📅 2019-yil 18-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 18-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 18 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 18 апреля 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 18 April 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига мувофиқ ҳамда шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиблари борасидаги билимларни оширишга қаратилган ўқув семинарларини ўтказиш режасини ишлаб чиқсин ва унинг амалга оширилишини таъминласин.
3. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 апрелдаги 328-сон қарорига ИЛОВА
Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари (кейинги ўринларда фуқаролар йиғинларининг раислари деб аталади) томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартибини белгилайди.
2. «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига мувофиқ фуқаролар йиғинининг раиси хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек, банклардан суммаларни олишга ишончномаларни (кейинги ўринларда ишончномалар деб аталади) тасдиқлаши мумкин.
3. Фуқаролар йиғинининг раиси ишончномаларни тасдиқлашда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
Фуқаролар йиғинининг раиси томонидан тасдиқланаётган ишончномаларга фуқаролар йиғинларининг номлари қайд этилган муҳр босилади.
4. Фуқаролар йиғинининг раиси ишончномаларни тасдиқлашда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ишончноманинг лойиҳаларини тузиш ва ишончномага доир масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш;
жисмоний шахслардан ишончномаларни тасдиқлаш учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олиш.
5. Фуқаролар йиғинининг раиси ишончномаларни тасдиқлашда:
жисмоний шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб беришга;
томонлар тақдим этган ишончнома лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириб бериш, уларнинг мазмуни томонларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текширишга;
қонунчилик ҳужжатларига мос келмайдиган ишончномаларни амалга оширишни рад этишга;
ишончномаларни тасдиқлаш вақтида фуқаролар ёки мансабдор шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатлари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, зарур чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тегишли органларга бу ҳақда хабар қилишга мажбур.
6. Ишончномалар давлат тилида расмийлаштирилади. Расмийлаштирилган ишончнома матни фуқароларнинг талабига биноан фуқаролар йиғинининг раиси томонидан рус тилида ёки имкони бўлса, бошқа мақбул тилда берилади.
Агар, ишончнома мурожаат қилган шахс тушунмайдиган ёки яхши билмайдиган тилда расмийлаштирилса, унда ишончнома матни фуқаролар йиғинининг раиси ёки мурожаат қилган шахс таниган таржимон томонидан оғзаки таржима қилиниши мумкин. Бу ҳақда ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ким томонидан таржима қилинганлиги ва матн мазмуни тушунтирилганлиги ҳақида фуқаролар йиғинининг раиси томонидан ёзиб қўйилиши, имзоланиши ва муҳр қўйилиши керак. Бундай ҳолда мурожаат қилган шахс ўзи биладиган тилда исми, фамилияси, отасининг исмини тўлиқ ёзиб, имзо қўяди.
7. Фуқаролар йиғинларининг раислари томонидан тасдиқланадиган ишончномалар мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ ишончномаларни рўйхатга олиш китобида (кейинги ўринларда Рўйхатга олиш китоби деб аталади) рўйхатга олинади. Рўйхатга олиш китобидаги ёзувлар қалам билан ёзилишига йўл қўйилмайди. Очиқ қолган жойларга чизиқ тортиб қўйилади.
Ҳар бир ишончнома алоҳида тартиб рақам билан рўйхатга олинади. Рўйхатга олиш китобида қайд этилган ишончнома рақами фуқаролар йиғинининг раиси томонидан тасдиқланадиган ёки бериладиган ишончноманинг тасдиқловчи ёзувида кўрсатилади.
Рўйхатга олиш китобидаги тартиб рақамларининг рақамланишида хатоликка йўл қўйилса, алоҳида маълумотнома тузилади ва фуқаролар йиғини раисининг имзоси ва муҳри билан рўйхатга олиш китобига елимланиб қўйилади.
8. Ишончномаларни тасдиқлаш фуқаролар йиғини жойлашган бинода амалга оширилади. Фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра фуқаролар йиғинига бора олмайдиган айрим ҳолларда ишончномалар фуқаролар йиғини биносидан ташқарида, яъни мазкур жисмоний шахс ёхуд унинг вакили жойлашган жойда тўлдирилиши мумкин.
Ишончномалар фуқаролар йиғини жойлашган бинодан ташқарида тўлдирилса, ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида ва ишончномаларни рўйхатга олиш китобида ишончнома расмийлаштирилган жойнинг манзили кўрсатилади.
9. Фуқаролар йиғинининг раиси ишончномани расмийлаштиришни сўраб мурожаат қилувчиларнинг (уларнинг қонуний вакилларининг, шунингдек, васий ва ҳомийларининг) шахсини аниқлайди.
Ишончномани расмийлаштиришни сўраб мурожаат қилувчи фуқароларнинг шахси қуйидаги ҳужжатларга асосан аниқланади:
Ўзбекистон фуқароларининг шахси — Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти;
16 ёшга тўлмаган фуқароларнинг шахси — туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
ҳарбий хизматчиларнинг шахси — ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасалар қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсий гувоҳномалар ёки ҳарбий билетлар (ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий билети бундан мустасно);
чет эл фуқароларининг шахси — уларнинг миллий паспорти (қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чет эл фуқаролари тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи аккредитация карточкаси;
фуқаролиги бўлмаган шахс учун — Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси.
10. Ишончнома тасдиқлаб берилаётганда ишончнома берувчининг муомала лаёқати белгиланган тартибда аниқланади. Ишончнома вакил томонидан тузилган тақдирда, унинг ваколати ҳам текширилади.
Фуқаролар йиғинининг раиси томонидан фуқароларнинг муомала лаёқати улар билан шахсий мулоқот давомида аниқланади.
11. Фуқаролар йиғинининг раисида ишончномани тасдиқлашни сўраб мурожаат қилувчилар руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайди ёки ўз ҳаракатларини бошқара олмайди ёхуд спиртли ичимликлар ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши оқибатида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблаш учун асос бўлса-да (шубҳа тўғрисида), аммо шу фуқаронинг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлмаса, улар ишончномани тасдиқлашни кечиктиради ва суднинг шу шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топганлиги тўғрисидаги қарори бор-йўқлигини аниқлайди.
