📅 2019-yil 11-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 11-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 11 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 11 июня 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 11 June 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТУЗИЛМАСИ
УСТАВИ
«Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 14 январдаги ПФ-5629-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 14 январдаги ПФ-5629-сон Фармонига мувофиқ «Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда «Андижон-фарм» ЭИЗ деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Бошқарув ходимлари сони 5 нафардан иборат бўлган «Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) ташкил этилсин.
3. Қуйидагилар:
«Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонаси таркибига кирувчи ҳудудлар 1-иловага мувофиқ;
«Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
«Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг устави 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан:
Дирекцияга, келгуси йилларда ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш шарти билан 2019 — 2021 йиллар даврида сақлаш харажатлари учун асосланган ҳисоб-китоблар бўйича зарур маблағ ажратилишини;
Дирекциянинг устав фондини шакллантиришга 300 млн сўм миқдорида маблағ ажратилишини таъминласин.
5. «Андижон-фарм» ЭИЗ учун ажратилган ер майдонининг қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрни тегишли ҳудудда қурилиш ишлари тугаллангандан сўнг лойиҳа ташаббускорлари томонидан, истисно тариқасида, икки йил давомида қопланишига рухсат берилсин.
6. Андижон вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда:
Дирекция Андижон вилояти, Андижон шаҳри, Абдурауф Фитрат кўчаси, 239-уй манзилидаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилишини ва кейинчалик Дирекция учун замонавий маъмурий бино қурилишини;
Дирекцияни малакали мутахассислар билан таъминлашни, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг ушбу йўналишдаги илғор тажрибаси асосида мутахассислар малакаси мунтазам равишда ошириб борилишини ҳамда Дирекцияга зарур инвентарь, моддий-техника ҳамда самарали фаолият олиб бориш учун талаб этиладиган воситаларни харид қилиш ва сақлаш учун маблағ ажратилишини таъминласин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ганиев ва Андижон вилояти ҳокими Ш.Қ. Абдурахманов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 июндаги 480-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонаси таркибига кирувчи ҳудудлар
1-бошланғич нуқта Андижон тумани Хортум қишлоғи Жевачи маҳалласи йўлидан шарқий томонга аҳоли уйларининг бошланишигача 420 метр масофада 2-нуқтагача давом этади.
2-нуқтадан аҳоли уйлари бўйлаб 280 метр шарқий-жанубий йўналишда аҳоли уйининг чегарасигача 3-нуқтагача давом этади.
3-нуқтадан аҳоли уйлари бўйлаб шарқий-жанубий йўналишда 430 метр масофада дала йўлигача 4-нуқтагача давом этади.
4-нуқтадан аҳоли уйлари бўйлаб бурилишлар ҳосил қилиб, жанубий- ғарбий йўналишда 1045 метр масофада зах қочириш зовургача бўлган 5-нуқтагача давом этади.
5-нуқтадан чегара зах қочириш зовуридан шимолий-ғарбий йўналишда дала йўли бўйлаб 260 метр масофада дала йўли кесишмасигача бўлган масофада 6-нуқтагача давом этади.
6-нуқтадан дала йўли бўйлаб шимолий-шарқий йўналишда Андижон тумани Хортум қишлоғи Жевачи маҳалласининг йўлигача 1-нуқта билан кесишиб якунланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 июндаги 480-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 июндаги 480-сон қарорига 3-ИЛОВА
«Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг
1-боб. Умумий қоидалар
1. «Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) оператив бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки негизида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади, у ўзига бириктирилган мулкка нисбатан қонунчиликда белгиланган доирада, ўз фаолияти мақсадларига, мулкдор (ёки унинг топшириғига биноан унинг томонидан масъул этиб тайинланган давлат органи — муассис) топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.
2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
3. Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, шу жумладан, валюта ҳисоб рақамларига, эмблемага, штамплар ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга бўлади.
4. Дирекциянинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — «Andijon-farm» erkin iqtisodiy zona direktsiyasi» davlat unitar korxonasi;
қисқартирилган номи — «Andijon-farm» EIZ direktsiyasi» DUK;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Государственное унитарное предприятие «Дирекция свободной экономической зоны «Андижон-фарм»;
қисқартирилган номи — ГУП «Дирекция СЭЗ «Андижон-фарм»;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — «Directorate of free economic zone «Andijon-farm» State Unitary Company;
қисқартирилган номи — «Directorate of FEZ «Andijon» SUC.
5. Дирекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): Андижон вилояти, Андижон шаҳри, Абдурауф Фитрат кўчаси, 239-уй.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда Муассис деб аталади) ҳисобланади.
7. Дирекция ўз номидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.
8. Дирекция Муассиснинг розилигига кўра тижорат ташкилотларининг, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотларда қатнашчи (акциядор, аъзо) бўлиши мумкин.
9. Дирекция бошқа давлат корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.
2-боб. Дирекция фаолиятининг мақсади ва асосий йўналишлари
10. «Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда «Андижон-фарм» ЭИЗ деб аталади) ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек, «Андижон-фарм» ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш йўли билан оператив бошқариш, «Андижон-фарм» ЭИЗ қатнашчиларига хизматлар кўрсатишдан ҳамда ушбу Уставда назарда тутилган бошқа ишлар (хизматлар)ни бажаришдан (кўрсатишдан) фойда олиш Дирекция фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.
11. Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
Андижон вилояти махсус иқтисодий зоналари ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) қабул қилинган қарорларига мувофиқ «Андижон-фарм» ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, уларнинг реестрини юритиш;
Маъмурий кенгаш қарорларига мувофиқ инвесторлар билан «Андижон-фарм» ЭИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисида битимлар, давлат мулкини «нол»га тенг харид қиймати бўйича сотиш тўғрисида «Андижон-фарм» ЭИЗ қатнашчилари билан шартномалар тузиш;
«Андижон-фарм» ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни қидириш ва жалб этиш;
ишлаб чиқилган «Андижон-фарм» ЭИЗ бош режаси ва Маъмурий кенгаш қарори билан маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш;
«ягона дарча» тамойили асосида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур бўлган барча рухсатномалар берилишини ташкил этиш;
белгиланган тартибда танлаб олинган инвесторлар томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг зарур тарзда бажарилишини тизимли назорат қилиш, кейинчалик натижаларни Маъмурий кенгашга тақдим этиш;
«Андижон-фарм» ЭИЗ ҳудудида жойлашган давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектларини ўзига берилган ваколатлар доирасида бошқариш;
«Андижон-фарм» ЭИЗ ҳудудидаги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ва ташкилотларнинг доимий фаолият юритишини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда «Андижон-фарм» ЭИЗ қатнашчиларига кўмаклашиш;
«Андижон-фарм» ЭИЗни ривожлантириш дастурининг амалга оширилишини таъминлаш;
экологик ҳолатнинг яхшиланиши юзасидан назоратни таъминлаш, шунингдек, «Андижон-фарм» ЭИЗ ҳудудида жойлашган тарихий-маданий бойликларнинг бут сақланиши учун жавоб бериш;
«Андижон-фарм» ЭИЗ фаолиятини бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга ошириш.
Қонун ҳужжатларида ушбу Уставда назарда тутилган тегишли фаолият турининг лицензияланиши зарурлиги белгиланган тақдирда, Дирекция фаолиятнинг ушбу турини лицензия олмасдан, тегишли лицензияловчи орган билан тузилган лицензия битими асосида амалга оширишга ҳақлидир.
12. Дирекция фаолиятнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турларини ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Дирекция фаолиятини бошқариш
13. Дирекция Муассисга ва Маъмурий кенгашга ҳисобот беради.
14. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;
Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
Дирекциянинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва тасарруф этиш;
Дирекцияга берилган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;
Дирекция мулки билан амалга оширилган битимларни ҳақиқий эмас деб ҳисоблаш ва Дирекцияга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;
Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва оралиқ, тугатиш балансини тасдиқлаш;
меҳнатга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатиш;
меҳнатга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш.
15. «Андижон-фарм» ЭИЗ мустақил бюджети ва «Андижон-фарм» ЭИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш Маъмурий кенгаш томонидан амалга оширилади.
16. Дирекциянинг жорий фаолиятига раҳбарликни Маъмурий кенгаш томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Директор амалга оширади.
17. Директор ижро этувчи орган ҳисобланади.
18. Директор:
қонун ҳужжатлари талабларини бажаришга, Дирекция ходимларининг меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилашга, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норма ва қоидаларга риоя қилинишини таъминлашга доир тадбирларини ишлаб чиқади ва жорий этади;
«Андижон-фарм» ЭИЗни ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишини ташкил қилади;
Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштириш, бошқаришнинг энг замонавий усулларини жорий этиш чора-тадбирларини амалга оширади;
Дирекция номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, барча ташкилотларда, шу жумладан, хорижий ташкилотларда унинг манфаатларини ифодалайди;
ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномаларини (контрактларни) тузади, ўзгартиради ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;
кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини амалга оширади;
Дирекциянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;
Дирекциянинг ички иш тартибини ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;
Дирекция томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;
Дирекцияга юкланган мақсадлар ва вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.
