📅 2019-yil 30-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 30-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 30 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 мая 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 May 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТУЗИЛМАСИ
УСТАВИ
РАЗРЯДЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбек миллий санъатини ривожлантириш, тарғиб қилиш ва уни янада оммалаштириш, хорижий халқаро мусиқа фестиваллари ташкилотлари билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, иқтидорли ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, ўзбек санъатининг барча йўналишларида халқаро ва республика миқёсидаги фестивалларни, кўрик-танловларни ва барча давлат тадбирларини ўтказишнинг ягона бошқарув тизимини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали Бош дирекцияси негизида давлат муассасаси шаклидаги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекциясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси аппаратининг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 18 нафар бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекциясининг устави 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекциясининг штатлар жадвали ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирига, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Қуйидагилар Дирекциянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ўзбек санъатининг барча йўналишларида халқаро ва республика миқёсидаги фестиваллар, кўрик-танловлар ҳамда унинг доирасида кўргазмалар, конференциялар, илмий-амалий анжуманларни ва бошқа барча давлат тадбирларини ўтказиш;
халқаро мусиқа фестиваллари ташкилотлари билан ўзаро ижодий ҳамкорлик қилиш;
ўзбек миллий санъатини Ўзбекистонда ва хорижда кенг тарғиб қилиш ҳамда унинг энг ноёб намуналарини сақлаб қолиш, уларни келажак ёш авлодга етказиш ҳамда уни янада оммалаштириш ишларини олиб бориш;
ўзбек миллий санъатини, халқаро ва республика миқёсидаги фестиваллар, кўрик-танловларнинг оммавий ахборот воситалари орқали, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг ёритилишини ташкил этиш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Дирекция Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали Бош дирекциясининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Дирекция ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ҳамда республиканинг бюджет муассасалари ва ташкилотларида иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида» 1995 йил 16 августдаги ПФ-1213-сон Фармонига мувофиқ бюджет муассасалари ва ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи миқдорида моддий рағбатлантириш махсус фонди татбиқ этилади;
Дирекцияни сақлашга доир харажатлар, унинг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади, сақлаш харажатлари учун ушбу манбалар маблағларининг етишмаган қисми Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан Маданият вазирлигига ажратиладиган маблағлар ҳисобига қопланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берилганлиги учун ундириладиган давлат божидан тушган маблағдан ажратмалар ҳисобидан 2019-2020 йилларда Дирекциянинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ва тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ зарур замонавий жиҳозлар билан таъминлашга маблағ ажратсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Дирекция фаолиятини самарали ташкил этиш учун битта енгил автомобиль, битта 50 ўриндиқли замонавий автобус ва битта юк автомобили харид қилиш учун маблағлар ажратиш чораларини кўрсин.
7. Дирекция Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Тошбулоқ кўчаси, 8а, 8б-уй манзилига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 майдаги 444-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси аппаратининг
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 майдаги 444-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекциясининг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекциясининг (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) мақоми, вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Дирекция давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилигида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.
3. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Уставга, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруқларига амал қилади.
2-боб. Дирекциянинг асосий вазифалари ва функциялари
4. Дирекциянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
ўзбек санъатининг барча йўналишларида халқаро ва республика миқёсидаги фестиваллар, кўрик-танловлар ҳамда унинг доирасида кўргазмалар, конференциялар, илмий-амалий анжуманларни ва бошқа барча давлат тадбирларини ўтказиш;
халқаро мусиқа фестиваллари ташкилотлари билан ўзаро ижодий ҳамкорлик қилиш;
ўзбек миллий санъатини Ўзбекистонда ва хорижда кенг тарғиб қилиш ҳамда унинг энг ноёб намуналарини сақлаб қолиш, уларни келажак ёш авлодга етказиш ҳамда уни янада оммалаштириш ишларини олиб бориш;
ўзбек миллий санъатини, халқаро ва республика миқёсидаги фестивалларни, кўрик-танловларни оммавий ахборот воситалари орқали, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг ёритилишини ташкил этиш.
