ўзгариши, газ қувурлари, дайди токлар манбалари тармоқлари ва бошқа ер ости металл иншоотлари ривожланиши билан амалга оширилади.
3. Газ қудуқларидаги газ қувурлари потенциаллари фақат фойдаланувчи ташкилотнинг вакили иштирокида хавфсизлик талабларига амал қилинган ҳолда ўлчанади.
4. ЭКҲ қурилмаларидан фойдаланувчи ташкилот ҳимоя қурилмаларининг бузилиши ёки ишдан чиқишининг олдини олишга қаратилган техник хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлаш тизимини ишлаб чиқади ва амалга оширади.
Ҳимоялаш қурилмалари ишидаги бузилишлар тезлик билан бартараф этилади.
5. Электр қурилмаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш муддатларини уларни ишлаб чиқарувчи завод белгилайди. Бунда телемеханик назорат воситалари билан жиҳозланмаган ЭКҲ қурилмаларини техник кўрикдан ўтказиш ишлари:
дренажли қурилмаларда — ойига камида тўрт марта;
катодли қурилмаларда — ойига икки марта;
протектор қурилмаларда — олти ойда бир марта олиб борилади.
6. ЭКҲ қурилмаларининг созлиги ва ишга яроқлилиги йилига камида икки марта, шунингдек, амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳолатларда текширилади.
7. Фойдаланилаётган газ қувурларини ҳимоялаш ишларини бажарувчи ташкилотда газ қувурларининг харита-чизмалари, бу хариталарда ЭКҲ қурилмалари, назорат-ўлчов пунктлари, тупроқнинг емириш хусусиятлари ва дайди токлар манбалари ҳақидаги умумлаштирилган маълумотлар ҳамда газ қувурлари емирилиш ҳолати ва ҳимоя иши самарадорлигининг ҳар йиллик таҳлили мавжуд бўлади.
8. Емирилиш жиҳатидан хавфли зоналар аниқланганда газ таъминоти ташкилоти уларни бартараф этиш чора-тадбирларини белгилайди. Мазкур ишларни бажариш муддатлари газ қувурларини ҳимоялаш ишларини олиб борувчи ташкилот томонидан фойдаланиш шароити инобатга олинган ҳолда аниқланади. Агар емирилиш жиҳатидан хавфли бўлган зоналарни бартараф этиш ишлари белгиланган муддатларда бажарилмаса, газ қувурлари ишлатилаётган газ тармоғидан узиб қўйилади.
Газ таъминоти ташкилотлари емирилиш жиҳатидан хавфли зоналарни бартараф этиш учун газ қувурларидан хавфсиз фойдаланишни таъминловчи қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.
9. Газ қувурларининг емирилишдан шикастланиш сабабларини улардан фойдаланувчи ташкилотлар (тармоқ эгалари) аниқлайди. Қувурларнинг емирилиши натижасида тешилиши ҳар бир ҳолатда улардан фойдаланувчи ташкилотларда тузилган комиссия томонидан текширилади.
10. ЭКҲ қурилмаларидан фойдаланганда уларнинг созлиги ва ишга яроқлилиги текширилиб, даврий техник кўрикдан ўтказилади.
11. ЭКҲ қурилмаларининг созлиги ва ишга яроқлилиги ҳар олти ойда камида бир маротаба текширувдан ўтказилади.
Шунингдек, қурилмаларнинг ишлаш параметрлари ҳар гал ўзгарганда (анод ерланиши оқим қаршиликларини ўзгаришида ва ҳ.к.), ёндош иншоотларда ЭКҲ воситалари ўрнатиш билан боғлиқ бўлган емирилиш шароитлари ўзгарган ҳолатларда, ҳимоя таъсири зонасида қувурлар тизими конфигурацияси ўзгарганда ва янги ер ости иншоотлари ўрнатилганда текширилади.
12. Газ қувурларининг ЭКҲ самарадорлиги ҳимояланаётган тармоқларнинг таянч нуқталарида (ЭКҲ қурилмаси ўрнатилган нуқтада ва уни ташкил этган ҳимоя чегарасида) потенциалларни ўлчаш орқали аниқланади.
Ўлчашга қулай бўлиш мақсадида газ қувурларининг бинога кириши ва бошқа элементлари ҳамда уланиш учун назорат-ўлчов пунктларидан фойдаланиш мумкин.
13. Аввал ҳимоя талаб қилмаган газ қувурлари участкаларида дайди токларнинг хавфли таъсир қилишини аниқлаш учун электр потенциалларни ўлчаш ишлари барча нуқталарда икки йилда бир маротаба, шунингдек, емирилиш шароитлари ҳар гал ўзгарганда амалга оширилади.
14. Ҳимояловчи фланецли уланишнинг созлиги ўн икки ойда камида бир маротаба текширилади.
15. Ер ости ва ер усти газ қувурлари бир-бири билан электрдан ҳимояловчи ускунали фланецлар орқали уланади.
Газ хўжалигида хавфсизлик қоидаларига 6-ИЛОВА
Авария вазиятларининг олдини олиш ва бартараф этиш ишларини ташкил этиш
1. Аҳоли пунктларидаги газ таъминоти ташкилотларида аварияларнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун дам олиш ва байрам кунларини инобатга олган ҳолда кечаю-кундуз ишлайдиган, авария диспетчерлик хизматлари (кейинги ўринларда АДХ деб юритилади), уларнинг филиаллари ва постлари ташкил этилади. АДХ ва уларнинг филиаллари штатлари, моддий-техник таъминоти, шунингдек, техник ва оператив-фойдаланиш ҳужжатлари газ таъминоти ташкилотлари томонидан белгиланади ва юқори турувчи ташкилотлар томонидан тасдиқланади.
2. Таркибида АДХ мавжуд бўлмаган фойдаланиш бўлимлари, уларга тегишли ёрдам кўрсатиш учун мавжуд АДХга ёки уларнинг энг яқин жойлашган филиалига (газ таъминоти ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан) бириктирилади.
Ушбу бўлимларда авариявий ишлар газ хўжалиги ташкилотлари АДХнинг раҳбарлиги, назорати ва ёрдамида бўлим ходимлари томонидан бажарилади.
3. Газ таъминоти тизимларидан фойдаланадиган ташкилотлар, авария ишларини ўзларининг газ хизмати кучлари ва воситалари билан амалга оширадилар.
Ўзларининг газ хизмати мавжуд бўлган ташкилотларнинг авария чақирувларига кўра газ таъминоти ташкилотларининг АДХлари аварияларнинг олдини олишда ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этади ҳамда уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатади.
4. Авария ҳолатларининг олдини олиш ва бартараф этиш бригадаларининг фаолияти уларнинг тегишли режасида ҳамда ҳар бир ташкилот томонидан маҳаллий шароитни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган, турли ташкилотларнинг тегишли хизматлари билан биргаликда ишлаш режасида белгиланади.
Режаларни ишлаб чиқиш, ўз вақтида уларга қўшимча ва ўзгартишларни киритиш, уларни қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш (уч йилда камида бир марта) учун жавобгарлик газ таъминоти ташкилотининг раҳбари зиммасига юкланади.
5. Ҳар бир ташкилотда авария бригадалари билан қуйидаги муддатларда амалий машғулотлар ўтказилиб, ишчи-ходимларнинг тезкор хатти-ҳаракатларига баҳо берилади:
аварияларнинг олдини олиш ва бартараф этиш режаси бўйича ҳар бир бригада учун режадаги мавзуга оид — ҳар олти ойда камида бир марта;
турли ташкилотларнинг тегишли хизматлари билан биргаликда ишлаш режалари бўйича — йилига камида бир марта.
Машғулотлар ҳақиқий шароитга мумкин қадар яқинлаштирилган ҳолда ўтказилади ва газ таъминоти ташкилотининг махсус журналида қайд қилинади.
6. АДХга тушган барча талабномалар махсус журналда қайд қилиб борилади. Журналда талабнома келган вақт, қисқа мазмуни, мурожаат қилувчининг манзили, фамилияси, исми, шарифи, авария бригадаси чиқиб кетган ва манзилга етиб борган вақт ҳамда шикастланишлар тури ва бажарилган ишлар кўрсатилади.
Талабномаларнинг ўз вақтида бажарилиши ва ишлар ҳажми газ таъминоти ташкилотининг раҳбари томонидан мунтазам равишда назорат қилиб борилади.
7. Газ мавжудлиги ҳақида талабнома олган диспетчер, талабнома берувчига зарур хавфсизлик чораларини кўриш ҳақида тушунтириш беради.
8. Авариялар ҳақидаги талабномаларни бажариш ишларини ташкил қилишга АДХ бригадаси авария юз берган жойга 40 дақиқадан кўп бўлмаган вақтда етиб бориши зарур. Портлаш, ёнғин, хоналарнинг газланганлиги ҳақидаги хабарномалар бўйича АДХ бригадаси авария жойига 5 дақиқа ичида чиқиб кетиши лозим.
9. Ташқи газ қувурларида юз берган аварияларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун махсус автомашинада чиқиб кетаётган авария бригадасида йўналиш хариталари ва зарурий ижро-техник ҳужжатлар (газ қувурининг планлари, жойлашган ўрни, ўлчами, пайванд чоклар схемалари) бўлиши талаб этилади.
10. Авария автомашиналари қуйидагилар билан жиҳозланади:
ер ости ва ер усти газ қувурлари, улардаги жиҳозларнинг чизмалари — 1 тўплам;
асбоблар учун қути — 1 та;
углекислотали ўт ўчиргичлар — 2 та;
кукунли ўт ўчиргичлар — 2 та;
газ сизиб чиқишини аниқловчи асбоб — 1 та;
узунлиги 4 метргача бўлган йиғма нарвон — 1 та;
йўл белгилари тўплами — 1 комплект;
индивидуал ҳимоя воситалари тўплами — 2 та;
асбест намат — 5-6 квадрат метр;
тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур дори-дармонлар билан таъминланган қутича — 1 та;
шланг узунлиги 10 ва 20 метрли противогазлар — 2 та;
челаклар — 3 та;
ҳар хил ўлчамлардаги болтлар ва гайкалар — 20 та;
ҳар хил қалинликдаги паронитлар — 4 та;
учли белкураклар — 3 та;
кетмонлар — 2 та;
ломлар — 2 та;
қора металли кувалда — 1 та;
қувурлар қопқоғини очиш учун илгаклар — 2 та;
ҳар хил ўлчамлардаги газ калитлари — 2 тўплам;
графитли сурувчи мой — 0,5 килограмм;
дурадгорлик катта болтаси — 1 та;
ҳар хил ўлчамдаги чилангарлик зубилалари — 4 та;
гайка калитлари тўплами — 2 та;
ташқи ва ички калитлар тўплами — 2 та;
қора металли болға — 2 та;
қўл билан бурғулаш қурилмаси тўплами — 2 та;
суюқлик манометрлари — 2 та;
пружинали манометрлар — 2 та;
хўжалик совуни — 2 та;
супурги — 1 та;
каскалар — 5 та;
ҳар хил эговлар тўплами — 1 та;
2 квадрат метрдан кам бўлмаган қопли мато — 2 та;
арра — 2 та;
металл кесадиган пичоқ — 1 та;
2 квадрат метрдан кам бўлмаган резинали прокладкалар — 2 та;
ҳар хил ўлчамлардаги конусли тахта тиқинлар — 6 та;
ҳар хил ўлчамлардаги металл тиқинлар — 10 та;
диаметри 10 миллиметр бўлган сальникли зичлагичлар — 5 метр;
диаметри 50 миллиметрдан 700 миллиметргача бўлган металл бандажлар — ҳар бири 1 тўпламдан;
15 миллиметрдан 50 миллиметргача бўлган сгонлар тўплами — ҳар бири 5 тадан;
ҳар хил диаметрдаги тирсаклар — 5 та;
чўнтак фонарлари — 5 та;
арқон — 20 метр.
11. Авария бригадасининг авария юз берган жойга ўз вақтида етиб боришига ҳамда аварияларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш режасига мувофиқ ишларнинг бажарилиши учун АДХ раҳбари жавоб беради.
Авария машиналаридан бошқа мақсадларда фойдаланиш ва АДХ ходимларини лавозим йўриқномасидан бошқа ишга жалб қилиш тақиқланади.
12. Ертўлалар, туннеллар, коллекторлар, йўлак (подъезд)лар, бинонинг биринчи қаватидаги хоналарда табиий газнинг ҳажмий миқдори 1 фоиздан ёки СУГнинг миқдори 0,4 фоиздан ортиқлиги аниқланганда газ қувурлари таъминот тизимидан зудлик билан узиб қўйилади ва хавфли жойдан одамларни эвакуация қилиш чоралари кўрилади.
13. Шикастланган газ қувурига (газ сизиб чиқишини вақтинча тўхтатиб туриш учун) бу жойни мунтазам назорат қилиб туриш шарти билан бандаж ёки хомут ўрнатишга рухсат этилади.
Бандаж ва хомутлар ўрнатилган ер ости газ қувурларини кўмиш тақиқланади.
Ички газ қувурларида бандаж ёки хомутнинг туриш муддати бир сменадан (8 соатдан) ошмаслиги керак.
14. АДХ портлаш, ёнғин ва заҳарланишлар содир бўлиши эҳтимолининг олдини олиш бўйича барча зарурий чора-тадбирлар кўрилгандан кейин авариялар ёки авария ҳолатларини бартараф этиш ишларини газдан фойдаланиш хизматларига топшириши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 16 март,
226-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
qoidalari
Gaz xoʻjaligida xavfsizlik qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Oʻz kuchini yoʻqotayotgan umummajburiy idoraviy hujjatlarning oʻrniga yangi normativ-huquqiy va boshqa hujjatlarni tayyorlash boʻyicha chora-tadbirlar rejasini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2018-yil 16-iyuldagi 538-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Gaz xoʻjaligida xavfsizlik qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
3. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgandan keyin kuchga kiradi.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi raisining birinchi oʻrinbosari B.V. Gulyamov zimmasiga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Yoqilgʻi-energetika sohasi va sanoatning bazaviy tarmoqlarini rivojlantirish masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 16-martdagi 226-son qaroriga ILOVA
Gaz xoʻjaligida xavfsizlik
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu qoidalar aholi punktlarida joylashgan gaz taʼminoti tizimida, sanoat korxonalarining, qishloq xoʻjaligi korxonalarining va kommunal-maishiy soha tashkilotlarining (keyingi oʻrinlarda tashkilotlar deb ataladi) gaz quvurlariga qoʻyiladigan xavfsizlik talablarini belgilaydi.
