📅 2019-yil 25-fevral · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 25-fevral · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Moliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 25 февраль · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Молия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 25 февраля 2019 г. · Документы министерств и ведомств · Министр финансов
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 25 February 2019 · Ministry and agency documents · Moliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (11-сонли БҲС) «Қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар»ни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси , Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ва бюджет ҳисобини давлат секторида молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари билан мувофиқлаштириш мақсадида буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (11-сонли БҲС) «Қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ 2020 йил 1 январдан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2019 йил 25 февралдаги 18-сон буйруғига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (11-сонли БҲС) «Қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар»
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (11-сонли БҲС) «Қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси , Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларнинг (бундан буён ташкилотлар деб юритилади) қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар ҳисобини юритиш тартибини белгилайди .
1-боб. Умумий қоидалар
1. Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар — ташкилотлар томонидан олинган қарз маблағлари билан боғлиқ фоиз кўринишидаги ва бошқа харажатлар;
квалификацияланган актив — белгиланган мақсадларда фойдаланиш ёки сотиш учун муайян давр ичида тайёрланадиган актив.
2. Қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда улар тўғрисидаги маълумотларни молиявий ҳисоботларда акс эттириш Стандарт асосида амалга оширилади.
3. Стандарт хусусий капиталга қилинган ҳақиқий ёки вақтинчалик харажатларга қўлланилмайди.
4. Қарз мажбуриятлари бўйича харажатларга қуйидагилар киради:
а) жалб қилинган қисқа муддатли ва узоқ муддатли қарзлар бўйича фоизлар;
б) бюджет ссудалари ва бошқа қарзлар билан боғлиқ фоиз ва пеня ҳамда бошқа қўшимча харажатларни ҳисобдан чиқариш;
в) Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (6-сонли БҲС) «Ижара»га (рўйхат рақами 3142, 2019 йил 4 март) мувофиқ молиявий ижара билан боғлиқ тўловлар;
г) хорижий валютада жалб қилинган қарзлар бўйича юзага келадиган хорижий валюта курслари ўртасидаги тафовут билан боғлиқ тўловлар.
5. Аниқ бир вазиятларга боғлиқ равишда, белгиланган мақсади бўйича фойдаланиш ҳолатигача келтирилиши муайян вақтни талаб этадиган қуйидаги активлар квалификацияланадиган активлар бўлиб ҳисобланиши мумкин (масалан, бинолар, иншоотлар, ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари, номоддий активлар ва бошқалар).
Сотиш ёки сотиб олиш вақтида белгиланган мақсадда фойдаланиш учун тайёр бўлган активлар квалификацияланган активлар ҳисобланмайди.
6. Ер участкаси квалификацияланган активга кирмайди. Ер участкасида ерга ишлов бериш каби ишлар амалга оширилса, қарз мажбуриятлари бўйича харажатларни ер майдони қийматига қўшилади. Бу харажатлар ер майдонидан фойдаланиш ёки сотишдан олинадиган даромадлар билан боғлиқ бўлади.
7. Сотиб олинган ер майдонининг бино ва иншоотлари қуриладиган қисмида ерга ишлов бериш каби ишлар амалга оширилса, қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар ер майдони қийматига эмас, балки қуриладиган бино ва иншоотларнинг қийматига қўшилади.
2-боб. Қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар ҳисобини юритиш
1-§. Қарз мажбуриятлари бўйича харажатларни ҳисобга олиш
8. Қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар мазкур бобнинг 2-параграфига мувофиқ капитализацияланган қисмидан ташқари, улар амалга оширилган даврда (молиявий фаолият бўйича харажатлар сифатида) ҳисобга олинади.
9. Квалификацияланган активни харид қилиш, қуриш ёки ишлаб чиқариш билан бевосита боғлиқ бўлган қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар ушбу активнинг таннархига олиб бориш йўли орқали капитализация қилинади.
10. Қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар квалификацияланган активнинг қийматига қўшиш йўли билан капитализация қилинади, агарда ундан ташкилот келгусида иқтисодий манфаатлар олиши мумкин бўлса ва агар бунда харажатларни ишончли ўлчаш имконияти мавжуд бўлса.
