UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 25-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 25 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 апреля 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 April 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

«Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга тайёргарлик чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 26 февралдаги ПҚ-4214-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида» 1997 йил 11 мартдаги 132-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 апрелдаги 354-сон қарорига ИЛОВА

«Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини (кейинги ўринларда фестиваль деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Фестиваль қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:

фестивалнинг бетакрор руҳи ва қиёфасини, ўзига хослигини акс эттириш, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, дунё тинчлиги, халқлар ўртасида дўстлик ва аҳилликни кенг тарғиб этиш, мамлакатимиз мусиқа санъатининг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, бой тарихий ва бетакрор маданиятимизни кенг тарғиб этиш;

Шарқ халқлари мусиқа санъатини ривожлантириш ва унинг аҳамиятини янада ошириш, ўзбек ҳамда бошқа халқларнинг мусиқа санъати анъаналарини қамраб олиш, улар билан яқиндан илмий ва ижодий мулоқот ва ҳамкорлик қилиш;

ёш авлодни Шарқ халқлари мусиқа санъатига, айниқса, ўзбек миллий мусиқасига бўлган қизиқишларини қаноатлантириш;

Шарқ мамлакатлари мусиқа санъатининг анъаналарини асраш, маданий мулоқотни янада ривожлантириш, Шарқ халқларининг анъанавий мусиқа санъати соҳасидаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, давра суҳбатлари, тақдимот ва маҳорат дарсларини ташкил этиш.

3. Фестиваль ҳар икки йилда бир марта август ойининг учинчи ўн кунлигида Самарқанд шаҳрида ўтказилади.

Фестивални ўтказишнинг аниқ санаси ва муддати «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб аталади) томонидан белгиланади.

4. Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (кейинги ўринларда ташкилотчи деб аталади) томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

2-боб. Фестивални ўтказиш тартиби ва шартлари

5. Фестиваль доирасида қуйидаги тадбирлар ўтказилади:

очиқ концертлар, ижодий учрашувлар, илмий ва матбуот конференциялар шаклидаги махсус дастурлар, давра суҳбатлари, тақдимот ва маҳорат дарслари, илмий-амалий конференция (кейинги ўринларда конференция деб аталади);

«Энг яхши миллий қўшиқ ижроси учун» халқаро танлови (кейинги ўринларда танлов деб аталади);

Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ танлов хорижий иштирокчиларининг Самарқанд шаҳри ҳамда Самарқанд вилояти туманларидаги маданият масканларида концерт дастурлари намойиши.

Фестиваль танлов ғолиблари ва совриндорлари иштирокида Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида тантанали тақдирлаш маросими ва гала-концерт билан якунланади.

6. Фестивалга Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган Халқаро ҳайъат аъзолари, фахрий меҳмонлар, шунингдек, иштирокчи сифатида ҳар бир мамлакатдан 12 нафаргача аъзоси бўлган ижодий делегация таклиф этилади ва уларнинг меҳмонхонада яшаши, овқатланиши, Ўзбекистонга келиб-кетиши (учинчи давлат орқали учишлари ҳам), ички транспорт харажатлари ташкилотчи томонидан қопланади.

7. Танловда чиқиш учун таркиби 12 нафар мусиқачидан кўп бўлмаган чолғу ансамбли жонли тарзда жўр бўлишига рухсат этилади.

Фестивалда ўз ҳисобидан иштирок этиш истагини билдирган (ижодий делегациянинг 12 нафаргача аъзоларидан ташқари) санъаткорлар, хорижий давлатлардан таниқли олимлар, мутахассислар ва фахрий меҳмонлар ташкилотчининг таклифи асосида қатнашиши мумкин.

8. Танловда иштирок этувчиларга қўйиладиган талаблар:

концертларда чиқиш тажрибасига эгалиги;

ўз давлатида ёки бошқа давлатлардаги танлов ва фестивалларда қатнашганлиги;

тегишли маданият ва санъат соҳасидаги юқори ташкилотлар ёки фестиваль дирекцияларининг тавсияномасига эга бўлиши;

ёши 18 ёшдан юқори бўлиши.

