📅 2019-yil 22-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 22-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 22 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 апреля 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 April 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантириш орқали аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, ҳудудда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш, туризм салоҳиятидан унумли фойдаланиш ҳамда соҳага оид қонун ҳужжатларининг тўлиқ ва сўзсиз ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар Айдар-Арнасой кўллар тизимининг биологик ресурсларидан фойдаланишнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
ҳудудда жисмоний ва юридик шахслар томонидан биологик ресурслардан фойдаланиш, шу жумладан, табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига сўзсиз ва қатъий риоя қилинишини таъминлаш;
кўллар тизимининг биологик хилма-хиллигини сақлаш ҳамда мавжуд табиий озуқа захираларини ҳисобга олган ҳолда сув ҳавзаларида етиштирилиши мумкин бўлган янги балиқ турларини балиқчилик саноатига киритиш;
ҳудудга инвестициялар, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда балиқчилик кластерларини ташкил этиш орқали балиқ етиштириш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш ва экспорт қилишни жадал ривожлантириш;
балиқчилик тармоғи ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасини амалиётга татбиқ этиш орқали кўллар тизимини мамлакатимиздаги балиқ чавоқларини етиштирувчи асосий ҳудудлардан бирига айлантириш;
ҳудудда туризмни ривожлантириш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ҳаваскор ва спорт балиқ ови туризмини йўлга қўйиш ва кенгайтириш, туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш, сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини ошириш.
2. Айдар-Арнасой кўллар тизими, шу жумладан, унинг ҳудудида жойлашган оролчалар ва қуруқликларни бошқариш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида «Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси» давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
2019 йил 1 июлдан бошлаб Айдар-Арнасой кўллар тизимининг бўш сув ҳавзалари контурларини танлов асосида ижарага бериш «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади;
«Айдар-Арнасой кўллар тизими» МЧЖ маҳаллий ҳокимликлар, манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда балиқ овлаш фаолияти билан шуғулланувчи хўжаликлар билан биргаликда ҳар ойнинг биринчи шанба куни Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва кўллар тубини чиқиндилардан тозалаш ишларини амалга оширади.
4. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:
а) бир ой муддатда белгиланган умумий штат бирликлари доирасида Навоий ва Жиззах вилоятлари ҳудудий бошқармаларининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекциялари штат бирликларини ошириш ҳисобига Айдар-Арнасой кўллар тизимининг акваториясида куну тун фаолият юритадиган давлат экологик назоратини амалга оширувчи пунктларни (кейинги ўринларда Назорат пунктлари деб аталади) ташкил этсин;
б) 2019-2020 йилларда босқичма-босқич Назорат пунктларини Айдар-Арнасой кўллар тизими акваториясининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда тегишли йўлтанламас махсус автомашиналар, катерлар, юқори аниқликдаги ерни масофадан зондлаш воситалари ва дастурлари, GPS навигаторлар, видеокузатув воситалари билан жиҳозланган учувчисиз учадиган аппаратлар, видеокузатув тизими, электр генераторлар, алоқа воситалари, зарур инвентарь ва бошқа моддий-техника воситалари билан таъминлаш чораларини кўрсин;
в) «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ва Дирекция билан биргаликда илмий асосланган ҳолда икки ой муддатда:
Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқ урчитиш контурларини аниқлаб, уларда балиқ овлашни тақиқласин;
Айдар-Арнасой кўллар тизимида мавжуд балиқ ресурслари ҳажмини аниқласин ва уларни кўпайтириш чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга тегишли Айдар-Арнасой кўллар тизими атрофидаги вагон уйларни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг эҳтиёжига мувофиқ Назорат пунктларини ташкил этиш учун қўмитанинг Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудий бошқармаларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин бериш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
6. Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари:
икки ой муддатда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳамда унинг атрофидаги ер участкаларини, мавжуд бино ва иншоотларни, шу жумладан ноқонуний қурилмаларни аниқлаш юзасидан тўлиқ хатловдан ўтказсин ва белгиланган тартибда улардан самарали фойдаланиш чораларини кўрсин;
уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Дирекция билан ҳамкорликда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудуди ва унинг атрофида туризмни ривожлантириш учун ажратиладиган ҳудудларни тасдиқласин ва улар ҳақидаги маълумотларни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг расмий веб-саҳифасида жойлаштириш чораларини кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:
Айдар-Арнасой кўллар тизимининг туристик салоҳиятини Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига тарғиб қилиш бўйича реклама маҳсулотлари (буклет, брошюра, видео) тайёрланишини, туристик ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун инфотурлар ташкил этилишини таъминласин;
Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Айдар-Арнасой кўллар тизимининг туристик салоҳиятини кўрсатувчи тарғибот материалларининг хорижий мамлакатларда ўтказиладиган туристик ва бошқа тадбирларда тақдимотларини ўтказсин.