Агар, мазкур шахс суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, фуқаролар йиғинининг раиси ишончномани тасдиқлашни рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Фуқаролар йиғинининг раиси ушбу қарордан норози томоннинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.
Агар, мазкур шахс суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган бўлса, фуқаролар йиғинининг раиси ишончномани тасдиқлашда муомала лаёқати чекланган шахс ҳомийсининг розилигини талаб этади.
12. Фуқаролар йиғинининг раиси ишончномани ҳақиқий эмас деб топганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки ажримини олган тақдирда, бу ҳақда ишончномаларни рўйхатга олиш китобига ва ишончноманинг фуқаролар йиғинида сақланадиган асл нусхасига тегишли ёзув киритади, ўз имзоси ва муҳрини қўяди.
13. Жисмоний шахслар томонидан тақдим қилинган ёки фуқаролар йиғинларининг раислари томонидан тузиладиган ишончнома лойиҳалари қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаслиги лозим.
14. Ишончномалар фуқаролар йиғинининг раиси иштирокида имзоланади.
Агар, фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги, саводсизлиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра ишончномани ўз қўли билан имзолай олмаса, ишончномани унинг топшириғига кўра ўзи ва фуқаролар йиғинининг раиси ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин, бунда ишончнома тасдиқлашни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ёзиб қўйилиши шарт.
Агар, ишончномани тасдиқлашни сўраб мурожаат қилган фуқаро саводсиз, кўзи ожиз бўлса ёки қандайдир сабаблар туфайли кўзи яхши кўрмаса, шунингдек, касаллиги туфайли ишончномани ўқий олмаса, фуқаролар йиғинининг раиси унга ҳужжат матнини овоз чиқариб ўқиб беради ва бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.
Ишончнома тасдиқлашни сўраб кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган шахс мурожаат қилса ҳамда саводсиз бўлса, ишончномани тасдиқлаш пайтида у билан муомала қила оладиган ва ишончноманинг мазмунини унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини ўз имзоси билан тасдиқловчи сурдо таржимон ҳозир бўлиши шарт.
Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган ҳамда муомала лаёқатига эга бўлган саводли фуқаро ишончнома тасдиқлашни сўраб мурожаат қилса, ишончнома унинг ўзи томонидан ва сурдо таржимон томонидан имзоланиши мумкин.
Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган, муомала лаёқатига эга бўлган, бироқ сурдо таржимон билан мулоқот қила олмайдиган саводли фуқаро ўз имзоси билан ишончноманинг мазмунини ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини фуқаролар йиғинининг раиси билан ёзма равишда билдирадиган бўлса, ишончномани тасдиқлашда сурдо таржимоннинг иштироки шарт эмас. Ушбу ёзишмалар ишончнома билан бирга тикиб қўйилади.
Таржимон ёки сурдо таржимон ишончнома таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши ҳақида фуқаролар йиғинининг раиси томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ишончнома матнида кўрсатилади.
2-боб. Ишончномаларни тасдиқлаш тартиби
15. Ишончноманинг матни аниқ ва равшан, мазмунига тааллуқли сана ва муддатлар кўрсатилган бўлиши шарт. Фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзили кўрсатилган ишончномаларни тасдиқлашда чет эл фуқаролари қатнашаётган бўлса, уларнинг фуқаролиги ҳам кўрсатиб ўтилиши керак.
16. Ишончномадаги охиригача тўлдирилмаган сатрлар ва бошқа бўш жойларга чизиқ тортиб қўйилади, чет элда амал қиладиган ишончномалар бундан мустасно. Қўшимча ва тузатишлар тегишли шахсларнинг (ишончномани имзолаган бошқа шахсларнинг) имзоси олдидан изоҳланиши ва тасдиқловчи ёзувнинг охирида фуқаролар йиғини раисининг имзосидан олдин такроран изоҳланиши, фуқаролар йиғини раисининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланиши керак. Тасдиқловчи ёзувдаги тузатишлар фуқаролар йиғини раисининг имзосидан олдин изоҳланиши ва имзоси ҳамда муҳри билан тасдиқланиши керак. Бунда тузатишлар шундай қилиниши керакки, ўчирилган барча сўзларни ва рақамларни бошланғич матнда ўқиш имкони бўлиши лозим.
Фуқаролар йиғинининг раиси ўз ташаббуси билан ёки манфаатдор шахсларнинг илтимосига кўра, ишончномага унинг моҳиятини ўзгартирмайдиган қўшимчаларни киритиши ёки ундаги аниқ арифметик хатоларнигина тузатиши мумкин.
17. Мурожаат қилувчининг илтимосига кўра, ишончнома лойиҳаси фуқаролар йиғинининг раиси томонидан тузилиши мумкин.
18. Ишончномаларни тасдиқлашда мазкур Низомга 2 ёки 3-иловаларда келтирилган намуналарга мувофиқ тасдиқловчи ёзувлар ёзилади ҳамда фуқаролар йиғинининг раиси томонидан имзоланиб, муҳр босилади.
19. Тасдиқловчи ёзувнинг матни компьютер воситасида ўчирилмасдан аниқ ёзилиши шарт. Очиқ жойларга чизиқ тортиб қўйилиши, ёзувлар ва бошқа тузатишлар ушбу Низомнинг 16-банди асосида изоҳланиши керак.
Тасдиқловчи ёзувларни амалга ошириш учун тегишли ёзув матни бўлган штамплар ишлатилиши мумкин.
20. Фуқаролар йиғинининг раиси томонидан ишончномаларни тасдиқлаш учун ҳужжатлар қуйидаги ҳолларда қабул қилинмайди:
қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлган, шунингдек, қаламда ёзилган ҳужжатлар;
бир неча варақларда баён этилиб, варақлари рақамланмаган ва ип ўтказиб тикилмаган ҳужжатлар, ҳужжатни берган ташкилот мансабдор шахсининг имзоси ва муҳри бўлмаган ҳужжатлар;
факсимиле имзо муҳри қўйилган ҳужжатлар.
21. Фуқаролар йиғинининг раиси қуйидаги ҳолларда ишончномани тасдиқлашни рад этади, агар:
бундай ишончномани тасдиқлаш қонунга зид бўлса;
бу ҳаракат нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;
муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил ишончномани тасдиқлашни сўраб мурожаат қилган бўлса;
ишончномани тасдиқлаш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.
