📅 2019-yil 31-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 31-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 31 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 31 мая 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 31 May 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
СЕРТИФИКАТ (тавсифи)
Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 14 ноябрдаги ПФ-5577-сон Фармонига мувофиқ ҳамда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Тошкент архитектура-қурилиш институти ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг:
Тошкент архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Қурилиш соҳасидаги менежерларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Архитектура-қурилиш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказида — лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотларнинг раҳбар ва мутахассислари;
Қурилиш вазирлиги таркибидаги коллежлар базасида — лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотларнинг ишчи касб эгалари учун қурилишда юқори технологик усулларни ўзлаштиришга, соҳа мутахассисларининг касб ва малака даражасини доимий ошириб боришга йўналтирилган малака ошириш курсларини ташкил этиш орқали уларнинг мунтазам малакасини ошириб бориш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Белгилансинки, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган давлат корхоналари ва устав капиталида (фондида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқни ташкил этувчи юридик шахсларнинг раҳбар ва мутахассислари, ишчи касб эгалари ҳар беш йилда камида бир марта малака ошириш курсларидан ўтадилар.
Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган мазкур банднинг биринчи хатбошида кўрсатилмаган ташкилотларга уларда фаолият юритадиган раҳбар ва мутахассислар, ишчи касб эгаларининг ҳар беш йилда камида бир марта малака ошириш курсларидан ўтишини таъминлаб бориш тавсия этилсин.
Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини реставрация қилиш ва таъмирлаш-тиклаш соҳасида фаолият олиб борадиган ташкилотлар бундан мустасно.
3. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
икки ой муддатда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малака ошириш курси (кейинги ўринларда малака ошириш курси деб аталади) йўналишлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини қурилиш соҳасидаги замонавий янгиликлар ва ислоҳотларга мос равишда қайта кўриб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
малака ошириш курслари ўқув жараёни билан боғлиқ зарур тайёргарлик ишларини самарали ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиш ва уларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси билан биргаликда икки ой муддатда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг хорижий мамлакатларда белгиланган тартибда амалиёт ўташини ташкил этган ҳолда узлуксиз, шу жумладан масофавий касбга ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги малака ошириш таълим муассасалари билан биргаликда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисликлар йўналишлари бўйича малака ошириш курсларида дарс беришга юқори салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилар ва малакали мутахассисларни доимий равишда жалб этсин.
7. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш тадбирларини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар ҳисобланади:
ушбу мақсадлар учун ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар;
малака ошириш тизимида таълим муассасаларининг лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларини ўқитиш учун буюртмачиларнинг маблағлари;
лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш учун жалб этиладиган маҳаллий ва хорижий грантлар;
таълим хизматларини кўрсатиш, илмий-педагогик, ишлаб чиқариш ва бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
8. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири биринчи ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 майдаги 451-сон қарорига ИЛОВА
Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги раҳбар ва мутахассислар, ишчи касб эгаларининг (кейинги ўринларда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар деб аталади) малакасини ошириш тартибини белгилайди.
2. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини оширишнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар касбий малака даражасини мунтазам ошириш асосида уларни қонунчилик нормалари, назария, илмий ва амалий тадқиқотлар, янги технологиялар ва қурилиш соҳасидаги инновациялар бўйича сўнгги ютуқлар билан таништириш;
лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар фаолиятини талаб даражасида ташкил этиш ва самарадорлигини оширишни таъминлаш мақсадида юқори самарали инновацион технологияларни, илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этган ҳолда соҳа мутахассислари малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини тубдан янгилаш;
лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларни эгаллаш ҳамда уларни ишлаб чиқариш жараёнига фаол татбиқ этишини таъминлаш.
3. Хорижий ташкилотлар ва жисмоний шахслар буюртмаларига асосан лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш ихтиёрий равишда, тузилган шартнома асосида мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.
4. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (кейинги ўринларда ваколатли давлат органи деб аталади) томонидан манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилади.
5. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш ушбу Низомнинг 1-иловасида келтирилган малака ошириш жараёни схемаси бўйича амалга оширилади.
6. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
бино ва иншоотларни техник кўрикдан ўтказиш билан шуғулланадиган ташкилот мутахассислари — бино ва иншоотларни техник кўрикдан ўтказиш билан шуғулланадиган мутахассис, автомобиль йўллари ва кўприк иншоотларни техник кўрикдан ўтказиш билан шуғулланадиган мутахассис;
буюртмачи — идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият юритадиган ташкилотлар;
ишчи касб эгаси — қурилиш соҳасидаги ташкилотларда ўрта махсус маълумотли ёки тегишли йўналиш бўйича сертификатга, ишчи касбларда тажрибага эга бўлган, муайян вазифаларни бажарувчи ишчилар (бино ва иншоотлар бўйича техник-архитектор, умумқурилиш ишлари устаси, қурилиш-пардозлаш ишлари устаси, дурадгорлик ва пол ётқизиш ишлари устаси, ободонлаштириш бўйича техник ва б.);
лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотларнинг раҳбарлари — лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотларда бошқарув функциялари ва вазифаларини бажарувчи ходимлар;
лойиҳалаш соҳасидаги раҳбарлар ва мутахассислар — бино ва иншоотларни лойиҳалаш бўйича етарли иш тажрибасига эга, қурилиш соҳасида меъёр ва қоидаларни лойиҳалаш жараёнида тўғри қўллай оладиган, ўзи тайёрлаган лойиҳа бўйича муаллифлик назоратини олиб борувчи мутахассис (лойиҳа бош муҳандиси, лойиҳа бош архитектори, тузилма бўлими бошлиғи, лойиҳа ҳужжатлари қисмини ишлаб чиқишни амалга оширувчи бош мутахассис (йўналишлар: умумқурилиш ишлари, сув таъминоти, оқава сувларни оқизиш, иссиқлик таъминоти, шамоллатиш ва кондиционерлаш, электр таъминоти ва б.);
қурилиш соҳасидаги раҳбарлар ва мутахассислар — етарли иш тажрибасига эга, бино ва иншоотларнинг лойиҳаси асосида қурилиш жараёнини таъминлайдиган, қурилишда иш жараёнини ташкил этувчи, назоратни олиб борувчи мутахассис (бош муҳандис, техник-ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи, қурилишда иш юритувчи (прораб), уста, сметачи (йўналишлар бўйича: умумқурилиш ишлари, сув таъминоти, оқава сувларни оқизиш, иссиқлик таъминоти, шамоллатиш ва кондиционерлаш, электр таъминоти ва б.);
ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси раҳбарлари ва мутахассислари — лойиҳа раҳбари, техник назорат бўйича муҳандис (йўналишлар бўйича: умумқурилиш ишлари, сув таъминоти, оқава сувларни оқизиш, иссиқлик таъминоти, шамоллатиш ва кондиционерлаш, электр таъминоти ва б.).
2-боб. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш курслари мақсади ва вазифалари
7. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасига замонавий бозор механизмлари ва халқаро стандартларни, технологиялар ва «ноу-хау»ни жорий этиш, шунингдек, мутахассислар малакасини замонавий ўқув дастурлари асосида зарур бўлган касбий билимлар, кўникмалар, малакалар ва компетенцияларини мунтазам равишда янгилаб бориш малака ошириш курсларининг мақсади ҳисобланади.
8. Малака ошириш курсларининг вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
мутахассисларнинг касбий билимлари, кўникмалари, малакалари ва компетенцияларини узлуксиз ошириб бориш механизмларини жорий этиш, замонавий талабларга мувофиқ лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси фаолияти самарадорлиги ва сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий малака даражасини ошириш;
малака оширишнинг тўғридан-тўғри ва билвосита шаклларини (масофавий ёки мустақил) амалиётга жорий этиш;
соҳанинг истиқболли ривожланиши ҳамда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида замон талабларига мос ҳолда ўқув-меъёрий ҳужжатларга зарур ўзгартиришлар киритиб бориш;
малака ошириш жараёнларини ишлаб чиқариш ва фан-техника билан интеграциясини таъминлаш, мутахассислар малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш.
3-боб. Малака ошириш курсларидан ўтиш тартиби
8. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар учун тегишли йўналишларни инобатга олган ҳолда, беш йилда камида бир марта малака оширишнинг тегишли йўналишлари бўйича малакасини оширадилар.
9. Малака ошириш жараёни белгиланган тартибда тасдиқланган давлат таълим талаблари, ўқув режа ва дастурлари асосида амалга оширилади.
10. Ҳар йили 20 ноябрга қадар лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган ташкилотларнинг буюртманомалари (фамилияси, исми ва отасининг исми, қачон ва қайси таълим муассасасини битирганлиги, диплом бўйича мутахассислиги, иш жойи ва стажи, лавозими, охирги малака оширган вақти малакасини оширган бўлса, кўрсатилган ҳолда) асосида малака ошириш таълим муассасалари томонидан белгиланган малака ошириш курсларидан ўтиш даврийлигига мувофиқ кейинги календарь йил учун ўқиш йўналишлари бўйича малака ошириш курслари тингловчиларининг гуруҳлари шакллантирилади.
11. Таълим муассасаси томонидан умумлаштирилган буюртмалар асосида малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича йиллик режа белгиланган тартибда тасдиқлангандан сўнг, малака ошириш таълим муассасаси малака ошириш курслари бошланиши тўғрисида буюртмачини беш кун олдин хабардор қилади.
