📅 2019-yil 30-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 30-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 30 январь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Молия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 января 2019 г. · Документы министерств и ведомств · Министр финансов
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 January 2019 · Ministry and agency documents · Moliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар»ни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси , Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ва бюджет ҳисобини давлат секторида молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари билан мувофиқлаштириш мақсадида буюраман:
1.Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар» иловага мувофиқ тасдиқлансин .
2. Мазкур буйруқ 2020 йил 1 январдан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2019 йил 30 январдаги 11-сон буйруғига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар»
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси ҳамда «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларнинг (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар (бундан буён матнда асосий воситалар деб юритилади) ҳисобини юритиш тартибини белгилайди .
1-боб. Умумий қоидалар
1. Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
асосий воситалар — ташкилотнинг узоқ муддат давомида (бир йилдан ортиқ) зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш, товарларни ишлаб чиқариш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ёхуд маъмурий ва ижтимоий-маданий вазифалар жараёнида фойдаланиладиган, шунингдек бошқа юридик ва жисмоний шахсларга ижарага бериш мумкин бўлган моддий активлар ;
асосий воситалар гуруҳи — молиявий ҳисоботларда маълумотларни очиб бериш мақсадида ташкилот фаолиятидаги ўхшаш функция ёки характердаги активлар гуруҳини битта тасниф бўйича акс эттириш;
активнинг тугатиш қиймати — асосий воситаларнинг чиқиб кетиши бўйича кутилаётган харажатларни чегирган ҳолда кутилаётган фойдали хизмат даври охирида асосий воситаларни тугатиш чоғида олинадиган активларнинг кутилаётган суммаси;
баланс қиймати — активнинг бошланғич қийматидан жамланган амортизация ва қадрсизланишдан кўрилган зарар суммасини чегириб ташлангандаги қиймат;
бошланғич қиймат — асосий воситаларни яратиш (қуриш ва қуриб битказиш) ёки харид қилиш бўйича қилинган харажатларнинг қиймати, шунингдек активни ундан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун ишчи ҳолатига келтириш билан бевосита боғлиқ бўлган етказиб бериш ва монтаж қилиш, ўрнатиш, ишга тушириш ва исталган бошқа харажатлар;
фойдали хизмат даври — корхона активдан фойдаланадиган вақт даври ёки ташкилот ушбу активдан фойдаланишдан олишни мўлжаллаётган маҳсулот миқдори;
амортизацияланадиган қиймат — активнинг бошланғич ёки молиявий ҳисоботда ўрнини босувчи бошқа қийматдан тугатиш қийматининг чегирилиши;
амортизация — фойдали хизмат даври мобайнида активнинг амортизацияланадиган қийматини асосий воситаларнинг вазифасидан келиб чиққан ҳолда харажатларига тизимли тақсимлаш ва ўтказиш кўринишида эскиришнинг қиймат ифодаси;
2. Стандарт асосий воситалар ҳисобини юритиш, шунингдек молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчилар учун ташкилотларнинг асосий воситаларга киритилган инвестиция ва уларнинг ўзгариши ҳақидаги маълумотларни очиб беради. Асосий воситаларнинг ҳисобини юритишда активлар тан олинади, унинг баланс қиймати, амортизацияси ва қайта баҳолашдан кўрилган зарарлар аниқланади.
3. Ҳисоблаш усули асосида молиявий ҳисоботлар тузувчи ва тақдим қилувчи ташкилотлар асосий воситалар ҳисобини юритишда Стандартдан фойдаланади.
4. Стандарт қуйидагилар учун татбиқ этилмайди:
қишлоқ хўжалиги фаолияти билан боғлиқ биологик активлар;
асосий воситалар сифатида тан олинишини белгиловчи мезонларга мос келмайдиган активлар;
нефть, газ ёки шунга ўхшаш қайта тикланмайдиган минерал ресурс захиралари ва уларни қазиб олиш учун ҳуқуқлар.
5. Хизмат муддати ва қийматидан қатъи назар, қуйидагилар асосий воситалар таркибига киритилмайди:
махсус асбоблар ва мосламалар (муайян буюмларни туркумлаб ва ёппасига ишлаб чиқариш учун ёки якка тартибдаги буюртмаларни тайёрлаш учун мўлжалланган, мақсадли йўналтирилган асбоблар ва мосламалар);
махсус ва санитария кийим-кечаклар, махсус пойабзаллар;
кўрпа-тўшак анжомлари;
ёзув-чизув анжомлари (калькуляторлар, стол устига қўйиладиган асбоблар ва бошқалар);
ошхона анжомлари, шунингдек ошхона учун дастурхон-сочиқлар;
тикланиши бўйича харажатлар қурилиш-монтаж ишлари таннархига киритиладиган вақтинчалик (нотитул) иншоотлар, мосламалар ва қурилмалар;
бир йилдан кам фойдаланиш муддатига эга бўлган алмаштириладиган ускуналар;
овлаш қуроллари (траллар, тўрлар, қармоқлар ва бошқалар) ва шу каби моддий қимматликлар.
Ушбу банднинг иккинчи — саккизинчи хатбошиларидаги моддий қимматликлар бухгалтерия ҳисобида товар-моддий захиралар таркибида ҳисобга олинади.
6. Асосий воситалар таркибида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташкилот мулкига топширилган ер участкалари ҳисобга олинади.
7. Қиймати ва хизмат муддатидан қатъи назар, қуйидагилар асосий воситалар таркибига киради:
қишлоқ хўжалиги машиналари ва ускуналари;
ишчи ва маҳсулот берувчи ҳайвонлар;
кутубхона фондлари;
маданий мерос активлари;
ҳайвонот олами экспонатлари;
намунавий лойиҳалаштиришга оид ҳужжатлар.
Агар битта асосий воситада турлича фойдали хизмат даврига эга бир нечта мустақил объектлар мавжуд бўлса, ҳар бир бундай объект бюджет ҳисобида алоҳида асосий восита сифатида ҳисобга олинади.
8. Махсус ҳарбий техникалар асосий воситалар ҳисобланиб, Стандартга мувофиқ ҳарбий асосий воситалар ҳисоби ташкил этилади.
2-боб. Асосий воситаларнинг тан олиниши
9. Асосий воситалар актив сифатида :
ташкилотга келгусида актив билан боғлиқ иқтисодий наф келиб тушишига ишонч бўлганда;
актив қийматини аниқ баҳолаш мумкин бўлганда тан олинади.
10. Техник хизмат кўрсатиш жиҳозлари ва қўшимча эҳтиёт қисмлари одатда моддий захираларни айланма манбалари таркибига киритилади ва улардан фойдаланиш давомида харажатлар кўрсатиб борилади. Ташкилот томонидан бир йилдан ортиқ даврда фойдаланилиши назарда тутилган бир турдаги катта ҳажмли қўшимча эҳтиёт қисмлари ва ускуналари асосий восита сифатида классификация қилинади. Эҳтиёт қисмлари ва хизмат жиҳозлари фақат асосий воситалар билан боғлиқ ҳолда фойдаланилса, улар асосий воситалар сифатида ҳисобга олинади.
11. Стандартда асосий воситалар бирлигининг тан олиниши учун фойдаланиладиган ўлчов бирликлари ҳисобга олинмайди. Объектнинг бир бутунлигини таъминловчи қўшимча объектлар бир объект сифатида тан олинади (масалан, кутубхона китоблари, компьютер қўшимча қурилмалари ва жиҳознинг катта бўлмаган деталлари ва ялпи қиймат мезонлари бўйича қабул қилиш).
12. Ташкилотлар тан олиш принципи бўйича асосий воситаларга қилган барча харажатларни унинг қиймати юзага келиши вақтида баҳолайди. Бу харажатлар асосий воситаларнинг қурилиши ёки сотиб олиниши, унга қўшилган харажатлар, қисмларининг алмаштирилиши ёки унга хизмат кўрсатилиши натижасида ҳисобга олинган харажатларни ўз ичига олади.
13. Ихтисослашган ҳарбий техника асосий воситалар таркибига киритилиб, Стандартга мувофиқ актив сифатида тан олинади.
14. Атроф-муҳитни қўриқлаш ёки атроф-муҳитнинг хавфсизлигини таъминлаш учун асосий воситалар харид қилинади. Бундай асосий воситаларнинг харид қилиниши активнинг иқтисодий манфаат ёки фойда олиш салоҳиятини кўпайтирмайди, лекин ташкилотлардаги бундай харидлар бошқа активлардан келажакда иқтисодий манфаат ёки фойда олиш мақсади бўлади. Бундай харидлар ҳам асосий воситалар сифатида тан олинади. Мазкур асосий воситалар ташкилотга бошқа активлардан келажакда қўшимча иқтисодий манфаат ёки фойда олиш имконини беради.
Асосий воситалардан фойдаланиш учун қилинган харажатлар баланс қийматида акс эттирилмайди. Ушбу харажатлар юзага келиш жараёнида ҳақиқий харажатларда кўрсатилади ва сарфланган материалларга қилинган харажатларни хам ўз ичига олади.
15. Актив сифатида тан олиниши лозим бўлган асосий воситалар объекти биринчи навбатда қиймати бўйича тан олинади.
16. Агар актив алмашув бўлмаган операциялар йўли билан олинган бўлса, унинг қиймати сотиб олиш кунидаги ҳақиқий нархи ҳисобланади.
Асосий воситалар алмашув бўлмаган операциялар йўли билан олинган бўлиши мумкин (масалан, парклар, йўллар ва тротуарлар қуриш учун нол қийматда ёки номинал қийматда ер участкаларининг берилиши). Актив мол-мулкни мусодара қилиш йўли билан олинганда мусодара қилинган мулкнинг олдинги эгаси томонидан сотиб олинган кунидаги ҳақиқий қиймати ҳисобланади.
3-боб. Асосий воситаларнинг келиб тушиши
17. Асосий воситалар қуйидагилар натижасида ташкилот балансига кирим қилинади:
олди-сотди шартномаси бўйича объектни сотиб олиш;
капитал қўйилмалар тугаганидан сўнг тикланган объектни қабул қилиш-топшириш;
беғараз келиб тушиш;
товар-моддий захиралар таркибидан ўтказиш;
асосий воситаларнинг ортиқча (ҳисобга олинмаган) объектларини аниқлаш;
алмашув операциялари;
молиявий ижара шартномаси бўйича олиш;
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳоллар.
18. Асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисобига кирим қилиниши асосий воситаларнинг бошланғич қиймати бўйича амалга оширилади.
Сотиб олинган асосий воситалар, тугалланган қурилишлар ва иншоотлар, шунингдек ташкилотнинг ўзида тайёрланган асосий воситаларнинг бошланғич қийматига уларнинг сотиб олиш нархи ва уларга қилинган барча харажатларнинг тўлиқ суммасида, жумладан, мазкур асосий воситаларни фойдаланиш учун ишчи ҳолатига келтириш билан бевосита боғлиқ бўлган етказиб бериш ва монтаж қилиш, ўрнатиш, ишга тушириш ва бошқа харажатларни ҳисобга олган ҳолда киритилади.
19. Стандартнинг 10-бандида келтирилган тан олиш қоидаларига кўра ташкилот активига кўрсатиладиган кундалик техник хизмат кўрсатиш харажатлари активнинг асосий воситалар баланс қийматига киритилмайди. Бу харажатлар уларнинг вужудга келиш ҳолатига кўра фойда ёки зарар таркибига киритилади. Кундалик техник хизмат кўрсатиш харажатлари — бу биринчи навбатда иш ҳақи ва материалларга харажатлар ҳисобланади ва улар бутловчи қисмларнинг қийматини ҳам ўз ичига олади. Бундай харажатлар одатда асосий воситаларнинг таъмирлаш ва жорий хизмат кўрсатиш харажатлари сифатида кўрсатилади.
20. Баъзи асосий воситаларнинг таркибий қисмлари маълум бир вақт давомида алмаштиришни талаб этади (масалан, йўллар бир неча йиллардан сўнг эскириши ва яроқсиз ҳолатга келиши сабабли янги қоплама қилиниши зарур). Баъзи асосий воситаларнинг объектлари бундай мунтазам алмаштиришларга эҳтиёж сезмайди (масалан, бинонинг ички деворлари).
Стандартнинг 10-бандида келтирилган тан олиш қоидаларига кўра, ташкилот асосий воситаларининг баланс қийматига, тан олиш хусусиятларига риоя этиш шартларининг вужудга келиш пайтидаги алмаштириш харажатлари киритилади. Алмаштириладиган қисмларнинг қолдиқ қийматини ҳисобдан чиқариш Стандартнинг ҳисобдан чиқариш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
4-боб. Асосий воситаларни гуруҳланиши
21. Асосий воситаларнинг гуруҳлари — ташкилот фаолиятида фойдаланилиши ва вазифаси ўхшаш бўлган актив гуруҳлари ҳисобланади.
22. Алоҳида гуруҳларга мисоллар сифатида қуйидагилар келтирилиши мумкин:
а) ер участкаси;
б) ишчи бинолар;
в) йўллар;
г) машина жиҳозлари;
д) электр узатиш тармоқлари;
е) транспорт;
ж) ҳаво транспорти;
з) махсус ҳарбий жиҳозлари;
и) автотранспорт воситалари;
к) мебель жиҳозлари;
л) офис жиҳозлари;
м) нефть миноралари.
23. Асосий воситаларнинг ягона гуруҳи ичидаги объектларнинг қайта баҳоланиши активларнинг танлама усулда қайта баҳоланишини олдини олиш мақсадида амалга оширилади ҳамда молиявий ҳисоботларда ҳақиқий харажатлар ва турли саналардаги қийматларнинг ифодаланишини таъминлайди.
24. Активлар гуруҳлари ўзгарувчан асосда қайта баҳоланиши мумкин. Активлар гуруҳининг қайта бахоланиши қисқа давр мобайнида якунланади ва натижалар янгиланади.
25. Қайта баҳолаш натижасида актив гуруҳининг баланс қиймати ошса, бу кўпайиш «Асосий воситалар» счётининг тегишли субсчётларининг дебетида ва «Асосий воситалар, қийматликлар ва номоддий активларни қайта баҳолаш» субсчётнинг кредитида акс эттирилади.
26. Агар активнинг баланс қиймати қайта баҳолаш натижасида камайса, бундай камайиш фойда ёки зарарнинг тан олинишига тегишли счётларда ҳисобга олинади.
