UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 12-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 12 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 12 июня 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 12 June 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

ЖУРНАЛИ

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга қабул қилиш тартиби ва ўқув жараёнини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 февралдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4166-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;

олий ноюридик маълумотга эга бўлган кадрларни махсус олти ойлик дастур бўйича қайта тайёрлаш курсини тугатганлиги тўғрисидаги дипломнинг намунаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки:

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали (кейинги ўринларда — Филиал)да 5240100 — Юриспруденция (ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш) бакалавриат таълим йўналиши бўйича юридик кадрлар тайёрланади;

ўқув жараёни Тошкент давлат юридик университети Кенгаши томонидан тасдиқланган малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади;

Филиалга бакалавриатнинг махсус уч йиллик дастури бўйича юридик кадрларни тайёрлашга ўқишга қабул қилиш белгиланган талаблар асосида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ манфаатдор вазирлик ва идораларнинг тавсияномаси берилган шахслар доирасида амалга оширилади.

3. Филиалда ўқув жараёнини ташкил қилишда:

таълим олувчилар томонидан билимларни мустақил равишда эгаллаш ва улардан фойдаланиш кўникмасини шакллантиришга;

таълим олувчиларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда бошқа ҳужжатларни таҳлил ва талқин қилиш, қўллаш кўникмаларини шакллантиришга йўналтирилган инновацион педагогик технологияларни қўллашга;

таълим олувчиларнинг замонавий юридик таълим талабларига мувофиқ чет тилларини мукаммал эгаллашига;

назарияни амалиёт билан уйғунлаштиришга йўналтирилган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида талабаларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда амалиёт (стажировка) ўташини ташкил қилишга;

хорижий давлатларнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича таълим бериш тажрибасини қўллаш, ушбу соҳадаги таълим, илмий тадқиқот ва бошқа муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга;

таълим олувчиларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш ва зиммасига юкланган тезкор топшириқларни самарали бажаришга оид билим ва кўникмаларини назарда тутувчи махсус фанларни жорий этишга;

профессор-ўқитувчиларнинг хорижий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида малакасини ошириш ҳамда стажировкадан ўтишини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилсин.

4. Олий ноюридик маълумотга эга бўлган кадрларни махсус олти ойлик дастур бўйича қайта тайёрлашда шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

тингловчиларни давлат аттестациясидан ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи билан Давлат аттестация комиссияси тузилади;

давлат аттестацияси битирув ишини ҳимоя қилиш шаклида амалга оширилади ва битирув ишларини тайёрлаш ҳамда уни ҳимоя қилишга доир талаблар Филиал Кенгаши томонидан тасдиқланади;

давлат аттестацияси якунлари бўйича қониқарсиз баҳо олган шахсларга кейинги қайта тайёрлаш курсида такроран топширишга (фақат бир марта) имконият берилади;

давлат аттестация комиссияси аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнатга соатбай ҳақ тўлашнинг белгиланган миқдорларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади;

тингловчиларни курсдан четлаштиришга дарсларни узрли сабабларсиз 12 соатдан ортиқ қолдирганлиги, ўқув режасидаги фанларни ўзлаштирмаганлиги, ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардияси тизимидан хизматдан бўшаганлиги асос ҳисобланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Филиалда 2-курс учун белгиланган ўқув жараёни якунланганидан сўнг талабаларни (муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўтаганлар бундан мустасно) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда, шартнома асосида Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмда сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташини таъминласин.

6. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда талабаларнинг амалий кўникмаларини ҳар томонлама ривожлантириш, шу жумладан амалиёт (стажировка) ўташида Филиалга амалий ёрдам кўрсатсин.

6 1 . Филиалда давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниб, академик қарздорлиги сабабли курсдан қолдирилган ҳамда талабалар сафидан четлаштирилган талабалар ўқишини қуйи курс (семестр)дан давом эттириш ёки қайта тиклаш тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Бундай ҳолатда, ушбу талабаларнинг Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида камида беш йил узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти сақланиб қолади.

Талабалар сафидан четлаштирилган ва академик қарздорлиги сабабли курсдан қолдирилган талабалар ўқишини қуйи курс (семестр)дан қайта тиклаш ёки давом эттириш бўйича контракт тўлови миқдори ТДЮУ Кенгаши томонидан белгиланади.

Академик қарздорлиги сабабли курсдан қолдирилган ҳамда талабалар сафидан четлаштирилган талаба кейинги ўқув йили бошлангунига қадар ўқишини тикламаса унинг ўқиши учун сарфланган маблағлар талаба томонидан қопланиши шарт.

Белгиланган муддатда қопланмаган маблағлар суд орқали ундирилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

ўқишга муносиб номзодларни танлаб олиш ва қабул жараёни тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р. Давлетов, ички ишлар вазири П. Бобожонов ҳамда мудофаа вазири Б. Қурбоновлар зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июндаги 490-сон қарорига 1-ИЛОВА

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу низом Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали (кейинги ўринларда — Филиал)да кундузги таълим шаклида бакалавриатнинг махсус уч йиллик дастури бўйича юридик кадрларни тайёрлаш ва олий ноюридик маълумотга эга бўлган кадрларни махсус олти ойлик дастур бўйича қайта тайёрлаш бўйича ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

бакалавриатнинг махсус уч йиллик дастури бўйича юридик кадрларни тайёрлаш (кейинги ўринларда — юридик кадрларни тайёрлаш) — «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш» соҳа мутахассислиги бўйича фаолият олиб бориш учун етарли даражадаги билим ва амалий кўникма шакллантиришни ўз ичига олувчи олий таълим шакли;

олий ноюридик маълумотга эга бўлган кадрларни махсус олти ойлик дастур бўйича қайта тайёрлаш (кейинги ўринларда — қайта тайёрлаш курси) — «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш» мутахассислиги бўйича кадрларни амалиётда фаолият олиб бориш учун етарли даражадаги билим олишни ва кўникма шакллантиришни назарда тутадиган олий таълимдан кейинги ўқитиш шакли;

талабгор — юридик кадрларни тайёрлаш бўйича тест синовларини топширишга қўйилган ёки қайта тайёрлаш курсига суҳбат шаклида ўтказиладиган танловда иштирок этишга тавсия этилган шахс;

ходим — ички ишлар органининг амалдаги ходими;

ҳарбий хизматчи — Миллий гвардия бўлинмасининг амалдаги ҳарбий хизматчиси;

талаба — юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ўқишга қабул қилинган шахс;

тингловчи — қайта тайёрлаш курси бўйича ўқишга қабул қилинган олий ноюридик маълумотга эга бўлган ходим ёки ҳарбий хизматчи.

3. Филиалга ўқишга қабул қилишни ташкил этиш мазкур низомнинг 1-иловасида келтирилган схемага асосан амалга оширилади.

4. Филиалда юридик кадрларни тайёрлашга ёши ўн еттидан кичик ва йигирма бешдан катта бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари тест синовлари асосида ўқишга қабул қилинади.

5. Умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта-махсус, касб-ҳунар профессионал маълумотига эга, соғлиғининг ҳолати бўйича ходим ёки ҳарбий хизматчининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ўқишга кириш учун ҳужжатлар қабул қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ва Миллий гвардияси қўмондони тавсиялари асосида олий ноюридик маълумотга эга бўлган амалдаги ходимлар ва ҳарбий хизматчилардан белгиланган тартибда эгаллаб турган лавозими ва пул таъминоти сақлаб қолинган ҳолда қайта тайёрлаш курсига ўқишга кириш учун ҳужжатлар қабул қилинади.

Филиалга ўқишга қабул қилинган шахсга Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида камида беш йил узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти юкланади. Талабгор мажбурият шартлари ҳамда унинг бажарилмаслиги юзасидан моддий жавобгарлик бўйича ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш жараёнида мазкур низомнинг 2-иловасида келтирилган шаклдаги огоҳлантириш хати орқали таништирилади.

Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Филиалда ўқиш истагидаги талабгорларни Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълим йўналишига ҳужжат топширадиган номзодлар учун ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш тўғрисида» 2017 йил 26 сентябрдаги 764-сон қарорига мувофиқ Ички ишлар вазирлиги ва ички ишлар органларида махсус ташкил этиладиган ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан тиббий кўрикдан ўтказиш чораларини кўради.

Ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига кўра соғлиғининг ҳолати бўйича хизматга яроқли деб топилган талабгорлар тўғрисидаги қарор ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан хулоса кўринишида тасдиқланади ҳамда қабул йилининг 20 май кунига қадар Филиал қабул комиссиясига юборилади.

Филиал қабул комиссияси Ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига асосан соғлигининг ҳолатига кўра хизматга яроқли деб топилган талабгорлардан ҳужжатларни қабул қилади ҳамда уларнинг онлайн рўйхатдан ўтишига рухсат беради.

Ҳарбий-тиббий комиссиянинг ижобий хулосаси битирувчини Миллий гвардия тизимига хизматга қабул қилиш жараёнида инобатга олинади.

6. Юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ўқишга қабул қилишда талабгор бўйининг баландлиги қуйидаги махсус антропометрик параметрларга жавоб бериши талаб этилади:

эркакларга — 165 сантиметрдан паст бўлмаслиги;

аёлларга — 160 сантиметрдан паст бўлмаслиги.

7. Филиалга ўқишга қабул қилиш бўйича белгиланган қабул квотаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардиянинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида мутахассис кадрларга бўлган талаблар таҳлил қилинган ҳолда эркаклар ва аёллар, шунингдек ўзбек ва рус тиллари бўйича ўқитиш сонига қараб тақсимланади.

8. Филиалга юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда — Давлат тест маркази) томонидан тест синовларини ўтказиш орқали, қайта тайёрлаш курсига ўқишга қабул қилиш суҳбат кўринишидаги танлов асосида амалга оширилади.

Қайта тайёрлаш курсида ўқиш иккинчи олий маълумот олиш ҳисобланмайди.

Ходим ёки ҳарбий хизматчининг қайта тайёрлаш курсини тугатганлиги тўғрисидаги дипломга эга бўлиши лавозим бўйича юқори кўтарилишида, навбатдаги махсус унвон берилишида, шунингдек раҳбарлик лавозимлари учун захирага киритилишида инобатга олинади.

2-боб. Филиалга ўқишга қабул қилиш жараёнини ташкил этиш

9. Филиалга ўқишга қабул қилишни сифатли ташкил этиш мақсадида қабул комиссияси ташкил этилади.

Қабул комиссиясининг таркиби Филиал директорининг тақдимига биноан адлия вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.

10. Қабул комиссиясининг асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби Филиал директори томонидан белгиланади.

Филиал директори лавозим бўйича қабул комиссиясига раислик қилади.

11. Ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари ва ўқиш учун ажратилган ўринларнинг умумий сони ҳақидаги маълумотлар қабул комиссияси томонидан, қоида тариқасида, ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан бир ой олдин Филиалнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

12. Қабул комиссияси ўз фаолиятини кейинги ўқув йили учун қабул комиссияси ташкил этилгунга қадар Филиалда олиб боради.

3-боб. Юридик кадрларни тайёрлаш бўйича талабгорларни ўқишга қабул қилиш

13. Талабгорлар таълим олиш тили кўрсатилган ҳолда ўқишга қабул қилиш ҳақидаги ариза ва мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган ҳужжатларни, қоида тариқасида, ҳар йили 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам) қабул комиссиясига тақдим этади.

Аризанинг шакли қабул комиссияси томонидан тасдиқланади.

14. Ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги талабгорнинг аризасига қуйидагилар илова қилинади:

асли кўрсатилган ҳолда ҳарбий хизматга чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (чақирилиш муддати узайтирилган ҳолда) нусхаси ёки ҳарбий гувоҳнома нусхаси;

яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойдан белгиланган намунадаги соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумотнома (бўй параметри кўрсатилган ҳолда);

15. Қабул қилиш бўйича рўйхатга олинган аризалар сони ҳақидаги маълумотлар ҳар куни Филиалнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиб борилади.

16. Талабгорларни ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда — Давлат комиссияси) томонидан тест синовлари натижаларига кўра тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.

17. Тест синовлари ўзбек ва рус тилларида ўтказилади.

Ўқитиш тили белгиланган қабул квоталари доирасида ҳужжатлар қабул қилинишига қадар Адлия вазирлиги томонидан белгиланади ва Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Талабгор тест синовларини Филиалда ўқийдиган тилда топширади.

Филиалда тест синовлари ўтказиладиган фанлар мажмуасига Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда — ТДЮУ) учун белгиланган тартиб татбиқ қилинади.

Талабгор чет тиллар сифатида инглиз, немис, француз тилларидан бири бўйича тест синовини топширади. Талабгор ўқиган чет тилидан қатъи назар, хоҳлаган чет тили (инглиз, немис, француз)дан тест синовларини топшириши мумкин.

Филиалга юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ҳужжат топширган ва Давлат тест маркази томонидан берилган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификат (кейинги ўринларда — миллий сертификат) ёки халқаро сертификатнинг қуйидаги даражаларига эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади:

инглиз тили учун — миллий сертификат ёки International English Language Testing System (IELTS 5,5 (бунда writing модулидан 5,5 балл)), Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT 72), Cambridge Assessment English FCE ва CAE халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

япон тили учун — миллий сертификат ёки Japanese Language Proficiency Test (JLPT № 2) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

немис тили учун — миллий сертификат ёки Goethe-Zertifikat, Deutsches Sprachdiplom (DSD II) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

француз тили учун — миллий сертификат ёки Diplome dʼEtudes en Langue Française (DELF), Test de Connaissance du Français (TCF4) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори.

бошқа тиллар учун — миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражаси B2 ва ундан юқори.

18. Тест синовлари, қоида тариқасида, ҳар йили июль-август ойлари оралиғида ўтказилади.

Тест синовларига луғат, шпаргалкалар, мобил телефон ҳамда бошқа алоқа ва телекоммуникация воситаларини олиб киришга ҳаракат қилиш, олиб кириш ва улардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.

Тест материалларини бошқа талабгорга узатиш ёки уларга ёрдам бериш, тест материалларини бинодан ташқарига олиб чиқиш, тест топшириқлари китоби варағини йиртиш, тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортиш, тест синовлари жараёнида видеокузатиш воситалари орқали талабгорнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлигининг аниқланиши ва шу каби ҳолатлар талабгорни тест синовларидан четлаштиришга асос ҳисобланади.

Талабгорларнинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмаганлиги бўйича тасдиқланган тест синовлари натижалари ўрнатилган тартибда Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

19. Тест синовларидан муваффақиятли ўтган талабгорларни ўқишга қабул қилиш ҳақида Филиал директорининг буйруғи қабул қилинади ва уларга қонун ҳужжатларига мувофиқ стипендия тайинланади ҳамда улар Талабалар турар жойи билан таъминланади.

20. Филиалда 2-курс ўқув жараёни якунланганидан сўнг, қоида тариқасида, таътил даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда, шартнома асосида Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмда талабалар ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига асосан сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташлари таъминланади (муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўтаганлар бундан мустасно).

21. Филиал томонидан Филиални битирувчи талабаларнинг (кейинги ўринларда — битирувчи) яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи бўйича рўйхати, қоида тариқасида, сентябрь ойида Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга тақдим этилади. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан ҳужжатларни ўрганиш (кейинги ўринларда — ўрганиш) белгиланган тартибда амалга оширилади.

22. Талабалар Филиалда ўқишни якунлагунга қадар қуйидаги босқичда ўрганишдан ўтказилади:

ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;

ҳарбий-тиббий комиссия кўригидан ўтиш.

Ўрганиш уларнинг турларидан келиб чиқиб, тегишли мутахассислар томонидан ўтказилади.

Талабанинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилди тўлиқ расмийлаштирилгани ҳамда Филиалда якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтганидан сўнг битирувчи Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимига хизматга қабул қилинади.

Талабанинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини ўрганиш ва расмийлаштириш давомида хизматга қабул қилинишига тўсқинлик қилувчи маълумот (хизматга қабул қилиш учун умумий ва махсус талабларга мос келмаслик)лар аниқланган тақдирда, шунингдек ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига кўра хизматга яроқсиз деб топилганда ҳужжатларни расмийлаштириш тўхтатилиб, хизматга қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи ёки Миллий гвардия бўлинмаси командири томонидан қарор қабул қилинади ва бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия томонидан талабага ва Филиалга хабар берилади.

4-боб. Битирувчиларни тақсимотга мувофиқ узлуксиз ишлаб беришини ташкил этиш

23. Битирувчиларни Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия тизимига хизматга тақсимлаш учун Филиалда тақсимот комиссияси тузилади.

Тақсимот комиссиясига Филиал директори раислик қилади ҳамда унинг таркибига Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия вакиллари билан бир қаторда бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳам, уларнинг раҳбарлари билан келишилган ҳолда киритилиши мумкин.

24. Битирувчиларни узлуксиз ишлаб бериш учун тақсимлаш ҳар йили, қоида тариқасида, битирувчи ўқишни тамомлагандан сўнг, бир ойдан кечиктирмай амалга оширилади.

25. Тақсимот комиссияси томонидан битирувчининг рейтинг натижалари ва талабани ўрганиш жараёнида йиғилган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдини, шунингдек ҳарбий-тиббий комиссия хулосасини инобатга олиб, Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида хизматни ўташ учун битирувчига мазкур низомнинг 3-иловасида келтирилган шаклдаги йўлланма берилади.

26. Тақсимот комиссиясининг битирувчини хизматга тақсимлаш ҳақидаги қарори қабул қилинганидан сўнг Филиал томонидан ҳар бир битирувчига уч иш кунидан кечиктирмаган ҳолда олий маълумот тўғрисидаги дипломдан кўчирма берилади.

27. Тақсимот комиссияси қарори асосида ички ишлар органларига ёки Миллий гвардия тизимига йўлланма берилган битирувчилар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома (контракт) тузилади. Битирувчининг хизмат вазифаларини бажаришга киришганлиги ҳақида мазкур низомнинг 4-иловасида келтирилган шаклдаги маълумотнома (кейинги ўринларда — маълумотнома) иш берувчи ташкилот томонидан ўн беш кун ичида Филиалга тақдим этилади.

Филиал маълумотнома асосида мазкур низомнинг 5-иловасида келтирилган шаклдаги журналга мувофиқ ҳар бир битирувчининг ҳисобини юритади.

28. Битирувчи 3-курс давомида ўтказилган махсус ўрганишдан ўтмаганда ёки ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига кўра хизматга номувофиқ деб топилганда битирувчиларга мустақил ишга жойлашиш имконияти берилганлиги тўғрисида маълумотнома ва олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг асл нусхаси берилади.

Филиал директори мазкур бандда кўрсатилган ҳужжатларни битирувчига ўз вақтида берилишига шахсан жавобгардир.

29. Битирувчи Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида сабабсиз беш йил узлуксиз ишлаб беришдан бош тортган ҳолларда, ўқишни битирган вақтида ТДЮУда амалда бўлган шартнома суммасининг йигирма беш баробари миқдорида Филиалга компенсация тўлайди. Тўлов амалга оширилганидан сўнг унга диплом берилади.

30. Узлуксиз ишлаб бериш муддати давомида битирувчи хизматдан бўшатилганда, ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи ёки Миллий гвардия бўлинмаси командири томонидан тегишли маълумот беш иш куни мобайнида Филиалга тақдим этилади.

Бунда, компенсация миқдори битирувчи томонидан ишлаб берилган вақтга пропорционал тарзда ҳисоблаб чиқилади.

31. Филиал битирувчи томонидан компенсация миқдорини тўлашни таъминлаш, шунингдек заруратга кўра, суд тартибида ундириш чорасини кўради.

Битирувчидан ундирилган компенсация маблағлари тўлиқ ҳажмда Филиални ривожлантириш жамғармаси ҳисобига тўланади.

32. Мазкур низомга мувофиқ битирувчи хизмат бурчини бажариш вақтида меҳнат лаёқатини йўқотганлиги сабабли (тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда) узлуксиз ишлаб бериш имкониятига эга бўлмаганда Филиал Кенгаши қарори асосида компенсация тўловидан озод этилиши мумкин.

33. Битирувчининг беш йиллик узлуксиз ишлаб бериш муддати тугагандан сўнг хизматни давом эттириш ҳақидаги масала қонун ҳужжатларига мувофиқ иш берувчи ва ходим ёки ҳарбий хизматчи ўртасида ўзаро келишувга асосан ҳал этилади.

5-боб. Қайта тайёрлаш курсига ўқишга қабул қилиш

34. Қайта тайёрлаш курсига ўқишга кириш учун талабгорлар таълим олиш тили кўрсатилган ҳолда Ички ишлар вазири ёки Миллий гвардия қўмондони номига билдирги билан мурожаат қилади.

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия қабул квотаси бўйича бир ўринга иккитадан кам бўлмаган ҳолда танловга қатнашадиган талабгорлар рўйхатини таълим оладиган тилини кўрсатган ҳолда Филиал қабул комиссиясига тақдим этади.

Қайта тайёрлаш курсига ўқишга кириш бўйича ҳужжатларни топшириш, қоида тариқасида, ўқув жараёни бошланишига бир ой муддат қолганида, танлов эса ўн беш кун қолганида бошланади.

35. Қайта тайёрлаш курсида ўқитишнинг давомийлиги олти ойни ташкил этади ва хизмат жойидан ажралган ҳолда амалга оширилади ҳамда уларнинг эгаллаб турган лавозими ва пул таъминоти сақлаб қолинади.

36. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан танловда қатнашадиган талабгорлар рўйхатига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

олий маълумот тўғрисидаги диплом (иловаси билан бирга) ёки дипломдан кўчирма (Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида битирганлар учун) нусхаси;

танловда иштирок этиш ҳуқуқини берадиган Ички ишлар вазири ёки Миллий гвардия қўмондони томонидан тақдим этилган тавсиянома;

37. Танлов Филиал директори буйруғи билан тузиладиган Имтиҳон комиссияси томонидан ўтказилади. Имтиҳон комиссияси таркибига Филиал ходимлари билан бир қаторда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ҳамда бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳам, уларнинг раҳбарлари билан келишилган ҳолда киритилиши мумкин.

Имтиҳон комиссиясининг фаолиятига умумий мувофиқлаштирувчи раис бошчилик қилади. Имтиҳон комиссияси фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш масъул котибнинг тегишли ўринбосари зиммасига юкланади.

38. Суҳбат саволларини тузиш учун Филиал директорининг буйруғи билан эксперт гуруҳи тузилади ва унинг фаолиятига эксперт гуруҳи раиси умумий раҳбарликни амалга оширади.

Танлов ҳуқуқ соҳасидаги таянч билимлар, таҳлилий фикрлаш ва соҳавий қонун ҳужжатларига оид билимларни аниқлаш нуқтаи назаридан ўтказилади ҳамда танлов учун саволлар мазкур мезонлар бўйича тузилади.

39. Танлов билетлари эксперт гуруҳи томонидан тузилган саволлардан шакллантирилади. Тузиладиган саволларнинг сифати ва мазмуни юзасидан масъулият эксперт гуруҳи аъзолари зиммасига юкланади.

Ҳар бир билет учта саволдан (ушбу низомнинг 38-бандида кўрсатилган ҳар бир мезон бўйича биттадан) иборат бўлиши лозим.

Билетлар қабул комиссияси масъул котиби томонидан бевосита танлов бошланишидан олдин тайёрланади ва танлов бошлангунга қадар қабул комиссияси раисининг сейфида сақланади.

40. Танловни ўтказиш жадвали Филиал директори томонидан тасдиқланади ва, қоида тариқасида, танлов ўтказилишидан ўн кун олдин Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга хабар берилади.

41. Танлов ўтказилишига қадар консультациялар Филиал директори томонидан тасдиқланган жадвал асосида ташкил этилади.

42. Танлов бошланишидан олдин талабгор паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни кўрсатиши шарт.

Танловга луғат, шпаргалкалар, мобил телефон ҳамда бошқа алоқа ва телекоммуникация воситаларини олиб киришга ҳаракат қилиш, олиб кириш ва улардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.

43. Танловда талабгор саволлар берилган билетни танлайди. Талабгорга тайёрланиш учун йигирма дақиқа вақт ажратилади.

Танлов жараёнида талабгорга билет мазмуни доирасида қўшимча саволлар берилиши мумкин. Битта талабгор билан суҳбат, қоида тариқасида, йигирма дақиқагача давом этади.

Билетни алмаштириш, бошқа талабгорга узатиш ёки уларга ёрдам бериш, танлов давомида ўзаро гаплашиш, танлов жараёнида видеокузатиш воситалари орқали талабгорнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлигининг аниқланиши ва шу каби ҳолатлар талабгорни танловдан четлаштиришга асос ҳисобланади.

44. Танлов натижаларини аниқлаш учун Имтиҳон комиссиясининг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил равишда ҳар бир талабгор учун алоҳида баҳолаш варақасини тўлдиради ва уни Имтиҳон комиссияси котибига тақдим этади.

Имтиҳон комиссияси аъзолари томонидан талабгорга қўйилган ўртача баллни ҳисоблаш мақсадида 2 нафар Имтиҳон комиссияси аъзолари ва Имтиҳон комиссияси котибидан иборат таркибда ҳисоб комиссияси тузилади.

Танлов натижалари рейтинг тизимига мувофиқ номзодга қўйилган балларни (0 дан 100 гача бўлган доирада) назарда тутган ҳолда аниқланади ва Филиал директори томонидан тасдиқланадиган Имтиҳон комиссияси мажлиси баённомасига киритилади.

45. Танлов натижалари Филиалнинг расмий веб-сайтида танлов якунланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан жойлаштирилади.

46. Талабгор танловга келмаган тақдирда унга 0 балл қўйилади. Танлов якуни бўйича белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаган тақдирда талабгор қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинмайди.

Қайта тайёрлаш курсига тингловчиларни қабул қилиш учун қайта танлов ўтказилмайди.

47. Танлов натижалари юзасидан шикоят қилиниши ва апелляция тартибида кўриб чиқилиши мумкин эмас.

48. Қайта тайёрлаш курсларига қабул квотасидан келиб чиқиб белгиланган ўринлар сонини инобатга олган ҳолда танловдан муваффақиятли ўтган (суҳбатда белгиланган максимал баллнинг 56 фоизи ва ундан юқори балл тўплаганда) талабгорлар қабул қилинади.

49. Танловдан муваффақиятли ўтган талабгор Филиал директорининг буйруғи билан тингловчилар сафига қабул қилинади.

Тингловчилар сафига қабул қилинганлиги ҳақидаги буйруқдан кўчирма беш кун ичида Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга юборилади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

50. Филиалда таълим олаётган талабалар ўқишини бошқа олий таълим муассасаларига, шунингдек бошқа олий таълим муассасалари талабалари ўқишини Филиалга кўчириш мумкин эмас.

51. Мазкур низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга 1-ИЛОВА

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга қабул қилишни ташкил этиш

Босқичлар Ўтказиладиган тадбирлар Бажарилиш муддати ва бошқа талаблар ФИЛИАЛГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ I босқич Қабул комиссияси фаолиятини ташкил этиш 1. Қабул комиссиясининг раиси, раис ўринбосари ва масъул котибини Филиал директорининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи билан тасдиқлаш. 2. Қабул комиссияси бўйича Филиал директорининг буйруғини расмийлаштириш. 3. Заруратга кўра, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг буюртмаларига мувофиқ Адлия вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишган ҳолда қабул квотасига ўзгартириш киритиш. белгиланган муддатларда II босқич Ҳужжатларни қабул қилишни ташкил этиш 1. Ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари ва ўқиш учун ажратилган ўринларнинг умумий сони ҳақидаги маълумотларни Филиалнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш. қоида тариқасида, ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан бир ой олдин 2. Филиал қабул комиссияси томонидан талабгорлардан ҳужжатларни қабул қилиш: юридик кадрларни тайёрлашга ўқишга кириш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш; 15 июнь — 15 июль қайта тайёрлаш курсига ўқишга кириш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш. ўқув жараёни бошланишига бир ой қолганда III босқич Юридик кадрларни тайёрлаш бўйича талабгорларни ўқишга қабул қилиш 1. Давлат тест маркази томонидан тест синовларини ўтказиш. июль-август 2. Тест синовлари натижаларини ўрнатилган тартибда Давлат тест марказининг расмийвеб-сайтида эълон қилиш . белгиланган муддатларда 3. Талабалар сафига ўқишга қабул қилиш бўйича Филиал директорининг буйруғини расмийлаштириш. ўқув йили бошлангунга қадар Қайта тайёрлаш курсига ўқишга қабул қилиш 1. Филиал директори раислигида тузилган имтиҳон комиссияси томонидан талабгорлар билан якка тартибдаги суҳбат ўтказиш. ўқув жараёни бошланишига 15 кун қолганда 2. Танлов натижаларини Филиалнинг расмий веб-сайтида эълон қилиш . танловдан кейинги иш куни 3. Тингловчилар сафига ўқишга қабул қилиш бўйича Филиал директорининг буйруғини расмийлаштириш. танлов натижаси эълон қилингандан сўнг 5 иш куни ичида ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ IV босқич Юридик кадрларни тайёрлашда ўқув жараёнини амалга ошириш 1. Таълим-тарбия жараёнини амалга ошириш. 3 йил давомида 2. Мудофаа вазирлиги томонидан талабаларни сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат ўташини таъминлаш. 2-курс ўқув жараёни якунлангандан сўнг 3. Филиал томонидан битирувчи талабаларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи бўйича рўйхатини Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга ўрганиш учун тақдим этиш. 3-курснинг сентябрь ойида 4. Якуний давлат аттестациясини ташкил этиш ва натижаси бўйича қарор қабул қилиш. белгиланган муддатларда Қайта тайёрлашда ўқув жараёнини амалга ошириш 1. Қайта тайёрлаш курсида ўқиш жараёнларини амалга ошириш. 6 ой давомида 2. Тингловчиларнинг фанлараро якуний аттестация синовини ташкил этиш ва натижаси бўйича қарор қабул қилиш. белгиланган муддатларда V босқич Талабаларнинг хизматга қабул қилиш талабларига мувофиқлигини ўрганишни ташкил этиш Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан битирувчи курс талабаларини хизматга қабул қилиш талабларига мувофиқлигини ўрганиш ва натижаси бўйича хулоса бериш. Талабаларни ўрганиш босқичлари қуйидагилар: ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш; ҳарбий-тиббий комиссия кўригидан ўтказиш. 3-курс давомида (белгилаган муддатда) БИТИРУВЧИЛАРНИ ТАҚСИМОТГА МУВОФИҚ УЗЛУКСИЗ ИШЛАБ БЕРИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ VI босқич Битирувчиларни узлуксиз ишлаб бериш учун тақсимлаш 1. Битирувчиларни Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия тизимига хизматга тақсимлаш учун Филиалда тақсимот комиссиясини тузиш. битирувчи ўқишни тамомлагандан сўнг, бир ой ичида 2. Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимига хизматни ўташга тақсимлаш ва йўлланма бериш. 3. Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимига хизматга қабул қилиш ҳамда хизматга қабул қилинганлиги бўйича иш берувчи ташкилот томонидан Филиалга маълумотнома бериш. хизматга қабул қилингандан сўнг 15 куни ичида 4. Филиал битирувчисига берилган йўлланмалар ва уларнинг хизматга қабул қилиш бўйича ҳисоб юритиш. доимий