2. Mazkur Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
avariya — inshootlar va (yoki) xavfli ishlab chiqarish obyektlarida qoʻllaniladigan texnik qurilmalarning buzilishi, nazorat qilib boʻlmaydigan portlash va (yoki) xavfli moddalarning chiqishi;
blokirovkalovchi qurilma — tashqi taʼsir natijasida xavfsizlik talablari buzilgan holatlarda yoki texnologik rejim buzilgan vaqtlarda gazni yoki texnologik qurilmani ishga tushirish imkonini bermaydigan uskuna;
gazdan xavfli ishlar — gazlangan muhitda yoki gaz chiqish ehtimoli mavjud gaz quvurlarida, sigʻimlarda va agregatlarda bajariladigan va buning oqibatida insonlar zaharlanishi, gaz alangalanishi va portlash sodir boʻlishi mumkin boʻlgan ishlar;
gaz — yoqilgʻi sifatida foydalanish uchun konlardan qazib olinadigan tabiiy gaz, neft gazi, gaz va neftni qayta ishlovchi sanoat korxonalari tomonidan ishlab chiqariladigan gazlar;
gaz quvurlari — muhiti gaz boʻlgan quvur oʻtkazgichlar;
gazni tartibga solish punkti (GTP) va gazni tartibga solish qurilmasi (GTQ) — gaz taqsimlash tarmoqlaridagi gaz bosimini pasaytirish va uni belgilangan darajada saqlab turish uchun moʻljallangan texnologik qurilma;
gaz xizmati — tashkilotlarda gazdan xavfsiz foydalanishni taʼminlash uchun gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlari egalari tomonidan tashkil etilgan tarkibiy boʻlinma;
gaz xoʻjaligi — tashkilot hududidagi gazlashtirilgan yordamchi ishlab chiqarish va maʼmuriy-maishiy binolarning gaz jihozlari, gaz quvurlari, suyultirilgan uglevodorod gazi qurilmalari, gaz quvurlaridagi inshootlar, elektr kimyoviy yemirilishdan himoyalash vositalari, GTP va GTQlar;
gaz taʼminoti tashkiloti — texnik meʼyorlar va yongʻin xavfsizligi qoidalariga rioya qilgan holda tabiiy gaz va suyultirilgan gazni qabul qilish, taqsimlash va isteʼmolchilarga yetkazib berishni taʼminlovchi tashkilot;
gaz xoʻjaligi texnik qurilmalari — gazdan yoqilgʻi sifatida foydalaniladigan ishlab chiqarish pechlari, qozonlari, gaz generatorlari, suyultirilgan uglevodorod gazi qurilmalari va boshqalar;
gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlari — tashkilot hududida joylashgan gazlashtirilgan yordamchi ishlab chiqarish va maʼmuriy-maishiy binolarning gaz jihozlari, gaz quvurlari, suyultirilgan uglevodorod gazi qurilmalari, gaz quvurlaridagi inshootlar, elektr kimyoviy yemirilishdan himoyalash vositalari, GTP va GTQlar;
gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarining egalari — tasarrufida gaz xoʻjaligi tizimi obyektlari boʻlgan tashkilotlar;
gazning xavfli konsentratsiyasi — gazni eng pastki alangalanish chegarasining 20 foizidan oshadigan havo tarkibidagi konsentratsiyasi (gazning hajmli ulushi);
gaz taʼminoti tizimi — gaz taqsimlash stansiyasidan isteʼmolchilarga yetib boradigan gaz quvurlari, suyultirilgan uglevodorod gazi qurilmalari, gaz quvurlaridagi inshootlar va elektr kimyoviy yemirilishdan himoyalash vositalari, sanoat korxonalarining gaz jihozlari, GTP va GTQlar;
insident — xavfli ishlab chiqarish obyektlarida ishlatiladigan texnik uskunalarning shikastlanishi yoki toʻxtashi, texnologik jarayon rejimidan chetga chiqishi, qonunchilik hujjatlarida boʻlgan, shuningdek, sanoat xavfsizligi sohasidagi meʼyoriy texnik hujjatlardagi talablarning buzilishi;
ixtisoslashtirilgan tashkilotlar — asosiy faoliyat turi gaz taʼminoti tizimlarini loyihalash, qurish (montaj qilish), taʼmirlash, qayta qurish, ishga tushirish-sozlash, foydalanish va putur yetkazmaydigan nazorat qilish bilan bogʻliq boʻlgan ishlarni amalga oshiruvchi tashkilotlar;
kommunal-maishiy soha tashkilotlari — ovqat tayyorlash, isitish yoki issiq suv taʼminoti maqsadida yoqilgʻi sifatida tabiiy gazdan foydalanuvchi, 1 ta gaz uskunasining yillik gaz sarfi 100000 kub metrdan yuqori boʻlgan tashkilotlar yoxud hajmi 150 litrdan ortiq boʻlgan suyultirilgan uglevodorod gazidan foydalanuvchi tashkilotlar;
maishiy gaz balloni — suyultirilgan uglevodorod gazini saqlash, tashish va undan foydalanish uchun moʻljallangan yopqich moslamali payvandlangan poʻlat ballon, ortiqcha bosimi 1,6 megapaskal (bir kvadrat santimetrda 16 kilogramm)dan yuqori boʻlmagan sigʻim;
maishiy gaz asboblari — gazdan yoqilgʻi sifatida va ijtimoiy ehtiyojlar uchun foydalaniladigan gaz plitalari, suv isitish qozonlari va pechlar;
pech va dudburonlarni qurish va koʻrikdan oʻtkazish xizmati (keyingi oʻrinlarda Dudburonlar xizmati deb ataladi) — tegishli dalolatnoma tuzgan holda pechlarni qurish, montaj qilish va taʼmirlash, shuningdek, dudburonlar, shamollatish kanallarini koʻrikdan oʻtkazish, tozalash va nosozliklarni bartaraf etish ishlari bilan shugʻullanuvchi ixtisoslashgan tashkilot;
sanoat korxonalari — yoqilgʻi sifatida tabiiy gazdan foydalanuvchi, 1 ta gaz uskunasining yillik gaz sarfi 100000 kub metrdan yuqori boʻlgan ishlab chiqarish xarakteriga ega va ega boʻlmagan yoxud yiliga 150 litrdan ortiq suyultirilgan uglevodorod gazidan foydalanuvchi isteʼmolchilar;
signalizatsiya — nazorat qilinadigan parametrlarning yuqori va quyi oʻlchamlarga yetish holatlarida ovoz yoki yorugʻlik yordami bilan xabar berilishini taʼminlaydigan uskuna;
suyultirilgan uglevodorod gazi (SUG) — tabiiy gaz, neft va gaz kondensatini qazib olishda va qayta ishlashda olinadigan, asosiy komponentlari propan va butan boʻlgan gaz;
texnik xizmat koʻrsatish — mahsulot (texnik qurilma)dan maqsadli foydalanish, saqlash va yetkazib berishda uning ish quvvati yoki sozligini saqlab turish boʻyicha bajariladigan operatsiyalar kompleksi yoki yakka operatsiya;
tashqi gaz quvuri — kiruvchi gaz quvuridan oldin oʻrnatilgan oʻchiruvchi moslamagacha boʻlgan yer osti va yer ustidan yoki binoning kirish joyidagi gʻilofgacha boʻlgan yer ostidan oʻtkazilgan gaz quvuri;
taʼmirlash — gaz quvurlari va unda oʻrnatilgan inshootlarning sozligi yoki ish quvvatini tiklash hamda uning resurslarini yoki asosiy qismlarini tiklash boʻyicha bajariladigan operatsiyalar kompleksi;
qishloq xoʻjaligi korxonalari — issiqxona, konserva yoki qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini qayta ishlab chiqaruvchi yoqilgʻi sifatida tabiiy gazdan foydalanuvchi, 1 ta gaz uskunasining yillik gaz sarfi 100000 kub metrdan yuqori boʻlgan ishlab chiqarish xarakteriga ega va ega boʻlmagan yoxud yiliga 150 litrdan ortiq suyultirilgan uglevodorod gazidan foydalanuvchi isteʼmolchilar.
3. Mazkur Qoidalar yoqilgʻi sifatida foydalaniladigan bosimi 1,2 mega-paskaldan yuqori boʻlmagan tabiiy gaz va bosimi 1,6 megapaskaldan yuqori boʻlmagan SUG bilan taʼminlash tizimlarini loyihalash, qurish va ulardan foydalanishda qoʻyiladigan talablarni belgilaydi.
Qoidalar quyidagilarga tatbiq qilinadi:
aholi punktlarida joylashgan gaz taʼminoti tizimiga;
sanoat korxonalarning, qishloq xoʻjaligi korxonalarining va kommunal-maishiy soha tashkilotlarining gaz quvurlari hamda ulardagi qurilma va jihozlarga.
4. Qoidalar:
turar joylar va ulardagi ichki gaz quvurlari va gaz jihozlariga;
gazni xomashyo sifatida ishlatuvchi kimyo, neft-kimyo, neft va gazni qazib chiqarish hamda neft va gazni qayta ishlash sanoat korxonalarining texnologik gaz quvurlari va gaz jihozlariga;
qora metallurgiya mahsulotlari ishlab chiqaruvchi sanoat korxonalarining gaz xoʻjaliklariga;
gaz bilan ishlayotgan tajriba va eksperimental agregatlar va qurilmalarga;
avtomobil va temir yoʻl transporti, daryo, dengiz va havo kemalarining gaz jihozlari, shuningdek, gazdan foydalanadigan koʻchma qurilmalariga;
gaz-havo aralashmalarining portlash kuchidan foydalanuvchi yoki himoya gazlari olishga moʻljallangan qurilmalarga tatbiq etilmaydi.
5. Muhandis-texnik xodimlar uchun bilimlarni sinovdan oʻtkazish 3 yilda bir marta, ishchi-xodimlar uchun esa bir yilda kamida bir marta amalga oshiriladi.
6. Poʻlat va polietilen gaz quvurlarini payvand qilish ishlarini bajarish texnik oʻquv kurslarida oʻqitilgan va attestatsiyadan oʻtkazilgan payvandchilarga ruxsat etiladi.
7. Gaz jihozlari, texnik qurilmalar, gaz quvurlaridan foydalanish va sozlash, qurish, avtomatik himoya va signalizatsiya tizimlari, elektr kimyoviy himoya qilish vositalari, shuningdek, gazda ishlovchi qurilma va asboblardan foydalanish bilan band boʻlgan ishchilar mustaqil ishga qoʻyilishidan oldin tajribali ishchilar rahbarligida kamida oʻn kunlik ish amaliyotidan oʻtadilar.
2-bob. Loyihalash va qurish
8. Gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarini loyihalash ishlari qonunchilikda belgilangan tartibda litsenziyaga ega boʻlgan, ixtisoslashtirilgan loyihalash tashkilotlari tomonidan bajariladi.
9. Shaharlar, aholi yashash punktlari va gaz isteʼmolchilarining gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarini loyihalashtirishda gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan gaz bilan uzluksiz va xavfsiz taʼminlashni, shuningdek, sanoat korxonalarining gaz xoʻjaligi tizimlarini tezkorlik bilan oʻchirish imkoniyatini taʼminlashi shart.
10. Gaz taʼminoti tizimlarini qurish va oʻrnatishga oid loyiha hujjatlari shaharsozlik normalari va qoidalari, shuningdek, amaldagi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga mos boʻlishi lozim.
Gaz xoʻjaligidagi tabiiy gazdan yoqilgʻi sifatida foydalanuvchi texnik qurilmalarni loyihalashda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqligini tasdiqlovchi hujjatlarga ega boʻlgan gaz signalizatorlari tomdagi va operatorsiz qozonxonalarga oʻrnatilishi shart.
Gaz xoʻjaligidagi suyultirilgan uglevodorod gazidan yoqilgʻi sifatida foydalanuvchi texnik qurilmalarni loyihalashda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqligini tasdiqlovchi hujjatlarga ega boʻlgan gaz signalizatorlari quyidagi obyektlarda oʻrnatilishi mumkin:
hajmi 150 litrdan ortiq boʻlgan ballonli qurilmalar guruhiga;
avtonom tizimli gaz taʼminotiga;
suyultirilgan uglevodorod gazidan foydalanuvchi qozonxona va boshqa qurilmalarga.
Gaz signalizatorlari quyidagicha oʻrnatiladi:
tabiiy gazdan yoqilgʻi sifatida foydalanuvchi texnik qurilmalar oʻrnatilgan xonaning yuqori qismiga (xona shiftidan 30 santimetrdan ortiq pastda boʻlmasligi lozim);
suyultirilgan uglevodorod gazidan yoqilgʻi sifatida foydalanuvchi texnik qurilmalar oʻrnatilgan xonaning past qismiga (xona polidan 30 santimetrdan yuqori boʻlmasligi lozim).
11. Loyiha hujjatlari, berilgan texnik shartlarga mos ravishda ishlab chiqilganligi gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan tekshirilib, kelishilgan boʻlishi lozim.
12. Gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarini loyihalash, qurish, kengaytirish, qayta qurish, texnik jihatdan qayta jihozlash, konservatsiya qilish, tugatish va foydalanish Oʻzbekiston Respublikasining “Xavfli ishlab chiqarish obyektlarining sanoat xavfsizligi toʻgʻrisida”gi Qonunining 8-moddasiga muvofiq amalga oshiriladi.
13. Gaz taʼminoti tizimlarini qurishda payvandlash, izolyatsiyalash va boshqa qurilish-montaj ishlari shaharsozlik normalari va qoidalariga muvofiq amalga oshirilishi lozim.
14. Gaz jihozlari, uskunalari, asboblari va ularning qismlari, shu jumladan, chet eldan keltiriladiganlari, texnik reglamentlar yoki texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga mos kelishi va tasdiqlovchi tegishli hujjatlarga ega boʻlishi zarur.
15. Gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarida montaj, taʼmirlash va ishga tushirish-sozlash ishlarini bajarish uchun quyidagi faoliyat turlari boʻyicha qonunchilikda belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasidan (keyingi oʻrinlarda — Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi) ruxsatnoma olinishi lozim:
a) gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarining gaz quvurlari boʻyicha:
yuqori, oʻrta va past bosimli yer usti poʻlat gaz quvurlarini montaj qilish, taʼmirlash va ishga tushirish-sozlash faoliyatini amalga oshirish uchun ruxsatnoma bir yil muddatga beriladi;
oʻrta va past bosimli yer usti poʻlat gaz quvurlarini montaj qilish, taʼmirlash va ishga tushirish-sozlash faoliyatini amalga oshirish uchun ruxsatnoma bir yil muddatga beriladi;
yuqori, oʻrta va past bosimli yer osti poʻlat gaz quvurlarini montaj qilish, taʼmirlash va ishga tushirish-sozlash faoliyatini amalga oshirish uchun ruxsatnoma bir yil muddatga beriladi;
yuqori, oʻrta va past bosimli polietilen gaz quvurlarini montaj qilish, taʼmirlash va ishga tushirish-sozlash faoliyatini amalga oshirish uchun ruxsatnoma bir yil muddatga beriladi;
b) gaz isteʼmol qiluvchi gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlari boʻyicha:
gaz isteʼmol qiluvchi gaz xoʻjaligi obyektlarida ishga tushirish-sozlash faoliyatini amalga oshirish uchun ruxsatnoma bir yil muddatga beriladi;
gaz isteʼmol qiluvchi gaz xoʻjaligi obyektlarini ishga tushirish-sozlash ishlarini amalga oshirish uchun ruxsatnoma ikki oygacha muddatga beriladi;
v) gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarining texnik qurilmalari boʻyicha:
suyultirilgan uglevodorod gaz saqlanadigan bosim ostida ishlaydigan sigʻimlar hamda hajmi 150 litrdan yuqori boʻlgan ballonlar guruhini montaj qilish faoliyatini amalga oshirish uchun ruxsatnoma bir yil muddatga beriladi;
suyultirilgan uglevodorod gaz saqlanadigan bosim ostida ishlaydigan sigʻimlar hamda hajmi 150 litrdan yuqori boʻlgan ballonlar guruhini ishga tushirishdan oldin ulardan foydalanishga bir martalik ruxsatnoma beriladi.
