📅 2019-yil 17-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 17-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 17 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 июня 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 June 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
жадвали
ҳисоб-китоби
Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг « Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида » 2018 йил 28 февралдаги 149-сон ҳамда « Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида » 2018 йил 27 ноябрдаги 959-сон қарорлари ижросини таъминлаш, шунингдек, пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектларини турли табиий офатлар натижасида кўриладиган зарарлардан суғурталаш орқали ҳимоялаш тизимини амалиётга кенг жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. «Ўзагросуғурта» АЖ томонидан пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектларига пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштириш учун бериладиган имтиёзли кредитларнинг 4 фоизи миқдорида суғурта харажатларига ажратиш бўйича ҳар йили:
бошоқли дон экинлари ҳосили учун — 1 февралгача;
пахта ҳосили учун — 1 июнгача бўлган муддатларда суғурта шартномаларини расмийлаштириш тартиби белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосили суғуртасининг зарарлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда, мазкур қарорнинг 2-бандида назарда тутилган суғурта харажатлари миқдорига ўзгартириш киритиб бориш ҳуқуқи берилсин.
4. Белгилансинки:
пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш бўйича расмийлаштирилган суғурта шартномаларига асосан тўланиши лозим бўлган суғурта товонлари, пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи хўжалик субъектларидан тушган жами суғурта мукофотларининг 80 фоизгача бўлган қисми «Ўзагросуғурта» АЖ томонидан қопланади;
суғурта товонларининг қолган қисми Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан «Ўзагросуғурта» АЖга ажратиладиган бюджет субсидияси орқали қопланади.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштиришни молиялаштириш учун ажратиладиган имтиёзли кредитлар ҳажмини тасдиқлашда кредитлашнинг дастлабки икки ойида суғурта қилиш харажатлари учун етарли миқдорда маблағлар ажратилишини таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июндаги 505-сон қарорига ИЛОВА
Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларини етиштирувчи барча тадбиркорлик субъектларига, жумладан, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар ва кластерларга нисбатан татбиқ этилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза — суғурта қилдирувчининг суғурта шартномасини тузиш истаги билдирилган ёзма мурожаати;
ишчи гуруҳлар — Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги 149-сон қарори билан тасдиқланган Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириш бўйича харажатларни кредитлаш ва топширилган маҳсулот учун якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом асосида туман ҳокимининг ўринбосари раҳбарлигида ташкил этиладиган ишчи гуруҳ;
мониторинг — пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларини етиштириш учун ер майдонларининг экишга тайёргарлиги, экинлар экилиши, ривожланиши ва ҳосил йиғиб олиниши даврида олиб бориладиган кузатиш жараёни;
мониторинг далолатномаси — ишчи гуруҳлар томонидан тузиладиган даврий ёзма ҳужжат;
суғурталовчи — тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ва суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товони (суғурта пули) тўловини амалга ошириш мажбуриятини олувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс;
суғурта даври — суғурталовчи суғурта шартномаси амалда бўлган даврда содир бўлган суғурта ҳодисалари бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига оладиган давр;
суғурта мукофоти — суғурта қилдирувчи суғурта шартномасида белгиланган тартибда ва муддатларда суғурталовчига тўлаши шарт бўлган суғурта ҳақи;
суғурта полиси — суғурта шартномаси тузилганлигини тасдиқловчи ва суғурта қилдирувчига суғурта мукофотини ёки унинг биринчи қисмини тўлагандан кейин бериладиган ҳужжат;
суғурта суммаси — суғурта қилдирувчи ва суғурталовчининг келишувига мувофиқ белгиланадиган пул маблағлари миқдори бўлиб, суғурталовчи суғурта шартномаси бўйича суғурта товонини ундан ошмаган миқдорда тўлаш мажбуриятини олади;
суғурта таваккалчиликлари — бўрон, дўл, кучли ёмғир (жала), қурғоқчилик ва гармсел, тупроқнинг ўта намлиги, кучли қор ёғиши, қорасовуқ, сув сатҳининг паст бўлиши, сув сатҳининг баланд бўлиши (сув тошқини), яшин уриши, ёнғин, зараркунандалар, пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари касалликлари;
суғурта товони — суғурталовчи суғурта шартномасида келишилган суғурта ҳодисаси содир бўлганда суғурта қилдирувчи кўрган зарарларини суғурта суммасидан ошмаган миқдорда тўлайдиган пул маблағлари миқдори;
суғурта шартномаси — ёзма келишув бўлиб, унга кўра суғурталовчи келишувда шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига келишувда назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда суғурта қилдирувчига суғурта товонини тўлаш мажбуриятини олади;
суғурта қиймати — суғурта қилдирувчининг бутун пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари майдонидан оладиган ҳосил қиймати;
суғурта қилдирувчи — суғурталовчи билан тузилган суғурта шартномасига мувофиқ ушбу шартномада келишилган суғурта мукофотини (суғурта тўловини) тўловчи ва суғурталовчи билан аниқ суғурта муносабатларига кирувчи ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги тадбиркорлик субъекти;
суғурта ҳодисаси — суғурта шартномасида кўрсатилган ва у содир бўлиши билан суғурталовчининг суғурта қилдирувчига суғурта товони (суғурта пули) тўловини амалга ошириш мажбурияти келиб чиқадиган юз берган воқеа;
экин — пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари.
4. Суғурта шартномасида белгиланган суғурта таваккалчиликлари оқибатида экин ҳосилдорлигининг камайиши ёки нобуд бўлиши натижасида суғурта қилдирувчининг зарар кўриши билан боғлиқ мулкий манфаатлари суғурта объекти ҳисобланади.
2-боб. Суғурта шартномасини тузиш тартиби
5. Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш ва суғурта ҳодисаси юз берганда уларга суғурта товонларини тўлаш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
6. Ҳар йили туман ҳокимликлари, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳамда суғурталовчи томонидан пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларини етиштиришни молиялаштириш учун ажратиладиган имтиёзли кредитлар ҳажмини тасдиқлашда ушбу экинларни етиштириш учун режалаштирилган экин майдони, ҳосилдорлик, кафолатланган харид нархлари асосида ҳисобланган ялпи ҳосил қийматидан келиб чиқиб, жами экинлар ҳосилини суғурталаш учун зарур бўлган суғурта мукофотлари ҳажми белгиланади.
7. Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектлари экин майдони, ҳосилдорлик режаси тўғрисида маълумотларни илова қилган ҳолда бўлғуси экиндан кам ҳосил олиши натижасида кўрадиган молиявий зарарини суғурталаш тўғрисида суғурталовчининг ҳудудий бўлинмаларига ариза беради.
8. Суғурталовчи суғурта қилдирувчи томонидан тақдим этилган ариза ва маълумотлар асосида суғурта қиймати, суғурта пули ва суғурта мукофоти миқдорини ҳисоблайди.
Ушбу маълумотлар асосида суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи ўртасида икки нусхада суғурта шартномаси тузилади.