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга 2-ИЛОВА

Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида камида беш йил узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини бажарилиши бўйича ОГОҲЛАНТИРИШ ХАТИ Мен Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга киришга талабгор (Ф.И.Ш.) Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида ишлаб бериш мажбуриятини бажаришдан бош тортганимда ёки хизматни лозим даражада бажармаганлигим ёхуд содир этилган ҳуқуқбузарлик туфайли хизматни ўташ мумкин бўлмай хизматдан бўшатилганимда ўқишни битирган вақтимдаги ТДЮУда амалда бўлган тўлов-шартнома суммасининг йигирма беш баробари миқдорида Филиалга компенсация тўлаганимдан сўнг диплом берилиши тўғрисида огоҳлантирилдим. Хизмат жойимдан муддатидан илгари шартнома (контракт)ни бекор қилганимда ёки хизматни лозим даражада бажармаганлигим ёхуд содир этилган ҳуқуқбузарлик туфайли хизматни ўташ мумкин бўлмай хизматдан бўшатилганимда ўқишни битирган вақтимдаги ТДЮУда амалда бўлган тўлов-шартнома суммасидан келиб чиқиб, компенсация миқдори ишлаб берилган вақтга пропорционал тарзда ҳисоблаб чиқилиши тўғрисида огоҳлантирилдим. Ушбу огоҳлантириш хати орқали зиммамга юкланадиган барча мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишига кафолат бераман. ________________________ ________________________ (имзо) (Ф.И.Ш.) 20___ йил «___» _______________

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга 3-ИЛОВА

‎‎Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида хизматни ўташ учун ‎ЙЎЛЛАНМА ‎‎____-сон ХИЗМАТГА ЙЎЛЛАНМА ‎‎«___» _______________ 20__ й. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Тошкент ш. ‎‎Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалини тамомлаган _____________________________га ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎(битирувчининг Ф.И.Ш.) ‎‎тақсимот комиссиясининг қарорига кўра ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _______________________________________________________________________________________________________ ‎‎(битирувчи юборилган ташкилот номи) ‎‎____________________________________________________________________________________________________ да ‎‎беш йил давомида узлуксиз ишлаб бериш учун юборилди. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (лавозими)‎‎ ‎ (имзо, муҳр)‎‎ ‎ (Тақсимот комиссия раисининг Ф.И.Ш.) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (лавозими)‎‎ ‎ (имзо)‎‎ ‎ (Тақсимот комиссия раисининг Ф.И.Ш.)‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (лавозими)‎‎ ‎ (имзо)‎‎ ‎ (Тақсимот комиссия раисининг Ф.И.Ш.)‎‎ ‎

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга 4-ИЛОВА

Битирувчини хизмат вазифаларини бажаришга киришганлиги ҳақидаги ‎МАЪЛУМОТНОМА ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎«___» ____________________ 20__ й.‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎т./ш. _____________________ ‎‎_______________________________________________________________________________________________________ (иш берувчи ташкилот номи) Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалини 20 ____ йилда тамомлаган ва унга «_____» ___________ 20 ____ йилда _______-сон хизматга йўлланма берилган _______________________________________________________________________________________________________ ‎‎(битирувчи Ф.И.Ш.) «_____» ____________ 20____ йилда хизматга жойлашиш учун етиб келди. ‎‎Битирувчи «_____» _________ 20____ йилдаги _____-сон буйруққа асосан _______________________________________________________________________________________________________ (битирувчи қабул қилинган лавозим) ‎‎лавозимига хизматга қабул қилинди. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎(иш берувчи ташкилот раҳбари) ‎ (имзо, муҳр)‎‎ ‎ (Ф.И.Ш.)‎‎

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга 5-ИЛОВА

Филиал битирувчисига берилган йўлланмалар ва уларнинг хизматга жойлашганини ҳисобга олиш

Т/р Фамилияси, исми, шарифи Жинси Туғилган йили Оилавий ҳолати Яшаш жойи Тақсимот бўйича ташкилот номи Битирувчи имзоси Ишга келгани ва жойлашгани тўғрисидаги ҳужжатни олгани ҳақида қайд Беш йил узлуксиз ишлаб берилгани ҳақидаги маълумот Қўшимча маълумотлар

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июндаги 490-сон қарорига 3-ИЛОВА

Олий ноюридик маълумотга эга бўлган кадрларни махсус олти ойлик дастур бўйича қайта тайёрлаш курсини тугатганлиги тўғрисидаги ДИПЛОМНИНГ НАМУНАСИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ ГЕРБИНИНГ ТАСВИРИ Ўзбекистон Республикаси Қайта тайёрлаш ҳақида ДИПЛОМ ҚТ № 000000 (Тингловчининг фамилияси, исми, отасининг исми) 20___ йил ______________дан 20___ йил ______________гача Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалида (Қайта тайёрлаш таълим муассасасининг номи) ________________________________________________________ соатга мўлжалланган «ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш» (қайта тайёрлаш курсининг номи) мутахассислиги бўйича қайта тайёрлаш курсида таълим олиб, Давлат аттестация комиссияси томонидан фанлараро якуний давлат аттестация синовида балл билан баҳоланди ва қайта тайёрлаш ўқув курсини муваффақиятли тамомлади. Муҳр ўрни Директор ________________ Сана ________________ Қайд рақами ________________

Тавсифи

Диплом А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун — қора рангда, расмлар тасвири учун — яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун — оч пушти рангда босиб чиқарилади.

Дипломнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат герби, пастки қисмида эса — 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Дипломнинг қолган юқори қисмида лотин ёзуви билан давлат тилида «OʼZBEKISTON RESPUBLIKASI. Qayta tayyorlash haqida DIPLOM» сўзлари босилади. Диплом икки лотин ҳарфи — QT ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кулранг фонда босиб чиқарилади.

Диплом:

босиб чиқаришнинг икки усули — офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш натижасида турли рангларни ҳосил қилиш;

махсус қоғоз;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 12 июнь,

490-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.06.2019 й., 09/19/490/3284-сон; 29.09.2020 й., 09/20/593/1340-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2021 й., 06/21/6269/0704-сон, 28.07.2021 й., 09/21/466/0713-сон, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон; 19.08.2022 й., 09/22/463/0758-сон; 06.05.2026 й., 09/26/224/0457-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

JURNALI

Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filialiga oʻqishga qabul qilish tartibi va oʻquv jarayonini tashkil etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 7-fevraldagi “Huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash sohasida kadrlar tayyorlash tizimini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PQ-4166-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filialiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisida nizom 1-ilovaga muvofiq;

oliy noyuridik maʼlumotga ega boʻlgan kadrlarni maxsus olti oylik dastur boʻyicha qayta tayyorlash kursini tugatganligi toʻgʻrisidagi diplomning namunasi 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Belgilansinki:

Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filiali (keyingi oʻrinlarda — Filial)da 5240100 — Yurisprudensiya (huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash) bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha yuridik kadrlar tayyorlanadi;

oʻquv jarayoni Toshkent davlat yuridik universiteti Kengashi tomonidan tasdiqlangan malaka talablari, oʻquv rejalari va dasturlariga muvofiq amalga oshiriladi;

Filialga bakalavriatning maxsus uch yillik dasturi boʻyicha yuridik kadrlarni tayyorlashga oʻqishga qabul qilish belgilangan talablar asosida Toshkent shahri yoki Toshkent viloyatida yashash joyi boʻyicha roʻyxatga olingan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, shuningdek qonun hujjatlariga muvofiq manfaatdor vazirlik va idoralarning tavsiyanomasi berilgan shaxslar doirasida amalga oshiriladi.

3. Filialda oʻquv jarayonini tashkil qilishda:

taʼlim oluvchilar tomonidan bilimlarni mustaqil ravishda egallash va ulardan foydalanish koʻnikmasini shakllantirishga;

taʼlim oluvchilarda normativ-huquqiy hujjatlar hamda boshqa hujjatlarni tahlil va talqin qilish, qoʻllash koʻnikmalarini shakllantirishga yoʻnaltirilgan innovatsion pedagogik texnologiyalarni qoʻllashga;

taʼlim oluvchilarning zamonaviy yuridik taʼlim talablariga muvofiq chet tillarini mukammal egallashiga;

nazariyani amaliyot bilan uygʻunlashtirishga yoʻnaltirilgan huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash sohasida talabalarni huquqni muhofaza qiluvchi organlarda amaliyot (stajirovka) oʻtashini tashkil qilishga;

xorijiy davlatlarning huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash boʻyicha taʼlim berish tajribasini qoʻllash, ushbu sohadagi taʼlim, ilmiy tadqiqot va boshqa muassasalar bilan hamkorlikni yoʻlga qoʻyishga;

taʼlim oluvchilarning jismoniy va jangovar tayyorgarligini muntazam oshirib borish va zimmasiga yuklangan tezkor topshiriqlarni samarali bajarishga oid bilim va koʻnikmalarini nazarda tutuvchi maxsus fanlarni joriy etishga;

professor-oʻqituvchilarning xorijiy taʼlim va ilmiy tadqiqot muassasalarida malakasini oshirish hamda stajirovkadan oʻtishini tashkil etishga alohida eʼtibor qaratilsin.

4. Oliy noyuridik maʼlumotga ega boʻlgan kadrlarni maxsus olti oylik dastur boʻyicha qayta tayyorlashda shunday tartib oʻrnatilsinki, unga koʻra:

tinglovchilarni davlat attestatsiyasidan oʻtkazish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining buyrugʻi bilan Davlat attestatsiya komissiyasi tuziladi;

davlat attestatsiyasi bitiruv ishini himoya qilish shaklida amalga oshiriladi va bitiruv ishlarini tayyorlash hamda uni himoya qilishga doir talablar Filial Kengashi tomonidan tasdiqlanadi;

davlat attestatsiyasi yakunlari boʻyicha qoniqarsiz baho olgan shaxslarga keyingi qayta tayyorlash kursida takroran topshirishga (faqat bir marta) imkoniyat beriladi;

davlat attestatsiya komissiyasi aʼzolari mehnatiga haq toʻlash mehnatga soatbay haq toʻlashning belgilangan miqdorlaridan kelib chiqqan holda amalga oshiriladi;

tinglovchilarni kursdan chetlashtirishga darslarni uzrli sabablarsiz 12 soatdan ortiq qoldirganligi, oʻquv rejasidagi fanlarni oʻzlashtirmaganligi, ichki tartib va odob-axloq qoidalarini qoʻpol ravishda buzganligi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi yoki Milliy gvardiyasi tizimidan xizmatdan boʻshaganligi asos hisoblanadi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi Filialda 2-kurs uchun belgilangan oʻquv jarayoni yakunlanganidan soʻng talabalarni (muddatli harbiy xizmat va safarbarlik chaqiruvi rezervidagi harbiy xizmatni oʻtaganlar bundan mustasno) qonun hujjatlarida belgilangan tartibda va muddatlarda, shartnoma asosida Toshkent viloyati hududida joylashgan harbiy qismda safarbarlik chaqiruvi rezervidagi harbiy xizmatni oʻtashini taʼminlasin.

6. Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiya xalqaro tajribani inobatga olgan holda talabalarning amaliy koʻnikmalarini har tomonlama rivojlantirish, shu jumladan amaliyot (stajirovka) oʻtashida Filialga amaliy yordam koʻrsatsin.