Yuqorida qayd etilgan bir qancha faoliyat turlariga umumlashtirilgan bitta ruxsatnoma berilishi ham mumkin. Bunda uning amal qilish muddati har bir faoliyat turi uchun alohida belgilanadi.
16. Gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarining qurilish-montaj ishlari loyihaga asosan amalga oshirilishi lozim.
17. Gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarini qabul qilish komissiyasiga shaharsozlik normalari va qoidalari talablariga muvofiq tegishli tashkilotlar vakillari kiritiladi.
18. Buyurtmachi qabul komissiyasini ishlash sanasi va joyi haqida ishni boshlashdan kamida 5 kun oldin ogohlantirishi lozim.
19. Foydalanishga qabul qilayotgan komissiyaga qurilish sifatini qoʻshimcha tekshirish uchun yer osti gaz quvurining istalgan boʻlagini ochib koʻrish hamda qoʻshimcha xulosalar uchun qayta sinov oʻtkazish huquqi beriladi.
20. Qabul qilish komissiyasiga ijro-texnik hujjatlar taqdim etiladi.
21. Qurib bitkazilgan obyektlar shaharsozlik normalari va qoidalari talablariga muvofiq qabul qilinishi zarur.
22. Gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarining texnik qurilmalarini ishga tushirish-sozlash ishlari ixtisoslashtirilgan tashkilotlar tomonidan shaharsozlik normalari va qoidalari talablari boʻyicha bajarilishi kerak.
3-bob. Gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlaridan foydalanish
23. Ishga tushirish-sozlash ishlari bajarilmasdan gaz isteʼmol qiluvchi tashkilotlar gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlaridan foydalanishi mumkin emas.
24. Gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlaridan foydalanuvchi tashkilotlarga quyidagi vazifalar yuklanadi:
mazkur Qoidalar talablariga rioya qilish, gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarining soz holatda saqlanishini taʼminlash, shu jumladan texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash uchun kompleks chora-tadbirlarni bajarish hamda uch bosqichli nazorat tizimini olib borish;
ijobiy tibbiy xulosaga va malakasi yetarli boʻlgan xodimlarga ega boʻlish;
xodimlarni oʻz vaqtida tayyorlash, qayta tayyorlash va bilimlarini tekshirishni tashkil etish;
individual himoya vositalari bilan taʼminlash;
gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarida ishlarni xavfsiz olib borish uslubi va tartibini belgilovchi normativ-huquqiy hujjatlarga ega boʻlish;
sanoat xavfsizligi talablari boʻyicha ishlab chiqarish nazoratini oʻrnatish va tashkil etish;
nazorat tizimi va oʻlchov asboblarining boʻlishi va ishlashini taʼminlash;
avval qurilgan gaz xoʻjaligi tizimi obyektlariga mazkur Qoidalarning 10-bandiga muvofiq gaz signalizatorlari oʻrnatish va ularning ishlashini taʼminlash;
mazkur Qoidalarga muvofiq gaz jihozlari, uskunalari, inshootlari va gaz quvurlarining texnik holatini diagnostika qilish va texnik koʻrikdan oʻtkazishni taʼminlash;
gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarida sodir boʻlgan avariyalar, insident yoki baxtsiz hodisalar toʻgʻrisida mutasaddi organlarga belgilangan tartibda xabar berish;
avariya, insident yoki baxtsiz hodisalarning oldini olish va bartaraf etish boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshirish, mutasaddi organlarga ularning kelib chiqish sabablarini tekshirishda yordam koʻrsatish va ularni hisobga olish choralarini koʻrish.
Gaz xoʻjaligida ishlatiladigan oʻlchov asboblari Oʻzbekiston Respublikasi oʻlchov asboblari Davlat reyestriga kiritilishi, belgilangan tartibda tekshirilishi va tekshirish oʻtkazilganligini tasdiqlovchi hujjatga ega boʻlishi kerak.
25. Gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning huquqlari:
gaz bilan taʼminlovchi tashkilotlar, shuningdek, shartnoma asosida texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash ishlarini bajaruvchi tashkilotlar bilan aloqa qilish;
gaz taʼminoti tashkiloti bilan shartnomada koʻrsatilgan miqdorda belgilangan texnik meʼyorlar va yongʻin xavfsizligi talablariga rioya etgan holda tabiiy gaz va suyultirilgan gazni tomonlar oʻzaro kelishgan tartibga muvofiq uzluksiz yetkazib berilishini talab qilish;
shartnoma boʻyicha gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarini montaj qiluvchi, ishga tushirish-sozlash ishlarini bajaruvchi va taʼmirlovchi tashkilotlar ruxsatnomasi nusxasiga ega boʻlish;
gaz taʼminoti loyihalarini koʻrib chiqishda va gazlashtirilgan obyektlarni foydalanishga qabul qilib oluvchi komissiyalar ishida qatnashish.
26. Gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlariga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash ishlarini tashkil etish va bajarish tartibi mazkur Qoidalar hamda jihoz va agregatlarning texnik hujjatlari boʻyicha belgilanadi.
Gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlariga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash ishlari boʻyicha reja-jadval gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlariga ega tashkilotning rahbari tomonidan tasdiqlanadi.
Gaz jihoziga texnik xizmat koʻrsatish ishlari shartnoma asosida amalga oshiriladi.
Gaz jihoziga texnik xizmat koʻrsatish ishlari shartnoma asosida tashkilotlar rahbarlari bilan kelishilgan holda tasdiqlangan jadvallarga asosan bajariladi.
27. Gaz bilan kesish, payvandlash va gaz alangasi bilan ishlov berishning boshqa turlariga oid ishlar, shuningdek, boshqa manbalardan ochiq olovni qoʻllash ishlari mazkur Qoidalar talablariga asosan bajariladi.
28. Gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlaridan texnik foydalanish bilan shugʻullanuvchi shaxslar uchun lavozim, ishlab chiqarish, xavfsiz ishlash uslublari va yongʻin xavfsizligiga oid yoʻriqnomalar ishlab chiqilishi kerak.
Yoʻriqnomalar gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarining xususiyatlari, jihozni ishlab chiqargan zavod talablarini va ishlab chiqarishning aniq shartlarini hisobga olgan holda ishlab chiqiladi.
29. Lavozim yoʻriqnomasida rahbarlar va mutaxassislarning huquq va vazifalari aniq belgilanadi.
30. Ishlab chiqarish yoʻriqnomasi turli jarayonlarni bajarishning texnologik ketma-ketligi, bajariladigan ishlar sifatini tekshirish uslublari va hajmlarini oʻz ichiga oladi.
Gaz jihozlariga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlashdagi ishlab chiqarish yoʻriqnomalariga berkitish armaturasi va nazorat-oʻlchov asboblari oʻrnatilgan joylar koʻrsatilgan sxemalar ilova qilinadi.
Obyektlarda qayta qurish va texnik qayta jihozlash ishlarini amalga oshirish hamda texnologik jarayonni oʻzgartirish uchun jihozlar ishga tushirilgunga qadar ishlab chiqarish yoʻriqnomasi va texnologik sxema qayta koʻrib chiqiladi va tasdiqlanadi. Ushbu obyektlardan foydalanishga aloqador barcha ishchi-xodimlar amalga oshirilgan oʻzgarishlar tatbiq etilgunga qadar navbatdan tashqari yoʻriqnomadan oʻtkaziladi.
31. Yongʻin xavfsizligi chora-tadbirlari haqidagi yoʻriqnomalar yongʻin xavfsizligi qoidalari talablariga muvofiq ishlab chiqilishi kerak.
32. Tashkilotlar oʻzlari foydalanayotgan gaz quvurlari va gazlashtirilgan obyektlar qurilishiga oid loyiha va ijro hujjatlarini oʻzida saqlashni taʼminlaydi.
Koʻrsatilgan hujjatlar faqat gaz xoʻjaligi tashkilotlariga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash ishlarini bajarish holatlaridagina foydalanishga berilishi mumkin.
33. Har qaysi texnik qurilma va gaz quvuri uchun foydalanish pasporti tuzilib, unda asosiy texnik tavsiflar, shuningdek, amalga oshirilgan taʼmirlash ishlari boʻyicha maʼlumotlar koʻrsatiladi.
34. Har bir tashkilotda rahbar buyrugʻi bilan mazkur Qoidalar boʻyicha bilimi sinovdan oʻtkazilgan, rahbarlar yoki texnik maʼlumotga ega boʻlgan mutaxassislardan gaz xoʻjaligidan xavfsiz foydalanish boʻyicha javobgar shaxs tayinlanadi.
Bir necha sex (boʻlinma)larida gaz ishlatiladigan tashkilotlarda gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlaridan xavfsiz foydalanishga masʼul shaxsdan tashqari rahbar buyrugʻiga asosan tashkilotlarning alohida sexlari (boʻlinmalari)ga gaz xoʻjaligiga javobgar shaxslar tayinlanadi.
35. Gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlaridan oʻz kuchlari bilan foydalanadigan tashkilotlarda gaz xizmati tashkil etilishi mumkin. Gaz xizmatining vazifalari, tuzilmasi va uning soni tashkilot rahbari tomonidan belgilanadi va uning tegishli buyrugʻi bilan tayinlanadi.
36. Tashkilotlarning gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlaridan xavfsiz foydalanishga masʼul shaxsning vazifalari lavozim yoʻriqnomasida belgilab qoʻyiladi. Yoʻriqnomada:
gaz taʼminoti rejimining xavfsizligini taʼminlash;
gaz taʼminoti loyihalarini koʻrib chiqishda va gazlashtirilgan obyektlarni foydalanishga qabul qilib oluvchi komissiyalar ishida qatnashish;
sodir boʻlishi mumkin boʻlgan avariyalarning oldini olish hamda ularni bartaraf etish rejalari va yoʻriqnomalarini tuzish;
tashkilotlarning gaz xoʻjaligiga oid qoidalar, meʼyorlar va yoʻriqnomalar boʻyicha bilimlarni tekshiruvchi komissiyalar ishida ishtirok etish;
mutaxassislar va ishchilarni mustaqil ishlashga qoʻyishda ularning mazkur Qoidalar boʻyicha joriy etilgan tartiblarga amal qilishini tekshirish;
gaz quvurlari va jihozlaridan xavfsiz foydalanish va ularni taʼmirlashni muntazam nazorat qilib borish;
foydalanish va taʼmirlash vaqtida texnik hujjatlar toʻgʻri yuritilayotganini tekshirish;
sex (boʻlinma)larning gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlaridan xavfsiz foyda-lanishga javobgar shaxslariga yordam berish va ularning faoliyatini nazorat qilish;
eskirgan jihozlarni almashtirish va takomillashtirish boʻyicha reja-tadbirlar va dasturlarni ishlab chiqish;
mutaxassislar va ishchilar bilan avariyaga qarshi mashgʻulotlar oʻtkazishni tashkil etish;
Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi xodimlari tomonidan oʻtkaziladigan koʻrik va tekshiruvlarda ishtirok etish nazarda tutilgan boʻlishi kerak.
37. Tashkilotning gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlaridan xavfsiz foydalanilishiga javobgar shaxsga quyidagi huquqlar beriladi:
gaz bilan taʼminlovchi tashkilotlar, shuningdek, shartnoma asosida texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash ishlarini bajaruvchi tashkilotlar bilan aloqa bogʻlash;
qoidalar, meʼyorlar va yoʻriqnomalar boʻyicha bilimi sinovdan oʻtkazilmagan yoki qoniqarsiz deb topilgan shaxslarga gaz jihozlariga texnik xizmat koʻrsatish va gazdan xavfli ishlarni bajarishga ruxsat bermaslik;
mazkur Qoidalar talablarini buzayotgan shaxslarga intizomiy chora koʻrish haqida tashkilot rahbariga takliflar kiritish;
mazkur Qoidalar talablariga javob bermaydigan gaz qurilmalaridan foydalanishga ruxsat bermaslik;
mazkur Qoidalar talablariga javob bermaydigan gaz quvurlari va jihozlari ishini toʻxtatib qoʻyish;
sex (boʻlinma)larda gaz xoʻjaligi tizimlaridan xavfsiz foydalanishga masʼul shaxslar, gaz xizmati mutaxassislari va ishchilarini tanlashda ishtirok etish.
38. Aholi punktlarida joylashgan sanoat korxonalari, qishloq xoʻjaligi korxonalari va kommunal-maishiy soha tashkilotlarining gaz jihozlari va gaz quvurlariga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash ishlari shartnoma asosida, gaz taʼminoti tashkiloti yoki ixtisoslashtirilgan tashkilotlar tomonidan bajariladi.
39. Sanoat korxonalarining gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlaridan foydala-nish gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarining egasi hisoblangan tashkilotlar yoxud shartnoma boʻyicha ixtisoslashtirilgan tashkilotlar tomonidan amalga oshiriladi.
40. Yertoʻla va texnik pol ostilarini doimiy shamollatish va gazlanganligini gaz taʼminoti tashkilotlari tomonidan tekshirish uchun imkoniyat yaratish va yer osti muhandislik kommunikatsiyalarining kirish joy (nuqta)laridagi germetikligini taʼminlashga bino egalari javob beradi.
41. Tashqi gaz quvurlari va inshootlariga xizmat koʻrsatish va taʼmirlashni tashkil etish ushbu Qoidalarning 1-ilovasiga muvofiq olib boriladi.
Sanoat korxonalari gaz taʼminoti va ichki gaz quvurlari hamda gaz jihozlariga xizmat koʻrsatish va taʼmirlash ushbu Qoidalarning 2-ilovasiga muvofiq amalga oshiriladi.
Nazorat-oʻlchov asboblari, avtomatlashtirish va signalizatsiya tizimlariga xizmat koʻrsatish va taʼmirlash ushbu Qoidalarning 3-ilovasiga muvofiq bajariladi.
Gazni tartibga solish punkti va gazni tartibga solish qurilmasiga xizmat koʻrsatish va uni taʼmirlash ushbu Qoidalarning 4-ilovasiga muvofiq olib boriladi.
Yemirilishdan elektr kimyoviy usulda himoyalash qurilmalariga xizmat koʻrsatish va taʼmirlash ushbu Qoidalarning 5-ilovasiga muvofiq taʼminlanadi.
Avariya vaziyatlarining oldini olish va bartaraf etish ishlari ushbu Qoidalarning 6-ilovasiga muvofiq amalga oshiriladi.
4-bob. Avariyalar va baxtsiz hodisalarni tekshirish tartibi
42. Agar aholi punktlarida joylashgan gaz taʼminoti tizimida, sanoat korxonalarining gaz quvurlari, ulardagi qurilma va jihozlarda avariyalar va baxtsiz hodisalar sodir boʻlgan taqdirda tegishli komissiya tomonidan ularni tekshirish ishlari olib boriladi.
43. Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi vakili va baxtsiz hodisani tekshirish komissiyasi aʼzolari yetib kelgunlariga qadar tashkilot maʼmuriyati va avariya dispetcherlik xizmati, baxtsiz hodisa yoki avariya roʻy bergan vaziyat holatini, agar bu holat insonlarning salomatligi va hayotiga xavf solmasa hamda tashkilotning uzluksiz ish tartibi buzilishiga olib kelmasa, saqlab turishni taʼminlashlari kerak.