9. Танловда иштирок этишни истаган санъаткорлар ва жамоалар фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 июнига қадар ташкилотчининг info@sharqtaronalari.uz электрон манзилига қуйидагиларни тақдим этишлари лозим:

иштирок этиш учун маълумотнома (резюме);

СD ёки DVD дискда ижод намунасидан 30 дақиқалик қўшиқлар тақдимоти;

қўшиқ матни ва асар ноталари;

6 х 9 см ўлчамдаги рангли фото суратлар.

Тақдим этиладиган барча ҳужжатлар давлат, инглиз ва рус тилларида тайёрланиши зарур.

10. Фестиваль доирасида ўтказиладиган конференцияда иштирок этувчилар қуйидагиларни тақдим этишлари лозим:

иштирокчи маърузасининг 4-5 бетдан иборат тўла матнининг 300 сўздан кам бўлмаган тезислари;

иштирок этиш учун маълумотнома (резюме);

маъруза тақдимоти (презентация);

маърузанинг давлат, инглиз ва рус тилларига таржима қилинган матни;

3 дона 6 х 9 см ўлчамдаги рангли фото суратлар.

Конференцияда иштирок этишни истаган олим ва мутахассислар томонидан ушбу ҳужжатлар фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 июнига қадар ташкилотчига тақдим этилиши зарур.

11. Танлов ва конференцияда иштирок этувчиларнинг рўйхати Ташкилий қўмита томонидан аниқланиб, фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 июлига қадар иштирокчиларга маълум қилинади.

12. Давлат, инглиз ва рус тиллари фестивалнинг ишчи тиллари этиб белгиланади.

13. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар ташкилотчи томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:

70 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг харажатлар сметасида маданий тадбирлари ўтказиш учун ҳар йили назарда тутилган бюджет маблағлари доирасида;

30 фоизи — Самарқанд вилояти маҳаллий бюджети маблағлари, ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

3-боб. Халқаро ҳайъат фаолиятини ташкил этиш

14. Танлов иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаш учун Ташкилий қўмита томонидан етти кишидан кам бўлмаган таркибда Халқаро ҳайъат тузилади.

Халқаро ҳайъатга юқори малакали хорижий ва маҳаллий мусиқашунос олимлар, таниқли санъаткорлар, композиторлар ва бастакорлар, хорижий давлатлардаги халқаро санъат фестиваллари ташкилотларининг вакиллари таклиф этилади.

Халқаро ҳайъат аъзолари Халқаро ҳайъат раисини сайлайди.

Халқаро ҳайъат раисига — 2000 АҚШ доллари, ҳайъат аъзоларининг ҳар бирига — 1000 АҚШ доллари миқдорида гонорар пули тўланади.

15. Баҳолаш жараёнида қўшиқларнинг миллийлиги, шеърларнинг оҳанг билан мутаносиблиги ва мазмундорлиги, қатнашчининг ижро савияси, кийиниш маданияти ва саҳна ҳаракати танловнинг асосий мезонлари ҳисобланади.

16. Халқаро ҳайъат томонидан танлов иштирокчиларининг чиқишлари иккита йўналиш бўйича баҳоланади:

профессионал (классик) даражадаги халқ мусиқаси ва қўшиқ йўналиши;

замонавий композиторлар томонидан яратилган мусиқа ва қўшиқ йўналиши.

4-боб. Мукофотлаш тартиби

17. Танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:

«Гран-при» — 10 000 АҚШ доллари;

I ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 2 х 5 000 — 10 000 АҚШ доллари;

II ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича ) 2 х 3 500 — 7 000 АҚШ доллари;

III ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича) 3 х 2 000 — 6 000 АҚШ доллари;

Халқаро ҳайъат қарорига мувофиқ муносиб номзод топилмаганда «Гран-при» берилмайди.

Халқаро ҳайъат қарорига мувофиқ фақатгина «Гран-при» мукофоти бўлинмайди, I, II ва III ўринлар пул мукофотлари бўлиниши мумкин.

Танловда қатнашган ва совриндор бўлмаган иштирокчиларга «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали» дипломанти дипломи берилади.

Танлов совриндорлари «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг тантанали ёпилиш маросими концерт дастурида қатнашишлари лозим.

Танловда совриндор (лауреат) бўлган иштирокчилар кейинги йилларда ўтказиладиган ушбу танловда иштирок этолмайди, фахрий меҳмон сифатида фестивалга таклиф этилиши мумкин. Танловда қатнашиб, ўрин эгалламаган иштирокчи кейинги танловда қатнашиш ҳуқуқига эга.