9. Тижорат банки томонидан пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектига пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш учун имтиёзли кредит ажратишда унинг бўлғуси ҳосилни суғурталаш бўйича суғурта шартномаси мавжудлиги талаб қилинади ва ушбу шартнома бўйича расмийлаштирилган полис имтиёзли кредитнинг таъминоти сифатида қабул қилинади.
Бунда имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан, биринчи навбатда, пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш учун суғурта мукофоти тўлангандан сўнг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан ҳосил етиштириш билан боғлиқ бошқа харажатлар бўйича тўловларни амалга оширишга рухсат этилади.
10. Суғурта шартномаси тузилгандан сўнг 30 иш куни ичида суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчининг ҳисобрақамига суғурта мукофотлари (суғурта қилдирувчининг ўз маблағи, тижорат банкларининг кредитлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан) ўтказиб берилади. Суғурталовчининг мажбуриятлари суғурта мукофоти тўлангандан сўнг кучга киради. Шартномада кўрсатилган муддатда суғурта мукофоти тўланмаса, суғурталовчининг мажбуриятлари кучга кирмайди.
11. Суғурталовчи суғурта мукофотларини тўлиқ тўлагандан сўнг суғурта қилдирувчига 3 иш куни ичида суғурта полисини расмийлаштириб беради. Суғурта қилдирувчи томонидан суғурта мукофоти қисман тўланган тақдирда, суғурта полиси тўланган суғурта мукофотига мутаносиб равишда расмийлаштирилиб берилади.
12. Экинлар экилганидан сўнг 30 кун ичида суғурталовчи ва тижорат банки (суғурта қилдирувчи имтиёзли кредит олган ҳолда) томонидан жойига чиққан ҳолда экин майдонлари мониторинги ўтказилади.
13. Мониторинг натижасида экин майдонларида экинлар экилмаганлиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилганлиги аниқланган тақдирда, мониторинг далолатномаси тузилади ва суғурта шартномаси муддатидан олдин бекор қилинади. Бунда экинлар қисман экилган тақдирда, суғурта жавобгарлиги ҳақиқатда экилган майдонга нисбатан олиб борилади.
Мониторинг натижасида экинлар суғурта шартномасида белгиланган суғурта таваккалчиликлари натижасида униб чиқмаганлиги аниқланган тақдирда суғурта жавобгарлиги ушбу экин майдони учун экиш харажатларига ажратилган маблағлардан ошмаган миқдорда олиб борилади.
3-боб. Экинлар ҳолатининг мониторингини ўтказиш
14. Ишчи гуруҳ томонидан мониторинг пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи ҳар бир тадбиркорлик субъекти бўйича экинларнинг ҳолатини ҳамда тижорат банклари томонидан берилган имтиёзли кредитларнинг қайтарилишини таъминлаш учун бўлғуси ҳосилнинг етарлилигини аниқлаш мақсадида доимий равишда ўтказилади.
15. Ишчи гуруҳ суғурта шартномасини тузиш даврида пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан берилган имтиёзли кредитларнинг мақсадли ишлатилишини ҳамда экинларнинг бутун ривожланиш даврида мониторинг ўтказиш муддатларини келишиб олади ва мониторинг жадвалини тасдиқлайди.
16. Ишчи гуруҳ ҳақиқатда сарфланган харажатлар ўрганиб чиқилганидан сўнг пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектларининг экин ер майдони (даласи)га чиқиб, агротехник ишлар ҳақиқатда бажарилганлиги бўйича мониторинг ўтказади.
17. Суғурталовчи томонидан экинлар ҳолати доимий мониторинг қилиб борилади.
4-боб. Мониторинг натижаларини расмийлаштириш
18. Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган мониторинг натижаси бўйича ҳар бир тадбиркорлик субъекти учун алоҳида мониторинг далолатномаси тузилади. Мониторинг далолатномасини тузишда қуйидаги тадбирларни амалга ошириш лозим:
экин режада белгиланган майдонга тўлиқ экилганлиги (майдон бутлиги, бошқа экин экилганлиги, қисман ёки умуман экилмаганлиги);
минерал ва маҳаллий ўғитлар берилганлиги ва озиқлантириш агротехникасига риоя қилинганлиги;
экин майдонларини бегона ўтлар босганлиги ва қарши курашиш чораларини кўрилганлиги;
суғориш иншоатини мавжудлиги, ариқ ва зовурлар тозаланганлиги ва ўз вақтида суғорилганлиги;
экин зараркунанда ва касалликлари тушишининг олдини олиш бўйича ишлар олиб борилгани ҳамда уларга қарши курашилганлиги;
ғўза орасига ишлов бериш ишлари ўз вақтида амалга оширилганини ўрганиш ва керакли тавсиялар бериш.
Ушбу агротехник тадбирлар меъёр доирасида олиб борилган бўлса мониторинг далолатномасида ижобий хулоса берилади ва суғурта жавобгарлиги давом эттирилади.
Агар ушбу агротехник тадбирлар бажарилиши етарли даражада олиб борилмаган бўлса (мониторинг далолатномаси хулоса қисмида кўрсатилади) мониторинг далолатномасида салбий хулоса берилади.
Ушбу мониторинг далолатномасига ҳар бир иштирокчи ўз имзосини ва муҳрини (мавжуд бўлганда) қўйиши талаб этилади.
19. Мониторинг ўтказувчи вакиллар, экин майдонлари ва экин ҳолатини тўлиқ акс эттириш мақсадида мониторинг далолатномасига қўшимча равишда алоҳида ўз хулосаларини ҳам ёзишлари мумкин.
20. Мониторинг далолатномасида ишчи гуруҳ томонидан агротехник тадбирларнинг ўтказилиши бўйича қишлоқ хўжалиги экинларини етиштирувчи тадбиркорлик субъектларига тавсиялар берилади. Навбатдаги мониторинг даврида олдинги мониторинг далолатномасида берилган тавсияларнинг бажарилиши ўрганилади.
5-боб. Суғурта ҳодисаси ва суғурта товонини тўлаш тартиби
21. Суғурта шартномаси амал қилган даврда суғурта ҳодисасини келтириб чиқарувчи ҳодисалар оқибатида экинлар зарарланиши ёки нобуд бўлиши натижасида ҳосилни олиш имконияти камайса ёки йўқолса, суғурта қилдирувчи суғурталовчига 10 иш куни ичида бўлиб ўтган ҳодиса тўғрисида хабарнома беради. Шунингдек, мониторинг ўтказган суғурталовчининг масъул мутахассислари ҳам ушбу ҳодисалар тўғрисида суғурта қилдирувчига маълумот беришлари лозим.
22. Хабарномага асосан суғурталовчи ва ишчи гуруҳлар томонидан экинга етказилган зарар 10 кун ичида жойида ўрганиб чиқилади ва далолатнома тузилади.