5-bob. Mazkur Qoidalar talablariga rioya qilinishi
44. Mazkur Qoidalar talablari bajarilishi yuzasidan davlat nazorati Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi Davlat yongin xavfsizligi xizmati, “Oʻzenergoinspeksiya”, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, shuningdek, boshqa vakolatli davlat organlari tomonidan oʻz vakolatlari doirasida amalga oshiriladi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
45. Ushbu Qoidalarning talablari buzilishiga yoʻl qoʻygan (nosozlikka yoki odamlar bilan baxtsiz hodisa yuz berishiga olib kelganligi-kelmaganligidan qatʼiy nazar) gaz quvurlari va gaz jihozlaridan foydalanuvchi tashkilotlar, loyihalash, qurilish-montaj, sozlash tashkilotlarining rahbarlari, muhandis-texnik va ishchi xodimlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Gaz xoʻjaligida xavfsizlik qoidalariga 1-ILOVA
Tashqi gaz quvurlari va inshootlariga xizmat koʻrsatish va taʼmirlashni tashkil etish
1. Gaz quvurlari orqali uzatiladigan tabiiy gaz texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq berilishi kerak.
2. Gaz taʼminoti tashkilotlari tomonidan tashqi gaz quvurlari va inshootlar hidning intensivligini aniqlash uslubiga muvofiq tekshiriladi.
Nazorat punktlari va gazdan namuna olish muddatlari gaz taʼminoti tizimi hamda gaz sarfiga koʻra belgilanadi. Tekshiruvlar natijalari maxsus jurnalda qayd etiladi.
3. Shahar va aholi yashaydigan joylardagi gaz tarmoqlarida bosim yiliga kamida ikki marotaba (qishda va yozda) gaz sarfi eng koʻp boʻlgan soatlarda va turli nuqtalarda gaz xoʻjaligi tashkilotlari tomonidan tekshiriladi.
Gaz taqsimlash stansiyalarining chiqishdagi gaz bosimi miqdori gaz taʼminoti tashkilotlari tomonidan loyihada belgilangan nominal darajada ushlab turiladi.
Tarmoqlardagi bosimni oʻlchash nuqta (punkt)larini gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarining egalari yoki ular tomonidan tashkil etilgan tarkibiy boʻlinmalar belgilaydi.
4. Gaz quvurlaridagi namlik va kondensat borligini tekshirish hamda ularni chiqarib tashlash ishlari, gaz quvurlarida kondensat toʻsiqlari paydo boʻlish ehtimolidan oldinroq gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan amalga oshiriladi.
Tekshirish muddatlarini gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarining egalari belgilaydi.
5. Gaz quvurlariga oʻrnatilgan berkitish armaturasi va kompensatorlarga har yili gaz xoʻjaligi tizimi obyektlari egasi tomonidan texnik xizmat koʻrsatiladi va zarur holatlarda taʼmirlanadi. Zulfinlar, joʻmraklar, kompensatorlar almashtirilganligi, shuningdek, mukammal taʼmirlashda bajarilgan ishlar haqidagi maʼlumotlar gaz quvurining pasportiga, texnik xizmat koʻrsatish haqida esa jurnalga yozib boriladi.
6. Ishlatilayotgan gaz quvurlari gaz xoʻjaligi tizimlari obyektlarining egasi tomonidan muntazam kuzatib boriladi, texnik holati tekshiriladi, joriy hamda mukammal taʼmirlanadi.
7. Tashqi gaz quvurlari va inshootlarining texnik holatini nazorat qilish belgilangan muddatlarda koʻrikdan oʻtkazish orqali olib boriladi.
8. Yer usti gaz quvurlarini tekshirish vaqtida gaz sizib chiqishi, tirgovuchlardan chetga surilganligi, tebranish borligi, egilganligi, gaz quvurining ruxsat etilmagan darajada egilishi, choʻkishi, tayanchlarning egilishi va shikastlanishi, himoya flanetslarining ulanishi, yopish moslamalarining holati, elektr oʻtkazgichlari tushib ketishidan himoyalash vositalari, gaz quvurlarining mahkam oʻrnatilganligi va boʻyalganligi koʻrib chiqiladi. Yer usti gaz quvurlarini koʻzdan kechirish uchun koʻrikdan oʻtkazish gaz taʼminoti tashkiloti ishchisi tomonidan har oyda bir marotaba amalga oshiriladi.
Aniqlangan nosozliklar bartaraf etilishi, gaz quvurlari boʻyoqlarining shikastlangan joylari qayta boʻyalishi kerak. Balandlikda joylashgan gaz quvurlarini taʼmirlashda koʻchma narvonlardan foydalanish taqiqlanadi.
9. Gaz taʼminoti tashkiloti ishchisi yer ostidagi gaz quvurlarini koʻzdan kechirish uchun koʻrikdan oʻtkazish vaqtida quyidagilarni bajarishi kerak:
gazni aniqlash maxsus asboblar yordamida yoki hidi hamda tashqi belgilarga qarab gaz sizib chiqayotganligi holatini aniqlash;
barcha quduqlar va nazorat naychalari, shuningdek, boshqa yer osti kommunikatsiyalarining quduq hamda kameralari, binolarning yertoʻlalari, shaxtalar, kollektorlar, yer osti oʻtish yoʻllari, gaz quvurining ikkala tomonida 15 metrgacha oraliqda joylashgan boʻlsa, gazni aniqlash maxsus asboblar yordamida nazorat qilinishi;
gaz inshootlarining devorlardagi koʻrsatkichlari va nishonlarining butunligi hamda ahvoli tekshirilishi;
gaz quduqlarining qopqoqlari qor, muz va ifloslanishlardan tozalanishi;
gaz quvuri trassasi oʻtgan joyda tuproq oʻpirilishi, erigan qor va yomgʻir suvlari bilan yuvilishining oldini olishni aniqlash maqsadida uning ahvoli koʻzdan kechirilishi;
gaz quvurining ikki tomonidan 15 metrgacha masofada olib borilayotgan qurilish ishlari nazorat qilinishi va gaz quvurlarining butunligini taʼminlashi va zararlanishdan saqlanishi.
10. Gaz quvurini tekshirayotgan ishchilar gaz quvuri trassasida gaz sizib chiqayotgani aniqlanganda bu haqda zudlik bilan avariya-dispetcherlik xizmati va obyektlarning egasi boʻlgan gaz taʼminoti tashkiloti rahbarlarini xabardor qiladi. Gaz quvuridan 50 metr radiusda joylashgan gaz toʻplanishi mumkin boʻlgan yertoʻlalar, binolarning birinchi qavatlari, quduqlar, kameralar va boshqa inshootlarni shamollatish va qoʻshimcha ravishda maxsus gazni aniqlovchi asboblar bilan tekshirish choralarini koʻradi.
Avariya brigadasi yetib kelgunga qadar bino ichidagi odamlarni tashqariga chiqarishi hamda ularni chekish, ochiq olov va elektr asboblaridan foydalanish mumkin emasligi haqida ogohlantiradi.
11. Yer ostidagi gaz quvurlarini tekshirish muddati gaz taʼminoti tashkiloti bosh muhandisi tomonidan belgilanib, tekshirish gaz quvurlarining texnik holati, ulardan qachondan beri foydalanilayotgani, yemirilish xavfi va elektr kimyoviy himoyalovchi vositalarning ishlash samaradorligi, gaz bosimi, yertoʻlalarning gazlanishi, gazanalizatorlarning mavjudligi, tuproqning holati, togʻ siljish va seysmik holatlar, joyning tafsiloti va undagi qurilmalarning joylashish zichligi, shuningdek, yil fasliga koʻra amalga oshiriladi.
12. Yer ostidagi gaz quvurlari trassalarini kamida ikki nafar kishidan iborat brigada koʻrikdan oʻtkazishi kerak. Aholi punktlarining qurilmalar boʻlmagan qismida, shuningdek, yoʻllarning transport yurmaydigan, gaz quvurlaridan 15 metr oraligʻida, quduqlar va boshqa yer osti kommunikatsiyalari boʻlmagan qismidagi gaz quvurlari trassalarini bir nafar ishchi koʻrikdan oʻtkazishi mumkin.
13. Yer ostidagi gaz quvurlarini tekshiruvchiga yoʻnalish xaritalari maxsus jurnalga imzo qoʻydirish orqali beriladi. Unda gaz quvurlari yoʻnalishlari sxemalari, gaz inshootlarining oʻrnatilgan joyi, binolar yertoʻlalari va gaz boʻlishi mumkinligi tekshiriladigan kommunikatsiyalarning quduqlari turgan joylar koʻrsatiladi. Gaz tarmoqlaridagi oʻzgarishlar boʻyicha yoʻnalish xaritalariga yil davomida tegishli oʻzgartirishlar kiritib boriladi. Birinchi marta tekshiruvga chiqayotgan ishchilar gaz quvurlari trassasi bilan toʻliq tanishtiriladi.
14. Yer osti gaz quvurini koʻrikdan oʻtkazish natijalari maxsus jurnalda qayd etiladi. Nosozliklar borligi aniqlangan taqdirda yoki oʻzboshimchalik bilan gaz quvurlarining himoya zonasida ishlar olib borilganda ishchi tomonidan oʻz rahbariga xabar beriladi hamda bildirishnoma taqdim etiladi.
15. Tashkilot hududidan oʻtuvchi yer osti gaz quvuri trassasi boʻylab har ikkala tomonidan 2 metr kenglikda joy ajratilgan boʻlishi va toʻsiqlar boʻlmasligi kerak. Ushbu hududda bino va inshootlar qurilishining normativ hujjatlar qoidalariga asosan bajarilishi talab etiladi.
16. Hududidan gaz quvuri tranzit usulida oʻtkazilgan tashkilot maʼmuriyati gaz taʼminoti tashkiloti ishchilariga uni koʻzdan kechirish va taʼmirlash ishlarini olib borish hamda avariya holatlarining oldini olish va bartaraf etish uchun imkoniyat yaratib beradi.
17. Gaz quvuridan 50 metr radiusda oʻtkazilgan yonma-yon yer osti kommunikatsiyalarining egalari ularda gaz yigʻilganligini tekshirish uchun quduqlar va kameralarning qopqoqlarini oʻz vaqtida qor, muz va iflosliklardan tozalab turilishini taʼminlaydi.
18. Foydalanishda boʻlgan yer osti gaz quvurlari ixtisoslashtirilgan tashkilotlarni jalb etgan holda putur yetkazmaydigan nazorat usuli bilan texnik tekshiruvdan oʻtkazib boriladi.
19. Yigirma besh yilgacha foydalanilgan yer ostidagi poʻlat gaz quvurlari 5 yilda kamida bir marta, yigirma besh yildan ortiq foydalanilganlari esa — 3 yilda kamida bir marta texnik tekshiruvdan oʻtkaziladi.
Mukammal taʼmirlash yoki almashtirish rejasiga kiritilgan poʻlat gaz quvurlari yiliga kamida bir marta tekshiruvdan oʻtkazilishi kerak.
20. Yer osti poʻlat gaz quvurlarini navbatdan tashqari maqsadli tekshiruvdan oʻtkazish ishlari payvand choklarining zichligi buzilganda yoki uzilganda, yemirilishdan himoyalovchi qoplamasi shikastlanganda — elektrdan himoyalovchi qurilmalari yil davomida:
daydi toklarning xavfli taʼsir etish zonalarida — bir oydan ortiq vaqt mobaynida ishlamaganda;
boshqa holatlarda, agar gaz quvurlari boshqa moslamalar bilan himoyalanmagan boʻlsa — 6 oydan koʻp vaqt mobaynida ishlamaganda oʻtkaziladi.
21. Yer osti poʻlat gaz quvurlarini texnik tekshirish vaqtida uning germetikligi, payvand choklarining sifati, yemirilish xavfi borligi, quvurlarning himoyalovchi qoplamasi hamda metallning holati tekshiriladi.
22. Quvur metalli holati gaz quvuridan foydalanish jarayonida himoyalash qobigʻini taʼmirlash yoki gaz sizib chiqishini bartaraf etish uchun qaziladigan barcha shurflarda aniqlanadi.
23. Yer osti poʻlat gaz quvurlari metall himoya qobigʻi holatini aniqlash maqsadida faqat himoyalash qoplamasi shikastlangan, shuningdek, asboblardan foydalanish putur yetkazmaydigan nazorat usuli bilan texnik tekshiruvni oʻtkazish qiyin boʻlgan holatlarda (quvurlar tepasida kamida 1,5 metr uzunlikda nazorat shurflari qazilib) tekshirish ishlari amalga oshiriladi.
Putur yetkazmaydigan nazorat usuli bilan texnik tekshiruv oʻtkaziladigan joylarda nazorat shurflari qaziladigan shurflar va ularning sonini gaz taʼminoti tashkiloti bosh muhandisi aniqlaydi. Hech qanday asbobsiz oddiy koʻz bilan tekshirish uchun yemirilish (zanglash) xavfi yuqori boʻlgan joylar, gaz quvurlari boshqa yer osti kommunikatsiyalari bilan kesishgan joylar, kondensat toʻplagichlar va gidrozatvorlar tanlanadi.
24. Yer osti gaz quvurlari germetikligini va gaz sizib chiqayotgan joylarini aniqlash ishlari quduqlarni burgʻulash va maxsus asboblar yordamida namunalar olish yoʻli bilan amalga oshiriladi.
25. Taqsimlovchi gaz quvurida quduqlarni burgʻulash ishlari gaz quvuri ulangan joylarda olib boriladi. Ulanish nuqtalarining joylashuvi koʻrsatilgan sxemalar boʻlmagan holatlarda kirish gaz quvurlarida quduqlarning oʻrni har ikki metr oraligʻida tanlanadi. Qishda burgʻulash chuqurligi tuproqning muzlash chuqurligidan kam boʻlmasligi, yilning boshqa fasllarida esa — quvurlar yotqizilgan chuqurlikka mos boʻlishi kerak. Quduqlar gaz quvuri devoridan kamida 0,5 metr narida qaziladi.
Gaz sizib chiqishini aniqlash uchun maxsus asboblardan foydalanilganda quduqlarni kamroq chuqurlikka va gaz quvurining oʻqi boʻylab qazishga ruxsat etiladi, bunda yer osti gaz quvurining ustidan qazilgan quduqqacha boʻlgan masofa 40 santimetrdan kam boʻlmasligi lozim.
26. Burgʻulangan quduqlarda gaz borligini aniqlash uchun maxsus asboblardan foydalaniladi. Quduqlarda gaz borligini aniqlash uchun ochiq olovdan foydalanish taqiqlanadi.
27. Gaz quvurlarining germetikligini qurilish meʼyoriy qoidalariga muvofiq siqilgan havo bilan tekshirishga ruxsat etiladi.
28. Polietilen gaz quvurlaridan foydalanuvchi tashkilot ularning zichligini yuqori darajada sezgir gaz aniqlovchi asboblar yordamida (imoratlar qurilgan joydagi qismi — yiliga kamida bir marta va asosan bahorda, imoratlar qurilmagan joydagi qismi esa — besh yilda kamida bir marta) texnik tekshiruvdan oʻtkazishi kerak.