18. Ташкилотчи, ижодий уюшмалар, жамғармалар ва бошқа ташкилотларнинг мустақил ҳайъат аъзолари ва мухлислар эътирофига сазовор бўлган иштирокчилар «Энг ёш иштирокчи», «Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи», «Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси» каби номинациялар ва бошқа номинациялар бўйича махсус диплом ҳамда 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.

Фестивалнинг ҳар бир қатнашчисига «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали» фаол иштирокчиси сертификати берилади.

5-боб. Ташкилотчининг ҳуқуқлари

19. Ташкилотчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фестиваль қатнашчиларининг ижроларини эфирга узатиш ҳамда бошқа ташкилотларга трансляция қилиши учун рухсатнома бериш;

фестивални ўтказиш ва унинг якуни давомида тайёрланган барча турдаги аудио, видео, босма ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш;

фестивалда иштирок этишни истаган жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ташкилий қўмитага юбориладиган материаллардан реклама мақсадида фойдаланиш;

фестивалга жаҳондаги етакчи соҳа мутахассислари ва санъат намояндаларини жалб этиш.

6-боб. Танлов иштирокчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

20. Танлов иштирокчиси танлов ҳақида барча маълумотларга эга бўлишга, Халқаро ҳайъат қарорига асосан ғолиб деб топилганда ғолиблик учун белгиланган мукофотларни тўлиқ олишга ҳақли.

21. Танловнинг «Гран-при» ёки I, II, III ўрин соҳиби кейинги йилларда бўлиб ўтадиган мазкур фестивалга меҳмон сифатида иштирок этиши мумкин.

22. Танлов иштирокчиси ўзи ҳақида билдирган маълумотларнинг тўғри ва ҳаққонийлиги учун жавобгардир.

23. Танлов иштирокчиси фестиваль низоми билан танишиб чиқиш ва ундаги талабларга тўлиқ риоя этиш учун шахсан масъулдир.

6-боб. Якунловчи қоидалар

24. Танловда Халқаро ҳайъатнинг қарори қатъий ҳисобланади ва қайта кўриб чиқилмайди.

25. Фестивалнинг ҳар бир қатнашчиси ўз тиббий суғуртасига эга бўлиши лозим.

26. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ Халқаро ҳайъат аъзоларига бериладиган гонорар ва танлов ғолибларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди, шунингдек, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича солиққа солиш объекти ҳисобланмайди.

27. Давлат молиявий назорати инспекцияси фестивални ташкил этиш ва ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши ва тўғри тўланишини назорат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 25 апрель,

354-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.04.2019 й., 09/19/354/3023-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.08.2022 й., 09/22/431/0716-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

“Sharq taronalari” xalqaro musiqa festivalini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sharq taronalari” xalqaro musiqa festivalini oʻtkazishga tayyorgarlik chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 26-fevraldagi PQ-4214-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. “Sharq taronalari” xalqaro musiqa festivalini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Vazirlar Mahkamasining “Sharq taronalari” xalqaro musiqa festivalini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida” 1997-yil 11-martdagi 132-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri B.S. Sayfullayev zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Yoshlar siyosati, madaniyat, maʼnaviyat, ommaviy axborot vositalari, ijodiy va jamoat tashkilotlari masalalari kotibiyatiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 25-apreldagi 354-son qaroriga ILOVA

“Sharq taronalari” xalqaro musiqa festivalini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom “Sharq taronalari” xalqaro musiqa festivalini (keyingi oʻrinlarda festival deb ataladi) oʻtkazish tartibini belgilaydi.

2. Festival quyidagilarni nazarda tutgan holda oʻtkaziladi:

festivalning betakror ruhi va qiyofasini, oʻziga xosligini aks ettirish, xalqlar oʻrtasida doʻstlik rishtalarini mustahkamlash, dunyo tinchligi, xalqlar oʻrtasida doʻstlik va ahillikni keng targʻib etish, mamlakatimiz musiqa sanʼatining jahon hamjamiyatidagi nufuzini yanada oshirish, boy tarixiy va betakror madaniyatimizni keng targʻib etish;

