UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 18-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 18 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 18 июня 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 18 June 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

СХЕМАСИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Ўзбекистон Республикасида замонавий уруғчилик кластерларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлик материалларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва тайёрлашга самарали усулларни жорий этиш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш, кейинчалик халқаро бозорларга тарқатиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармони ҳамда «Иссиқҳона комплексларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 20 ноябрдаги ПҚ-4020-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси ва тегишли вилоятлар ҳокимликларининг 2019 йилнинг учинчи чорагидан бошлаб Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари ишлаб чиқаришнинг кластер шаклини босқичма-босқич жорий этиш бўйича таклифига розилик берилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини ишлаб чиқариш бўйича уруғчилик кластерлари (кейинги ўринларда уруғчилик кластерлари деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Уруғчиликни ривожлантириш маркази» Давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ҳамда тўғридан-тўғри, шунингдек, хорижий инвестицияларни киритиш орқали уруғчилик кластери ривожланишини таъминловчи инвесторнинг биргаликдаги иштирокида ташкил этилади;

уруғчилик кластерлари Марказ иштирокисиз ташкил этилганда, инвестор ва Марказ ўртасида қишлоқ хўжалиги экинларининг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш, уруғликларни тайёрлаш ва фойдаланиш, уруғчилик соҳасида илмий ва тажриба-синов тадқиқотларини ўтказишни тартибга солиш бўйича келишувлар тузилади;

инвесторни танлаш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида амалга оширилади. Танлов якунларига кўра, уруғчилик кластерларини ташкил этиш учун ер майдонларини ажратиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан давлат-хусусий шериклик (кейинги ўринларда ДХШ деб аталади) асосида уруғчилик кластерлари ташкил этилиши мумкин.

3. Уруғчилик кластерлари қуйидаги шартларда тузилиши маълумот учун қабул қилинсин:

а) инвестор:

пахта хом ашёсини дастлабки қайта ишлаш, уруғлик материаллари тайёрлаш, тупроқ ва иссиқхона комплексида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари етиштириш бўйича ишлаб чиқариш қувватларини, шунингдек, бошқа мол-мулк ва активларини уруғчилик кластери устав жамғармасига ўтказади;

пахта хом ашёсини дастлабки қайта ишлаш, уруғлик материаллари тайёрлаш бўйича ўзининг ишлаб чиқариш қувватларини яратади;

б) Марказ:

пахта чигити ва бошоқли дон уруғликлари тайёрлаш цехларини, шунингдек, бошқа мол-мулк ва активларини уруғчилик кластери устав жамғармасига ўтказади;

в) қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғликларини етиштирувчи уруғчилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш 1-иловага мувофиқ схемада амалга оширилади.

4. Белгилаб қўйилсинки:

уруғчилик кластерларига ўтказилаётган пахта тозалаш корхоналарининг бино ва иншоотлари жамиятлар бошқарув органлари қарори асосида белгиланган тартибда 5 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан сотилади;

пахта тозалаш ва донни қайта ишлаш корхоналарининг мол-мулк шаклидаги уруғлик тайёрлаш цехлари, шунингдек, «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамиятининг уруғлик тайёрлашга ихтисослашган масъулияти чекланган жамиятларидаги улуши жамиятлар бошқарув органлари қарори асосида Марказга ўрнатилган тартибда 10 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан сотилади;

Марказнинг уруғлик тайёрлаш цехларини сотиб олиш маблағлари манбаси этиб, уруғчилик кластерлари томонидан сотиладиган пахта толасининг улгуржи нархи билан сотиш нархи орасидаги ижобий фарқдаги маблағлар, шунингдек, Марказнинг даромадлари ҳисобланади.

5. Уруғчилик кластерларини ташкил этиш учун танловларни ўтказиш тартиби тўғрисида низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва Марказ билан биргаликда:

а) икки ой муддатда инвесторлар ўртасида танлов ўтказилишини ташкил этсин;

б) 2019 йил 1 сентябрга қадар бошоқли дон уруғликлари, шунингдек, 2020 йил 1 февралга қадар пахта, сабзавот, полиз, озуқа ва мойли экинлар уруғликлари етиштирадиган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари рўйхатини шакллантирсин ва улар билан уруғчилик кластерлари ўртасида 2020 йилда уруғликлар етиштириш юзасидан контрактация шартномалари тузилишини таъминласин.

7. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари ҳисобидан уруғчилик кластерларига кредит ажратилади;

Жамғарма ўрнатилган тартибда уруғчилик кластерларига 2020 йил ҳосилидан уруғлик пахта хом ашёси ва бошоқли дон уруғликлари етиштиришни ташкил этиш учун етарли миқдорда кредит ажратилишини таъминлайди;

уруғчилик кластерларига Вазирлар Маҳкамасининг «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 25 январдаги 53-сон қарори 2 ва 13-бандлари , шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 31 мартдаги 253-сон қарори 2-бандида назарда тутилган имтиёз ва шартлар татбиқ этилади;

бошоқли дон уруғликлари тайёрлаш цехларининг қўшимча маҳсулотлари биржа савдолари орқали омухта ем ишлаб чиқарувчи ташкилотларга реализация қилинади.

8. Уруғчилик кластерларининг асосий молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

уруғлик материалини тайёрлашдан, уни реализация қилишдан, шунингдек, экспортга сотишдан олинган даромадлар;

халқаро молиявий ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотлар грантлари доирасида келиб тушган маблағлар;

ўз маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

9. «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти ва «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

уруғчилик кластерлари таркибига ўтказилаётган пахта тозалаш корхоналари, пахта ва бошоқли дон уруғликлари тайёрлаш цехларининг бино ва иншоотларини хатловдан ўтказилишини ва баҳолашни;

Марказ ва уруғчилик кластерлари билан пахта тозалаш корхоналари, пахта ва бошоқли дон уруғликлари тайёрлаш цехлари бино ва иншоотлари бўйича олди-сотди шартномалари тузилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти билан биргаликда уч ой муддатда сотиб олиш тўловлари графикларини инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасига ўрнатилган тартибда тўловларни 12 ойгача узайтириш бўйича асосланган таклифлар киритиш билан бирга пахта тозалаш корхоналари бино ва иншоотлари бўйича олди-сотди шартномалари тузилгандан сўнг уруғчилик кластерларига реализация қилинаётган пахта тозалаш корхоналарининг солиқдан қарздорлигини хатловдан ўтказсин.

11. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ уруғчилик кластерлари:

ўз ишлаб чиқариш қувватлари яратилгунга қадар уруғлик пахта хом ашёсини қайта ишлашни «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамиятининг пахта тозалаш корхоналари ва пахта-тўқимачилик кластерларида тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширади;

қишлоқ хўжалиги техникалари учун уларнинг сонидан келиб чиққан ҳолда табиий газ ишлаб чиқариш ва тақсимотининг моддий баланслари доирасида автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларига ажратилган сиқилган табиий газдан харид қилади;

ўзлари ишлаб чиқарадиган уруғлик сифатига, шунингдек, уларни тайёрлаш технологиясини доимий равишда такомиллаштириб бориш бўйича зарур тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишига жавобгар ҳисобланади.

12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳар йилги моддий балансларни шакллантиришда алоҳида қаторда уруғчилик кластерлари томонидан ишлаб чиқариладиган пахта толасини ҳисобга олинишини назарда тутсин.

13. Уруғчилик кластерларига «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамиятининг пахта тозалаш корхоналари ўтказилаётган туманларида «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан келишган ҳолда техник пахта хом ашёсини қайта ишлашга ва контрактацияни амалга оширишга рухсат берилсин. Бундай ҳолларда, уруғчилик кластерлари уруғлик ва техник пахта хом ашёсини алоҳида жамғарилишини таъминлайди.

14. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва Марказ билан биргаликда:

уруғчилик кластерлари томонидан белгиланган ҳажмларда юқори сифатли уруғлик материаллари ишлаб чиқарилишини;

замонавий рақамли ва ахборот-коммуникация технологияларини, шунингдек, видеоускуналар, электрон тарозилар, автоматлаштирилган назорат ва ҳисобга олишнинг мос келувчи тизимларини кенг жорий қилиниши бўйича тизимли назорат ўрнатилишини таъминласин.

15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Тошкент ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини ишлаб чиқаришнинг кластер шаклини жорий этиш учун тўғридан-тўғри хусусий ва хорижий инвестицияларни киритишга хоҳиши бўлган инвесторларни фаол жалб қилиш бўйича зарур ташкилий-амалий чораларни кўрсин.

16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги 512-сон қарорига 1-ИЛОВА

Қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғликларини етиштирувчи уруғчилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Кўриб чиқиш муддати 1-босқич «Ўзпахтасаноат» АЖ, «Ўздонмаҳсулот» АК Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда Ташкил этилаётган уруғчилик кластерлари таркибига ўтказилаётган пахта тозалаш корхоналари, пахта ва бошоқли дон уруғликлари тайёрлаш цехлари бино ва иншоотлари рўйхатини шакллантириш. Ҳар йили 20 мартга қадар 2-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Танлов асосида вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда уруғчилик кластерини ташкил этиш бўйича инвесторларни аниқлаш. Ҳар йили 1 апрелга қадар 3-босқич Уруғчиликни ривожлантириш маркази, инвестор Уруғчилик кластерини ташкил этиш. Ҳар йили 10 апрелга қадар 4-босқич «Ўзпахтасаноат» АЖ, «Ўздонмаҳсулот» АК Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда Уруғчилик кластерларига ўтказилаётган пахта тозалаш ҳамда дон корхоналарининг уруғлик чигит ва уруғлик дон тайёрлаш цехлари ҳамда мол-мулкларини хатловдан ўтказиш ва баҳолаш. Ҳар йили 10 июлга қадар 5-босқич Уруғчиликни ривожлантириш маркази, инвестор билан биргаликда «Ўзпахтасаноат» АЖ, «Ўздонмаҳсулот» АК билан уруғлик чигит ва уруғлик дон тайёрлаш цехларини сотиб олиш бўйича олди-сотди шартномалар тузиш. Ҳар йили 20 июлга қадар 6-босқич Уруғчиликни ривожлантириш маркази Уруғчилик кластерларига уруғлик чигит ва уруғлик дон тайёрлаш цехларини, шунингдек, уларнинг бошқа мол-мулкларни ўтказиш. Олди-сотди шартнома тузилгандан сўнг, бир ой муддатда 7-босқич Инвестор Пахта хом ашёсини дастлабки қайта ишлаш, уруғлик тайёрлаш, тупроқ ва иссиқхонада қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари етиштириш комплекслари ва ишлаб чиқариш қувватларини уруғчилик кластерларига ўтказиш. Ҳар йили 15 июлга қадар 8-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари , Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерлари эгалари кенгаши, Марказ Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари рўйхатини аниқлаш ҳамда: уруғлик пахта хом ашёси етиштирувчи субъектлар ва уруғчилик кластерлари ўртасида уруғлик пахта хом ашёси етиштириш; сабзавот, полиз, озуқа ва мойли экинлар уруғликларини етиштирувчи субъектлар ва уруғчилик кластерлари ўртасида сабзавот, полиз, озуқа ва мойли экинлар уруғликларини етиштириш; бошоқли дон экинлари уруғликлари етиштирувчи субъектлар ва уруғчилик кластерлари ўртасида бошоқли дон уруғликлари етиштириш бўйича контрактация шартномалари тузиш. Ҳар йили 1 февралга қадар Ҳар йили 1 сентябрга қадар

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги 512-сон қарорига 2-ИЛОВА

Уруғчилик кластерларини ташкил этиш учун танловларни ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом уруғчилик кластерлари ташкил этиш учун танловларни (кейинги ўринларда танлов деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

уруғчилик кластери — илғор технологияларни жорий қилиш ҳамда давлат ва халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда уруғликлар тайёрлаш ва реализация қилиш учун ишлаб чиқариш корхоналари, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан бевосита ва узвий алоқаларга эга қишлоқ хўжалиги ташкилоти;

Марказ — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Уруғчиликни ривожлантириш маркази» Давлат унитар корхонаси;

инвестор — келишув тузган юридик ёки жисмоний шахс. Давлат ташкилотлари хусусий шерик сифатида иштирок этишлари, шунингдек, хусусий шерик тарафидан қатнашишлари мумкин эмас;

лойиҳа — уруғчилик кластерлари ташкил этиш соҳасида инвестицион ва инновацион чора-тадбирлар мажмуи.

3. Уруғчилик кластерлари қуйидаги тамойилларга асосан ташкил этилади:

ахборотнинг очиқлиги ва эркинлиги, давлат сири ва қонун билан ҳимоя қилинадиган махфий маълумотлар сирасига кирадиган маълумотлар бундан мустасно;

камситилишга йўл қўймаслик, келишув томонларининг тенг ҳуқуқлилиги;

томонларнинг келишув бўйича мажбуриятларини виждонан бажариши;

томонлар ўртасида хатарлар ва мажбуриятларнинг адолатли тақсимланиши;

томонлар ўзаро муносабатларининг шартномавий асоси.