8. «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқ ва балиқ маҳсулотларини етиштириш, ихтисослаштирилган балиқчилик кластерларини ташкил этиш, туризмни ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳа таклифларини ишлаб чиқсин.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ушбу лойиҳаларга маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш чораларини кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тузилмасида Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси (кейинги ўринларда Бош прокуратура бошқармаси деб аталади) ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тузилмасида Айдар-Арнасой кўллар тизими ресурсларидан фойдаланиш соҳасида иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими (кейинги ўринларда Департамент бўлими деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг:
Бош прокуратура бошқармаси ва Департамент бўлимини моддий-техник таъминлаш, шу жумладан, улар жойлаштириладиган Жиззах вилояти, Арнасой тумани, Ғолиблар қўрғони, Халқлар дўстлиги кўчаси манзилида жойлашган Арнасой туман прокуратурасининг маъмурий биносини таъмирлаш, фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш;
Айдар-Арнасой кўллар тизимида назоратнинг самарали бошқарувини амалга ошириш имконини берувчи Бош прокуратура бошқармасининг ситуацион-таҳлил пунктларини (кейинги ўринларда Ситуацион-таҳлил пункти деб аталади) ташкил этиш;
Ситуацион-таҳлил пунктларини учувчисиз учадиган аппаратлар, тунда кўриш учун мўлжалланган камералар, йўлтанламас махсус автомашиналар, кўчма контейнер-офислар, электр генераторлар, компьютер техникаси, ерни юқори аниқликдаги масофадан зондлаш воситалари ва дастурий таъминот маҳсулотлари, алоқа воситалари ҳамда бошқа техника билан таъминлаш;
Бош прокуратура бошқармаси, Департамент бўлими ва Ситуацион-таҳлил пунктларининг фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни ажратиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
11. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига Айдар-Арнасой кўллар тизимида экологик назоратни самарали ташкил этиш учун видеокузатув воситалари билан жиҳозланган учувчисиз учадиган аппаратлар, радиоалоқа воситаларини харид қилиш, олиб кириш, улардан фойдаланишга, ходимларига ўз хизмат вазифаларини бажаришлари учун махсус автотранспорт воситалари, шу жумладан, мансублигини англатувчи махсус чироқли сигналларга ҳамда махсус техник жиҳоз (рация, сирена, товуш чиқариш мосламалари, ёритгичлар ва бошқалар)лар ўрнатишга рухсат берилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бош прокуратуранинг мурожаатига асосан белгиланган тартибда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудини, Бош прокуратура бошқармасини, Департамент бўлимини, Назорат ҳамда Ситуацион-таҳлил пунктларини симсиз интернет ва мобил алоқа билан таъминлаш чораларини кўрсин.
13. Белгилансинки:
а) 2021 йил 1 январга қадар Айдар-Арнасой кўллар тизимида биологик ресурслардан фойдаланиш устидан назоратни ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан олиб кириладиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган товарлар, ускуналар, моторли қайиқлар ва катерлар, йўлтанламас махсус автомашиналар, машина ва механизмлар, ерни юқори аниқликдаги масофадан зондлаш воситалари ва дастурлари, GPS навигаторлар, видеокузатув воситалари билан жиҳозланган учувчисиз учадиган аппаратлар, видеокузатув тизими, электр генераторлар, алоқа воситалари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, дастурий таъминот маҳсулотлари, материаллар ва технологик жиҳозлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади;
б) қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ушбу қарорга мувофиқ амалга ошириладиган тадбирлар қўмита тизимига ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари доирасида ҳамда Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобига;
Бош прокуратура томонидан ушбу қарорга мувофиқ амалга ошириладиган тадбирлар, шу жумладан, маъмурий биноларни таъмирлаш, видеокузатув воситалари билан жиҳозланган учувчисиз учадиган аппаратлар, тунда кўриш учун мўлжалланган камералар, йўлтанламас махсус автомашиналар, моторли қайиқлар ва катерлар, кўчма контейнер-офислар, электр генераторлар, компьютер техникаси, дастурий таъминот маҳсулотлари, алоқа воситалари ва бошқа техникаларни харид қилиш ҳамда тегишли хизматларни амалга ошириш Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига молиялаштирилади;
Бош прокуратура томонидан харид қилинадиган моторли қайиқлар, катерлар ва 2 та йўлтанламас махсус автомашиналар оператив бошқарув ҳуқуқи билан Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ўтказилади ҳамда кейинчалик текин фойдаланиш ҳуқуқи билан белгиланган тартибда Назорат пунктларига берилади.
14. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудига қадар олиб борувчи маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ҳамда автомобиль йўлларини босқичма-босқич 2019 — 2021 йилларда реконструкция қилиниши ҳамда таъмирланишини таъминласин.
15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бош прокуратура, Миллий гвардия ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Айдар-Арнасой кўллар тизимида қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракатлар дастурини тасдиқласин.
16. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мазмуни ва аҳамиятини кенг ёритиш, аҳолига етказиш, шунингдек, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Айдар-Арнасой кўллар тизимининг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича тайёрланган реклама материалларини телерадиоканалларда бепул ёритиб бориш тавсия этилсин.
17. Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси, Дирекция билан биргаликда бир ой муддатда Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудининг кадастр йиғмажилдини тайёрласин ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин, шунингдек, ҳудуднинг жойлашишини ифодаловчи батафсил электрон харитасини ишлаб чиқсин.
18. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. Мусаевга — мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг Дирекция томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш ҳамда балиқ маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси назорати учун;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқовга — Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш ва туристик зоналарни ташкил этишга маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш учун;
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б. Қўчқоровга — Айдар-Арнасой кўллар тизимида давлат экологик назоратини таъминлаш учун;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Садиковга — Айдар-Арнасой кўллар тизимида симсиз алоқа ва интернет алоқасини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклансин.
19. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
20. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 22 апрель,
347-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Aydar-Arnasoy koʻllar tizimining biologik resurslaridan foydalanish samaradorligini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Aydar-Arnasoy koʻllar tizimini rivojlantirish orqali aholining baliq va baliq mahsulotlariga boʻlgan ehtiyojini qondirish, hududda hayvonot va oʻsimlik dunyosi muhofazasini kuchaytirish, turizm salohiyatidan unumli foydalanish hamda sohaga oid qonun hujjatlarining toʻliq va soʻzsiz ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar Aydar-Arnasoy koʻllar tizimining biologik resurslaridan foydalanishning ustuvor yoʻnalishlari etib belgilansin:
hududda jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan biologik resurslardan foydalanish, shu jumladan, tabiatni muhofaza qilishga oid qonunchilik hujjatlari talablariga soʻzsiz va qatʼiy rioya qilinishini taʼminlash;
koʻllar tizimining biologik xilma-xilligini saqlash hamda mavjud tabiiy ozuqa zaxiralarini hisobga olgan holda suv havzalarida yetishtirilishi mumkin boʻlgan yangi baliq turlarini baliqchilik sanoatiga kiritish;
hududga investitsiyalar, shu jumladan, toʻgʻridan toʻgʻri xorijiy investitsiyalarni keng jalb qilish hamda baliqchilik klasterlarini tashkil etish orqali baliq yetishtirish, qayta ishlash, qadoqlash, saqlash va eksport qilishni jadal rivojlantirish;
baliqchilik tarmogʻi rivojlangan mamlakatlarning ilgʻor tajribasini amaliyotga tatbiq etish orqali koʻllar tizimini mamlakatimizdagi baliq chavoqlarini yetishtiruvchi asosiy hududlardan biriga aylantirish;
hududda turizmni rivojlantirish imkoniyatlarini hisobga olgan holda havaskor va sport baliq ovi turizmini yoʻlga qoʻyish va kengaytirish, turizm infratuzilmasini yanada rivojlantirish, sayyohlarga koʻrsatiladigan xizmatlar hajmini oshirish.