2-§. Капитализациялаштиришга йўналтирилган қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар
11. Квалификацияланган активни харид қилиш, қуриш ёки ишлаб чиқариш билан бевосита боғлиқ бўлган қарзлар бўйича харажатларга агар тегишли актив учун харажатлар амалга оширилмаган тақдирда, вужудга келмаслиги мумкин бўлган қарзлар бўйича харажатлар киради.
Аниқ бир квалификацияланган активни харид қилиш учун ташкилот маблағларни айнан шу мақсадда четдан жалб қилган ҳолларда, ушбу актив билан бевосита боғлиқ бўлган қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар аниқ равишда белгиланиши (ўрнатилиши) мумкин.
12. Муайян даврда капитализация қилишга йўналтирилган қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар амалга оширилган қарз мажбуриятлари бўйича харажатлардан ушбу маблағлар бўйича олинган барча инвестициявий даромадларни (ушбу маблағларнинг вақтинчалик инвестиция қилинишидан) чегириш орқали аниқланади.
13. Умумий мақсадларда жалб қилинган ва квалификацияланган активни харид қилиш учун фойдаланилган қарз маблағлари доирасида капитализация қилиш учун рухсат этилган қарзлар бўйича харажатлар суммаси ушбу актив учун амалга оширилган харажатларга нисбатан капитализация ставкасини қўллаш орқали аниқланади.
14. Квалификацияланган активни харид қилиш учун махсус олинган қарзлардан ташқари, давр мобайнида ташкилотнинг қопланмай қолган қарзларига нисбатан ҳисобланган қарзлар бўйича харажатларнинг ўртача тортилган миқдори капитализация ставкаси бўлиб ҳисобланади.
15. Муайян давр мобайнида капитализация қилинган қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар суммаси ушбу давр мобайнида амалга оширилган қарзлар бўйича харажатлар суммасидан ошиб кетмаслиги лозим.
16. Квалификацияланган активнинг баланс қиймати ёки якуний таннархи унинг жорий қийматидан ёки сотиш қийматидан ошиб кетса, унинг баланс қиймати бухгалтерия ҳисоби бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ қисман ёки тўлиқ ҳисобдан чиқарилади. Бунда, айрим ҳолатларда квалификацияланган актив қийматининг илгари амалга оширилган қисман ҳисобдан чиқарилган миқдори бухгалтерия ҳисоби бўйича қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қайта тикланади.
3-§. Қарз мажбуриятлари бўйича харажатларни капитализациялаштириш
17. Ташкилотлар квалификацияланган актив таннархининг бир қисми сифатида қарз мажбуриятлари бўйича харажатларни қуйидаги шартлар бажарилган санадан эътиборан капитализациялаштириши лозим:
актив бўйича харажатларни амалга ошириш;
қарз мажбуриятлари бўйича харажатларни амалга ошириш;
активни белгиланган мақсадда фойдаланиш учун ёки сотишга тайёрлаш бўйича фаолиятнинг бошланиши.
18. Квалификацияланган активларга қилинадиган харажатлар пуллик тўловларда, бошқа активлар ни ўтказишда ёки фоиз мажбуриятларини қабул қилишда юзага келадиган харажатларни ўз ичига олади.
19. Илгари капитализация қилинган қарзлар бўйича харажатларни ўз ичига олган давр давомидаги активнинг ўртача баланс қиймати ушбу даврда капитализация ставкаси қўлланиладиган харажатларнинг асосланган қийматига тенг бўлади.
20. Активни белгиланган мақсадларда ишлатишга ёки сотишга тайёрлаш учун зарур бўлган фаолият активнинг яратишини ўз ичига олади. Активни яратишни бошлашдан олдин амалга ошириладиган техник ва маъмурий ишлар ҳам киради (масалан, қурилишни бошлаш учун зарур бўлган рухсатни олиш билан боғлиқ фаолият). Бундай фаолиятга активга эгалик қилиш тааллуқли эмас, агарда бунда унинг ҳолатини ўзгартирувчи ишлаб чиқариш ёки модификация бўлмаса (масалан, қурилиш учун ерни тайёрлаш ишлари амалга оширилган даврда қарзлар бўйича амалга оширилган харажатлар ушбу ишларни амалга ошириш даври давомида капитализация қилинади).
Келгусида қурилиш учун сотиб олинган ер, унда ҳеч қандай тайёрлаш ишлари олиб борилмасдан эгалик қилиб турилган даврдаги қарзлар бўйича харажатлар капитализация қилинмайди.
