📅 2019-yil 5-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 5-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 5 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 5 апреля 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 5 April 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
схемаси
Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Умумтаълим мактаблари учун яратилаётган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг сифатини ошириш, ўқувчиларни дарсликлар билан тўлиқ таъминлаш, сифатли дарсликларни танлаш имкониятларини кенгайтириш, рақобатбардош, муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш механизмини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:
умумтаълим мактаблари учун яратиладиган муқобил дарсликларни таянч мактабларда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб тажриба-синовдан ўтказсин;
тажриба-синов натижаларидан олинган хулосалар асосида муқобил дарсликлардан фойдаланишни босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 апрелдаги 281-сон қарорига ИЛОВА
Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом халқ таълими тизимида умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни яратиш, уларни топшириш ва қабул қилиш, экспертизадан ва тажриба-синовдан ўтказиш, тасдиқлаш ва амалиётга жорий этиш тартибини белгилайди.
Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва уларни экспертизадан, тажриба-синовдан ўтказиш, тасдиқлаш ва амалиётга жорий этиш иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
муқобил дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан битта ўқув фанидан ўқувчиларга тавсия этилган асосий дарсликлар билан бир қаторда алоҳида ёки қўшимча равишда фойдаланиш мумкин бўлган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмалар;
ижодий жамоалар — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни белгиланган талаблар асосида чоп этишга тайёр маҳсулот (оригинал макет) кўринишида тақдим этувчилар, тузувчилар, давлат ва нодавлат ҳамда хорижий ташкилотлар, нашриёт ва матбаа корхоналари, дизайн студиялар ва бошқа ташкилотлар;
оригинал макет — чоп этиш учун босмахонага топширишга тўлиқ тайёр бўлган, барча матн ва график ахборотлар чоп этишгача бўлган тайёргарликдан ўтказилиб, ташқи кўриниши ва тузилиши жиҳатидан якуний босқичга етказилган маҳсулотнинг (нашрнинг) чоп этилган варианти (китоб) ёки электрон кўринишидаги асл нусхаси;
экспертлар гуруҳи — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида вазирликнинг буйруғи билан турли фан йўналишлари бўйича ташкил этиладиган оригинал макетларни баҳоловчи мутахассислардан иборат гуруҳ;
Мувофиқлаштирувчи кенгаш — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Умумий ўрта таълим тизими учун давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ҳамда дарсликларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини яратиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш;
таянч мактаблар — муқобил дарсликларни тажриба-синовдан ўтказиш учун Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган мактаблар;
Ишчи орган — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази Мувофиқлаштирувчи кенгашининг ишчи органи.
2-боб. Муқобил дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни яратиш
3. Муқобил дарсликларни яратишга қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) кейинги ўқув йилларида умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчилари ҳамда ўқитувчилари фойдаланишлари учун тавсия этиладиган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг рўйхатини ва яратилиши лозим бўлган муқобил дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларга қўйиладиган талабларни оммавий ахборот воситалари ва вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида муқобил дарсликларни яратишдан бир йил олдин эълон қилади.
Эълонда тайёр оригинал макетларни топшириш ва уларга қўйиладиган талабларнинг амал қилиш муддатлари кўрсатилади.
5. Мазкур эълонда кўрсатилган талаблар бўйича ва муддатларда муқобил дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг оригинал макетларини яратиш истагини билдирган ижодий жамоалар иштирок этиш таклифини Ишчи органга расмий хат билан тақдим этади ва белгиланган муддатларда оригинал макетларни тайёрлайди.
3-боб. Муқобил дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни топшириш ва қабул қилиш
6. Яратилган (ишлаб чиқилган, тузилган) муқобил дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмалар оригинал макет ҳолатида Ишчи органга кўриб чиқиш учун белгиланган тартиб ва муддатларда расман тақдим этилади.
7. Ишчи орган тақдим этилган оригинал макетларни қабул қилади ва расмийлаштиради.
4-боб. Оригинал макетларни экспертизадан ўтказиш
8. Ишчи орган қабул қилиб олинган оригинал макетларни қабул қилинган куннинг ўзида вазирлик ҳузурида вазирнинг буйруғи билан ташкил этиладиган экспертлар гуруҳига тақдим этади.