23. Суғурта қилдирувчи йиғиштириб олган ҳосилдорлик қиймати суғуртага қабул қилинган ҳосилдорлик қийматидан кам бўлганда, қуйидаги ҳужжатларни суғурталовчига тақдим этади:
суғурта полисининг нусхаси;
бўлиб ўтган ҳодисалар натижасида экин зарарланганлиги ёки нобуд бўлганлигини туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан тасдиқлаб тузилган далолатнома (агар мавжуд бўлса);
ҳодиса (ҳодиса тавсифи ва етказилган зарар сабабларига кўра) ушбу Низомнинг 24-бандида кўрсатилган ташкилотлар томонидан тасдиқланган маълумотнома.
24. Ҳодиса тавсифи ва етказилган зарар сабабларига кўра ҳодисани тасдиқловчи маълумотнома қуйидагилар ҳисобланади:
агар зарар бўрон, дўл, кучли ёмғир (жала), қурғоқчилик ва гармсел, тупроқнинг ўта намлиги, кучли қор ёғиши, қорасовуқ, сув сатҳининг паст бўлиши, сув сатҳининг баланд бўлиши (сув тошқини) яшин уриши натижасида рўй берса — гидрометеорология хизмати марказининг (ҳудудий бўлинмаси) маълумотномаси;
агар зарар ёнғин натижасида рўй берса — туман ички ишлар бўлимининг ёнғинга қарши кураш бўлими маълумотномаси;
агар зарар зараркунандалар ёки экинларга касалликлар тушиши натижасида рўй берса — экин майдонларига ҳақиқатдан ҳам зараркунандалар томонидан зарар етказилганлигини ва уларга қарши курашилганлигини тасдиқлаш бўйича ваколатли ташкилот маълумотномаси ҳамда ушбу ташкилот билан тузилган шартнома нусхаси;
агар зарар минерал ўғитларнинг ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилмаганлиги натижасида рўй берса — пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектига белгиланган ва ҳақиқатда олинган минерал ўғит миқдори бўйича ваколатли ташкилот маълумотномаси ҳамда ушбу ташкилот билан тузилган шартнома нусхаси;
етиштирилган экин тўлиқ йиғиштириб олинганлигини тасдиқловчи туман қишлоқ хўжалиги бўлими маълумотномаси;
етиштирилган экин тайёрлов ташкилотига топширилганлигини тасдиқловчи тайёрловчи (қабул қилувчи) ташкилот ҳамда туман статистика бўлими маълумотномалари.
Ушбу бандда кўрсатилган ҳужжатлардан бошқа қўшимча ҳужжатлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.
25. Суғурта қилдирувчининг суғуртага қабул қилинган бир гектар экин майдони учун ҳосилдорлик қиймати билан жорий йилда бир гектар экин майдонидан ҳақиқатда олинган ҳосилдорлик қиймати (суғурта мукофотини ҳисоблашда тасдиқланган ўртача харид нарх асос қилиб олинади) орасидаги фарқи экиндан кўрилган зарар деб ҳисобланади.
26. Суғурта товони миқдори ушбу Низомга 2-иловада келтирилган жадвал асосида, суғурта қилдирувчининг жами экин майдонидан олинган ялпи ҳосили (тайёрлов корхонаси маълумотномалари асосида) ва тушган суғурта мукофоти миқдори ҳисобга олинган ҳолда, суғурта пули (суғурта жавобгарлиги) доирасида ҳисобланади.
27. Суғурта қилдирувчи томонидан экинни экиш, парваришлаш ва ҳосилни йиғиштириб олиш даврида агротехника талабларига риоя қилмаганлиги аниқланганда, суғурта товони қуйидаги миқдорларда камайтирилади:
ўғит белгиланган меъёрдан кам берилган бўлса 5 (беш) фоиз;
бегона ўтлар босиб кетган бўлса 5 (беш) фоиз;
ўз вақтида суғорилмаган (сув берилмаган) бўлса 5 (беш) фоиз.
Суғурта товони чамаланган (апробациядан ўтказилган) ҳосил олинмаган бўлса 5 (беш) фоиз миқдорларда камайтирилиши мумкин.
28. Суғурта қилдирувчи томонидан ушбу Низомнинг 23-бандида назарда тутилган ҳужжатлар ҳамда ёзма ариза суғурта даври якуни бўйича суғурталовчининг тўлов комиссиясига тақдим этилади. Тақдим этилган ҳужжатлар суғурталовчининг тўлов комиссияси томонидан ўрганиб чиқилиб, суғурта товонини тўлаш ёки тўлашни рад этиш тўғрисида 15 кун муддатда қарор қабул қилинади.
29. Суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш ёки тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори суғурта қилдирувчига у суғурта товони тўлаш тўғрисида ариза тақдим этган вақтдан бошлаб ушбу Низомнинг 28-бандида кўрсатилган муддатдан кечиктирмай хабар қилиниши керак ва товон тўлаш рад этилганда, қарорда рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилиши лозим.
30. Суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинганда суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи ўртасида суғурта ҳодисаси тан олинганлиги тўғрисида далолатнома тузилади.
31. Далолатнома асосида белгиланган суғурта товони 5 иш куни ичида суғурта қилдирувчининг ҳисобрақамига ўтказиб берилади.
32. Суғурта даври якуни бўйича суғурта ҳодисаси юзасидан суғурта қилдирувчилар томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар суғурталовчининг тўлов комиссияси томонидан ўрганиб чиқилиб, суғурта товонини тўлаш тўғрисида қабул қилинган қарор асосида экин ҳосили учун жами аниқланган суғуртатовонлари ҳажми йиғилган суғурта мукофотларининг 80 фоизигача бўлган қисми доирасида суғурталовчи ўз маблағлари ҳисобидан қоплайди.
33. Ҳисоб-китобларга асосан аниқланган суғурта товонлари ҳажми йиғилган суғурта мукофотларининг 80 фоизидан ошган қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан суғурталовчига бюджет субсидияси ажратилади.
Бунда бюджет субсидияси суғурталовчи томонидан белгиланган тартибда аниқланган суғурта товонларининг умумий суммаси (суғурталовчининг харажатларини инобатга олган ҳолда) суғурта мукофотлари ҳисобидан тўлиқ қопланмаган холларда ажратилади.
34. Бюджет субсидияси маблағларини олиш учун суғурталовчи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ жадвал асосида ҳисоб-китобларни тақдим қилади.
35. Суғурталовчи томонидан тақдим қилинган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 15 кун муддатда ўрганиб чиқилиб, суғурталовчига аниқланган суғурта товонларини тўлаш учун бюджет субсидияси маблағларини ажратиш тўғрисида хулоса тайёрланади.
36. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тайёрланган хулоса асосида 10 кун муддат ичида суғурталовчига аниқланган суғурта товонларини тўлаш учун бюджет субсидиясини ажратади.