19. Директор:
Муассисга Дирекция фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисобот беради;
ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилиши лозим ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча талабларнинг ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг қондирилиши, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ эҳтиёжларга маблағлар ўтказилмаганлиги учун, Дирекциянинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан, шу жумладан, Дирекцияга берилган давлат мол-мулки йўқолган тақдирда, етказилган зарар юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради;
«Андижон-фарм» ЭИЗнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланадиган мустақил бюджет маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига «Андижон-фарм» ЭИЗнинг мустақил бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни келишиш учун белгиланган тартибда тақдим этади.
20. Директор ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек, Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
4-боб. Дирекциянинг устав фонди
21. Дирекциянинг устав фонди «Андижон-фарм» ЭИЗ фаолиятини оператив бошқаришни амалга ошириш учун Муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мол-мулк ва бошқа активлар йиғиндисидан иборат бўлади.
22. Дирекция устав фондининг миқдори 300 млн сўмни ташкил қилади.
5-боб. Дирекциянинг устав фондини кўпайтириш ва камайтириш тартиби
23. Дирекциянинг устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, Муассис қарорига биноан амалга оширилади.
6-боб. Дирекция мулкини тасарруф этиш
24. Муассис томонидан Дирекцияга оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Дирекция мол-мулкини ташкил қилади.
25. Дирекциянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмайди ва улушлар (ҳиссалар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.
26. Маъмурий кенгаш Дирекцияга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг сақланишини, шунингдек, ўзгага берилишини Муассис номидан назорат қилади.
27. Директор Муассис билан келишган ҳолда Дирекция мулкини қуйидагича тасарруф этиши мумкин:
асосий воситаларни сотиш, уларни ижарага ёки гаровга бериш;
мол-мулкни бошқа хўжалик жамиятининг устав фондига улуш сифатида киритиш;
бошқа хўжалик жамиятларининг акциялари (улушлари)ни сотиб олиш ва сотиш;
мол-мулкни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқача тарзда тасарруф этиш.
7-боб. Дирекция бюджетини шакллантириш
28. Қуйидагилар Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
давлат мулки бўлган ва «Андижон-фарм» ЭИЗ ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан олинган даромадларнинг бир қисми;
хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;
ЭИЗ қатнашчиларининг ажратмалари ва ЭИЗ қатнашчилари сифатида рўйхатдан ўтиш учун тўловлар;
Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларидаги маблағлар;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.
8-боб. Захира фондини ва бошқа фондларни шакллантириш тартиби
29. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира фондини, шунингдек, бошқа фондларни ташкил этиши мумкин, уларнинг миқдори ва уларни шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланади.
9-боб. Даромад (фойда)ни тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби
30. Дирекциянинг соф фойдаси Дирекция тасарруфида қолади ва ундан Муассис қарорига биноан фойдаланилади.
31. Муассис ўз қарори билан бошқа юридик ва жисмоний шахсларга хайрия мақсадлари учун йўналтириладиган пул маблағларининг чекланган суммасини, уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга берган ҳолда белгилайди.
32. Дирекциянинг хўжалик фаолияти натижасида кўрилган зарарларини қоплаш ушбу мақсадлар учун ташкил этилган захира фонди маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин.
10-боб. Ҳисоботларни тақдим этиш тартиби
33. Дирекция ҳисобот даври тугагач ваколатли органларга молия ҳисоботини ва рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг давлат томонидан сақлашга берилиши юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.
34. Дирекциянинг хўжалик субъекти сифатидаги фаолиятини назорат қилиш Маъмурий кенгаш томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
35. Директор ҳар чоракда Дирекция фаолиятининг натижалари ва тасдиқланган ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
11-боб. Дирекциянинг жавобгарлиги
36. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис Дирекциянинг мулки етарли бўлмаган тақдирда унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни амалга оширади.
37. Дирекция Муассис мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
12-боб. Дирекцияни тугатиш ва қайта ташкил этиш
38. Дирекция Муассиснинг қарорига кўра, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан тугатилиши ёхуд қайта ташкил этилиши мумкин.