Тақдим этилган ҳужжатларнинг қалбакилаштирилганлиги яққол кўриниб турган бўлса ёки бунга шубҳа туғдирувчи етарли асослар мавжуд бўлса, ишончнома тасдиқлаш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ эмас деб ҳисобланади.
Ишончномани тасдиқлаш рад этилган тақдирда фуқаролар йиғинининг раиси мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ қарор чиқаради ҳамда мурожаат қилган шахсга беради.
Рад этиш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
қарор чиқарилган сана, қарор чиқарган фуқаролар йиғини раисининг фамилияси, исми ва отасининг исми, фуқаролар йиғинининг номи, жойлашган жойи (почта манзили);
ишончномани тасдиқлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, турар жойи;
ишончномани тасдиқлашни рад этишга сабаб бўлган ҳолатлар (қонунчилик ҳужжатларига асосланган ҳолда);
шикоят қилиш тартиби.
22. Фуқаролар йиғинининг раиси ишончнома тасдиқлаш учун ўз иш жойидан ташқарига чиққанида, манфаатдор жисмоний шахслар унинг амалдаги транспорт харажатларини қоплайди.
23. Ишончномани тузиш ва тасдиқлаш учун ишончли вакилнинг иштироки талаб этилмайди.
Ишончли вакил ҳақидаги, шунингдек, ишончнома объекти ҳақидаги маълумотлар ишончнома берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ёки унинг сўзларига асосан ёзилиши мумкин. Ишончли вакил ҳақидаги, шунингдек, ишончнома объекти ҳақидаги маълумотлар ишончнома берувчининг сўзларига асосан ёзилган ҳолда берилган маълумотларнинг тўғрилиги учун ишончнома берувчи масъулдир. Бу ҳақда ишончнома матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этиб қўйилади.
24. Ишончнома матнида унинг тузилган (имзоланган) жойи ва санаси, ишонч билдирувчи ва ишончли вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзили, ишончли вакилга берилаётган ваколатлар доираси, Фуқаролик кодексининг 141 ва 142-моддалари тушунтирилганлиги кўрсатилиб ўтилиши керак.
25. Фуқаролар йиғинининг раиси ўз номига ва ўз номидан, хотини (эри) номига ҳамда унинг номидан, хотинининг (эрининг) ва ўзининг қариндош-уруғлари (ота-онаси, болалари, набиралари, туғишган ака-ука ва опа-сингиллари), улар билан васийлик ва ҳомийлик туфайли боғланган шахслар номига ҳамда уларнинг номидан ишончномаларни тасдиқлашга ҳақли эмас.
Бундай ҳолларда ишончномалар исталган бошқа фуқаролар йиғинининг раиси томонидан амалга оширилади.
Мазкур банднинг биринчи хатбошидаги қоидалар бузилган ҳолда тасдиқланган ишончномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
26. Фуқаролар йиғинларининг раислари жисмоний шахсларга уларнинг ёзма аризасига мувофиқ ҳамда суд, прокуратура, тергов органларининг қарор ёки ажрим шаклида ёхуд процессуал қонунларда белгиланган бошқа тартибда расмийлаштирилган талабномаларига асосан рўйхатга олиш китобидан кўчирмалар беради.
27. Фуқаролар йиғинларининг раислари томонидан тасдиқланган ёки берилган, нусхалари фуқаролар йиғинининг йиғмажилдларида сақланаётган ишончномалар йўқолган тақдирда, жисмоний шахсларнинг ёки уларнинг қонуний вакилларининг ёзма аризасига кўра, йўқолган ҳужжатларнинг дубликатлари берилади.
Аризалардаги имзолар фуқаролар йиғинининг раиси томонидан тасдиқланади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларига берилган ишончномалар матнида ҳужжатнинг дубликатини олиш ваколати кўрсатилган бўлиши лозим.
Ишончнома дубликатида тасдиқланган ва берилган асл ишончноманинг тўлиқ матни бўлиши шарт.
28. Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар, ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди.
29. Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий ҳисобланмайди.
Фуқаролар йиғинининг раиси томонидан тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ҳаракатларни амалга оширишга мўлжалланган, амал қилиш муддати кўрсатилмаган ишончнома уни берган шахс томонидан бекор қилингунича ўз кучини сақлайди.
30. Ишончнома берувчи томонидан ишончнома бекор қилинган тақдирда, рўйхатга олиш китобига ҳамда фуқаролар йиғинининг раисида сақланаётган ишончнома нусхасига белги қўйилади. Ушбу ариза ишончнома нусхасига ёки алоҳида йиғмажилдга тикиб қўйилади. Аризанинг иккинчи нусхаси ишончли вакилни хабардор қилиш учун ишонч билдирувчига берилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
31. Фуқаролар йиғинининг раиси томонидан ишончномалар тасдиқланганлиги учун тўлов ундирилмайди.
32. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Намуна Ишончномаларни рўйхатга олиш КИТОБИ Тартиб рақами Тасдиқлаш санаси Ишонч билдирувчининг Ф.И.О. ва яшаш жойи Ишончноманинг қисқача мазмуни Ҳужжат олинганлиги ҳақида имзо 1 2 3 4 5
Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Намуна Ишончнома берувчи томонидан шахсан имзоланган ишончноманинг тасдиқловчи ёзуви 20___ йилнинг «____» ____________ куни. Ушбу ишончномани мен, ___________________________________________________________________________ _______________________ (фуқаролар йиғинининг номи, ишончномани тасдиқловчи _____________________________________________________________________________________ тасдиқладим. шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми) Ишончнома фуқаро ________________________________________________________________________________ (ишонч билдирувчининг фамилияси, исми, отасининг исми) томонидан менинг ҳузуримда имзоланди. Ишонч билдирувчининг шахси аниқланди, муомалага лаёқатлилиги текширилди. Рўйхатга олиш китобига ____________ рақами билан қайд этилди. ______________________________________ (тасдиқловчи шахс лавозими) __________________ (имзо ва муҳр)
Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Намуна Ишонч билдирувчининг илтимосига кўра бошқа шахслар томонидан имзоланган ишончноманинг тасдиқловчи ёзуви 20____ йилнинг «_____» _____________ куни. Ушбу ишончномани мен, ___________________________________________________________________________ ________________________ (фуқаролар йиғинининг номи, ишончномани тасдиқловчи _____________________________________________________________________________________ тасдиқладим. шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми) Фуқаро ______________________________________________________________________________________нинг (ишонч билдирувчининг фамилияси, исми, отасининг исми) ________________________________________________________________________________________________(касаллиги, кўзи ожизлиги ва ҳоказо) туфайли унинг илтимосига кўра ва менинг ҳузуримда ишончномани фуқаро __________________________________ ________________________________________________________________________________________________ (ишончномани ишонч билдирувчининг илтимосига кўра имзоловчи шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми) имзолади. Ишонч билдирувчининг шахси аниқланди, муомалага лаёқатлилиги текширилди. Ишончномани имзоловчининг шахси аниқланди ва муомалага лаёқатлилиги текширилди. Рўйхатга олиш китобига ________________ рақами билан қайд этилди. ______________________________________ (тасдиқловчи шахс лавозими) __________________ (имзо ва муҳр)
Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
Ишончномани тасдиқлашни рад этишнинг намунавий матни 20__ йилнинг «___» _________ куни. Мен, ____________________________________________________________________________________________ (фуқаролар йиғинининг номи, ишончномани тасдиқловчи ________________________________________________________________________________________________. шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми) Фуқаро ______________________________________________________________________________________нинг (мурожаат қилувчининг манзили, фамилияси, исми, отасининг исми) ишончномани тасдиқлаш ҳақидаги мурожаатини кўриб чиқиб, ______________________________________________ _________________________________________________________туфайли ишончномани тасдиқлашни рад этаман. ________ (рад этиш асослари) Ушбу рад этиш юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. ______________________________________ (тасдиқловчи шахс лавозими) __________________ (имзо ва муҳр)
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 18 апрель,
328-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Shaharchalar, qishloqlar va ovullar, shuningdek, shaharlardagi, shaharchalardagi, qishloqlardagi hamda ovullardagi mahallalar fuqarolar yigʻinlarining raislari tomonidan ishonchnomalarni tasdiqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
“Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 15-moddasiga muvofiq hamda shaharchalar, qishloqlar va ovullar, shuningdek, shaharlardagi, shaharchalardagi, qishloqlardagi hamda ovullardagi mahallalar fuqarolar yigʻinlarining raislari tomonidan ishonchnomalarni tasdiqlash tartibini belgilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Shaharchalar, qishloqlar va ovullar, shuningdek, shaharlardagi, shaharchalardagi, qishloqlardagi hamda ovullardagi mahallalar fuqarolar yigʻinlarining raislari tomonidan ishonchnomalarni tasdiqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha respublika kengashi Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi bilan birgalikda uch oy muddatda mahallalar fuqarolar yigʻinlarining raislari tomonidan ishonchnomalarni tasdiqlash tartiblari borasidagi bilimlarni oshirishga qaratilgan oʻquv seminarlarini oʻtkazish rejasini ishlab chiqsin va uning amalga oshirilishini taʼminlasin.
3. Vazirliklar va idoralar oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri R.K. Davletov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Yoshlar siyosati, madaniyat, maʼnaviyat, ommaviy axborot vositalari, ijodiy va jamoat tashkilotlari masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 18-apreldagi 328-son qaroriga ILOVA
Shaharchalar, qishloqlar va ovullar, shuningdek, shaharlardagi, shaharchalardagi, qishloqlardagi hamda ovullardagi mahallalar fuqarolar yigʻinlarining raislari tomonidan ishonchnomalarni tasdiqlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom shaharchalar, qishloqlar va ovullar, shuningdek shaharlardagi, shaharchalardagi, qishloqlardagi hamda ovullardagi mahallalar fuqarolar yigʻinlarining raislari (keyingi oʻrinlarda fuqarolar yigʻinlarining raislari deb ataladi) tomonidan ishonchnomalarni tasdiqlash tartibini belgilaydi.
2. “Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 15-moddasiga muvofiq fuqarolar yigʻinining raisi xat-xabarlarni, shu jumladan pul va posilkalarni olishga, ish haqini hamda mehnat munosabatlari bilan bogʻliq boʻlgan boshqa toʻlovlarni olishga, mualliflar va ixtirochilarga toʻlanadigan haqlarni, pensiyalar, nafaqalar va stipendiyalarni, shuningdek, banklardan summalarni olishga ishonchnomalarni (keyingi oʻrinlarda ishonchnomalar deb ataladi) tasdiqlashi mumkin.
3. Fuqarolar yigʻinining raisi ishonchnomalarni tasdiqlashda Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik hujjatlariga, shuningdek, ushbu Nizomga amal qiladi.
Fuqarolar yigʻinining raisi tomonidan tasdiqlanayotgan ishonchnomalarga fuqarolar yigʻinlarining nomlari qayd etilgan muhr bosiladi.
4. Fuqarolar yigʻinining raisi ishonchnomalarni tasdiqlashda quyidagi huquqlarga ega:
ishonchnomaning loyihalarini tuzish va ishonchnomaga doir masalalar yuzasidan tushuntirishlar berish;
jismoniy shaxslardan ishonchnomalarni tasdiqlash uchun zarur boʻlgan hujjatlarni talab qilib olish.
5. Fuqarolar yigʻinining raisi ishonchnomalarni tasdiqlashda:
jismoniy shaxslarga oʻz huquqlarini amalga oshirishda va qonuniy manfaatlarini himoya qilishda koʻmaklashish, ularning huquq va majburiyatlarini tushuntirib berishga;
tomonlar taqdim etgan ishonchnoma loyihalarining mazmun-mohiyati va ahamiyatini tushuntirib berish, ularning mazmuni tomonlarning asl maqsadiga mos kelish-kelmasligini va qonun talablariga zid kelish-kelmasligini tekshirishga;
qonunchilik hujjatlariga mos kelmaydigan ishonchnomalarni amalga oshirishni rad etishga;
ishonchnomalarni tasdiqlash vaqtida fuqarolar yoki mansabdor shaxslar tomonidan qonunchilik hujjatlari buzilganligini aniqlagan taqdirda, zarur choralar koʻrish uchun huquqni muhofaza qiluvchi tegishli organlarga bu haqda xabar qilishga majbur.