37. Ажратилган бюджет субсидияси ҳисобидан суғурталовчи томонидан 5 кун муддат ичида суғурта товони аниқланган суғурта қилдирувчиларга тўлиқ тўлаб берилади ҳамда бу ҳақда суғурталовчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот тақдим этилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
38. Ушбу Низом бўйича зиммага олинган мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун томонлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
39. Мазкур Низомдан келиб чиқадиган барча низолар ўзаро келишув йўли билан, келишувга эришилмаган тақдирда эса қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш ва суғурта ҳодисаси юз берганда уларга суғурта товонларини тўлаш
Босқич Масъуллар Чора-тадбирлар Муддат 1-босқич Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъекти, суғурта ташкилоти, тижорат банки Суғурталовчига суғурта мукофотини тўлайди Суғурта шартномаси тузилгандан сўнг 30 иш куни ичида 2-босқич Суғурта ташкилоти Суғурта қилдирувчига суғурта полисини тақдим этади Суғурта мукофоти тўлангандан сўнг 3 иш куни ичида 3-босқич Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъекти, суғурта ташкилоти Суғурта ҳодисасини келтириб чиқарувчи ҳолатлар тўғрисида суғурталовчига хабарнома беради Суғурта ҳодиса аниқланган кундан сўнг 10 иш куни ичида 4-босқич Суғурта ташкилоти, Ишчи гуруҳлар Экинга етказилган зарарни жойида ўрганиб чиқади ва далолатнома тузади Хабарнома берилган сўнг 10 кун ичида 5-босқич Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъекти, суғурта ташкилоти Ҳосилдан кўрилган зарарни қоплаш бўйича суғурталовчига ёзма ариза билан мурожаат қилади Суғурта даври якуни бўйича 6-босқич Суғурта ташкилоти Суғурта қилдирувчининг тақдим этган ҳужжатлари асосида тегишли қарор (суғурта товони тўлаш ёки тўлашни рад этиш) қабул қилади Ариза тақдим этилган кундан бошлаб 15 кун муддатда 7-босқич Суғурта ташкилоти, пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъекти Суғурта қилдирувчига аниқланган товонни тўлаб беради (жами тушган суғурта мукофотининг 80 фоизигача миқдорда) 5 иш куни ичида 8-босқич Суғурта ташкилоти Суғурталовчи томонидан аниқланган жами суғурта товонларининг 80 фоиздан ошган қисмини қоплаш мақсадида бюджет субсидияси ажратилиши учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тегишли ҳисоб-китобни тақдим этади Заруратга кўра 9-босқич Молия вазирлиги Маълумотни ўрганиб чиқиб, суғурталовчига суғурта товонларини тўлаш учун бюджет субсидиясини ажратиш тўғрисида хулоса тайёрлайди 15 кун муддатда 10-босқич Молия вазирлиги Аниқланган суғурта товонларининг 80 фоиздан ошган қисмини қоплаш учун суғурталовчига бюджет субсидиясини ажратади 10 кун муддатда 11-босқич Суғурта ташкилоти, пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъекти Бюджет субсидияси ҳисобидан суғурта қилдирувчига суғурта товонини тўлаб беради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот тақдим этади 5 кун муддатда
Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
20___ йил «____» ___________да тузилган _______-сон суғурта шартномасига асосан пахта хом ашёси (бошоқли дон экинлари) ҳосили бўйича суғурта товонини ҳисоблаш
минг сўм Экин номи Суғурталанган майдон (га) 1 га майдондаги режалаштирилган ҳосилдорлик (центнер) 1 ц ҳосилнинг прейскурант нархи 1 га майдонга режалаштирилган ҳосилнинг қиймати (3 уст* 4 уст) Олинган ялпи ҳосил (центнер) Жами майдондан олинган ҳосилнинг қиймати (4 уст* 6 уст) 1 га майдондан олинган ҳосил қиймати (7 уст/ 2 уст) 1 га майдондан кўрилган зарар (5 уст-8 уст) Жами экин майдонидан кўрилган зарар суммаси (9 уст* 2 уст) Агротехника талабларига риоя қилмаганлиги учун камайтирилган сумма Тан олинган суғурта товони 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12
Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
______ йил ҳосили учун аниқланган суғурта товонларини тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган субсидия маблағлари
млн. сўм Ҳудудлар номи Жами тушган суғурта мукофоти Жами тўланадиган суғурта товони Суғурта товонининг суғурталовчи ўз маблағлари ҳисобидан қопланган қисми Ажратилиши лозим бўлган субсидия маблағи А 1 2 3 (1*80%) 4 (2-3) ЖАМИ Қорақалпоғистон Андижон Бухоро Жиззах Қашқадарё Навоий Наманган Самарқанд Сурхондарё Сирдарё Тошкент Фарғона Хоразм
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 17 июнь,
505-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
jadvali
hisob-kitobi
Paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarining boʻlgʻusi hosilini sugʻurtalash tizimini takomillashtirish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “ Qishloq xoʻjaligida bozor mexanizmlarini keng joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2018-yil 28-fevraldagi 149-son hamda “ Boshoqli don yetishtirishni yanada ragʻbatlantirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida ” 2018-yil 27-noyabrdagi 959-son qarorlari ijrosini taʼminlash, shuningdek, paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtiruvchi tadbirkorlik subyektlarini turli tabiiy ofatlar natijasida koʻriladigan zararlardan sugʻurtalash orqali himoyalash tizimini amaliyotga keng joriy qilish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarining boʻlgʻusi hosilini sugʻurtalash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. “Oʻzagrosugʻurta” AJ tomonidan paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtiruvchi tadbirkorlik subyektlariga paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtirish uchun beriladigan imtiyozli kreditlarning 4 foizi miqdorida sugʻurta xarajatlariga ajratish boʻyicha har yili:
boshoqli don ekinlari hosili uchun — 1-fevralgacha;
paxta hosili uchun — 1-iyungacha boʻlgan muddatlarda sugʻurta shartnomalarini rasmiylashtirish tartibi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarining boʻlgʻusi hosili sugʻurtasining zararlilik darajasidan kelib chiqqan holda, mazkur qarorning 2-bandida nazarda tutilgan sugʻurta xarajatlari miqdoriga oʻzgartirish kiritib borish huquqi berilsin.
4. Belgilansinki:
paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarining boʻlgʻusi hosilini sugʻurtalash boʻyicha rasmiylashtirilgan sugʻurta shartnomalariga asosan toʻlanishi lozim boʻlgan sugʻurta tovonlari, paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtiruvchi xoʻjalik subyektlaridan tushgan jami sugʻurta mukofotlarining 80 foizgacha boʻlgan qismi “Oʻzagrosugʻurta” AJ tomonidan qoplanadi;
sugʻurta tovonlarining qolgan qismi Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tomonidan “Oʻzagrosugʻurta” AJga ajratiladigan budjet subsidiyasi orqali qoplanadi.