27. Асосий воситалар ягона гуруҳи ичидаги алоҳида активларга тегишли бўлган, қайта баҳолаш натижасида қийматнинг ўсиши ёки камайиши, мазкур гуруҳ ичида ўзаро ҳисоб-китоб қилинади. Асосий воситаларнинг бошқа гуруҳларига тегишли активлар билан ўзаро ҳисоб-китоб қилинмайди.
28. Соф активлар/капитал таркибига кирувчи қайта баҳолаш натижасидаги ўсишнинг бир қисми ёки ҳаммаси, актив ҳисобидан чиқарилганда тўғридан-тўғри жамланган фойда ёки зарарга ўтказилади. Қайта баҳолаш натижасидаги қиймат ўсиши активдан фойдаланиш меъёри даражасида жамланган фойдага ўтказилади. Қиймат ўсишининг ўтказилиш суммаси қайта баҳоланган актив баланс қиймати асосида ҳисобланган амортизация суммаси билан активнинг бошланғич қиймати асосида ҳисобланган амортизация суммаси ўртасидаги фарқни ифодалайди.
5-боб. Маданий мерос ва инфраструктура активлари
29. Ташкилотлар асосий воситаларни тан олиш хусусиятлари ва белгиларига тўғри келадиган маданий мерос активлари учун Стандартнинг ахборотни очиб бериш талаблари қўлланилади. Стандартнинг баҳолаш бўйича ва бошқа талаблари маданий мерос активлари учун қўлланилмайди.
30. Баъзи активлар ўзининг маданий, экологик ёки тарихий қийматига эга бўлиб, маданий мерос активлари сифатида тан олинади (масалан, тарихий иншоотлар, монументлар, археологик қазилмали жойлар, табиат томонидан муҳофаза қилинадиган ҳудудлар, қўриқхоналар, санъат асарлари ва бошқалар).
31. Маданий мерос активлари қуйидаги тавсифларга эга:
молиявий аниқлаш жараёнида бозор қийматига асосланган умумий нархда ифодаланиши мумкин бўлмаган маданий, экологик ва тарихий аҳамиятга эгалиги;
активларни сотиш орқали чиқиб кетишини қонун билан қатъий чеклаш ёки тақиқлар ўрнатилганлиги;
вақт ўтиши билан физик ҳолати ёмонлашиб, нархи ортганда ҳам янгисига ўзгартириб бўлмаслиги;
активларнинг фойдаланиш даври бир неча юз йилни ташкил этиши натижасида уларнинг фойдаланиш даврини аниқлашда қийинчиликлар юзага келиши мумкин.
32. Ташкилотлар катта ҳажмдаги маданий мерос активларига эгалик қилиши мумкин. Бу активлар узоқ йиллар давомида турли хил йўллар билан, жумладан, олди-сотди шартномаси, бепул тушумлар, айирбошлаш натижасида қўлга киритилган бўлиши мумкин.
33. Маданий мерос активлари унинг қийматидан ташқари фойдали салоҳиятга ҳам эга бўлади (масалан, офис биноси сифатида фойдаланиладиган тарихий бино). Бунда улар бошқа асосий воситалар талаблари бўйича тан олиниши ва нархланиши мумкин. Бошқа мерос қилиб олинадиган активларнинг фойдали салоҳияти уларнинг тавсифлари натижасида чекланган бўлади (масалан, ёдгорликлар ва тарихий объект қолдиқлари).
34. Маданий мерос активлари мавжуд ташкилотлар молиявий ҳисоботларда қуйидаги маълумотларни очиб бериши зарур:
баҳолашнинг фойдаланиладиган асоси;
амортизация ҳисоблашнинг фойдаланиладиган усули, агар бу усул қўлланилса;
ялпи баланс қиймати;
ҳисобот даври охиридаги жами амортизация, агар мавжуд бўлса;
давр боши ва охиридаги баланс қийматини ўз ичига олувчи қисмларни таққослаш.
35. Баъзи активлар инфраструктура активлари сифатида ифодаланади. Инфраструктура активлари қуйидаги хусусиятлардан бирига ёки барчасига эга бўлади:
тармоқ ёки тизимнинг бир қисмига эга бўлади;
махсус характерга эга ва альтернатив фойдаланилмайди;
кўчмас ҳисобланади;
олиб қўйилишига аниқ чекловлар мавжуд бўлади.
36. Инфраструктура активлари асосий воситаларга киради ва Стандартга мувофиқ ҳисобга олинади (масалан, йўллар, оқова сувларни чиқариб юбориш тизимлари, сув ва электр таъминоти тизимлари, коммуникация тизимлари ва бошқалар).
6-боб. Асосий воситаларни баҳолаш
37. Асосий воситалар активлар сифатида тан олинганда, бошланғич қиймати бўйича баҳоланади.
38. Тўлов эвазига сотиб олинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати қуйидаги харажатлардан иборат:
шартнома асосида қурилиш-монтаж ишларини бажарадиган пудратчи ва активларни сотувчиларга тўланадиган сумма;
рўйхатга олиш йиғимлари, давлат божлари ва асосий воситаларга бўлган ҳуқуқни сотиб олиш (олиш) бўйича амалга оширилган бошқа шунга ўхшаш тўловлар;
божхона божи ва йиғимлари;
асосий воситалар объектларини сотиб олиш (барпо этиш) муносабати билан йиғимлар суммалари (агар улар қопланмаса);
асосий воситалар объектларини сотиб олиш (барпо этиш) билан боғлиқ ахборот ва маслаҳат хизматлари учун тўланадиган суммалар;
асосий воситалар объектларини етказиб бериш (барпо қилиш) хатарини суғурталаш бўйича харажатлар;
асосий воситалар объектини сотган воситачиларга тўланадиган мукофотлар;
асосий воситаларни ўрнатиш, монтаж қилиш, созлаш ва ишга туширишга оид харажатлар;
активдан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун уни ишчи ҳолатга келтириш билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа харажатлар.
39. Фойдаланиш ҳолатида ва ўз жойида бўлган асосий воситаларга қилинган харажатлар (қайта ўрнатиш ва фойдаланиш жараёнидаги харажатлар) асосий воситанинг баланс қиймати харажатлари таркибига киритилмайди.
40. Асосий воситаларни ишлаб чиқариш ёки қурилиши мобайнидаги даромадлар ва харажатлар даромад ёки харажат деб тан олинганда даромадлар ва харажатларнинг таснифларига мувофиқ ҳисобга олинади.
41. Ташкилотнинг ўзида тайёрланган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати сифатида мазкур асосий воситаларни тиклаш (қуриш, қуриб битказиш) бўйича ҳақиқий харажатлар суммаси тан олинади. Ташкилот ўз фаолияти давомида сотиш учун активларни ишлаб чиқарганда, бу активларнинг қиймати сотиш қийматига тенг бўлади.
42. Ташкилотга бепул ёки ҳадя шартномаси бўйича келиб тушган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати бюджет ҳисобида қайд этилган санадаги қиймат ҳамда Стандартнинг 16-бандига кўра ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
43. Товар-моддий захиралар таркибидан асосий воситаларга ўтказилган объектларнинг бошланғич қиймати Ўзбекистон Республикаси Бюджет ҳисобининг стандарти (7-сонли БҲС) «Товар-моддий захиралар»га (рўйхат рақами 3120, 2019 йил 14 январь) мувофиқ уларнинг баланс қийматига тенг бўлади.
44. Харид қилиш вақтида хорижий валютада ифодаланган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати мазкур стандартнинг 39-бандида назарда тутилган тегишли харажатларни ҳисобга олган ҳолда, божхона юк декларациясини тўлдириш санасидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича сўмда белгиланади.
45. Алмашув операциялари йўли билан олинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати берилган асосий восита объектининг қолдиқ қийматига тенг.
Асосий воситалар қўшимча тўлов билан айирбошланган ҳолатларда алмаштириш йўли билан олинган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати берилган асосий воситаларнинг айирбошлашда ўтказилган (олинган) пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентлари суммасига оширилган (камайтирилган) қолдиқ қийматига тенг.
46. Тўлов пул маблағлари билан амалга оширилмайдиган шартномалар бўйича қўлга киритилган асосий воситаларнинг бошланғич қиймати улар қабул қилиб олинган кундаги қийматига тенг.
Тўлов пул маблағлари билан амалга оширилмайдиган шартномалар бўйича қўлга киритилган асосий воситаларнинг қийматини аниқлаш имкони бўлмаганда уларнинг қиймати ўхшаш асосий восита объектларининг қийматидан келиб чиқиб аниқланади.
47. Мажбурияти битта сумма сифатида кўрсатилган асосий восита объектларининг бошланғич қиймати бу суммани ҳар бир асосий восита объектининг ҳозирги қийматига пропорционал равишда тақсимлаш орқали аниқланади.
48. Мажбурият ҳисобига олинган асосий воситалар актив сифатида тан олинганда унинг бошланғич қиймати амортизация ва қадрсизланиш натижасида юзага келган зарарларни чегириб ташлаган ҳолда аниқланади.
Асосий воситаларнинг бюджет ҳисобига киритилган бошланғич қийматининг ўзгартирилишига асосий восита объектларини қайта қуриш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, техник қайта таъмирлаш, қисман сотиш ва қайта баҳолаш ҳолларида рухсат этилади.
49. Асосий воситалар объектини қуриб битказиш, қўшимча жиҳозлаш, реконструкция қилиш, замонавийлаштириш ва техник қайта қуроллантиришга доир харажатлар, улар тугатилганидан сўнг, агар улар натижасида асосий воситаларнинг фаолият юритишининг дастлаб қабул қилинган меъёрий кўрсаткичлари (фойдали хизмат даври, қуввати, қўллаш сифати ва бошқалар) яхшиланса (ошса), бундай объектнинг бошланғич қиймати ҳам ошади.
50. Қуриб битказиш, қўшимча жиҳозлаш, замонавийлаштириш ишларига асосий воситаларнинг технологик ёки хизмат мақсадининг ўзгариши, оғирликнинг ошиши ва сифатни янада яхшилашга доир бошқа сифатлар туфайли юзага келган ишлар киритилади.
51. Реконструкция қилиш ишларига ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва унинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини ошириш билан боғлиқ бўлган ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, маҳсулот (ишлар, хизматлар) сифатини яхшилаш ва номенклатурасини ўзгартириш мақсадларида асосий воситаларни реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича амалга ошириладиган мавжуд асосий воситаларни қайта қуриш киради.
Техник қайта қуроллантиришга илғор техника ва технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни механизациялаш ва автоматлаштириш, маънан ва жисмонан эскирган ускуналарни модернизация қилиш ва уларни янги, унумдорлиги янада юқори бўлганлари билан алмаштириш асосида асосий воситалар ва уларнинг айрим қисмларининг техник-иқтисодий кўрсаткичларини ошириш бўйича амалга ошириладиган харажатлар киради.
52. Асосий воситаларга ўтказиладиган капитал қўйилмалар асосий воситалардан фойдаланишдан келгусида иқтисодий наф ошганда уларнинг бошланғич қийматини оширади. Келгусида иқтисодий нафни оширмайдиган бошқа барча харажатлар улар амалга оширилган даврда харажатлар сифатида тан олинади.
53. Асосий воситалар объекти актив сифатида ҳисобга олинганидан сўнг, қадрсизланиш бўйича келгусида жамланган амортизация ва зарарлар чегирилгандан кейинги қайта баҳолаш кунидаги ҳақиқий қийматини юзага келтирадиган ишончли ўлчанадиган ҳақиқий қиймати, унинг қайта баҳолаш қийматидан юзага келади. Баланс қиймати ҳисобот кунидаги ҳақиқий қийматидан фойдаланиш натижасида олинган қийматдан фарқ қилмаслиги учун қайта баҳолаш доимий равишда амалга оширилади.
54. Кўчмас мулк объектларининг ҳақиқий қиймати одатда баҳолаш йўли билан олинган бозор қиймати орқали аниқланади. Бино ва жиҳозларнинг ҳақиқий қиймати баҳолаш орқали аниқланган бозор қиймати ҳисобланади. Актив қийматининг баҳоланиши ўзига хос профессионал малакага эга бўлган баҳоловчи томонидан амалга оширилади. Аксарият активларнинг ҳақиқий қиймати бозордаги котировка нархларидан келиб чиқиб ўрнатилади (масалан, жорий бозор нархлари ер, ихтисослашмаган бинолар, автотранспорт воситалари ва ускуна ва жиҳозларнинг кўплаб турларига тааллуқли бўлиши мумкин).
7-боб. Асосий воситаларни қайта баҳолаш
55. Асосий воситаларни қайта баҳолаш — асосий воситалар қайта тиклаш қийматини ҳозирги бозор нархлари даражасига мувофиқлаштириш мақсадида уларни вақти-вақти билан аниқлаштиришдир.
56. Қийматини аниқ баҳолаш имкони бўлган асосий восита актив сифатида тан олинганидан кейин амортизация ва қадрсизланиш харажатларини чегириб ташлаган ҳолда қайта баҳоланган қиймати бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади.
Бошланғич қийматни аниқ ўлчаш имкони бўлган асосий воситалар актив сифатида тан олингандан кейин қайта баҳолаш қийматида, яъни қайта баҳолаш кунидаги активнинг бошланғич қийматидан жамланган амортизация ва қадрсизланишдан кўрилган зарарлар чегирилгандаги қиймати бўйича ҳисобга олинади.
57. Баланс қиймати ва ҳисобот кунидаги қиймат ўртасидаги сезиларли фарқларнинг олдини олиш учун асосий восита объектини қайта баҳолаш бир йилда камида бир марта ўтказилади.
58. Асосий восита объектини қайта баҳолаш индексация ёки ҳужжатларга асосланган бозор қиймати бўйича амалга оширилади.
Ташкилот Стандартнинг ўз ҳисобот сиёсатида қайта баҳолаш усулини аниқлаши ва мазкур усулни барча асосий восита гуруҳларига қўллаши зарур.
59. Мол-мулк бирлигининг бозор қийматини аниқлашнинг имкони бўлмаса, актив қиймати ўхшаш хусусиятларга эга мол-мулк қийматига асосланган ҳолда аниқланади.
60. Актив қайта баҳоланаётганда унга тегишли бўлган барча асосий восита гуруҳларидаги активлар қайта баҳоланиши зарур.