39. Дирекцияни тугатиш Дирекция фаолиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда тўхтатилишига сабаб бўлади.
Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 11 июнь,
480-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TUZILMASI
USTAVI
“Andijon-farm” erkin iqtisodiy zonasi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Andijon-farm” erkin iqtisodiy zonasini tashkil etish toʻgʻrisida” 2019-yil 14-yanvardagi PF-5629-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Andijon-farm” erkin iqtisodiy zonasini tashkil etish toʻgʻrisida” 2019-yil 14-yanvardagi PF-5629-son Farmoniga muvofiq “Andijon-farm” erkin iqtisodiy zonasi (keyingi oʻrinlarda “Andijon-farm” EIZ deb ataladi) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Boshqaruv xodimlari soni 5 nafardan iborat boʻlgan “Andijon-farm” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasi (keyingi oʻrinlarda Direksiya deb ataladi) tashkil etilsin.
3. Quyidagilar:
“Andijon-farm” erkin iqtisodiy zonasi tarkibiga kiruvchi hududlar 1-ilovaga muvofiq;
“Andijon-farm” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining tuzilmasi 2-ilovaga muvofiq;
“Andijon-farm” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining ustavi 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Vazirlar Mahkamasining zaxira jamgʻarmasidan:
Direksiyaga, kelgusi yillarda oʻzini oʻzi moliyalashtirishga oʻtkazish sharti bilan 2019 — 2021-yillar davrida saqlash xarajatlari uchun asoslangan hisob-kitoblar boʻyicha zarur mablagʻ ajratilishini;
Direksiyaning ustav fondini shakllantirishga 300 mln soʻm miqdorida mablagʻ ajratilishini taʼminlasin.
5. “Andijon-farm” EIZ uchun ajratilgan yer maydonining qishloq xoʻjaligi va oʻrmon xoʻjaligi ishlab chiqarishi nobudgarchiliklari oʻrni tegishli hududda qurilish ishlari tugallangandan soʻng loyiha tashabbuskorlari tomonidan, istisno tariqasida, ikki yil davomida qoplanishiga ruxsat berilsin.
6. Andijon viloyati hokimligi bir oy muddatda:
Direksiya Andijon viloyati, Andijon shahri, Abdurauf Fitrat koʻchasi, 239-uy manzilidagi binoga tekin foydalanish huquqi bilan joylashtirilishini va keyinchalik Direksiya uchun zamonaviy maʼmuriy bino qurilishini;
Direksiyani malakali mutaxassislar bilan taʼminlashni, shuningdek, xorijiy mamlakatlarning ushbu yoʻnalishdagi ilgʻor tajribasi asosida mutaxassislar malakasi muntazam ravishda oshirib borilishini hamda Direksiyaga zarur inventar, moddiy-texnika hamda samarali faoliyat olib borish uchun talab etiladigan vositalarni xarid qilish va saqlash uchun mablagʻ ajratilishini taʼminlasin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari E.M. Ganiyev va Andijon viloyati hokimi Sh.Q. Abduraxmanov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 11-iyundagi 480-son qaroriga 1-ILOVA
“Andijon-farm” erkin iqtisodiy zonasi tarkibiga kiruvchi hududlar
1-boshlangʻich nuqta Andijon tumani Xortum qishlogʻi Jevachi mahallasi yoʻlidan sharqiy tomonga aholi uylarining boshlanishigacha 420 metr masofada 2-nuqtagacha davom etadi.
2-nuqtadan aholi uylari boʻylab 280 metr sharqiy-janubiy yoʻnalishda aholi uyining chegarasigacha 3-nuqtagacha davom etadi.
3-nuqtadan aholi uylari boʻylab sharqiy-janubiy yoʻnalishda 430 metr masofada dala yoʻligacha 4-nuqtagacha davom etadi.
4-nuqtadan aholi uylari boʻylab burilishlar hosil qilib, janubiy- gʻarbiy yoʻnalishda 1045 metr masofada zax qochirish zovurgacha boʻlgan 5-nuqtagacha davom etadi.
5-nuqtadan chegara zax qochirish zovuridan shimoliy-gʻarbiy yoʻnalishda dala yoʻli boʻylab 260 metr masofada dala yoʻli kesishmasigacha boʻlgan masofada 6-nuqtagacha davom etadi.