Sharq xalqlari musiqa sanʼatini rivojlantirish va uning ahamiyatini yanada oshirish, oʻzbek hamda boshqa xalqlarning musiqa sanʼati anʼanalarini qamrab olish, ular bilan yaqindan ilmiy va ijodiy muloqot va hamkorlik qilish;

yosh avlodni Sharq xalqlari musiqa sanʼatiga, ayniqsa, oʻzbek milliy musiqasiga boʻlgan qiziqishlarini qanoatlantirish;

Sharq mamlakatlari musiqa sanʼatining anʼanalarini asrash, madaniy muloqotni yanada rivojlantirish, Sharq xalqlarining anʼanaviy musiqa sanʼati sohasidagi ilmiy oʻrganish va izlanishlarni hamkorlikda amalga oshirish, oʻzaro tajriba almashish, davra suhbatlari, taqdimot va mahorat darslarini tashkil etish.

3. Festival har ikki yilda bir marta avgust oyining uchinchi oʻn kunligida Samarqand shahrida oʻtkaziladi.

Festivalni oʻtkazishning aniq sanasi va muddati “Sharq taronalari” xalqaro musiqa festivaliga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish boʻyicha Tashkiliy qoʻmita (keyingi oʻrinlarda Tashkiliy qoʻmita deb ataladi) tomonidan belgilanadi.

4. Festival Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi (keyingi oʻrinlarda tashkilotchi deb ataladi) tomonidan tashkil etiladi va oʻtkaziladi.

2-bob. Festivalni oʻtkazish tartibi va shartlari

5. Festival doirasida quyidagi tadbirlar oʻtkaziladi:

ochiq konsertlar, ijodiy uchrashuvlar, ilmiy va matbuot konferensiyalar shaklidagi maxsus dasturlar, davra suhbatlari, taqdimot va mahorat darslari, ilmiy-amaliy konferensiya (keyingi oʻrinlarda konferensiya deb ataladi);

“Eng yaxshi milliy qoʻshiq ijrosi uchun” xalqaro tanlovi (keyingi oʻrinlarda tanlov deb ataladi);

Tashkiliy qoʻmita tomonidan tasdiqlangan jadvalga muvofiq tanlov xorijiy ishtirokchilarining Samarqand shahri hamda Samarqand viloyati tumanlaridagi madaniyat maskanlarida konsert dasturlari namoyishi.

Festival tanlov gʻoliblari va sovrindorlari ishtirokida Samarqand shahridagi Registon maydonida tantanali taqdirlash marosimi va gala-konsert bilan yakunlanadi.

6. Festivalga Tashkiliy qoʻmita tomonidan tasdiqlangan Xalqaro hayʼat aʼzolari, faxriy mehmonlar, shuningdek, ishtirokchi sifatida har bir mamlakatdan 12 nafargacha aʼzosi boʻlgan ijodiy delegatsiya taklif etiladi va ularning mehmonxonada yashashi, ovqatlanishi, Oʻzbekistonga kelib-ketishi (uchinchi davlat orqali uchishlari ham), ichki transport xarajatlari tashkilotchi tomonidan qoplanadi.

7. Tanlovda chiqish uchun tarkibi 12 nafar musiqachidan koʻp boʻlmagan cholgʻu ansambli jonli tarzda joʻr boʻlishiga ruxsat etiladi.

Festivalda oʻz hisobidan ishtirok etish istagini bildirgan (ijodiy delegatsiyaning 12 nafargacha aʼzolaridan tashqari) sanʼatkorlar, xorijiy davlatlardan taniqli olimlar, mutaxassislar va faxriy mehmonlar tashkilotchining taklifi asosida qatnashishi mumkin.

8. Tanlovda ishtirok etuvchilarga qoʻyiladigan talablar:

konsertlarda chiqish tajribasiga egaligi;

oʻz davlatida yoki boshqa davlatlardagi tanlov va festivallarda qatnashganligi;

tegishli madaniyat va sanʼat sohasidagi yuqori tashkilotlar yoki festival direksiyalarining tavsiyanomasiga ega boʻlishi;

yoshi 18 yoshdan yuqori boʻlishi.

9. Tanlovda ishtirok etishni istagan sanʼatkorlar va jamoalar festival oʻtkaziladigan yilning 1-iyuniga qadar tashkilotchining info@sharqtaronalari.uz elektron manziliga quyidagilarni taqdim etishlari lozim:

ishtirok etish uchun maʼlumotnoma (rezyume);

SD yoki DVD diskda ijod namunasidan 30 daqiqalik qoʻshiqlar taqdimoti;

qoʻshiq matni va asar notalari;

6 x 9 sm oʻlchamdagi rangli foto suratlar.