12. Тасдиқланган йиллик режага мувофиқ лойиҳалаш ва қурилиш соҳасининг мутахассислари ўқиш йўналиши бўйича доимий фаолият юритадиган малака ошириш таълим муассасаларига юборилади.
13. Буюртмачилар мазкур режа асосида лойиҳа ва қурилиш соҳаси мутахассисларининг таълим муассасасига ўқишга етиб боришларини таъминлайди.
14. Курсларга тингловчиларни қабул қилиш тасдиқланган режа ва жўнатувчи томоннинг буюртманомаси асосида тегишли малака ошириш таълим муассасаси директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Малака ошириш курсларига тингловчиларни қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ курслар бошланиши санасидан бошлаб уч иш куни мобайнида расмийлаштирилади. Тингловчилар гуруҳини шакллантиришда, курснинг ўқув режа ва дастурларини тайёрлашда базавий маълумот, мутахассислик, тоифа ва эгаллаб турган лавозими, шунингдек, буюртмачининг талаблари ҳисобга олинади.
15. Малака ошириш курслари бошлангандан кейин уч иш куни мобайнида узрсиз сабабларга кўра келмаган тингловчилар, келмасликнинг сабабларидан қатъий назар, курсларга қўйилмайди.
16. Малака ошириш таълим муассасаси тингловчиларнинг малака ошириш курсларига ўз вақтида келмаганлигининг барча ҳолатлари тўғрисида жўнатувчи томонга ва ваколатли давлат органига хабар беради.
17. Малака ошириш курсларидаги ўқув жараёни гуруҳларнинг тўлдирилишига боғлиқ ҳолда тингловчилар сони, камида 10, кўпи билан 25 нафар тингловчи бўлган академик гуруҳларда ташкил этилади.
18. Малака ошириш курсларини ташкил этиш, уларни талаб даражасида ўтказиш, таълим самарадорлигини таъминлаш учун шароитлар яратиш масъулияти таълим муассасаси раҳбари зиммасига юкланади.
19. Тингловчилар қуйидаги сабабларга кўра тингловчилар сафидан четлаштирилади:
ўз хоҳишига биноан;
саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
ўқув интизомини ва таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганлиги учун;
малака ошириш (18 академик соатдан ортиқ) курсидаги дарс машғулотларини узрли сабабларсиз қолдиргани учун;
шартнома асосида ўқитиш билан боғлиқ мажбуриятларни бажармагани учун;
суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги сабабли;
вафот этганлиги сабабли.
20. Тингловчиларнинг касаллиги тасдиқланган тақдирда, уларнинг малака ошириш курсларидан ўтиш муддатлари таълим муассасаси ва буюртмачи билан келишув бўйича тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ энг кеч муддатга кўчирилади. Тўланган маблағлар ўқиш учун сақланади.
21. Тингловчилар малака ошириш курсидан четлатилганда унга сабаблари кўрсатилган ҳолда маълумотнома берилади, шунингдек, бу ҳақида буюртмачига маълум қилинади.
22. Малака ошириш курсидан четлатилган ёки якуний назоратдан ўта олмаган тингловчи малака ошириш курсидан бир йил мобайнида такроран ўтади.
23. Узоқ ҳудудлардан келган тингловчилар шартнома мажбуриятларига биноан ўқиш даврида таълим муассасаси имкониятларига кўра вақтинча турар жой билан таъминланиши мумкин.
Лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш шакллари қуйидагилардан иборат:
тўғридан-тўғри малака ошириш (кундузги, таълим дастурлари бўйича ўқитиш);
масофавий таълим асосида малака ошириш;
дуал таълим асосида малака ошириш;
Таълим муассасасида мутахассисларининг малакасини ошириш лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси кадрларига қўйиладиган малака ва меҳнат бозори талабларига мувофиқ тингловчиларнинг касбий билимлари, малака ва кўникмаларини чуқурлаштиришга мўлжалланган таълим дастурларидан иборат бўлади.
24. Малака ошириш муддати буюртмачилар таклифига кўра, йўналишга қараб камида 36 академик соат этиб белгиланиб, асосий иш жойидан тўлиқ ажралган ҳолда амалга оширилади.
25. Малака оширишнинг тўғридан-тўғри шакллари учун аудитория машғулотлари ва мустақил ишларнинг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.
Бунда ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 36 соатни (54 академик соатни), аудитория машғулотларининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 24 соатни (36 академик соатни) ташкил қилади.
Малака ошириш курслари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва малака ошириш бўйича махсус курслар мавжуд бўлган ва зарур моддий-техник база билан жиҳозланган, етарли илмий-методик ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган таълим муассасаларида амалга оширилади.
26. Масофавий таълим асосида малака ошириш соҳа мутахассисларининг касбий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва масофадан ўқитишни амалга оширишга мўлжалланган махсус таълим дастури ҳисобланади.
27. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассисларининг масофавий таълим асосида малака ошириш таълим дастурлари таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилади ва ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.
28. Масофавий таълим асосида малака ошириш шакли соҳада 10 йилдан кам бўлмаган, шунингдек, хорижда стажировка ёки малака оширишдан ўтган, юқори салоҳиятга эга бўлган, замонавий ахборот технологиялари билан ишлашнинг амалий кўникмаларини эгаллаган, замонавий техника ва технологиялар билан ишлайдиган соҳа мутахассислари учун ташкил этилади.
Такроран малака ошириш курсларидан ўтадиган тингловчилар асосий ишдан ажралмаган ҳолда курсларнинг ўқув дастурларини масофадан ўқитиш усуллари орқали ўзлаштириш асосида амалга оширилиши мумкин.
29. Масофадан ўқитиш усуллари бўйича таълим олган тингловчилар якуний назоратга киритилади. Якуний назорат тегишли йўналишлар бўйича таълим муассасалари ҳузуридаги аттестация комиссиялари томонидан амалга оширилади.
30. Масофавий таълим асосида малака оширишни жорий этишда барча таълим жараёнларининг асосий компонентлари ўқитишнинг илғор усулларига асосланган, таълим олувчи ҳамда таълим берувчи ўртасидаги ўзаро муносабатлар тартиби аниқланган бўлиши ва таъминланиши зарур.
31. Масофавий таълим асосида малака ошириш курсларида электрон мультимедиали қўлланмалар, виртуал кутубхоналар, видеоконференциялар, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ёрдамида мулоқот ва ахборот олиш имкониятларидан фойдаланилади.
32. Масофавий таълим асосида малака ошириш курслари тингловчиси Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали малака ошириш муассасалари веб-сайтларининг электрон рўйхатидан ўтиши учун ўз анкета маълумотларини киритади.
33. Тингловчилар масофавий таълим асосида малака ошириш курсининг ўқув жадвали бўйича модулларни веб-саҳифада тақдим этилган ўқув-услубий материаллар асосида мустақил равишда ўзлаштирадилар.
34. Тингловчилар малака ошириш курсини ўзлаштириб бўлгандан сўнг, малака ошириш муассасаси томонидан якуний назорат ўтказилади.
35. Якуний назорат учун Давлат аттестация комиссияси тузилади. Комиссия томонидан тингловчиларнинг малакани ҳимоя қилиш ишлари баҳоланади.
36. Якуний назоратдан ўтган малака ошириш курслари тингловчиларига ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ қатъий ҳисобда турадиган давлат намунасидаги ҳужжат ҳисобланадиган сертификат берилади.
37. Жадвалга киритилган ва малака ошириш курсларида ўқийдиган тингловчилар учун ўқишнинг барча даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича эгаллаган лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади.
4-боб. Малака ошириш курслари ташкилотчилари ва уларнинг вазифалари
38. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, малака ошириш таълим муассасалари ҳамда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган ташкилотлар малака ошириш курслари ташкилотчилари ҳисобланади.
39. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:
малака ошириш курсларига умумий раҳбарликни амалга оширади;
малака ошириш курсларининг ўқув жараёнини такомиллаштириш механизмлари ва услубларини белгилайди;
тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни (малака талаблари, ўқув режа ва дастурларини, масофадан ўқитиш таълим усулларини ташкил этиш ва ўтказиш, тингловчиларнинг малакасини ҳимоя қилиш ишини тайёрлаш ва ҳимояга тақдим этиш, амалиётни ташкил этиш ва ўтказиш тартибларини) тасдиқлайди.