6 1 . Filialda davlat granti asosida oʻqishga qabul qilinib, akademik qarzdorligi sababli kursdan qoldirilgan hamda talabalar safidan chetlashtirilgan talabalar oʻqishini quyi kurs (semestr)dan davom ettirish yoki qayta tiklash toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi. Bunday holatda, ushbu talabalarning Ichki ishlar vazirligi yoki Milliy gvardiya tizimida Toshkent shahri yoki Toshkent viloyatida huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash sohasida kamida besh yil uzluksiz ishlab berish majburiyati saqlanib qoladi.

Talabalar safidan chetlashtirilgan va akademik qarzdorligi sababli kursdan qoldirilgan talabalar oʻqishini quyi kurs (semestr)dan qayta tiklash yoki davom ettirish boʻyicha kontrakt toʻlovi miqdori TDYU Kengashi tomonidan belgilanadi.

Akademik qarzdorligi sababli kursdan qoldirilgan hamda talabalar safidan chetlashtirilgan talaba keyingi oʻquv yili boshlanguniga qadar oʻqishini tiklamasa uning oʻqishi uchun sarflangan mablagʻlar talaba tomonidan qoplanishi shart.

Belgilangan muddatda qoplanmagan mablagʻlar sud orqali undiriladi.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi:

oʻqishga munosib nomzodlarni tanlab olish va qabul jarayoni toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalari orqali targʻibot-tashviqot ishlarini tashkil etsin;

manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

8. Mazkur qarorning ijrosini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri R. Davletov, ichki ishlar vaziri P. Bobojonov hamda mudofaa vaziri B. Qurbonovlar zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 12-iyundagi 490-son qaroriga 1-ILOVA

Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filialiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu nizom Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filiali (keyingi oʻrinlarda — Filial)da kunduzgi taʼlim shaklida bakalavriatning maxsus uch yillik dasturi boʻyicha yuridik kadrlarni tayyorlash va oliy noyuridik maʼlumotga ega boʻlgan kadrlarni maxsus olti oylik dastur boʻyicha qayta tayyorlash boʻyicha oʻqishga qabul qilish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

bakalavriatning maxsus uch yillik dasturi boʻyicha yuridik kadrlarni tayyorlash (keyingi oʻrinlarda — yuridik kadrlarni tayyorlash) — “Huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash” soha mutaxassisligi boʻyicha faoliyat olib borish uchun yetarli darajadagi bilim va amaliy koʻnikma shakllantirishni oʻz ichiga oluvchi oliy taʼlim shakli;

oliy noyuridik maʼlumotga ega boʻlgan kadrlarni maxsus olti oylik dastur boʻyicha qayta tayyorlash (keyingi oʻrinlarda — qayta tayyorlash kursi) — “Huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash” mutaxassisligi boʻyicha kadrlarni amaliyotda faoliyat olib borish uchun yetarli darajadagi bilim olishni va koʻnikma shakllantirishni nazarda tutadigan oliy taʼlimdan keyingi oʻqitish shakli;

talabgor — yuridik kadrlarni tayyorlash boʻyicha test sinovlarini topshirishga qoʻyilgan yoki qayta tayyorlash kursiga suhbat shaklida oʻtkaziladigan tanlovda ishtirok etishga tavsiya etilgan shaxs;

xodim — ichki ishlar organining amaldagi xodimi;

harbiy xizmatchi — Milliy gvardiya boʻlinmasining amaldagi harbiy xizmatchisi;

talaba — yuridik kadrlarni tayyorlash boʻyicha oʻqishga qabul qilingan shaxs;

tinglovchi — qayta tayyorlash kursi boʻyicha oʻqishga qabul qilingan oliy noyuridik maʼlumotga ega boʻlgan xodim yoki harbiy xizmatchi.

3. Filialga oʻqishga qabul qilishni tashkil etish mazkur nizomning 1-ilovasida keltirilgan sxemaga asosan amalga oshiriladi.

4. Filialda yuridik kadrlarni tayyorlashga yoshi oʻn yettidan kichik va yigirma beshdan katta boʻlmagan Oʻzbekiston Respublikasining fuqarolari test sinovlari asosida oʻqishga qabul qilinadi.

5. Umumiy oʻrta taʼlim (11-sinf negizida) yoki oʻrta-maxsus, kasb-hunar professional maʼlumotiga ega, sogʻligʻining holati boʻyicha xodim yoki harbiy xizmatchining xizmat majburiyatlarini bajarishga qodir boʻlgan Toshkent shahri yoki Toshkent viloyatida yashash joyi boʻyicha roʻyxatga olingan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolaridan yuridik kadrlarni tayyorlash boʻyicha oʻqishga kirish uchun hujjatlar qabul qilinadi.

Shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri va Milliy gvardiyasi qoʻmondoni tavsiyalari asosida oliy noyuridik maʼlumotga ega boʻlgan amaldagi xodimlar va harbiy xizmatchilardan belgilangan tartibda egallab turgan lavozimi va pul taʼminoti saqlab qolingan holda qayta tayyorlash kursiga oʻqishga kirish uchun hujjatlar qabul qilinadi.

Filialga oʻqishga qabul qilingan shaxsga Ichki ishlar vazirligi yoki Milliy gvardiya tizimida Toshkent shahri yoki Toshkent viloyatida huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash sohasida kamida besh yil uzluksiz ishlab berish majburiyati yuklanadi. Talabgor majburiyat shartlari hamda uning bajarilmasligi yuzasidan moddiy javobgarlik boʻyicha oʻqishga kirish uchun hujjat topshirish jarayonida mazkur nizomning 2-ilovasida keltirilgan shakldagi ogohlantirish xati orqali tanishtiriladi.

Ichki ishlar vazirligi Toshkent shahri yoki Toshkent viloyatida yashash joyi boʻyicha roʻyxatga olingan Filialda oʻqish istagidagi talabgorlarni Ichki ishlar vazirligi Akademiyasining kunduzgi taʼlim yoʻnalishiga hujjat topshiradigan nomzodlar uchun oʻrnatilgan tartibda Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlarida tibbiy tekshiruvni tashkil etish va harbiy-tibbiy ekspertizani oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida nizomni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2017-yil 26-sentabrdagi 764-son qaroriga muvofiq Ichki ishlar vazirligi va ichki ishlar organlarida maxsus tashkil etiladigan harbiy-tibbiy komissiyalar tomonidan tibbiy koʻrikdan oʻtkazish choralarini koʻradi.

Harbiy-tibbiy komissiya xulosasiga koʻra sogʻligʻining holati boʻyicha xizmatga yaroqli deb topilgan talabgorlar toʻgʻrisidagi qaror ichki ishlar organlari rahbarlari tomonidan xulosa koʻrinishida tasdiqlanadi hamda qabul yilining 20-may kuniga qadar Filial qabul komissiyasiga yuboriladi.

Filial qabul komissiyasi Harbiy-tibbiy komissiya xulosasiga asosan sogʻligining holatiga koʻra xizmatga yaroqli deb topilgan talabgorlardan hujjatlarni qabul qiladi hamda ularning onlayn roʻyxatdan oʻtishiga ruxsat beradi.

Harbiy-tibbiy komissiyaning ijobiy xulosasi bitiruvchini Milliy gvardiya tizimiga xizmatga qabul qilish jarayonida inobatga olinadi.

6. Yuridik kadrlarni tayyorlash boʻyicha oʻqishga qabul qilishda talabgor boʻyining balandligi quyidagi maxsus antropometrik parametrlarga javob berishi talab etiladi:

erkaklarga — 165 santimetrdan past boʻlmasligi;

ayollarga — 160 santimetrdan past boʻlmasligi.

7. Filialga oʻqishga qabul qilish boʻyicha belgilangan qabul kvotasi Ichki ishlar vazirligi hamda Milliy gvardiyaning ehtiyojidan kelib chiqib, Toshkent shahar va Toshkent viloyatida mutaxassis kadrlarga boʻlgan talablar tahlil qilingan holda erkaklar va ayollar, shuningdek oʻzbek va rus tillari boʻyicha oʻqitish soniga qarab taqsimlanadi.

8. Filialga yuridik kadrlarni tayyorlash boʻyicha oʻqishga qabul qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat test markazi (keyingi oʻrinlarda — Davlat test markazi) tomonidan test sinovlarini oʻtkazish orqali, qayta tayyorlash kursiga oʻqishga qabul qilish suhbat koʻrinishidagi tanlov asosida amalga oshiriladi.

Qayta tayyorlash kursida oʻqish ikkinchi oliy maʼlumot olish hisoblanmaydi.

Xodim yoki harbiy xizmatchining qayta tayyorlash kursini tugatganligi toʻgʻrisidagi diplomga ega boʻlishi lavozim boʻyicha yuqori koʻtarilishida, navbatdagi maxsus unvon berilishida, shuningdek rahbarlik lavozimlari uchun zaxiraga kiritilishida inobatga olinadi.

2-bob. Filialga oʻqishga qabul qilish jarayonini tashkil etish

9. Filialga oʻqishga qabul qilishni sifatli tashkil etish maqsadida qabul komissiyasi tashkil etiladi.

Qabul komissiyasining tarkibi Filial direktorining taqdimiga binoan adliya vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.

10. Qabul komissiyasining asosiy vazifalari va funksiyalari, huquq va majburiyatlari, shuningdek uning faoliyatini tashkil etish tartibi Filial direktori tomonidan belgilanadi.

Filial direktori lavozim boʻyicha qabul komissiyasiga raislik qiladi.

11. Hujjatlarni qabul qilish muddatlari va oʻqish uchun ajratilgan oʻrinlarning umumiy soni haqidagi maʼlumotlar qabul komissiyasi tomonidan, qoida tariqasida, hujjatlarni qabul qilish boshlanishidan bir oy oldin Filialning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.

12. Qabul komissiyasi oʻz faoliyatini keyingi oʻquv yili uchun qabul komissiyasi tashkil etilgunga qadar Filialda olib boradi.

3-bob. Yuridik kadrlarni tayyorlash boʻyicha talabgorlarni oʻqishga qabul qilish

13. Talabgorlar taʼlim olish tili koʻrsatilgan holda oʻqishga qabul qilish haqidagi ariza va mazkur Nizomning 14-bandida koʻrsatilgan hujjatlarni, qoida tariqasida, har yili 15-iyundan 15-iyulgacha (shu kuni ham) qabul komissiyasiga taqdim etadi.

Arizaning shakli qabul komissiyasi tomonidan tasdiqlanadi.

14. Oʻqishga qabul qilish toʻgʻrisidagi talabgorning arizasiga quyidagilar ilova qilinadi:

asli koʻrsatilgan holda harbiy xizmatga chaqiriluvchining qayd etilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma (chaqirilish muddati uzaytirilgan holda) nusxasi yoki harbiy guvohnoma nusxasi;

yashash joyi boʻyicha roʻyxatga olingan joydan belgilangan namunadagi sogʻligʻining holati haqida maʼlumotnoma (boʻy parametri koʻrsatilgan holda);

15. Qabul qilish boʻyicha roʻyxatga olingan arizalar soni haqidagi maʼlumotlar har kuni Filialning rasmiy veb-saytiga joylashtirilib boriladi.