6. Ishonchnomalar davlat tilida rasmiylashtiriladi. Rasmiylashtirilgan ishonchnoma matni fuqarolarning talabiga binoan fuqarolar yigʻinining raisi tomonidan rus tilida yoki imkoni boʻlsa, boshqa maqbul tilda beriladi.
Agar, ishonchnoma murojaat qilgan shaxs tushunmaydigan yoki yaxshi bilmaydigan tilda rasmiylashtirilsa, unda ishonchnoma matni fuqarolar yigʻinining raisi yoki murojaat qilgan shaxs tanigan tarjimon tomonidan ogʻzaki tarjima qilinishi mumkin. Bu haqda hujjat matniga va tasdiqlovchi yozuvga kim tomonidan tarjima qilinganligi va matn mazmuni tushuntirilganligi haqida fuqarolar yigʻinining raisi tomonidan yozib qoʻyilishi, imzolanishi va muhr qoʻyilishi kerak. Bunday holda murojaat qilgan shaxs oʻzi biladigan tilda ismi, familiyasi, otasining ismini toʻliq yozib, imzo qoʻyadi.
7. Fuqarolar yigʻinlarining raislari tomonidan tasdiqlanadigan ishonchnomalar mazkur Nizomga 1-ilovaga muvofiq ishonchnomalarni roʻyxatga olish kitobida (keyingi oʻrinlarda Roʻyxatga olish kitobi deb ataladi) roʻyxatga olinadi. Roʻyxatga olish kitobidagi yozuvlar qalam bilan yozilishiga yoʻl qoʻyilmaydi. Ochiq qolgan joylarga chiziq tortib qoʻyiladi.
Har bir ishonchnoma alohida tartib raqam bilan roʻyxatga olinadi. Roʻyxatga olish kitobida qayd etilgan ishonchnoma raqami fuqarolar yigʻinining raisi tomonidan tasdiqlanadigan yoki beriladigan ishonchnomaning tasdiqlovchi yozuvida koʻrsatiladi.
Roʻyxatga olish kitobidagi tartib raqamlarining raqamlanishida xatolikka yoʻl qoʻyilsa, alohida maʼlumotnoma tuziladi va fuqarolar yigʻini raisining imzosi va muhri bilan roʻyxatga olish kitobiga yelimlanib qoʻyiladi.
8. Ishonchnomalarni tasdiqlash fuqarolar yigʻini joylashgan binoda amalga oshiriladi. Fuqaro kasalligi, nogironligi tufayli yoki boshqa sabablarga koʻra fuqarolar yigʻiniga bora olmaydigan ayrim hollarda ishonchnomalar fuqarolar yigʻini binosidan tashqarida, yaʼni mazkur jismoniy shaxs yoxud uning vakili joylashgan joyda toʻldirilishi mumkin.
Ishonchnomalar fuqarolar yigʻini joylashgan binodan tashqarida toʻldirilsa, hujjatning tasdiqlovchi yozuvida va ishonchnomalarni roʻyxatga olish kitobida ishonchnoma rasmiylashtirilgan joyning manzili koʻrsatiladi.
9. Fuqarolar yigʻinining raisi ishonchnomani rasmiylashtirishni soʻrab murojaat qiluvchilarning (ularning qonuniy vakillarining, shuningdek, vasiy va homiylarining) shaxsini aniqlaydi.
Ishonchnomani rasmiylashtirishni soʻrab murojaat qiluvchi fuqarolarning shaxsi quyidagi hujjatlarga asosan aniqlanadi:
Oʻzbekiston fuqarolarining shaxsi — Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosining pasporti;
16 yoshga toʻlmagan fuqarolarning shaxsi — tugʻilganlik toʻgʻrisidagi guvohnoma;
harbiy xizmatchilarning shaxsi — harbiy qismlar va harbiy muassasalar qoʻmondonligi tomonidan beriladigan shaxsiy guvohnomalar yoki harbiy biletlar (harbiy xizmatga majbur fuqarolarning harbiy bileti bundan mustasno);
chet el fuqarolarining shaxsi — ularning milliy pasporti (qonunchilik hujjatlariga muvofiq chet el fuqarolari tegishli ichki ishlar organlari tomonidan roʻyxatga olinishi lozim) yoki Oʻzbekiston Respublikasida yashash guvohnomasi yoxud diplomatik pasporti yoki Oʻzbekiston Respublikasida akkreditatsiya qilinganligini tasdiqlovchi akkreditatsiya kartochkasi;
fuqaroligi boʻlmagan shaxs uchun — Oʻzbekiston Respublikasida yashash guvohnomasi.
10. Ishonchnoma tasdiqlab berilayotganda ishonchnoma beruvchining muomala layoqati belgilangan tartibda aniqlanadi. Ishonchnoma vakil tomonidan tuzilgan taqdirda, uning vakolati ham tekshiriladi.
Fuqarolar yigʻinining raisi tomonidan fuqarolarning muomala layoqati ular bilan shaxsiy muloqot davomida aniqlanadi.
11. Fuqarolar yigʻinining raisida ishonchnomani tasdiqlashni soʻrab murojaat qiluvchilar ruhiy kasalligi yoki aqli zaifligi oqibatida oʻz xatti-harakatlarining ahamiyatini tushuna olmaydi yoki oʻz harakatlarini boshqara olmaydi yoxud spirtli ichimliklar yoki giyohvandlik va psixotrop moddalarni isteʼmol qilishi oqibatida oʻz oilasini ogʻir moddiy ahvolga solib qoʻyadi deb hisoblash uchun asos boʻlsa-da (shubha toʻgʻrisida), ammo shu fuqaroning muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklanganligi toʻgʻrisida maʼlumotlar boʻlmasa, ular ishonchnomani tasdiqlashni kechiktiradi va sudning shu shaxsni muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklangan deb topganligi toʻgʻrisidagi qarori bor-yoʻqligini aniqlaydi.
Agar, mazkur shaxs sud tomonidan muomalaga layoqatsiz deb topilgan boʻlsa, fuqarolar yigʻinining raisi ishonchnomani tasdiqlashni rad etish haqida qaror chiqaradi. Fuqarolar yigʻinining raisi ushbu qarordan norozi tomonning sudga murojaat qilish huquqini tushuntirishi lozim.