5. Дирекция ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
а) ўзбек санъатининг барча йўналишларида халқаро ва республика миқёсидаги фестиваллар, кўрик-танловлар ҳамда унинг доирасида кўргазмалар, конференциялар, илмий-амалий анжуманларни ва бошқа барча давлат тадбирларини ўтказиш соҳасида:
тадбирларда юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, балетмейстрлар, саҳна рассомлари ва дизайнерлари, ижодий жамоалар ва яккахон ижрочи санъаткорларни кенг жалб этиш;
тадбирлар иштирокчиларига янги саҳна либослари, пойабзаллар тиктириш, сунъий улама сочлар, саҳна безаклари ҳамда ижодий гуруҳ буюртмасига кўра асбоб-ускуна, жиҳоз, гелий гази билан тўлдирилган ҳаво шарлари ва бошқа маҳсулотлар харид қилиш;
тадбирлар ўтказиладиган асосий майдонларни бадиий безаш декорациялари эскизларини ишлаб чиқиш ва уларнинг дизайнларини тайёрлаш, монтаж-демонтаж ишларини амалга ошириш;
белгиланган тартибда шартнома асосида тадбирларнинг дастурлари, таклифнома, баннер ва рухсатномаларини чоп этиш, фестиваллар логотипи ва статуэткалари ҳамда эсдалик совғаларни (сувенир) тайёрлаш;
болалар лавҳалари иштирокчиларини саҳна либослари ва реквизитлар билан таъминлаш;
тадбирларнинг асосий байрам дастурларида иштирок этувчиларни (раққосалар, ижодий жамоалар, техник гуруҳлар, ансамбллар, Ижодий гуруҳлар аъзолар) транспорт, иссиқ овқат ҳамда машғулотлар жойларида қўшимча озиқ-овқатлар ҳамда рағбатлантириш меҳнат ҳақи ва гонорарлар билан белгиланган тартибда таъминлаш;
тадбирларда шоирлар, бастакорлар ҳамда мусиқий сайқалчилар билан янги қўшиқлар тайёрлаш борасида тегишли шартномалар тузиш;
тадбирларда иштирок этадиган хорижий давлатларнинг давлат байроқларини харид қилиш, асосий саҳна ва саҳна олдини табиий гуллар билан безаш ҳамда овоз кучайтиргич мосламаларини шартнома асосида ўрнатиш;
тадбирлар доирасида рассомлар, ҳунармандлар ва бошқа тадбиркорларнинг кўргазмаларини ташкил этиш;
ўзбек миллий санъати бўйича конференция ва илмий-амалий анжуманлар, семинарлар, маданият, санъат, илм-фаннинг атоқли арбоблари билан учрашувлар ва маҳорат сабоқлари уюштириш;
бенефис, театр спектакллари, махсус тайёрланган дастурлар, дам олиш ва ижодий кечалар, маросим кечалари ва бошқа томоша тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш;
аҳолининг турмуш маданиятини ошириш, миллий қадриятлар, урф-одатлар, миллий байрамлар ва анъаналарни тиклаш ва турли халқ сайиллари уюштириш;
Дирекция томонидан ташкил этилган тадбирларга тайёргарлик кўриш олдидан ва унинг якунлари бўйича матбуот анжуманлари ташкил этиш;
б) халқаро мусиқа фестиваллари ташкилотлари билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш соҳасида:
санъат соҳасидаги хорижий ташкилотлар билан ўзаро тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик шартнома ва меморандумлар имзолаш;
республикада ташкил этиладиган тадбирларга хорижий ҳамкорларни таклиф этиш ва хорижий фестивалларда белгиланган тартибда қатнашиш;
халқаро мусиқа фестивали ташкилотларининг турли бирлашма ва уюшмаларига аъзо бўлиш;
хорижий тажрибаларни ўрганиш орқали фаолиятни янада ривожлантириш;
в) ўзбек миллий санъатини Ўзбекистонда ва хорижда кенг тарғиб қилиш, энг ноёб намуналарини сақлаб қолиш, уларни келажак ёш авлодга етказиш ва уни янада оммалаштириш ишларини олиб бориш соҳасида:
тадбирларда хорижий давлатлар иштирокчилари, жамоалари, олим ва мутахассисларини жалб этиш ҳамда халқаро тадбирларда ўзбек миллий санъати вакиллари ва жамоалари иштирокини таъминлашда кўмаклашиш;
хорижий давлатларда Ўзбекистон маданияти кунларини ташкил этиш ва ўтказишда кўмаклашиш;
миллий истиқлол ғояларига ҳамоҳанг, бадиий жиҳатдан юксак оммавий тадбирларни саҳналаштириш, томоша ва концерт дастурларини ташкил этиш;
халқимиз, айниқса, ёшлар қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш, уларни она Ватанга муҳаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирларни ташкил этиш;
ўзбек миллий санъати ривожлантириш ва кенг тарғиб этишда ходимларнинг малакасини ошириш чораларини кўриш, уларни маънавий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ташаббускорликни рағбатлантиришнинг самарали усулларини жорий этиш;
г) ўзбек миллий санъатини, халқаро ва республика фестивалларни, кўрик-танловларни оммавий ахборот воситалари орқали, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг ёритилишини ташкил этиш соҳасида:
тадбирлар веб-сайтлари ва реклама видеороликларини яратиш, уларни мунтазам янгилаб бориш;
ижодий жамоалар, малакали мутахассислар ва олимларни жалб этган ҳолда ҳамкорликда турли телекўрсатув, мулоқот ва концерт дастурларини телеканалларда уюштириш;
Интернет жаҳон ахборот тармоғида тадбирлар жараёнлари ва тафсилотлари тўғрисида маълумотлар бериб бориш;
Дирекция томонидан ташкил этилган тадбирларга тайёргарлик кўриш олдидан ва унинг якунлари бўйича матбуот анжуманлари ташкил этиш.
Дирекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Дирекциянинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
8. Дирекция:
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда, соҳанинг етакчи мутахассисларидан иборат кенгашлар тузиш;
ижодий жамоалар, студиялар ташкил этиш;
нуфузли халқаро фестиваллар ташкилотларига аъзо бўлиш;
хорижий давлатларда ташкил этиладиган фестиваллар ва кўрик-танловларда қатнашиш учун ижодий жамоалар ва иштирокчиларни тавсия этиш;
белгиланган тартибда аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
фестиваллар, кўрик-танловлар, илмий-амалий анжуманлар, конференциялар спектакллар, маданий тадбирлар, театрлаштирилган томоша ва концерт дастурларини белгиланган тартибда ташкил этиш ва ўтказиш;
аҳолига маиший, ижара ва давлат-хусусий шерикчилик асосида бошқа пулли хизматлар кўрсатиш;
фаолияти бўйича реклама ишларини белгиланган тартибда амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Дирекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
9. Дирекция:
ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни сифатли бажариш;
ўзбек миллий санъатини ривожлантириш йўлида ижодий, инновацион илмий-техник ишланмаларидан ва маҳсулотларидан устувор даражада фойдаланиш;
Дирекциянинг ташкилий, молиявий, моддий-техник масалаларини ҳал этиш, ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш;
фестиваллар, кўрик-танловлар, илмий-амалий анжуманлар, конференциялар, спектакллар, маданий тадбирлар, театрлаштирилган томошаларни мунтазам ривожлантириб бориш, ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирлар режалари, дастурлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш;
ўзбек миллий санъатини ривожлантириш, тарғиб қилиш ва уни янада оммалаштириш, ўзбек санъатининг барча йўналишларида республика ва халқаро фестиваллар ва кўрик-танловларни ташкил этиш, хорижий халқаро мусиқа фестиваллари ташкилотлари билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мажбуриятларини амалга ошириш;
Дирекциянинг молиявий ресурслари ва моддий-техника базасидан самарали фойдаланиш ва уларни асрашга мажбур.
Дирекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
4-боб. Дирекцияни бошқариш
10. Дирекцияга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.
11. Директор:
Дирекция фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;
Дирекция мол-мулки ва маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этади;
Дирекция номидан юридик ва жисмоний шахслар билан тегишли хизматлар кўрсатиш учун шартномалар (контрактлар) ва битимлар тузади;
ходимларнинг мансаб йўриқномаларини ва ички меҳнат тартиби қоидаларини ўрнатилган тартибда тасдиқлайди, ходимларни меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилади ва белгиланган тартибда меҳнат шартномасини бекор қилади;
Дирекция фаолиятига оид буйруқларни, йўриқномаларни ва бошқа ҳужжатларни чиқаради;
ишда алоҳида намуна кўрсатган ходимларни қонунчиликка асосан рағбатлантиради;
ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўради;
ўз ваколатлари доирасида бошқа масалаларни кўриб чиқади ва ҳал қилади.
Директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши шарт.
Директор Дирекция фаолияти натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ҳисобот беради.
12. Дирекция директорининг ўринбосари — Бадиий раҳбар директор тавсиясига кўра, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
5-боб. Дирекциянинг мол-мулки ва уларни молиялаштириш тартиби
13. Дирекция ўзига берилган мол-мулкдан қонун ҳужжатларига, ўз фаолиятининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ фойдаланади ҳамда тасарруф этади.
14. Дирекция томонидан белгиланган тартибда ташкил этиладиган ва ўтказиладиган фестиваллар, кўрик-танловлар, кўргазмалар, конференциялар, илмий-амалий анжуманлар, концерт-томошалар ҳамда бошқа тадбирлар, унинг ўз даромадлари, ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
15. Давлат тадбирлари — халқаро ва республика миқёсидаги фестиваллар, кўрик-танловлар, байрамлар ва маросимлар белгиланган тартибда қонун ҳужжатларида назарда тутилган манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
16. Дирекцияни сақлашга доир харажатлар унинг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади, сақлаш харажатлари учун ушбу манбалар маблағларининг етишмаган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Маданият вазирлигига ажратиладиган маблағлар ҳисобига қопланади.
Бунда бюджет ташкилотлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга асосан бюджет сўровномаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади. Бюджетдан маблағ ажратилган тақдирда, белгиланган тартибда бюджет харажатлари сметаси тузилади, тасдиқланади ва рўйхатдан ўтказилади ҳамда унинг ижроси бўйича ҳисоботлар тайёрланади.
