📅 2019-yil 8-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 8-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 8 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 8 мая 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 8 May 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
НАМУНАВИЙ ШАКЛИ
СХЕМАСИ
Оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2018 йил 28 ноябрдаги ПҚ-4038-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар фаолиятини янада ривожлантириш, шу соҳада меҳнат қилаётган, ўзининг бадиий, ижтимоий-сиёсий руҳдаги ижодий асарлари билан халқимиз маънавиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган драматург ва ёзувчилар, маданият ва санъат ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги 385-сон қарорига ИЛОВА
Оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш тартибини белгилайди.
2. Оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақи Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида ташкил этиладиган Драматик ва мусиқий асарларни танлаш ва харид қилиш бўйича ишчи гуруҳнинг (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғига асосан тўланади.
3. Ишчи гуруҳ коллегиал маслаҳат органи ҳисобланади ва унинг фаолияти жамоатчилик асосида ташкил этилади. Ишчи гуруҳ аъзолари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тавсияси билан асосий иш жойидан белгиланган тартибда рағбатлантирилиши мумкин.
4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Театр ва цирк санъатини ривожлантириш бошқармаси Ишчи гуруҳнинг ишчи органи (кейинги ўринларда Ишчи орган деб аталади) ҳисобланади.
2-боб. Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари
5. Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Ишчи орган томонидан тақдим этилган асарларни кўриб чиқиш;
тақдим этилган асарларни муҳокама қилиш ва унинг моҳияти ва мазмуни, бадиий, ғоявий, маънавий, маърифий, тарбиявий аҳамияти ва томошабоплигини баҳолаш;
асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш бўйича хулосаларни тайёрлаш;
тақдим этилган асарларни яратганлиги учун муаллифлик ҳақини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда белгилаш;
асарларнинг давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларида саҳналаштирилиши ва ижро этилиши бўйича тавсиялар бериш;
маданият ва санъат муассасаларининг репертуарини юксак бадиий ғояга эга бўлган мусиқий ва драматик асарлар билан бойитиб боришга кўмаклашиш ва бу борада тегишли таклифлар тайёрлаш;
асарларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тайёрланган хулоса ва тавсияларни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тақдим этиш;
оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақи билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан талаб этиладиган маблағлар бўйича сўровни шакллантириш.
3-боб. Ишчи гуруҳнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
6. Ишчи гуруҳ ўзига юкланган асосий вазифаларни бажариш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
асарлар муаллифларига асарларни қайта кўриб чиқиш ва Ишчи гуруҳга киритиш тўғрисида тавсиялар ва таклифлар бериш;
асарларни кўриб чиқиш жараёнига соҳанинг етакчи мутахассисларини жалб этиш.
Ишчи гуруҳ қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
7. Ишчи гуруҳ мазкур Низомда белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга мажбур.
Ишчи гуруҳ қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
4-боб. Ишчи гуруҳ фаолиятини ташкил этиш
8. Ишчи гуруҳ таркиби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан келишган ҳолда, қоида тариқасида, 15 нафардан (Ишчи гуруҳ раҳбари, ўринбосари, масъул котиби ва комиссия аъзолари) иборат таркибда шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади.
9. Ишчи гуруҳ таркибига етакчи театршунослар, санъатшунослар ва драматурглар, композиторлар, мутасадди раҳбарлар, театр адабий эмакдошлари, режиссёрлар ва актёрлари, шунингдек, маданият ва санъат соҳасидаги таълим ва фан муассасаларининг ходимлари киритилади.
10. Ишчи орган:
оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақи тўлаш мақсадида тақдим этилган асарларни қабул қилади, уларнинг рўйхатини шакллантиради ҳамда асарларни кўриб чиқиш ва қийматини баҳолаш учун Ишчи гуруҳга тақдим этади;
Ишчи гуруҳда иш юритилишини ташкил этади, ҳужжатларни сақлаш ва улардан фойдаланишни белгиланган тартибда таъминлайди.