Agar, mazkur shaxs sud tomonidan muomala layoqati cheklangan deb topilgan boʻlsa, fuqarolar yigʻinining raisi ishonchnomani tasdiqlashda muomala layoqati cheklangan shaxs homiysining roziligini talab etadi.
12. Fuqarolar yigʻinining raisi ishonchnomani haqiqiy emas deb topganligi toʻgʻrisida sudning qonuniy kuchga kirgan hal qiluv qarori yoki ajrimini olgan taqdirda, bu haqda ishonchnomalarni roʻyxatga olish kitobiga va ishonchnomaning fuqarolar yigʻinida saqlanadigan asl nusxasiga tegishli yozuv kiritadi, oʻz imzosi va muhrini qoʻyadi.
13. Jismoniy shaxslar tomonidan taqdim qilingan yoki fuqarolar yigʻinlarining raislari tomonidan tuziladigan ishonchnoma loyihalari qonunchilik hujjatlariga zid boʻlmasligi lozim.
14. Ishonchnomalar fuqarolar yigʻinining raisi ishtirokida imzolanadi.
Agar, fuqaro jismoniy nuqsoni, kasalligi, savodsizligi tufayli yoki qandaydir boshqa sabablarga koʻra ishonchnomani oʻz qoʻli bilan imzolay olmasa, ishonchnomani uning topshirigʻiga koʻra oʻzi va fuqarolar yigʻinining raisi hozirligida boshqa fuqaro imzolashi mumkin, bunda ishonchnoma tasdiqlashni soʻrab murojaat qilgan fuqaroning hujjatni oʻz qoʻli bilan imzolay olmaganligi sabablari hujjat matniga va tasdiqlovchi yozuvga yozib qoʻyilishi shart.
Agar, ishonchnomani tasdiqlashni soʻrab murojaat qilgan fuqaro savodsiz, koʻzi ojiz boʻlsa yoki qandaydir sabablar tufayli koʻzi yaxshi koʻrmasa, shuningdek, kasalligi tufayli ishonchnomani oʻqiy olmasa, fuqarolar yigʻinining raisi unga hujjat matnini ovoz chiqarib oʻqib beradi va bu haqda hujjat matnida va tasdiqlovchi yozuvda qayd etadi.
Ishonchnoma tasdiqlashni soʻrab kar-soqovlik nuqsoni (kar-soqov, kar, qulogʻi ogʻir) boʻlgan shaxs murojaat qilsa hamda savodsiz boʻlsa, ishonchnomani tasdiqlash paytida u bilan muomala qila oladigan va ishonchnomaning mazmunini uning xohish-irodasiga muvofiq ekanligini oʻz imzosi bilan tasdiqlovchi surdo tarjimon hozir boʻlishi shart.
Kar-soqovlik nuqsoni (kar-soqov, kar, qulogʻi ogʻir) boʻlgan hamda muomala layoqatiga ega boʻlgan savodli fuqaro ishonchnoma tasdiqlashni soʻrab murojaat qilsa, ishonchnoma uning oʻzi tomonidan va surdo tarjimon tomonidan imzolanishi mumkin.
Kar-soqovlik nuqsoni (kar-soqov, kar, qulogʻi ogʻir) boʻlgan, muomala layoqatiga ega boʻlgan, biroq surdo tarjimon bilan muloqot qila olmaydigan savodli fuqaro oʻz imzosi bilan ishonchnomaning mazmunini oʻzining xohish-irodasiga muvofiq ekanligini fuqarolar yigʻinining raisi bilan yozma ravishda bildiradigan boʻlsa, ishonchnomani tasdiqlashda surdo tarjimonning ishtiroki shart emas. Ushbu yozishmalar ishonchnoma bilan birga tikib qoʻyiladi.
Tarjimon yoki surdo tarjimon ishonchnoma tarjimasini notoʻgʻri yoki yolgʻon tarjima qilganligi uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgarlikka tortilishi haqida fuqarolar yigʻinining raisi tomonidan ogohlantiriladi va bu haqda ishonchnoma matnida koʻrsatiladi.
2-bob. Ishonchnomalarni tasdiqlash tartibi
15. Ishonchnomaning matni aniq va ravshan, mazmuniga taalluqli sana va muddatlar koʻrsatilgan boʻlishi shart. Fuqarolarning familiyasi, ismi, otasining ismi, yashash joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtgan manzili koʻrsatilgan ishonchnomalarni tasdiqlashda chet el fuqarolari qatnashayotgan boʻlsa, ularning fuqaroligi ham koʻrsatib oʻtilishi kerak.
16. Ishonchnomadagi oxirigacha toʻldirilmagan satrlar va boshqa boʻsh joylarga chiziq tortib qoʻyiladi, chet elda amal qiladigan ishonchnomalar bundan mustasno. Qoʻshimcha va tuzatishlar tegishli shaxslarning (ishonchnomani imzolagan boshqa shaxslarning) imzosi oldidan izohlanishi va tasdiqlovchi yozuvning oxirida fuqarolar yigʻini raisining imzosidan oldin takroran izohlanishi, fuqarolar yigʻini raisining imzosi va muhri bilan tasdiqlanishi kerak. Tasdiqlovchi yozuvdagi tuzatishlar fuqarolar yigʻini raisining imzosidan oldin izohlanishi va imzosi hamda muhri bilan tasdiqlanishi kerak. Bunda tuzatishlar shunday qilinishi kerakki, oʻchirilgan barcha soʻzlarni va raqamlarni boshlangʻich matnda oʻqish imkoni boʻlishi lozim.
Fuqarolar yigʻinining raisi oʻz tashabbusi bilan yoki manfaatdor shaxslarning iltimosiga koʻra, ishonchnomaga uning mohiyatini oʻzgartirmaydigan qoʻshimchalarni kiritishi yoki undagi aniq arifmetik xatolarnigina tuzatishi mumkin.
17. Murojaat qiluvchining iltimosiga koʻra, ishonchnoma loyihasi fuqarolar yigʻinining raisi tomonidan tuzilishi mumkin.
18. Ishonchnomalarni tasdiqlashda mazkur Nizomga 2 yoki 3-ilovalarda keltirilgan namunalarga muvofiq tasdiqlovchi yozuvlar yoziladi hamda fuqarolar yigʻinining raisi tomonidan imzolanib, muhr bosiladi.