17. Дирекция ҳар йили қонунчиликда белгиланган муддатларда харажатлар сметасини тузиш ва рўйхатга олиш жараёнида даромадлар ва харажатлар прогнозини шакллантиради.
18. Дирекциянинг ўз даромадлари ва молиялаштириш манбаларига қуйидагилар киради:
тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишдан тушадиган тушумлар (мазкур Уставнинг 15-бандида назарда тутилган давлат тадбирларидан ташқари);
ижара ва хўжалик фаолиятидан тушадиган даромадлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари ҳамда донор ташкилотлар грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
19. Дирекция балансида бўлган саҳна либослари, пойабзаллар, сунъий улама сочлар, саҳна безаклари, асбоб-ускуналари ва бошқа тадбирлар ўтказиш учун зарур бўлган жиҳозларни бепул ижарага бериш тақиқланади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
20. Ушбу Устав талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
21. Дирекция қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади, қайта ташкил этилади ёки тугатилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 майдаги 444-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекциясининг штатлар жадвали ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш
Т/р Лавозим номи Штат бирликлари сони Меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари Маъмурий бошқарув ходимлари 1. Директор 1 15 2. Директор ўринбосари — Бадиий раҳбар 1 14 3. Бош ҳисобчи 1 13 4. Бўлим бошлиғи 3 13 5. Бош инженер 1 13 Мутахассислар 6. Овоз режиссёри 1 12 7. Бош мутахассис 2 11 8. Етакчи мутахассис 2 10 9. Дастурчи 1 9 10. Кадрлар бўйича катта инспектор 1 4 11. Юрисконсульт * 1 Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар 12. Хўжалик ишлари мудири 1 7 13. Либосчи (костюмер) 1 6 14. Саҳнани ёритиш бўйича техник 1 4 15. Электр устаси (электромонтер) ** 3 16. Чилангар-техник (слесарь-сантехник) ** 3 17. Техник ** 3 18. Котиба ** 3 19. Қоровул ** 1 20. Ҳайдовчи ** 1 21. Ҳовли супурувчи ** 1 22. Бино хизматчиси (уборщик помещений) ** 1
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 30 май,
444-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TUZILMASI
USTAVI
RAZRYaDLARI
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Xalqaro festivallar direksiyasi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbek milliy sanʼatini rivojlantirish, targʻib qilish va uni yanada ommalashtirish, xorijiy xalqaro musiqa festivallari tashkilotlari bilan ijodiy hamkorlikni yoʻlga qoʻyish, iqtidorli ijodkor yoshlarni qoʻllab-quvvatlash hamda ragʻbatlantirish, oʻzbek sanʼatining barcha yoʻnalishlarida xalqaro va respublika miqyosidagi festivallarni, koʻrik-tanlovlarni va barcha davlat tadbirlarini oʻtkazishning yagona boshqaruv tizimini yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi, Oʻzbekiston kompozitorlari va bastakorlari uyushmasi hamda Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasining Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi “Sharq taronalari” xalqaro musiqa festivali Bosh direksiyasi negizida davlat muassasasi shaklidagi Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Xalqaro festivallar direksiyasini tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Xalqaro festivallar direksiyasi apparatining boshqaruv xodimlari umumiy cheklangan soni 18 nafar boʻlgan tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq;
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Xalqaro festivallar direksiyasining ustavi 2-ilovaga muvofiq;
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Xalqaro festivallar direksiyasining shtatlar jadvali va xodimlari mehnatiga haq toʻlash razryadlari 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziriga, zarur hollarda, Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Xalqaro festivallar direksiyasi (keyingi oʻrinlarda Direksiya deb ataladi) tuzilmasiga xodimlarning belgilangan umumiy cheklangan soni va mehnatga haq toʻlash fondi doirasida oʻzgartirishlar kiritish huquqi berilsin.
3. Quyidagilar Direksiyaning asosiy vazifalari etib belgilansin:
oʻzbek sanʼatining barcha yoʻnalishlarida xalqaro va respublika miqyosidagi festivallar, koʻrik-tanlovlar hamda uning doirasida koʻrgazmalar, konferensiyalar, ilmiy-amaliy anjumanlarni va boshqa barcha davlat tadbirlarini oʻtkazish;
xalqaro musiqa festivallari tashkilotlari bilan oʻzaro ijodiy hamkorlik qilish;
oʻzbek milliy sanʼatini Oʻzbekistonda va xorijda keng targʻib qilish hamda uning eng noyob namunalarini saqlab qolish, ularni kelajak yosh avlodga yetkazish hamda uni yanada ommalashtirish ishlarini olib borish;
oʻzbek milliy sanʼatini, xalqaro va respublika miqyosidagi festivallar, koʻrik-tanlovlarning ommaviy axborot vositalari orqali, shu jumladan Internet jahon axborot tarmogʻida keng yoritilishini tashkil etish.