5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari Kengashi bilan birgalikda Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi huzuridagi Qishloq xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi tomonidan paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtirishni moliyalashtirish uchun ajratiladigan imtiyozli kreditlar hajmini tasdiqlashda kreditlashning dastlabki ikki oyida sugʻurta qilish xarajatlari uchun yetarli miqdorda mablagʻlar ajratilishini taʼminlasin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 17-iyundagi 505-son qaroriga ILOVA
Paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarining boʻlgʻusi hosilini sugʻurtalash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarining boʻlgʻusi hosilini sugʻurtalash tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarini yetishtiruvchi barcha tadbirkorlik subyektlariga, jumladan, paxta-toʻqimachilik ishlab chiqaruvchilar va klasterlarga nisbatan tatbiq etiladi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ariza — sugʻurta qildiruvchining sugʻurta shartnomasini tuzish istagi bildirilgan yozma murojaati;
ishchi guruhlar — Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 28-fevraldagi 149-son qarori bilan tasdiqlangan Paxta xomashyosi va boshoqli don yetishtirish boʻyicha xarajatlarni kreditlash va topshirilgan mahsulot uchun yakuniy hisob-kitoblarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom asosida tuman hokimining oʻrinbosari rahbarligida tashkil etiladigan ishchi guruh;
monitoring — paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarini yetishtirish uchun yer maydonlarining ekishga tayyorgarligi, ekinlar ekilishi, rivojlanishi va hosil yigʻib olinishi davrida olib boriladigan kuzatish jarayoni;
monitoring dalolatnomasi — ishchi guruhlar tomonidan tuziladigan davriy yozma hujjat;
sugʻurtalovchi — tegishli turdagi sugʻurtani amalga oshirish uchun litsenziyaga ega boʻlgan va sugʻurta shartnomasiga muvofiq sugʻurta tovoni (sugʻurta puli) toʻlovini amalga oshirish majburiyatini oluvchi tijorat tashkiloti boʻlgan yuridik shaxs;
sugʻurta davri — sugʻurtalovchi sugʻurta shartnomasi amalda boʻlgan davrda sodir boʻlgan sugʻurta hodisalari boʻyicha majburiyatlarni oʻz zimmasiga oladigan davr;
sugʻurta mukofoti — sugʻurta qildiruvchi sugʻurta shartnomasida belgilangan tartibda va muddatlarda sugʻurtalovchiga toʻlashi shart boʻlgan sugʻurta haqi;
sugʻurta polisi — sugʻurta shartnomasi tuzilganligini tasdiqlovchi va sugʻurta qildiruvchiga sugʻurta mukofotini yoki uning birinchi qismini toʻlagandan keyin beriladigan hujjat;
sugʻurta summasi — sugʻurta qildiruvchi va sugʻurtalovchining kelishuviga muvofiq belgilanadigan pul mablagʻlari miqdori boʻlib, sugʻurtalovchi sugʻurta shartnomasi boʻyicha sugʻurta tovonini undan oshmagan miqdorda toʻlash majburiyatini oladi;
sugʻurta tavakkalchiliklari — boʻron, doʻl, kuchli yomgʻir (jala), qurgʻoqchilik va garmsel, tuproqning oʻta namligi, kuchli qor yogʻishi, qorasovuq, suv sathining past boʻlishi, suv sathining baland boʻlishi (suv toshqini), yashin urishi, yongʻin, zararkunandalar, paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari kasalliklari;
sugʻurta tovoni — sugʻurtalovchi sugʻurta shartnomasida kelishilgan sugʻurta hodisasi sodir boʻlganda sugʻurta qildiruvchi koʻrgan zararlarini sugʻurta summasidan oshmagan miqdorda toʻlaydigan pul mablagʻlari miqdori;
sugʻurta shartnomasi — yozma kelishuv boʻlib, unga koʻra sugʻurtalovchi kelishuvda shartlashilgan haq (sugʻurta mukofoti) evaziga kelishuvda nazarda tutilgan voqea (sugʻurta hodisasi) sodir boʻlganda sugʻurta qildiruvchiga sugʻurta tovonini toʻlash majburiyatini oladi;
sugʻurta qiymati — sugʻurta qildiruvchining butun paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari maydonidan oladigan hosil qiymati;
sugʻurta qildiruvchi — sugʻurtalovchi bilan tuzilgan sugʻurta shartnomasiga muvofiq ushbu shartnomada kelishilgan sugʻurta mukofotini (sugʻurta toʻlovini) toʻlovchi va sugʻurtalovchi bilan aniq sugʻurta munosabatlariga kiruvchi har qanday tashkiliy-huquqiy shakldagi tadbirkorlik subyekti;
sugʻurta hodisasi — sugʻurta shartnomasida koʻrsatilgan va u sodir boʻlishi bilan sugʻurtalovchining sugʻurta qildiruvchiga sugʻurta tovoni (sugʻurta puli) toʻlovini amalga oshirish majburiyati kelib chiqadigan yuz bergan voqea;
ekin — paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari.
4. Sugʻurta shartnomasida belgilangan sugʻurta tavakkalchiliklari oqibatida ekin hosildorligining kamayishi yoki nobud boʻlishi natijasida sugʻurta qildiruvchining zarar koʻrishi bilan bogʻliq mulkiy manfaatlari sugʻurta obyekti hisoblanadi.
2-bob. Sugʻurta shartnomasini tuzish tartibi
5. Paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarining boʻlgʻusi hosilini sugʻurtalash va sugʻurta hodisasi yuz berganda ularga sugʻurta tovonlarini toʻlash ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
6. Har yili tuman hokimliklari, tuman fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashlari hamda sugʻurtalovchi tomonidan paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarini yetishtirishni moliyalashtirish uchun ajratiladigan imtiyozli kreditlar hajmini tasdiqlashda ushbu ekinlarni yetishtirish uchun rejalashtirilgan ekin maydoni, hosildorlik, kafolatlangan xarid narxlari asosida hisoblangan yalpi hosil qiymatidan kelib chiqib, jami ekinlar hosilini sugʻurtalash uchun zarur boʻlgan sugʻurta mukofotlari hajmi belgilanadi.
7. Paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtiruvchi tadbirkorlik subyektlari ekin maydoni, hosildorlik rejasi toʻgʻrisida maʼlumotlarni ilova qilgan holda boʻlgʻusi ekindan kam hosil olishi natijasida koʻradigan moliyaviy zararini sugʻurtalash toʻgʻrisida sugʻurtalovchining hududiy boʻlinmalariga ariza beradi.
8. Sugʻurtalovchi sugʻurta qildiruvchi tomonidan taqdim etilgan ariza va maʼlumotlar asosida sugʻurta qiymati, sugʻurta puli va sugʻurta mukofoti miqdorini hisoblaydi.
Ushbu maʼlumotlar asosida sugʻurtalovchi va sugʻurta qildiruvchi oʻrtasida ikki nusxada sugʻurta shartnomasi tuziladi.
9. Tijorat banki tomonidan paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtiruvchi tadbirkorlik subyektiga paxta xomashyosi va boshoqli don yetishtirishni moliyalashtirish uchun imtiyozli kredit ajratishda uning boʻlgʻusi hosilni sugʻurtalash boʻyicha sugʻurta shartnomasi mavjudligi talab qilinadi va ushbu shartnoma boʻyicha rasmiylashtirilgan polis imtiyozli kreditning taʼminoti sifatida qabul qilinadi.