19. Tasdiqlovchi yozuvning matni kompyuter vositasida oʻchirilmasdan aniq yozilishi shart. Ochiq joylarga chiziq tortib qoʻyilishi, yozuvlar va boshqa tuzatishlar ushbu Nizomning 16-bandi asosida izohlanishi kerak.
Tasdiqlovchi yozuvlarni amalga oshirish uchun tegishli yozuv matni boʻlgan shtamplar ishlatilishi mumkin.
20. Fuqarolar yigʻinining raisi tomonidan ishonchnomalarni tasdiqlash uchun hujjatlar quyidagi hollarda qabul qilinmaydi:
qirib oʻchirilgan yoki qoʻshimchalar kiritilgan, soʻzlari ustidan chizilgan va izoh berilmagan boshqa tuzatishlari boʻlgan, shuningdek, qalamda yozilgan hujjatlar;
bir necha varaqlarda bayon etilib, varaqlari raqamlanmagan va ip oʻtkazib tikilmagan hujjatlar, hujjatni bergan tashkilot mansabdor shaxsining imzosi va muhri boʻlmagan hujjatlar;
faksimile imzo muhri qoʻyilgan hujjatlar.
21. Fuqarolar yigʻinining raisi quyidagi hollarda ishonchnomani tasdiqlashni rad etadi, agar:
bunday ishonchnomani tasdiqlash qonunga zid boʻlsa;
bu harakat notarius tomonidan amalga oshirilishi kerak boʻlsa;
muomalaga layoqatsiz fuqaro yoxud zarur vakolatlari boʻlmagan vakil ishonchnomani tasdiqlashni soʻrab murojaat qilgan boʻlsa;
ishonchnomani tasdiqlash uchun taqdim etilayotgan hujjatlar qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq boʻlmasa.
Taqdim etilgan hujjatlarning qalbakilashtirilganligi yaqqol koʻrinib turgan boʻlsa yoki bunga shubha tugʻdiruvchi yetarli asoslar mavjud boʻlsa, ishonchnoma tasdiqlash uchun taqdim etilayotgan hujjatlar qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq emas deb hisoblanadi.
Ishonchnomani tasdiqlash rad etilgan taqdirda fuqarolar yigʻinining raisi murojaat qilingan kundan boshlab uch kundan kechiktirmasdan mazkur Nizomga 4-ilovaga muvofiq qaror chiqaradi hamda murojaat qilgan shaxsga beradi.
Rad etish toʻgʻrisidagi qarorda quyidagilar koʻrsatilishi kerak:
qaror chiqarilgan sana, qaror chiqargan fuqarolar yigʻini raisining familiyasi, ismi va otasining ismi, fuqarolar yigʻinining nomi, joylashgan joyi (pochta manzili);
ishonchnomani tasdiqlashni soʻrab murojaat qilgan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi, turar joyi;
ishonchnomani tasdiqlashni rad etishga sabab boʻlgan holatlar (qonunchilik hujjatlariga asoslangan holda);
shikoyat qilish tartibi.
22. Fuqarolar yigʻinining raisi ishonchnoma tasdiqlash uchun oʻz ish joyidan tashqariga chiqqanida, manfaatdor jismoniy shaxslar uning amaldagi transport xarajatlarini qoplaydi.
23. Ishonchnomani tuzish va tasdiqlash uchun ishonchli vakilning ishtiroki talab etilmaydi.
Ishonchli vakil haqidagi, shuningdek, ishonchnoma obyekti haqidagi maʼlumotlar ishonchnoma beruvchi tomonidan taqdim etilgan hujjatlar yoki uning soʻzlariga asosan yozilishi mumkin. Ishonchli vakil haqidagi, shuningdek, ishonchnoma obyekti haqidagi maʼlumotlar ishonchnoma beruvchining soʻzlariga asosan yozilgan holda berilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligi uchun ishonchnoma beruvchi masʼuldir. Bu haqda ishonchnoma matnida va tasdiqlovchi yozuvda qayd etib qoʻyiladi.
24. Ishonchnoma matnida uning tuzilgan (imzolangan) joyi va sanasi, ishonch bildiruvchi va ishonchli vakilning familiyasi, ismi, otasining ismi, yashash joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtgan manzili, ishonchli vakilga berilayotgan vakolatlar doirasi, Fuqarolik kodeksining 141 va 142-moddalari tushuntirilganligi koʻrsatilib oʻtilishi kerak.
25. Fuqarolar yigʻinining raisi oʻz nomiga va oʻz nomidan, xotini (eri) nomiga hamda uning nomidan, xotinining (erining) va oʻzining qarindosh-urugʻlari (ota-onasi, bolalari, nabiralari, tugʻishgan aka-uka va opa-singillari), ular bilan vasiylik va homiylik tufayli bogʻlangan shaxslar nomiga hamda ularning nomidan ishonchnomalarni tasdiqlashga haqli emas.
Bunday hollarda ishonchnomalar istalgan boshqa fuqarolar yigʻinining raisi tomonidan amalga oshiriladi.
Mazkur bandning birinchi xatboshidagi qoidalar buzilgan holda tasdiqlangan ishonchnomalar haqiqiy emas deb hisoblanadi.
26. Fuqarolar yigʻinlarining raislari jismoniy shaxslarga ularning yozma arizasiga muvofiq hamda sud, prokuratura, tergov organlarining qaror yoki ajrim shaklida yoxud protsessual qonunlarda belgilangan boshqa tartibda rasmiylashtirilgan talabnomalariga asosan roʻyxatga olish kitobidan koʻchirmalar beradi.
27. Fuqarolar yigʻinlarining raislari tomonidan tasdiqlangan yoki berilgan, nusxalari fuqarolar yigʻinining yigʻmajildlarida saqlanayotgan ishonchnomalar yoʻqolgan taqdirda, jismoniy shaxslarning yoki ularning qonuniy vakillarining yozma arizasiga koʻra, yoʻqolgan hujjatlarning dublikatlari beriladi.
Arizalardagi imzolar fuqarolar yigʻinining raisi tomonidan tasdiqlanadi.