9. Экспертлар гуруҳи тақдим этилган оригинал макетларнинг чоп этилган варианти ҳамда электрон нусхаларини вазирлик томонидан тасдиқланадиган баҳолаш мезони асосида улар қабул қилинган кундан бошлаб икки ой муддатда экспертизадан ўтказади ҳамда тегишли хулосаларни Ишчи органга тақдим этади.
10. Ишчи орган ўтказилган экспертиза натижаларига асосан энг юқори баҳоланган муқобил дарсликларнинг (мажмуаларнинг) оригинал макетларини тажриба-синовдан ўтказишга розилик олиш мақсадида Мувофиқлаштирувчи кенгашга экспертиза якунлангандан сўнг 1 ҳафта муддат ичида тақдим этади.
5-боб. Муқобил дарсликларни тажриба-синовдан ўтказиш
11. Ишчи орган томонидан муқобил дарсликларни республикада тажриба-синовдан ўтказиш учун таянч умумтаълим мактаблари рўйхати Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этилади.
12. Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қарори асосида муқобил дарсликлар тажриба-синовдан ўтказиш учун таянч умумтаълим мактаблари танланади ва бир ўқув йили давомида тажриба-синовдан ўтказилади.
13. Муқобил дарсликларни таянч умумтаълим мактабларида тажриба-синовдан ўтказиш билан бирга мазмунан, дизайн жиҳатдан такомиллаштириш мақсадида улар вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида онлайн тарзда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, таклиф ва фикр-мулоҳазалар олинади.
6-боб. Умумтаълим мактаблари учун дарсликларни тасдиқлаш ва амалиётга жорий этиш
14. Тажриба-синов ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси натижаларига асосан бир ой муддатда ҳар бир фан йўналиши бўйича таклиф-мулоҳазалар Ишчи орган томонидан умумлаштирилади ҳамда дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни тасдиқлаш учун Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этилади.
15. Муқобил дарсликлар ва уларни яратган ижодий жамоаларни аниқлаш бўйича якуний қарор Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан қабул қилинади ва қарор тегишли баённома билан расмийлаштирилади.
Баҳолаш мезонларига кўра, ҳар бир фан учун (фаннинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда) қўйилган умумий максимал баллнинг 95 фоизидан юқори балл олган муқобил дарсликлар умумтаълим мактаблари учун ижара тизими асосида яратилган дарсликлар билан бир қаторда ихтиёрий равишда фойдаланишга тавсия этилади, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ҳамда электрон тарзда вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
16. Умумтаълим мактабларини муқобил дарсликлар билан таъминлаш ихтиёрий равишда ота-оналар, мактаб педагогик жамоалари ва ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
7-боб. Якунловчи қоида
17. Ушбу Низом юзасидан келиб чиқадиган низоли масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Умумтаълим мактаблари учун рақобатбардош, муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва уларни экспертизадан, тажриба-синовдан ўтказиш, тасдиқлаш ва амалиётга жорий этиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари Кейинги ўқув йилларида умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчилари ҳамда ўқитувчилар фойдаланишлари учун тавсия этиладиган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг рўйхатини ва яратилиши лозим бўлган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларга қўйиладиган талабларни оммавий ахборот воситалари ва вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайти да эълон қилиш. 1-босқич Халқ таълими вазирлиги Яратишдан бир йил олдин 1. Оммавий ахборот воситаларида эълон берилган кундан бошлаб, эълонда кўрсатилган муддатда; 2. Эълон берилган кундан бошлаб 1 йил давомида. 1. Дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг оригинал-макетларини яратишда иштирок этиш таклифини тақдим қилиш; 2. Оригинал макетларни тайёрлаш. босқич Ижодий жамоалар 3-босқич 1. Ижодий жамоалар. 2. Республика таълим маркази 1. Оригинал макетларни Республика таълим марказига тақдим этиш; 2. Тақдим этилган оригинал макетларни қабул қилиш ва расмийлаштириш. Эълонда белгиланган муддатларда 1. Оригинал макетлар қабул қилинган куннинг ўзида; 2. Қабул қилинган кундан бошлаб икки ой муддатда. 4-босқич 1. Республика таълим маркази. 2. Экспертлар гуруҳи. 1. Оригинал макетларни экспертлар гуруҳига тақдим этиш. 2. Экспертизадан ўтказиш ва хулосаларни Республика таълим марказига топшириш. 