4. Уруғчилик кластерлари яратиш учун инвесторларни жалб қилиш қуйидаги мақсадлар учун амалга оширилади:

давлат ва халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда, шунингдек, гидропоника ва аэропоника технологияларини қўллаган ҳолда ҳимояланган тупроқда техник, донли, дон-дуккакли, сабзавот, полиз, мойли, озуқа ва бошқа экинлар уруғликларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва реализация қилиш, шунингдек, экспорт қилиш;

уруғчилик кластерларида техник, донли, дон-дуккакли, сабзавот, полиз, мойли, озуқа ва бошқа экинлар бирламчи уруғчилигини, шунингдек, ўсимликлар биотехнологиясини ташкил этиш;

мавжуд маҳаллий ва хорижий навлар селекцияси коллекцияси асосида юқори ҳосилдорликка, сифатга эга, зарарли организм ва касалликларга чидамли, юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги экинлари нав ва дурагайларини ишлаб чиқариш тизимини яратиш;

ўз маблағи ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни, шунингдек, тижорат банклари кредитларини жалб этиш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва рақобатбардош уруғликларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Уруғчиликни ривожлантириш маркази» Давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда — Марказ деб аталади), илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда уруғчилик соҳасида, қишлоқ хўжалиги экинлари янги нав ва дурагайларини яратиш бўйича тадқиқотлар ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш;

шартнома асосида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва таълим муассасаларига уруғчилик соҳасида кадрлар малакасини оширишда амалий ёрдам кўрсатиш.

5. Уруғчилик кластерларини ташкил этишда инвесторни танлаш танлов асосида амалга оширилади.

6. Танлов ўтказиш бўйича ташкилотчи — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади).

Вазирлик:

танлов комиссияси аъзолари чақирувини, уларга ишлаш хоналари, оргтехника, мажлис ўтказиш учун керакли материаллар билан таъминланишини ташкиллаштиради, шунингдек, танлов билан боғлиқ барча харажатларни қоплайди;

танлов комиссияси топшириғи асосида таклифномалар тарқатади ва ўзаро ёзишмаларни юритади;

иштирокчилардан танлов таклифларини қабул қилади, уларнинг ҳисобини юритади, танлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда хатжилд очилгунга қадар бутлигини, махфийлигини таъминлайди;

танлов комиссияси томонидан жалб этилган эксперт ва консультантлар фаолиятини мувофиқлаштиради, шунингдек, уларга ҳақ тўлаш харажатларини қоплайди.

7. Танлов комиссияси таркиби (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) Вазирлик томонидан шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланади.

Комиссия ишчи органи Марказ ҳисобланади.

8. Комиссия таркибига Марказ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, «Ўзпахтасаноат» АЖ, «Ўздонмаҳсулот» АК, Давлат активларини бошқариш агентлиги, шунингдек, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари вакиллари киритилиши мумкин.

Комиссия аъзолари сони тоқ бўлиши ва тўққиз кишидан кам бўлмаслиги керак. Комиссияга Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири раислик қилади.

9. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) мустақил тарзда ўз иш регламентини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

б) танлов ўтказиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган танлов муддатидан бир ойдан кечиктирмасдан танлов ҳужжатларини тақдим этган барча иштирокчиларни ёзма огоҳлантирган ҳолда, шунингдек, Низомнинг 20-бандида кўзда тутилган ахборот ресурсларида эълон қилган ҳолда танлов таклифларини тақдим этиш муддатларини узайтириш ёки танлов ўтказиш муддатларини ўзгартиш бўйича қарор қабул қилиш;

в) тушунарли бўлган, умумқабул қилинган белгилар ва номланишлардан фойдаланиб тузилган, иккиёқлама талқин этилмайдиган танлов ҳужжатларини тасдиқлаш;

г) хатжилд очилгандан уч иш кунидан ошмаган муддатда танлов таклифларини кўриб чиқиш ва танлов ғолибини аниқлаш муддатини белгилаш;

д) иштирокчиларни огоҳлантириш ва рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда танлов ҳужжатларига ва танлов ўтказиш шартларига мувофиқ бўлмаган иштирокчилар таклифларини рад этиш;

е) танловни қуйидаги ҳолларда ўтказилмаган деб эълон қилиш:

хабарномада кўрсатилган муддатда иккитадан кам сўровнома келиб тушганда;

барча тақдим этилган танлов таклифларининг танлов ҳужжатлари шартларига мувофиқ бўлмаганда;

мазкур Низом шартлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шартларининг бузилиши, қасддан келишув ва танлов ўтказиш жараёнини бузувчи бошқа кўзда тутилмаган ҳолатлар аниқланганда.

10. Комиссия қуйидагилар учун жавобгардир:

ўз фаолиятини шахсий иштирок тартибида ташкил этилишини таъминлашга;

хатжилдлар очилишида ва танлов натижалари эълон қилинишида иштирокчилар ёки уларнинг ишончли вакиллари ва тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари вакилларининг иштироки учун шароитни таъминлашга;

хатжилдларга қўйилган муҳрлар бутунлигини текширишни амалга оширишга;

танлов натижалари бўйича қарор қабул қилишда шартлар якдиллигини ва софдилликни таъминлашга;

танлов таклифларини кўриб чиқишда махфийликни таъминлашга;

белгиланган кун ва соатда танлов таклифлари солинган биринчи хатжилдларни, иккинчиларини эса танлов ҳужжатлари таклифлари бўйича низолар вужудга келганда очишга;

танлов таклифлари солинган хатжилдлар очилишида танлов шартлари ва муолажаларига амал қилишни, танлов ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар борлигини текширишга.

11. Танлов комиссияси қарорлари комиссия йиғилишларида комиссия аъзоларининг учда икки қисмидан кам бўлмаган ҳолларда ҳақиқий ҳисобланади.

Қарорлар йиғилишда иштирок этган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг келган ҳолларда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Комиссия йиғилиши ўтказиладиган жой, сана ва вақти ҳақида комиссия аъзолари ўз вақтида хабардор қилиниши керак. Комиссия аъзолари томонидан сиртдан овоз бериш орқали қарор қабул қилиш, шунингдек, ўз ваколатларини бошқа шахсларга ўтказишга йўл қўйилмайди.

12. Танлов комиссияси қарорлари ёзма баённома тарзида расмийлаштирилади ва танлов иштирокчиларига уч иш куни мобайнида етказилади.

2-боб. Инвестор тарафидан лойиҳа ташаббусини илгари суриш тартиби

13. Уруғчилик кластери ташкил этишга хоҳиш билдирган юридик шахс (кейинги ўринларда — талабгор деб аталади) Вазирликка тегишли ариза тақдим этади.