4. Belgilab qoʻyilsinki:
Direksiya Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi “Sharq taronalari” xalqaro musiqa festivali Bosh direksiyasining barcha huquq va majburiyatlari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanadi;
Direksiya xodimlariga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Pensiyalar, nafaqalar, stipendiyalar hamda respublikaning budjet muassasalari va tashkilotlarida ish haqi miqdorlarini oshirish toʻgʻrisida” 1995-yil 16-avgustdagi PF-1213-son Farmoniga muvofiq budjet muassasalari va tashkilotlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash fondining 15 foizi miqdorida moddiy ragʻbatlantirish maxsus fondi tatbiq etiladi;
Direksiyani saqlashga doir xarajatlar, uning oʻz mablagʻlari va qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi, saqlash xarajatlari uchun ushbu manbalar mablagʻlarining yetishmagan qismi Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetidan Madaniyat vazirligiga ajratiladigan mablagʻlar hisobiga qoplanadi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi konsert-tomosha faoliyatini amalga oshirish huquqiga litsenziya berilganligi uchun undiriladigan davlat bojidan tushgan mablagʻdan ajratmalar hisobidan 2019-2020-yillarda Direksiyaning moddiy-texnika bazasini mustahkamlashga va tadbirlarni oʻtkazish bilan bogʻliq zarur zamonaviy jihozlar bilan taʼminlashga mablagʻ ajratsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Direksiya faoliyatini samarali tashkil etish uchun bitta yengil avtomobil, bitta 50 oʻrindiqli zamonaviy avtobus va bitta yuk avtomobili xarid qilish uchun mablagʻlar ajratish choralarini koʻrsin.
7. Direksiya Toshkent shahar, Yakkasaroy tumani, Toshbuloq koʻchasi, 8a, 8b-uy manziliga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilsin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri B.S. Sayfullayev zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Yoshlar siyosati, madaniyat, maʼnaviyat, ommaviy axborot vositalari, ijodiy va jamoat tashkilotlari masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 30-maydagi 444-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Xalqaro festivallar direksiyasi apparatining
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 30-maydagi 444-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Xalqaro festivallar direksiyasining
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Ustav Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Xalqaro festivallar direksiyasining (keyingi oʻrinlarda Direksiya deb ataladi) maqomi, vazifalari va funksiyalari, huquqlari va majburiyatlari, shuningdek, faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Direksiya davlat muassasasi shaklidagi yuridik shaxs hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga, mustaqil balansga, Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining gʻaznachiligida budjet va budjetdan tashqari mablagʻlar boʻyicha shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi.
3. Direksiya oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga hamda ushbu Ustavga, boshqa qonun hujjatlariga, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vazirining buyruqlariga amal qiladi.
2-bob. Direksiyaning asosiy vazifalari va funksiyalari
4. Direksiyaning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
oʻzbek sanʼatining barcha yoʻnalishlarida xalqaro va respublika miqyosidagi festivallar, koʻrik-tanlovlar hamda uning doirasida koʻrgazmalar, konferensiyalar, ilmiy-amaliy anjumanlarni va boshqa barcha davlat tadbirlarini oʻtkazish;
xalqaro musiqa festivallari tashkilotlari bilan oʻzaro ijodiy hamkorlik qilish;
oʻzbek milliy sanʼatini Oʻzbekistonda va xorijda keng targʻib qilish hamda uning eng noyob namunalarini saqlab qolish, ularni kelajak yosh avlodga yetkazish hamda uni yanada ommalashtirish ishlarini olib borish;
oʻzbek milliy sanʼatini, xalqaro va respublika miqyosidagi festivallarni, koʻrik-tanlovlarni ommaviy axborot vositalari orqali, shu jumladan Internet jahon axborot tarmogʻida keng yoritilishini tashkil etish.