11. Ишчи гуруҳ мажлислари заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.
12. Ишчи гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги ПҚ-3201-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик, адабий асарлар яратиш бўйича буюртмаларни бажаргани, ҳайкалтарошлик асарлари, тасвирий санъат асарлари яратгани, бадиий лойиҳалаштириш ва конструкциялаш ишлари учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари, шунингдек, ушбу пул Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланганда унинг энг юқори ставкаларига мос равишда асарларнинг баҳосини белгилайди.
Ишчи гуруҳга маълум бир асарга хулоса бериш эҳтиёжи туғилганда, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан соҳа мутахассислари қўшимча жалб этилиши мумкин.
13. Ишчи гуруҳ мажлиси Ишчи гуруҳ раҳбари ва унинг ўринбосарлари раҳбарлигида ўтказилади ҳамда Ишчи гуруҳ қарори аъзоларнинг камида 2/3 қисми иштирок этган тақдирда, очиқ овоз бериши йўли билан мажлисда қатнашаётган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади ва баённома билан расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда, мажлисга раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
Ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзоси умумий қарордан норози бўлган тақдирда, ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга ва бу баённомада қайд этилади. Баённомада ҳар бир асар бўйича овоз бериш натижалари кўрсатилади. Қўшимча таклиф этилган маслаҳатчилар ва экспертлар овоз беришда иштирок этмайдилар.
14. Ишчи гуруҳ мажлисларининг баённомаларида қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:
Ишчи гуруҳ мажлисида иштирок этган аъзолар ва таклиф этилганларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;
тақдим этилган асарларни давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари репертуарига киритишнинг (киритилганлигининг) мақсадга мувофиқлиги;
тақдим этилган асарлар ҳақида қисқа маълумотлар ( асар номи, муаллифи, қисқа визуал таърифи, жанри, имзонинг мавжудлиги ҳамда асарга тақризлар кўрсатилган ҳолда);
тақдим этган муаллифларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, почта манзили ва паспорт маълумотлари.
15. Комиссия баённомасининг қарор қисмида асар муаллифига муаллифлик ҳақини тўлаш тўғрисидаги тавсия ёзилади.
Баённома Комиссия раиси, котиби ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланади.
16. Оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақи тўлаш бўйича барча асарлар мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ намунавий аризага асосан муаллифларининг паспорт нусхаси, СТИР, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақаси, мутахассисларнинг (санъатшунос, театршунос, мусиқашунос) тақризлари ҳамда давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг маълумотномаларини илова қилган ҳолда Ишчи органга тақдим этилади.
Ишчи гуруҳ томонидан зарур ҳолларда муаллифдан қўшимча ҳужжатлар талаб этилиши мумкин.
17. Ишчи гуруҳ томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилган ҳамда муаллифлик ҳақи тўлаш мақсадга мувофиқ деб топилган асарлар бўйича хулосалар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тақдим этилади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ишчи гуруҳ томонидан киритилган оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақи тўлаш бўйича хулосаларга мувофиқ асар муаллифлари билан «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан муаллифлик шартномасини тузиш масаласини кўриб чиқади.
Бунда асар муаллифи Комиссия хулосасида асарни яратганлик учун муаллифлик ҳақи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда тўланишига розилик билдирганда, у билан белгиланган тартибда муаллифлик шартномаси тузилади.
18. Оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақи тўлаш бўйича асар муаллифлари билан шартномалар:
муаллифлик ҳақи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланганда — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги;
муаллифлик ҳақи давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўланганда — тегишли давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари томонидан белгиланган тартибда тузилади.
Бунда Ишчи гуруҳнинг хулосасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ёки тегишли давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан муаллифлик ҳақини тўлаш кўрсатилади.
5-боб. Асарларни кўриб чиқиш тартиби, ҳар бир асарга қўйиладиган талаб ва мезонлар
19. Асарларни кўриб чиқиш тартиби мазкур Низомга 2-иловадаги схемага асосан амалга оширилади.