4-§. Қарз мажбуриятлари бўйича харажатларни капитализациялаштиришни тўхтатиш
21. Қарз мажбуриятлари бўйича харажатларни капитализациялаштириш активни ишлаб чиқариш жараёнида узоқ муддатга узилиш бўлган даврда тўхтатилади ва у харажатлар сифатида тан олинади.
22. Ташкилотлар томонидан белгиланган мақсадда ишлатиш ёки сотишга мўлжалланган активни ишлаб чиқариш жараёнида узоқ муддатга узилиш бўлган даврда ҳам харажатлар амалга оширилиши мумкин (масалан, қарз мажбуриятлари бўйича харажатларни молиялаштириш, тугалланмаган қурилишларни сақлаш харажатлари). Ташкилотлар томонидан сезиларли техник ва маъмурий харажатлар амалга оширилганда қарз мажбуриятлари бўйича харажатларни капитализациялаш тўхтатилмайди.
23. Вақтинчалик тўхтатиб туриш активни белгиланган мақсадда ишлатишга ёки сотишга тайёрлаш жараёнининг бир қисми бўлиб ҳисобланганда ҳам қарзлар бўйича харажатларни капитализация қилиш тўхтатилмайди (масалан, захираларни етарли даражада йиғиш даврида ёки сувнинг юқори даражада бўлиши кўприк қурилишини кечиктирганда, агар ушбу географик ҳудуд учун қуришни белгиланган даври давомида сувнинг бундай юқори даражада бўлиши одатий ҳол бўлса, қарзлар бўйича харажатларни капитализация қилиш давом эттирилади).
5-§. Қарз мажбуриятлари бўйича харажатларни молиялаштиришни тугатиш
24. Ташкилотлар квалификацияланган активни белгиланган мақсадларда фойдаланиш ёки сотишга тайёрлаш учун муҳим ишларнинг барчаси якунлангандан сўнг қарз мажбуриятлари бўйича харажатларни капитализациялашни тугатади.
25. Кунлик маъмурий ишлар давом этаётган бўлиб, активни яратиш тугатилган бўлса, объект белгиланган мақсадда ишлатишга ёки сотишга тайёр деб ҳисобланади.
26. Агарда квалификацияланган активни қуриш қисмлар бўйича тугатилганда ва ҳар бир қисмни қурилиш давомида ишлатиш мумкин бўлса, ташкилотлар активнинг ушбу қисмини белгиланган мақсадда ишлатишга ёки сотишга тайёрлаш учун зарур бўлган барча ишларни тугатганда, қарзлар бўйича харажатларни капитализация қилишни тугатиши шарт (масалан, ҳар бири алоҳида ишлатишга яроқли бўлган бир неча бинолардан иборат бўлган бизнес-марказ квалификацияланган актив ҳисобланади ва ундаги ҳар бир қисм бошқа қисмларни қуриш ҳали давом этаётган пайтда ишлатилиши мумкин бўлади).
Ташкилий қисмларидан ҳар бири алоҳида ишлатилиши мумкин бўлишидан олдин тўлиқ тугатилиши лозим бўлган квалификацияланган активга шифохона биноси мисол бўлади, яъни шифохона биносининг операцион бўлими қурилиш тўлиқ тугатилгунга қадар ишлатиб бўлмайди.
3-боб. Ахборотни очиб бериш
27. Ташкилотлар молиявий ҳисоботлари да қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши зарур:
а) муайян даврда молиялаштирилган қарз мажбуриятлари бўйича харажатлар;
б) молиялаштириладиган қарз мажбуриятлари бўйича харажатларнинг ҳажмини аниқлаш учун фойдаланилган капитализация ставкаси.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 25 февраль,
18-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirining
buyrugʻi
Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (11-sonli BHS) “Qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar”ni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining Budjet kodeksi , Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq va budjet hisobini davlat sektorida moliyaviy hisobotlarning xalqaro standartlari bilan muvofiqlashtirish maqsadida buyuraman:
1. Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (11-sonli BHS) “Qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar” ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq 2020-yil 1-yanvardan kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining 2019-yil 25-fevraldagi 18-son buyrugʻiga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (11-sonli BHS) “Qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar”
Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (11-sonli BHS) “Qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar” (bundan buyon matnda Standart deb yuritiladi) Oʻzbekiston Respublikasining Budjet kodeksi , Oʻzbekiston Respublikasining “Buxgalteriya hisobi toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq budjet tashkilotlari, davlat maqsadli va boshqa budjetdan tashqari jamgʻarmalarning (bundan buyon tashkilotlar deb yuritiladi) qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar hisobini yuritish tartibini belgilaydi .