Jismoniy va yuridik shaxslarning vakillariga berilgan ishonchnomalar matnida hujjatning dublikatini olish vakolati koʻrsatilgan boʻlishi lozim.
Ishonchnoma dublikatida tasdiqlangan va berilgan asl ishonchnomaning toʻliq matni boʻlishi shart.
28. Ishonchnoma koʻpi bilan uch yil muddatga berilishi mumkin. Agar, ishonchnomada muddat koʻrsatilgan boʻlmasa, u berilgan kundan boshlab bir yil mobaynida oʻz kuchini saqlaydi.
29. Berilgan kuni koʻrsatilmagan ishonchnoma haqiqiy hisoblanmaydi.
Fuqarolar yigʻinining raisi tomonidan tasdiqlanib, Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida harakatlarni amalga oshirishga moʻljallangan, amal qilish muddati koʻrsatilmagan ishonchnoma uni bergan shaxs tomonidan bekor qilingunicha oʻz kuchini saqlaydi.
30. Ishonchnoma beruvchi tomonidan ishonchnoma bekor qilingan taqdirda, roʻyxatga olish kitobiga hamda fuqarolar yigʻinining raisida saqlanayotgan ishonchnoma nusxasiga belgi qoʻyiladi. Ushbu ariza ishonchnoma nusxasiga yoki alohida yigʻmajildga tikib qoʻyiladi. Arizaning ikkinchi nusxasi ishonchli vakilni xabardor qilish uchun ishonch bildiruvchiga beriladi.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
31. Fuqarolar yigʻinining raisi tomonidan ishonchnomalar tasdiqlanganligi uchun toʻlov undirilmaydi.
32. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Shaharchalar, qishloqlar va ovullar, shuningdek, shaharlardagi, shaharchalardagi, qishloqlardagi hamda ovullardagi mahallalar fuqarolar yigʻinlarining raislari tomonidan ishonchnomalarni tasdiqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Namuna Ishonchnomalarni roʻyxatga olish KITOBI Tartib raqami Tasdiqlash sanasi Ishonch bildiruvchining F.I.O. va yashash joyi Ishonchnomaning qisqacha mazmuni Hujjat olinganligi haqida imzo 1 2 3 4 5
Shaharchalar, qishloqlar va ovullar, shuningdek, shaharlardagi, shaharchalardagi, qishloqlardagi hamda ovullardagi mahallalar fuqarolar yigʻinlarining raislari tomonidan ishonchnomalarni tasdiqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Namuna Ishonchnoma beruvchi tomonidan shaxsan imzolangan ishonchnomaning tasdiqlovchi yozuvi 20___ yilning “____” ____________ kuni. Ushbu ishonchnomani men, ___________________________________________________________________________ _______________________ (fuqarolar yigʻinining nomi, ishonchnomani tasdiqlovchi _____________________________________________________________________________________ tasdiqladim. shaxsning lavozimi, familiyasi, ismi, otasining ismi) Ishonchnoma fuqaro ________________________________________________________________________________ (ishonch bildiruvchining familiyasi, ismi, otasining ismi) tomonidan mening huzurimda imzolandi. Ishonch bildiruvchining shaxsi aniqlandi, muomalaga layoqatliligi tekshirildi. Roʻyxatga olish kitobiga ____________ raqami bilan qayd etildi. ______________________________________ (tasdiqlovchi shaxs lavozimi) __________________ (imzo va muhr)
Shaharchalar, qishloqlar va ovullar, shuningdek, shaharlardagi, shaharchalardagi, qishloqlardagi hamda ovullardagi mahallalar fuqarolar yigʻinlarining raislari tomonidan ishonchnomalarni tasdiqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Namuna Ishonch bildiruvchining iltimosiga koʻra boshqa shaxslar tomonidan imzolangan ishonchnomaning tasdiqlovchi yozuvi 20____ yilning “_____” _____________ kuni. Ushbu ishonchnomani men, ___________________________________________________________________________ ________________________ (fuqarolar yigʻinining nomi, ishonchnomani tasdiqlovchi _____________________________________________________________________________________ tasdiqladim. shaxsning lavozimi, familiyasi, ismi, otasining ismi) Fuqaro ______________________________________________________________________________________ning (ishonch bildiruvchining familiyasi, ismi, otasining ismi) ________________________________________________________________________________________________(kasalligi, koʻzi ojizligi va hokazo) tufayli uning iltimosiga koʻra va mening huzurimda ishonchnomani fuqaro __________________________________ ________________________________________________________________________________________________ (ishonchnomani ishonch bildiruvchining iltimosiga koʻra imzolovchi shaxsning familiyasi, ismi, otasining ismi) imzoladi. Ishonch bildiruvchining shaxsi aniqlandi, muomalaga layoqatliligi tekshirildi. Ishonchnomani imzolovchining shaxsi aniqlandi va muomalaga layoqatliligi tekshirildi. Roʻyxatga olish kitobiga ________________ raqami bilan qayd etildi. ______________________________________ (tasdiqlovchi shaxs lavozimi) __________________ (imzo va muhr)
Shaharchalar, qishloqlar va ovullar, shuningdek, shaharlardagi, shaharchalardagi, qishloqlardagi hamda ovullardagi mahallalar fuqarolar yigʻinlarining raislari tomonidan ishonchnomalarni tasdiqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
Ishonchnomani tasdiqlashni rad etishning namunaviy matni 20__ yilning “___” _________ kuni. Men, ____________________________________________________________________________________________ (fuqarolar yigʻinining nomi, ishonchnomani tasdiqlovchi ________________________________________________________________________________________________. shaxsning lavozimi, familiyasi, ismi, otasining ismi) Fuqaro ______________________________________________________________________________________ning (murojaat qiluvchining manzili, familiyasi, ismi, otasining ismi) ishonchnomani tasdiqlash haqidagi murojaatini koʻrib chiqib, ______________________________________________ _________________________________________________________tufayli ishonchnomani tasdiqlashni rad etaman. ________ (rad etish asoslari) Ushbu rad etish yuzasidan sudga shikoyat qilinishi mumkin. ______________________________________ (tasdiqlovchi shaxs lavozimi) __________________ (imzo va muhr)
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 18-aprel,
328-son