29. Texnik tekshiruv natijalari asosida dalolatnoma tuzilib, unda aniqlangan kamchiliklarni hamda texnik holatni inobatga olgan holda gaz quvurini bundan keyin foydalanish mumkinligi, uni taʼmirlash yoki almashtirish zarurligi va muddatlari haqida xulosa beriladi. Texnik tekshiruv haqidagi dalolatnomani ushbu ishlarni bajargan tashkilot rahbari tasdiqlaydi.
30. Suv ostidan oʻtadigan gaz quvurlarini tekshiruvdan oʻtkazish ularning joylashgan oʻrni va himoya qobigʻi shikastlanganligini aniqlashdan iborat boʻladi. Bu ishlar kamida besh yilda bir marta amalga oshiriladi.
31. Gaz quvurlaridagi gaz sizib chiqishi avariya tartibida bartaraf etiladi. Binolar yertoʻlalari, bino poli osti, kollektorlar, yer osti oʻtish yoʻllari va galereyalarda xavfli miqdorda gaz toʻplanganligi aniqlanganda gaz taʼminoti zudlik bilan toʻxtatiladi. Nosozliklar bartaraf etilgunga qadar ulardan foydalanish taqiqlanadi.
32. Har kuni nazorat qilish sharti bilan tashqi gaz quvurlarida gaz sizib chiqish holatlarini vaqtinchalik (oʻn besh kungacha) toʻxtatish uchun xavfsizlik qoidalariga rioya etgan holda bandaj, yogʻoch ponasi, loyli bint yoki xomut oʻrnatishga ruxsat etiladi.
33. Uchma-uch ulangan gaz quvurlari shikastlanishi (uzilishi, yorilishi)ning uzunligi 200 millimetrdan kam boʻlmagan gʻaltakcha payvandlash yoki mufta oʻrnatish yoʻli bilan taʼmirlanadi.
Uchma-uch ulangan gaz quvurlarining boshqa nuqsonlari (shlakli ulanish, chala payvandlangan va ruxsat etilgan meʼyordan ortiqcha gʻovaklik) hamda quvur devori qalinligidan 30 foizdan yuqori boʻlgan chuqurchalar muftalar oʻrnatish yoʻli bilan kuchlantiriladi.
Gaz quvurlari va ularning armaturlarini taʼmirlash, yangi qurilgan gaz quvurlarini ishlab turgan gaz tarmoqlariga ulash ishlari bilan bogʻliq boʻlgan quvurlarni rejali oʻchirish hamda qayta gaz berish vaqti haqida isteʼmolchilarni kamida bir sutka oldin ogohlantiradi.
34. Yer osti poʻlat gaz quvurlariga ega tashkilot oʻz vaqtida ushbu quvurlar himoya qoplamasini taʼmirlaydi va keyingi yemirilishlarning oldini olish choralarini koʻradi. Daydi toklar taʼsir qiladigan joylarda yoki odamlar toʻplanishi mumkin boʻlgan binolar yaqinida joylashgan gaz quvurlari himoya qoplamasining nuqsonlari birinchi navbatda bartaraf etiladi.
35. Yer osti poʻlat gaz quvurlarini ulash va taʼmirlash davrida payvandlash, izolyatsiya qilish va ularning sifatini nazorat qilish ishlari qurilish meʼyoriy qoidalari talablariga muvofiq bajariladi.
36. Polietilen gaz quvurlari germetikligini taʼminlamayotgan shikastlangan qismlari, ajralmaydigan birikmali uzellari va ulanish detallari kesib tashlanadi va yangilanadi.
37. Yer osti gaz quvuridan 15 metr masofada qurilish, shu jumladan yer qazish ishlari faqat gaz taʼminoti tashkiloti bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi. Gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan yer osti gaz quvurlarining joylashish sxemasi bogʻlamlari bilan ilova qilinadi.
Yer qazish ishlarini amalga oshiruvchi tashkilot gaz taʼminoti tashkilotiga kelishish uchun ishlarni bajarish loyihasini taqdim etadi.
Agar gaz quvurlarining himoya zonasida qurilish ishlarining tegishli yozma ruxsatsiz olib borilayotganligi aniqlansa, foydalanuvchi tashkilot ishlarni toʻxtatish choralarini koʻradi.
38. Yer ostidagi gaz quvurlari trassasi yaqinida zarbali mexanizmlar va yer qazish texnikasini ishga tushirishdan oldin qoʻlda shurflar qazish yoʻli bilan quvurning qayerda joylashganligi aniqlab olinadi.
Yerni yumshatuvchi zarbali mexanizmlarni yer osti gaz quvuridan kamida 3 metr, vertikal oʻqidan sezilarli darajada ogʻishi mumkin boʻlgan mexanizm (shar, pona-baba va boshqa)lar esa kamida 5 metr masofada ishlatilishi mumkin.
Gaz quvurlarini mexanizmlar bilan kavlab ochishga quvurlarni joylashgan joyi va chuqurligi asboblar bilan aniqlangandan keyin ruxsat beriladi. Bunda gaz quvurining ustidagi tuproqning 200-300 millimetr qalinlikdagi oxirgi qatlamini qoʻlda belkuraklar yordamida, himoya qoplamasini saqlash choralariga rioya qilgan holda olib tashlanadi.
39. Yer ostidagi poʻlat gaz quvurlari mexanik ravishda shikastlanib, asosiy holatiga nisbatan siljib qolgan boʻlsa, gaz sizib chiqishini bartaraf etish ishlarini bajarish bilan bir vaqtda, gorizontal va vertikal boʻyicha shikastlangan joyining ikkala tomonidagi bittadan ulanish joylari ochilib, radiografik usulda tekshirilishi kerak. Gaz quvurining shikastlanishi natijasida choklari uzilganligi va yorilganligi aniqlansa, quvurning keyingi ulanish joyi qoʻshimcha kavlab ochiladi va radiografik usulda tekshiriladi.
Qurilish meʼyoriy qoidalarida ruxsat etilmagan choklar chala payvandlanganligi, gʻovaklar koʻpligi va yoʻl qoʻyilmaydigan boshqa nuqsonlar borligi aniqlanganda, payvand choklarining sifati navbatdan tashqari tekshiruvdan oʻtkaziladi.
40. Ishlayotgan yer osti poʻlat gaz quvuri yaqinida binolar, kanallar, kollektorlar va tonnellar qurilgan hamda gaz quvurlari ana shu muhandislik inshootlari bilan kesishgan holatlarda qurilish tashkilotlari tomonidan loyihada koʻrsatilgan talablar amalga oshiriladi.
41. Temir yoʻl va avtomobil yoʻllari bilan kesishish joylarida gaz quvurlari oldingi tekshiruv hamda taʼmirlash sanasidan qatʼiy nazar, yoʻl asosini kengaytirish va mukammal taʼmirlash paytida qayta tekshiriladi va zarur boʻlsa, taʼmirlanadi yoki almashtiriladi.
Gaz xoʻjaligidan foydalanuvchi tashkilotlar yoʻllarning taʼmirlanishi yoki kengaytirilishi toʻgʻrisida yerni kavlash ishlari boshlanishidan oldin xabardor qilinishi lozim.
Gaz xoʻjaligida xavfsizlik qoidalariga 2-ILOVA
Sanoat korxonalari va qishloq xoʻjaligi korxonalari gaz taʼminoti, ichki gaz quvurlari va gaz jihozlariga xizmat koʻrsatish va taʼmirlashni tashkil etish
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Gaz sizib chiqayotgan gaz jihozlaridan foydalanganda xavfsizlik avtomatikasi hamda oʻzboshimchalik bilan oʻrnatilgan jihozlar gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan isteʼmolchini ogohlantirmasdan gaz taʼminotidan uzib qoʻyiladi.
2. Gaz quvurlari oʻtkazilgan hamda gaz jihozlari va armaturalari oʻrnatilgan xonalarga xizmat koʻrsatuvchi xodimlar kirishi uchun imkoniyat yaratilishi kerak. Ulardan omborxona, ustaxona va boshqa maqsadlarda foydalanish taqiqlanadi.
Gaz quvurlariga yuk osish va ulardan tayanch konstruksiyalar hamda yerga ulagichlar sifatida foydalanish taqiqlanadi.
3. Himoya va nazorat asboblarini ulamasdan gaz jihozlarini ishlatish taqiqlanadi.
4. Ishlayotgan gaz jihozlarini doimiy nazoratsiz qoldirishga ruxsat etilmaydi.
5. Mavsumiy ishlaydigan gaz jihozlari isitish mavsumi yakunlangandan soʻng gaz taʼminoti tashkiloti tomonidan tarmoqdan tamgʻalash yoʻli bilan uzib qoʻyiladi. Nosoz va mavsumiy ishlaydigan gaz jihozlarining gaz quvuridan uzib qoʻyilganligi toʻgʻrisida dalolatnoma rasmiylashtiriladi.
6. Gaz jihozlarini boʻlaklarga ajratib taʼmirlashda hamda xona va binolarni toʻliq taʼmirlashda gaz quvurlari va jihozlari gaz taʼminoti tizimlaridan tiqinlar oʻrnatish orqali uzib qoʻyiladi.
2-bob. Sanoat obyektlariga qoʻyiladigan talablar.
2.1. Tabiiy gazga qoʻyiladigan talablar
7. Sanoat korxonalarining va qishloq xoʻjaligi korxonalarining gaz jihozlari oldiga gazdan xavfsiz foydalanish boʻyicha yoʻriqnoma ilib qoʻyiladi.
8. Sanoat korxonalarining va qishloq xoʻjaligi korxonalarining gaz jihozlari va gaz quvurlariga har yili bir marta texnik va uch marta profilaktik xizmat koʻrsatiladi.
Pechlarni qurish, montaj qilish va taʼmirlash, shuningdek dudburonlar, shamollatish kanallarini koʻrikdan oʻtkazish, tozalash va nosozliklarni bartaraf etish ishlarini bajarish uchun obyektning egasi tomonidan Dudburonlar xizmati jalb qilinadi.
9. Quyidagi holatlarda gaz jihozlaridan doimiy xizmat koʻrsatuvchi xodimlarsiz foydalanishga ruxsat etiladi:
gaz jihozlari xavfsizlik himoyasi va avtomatik tizim bilan jihozlanganda;
binoda gaz chiqishini aniqlaydigan asboblar mavjud boʻlib, ularning maʼlumoti doimiy navbatchi boʻladigan xonaga ulanganda;
gaz jihozlarini avariyaviy toʻxtatishga bogʻliq ishlarni bajaradigan, dispetcherga tezkor boʻysunadigan navbatchi xodimlar boʻlganda.
10. Himoya tizimi ishga tushirilganda quyidagi holatlarda gaz berilishi avtomatik tarzda toʻxtatiladi:
yondirgichlar oldida gaz bosimining koʻtarilishi yoki pasayishida;
dudburondagi havo soʻrishining pasayishida;
majburiy havo berish bilan jihozlangan qozon yondirgichlari oldida havo bosimi pasayganda;
qozon ishlab turganda yondirgichlar olovi oʻchib qolganda;
himoya tizimlarida nosozlik yuzaga kelganda;
oʻlchov vositalarida, avtomatik va oraliq boshqaruv qurilmalarida elektr toki berilishi toʻxtatilganda yoki uning kuchlanishi yoʻqolganda;
gazlanish sezilganda, gaz jihozlari va quvurlarda gaz sizib chiqishi holatlari aniqlanganda;
yondirgichlar oldidagi berkituvchi armaturalarni zichligi yoʻqolganda va saqlovchi qurilmalar ishdan chiqqanda.
Bundan tashqari, sanoat obyektlarida xizmat koʻrsatuvchi xodimlar tomonidan gaz berilishi quyidagi holatlarda zudlik bilan oʻchirilishi kerak:
gaz yoʻllaridagi portlash klapanlari oʻrnatilgan joylar zichligi buzilganda;
gaz ishlatuvchi qurilmalarning yondirgichlarida nosozliklar paydo boʻlganda;
nazorat-oʻlchov asboblari, avtomatik ishlaydigan va signalizatsiya vositalari nosoz holatga kelganda;
oʻtxona boʻshligʻida portlash yuz berganda, gaz portlaganda yoki gaz yoʻllaridagi yonuvchi qatlamlar yonganda;
berkitish armaturalarini masofadan boshqarish, himoya tizimlari hamda jihoz yoki ishchi xodimlarga xavf tugʻdiradigan yongʻin sodir boʻlganda;
gaz jihozlarida rejali ogohlantiruv taʼmirlash ishlari oʻtkazilayotganda.
11. Gaz jihozini (toʻxtatilgandan soʻng mazkur ilovaning 10-bandi talablariga muvofiq) ishga tushirish tartibi ishlab chiqarish yoʻriqnomasida belgilab qoʻyiladi. Bunda gazning berilishi nosozliklar bartaraf etilgandan keyin amalga oshiriladi.
12. Gaz jihozlarini taʼmirlashdan oldin ularning oʻtxonalari yoki gaz yoʻllarini taʼmirlash va koʻzdan kechirish, shuningdek, mavsumiy ishlaydigan qurilma gaz jihozlari, oʻt oldirish yondirgichlari, gaz quvurlari, gaz tarmogʻidan berkitish armaturalaridan keyin tiqin oʻrnatish va sanoat obyektining masʼul xodimlari tomonidan tamgʻalash yoʻli bilan oʻchirish lozim.
13. Sanoat korxonasi va qishloq xoʻjaligi korxonasi maʼmuriyatidan mavsumiy ishlatiladigan qurilmalar, jumladan isitish qozonlarini ishga tushirishdan oldin quyidagilar talab etiladi:
Gaz xoʻjaligida xavfsizlik qoidalari talablariga muvofiq xizmat koʻrsatuvchi xodimlarning bilimlarini tekshirish;
gaz jihozlari va avtomatik nazorat tizimlarini koʻrikdan oʻtkazish va joriy taʼmirlash;
gaz yoʻllarini tozalash va shamollatish tizimlari sozligini tekshirish.
Koʻrsatilgan ishlar bajarilganligini tasdiqlovchi hujjatlar boʻlgandagina gaz berishga ruxsat etiladi.
14. Qozon va pech agregatlari ishga tushirilishidan oldin ularning oʻtxonalari va gaz yoʻllari shamollatiladi. Shamollatish vaqti ishlab chiqaruvchi zavod yoʻriqnomasida belgilanadi. Shamollatishning tugaganligi gazni aniqlovchi maxsus asboblar yordamida tekshiriladi.
Gaz quvuridagi yondirgichdan oldingi berkitish armaturasini yondirish qurilmasi ishga tushirilgach yoki unga yonayotgan oʻt oldirgich qurilmasi yaqinlashtirilgandan soʻng ochish mumkin.
15. Agar yondirgichni oʻt oldirish yoki uni sozlash jarayonida alanga uzilib, ichiga oʻtib ketsa yoxud oʻchib qolsa, yondirgich va oʻt oldirgich qurilmasiga gaz berilishi zudlik bilan toʻxtatiladi.
Xavfsizlik quvurlari va gaz yondirgich moslamalari orqali qozon gaz quvurlarini puflash taqiqlanadi.