5. Direksiya oʻziga yuklangan asosiy vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni bajaradi:
a) oʻzbek sanʼatining barcha yoʻnalishlarida xalqaro va respublika miqyosidagi festivallar, koʻrik-tanlovlar hamda uning doirasida koʻrgazmalar, konferensiyalar, ilmiy-amaliy anjumanlarni va boshqa barcha davlat tadbirlarini oʻtkazish sohasida:
tadbirlarda yuksak professional mahorat va tajribaga ega boʻlgan ssenarist va rejissorlar, baletmeystrlar, sahna rassomlari va dizaynyerlari, ijodiy jamoalar va yakkaxon ijrochi sanʼatkorlarni keng jalb etish;
tadbirlar ishtirokchilariga yangi sahna liboslari, poyabzallar tiktirish, sunʼiy ulama sochlar, sahna bezaklari hamda ijodiy guruh buyurtmasiga koʻra asbob-uskuna, jihoz, geliy gazi bilan toʻldirilgan havo sharlari va boshqa mahsulotlar xarid qilish;
tadbirlar oʻtkaziladigan asosiy maydonlarni badiiy bezash dekoratsiyalari eskizlarini ishlab chiqish va ularning dizaynlarini tayyorlash, montaj-demontaj ishlarini amalga oshirish;
belgilangan tartibda shartnoma asosida tadbirlarning dasturlari, taklifnoma, banner va ruxsatnomalarini chop etish, festivallar logotipi va statuetkalari hamda esdalik sovgʻalarni (suvenir) tayyorlash;
bolalar lavhalari ishtirokchilarini sahna liboslari va rekvizitlar bilan taʼminlash;
tadbirlarning asosiy bayram dasturlarida ishtirok etuvchilarni (raqqosalar, ijodiy jamoalar, texnik guruhlar, ansambllar, Ijodiy guruhlar aʼzolar) transport, issiq ovqat hamda mashgʻulotlar joylarida qoʻshimcha oziq-ovqatlar hamda ragʻbatlantirish mehnat haqi va gonorarlar bilan belgilangan tartibda taʼminlash;
tadbirlarda shoirlar, bastakorlar hamda musiqiy sayqalchilar bilan yangi qoʻshiqlar tayyorlash borasida tegishli shartnomalar tuzish;
tadbirlarda ishtirok etadigan xorijiy davlatlarning davlat bayroqlarini xarid qilish, asosiy sahna va sahna oldini tabiiy gullar bilan bezash hamda ovoz kuchaytirgich moslamalarini shartnoma asosida oʻrnatish;
tadbirlar doirasida rassomlar, hunarmandlar va boshqa tadbirkorlarning koʻrgazmalarini tashkil etish;
oʻzbek milliy sanʼati boʻyicha konferensiya va ilmiy-amaliy anjumanlar, seminarlar, madaniyat, sanʼat, ilm-fanning atoqli arboblari bilan uchrashuvlar va mahorat saboqlari uyushtirish;
benefis, teatr spektakllari, maxsus tayyorlangan dasturlar, dam olish va ijodiy kechalar, marosim kechalari va boshqa tomosha tadbirlarni tashkil qilish va oʻtkazish;
aholining turmush madaniyatini oshirish, milliy qadriyatlar, urf-odatlar, milliy bayramlar va anʼanalarni tiklash va turli xalq sayillari uyushtirish;
Direksiya tomonidan tashkil etilgan tadbirlarga tayyorgarlik koʻrish oldidan va uning yakunlari boʻyicha matbuot anjumanlari tashkil etish;
b) xalqaro musiqa festivallari tashkilotlari bilan ijodiy hamkorlikni yoʻlga qoʻyish sohasida:
sanʼat sohasidagi xorijiy tashkilotlar bilan oʻzaro tajriba almashish, oʻzaro hamkorlik shartnoma va memorandumlar imzolash;
respublikada tashkil etiladigan tadbirlarga xorijiy hamkorlarni taklif etish va xorijiy festivallarda belgilangan tartibda qatnashish;
xalqaro musiqa festivali tashkilotlarining turli birlashma va uyushmalariga aʼzo boʻlish;
xorijiy tajribalarni oʻrganish orqali faoliyatni yanada rivojlantirish;
v) oʻzbek milliy sanʼatini Oʻzbekistonda va xorijda keng targʻib qilish, eng noyob namunalarini saqlab qolish, ularni kelajak yosh avlodga yetkazish va uni yanada ommalashtirish ishlarini olib borish sohasida:
tadbirlarda xorijiy davlatlar ishtirokchilari, jamoalari, olim va mutaxassislarini jalb etish hamda xalqaro tadbirlarda oʻzbek milliy sanʼati vakillari va jamoalari ishtirokini taʼminlashda koʻmaklashish;
xorijiy davlatlarda Oʻzbekiston madaniyati kunlarini tashkil etish va oʻtkazishda koʻmaklashish;
milliy istiqlol gʻoyalariga hamohang, badiiy jihatdan yuksak ommaviy tadbirlarni sahnalashtirish, tomosha va konsert dasturlarini tashkil etish;
xalqimiz, ayniqsa, yoshlar qalbida milliy gʻurur, milliy iftixor tuygʻularini shakllantirish, ularni ona Vatanga muhabbat, umumbashariy qadriyatlarga hurmat va sadoqat ruhida tarbiyalashga qaratilgan tadbirlarni tashkil etish;
oʻzbek milliy sanʼati rivojlantirish va keng targʻib etishda xodimlarning malakasini oshirish choralarini koʻrish, ularni maʼnaviy va ijtimoiy jihatdan qoʻllab-quvvatlash, tashabbuskorlikni ragʻbatlantirishning samarali usullarini joriy etish;
g) oʻzbek milliy sanʼatini, xalqaro va respublika festivallarni, koʻrik-tanlovlarni ommaviy axborot vositalari orqali, shu jumladan Internet jahon axborot tarmogʻida keng yoritilishini tashkil etish sohasida:
tadbirlar veb-saytlari va reklama videoroliklarini yaratish, ularni muntazam yangilab borish;
ijodiy jamoalar, malakali mutaxassislar va olimlarni jalb etgan holda hamkorlikda turli telekoʻrsatuv, muloqot va konsert dasturlarini telekanallarda uyushtirish;
Internet jahon axborot tarmogʻida tadbirlar jarayonlari va tafsilotlari toʻgʻrisida maʼlumotlar berib borish;
Direksiya tomonidan tashkil etilgan tadbirlarga tayyorgarlik koʻrish oldidan va uning yakunlari boʻyicha matbuot anjumanlari tashkil etish.