16. Talabgorlarni oʻqishga qabul qilish Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish boʻyicha Davlat komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Davlat komissiyasi) tomonidan test sinovlari natijalariga koʻra toʻplangan ballarning reyting tizimi boʻyicha amalga oshiriladi.

17. Test sinovlari oʻzbek va rus tillarida oʻtkaziladi.

Oʻqitish tili belgilangan qabul kvotalari doirasida hujjatlar qabul qilinishiga qadar Adliya vazirligi tomonidan belgilanadi va Davlat komissiyasi tomonidan tasdiqlanadi.

Talabgor test sinovlarini Filialda oʻqiydigan tilda topshiradi.

Filialda test sinovlari oʻtkaziladigan fanlar majmuasiga Toshkent davlat yuridik universiteti (keyingi oʻrinlarda — TDYU) uchun belgilangan tartib tatbiq qilinadi.

Talabgor chet tillar sifatida ingliz, nemis, fransuz tillaridan biri boʻyicha test sinovini topshiradi. Talabgor oʻqigan chet tilidan qatʼi nazar, xohlagan chet tili (ingliz, nemis, fransuz)dan test sinovlarini topshirishi mumkin.

Filialga yuridik kadrlarni tayyorlash boʻyicha hujjat topshirgan va Davlat test markazi tomonidan berilgan chet tilini bilish darajasi toʻgʻrisidagi sertifikat (keyingi oʻrinlarda — milliy sertifikat) yoki xalqaro sertifikatning quyidagi darajalariga ega boʻlgan abituriyentlarga ushbu fandan imtihonlarsiz belgilangan maksimal ball beriladi:

ingliz tili uchun — milliy sertifikat yoki International English Language Testing System (IELTS 5,5 (bunda writing modulidan 5,5 ball)), Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT 72), Cambridge Assessment English FCE va CAE xalqaro imtihon tizimlari boʻyicha tilni bilish darajalari B2 va undan yuqori;

yapon tili uchun — milliy sertifikat yoki Japanese Language Proficiency Test (JLPT № 2) xalqaro imtihon tizimlari boʻyicha tilni bilish darajalari B2 va undan yuqori;

nemis tili uchun — milliy sertifikat yoki Goethe-Zertifikat, Deutsches Sprachdiplom (DSD II) xalqaro imtihon tizimlari boʻyicha tilni bilish darajalari B2 va undan yuqori;

fransuz tili uchun — milliy sertifikat yoki Diplome dʼEtudes en Langue Française (DELF), Test de Connaissance du Français (TCF4) xalqaro imtihon tizimlari boʻyicha tilni bilish darajalari B2 va undan yuqori.

boshqa tillar uchun — milliy sertifikat yoki xalqaro imtihon tizimlari boʻyicha tilni bilish darajasi B2 va undan yuqori.

18. Test sinovlari, qoida tariqasida, har yili iyul-avgust oylari oraligʻida oʻtkaziladi.

Test sinovlariga lugʻat, shpargalkalar, mobil telefon hamda boshqa aloqa va telekommunikatsiya vositalarini olib kirishga harakat qilish, olib kirish va ulardan foydalanish qatʼiyan taqiqlanadi.

Test materiallarini boshqa talabgorga uzatish yoki ularga yordam berish, test materiallarini binodan tashqariga olib chiqish, test topshiriqlari kitobi varagʻini yirtish, test sinovlari uchun ajratilgan vaqt tugagandan soʻng test materiallarini topshirishdan bosh tortish, test sinovlari jarayonida videokuzatish vositalari orqali talabgorning tartib va qoidalarga amal qilmaganligining aniqlanishi va shu kabi holatlar talabgorni test sinovlaridan chetlashtirishga asos hisoblanadi.

Talabgorlarning talabalikka tavsiya etilgan yoki etilmaganligi boʻyicha tasdiqlangan test sinovlari natijalari oʻrnatilgan tartibda Davlat test markazining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

19. Test sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan talabgorlarni oʻqishga qabul qilish haqida Filial direktorining buyrugʻi qabul qilinadi va ularga qonun hujjatlariga muvofiq stipendiya tayinlanadi hamda ular Talabalar turar joyi bilan taʼminlanadi.

20. Filialda 2-kurs oʻquv jarayoni yakunlanganidan soʻng, qoida tariqasida, taʼtil davrida qonun hujjatlarida belgilangan tartibda va muddatlarda, shartnoma asosida Toshkent viloyati hududida joylashgan harbiy qismda talabalar harbiy-tibbiy komissiya xulosasiga asosan safarbarlik chaqiruvi rezervidagi harbiy xizmatni oʻtashlari taʼminlanadi (muddatli harbiy xizmat va safarbarlik chaqiruvi rezervidagi harbiy xizmatni oʻtaganlar bundan mustasno).

21. Filial tomonidan Filialni bitiruvchi talabalarning (keyingi oʻrinlarda — bitiruvchi) yashash joyi boʻyicha roʻyxatga olingan joyi boʻyicha roʻyxati, qoida tariqasida, sentabr oyida Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiyaga taqdim etiladi. Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiya tomonidan hujjatlarni oʻrganish (keyingi oʻrinlarda — oʻrganish) belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

22. Talabalar Filialda oʻqishni yakunlagunga qadar quyidagi bosqichda oʻrganishdan oʻtkaziladi:

hujjatlarni toʻplash va oʻrganish;

harbiy-tibbiy komissiya koʻrigidan oʻtish.

Oʻrganish ularning turlaridan kelib chiqib, tegishli mutaxassislar tomonidan oʻtkaziladi.

Talabaning shaxsiy hujjatlar yigʻmajildi toʻliq rasmiylashtirilgani hamda Filialda yakuniy davlat attestatsiyasidan muvaffaqiyatli oʻtganidan soʻng bitiruvchi Toshkent shahri yoki Toshkent viloyatida huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash tizimiga xizmatga qabul qilinadi.

Talabaning shaxsiy hujjatlar yigʻmajildlarini oʻrganish va rasmiylashtirish davomida xizmatga qabul qilinishiga toʻsqinlik qiluvchi maʼlumot (xizmatga qabul qilish uchun umumiy va maxsus talablarga mos kelmaslik)lar aniqlangan taqdirda, shuningdek harbiy-tibbiy komissiya xulosasiga koʻra xizmatga yaroqsiz deb topilganda hujjatlarni rasmiylashtirish toʻxtatilib, xizmatga qabul qilish maqsadga muvofiq emasligi toʻgʻrisida hududiy ichki ishlar organi boshligʻi yoki Milliy gvardiya boʻlinmasi komandiri tomonidan qaror qabul qilinadi va bu haqda Ichki ishlar vazirligi yoki Milliy gvardiya tomonidan talabaga va Filialga xabar beriladi.

4-bob. Bitiruvchilarni taqsimotga muvofiq uzluksiz ishlab berishini tashkil etish

23. Bitiruvchilarni Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiya tizimiga xizmatga taqsimlash uchun Filialda taqsimot komissiyasi tuziladi.

Taqsimot komissiyasiga Filial direktori raislik qiladi hamda uning tarkibiga Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiya vakillari bilan bir qatorda boshqa tashkilotlarning vakillari ham, ularning rahbarlari bilan kelishilgan holda kiritilishi mumkin.

24. Bitiruvchilarni uzluksiz ishlab berish uchun taqsimlash har yili, qoida tariqasida, bitiruvchi oʻqishni tamomlagandan soʻng, bir oydan kechiktirmay amalga oshiriladi.

25. Taqsimot komissiyasi tomonidan bitiruvchining reyting natijalari va talabani oʻrganish jarayonida yigʻilgan shaxsiy hujjatlar yigʻmajildini, shuningdek harbiy-tibbiy komissiya xulosasini inobatga olib, Ichki ishlar vazirligi yoki Milliy gvardiya tizimida Toshkent shahri yoki Toshkent viloyatida huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash sohasida xizmatni oʻtash uchun bitiruvchiga mazkur nizomning 3-ilovasida keltirilgan shakldagi yoʻllanma beriladi.

26. Taqsimot komissiyasining bitiruvchini xizmatga taqsimlash haqidagi qarori qabul qilinganidan soʻng Filial tomonidan har bir bitiruvchiga uch ish kunidan kechiktirmagan holda oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi diplomdan koʻchirma beriladi.

27. Taqsimot komissiyasi qarori asosida ichki ishlar organlariga yoki Milliy gvardiya tizimiga yoʻllanma berilgan bitiruvchilar bilan qonun hujjatlarida belgilangan tartibda shartnoma (kontrakt) tuziladi. Bitiruvchining xizmat vazifalarini bajarishga kirishganligi haqida mazkur nizomning 4-ilovasida keltirilgan shakldagi maʼlumotnoma (keyingi oʻrinlarda — maʼlumotnoma) ish beruvchi tashkilot tomonidan oʻn besh kun ichida Filialga taqdim etiladi.

Filial maʼlumotnoma asosida mazkur nizomning 5-ilovasida keltirilgan shakldagi jurnalga muvofiq har bir bitiruvchining hisobini yuritadi.

28. Bitiruvchi 3-kurs davomida oʻtkazilgan maxsus oʻrganishdan oʻtmaganda yoki harbiy-tibbiy komissiya xulosasiga koʻra xizmatga nomuvofiq deb topilganda bitiruvchilarga mustaqil ishga joylashish imkoniyati berilganligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma va oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi diplomning asl nusxasi beriladi.

Filial direktori mazkur bandda koʻrsatilgan hujjatlarni bitiruvchiga oʻz vaqtida berilishiga shaxsan javobgardir.

29. Bitiruvchi Toshkent shahri yoki Toshkent viloyatida huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash tizimida sababsiz besh yil uzluksiz ishlab berishdan bosh tortgan hollarda, oʻqishni bitirgan vaqtida TDYUda amalda boʻlgan shartnoma summasining yigirma besh barobari miqdorida Filialga kompensatsiya toʻlaydi. Toʻlov amalga oshirilganidan soʻng unga diplom beriladi.

30. Uzluksiz ishlab berish muddati davomida bitiruvchi xizmatdan boʻshatilganda, hududiy ichki ishlar organi boshligʻi yoki Milliy gvardiya boʻlinmasi komandiri tomonidan tegishli maʼlumot besh ish kuni mobaynida Filialga taqdim etiladi.

Bunda, kompensatsiya miqdori bitiruvchi tomonidan ishlab berilgan vaqtga proporsional tarzda hisoblab chiqiladi.

31. Filial bitiruvchi tomonidan kompensatsiya miqdorini toʻlashni taʼminlash, shuningdek zaruratga koʻra, sud tartibida undirish chorasini koʻradi.