2. Aydar-Arnasoy koʻllar tizimi, shu jumladan, uning hududida joylashgan orolchalar va quruqliklarni boshqarish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi huzurida “Aydar-Arnasoy koʻllar tizimi direksiyasi” davlat unitar korxonasi (keyingi oʻrinlarda Direksiya deb ataladi) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
3. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:
2019-yil 1-iyuldan boshlab Aydar-Arnasoy koʻllar tizimining boʻsh suv havzalari konturlarini tanlov asosida ijaraga berish “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali amalga oshiriladi;
“Aydar-Arnasoy koʻllar tizimi” MChJ mahalliy hokimliklar, manfaatdor vazirliklar va idoralar hamda baliq ovlash faoliyati bilan shugʻullanuvchi xoʻjaliklar bilan birgalikda har oyning birinchi shanba kuni Aydar-Arnasoy koʻllar tizimi hududida obodonlashtirish, koʻkalamzorlashtirish va koʻllar tubini chiqindilardan tozalash ishlarini amalga oshiradi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi:
a) bir oy muddatda belgilangan umumiy shtat birliklari doirasida Navoiy va Jizzax viloyatlari hududiy boshqarmalarining Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish sohasidagi nazorat boʻyicha inspeksiyalari shtat birliklarini oshirish hisobiga Aydar-Arnasoy koʻllar tizimining akvatoriyasida kunu tun faoliyat yuritadigan davlat ekologik nazoratini amalga oshiruvchi punktlarni (keyingi oʻrinlarda Nazorat punktlari deb ataladi) tashkil etsin;
b) 2019-2020-yillarda bosqichma-bosqich Nazorat punktlarini Aydar-Arnasoy koʻllar tizimi akvatoriyasining oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqqan holda tegishli yoʻltanlamas maxsus avtomashinalar, katerlar, yuqori aniqlikdagi erni masofadan zondlash vositalari va dasturlari, GPS navigatorlar, videokuzatuv vositalari bilan jihozlangan uchuvchisiz uchadigan apparatlar, videokuzatuv tizimi, elektr generatorlar, aloqa vositalari, zarur inventar va boshqa moddiy-texnika vositalari bilan taʼminlash choralarini koʻrsin;
v) “Oʻzbekbaliqsanoat” uyushmasi, Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi, Baliqchilik ilmiy-tadqiqot instituti va Direksiya bilan birgalikda ilmiy asoslangan holda ikki oy muddatda:
Aydar-Arnasoy koʻllar tizimida baliq urchitish konturlarini aniqlab, ularda baliq ovlashni taqiqlasin;
Aydar-Arnasoy koʻllar tizimida mavjud baliq resurslari hajmini aniqlasin va ularni koʻpaytirish choralarini koʻrsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligining “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJga tegishli Aydar-Arnasoy koʻllar tizimi atrofidagi vagon uylarni Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasining ehtiyojiga muvofiq Nazorat punktlarini tashkil etish uchun qoʻmitaning Jizzax va Navoiy viloyatlari hududiy boshqarmalariga operativ boshqaruv huquqi asosida tekin berish haqidagi taklifi maʼqullansin.
6. Jizzax va Navoiy viloyatlari hokimliklari:
ikki oy muddatda Aydar-Arnasoy koʻllar tizimi hamda uning atrofidagi yer uchastkalarini, mavjud bino va inshootlarni, shu jumladan noqonuniy qurilmalarni aniqlash yuzasidan toʻliq xatlovdan oʻtkazsin va belgilangan tartibda ulardan samarali foydalanish choralarini koʻrsin;
uch oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi, Suv xoʻjaligi vazirligi, Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi hamda Direksiya bilan hamkorlikda Aydar-Arnasoy koʻllar tizimi hududi va uning atrofida turizmni rivojlantirish uchun ajratiladigan hududlarni tasdiqlasin va ular haqidagi maʼlumotlarni Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasining rasmiy veb-sahifasida joylashtirish choralarini koʻrsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi:
Aydar-Arnasoy koʻllar tizimining turistik salohiyatini Turizm sohasini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobiga targʻib qilish boʻyicha reklama mahsulotlari (buklet, broshyura, video) tayyorlanishini, turistik tashkilotlar va ommaviy axborot vositalari vakillari uchun infoturlar tashkil etilishini taʼminlasin;
Tashqi ishlar vazirligi bilan birgalikda Aydar-Arnasoy koʻllar tizimining turistik salohiyatini koʻrsatuvchi targʻibot materiallarining xorijiy mamlakatlarda oʻtkaziladigan turistik va boshqa tadbirlarda taqdimotlarini oʻtkazsin.