14. Талабгор танловда иштирок этиш учун Вазирликка аризага илова қилган ҳолда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

танловда иштирок этиш учун тақдим этилган ариза санасидан бир ойдан кўп бўлмаган, солиқлар, йиғимлар ва бошқа молиявий санкциялар бўйича қарздорликлар мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотлар;

лойиҳа амалга оширилишининг молиявий имкониятини тасдиқловчи инвесторнинг соф активлари, лойиҳа қийматининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги бошқа ташкилотнинг кафиллиги тўғрисида маълумотлар;

уруғчилик кластери ташкил этиш учун дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичлар.

Танловда иштирок этиш учун қайта ташкил этиш, ликвидация ёки мол-мулкига банд солинган банкротлик жараёнидаги талабгорлар қўйилмайди.

15. Лойиҳани амалга ошириш бўйича келиб тушган ариза танлов комиссияси ва Марказ билан ҳамкорликда беш иш куни мобайнида мазкур Низом шартларига мувофиқлиги бўйича кўриб чиқилади.

16. Мазкур Низомда кўрсатилган талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган ҳужжатлар бир иш куни мобайнида талабгорга қайтарилади.

Тақдим этилган аризада йўл қўйилган камчиликларни бартараф этган ҳолда қонунчилик нормаларига мувофиқ Вазирликка қайта кўриб чиқиш учун такрорий тақдим этиш муддатлари аниқ кўрсатилган ҳолда ёзма равишда, шунингдек, электрон ахборот тизими воситасида талабгорга хабарнома юборилади.

Талабгор томонидан камчиликлар бартараф этиш ва ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиш муддати ёзма ёки электрон хабарнома қабул қилингандан бошлаб ўн кундан муддат кам бўлмаслиги керак.

Қайта тақдим этилган ҳужжатлар қайта тақдим этилган куни қабул қилинган деб ҳисобланади.

3-боб. Марказ тарафидан лойиҳа ташаббусини илгари суриш тартиби

17. Марказ эҳтиёжлардан келиб чиқиб, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларидан келиб тушган таклифлар ўрганиб чиқилиши натижасида лойиҳани амалга ошириш ташаббусини илгари суриши мумкин.

18. Танлов ўтказиш мазкур Низомнинг 4-бобида белгиланган тартибда ва Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

4-боб. Танлов ўтказиш тартиби

19. Вазирлик танлов бошланишидан ўн календар кун олдин мажбурий тартибда Вазирлик расмий сайтида, шунингдек, бошқа оммавий ахборот воситалари манбаларида, шу жумладан Интернет тармоғида танлов ўтказиш тўғрисида эълон жойлаштиради.

20. Танлов тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлари бўлиши талаб этилади:

Марказнинг номи, почта манзили, алоқа телефон рақамлари ва электрон почта манзили;

объектнинг номи, жойлашуви, миқдори ва тавсифи (характеристикаси);

лойиҳани амалга ошириш шартлари;

талаб этиладиган инвестицион мажбуриятларнинг энг кам миқдори;

танлов ўтказиш санаси, вақти ва жойи;

танлов таклифлари қабул қилинадиган охирги муддат (йил, ой, кун ва соати кўрсатилган ҳолда).

21. Танлов ҳужжатлари йиғмажилди қуйидагиларни ўз ичига олади:

талабгорлар учун қўлланма;

танловнинг техник қисми;

танловнинг тижорат қисми.

Шунингдек, танлов ҳужжатларига танлов комиссияси томонидан тасдиқланадиган танлов ғолибини аниқлаш мезонлари ҳам илова қилинади. Танлов ғолибини аниқлаш мезонларида танловнинг техник ва тижорат қисмларига қўйиладиган баллар кўрсатилади, бунда танлов техник қисмига қўйиладиган баллар жами тўпланган баллнинг камида 70 фоизини ташкил этиши керак.

22. Танлов талабгорлари учун қўлланма қуйидагиларни ўз ичига олади:

танлов ўтказиш қоидалари билан танишиш учун керак бўладиган Марказнинг почта манзили, алоқа телефони ва факс рақамлари, электрон почта манзили;

танловда иштирок этиш учун талаб этиладиган ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби;

танлов таклифларини расмийлаштиришга бўлган талаблар;

танлов таклифларини тақдим этиш жараёнига бўлган талаблар;

танлов таклифлари солинган хатжилдни очиш тартиби;

танлов таклифларини баҳолаш тартиби.

23. Танлов ҳужжатлари техник қисми қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

уруғчилик кластери ташкил этиш шартлари ва мақсадлари:

танлов шартларини бажариш бўйича шартнома лойиҳаси;

уруғчилик кластери ташкил этиш учун ер майдонлари ажратиш бўйича материаллар;

танлов ғолибининг атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, экологик хавфсизлик талабларига, шунингдек, санитар ва ёнғин хавфсизлиги норма ва қоидаларига амал қилиш мажбуриятлари.

24. Танлов ҳужжатлари тижорат қисми уруғчилик кластери ташкил этиш бўйича киритиладиган инвестиция ҳажми таклифини ўз ичига олиши керак.

25. Талабгорлар эълон берилгандан сўнг танлов ҳужжатларини оладилар.

26. Танловда иштирок этиш учун талабгор ёки унинг вакили шахсан ёки почта орқали буюртма хат билан танлов эълонида ўрнатилган муддатларда Вазирликка икки нусхада қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этади:

танлов ҳужжатларига қўйилган талабларга мувофиқ тузилган танлов таклифи;

лойиҳанинг талабгорнинг ўз маблағлари, шунингдек, кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотлар;

лойиҳанинг амалга оширилиши молиявий имкониятини тасдиқловчи, танлов иштирокчисининг соф активлари, бошқа ташкилотнинг танлов иштирокчиси киритаётган инвестицияларнинг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги кафиллиги тўғрисидаги маълумотлар.

Танловда иштирок этиш учун қайта ташкил этиш, ликвидация ёки мол-мулкига банд солинган банкротлик жараёнидаги талабгорлар қўйилмайди. Қайта ташкил этиш, ликвидация ёки мол-мулкига банд солинган банкротлик жараёнидаги талабгорлар тўғрисидаги маълумотлар танлов комиссияси томонидан тегишли ташкилот ва давлат органларига сўровнома юбориш орқали тасдиқланади.

Танловда иштирок этиш учун берилган аризага илова қилинган барча ҳужжатлар муҳрланган (имзо билан тасдиқланган) хатжилдларда тақдим этилади.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг барча варақлари талабгор томонидан имзо билан тасдиқланиши керак.

Танлов таклифлари амал қилиш муддати танлов ҳужжатларида белгиланади.