61. Асосий воситаларни қайта баҳолашда қайта баҳолаш санасидаги жами амортизация баланс қийматига мос равишда ўзгартирилади. Кейинги амортизацияланадиган қиймат қайта аниқланган қийматдан чегириб борилади.
62. Қайта баҳолаш натижасида асосий восита баланс қийматининг ошган қиймати якуний молиявий натижаларни қайд этиш ҳисобига тўғридан-тўғри кредитланади. Қайта баҳолаш натижасида асосий восита баланс қийматининг камайган суммаси якуний молиявий натижаларни қайд этиш ҳисобига тўғридан-тўғри дебетланади.
8-боб. Асосий воситанинг амортизациясини ҳисоблаш
63. Асосий воситалар қиймати амортизацияни ҳисоблаш йўли билан қопланади. Амортизацияланадиган қиймат бутун фойдали хизмат даври мобайнида ташкилот харажатларига Стандартда кўрсатилган тартибда тизимли равишда тақсимланади.
64. Ташкилот асосий восита гуруҳининг тан олинган бошланғич қийматини ҳар бир қисмга тақсимлайди ва объектнинг ҳар бир қисмига алоҳида амортизацияланадиган қийматни ҳисоблайди.
65. Активнинг фойдали хизмат даври ва ликвидацион қиймати ҳар бир йиллик ҳисобот санасида қайта кўриб чиқилади ва кутилган баҳолашларда ўзгариш юз берганда мазкур ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Бюджет ҳисобининг стандарти (1-сонли БҲС) «Ҳисоб сиёсати»га (рўйхат рақами 2853, 2016 йил 27 декабрь) мувофиқ ҳисобот сиёсатидаги ўзгаришлар сифатида қабул қилинади.
66. Асосий восита объектига амортизация харажатларини ҳисоблаш объект асосий восита таркибига қўшиб олинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошланади ва объект балансдан чиқарилмагунига ёки тўлиқ амортизация ҳисобланилгунига қадар давом этади .
67. Асосий восита объектига амортизация ҳисобланиши унинг баланс қийматини тугатиш қийматигача ёки объект балансдан чиқарилмагунига қадар давом этади.
68. Амортизация қуйидаги асосий воситалар бўйича аниқланмайди:
ер участкалари архитектура ва санъатнинг ноёб ёдгорликлари бўлган иморатлар ва иншоотлар;
кабинет ва лабораторияларда жойлашган ўқув ишлари ва илмий мақсадларда фойдаланиладиган жиҳозлар, экспонатлар, нусхалар, амалдаги ва амал қилмаётган моделлар, макетлар ва бошқа кўргазмали қўлланмалар;
маҳсулдор қорамоллар, қўтослар, ҳайвонот олами экспонатлари (ҳайвонот боғи ва шунга ўхшаш ташкилотларда);
фойдаланиш мумкин бўлган ёшга етмаган кўп йиллик кўчатлар;
кутубхона фондлари;
фильмлар фонди;
саҳнага қўйиш ускуналари, бадиий ва музей буюмлари;
фойдаланиш учун рухсатнома расмийлаштирилмаган капитал қурилиш объектлари ёки унинг қисмлари ҳамда тугалланмаган қурилишлар;
консервацияга ўтказилган асосий воситалар.
69. Асосий воситалар объектининг фойдали хизмат даври давомида амортизация ҳисобланиши тўхтатилмайди, бундан уларни буткул тўхтатиш шарти билан объектни қуриб битказиш, тўлиқ жиҳозлаш, қайта қуриш, замонавийлаштириш, техник қайта қуроллантириш даври мустасно. Баъзи ҳолларда, маълум бир қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ объект ёмон сақланиши ёки таъмирлаш ишлари ноаниқ муддатга кечиктирилиши мумкин. Бундай ҳолларда асосий воситанинг фойдаланиш даври қайта кўриб чиқилиши ва тўғриланиши керак.
70. Асосий восита объектлари бўйича амортизация ҳисоблаш ҳисобот даврида амалга оширилади ва бухгалтерия ҳисобида тегишли ҳисобот даврида акс эттирилади.
Амортизация ҳисоблаш асосий воситалар объектлари қийматининг 100 фоизидан ошиб кетиши мумкин эмас.
Агар ер участкасининг бошланғич қиймати таркибига демонтаж, кўчириш ва қайта тиклаш майдонлари харажатлари киритилса, бу ер участкаси активига юқоридаги харажатлар амалга оширилганидан кейинги самарали хизмати даври учун амортизация ҳисобланади.
71. Баъзи ҳолларда ер участкаси чегараланган фойдаланиш даврига эга бўлади ва бундай ҳолларда унинг қиймати келажакда келиши кутилаётган иқтисодий даромад ва фойдага асосан аниқланади.
72. Ташкилот асосий воситанинг бошланғич қийматини унинг аниқ ажралган бўлакларига асосан тақсимлайди ва ҳар бир қисмга алоҳида амортизация ҳисоблайди (масалан, кўп ҳолларда йўлак, бетонли тўсиқ, пиёдалар ўтиш жойи ва йўлларни ёритиш тизимларига алоҳида амортизация ҳисоблаш талаб этилади).
73. Ҳисобот даврида амортизация суммаси, қоидага кўра харажат сифатида тан олинади. Бироқ ташкилотга келиши кутилаётган иқтисодий манфаат ва фойдага қараб амортизация суммаси ишлаб чиқарилаётган товар (бажарилаётган ишлар ва кўрсатилаётган хизматлар) таннархига киритилади.
74. Асосий восита объекти олиб келиши кутилаётган иқтисодий фойда ва фойдали потенциал салоҳият ташкилот активидан фойдаланиш натижасида истеъмол қилинади. Бироқ, техник ва физик жиҳатдан амортизация каби бошқа факторлар кўп ҳолларда активдан фойдаланилмаётган бўлса ҳам кутилаётган иқтисодий манфаат ва фойдали потенциал камайишига олиб келади. Шу сабабдан фойдаланиш даврини аниқлашда қуйидаги омиллар инобатга олиниши керак:
ташкилотнинг асосий восита объектидан кутилаётган фойдаланиш қиймати. Объектнинг кутилаётган қуввати ёки физик маҳсулдорлигига асосан фойдаланиш қиймати аниқланади;
маҳсулотнинг ишлаб чиқарилишида активнинг ишлатилиши лозим бўлган ўзгаришлар сони, таъмирлаш даврийлиги ва объектга фойдаланиш даврида хизмат кўрсатиш натижасида юзага келган физик амортизациялар;
ишлаб чиқариш жараёни ривожланиши натижасида техник ёки маънан амортизациялар;
активдан фойдаланишдаги ижара даврининг тугаши каби қонуний чекловлар.
75. Асосий воситаларнинг амортизация суммаси фойдаланиш даврида тизимли равишда ҳисобланиб борилади.
76. Ташкилотлар томонидан амортизация ҳисоблаш усули асосий воситалардан келажакда келиши кутилаётган иқтисодий манфаат ва фойдали потенциалга асосан аниқланади.
77. Амортизацияни ҳисоблаш қуйидаги усулларни қўллаш орқали амалга оширилади:
а) амортизацияни ҳисоблашнинг бир маромли (тўғри чизиқли) усули. Мазкур ҳисоблаш усулида амортизация асосий воситаларни фойдали хизмат даври мобайнида уларнинг амортизация қийматидан келиб чиққан ҳолда бир маромда тенг улушларда ҳисобланади.
Бир маромли (тўғри чизиқли) усулга кўра асосий воситаларнинг амортизацияланадиган қиймати унинг хизмат муддати давомида тегишли харажатларга бир маромда — ҳисобдан чиқарилади (тақсимланади). Ушбу усул амортизация меъёри фойдали хизмат даврининг фаолиятига боғлиқлигига асосланган. Ҳар бир давр учун амортизация ажратмалари суммаси амортизация қийматини асосий воситалардан фойдаланилган ҳисобот даврлари сонига бўлиш йўли билан ҳисобланади.
Амортизацияни бир маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш усулида амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси асосий воситаларнинг амортизацияланадиган қиймат ва мазкур объектнинг фойдали хизмат давридан келиб чиқиб аниқланади;
б) амортизацияни бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усули. Амортизацияни ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усули ҳар бир муайян йилдаги асосий воситаларнинг ишлаб чиқариш қуввати ҳисобга олинишига асосланган. Мазкур усул бўйича амортизациянинг ҳар йилги қийматини ҳисоблаш учун бутун фойдали хизмат давридаги умумий баҳоланган ишлаб чиқариш қуввати йиғиндиси ва мазкур муайян йилдаги ишлаб чиқариш қуввати аниқланиши лозим. Ишлаб чиқариш қуввати сифатида ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирликлари сони, ишланган соатлар сони, оғирлик, босиб ўтилган километрлар миқдори ва бошқалар олиниши мумкин.
Амортизацияни ҳисоблашнинг ишлаб чиқариш усулида йиллик амортизация ажратмалари суммаси ҳисобот давридаги маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмининг натурал кўрсаткичидан ҳамда асосий воситалар амортизацияланадиган қийматнинг асосий воситалар бутун фойдали хизмат даврида назарда тутилаётган маҳсулот (ишлар, хизматлар) ҳажмига нисбатидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
78. Асосий воситага қўлланиладиган амортизация ҳисоблаш усули ҳар бир йиллик ҳисобот санаси учун минимал қиймат сифатида қаралиши керак ва кутилаётган иқтисодий манфаат ёки фойдали салоҳиятда ўзгариш кутилса, бу ўзгаришларни акс эттириш учун амортизация ҳисоблаш усули ўзгартирилиши зарур.
9-боб. Асосий воситаларнинг таннархи ва қадрсизланиши
79. Асосий воситалар таннархи ўз ичига:
активни балансдан чиқариш ва савдо чегирмаси айрилгандан кейинги харидга тикланмайдиган солиқларни ва импорт божларини ўз ичига олувчи харид баҳосини;
активни ўз жойига етказиб беришда бевосита харажатлар ва фойдаланиш учун зарур бўлган ҳолатга келтириш харажатларини;
объект жойлашган участканинг қайта тикланиши, қайта монтаж учун харажатларни, субъектнинг объектни сотиб олишида ёки маълум муддат давомида товар-моддий захираларнинг ишлаб чиқарилишидан кўра бошқа мақсадларда фойдаланиш натижасида юзага келадиган мажбуриятларини олади.
80. Бевосита харажатларга:
асосий воситаларнинг сотиб олиниши ёки қурилиши билан боғлиқ бўлган ишларни бажаришда ишчиларни мукофотлашга;
ер участкасини тайёрлашга;
юклашга (бошланғич харажатлар) ва етказиб беришга;
монтаж ва ўрнатишга;
активнинг ўз жойига етказиб бериш ва иш фаолиятига келтириш жараёнида ишлаб чиқарилган бирор бир маҳсулотни сотишдан тушган соф тушумларни чегирган ҳолда активнинг фаолият кўрсатишига тегишли текширишларга харажатлар (масалан, жиҳозни текширишдан олинган намуналар);
профессионал хизматларга кетган харажатлар киради.
81. Ташкилот ҳисоб сиёсати сифатида таннарх бўйича ҳисоблаш усулини ёки қайта баҳолаш усулидан бирини танлайди ва асосий воситаларнинг барча гуруҳларига қўллайди.
82. Шикастланган ёки йўқолган асосий воситалар объектлари учун учинчи томон компенсация тўловлари фойда ёки зарарга киритилади.
Асосий воситаларнинг қадрсизланиши ёки йўқолиши билан боғлиқ бўлган учинчи томон компенсация тўловлари ва уларнинг ўрнига қурилган ёки сотиб олинган активлар алоҳида иқтисодий ҳодиса ҳисобланади ва қуйида келтирилган тартибда алоҳида ҳисобга олинади:
фойдаланишдан чиқариб олинган ёки чиқиб кетишидан кейинги асосий восита объектларининг балансдан чиқарилиши мазкур Стандартга асосан амалга оширилади;
шикастланган, йўқолган ёки берилган асосий воситалар объектлари учун учинчи томон компенсациясини, компенсация олинган тақдирда фойда ёки зарарга киритиш мумкин;
асосий восита объектларининг алмашинув сифатида тикланган, сотиб олинган ёки қурилгандаги қиймати мазкур Стандартга мувофиқ аниқланади.
10-боб. Асосий воситалар инвентаризацияси
83. Асосий воситаларнинг ҳақиқатдан ҳам мавжудлигини аниқлаш ва уларнинг бутунлигини таъминлаш мақсадида ташкилотлар томонидан ҳар 2 йилда бир мартадан кам бўлмаган ҳолда асосий воситалар инвентаризацияси ўтказилади (кутубхона фондлари учун 5 йилда бир марта).
84. Асосий воситалар инвентаризацияси Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (19-сонли БҲМС) «Инвентаризацияни ташкил этиш ва ўтказиш»га (рўйхат рақами 3548, 2024 йил 12 август) асосан амалга оширилади.
85. Инвентаризация жараёнида аниқланган асосий воситалар даромадлар ёки харажатлар сифатида тан олинади. Инвентаризация жараёнида етишмовчилиги аниқланган асосий воситалар айбдор шахслар топилгунига қадар камомадлар ҳисобига киритилади.
86. Асосий воситаларнинг баланс қийматини уларнинг ҳақиқий (жорий) қийматига мос келмаслиги аниқланган ҳолатда ошириш ёки камайтириш Стандартга мувофиқ амалга оширилади.
11-боб. Асосий воситаларнинг балансдан чиқиб кетиши ва сотилиши
87. Асосий воситаларнинг қиймати чиқиб кетишида балансдан чиқарилиши лозим.
88. Асосий воситалар қиймати ташкилот балансидан қуйидагилар натижасида ҳисобдан чиқарилади:
тугатилганда;
сотилганда;
алмашув операциялари орқали берилганда;
беғараз берилганда;
камомад ёки йўқотишлар аниқланганда;
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
89. Асосий воситалар қисман тугатилган ҳолатда унинг бошланғич қиймати ва ҳисобланган амортизация тегишлича объект тугатилган қисмининг бошланғич қиймати ва ҳисобланган амортизация суммасига камайтирилади.