8. “Oʻzbekbaliqsanoat” uyushmasi Davlat soliq qoʻmitasi bilan birgalikda uch oy muddatda Aydar-Arnasoy koʻllar tizimida baliq va baliq mahsulotlarini yetishtirish, ixtisoslashtirilgan baliqchilik klasterlarini tashkil etish, turizmni rivojlantirish boʻyicha investitsiya loyiha takliflarini ishlab chiqsin.
Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi ushbu loyihalarga mahalliy va xorijiy investorlarni jalb qilish choralarini koʻrsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi tuzilmasida Aydar-Arnasoy koʻllar tizimini rivojlantirishda qonunchilik ijrosi ustidan nazorat boshqarmasi (keyingi oʻrinlarda Bosh prokuratura boshqarmasi deb ataladi) va Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti tuzilmasida Aydar-Arnasoy koʻllar tizimi resurslaridan foydalanish sohasida iqtisodiy huquqbuzarliklarga qarshi kurashish boʻlimi (keyingi oʻrinlarda Departament boʻlimi deb ataladi) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasining:
Bosh prokuratura boshqarmasi va Departament boʻlimini moddiy-texnik taʼminlash, shu jumladan, ular joylashtiriladigan Jizzax viloyati, Arnasoy tumani, Gʻoliblar qoʻrgʻoni, Xalqlar doʻstligi koʻchasi manzilida joylashgan Arnasoy tuman prokuraturasining maʼmuriy binosini taʼmirlash, faoliyatiga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy qilish;
Aydar-Arnasoy koʻllar tizimida nazoratning samarali boshqaruvini amalga oshirish imkonini beruvchi Bosh prokuratura boshqarmasining situatsion-tahlil punktlarini (keyingi oʻrinlarda Situatsion-tahlil punkti deb ataladi) tashkil etish;
Situatsion-tahlil punktlarini uchuvchisiz uchadigan apparatlar, tunda koʻrish uchun moʻljallangan kameralar, yoʻltanlamas maxsus avtomashinalar, koʻchma konteyner-ofislar, elektr generatorlar, kompyuter texnikasi, erni yuqori aniqlikdagi masofadan zondlash vositalari va dasturiy taʼminot mahsulotlari, aloqa vositalari hamda boshqa texnika bilan taʼminlash;
Bosh prokuratura boshqarmasi, Departament boʻlimi va Situatsion-tahlil punktlarining faoliyatini taʼminlash uchun zarur boʻlgan texnik va xizmat koʻrsatuvchi xodimlarni ajratish haqidagi takliflari maʼqullansin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasiga Aydar-Arnasoy koʻllar tizimida ekologik nazoratni samarali tashkil etish uchun videokuzatuv vositalari bilan jihozlangan uchuvchisiz uchadigan apparatlar, radioaloqa vositalarini xarid qilish, olib kirish, ulardan foydalanishga, xodimlariga oʻz xizmat vazifalarini bajarishlari uchun maxsus avtotransport vositalari, shu jumladan, mansubligini anglatuvchi maxsus chiroqli signallarga hamda maxsus texnik jihoz (ratsiya, sirena, tovush chiqarish moslamalari, yoritgichlar va boshqalar)lar oʻrnatishga ruxsat berilsin.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Bosh prokuraturaning murojaatiga asosan belgilangan tartibda Aydar-Arnasoy koʻllar tizimi hududini, Bosh prokuratura boshqarmasini, Departament boʻlimini, Nazorat hamda Situatsion-tahlil punktlarini simsiz internet va mobil aloqa bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.