Taqdim etiladigan barcha hujjatlar davlat, ingliz va rus tillarida tayyorlanishi zarur.

10. Festival doirasida oʻtkaziladigan konferensiyada ishtirok etuvchilar quyidagilarni taqdim etishlari lozim:

ishtirokchi maʼruzasining 4-5 betdan iborat toʻla matnining 300 soʻzdan kam boʻlmagan tezislari;

ishtirok etish uchun maʼlumotnoma (rezyume);

maʼruza taqdimoti (prezentatsiya);

maʼruzaning davlat, ingliz va rus tillariga tarjima qilingan matni;

3 dona 6 x 9 sm oʻlchamdagi rangli foto suratlar.

Konferensiyada ishtirok etishni istagan olim va mutaxassislar tomonidan ushbu hujjatlar festival oʻtkaziladigan yilning 1-iyuniga qadar tashkilotchiga taqdim etilishi zarur.

11. Tanlov va konferensiyada ishtirok etuvchilarning roʻyxati Tashkiliy qoʻmita tomonidan aniqlanib, festival oʻtkaziladigan yilning 1-iyuliga qadar ishtirokchilarga maʼlum qilinadi.

12. Davlat, ingliz va rus tillari festivalning ishchi tillari etib belgilanadi.

13. Festivalni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq sarf-xarajatlar tashkilotchi tomonidan ishlab chiqilgan va belgilangan tartibda tasdiqlangan smeta asosida quyidagi tartibda:

70 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligining xarajatlar smetasida madaniy tadbirlari oʻtkazish uchun har yili nazarda tutilgan budjet mablagʻlari doirasida;

30 foizi — Samarqand viloyati mahalliy budjeti mablagʻlari, homiylik xayriyalari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi.

3-bob. Xalqaro hayʼat faoliyatini tashkil etish

14. Tanlov ishtirokchilarining chiqishlarini baholash uchun Tashkiliy qoʻmita tomonidan yetti kishidan kam boʻlmagan tarkibda Xalqaro hayʼat tuziladi.

Xalqaro hayʼatga yuqori malakali xorijiy va mahalliy musiqashunos olimlar, taniqli sanʼatkorlar, kompozitorlar va bastakorlar, xorijiy davlatlardagi xalqaro sanʼat festivallari tashkilotlarining vakillari taklif etiladi.

Xalqaro hayʼat aʼzolari Xalqaro hayʼat raisini saylaydi.

Xalqaro hayʼat raisiga — 2000 AQSH dollari, hayʼat aʼzolarining har biriga — 1000 AQSH dollari miqdorida gonorar puli toʻlanadi.

15. Baholash jarayonida qoʻshiqlarning milliyligi, sheʼrlarning ohang bilan mutanosibligi va mazmundorligi, qatnashchining ijro saviyasi, kiyinish madaniyati va sahna harakati tanlovning asosiy mezonlari hisoblanadi.

16. Xalqaro hayʼat tomonidan tanlov ishtirokchilarining chiqishlari ikkita yoʻnalish boʻyicha baholanadi:

professional (klassik) darajadagi xalq musiqasi va qoʻshiq yoʻnalishi;

zamonaviy kompozitorlar tomonidan yaratilgan musiqa va qoʻshiq yoʻnalishi.

4-bob. Mukofotlash tartibi

17. Tanlov gʻoliblari Tashkiliy qoʻmita tomonidan diplom, statuetka va quyidagi miqdorlarda pul mukofotlari bilan taqdirlanadi:

“Gran-pri” — 10 000 AQSH dollari;

I oʻrin (har bir yoʻnalish boʻyicha) 2 x 5 000 — 10 000 AQSH dollari;

II oʻrin (har bir yoʻnalish boʻyicha ) 2 x 3 500 — 7 000 AQSH dollari;

III oʻrin (har bir yoʻnalish boʻyicha) 3 x 2 000 — 6 000 AQSH dollari;

Xalqaro hayʼat qaroriga muvofiq munosib nomzod topilmaganda “Gran-pri” berilmaydi.