90. Ташкилот асосий воситалари балансидан чиқарилиши, асосий восита ва бошқа товар-моддий захираларнинг сотилишидан олинган суммани тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги 343-сон қарори билан тасдиқланган Бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарининг асосий воситаларини ҳамда қурилиши тугалланмаган объектларини сотиш, шунингдек уларни сотишдан тушган пул маблағларини тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
91. Асосий восита балансдан чиқарилиши натижасида юзага келган даромад ва харажатлар асосий восита ҳисобдан чиқарилганида олинган соф тушум ва унинг баланс қиймати ўртасидаги фарқ сифатида тан олиниши керак.
92. Асосий воситанинг чиқиб кетишида унинг қиймати ҳақиқий нархда тан олинади.
93. Қайта тикланган, харид қилинган ёки ўрнатилиши сифатида қурилган асосий восита бирликларининг таннархи Стандарт бўйича аниқланади.
11 1 -боб. Асосий воситалар қийматини тугатиш муносабати билан уларни балансдан ҳисобдан чиқариш тартиби
93 1 . Асосий воситалар қиймати қуйидаги ҳолларда уларни тугатиш муносабати билан балансдан ҳисобдан чиқарилиши мумкин:
а) белгиланган хизмат муддати тугаганидан (тўлиқ эскириш ҳисоблаб ёзилганидан) кейин;
б) жисмоний эскириш, бахтсиз ҳодисалар, табиий офатлар, фойдаланишнинг шарт-шароитларини бузиш оқибатида яроқсиз ҳолга келганда;
в) маънан эскирганда. Маънан эскирган асосий воситалар деганда худди шундай мақсадда асосий воситаларнинг янада унумдор ва тежамкор турларини ишлаб чиқиш натижасида қадрсизланадиган асосий воситалар тушунилади;
г) тегишли давлат органларининг қарорлари бўйича балансдан чиқиб кетганда;
д) ташкилотларнинг бино-иншоотлари қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, модернизация қилиниши ва техник қайта жиҳозланиши муносабати билан.
Тикланиши мумкин бўлмаган ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаган асосий воситалар тугатилади.
Асосий воситаларнинг ҳисобдан чиқарилиши ва тугатилиши юзасидан ихтисослилиги мос келадиган тегишли ташкилотлардан фойдаланишга яроқсизлиги тўғрисида хулоса олингандан кейин асосий воситаларнинг ҳисобдан чиқарилиши ва тугатилиши ҳақида қарорлар қабул қилиниши лозим.
93 2 . Асосий воситаларни тугатиш ташкилотлар томонидан юқори ташкилот билан келишган ҳолда, юқори ташкилот мавжуд бўлмаганда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда амалга оширилади.
93 3 . Ташкилотларда асосий воситаларни тугатиш муносабати билан уларни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш учун раҳбар ёки раҳбар ўринбосари раислигида комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тузилади. Комиссия таркибига ташкилотнинг тегишли мутахассислари, бухгалтерия ходимлари ва моддий жавобгар шахслари киритилиши керак. Комиссия ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тузилади.
93 4 . Комиссия қуйидаги ваколатларга эга:
а) ҳисобдан чиқариш керак бўлган асосий воситаларнинг бевосита кўригини амалга ошириш, бунда зарур техник ҳужжатлар (паспорт, босқич режалари ва бошқа ҳужжатлар), шунингдек бухгалтерия ҳисоби маълумотларидан фойдаланиш;
б) уларни тиклашнинг мумкин эмаслигини ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслигини аниқлаш;
в) асосий воситаларни ҳисобдан чиқариш сабабларини (тўлиқ эскиришни ҳисоблаб ёзиш, жисмоний эскириш, реконструкция қилиш, фойдаланишнинг шарт-шароитлари бузилиши, табиий офатлар ва ҳоказони) аниқлаш;
г) асосий воситаларнинг муддатидан олдин фойдаланишдан чиқиб кетишига айбдор бўлган шахсларни аниқлаш, ушбу шахсларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиш тўғрисида ташкилот раҳбарига таклифлар киритиш;
д) тугатилаётган асосий воситаларнинг айрим узеллари, деталлари, материаллари, рангли ва қимматбаҳо металларидан фойдаланиш имкониятини белгилаш ва уларни баҳолаш;
е) тугатилаётган асосий воситалардан яроқли узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металларни олиш устидан назоратни амалга ошириш, уларнинг миқдори, оғирлигини белгилаш ва тегишли омборга топширилишини назорат қилиш.
93 5 . Ташкилотларнинг бино-иншоотлари қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, модернизация қилиниши ва техник қайта жиҳозланиши муносабати билан асосий воситалар тугатиладиган ҳолларда комиссия ҳисобдан чиқаришга тақдим этилган асосий воситаларнинг юқори ташкилот томонидан тасдиқланган ташкилотларнинг бино-иншоотлари қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, замонавийлаштирилиши ва техник қайта жиҳозланиши режасига мувофиқлигини текшириши керак.
Бунда комиссия асосий воситаларни тугатиш далолатномасида тасдиқланган режанинг банди ва санасига ҳавола қилади.
93 6 . Асосий воситаларни тугатиш далолатномаларида тугатилаётган асосий воситаларни тавсифлайдиган қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
асосий воситани ишлаб чиқариш ёки барпо этиш йили, унинг ташкилотга келиб тушиш санаси, фойдаланишга топшириш санаси;
асосий воситанинг дастлабки (қайта баҳоланганлари учун — тиклаш) қиймати, бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича фойдаланишнинг бутун муддати учун ҳисоблаб ёзилган эскириш суммаси;
асосий воситани тугатиш сабаблари ва қисмларга бўлишдан олиниши мумкин бўлган яроқли узеллари, деталлари, материаллари, рангли ва қимматбаҳо металларининг борлиги ва улардан кейинчалик фойдаланиш имкониятлари.
93 7 . Транспорт воситасини тугатишда у босиб ўтган йўл кўрсатилади.
93 8 . Бахтсиз ҳодисалар ёки фойдаланишнинг шарт-шароитлари бузилиши натижасида шикастланган асосий воситалар қийматини балансдан ҳисобдан чиқаришда асосий воситаларни тугатиш далолатномасига бахтсиз ҳодисалар ёки фойдаланишнинг шарт-шароитлари бузилганлиги тўғрисидаги далолатноманинг кўчирма нусхаси илова қилинади. Шунингдек, ушбу ҳолатлар бўйича сабаблар аниқланади ва айбдор шахсларга нисбатан кўрилган чоралар ушбу далолатномада кўрсатилади.
93 9 . Табиий офатлар оқибатида чиқиб кетган асосий воситалар қийматини балансдан ҳисобдан чиқаришда тугатиш далолатномасига махсус Ҳукумат комиссиясининг хулосаси илова қилиниши мумкин.
93 10 . Комиссия томонидан тузилган асосий воситаларни тугатиш далолатномалари уларнинг балансида асосий воситалар қайд этилган ташкилот раҳбари томонидан тегишли юқори ташкилотлар билан келишган ҳолда, юқори ташкилот мавжуд бўлмаганда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда тасдиқланади.
93 11 . Асосий воситаларни тугатиш далолатномалари тасдиқлангунига қадар асосий воситаларни қисмларга бўлиш ва демонтаж қилишга йўл қўйилмайди.
Қисмларга бўлинган ва демонтаж қилинган асосий воситанинг бошқа асосий воситани таъмирлаш учун яроқли бўлган барча узеллари, деталлари, материаллари, рангли ва қимматбаҳо металлари улар ҳисобга олинадиган тегишли ҳисобварақларга асосий воситаларни тугатиш комиссияси томонидан белгиланадиган фойдаланиш нархи бўйича кирим қилинади. Яроқсиз узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлар иккиламчи хомашё (темир-терсак, қийқинди ёки ўтин) сифатида кирим қилинади ҳамда ташкилотнинг хоҳиши бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлатилади.
93 12 . Бюджет ташкилотлари учун тугатилган асосий воситаларни қисмларга ажратиш ва демонтаж қилишдан олинган товар-моддий бойликларни сотишдан олинган маблағлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақсимланади.
93 13 . Асосий воситалар бюджет ташкилотлари томонидан юқори ташкилот билан келишган ҳолда, юқори ташкилот мавжуд бўлмаганда мустақил равишда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа бюджет ташкилотларига бепул (текинга) берилиши мумкин.
12-боб. Ахборотнинг ошкор этилиши
94. Молиявий ҳисоботларда ҳар бир асосий восита гуруҳи ҳақида қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши зарур:
а) баланс қийматини аниқлаш учун нархлаш асослари;
б) амортизация ҳисобланишида фойдаланилган усул;
в) қўлланилган фойдаланиш даври ва амортизация меъёрлари;
г) баланс қиймати ва йил боши ва йил охиридаги амортизацияланадиган қиймати;
д) ҳисобот даври боши ва охиридаги баланс қиймати таққосланиши, унда:
қўшилиши;
чиқиб кетиши;
ташкилотларни бирлаштириш натижасида қўлга киритиш;
табиий офат ва бахтсиз ҳодисалар натижасида;
ҳисобот даври давомида қайта баҳолаш ёки қадрсизланиши натижасида қийматининг ошиши ёки камайиши;
молиявий ҳисобот кўрсаткичларини чет эл валютасидан миллий валютада қайта ҳисоблаш жараёнида юзага келадиган айирбошлаш курси ўзгариши натижасида юзага келган фарқ.
95. Молиявий ҳисоботларда ҳар бир асосий восита гуруҳи ҳақида қуйидаги маълумотлар ҳам акс эттирилиши зарур:
мажбуриятлар учун гаров сифатида турган асосий воситаларга эгалик ҳуқуқи ва унга чекловлар;
асосий воситалар бирлигининг баланс қийматига киритилган қурилиш жараёнида харажатлар суммаси;
асосий воситаларни харид қилиш шартномасидаги мажбуриятлар суммаси;
қадрсизланган, бошқа ташкилотларга берилган ёки йўқотилган асосий воситалар бирлиги учун учинчи томонлар томонидан тўланган, харажатлар ёки даромадларга киритилган компенсация суммаси;
ҳисобот даври давомида ишлаб чиқарилган товар (иш, хизмат) сифатидаги даромадлар ёки харажатлар таннархи;
давр охирида жами амортизация суммаси.
96. Шунингдек, жорий ёки кейинги даврларга таъсир кўрсатувчи ҳисобот сиёсатидаги ўзгаришлар характери ва натижалари ошкор этилиши лозим. Асосий воситалар учун бундай ошкор этилиши ҳисоб сиёсатидаги қуйидаги ўзгаришлар натижасида амалга оширилиши мумкин:
тугатиш қиймати;
асосий воситалар объектларини демонтаж, кўчириш ёки қайта тиклаш учун зарур харажатларнинг суммаси;
фойдаланиш даври;
амортизация ҳисоблаш усули.
97. Тақдим қилинаётган ҳисоботларда асосий воситалар объекти бўйича қайта баҳолаш амалга оширилган ҳолларда, қуйидаги маълумотлар очиб берилиши зарур:
қайта баҳолаш ўтказилган сана;
мустақил баҳоловчи жалб этилганлиги;
активларнинг ҳақиқий қийматини аниқлашда қўлланилган усуллари ва асослари;
фаол бозордаги нархлар билан тўғридан-тўғри солиштириш билан бевосита аниқланган, бозор шартларидаги тузилган келишувлар билан ёки бошқа баҳолаш усуллари ёрдамида ҳисобланган активларнинг ҳақиқий қиймат бирлиги даражаси;
давр давомида ўзгаришни кўрсатувчи қайта баҳолаш қийматининг ўсиши ва хусусий капитал акциядорлари ва бошқа иштирокчилари ўртасидаги қолдиқнинг тақсимланиши бўйича исталган чекловлар;
мазкур гуруҳ ичидаги асосий воситалар алоҳида предметлари бўйича қайта баҳолашнинг ўсиш суммаси;
мазкур гуруҳ ичидаги асосий воситалар алоҳида предметлари бўйича қайта баҳолашнинг камайишлари суммаси.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 30 январь,
11-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirining
buyrugʻi
Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (8-sonli BHS) “Koʻchmas mulk, bino va jihozlar”ni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining Budjet kodeksi , Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq va budjet hisobini davlat sektorida moliyaviy hisobotlarning xalqaro standartlari bilan muvofiqlashtirish maqsadida buyuraman:
1.Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (8-sonli BHS) “Koʻchmas mulk, bino va jihozlar” ilovaga muvofiq tasdiqlansin .
2. Mazkur buyruq 2020-yil 1-yanvardan kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining 2019-yil 30-yanvardagi 11-son buyrugʻiga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (8-sonli BHS) “Koʻchmas mulk, bino va jihozlar”
Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (8-sonli BHS) “Koʻchmas mulk, bino va jihozlar” (bundan buyon matnda Standart deb yuritiladi) Oʻzbekiston Respublikasining Budjet kodeksi hamda “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq budjet tashkilotlari, davlat maqsadli va boshqa budjetdan tashqari jamgʻarmalarning (bundan buyon matnda tashkilotlar deb yuritiladi) koʻchmas mulk, bino va jihozlar (bundan buyon matnda asosiy vositalar deb yuritiladi) hisobini yuritish tartibini belgilaydi .