40. Малака ошириш таълим муассасалари:
замон талаблари, соҳадаги инновацион ривожланишларни ҳамда таълим дастурларининг узлуксизлигини, кетма-кетлигини ҳисобга олган ҳолда, соҳа мутахассисларини ўқитиш йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқади;
умумэътироф этилган халқаро таълим стандартлари ва талаблари, шунингдек, ўқитишнинг замонавий шакллари ва услублари, ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларидан фойдаланиб тайёрланган ўқув режа ва дастурлари асосида ўқитишнинг модул тизимини қўллаган ҳолда ўқув жараёнини ташкил этади;
тасдиқланган жадвалга асосан, ишдан ажралган, шу жумладан масофавий ўқитиш усулларини қўллаган ҳолда соҳа мутахассисларининг малакасини оширади;
лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассисларини малакасини ошириш бўйича хорижий тажрибани ва таълим муассасаларининг эътироф этилган ютуқларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;
курслар доирасида сифат жиҳатидан юқори ташкилий ва касбий даражада машғулотлар ўтказиш учун зарур ўқув, услубий ва моддий-техника базасини ташкил этади;
масофадан ўқитиш усуллари асосида лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассислари учун ташкил этиладиган малака ошириш курсларининг тегишли ўқув-методик ресурсларини ишлаб чиқади;
малака ошириш курсларида машғулотлар ўтказиш учун олий таълим муассасаларининг етакчи педагог кадрларини, амалиётчи мутахассисларни, шунингдек, шартнома асосида лойиҳа илмий-тадқиқот муассасаларнинг юқори малакали кадрларини ва хорижий мутахассисларни кенг жалб этишни таъминлайди;
малака ошириш йўналишлари бўйича зарур ахборот-маълумотлар базасини шакллантиради, малака ошириш жараёнига замонавий инновацион педагогик, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқишни ва уларни жорий этишни ташкил этади.
41. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган ташкилотлар:
мутахассислар таркибидан тегишли йўналишлар бўйича малака ошириш курсларидан ўтиши керак бўлган тингловчилар контингентини шакллантиради;
малака ошириш курсларининг тасдиқланган жадвали асосида ўз ходимларининг курсларга белгиланган муддатларда ўз вақтида келишларини таъминлайди;
ташкилотларнинг мажлисларида малака ошириш натижаларини муҳокама қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этади;
курсларни муваффақиятли тамомлаган мутахассисларнинг илғор тажрибасини, янги билимлари ва кўникмаларини оммалаштиришни ташкил қилади;
малака ошириш курсларидан ўтган шахсларнинг касбий фаолияти бўйича доимий мониторингни ташкил этади.
5-боб. Малака ошириш курсларида ўқув жараёнини ташкил этиш
42. Малака ошириш курсларида ўқув жараёнини ташкил этиш тегишли йўналишлар бўйича тасдиқланган малака талаблари, ўқув режалари ва дастурлари, машғулотлар жадвали билан тартибга солинади. Ўқув режалари ва дастурлари фан, техника, технологиялар ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари асосида ҳар йили такомиллаштирилади.
43. Малака ошириш курсларида ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари — маъруза, интерактив семинарлар, амалий машғулот, кўчма машғулот, тажриба алмашиш, мустақил ўқиш ва малака амалиёти қўлланилади.
44. Тегишли ахборот-методик ва ташкилий-техник база мавжуд бўлган тақдирда, малака ошириш ўқув курслари масофадан ўқитиш усуллари қўлланилган ҳолда ташкил этилиши мумкин.
Масофадан ўқитиш усуллари асосидаги курсларда ўқув машғулотлари онлайн ва оффлайн шаклларида ташкил этилади.
45. Аудиторияда ўтказиладиган барча машғулотлар турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус — камида 10 дақиқани ташкил этади.
46. Тингловчиларнинг малака амалиёти соҳадаги етакчи лойиҳалаш ва қурилиш ташкилотлари базасида ташкил этилади.
47. Малака ошириш курсларида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари билан тингловчиларни ўқитадиган педагоглар таркибининг ўқув юкламаси ҳажми ўқув йили мобайнида белгиланган нормативлар бўйича улар амалда бажарадиган ўқув ишларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
6-боб. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини оширишни молиялаштириш
48. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш тадбирларини молиялаштириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:
ушбу мақсадлар учун ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар;
малака ошириш тизимида таълим муассасаларининг лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларини ўқитиш учун буюртмачиларнинг маблағлари;
лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш учун жалб этиладиган маҳаллий ва хорижий грантлар;
таълим хизматларини кўрсатиш, илмий-педагогик, ишлаб чиқариш ва бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
49. Шартнома асосида малака ошириш курслари учун ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш асосида сарф-харажатлар сметаси таълим муассасаси томонидан тузилади ва унинг раҳбари томонидан тасдиқланади.
50. Сметада курснинг ўқув дастури ва режасида назарда тутилган барча дарс машғулотлари учун тўланадиган соатбай ҳақ, курснинг моддий-техника таъминоти, курсни ташкил этиш ва ўтказишга жалб этилган (раҳбар, педагог ва техник) ходимларга тўланадиган иш ҳақи, уларни рағбатлантириш, шунингдек тўланадиган солиқлар учун маблағлар назарда тутилади. Бунда қайта тайёрлаш курсларида ўқиш учун тингловчи томонидан тўланадиган маблағ мазкур курсларни ўтказиш учун сарфланадиган харажатлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда (сметадаги жами харажатларни тингловчилар сонига бўлиш орқали) ҳисоблаб чиқилади.
51. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш марказлари ва курсларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларнинг молиявий ҳисоботлари қонунчилик ҳужжатлари асосида олиб борилади.
7-боб. Малака ошириш курслари тингловчиларини аттестациядан ўтказиш ва баҳолаш
52. Тингловчилар ўқув курслари таълим дастурларини ўзлаштириб бўлгандан сўнг, таълим муассасаси томонидан аттестациядан ўтказилади. Аттестация якуний тест синовлари ва битирув иш ҳимоясидан иборат бўлиб, ишчи касб эгалари учун эса амалий имтиҳон ўтказилади.
53. Аттестация комиссияси раисининг номзоди таълим муассасаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига келишиш учун тавсия этилади. Аттестация комиссияси таркиби беш нафардан иборат таркибда таълим муассасаси томонидан тасдиқланади.
54. Аттестация комиссияси таркибига таълим муассасаси, етакчи ташкилотлар, уюшмалар вакиллари жалб қилиниши мумкин.
55. Аттестация комиссияси таркибининг учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.
56. Малака ошириш таълим муассасаларининг аттестация комиссиялари аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш аттестация комиссияси таркибида ишларни бажаришнинг белгиланган нормативларидан келиб чиққан ҳолда меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
57. Якуний тест малака ошириш ўқув режасидаги барча модуллар бўйича саволларни қамраб олган ҳолда тайёрланган тест саволлари асосида ўтказилади. Якуний тест асосида тингловчининг билим даражаси 50 дақиқа давомида 50 та тест саволлари асосида 100 баллик баҳолаш тизими орқали аниқланади. Тест натижаси тест якунланиши билан дарҳол экранда акс эттирилади. Ушбу тест синовларини ўтказиш таълим муассасасининг серверида жойлаштирилган электрон тизимга видеокузатувни ёзиб бориш орқали амалга оширилади.
58. Малака ошириш курсларининг 36 ва 72 академик соат бўлган йўналишлари учун якуний тест синовлари топширилади. Якуний тест синови умумий 100 балл деб белгиланади ва умумий баллдан камида 55 балл (55 фоиз) тўплаган тингловчи тест синовларидан ўтган ҳисобланади. Ушбу курс тингловчилари якуний битирув иши ва амалий имтиҳон топширмайди.
Малака ошириш курсларининг 144 академик соат бўлган йўналишлари учун якуний битирув иши умумий 100 балл деб белгиланади ва умумий баллдан камида 55 балл (55 фоиз) тўплаган тингловчи ўтган ҳисобланади. Ушбу курс тингловчилари якуний тест синовлари ва амалий имтиҳон топширмайди.
Ишчи касб эгаларининг малакасини оширишда ўқув курс йўналишлари бўйича амалий имтиҳон ўтказилади ва унда умумий балл 100 балл деб белгиланади. Умумий баллдан камида 55 балл (55 фоиз) тўплаган тингловчи ўтган ҳисобланади. Ушбу курс тингловчилари битирув ишлари ва якуний тест синовлари топширмайди.
59. Мутахассислар учун якуний тест синови ёки битирув иши ёхуд ишчи касб эгалари учун амалий имтиҳоннинг умумий 100 баллидан камида 55 балл (55 фоиз) тўплаган тингловчи малака ошириш курсини тугатган ҳисобланади ва тингловчига давлат намунасидаги сертификат берилади.
60. Якуний тест синови ёки якуний битирув иши ва амалий имтиҳоннинг умумий баллидан 55 балл (55 фоиз) тўпламаган тингловчи малака ошириш курсларидан ўтмаган ҳисобланади.
61. Якуний тест синови ёки якуний битирув иши ва амалий имтиҳоннинг умумий баллидан 55 балл (55 фоиз) тўпламаган тингловчи ушбу назоратлар натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 24 соат ичида таълим муассасаси директорига ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.
Апелляция комиссияси таркиби 3 нафардан иборат таркибда таълим муассасаси томонидан тасдиқланади. Апелляция комиссияси апелляцияга келиб тушган аризани 24 соат ичида кўриб чиқади ва натижасини аризачига эълон қилади.