20. Асарлар қуйидаги талаб ва мезонларга жавоб бериши шарт:
а) драматик асарлар:
асарнинг ғоявий жиҳатдан етуклиги;
асар матнининг бадиийлиги;
драматизмнинг ранг-баранглиги;
образлар тўқнашувининг таъсирчанлиги ва томошабоплиги;
персонажлар характери ва тилининг ўзига хослиги;
асар қаҳрамонининг иккинчи даражадаги образлардан фарқи;
жозиба ҳукмронлиги;
асар яратишда жанрларга қатъий амал қилинганлиги;
б) мусиқий асарлар:
асар ғояси, бадиий моҳияти, шакли, ривожланиш жанр қонуниятлари ва талабларига жавоб бериш керак;
композитор мусиқий асарларнинг миллий хусусиятлари, баён этиш услубига эътибор бериш керак;
саҳна асарлари — опера, балет, мусиқали драма, мусиқа каби жанрлар мавзусининг долзарблиги, замонавийлиги билан жалб этиши лозим. Ватанпарварлик ва қаҳрамонлик ғоялари, ёшларни маънавий тарбиялаш, уларга маънавий озуқа бериш саҳна асарларининг асосий мақсадига айланиши лозим. Ҳажм нуқтаи назардан, опера ва балет камида 2 актни ташкил этиши зарур. Операдаги ария, дуэт, ансамбль, хор шаклан мукаммал, бадиий ғояни очиб беришга йўналтирилган бўлиши керак. Балетда бундай моҳият оркестр имкониятлари, мусиқанинг саҳна ҳаракатлари билан мутоносибликда йўналиши билан характерланади. Мусиқали драма ва комедия 10 — 15 та мусиқий номердан кам бўлмаслиги керак. Улар ария ва дуэтларни, ансамблларни ўзида мужассам этиши шарт. Мусиқий лейтмотивлар асар драматургиясини очиб бериши лозим;
симфония, концерт, оркестр учун яратилган йирик жанрдаги асарлар жанр талабларига мувофиқ глобал ғояларни ўзида мужассам этиши, уни босқичма-босқич очиб бериши, симфония, концерт жанрлари сонат-симфоник туркум шаклини ўзида намоён этиши керак. Концерт жанри мавзусини очиб бериш баробарида ундаги солист партияси ёрқин, лирик ва техник ривожланишни ҳам ўзида мужассам этиши, ижрочилар маҳоратини оширишда ёрдам бериши ҳамда замонавий оркестровка, техника омилларини кўрсатиб бериши лозим;
ўқув-педагогик ва концерт репертуарлари учун мўлжалланган йирик жанрдаги асарлар камер чолғу ва камер вокал асарларни ижро этувчи талабаларнинг ижро маҳоратини оширишга, техник ривожланишига хизмат қилиши, шу билан бирга, асарлар бадиий моҳиятни касб этиши лозим;
камер чолғу асарлар оддий ва мураккаб икки қисмли, уч қисмли, рондо, вариация, аралаш шаклларда баён этилиши, улар ўқувчи ва талабаларнинг бадиий дидини, мелодик тафаккури, ладо — тонал, гармоник, техник хусусиятларини шакллантириш ва амалий кўникмаларини оширишга хизмат қилиши, шунингдек, асарлар (ноктюрн, баллада, прелюдия, мазурка, марш, скерцо, этюд, полька ва бошқалар) 3 бетдан (100 тактдан) кам бўлмаслиги керак;
романс бадиий моҳияти, услубий йўналиши нуқтаи назардан мукаммал, хонандаларнинг ижро имкониятларини ривожлантиришга, йўналтирувчи хусусиятларга эга бўлиши, ижро кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилиши, улар уч қисмли, мураккаб аралаш шаклларда (3 бет — тахминан 100 тактдан кам бўлмаслиги) баён этилган бўлиши керак;
қўшиқ банд — нақорат шаклида, лирик, тантанавор руҳни ўзида мужассам этиши, жўровоз партияси романсга нисбатан оддий, гамофон-гармоник ва аккордли тузилмалар асосида ривожланиши зарур.