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Standartda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
asosiy vositalar — tashkilotning uzoq muddat davomida (bir yildan ortiq) zimmasiga yuklatilgan vazifalarni bajarish, tovarlarni ishlab chiqarish, ishlarni bajarish, xizmatlar koʻrsatish yoxud maʼmuriy va ijtimoiy-madaniy vazifalar jarayonida foydalaniladigan, shuningdek boshqa yuridik va jismoniy shaxslarga ijaraga berish mumkin boʻlgan moddiy aktivlar ;
asosiy vositalar guruhi — moliyaviy hisobotlarda maʼlumotlarni ochib berish maqsadida tashkilot faoliyatidagi oʻxshash funksiya yoki xarakterdagi aktivlar guruhini bitta tasnif boʻyicha aks ettirish;
aktivning tugatish qiymati — asosiy vositalarning chiqib ketishi boʻyicha kutilayotgan xarajatlarni chegirgan holda kutilayotgan foydali xizmat davri oxirida asosiy vositalarni tugatish chogʻida olinadigan aktivlarning kutilayotgan summasi;
balans qiymati — aktivning boshlangʻich qiymatidan jamlangan amortizatsiya va qadrsizlanishdan koʻrilgan zarar summasini chegirib tashlangandagi qiymat;
boshlangʻich qiymat — asosiy vositalarni yaratish (qurish va qurib bitkazish) yoki xarid qilish boʻyicha qilingan xarajatlarning qiymati, shuningdek aktivni undan maqsadga muvofiq foydalanish uchun ishchi holatiga keltirish bilan bevosita bogʻliq boʻlgan yetkazib berish va montaj qilish, oʻrnatish, ishga tushirish va istalgan boshqa xarajatlar;
foydali xizmat davri — korxona aktivdan foydalanadigan vaqt davri yoki tashkilot ushbu aktivdan foydalanishdan olishni moʻljallayotgan mahsulot miqdori;
amortizatsiyalanadigan qiymat — aktivning boshlangʻich yoki moliyaviy hisobotda oʻrnini bosuvchi boshqa qiymatdan tugatish qiymatining chegirilishi;
amortizatsiya — foydali xizmat davri mobaynida aktivning amortizatsiyalanadigan qiymatini asosiy vositalarning vazifasidan kelib chiqqan holda xarajatlariga tizimli taqsimlash va oʻtkazish koʻrinishida eskirishning qiymat ifodasi;
2. Standart asosiy vositalar hisobini yuritish, shuningdek moliyaviy hisobotlardan foydalanuvchilar uchun tashkilotlarning asosiy vositalarga kiritilgan investitsiya va ularning oʻzgarishi haqidagi maʼlumotlarni ochib beradi. Asosiy vositalarning hisobini yuritishda aktivlar tan olinadi, uning balans qiymati, amortizatsiyasi va qayta baholashdan koʻrilgan zararlar aniqlanadi.
3. Hisoblash usuli asosida moliyaviy hisobotlar tuzuvchi va taqdim qiluvchi tashkilotlar asosiy vositalar hisobini yuritishda Standartdan foydalanadi.
4. Standart quyidagilar uchun tatbiq etilmaydi:
qishloq xoʻjaligi faoliyati bilan bogʻliq biologik aktivlar;
asosiy vositalar sifatida tan olinishini belgilovchi mezonlarga mos kelmaydigan aktivlar;
neft, gaz yoki shunga oʻxshash qayta tiklanmaydigan mineral resurs zaxiralari va ularni qazib olish uchun huquqlar.
5. Xizmat muddati va qiymatidan qatʼi nazar, quyidagilar asosiy vositalar tarkibiga kiritilmaydi:
maxsus asboblar va moslamalar (muayyan buyumlarni turkumlab va yoppasiga ishlab chiqarish uchun yoki yakka tartibdagi buyurtmalarni tayyorlash uchun moʻljallangan, maqsadli yoʻnaltirilgan asboblar va moslamalar);
maxsus va sanitariya kiyim-kechaklar, maxsus poyabzallar;
koʻrpa-toʻshak anjomlari;
yozuv-chizuv anjomlari (kalkulyatorlar, stol ustiga qoʻyiladigan asboblar va boshqalar);
oshxona anjomlari, shuningdek oshxona uchun dasturxon-sochiqlar;
tiklanishi boʻyicha xarajatlar qurilish-montaj ishlari tannarxiga kiritiladigan vaqtinchalik (notitul) inshootlar, moslamalar va qurilmalar;
bir yildan kam foydalanish muddatiga ega boʻlgan almashtiriladigan uskunalar;
ovlash qurollari (trallar, toʻrlar, qarmoqlar va boshqalar) va shu kabi moddiy qimmatliklar.
Ushbu bandning ikkinchi — sakkizinchi xatboshilaridagi moddiy qimmatliklar buxgalteriya hisobida tovar-moddiy zaxiralar tarkibida hisobga olinadi.
6. Asosiy vositalar tarkibida qonunchilik hujjatlariga muvofiq tashkilot mulkiga topshirilgan yer uchastkalari hisobga olinadi.
7. Qiymati va xizmat muddatidan qatʼi nazar, quyidagilar asosiy vositalar tarkibiga kiradi:
qishloq xoʻjaligi mashinalari va uskunalari;
ishchi va mahsulot beruvchi hayvonlar;
kutubxona fondlari;
madaniy meros aktivlari;
hayvonot olami eksponatlari;
namunaviy loyihalashtirishga oid hujjatlar.
Agar bitta asosiy vositada turlicha foydali xizmat davriga ega bir nechta mustaqil obyektlar mavjud boʻlsa, har bir bunday obyekt budjet hisobida alohida asosiy vosita sifatida hisobga olinadi.
8. Maxsus harbiy texnikalar asosiy vositalar hisoblanib, Standartga muvofiq harbiy asosiy vositalar hisobi tashkil etiladi.
2-bob. Asosiy vositalarning tan olinishi
9. Asosiy vositalar aktiv sifatida :
tashkilotga kelgusida aktiv bilan bogʻliq iqtisodiy naf kelib tushishiga ishonch boʻlganda;
aktiv qiymatini aniq baholash mumkin boʻlganda tan olinadi.
10. Texnik xizmat koʻrsatish jihozlari va qoʻshimcha ehtiyot qismlari odatda moddiy zaxiralarni aylanma manbalari tarkibiga kiritiladi va ulardan foydalanish davomida xarajatlar koʻrsatib boriladi. Tashkilot tomonidan bir yildan ortiq davrda foydalanilishi nazarda tutilgan bir turdagi katta hajmli qoʻshimcha ehtiyot qismlari va uskunalari asosiy vosita sifatida klassifikatsiya qilinadi. Ehtiyot qismlari va xizmat jihozlari faqat asosiy vositalar bilan bogʻliq holda foydalanilsa, ular asosiy vositalar sifatida hisobga olinadi.
11. Standartda asosiy vositalar birligining tan olinishi uchun foydalaniladigan oʻlchov birliklari hisobga olinmaydi. Obyektning bir butunligini taʼminlovchi qoʻshimcha obyektlar bir obyekt sifatida tan olinadi (masalan, kutubxona kitoblari, kompyuter qoʻshimcha qurilmalari va jihozning katta boʻlmagan detallari va yalpi qiymat mezonlari boʻyicha qabul qilish).
12. Tashkilotlar tan olish prinsipi boʻyicha asosiy vositalarga qilgan barcha xarajatlarni uning qiymati yuzaga kelishi vaqtida baholaydi. Bu xarajatlar asosiy vositalarning qurilishi yoki sotib olinishi, unga qoʻshilgan xarajatlar, qismlarining almashtirilishi yoki unga xizmat koʻrsatilishi natijasida hisobga olingan xarajatlarni oʻz ichiga oladi.
13. Ixtisoslashgan harbiy texnika asosiy vositalar tarkibiga kiritilib, Standartga muvofiq aktiv sifatida tan olinadi.
14. Atrof-muhitni qoʻriqlash yoki atrof-muhitning xavfsizligini taʼminlash uchun asosiy vositalar xarid qilinadi. Bunday asosiy vositalarning xarid qilinishi aktivning iqtisodiy manfaat yoki foyda olish salohiyatini koʻpaytirmaydi, lekin tashkilotlardagi bunday xaridlar boshqa aktivlardan kelajakda iqtisodiy manfaat yoki foyda olish maqsadi boʻladi. Bunday xaridlar ham asosiy vositalar sifatida tan olinadi. Mazkur asosiy vositalar tashkilotga boshqa aktivlardan kelajakda qoʻshimcha iqtisodiy manfaat yoki foyda olish imkonini beradi.
Asosiy vositalardan foydalanish uchun qilingan xarajatlar balans qiymatida aks ettirilmaydi. Ushbu xarajatlar yuzaga kelish jarayonida haqiqiy xarajatlarda koʻrsatiladi va sarflangan materiallarga qilingan xarajatlarni xam oʻz ichiga oladi.
15. Aktiv sifatida tan olinishi lozim boʻlgan asosiy vositalar obyekti birinchi navbatda qiymati boʻyicha tan olinadi.
16. Agar aktiv almashuv boʻlmagan operatsiyalar yoʻli bilan olingan boʻlsa, uning qiymati sotib olish kunidagi haqiqiy narxi hisoblanadi.
Asosiy vositalar almashuv boʻlmagan operatsiyalar yoʻli bilan olingan boʻlishi mumkin (masalan, parklar, yoʻllar va trotuarlar qurish uchun nol qiymatda yoki nominal qiymatda yer uchastkalarining berilishi). Aktiv mol-mulkni musodara qilish yoʻli bilan olinganda musodara qilingan mulkning oldingi egasi tomonidan sotib olingan kunidagi haqiqiy qiymati hisoblanadi.
3-bob. Asosiy vositalarning kelib tushishi
17. Asosiy vositalar quyidagilar natijasida tashkilot balansiga kirim qilinadi:
oldi-sotdi shartnomasi boʻyicha obyektni sotib olish;
kapital qoʻyilmalar tugaganidan soʻng tiklangan obyektni qabul qilish-topshirish;
begʻaraz kelib tushish;
tovar-moddiy zaxiralar tarkibidan oʻtkazish;
asosiy vositalarning ortiqcha (hisobga olinmagan) obyektlarini aniqlash;
almashuv operatsiyalari;
moliyaviy ijara shartnomasi boʻyicha olish;
qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa hollar.
18. Asosiy vositalarning buxgalteriya hisobiga kirim qilinishi asosiy vositalarning boshlangʻich qiymati boʻyicha amalga oshiriladi.
Sotib olingan asosiy vositalar, tugallangan qurilishlar va inshootlar, shuningdek tashkilotning oʻzida tayyorlangan asosiy vositalarning boshlangʻich qiymatiga ularning sotib olish narxi va ularga qilingan barcha xarajatlarning toʻliq summasida, jumladan, mazkur asosiy vositalarni foydalanish uchun ishchi holatiga keltirish bilan bevosita bogʻliq boʻlgan yetkazib berish va montaj qilish, oʻrnatish, ishga tushirish va boshqa xarajatlarni hisobga olgan holda kiritiladi.
19. Standartning 10-bandida keltirilgan tan olish qoidalariga koʻra tashkilot aktiviga koʻrsatiladigan kundalik texnik xizmat koʻrsatish xarajatlari aktivning asosiy vositalar balans qiymatiga kiritilmaydi. Bu xarajatlar ularning vujudga kelish holatiga koʻra foyda yoki zarar tarkibiga kiritiladi. Kundalik texnik xizmat koʻrsatish xarajatlari — bu birinchi navbatda ish haqi va materiallarga xarajatlar hisoblanadi va ular butlovchi qismlarning qiymatini ham oʻz ichiga oladi. Bunday xarajatlar odatda asosiy vositalarning taʼmirlash va joriy xizmat koʻrsatish xarajatlari sifatida koʻrsatiladi.
20. Baʼzi asosiy vositalarning tarkibiy qismlari maʼlum bir vaqt davomida almashtirishni talab etadi (masalan, yoʻllar bir necha yillardan soʻng eskirishi va yaroqsiz holatga kelishi sababli yangi qoplama qilinishi zarur). Baʼzi asosiy vositalarning obyektlari bunday muntazam almashtirishlarga ehtiyoj sezmaydi (masalan, binoning ichki devorlari).
Standartning 10-bandida keltirilgan tan olish qoidalariga koʻra, tashkilot asosiy vositalarining balans qiymatiga, tan olish xususiyatlariga rioya etish shartlarining vujudga kelish paytidagi almashtirish xarajatlari kiritiladi. Almashtiriladigan qismlarning qoldiq qiymatini hisobdan chiqarish Standartning hisobdan chiqarish qoidalariga muvofiq amalga oshiriladi.
4-bob. Asosiy vositalarni guruhlanishi
21. Asosiy vositalarning guruhlari — tashkilot faoliyatida foydalanilishi va vazifasi oʻxshash boʻlgan aktiv guruhlari hisoblanadi.
22. Alohida guruhlarga misollar sifatida quyidagilar keltirilishi mumkin:
a) yer uchastkasi;
b) ishchi binolar;
v) yoʻllar;
g) mashina jihozlari;
d) elektr uzatish tarmoqlari;
e) transport;
j) havo transporti;
z) maxsus harbiy jihozlari;
i) avtotransport vositalari;
k) mebel jihozlari;
l) ofis jihozlari;
m) neft minoralari.
23. Asosiy vositalarning yagona guruhi ichidagi obyektlarning qayta baholanishi aktivlarning tanlama usulda qayta baholanishini oldini olish maqsadida amalga oshiriladi hamda moliyaviy hisobotlarda haqiqiy xarajatlar va turli sanalardagi qiymatlarning ifodalanishini taʼminlaydi.
24. Aktivlar guruhlari oʻzgaruvchan asosda qayta baholanishi mumkin. Aktivlar guruhining qayta baxolanishi qisqa davr mobaynida yakunlanadi va natijalar yangilanadi.
25. Qayta baholash natijasida aktiv guruhining balans qiymati oshsa, bu koʻpayish “Asosiy vositalar” schyotining tegishli subschyotlarining debetida va “Asosiy vositalar, qiymatliklar va nomoddiy aktivlarni qayta baholash” subschyotning kreditida aks ettiriladi.
26. Agar aktivning balans qiymati qayta baholash natijasida kamaysa, bunday kamayish foyda yoki zararning tan olinishiga tegishli schyotlarda hisobga olinadi.
27. Asosiy vositalar yagona guruhi ichidagi alohida aktivlarga tegishli boʻlgan, qayta baholash natijasida qiymatning oʻsishi yoki kamayishi, mazkur guruh ichida oʻzaro hisob-kitob qilinadi. Asosiy vositalarning boshqa guruhlariga tegishli aktivlar bilan oʻzaro hisob-kitob qilinmaydi.
28. Sof aktivlar/kapital tarkibiga kiruvchi qayta baholash natijasidagi oʻsishning bir qismi yoki hammasi, aktiv hisobidan chiqarilganda toʻgʻridan-toʻgʻri jamlangan foyda yoki zararga oʻtkaziladi. Qayta baholash natijasidagi qiymat oʻsishi aktivdan foydalanish meʼyori darajasida jamlangan foydaga oʻtkaziladi. Qiymat oʻsishining oʻtkazilish summasi qayta baholangan aktiv balans qiymati asosida hisoblangan amortizatsiya summasi bilan aktivning boshlangʻich qiymati asosida hisoblangan amortizatsiya summasi oʻrtasidagi farqni ifodalaydi.
5-bob. Madaniy meros va infrastruktura aktivlari
29. Tashkilotlar asosiy vositalarni tan olish xususiyatlari va belgilariga toʻgʻri keladigan madaniy meros aktivlari uchun Standartning axborotni ochib berish talablari qoʻllaniladi. Standartning baholash boʻyicha va boshqa talablari madaniy meros aktivlari uchun qoʻllanilmaydi.