8-боб. Якунловчи қоида
62. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш жараёни
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш Муддати 1-босқич Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотлар (буюртмачи) Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотлар буюртманомаларни шакллантиради ва курсларда таълим олишга номзодлар рўйхатини малака ошириш таълим муассасасига тақдим этади. Ҳар йили,20 ноябрга қадар 2-босқич Малака ошириш таълим муассасалари (ижрочи) Малака ошириш таълим муассасалари томонидан номзодлар рўйхати ва гуруҳлари (йўналишларда 10 — 25 нафар тингловчи) шакллантирилади. Гуруҳлар шаклланиши билан бир иш кунида 3-босқич Малака ошириш таълим муассасалари (ижрочи) Малака ошириш таълим муассасаси малака ошириш курслари бошланиши тўғрисида буюртмачини беш кун олдин хабардор қилади. Тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ 4-босқич Малака ошириш таълим муассасалари (ижрочи) Малака ошириш таълим муассасалари йиллик режа ва рўйхат бўйича (шартнома асосида) ўрнатилган тартибда тингловчилар учун малака ошириш курсларини ташкил этади. Келишилган ҳолда тасдиқланган йиллик режа асосида 5-босқич Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотлар (буюртмачи) Буюртмачи тасдиқланган йиллик режа ва рўйхат бўйича тингловчилар учун белгиланган муддатларда шартнома шартларини бажаради ва курсларда тингловчиларни қатнашишини таъминлайди. Келишилган ҳолда тасдиқланган йиллик режа асосида 6-босқич Малака ошириш таълим муассасаси (ижрочи) Курсларга тингловчиларни қабул қилиш тасдиқланган режага мувофиқ таълим муассасаси директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Тингловчининг курсларга ўз вақтида келмаганлиги (3 кун давомида курсларга келмаса курсдан четлатилади) тўғрисида жўнатувчи томонга ва ваколатли давлат органига хабар беради. Ўқув жараёни бошланиши санасидан уч иш куни давомида 7-босқич Малака ошириш таълим муассасаси (ижрочи) Малака ошириш муддати буюртмачилар таклифига кўра, йўналишига қараб бир ҳафтага 36 академик соат, икки ҳафтага 72 академик соат ва бир ойлик курслар учун 144 академик соат этиб белгиланади. Ўқув жараёни маъруза, амалий машғулот, семинар тренинг, кўчма машғулот, малака амалиёти, маҳорат дарслари ва бошқа шаклларда олиб борилади. Тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ 8-босқич Таълим муассасаси (ижрочи), Давлат аттестация комиссияси, тингловчи (буюртмачи) Ўқув курсининг йўналиши ва муддатига қараб якуний назорат қуйидаги шаклларда ўтказилади: — 36 ва 72 академик соат бўлган ўқув курсларда ўқиган мутахассислар учун якуний тест синовлари шаклида; — 144 академик соат бўлган ўқув курсларда ўқиган мутахассислар учун битирув иши шаклида; — 36 ва 72 академик соат бўлган ўқув курсларда ўқиган ишчи касб эгалари учун амалий имтиҳон шаклида . Тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ 9-босқич Таълим муассасаси (ижрочи), Давлат аттестация комиссияси Мутахассислар учун якуний тест синови ёки битирув иши ёхуд ишчи касб эгалари учун амалий имтиҳоннинг умумий 100 баллидан камида 55 балл (55%) тўплаган тингловчи курсни тугатган ҳисобланади ва тингловчига давлат намунасидаги «Сертификат» берилади. Малака ошириш курсидан ўтган тингловчига бир иш куни мобайнида сертификат берилади, ўта олмаган тингловчилар рўйхати эълон қилинади. 10-босқич Таълим муассасаси (ижрочи), Давлат аттестация комиссияси, тингловчи (буюртмачи) Якуний назоратга ажратилган 55 баллдан (100 баллнинг 55%) кам балл тўплаган тингловчи малака ошириш курсидан ўтмаган ҳисобланади. Малака ошириш курсидан четлатилган ва якуний назоратдан ўтмаган тингловчилар бир йил мобайнида курслардан такроран ўтади.
Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги
Малака ошириш тўғрисидаги сертификат А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун — қора рангда, расмлар тасвири учун — яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун — оч кул рангда босиб чиқарилади.
Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири, паст қисмида эса — 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.
Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида «O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI. Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT» сўзлари босилади. Сертификат икки лотин ҳарфи — MO ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кул ранг фонда босиб чиқарилади.
босиб чиқаришнинг икки усули — офсет ва юқори усули;
ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;
нақшли растр;
ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;
махсус қоғозлар;
ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.
(Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири) O`zbekiston Respublikasi Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT MO № 000000 _______________________________________________________________________________________________________ (tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi) 20____ yil ___________________dan 20____ yil _________________________gacha _______________________________________________________________________________________________________ _______________________________________________________________________________________________________ (malaka oshirish ta`lim muassasasining nomi) Jami _______________________________________________________________________________________________ soatli _______________________________________________________________________________________________________ (malaka oshirish kursining nomi) bo`yicha malakasini oshirdi. Muhr o`rni Direktor _______________________ Sana __________________________ Qayd raqami ____________________
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 31 май,
451-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
SERTIFIKAT (tavsifi)
Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislar malakasini oshirish tizimini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qurilish sohasini davlat tomonidan tartibga solishni takomillashtirish qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 14-noyabrdagi PF-5577-son Farmoniga muvofiq hamda loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislar malakasini oshirish tizimini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi, Toshkent arxitektura-qurilish instituti va Samarqand davlat arxitektura-qurilish institutining:
Toshkent arxitektura-qurilish instituti huzuridagi Qurilish sohasidagi menejerlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazi hamda Samarqand davlat arxitektura-qurilish instituti huzuridagi Arxitektura-qurilish yoʻnalishidagi mutaxassislarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazida — loyihalash va qurilish sohasidagi tashkilotlarning rahbar va mutaxassislari;
Qurilish vazirligi tarkibidagi kollejlar bazasida — loyihalash va qurilish sohasidagi tashkilotlarning ishchi kasb egalari uchun qurilishda yuqori texnologik usullarni oʻzlashtirishga, soha mutaxassislarining kasb va malaka darajasini doimiy oshirib borishga yoʻnaltirilgan malaka oshirish kurslarini tashkil etish orqali ularning muntazam malakasini oshirib borish tizimini takomillashtirish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Belgilansinki, loyihalash va qurilish sohasida faoliyat olib boradigan davlat korxonalari va ustav kapitalida (fondida) davlat ulushi 50 foiz va undan ortiqni tashkil etuvchi yuridik shaxslarning rahbar va mutaxassislari, ishchi kasb egalari har besh yilda kamida bir marta malaka oshirish kurslaridan oʻtadilar.
Loyihalash va qurilish sohasida faoliyat olib boradigan mazkur bandning birinchi xatboshida koʻrsatilmagan tashkilotlarga ularda faoliyat yuritadigan rahbar va mutaxassislar, ishchi kasb egalarining har besh yilda kamida bir marta malaka oshirish kurslaridan oʻtishini taʼminlab borish tavsiya etilsin.
Moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlarini restavratsiya qilish va taʼmirlash-tiklash sohasida faoliyat olib boradigan tashkilotlar bundan mustasno.
3. Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarning malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda:
ikki oy muddatda loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarning malaka oshirish kursi (keyingi oʻrinlarda malaka oshirish kursi deb ataladi) yoʻnalishlari boʻyicha oʻquv rejalari va dasturlarini qurilish sohasidagi zamonaviy yangiliklar va islohotlarga mos ravishda qayta koʻrib chiqsin va belgilangan tartibda tasdiqlasin;
malaka oshirish kurslari oʻquv jarayoni bilan bogʻliq zarur tayyorgarlik ishlarini samarali tashkil etish uchun shart-sharoitlar yaratish va ularga har tomonlama amaliy yordam koʻrsatilishini taʼminlasin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi Tashqi ishlar vazirligi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi mutaxassislarni xorijda tayyorlash va vatandoshlar bilan muloqot qilish boʻyicha “El-yurt umidi” jamgʻarmasi bilan birgalikda ikki oy muddatda loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislar hamda professor-oʻqituvchilarning xorijiy mamlakatlarda belgilangan tartibda amaliyot oʻtashini tashkil etgan holda uzluksiz, shu jumladan masofaviy kasbga oʻqitish va malakasini oshirish boʻyicha chora-tadbirlar dasturini ishlab chiqsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi malaka oshirish taʼlim muassasalari bilan birgalikda loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassisliklar yoʻnalishlari boʻyicha malaka oshirish kurslarida dars berishga yuqori salohiyatga ega professor-oʻqituvchilar va malakali mutaxassislarni doimiy ravishda jalb etsin.
7. Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarning malakasini oshirish tadbirlarini moliyalashtirish manbalari etib quyidagilar hisoblanadi:
ushbu maqsadlar uchun har yili Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladigan mablagʻlar;
malaka oshirish tizimida taʼlim muassasalarining loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarini oʻqitish uchun buyurtmachilarning mablagʻlari;
loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarning malakasini oshirish uchun jalb etiladigan mahalliy va xorijiy grantlar;
taʼlim xizmatlarini koʻrsatish, ilmiy-pedagogik, ishlab chiqarish va boshqa faoliyat turlaridan olingan daromadlar;
yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari — transport vaziri A.J. Ramatov va Oʻzbekiston Respublikasi qurilish vaziri birinchi oʻrinbosari B.I. Zakirov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 31-maydagi 451-son qaroriga ILOVA
Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarning malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom loyihalash va qurilish sohasidagi rahbar va mutaxassislar, ishchi kasb egalarining (keyingi oʻrinlarda loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislar deb ataladi) malakasini oshirish tartibini belgilaydi.
2. Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislar malakasini oshirishning asosiy vazifalari quyidagilar hisoblanadi:
loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislar kasbiy malaka darajasini muntazam oshirish asosida ularni qonunchilik normalari, nazariya, ilmiy va amaliy tadqiqotlar, yangi texnologiyalar va qurilish sohasidagi innovatsiyalar boʻyicha soʻnggi yutuqlar bilan tanishtirish;
loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislar faoliyatini talab darajasida tashkil etish va samaradorligini oshirishni taʼminlash maqsadida yuqori samarali innovatsion texnologiyalarni, ilgʻor xorijiy tajribalarni keng joriy etgan holda soha mutaxassislari malakasini oshirish boʻyicha malaka talablari, oʻquv rejalari va dasturlarini tubdan yangilash;
loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislar tomonidan Internet jahon axborot tarmogʻi, multimedia tizimlari va masofadan oʻqitish usullaridan foydalangan holda, axborot-kommunikatsiya va innovatsion texnologiyalarni egallash hamda ularni ishlab chiqarish jarayoniga faol tatbiq etishini taʼminlash.
3. Xorijiy tashkilotlar va jismoniy shaxslar buyurtmalariga asosan loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarning malakasini oshirish ixtiyoriy ravishda, tuzilgan shartnoma asosida mazkur Nizomga muvofiq amalga oshiriladi.
4. Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarning malakasini oshirish ishlarini tashkil etish Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi (keyingi oʻrinlarda vakolatli davlat organi deb ataladi) tomonidan manfaatdor vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar bilan birgalikda amalga oshiriladi.
5. Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislar malakasini oshirish ushbu Nizomning 1-ilovasida keltirilgan malaka oshirish jarayoni sxemasi boʻyicha amalga oshiriladi.
6. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
bino va inshootlarni texnik koʻrikdan oʻtkazish bilan shugʻullanadigan tashkilot mutaxassislari — bino va inshootlarni texnik koʻrikdan oʻtkazish bilan shugʻullanadigan mutaxassis, avtomobil yoʻllari va koʻprik inshootlarni texnik koʻrikdan oʻtkazish bilan shugʻullanadigan mutaxassis;
buyurtmachi — idoraviy boʻysunuvi va tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼiy nazar loyihalash va qurilish sohasida faoliyat yuritadigan tashkilotlar;
ishchi kasb egasi — qurilish sohasidagi tashkilotlarda oʻrta maxsus maʼlumotli yoki tegishli yoʻnalish boʻyicha sertifikatga, ishchi kasblarda tajribaga ega boʻlgan, muayyan vazifalarni bajaruvchi ishchilar (bino va inshootlar boʻyicha texnik-arxitektor, umumqurilish ishlari ustasi, qurilish-pardozlash ishlari ustasi, duradgorlik va pol yotqizish ishlari ustasi, obodonlashtirish boʻyicha texnik va b.);
loyihalash va qurilish sohasidagi tashkilotlarning rahbarlari — loyihalash va qurilish sohasidagi tashkilotlarda boshqaruv funksiyalari va vazifalarini bajaruvchi xodimlar;
loyihalash sohasidagi rahbarlar va mutaxassislar — bino va inshootlarni loyihalash boʻyicha yetarli ish tajribasiga ega, qurilish sohasida meʼyor va qoidalarni loyihalash jarayonida toʻgʻri qoʻllay oladigan, oʻzi tayyorlagan loyiha boʻyicha mualliflik nazoratini olib boruvchi mutaxassis (loyiha bosh muhandisi, loyiha bosh arxitektori, tuzilma boʻlimi boshligʻi, loyiha hujjatlari qismini ishlab chiqishni amalga oshiruvchi bosh mutaxassis (yoʻnalishlar: umumqurilish ishlari, suv taʼminoti, oqava suvlarni oqizish, issiqlik taʼminoti, shamollatish va konditsionerlash, elektr taʼminoti va b.);
qurilish sohasidagi rahbarlar va mutaxassislar — yetarli ish tajribasiga ega, bino va inshootlarning loyihasi asosida qurilish jarayonini taʼminlaydigan, qurilishda ish jarayonini tashkil etuvchi, nazoratni olib boruvchi mutaxassis (bosh muhandis, texnik-ishlab chiqarish boʻlimi boshligʻi, qurilishda ish yurituvchi (prorab), usta, smetachi (yoʻnalishlar boʻyicha: umumqurilish ishlari, suv taʼminoti, oqava suvlarni oqizish, issiqlik taʼminoti, shamollatish va konditsionerlash, elektr taʼminoti va b.);
yagona buyurtmachi xizmati injiniring kompaniyasi rahbarlari va mutaxassislari — loyiha rahbari, texnik nazorat boʻyicha muhandis (yoʻnalishlar boʻyicha: umumqurilish ishlari, suv taʼminoti, oqava suvlarni oqizish, issiqlik taʼminoti, shamollatish va konditsionerlash, elektr taʼminoti va b.).
2-bob. Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarning malakasini oshirish kurslari maqsadi va vazifalari
7. Loyihalash va qurilish sohasiga zamonaviy bozor mexanizmlari va xalqaro standartlarni, texnologiyalar va “nou-xau”ni joriy etish, shuningdek, mutaxassislar malakasini zamonaviy oʻquv dasturlari asosida zarur boʻlgan kasbiy bilimlar, koʻnikmalar, malakalar va kompetensiyalarini muntazam ravishda yangilab borish malaka oshirish kurslarining maqsadi hisoblanadi.
8. Malaka oshirish kurslarining vazifalari quyidagilar hisoblanadi:
mutaxassislarning kasbiy bilimlari, koʻnikmalari, malakalari va kompetensiyalarini uzluksiz oshirib borish mexanizmlarini joriy etish, zamonaviy talablarga muvofiq loyihalash va qurilish sohasi faoliyati samaradorligi va sifatini taʼminlash uchun zarur darajada kasbiy malaka darajasini oshirish;
malaka oshirishning toʻgʻridan-toʻgʻri va bilvosita shakllarini (masofaviy yoki mustaqil) amaliyotga joriy etish;
sohaning istiqbolli rivojlanishi hamda loyihalash va qurilish sohasida zamon talablariga mos holda oʻquv-meʼyoriy hujjatlarga zarur oʻzgartirishlar kiritib borish;
malaka oshirish jarayonlarini ishlab chiqarish va fan-texnika bilan integratsiyasini taʼminlash, mutaxassislar malakasini oshirish tizimini yanada rivojlantirish va modernizatsiya qilish.
3-bob. Malaka oshirish kurslaridan oʻtish tartibi
8. Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislar uchun tegishli yoʻnalishlarni inobatga olgan holda, besh yilda kamida bir marta malaka oshirishning tegishli yoʻnalishlari boʻyicha malakasini oshiradilar.
9. Malaka oshirish jarayoni belgilangan tartibda tasdiqlangan davlat taʼlim talablari, oʻquv reja va dasturlari asosida amalga oshiriladi.
10. Har yili 20-noyabrga qadar loyihalash va qurilish sohasida faoliyat olib boradigan tashkilotlarning buyurtmanomalari (familiyasi, ismi va otasining ismi, qachon va qaysi taʼlim muassasasini bitirganligi, diplom boʻyicha mutaxassisligi, ish joyi va staji, lavozimi, oxirgi malaka oshirgan vaqti malakasini oshirgan boʻlsa, koʻrsatilgan holda) asosida malaka oshirish taʼlim muassasalari tomonidan belgilangan malaka oshirish kurslaridan oʻtish davriyligiga muvofiq keyingi kalendar yil uchun oʻqish yoʻnalishlari boʻyicha malaka oshirish kurslari tinglovchilarining guruhlari shakllantiriladi.
11. Taʼlim muassasasi tomonidan umumlashtirilgan buyurtmalar asosida malaka oshirish kurslarini tashkil etish boʻyicha yillik reja belgilangan tartibda tasdiqlangandan soʻng, malaka oshirish taʼlim muassasasi malaka oshirish kurslari boshlanishi toʻgʻrisida buyurtmachini besh kun oldin xabardor qiladi.
12. Tasdiqlangan yillik rejaga muvofiq loyihalash va qurilish sohasining mutaxassislari oʻqish yoʻnalishi boʻyicha doimiy faoliyat yuritadigan malaka oshirish taʼlim muassasalariga yuboriladi.
13. Buyurtmachilar mazkur reja asosida loyiha va qurilish sohasi mutaxassislarining taʼlim muassasasiga oʻqishga yetib borishlarini taʼminlaydi.
14. Kurslarga tinglovchilarni qabul qilish tasdiqlangan reja va joʻnatuvchi tomonning buyurtmanomasi asosida tegishli malaka oshirish taʼlim muassasasi direktorining buyrugʻi bilan rasmiylashtiriladi. Malaka oshirish kurslariga tinglovchilarni qabul qilish toʻgʻrisidagi buyruq kurslar boshlanishi sanasidan boshlab uch ish kuni mobaynida rasmiylashtiriladi. Tinglovchilar guruhini shakllantirishda, kursning oʻquv reja va dasturlarini tayyorlashda bazaviy maʼlumot, mutaxassislik, toifa va egallab turgan lavozimi, shuningdek, buyurtmachining talablari hisobga olinadi.
15. Malaka oshirish kurslari boshlangandan keyin uch ish kuni mobaynida uzrsiz sabablarga koʻra kelmagan tinglovchilar, kelmaslikning sabablaridan qatʼiy nazar, kurslarga qoʻyilmaydi.