6-боб. Молиялаштириш ва ҳисоб-китоб тартиби
21. Оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ушбу мақсадлар учун ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари доирасида ҳамда давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
22. Оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш учун Ишчи гуруҳнинг хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг тегишли буйруғи ҳамда унга асосан муаллиф билан тузилган шартнома асос бўлади.
23. Асарнинг бадиий-ғоявий савиясидан келиб чиққан ҳолда, муаллифлик ҳақининг миқдори белгиланади ҳамда оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда муаллифлик ҳақи тўланади ва улар билан ҳисоб-китоб қилиш бўйича тузилган шартномага асосан тўловлар амалга оширилади.
24. Оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш бўйича тузилган барча шартномалар ва ушбу шартномаларга асосан амалга оширилган харажатлар ҳисоби ва ҳисоботлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида алоҳида юритилиши зарур.
25. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг репертуарларини шакллантириш ва тўлдириш учун бадиий-ғоявий юксак асарларни харид қилиш учун буюртма бериш ҳуқуқига эга.
7-боб. Якунловчи қоидалар
26. Ишчи гуруҳ фаолияти Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан назорат қилинади.
27. Ишчи гуруҳ томонидан асарларни яратганлик учун муаллифлик ҳақи тўлаш бўйича ижобий хулоса берилган муаллифлик асарларининг нусхалари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида сақланади.
28. Муаллифлик ҳақи тўланган асарлар 6 — 12 ой давомида давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларида саҳналаштирилиши ҳамда ижро этилиши шарт.
29. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Муаллифлик ҳақини олиш бўйича аризанинг
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ___________________________да (манзил) яшовчи фуқаро _____________________дан (Ф.И.О.) Ариза Менга ______________________ни кўриб чиқиб, белгиланган тартибда (асар номи) муаллифлик ҳақи тўлаб (асар номи) берилишини сўрайман. Асар нусхаси ва тегишли ҳужжатлар илова қилинади. Маълумот учун телефон рақами:____________ Имзо:___________ Сана:___________
Оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлага тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Асарларни кўриб чиқиш
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 8 май,
385-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
NAMUNAVIY SHAKLI
SXEMASI
Ommaviy ijroga moʻljallangan dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqini toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasida milliy madaniyatni yanada rivojlantirish konsepsiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2018-yil 28-noyabrdagi PQ-4038-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, madaniyat va sanʼat tashkilotlari, ijodiy uyushmalar faoliyatini yanada rivojlantirish, shu sohada mehnat qilayotgan, oʻzining badiiy, ijtimoiy-siyosiy ruhdagi ijodiy asarlari bilan xalqimiz maʼnaviyatini yuksaltirishga munosib hissa qoʻshayotgan dramaturg va yozuvchilar, madaniyat va sanʼat xodimlari mehnatini ragʻbatlantirish boʻyicha qoʻshimcha sharoitlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Ommaviy ijroga moʻljallangan dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqini toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri B.S. Sayfullayev zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Yoshlar siyosati, madaniyat, maʼnaviyat, ommaviy axborot vositalari, ijodiy va jamoat tashkilotlari masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 8-maydagi 385-son qaroriga ILOVA
Ommaviy ijroga moʻljallangan dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqini toʻlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom ommaviy ijroga moʻljallangan dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqini toʻlash tartibini belgilaydi.
2. Ommaviy ijroga moʻljallangan dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqi Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzurida tashkil etiladigan Dramatik va musiqiy asarlarni tanlash va xarid qilish boʻyicha ishchi guruhning (keyingi oʻrinlarda Ishchi guruh deb ataladi) xulosasiga koʻra, Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vazirining buyrugʻiga asosan toʻlanadi.