30. Baʼzi aktivlar oʻzining madaniy, ekologik yoki tarixiy qiymatiga ega boʻlib, madaniy meros aktivlari sifatida tan olinadi (masalan, tarixiy inshootlar, monumentlar, arxeologik qazilmali joylar, tabiat tomonidan muhofaza qilinadigan hududlar, qoʻriqxonalar, sanʼat asarlari va boshqalar).
31. Madaniy meros aktivlari quyidagi tavsiflarga ega:
moliyaviy aniqlash jarayonida bozor qiymatiga asoslangan umumiy narxda ifodalanishi mumkin boʻlmagan madaniy, ekologik va tarixiy ahamiyatga egaligi;
aktivlarni sotish orqali chiqib ketishini qonun bilan qatʼiy cheklash yoki taqiqlar oʻrnatilganligi;
vaqt oʻtishi bilan fizik holati yomonlashib, narxi ortganda ham yangisiga oʻzgartirib boʻlmasligi;
aktivlarning foydalanish davri bir necha yuz yilni tashkil etishi natijasida ularning foydalanish davrini aniqlashda qiyinchiliklar yuzaga kelishi mumkin.
32. Tashkilotlar katta hajmdagi madaniy meros aktivlariga egalik qilishi mumkin. Bu aktivlar uzoq yillar davomida turli xil yoʻllar bilan, jumladan, oldi-sotdi shartnomasi, bepul tushumlar, ayirboshlash natijasida qoʻlga kiritilgan boʻlishi mumkin.
33. Madaniy meros aktivlari uning qiymatidan tashqari foydali salohiyatga ham ega boʻladi (masalan, ofis binosi sifatida foydalaniladigan tarixiy bino). Bunda ular boshqa asosiy vositalar talablari boʻyicha tan olinishi va narxlanishi mumkin. Boshqa meros qilib olinadigan aktivlarning foydali salohiyati ularning tavsiflari natijasida cheklangan boʻladi (masalan, yodgorliklar va tarixiy obyekt qoldiqlari).
34. Madaniy meros aktivlari mavjud tashkilotlar moliyaviy hisobotlarda quyidagi maʼlumotlarni ochib berishi zarur:
baholashning foydalaniladigan asosi;
amortizatsiya hisoblashning foydalaniladigan usuli, agar bu usul qoʻllanilsa;
yalpi balans qiymati;
hisobot davri oxiridagi jami amortizatsiya, agar mavjud boʻlsa;
davr boshi va oxiridagi balans qiymatini oʻz ichiga oluvchi qismlarni taqqoslash.
35. Baʼzi aktivlar infrastruktura aktivlari sifatida ifodalanadi. Infrastruktura aktivlari quyidagi xususiyatlardan biriga yoki barchasiga ega boʻladi:
tarmoq yoki tizimning bir qismiga ega boʻladi;
maxsus xarakterga ega va alternativ foydalanilmaydi;
koʻchmas hisoblanadi;
olib qoʻyilishiga aniq cheklovlar mavjud boʻladi.
36. Infrastruktura aktivlari asosiy vositalarga kiradi va Standartga muvofiq hisobga olinadi (masalan, yoʻllar, oqova suvlarni chiqarib yuborish tizimlari, suv va elektr taʼminoti tizimlari, kommunikatsiya tizimlari va boshqalar).
6-bob. Asosiy vositalarni baholash
37. Asosiy vositalar aktivlar sifatida tan olinganda, boshlangʻich qiymati boʻyicha baholanadi.
38. Toʻlov evaziga sotib olingan asosiy vositalarning boshlangʻich qiymati quyidagi xarajatlardan iborat:
shartnoma asosida qurilish-montaj ishlarini bajaradigan pudratchi va aktivlarni sotuvchilarga toʻlanadigan summa;
roʻyxatga olish yigʻimlari, davlat bojlari va asosiy vositalarga boʻlgan huquqni sotib olish (olish) boʻyicha amalga oshirilgan boshqa shunga oʻxshash toʻlovlar;
bojxona boji va yigʻimlari;
asosiy vositalar obyektlarini sotib olish (barpo etish) munosabati bilan yigʻimlar summalari (agar ular qoplanmasa);
asosiy vositalar obyektlarini sotib olish (barpo etish) bilan bogʻliq axborot va maslahat xizmatlari uchun toʻlanadigan summalar;
asosiy vositalar obyektlarini yetkazib berish (barpo qilish) xatarini sugʻurtalash boʻyicha xarajatlar;
asosiy vositalar obyektini sotgan vositachilarga toʻlanadigan mukofotlar;
asosiy vositalarni oʻrnatish, montaj qilish, sozlash va ishga tushirishga oid xarajatlar;
aktivdan maqsadga muvofiq foydalanish uchun uni ishchi holatga keltirish bilan bevosita bogʻliq boʻlgan boshqa xarajatlar.
39. Foydalanish holatida va oʻz joyida boʻlgan asosiy vositalarga qilingan xarajatlar (qayta oʻrnatish va foydalanish jarayonidagi xarajatlar) asosiy vositaning balans qiymati xarajatlari tarkibiga kiritilmaydi.
40. Asosiy vositalarni ishlab chiqarish yoki qurilishi mobaynidagi daromadlar va xarajatlar daromad yoki xarajat deb tan olinganda daromadlar va xarajatlarning tasniflariga muvofiq hisobga olinadi.
41. Tashkilotning oʻzida tayyorlangan asosiy vositalarning boshlangʻich qiymati sifatida mazkur asosiy vositalarni tiklash (qurish, qurib bitkazish) boʻyicha haqiqiy xarajatlar summasi tan olinadi. Tashkilot oʻz faoliyati davomida sotish uchun aktivlarni ishlab chiqarganda, bu aktivlarning qiymati sotish qiymatiga teng boʻladi.
42. Tashkilotga bepul yoki hadya shartnomasi boʻyicha kelib tushgan asosiy vositalarning boshlangʻich qiymati budjet hisobida qayd etilgan sanadagi qiymat hamda Standartning 16-bandiga koʻra hisobga olgan holda aniqlanadi.
43. Tovar-moddiy zaxiralar tarkibidan asosiy vositalarga oʻtkazilgan obyektlarning boshlangʻich qiymati Oʻzbekiston Respublikasi Budjet hisobining standarti (7-sonli BHS) “Tovar-moddiy zaxiralar”ga (roʻyxat raqami 3120, 2019-yil 14-yanvar) muvofiq ularning balans qiymatiga teng boʻladi.
44. Xarid qilish vaqtida xorijiy valyutada ifodalangan asosiy vositalarning boshlangʻich qiymati mazkur standartning 39-bandida nazarda tutilgan tegishli xarajatlarni hisobga olgan holda, bojxona yuk deklaratsiyasini toʻldirish sanasidagi Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki kursi boʻyicha soʻmda belgilanadi.
45. Almashuv operatsiyalari yoʻli bilan olingan asosiy vositalarning boshlangʻich qiymati berilgan asosiy vosita obyektining qoldiq qiymatiga teng.
Asosiy vositalar qoʻshimcha toʻlov bilan ayirboshlangan holatlarda almashtirish yoʻli bilan olingan asosiy vositalarning boshlangʻich qiymati berilgan asosiy vositalarning ayirboshlashda oʻtkazilgan (olingan) pul mablagʻlari yoki ularning ekvivalentlari summasiga oshirilgan (kamaytirilgan) qoldiq qiymatiga teng.
46. Toʻlov pul mablagʻlari bilan amalga oshirilmaydigan shartnomalar boʻyicha qoʻlga kiritilgan asosiy vositalarning boshlangʻich qiymati ular qabul qilib olingan kundagi qiymatiga teng.
Toʻlov pul mablagʻlari bilan amalga oshirilmaydigan shartnomalar boʻyicha qoʻlga kiritilgan asosiy vositalarning qiymatini aniqlash imkoni boʻlmaganda ularning qiymati oʻxshash asosiy vosita obyektlarining qiymatidan kelib chiqib aniqlanadi.
47. Majburiyati bitta summa sifatida koʻrsatilgan asosiy vosita obyektlarining boshlangʻich qiymati bu summani har bir asosiy vosita obyektining hozirgi qiymatiga proporsional ravishda taqsimlash orqali aniqlanadi.
48. Majburiyat hisobiga olingan asosiy vositalar aktiv sifatida tan olinganda uning boshlangʻich qiymati amortizatsiya va qadrsizlanish natijasida yuzaga kelgan zararlarni chegirib tashlagan holda aniqlanadi.
Asosiy vositalarning budjet hisobiga kiritilgan boshlangʻich qiymatining oʻzgartirilishiga asosiy vosita obyektlarini qayta qurish, jihozlash, modernizatsiya qilish, texnik qayta taʼmirlash, qisman sotish va qayta baholash hollarida ruxsat etiladi.
49. Asosiy vositalar obyektini qurib bitkazish, qoʻshimcha jihozlash, rekonstruksiya qilish, zamonaviylashtirish va texnik qayta qurollantirishga doir xarajatlar, ular tugatilganidan soʻng, agar ular natijasida asosiy vositalarning faoliyat yuritishining dastlab qabul qilingan meʼyoriy koʻrsatkichlari (foydali xizmat davri, quvvati, qoʻllash sifati va boshqalar) yaxshilansa (oshsa), bunday obyektning boshlangʻich qiymati ham oshadi.
50. Qurib bitkazish, qoʻshimcha jihozlash, zamonaviylashtirish ishlariga asosiy vositalarning texnologik yoki xizmat maqsadining oʻzgarishi, ogʻirlikning oshishi va sifatni yanada yaxshilashga doir boshqa sifatlar tufayli yuzaga kelgan ishlar kiritiladi.
51. Rekonstruksiya qilish ishlariga ishlab chiqarishni takomillashtirish va uning texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlarini oshirish bilan bogʻliq boʻlgan hamda ishlab chiqarish quvvatlarini oshirish, mahsulot (ishlar, xizmatlar) sifatini yaxshilash va nomenklaturasini oʻzgartirish maqsadlarida asosiy vositalarni rekonstruksiya qilish loyihasi boʻyicha amalga oshiriladigan mavjud asosiy vositalarni qayta qurish kiradi.
Texnik qayta qurollantirishga ilgʻor texnika va texnologiyalarni joriy etish, ishlab chiqarishni mexanizatsiyalash va avtomatlashtirish, maʼnan va jismonan eskirgan uskunalarni modernizatsiya qilish va ularni yangi, unumdorligi yanada yuqori boʻlganlari bilan almashtirish asosida asosiy vositalar va ularning ayrim qismlarining texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlarini oshirish boʻyicha amalga oshiriladigan xarajatlar kiradi.
52. Asosiy vositalarga oʻtkaziladigan kapital qoʻyilmalar asosiy vositalardan foydalanishdan kelgusida iqtisodiy naf oshganda ularning boshlangʻich qiymatini oshiradi. Kelgusida iqtisodiy nafni oshirmaydigan boshqa barcha xarajatlar ular amalga oshirilgan davrda xarajatlar sifatida tan olinadi.
53. Asosiy vositalar obyekti aktiv sifatida hisobga olinganidan soʻng, qadrsizlanish boʻyicha kelgusida jamlangan amortizatsiya va zararlar chegirilgandan keyingi qayta baholash kunidagi haqiqiy qiymatini yuzaga keltiradigan ishonchli oʻlchanadigan haqiqiy qiymati, uning qayta baholash qiymatidan yuzaga keladi. Balans qiymati hisobot kunidagi haqiqiy qiymatidan foydalanish natijasida olingan qiymatdan farq qilmasligi uchun qayta baholash doimiy ravishda amalga oshiriladi.
54. Koʻchmas mulk obyektlarining haqiqiy qiymati odatda baholash yoʻli bilan olingan bozor qiymati orqali aniqlanadi. Bino va jihozlarning haqiqiy qiymati baholash orqali aniqlangan bozor qiymati hisoblanadi. Aktiv qiymatining baholanishi oʻziga xos professional malakaga ega boʻlgan baholovchi tomonidan amalga oshiriladi. Aksariyat aktivlarning haqiqiy qiymati bozordagi kotirovka narxlaridan kelib chiqib oʻrnatiladi (masalan, joriy bozor narxlari yer, ixtisoslashmagan binolar, avtotransport vositalari va uskuna va jihozlarning koʻplab turlariga taalluqli boʻlishi mumkin).
7-bob. Asosiy vositalarni qayta baholash
55. Asosiy vositalarni qayta baholash — asosiy vositalar qayta tiklash qiymatini hozirgi bozor narxlari darajasiga muvofiqlashtirish maqsadida ularni vaqti-vaqti bilan aniqlashtirishdir.
56. Qiymatini aniq baholash imkoni boʻlgan asosiy vosita aktiv sifatida tan olinganidan keyin amortizatsiya va qadrsizlanish xarajatlarini chegirib tashlagan holda qayta baholangan qiymati buxgalteriya hisobida aks ettiriladi.
Boshlangʻich qiymatni aniq oʻlchash imkoni boʻlgan asosiy vositalar aktiv sifatida tan olingandan keyin qayta baholash qiymatida, yaʼni qayta baholash kunidagi aktivning boshlangʻich qiymatidan jamlangan amortizatsiya va qadrsizlanishdan koʻrilgan zararlar chegirilgandagi qiymati boʻyicha hisobga olinadi.
57. Balans qiymati va hisobot kunidagi qiymat oʻrtasidagi sezilarli farqlarning oldini olish uchun asosiy vosita obyektini qayta baholash bir yilda kamida bir marta oʻtkaziladi.
58. Asosiy vosita obyektini qayta baholash indeksatsiya yoki hujjatlarga asoslangan bozor qiymati boʻyicha amalga oshiriladi.
Tashkilot Standartning oʻz hisobot siyosatida qayta baholash usulini aniqlashi va mazkur usulni barcha asosiy vosita guruhlariga qoʻllashi zarur.
59. Mol-mulk birligining bozor qiymatini aniqlashning imkoni boʻlmasa, aktiv qiymati oʻxshash xususiyatlarga ega mol-mulk qiymatiga asoslangan holda aniqlanadi.
60. Aktiv qayta baholanayotganda unga tegishli boʻlgan barcha asosiy vosita guruhlaridagi aktivlar qayta baholanishi zarur.