16. Malaka oshirish taʼlim muassasasi tinglovchilarning malaka oshirish kurslariga oʻz vaqtida kelmaganligining barcha holatlari toʻgʻrisida joʻnatuvchi tomonga va vakolatli davlat organiga xabar beradi.
17. Malaka oshirish kurslaridagi oʻquv jarayoni guruhlarning toʻldirilishiga bogʻliq holda tinglovchilar soni, kamida 10, koʻpi bilan 25 nafar tinglovchi boʻlgan akademik guruhlarda tashkil etiladi.
18. Malaka oshirish kurslarini tashkil etish, ularni talab darajasida oʻtkazish, taʼlim samaradorligini taʼminlash uchun sharoitlar yaratish masʼuliyati taʼlim muassasasi rahbari zimmasiga yuklanadi.
19. Tinglovchilar quyidagi sabablarga koʻra tinglovchilar safidan chetlashtiriladi:
oʻz xohishiga binoan;
salomatligi tufayli (tibbiy komissiya maʼlumotnomasi asosida);
oʻquv intizomini va taʼlim muassasasining ichki tartib-qoidalarini muntazam ravishda yoki bir marotaba qoʻpol ravishda buzganligi uchun;
malaka oshirish (18 akademik soatdan ortiq) kursidagi dars mashgʻulotlarini uzrli sabablarsiz qoldirgani uchun;
shartnoma asosida oʻqitish bilan bogʻliq majburiyatlarni bajarmagani uchun;
sud tomonidan ozodlikdan mahrum etilganligi sababli;
vafot etganligi sababli.
20. Tinglovchilarning kasalligi tasdiqlangan taqdirda, ularning malaka oshirish kurslaridan oʻtish muddatlari taʼlim muassasasi va buyurtmachi bilan kelishuv boʻyicha tasdiqlangan reja-jadvalga muvofiq eng kech muddatga koʻchiriladi. Toʻlangan mablagʻlar oʻqish uchun saqlanadi.
21. Tinglovchilar malaka oshirish kursidan chetlatilganda unga sabablari koʻrsatilgan holda maʼlumotnoma beriladi, shuningdek, bu haqida buyurtmachiga maʼlum qilinadi.
22. Malaka oshirish kursidan chetlatilgan yoki yakuniy nazoratdan oʻta olmagan tinglovchi malaka oshirish kursidan bir yil mobaynida takroran oʻtadi.
23. Uzoq hududlardan kelgan tinglovchilar shartnoma majburiyatlariga binoan oʻqish davrida taʼlim muassasasi imkoniyatlariga koʻra vaqtincha turar joy bilan taʼminlanishi mumkin.
Loyihalash va qurilish sohasi mutaxassislarining malakasini oshirish shakllari quyidagilardan iborat:
toʻgʻridan-toʻgʻri malaka oshirish (kunduzgi, taʼlim dasturlari boʻyicha oʻqitish);
masofaviy taʼlim asosida malaka oshirish;
dual taʼlim asosida malaka oshirish;
Taʼlim muassasasida mutaxassislarining malakasini oshirish loyihalash va qurilish sohasi kadrlariga qoʻyiladigan malaka va mehnat bozori talablariga muvofiq tinglovchilarning kasbiy bilimlari, malaka va koʻnikmalarini chuqurlashtirishga moʻljallangan taʼlim dasturlaridan iborat boʻladi.
24. Malaka oshirish muddati buyurtmachilar taklifiga koʻra, yoʻnalishga qarab kamida 36 akademik soat etib belgilanib, asosiy ish joyidan toʻliq ajralgan holda amalga oshiriladi.
25. Malaka oshirishning toʻgʻridan-toʻgʻri shakllari uchun auditoriya mashgʻulotlari va mustaqil ishlarning eng yuqori hajmi haftasiga 36 soat etib belgilanadi.
Bunda oʻquv yuklamasining eng koʻp hajmi har haftada 36 soatni (54 akademik soatni), auditoriya mashgʻulotlarining eng koʻp hajmi har haftada 24 soatni (36 akademik soatni) tashkil qiladi.
Malaka oshirish kurslari axborot uzatishning zamonaviy axborot-kommunikatsiya vositalari va malaka oshirish boʻyicha maxsus kurslar mavjud boʻlgan va zarur moddiy-texnik baza bilan jihozlangan, yetarli ilmiy-metodik va intellektual salohiyatga ega boʻlgan taʼlim muassasalarida amalga oshiriladi.
26. Masofaviy taʼlim asosida malaka oshirish soha mutaxassislarining kasbiy ehtiyojlaridan kelib chiqqan holda ishlab chiqilgan va masofadan oʻqitishni amalga oshirishga moʻljallangan maxsus taʼlim dasturi hisoblanadi.
27. Loyihalash va qurilish sohasi mutaxassislarining masofaviy taʼlim asosida malaka oshirish taʼlim dasturlari taʼlim muassasasi tomonidan ishlab chiqiladi va vakolatli davlat organi tomonidan tasdiqlanadi.
28. Masofaviy taʼlim asosida malaka oshirish shakli sohada 10 yildan kam boʻlmagan, shuningdek, xorijda stajirovka yoki malaka oshirishdan oʻtgan, yuqori salohiyatga ega boʻlgan, zamonaviy axborot texnologiyalari bilan ishlashning amaliy koʻnikmalarini egallagan, zamonaviy texnika va texnologiyalar bilan ishlaydigan soha mutaxassislari uchun tashkil etiladi.
Takroran malaka oshirish kurslaridan oʻtadigan tinglovchilar asosiy ishdan ajralmagan holda kurslarning oʻquv dasturlarini masofadan oʻqitish usullari orqali oʻzlashtirish asosida amalga oshirilishi mumkin.
29. Masofadan oʻqitish usullari boʻyicha taʼlim olgan tinglovchilar yakuniy nazoratga kiritiladi. Yakuniy nazorat tegishli yoʻnalishlar boʻyicha taʼlim muassasalari huzuridagi attestatsiya komissiyalari tomonidan amalga oshiriladi.
30. Masofaviy taʼlim asosida malaka oshirishni joriy etishda barcha taʼlim jarayonlarining asosiy komponentlari oʻqitishning ilgʻor usullariga asoslangan, taʼlim oluvchi hamda taʼlim beruvchi oʻrtasidagi oʻzaro munosabatlar tartibi aniqlangan boʻlishi va taʼminlanishi zarur.
31. Masofaviy taʼlim asosida malaka oshirish kurslarida elektron multimediali qoʻllanmalar, virtual kutubxonalar, videokonferensiyalar, Internet jahon axborot tarmogʻi yordamida muloqot va axborot olish imkoniyatlaridan foydalaniladi.
32. Masofaviy taʼlim asosida malaka oshirish kurslari tinglovchisi Internet jahon axborot tarmogʻi orqali malaka oshirish muassasalari veb-saytlarining elektron roʻyxatidan oʻtishi uchun oʻz anketa maʼlumotlarini kiritadi.
33. Tinglovchilar masofaviy taʼlim asosida malaka oshirish kursining oʻquv jadvali boʻyicha modullarni veb-sahifada taqdim etilgan oʻquv-uslubiy materiallar asosida mustaqil ravishda oʻzlashtiradilar.
34. Tinglovchilar malaka oshirish kursini oʻzlashtirib boʻlgandan soʻng, malaka oshirish muassasasi tomonidan yakuniy nazorat oʻtkaziladi.
35. Yakuniy nazorat uchun Davlat attestatsiya komissiyasi tuziladi. Komissiya tomonidan tinglovchilarning malakani himoya qilish ishlari baholanadi.
36. Yakuniy nazoratdan oʻtgan malaka oshirish kurslari tinglovchilariga ushbu Nizomning 2-ilovasiga muvofiq qatʼiy hisobda turadigan davlat namunasidagi hujjat hisoblanadigan sertifikat beriladi.
37. Jadvalga kiritilgan va malaka oshirish kurslarida oʻqiydigan tinglovchilar uchun oʻqishning barcha davrida ularning asosiy ish joyi boʻyicha egallagan lavozimi va oʻrtacha ish haqi saqlanadi.
4-bob. Malaka oshirish kurslari tashkilotchilari va ularning vazifalari
38. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi, malaka oshirish taʼlim muassasalari hamda loyihalash va qurilish sohasida faoliyat olib boradigan tashkilotlar malaka oshirish kurslari tashkilotchilari hisoblanadi.
39. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi:
malaka oshirish kurslariga umumiy rahbarlikni amalga oshiradi;
malaka oshirish kurslarining oʻquv jarayonini takomillashtirish mexanizmlari va uslublarini belgilaydi;
tegishli normativ-huquqiy hujjatlarni (malaka talablari, oʻquv reja va dasturlarini, masofadan oʻqitish taʼlim usullarini tashkil etish va oʻtkazish, tinglovchilarning malakasini himoya qilish ishini tayyorlash va himoyaga taqdim etish, amaliyotni tashkil etish va oʻtkazish tartiblarini) tasdiqlaydi.