Pech va agregatlarga yetkazib beriladigan quvurlarga uzatilayotgan gaz tajriba yoki hisoblash yoʻli bilan aniqlangan vaqt davomida va ishlab chiqaruvchi zavod yoʻriqnomasida koʻrsatilganidek, tizimdagi barcha havo zichlab chiqarilgunga qadar haydaladi. Gaz haydashning tugaganligi qozon gaz quvurlari ichida kislorod borligini tahlil qilish yoʻli bilan aniqlanadi. Bino (imorat, xona) hajmiga nisbatan kislorod bir foizdan koʻp boʻlsa yondirgichlarni yoqish taqiqlanadi.
16. Taʼmirlanadigan qozon, pech va boshqa agregatlarning tutun yoʻllari umumiy yoʻnalishdan shiberlar yoki toʻsiqlar yordamida ajratib qoʻyiladi.
17. Barcha qurilmalar oʻchirilgandan soʻng yetkazib beruvchi va xavfsizlikni taʼminlovchi gaz quvurlaridagi berkitish armaturalari doim ochiq holatda boʻlishi lozim.
18. Sex yoki qozonxonada portlash va yongʻin yuz berganda gaz quvurining kirish qismidagi oʻchirish qurilmalari darhol berkitilishi kerak.
2.2. Suyultirilgan uglevodorod gazi (SUG)ga qoʻyiladigan talablar
19. Gaz ballonli qurilmalarning germetikligini gazning ishchi bosimi ostida aniqlovchi asbob bilan yoki sovun koʻpigidan foydalanib tekshirishga ruxsat etiladi. Barcha maishiy gaz ballonlari besh yilda bir marta texnik tekshiruvdan oʻtkaziladi.
20. Gaz bilan toʻldirilgan ballonlar loyiha boʻyicha maxsus ajratilgan joylarda saqlanadi.
21. SUG bilan toʻldirilgan ballonlar saqlanadigan omborlarning pollari tekis, sirpanmaydigan va turli jismlar zarbidan uchqun chiqarmaydigan materiallardan tayyorlanadi.
22. Omborxonada toʻldirilgan va boʻsh ballonlar alohida saqlanishi kerak. Ularning oʻrni “Toʻldirilgan ballonlar” va “Boʻsh ballonlar” degan yozuvlar bilan belgilab qoʻyiladi.
23. SUG bilan toʻldirilgan ballonlarni yengil alangalanuvchi moddalar va yonish jarayonini kuchaytiradigan texnik gazlar (kislorod) bilan birgalikda saqlashga ruxsat berilmaydi.
24. SUG bilan toʻldirilgan ballonlar saqlanadigan omborlar (yoki ochiq maydonlar) atrofidagi 20 metr masofa hududida turli yonuvchan materiallarni saqlash hamda ochiq olov bilan bogʻliq boʻlgan temirchilik, payvandlash, kavsharlash va shu kabi boshqa ishlarni bajarish taqiqlanadi.
25. SUG bilan toʻldirilgan ballonlar saqlanadigan omborxonaning eshigida begona shaxslarning kirishi, chekishi va ochiq olovdan foydalanishni taqiqlovchi ogohlantirish belgilari oʻrnatilgan boʻlishi lozim.
26. SUG bilan toʻldirilgan ballonlar saqlash uchun moʻljallangan omborning koʻrinadigan joyida toʻldirilgan va boʻsh ballonlar bilan ishlash hamda ularni xavfsiz saqlash qoidalari ilib qoʻyilgan boʻlishi kerak.
27. SUG bilan toʻldirilgan ballonlarni loyihasiz qurilgan bostirmalar ostida saqlash taqiqlanadi.
28. SUG bilan toʻldirilgan ballonlar saqlanadigan omborlarda yongʻin xavfsizligi boʻyicha yoʻriqnoma va plakatlar ilib qoʻyilishi zarur.
29. SUG bilan toʻldirilgan ballonlar vertikal holatda turgʻizilib, qalpoqlari burab qoʻyilgan holda saqlanishi hamda ventillarining yon tomonidagi shtutserlarida tiqin boʻlishi kerak. Ballonlarni qulash va shikastlanishidan himoyalash maqsadida ular maxsus uya (oʻrin)larga oʻrnatiladi yoki toʻsiq bilan ajratiladi.
30. Boshmoqlari boʻlmagan ballonlar gorizontal holatda yogʻoch ramalar yoki stellajlarda saqlanishi mumkin. Boshmoqli ballonlarni ochiq maydonlarda saqlashda ularni gorizontal qatorlari orasidagi arqon, yogʻoch yoki rezinadan tayyorlangan prokladkasi boʻlgan shtabellarga oʻrnatishga ruxsat beriladi.
Ballonlarni shtabellarga oʻrnatishda ularning balandligi 1,5 metrdan oshmasligi kerak. Ballonlardagi ventillar bir tomonga qaratilgan boʻlishi lozim.
31. SUG bilan toʻldirilgan ballonlar saqlanadigan omborlar yashindan himoya qilingan zonada joylashgan boʻlishi zarur.
32. Suyultirilgan gaz toʻldirilgan ballonlarni saqlash omborlarida quyidagi yongʻinni oʻchirish birlamchi vositalari boʻlishi kerak:
a) xona ichida (har 50 kvadrat metrga):
5 litr hajmdagi kukunli oʻt oʻchirgichlar — 2 ta;
0,5 kub metr hajmli qum solingan quti — 1 ta;
belkurak — 1 ta;
2×2 metrli kigiz yoki asbest mato — 1 ta;
b) ombor hududi toʻsiqlari chegaralarida (yongʻinga qarshi punkt — shitda):
5 litr hajmdagi kukunli oʻt oʻchirgichlar — 2 ta;
temir ilgak — 2 ta;
lom — 1 ta;
qizil rangga boʻyalgan chelak — 2 ta;
yongʻin boltasi — 1 ta;
sigʻimi 200 litr boʻlgan suv toʻldirilgan bochka — 2 ta.
5 litr hajmdagi kukunli oʻt oʻchirgichlar boʻlmagan holatlarda ularni uglekislotali oʻt oʻchirgichlarga almashtirish mumkin.
Ombor hududida joylashtiriladigan yongʻinga qarshi qalqonlarning soni va ularning joylashtirilishi yongʻin xavfsizligi qoida va meʼyorlariga asosan belgilanadi.
Gidrantlar mavjud holatlarda suv toʻldirilgan bochka talab etilmaydi.
33. Metallarga gaz alangasida ishlov berish uchun qoʻllaniladigan gaz bilan kesish postlari muqim boʻlishi lozim. SUGda ishlaganda ular koʻchma boʻlishi mumkin.
34. Bevosita gaz bilan kesish posti yonida faqat bitta suyultirilgan uglevodorod gaz ballonini oʻrnatishga ruxsat etiladi.
35. Muqim gaz bilan kesish postlari gaz isteʼmol qilinadigan joylardagi devor, ustun va boshqa konstruksiyalarga quyidagi minimal masofalarga rioya etib oʻrnatilishi mumkin:
a) izolyatsiyalangan sim va elektr kabellarigacha — 1 metr;
b) ochiq simlargacha — 2 metr.
SUGning gaz bilan kesish postlarini ochiq yertoʻla, quduq va boshqa chuqurliklargacha 10 metrdan yaqin masofaga oʻrnatish taqiqlanadi. SUGning gaz bilan kesish postigacha 25 metrdan kam masofada joylashgan yertoʻla va oʻralarda xabarlovchisi boʻlgan avtomatik gaz analizatorlari oʻrnatilishi, ular SUGning miqdori alangalanish quyi konsentratsiya chegarasining 20 foizidan kam boʻlganda ishlab ketishi kerak. Quduqlar ikkita qopqoq bilan jihozlanishi hamda gaz bilan kesish postlari mexanik shikastlanishlardan muhofazalangan boʻlishi lozim.
36. Muqim gaz bilan kesish postlari shamollatish uchun teshiklari boʻlgan metall shkafga joylashtiriladi. Kislorod va yonuvchan gaz uchun gaz bilan kesish postlari orasidagi masofa kamida 5 metr boʻlishi zarur. Ish paytida javon eshikchalari ochiq boʻlishi hamda gaz bilan kesish postidan foydalanuvchi ishchi boʻlmaganda shkaf qulflangan boʻlishi lozim.
Gaz bilan kesish postlari javonlarining boʻyogʻi va ulardagi ogohlantiruvchi yozuvlar belgilangan talablarga mos boʻlishi kerak.
37. Atsetilen gaz ballonlaridan yoki atsetilen generatori va uning oʻrnida ishlatiladigan agregatlardan chiqayotgan gazlarning muqim gaz bilan kesish postlari tegishli berkitish armaturasi va yopiq turdagi suyuqlik ochib-yopqichi yoki quruq ochib-yopqich bilan jihozlanadi. Suyuqlik ochib-yopqichlari qish faslida muzlamaydigan suyuqlik bilan toʻldiriladi.
Tabiiy gaz va SUG uchun saqlash ochib-yopqichlari oʻrniga teskari klapan oʻrnatishga ruxsat beriladi.
Suyultirilgan yoki quruq turdagi saqlash ochib-yopqichlari, shuningdek teskari klapanlar loyiha boʻyicha yasalishi va gazning qabul qilingan bosimi va sarfiga tegishli ravishda ishlatilishi lozim.
38. Gaz alanga uskunasi oldidagi yonuvchan gazlarning bosimi gaz va uskuna turiga koʻra oʻrnatiladi.
Atsetilen oʻrnida ishlatiladigan birinchi darajali gazlar uchun bosimning quyi chegarasi yondirgich yoki keskich tavsifida koʻrsatilgan (3,0 kilopaskal)dan past boʻlmasligi kerak.
39. Gaz bilan kesish postlariga tabiiy yoki SUG berishda quvurlardagi gaz bosimi 0,15 megapaskaldan koʻp boʻlmasligi kerak. Bosim 0,15 megapaskaldan koʻp boʻlsa, suyuqlik yoki quruq zatvor yoxud teskari klapan oldiga gazni rostlash uskunasi (reduktor) oʻrnatilishi lozim.
40. Gaz bilan kesish postini gaz bilan taʼminlaydigan ballonda bosimni pasaytirish uchun reduktor oʻrnatiladi.
41. Bitta suyuqlik yoki quruq zatvorga yoxud teskari klapanga faqat bitta keskichni ulash mumkin. Agar operator gaz bilan kesish postida bitta mashinaga xizmat koʻrsatsa, mashinaga oʻrnatiladigan yondirgich yoki keskichlar soni faqat zatvor yoki klapanning oʻtkazish quvvati bilan cheklanadi.
42. Binodan tashqaridagi gaz ballonlari yopiladigan ikki eshikli metall shkaflarda yoki gaz ballonlarining tepa qismini berkitadigan yopiluvchan gʻiloflarda oʻrnatiladi va binoning tashqi devoriga mahkamlanadi. Shkaflarda ballonlarni oʻrnatish uchun uyalar va devorining orqa qismida bosim rostlagichini mahkamlash uchun tugun oʻrnatiladi. Shkaf va gʻiloflarda shamollatish uchun maxsus teshiklar yasaladi.
Shkaflar ichida va gʻiloflarda turgan gaz ballonlari birinchi qavat eshik va oynalaridan 0,5 metrdan kam boʻlmagan masofada, binoning pastki qismi va yertoʻla qavatlarining eshik va oynalaridan hamda quduq va kavlangan chuqurlardan kamida 3 metr masofada oʻrnatiladi.
Gaz ballonlari uchun shkaflar va gʻilof ostidagi gaz ballonlari choʻkish ehtimoli boʻlmagan, yonmaydigan asoslarga oʻrnatilgan boʻlishi va bino poydevoriga yoki devorlariga mahkamlanishi talab etiladi.
43. Gaz ballonli qurilmalarning gaz ballonlari gaz taʼminoti tashkiloti ishchilari tomonidan oʻrnatiladi va almashtiriladi.
Loyiha hujjatlarisiz oʻrnatilgan va texnik koʻrikdan oʻtmagan maishiy gaz ballonlaridan foydalanish qatʼiyan taqiqlanadi.
44. Isteʼmolchilarga ballonlar maxsus jihozlangan avtomashinalar yoki talab boʻyicha jihozlangan oddiy bortli yuk mashinalarida yetkazib beriladi.
45. SUG bilan toʻldirilgan ballonlarni jihozlangan oddiy yuk avtomashina-lari bortida ham vertikal ham gorizontal holatda tashish mumkin.
46. Ballonlarni gorizontal holatda tashishda ularni oʻchirish moslamalarini mashina ichiga qaratilgan holatda joylashtirib, oʻz oʻlchamiga teng boʻlgan kataklarga joylashtiriladi.
47. Ballonlar kataklarga ajratilgan yoki ularning qulashi yoxud bir-biriga urilishini istisno etuvchi maxsus kuzovli avtomashinalarda tashiladi. Shuningdek, maxsus moslamalarga ega boʻlgan oddiy kuzovli yuk avtomashinalarida ham yuqorida koʻrsatilgan shartlarga rioya qilgan holda tashishga ruxsat beriladi. Maxsus moslamalar sifatida katakli yogʻochli brusoklar va rezina yoki arqonli halqalardan foydalaniladi.
48. SUG toʻldirilgan ballonlarni tashuvchi maxsus va oddiy avtomashinalar kuzovining konstruksiyasi yoʻllarda harakatlanish vaqtida ballonlarning tushib ketishidan himoyalangan boʻlishi talab etiladi.
49. Ballonlarni yuklash va tushirish ishlarini bajaruvchilar maxsus kiyim-bosh va qoʻlqoplarda xavfsizlik qoidalariga rioya etgan holda ishlashlari zarur.
50. Ballonlarni avtomashinalardan qopqoqlarini pastga qaratgan holda tushirish, shuningdek, ularni irgʻitish qatʼiyan taqiqlanadi.
51. Sigʻimi 12 litrdan ortiq boʻlgan ballonlarni amaldagi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiq himoya qopqoqlari burab yopib qoʻyilgan holda tashiladi.
52. Ballonlarni tashish yoki ularni isteʼmolchiga oʻrnatish vaqtida nosozlik aniqlangan holatlarda ulardan foydalanish taqiqlanadi, ballonlar gaz taʼminoti tashkiloti yoki gaz toʻldirish stansiyasi (punkti)ga qaytariladi.
53. Ballonlarni tashish vaqtida gaz sizib chiqishi aniqlanganda nosoz ballonni zudlik bilan avtomashinadan tushirib olib, uni gazdan (imkon qadar ochiq maydonlarda, yertoʻlasi boʻlgan binolardan uzoqroqda va boshqa xavfsiz joylarda) boʻshatiladi va gaz taʼminoti tashkiloti yoki gaz toʻldirish stansiyasi (punkti)ga qaytariladi.
54. Ballonlarni yuklash va tushirish, tashish va saqlashda tik holatdan qulab ketishi, shikastlanishi va ifloslanishining oldini olish choralari koʻrilishi lozim.
55. Toʻldirilgan ballonlarni avtomashinaga yuklash hamda boʻsh ballonlarni tushirish vaqtida avtomashina dvigateli oʻchirilgan boʻlishi zarur.
56. SUG bilan toʻldirilgan ballonlarni oʻtkir hidli va portlovchi moddalar, shuningdek yonish jarayonini kuchaytiradigan texnik gazlar (kislorod) va radioaktiv moddalar bilan birgalikda tashish taqiqlanadi.