6-nuqtadan dala yoʻli boʻylab shimoliy-sharqiy yoʻnalishda Andijon tumani Xortum qishlogʻi Jevachi mahallasining yoʻligacha 1-nuqta bilan kesishib yakunlanadi.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 11-iyundagi 480-son qaroriga 2-ILOVA
“Andijon-farm” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 11-iyundagi 480-son qaroriga 3-ILOVA
“Andijon-farm” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining
1-bob. Umumiy qoidalar
1. “Andijon-farm” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” (keyingi oʻrinlarda Direksiya deb ataladi) operativ boshqaruv uchun oʻziga berilgan davlat mulki negizida davlat unitar korxonasi shaklida tashkil etilgan tijorat tashkiloti hisoblanadi, u oʻziga biriktirilgan mulkka nisbatan qonunchilikda belgilangan doirada, oʻz faoliyati maqsadlariga, mulkdor (yoki uning topshirigʻiga binoan uning tomonidan masʼul etib tayinlangan davlat organi — muassis) topshiriqlariga muvofiq egalik qilish, foydalanish va tasarruf etish huquqini amalga oshiradi.
2. Direksiya oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Ustavga hamda boshqa qonun hujjatlariga amal qiladi.
3. Direksiya yuridik shaxs hisoblanadi, alohida mulkka, mustaqil balansga, banklarda hisob raqamlariga, shu jumladan, valyuta hisob raqamlariga, emblemaga, shtamplar va blankalarga, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan, oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va boshqa rekvizitlarga ega boʻladi.
4. Direksiyaning rasmiy nomi:
a) davlat tilida:
toʻliq nomi — “Andijon-farm” erkin iqtisodiy zona direktsiyasi” davlat unitar korxonasi;
qisqartirilgan nomi — “Andijon-farm” EIZ direktsiyasi” DUK;
b) rus tilida:
toʻliq nomi — Gosudarstvennoye unitarnoye predpriyatiye “Direksiya svobodnoy ekonomicheskoy zoni “Andijon-farm”;
qisqartirilgan nomi — GUP “Direksiya SEZ “Andijon-farm”;
v) ingliz tilida:
toʻliq nomi — “Directorate of free economic zone “Andijon-farm” State Unitary Company;
qisqartirilgan nomi — “Directorate of FEZ “Andijon” SUC.
5. Direksiyaning joylashgan joyi (pochta manzili): Andijon viloyati, Andijon shahri, Abdurauf Fitrat koʻchasi, 239-uy.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Direksiyaning muassisi (keyingi oʻrinlarda Muassis deb ataladi) hisoblanadi.
7. Direksiya oʻz nomidan qonun hujjatlarida belgilangan tartibda mulkiy va shaxsiy nomulkiy huquqlarni olishi va amalga oshirishi, majburiyatlar olishi, sudda daʼvogar va javobgar boʻlishi, nizolarni hal etishda boshqa organlarda vakillik qilishi mumkin.
8. Direksiya Muassisning roziligiga koʻra tijorat tashkilotlarining, shuningdek, qonun hujjatlariga muvofiq yuridik shaxslarning qatnashishiga yoʻl qoʻyiladigan notijorat tashkilotlarda qatnashchi (aksiyador, aʼzo) boʻlishi mumkin.
9. Direksiya boshqa davlat korxonasining muassisi boʻlishi mumkin emas.
2-bob. Direksiya faoliyatining maqsadi va asosiy yoʻnalishlari
10. “Andijon-farm” erkin iqtisodiy zonasini (keyingi oʻrinlarda “Andijon-farm” EIZ deb ataladi) rivojlantirish davlat dasturlarining toʻliq va oʻz vaqtida bajarilishini taʼminlash, shuningdek, “Andijon-farm” EIZ hududida alohida huquqiy rejimga rioya etilishini taʼminlash yoʻli bilan operativ boshqarish, “Andijon-farm” EIZ qatnashchilariga xizmatlar koʻrsatishdan hamda ushbu Ustavda nazarda tutilgan boshqa ishlar (xizmatlar)ni bajarishdan (koʻrsatishdan) foyda olish Direksiya faoliyatining asosiy maqsadi hisoblanadi.