40. Malaka oshirish taʼlim muassasalari:
zamon talablari, sohadagi innovatsion rivojlanishlarni hamda taʼlim dasturlarining uzluksizligini, ketma-ketligini hisobga olgan holda, soha mutaxassislarini oʻqitish yoʻnalishlari boʻyicha malaka talablari, oʻquv reja va dasturlarini ishlab chiqadi;
umumeʼtirof etilgan xalqaro taʼlim standartlari va talablari, shuningdek, oʻqitishning zamonaviy shakllari va uslublari, axborot-kommunikatsiya va innovatsion texnologiyalaridan foydalanib tayyorlangan oʻquv reja va dasturlari asosida oʻqitishning modul tizimini qoʻllagan holda oʻquv jarayonini tashkil etadi;
tasdiqlangan jadvalga asosan, ishdan ajralgan, shu jumladan masofaviy oʻqitish usullarini qoʻllagan holda soha mutaxassislarining malakasini oshiradi;
loyihalash va qurilish sohasi mutaxassislarini malakasini oshirish boʻyicha xorijiy tajribani va taʼlim muassasalarining eʼtirof etilgan yutuqlarini tahlil qiladi va umumlashtiradi;
kurslar doirasida sifat jihatidan yuqori tashkiliy va kasbiy darajada mashgʻulotlar oʻtkazish uchun zarur oʻquv, uslubiy va moddiy-texnika bazasini tashkil etadi;
masofadan oʻqitish usullari asosida loyihalash va qurilish sohasi mutaxassislari uchun tashkil etiladigan malaka oshirish kurslarining tegishli oʻquv-metodik resurslarini ishlab chiqadi;
malaka oshirish kurslarida mashgʻulotlar oʻtkazish uchun oliy taʼlim muassasalarining yetakchi pedagog kadrlarini, amaliyotchi mutaxassislarni, shuningdek, shartnoma asosida loyiha ilmiy-tadqiqot muassasalarning yuqori malakali kadrlarini va xorijiy mutaxassislarni keng jalb etishni taʼminlaydi;
malaka oshirish yoʻnalishlari boʻyicha zarur axborot-maʼlumotlar bazasini shakllantiradi, malaka oshirish jarayoniga zamonaviy innovatsion pedagogik, multimedia va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini ishlab chiqishni va ularni joriy etishni tashkil etadi.
41. Loyihalash va qurilish sohasida faoliyat olib boradigan tashkilotlar:
mutaxassislar tarkibidan tegishli yoʻnalishlar boʻyicha malaka oshirish kurslaridan oʻtishi kerak boʻlgan tinglovchilar kontingentini shakllantiradi;
malaka oshirish kurslarining tasdiqlangan jadvali asosida oʻz xodimlarining kurslarga belgilangan muddatlarda oʻz vaqtida kelishlarini taʼminlaydi;
tashkilotlarning majlislarida malaka oshirish natijalarini muhokama qilish boʻyicha tizimli ishlarni tashkil etadi;
kurslarni muvaffaqiyatli tamomlagan mutaxassislarning ilgʻor tajribasini, yangi bilimlari va koʻnikmalarini ommalashtirishni tashkil qiladi;
malaka oshirish kurslaridan oʻtgan shaxslarning kasbiy faoliyati boʻyicha doimiy monitoringni tashkil etadi.
5-bob. Malaka oshirish kurslarida oʻquv jarayonini tashkil etish
42. Malaka oshirish kurslarida oʻquv jarayonini tashkil etish tegishli yoʻnalishlar boʻyicha tasdiqlangan malaka talablari, oʻquv rejalari va dasturlari, mashgʻulotlar jadvali bilan tartibga solinadi. Oʻquv rejalari va dasturlari fan, texnika, texnologiyalar va ishlab chiqarishni rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlari asosida har yili takomillashtiriladi.
43. Malaka oshirish kurslarida oʻquv mashgʻulotlarining quyidagi asosiy turlari — maʼruza, interaktiv seminarlar, amaliy mashgʻulot, koʻchma mashgʻulot, tajriba almashish, mustaqil oʻqish va malaka amaliyoti qoʻllaniladi.
44. Tegishli axborot-metodik va tashkiliy-texnik baza mavjud boʻlgan taqdirda, malaka oshirish oʻquv kurslari masofadan oʻqitish usullari qoʻllanilgan holda tashkil etilishi mumkin.
Masofadan oʻqitish usullari asosidagi kurslarda oʻquv mashgʻulotlari onlayn va offlayn shakllarida tashkil etiladi.
45. Auditoriyada oʻtkaziladigan barcha mashgʻulotlar turlari 80 daqiqa davom etadi, oʻquv mashgʻulotlari oraligʻidagi tanaffus — kamida 10 daqiqani tashkil etadi.
46. Tinglovchilarning malaka amaliyoti sohadagi yetakchi loyihalash va qurilish tashkilotlari bazasida tashkil etiladi.
47. Malaka oshirish kurslarida mehnatga soatbay haq toʻlash shartlari bilan tinglovchilarni oʻqitadigan pedagoglar tarkibining oʻquv yuklamasi hajmi oʻquv yili mobaynida belgilangan normativlar boʻyicha ular amalda bajaradigan oʻquv ishlaridan kelib chiqqan holda belgilanadi.
6-bob. Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarning malakasini oshirishni moliyalashtirish
48. Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarning malakasini oshirish tadbirlarini moliyalashtirish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda quyidagilar hisobiga amalga oshiriladi:
ushbu maqsadlar uchun har yili Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladigan mablagʻlar;
malaka oshirish tizimida taʼlim muassasalarining loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarini oʻqitish uchun buyurtmachilarning mablagʻlari;
loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarning malakasini oshirish uchun jalb etiladigan mahalliy va xorijiy grantlar;
taʼlim xizmatlarini koʻrsatish, ilmiy-pedagogik, ishlab chiqarish va boshqa faoliyat turlaridan olingan daromadlar;
yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
49. Shartnoma asosida malaka oshirish kurslari uchun oʻzini oʻzi mablagʻ bilan taʼminlash asosida sarf-xarajatlar smetasi taʼlim muassasasi tomonidan tuziladi va uning rahbari tomonidan tasdiqlanadi.
50. Smetada kursning oʻquv dasturi va rejasida nazarda tutilgan barcha dars mashgʻulotlari uchun toʻlanadigan soatbay haq, kursning moddiy-texnika taʼminoti, kursni tashkil etish va oʻtkazishga jalb etilgan (rahbar, pedagog va texnik) xodimlarga toʻlanadigan ish haqi, ularni ragʻbatlantirish, shuningdek toʻlanadigan soliqlar uchun mablagʻlar nazarda tutiladi. Bunda qayta tayyorlash kurslarida oʻqish uchun tinglovchi tomonidan toʻlanadigan mablagʻ mazkur kurslarni oʻtkazish uchun sarflanadigan xarajatlar hajmidan kelib chiqqan holda (smetadagi jami xarajatlarni tinglovchilar soniga boʻlish orqali) hisoblab chiqiladi.
51. Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislar malakasini oshirish markazlari va kurslarini attestatsiyadan oʻtkazish hamda ularning moliyaviy hisobotlari qonunchilik hujjatlari asosida olib boriladi.
7-bob. Malaka oshirish kurslari tinglovchilarini attestatsiyadan oʻtkazish va baholash
52. Tinglovchilar oʻquv kurslari taʼlim dasturlarini oʻzlashtirib boʻlgandan soʻng, taʼlim muassasasi tomonidan attestatsiyadan oʻtkaziladi. Attestatsiya yakuniy test sinovlari va bitiruv ish himoyasidan iborat boʻlib, ishchi kasb egalari uchun esa amaliy imtihon oʻtkaziladi.
53. Attestatsiya komissiyasi raisining nomzodi taʼlim muassasasi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligiga kelishish uchun tavsiya etiladi. Attestatsiya komissiyasi tarkibi besh nafardan iborat tarkibda taʼlim muassasasi tomonidan tasdiqlanadi.
54. Attestatsiya komissiyasi tarkibiga taʼlim muassasasi, yetakchi tashkilotlar, uyushmalar vakillari jalb qilinishi mumkin.
55. Attestatsiya komissiyasi tarkibining uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi.
56. Malaka oshirish taʼlim muassasalarining attestatsiya komissiyalari aʼzolari mehnatiga haq toʻlash attestatsiya komissiyasi tarkibida ishlarni bajarishning belgilangan normativlaridan kelib chiqqan holda mehnatga soatbay haq toʻlash shartlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
57. Yakuniy test malaka oshirish oʻquv rejasidagi barcha modullar boʻyicha savollarni qamrab olgan holda tayyorlangan test savollari asosida oʻtkaziladi. Yakuniy test asosida tinglovchining bilim darajasi 50 daqiqa davomida 50 ta test savollari asosida 100 ballik baholash tizimi orqali aniqlanadi. Test natijasi test yakunlanishi bilan darhol ekranda aks ettiriladi. Ushbu test sinovlarini oʻtkazish taʼlim muassasasining serverida joylashtirilgan elektron tizimga videokuzatuvni yozib borish orqali amalga oshiriladi.
58. Malaka oshirish kurslarining 36 va 72 akademik soat boʻlgan yoʻnalishlari uchun yakuniy test sinovlari topshiriladi. Yakuniy test sinovi umumiy 100 ball deb belgilanadi va umumiy balldan kamida 55 ball (55 foiz) toʻplagan tinglovchi test sinovlaridan oʻtgan hisoblanadi. Ushbu kurs tinglovchilari yakuniy bitiruv ishi va amaliy imtihon topshirmaydi.
