📅 2019-yil 28-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 28-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 28 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 28 мая 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 28 May 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАРКИБИ
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиалини ташкил этиш тўғрисида
Республика иқтисодиётининг барча тармоқлари, хусусан, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлашни янада ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида » 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон ҳамда « Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида » 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Самарқанд шаҳрида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиалини (кейинги ўринларда Филиал деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилансинки, Филиал Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.
2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ҳудудда иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий техника ҳамда технологияларнинг ривожланиши тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда Германия ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг етакчи университетлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиб, «Рақамли иқтисодиёт», «Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти», «Озиқ-овқат ва ресурслар иқтисодиёти», «Агробизнес ва маркетинг», «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит», шунингдек, вилоятда эҳтиёж юқори бўлган бошқа мутахассисликлар бўйича назарий-амалий кўникмаларни эгаллаган малакали иқтисодчи кадрларни тайёрлаш;
Филиалнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида хорижий фуқаролар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибани татбиқ этиш;
ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш;
педагог кадрларнинг илмий салоҳияти, касбий ва малакавий билим даражасини узлуксиз ривожлантириб бориш механизмларини жорий этиш, уларнинг педагогик маҳоратини ривожлантиришда хорижий олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасидан кенг фойдаланиш;
хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш;
чет тилларида дарс берувчи ёш педагог ходимлар қатламини кенгайтириш, уларнинг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш;
республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларда истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурада ўқитиш орқали Филиалнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;
масофавий таълим элементларини, шу жумладан, вебинар технологияларини ўқув жараёнига жорий этиш.
3. Белгилансинки, Филиалда ўқув жараёни 2019/2020 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
4. Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалининг Васийлик кенгаши таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, Васийлик кенгаши қуйидаги устувор йўналишларда Филиални ривожлантиришга кўмаклашади:
Филиалнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва самарали фаолиятини таъминлаш учун молиявий ёрдам ташкил этиш, бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;
ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар соҳа ташкилотлари объектларида талабаларнинг малакавий амалиётини ташкил этиш;
битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича давлат, жамият ва бизнес тузилмалари билан самарали ҳамкорлик қилиш;
олий таълимни ривожлантиришга қаратилган янги шакллар, дастурларни қўллаб-қувватлаш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш;
ҳамкорлик шартномаларини тузиш амалиётини ривожлантириш, таълим ва илм-фан соҳасида халқаро битимлар тузиш ва амалга ошириш;
Филиал биноларининг қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун зарур молиявий маблағлар сафарбар этилишини, замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер ва бошқа ташкилий техника, кутубхона фонди билан жиҳозланишини таъминлаш.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:
Филиалнинг тузилмасини олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ тасдиқласин;
Филиалнинг уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Филиални танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш чораларини кўрсин;
Филиалда ўқув-методик жараённинг ташкил этилишини таъминлаш, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин;
Филиал ахборот-ресурс марказини таянч олий таълим муассасаси томонидан қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари доирасида тушадиган маблағлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
7. Белгилаб қўйилсинки, Филиалнинг дастлабки фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан:
Филиалнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва Филиални жорий таъминлаш билан боғлиқ харажатлар — Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бюджетдан ташқари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлари ҳисобидан;
Филиалнинг бино ва иншоотларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебеллар, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситалари) билан боғлиқ харажатлар — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
9. Филиалга 2 та, шу жумладан, 1 та енгил ва 1 та махсус автотранспорт воситасини сақлашга лимит ажратилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикасининг ривожлантириш давлат дастурларининг 2020 йил ва кейинги йиллар учун параметрларини шакллантиришда Филиал бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш юзасидан лойиҳалар ушбу дастурларга белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг мурожаатига асосан онлайн маъруза ва масофавий таълим билан таъминлаш мақсадида Филиални юқори тезликдаги Интернет ҳамда электрон таълим миллий тармоғига 2019 йил 25 декабргача белгиланган тартибда улаш чораларини кўрсин.