3. Ishchi guruh kollegial maslahat organi hisoblanadi va uning faoliyati jamoatchilik asosida tashkil etiladi. Ishchi guruh aʼzolari Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tavsiyasi bilan asosiy ish joyidan belgilangan tartibda ragʻbatlantirilishi mumkin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligining Teatr va sirk sanʼatini rivojlantirish boshqarmasi Ishchi guruhning ishchi organi (keyingi oʻrinlarda Ishchi organ deb ataladi) hisoblanadi.
2-bob. Ishchi guruhning asosiy vazifalari
5. Ishchi guruhning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
Ishchi organ tomonidan taqdim etilgan asarlarni koʻrib chiqish;
taqdim etilgan asarlarni muhokama qilish va uning mohiyati va mazmuni, badiiy, gʻoyaviy, maʼnaviy, maʼrifiy, tarbiyaviy ahamiyati va tomoshabopligini baholash;
asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqini toʻlash boʻyicha xulosalarni tayyorlash;
taqdim etilgan asarlarni yaratganligi uchun mualliflik haqini qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorda belgilash;
asarlarning davlat teatrlari va konsert-tomosha muassasalarida sahnalashtirilishi va ijro etilishi boʻyicha tavsiyalar berish;
madaniyat va sanʼat muassasalarining repertuarini yuksak badiiy gʻoyaga ega boʻlgan musiqiy va dramatik asarlar bilan boyitib borishga koʻmaklashish va bu borada tegishli takliflar tayyorlash;
asarlarni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha tayyorlangan xulosa va tavsiyalarni Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligiga taqdim etish;
ommaviy ijroga moʻljallangan dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqi bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan talab etiladigan mablagʻlar boʻyicha soʻrovni shakllantirish.
3-bob. Ishchi guruhning huquq va majburiyatlari
6. Ishchi guruh oʻziga yuklangan asosiy vazifalarni bajarish doirasida quyidagi huquqlarga ega:
asarlar mualliflariga asarlarni qayta koʻrib chiqish va Ishchi guruhga kiritish toʻgʻrisida tavsiyalar va takliflar berish;
asarlarni koʻrib chiqish jarayoniga sohaning yetakchi mutaxassislarini jalb etish.
Ishchi guruh qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
7. Ishchi guruh mazkur Nizomda belgilangan vazifalarning bajarilishini taʼminlashga majbur.
Ishchi guruh qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarni ham olishi mumkin.
4-bob. Ishchi guruh faoliyatini tashkil etish
8. Ishchi guruh tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tomonidan Oʻzbekiston kompozitorlari va bastakorlari uyushmasi bilan kelishgan holda, qoida tariqasida, 15 nafardan (Ishchi guruh rahbari, oʻrinbosari, masʼul kotibi va komissiya aʼzolari) iborat tarkibda shakllantiriladi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tomonidan tasdiqlanadi.
9. Ishchi guruh tarkibiga yetakchi teatrshunoslar, sanʼatshunoslar va dramaturglar, kompozitorlar, mutasaddi rahbarlar, teatr adabiy emakdoshlari, rejissyorlar va aktyorlari, shuningdek, madaniyat va sanʼat sohasidagi taʼlim va fan muassasalarining xodimlari kiritiladi.
10. Ishchi organ:
ommaviy ijroga moʻljallangan dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqi toʻlash maqsadida taqdim etilgan asarlarni qabul qiladi, ularning roʻyxatini shakllantiradi hamda asarlarni koʻrib chiqish va qiymatini baholash uchun Ishchi guruhga taqdim etadi;
Ishchi guruhda ish yuritilishini tashkil etadi, hujjatlarni saqlash va ulardan foydalanishni belgilangan tartibda taʼminlaydi.