Xalqaro hayʼat qaroriga muvofiq faqatgina “Gran-pri” mukofoti boʻlinmaydi, I, II va III oʻrinlar pul mukofotlari boʻlinishi mumkin.

Tanlovda qatnashgan va sovrindor boʻlmagan ishtirokchilarga “Sharq taronalari” xalqaro musiqa festivali” diplomanti diplomi beriladi.

Tanlov sovrindorlari “Sharq taronalari” xalqaro musiqa festivalining tantanali yopilish marosimi konsert dasturida qatnashishlari lozim.

Tanlovda sovrindor (laureat) boʻlgan ishtirokchilar keyingi yillarda oʻtkaziladigan ushbu tanlovda ishtirok etolmaydi, faxriy mehmon sifatida festivalga taklif etilishi mumkin. Tanlovda qatnashib, oʻrin egallamagan ishtirokchi keyingi tanlovda qatnashish huquqiga ega.

18. Tashkilotchi, ijodiy uyushmalar, jamgʻarmalar va boshqa tashkilotlarning mustaqil hayʼat aʼzolari va muxlislar eʼtirofiga sazovor boʻlgan ishtirokchilar “Eng yosh ishtirokchi”, “Muxlislar eʼtirofiga sazovor boʻlgan eng yaxshi ishtirokchi”, “Eng yaxshi cholgʻu musiqasi ijrochisi” kabi nominatsiyalar va boshqa nominatsiyalar boʻyicha maxsus diplom hamda 500 AQSH dollari miqdorida pul mukofoti bilan taqdirlanadilar.

Festivalning har bir qatnashchisiga “Sharq taronalari” xalqaro musiqa festivali” faol ishtirokchisi sertifikati beriladi.

5-bob. Tashkilotchining huquqlari

19. Tashkilotchi quyidagi huquqlarga ega:

festival qatnashchilarining ijrolarini efirga uzatish hamda boshqa tashkilotlarga translyatsiya qilishi uchun ruxsatnoma berish;

festivalni oʻtkazish va uning yakuni davomida tayyorlangan barcha turdagi audio, video, bosma va boshqa turdagi mahsulotlarni ishlab chiqarish va tarqatish;

festivalda ishtirok etishni istagan jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan Tashkiliy qoʻmitaga yuboriladigan materiallardan reklama maqsadida foydalanish;

festivalga jahondagi yetakchi soha mutaxassislari va sanʼat namoyandalarini jalb etish.

6-bob. Tanlov ishtirokchisining huquq va majburiyatlari

20. Tanlov ishtirokchisi tanlov haqida barcha maʼlumotlarga ega boʻlishga, Xalqaro hayʼat qaroriga asosan gʻolib deb topilganda gʻoliblik uchun belgilangan mukofotlarni toʻliq olishga haqli.

21. Tanlovning “Gran-pri” yoki I, II, III oʻrin sohibi keyingi yillarda boʻlib oʻtadigan mazkur festivalga mehmon sifatida ishtirok etishi mumkin.

22. Tanlov ishtirokchisi oʻzi haqida bildirgan maʼlumotlarning toʻgʻri va haqqoniyligi uchun javobgardir.

23. Tanlov ishtirokchisi festival nizomi bilan tanishib chiqish va undagi talablarga toʻliq rioya etish uchun shaxsan masʼuldir.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

24. Tanlovda Xalqaro hayʼatning qarori qatʼiy hisoblanadi va qayta koʻrib chiqilmaydi.

25. Festivalning har bir qatnashchisi oʻz tibbiy sugʻurtasiga ega boʻlishi lozim.

26. Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksiga muvofiq Xalqaro hayʼat aʼzolariga beriladigan gonorar va tanlov gʻoliblariga beriladigan bir martalik pul mukofotlari jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻiga tortilmaydi, shuningdek, yagona ijtimoiy toʻlov va sugʻurta badallari boʻyicha soliqqa solish obyekti hisoblanmaydi.

27. Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi festivalni tashkil etish va oʻtkazish uchun ajratilgan budjet mablagʻlarining maqsadli ishlatilishi va toʻgʻri toʻlanishini nazorat qiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 25-aprel,

354-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 26.04.2019-y., 09/19/354/3023-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 06.08.2022-y., 09/22/431/0716-son; 03.03.2025-y., 09/25/135/0208-son)

lex.uz