61. Asosiy vositalarni qayta baholashda qayta baholash sanasidagi jami amortizatsiya balans qiymatiga mos ravishda oʻzgartiriladi. Keyingi amortizatsiyalanadigan qiymat qayta aniqlangan qiymatdan chegirib boriladi.
62. Qayta baholash natijasida asosiy vosita balans qiymatining oshgan qiymati yakuniy moliyaviy natijalarni qayd etish hisobiga toʻgʻridan-toʻgʻri kreditlanadi. Qayta baholash natijasida asosiy vosita balans qiymatining kamaygan summasi yakuniy moliyaviy natijalarni qayd etish hisobiga toʻgʻridan-toʻgʻri debetlanadi.
8-bob. Asosiy vositaning amortizatsiyasini hisoblash
63. Asosiy vositalar qiymati amortizatsiyani hisoblash yoʻli bilan qoplanadi. Amortizatsiyalanadigan qiymat butun foydali xizmat davri mobaynida tashkilot xarajatlariga Standartda koʻrsatilgan tartibda tizimli ravishda taqsimlanadi.
64. Tashkilot asosiy vosita guruhining tan olingan boshlangʻich qiymatini har bir qismga taqsimlaydi va obyektning har bir qismiga alohida amortizatsiyalanadigan qiymatni hisoblaydi.
65. Aktivning foydali xizmat davri va likvidatsion qiymati har bir yillik hisobot sanasida qayta koʻrib chiqiladi va kutilgan baholashlarda oʻzgarish yuz berganda mazkur oʻzgarishlar Oʻzbekiston Respublikasi Budjet hisobining standarti (1-sonli BHS) “Hisob siyosati”ga (roʻyxat raqami 2853, 2016-yil 27-dekabr) muvofiq hisobot siyosatidagi oʻzgarishlar sifatida qabul qilinadi.
66. Asosiy vosita obyektiga amortizatsiya xarajatlarini hisoblash obyekt asosiy vosita tarkibiga qoʻshib olingan oydan keyingi oyning birinchi kunidan boshlanadi va obyekt balansdan chiqarilmaguniga yoki toʻliq amortizatsiya hisoblanilguniga qadar davom etadi .
67. Asosiy vosita obyektiga amortizatsiya hisoblanishi uning balans qiymatini tugatish qiymatigacha yoki obyekt balansdan chiqarilmaguniga qadar davom etadi.
68. Amortizatsiya quyidagi asosiy vositalar boʻyicha aniqlanmaydi:
yer uchastkalari arxitektura va sanʼatning noyob yodgorliklari boʻlgan imoratlar va inshootlar;
kabinet va laboratoriyalarda joylashgan oʻquv ishlari va ilmiy maqsadlarda foydalaniladigan jihozlar, eksponatlar, nusxalar, amaldagi va amal qilmayotgan modellar, maketlar va boshqa koʻrgazmali qoʻllanmalar;
mahsuldor qoramollar, qoʻtoslar, hayvonot olami eksponatlari (hayvonot bogʻi va shunga oʻxshash tashkilotlarda);
foydalanish mumkin boʻlgan yoshga yetmagan koʻp yillik koʻchatlar;
kutubxona fondlari;
filmlar fondi;
sahnaga qoʻyish uskunalari, badiiy va muzey buyumlari;
foydalanish uchun ruxsatnoma rasmiylashtirilmagan kapital qurilish obyektlari yoki uning qismlari hamda tugallanmagan qurilishlar;
konservatsiyaga oʻtkazilgan asosiy vositalar.
69. Asosiy vositalar obyektining foydali xizmat davri davomida amortizatsiya hisoblanishi toʻxtatilmaydi, bundan ularni butkul toʻxtatish sharti bilan obyektni qurib bitkazish, toʻliq jihozlash, qayta qurish, zamonaviylashtirish, texnik qayta qurollantirish davri mustasno. Baʼzi hollarda, maʼlum bir qonunchilik hujjatlariga muvofiq obyekt yomon saqlanishi yoki taʼmirlash ishlari noaniq muddatga kechiktirilishi mumkin. Bunday hollarda asosiy vositaning foydalanish davri qayta koʻrib chiqilishi va toʻgʻrilanishi kerak.
70. Asosiy vosita obyektlari boʻyicha amortizatsiya hisoblash hisobot davrida amalga oshiriladi va buxgalteriya hisobida tegishli hisobot davrida aks ettiriladi.
Amortizatsiya hisoblash asosiy vositalar obyektlari qiymatining 100 foizidan oshib ketishi mumkin emas.
Agar yer uchastkasining boshlangʻich qiymati tarkibiga demontaj, koʻchirish va qayta tiklash maydonlari xarajatlari kiritilsa, bu yer uchastkasi aktiviga yuqoridagi xarajatlar amalga oshirilganidan keyingi samarali xizmati davri uchun amortizatsiya hisoblanadi.
71. Baʼzi hollarda yer uchastkasi chegaralangan foydalanish davriga ega boʻladi va bunday hollarda uning qiymati kelajakda kelishi kutilayotgan iqtisodiy daromad va foydaga asosan aniqlanadi.
72. Tashkilot asosiy vositaning boshlangʻich qiymatini uning aniq ajralgan boʻlaklariga asosan taqsimlaydi va har bir qismga alohida amortizatsiya hisoblaydi (masalan, koʻp hollarda yoʻlak, betonli toʻsiq, piyodalar oʻtish joyi va yoʻllarni yoritish tizimlariga alohida amortizatsiya hisoblash talab etiladi).
73. Hisobot davrida amortizatsiya summasi, qoidaga koʻra xarajat sifatida tan olinadi. Biroq tashkilotga kelishi kutilayotgan iqtisodiy manfaat va foydaga qarab amortizatsiya summasi ishlab chiqarilayotgan tovar (bajarilayotgan ishlar va koʻrsatilayotgan xizmatlar) tannarxiga kiritiladi.
74. Asosiy vosita obyekti olib kelishi kutilayotgan iqtisodiy foyda va foydali potensial salohiyat tashkilot aktividan foydalanish natijasida isteʼmol qilinadi. Biroq, texnik va fizik jihatdan amortizatsiya kabi boshqa faktorlar koʻp hollarda aktivdan foydalanilmayotgan boʻlsa ham kutilayotgan iqtisodiy manfaat va foydali potensial kamayishiga olib keladi. Shu sababdan foydalanish davrini aniqlashda quyidagi omillar inobatga olinishi kerak:
tashkilotning asosiy vosita obyektidan kutilayotgan foydalanish qiymati. Obyektning kutilayotgan quvvati yoki fizik mahsuldorligiga asosan foydalanish qiymati aniqlanadi;
mahsulotning ishlab chiqarilishida aktivning ishlatilishi lozim boʻlgan oʻzgarishlar soni, taʼmirlash davriyligi va obyektga foydalanish davrida xizmat koʻrsatish natijasida yuzaga kelgan fizik amortizatsiyalar;
ishlab chiqarish jarayoni rivojlanishi natijasida texnik yoki maʼnan amortizatsiyalar;
aktivdan foydalanishdagi ijara davrining tugashi kabi qonuniy cheklovlar.
75. Asosiy vositalarning amortizatsiya summasi foydalanish davrida tizimli ravishda hisoblanib boriladi.
76. Tashkilotlar tomonidan amortizatsiya hisoblash usuli asosiy vositalardan kelajakda kelishi kutilayotgan iqtisodiy manfaat va foydali potensialga asosan aniqlanadi.
77. Amortizatsiyani hisoblash quyidagi usullarni qoʻllash orqali amalga oshiriladi:
a) amortizatsiyani hisoblashning bir maromli (toʻgʻri chiziqli) usuli. Mazkur hisoblash usulida amortizatsiya asosiy vositalarni foydali xizmat davri mobaynida ularning amortizatsiya qiymatidan kelib chiqqan holda bir maromda teng ulushlarda hisoblanadi.
Bir maromli (toʻgʻri chiziqli) usulga koʻra asosiy vositalarning amortizatsiyalanadigan qiymati uning xizmat muddati davomida tegishli xarajatlarga bir maromda — hisobdan chiqariladi (taqsimlanadi). Ushbu usul amortizatsiya meʼyori foydali xizmat davrining faoliyatiga bogʻliqligiga asoslangan. Har bir davr uchun amortizatsiya ajratmalari summasi amortizatsiya qiymatini asosiy vositalardan foydalanilgan hisobot davrlari soniga boʻlish yoʻli bilan hisoblanadi.
Amortizatsiyani bir maromli (toʻgʻri chiziqli) hisoblash usulida amortizatsiya ajratmalarining yillik summasi asosiy vositalarning amortizatsiyalanadigan qiymat va mazkur obyektning foydali xizmat davridan kelib chiqib aniqlanadi;
b) amortizatsiyani bajarilgan ishlar hajmiga mutanosib ravishda hisoblashning ishlab chiqarish usuli. Amortizatsiyani hisoblashning ishlab chiqarish usuli har bir muayyan yildagi asosiy vositalarning ishlab chiqarish quvvati hisobga olinishiga asoslangan. Mazkur usul boʻyicha amortizatsiyaning har yilgi qiymatini hisoblash uchun butun foydali xizmat davridagi umumiy baholangan ishlab chiqarish quvvati yigʻindisi va mazkur muayyan yildagi ishlab chiqarish quvvati aniqlanishi lozim. Ishlab chiqarish quvvati sifatida ishlab chiqariladigan mahsulot birliklari soni, ishlangan soatlar soni, ogʻirlik, bosib oʻtilgan kilometrlar miqdori va boshqalar olinishi mumkin.
Amortizatsiyani hisoblashning ishlab chiqarish usulida yillik amortizatsiya ajratmalari summasi hisobot davridagi mahsulot (ishlar, xizmatlar) hajmining natural koʻrsatkichidan hamda asosiy vositalar amortizatsiyalanadigan qiymatning asosiy vositalar butun foydali xizmat davrida nazarda tutilayotgan mahsulot (ishlar, xizmatlar) hajmiga nisbatidan kelib chiqqan holda aniqlanadi.
78. Asosiy vositaga qoʻllaniladigan amortizatsiya hisoblash usuli har bir yillik hisobot sanasi uchun minimal qiymat sifatida qaralishi kerak va kutilayotgan iqtisodiy manfaat yoki foydali salohiyatda oʻzgarish kutilsa, bu oʻzgarishlarni aks ettirish uchun amortizatsiya hisoblash usuli oʻzgartirilishi zarur.
9-bob. Asosiy vositalarning tannarxi va qadrsizlanishi
79. Asosiy vositalar tannarxi oʻz ichiga:
aktivni balansdan chiqarish va savdo chegirmasi ayrilgandan keyingi xaridga tiklanmaydigan soliqlarni va import bojlarini oʻz ichiga oluvchi xarid bahosini;
aktivni oʻz joyiga yetkazib berishda bevosita xarajatlar va foydalanish uchun zarur boʻlgan holatga keltirish xarajatlarini;
obyekt joylashgan uchastkaning qayta tiklanishi, qayta montaj uchun xarajatlarni, subyektning obyektni sotib olishida yoki maʼlum muddat davomida tovar-moddiy zaxiralarning ishlab chiqarilishidan koʻra boshqa maqsadlarda foydalanish natijasida yuzaga keladigan majburiyatlarini oladi.
80. Bevosita xarajatlarga:
asosiy vositalarning sotib olinishi yoki qurilishi bilan bogʻliq boʻlgan ishlarni bajarishda ishchilarni mukofotlashga;
yer uchastkasini tayyorlashga;
yuklashga (boshlangʻich xarajatlar) va yetkazib berishga;
montaj va oʻrnatishga;
aktivning oʻz joyiga yetkazib berish va ish faoliyatiga keltirish jarayonida ishlab chiqarilgan biror bir mahsulotni sotishdan tushgan sof tushumlarni chegirgan holda aktivning faoliyat koʻrsatishiga tegishli tekshirishlarga xarajatlar (masalan, jihozni tekshirishdan olingan namunalar);
professional xizmatlarga ketgan xarajatlar kiradi.
81. Tashkilot hisob siyosati sifatida tannarx boʻyicha hisoblash usulini yoki qayta baholash usulidan birini tanlaydi va asosiy vositalarning barcha guruhlariga qoʻllaydi.
82. Shikastlangan yoki yoʻqolgan asosiy vositalar obyektlari uchun uchinchi tomon kompensatsiya toʻlovlari foyda yoki zararga kiritiladi.
Asosiy vositalarning qadrsizlanishi yoki yoʻqolishi bilan bogʻliq boʻlgan uchinchi tomon kompensatsiya toʻlovlari va ularning oʻrniga qurilgan yoki sotib olingan aktivlar alohida iqtisodiy hodisa hisoblanadi va quyida keltirilgan tartibda alohida hisobga olinadi:
foydalanishdan chiqarib olingan yoki chiqib ketishidan keyingi asosiy vosita obyektlarining balansdan chiqarilishi mazkur Standartga asosan amalga oshiriladi;
shikastlangan, yoʻqolgan yoki berilgan asosiy vositalar obyektlari uchun uchinchi tomon kompensatsiyasini, kompensatsiya olingan taqdirda foyda yoki zararga kiritish mumkin;
asosiy vosita obyektlarining almashinuv sifatida tiklangan, sotib olingan yoki qurilgandagi qiymati mazkur Standartga muvofiq aniqlanadi.
10-bob. Asosiy vositalar inventarizatsiyasi
83. Asosiy vositalarning haqiqatdan ham mavjudligini aniqlash va ularning butunligini taʼminlash maqsadida tashkilotlar tomonidan har 2 yilda bir martadan kam boʻlmagan holda asosiy vositalar inventarizatsiyasi oʻtkaziladi (kutubxona fondlari uchun 5 yilda bir marta).
84. Asosiy vositalar inventarizatsiyasi Oʻzbekiston Respublikasi buxgalteriya hisobining milliy standarti (19-sonli BHMS) “Inventarizatsiyani tashkil etish va oʻtkazish”ga (roʻyxat raqami 3548, 2024-yil 12-avgust) asosan amalga oshiriladi.
85. Inventarizatsiya jarayonida aniqlangan asosiy vositalar daromadlar yoki xarajatlar sifatida tan olinadi. Inventarizatsiya jarayonida yetishmovchiligi aniqlangan asosiy vositalar aybdor shaxslar topilguniga qadar kamomadlar hisobiga kiritiladi.