11. Ishchi guruh majlislari zaruratga qarab, lekin har chorakda kamida bir marotaba oʻtkaziladi.
12. Ishchi guruh Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 14-avgustdagi PQ-3201-son qarori bilan tasdiqlangan Ommaviy ijro uchun dramatik, musiqali va musiqali-dramatik, adabiy asarlar yaratish boʻyicha buyurtmalarni bajargani, haykaltaroshlik asarlari, tasviriy sanʼat asarlari yaratgani, badiiy loyihalashtirish va konstruksiyalash ishlari uchun mualliflik haqining eng kam stavkalari, shuningdek, ushbu pul Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan toʻlanganda uning eng yuqori stavkalariga mos ravishda asarlarning bahosini belgilaydi.
Ishchi guruhga maʼlum bir asarga xulosa berish ehtiyoji tugʻilganda, Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tomonidan soha mutaxassislari qoʻshimcha jalb etilishi mumkin.
13. Ishchi guruh majlisi Ishchi guruh rahbari va uning oʻrinbosarlari rahbarligida oʻtkaziladi hamda Ishchi guruh qarori aʼzolarning kamida 2/3 qismi ishtirok etgan taqdirda, ochiq ovoz berishi yoʻli bilan majlisda qatnashayotgan aʼzolarning oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi va bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi. Ovozlar teng boʻlgan hollarda, majlisga raislik qiluvchining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.
Ishchi guruhning har bir aʼzosi umumiy qarordan norozi boʻlgan taqdirda, oʻz fikrini bildirish huquqiga ega va bu bayonnomada qayd etiladi. Bayonnomada har bir asar boʻyicha ovoz berish natijalari koʻrsatiladi. Qoʻshimcha taklif etilgan maslahatchilar va ekspertlar ovoz berishda ishtirok etmaydilar.
14. Ishchi guruh majlislarining bayonnomalarida quyidagi maʼlumotlar boʻlishi shart:
Ishchi guruh majlisida ishtirok etgan aʼzolar va taklif etilganlarning familiyasi, ismi, otasining ismi va lavozimi;
taqdim etilgan asarlarni davlat teatrlari va konsert-tomosha muassasalari repertuariga kiritishning (kiritilganligining) maqsadga muvofiqligi;
taqdim etilgan asarlar haqida qisqa maʼlumotlar ( asar nomi, muallifi, qisqa vizual taʼrifi, janri, imzoning mavjudligi hamda asarga taqrizlar koʻrsatilgan holda);
taqdim etgan mualliflarning familiyasi, ismi va otasining ismi, pochta manzili va pasport maʼlumotlari.
15. Komissiya bayonnomasining qaror qismida asar muallifiga mualliflik haqini toʻlash toʻgʻrisidagi tavsiya yoziladi.
Bayonnoma Komissiya raisi, kotibi va majlisda ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan imzolanadi.
16. Ommaviy ijro uchun dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqi toʻlash boʻyicha barcha asarlar mazkur Nizomga 1-ilovaga muvofiq namunaviy arizaga asosan mualliflarining pasport nusxasi, STIR, shaxsiy jamgʻarib boriladigan pensiya hisob varaqasi, mutaxassislarning (sanʼatshunos, teatrshunos, musiqashunos) taqrizlari hamda davlat teatrlari va konsert-tomosha muassasalarining maʼlumotnomalarini ilova qilgan holda Ishchi organga taqdim etiladi.
Ishchi guruh tomonidan zarur hollarda muallifdan qoʻshimcha hujjatlar talab etilishi mumkin.
17. Ishchi guruh tomonidan belgilangan tartibda koʻrib chiqilgan hamda mualliflik haqi toʻlash maqsadga muvofiq deb topilgan asarlar boʻyicha xulosalar Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligiga taqdim etiladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi Ishchi guruh tomonidan kiritilgan ommaviy ijro uchun dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqi toʻlash boʻyicha xulosalarga muvofiq asar mualliflari bilan “Mualliflik huquqi va turdosh huquqlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga asosan mualliflik shartnomasini tuzish masalasini koʻrib chiqadi.