12. Самарқанд вилояти ҳокимлиги таянч олий таълим муассасаси ва хорижий ҳамкорлардан фаолият кўрсатиш учун Филиалга хизмат сафарига юбориладиган профессор-ўқитувчиларга яшаш шароитини яратиш мақсадида Филиални 2 та хизмат уйи билан таъминлаш чораларини кўрсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўлар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Э.О. Турдимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 майдаги 438-сон қарорига ИЛОВА
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалининг Васийлик кенгаши
1. Э.О. Турдимов ― Самарқанд вилояти ҳокими, Васийлик кенгаши раиси 2. У.Ш. Бегимкулов ― олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари 3. Б.Ю. Ходиев ― Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари 4. Қ.Х. Собиров ― Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Самарқанд вилоят бош бошқармаси бошлиғи 5. С.А. Абрахматов ― Самарқанд вилояти статистика бошқармаси бошлиғи 6. Б.Т. Мирзаев ― Самарқанд вилояти молия бошқармаси бошлиғи 7. К.Т. Абдуллаев ― «Сам Антеп Гилам» компанияси директори 8. Ф.И. Фузайлов ― «Афросиёб парранда» МЧЖ бошқаруви раиси 9. Қ. Шомуродов ― «Жомбой дон маҳсулотлари» АЖ бошқаруви раиси 10. Б.М. Марупов ― «ТОНИ-ГРИН» МЧЖ бошқаруви раиси 11. Ш.А. Жалолов ― «Агромир-Самарқанд» МЧЖ бошқаруви раиси 12. А.Р. Шаропов ― «Сам Рос Холод» МЧЖ бошқаруви раиси 13. Ж.Т. Хайдаров ― «Ур-газ карпет» корхонаси директори 14. М.М. Мавлонов ― «Ўзбегим Агро» қўшма корхонаси директори 15. Ғ. Мухаммадиев ― «Сам Пласт Сервис» хусусий корхонаси директори 16. лавозими бўйича ― Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиали директори, Васийлик кенгаши котиби
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 28 май,
438-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TARKIBI
Toshkent davlat iqtisodiyot universitetining Samarqand filialini tashkil etish toʻgʻrisida
Respublika iqtisodiyotining barcha tarmoqlari, xususan, raqamli iqtisodiyotni rivojlantirishda xorijiy mamlakatlarning yetakchi oliy taʼlim muassasalari bilan hamkorlikda yuqori malakali, raqobatbardosh kadrlar tayyorlashni yanada rivojlantirish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Oliy taʼlim tizimini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2017-yil 20-apreldagi PQ-2909-son hamda “ Oliy taʼlim muassasalarida taʼlim sifatini oshirish va ularning mamlakatda amalga oshirilayotgan keng qamrovli islohotlarda faol ishtirokini taʼminlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida ” 2018-yil 5-iyundagi PQ-3775-son qarorlarida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va sanoat vazirligi, Moliya vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Samarqand viloyati hokimligining Samarqand shahrida Toshkent davlat iqtisodiyot universitetining Samarqand filialini (keyingi oʻrinlarda Filial deb ataladi) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
Belgilansinki, Filial Toshkent davlat iqtisodiyot universitetining yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan tarkibiy boʻlinmasi hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blankalarga, mustaqil balansga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Gʻaznachiligida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi.