Direksiya qonun hujjatlariga muvofiq boshqa vazifalarni ham amalga oshirishi mumkin.
3-bob. Direksiyaning huquqlari va majburiyatlari
8. Direksiya:
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi bilan kelishilgan holda, sohaning yetakchi mutaxassislaridan iborat kengashlar tuzish;
ijodiy jamoalar, studiyalar tashkil etish;
nufuzli xalqaro festivallar tashkilotlariga aʼzo boʻlish;
xorijiy davlatlarda tashkil etiladigan festivallar va koʻrik-tanlovlarda qatnashish uchun ijodiy jamoalar va ishtirokchilarni tavsiya etish;
belgilangan tartibda aholiga xizmat koʻrsatish boʻyicha loyihalarni ishlab chiqish va amalga oshirish;
festivallar, koʻrik-tanlovlar, ilmiy-amaliy anjumanlar, konferensiyalar spektakllar, madaniy tadbirlar, teatrlashtirilgan tomosha va konsert dasturlarini belgilangan tartibda tashkil etish va oʻtkazish;
aholiga maishiy, ijara va davlat-xususiy sherikchilik asosida boshqa pulli xizmatlar koʻrsatish;
faoliyati boʻyicha reklama ishlarini belgilangan tartibda amalga oshirish huquqiga ega.
Direksiya qonun hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
9. Direksiya:
oʻziga yuklatilgan vazifa va funksiyalarni sifatli bajarish;
oʻzbek milliy sanʼatini rivojlantirish yoʻlida ijodiy, innovatsion ilmiy-texnik ishlanmalaridan va mahsulotlaridan ustuvor darajada foydalanish;
Direksiyaning tashkiliy, moliyaviy, moddiy-texnik masalalarini hal etish, xodimlarning manfaatlarini himoya qilish choralarini koʻrish;
festivallar, koʻrik-tanlovlar, ilmiy-amaliy anjumanlar, konferensiyalar, spektakllar, madaniy tadbirlar, teatrlashtirilgan tomoshalarni muntazam rivojlantirib borish, ijodiy faoliyatini qoʻllab-quvvatlash yuzasidan chora-tadbirlar rejalari, dasturlar ishlab chiqish va ularni amalga oshirish;
oʻzbek milliy sanʼatini rivojlantirish, targʻib qilish va uni yanada ommalashtirish, oʻzbek sanʼatining barcha yoʻnalishlarida respublika va xalqaro festivallar va koʻrik-tanlovlarni tashkil etish, xorijiy xalqaro musiqa festivallari tashkilotlari bilan ijodiy hamkorlikni yoʻlga qoʻyish, iqtidorli yoshlarni qoʻllab-quvvatlash hamda ragʻbatlantirish majburiyatlarini amalga oshirish;
Direksiyaning moliyaviy resurslari va moddiy-texnika bazasidan samarali foydalanish va ularni asrashga majbur.
Direksiya qonun hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarni ham olishi mumkin.
4-bob. Direksiyani boshqarish
10. Direksiyaga Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi bilan kelishilgan holda Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod qilinadigan direktor rahbarlik qiladi.
11. Direktor:
Direksiya faoliyatiga umumiy rahbarlik qiladi;
Direksiya mol-mulki va mablagʻlarini belgilangan tartibda tasarruf etadi;
Direksiya nomidan yuridik va jismoniy shaxslar bilan tegishli xizmatlar koʻrsatish uchun shartnomalar (kontraktlar) va bitimlar tuzadi;
xodimlarning mansab yoʻriqnomalarini va ichki mehnat tartibi qoidalarini oʻrnatilgan tartibda tasdiqlaydi, xodimlarni mehnat shartnomasi asosida ishga qabul qiladi va belgilangan tartibda mehnat shartnomasini bekor qiladi;
Direksiya faoliyatiga oid buyruqlarni, yoʻriqnomalarni va boshqa hujjatlarni chiqaradi;
ishda alohida namuna koʻrsatgan xodimlarni qonunchilikka asosan ragʻbatlantiradi;
xodimlarga nisbatan intizomiy jazo choralarini koʻradi;
oʻz vakolatlari doirasida boshqa masalalarni koʻrib chiqadi va hal qiladi.