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Standartda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar — tashkilotlar tomonidan olingan qarz mablagʻlari bilan bogʻliq foiz koʻrinishidagi va boshqa xarajatlar;
kvalifikatsiyalangan aktiv — belgilangan maqsadlarda foydalanish yoki sotish uchun muayyan davr ichida tayyorlanadigan aktiv.
2. Qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar hisobini yuritish hamda ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni moliyaviy hisobotlarda aks ettirish Standart asosida amalga oshiriladi.
3. Standart xususiy kapitalga qilingan haqiqiy yoki vaqtinchalik xarajatlarga qoʻllanilmaydi.
4. Qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlarga quyidagilar kiradi:
a) jalb qilingan qisqa muddatli va uzoq muddatli qarzlar boʻyicha foizlar;
b) budjet ssudalari va boshqa qarzlar bilan bogʻliq foiz va penya hamda boshqa qoʻshimcha xarajatlarni hisobdan chiqarish;
v) Oʻzbekiston Respublikasi budjet hisobining standarti (6-sonli BHS) “Ijara”ga (roʻyxat raqami 3142, 2019-yil 4-mart) muvofiq moliyaviy ijara bilan bogʻliq toʻlovlar;
g) xorijiy valyutada jalb qilingan qarzlar boʻyicha yuzaga keladigan xorijiy valyuta kurslari oʻrtasidagi tafovut bilan bogʻliq toʻlovlar.
5. Aniq bir vaziyatlarga bogʻliq ravishda, belgilangan maqsadi boʻyicha foydalanish holatigacha keltirilishi muayyan vaqtni talab etadigan quyidagi aktivlar kvalifikatsiyalanadigan aktivlar boʻlib hisoblanishi mumkin (masalan, binolar, inshootlar, ishlab chiqarish asbob-uskunalari, nomoddiy aktivlar va boshqalar).
Sotish yoki sotib olish vaqtida belgilangan maqsadda foydalanish uchun tayyor boʻlgan aktivlar kvalifikatsiyalangan aktivlar hisoblanmaydi.
6. Yer uchastkasi kvalifikatsiyalangan aktivga kirmaydi. Yer uchastkasida yerga ishlov berish kabi ishlar amalga oshirilsa, qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlarni yer maydoni qiymatiga qoʻshiladi. Bu xarajatlar yer maydonidan foydalanish yoki sotishdan olinadigan daromadlar bilan bogʻliq boʻladi.
7. Sotib olingan yer maydonining bino va inshootlari quriladigan qismida yerga ishlov berish kabi ishlar amalga oshirilsa, qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar yer maydoni qiymatiga emas, balki quriladigan bino va inshootlarning qiymatiga qoʻshiladi.
2-bob. Qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar hisobini yuritish
1-§. Qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlarni hisobga olish
8. Qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar mazkur bobning 2-paragrafiga muvofiq kapitalizatsiyalangan qismidan tashqari, ular amalga oshirilgan davrda (moliyaviy faoliyat boʻyicha xarajatlar sifatida) hisobga olinadi.
9. Kvalifikatsiyalangan aktivni xarid qilish, qurish yoki ishlab chiqarish bilan bevosita bogʻliq boʻlgan qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar ushbu aktivning tannarxiga olib borish yoʻli orqali kapitalizatsiya qilinadi.
10. Qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar kvalifikatsiyalangan aktivning qiymatiga qoʻshish yoʻli bilan kapitalizatsiya qilinadi, agarda undan tashkilot kelgusida iqtisodiy manfaatlar olishi mumkin boʻlsa va agar bunda xarajatlarni ishonchli oʻlchash imkoniyati mavjud boʻlsa.