2. Quyidagilar Filialning asosiy vazifalari etib belgilansin:
hududda iqtisodiyot tarmoqlarining rivojlanishi istiqbollari va ustuvor vazifalarini, zamonaviy texnika hamda texnologiyalarning rivojlanishi tendensiyalarini hisobga olgan holda Germaniya va boshqa rivojlangan mamlakatlarning yetakchi universitetlari bilan yaqin hamkorlik oʻrnatib, “Raqamli iqtisodiyot”, “Qishloq xoʻjaligi iqtisodiyoti”, “Oziq-ovqat va resurslar iqtisodiyoti”, “Agrobiznes va marketing”, “Buxgalteriya hisobi va audit”, shuningdek, viloyatda ehtiyoj yuqori boʻlgan boshqa mutaxassisliklar boʻyicha nazariy-amaliy koʻnikmalarni egallagan malakali iqtisodchi kadrlarni tayyorlash;
Filialning mintaqa va xalqaro miqyosdagi nufuzini oshirish maqsadida xorijiy fuqarolar uchun taʼlim olish imkoniyatini kengaytirish va ilgʻor xalqaro tajribani tatbiq etish;
oʻquv va ilmiy loyihalarni amalga oshirish, taʼlim va ilmiy izlanishlar jarayoniga malakali mutaxassislarni keng jalb etish maqsadida ishlab chiqarish, qayta ishlash va xizmat koʻrsatish sohalaridagi respublika va xorijiy yetakchi oliy taʼlim muassasalari va ilmiy markazlar bilan hamkorlik aloqalarini kuchaytirish;
pedagog kadrlarning ilmiy salohiyati, kasbiy va malakaviy bilim darajasini uzluksiz rivojlantirib borish mexanizmlarini joriy etish, ularning pedagogik mahoratini rivojlantirishda xorijiy oliy taʼlim muassasalarining ilgʻor tajribasidan keng foydalanish;
xorijiy oliy taʼlim muassasalari bilan hamkorlikda qoʻshma taʼlim dasturlari asosida kadrlar tayyorlash;
chet tillarida dars beruvchi yosh pedagog xodimlar qatlamini kengaytirish, ularning mehnatini moddiy va maʼnaviy ragʻbatlantirish;
respublika va xorijiy oliy taʼlim muassasalari hamda ilmiy markazlarda istiqbolli yosh bitiruvchilarni magistratura va doktoranturada oʻqitish orqali Filialning ilmiy-pedagogik salohiyatini oshirib borish;
masofaviy taʼlim elementlarini, shu jumladan, vebinar texnologiyalarini oʻquv jarayoniga joriy etish.
3. Belgilansinki, Filialda oʻquv jarayoni 2019/2020 oʻquv yilidan boshlanadi hamda talabalarni qabul qilish soni belgilangan tartibda har yili tasdiqlanadigan respublika oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish parametrlaridan kelib chiqqan holda belgilanadi.
4. Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti Samarqand filialining Vasiylik kengashi tarkibi ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
Belgilansinki, Vasiylik kengashi quyidagi ustuvor yoʻnalishlarda Filialni rivojlantirishga koʻmaklashadi:
Filialning moddiy-texnika bazasini rivojlantirish va samarali faoliyatini taʼminlash uchun moliyaviy yordam tashkil etish, budjetdan tashqari mablagʻlarni jalb etish;
tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar soha tashkilotlari obyektlarida talabalarning malakaviy amaliyotini tashkil etish;
bitiruvchilarni ish bilan taʼminlash boʻyicha davlat, jamiyat va biznes tuzilmalari bilan samarali hamkorlik qilish;
oliy taʼlimni rivojlantirishga qaratilgan yangi shakllar, dasturlarni qoʻllab-quvvatlash va ilmiy ishlanmalarni amaliyotga joriy etish;
hamkorlik shartnomalarini tuzish amaliyotini rivojlantirish, taʼlim va ilm-fan sohasida xalqaro bitimlar tuzish va amalga oshirish;
Filial binolarining qurilish-taʼmirlash va jihozlash ishlarini amalga oshirish uchun zarur moliyaviy mablagʻlar safarbar etilishini, zamonaviy oʻquv-laboratoriya jihozlari, kompyuter va boshqa tashkiliy texnika, kutubxona fondi bilan jihozlanishini taʼminlash.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi ikki oy muddatda:
Filialning tuzilmasini oliy taʼlim muassasalari uchun belgilangan normativlarga muvofiq tasdiqlasin;
Filialning ustavini belgilangan tartibda tasdiqlasin va uning davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin;
Filialni tanlov asosida yuqori malakali professor-oʻqituvchilar bilan taʼminlash choralarini koʻrsin;
Filialda oʻquv-metodik jarayonning tashkil etilishini taʼminlash, shtatlar jadvali va xarajatlar smetasini tasdiqlash, uni oʻquv-laboratoriya asbob-uskunalari va kompyuter texnikasi bilan jihozlash boʻyicha aniq chora-tadbirlarni amalga oshirsin;
Filial axborot-resurs markazini tayanch oliy taʼlim muassasasi tomonidan qoʻshimcha oʻquv, ilmiy va badiiy adabiyotlar bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.