5-босқич Республика таълим маркази Экспертиза натижаларини Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этиш. Экспертизадан кейин 1 ҳафта ичида 6-босқич Мувофиқлаштирувчи Кенгаш Муқобил дарсликларни тажриба-синовдан ўтказиш учун қарор қабул қилиш Экспертизадан кейин 1 ҳафта ичида 7-босқич Халқ таълими вазирлиги Муқобил дарсликларни тажриба-синовдан ўтказиш. Бир ўқув йили давомида 8-босқич Республика таълим маркази Тажриба-синов ва жамоатчилик муҳокамаси натижаларини умумлаштириш. Тажриба-синов ва жамоатчилик муҳокамасидан сўнг 1 ой муддатда 9-босқич Мувофиқлаштирувчи Кенгаш Халқ таълими вазирлиги Муқобил дарсликларни аниқлаш бўйича якуний қарор қабул қилиш ва фойдаланишга тавсия этиш, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш ҳамда дарсликларни электрон тарзда вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайти га жойлаштириш. Янги ўқув йили бошлангунга қадар
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 5 апрель,
281-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
sxemasi
Umumtaʼlim maktablari uchun muqobil darsliklarni yaratish va ulardan foydalanish tizimiga bosqichma-bosqich oʻtish mexanizmini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Umumtaʼlim maktablari uchun yaratilayotgan darsliklar va oʻquv-metodik majmualarning sifatini oshirish, oʻquvchilarni darsliklar bilan toʻliq taʼminlash, sifatli darsliklarni tanlash imkoniyatlarini kengaytirish, raqobatbardosh, muqobil darsliklarni yaratish va ulardan foydalanish tizimiga bosqichma-bosqich oʻtish mexanizmini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Umumtaʼlim maktablari uchun muqobil darsliklarni yaratish va ulardan foydalanish toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi:
umumtaʼlim maktablari uchun yaratiladigan muqobil darsliklarni tayanch maktablarda 2020-2021 oʻquv yilidan boshlab tajriba-sinovdan oʻtkazsin;
tajriba-sinov natijalaridan olingan xulosalar asosida muqobil darsliklardan foydalanishni bosqichma-bosqich amaliyotga joriy etish choralarini koʻrsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari A.A. Abduhakimov va Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 5-apreldagi 281-son qaroriga ILOVA
Umumtaʼlim maktablari uchun muqobil darsliklarni yaratish va ulardan foydalanish toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom xalq taʼlimi tizimida umumtaʼlim maktablari uchun muqobil darsliklar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarni yaratish, ularni topshirish va qabul qilish, ekspertizadan va tajriba-sinovdan oʻtkazish, tasdiqlash va amaliyotga joriy etish tartibini belgilaydi.
Umumtaʼlim maktablari uchun muqobil darsliklarni yaratish va ularni ekspertizadan, tajriba-sinovdan oʻtkazish, tasdiqlash va amaliyotga joriy etish ilovaga muvofiq sxema boʻyicha amalga oshiriladi.
2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
muqobil darsliklar va oʻquv-metodik qoʻllanmalar — Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi tomonidan bitta oʻquv fanidan oʻquvchilarga tavsiya etilgan asosiy darsliklar bilan bir qatorda alohida yoki qoʻshimcha ravishda foydalanish mumkin boʻlgan darsliklar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalar;
ijodiy jamoalar — Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligiga darsliklar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarni belgilangan talablar asosida chop etishga tayyor mahsulot (original maket) koʻrinishida taqdim etuvchilar, tuzuvchilar, davlat va nodavlat hamda xorijiy tashkilotlar, nashriyot va matbaa korxonalari, dizayn studiyalar va boshqa tashkilotlar;
original maket — chop etish uchun bosmaxonaga topshirishga toʻliq tayyor boʻlgan, barcha matn va grafik axborotlar chop etishgacha boʻlgan tayyorgarlikdan oʻtkazilib, tashqi koʻrinishi va tuzilishi jihatidan yakuniy bosqichga yetkazilgan mahsulotning (nashrning) chop etilgan varianti (kitob) yoki elektron koʻrinishidagi asl nusxasi;
ekspertlar guruhi — Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi huzurida vazirlikning buyrugʻi bilan turli fan yoʻnalishlari boʻyicha tashkil etiladigan original maketlarni baholovchi mutaxassislardan iborat guruh;
Muvofiqlashtiruvchi kengash — Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi huzuridagi Umumiy oʻrta taʼlim tizimi uchun davlat taʼlim standartlari, oʻquv dasturlari hamda darsliklarni qayta koʻrib chiqish va yangilarini yaratish boʻyicha muvofiqlashtiruvchi kengash;
tayanch maktablar — muqobil darsliklarni tajriba-sinovdan oʻtkazish uchun Xalq taʼlimi vazirligi tomonidan belgilangan maktablar;
Ishchi organ — Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi huzuridagi Respublika taʼlim markazi Muvofiqlashtiruvchi kengashining ishchi organi.