27. Танлов комиссияси томонидан белгиланган кун ва соатда танлов таклифлари солинган биринчи хатжилдлар очилади. Иккинчи хатжилдлар Вазирликда сақланади ва танлов таклифлари маъноси бўйича низолар вужудга келган тақдирда очилади.

Талабгорлар танлов таклифлари солинган хатжилдлар очилишида иштирок этишлари мумкин.

Танлов комиссияси томонидан танлов таклифлари солинган хатжилдлар очилишида танлов шартлари ва жараёнларига амал қилиш, танлов ҳужжатларида кўрсатилган ҳужжатлар мавжудлиги текширилади.

28. Танлов таклифларини баҳолаш ва танлов ғолибини аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

танлов ҳужжатлари техник қисми бўйича талабгор таклифини баҳолаш;

назарда тутилаётган инвестициялар ҳажми бўйича талабгор таклифини баҳолаш;

ишлаб чиқариш режалаштиралаётган маҳсулот тури, ҳажми ва ассортименти ёки кўрсатиладиган хизматлар тури бўйича талабгор таклифини баҳолаш;

киритилаётган инвестициялар ҳажми бўйича талабгор таклифини баҳолаш;

лойиҳа талабгорнинг ўз маблағлари ҳисобига молиялаштирилиши билан таъминланганлиги.

Танлов таклифларини баҳолаш учун зарурат юзасидан танлов комиссияси томонидан қуйидаги қўшимча ҳужжатлар талаб этилиши мумкин:

охирги йил учун (мавжуд бўлса) аудиторлик ташкилоти хулосаси (юридик шахслар учун);

охирги икки йил учун (мавжуд бўлса) талабгор — юридик шахснинг бухгалтерия баланси.

29. Танлов ғолибини аниқлаш хатжилдлар очилиш кунида танлов комиссиясининг ёпиқ мажлисида ўтказилади.

Қарор умумий комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овоз бериши билан қабул қилинади. Овозлар тенг келганда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Мажлисда комиссия аъзоларининг тўртдан уч қисмидан кам бўлмаган сони қатнашган тақдирда ҳақиқий ҳисобланади.

30. Лойиҳани амалга оширишда энг мақбул деб топилган танлов таклифи берган иштирокчи танлов ғолиби деб тан олинади.

31. Танлов ғолибларини аниқлашда қуйидагилар асосий мезон ҳисобланади:

техник (пахта), дон, сабзавот, полиз ва бошқа экинлар уруғини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган тўлақонли уруғчилик кластерини ташкил этиш кафолатларининг мавжудлиги;

таклиф этилган инвестицион лойиҳанинг амалга оширилишидан энг юқори ижобий самара;

лойиҳа амалга оширилишига кетадиган энг қисқа муддатлар;

лойиҳа амалга оширилишига киритиладиган ўз инвестицияларининг энг юқори ҳажмлари;

таклиф этилган лойиҳа амалга оширилишида энг кам хатар;

лойиҳа харажатларининг қопланишига энг кам муддат;

уруғлик материали тайёрлашнинг илғор агротехнологияларини, замонавий технологияларни татбиқ қилиш нияти;

илмий-амалий фаолият учун шароит яратиш нияти.

32. Танлов ғолибларини аниқлашда, бошқа тенг шароитларда, устунлик қуйидаги инвесторларга берилади:

инвестицион лойиҳа амалга оширилишига энг кўп ўз маблағларини киритаётганларга;

кўпроқ маҳсулот сотиш имкониятларини асословчи тасдиқланган ҳужжатлар тақдим этганларга;

қишлоқ хўжалиги ва уруғлик тайёрлашда 3 йилдан кам бўлмаган амалий тажрибага эга бўлганларга.

33. Танлов талабларига мувофиқ таклиф параметрлари тақдим этган, бироқ танлов ҳужжатларига мувофиқ танлов таклифи тақдим этган ғолиб параметрларидан пастроқ натижалари бўйича захирадаги ғолиб ҳам аниқланади.

34. Танлов танлов иштирокчиларидан икки ёки ундан ортиқ ариза келиб тушганда ўтказилади.

35. Танлов комиссияси танлов якунлари бўйича қарор қабул қилган куни Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий веб-сайтида танлов натижалари тўғрисида маълумот жойлаштириш орқали танлов иштирокчиларини хабардор қилишга мажбурдир.

36. Қабул қилинган қарорга рози бўлмаган танлов иштирокчиси судга эътироз билан мурожаат қилишга ҳақлидир.

5-боб. Якуний қоида

37. Мазкур Низом шартларини бузишда айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгардирлар.

Уруғчилик кластерларини ташкил этиш учун танловларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Уруғчилик кластерларини ташкил этиш учун танловларни ўтказиш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Ижро муддатлари 1-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Танлов эълон қилиш. Заруратга кўра 2-босқич Талабгор Низом талабларига мувофиқ ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни (кейинги ўринларда Ариза деб аталади) Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этиш. Танлов эълон қилингач 10 календарь кунида 3-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Аризанинг низом талабларига мувофиқлигини текшириш, низом талабларига мувофиқ бўлмаганда аризани талабгорга қайтариш. Бир календарь кунида 4-босқич Танлов комиссияси 1. Иккитадан кам бўлмаган талабгордан ариза келиб тушганда, танлов ўтказиш, танлов натижасига кўра ғолибни аниқлаш ва қарор қабул қилиш. 2. Бир иштирокчидан ариза келиб тушганда аризани низом талаблари асосида кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш. Етти календарь кунида Беш календарь кунида 5-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий веб-сайтида қабул қилинган қарор тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш орқали танлов иштирокчиларини хабардор қилиб бориш. Қарор қабул қилинган кунда 6-босқич Уруғчиликни ривожлантириш маркази , инвестор Уруғчилик кластери ташкил этиш Икки ой мобайнида

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 18 июнь,

512-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.06.2019 й., 09/19/512/3305-сон; 27.02.2021 й., 06/21/6179/0165-сон, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон, 13.05.2022 й., 09/22/255/0412-сон; 13.12.2023 й., 09/23/653/0931-сон; 02.04.2025 й., 09/25/197/0299-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

SXEMASI

NIZOM

SXEMASI

Oʻzbekiston Respublikasida zamonaviy urugʻchilik klasterlarini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Qishloq xoʻjaligi ekinlari urugʻlik materiallarini ishlab chiqarish, qayta ishlash va tayyorlashga samarali usullarni joriy etish, sifatli va raqobatbardosh mahsulot ishlab chiqarishni kengaytirish, keyinchalik xalqaro bozorlarga tarqatish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishlari boʻyicha Harakatlar strategiyasining “Faol investitsiyalar va ijtimoiy rivojlanish yilida amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2019-yil 17-yanvardagi PF-5635-son Farmoni hamda “Issiqhona komplekslarini rivojlantirish uchun qoʻshimcha shart-sharoitlar yaratish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 20-noyabrdagi PQ-4020-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Iqtisodiyot va sanoat vazirligi, “Oʻzpaxtasanoat” aksiyadorlik jamiyati, “Oʻzdonmahsulot” aksiyadorlik kompaniyasi va tegishli viloyatlar hokimliklarining 2019-yilning uchinchi choragidan boshlab Buxoro, Qashqadaryo, Namangan, Samarqand, Surxondaryo va Fargʻona viloyatlarida qishloq xoʻjaligi ekinlari urugʻliklari ishlab chiqarishning klaster shaklini bosqichma-bosqich joriy etish boʻyicha taklifiga rozilik berilsin.