2-§. Kapitalizatsiyalashtirishga yoʻnaltirilgan qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar
11. Kvalifikatsiyalangan aktivni xarid qilish, qurish yoki ishlab chiqarish bilan bevosita bogʻliq boʻlgan qarzlar boʻyicha xarajatlarga agar tegishli aktiv uchun xarajatlar amalga oshirilmagan taqdirda, vujudga kelmasligi mumkin boʻlgan qarzlar boʻyicha xarajatlar kiradi.
Aniq bir kvalifikatsiyalangan aktivni xarid qilish uchun tashkilot mablagʻlarni aynan shu maqsadda chetdan jalb qilgan hollarda, ushbu aktiv bilan bevosita bogʻliq boʻlgan qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar aniq ravishda belgilanishi (oʻrnatilishi) mumkin.
12. Muayyan davrda kapitalizatsiya qilishga yoʻnaltirilgan qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar amalga oshirilgan qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlardan ushbu mablagʻlar boʻyicha olingan barcha investitsiyaviy daromadlarni (ushbu mablagʻlarning vaqtinchalik investitsiya qilinishidan) chegirish orqali aniqlanadi.
13. Umumiy maqsadlarda jalb qilingan va kvalifikatsiyalangan aktivni xarid qilish uchun foydalanilgan qarz mablagʻlari doirasida kapitalizatsiya qilish uchun ruxsat etilgan qarzlar boʻyicha xarajatlar summasi ushbu aktiv uchun amalga oshirilgan xarajatlarga nisbatan kapitalizatsiya stavkasini qoʻllash orqali aniqlanadi.
14. Kvalifikatsiyalangan aktivni xarid qilish uchun maxsus olingan qarzlardan tashqari, davr mobaynida tashkilotning qoplanmay qolgan qarzlariga nisbatan hisoblangan qarzlar boʻyicha xarajatlarning oʻrtacha tortilgan miqdori kapitalizatsiya stavkasi boʻlib hisoblanadi.
15. Muayyan davr mobaynida kapitalizatsiya qilingan qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar summasi ushbu davr mobaynida amalga oshirilgan qarzlar boʻyicha xarajatlar summasidan oshib ketmasligi lozim.
16. Kvalifikatsiyalangan aktivning balans qiymati yoki yakuniy tannarxi uning joriy qiymatidan yoki sotish qiymatidan oshib ketsa, uning balans qiymati buxgalteriya hisobi boʻyicha qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq qisman yoki toʻliq hisobdan chiqariladi. Bunda, ayrim holatlarda kvalifikatsiyalangan aktiv qiymatining ilgari amalga oshirilgan qisman hisobdan chiqarilgan miqdori buxgalteriya hisobi boʻyicha qonunchilik hujjatlariga muvofiq qayta tiklanadi.
3-§. Qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlarni kapitalizatsiyalashtirish
17. Tashkilotlar kvalifikatsiyalangan aktiv tannarxining bir qismi sifatida qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlarni quyidagi shartlar bajarilgan sanadan eʼtiboran kapitalizatsiyalashtirishi lozim:
aktiv boʻyicha xarajatlarni amalga oshirish;
qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlarni amalga oshirish;
aktivni belgilangan maqsadda foydalanish uchun yoki sotishga tayyorlash boʻyicha faoliyatning boshlanishi.
18. Kvalifikatsiyalangan aktivlarga qilinadigan xarajatlar pullik toʻlovlarda, boshqa aktivlar ni oʻtkazishda yoki foiz majburiyatlarini qabul qilishda yuzaga keladigan xarajatlarni oʻz ichiga oladi.
19. Ilgari kapitalizatsiya qilingan qarzlar boʻyicha xarajatlarni oʻz ichiga olgan davr davomidagi aktivning oʻrtacha balans qiymati ushbu davrda kapitalizatsiya stavkasi qoʻllaniladigan xarajatlarning asoslangan qiymatiga teng boʻladi.
20. Aktivni belgilangan maqsadlarda ishlatishga yoki sotishga tayyorlash uchun zarur boʻlgan faoliyat aktivning yaratishini oʻz ichiga oladi. Aktivni yaratishni boshlashdan oldin amalga oshiriladigan texnik va maʼmuriy ishlar ham kiradi (masalan, qurilishni boshlash uchun zarur boʻlgan ruxsatni olish bilan bogʻliq faoliyat). Bunday faoliyatga aktivga egalik qilish taalluqli emas, agarda bunda uning holatini oʻzgartiruvchi ishlab chiqarish yoki modifikatsiya boʻlmasa (masalan, qurilish uchun yerni tayyorlash ishlari amalga oshirilgan davrda qarzlar boʻyicha amalga oshirilgan xarajatlar ushbu ishlarni amalga oshirish davri davomida kapitalizatsiya qilinadi).