2-bob. Muqobil darsliklar va oʻquv-metodik qoʻllanmalarni yaratish
3. Muqobil darsliklarni yaratishga qoʻyiladigan talablar Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi tomonidan ishlab chiqiladi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda vazirlik deb ataladi) keyingi oʻquv yillarida umumiy oʻrta taʼlim maktablarining oʻquvchilari hamda oʻqituvchilari foydalanishlari uchun tavsiya etiladigan darsliklar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarning roʻyxatini va yaratilishi lozim boʻlgan muqobil darsliklar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarga qoʻyiladigan talablarni ommaviy axborot vositalari va vazirlikning Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytida muqobil darsliklarni yaratishdan bir yil oldin eʼlon qiladi.
Eʼlonda tayyor original maketlarni topshirish va ularga qoʻyiladigan talablarning amal qilish muddatlari koʻrsatiladi.
5. Mazkur eʼlonda koʻrsatilgan talablar boʻyicha va muddatlarda muqobil darsliklar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarning original maketlarini yaratish istagini bildirgan ijodiy jamoalar ishtirok etish taklifini Ishchi organga rasmiy xat bilan taqdim etadi va belgilangan muddatlarda original maketlarni tayyorlaydi.
3-bob. Muqobil darsliklar va oʻquv-metodik qoʻllanmalarni topshirish va qabul qilish
6. Yaratilgan (ishlab chiqilgan, tuzilgan) muqobil darsliklar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalar original maket holatida Ishchi organga koʻrib chiqish uchun belgilangan tartib va muddatlarda rasman taqdim etiladi.
7. Ishchi organ taqdim etilgan original maketlarni qabul qiladi va rasmiylashtiradi.
4-bob. Original maketlarni ekspertizadan oʻtkazish
8. Ishchi organ qabul qilib olingan original maketlarni qabul qilingan kunning oʻzida vazirlik huzurida vazirning buyrugʻi bilan tashkil etiladigan ekspertlar guruhiga taqdim etadi.
9. Ekspertlar guruhi taqdim etilgan original maketlarning chop etilgan varianti hamda elektron nusxalarini vazirlik tomonidan tasdiqlanadigan baholash mezoni asosida ular qabul qilingan kundan boshlab ikki oy muddatda ekspertizadan oʻtkazadi hamda tegishli xulosalarni Ishchi organga taqdim etadi.
10. Ishchi organ oʻtkazilgan ekspertiza natijalariga asosan eng yuqori baholangan muqobil darsliklarning (majmualarning) original maketlarini tajriba-sinovdan oʻtkazishga rozilik olish maqsadida Muvofiqlashtiruvchi kengashga ekspertiza yakunlangandan soʻng 1 hafta muddat ichida taqdim etadi.
5-bob. Muqobil darsliklarni tajriba-sinovdan oʻtkazish
11. Ishchi organ tomonidan muqobil darsliklarni respublikada tajriba-sinovdan oʻtkazish uchun tayanch umumtaʼlim maktablari roʻyxati Muvofiqlashtiruvchi kengashga taqdim etiladi.
12. Muvofiqlashtiruvchi kengashning qarori asosida muqobil darsliklar tajriba-sinovdan oʻtkazish uchun tayanch umumtaʼlim maktablari tanlanadi va bir oʻquv yili davomida tajriba-sinovdan oʻtkaziladi.
13. Muqobil darsliklarni tayanch umumtaʼlim maktablarida tajriba-sinovdan oʻtkazish bilan birga mazmunan, dizayn jihatdan takomillashtirish maqsadida ular vazirlikning Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytida onlayn tarzda keng jamoatchilik muhokamasiga qoʻyilib, taklif va fikr-mulohazalar olinadi.
6-bob. Umumtaʼlim maktablari uchun darsliklarni tasdiqlash va amaliyotga joriy etish
14. Tajriba-sinov hamda keng jamoatchilik muhokamasi natijalariga asosan bir oy muddatda har bir fan yoʻnalishi boʻyicha taklif-mulohazalar Ishchi organ tomonidan umumlashtiriladi hamda darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni tasdiqlash uchun Muvofiqlashtiruvchi kengashga taqdim etiladi.