2. Belgilab qoʻyilsinki:

qishloq xoʻjaligi ekinlari urugʻliklarini ishlab chiqarish boʻyicha urugʻchilik klasterlari (keyingi oʻrinlarda urugʻchilik klasterlari deb ataladi) Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi “Urugʻchilikni rivojlantirish markazi” Davlat unitar korxonasi (keyingi oʻrinlarda Markaz deb ataladi) hamda toʻgʻridan-toʻgʻri, shuningdek, xorijiy investitsiyalarni kiritish orqali urugʻchilik klasteri rivojlanishini taʼminlovchi investorning birgalikdagi ishtirokida tashkil etiladi;

urugʻchilik klasterlari Markaz ishtirokisiz tashkil etilganda, investor va Markaz oʻrtasida qishloq xoʻjaligi ekinlarining birlamchi urugʻchiligini tashkil etish va rivojlantirish, urugʻliklarni tayyorlash va foydalanish, urugʻchilik sohasida ilmiy va tajriba-sinov tadqiqotlarini oʻtkazishni tartibga solish boʻyicha kelishuvlar tuziladi;

investorni tanlash Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi tomonidan oʻtkaziladigan tanlov asosida amalga oshiriladi. Tanlov yakunlariga koʻra, urugʻchilik klasterlarini tashkil etish uchun yer maydonlarini ajratish Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari tomonidan qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi;

Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi tashabbusi bilan davlat-xususiy sheriklik (keyingi oʻrinlarda DXSH deb ataladi) asosida urugʻchilik klasterlari tashkil etilishi mumkin.

3. Urugʻchilik klasterlari quyidagi shartlarda tuzilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin:

a) investor:

paxta xom ashyosini dastlabki qayta ishlash, urugʻlik materiallari tayyorlash, tuproq va issiqxona kompleksida qishloq xoʻjaligi ekinlari urugʻliklari yetishtirish boʻyicha ishlab chiqarish quvvatlarini, shuningdek, boshqa mol-mulk va aktivlarini urugʻchilik klasteri ustav jamgʻarmasiga oʻtkazadi;

paxta xom ashyosini dastlabki qayta ishlash, urugʻlik materiallari tayyorlash boʻyicha oʻzining ishlab chiqarish quvvatlarini yaratadi;

b) Markaz:

paxta chigiti va boshoqli don urugʻliklari tayyorlash sexlarini, shuningdek, boshqa mol-mulk va aktivlarini urugʻchilik klasteri ustav jamgʻarmasiga oʻtkazadi;

v) qishloq xoʻjaligi ekinlarining urugʻliklarini yetishtiruvchi urugʻchilik klasterlari faoliyatini tashkil etish 1-ilovaga muvofiq sxemada amalga oshiriladi.

4. Belgilab qoʻyilsinki:

urugʻchilik klasterlariga oʻtkazilayotgan paxta tozalash korxonalarining bino va inshootlari jamiyatlar boshqaruv organlari qarori asosida belgilangan tartibda 5 yil muddatga boʻlib toʻlash sharti bilan sotiladi;

paxta tozalash va donni qayta ishlash korxonalarining mol-mulk shaklidagi urugʻlik tayyorlash sexlari, shuningdek, “Oʻzpaxtasanoat” aksiyadorlik jamiyatining urugʻlik tayyorlashga ixtisoslashgan masʼuliyati cheklangan jamiyatlaridagi ulushi jamiyatlar boshqaruv organlari qarori asosida Markazga oʻrnatilgan tartibda 10 yil muddatga boʻlib toʻlash sharti bilan sotiladi;

Markazning urugʻlik tayyorlash sexlarini sotib olish mablagʻlari manbasi etib, urugʻchilik klasterlari tomonidan sotiladigan paxta tolasining ulgurji narxi bilan sotish narxi orasidagi ijobiy farqdagi mablagʻlar, shuningdek, Markazning daromadlari hisoblanadi.

5. Urugʻchilik klasterlarini tashkil etish uchun tanlovlarni oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

6. Buxoro, Qashqadaryo, Namangan, Samarqand, Surxondaryo va Fargʻona viloyatlari hokimliklari Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi va Markaz bilan birgalikda:

a) ikki oy muddatda investorlar oʻrtasida tanlov oʻtkazilishini tashkil etsin;

b) 2019-yil 1-sentabrga qadar boshoqli don urugʻliklari, shuningdek, 2020-yil 1-fevralga qadar paxta, sabzavot, poliz, ozuqa va moyli ekinlar urugʻliklari yetishtiradigan fermer xoʻjaliklari va boshqa qishloq xoʻjaligi tashkilotlari roʻyxatini shakllantirsin va ular bilan urugʻchilik klasterlari oʻrtasida 2020-yilda urugʻliklar yetishtirish yuzasidan kontraktatsiya shartnomalari tuzilishini taʼminlasin.

7. Belgilab qoʻyilsinki:

Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi huzuridagi Qishloq xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) mablagʻlari hisobidan urugʻchilik klasterlariga kredit ajratiladi;

Jamgʻarma oʻrnatilgan tartibda urugʻchilik klasterlariga 2020-yil hosilidan urugʻlik paxta xom ashyosi va boshoqli don urugʻliklari yetishtirishni tashkil etish uchun yetarli miqdorda kredit ajratilishini taʼminlaydi;

urugʻchilik klasterlariga Vazirlar Mahkamasining “Paxta-toʻqimachilik ishlab chiqarishini tashkil etishning zamonaviy shakllarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 25-yanvardagi 53-son qarori 2 va 13-bandlari , shuningdek, Vazirlar Mahkamasining “Paxta-toʻqimachilik ishlab chiqarishlari va klasterlari faoliyatini tashkil etish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 31-martdagi 253-son qarori 2-bandida nazarda tutilgan imtiyoz va shartlar tatbiq etiladi;

boshoqli don urugʻliklari tayyorlash sexlarining qoʻshimcha mahsulotlari birja savdolari orqali omuxta yem ishlab chiqaruvchi tashkilotlarga realizatsiya qilinadi.