Bitiruvchidan undirilgan kompensatsiya mablagʻlari toʻliq hajmda Filialni rivojlantirish jamgʻarmasi hisobiga toʻlanadi.

32. Mazkur nizomga muvofiq bitiruvchi xizmat burchini bajarish vaqtida mehnat layoqatini yoʻqotganligi sababli (tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlganda) uzluksiz ishlab berish imkoniyatiga ega boʻlmaganda Filial Kengashi qarori asosida kompensatsiya toʻlovidan ozod etilishi mumkin.

33. Bitiruvchining besh yillik uzluksiz ishlab berish muddati tugagandan soʻng xizmatni davom ettirish haqidagi masala qonun hujjatlariga muvofiq ish beruvchi va xodim yoki harbiy xizmatchi oʻrtasida oʻzaro kelishuvga asosan hal etiladi.

5-bob. Qayta tayyorlash kursiga oʻqishga qabul qilish

34. Qayta tayyorlash kursiga oʻqishga kirish uchun talabgorlar taʼlim olish tili koʻrsatilgan holda Ichki ishlar vaziri yoki Milliy gvardiya qoʻmondoni nomiga bildirgi bilan murojaat qiladi.

Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiya qabul kvotasi boʻyicha bir oʻringa ikkitadan kam boʻlmagan holda tanlovga qatnashadigan talabgorlar roʻyxatini taʼlim oladigan tilini koʻrsatgan holda Filial qabul komissiyasiga taqdim etadi.

Qayta tayyorlash kursiga oʻqishga kirish boʻyicha hujjatlarni topshirish, qoida tariqasida, oʻquv jarayoni boshlanishiga bir oy muddat qolganida, tanlov esa oʻn besh kun qolganida boshlanadi.

35. Qayta tayyorlash kursida oʻqitishning davomiyligi olti oyni tashkil etadi va xizmat joyidan ajralgan holda amalga oshiriladi hamda ularning egallab turgan lavozimi va pul taʼminoti saqlab qolinadi.

36. Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiya tomonidan tanlovda qatnashadigan talabgorlar roʻyxatiga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:

oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi diplom (ilovasi bilan birga) yoki diplomdan koʻchirma (Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim muassasalarini davlat granti asosida bitirganlar uchun) nusxasi;

tanlovda ishtirok etish huquqini beradigan Ichki ishlar vaziri yoki Milliy gvardiya qoʻmondoni tomonidan taqdim etilgan tavsiyanoma;

37. Tanlov Filial direktori buyrugʻi bilan tuziladigan Imtihon komissiyasi tomonidan oʻtkaziladi. Imtihon komissiyasi tarkibiga Filial xodimlari bilan bir qatorda Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiya hamda boshqa tashkilotlarning vakillari ham, ularning rahbarlari bilan kelishilgan holda kiritilishi mumkin.

Imtihon komissiyasining faoliyatiga umumiy muvofiqlashtiruvchi rais boshchilik qiladi. Imtihon komissiyasi faoliyatini tashkiliy jihatdan taʼminlash masʼul kotibning tegishli oʻrinbosari zimmasiga yuklanadi.

38. Suhbat savollarini tuzish uchun Filial direktorining buyrugʻi bilan ekspert guruhi tuziladi va uning faoliyatiga ekspert guruhi raisi umumiy rahbarlikni amalga oshiradi.

Tanlov huquq sohasidagi tayanch bilimlar, tahliliy fikrlash va sohaviy qonun hujjatlariga oid bilimlarni aniqlash nuqtai nazaridan oʻtkaziladi hamda tanlov uchun savollar mazkur mezonlar boʻyicha tuziladi.

39. Tanlov biletlari ekspert guruhi tomonidan tuzilgan savollardan shakllantiriladi. Tuziladigan savollarning sifati va mazmuni yuzasidan masʼuliyat ekspert guruhi aʼzolari zimmasiga yuklanadi.

Har bir bilet uchta savoldan (ushbu nizomning 38-bandida koʻrsatilgan har bir mezon boʻyicha bittadan) iborat boʻlishi lozim.

Biletlar qabul komissiyasi masʼul kotibi tomonidan bevosita tanlov boshlanishidan oldin tayyorlanadi va tanlov boshlangunga qadar qabul komissiyasi raisining seyfida saqlanadi.

40. Tanlovni oʻtkazish jadvali Filial direktori tomonidan tasdiqlanadi va, qoida tariqasida, tanlov oʻtkazilishidan oʻn kun oldin Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiyaga xabar beriladi.

41. Tanlov oʻtkazilishiga qadar konsultatsiyalar Filial direktori tomonidan tasdiqlangan jadval asosida tashkil etiladi.

42. Tanlov boshlanishidan oldin talabgor pasport yoki uning oʻrnini bosuvchi hujjatni koʻrsatishi shart.

Tanlovga lugʻat, shpargalkalar, mobil telefon hamda boshqa aloqa va telekommunikatsiya vositalarini olib kirishga harakat qilish, olib kirish va ulardan foydalanish qatʼiyan taqiqlanadi.

43. Tanlovda talabgor savollar berilgan biletni tanlaydi. Talabgorga tayyorlanish uchun yigirma daqiqa vaqt ajratiladi.

Tanlov jarayonida talabgorga bilet mazmuni doirasida qoʻshimcha savollar berilishi mumkin. Bitta talabgor bilan suhbat, qoida tariqasida, yigirma daqiqagacha davom etadi.

Biletni almashtirish, boshqa talabgorga uzatish yoki ularga yordam berish, tanlov davomida oʻzaro gaplashish, tanlov jarayonida videokuzatish vositalari orqali talabgorning tartib va qoidalarga amal qilmaganligining aniqlanishi va shu kabi holatlar talabgorni tanlovdan chetlashtirishga asos hisoblanadi.

44. Tanlov natijalarini aniqlash uchun Imtihon komissiyasining har bir aʼzosi boshqa aʼzolardan mustaqil ravishda har bir talabgor uchun alohida baholash varaqasini toʻldiradi va uni Imtihon komissiyasi kotibiga taqdim etadi.

Imtihon komissiyasi aʼzolari tomonidan talabgorga qoʻyilgan oʻrtacha ballni hisoblash maqsadida 2 nafar Imtihon komissiyasi aʼzolari va Imtihon komissiyasi kotibidan iborat tarkibda hisob komissiyasi tuziladi.

Tanlov natijalari reyting tizimiga muvofiq nomzodga qoʻyilgan ballarni (0 dan 100 gacha boʻlgan doirada) nazarda tutgan holda aniqlanadi va Filial direktori tomonidan tasdiqlanadigan Imtihon komissiyasi majlisi bayonnomasiga kiritiladi.

45. Tanlov natijalari Filialning rasmiy veb-saytida tanlov yakunlangan kundan keyingi ish kunidan kechiktirmasdan joylashtiriladi.

46. Talabgor tanlovga kelmagan taqdirda unga 0 ball qoʻyiladi. Tanlov yakuni boʻyicha belgilangan maksimal ballning 55 foizi va undan kam ball toʻplagan taqdirda talabgor qayta tayyorlash kurslariga qabul qilinmaydi.

Qayta tayyorlash kursiga tinglovchilarni qabul qilish uchun qayta tanlov oʻtkazilmaydi.

47. Tanlov natijalari yuzasidan shikoyat qilinishi va apellyatsiya tartibida koʻrib chiqilishi mumkin emas.

48. Qayta tayyorlash kurslariga qabul kvotasidan kelib chiqib belgilangan oʻrinlar sonini inobatga olgan holda tanlovdan muvaffaqiyatli oʻtgan (suhbatda belgilangan maksimal ballning 56 foizi va undan yuqori ball toʻplaganda) talabgorlar qabul qilinadi.

49. Tanlovdan muvaffaqiyatli oʻtgan talabgor Filial direktorining buyrugʻi bilan tinglovchilar safiga qabul qilinadi.

Tinglovchilar safiga qabul qilinganligi haqidagi buyruqdan koʻchirma besh kun ichida Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiyaga yuboriladi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

50. Filialda taʼlim olayotgan talabalar oʻqishini boshqa oliy taʼlim muassasalariga, shuningdek boshqa oliy taʼlim muassasalari talabalari oʻqishini Filialga koʻchirish mumkin emas.

51. Mazkur nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filialiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisida nizomga 1-ILOVA

Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filialiga oʻqishga qabul qilishni tashkil etish