11. Quyidagilar Direksiya faoliyatining asosiy yoʻnalishlari hisoblanadi:
Andijon viloyati maxsus iqtisodiy zonalari va kichik sanoat zonalari maʼmuriy kengashining (keyingi oʻrinlarda Maʼmuriy kengash deb ataladi) qabul qilingan qarorlariga muvofiq “Andijon-farm” EIZ qatnashchilarini roʻyxatdan oʻtkazish, shuningdek, ularning reyestrini yuritish;
Maʼmuriy kengash qarorlariga muvofiq investorlar bilan “Andijon-farm” EIZ hududida investitsiyalash toʻgʻrisida bitimlar, davlat mulkini “nol”ga teng xarid qiymati boʻyicha sotish toʻgʻrisida “Andijon-farm” EIZ qatnashchilari bilan shartnomalar tuzish;
“Andijon-farm” EIZ hududida investitsiya loyihalarini amalga oshirish uchun xorijiy va mahalliy investorlarni qidirish va jalb etish;
ishlab chiqilgan “Andijon-farm” EIZ bosh rejasi va Maʼmuriy kengash qarori bilan maʼqullangan investitsiya loyihalarini joylashtirish;
“yagona darcha” tamoyili asosida muhandislik-kommunikatsiya infratuzilmasi tarmoqlariga ulanish uchun zarur boʻlgan barcha ruxsatnomalar berilishini tashkil etish;
belgilangan tartibda tanlab olingan investorlar tomonidan qabul qilingan majburiyatlarning zarur tarzda bajarilishini tizimli nazorat qilish, keyinchalik natijalarni Maʼmuriy kengashga taqdim etish;
“Andijon-farm” EIZ hududida joylashgan davlat mulki boʻlgan koʻchmas mulk obyektlarini oʻziga berilgan vakolatlar doirasida boshqarish;
“Andijon-farm” EIZ hududidagi loyihalarni oʻz vaqtida ishga tushirish va tashkilotlarning doimiy faoliyat yuritishini taʼminlash bilan bogʻliq masalalarni hal etishda “Andijon-farm” EIZ qatnashchilariga koʻmaklashish;
“Andijon-farm” EIZni rivojlantirish dasturining amalga oshirilishini taʼminlash;
ekologik holatning yaxshilanishi yuzasidan nazoratni taʼminlash, shuningdek, “Andijon-farm” EIZ hududida joylashgan tarixiy-madaniy boyliklarning but saqlanishi uchun javob berish;
“Andijon-farm” EIZ faoliyatini boshqarish boʻyicha boshqa funksiyalarni amalga oshirish.
Qonun hujjatlarida ushbu Ustavda nazarda tutilgan tegishli faoliyat turining litsenziyalanishi zarurligi belgilangan taqdirda, Direksiya faoliyatning ushbu turini litsenziya olmasdan, tegishli litsenziyalovchi organ bilan tuzilgan litsenziya bitimi asosida amalga oshirishga haqlidir.
12. Direksiya faoliyatning qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa turlarini ham amalga oshirishi mumkin.
3-bob. Direksiya faoliyatini boshqarish
13. Direksiya Muassisga va Maʼmuriy kengashga hisobot beradi.
14. Muassis quyidagi huquqlarga ega:
Direksiya faoliyatining maqsadi va yoʻnalishlarini belgilash;
Direksiya Ustaviga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish;
Direksiyaning ortiqcha, foydalanilmayotgan yoxud belgilangan maqsadda foydalanilmayotgan mulkini olib qoʻyish va tasarruf etish;
Direksiyaga berilgan mulkdan foydalanishdan olingan sof foydaning bir qismini yoki hammasini olish;
Direksiya mulki bilan amalga oshirilgan bitimlarni haqiqiy emas deb hisoblash va Direksiyaga yetkazilgan zararlarni qoplash toʻgʻrisida sudga daʼvo arizasi bilan murojaat qilish;
Direksiyani qayta tashkil etish yoki tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilish, tugatish komissiyasini tayinlash va oraliq, tugatish balansini tasdiqlash;
mehnatga oid qonun hujjatlarida belgilangan tartibda Direksiya rahbari bilan mehnat shartnomasini muddatidan oldin toʻxtatish;
mehnatga oid qonun hujjatlarida belgilangan tartibda Direksiya rahbari bilan mehnat shartnomasini muddatidan oldin bekor qilish.
15. “Andijon-farm” EIZ mustaqil budjeti va “Andijon-farm” EIZni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlaridan maqsadli foydalanilishini nazorat qilish Maʼmuriy kengash tomonidan amalga oshiriladi.
16. Direksiyaning joriy faoliyatiga rahbarlikni Maʼmuriy kengash tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan Direktor amalga oshiradi.