8. Urugʻchilik klasterlarining asosiy moliyalashtirish manbalari etib quyidagilar belgilansin:

urugʻlik materialini tayyorlashdan, uni realizatsiya qilishdan, shuningdek, eksportga sotishdan olingan daromadlar;

xalqaro moliyaviy va boshqa institutlar, xorijiy tashkilotlar grantlari doirasida kelib tushgan mablagʻlar;

oʻz mablagʻlari va qonunchilik bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.

9. “Oʻzpaxtasanoat” aksiyadorlik jamiyati va “Oʻzdonmahsulot” aksiyadorlik kompaniyasi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi hamda Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda:

urugʻchilik klasterlari tarkibiga oʻtkazilayotgan paxta tozalash korxonalari, paxta va boshoqli don urugʻliklari tayyorlash sexlarining bino va inshootlarini xatlovdan oʻtkazilishini va baholashni;

Markaz va urugʻchilik klasterlari bilan paxta tozalash korxonalari, paxta va boshoqli don urugʻliklari tayyorlash sexlari bino va inshootlari boʻyicha oldi-sotdi shartnomalari tuzilishini taʼminlasin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi Moliya vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi va “Oʻzpaxtasanoat” aksiyadorlik jamiyati bilan birgalikda uch oy muddatda sotib olish toʻlovlari grafiklarini inobatga olgan holda, Vazirlar Mahkamasiga oʻrnatilgan tartibda toʻlovlarni 12 oygacha uzaytirish boʻyicha asoslangan takliflar kiritish bilan birga paxta tozalash korxonalari bino va inshootlari boʻyicha oldi-sotdi shartnomalari tuzilgandan soʻng urugʻchilik klasterlariga realizatsiya qilinayotgan paxta tozalash korxonalarining soliqdan qarzdorligini xatlovdan oʻtkazsin.

11. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq urugʻchilik klasterlari:

oʻz ishlab chiqarish quvvatlari yaratilgunga qadar urugʻlik paxta xom ashyosini qayta ishlashni “Oʻzpaxtasanoat” aksiyadorlik jamiyatining paxta tozalash korxonalari va paxta-toʻqimachilik klasterlarida toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar asosida amalga oshiradi;

qishloq xoʻjaligi texnikalari uchun ularning sonidan kelib chiqqan holda tabiiy gaz ishlab chiqarish va taqsimotining moddiy balanslari doirasida avtomobillarga gaz toʻldirish kompressor stansiyalariga ajratilgan siqilgan tabiiy gazdan xarid qiladi;

oʻzlari ishlab chiqaradigan urugʻlik sifatiga, shuningdek, ularni tayyorlash texnologiyasini doimiy ravishda takomillashtirib borish boʻyicha zarur tadbirlarni oʻz vaqtida va toʻliq amalga oshirilishiga javobgar hisoblanadi.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va sanoat vazirligi har yilgi moddiy balanslarni shakllantirishda alohida qatorda urugʻchilik klasterlari tomonidan ishlab chiqariladigan paxta tolasini hisobga olinishini nazarda tutsin.

13. Urugʻchilik klasterlariga “Oʻzpaxtasanoat” aksiyadorlik jamiyatining paxta tozalash korxonalari oʻtkazilayotgan tumanlarida “Oʻzpaxtasanoat” aksiyadorlik jamiyati va “Oʻztoʻqimachiliksanoat” uyushmasi bilan kelishgan holda texnik paxta xom ashyosini qayta ishlashga va kontraktatsiyani amalga oshirishga ruxsat berilsin. Bunday hollarda, urugʻchilik klasterlari urugʻlik va texnik paxta xom ashyosini alohida jamgʻarilishini taʼminlaydi.

14. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi va Markaz bilan birgalikda:

urugʻchilik klasterlari tomonidan belgilangan hajmlarda yuqori sifatli urugʻlik materiallari ishlab chiqarilishini;

zamonaviy raqamli va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini, shuningdek, videouskunalar, elektron tarozilar, avtomatlashtirilgan nazorat va hisobga olishning mos keluvchi tizimlarini keng joriy qilinishi boʻyicha tizimli nazorat oʻrnatilishini taʼminlasin.

15. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Andijon, Jizzax, Navoiy, Sirdaryo, Toshkent va Xorazm viloyatlari hokimliklari qishloq xoʻjaligi ekinlari urugʻliklarini ishlab chiqarishning klaster shaklini joriy etish uchun toʻgʻridan-toʻgʻri xususiy va xorijiy investitsiyalarni kiritishga xohishi boʻlgan investorlarni faol jalb qilish boʻyicha zarur tashkiliy-amaliy choralarni koʻrsin.

16. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha maslahatchisi A.D. Vaxabov hamda Qishloq xoʻjaligi vaziri J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 18-iyundagi 512-son qaroriga 1-ILOVA

Qishloq xoʻjaligi ekinlarining urugʻliklarini yetishtiruvchi urugʻchilik klasterlari faoliyatini tashkil etish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Koʻrib chiqish muddati 1-bosqich “Oʻzpaxtasanoat” AJ, “Oʻzdonmahsulot” AK Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan hamkorlikda Tashkil etilayotgan urugʻchilik klasterlari tarkibiga oʻtkazilayotgan paxta tozalash korxonalari, paxta va boshoqli don urugʻliklari tayyorlash sexlari bino va inshootlari roʻyxatini shakllantirish. Har yili 20-martga qadar 2-bosqich Qishloq xoʻjaligi vazirligi Tanlov asosida viloyatlar hokimliklari bilan kelishilgan holda urugʻchilik klasterini tashkil etish boʻyicha investorlarni aniqlash. Har yili 1-aprelga qadar 3-bosqich Urugʻchilikni rivojlantirish markazi, investor Urugʻchilik klasterini tashkil etish. Har yili 10-aprelga qadar 4-bosqich “Oʻzpaxtasanoat” AJ, “Oʻzdonmahsulot” AK Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan hamkorlikda Urugʻchilik klasterlariga oʻtkazilayotgan paxta tozalash hamda don korxonalarining urugʻlik chigit va urugʻlik don tayyorlash sexlari hamda mol-mulklarini xatlovdan oʻtkazish va baholash. Har yili 10-iyulga qadar 5-bosqich Urugʻchilikni rivojlantirish markazi, investor bilan birgalikda “Oʻzpaxtasanoat” AJ, “Oʻzdonmahsulot” AK bilan urugʻlik chigit va urugʻlik don tayyorlash sexlarini sotib olish boʻyicha oldi-sotdi shartnomalar tuzish. Har yili 20-iyulga qadar 6-bosqich Urugʻchilikni rivojlantirish markazi Urugʻchilik klasterlariga urugʻlik chigit va urugʻlik don tayyorlash sexlarini, shuningdek, ularning boshqa mol-mulklarni oʻtkazish. Oldi-sotdi shartnoma tuzilgandan soʻng, bir oy muddatda 7-bosqich Investor Paxta xom ashyosini dastlabki qayta ishlash, urugʻlik tayyorlash, tuproq va issiqxonada qishloq xoʻjaligi ekinlari urugʻliklari yetishtirish komplekslari va ishlab chiqarish quvvatlarini urugʻchilik klasterlariga oʻtkazish. Har yili 15-iyulga qadar 8-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari , Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yerlari egalari kengashi, Markaz Qishloq xoʻjaligi ekinlari urugʻliklari yetishtiruvchi fermer xoʻjaliklari va boshqa tadbirkorlik subyektlari roʻyxatini aniqlash hamda: urugʻlik paxta xom ashyosi yetishtiruvchi subyektlar va urugʻchilik klasterlari oʻrtasida urugʻlik paxta xom ashyosi yetishtirish; sabzavot, poliz, ozuqa va moyli ekinlar urugʻliklarini yetishtiruvchi subyektlar va urugʻchilik klasterlari oʻrtasida sabzavot, poliz, ozuqa va moyli ekinlar urugʻliklarini yetishtirish; boshoqli don ekinlari urugʻliklari yetishtiruvchi subyektlar va urugʻchilik klasterlari oʻrtasida boshoqli don urugʻliklari yetishtirish boʻyicha kontraktatsiya shartnomalari tuzish. Har yili 1-fevralga qadar Har yili 1-sentabrga qadar