Bunda imtiyozli kredit mablagʻlari hisobidan, birinchi navbatda, paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarining boʻlgʻusi hosilini sugʻurtalash uchun sugʻurta mukofoti toʻlangandan soʻng imtiyozli kredit mablagʻlari hisobidan hosil yetishtirish bilan bogʻliq boshqa xarajatlar boʻyicha toʻlovlarni amalga oshirishga ruxsat etiladi.
10. Sugʻurta shartnomasi tuzilgandan soʻng 30 ish kuni ichida sugʻurta qildiruvchi tomonidan sugʻurtalovchining hisobraqamiga sugʻurta mukofotlari (sugʻurta qildiruvchining oʻz mablagʻi, tijorat banklarining kreditlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan) oʻtkazib beriladi. Sugʻurtalovchining majburiyatlari sugʻurta mukofoti toʻlangandan soʻng kuchga kiradi. Shartnomada koʻrsatilgan muddatda sugʻurta mukofoti toʻlanmasa, sugʻurtalovchining majburiyatlari kuchga kirmaydi.
11. Sugʻurtalovchi sugʻurta mukofotlarini toʻliq toʻlagandan soʻng sugʻurta qildiruvchiga 3 ish kuni ichida sugʻurta polisini rasmiylashtirib beradi. Sugʻurta qildiruvchi tomonidan sugʻurta mukofoti qisman toʻlangan taqdirda, sugʻurta polisi toʻlangan sugʻurta mukofotiga mutanosib ravishda rasmiylashtirilib beriladi.
12. Ekinlar ekilganidan soʻng 30 kun ichida sugʻurtalovchi va tijorat banki (sugʻurta qildiruvchi imtiyozli kredit olgan holda) tomonidan joyiga chiqqan holda ekin maydonlari monitoringi oʻtkaziladi.
13. Monitoring natijasida ekin maydonlarida ekinlar ekilmaganligi yoki boshqa qishloq xoʻjaligi mahsulotlari ekilganligi aniqlangan taqdirda, monitoring dalolatnomasi tuziladi va sugʻurta shartnomasi muddatidan oldin bekor qilinadi. Bunda ekinlar qisman ekilgan taqdirda, sugʻurta javobgarligi haqiqatda ekilgan maydonga nisbatan olib boriladi.
Monitoring natijasida ekinlar sugʻurta shartnomasida belgilangan sugʻurta tavakkalchiliklari natijasida unib chiqmaganligi aniqlangan taqdirda sugʻurta javobgarligi ushbu ekin maydoni uchun ekish xarajatlariga ajratilgan mablagʻlardan oshmagan miqdorda olib boriladi.
3-bob. Ekinlar holatining monitoringini oʻtkazish
14. Ishchi guruh tomonidan monitoring paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtiruvchi har bir tadbirkorlik subyekti boʻyicha ekinlarning holatini hamda tijorat banklari tomonidan berilgan imtiyozli kreditlarning qaytarilishini taʼminlash uchun boʻlgʻusi hosilning yetarliligini aniqlash maqsadida doimiy ravishda oʻtkaziladi.
15. Ishchi guruh sugʻurta shartnomasini tuzish davrida paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtiruvchi tadbirkorlik subyektlariga tijorat banklari tomonidan berilgan imtiyozli kreditlarning maqsadli ishlatilishini hamda ekinlarning butun rivojlanish davrida monitoring oʻtkazish muddatlarini kelishib oladi va monitoring jadvalini tasdiqlaydi.
16. Ishchi guruh haqiqatda sarflangan xarajatlar oʻrganib chiqilganidan soʻng paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtiruvchi tadbirkorlik subyektlarining ekin yer maydoni (dalasi)ga chiqib, agrotexnik ishlar haqiqatda bajarilganligi boʻyicha monitoring oʻtkazadi.
17. Sugʻurtalovchi tomonidan ekinlar holati doimiy monitoring qilib boriladi.
4-bob. Monitoring natijalarini rasmiylashtirish
18. Ishchi guruh tomonidan oʻtkazilgan monitoring natijasi boʻyicha har bir tadbirkorlik subyekti uchun alohida monitoring dalolatnomasi tuziladi. Monitoring dalolatnomasini tuzishda quyidagi tadbirlarni amalga oshirish lozim:
ekin rejada belgilangan maydonga toʻliq ekilganligi (maydon butligi, boshqa ekin ekilganligi, qisman yoki umuman ekilmaganligi);
mineral va mahalliy oʻgʻitlar berilganligi va oziqlantirish agrotexnikasiga rioya qilinganligi;
ekin maydonlarini begona oʻtlar bosganligi va qarshi kurashish choralarini koʻrilganligi;
sugʻorish inshoatini mavjudligi, ariq va zovurlar tozalanganligi va oʻz vaqtida sugʻorilganligi;
ekin zararkunanda va kasalliklari tushishining oldini olish boʻyicha ishlar olib borilgani hamda ularga qarshi kurashilganligi;
gʻoʻza orasiga ishlov berish ishlari oʻz vaqtida amalga oshirilganini oʻrganish va kerakli tavsiyalar berish.
Ushbu agrotexnik tadbirlar meʼyor doirasida olib borilgan boʻlsa monitoring dalolatnomasida ijobiy xulosa beriladi va sugʻurta javobgarligi davom ettiriladi.
Agar ushbu agrotexnik tadbirlar bajarilishi yetarli darajada olib borilmagan boʻlsa (monitoring dalolatnomasi xulosa qismida koʻrsatiladi) monitoring dalolatnomasida salbiy xulosa beriladi.
Ushbu monitoring dalolatnomasiga har bir ishtirokchi oʻz imzosini va muhrini (mavjud boʻlganda) qoʻyishi talab etiladi.
19. Monitoring oʻtkazuvchi vakillar, ekin maydonlari va ekin holatini toʻliq aks ettirish maqsadida monitoring dalolatnomasiga qoʻshimcha ravishda alohida oʻz xulosalarini ham yozishlari mumkin.
20. Monitoring dalolatnomasida ishchi guruh tomonidan agrotexnik tadbirlarning oʻtkazilishi boʻyicha qishloq xoʻjaligi ekinlarini yetishtiruvchi tadbirkorlik subyektlariga tavsiyalar beriladi. Navbatdagi monitoring davrida oldingi monitoring dalolatnomasida berilgan tavsiyalarning bajarilishi oʻrganiladi.
5-bob. Sugʻurta hodisasi va sugʻurta tovonini toʻlash tartibi
21. Sugʻurta shartnomasi amal qilgan davrda sugʻurta hodisasini keltirib chiqaruvchi hodisalar oqibatida ekinlar zararlanishi yoki nobud boʻlishi natijasida hosilni olish imkoniyati kamaysa yoki yoʻqolsa, sugʻurta qildiruvchi sugʻurtalovchiga 10 ish kuni ichida boʻlib oʻtgan hodisa toʻgʻrisida xabarnoma beradi. Shuningdek, monitoring oʻtkazgan sugʻurtalovchining masʼul mutaxassislari ham ushbu hodisalar toʻgʻrisida sugʻurta qildiruvchiga maʼlumot berishlari lozim.