6. Quyidagilar Filial faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari;
toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;
xoʻjalik faoliyatidan va shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan mablagʻlar;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
xalqaro moliya va boshqa institutlar, xorijiy tashkilotlarning grantlari doirasida tushadigan mablagʻlar;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
7. Belgilab qoʻyilsinki, Filialning dastlabki faoliyatini yoʻlga qoʻyish bilan bogʻliq xarajatlar, shu jumladan:
Filialning xodimlari mehnatiga haq toʻlash va Filialni joriy taʼminlash bilan bogʻliq xarajatlar — Toshkent davlat iqtisodiyot universitetining budjetdan tashqari, toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlari hisobidan;
Filialning bino va inshootlarini joriy taʼmirlash va jihozlash (mebellar, kompyuter texnikasi, oʻquv adabiyotlari va boshqa moddiy-texnika vositalari) bilan bogʻliq xarajatlar — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Oliy taʼlim muassasalarini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
9. Filialga 2 ta, shu jumladan, 1 ta yengil va 1 ta maxsus avtotransport vositasini saqlashga limit ajratilsin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlariga asosan Oʻzbekiston Respublikasining rivojlantirish davlat dasturlarining 2020-yil va keyingi yillar uchun parametrlarini shakllantirishda Filial bino va inshootlarini rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash va jihozlash yuzasidan loyihalar ushbu dasturlarga belgilangan tartibda kiritilishini nazarda tutsin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining murojaatiga asosan onlayn maʼruza va masofaviy taʼlim bilan taʼminlash maqsadida Filialni yuqori tezlikdagi Internet hamda elektron taʼlim milliy tarmogʻiga 2019-yil 25-dekabrgacha belgilangan tartibda ulash choralarini koʻrsin.
12. Samarqand viloyati hokimligi tayanch oliy taʼlim muassasasi va xorijiy hamkorlardan faoliyat koʻrsatish uchun Filialga xizmat safariga yuboriladigan professor-oʻqituvchilarga yashash sharoitini yaratish maqsadida Filialni 2 ta xizmat uyi bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.
13. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻlar qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari A.A. Abduxakimov, oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov hamda Samarqand viloyati hokimi E.O. Turdimov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 28-maydagi 438-son qaroriga ILOVA
Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti Samarqand filialining Vasiylik kengashi
1. E.O. Turdimov ― Samarqand viloyati hokimi, Vasiylik kengashi raisi 2. U.Sh. Begimkulov ― oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirining oʻrinbosari, Vasiylik kengashi raisining oʻrinbosari 3. B.Y. Xodiyev ― Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti rektori, Vasiylik kengashi raisining oʻrinbosari 4. Q.X. Sobirov ― Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining Samarqand viloyat bosh boshqarmasi boshligʻi 5. S.A. Abraxmatov ― Samarqand viloyati statistika boshqarmasi boshligʻi 6. B.T. Mirzayev ― Samarqand viloyati moliya boshqarmasi boshligʻi 7. K.T. Abdullayev ― “Sam Antep Gilam” kompaniyasi direktori 8. F.I. Fuzaylov ― “Afrosiyob parranda” MChJ boshqaruvi raisi 9. Q. Shomurodov ― “Jomboy don mahsulotlari” AJ boshqaruvi raisi 10. B.M. Marupov ― “TONI-GRIN” MChJ boshqaruvi raisi 11. Sh.A. Jalolov ― “Agromir-Samarqand” MChJ boshqaruvi raisi 12. A.R. Sharopov ― “Sam Ros Xolod” MChJ boshqaruvi raisi 13. J.T. Xaydarov ― “Ur-gaz karpet” korxonasi direktori 14. M.M. Mavlonov ― “Oʻzbegim Agro” qoʻshma korxonasi direktori 15. Gʻ. Muxammadiyev ― “Sam Plast Servis” xususiy korxonasi direktori 16. lavozimi boʻyicha ― Toshkent davlat iqtisodiyot universitetining Samarqand filiali direktori, Vasiylik kengashi kotibi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 28-may,
438-son