17. Direktor ijro etuvchi organ hisoblanadi.
18. Direktor:
qonun hujjatlari talablarini bajarishga, Direksiya xodimlarining mehnat sharoitlarini muhofaza qilish va yaxshilashga, atrof muhitni muhofaza qilish va tabiiy resurslardan oqilona foydalanish sohasidagi norma va qoidalarga rioya qilinishini taʼminlashga doir tadbirlarini ishlab chiqadi va joriy etadi;
“Andijon-farm” EIZni rivojlantirish dasturlarining amalga oshirilishini tashkil qiladi;
Direksiyaning asosiy faoliyatini takomillashtirish, boshqarishning eng zamonaviy usullarini joriy etish chora-tadbirlarini amalga oshiradi;
Direksiya nomidan ishonchnomasiz harakat qiladi, barcha tashkilotlarda, shu jumladan, xorijiy tashkilotlarda uning manfaatlarini ifodalaydi;
xodimlarni ishga qabul qiladi, ular bilan mehnat shartnomalarini (kontraktlarni) tuzadi, oʻzgartiradi va ularning amal qilishini toʻxtatadi;
qonun hujjatlarida belgilangan tartibda ishonchnomalar beradi;
kadrlarni tayyorlash va oʻqitish, ularning malakasini oshirish chora-tadbirlarini amalga oshiradi;
Direksiyaning barcha xodimlari uchun majburiy boʻlgan buyruqlar chiqaradi va koʻrsatmalar beradi;
Direksiyaning ichki ish tartibini va xoʻjalik faoliyatini tartibga soluvchi hujjatlarni tasdiqlaydi;
Direksiya tomonidan qonun hujjatlariga rioya qilinishini tashkil etish va nazorat qilishni taʼminlaydi;
Direksiyaga yuklangan maqsadlar va vazifalarni bajarish uchun zarur boʻlgan boshqa funksiyalarni amalga oshiradi.
19. Direktor:
Muassisga Direksiya faoliyati toʻgʻrisida belgilangan tartibda hisobot beradi;
oʻz huquqlarini amalga oshirishda va vazifalarini bajarishda Direksiya manfaatlarini koʻzlagan holda harakat qilishi lozim hamda budjetga va budjetdan tashqari jamgʻarmalarga toʻlovlar, ish haqining oʻz vaqtida toʻlanishi, mehnatga oid huquqiy munosabatlardan kelib chiquvchi barcha talablarning va ularga tenglashtirilgan toʻlovlarning qondirilishi, ishlab chiqarish faoliyati bilan bevosita bogʻliq ehtiyojlarga mablagʻlar oʻtkazilmaganligi uchun, Direksiyaning xatti-harakatlari (harakatsizligi) bilan, shu jumladan, Direksiyaga berilgan davlat mol-mulki yoʻqolgan taqdirda, yetkazilgan zarar yuzasidan qonun hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi;
“Andijon-farm” EIZning Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan kelishgan holda Maʼmuriy kengash tomonidan tasdiqlanadigan mustaqil budjet mablagʻlarining tasarruf etuvchisi hisoblanadi;
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga “Andijon-farm” EIZning mustaqil budjeti ijrosi toʻgʻrisidagi hisobotni kelishish uchun belgilangan tartibda taqdim etadi.
20. Direktor oʻz zimmasiga yuklangan vazifalarning bajarilishi, shuningdek, Direksiyaga berilgan davlat mulkining saqlanishi va undan maqsadli foydalanilishi yuzasidan qonun hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
4-bob. Direksiyaning ustav fondi
21. Direksiyaning ustav fondi “Andijon-farm” EIZ faoliyatini operativ boshqarishni amalga oshirish uchun Muassis tomonidan oʻziga berilgan mablagʻlar, mol-mulk va boshqa aktivlar yigʻindisidan iborat boʻladi.
22. Direksiya ustav fondining miqdori 300 mln soʻmni tashkil qiladi.
5-bob. Direksiyaning ustav fondini koʻpaytirish va kamaytirish tartibi
23. Direksiyaning ustav fondini koʻpaytirish yoki kamaytirish qonun hujjatlarida belgilangan tartibda, Muassis qaroriga binoan amalga oshiriladi.
6-bob. Direksiya mulkini tasarruf etish
24. Muassis tomonidan Direksiyaga operativ boshqaruv huquqi bilan berilgan asosiy fondlar va aylanma mablagʻlar Direksiya mol-mulkini tashkil qiladi.