Bosqichlar Oʻtkaziladigan tadbirlar Bajarilish muddati va boshqa talablar FILIALGA OʻQISHGA QABUL QILISHNI TASHKIL ETISH I bosqich Qabul komissiyasi faoliyatini tashkil etish 1. Qabul komissiyasining raisi, rais oʻrinbosari va masʼul kotibini Filial direktorining taqdimiga binoan Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlash. 2. Qabul komissiyasi boʻyicha Filial direktorining buyrugʻini rasmiylashtirish. 3. Zaruratga koʻra, Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiyaning buyurtmalariga muvofiq Adliya vazirligi tomonidan Moliya vazirligi bilan kelishgan holda qabul kvotasiga oʻzgartirish kiritish. belgilangan muddatlarda II bosqich Hujjatlarni qabul qilishni tashkil etish 1. Hujjatlarni qabul qilish muddatlari va oʻqish uchun ajratilgan oʻrinlarning umumiy soni haqidagi maʼlumotlarni Filialning rasmiy veb-saytiga joylashtirish. qoida tariqasida, hujjatlarni qabul qilish boshlanishidan bir oy oldin 2. Filial qabul komissiyasi tomonidan talabgorlardan hujjatlarni qabul qilish: yuridik kadrlarni tayyorlashga oʻqishga kirish boʻyicha hujjatlarni qabul qilish; 15-iyun — 15-iyul qayta tayyorlash kursiga oʻqishga kirish boʻyicha hujjatlarni qabul qilish. oʻquv jarayoni boshlanishiga bir oy qolganda III bosqich Yuridik kadrlarni tayyorlash boʻyicha talabgorlarni oʻqishga qabul qilish 1. Davlat test markazi tomonidan test sinovlarini oʻtkazish. iyul-avgust 2. Test sinovlari natijalarini oʻrnatilgan tartibda Davlat test markazining rasmiyveb-saytida eʼlon qilish . belgilangan muddatlarda 3. Talabalar safiga oʻqishga qabul qilish boʻyicha Filial direktorining buyrugʻini rasmiylashtirish. oʻquv yili boshlangunga qadar Qayta tayyorlash kursiga oʻqishga qabul qilish 1. Filial direktori raisligida tuzilgan imtihon komissiyasi tomonidan talabgorlar bilan yakka tartibdagi suhbat oʻtkazish. oʻquv jarayoni boshlanishiga 15 kun qolganda 2. Tanlov natijalarini Filialning rasmiy veb-saytida eʼlon qilish . tanlovdan keyingi ish kuni 3. Tinglovchilar safiga oʻqishga qabul qilish boʻyicha Filial direktorining buyrugʻini rasmiylashtirish. tanlov natijasi eʼlon qilingandan soʻng 5 ish kuni ichida OʻQUV JARAYONINI TASHKIL ETISH IV bosqich Yuridik kadrlarni tayyorlashda oʻquv jarayonini amalga oshirish 1. Taʼlim-tarbiya jarayonini amalga oshirish. 3 yil davomida 2. Mudofaa vazirligi tomonidan talabalarni safarbarlik chaqiruvi rezervidagi harbiy xizmat oʻtashini taʼminlash. 2-kurs oʻquv jarayoni yakunlangandan soʻng 3. Filial tomonidan bitiruvchi talabalarning yashash joyi boʻyicha roʻyxatga olingan joyi boʻyicha roʻyxatini Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiyaga oʻrganish uchun taqdim etish. 3-kursning sentabr oyida 4. Yakuniy davlat attestatsiyasini tashkil etish va natijasi boʻyicha qaror qabul qilish. belgilangan muddatlarda Qayta tayyorlashda oʻquv jarayonini amalga oshirish 1. Qayta tayyorlash kursida oʻqish jarayonlarini amalga oshirish. 6 oy davomida 2. Tinglovchilarning fanlararo yakuniy attestatsiya sinovini tashkil etish va natijasi boʻyicha qaror qabul qilish. belgilangan muddatlarda V bosqich Talabalarning xizmatga qabul qilish talablariga muvofiqligini oʻrganishni tashkil etish Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiya tomonidan bitiruvchi kurs talabalarini xizmatga qabul qilish talablariga muvofiqligini oʻrganish va natijasi boʻyicha xulosa berish. Talabalarni oʻrganish bosqichlari quyidagilar: hujjatlarni toʻplash va oʻrganish; harbiy-tibbiy komissiya koʻrigidan oʻtkazish. 3-kurs davomida (belgilagan muddatda) BITIRUVCHILARNI TAQSIMOTGA MUVOFIQ UZLUKSIZ ISHLAB BERISHINI TASHKIL ETISH VI bosqich Bitiruvchilarni uzluksiz ishlab berish uchun taqsimlash 1. Bitiruvchilarni Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiya tizimiga xizmatga taqsimlash uchun Filialda taqsimot komissiyasini tuzish. bitiruvchi oʻqishni tamomlagandan soʻng, bir oy ichida 2. Ichki ishlar vazirligi yoki Milliy gvardiya tizimiga xizmatni oʻtashga taqsimlash va yoʻllanma berish. 3. Ichki ishlar vazirligi yoki Milliy gvardiya tizimiga xizmatga qabul qilish hamda xizmatga qabul qilinganligi boʻyicha ish beruvchi tashkilot tomonidan Filialga maʼlumotnoma berish. xizmatga qabul qilingandan soʻng 15 kuni ichida 4. Filial bitiruvchisiga berilgan yoʻllanmalar va ularning xizmatga qabul qilish boʻyicha hisob yuritish. doimiy

Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filialiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisida nizomga 2-ILOVA

Toshkent shahri yoki Toshkent viloyatida huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash tizimida kamida besh yil uzluksiz ishlab berish majburiyatini bajarilishi boʻyicha OGOHLANTIRISH XATI Men Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filialiga oʻqishga kirishga talabgor (F.I.Sh.) Toshkent shahri yoki Toshkent viloyatida huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash tizimida ishlab berish majburiyatini bajarishdan bosh tortganimda yoki xizmatni lozim darajada bajarmaganligim yoxud sodir etilgan huquqbuzarlik tufayli xizmatni oʻtash mumkin boʻlmay xizmatdan boʻshatilganimda oʻqishni bitirgan vaqtimdagi TDYUda amalda boʻlgan toʻlov-shartnoma summasining yigirma besh barobari miqdorida Filialga kompensatsiya toʻlaganimdan soʻng diplom berilishi toʻgʻrisida ogohlantirildim. Xizmat joyimdan muddatidan ilgari shartnoma (kontrakt)ni bekor qilganimda yoki xizmatni lozim darajada bajarmaganligim yoxud sodir etilgan huquqbuzarlik tufayli xizmatni oʻtash mumkin boʻlmay xizmatdan boʻshatilganimda oʻqishni bitirgan vaqtimdagi TDYUda amalda boʻlgan toʻlov-shartnoma summasidan kelib chiqib, kompensatsiya miqdori ishlab berilgan vaqtga proporsional tarzda hisoblab chiqilishi toʻgʻrisida ogohlantirildim. Ushbu ogohlantirish xati orqali zimmamga yuklanadigan barcha majburiyatlarni oʻz vaqtida va toʻliq bajarilishiga kafolat beraman. ________________________ ________________________ (imzo) (F.I.Sh.) 20___ yil “___” _______________

Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filialiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisida nizomga 3-ILOVA

‎‎Ichki ishlar vazirligi yoki Milliy gvardiya tizimida Toshkent shahri yoki Toshkent viloyatida huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash sohasida xizmatni oʻtash uchun ‎YOʻLLANMA ‎‎____-son XIZMATGA YOʻLLANMA ‎‎“___” _______________ 20__ y. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Toshkent sh. ‎‎Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filialini tamomlagan _____________________________ga ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎(bitiruvchining F.I.Sh.) ‎‎taqsimot komissiyasining qaroriga koʻra ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _______________________________________________________________________________________________________ ‎‎(bitiruvchi yuborilgan tashkilot nomi) ‎‎____________________________________________________________________________________________________ da ‎‎besh yil davomida uzluksiz ishlab berish uchun yuborildi. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (lavozimi)‎‎ ‎ (imzo, muhr)‎‎ ‎ (Taqsimot komissiya raisining F.I.Sh.) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (lavozimi)‎‎ ‎ (imzo)‎‎ ‎ (Taqsimot komissiya raisining F.I.Sh.)‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (lavozimi)‎‎ ‎ (imzo)‎‎ ‎ (Taqsimot komissiya raisining F.I.Sh.)‎‎ ‎

Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filialiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisida nizomga 4-ILOVA

Bitiruvchini xizmat vazifalarini bajarishga kirishganligi haqidagi ‎MAʼLUMOTNOMA ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎“___” ____________________ 20__ y.‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎t./sh. _____________________ ‎‎_______________________________________________________________________________________________________ (ish beruvchi tashkilot nomi) Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filialini 20 ____ yilda tamomlagan va unga “_____” ___________ 20 ____ yilda _______-son xizmatga yoʻllanma berilgan _______________________________________________________________________________________________________ ‎‎(bitiruvchi F.I.Sh.) “_____” ____________ 20____ yilda xizmatga joylashish uchun yetib keldi. ‎‎Bitiruvchi “_____” _________ 20____ yildagi _____-son buyruqqa asosan _______________________________________________________________________________________________________ (bitiruvchi qabul qilingan lavozim) ‎‎lavozimiga xizmatga qabul qilindi. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎(ish beruvchi tashkilot rahbari) ‎ (imzo, muhr)‎‎ ‎ (F.I.Sh.)‎‎

Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filialiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisida nizomga 5-ILOVA

Filial bitiruvchisiga berilgan yoʻllanmalar va ularning xizmatga joylashganini hisobga olish

T/r Familiyasi, ismi, sharifi Jinsi Tugʻilgan yili Oilaviy holati Yashash joyi Taqsimot boʻyicha tashkilot nomi Bitiruvchi imzosi Ishga kelgani va joylashgani toʻgʻrisidagi hujjatni olgani haqida qayd Besh yil uzluksiz ishlab berilgani haqidagi maʼlumot Qoʻshimcha maʼlumotlar

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 12-iyundagi 490-son qaroriga 3-ILOVA

Oliy noyuridik maʼlumotga ega boʻlgan kadrlarni maxsus olti oylik dastur boʻyicha qayta tayyorlash kursini tugatganligi toʻgʻrisidagi DIPLOMNING NAMUNASI OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI DAVLAT GERBINING TASVIRI Oʻzbekiston Respublikasi Qayta tayyorlash haqida DIPLOM QT № 000000 (Tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi) 20___ yil ______________dan 20___ yil ______________gacha Toshkent davlat yuridik universitetining Ixtisoslashtirilgan filialida (Qayta tayyorlash taʼlim muassasasining nomi) ________________________________________________________ soatga moʻljallangan “huquqbuzarliklar profilaktikasi va jamoat xavfsizligini taʼminlash” (qayta tayyorlash kursining nomi) mutaxassisligi boʻyicha qayta tayyorlash kursida taʼlim olib, Davlat attestatsiya komissiyasi tomonidan fanlararo yakuniy davlat attestatsiya sinovida ball bilan baholandi va qayta tayyorlash oʻquv kursini muvaffaqiyatli tamomladi. Muhr oʻrni Direktor ________________ Sana ________________ Qayd raqami ________________

Tavsifi

Diplom A4 formatli oq qogʻozda ofset usulida besh xil rangdan foydalangan holda: matn uchun — qora rangda, rasmlar tasviri uchun — yashil, koʻk, qizil ranglarda, fon uchun — och pushti rangda bosib chiqariladi.

Diplomning chap qismida chetidan 10 mm chekingan holda eni 32 mm boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bayrogʻi tasvirlangan tasma joylashtiriladi. Tasmaning yuqori qismida diametri 30 mm boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi, pastki qismida esa — 35 mm oʻlchamli ikkita kvadrat qoʻshilishidan hosil boʻlgan sakkiz qirrali yulduz, yulduzning oʻrtasida muhr uchun 25 mm diametrli oq aylana joylashgan.

Diplomning qolgan yuqori qismida lotin yozuvi bilan davlat tilida “OʼZBEKISTON RESPUBLIKASI. Qayta tayyorlash haqida DIPLOM” soʻzlari bosiladi. Diplom ikki lotin harfi — QT va olti raqamli sondan iborat tartib raqami bilan taʼminlangan. Barcha matn naqshli rastrdan iborat och kulrang fonda bosib chiqariladi.

Diplom:

bosib chiqarishning ikki usuli — ofset va yuqori usuli;

yorugʻlik vositasida nusxa koʻchirishni qiyinlashtirish uchun ochiq ranglar;

naqshli rastr;

har xil rangli rastrlardan foydalanish natijasida turli ranglarni hosil qilish;

maxsus qogʻoz;

oʻzgaradigan raqamlardan iborat tartib raqami qoʻllangan holda oltita himoyaga ega.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 12-iyun,

490-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 13.06.2019-y., 09/19/490/3284-son; 29.09.2020-y., 09/20/593/1340-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 24.07.2021-y., 06/21/6269/0704-son, 28.07.2021-y., 09/21/466/0713-son, 23.11.2021-y., 09/21/705/1082-son; 19.08.2022-y., 09/22/463/0758-son; 06.05.2026-y., 09/26/224/0457-son)

lex.uz