57. Toʻldirilgan va boʻsh ballonlar ortilgan avtomashinani nazoratsiz qoldirish mumkin emas.
58. SUG bilan toʻldirilgan ballonlar tashiladigan avtomashina kuzovida odamlar boʻlishi qatʼiyan taqiqlanadi.
59. SUG tashuvchi har bir avtomashinada:
dvigatelidan chiqarilgan soʻndirgich (glushitel) mashinaning oldi tomoniga oʻtkazilgan boʻlishi;
soʻndirgichda uchqunni oʻchiruvchi setkasi boʻlishi shart;
SUG bilan toʻldirilgan ballonlarni yongʻinni oʻchirish uchun birlamchi vositalar (5 litr hajmdagi uglekislotali oʻt oʻchirgich) bilan taʼminlanmagan va yerga ulanadigan simi (zazemleniye) boʻlmagan barcha turdagi yuk mashinalarida tashish taqiqlanadi;
avtomashina haydovchisi maxsus oʻquv kurslarida oʻqigan, attestatsiyadan oʻtgan va SUG ballonlarini tashish huquqini beruvchi guvohnomaga ega boʻlishi zarur.
60. SUG toʻldirilgan avtonom gaz taʼminoti tizimlarida oʻrnatilgan bosim ostida ishlaydigan sigʻimlarni loyihalash, qurish va ulardan foydalanish Oʻzbekiston Respublikasining “Xavfli ishlab chiqarish obyektlarining sanoat xavfsizligi toʻgʻrisida”gi Qonuni talablari asosida amalga oshiriladi.
Gaz xoʻjaligida xavfsizlik qoidalariga 3-ILOVA
Nazorat-oʻlchov asboblari, avtomatlashtirish va signalizatsiya tizimlariga xizmat koʻrsatish va taʼmirlashni tashkil etish
1. Gaz quvurlari va agregatlariga oʻrnatilgan, avtomatik boshqaruv, signalizatsiya asboblari va nazorat vositalari hamda portlashdan saqlangan elektr uskunalarini doimiy ravishda texnik nazorat qilish, ularga xizmat koʻrsatish, joriy va mukammal taʼmirlash ishlari tashkilotlar (ularning egalari) tomonidan amalga oshiriladi.
2. Impuls gaz tarmoqlari va berkitish armaturasining germetikligini tekshirish ishlari gaz jihozlarini koʻrikdan oʻtkazish va texnik xizmat koʻrsatish vaqtida bajariladi.
3. Oʻlchov vositalari, avtomatik boshqaruv va signalizatsiya tizimlariga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash ishlarining hajmi va muddatlari ishlab chiqaruvchi zavodlarning foydalanish yoʻriqnomasida belgilanadi.
4. Nazorat-oʻlchov asboblarining sozligi va toʻgʻri koʻrsatayotganligini aniqlash amaldagi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiq bajariladi.
Nazorat-oʻlchov asboblarining toʻgʻri va soz ishlayotganligini tekshirib turish uchun prujinali manometr ostiga uch yoʻnalishli joʻmrak oʻrnatiladi.
5. Oʻlchov vositalari quyidagi muddatlarda majburiy davriy davlat qiyoslov tekshiruvidan oʻtkaziladi:
koʻrsatuvchi, masofadan boshqariladigan manometrlar — yiliga kamida bir marta;
SUG ballonlarini nazorat tariqasida tortib koʻrish uchun foydalaniladigan ogʻirlikni oʻlchash asboblari — yiliga kamida bir marta;
koʻchmas va koʻchma gazanalizatorlar — yiliga kamida ikki marta;
etalon qadoq toshlar — yiliga kamida bir marta.
Yuqorida keltirilgan nazorat-oʻlchov asboblari mukammal taʼmirlangandan keyin ham davlat qiyoslash tekshiruvidan oʻtkazilishi lozim.
6. Tamgʻasi boʻlmagan, tekshirish muddati oʻtib ketgan, shikastlangan yoki oʻchirilganda shkalaning koʻrsatkichi “nolga” qaytmagan oʻlchash vositalaridan foydalanish mumkin emas.
7. Koʻrsatuvchi manometrlarning siferblati yoki korpusida ishchi bosimiga mos keluvchi shkalaning koʻrsatkichi boʻyoq bilan koʻrsatib qoʻyiladi.
8. Xavfsizlik avtomatik qurilmalari va signalizatsiya vositalarining oʻrnatilgan ishlab ketish koʻrsatkichlari sozlash tashkilotining texnik hisobotida koʻrsatilgan parametrlarga mos boʻlishi (gaz analizatorlari xonada gazning xavfli konsentratsiya miqdori yuzaga kelganda ishlab ketishi) kerak.
9. Himoya, blokirovka va signalizatsiya qurilmalarining ishlab ketishi, ishlab chiqaruvchi zavodlarning yoʻriqnomalarida nazarda tutilgan muddatlarda, lekin oyiga kamida bir marta tekshiriladi va bu haqda ixtiyoriy koʻrinishdagi jurnalga qayd etiladi.
10. Gazlanganlikni nazorat qiluvchi gaz signalizatorlarining belgilangan parametrlarga mosligini tekshiruvi nazorat gaz aralashmasi yordamida bajariladi. Gazosignalizator yaroqliligini xonani gazlashtirish orqali tekshirish taqiqlanadi.
11. Loyihada koʻzda tutilgan blokirovka va signalizatsiya, nazorat-oʻlchov asboblarini oʻchirib qoʻygan holda gaz jihozlaridan foydalanish taqiqlanadi.
12. Taʼmirlash yoki tekshirish uchun olingan asboblar oʻrniga zudlik bilan aynan shunga oʻxshash, shu jumladan ishlatish sharoiti ham oʻxshash boʻlgan asboblar bilan almashtiriladi.
13. Zarur holatlarda va istisno tariqasida (blokirovka, signalizatsiya yoki nazorat-oʻlchov asboblari ishlamaganda) tashkilot rahbarining yozma ruxsati bilan qisqa muddatda ayrim qurilma va agregatlarning himoyasini uzib qoʻygan holda ishlatishga ruxsat etiladi. Bunda ishlarni xavfsiz va bexatar olib borish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar koʻriladi.
14. Gazlanganlikni aniqlovchi uzluksiz ishlaydigan gazosignalizatorlarni almashtirishdan oldin ishlab chiqarish xonalari havosidagi gaz miqdori ish smenasining har oʻttiz daqiqasida koʻchma asboblar bilan nazorat qilib boriladi.
15. Oʻlchov vositalariga, avtomatik va telemexanik uskunalarga texnik xizmat koʻrsatish va rejali taʼmirlash ishlari ulardan foydalanuvchi tashkilotlarning ixtisoslashgan xizmatlari tomonidan yoki belgilangan tartibda ruxsatnomaga ega boʻlgan tashkilotlar bilan shartnoma asosida bajariladi.
16. Havo gazlangan sharoitda avtomatlashtirish, avariyadan himoyalash va signalizatsiya tizimlarini sozlash hamda taʼmirlash ishlarini bajarish taqiqlanadi.
17. Elektr jihozlari ularni ishlab chiqaruvchi zavodlarning yoʻriqnomalari talablariga muvofiq ravishda ishlatiladi.
Gaz xoʻjaligida xavfsizlik qoidalariga 4-ILOVA
Gazni tartibga solish punkti (GTP) va gazni tartibga solish qurilmasi (GTQ)ga xizmat koʻrsatish va taʼmirlashni tashkil etish
1. GTP va GTQning ish tartibi loyiha va meʼyoriy hujjatlarga muvofiq belgilanadi.
2. Shahar va shaharchalardagi GTP jihozlarini sozlash parametrlari gaz taʼminoti tashkilotining rahbari tomonidan belgilanadi. Bunda maishiy isteʼmolchilar uchun:
tartibga solishdan keyingi eng yuqori ishchi bosim 0,003 megapaskaldan oshmasligi;
saqlash-chiqarish klapanlari (jumladan bosim tartiblagichlariga oʻrnatilganlari ham) tartiblagichdan keyingi bosim maksimal ishchi bosimdan 15 foizdan koʻp boʻlmagan qiymatga oshsa, gazni chiqarib yuborishni taʼminlashi;
saqlash-berkitish klapanlari ishlab ketishining yuqori bosim chegarasi maksimal ishchi bosimdan 25 foizdan ortiq boʻlmasligi kerak.
Saqlash klapanlari ishidagi kamchiliklar, shuningdek, gaz sizib chiqishi avariya tartibida bartaraf etiladi.
3. Sanoat korxonalarining va qishloq xoʻjaligi korxonalarining GTP va GTQ jihozlarini sozlash parametrlari loyihada koʻrsatiladi va ishga tushirish-sozlash ishlari amalga oshirilishida aniqlanadi.
Ishchi bosimning pasayishi yoki oshishiga sabab boʻlgan tartiblagichlar va saqlash klapanlarining ishidagi nosozliklar hamda gaz sizib chiqishi avariya tartibida bartaraf etiladi.
4. Gaz berilishi toʻxtab qolganda saqlash-berkitish klapanining ishlab ketish sabablari aniqlanib, ular bartaraf etilgandan soʻng bosim tartiblagichi ishga tushiriladi.
5. Jihozlar va armaturalarni taʼmirlash vaqtida aylanma (baypas) quvur orqali gaz berishga ruxsat etiladi.
Jihozlar va armaturalarni taʼmirlash ishlari kamida ikki nafar kishidan iborat ishchilar brigadasi tomonidan bajariladi. Bunda ishlovchilardan biri brigada rahbari boʻlishi zarur.
Sanoat korxonalari va qishloq xoʻjaligi korxonalari aylanma quvuridagi va saqlash-chiqarish klapani oldidagi berkituvchi qurilmalar gaz xoʻjaligidan foydalanuvchi tashkilotning vakili hamda gaz taʼminoti tashkiloti xodimi ishtirokida tamgʻalanadi.
6. Jihozlar va oʻlchov vositalari joylashgan xonaning harorati ularni ishlab chiqargan zavodning pasporti (yoʻriqnomasi)da koʻrsatilganidan past boʻlmasligi lozim.
Ogohlantiruvchi “Yongʻinga xavfli” degan yozuv, agar GTP bino ichida joylashgan boʻlsa — binoning tashqarisida, GTP shkafli boʻlsa — uning eshiklariga yoki GTQning toʻsigʻiga qoʻyiladi.
7. Jihozlarni qismlarga ajratish paytida sozlash quvuridagi oʻchirish uskunalari yopilgan holatda boʻlishi lozim. Oʻchirib qoʻyilgan qism chegarasida oʻchirish uskunalaridan keyin eng yuqori gaz bosimiga mos keluvchi tiqinlar oʻrnatiladi.
8. Kafolatlangan muddatda foydalaniladigan sozlagichlarga texnik xizmat koʻrsatish va joriy taʼmirlash ishlab chiqaruvchi zavod pasporti (yoʻriqnomasi) boʻyicha bajariladi.
Kafolatlangan muddat tugagandan soʻng bunday sozlagichlar tekshiruv va servis xizmatidan oʻtkaziladi.
9. GTPning elektr jihozlarini taʼmirlash hamda kuygan elektr lampalarini almashtirish ishlari kuchlanish uzib qoʻyilgandan keyin bajariladi. Tabiiy yorugʻlik yetarli boʻlmaganda portlashdan himoyalangan koʻchma yoritkichlardan foydalanishga ruxsat etiladi.
10. Sanoat korxonalariga va qishloq xoʻjaligi korxonalariga qarashli GTPlar davriy texnik taftishdan oʻtkazilmagan yoki saqlash-chiqarish va saqlash-berkitish klapanlari nosoz, taʼmirtalab boʻlgan holatlarda ulardan foydalanishga ruxsat etilmaydi.
11. GTP xonalari yongʻin oʻchirish birlamchi vositalari bilan taʼminlanadi.
GTPning asosiy xonasi uchun yongʻinni oʻchirishning birlamchi vositalari roʻyxati
Vosita Miqdori Xonaning yuzasi (kvadrat metr) Uglekislotali yoki kukunli oʻt oʻchirgich 2 ta hamma xonalar OU-2 1 ta 50 OU-5 1 ta 100 OP-10A 1 ta — Qumli quti 0,5 kub metr hamma xonalar Belkurak 1 ta hamma xonalar Asbest mato yoki namat 2×2 metr hamma xonalar
Eslatma: Oʻt oʻchirgichlar GTP xonasi ichidagi eshik yonida joylashtiriladi.
Uglekislotali oʻt oʻchirgichlar oʻrniga kukunli oʻt oʻchirgichlardan foydalanish mumkin.
12. GTP xonasida moyli va boshqa yonuvchan materiallarni saqlash taqiqlanadi.
13. GTPlar joylashgan imoratlar yoki binolarga taqab qurilgan inshootlar ishlab chiqarish uchun belgilangan A toifa talablariga javob berishi lozim. Ular bir qavatli boʻlib, olovga chidamlilik toifasi I va II, ogʻirligi 1 kvadrat metr maydonga 120 kilogramm boʻlgan yengil qoplamali konstruksiya va poli ogʻir yonadigan, zarb berganda uchqun chiqarmaydigan materiallardan tayyorlangan boʻladi. Xonalarning eshiklari tashqariga ochiladi.
Taqab qurilgan xonalarda joylashgan GTP binodan yonmaydigan, gaz oʻtkazmaydigan yaxlit devor bilan ajratiladi va alohida chiqish eshigiga ega boʻladi.
14. GTP, GTQ egasi boʻlgan tashkilotlar tomonidan har bir GTP va GTQning ulardagi jihozlar, nazorat-oʻlchov asboblari va xonalarning asosiy xususiyatlari koʻrsatilgan pasportlari tayyorlanadi.
Bundan tashqari, GTPlarda ularga xizmat koʻrsatuvchi xodimlar tomonidan tekshirish natijalari yozib qoʻyiladigan maxsus jurnal boʻladi.
15. GTP bino ichida joylashgan boʻlsa, xonaning eshigida “Begona shaxslarning kirishi taqiqlanadi” degan yozuv boʻlishi talab etiladi.
16. GTQ oʻrnatilgan xona keng boʻlishi, undagi jihozlar oldiga erkin kirish imkoniyati boʻlishi va har xil taʼmirlash ishlarini bajarish uchun boʻsh maydon boʻlishi lozim.
17. GTP xonasi tabiiy hamda portlashdan himoyalangan sunʼiy yoritgichlar bilan jihozlanadi.
18. GTP xonasi uch karrali tabiiy havo almashinuvi orqali shamollatiladi. Toza havo teshikli panjara orqali kirishi, havoning chiqishi esa darcha yoki tom yopqichida oʻrnatilgan sozlanuvchi deflektor orqali amalga oshiriladi.
19. GTP binosi qoʻshni obyektlarning yashinga qarshi himoya zonasiga kirmagan holatlarda GTP xonasining yashinga qarshi himoyasi oʻrnatiladi. Agar GTP binosi boshqa obyektlarning yashinga qarshi himoyasi zonasida joylashgan boʻlsa, unda faqat yerga ulangan himoyalovchi sim konturlari qilinadi.
Gaz xoʻjaligida xavfsizlik qoidalariga 5-ILOVA
Yemirilishdan elektr kimyoviy usulda himoyalash qurilmalariga xizmat koʻrsatish va taʼmirlashni tashkil etish
1. Yer osti poʻlat gaz quvurlari (keyingi oʻrinlarda gaz quvurlari deb ataladi) va SUG sigʻimlaridan foydalanishda yemirilishdan himoyalashga qoʻyiladigan talablariga rioya qilish talab etiladi.