86. Asosiy vositalarning balans qiymatini ularning haqiqiy (joriy) qiymatiga mos kelmasligi aniqlangan holatda oshirish yoki kamaytirish Standartga muvofiq amalga oshiriladi.
11-bob. Asosiy vositalarning balansdan chiqib ketishi va sotilishi
87. Asosiy vositalarning qiymati chiqib ketishida balansdan chiqarilishi lozim.
88. Asosiy vositalar qiymati tashkilot balansidan quyidagilar natijasida hisobdan chiqariladi:
tugatilganda;
sotilganda;
almashuv operatsiyalari orqali berilganda;
begʻaraz berilganda;
kamomad yoki yoʻqotishlar aniqlanganda;
qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa hollarda.
89. Asosiy vositalar qisman tugatilgan holatda uning boshlangʻich qiymati va hisoblangan amortizatsiya tegishlicha obyekt tugatilgan qismining boshlangʻich qiymati va hisoblangan amortizatsiya summasiga kamaytiriladi.
90. Tashkilot asosiy vositalari balansidan chiqarilishi, asosiy vosita va boshqa tovar-moddiy zaxiralarning sotilishidan olingan summani taqsimlash Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2009-yil 31-dekabrdagi 343-son qarori bilan tasdiqlangan Budjet tashkilotlari va davlat unitar korxonalarining asosiy vositalarini hamda qurilishi tugallanmagan obyektlarini sotish, shuningdek ularni sotishdan tushgan pul mablagʻlarini taqsimlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga asosan amalga oshiriladi.
91. Asosiy vosita balansdan chiqarilishi natijasida yuzaga kelgan daromad va xarajatlar asosiy vosita hisobdan chiqarilganida olingan sof tushum va uning balans qiymati oʻrtasidagi farq sifatida tan olinishi kerak.
92. Asosiy vositaning chiqib ketishida uning qiymati haqiqiy narxda tan olinadi.
93. Qayta tiklangan, xarid qilingan yoki oʻrnatilishi sifatida qurilgan asosiy vosita birliklarining tannarxi Standart boʻyicha aniqlanadi.
11 1 -bob. Asosiy vositalar qiymatini tugatish munosabati bilan ularni balansdan hisobdan chiqarish tartibi
93 1 . Asosiy vositalar qiymati quyidagi hollarda ularni tugatish munosabati bilan balansdan hisobdan chiqarilishi mumkin:
a) belgilangan xizmat muddati tugaganidan (toʻliq eskirish hisoblab yozilganidan) keyin;
b) jismoniy eskirish, baxtsiz hodisalar, tabiiy ofatlar, foydalanishning shart-sharoitlarini buzish oqibatida yaroqsiz holga kelganda;
v) maʼnan eskirganda. Maʼnan eskirgan asosiy vositalar deganda xuddi shunday maqsadda asosiy vositalarning yanada unumdor va tejamkor turlarini ishlab chiqish natijasida qadrsizlanadigan asosiy vositalar tushuniladi;
g) tegishli davlat organlarining qarorlari boʻyicha balansdan chiqib ketganda;
d) tashkilotlarning bino-inshootlari qurilishi, kengaytirilishi, rekonstruksiya qilinishi, modernizatsiya qilinishi va texnik qayta jihozlanishi munosabati bilan.
Tiklanishi mumkin boʻlmagan yoki iqtisodiy jihatdan maqsadga muvofiq boʻlmagan asosiy vositalar tugatiladi.
Asosiy vositalarning hisobdan chiqarilishi va tugatilishi yuzasidan ixtisosliligi mos keladigan tegishli tashkilotlardan foydalanishga yaroqsizligi toʻgʻrisida xulosa olingandan keyin asosiy vositalarning hisobdan chiqarilishi va tugatilishi haqida qarorlar qabul qilinishi lozim.
93 2 . Asosiy vositalarni tugatish tashkilotlar tomonidan yuqori tashkilot bilan kelishgan holda, yuqori tashkilot mavjud boʻlmaganda qonunchilik hujjatlariga muvofiq mustaqil ravishda amalga oshiriladi.
93 3 . Tashkilotlarda asosiy vositalarni tugatish munosabati bilan ularni hisobdan chiqarish toʻgʻrisida qaror qabul qilish uchun rahbar yoki rahbar oʻrinbosari raisligida komissiya (bundan buyon matnda Komissiya deb yuritiladi) tuziladi. Komissiya tarkibiga tashkilotning tegishli mutaxassislari, buxgalteriya xodimlari va moddiy javobgar shaxslari kiritilishi kerak. Komissiya tashkilot rahbarining buyrugʻi bilan tuziladi.
93 4 . Komissiya quyidagi vakolatlarga ega:
a) hisobdan chiqarish kerak boʻlgan asosiy vositalarning bevosita koʻrigini amalga oshirish, bunda zarur texnik hujjatlar (pasport, bosqich rejalari va boshqa hujjatlar), shuningdek buxgalteriya hisobi maʼlumotlaridan foydalanish;
b) ularni tiklashning mumkin emasligini yoki iqtisodiy jihatdan maqsadga muvofiq emasligini aniqlash;
v) asosiy vositalarni hisobdan chiqarish sabablarini (toʻliq eskirishni hisoblab yozish, jismoniy eskirish, rekonstruksiya qilish, foydalanishning shart-sharoitlari buzilishi, tabiiy ofatlar va hokazoni) aniqlash;
g) asosiy vositalarning muddatidan oldin foydalanishdan chiqib ketishiga aybdor boʻlgan shaxslarni aniqlash, ushbu shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasining qonun hujjatlarida belgilangan javobgarlikka tortish toʻgʻrisida tashkilot rahbariga takliflar kiritish;
d) tugatilayotgan asosiy vositalarning ayrim uzellari, detallari, materiallari, rangli va qimmatbaho metallaridan foydalanish imkoniyatini belgilash va ularni baholash;
e) tugatilayotgan asosiy vositalardan yaroqli uzellar, detallar, materiallar, rangli va qimmatbaho metallarni olish ustidan nazoratni amalga oshirish, ularning miqdori, ogʻirligini belgilash va tegishli omborga topshirilishini nazorat qilish.
93 5 . Tashkilotlarning bino-inshootlari qurilishi, kengaytirilishi, rekonstruksiya qilinishi, modernizatsiya qilinishi va texnik qayta jihozlanishi munosabati bilan asosiy vositalar tugatiladigan hollarda komissiya hisobdan chiqarishga taqdim etilgan asosiy vositalarning yuqori tashkilot tomonidan tasdiqlangan tashkilotlarning bino-inshootlari qurilishi, kengaytirilishi, rekonstruksiya qilinishi, zamonaviylashtirilishi va texnik qayta jihozlanishi rejasiga muvofiqligini tekshirishi kerak.
Bunda komissiya asosiy vositalarni tugatish dalolatnomasida tasdiqlangan rejaning bandi va sanasiga havola qiladi.
93 6 . Asosiy vositalarni tugatish dalolatnomalarida tugatilayotgan asosiy vositalarni tavsiflaydigan quyidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi:
asosiy vositani ishlab chiqarish yoki barpo etish yili, uning tashkilotga kelib tushish sanasi, foydalanishga topshirish sanasi;
asosiy vositaning dastlabki (qayta baholanganlari uchun — tiklash) qiymati, buxgalteriya hisobi maʼlumotlari boʻyicha foydalanishning butun muddati uchun hisoblab yozilgan eskirish summasi;
asosiy vositani tugatish sabablari va qismlarga boʻlishdan olinishi mumkin boʻlgan yaroqli uzellari, detallari, materiallari, rangli va qimmatbaho metallarining borligi va ulardan keyinchalik foydalanish imkoniyatlari.
93 7 . Transport vositasini tugatishda u bosib oʻtgan yoʻl koʻrsatiladi.
93 8 . Baxtsiz hodisalar yoki foydalanishning shart-sharoitlari buzilishi natijasida shikastlangan asosiy vositalar qiymatini balansdan hisobdan chiqarishda asosiy vositalarni tugatish dalolatnomasiga baxtsiz hodisalar yoki foydalanishning shart-sharoitlari buzilganligi toʻgʻrisidagi dalolatnomaning koʻchirma nusxasi ilova qilinadi. Shuningdek, ushbu holatlar boʻyicha sabablar aniqlanadi va aybdor shaxslarga nisbatan koʻrilgan choralar ushbu dalolatnomada koʻrsatiladi.
93 9 . Tabiiy ofatlar oqibatida chiqib ketgan asosiy vositalar qiymatini balansdan hisobdan chiqarishda tugatish dalolatnomasiga maxsus Hukumat komissiyasining xulosasi ilova qilinishi mumkin.
93 10 . Komissiya tomonidan tuzilgan asosiy vositalarni tugatish dalolatnomalari ularning balansida asosiy vositalar qayd etilgan tashkilot rahbari tomonidan tegishli yuqori tashkilotlar bilan kelishgan holda, yuqori tashkilot mavjud boʻlmaganda qonunchilik hujjatlariga muvofiq mustaqil ravishda tasdiqlanadi.
93 11 . Asosiy vositalarni tugatish dalolatnomalari tasdiqlanguniga qadar asosiy vositalarni qismlarga boʻlish va demontaj qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.
Qismlarga boʻlingan va demontaj qilingan asosiy vositaning boshqa asosiy vositani taʼmirlash uchun yaroqli boʻlgan barcha uzellari, detallari, materiallari, rangli va qimmatbaho metallari ular hisobga olinadigan tegishli hisobvaraqlarga asosiy vositalarni tugatish komissiyasi tomonidan belgilanadigan foydalanish narxi boʻyicha kirim qilinadi. Yaroqsiz uzellar, detallar, materiallar, rangli va qimmatbaho metallar ikkilamchi xomashyo (temir-tersak, qiyqindi yoki oʻtin) sifatida kirim qilinadi hamda tashkilotning xohishi boʻyicha qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ishlatiladi.
93 12 . Budjet tashkilotlari uchun tugatilgan asosiy vositalarni qismlarga ajratish va demontaj qilishdan olingan tovar-moddiy boyliklarni sotishdan olingan mablagʻlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq taqsimlanadi.
93 13 . Asosiy vositalar budjet tashkilotlari tomonidan yuqori tashkilot bilan kelishgan holda, yuqori tashkilot mavjud boʻlmaganda mustaqil ravishda qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa budjet tashkilotlariga bepul (tekinga) berilishi mumkin.
12-bob. Axborotning oshkor etilishi
94. Moliyaviy hisobotlarda har bir asosiy vosita guruhi haqida quyidagi maʼlumotlar aks ettirilishi zarur:
a) balans qiymatini aniqlash uchun narxlash asoslari;
b) amortizatsiya hisoblanishida foydalanilgan usul;
v) qoʻllanilgan foydalanish davri va amortizatsiya meʼyorlari;
g) balans qiymati va yil boshi va yil oxiridagi amortizatsiyalanadigan qiymati;
d) hisobot davri boshi va oxiridagi balans qiymati taqqoslanishi, unda:
qoʻshilishi;
chiqib ketishi;
tashkilotlarni birlashtirish natijasida qoʻlga kiritish;
tabiiy ofat va baxtsiz hodisalar natijasida;
hisobot davri davomida qayta baholash yoki qadrsizlanishi natijasida qiymatining oshishi yoki kamayishi;
moliyaviy hisobot koʻrsatkichlarini chet el valyutasidan milliy valyutada qayta hisoblash jarayonida yuzaga keladigan ayirboshlash kursi oʻzgarishi natijasida yuzaga kelgan farq.
95. Moliyaviy hisobotlarda har bir asosiy vosita guruhi haqida quyidagi maʼlumotlar ham aks ettirilishi zarur:
majburiyatlar uchun garov sifatida turgan asosiy vositalarga egalik huquqi va unga cheklovlar;
asosiy vositalar birligining balans qiymatiga kiritilgan qurilish jarayonida xarajatlar summasi;
asosiy vositalarni xarid qilish shartnomasidagi majburiyatlar summasi;
qadrsizlangan, boshqa tashkilotlarga berilgan yoki yoʻqotilgan asosiy vositalar birligi uchun uchinchi tomonlar tomonidan toʻlangan, xarajatlar yoki daromadlarga kiritilgan kompensatsiya summasi;
hisobot davri davomida ishlab chiqarilgan tovar (ish, xizmat) sifatidagi daromadlar yoki xarajatlar tannarxi;
davr oxirida jami amortizatsiya summasi.
96. Shuningdek, joriy yoki keyingi davrlarga taʼsir koʻrsatuvchi hisobot siyosatidagi oʻzgarishlar xarakteri va natijalari oshkor etilishi lozim. Asosiy vositalar uchun bunday oshkor etilishi hisob siyosatidagi quyidagi oʻzgarishlar natijasida amalga oshirilishi mumkin:
tugatish qiymati;
asosiy vositalar obyektlarini demontaj, koʻchirish yoki qayta tiklash uchun zarur xarajatlarning summasi;
foydalanish davri;
amortizatsiya hisoblash usuli.
97. Taqdim qilinayotgan hisobotlarda asosiy vositalar obyekti boʻyicha qayta baholash amalga oshirilgan hollarda, quyidagi maʼlumotlar ochib berilishi zarur:
qayta baholash oʻtkazilgan sana;
mustaqil baholovchi jalb etilganligi;
aktivlarning haqiqiy qiymatini aniqlashda qoʻllanilgan usullari va asoslari;
faol bozordagi narxlar bilan toʻgʻridan-toʻgʻri solishtirish bilan bevosita aniqlangan, bozor shartlaridagi tuzilgan kelishuvlar bilan yoki boshqa baholash usullari yordamida hisoblangan aktivlarning haqiqiy qiymat birligi darajasi;
davr davomida oʻzgarishni koʻrsatuvchi qayta baholash qiymatining oʻsishi va xususiy kapital aksiyadorlari va boshqa ishtirokchilari oʻrtasidagi qoldiqning taqsimlanishi boʻyicha istalgan cheklovlar;
mazkur guruh ichidagi asosiy vositalar alohida predmetlari boʻyicha qayta baholashning oʻsish summasi;
mazkur guruh ichidagi asosiy vositalar alohida predmetlari boʻyicha qayta baholashning kamayishlari summasi.
Vazir D. KUCHKAROV
Toshkent sh.,
2019-yil 30-yanvar,
11-son