Bunda asar muallifi Komissiya xulosasida asarni yaratganlik uchun mualliflik haqi qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorlarda toʻlanishiga rozilik bildirganda, u bilan belgilangan tartibda mualliflik shartnomasi tuziladi.
18. Ommaviy ijro uchun dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqi toʻlash boʻyicha asar mualliflari bilan shartnomalar:
mualliflik haqi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan toʻlanganda — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi;
mualliflik haqi davlat teatrlari va konsert-tomosha muassasalarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan toʻlanganda — tegishli davlat teatrlari va konsert-tomosha muassasalari tomonidan belgilangan tartibda tuziladi.
Bunda Ishchi guruhning xulosasida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan yoki tegishli davlat teatrlari va konsert-tomosha muassasalarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan mualliflik haqini toʻlash koʻrsatiladi.
5-bob. Asarlarni koʻrib chiqish tartibi, har bir asarga qoʻyiladigan talab va mezonlar
19. Asarlarni koʻrib chiqish tartibi mazkur Nizomga 2-ilovadagi sxemaga asosan amalga oshiriladi.
20. Asarlar quyidagi talab va mezonlarga javob berishi shart:
a) dramatik asarlar:
asarning gʻoyaviy jihatdan yetukligi;
asar matnining badiiyligi;
dramatizmning rang-barangligi;
obrazlar toʻqnashuvining taʼsirchanligi va tomoshabopligi;
personajlar xarakteri va tilining oʻziga xosligi;
asar qahramonining ikkinchi darajadagi obrazlardan farqi;
joziba hukmronligi;
asar yaratishda janrlarga qatʼiy amal qilinganligi;
b) musiqiy asarlar:
asar gʻoyasi, badiiy mohiyati, shakli, rivojlanish janr qonuniyatlari va talablariga javob berish kerak;
kompozitor musiqiy asarlarning milliy xususiyatlari, bayon etish uslubiga eʼtibor berish kerak;
sahna asarlari — opera, balet, musiqali drama, musiqa kabi janrlar mavzusining dolzarbligi, zamonaviyligi bilan jalb etishi lozim. Vatanparvarlik va qahramonlik gʻoyalari, yoshlarni maʼnaviy tarbiyalash, ularga maʼnaviy ozuqa berish sahna asarlarining asosiy maqsadiga aylanishi lozim. Hajm nuqtai nazardan, opera va balet kamida 2 aktni tashkil etishi zarur. Operadagi ariya, duet, ansambl, xor shaklan mukammal, badiiy gʻoyani ochib berishga yoʻnaltirilgan boʻlishi kerak. Baletda bunday mohiyat orkestr imkoniyatlari, musiqaning sahna harakatlari bilan mutonosiblikda yoʻnalishi bilan xarakterlanadi. Musiqali drama va komediya 10 — 15 ta musiqiy nomerdan kam boʻlmasligi kerak. Ular ariya va duetlarni, ansambllarni oʻzida mujassam etishi shart. Musiqiy leytmotivlar asar dramaturgiyasini ochib berishi lozim;
simfoniya, konsert, orkestr uchun yaratilgan yirik janrdagi asarlar janr talablariga muvofiq global gʻoyalarni oʻzida mujassam etishi, uni bosqichma-bosqich ochib berishi, simfoniya, konsert janrlari sonat-simfonik turkum shaklini oʻzida namoyon etishi kerak. Konsert janri mavzusini ochib berish barobarida undagi solist partiyasi yorqin, lirik va texnik rivojlanishni ham oʻzida mujassam etishi, ijrochilar mahoratini oshirishda yordam berishi hamda zamonaviy orkestrovka, texnika omillarini koʻrsatib berishi lozim;
oʻquv-pedagogik va konsert repertuarlari uchun moʻljallangan yirik janrdagi asarlar kamer cholgʻu va kamer vokal asarlarni ijro etuvchi talabalarning ijro mahoratini oshirishga, texnik rivojlanishiga xizmat qilishi, shu bilan birga, asarlar badiiy mohiyatni kasb etishi lozim;
kamer cholgʻu asarlar oddiy va murakkab ikki qismli, uch qismli, rondo, variatsiya, aralash shakllarda bayon etilishi, ular oʻquvchi va talabalarning badiiy didini, melodik tafakkuri, lado — tonal, garmonik, texnik xususiyatlarini shakllantirish va amaliy koʻnikmalarini oshirishga xizmat qilishi, shuningdek, asarlar (noktyurn, ballada, prelyudiya, mazurka, marsh, skerso, etyud, polka va boshqalar) 3 betdan (100 taktdan) kam boʻlmasligi kerak;
