📅 2019-yil 20-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 20-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 20 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 20 марта 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 20 March 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАРКИБИ
Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ҳамда Хива шаҳрида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбек мумтоз адабиёти, миллий маданияти, маънавияти ва маърифати тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ шоир, тарихнавис, таржимон, давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 210 йиллигини кенг нишонлаш ҳамда ижодини тарғиб қилиш, издошларини кашф этиш ва улар ўз истеъдодларини намоён қилишларига шарт-шароит яратиб бериш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Хоразм вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва кенг жамоатчиликнинг 2019 йил декабрь ойида Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий (кейинги ўринларда Огаҳий деб аталади) таваллудининг 210 йиллигини мамлакат миқёсида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.
2. Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ташкилий қўмитага Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, белгиланган чора-тадбирлар сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш, юзага келадиган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш вазифалари юклатилсин.
3. Хоразм вилояти ҳокимлиги Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар доирасида:
а) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 августга қадар Хива шаҳридаги Огаҳий номидаги мажмуа таркибига кирган иншоотларни, жумладан, шоир мақбарасини таъмирлаш ҳамда унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;
б) Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси билан биргаликда 2019 — 2021 йилларда Огаҳийнинг асарлар тўпламини нашр этиш;
в) 2019 йил декабрь ойида:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда «Огаҳий — шоир, тарихнавис, таржимон ва давлат арбоби» мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда Огаҳий ижодига бағишланган «Назм ва наво» кечасини ўтказиш чораларини кўрсин.
Белгилансинки, Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар Хоразм вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда 2019 йил декабрь ойида республиканинг барча таълим муассасаларида Огаҳий ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий-бадиий тадбирлар, давра суҳбатлари, ижодий учрашувларнинг юқори савияда ўтказилишини таъминласин.
5. Хива шаҳрида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактаби (кейинги ўринларда — ижод мактаби) ташкил этилсин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
ижод мактаби Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги давлат умумтаълим муассасаси ҳисобланади, шахсий ғазна ҳисобрақамига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга эга бўлади;
ижод мактабида ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 20 нафарни ташкил қилади, 7-синфларга эса ижодий танловлар, тест ва бошқа синовлар асосида қабул қилинади;
ижод мактабида ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари меҳнатига умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари меҳнатига соатбай ҳақ тўлашга мувофиқ ҳақ тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига ижод мактабининг моддий-техник базаси, имкониятлари, педагог кадрлар салоҳиятидан ҳамда мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:
а) бир ой муддатда:
Ижод мактабининг устави тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
б) 2019 йил 1 августга қадар:
Ижод мактабига олий таълим муассасаларини тамомлаган иқтидорли педагог кадрлар жалб этилишини таъминласин;
Ижод мактабини жиҳозлаш учун мебель, компьютер техникаси, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва спорт анжомларининг техник параметрларини ишлаб чиқсин ва буюртмачига тақдим этсин;
в) 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб:
Ижод мактабини дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда Ижод мактабига иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида она тили ва адабиёт, хорижий тиллар бўйича тест ҳамда ижодий танлов ўтказсин.
8. Хоразм вилояти ҳокимлиги:
Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ижод мактаби учун Хива шаҳрида 220 ўринга мўлжалланган ўқув биноси, 100 ўринга мўлжалланган ётоқхона, 100 ўринга мўлжалланган ошхона қурилиши учун ер майдонини ажратиш чораларини кўрсин;
Ижод мактабининг қурилиш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини жиҳозларнинг техник параметрларини қўллаган ҳолда ишлаб чиқилишини ва ваколатли экспертиза органлари томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилишини таъминласин;
2019 йил 1 сентябрга қадар Ижод мактаби биноларини фойдаланишга топшириш чораларини кўрсин.
9. Ижод мактабида амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишлари бўйича:
Хоразм вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси — буюртмачи этиб;
Хоразм вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар — молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
10. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан белгиланган тартибда давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги таълим соҳасига ажратилган маблағлар доирасида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Ижод мактабини жорий сақлаш учун зарур маблағларни ажратсин.
12. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига ушбу қарор ижроси билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов ва Хоразм вилояти ҳокими Ф.У. Эрманов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 мартдаги 238-сон қарорига ИЛОВА
Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита
1. А.А. Абдуҳакимов ― Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари, Ташкилий қўмита раиси 2. Ф.Ў. Эрманов ― Хоразм вилояти ҳокими, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари 3. Б.С. Сайфуллаев ― маданият вазири 4. Ш.Х. Шерматов ― халқ таълими вазири 5. И.У. Маджидов ― олий ва ўрта махсус таълим вазири 6. А.Я. Ҳайдаров ― молия вазирининг биринчи ўринбосари 7. А.Х. Тўхтаев ― қурилиш вазири 8. Б.С. Юлдашев ― Фанлар академияси президенти 9. С.С. Саидов ― Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси 10. А.Д. Хаджаев ― Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси вазифасини бажарувчи 11. А. Кўчимов ― Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 20 март,
238-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TARKIBI
Muhammad Rizo Erniyozbek oʻgʻli Ogahiy tavalludining 210 yilligini nishonlash hamda Xiva shahrida Muhammad Rizo Ogahiy nomidagi ijod maktabini tashkil etish toʻgʻrisida
Oʻzbek mumtoz adabiyoti, milliy madaniyati, maʼnaviyati va maʼrifati taraqqiyotiga ulkan hissa qoʻshgan ulugʻ shoir, tarixnavis, tarjimon, davlat arbobi Muhammad Rizo Erniyozbek oʻgʻli Ogahiyning 210 yilligini keng nishonlash hamda ijodini targʻib qilish, izdoshlarini kashf etish va ular oʻz isteʼdodlarini namoyon qilishlariga shart-sharoit yaratib berish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Xorazm viloyati hokimligi, Madaniyat vazirligi, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi va keng jamoatchilikning 2019-yil dekabr oyida Muhammad Rizo Erniyozbek oʻgʻli Ogahiy (keyingi oʻrinlarda Ogahiy deb ataladi) tavalludining 210 yilligini mamlakat miqyosida keng nishonlash toʻgʻrisidagi taklifi qoʻllab-quvvatlansin.
2. Muhammad Rizo Erniyozbek oʻgʻli Ogahiy tavalludining 210 yilligini nishonlash boʻyicha tashkiliy qoʻmita tarkibi ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Tashkiliy qoʻmitaga Ogahiy tavalludining 210 yilligini nishonlash doirasida oʻtkaziladigan tadbirlarni yuksak saviyada tashkil etish, belgilangan chora-tadbirlar sifatli amalga oshirilishini muvofiqlashtirib borish, yuzaga keladigan masalalarni oʻz vaqtida hal etish vazifalari yuklatilsin.
3. Xorazm viloyati hokimligi Ogahiy tavalludining 210 yilligini nishonlash bilan bogʻliq tadbirlar doirasida:
a) Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi bilan birgalikda 2019-yil 1-avgustga qadar Xiva shahridagi Ogahiy nomidagi majmua tarkibiga kirgan inshootlarni, jumladan, shoir maqbarasini taʼmirlash hamda unga tutash hududlarni obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish;
b) Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi, “Sharq” nashriyot-matbaa aksiyadorlik kompaniyasi bilan birgalikda 2019 — 2021-yillarda Ogahiyning asarlar toʻplamini nashr etish;
v) 2019-yil dekabr oyida:
Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda “Ogahiy — shoir, tarixnavis, tarjimon va davlat arbobi” mavzusida ilmiy-amaliy konferensiya tashkil etish;
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi bilan birgalikda Ogahiy ijodiga bagʻishlangan “Nazm va navo” kechasini oʻtkazish choralarini koʻrsin.
Belgilansinki, Ogahiy tavalludining 210 yilligini nishonlash bilan bogʻliq tadbirlar Xorazm viloyati mahalliy budjetining qoʻshimcha manbalari, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobiga amalga oshiriladi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Xalq taʼlimi vazirligi Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi bilan birgalikda 2019-yil dekabr oyida respublikaning barcha taʼlim muassasalarida Ogahiy hayoti va ijodiga bagʻishlangan adabiy-badiiy tadbirlar, davra suhbatlari, ijodiy uchrashuvlarning yuqori saviyada oʻtkazilishini taʼminlasin.
5. Xiva shahrida Muhammad Rizo Ogahiy nomidagi ijod maktabi (keyingi oʻrinlarda — ijod maktabi) tashkil etilsin.
6. Belgilab qoʻyilsinki:
ijod maktabi Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi davlat umumtaʼlim muassasasi hisoblanadi, shaxsiy gʻazna hisobraqamiga, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi yozilgan muhrga, shtampga, blankalarga ega boʻladi;
ijod maktabida har bir sinfdagi oʻquvchilar soni 20 nafarni tashkil qiladi, 7-sinflarga esa ijodiy tanlovlar, test va boshqa sinovlar asosida qabul qilinadi;
ijod maktabida oʻqituvchilik faoliyati bilan shugʻullanayotgan Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi aʼzolari mehnatiga umumiy oʻrta taʼlim maktablari oʻqituvchilari mehnatiga soatbay haq toʻlashga muvofiq haq toʻlanadi.
Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligiga ijod maktabining moddiy-texnik bazasi, imkoniyatlari, pedagog kadrlar salohiyatidan hamda mavjud talab va ehtiyojdan kelib chiqqan holda, keyingi yillarda oʻquvchilarni qabul qilish kvotalariga oʻzgartirishlar kiritish huquqi beriladi.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi:
a) bir oy muddatda:
Ijod maktabining ustavi tasdiqlanishini va belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin;
manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin;
b) 2019-yil 1-avgustga qadar:
Ijod maktabiga oliy taʼlim muassasalarini tamomlagan iqtidorli pedagog kadrlar jalb etilishini taʼminlasin;
Ijod maktabini jihozlash uchun mebel, kompyuter texnikasi, oʻquv-laboratoriya asbob-uskunalari va sport anjomlarining texnik parametrlarini ishlab chiqsin va buyurtmachiga taqdim etsin;
v) 2019-2020 oʻquv yilidan boshlab:
Ijod maktabini darsliklar, oʻquv-metodik qoʻllanmalar va badiiy adabiyotlar bilan taʼminlash choralarini koʻrsin;
Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat test markazi, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi bilan birgalikda Ijod maktabiga iqtidorli oʻquvchilarni saralab olish maqsadida ona tili va adabiyot, xorijiy tillar boʻyicha test hamda ijodiy tanlov oʻtkazsin.
8. Xorazm viloyati hokimligi:
Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi, Qurilish vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda Ijod maktabi uchun Xiva shahrida 220 oʻringa moʻljallangan oʻquv binosi, 100 oʻringa moʻljallangan yotoqxona, 100 oʻringa moʻljallangan oshxona qurilishi uchun yer maydonini ajratish choralarini koʻrsin;
Ijod maktabining qurilish ishlari boʻyicha loyiha-smeta hujjatlarini jihozlarning texnik parametrlarini qoʻllagan holda ishlab chiqilishini va vakolatli ekspertiza organlari tomonidan belgilangan tartibda koʻrib chiqilishini taʼminlasin;
2019-yil 1-sentabrga qadar Ijod maktabi binolarini foydalanishga topshirish choralarini koʻrsin.
9. Ijod maktabida amalga oshiriladigan qurilish-montaj va jihozlash ishlari boʻyicha:
Xorazm viloyati hokimligining “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyasi — buyurtmachi etib;
Xorazm viloyati mahalliy budjetining qoʻshimcha manbalari, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar — moliyalashtirish manbalari etib belgilansin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi qurilish-montaj ishlarining sifatli bajarilishi ustidan belgilangan tartibda davlat arxitektura-qurilish nazoratini oʻrnatsin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi taʼlim sohasiga ajratilgan mablagʻlar doirasida 2019-2020 oʻquv yilidan boshlab Ijod maktabini joriy saqlash uchun zarur mablagʻlarni ajratsin.
12. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi va boshqa ommaviy axborot vositalariga ushbu qaror ijrosi bilan bogʻliq tadbirlarni keng yoritish tavsiya etilsin.
13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari A.A. Abduhakimov, Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vaziri Sh.X. Shermatov va Xorazm viloyati hokimi F.U. Ermanov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 20-martdagi 238-son qaroriga ILOVA
Muhammad Rizo Erniyozbek oʻgʻli Ogahiy tavalludining 210 yilligini nishonlash boʻyicha tashkiliy qoʻmita
1. A.A. Abduhakimov ― Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlanish masalalari boʻyicha oʻrinbosari, Tashkiliy qoʻmita raisi 2. F.Oʻ. Ermanov ― Xorazm viloyati hokimi, Tashkiliy qoʻmita raisi oʻrinbosari 3. B.S. Sayfullayev ― madaniyat vaziri 4. Sh.X. Shermatov ― xalq taʼlimi vaziri 5. I.U. Madjidov ― oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri 6. A.Ya. Haydarov ― moliya vazirining birinchi oʻrinbosari 7. A.X. Toʻxtayev ― qurilish vaziri 8. B.S. Yuldashev ― Fanlar akademiyasi prezidenti 9. S.S. Saidov ― Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisi 10. A.D. Xadjayev ― Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi raisi vazifasini bajaruvchi 11. A. Koʻchimov ― Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bosh direktori
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 20-mart,
238-son