Direktor oʻz huquqlarini amalga oshirishda va vazifalarini bajarishda Direksiya manfaatlarini koʻzlab harakat qilishi shart.
Direktor Direksiya faoliyati natijalari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligiga hisobot beradi.
12. Direksiya direktorining oʻrinbosari — Badiiy rahbar direktor tavsiyasiga koʻra, Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri tomonidan lavozimiga tayinlanadi va lavozimdan ozod qilinadi.
5-bob. Direksiyaning mol-mulki va ularni moliyalashtirish tartibi
13. Direksiya oʻziga berilgan mol-mulkdan qonun hujjatlariga, oʻz faoliyatining maqsad va vazifalariga muvofiq foydalanadi hamda tasarruf etadi.
14. Direksiya tomonidan belgilangan tartibda tashkil etiladigan va oʻtkaziladigan festivallar, koʻrik-tanlovlar, koʻrgazmalar, konferensiyalar, ilmiy-amaliy anjumanlar, konsert-tomoshalar hamda boshqa tadbirlar, uning oʻz daromadlari, homiylik xayriyalari va qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
15. Davlat tadbirlari — xalqaro va respublika miqyosidagi festivallar, koʻrik-tanlovlar, bayramlar va marosimlar belgilangan tartibda qonun hujjatlarida nazarda tutilgan manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
16. Direksiyani saqlashga doir xarajatlar uning oʻz mablagʻlari va qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi, saqlash xarajatlari uchun ushbu manbalar mablagʻlarining yetishmagan qismi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan Madaniyat vazirligiga ajratiladigan mablagʻlar hisobiga qoplanadi.
Bunda budjet tashkilotlari uchun qonun hujjatlarida belgilangan tartibga asosan budjet soʻrovnomasi Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga taqdim etiladi. Budjetdan mablagʻ ajratilgan taqdirda, belgilangan tartibda budjet xarajatlari smetasi tuziladi, tasdiqlanadi va roʻyxatdan oʻtkaziladi hamda uning ijrosi boʻyicha hisobotlar tayyorlanadi.
17. Direksiya har yili qonunchilikda belgilangan muddatlarda xarajatlar smetasini tuzish va roʻyxatga olish jarayonida daromadlar va xarajatlar prognozini shakllantiradi.
18. Direksiyaning oʻz daromadlari va moliyalashtirish manbalariga quyidagilar kiradi:
tadbirlarni tashkil etish va oʻtkazishdan tushadigan tushumlar (mazkur Ustavning 15-bandida nazarda tutilgan davlat tadbirlaridan tashqari);
ijara va xoʻjalik faoliyatidan tushadigan daromadlar;
yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;
xalqaro moliya institutlari hamda donor tashkilotlar grantlari;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
19. Direksiya balansida boʻlgan sahna liboslari, poyabzallar, sunʼiy ulama sochlar, sahna bezaklari, asbob-uskunalari va boshqa tadbirlar oʻtkazish uchun zarur boʻlgan jihozlarni bepul ijaraga berish taqiqlanadi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
20. Ushbu Ustav talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlariga muvofiq javob beradi.
21. Direksiya qonun hujjatlarida belgilangan tartibda tashkil etiladi, qayta tashkil etiladi yoki tugatiladi.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 30-maydagi 444-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Xalqaro festivallar direksiyasining shtatlar jadvali va xodimlari mehnatiga haq toʻlash
T/r Lavozim nomi Shtat birliklari soni Mehnatga haq toʻlash razryadlari Maʼmuriy boshqaruv xodimlari 1. Direktor 1 15 2. Direktor oʻrinbosari — Badiiy rahbar 1 14 3. Bosh hisobchi 1 13 4. Boʻlim boshligʻi 3 13 5. Bosh injener 1 13 Mutaxassislar 6. Ovoz rejissori 1 12 7. Bosh mutaxassis 2 11 8. Etakchi mutaxassis 2 10 9. Dasturchi 1 9 10. Kadrlar boʻyicha katta inspektor 1 4 11. Yuriskonsult * 1 Texnik va xizmat koʻrsatuvchi xodimlar 12. Xoʻjalik ishlari mudiri 1 7 13. Liboschi (kostyumer) 1 6 14. Sahnani yoritish boʻyicha texnik 1 4 15. Elektr ustasi (elektromonter) ** 3 16. Chilangar-texnik (slesar-santexnik) ** 3 17. Texnik ** 3 18. Kotiba ** 3 19. Qorovul ** 1 20. Haydovchi ** 1 21. Hovli supuruvchi ** 1 22. Bino xizmatchisi (uborщik pomeщeniy) ** 1
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 30-may,
444-son