Gaz quvurlarini elektr kimyoviy himoya (keyingi oʻrinlarda EKH deb ataladi) qilish vositalaridan foydalanish va gaz quvurlarida potensiallarni davriy nazorat qilish ixtisoslashtirilgan tashkilotlar, xizmatlar (guruhlar) va laboratoriyalar tomonidan olib boriladi.
2. Gaz quvurlaridagi elektr potensiallarini oʻlchash ishlari himoya vositalari ishlaydigan joylarda — kamida olti oyda bir marta, shuningdek, elektrlashtirilgan transport vositalarining elektr taʼminoti tizimidagi ish rejimini oʻzgarishi natijasida har gal yemirilish sharoitlarining oʻzgarishi, gaz quvurlari, daydi toklar manbalari tarmoqlari va boshqa yer osti metall inshootlari rivojlanishi bilan amalga oshiriladi.
3. Gaz quduqlaridagi gaz quvurlari potensiallari faqat foydalanuvchi tashkilotning vakili ishtirokida xavfsizlik talablariga amal qilingan holda oʻlchanadi.
4. EKH qurilmalaridan foydalanuvchi tashkilot himoya qurilmalarining buzilishi yoki ishdan chiqishining oldini olishga qaratilgan texnik xizmat koʻrsatish hamda taʼmirlash tizimini ishlab chiqadi va amalga oshiradi.
Himoyalash qurilmalari ishidagi buzilishlar tezlik bilan bartaraf etiladi.
5. Elektr qurilmalariga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash muddatlarini ularni ishlab chiqaruvchi zavod belgilaydi. Bunda telemexanik nazorat vositalari bilan jihozlanmagan EKH qurilmalarini texnik koʻrikdan oʻtkazish ishlari:
drenajli qurilmalarda — oyiga kamida toʻrt marta;
katodli qurilmalarda — oyiga ikki marta;
protektor qurilmalarda — olti oyda bir marta olib boriladi.
6. EKH qurilmalarining sozligi va ishga yaroqliligi yiliga kamida ikki marta, shuningdek, amaldagi texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda nazarda tutilgan holatlarda tekshiriladi.
7. Foydalanilayotgan gaz quvurlarini himoyalash ishlarini bajaruvchi tashkilotda gaz quvurlarining xarita-chizmalari, bu xaritalarda EKH qurilmalari, nazorat-oʻlchov punktlari, tuproqning yemirish xususiyatlari va daydi toklar manbalari haqidagi umumlashtirilgan maʼlumotlar hamda gaz quvurlari yemirilish holati va himoya ishi samaradorligining har yillik tahlili mavjud boʻladi.
8. Yemirilish jihatidan xavfli zonalar aniqlanganda gaz taʼminoti tashkiloti ularni bartaraf etish chora-tadbirlarini belgilaydi. Mazkur ishlarni bajarish muddatlari gaz quvurlarini himoyalash ishlarini olib boruvchi tashkilot tomonidan foydalanish sharoiti inobatga olingan holda aniqlanadi. Agar yemirilish jihatidan xavfli boʻlgan zonalarni bartaraf etish ishlari belgilangan muddatlarda bajarilmasa, gaz quvurlari ishlatilayotgan gaz tarmogʻidan uzib qoʻyiladi.
Gaz taʼminoti tashkilotlari yemirilish jihatidan xavfli zonalarni bartaraf etish uchun gaz quvurlaridan xavfsiz foydalanishni taʼminlovchi qoʻshimcha chora-tadbirlarni ishlab chiqadi va amalga oshiradi.
9. Gaz quvurlarining yemirilishdan shikastlanish sabablarini ulardan foydalanuvchi tashkilotlar (tarmoq egalari) aniqlaydi. Quvurlarning yemirilishi natijasida teshilishi har bir holatda ulardan foydalanuvchi tashkilotlarda tuzilgan komissiya tomonidan tekshiriladi.
10. EKH qurilmalaridan foydalanganda ularning sozligi va ishga yaroqliligi tekshirilib, davriy texnik koʻrikdan oʻtkaziladi.
11. EKH qurilmalarining sozligi va ishga yaroqliligi har olti oyda kamida bir marotaba tekshiruvdan oʻtkaziladi.
Shuningdek, qurilmalarning ishlash parametrlari har gal oʻzgarganda (anod yerlanishi oqim qarshiliklarini oʻzgarishida va h.k.), yondosh inshootlarda EKH vositalari oʻrnatish bilan bogʻliq boʻlgan yemirilish sharoitlari oʻzgargan holatlarda, himoya taʼsiri zonasida quvurlar tizimi konfiguratsiyasi oʻzgarganda va yangi yer osti inshootlari oʻrnatilganda tekshiriladi.
12. Gaz quvurlarining EKH samaradorligi himoyalanayotgan tarmoqlarning tayanch nuqtalarida (EKH qurilmasi oʻrnatilgan nuqtada va uni tashkil etgan himoya chegarasida) potensiallarni oʻlchash orqali aniqlanadi.
Oʻlchashga qulay boʻlish maqsadida gaz quvurlarining binoga kirishi va boshqa elementlari hamda ulanish uchun nazorat-oʻlchov punktlaridan foydalanish mumkin.
13. Avval himoya talab qilmagan gaz quvurlari uchastkalarida daydi toklarning xavfli taʼsir qilishini aniqlash uchun elektr potensiallarni oʻlchash ishlari barcha nuqtalarda ikki yilda bir marotaba, shuningdek, yemirilish sharoitlari har gal oʻzgarganda amalga oshiriladi.
14. Himoyalovchi flanetsli ulanishning sozligi oʻn ikki oyda kamida bir marotaba tekshiriladi.
15. Yer osti va yer usti gaz quvurlari bir-biri bilan elektrdan himoyalovchi uskunali flanetslar orqali ulanadi.
Gaz xoʻjaligida xavfsizlik qoidalariga 6-ILOVA
Avariya vaziyatlarining oldini olish va bartaraf etish ishlarini tashkil etish
1. Aholi punktlaridagi gaz taʼminoti tashkilotlarida avariyalarning oldini olish va bartaraf etish uchun dam olish va bayram kunlarini inobatga olgan holda kechayu-kunduz ishlaydigan, avariya dispetcherlik xizmatlari (keyingi oʻrinlarda ADX deb yuritiladi), ularning filiallari va postlari tashkil etiladi. ADX va ularning filiallari shtatlari, moddiy-texnik taʼminoti, shuningdek, texnik va operativ-foydalanish hujjatlari gaz taʼminoti tashkilotlari tomonidan belgilanadi va yuqori turuvchi tashkilotlar tomonidan tasdiqlanadi.
2. Tarkibida ADX mavjud boʻlmagan foydalanish boʻlimlari, ularga tegishli yordam koʻrsatish uchun mavjud ADXga yoki ularning eng yaqin joylashgan filialiga (gaz taʼminoti tashkiloti rahbarining buyrugʻi bilan) biriktiriladi.
Ushbu boʻlimlarda avariyaviy ishlar gaz xoʻjaligi tashkilotlari ADXning rahbarligi, nazorati va yordamida boʻlim xodimlari tomonidan bajariladi.
3. Gaz taʼminoti tizimlaridan foydalanadigan tashkilotlar, avariya ishlarini oʻzlarining gaz xizmati kuchlari va vositalari bilan amalga oshiradilar.
Oʻzlarining gaz xizmati mavjud boʻlgan tashkilotlarning avariya chaqiruvlariga koʻra gaz taʼminoti tashkilotlarining ADXlari avariyalarning oldini olishda va ularning oqibatlarini bartaraf etishda ishtirok etadi hamda ularga amaliy va uslubiy yordam koʻrsatadi.
4. Avariya holatlarining oldini olish va bartaraf etish brigadalarining faoliyati ularning tegishli rejasida hamda har bir tashkilot tomonidan mahalliy sharoitni inobatga olgan holda ishlab chiqilgan, turli tashkilotlarning tegishli xizmatlari bilan birgalikda ishlash rejasida belgilanadi.
Rejalarni ishlab chiqish, oʻz vaqtida ularga qoʻshimcha va oʻzgartishlarni kiritish, ularni qayta koʻrib chiqish va tasdiqlash (uch yilda kamida bir marta) uchun javobgarlik gaz taʼminoti tashkilotining rahbari zimmasiga yuklanadi.
5. Har bir tashkilotda avariya brigadalari bilan quyidagi muddatlarda amaliy mashgʻulotlar oʻtkazilib, ishchi-xodimlarning tezkor xatti-harakatlariga baho beriladi:
avariyalarning oldini olish va bartaraf etish rejasi boʻyicha har bir brigada uchun rejadagi mavzuga oid — har olti oyda kamida bir marta;
turli tashkilotlarning tegishli xizmatlari bilan birgalikda ishlash rejalari boʻyicha — yiliga kamida bir marta.
Mashgʻulotlar haqiqiy sharoitga mumkin qadar yaqinlashtirilgan holda oʻtkaziladi va gaz taʼminoti tashkilotining maxsus jurnalida qayd qilinadi.
6. ADXga tushgan barcha talabnomalar maxsus jurnalda qayd qilib boriladi. Jurnalda talabnoma kelgan vaqt, qisqa mazmuni, murojaat qiluvchining manzili, familiyasi, ismi, sharifi, avariya brigadasi chiqib ketgan va manzilga yetib borgan vaqt hamda shikastlanishlar turi va bajarilgan ishlar koʻrsatiladi.
Talabnomalarning oʻz vaqtida bajarilishi va ishlar hajmi gaz taʼminoti tashkilotining rahbari tomonidan muntazam ravishda nazorat qilib boriladi.
7. Gaz mavjudligi haqida talabnoma olgan dispetcher, talabnoma beruvchiga zarur xavfsizlik choralarini koʻrish haqida tushuntirish beradi.
8. Avariyalar haqidagi talabnomalarni bajarish ishlarini tashkil qilishga ADX brigadasi avariya yuz bergan joyga 40 daqiqadan koʻp boʻlmagan vaqtda yetib borishi zarur. Portlash, yongʻin, xonalarning gazlanganligi haqidagi xabarnomalar boʻyicha ADX brigadasi avariya joyiga 5 daqiqa ichida chiqib ketishi lozim.
9. Tashqi gaz quvurlarida yuz bergan avariyalarning oldini olish va ularni bartaraf etish uchun maxsus avtomashinada chiqib ketayotgan avariya brigadasida yoʻnalish xaritalari va zaruriy ijro-texnik hujjatlar (gaz quvurining planlari, joylashgan oʻrni, oʻlchami, payvand choklar sxemalari) boʻlishi talab etiladi.
10. Avariya avtomashinalari quyidagilar bilan jihozlanadi:
yer osti va yer usti gaz quvurlari, ulardagi jihozlarning chizmalari — 1 toʻplam;
asboblar uchun quti — 1 ta;
uglekislotali oʻt oʻchirgichlar — 2 ta;
kukunli oʻt oʻchirgichlar — 2 ta;
gaz sizib chiqishini aniqlovchi asbob — 1 ta;
uzunligi 4 metrgacha boʻlgan yigʻma narvon — 1 ta;
yoʻl belgilari toʻplami — 1 komplekt;
individual himoya vositalari toʻplami — 2 ta;
asbest namat — 5-6 kvadrat metr;
tibbiy yordam koʻrsatish uchun zarur dori-darmonlar bilan taʼminlangan quticha — 1 ta;
shlang uzunligi 10 va 20 metrli protivogazlar — 2 ta;
chelaklar — 3 ta;
har xil oʻlchamlardagi boltlar va gaykalar — 20 ta;
har xil qalinlikdagi paronitlar — 4 ta;
uchli belkuraklar — 3 ta;
ketmonlar — 2 ta;
lomlar — 2 ta;
qora metalli kuvalda — 1 ta;
quvurlar qopqogʻini ochish uchun ilgaklar — 2 ta;
har xil oʻlchamlardagi gaz kalitlari — 2 toʻplam;
grafitli suruvchi moy — 0,5 kilogramm;
duradgorlik katta boltasi — 1 ta;
har xil oʻlchamdagi chilangarlik zubilalari — 4 ta;
gayka kalitlari toʻplami — 2 ta;
tashqi va ichki kalitlar toʻplami — 2 ta;
qora metalli bolgʻa — 2 ta;
qoʻl bilan burgʻulash qurilmasi toʻplami — 2 ta;
suyuqlik manometrlari — 2 ta;
prujinali manometrlar — 2 ta;
xoʻjalik sovuni — 2 ta;
supurgi — 1 ta;
kaskalar — 5 ta;
har xil egovlar toʻplami — 1 ta;
2 kvadrat metrdan kam boʻlmagan qopli mato — 2 ta;
arra — 2 ta;
metall kesadigan pichoq — 1 ta;
2 kvadrat metrdan kam boʻlmagan rezinali prokladkalar — 2 ta;
har xil oʻlchamlardagi konusli taxta tiqinlar — 6 ta;
har xil oʻlchamlardagi metall tiqinlar — 10 ta;
diametri 10 millimetr boʻlgan salnikli zichlagichlar — 5 metr;
diametri 50 millimetrdan 700 millimetrgacha boʻlgan metall bandajlar — har biri 1 toʻplamdan;
15 millimetrdan 50 millimetrgacha boʻlgan sgonlar toʻplami — har biri 5 tadan;
har xil diametrdagi tirsaklar — 5 ta;
choʻntak fonarlari — 5 ta;
arqon — 20 metr.
11. Avariya brigadasining avariya yuz bergan joyga oʻz vaqtida yetib borishiga hamda avariyalarning oldini olish va ularni bartaraf etish rejasiga muvofiq ishlarning bajarilishi uchun ADX rahbari javob beradi.
Avariya mashinalaridan boshqa maqsadlarda foydalanish va ADX xodimlarini lavozim yoʻriqnomasidan boshqa ishga jalb qilish taqiqlanadi.
12. Yertoʻlalar, tunnellar, kollektorlar, yoʻlak (podyezd)lar, binoning birinchi qavatidagi xonalarda tabiiy gazning hajmiy miqdori 1 foizdan yoki SUGning miqdori 0,4 foizdan ortiqligi aniqlanganda gaz quvurlari taʼminot tizimidan zudlik bilan uzib qoʻyiladi va xavfli joydan odamlarni evakuatsiya qilish choralari koʻriladi.
13. Shikastlangan gaz quvuriga (gaz sizib chiqishini vaqtincha toʻxtatib turish uchun) bu joyni muntazam nazorat qilib turish sharti bilan bandaj yoki xomut oʻrnatishga ruxsat etiladi.
Bandaj va xomutlar oʻrnatilgan yer osti gaz quvurlarini koʻmish taqiqlanadi.
Ichki gaz quvurlarida bandaj yoki xomutning turish muddati bir smenadan (8 soatdan) oshmasligi kerak.
14. ADX portlash, yongʻin va zaharlanishlar sodir boʻlishi ehtimolining oldini olish boʻyicha barcha zaruriy chora-tadbirlar koʻrilgandan keyin avariyalar yoki avariya holatlarini bartaraf etish ishlarini gazdan foydalanish xizmatlariga topshirishi mumkin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 16-mart,
226-son