Kelgusida qurilish uchun sotib olingan yer, unda hech qanday tayyorlash ishlari olib borilmasdan egalik qilib turilgan davrdagi qarzlar boʻyicha xarajatlar kapitalizatsiya qilinmaydi.
4-§. Qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlarni kapitalizatsiyalashtirishni toʻxtatish
21. Qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlarni kapitalizatsiyalashtirish aktivni ishlab chiqarish jarayonida uzoq muddatga uzilish boʻlgan davrda toʻxtatiladi va u xarajatlar sifatida tan olinadi.
22. Tashkilotlar tomonidan belgilangan maqsadda ishlatish yoki sotishga moʻljallangan aktivni ishlab chiqarish jarayonida uzoq muddatga uzilish boʻlgan davrda ham xarajatlar amalga oshirilishi mumkin (masalan, qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlarni moliyalashtirish, tugallanmagan qurilishlarni saqlash xarajatlari). Tashkilotlar tomonidan sezilarli texnik va maʼmuriy xarajatlar amalga oshirilganda qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlarni kapitalizatsiyalash toʻxtatilmaydi.
23. Vaqtinchalik toʻxtatib turish aktivni belgilangan maqsadda ishlatishga yoki sotishga tayyorlash jarayonining bir qismi boʻlib hisoblanganda ham qarzlar boʻyicha xarajatlarni kapitalizatsiya qilish toʻxtatilmaydi (masalan, zaxiralarni yetarli darajada yigʻish davrida yoki suvning yuqori darajada boʻlishi koʻprik qurilishini kechiktirganda, agar ushbu geografik hudud uchun qurishni belgilangan davri davomida suvning bunday yuqori darajada boʻlishi odatiy hol boʻlsa, qarzlar boʻyicha xarajatlarni kapitalizatsiya qilish davom ettiriladi).
5-§. Qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlarni moliyalashtirishni tugatish
24. Tashkilotlar kvalifikatsiyalangan aktivni belgilangan maqsadlarda foydalanish yoki sotishga tayyorlash uchun muhim ishlarning barchasi yakunlangandan soʻng qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlarni kapitalizatsiyalashni tugatadi.
25. Kunlik maʼmuriy ishlar davom etayotgan boʻlib, aktivni yaratish tugatilgan boʻlsa, obyekt belgilangan maqsadda ishlatishga yoki sotishga tayyor deb hisoblanadi.
26. Agarda kvalifikatsiyalangan aktivni qurish qismlar boʻyicha tugatilganda va har bir qismni qurilish davomida ishlatish mumkin boʻlsa, tashkilotlar aktivning ushbu qismini belgilangan maqsadda ishlatishga yoki sotishga tayyorlash uchun zarur boʻlgan barcha ishlarni tugatganda, qarzlar boʻyicha xarajatlarni kapitalizatsiya qilishni tugatishi shart (masalan, har biri alohida ishlatishga yaroqli boʻlgan bir necha binolardan iborat boʻlgan biznes-markaz kvalifikatsiyalangan aktiv hisoblanadi va undagi har bir qism boshqa qismlarni qurish hali davom etayotgan paytda ishlatilishi mumkin boʻladi).
Tashkiliy qismlaridan har biri alohida ishlatilishi mumkin boʻlishidan oldin toʻliq tugatilishi lozim boʻlgan kvalifikatsiyalangan aktivga shifoxona binosi misol boʻladi, yaʼni shifoxona binosining operatsion boʻlimi qurilish toʻliq tugatilgunga qadar ishlatib boʻlmaydi.
3-bob. Axborotni ochib berish
27. Tashkilotlar moliyaviy hisobotlari da quyidagi maʼlumotlar aks ettirilishi zarur:
a) muayyan davrda moliyalashtirilgan qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlar;
b) moliyalashtiriladigan qarz majburiyatlari boʻyicha xarajatlarning hajmini aniqlash uchun foydalanilgan kapitalizatsiya stavkasi.
Vazir D. KUCHKAROV
Toshkent sh.,
2019-yil 25-fevral,
18-son