25. Direksiyaning asosiy fondlari va aylanma mablagʻlari boʻlinmaydi va ulushlar (hissalar, paylar) boʻyicha taqsimlanishi mumkin emas.
26. Maʼmuriy kengash Direksiyaga berilgan davlat mulkidan belgilangan maqsadda foydalanilishini va uning saqlanishini, shuningdek, oʻzgaga berilishini Muassis nomidan nazorat qiladi.
27. Direktor Muassis bilan kelishgan holda Direksiya mulkini quyidagicha tasarruf etishi mumkin:
asosiy vositalarni sotish, ularni ijaraga yoki garovga berish;
mol-mulkni boshqa xoʻjalik jamiyatining ustav fondiga ulush sifatida kiritish;
boshqa xoʻjalik jamiyatlarining aksiyalari (ulushlari)ni sotib olish va sotish;
mol-mulkni qonun hujjatlarida belgilangan tartibda boshqacha tarzda tasarruf etish.
7-bob. Direksiya budjetini shakllantirish
28. Quyidagilar Direksiya faoliyatini moliyalashtirish manbalari hisoblanadi:
davlat mulki boʻlgan va “Andijon-farm” EIZ hududida joylashgan binolar va inshootlarni ijaraga berishdan olingan daromadlarning bir qismi;
xizmatlar koʻrsatishdan olingan daromadlar;
EIZ qatnashchilarining ajratmalari va EIZ qatnashchilari sifatida roʻyxatdan oʻtish uchun toʻlovlar;
Oʻzbekiston Respublikasining rivojlanish davlat dasturlaridagi mablagʻlar;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar.
8-bob. Zaxira fondini va boshqa fondlarni shakllantirish tartibi
29. Direksiya oʻz tasarrufida qoladigan sof foyda hisobiga zaxira fondini, shuningdek, boshqa fondlarni tashkil etishi mumkin, ularning miqdori va ularni shakllantirish tartibi Muassis tomonidan tasdiqlanadi.
9-bob. Daromad (foyda)ni taqsimlash va zararlarni qoplash tartibi
30. Direksiyaning sof foydasi Direksiya tasarrufida qoladi va undan Muassis qaroriga binoan foydalaniladi.
31. Muassis oʻz qarori bilan boshqa yuridik va jismoniy shaxslarga xayriya maqsadlari uchun yoʻnaltiriladigan pul mablagʻlarining cheklangan summasini, ularni tasarruf etish huquqini Direktorga bergan holda belgilaydi.
32. Direksiyaning xoʻjalik faoliyati natijasida koʻrilgan zararlarini qoplash ushbu maqsadlar uchun tashkil etilgan zaxira fondi mablagʻlari hisobiga amalga oshirilishi mumkin.
10-bob. Hisobotlarni taqdim etish tartibi
33. Direksiya hisobot davri tugagach vakolatli organlarga moliya hisobotini va roʻyxati qonun hujjatlarida belgilangan boshqa hujjatlarni taqdim etadi hamda hujjatlarning saqlanishi va ularning davlat tomonidan saqlashga berilishi yuzasidan belgilangan tartibda javob beradi.
34. Direksiyaning xoʻjalik subyekti sifatidagi faoliyatini nazorat qilish Maʼmuriy kengash tomonidan qonun hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
35. Direktor har chorakda Direksiya faoliyatining natijalari va tasdiqlangan rivojlantirish dasturlarining amalga oshirilishi toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga hisobot beradi.
11-bob. Direksiyaning javobgarligi
36. Direksiya oʻz majburiyatlari boʻyicha oʻziga tegishli mulk bilan javob beradi. Muassis Direksiyaning mulki yetarli boʻlmagan taqdirda uning majburiyatlari boʻyicha subsidiar javobgarlikni amalga oshiradi.
37. Direksiya Muassis majburiyatlari boʻyicha javob bermaydi.
12-bob. Direksiyani tugatish va qayta tashkil etish
38. Direksiya Muassisning qaroriga koʻra, qonun hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda yoki sud qaroriga binoan tugatilishi yoxud qayta tashkil etilishi mumkin.
39. Direksiyani tugatish Direksiya faoliyatining huquq va majburiyatlari huquqiy vorislik tartibida boshqa shaxslarga oʻtmagan holda toʻxtatilishiga sabab boʻladi.
Direksiya qayta tashkil etilgan taqdirda uning huquq va majburiyatlari huquqiy vorisga oʻtadi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 11-iyun,
480-son