15. Muqobil darsliklar va ularni yaratgan ijodiy jamoalarni aniqlash boʻyicha yakuniy qaror Muvofiqlashtiruvchi kengash tomonidan qabul qilinadi va qaror tegishli bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.
Baholash mezonlariga koʻra, har bir fan uchun (fanning oʻziga xos jihatlarini inobatga olgan holda) qoʻyilgan umumiy maksimal ballning 95 foizidan yuqori ball olgan muqobil darsliklar umumtaʼlim maktablari uchun ijara tizimi asosida yaratilgan darsliklar bilan bir qatorda ixtiyoriy ravishda foydalanishga tavsiya etiladi, ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi hamda elektron tarzda vazirlikning Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.
16. Umumtaʼlim maktablarini muqobil darsliklar bilan taʼminlash ixtiyoriy ravishda ota-onalar, maktab pedagogik jamoalari va homiylik xayriyalari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
7-bob. Yakunlovchi qoida
17. Ushbu Nizom yuzasidan kelib chiqadigan nizoli masalalar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
Umumtaʼlim maktablari uchun raqobatbardosh, muqobil darsliklarni yaratish va ulardan foydalanish toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Umumtaʼlim maktablari uchun muqobil darsliklarni yaratish va ularni ekspertizadan, tajriba-sinovdan oʻtkazish, tasdiqlash va amaliyotga joriy etish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari Keyingi oʻquv yillarida umumiy oʻrta taʼlim maktablarining oʻquvchilari hamda oʻqituvchilar foydalanishlari uchun tavsiya etiladigan darsliklar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarning roʻyxatini va yaratilishi lozim boʻlgan darsliklar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarga qoʻyiladigan talablarni ommaviy axborot vositalari va vazirlikning Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-sayti da eʼlon qilish. 1-bosqich Xalq taʼlimi vazirligi Yaratishdan bir yil oldin 1. Ommaviy axborot vositalarida eʼlon berilgan kundan boshlab, eʼlonda koʻrsatilgan muddatda; 2. Eʼlon berilgan kundan boshlab 1 yil davomida. 1. Darsliklar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarning original-maketlarini yaratishda ishtirok etish taklifini taqdim qilish; 2. Original maketlarni tayyorlash. bosqich Ijodiy jamoalar 3-bosqich 1. Ijodiy jamoalar. 2. Respublika taʼlim markazi 1. Original maketlarni Respublika taʼlim markaziga taqdim etish; 2. Taqdim etilgan original maketlarni qabul qilish va rasmiylashtirish. Eʼlonda belgilangan muddatlarda 1. Original maketlar qabul qilingan kunning oʻzida; 2. Qabul qilingan kundan boshlab ikki oy muddatda. 4-bosqich 1. Respublika taʼlim markazi. 2. Ekspertlar guruhi. 1. Original maketlarni ekspertlar guruhiga taqdim etish. 2. Ekspertizadan oʻtkazish va xulosalarni Respublika taʼlim markaziga topshirish. 5-bosqich Respublika taʼlim markazi Ekspertiza natijalarini Muvofiqlashtiruvchi kengashga taqdim etish. Eksp�rtizadan keyin 1 hafta ichida 6-bosqich Muvofiqlashtiruvchi Kengash Muqobil darsliklarni tajriba-sinovdan oʻtkazish uchun qaror qabul qilish Ekspertizadan keyin 1 hafta ichida 7-bosqich Xalq taʼlimi vazirligi Muqobil darsliklarni tajriba-sinovdan oʻtkazish. Bir oʻquv yili davomida 8-bosqich Respublika taʼlim markazi Tajriba-sinov va jamoatchilik muhokamasi natijalarini umumlashtirish. Tajriba-sinov va jamoatchilik muhokamasidan soʻng 1 oy muddatda 9-bosqich Muvofiqlashtiruvchi Kengash Xalq taʼlimi vazirligi Muqobil darsliklarni aniqlash boʻyicha yakuniy qaror qabul qilish va foydalanishga tavsiya etish, ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilish hamda darsliklarni elektron tarzda vazirlikning Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-sayti ga joylashtirish. Yangi oʻquv yili boshlangunga qadar
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 5-aprel,
281-son