Malaka oshirish kurslarining 144 akademik soat boʻlgan yoʻnalishlari uchun yakuniy bitiruv ishi umumiy 100 ball deb belgilanadi va umumiy balldan kamida 55 ball (55 foiz) toʻplagan tinglovchi oʻtgan hisoblanadi. Ushbu kurs tinglovchilari yakuniy test sinovlari va amaliy imtihon topshirmaydi.
Ishchi kasb egalarining malakasini oshirishda oʻquv kurs yoʻnalishlari boʻyicha amaliy imtihon oʻtkaziladi va unda umumiy ball 100 ball deb belgilanadi. Umumiy balldan kamida 55 ball (55 foiz) toʻplagan tinglovchi oʻtgan hisoblanadi. Ushbu kurs tinglovchilari bitiruv ishlari va yakuniy test sinovlari topshirmaydi.
59. Mutaxassislar uchun yakuniy test sinovi yoki bitiruv ishi yoxud ishchi kasb egalari uchun amaliy imtihonning umumiy 100 ballidan kamida 55 ball (55 foiz) toʻplagan tinglovchi malaka oshirish kursini tugatgan hisoblanadi va tinglovchiga davlat namunasidagi sertifikat beriladi.
60. Yakuniy test sinovi yoki yakuniy bitiruv ishi va amaliy imtihonning umumiy ballidan 55 ball (55 foiz) toʻplamagan tinglovchi malaka oshirish kurslaridan oʻtmagan hisoblanadi.
61. Yakuniy test sinovi yoki yakuniy bitiruv ishi va amaliy imtihonning umumiy ballidan 55 ball (55 foiz) toʻplamagan tinglovchi ushbu nazoratlar natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab 24 soat ichida taʼlim muassasasi direktoriga ariza bilan murojaat qilishlari mumkin.
Apellyatsiya komissiyasi tarkibi 3 nafardan iborat tarkibda taʼlim muassasasi tomonidan tasdiqlanadi. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiyaga kelib tushgan arizani 24 soat ichida koʻrib chiqadi va natijasini arizachiga eʼlon qiladi.
8-bob. Yakunlovchi qoida
62. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislar malakasini oshirish toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislarning malakasini oshirish jarayoni
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish Muddati 1-bosqich Loyihalash va qurilish sohasidagi tashkilotlar (buyurtmachi) Loyihalash va qurilish sohasidagi tashkilotlar buyurtmanomalarni shakllantiradi va kurslarda taʼlim olishga nomzodlar roʻyxatini malaka oshirish taʼlim muassasasiga taqdim etadi. Har yili,20-noyabrga qadar 2-bosqich Malaka oshirish taʼlim muassasalari (ijrochi) Malaka oshirish taʼlim muassasalari tomonidan nomzodlar roʻyxati va guruhlari (yoʻnalishlarda 10 — 25 nafar tinglovchi) shakllantiriladi. Guruhlar shakllanishi bilan bir ish kunida 3-bosqich Malaka oshirish taʼlim muassasalari (ijrochi) Malaka oshirish taʼlim muassasasi malaka oshirish kurslari boshlanishi toʻgʻrisida buyurtmachini besh kun oldin xabardor qiladi. Tasdiqlangan reja-jadvalga muvofiq 4-bosqich Malaka oshirish taʼlim muassasalari (ijrochi) Malaka oshirish taʼlim muassasalari yillik reja va roʻyxat boʻyicha (shartnoma asosida) oʻrnatilgan tartibda tinglovchilar uchun malaka oshirish kurslarini tashkil etadi. Kelishilgan holda tasdiqlangan yillik reja asosida 5-bosqich Loyihalash va qurilish sohasidagi tashkilotlar (buyurtmachi) Buyurtmachi tasdiqlangan yillik reja va roʻyxat boʻyicha tinglovchilar uchun belgilangan muddatlarda shartnoma shartlarini bajaradi va kurslarda tinglovchilarni qatnashishini taʼminlaydi. Kelishilgan holda tasdiqlangan yillik reja asosida 6-bosqich Malaka oshirish taʼlim muassasasi (ijrochi) Kurslarga tinglovchilarni qabul qilish tasdiqlangan rejaga muvofiq taʼlim muassasasi direktorining buyrugʻi bilan rasmiylashtiriladi. Tinglovchining kurslarga oʻz vaqtida kelmaganligi (3 kun davomida kurslarga kelmasa kursdan chetlatiladi) toʻgʻrisida joʻnatuvchi tomonga va vakolatli davlat organiga xabar beradi. Oʻquv jarayoni boshlanishi sanasidan uch ish kuni davomida 7-bosqich Malaka oshirish taʼlim muassasasi (ijrochi) Malaka oshirish muddati buyurtmachilar taklifiga koʻra, yoʻnalishiga qarab bir haftaga 36 akademik soat, ikki haftaga 72 akademik soat va bir oylik kurslar uchun 144 akademik soat etib belgilanadi. Oʻquv jarayoni maʼruza, amaliy mashgʻulot, seminar trening, koʻchma mashgʻulot, malaka amaliyoti, mahorat darslari va boshqa shakllarda olib boriladi. Tasdiqlangan reja-jadvalga muvofiq 8-bosqich Taʼlim muassasasi (ijrochi), Davlat attestatsiya komissiyasi, tinglovchi (buyurtmachi) Oʻquv kursining yoʻnalishi va muddatiga qarab yakuniy nazorat quyidagi shakllarda oʻtkaziladi: — 36 va 72 akademik soat boʻlgan oʻquv kurslarda oʻqigan mutaxassislar uchun yakuniy test sinovlari shaklida; — 144 akademik soat boʻlgan oʻquv kurslarda oʻqigan mutaxassislar uchun bitiruv ishi shaklida; — 36 va 72 akademik soat boʻlgan oʻquv kurslarda oʻqigan ishchi kasb egalari uchun amaliy imtihon shaklida . Tasdiqlangan reja-jadvalga muvofiq 9-bosqich Taʼlim muassasasi (ijrochi), Davlat attestatsiya komissiyasi Mutaxassislar uchun yakuniy test sinovi yoki bitiruv ishi yoxud ishchi kasb egalari uchun amaliy imtihonning umumiy 100 ballidan kamida 55 ball (55%) toʻplagan tinglovchi kursni tugatgan hisoblanadi va tinglovchiga davlat namunasidagi “Sertifikat” beriladi. Malaka oshirish kursidan oʻtgan tinglovchiga bir ish kuni mobaynida sertifikat beriladi, oʻta olmagan tinglovchilar roʻyxati eʼlon qilinadi. 10-bosqich Taʼlim muassasasi (ijrochi), Davlat attestatsiya komissiyasi, tinglovchi (buyurtmachi) Yakuniy nazoratga ajratilgan 55 balldan (100 ballning 55%) kam ball toʻplagan tinglovchi malaka oshirish kursidan oʻtmagan hisoblanadi. Malaka oshirish kursidan chetlatilgan va yakuniy nazoratdan oʻtmagan tinglovchilar bir yil mobaynida kurslardan takroran oʻtadi.
Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislar malakasini oshirish toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Malaka oshirish haqida davlat namunasidagi
Malaka oshirish toʻgʻrisidagi sertifikat A4 formatli oq qogʻozda ofset usulida besh xil rangdan foydalangan holda: matn uchun — qora rangda, rasmlar tasviri uchun — yashil, koʻk, qizil ranglarda, fon uchun — och kul rangda bosib chiqariladi.
Varaqning chap qismida chetidan 10 mm chekingan holda eni 32 mm boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bayrogʻi tasvirlangan tasma joylashtiriladi. Tasmaning yuqori qismida diametri 30 mm boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbining tasviri, past qismida esa — 35 mm oʻlchamli ikkita kvadrat qoʻshilishidan hosil boʻlgan sakkiz qirrali yulduz, yulduzning oʻrtasida muhr uchun 25 mm diametrli oq aylana joylashgan.
Varaqning qolgan qismida yuqorida lotin yozuvi bilan davlat tilida “O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI. Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT” soʻzlari bosiladi. Sertifikat ikki lotin harfi — MO va olti raqamli sondan iborat tartib raqami bilan taʼminlangan. Barcha matn naqshli rastrdan iborat och kul rang fonda bosib chiqariladi.
bosib chiqarishning ikki usuli — ofset va yuqori usuli;
yorugʻlik vositasida nusxa koʻchirishni qiyinlashtirish uchun ochiq ranglar;
naqshli rastr;
har xil rangli rastrlardan foydalanish yoʻli bilan turli ranglarni tashkil etish;
maxsus qogʻozlar;
oʻzgaradigan raqamlardan iborat tartib raqami qoʻllangan holda oltita himoyaga ega.
(Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbining tasviri) O`zbekiston Respublikasi Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT MO № 000000 _______________________________________________________________________________________________________ (tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi) 20____ yil ___________________dan 20____ yil _________________________gacha _______________________________________________________________________________________________________ _______________________________________________________________________________________________________ (malaka oshirish ta`lim muassasasining nomi) Jami _______________________________________________________________________________________________ soatli _______________________________________________________________________________________________________ (malaka oshirish kursining nomi) bo`yicha malakasini oshirdi. Muhr o`rni Direktor _______________________ Sana __________________________ Qayd raqami ____________________
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 31-may,
451-son