22. Xabarnomaga asosan sugʻurtalovchi va ishchi guruhlar tomonidan ekinga yetkazilgan zarar 10 kun ichida joyida oʻrganib chiqiladi va dalolatnoma tuziladi.
23. Sugʻurta qildiruvchi yigʻishtirib olgan hosildorlik qiymati sugʻurtaga qabul qilingan hosildorlik qiymatidan kam boʻlganda, quyidagi hujjatlarni sugʻurtalovchiga taqdim etadi:
sugʻurta polisining nusxasi;
boʻlib oʻtgan hodisalar natijasida ekin zararlanganligi yoki nobud boʻlganligini tuman hokimligi ishchi guruhi tomonidan tasdiqlab tuzilgan dalolatnoma (agar mavjud boʻlsa);
hodisa (hodisa tavsifi va yetkazilgan zarar sabablariga koʻra) ushbu Nizomning 24-bandida koʻrsatilgan tashkilotlar tomonidan tasdiqlangan maʼlumotnoma.
24. Hodisa tavsifi va yetkazilgan zarar sabablariga koʻra hodisani tasdiqlovchi maʼlumotnoma quyidagilar hisoblanadi:
agar zarar boʻron, doʻl, kuchli yomgʻir (jala), qurgʻoqchilik va garmsel, tuproqning oʻta namligi, kuchli qor yogʻishi, qorasovuq, suv sathining past boʻlishi, suv sathining baland boʻlishi (suv toshqini) yashin urishi natijasida roʻy bersa — gidrometeorologiya xizmati markazining (hududiy boʻlinmasi) maʼlumotnomasi;
agar zarar yongʻin natijasida roʻy bersa — tuman ichki ishlar boʻlimining yongʻinga qarshi kurash boʻlimi maʼlumotnomasi;
agar zarar zararkunandalar yoki ekinlarga kasalliklar tushishi natijasida roʻy bersa — ekin maydonlariga haqiqatdan ham zararkunandalar tomonidan zarar yetkazilganligini va ularga qarshi kurashilganligini tasdiqlash boʻyicha vakolatli tashkilot maʼlumotnomasi hamda ushbu tashkilot bilan tuzilgan shartnoma nusxasi;
agar zarar mineral oʻgʻitlarning oʻz vaqtida va toʻliq yetkazib berilmaganligi natijasida roʻy bersa — paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtiruvchi tadbirkorlik subyektiga belgilangan va haqiqatda olingan mineral oʻgʻit miqdori boʻyicha vakolatli tashkilot maʼlumotnomasi hamda ushbu tashkilot bilan tuzilgan shartnoma nusxasi;
yetishtirilgan ekin toʻliq yigʻishtirib olinganligini tasdiqlovchi tuman qishloq xoʻjaligi boʻlimi maʼlumotnomasi;
yetishtirilgan ekin tayyorlov tashkilotiga topshirilganligini tasdiqlovchi tayyorlovchi (qabul qiluvchi) tashkilot hamda tuman statistika boʻlimi maʼlumotnomalari.
Ushbu bandda koʻrsatilgan hujjatlardan boshqa qoʻshimcha hujjatlar talab qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
25. Sugʻurta qildiruvchining sugʻurtaga qabul qilingan bir gektar ekin maydoni uchun hosildorlik qiymati bilan joriy yilda bir gektar ekin maydonidan haqiqatda olingan hosildorlik qiymati (sugʻurta mukofotini hisoblashda tasdiqlangan oʻrtacha xarid narx asos qilib olinadi) orasidagi farqi ekindan koʻrilgan zarar deb hisoblanadi.
26. Sugʻurta tovoni miqdori ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan jadval asosida, sugʻurta qildiruvchining jami ekin maydonidan olingan yalpi hosili (tayyorlov korxonasi maʼlumotnomalari asosida) va tushgan sugʻurta mukofoti miqdori hisobga olingan holda, sugʻurta puli (sugʻurta javobgarligi) doirasida hisoblanadi.
27. Sugʻurta qildiruvchi tomonidan ekinni ekish, parvarishlash va hosilni yigʻishtirib olish davrida agrotexnika talablariga rioya qilmaganligi aniqlanganda, sugʻurta tovoni quyidagi miqdorlarda kamaytiriladi:
oʻgʻit belgilangan meʼyordan kam berilgan boʻlsa 5 (besh) foiz;
begona oʻtlar bosib ketgan boʻlsa 5 (besh) foiz;
oʻz vaqtida sugʻorilmagan (suv berilmagan) boʻlsa 5 (besh) foiz.
Sugʻurta tovoni chamalangan (aprobatsiyadan oʻtkazilgan) hosil olinmagan boʻlsa 5 (besh) foiz miqdorlarda kamaytirilishi mumkin.
28. Sugʻurta qildiruvchi tomonidan ushbu Nizomning 23-bandida nazarda tutilgan hujjatlar hamda yozma ariza sugʻurta davri yakuni boʻyicha sugʻurtalovchining toʻlov komissiyasiga taqdim etiladi. Taqdim etilgan hujjatlar sugʻurtalovchining toʻlov komissiyasi tomonidan oʻrganib chiqilib, sugʻurta tovonini toʻlash yoki toʻlashni rad etish toʻgʻrisida 15 kun muddatda qaror qabul qilinadi.
29. Sugʻurtalovchining sugʻurta tovonini toʻlash yoki toʻlashni rad etish toʻgʻrisidagi qarori sugʻurta qildiruvchiga u sugʻurta tovoni toʻlash toʻgʻrisida ariza taqdim etgan vaqtdan boshlab ushbu Nizomning 28-bandida koʻrsatilgan muddatdan kechiktirmay xabar qilinishi kerak va tovon toʻlash rad etilganda, qarorda rad etishning asoslantirilgan sabablari koʻrsatilishi lozim.
30. Sugʻurtalovchining sugʻurta tovonini toʻlash toʻgʻrisidagi qarori qabul qilinganda sugʻurtalovchi va sugʻurta qildiruvchi oʻrtasida sugʻurta hodisasi tan olinganligi toʻgʻrisida dalolatnoma tuziladi.
31. Dalolatnoma asosida belgilangan sugʻurta tovoni 5 ish kuni ichida sugʻurta qildiruvchining hisobraqamiga oʻtkazib beriladi.
32. Sugʻurta davri yakuni boʻyicha sugʻurta hodisasi yuzasidan sugʻurta qildiruvchilar tomonidan taqdim qilingan hujjatlar sugʻurtalovchining toʻlov komissiyasi tomonidan oʻrganib chiqilib, sugʻurta tovonini toʻlash toʻgʻrisida qabul qilingan qaror asosida ekin hosili uchun jami aniqlangan sugʻurtatovonlari hajmi yigʻilgan sugʻurta mukofotlarining 80 foizigacha boʻlgan qismi doirasida sugʻurtalovchi oʻz mablagʻlari hisobidan qoplaydi.
33. Hisob-kitoblarga asosan aniqlangan sugʻurta tovonlari hajmi yigʻilgan sugʻurta mukofotlarining 80 foizidan oshgan qismini qoplash uchun Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tomonidan sugʻurtalovchiga budjet subsidiyasi ajratiladi.