romans badiiy mohiyati, uslubiy yoʻnalishi nuqtai nazardan mukammal, xonandalarning ijro imkoniyatlarini rivojlantirishga, yoʻnaltiruvchi xususiyatlarga ega boʻlishi, ijro koʻnikmalarini shakllantirishga xizmat qilishi, ular uch qismli, murakkab aralash shakllarda (3 bet — taxminan 100 taktdan kam boʻlmasligi) bayon etilgan boʻlishi kerak;
qoʻshiq band — naqorat shaklida, lirik, tantanavor ruhni oʻzida mujassam etishi, joʻrovoz partiyasi romansga nisbatan oddiy, gamofon-garmonik va akkordli tuzilmalar asosida rivojlanishi zarur.
6-bob. Moliyalashtirish va hisob-kitob tartibi
21. Ommaviy ijro uchun dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqini toʻlash xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligiga ushbu maqsadlar uchun ajratilgan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari doirasida hamda davlat teatrlari va konsert-tomosha muassasalarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
22. Ommaviy ijro uchun dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqini toʻlash uchun Ishchi guruhning xulosasiga koʻra, Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligining tegishli buyrugʻi hamda unga asosan muallif bilan tuzilgan shartnoma asos boʻladi.
23. Asarning badiiy-gʻoyaviy saviyasidan kelib chiqqan holda, mualliflik haqining miqdori belgilanadi hamda ommaviy ijro uchun dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflarga qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda mualliflik haqi toʻlanadi va ular bilan hisob-kitob qilish boʻyicha tuzilgan shartnomaga asosan toʻlovlar amalga oshiriladi.
24. Ommaviy ijro uchun dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqini toʻlash boʻyicha tuzilgan barcha shartnomalar va ushbu shartnomalarga asosan amalga oshirilgan xarajatlar hisobi va hisobotlari Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligida alohida yuritilishi zarur.
25. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi davlat teatrlari va konsert-tomosha muassasalarining repertuarlarini shakllantirish va toʻldirish uchun badiiy-gʻoyaviy yuksak asarlarni xarid qilish uchun buyurtma berish huquqiga ega.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
26. Ishchi guruh faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tomonidan nazorat qilinadi.
27. Ishchi guruh tomonidan asarlarni yaratganlik uchun mualliflik haqi toʻlash boʻyicha ijobiy xulosa berilgan mualliflik asarlarining nusxalari Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligida saqlanadi.
28. Mualliflik haqi toʻlangan asarlar 6 — 12 oy davomida davlat teatrlari va konsert-tomosha muassasalarida sahnalashtirilishi hamda ijro etilishi shart.
29. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Ommaviy ijro uchun dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqini toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Mualliflik haqini olish boʻyicha arizaning
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligiga ___________________________da (manzil) yashovchi fuqaro _____________________dan (F.I.O.) Ariza Menga ______________________ni koʻrib chiqib, belgilangan tartibda (asar nomi) mualliflik haqi toʻlab (asar nomi) berilishini soʻrayman. Asar nusxasi va tegishli hujjatlar ilova qilinadi. Maʼlumot uchun telefon raqami:____________ Imzo:___________ Sana:___________
Ommaviy ijro uchun dramatik, musiqali va musiqali-dramatik asarlar yaratganligi uchun mualliflik haqini toʻlaga tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Asarlarni koʻrib chiqish
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 8-may,
385-son