13. Belgilansinki:
a) 2021-yil 1-yanvarga qadar Aydar-Arnasoy koʻllar tizimida biologik resurslardan foydalanish ustidan nazoratni tashkil etish uchun belgilangan tartibda shakllantiriladigan roʻyxatlar boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi hamda Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi tomonidan olib kiriladigan, Oʻzbekistonda ishlab chiqarilmaydigan tovarlar, uskunalar, motorli qayiqlar va katerlar, yoʻltanlamas maxsus avtomashinalar, mashina va mexanizmlar, erni yuqori aniqlikdagi masofadan zondlash vositalari va dasturlari, GPS navigatorlar, videokuzatuv vositalari bilan jihozlangan uchuvchisiz uchadigan apparatlar, videokuzatuv tizimi, elektr generatorlar, aloqa vositalari, butlovchi va ehtiyot qismlar, dasturiy taʼminot mahsulotlari, materiallar va texnologik jihozlar bojxona toʻlovlaridan (bojxona rasmiylashtiruvi yigʻimlaridan tashqari) ozod qilinadi;
b) quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi tomonidan ushbu qarorga muvofiq amalga oshiriladigan tadbirlar qoʻmita tizimiga ajratilgan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari doirasida hamda Ekologiya, atrof muhitni muhofaza qilish va chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobiga;
Bosh prokuratura tomonidan ushbu qarorga muvofiq amalga oshiriladigan tadbirlar, shu jumladan, maʼmuriy binolarni taʼmirlash, videokuzatuv vositalari bilan jihozlangan uchuvchisiz uchadigan apparatlar, tunda koʻrish uchun moʻljallangan kameralar, yoʻltanlamas maxsus avtomashinalar, motorli qayiqlar va katerlar, koʻchma konteyner-ofislar, elektr generatorlar, kompyuter texnikasi, dasturiy taʼminot mahsulotlari, aloqa vositalari va boshqa texnikalarni xarid qilish hamda tegishli xizmatlarni amalga oshirish Majburiy ijro byurosini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobiga moliyalashtiriladi;
Bosh prokuratura tomonidan xarid qilinadigan motorli qayiqlar, katerlar va 2 ta yoʻltanlamas maxsus avtomashinalar operativ boshqaruv huquqi bilan Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasiga oʻtkaziladi hamda keyinchalik tekin foydalanish huquqi bilan belgilangan tartibda Nazorat punktlariga beriladi.
14. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi Jizzax va Navoiy viloyatlari hokimliklari bilan birgalikda bir oy muddatda Aydar-Arnasoy koʻllar tizimi hududiga qadar olib boruvchi mahalliy ahamiyatga molik avtomobil yoʻllarini rekonstruksiya qilish va taʼmirlash boʻyicha takliflarni ishlab chiqsin hamda avtomobil yoʻllarini bosqichma-bosqich 2019 — 2021-yillarda rekonstruksiya qilinishi hamda taʼmirlanishini taʼminlasin.
15. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Bosh prokuratura, Milliy gvardiya va boshqa manfaatdor idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda Aydar-Arnasoy koʻllar tizimida qonun buzilishi holatlarini aniqlash va ularning oldini olishga qaratilgan oʻzaro hamkorlikdagi harakatlar dasturini tasdiqlasin.
16. Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasiga, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligiga ommaviy axborot vositalarida mazkur qarorning mazmuni va ahamiyatini keng yoritish, aholiga yetkazish, shuningdek, Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi tomonidan Aydar-Arnasoy koʻllar tizimining turizm salohiyatini targʻib qilish boʻyicha tayyorlangan reklama materiallarini teleradiokanallarda bepul yoritib borish tavsiya etilsin.
17. Jizzax va Navoiy viloyatlari hokimliklari, Oʻzbekiston Respublikasi Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi, “Oʻzbekbaliqsanoat” uyushmasi, Direksiya bilan birgalikda bir oy muddatda Aydar-Arnasoy koʻllar tizimi hududining kadastr yigʻmajildini tayyorlasin va belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazsin, shuningdek, hududning joylashishini ifodalovchi batafsil elektron xaritasini ishlab chiqsin.
18. Quyidagilarga:
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi raisi B. Musayevga — mazkur qarorda belgilangan chora-tadbirlarning Direksiya tomonidan oʻz vaqtida va sifatli bajarilishini taʼminlash hamda baliq mahsulotlarining ulgurji va chakana savdosi nazorati uchun;
Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S. Umurzoqovga — Aydar-Arnasoy koʻllar tizimida baliqchilikni rivojlantirish va turistik zonalarni tashkil etishga mahalliy va xorijiy investorlarni jalb qilish uchun;
Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi raisi B. Qoʻchqorovga — Aydar-Arnasoy koʻllar tizimida davlat ekologik nazoratini taʼminlash uchun;
Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vaziri Sh. Sadikovga — Aydar-Arnasoy koʻllar tizimida simsiz aloqa va internet aloqasini taʼminlash uchun shaxsiy javobgarlik yuklansin.
19. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
20. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 22-aprel,
347-son