Bunda budjet subsidiyasi sugʻurtalovchi tomonidan belgilangan tartibda aniqlangan sugʻurta tovonlarining umumiy summasi (sugʻurtalovchining xarajatlarini inobatga olgan holda) sugʻurta mukofotlari hisobidan toʻliq qoplanmagan xollarda ajratiladi.
34. Budjet subsidiyasi mablagʻlarini olish uchun sugʻurtalovchi Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq jadval asosida hisob-kitoblarni taqdim qiladi.
35. Sugʻurtalovchi tomonidan taqdim qilingan maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tomonidan 15 kun muddatda oʻrganib chiqilib, sugʻurtalovchiga aniqlangan sugʻurta tovonlarini toʻlash uchun budjet subsidiyasi mablagʻlarini ajratish toʻgʻrisida xulosa tayyorlanadi.
36. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tayyorlangan xulosa asosida 10 kun muddat ichida sugʻurtalovchiga aniqlangan sugʻurta tovonlarini toʻlash uchun budjet subsidiyasini ajratadi.
37. Ajratilgan budjet subsidiyasi hisobidan sugʻurtalovchi tomonidan 5 kun muddat ichida sugʻurta tovoni aniqlangan sugʻurta qildiruvchilarga toʻliq toʻlab beriladi hamda bu haqda sugʻurtalovchi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga hisobot taqdim etiladi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
38. Ushbu Nizom boʻyicha zimmaga olingan majburiyatlarning bajarilmaganligi yoki zarur darajada bajarilmaganligi uchun tomonlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
39. Mazkur Nizomdan kelib chiqadigan barcha nizolar oʻzaro kelishuv yoʻli bilan, kelishuvga erishilmagan taqdirda esa qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
Paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarining boʻlgʻusi hosilini sugʻurtalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarining boʻlgʻusi hosilini sugʻurtalash va sugʻurta hodisasi yuz berganda ularga sugʻurta tovonlarini toʻlash
Bosqich Masʼullar Chora-tadbirlar Muddat 1-bosqich Paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtiruvchi tadbirkorlik subyekti, sugʻurta tashkiloti, tijorat banki Sugʻurtalovchiga sugʻurta mukofotini toʻlaydi Sugʻurta shartnomasi tuzilgandan soʻng 30 ish kuni ichida 2-bosqich Sugʻurta tashkiloti Sugʻurta qildiruvchiga sugʻurta polisini taqdim etadi Sugʻurta mukofoti toʻlangandan soʻng 3 ish kuni ichida 3-bosqich Paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtiruvchi tadbirkorlik subyekti, sugʻurta tashkiloti Sugʻurta hodisasini keltirib chiqaruvchi holatlar toʻgʻrisida sugʻurtalovchiga xabarnoma beradi Sugʻurta hodisa aniqlangan kundan soʻng 10 ish kuni ichida 4-bosqich Sugʻurta tashkiloti, Ishchi guruhlar Ekinga yetkazilgan zararni joyida oʻrganib chiqadi va dalolatnoma tuzadi Xabarnoma berilgan soʻng 10 kun ichida 5-bosqich Paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtiruvchi tadbirkorlik subyekti, sugʻurta tashkiloti Hosildan koʻrilgan zararni qoplash boʻyicha sugʻurtalovchiga yozma ariza bilan murojaat qiladi Sugʻurta davri yakuni boʻyicha 6-bosqich Sugʻurta tashkiloti Sugʻurta qildiruvchining taqdim etgan hujjatlari asosida tegishli qaror (sugʻurta tovoni toʻlash yoki toʻlashni rad etish) qabul qiladi Ariza taqdim etilgan kundan boshlab 15 kun muddatda 7-bosqich Sugʻurta tashkiloti, paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtiruvchi tadbirkorlik subyekti Sugʻurta qildiruvchiga aniqlangan tovonni toʻlab beradi (jami tushgan sugʻurta mukofotining 80 foizigacha miqdorda) 5 ish kuni ichida 8-bosqich Sugʻurta tashkiloti Sugʻurtalovchi tomonidan aniqlangan jami sugʻurta tovonlarining 80 foizdan oshgan qismini qoplash maqsadida budjet subsidiyasi ajratilishi uchun Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga tegishli hisob-kitobni taqdim etadi Zaruratga koʻra 9-bosqich Moliya vazirligi Maʼlumotni oʻrganib chiqib, sugʻurtalovchiga sugʻurta tovonlarini toʻlash uchun budjet subsidiyasini ajratish toʻgʻrisida xulosa tayyorlaydi 15 kun muddatda 10-bosqich Moliya vazirligi Aniqlangan sugʻurta tovonlarining 80 foizdan oshgan qismini qoplash uchun sugʻurtalovchiga budjet subsidiyasini ajratadi 10 kun muddatda 11-bosqich Sugʻurta tashkiloti, paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlari yetishtiruvchi tadbirkorlik subyekti Budjet subsidiyasi hisobidan sugʻurta qildiruvchiga sugʻurta tovonini toʻlab beradi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga hisobot taqdim etadi 5 kun muddatda
Paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarining boʻlgʻusi hosilini sugʻurtalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
20___ yil “____” ___________da tuzilgan _______-son sugʻurta shartnomasiga asosan paxta xomashyosi (boshoqli don ekinlari) hosili boʻyicha sugʻurta tovonini hisoblash
ming soʻm Ekin nomi Sugʻurtalangan maydon (ga) 1 ga maydondagi rejalashtirilgan hosildorlik (sentner) 1 ts hosilning preyskurant narxi 1 ga maydonga rejalashtirilgan hosilning qiymati (3 ust* 4 ust) Olingan yalpi hosil (sentner) Jami maydondan olingan hosilning qiymati (4 ust* 6 ust) 1 ga maydondan olingan hosil qiymati (7 ust/ 2 ust) 1 ga maydondan koʻrilgan zarar (5 ust-8 ust) Jami ekin maydonidan koʻrilgan zarar summasi (9 ust* 2 ust) Agrotexnika talablariga rioya qilmaganligi uchun kamaytirilgan summa Tan olingan sugʻurta tovoni 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12
Paxta xomashyosi va boshoqli don ekinlarining boʻlgʻusi hosilini sugʻurtalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
______ yil hosili uchun aniqlangan sugʻurta tovonlarini toʻlash uchun Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tomonidan ajratiladigan subsidiya mablagʻlari
mln. soʻm Hududlar nomi Jami tushgan sugʻurta mukofoti Jami toʻlanadigan sugʻurta tovoni Sugʻurta tovonining sugʻurtalovchi oʻz mablagʻlari hisobidan qoplangan qismi Ajratilishi lozim boʻlgan subsidiya mablagʻi A 1 2 3 (1*80%) 4 (2-3) JAMI Qoraqalpogʻiston Andijon Buxoro Jizzax Qashqadaryo Navoiy Namangan Samarqand Surxondaryo Sirdaryo Toshkent Fargʻona Xorazm
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 17-iyun,
505-son