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 18-iyundagi 512-son qaroriga 2-ILOVA

Urugʻchilik klasterlarini tashkil etish uchun tanlovlarni oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom urugʻchilik klasterlari tashkil etish uchun tanlovlarni (keyingi oʻrinlarda tanlov deb ataladi) oʻtkazish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalar qoʻllaniladi:

urugʻchilik klasteri — ilgʻor texnologiyalarni joriy qilish hamda davlat va xalqaro standartlarga muvofiq holda urugʻliklar tayyorlash va realizatsiya qilish uchun ishlab chiqarish korxonalari, taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalari bilan bevosita va uzviy aloqalarga ega qishloq xoʻjaligi tashkiloti;

Markaz — Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi “Urugʻchilikni rivojlantirish markazi” Davlat unitar korxonasi;

investor — kelishuv tuzgan yuridik yoki jismoniy shaxs. Davlat tashkilotlari xususiy sherik sifatida ishtirok etishlari, shuningdek, xususiy sherik tarafidan qatnashishlari mumkin emas;

loyiha — urugʻchilik klasterlari tashkil etish sohasida investitsion va innovatsion chora-tadbirlar majmui.

3. Urugʻchilik klasterlari quyidagi tamoyillarga asosan tashkil etiladi:

axborotning ochiqligi va erkinligi, davlat siri va qonun bilan himoya qilinadigan maxfiy maʼlumotlar sirasiga kiradigan maʼlumotlar bundan mustasno;

kamsitilishga yoʻl qoʻymaslik, kelishuv tomonlarining teng huquqliligi;

tomonlarning kelishuv boʻyicha majburiyatlarini vijdonan bajarishi;

tomonlar oʻrtasida xatarlar va majburiyatlarning adolatli taqsimlanishi;

tomonlar oʻzaro munosabatlarining shartnomaviy asosi.

4. Urugʻchilik klasterlari yaratish uchun investorlarni jalb qilish quyidagi maqsadlar uchun amalga oshiriladi:

davlat va xalqaro standartlarga muvofiq holda, shuningdek, gidroponika va aeroponika texnologiyalarini qoʻllagan holda himoyalangan tuproqda texnik, donli, don-dukkakli, sabzavot, poliz, moyli, ozuqa va boshqa ekinlar urugʻliklarini ishlab chiqarish, tayyorlash va realizatsiya qilish, shuningdek, eksport qilish;

urugʻchilik klasterlarida texnik, donli, don-dukkakli, sabzavot, poliz, moyli, ozuqa va boshqa ekinlar birlamchi urugʻchiligini, shuningdek, oʻsimliklar biotexnologiyasini tashkil etish;

mavjud mahalliy va xorijiy navlar seleksiyasi kolleksiyasi asosida yuqori hosildorlikka, sifatga ega, zararli organizm va kasalliklarga chidamli, yuqori qoʻshilgan qiymatga ega raqobatbardosh mahsulot ishlab chiqarishga yoʻnaltirilgan qishloq xoʻjaligi ekinlari nav va duragaylarini ishlab chiqarish tizimini yaratish;

oʻz mablagʻi va toʻgʻridan-toʻgʻri xorijiy investitsiyalarni, shuningdek, tijorat banklari kreditlarini jalb etish hisobiga qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini chuqur qayta ishlash va raqobatbardosh urugʻliklarni ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyish;

Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi “Urugʻchilikni rivojlantirish markazi” Davlat unitar korxonasi (keyingi oʻrinlarda — Markaz deb ataladi), ilmiy va taʼlim muassasalari bilan hamkorlikda urugʻchilik sohasida, qishloq xoʻjaligi ekinlari yangi nav va duragaylarini yaratish boʻyicha tadqiqotlar oʻtkazishda amaliy yordam koʻrsatish;

shartnoma asosida qishloq xoʻjaligi ishlab chiqaruvchilari va taʼlim muassasalariga urugʻchilik sohasida kadrlar malakasini oshirishda amaliy yordam koʻrsatish.

5. Urugʻchilik klasterlarini tashkil etishda investorni tanlash tanlov asosida amalga oshiriladi.

6. Tanlov oʻtkazish boʻyicha tashkilotchi — Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi (keyingi oʻrinlarda Vazirlik deb ataladi).

Vazirlik:

tanlov komissiyasi aʼzolari chaqiruvini, ularga ishlash xonalari, orgtexnika, majlis oʻtkazish uchun kerakli materiallar bilan taʼminlanishini tashkillashtiradi, shuningdek, tanlov bilan bogʻliq barcha xarajatlarni qoplaydi;

tanlov komissiyasi topshirigʻi asosida taklifnomalar tarqatadi va oʻzaro yozishmalarni yuritadi;

ishtirokchilardan tanlov takliflarini qabul qiladi, ularning hisobini yuritadi, tanlov komissiyasi tomonidan belgilangan tartibda xatjild ochilgunga qadar butligini, maxfiyligini taʼminlaydi;

tanlov komissiyasi tomonidan jalb etilgan ekspert va konsultantlar faoliyatini muvofiqlashtiradi, shuningdek, ularga haq toʻlash xarajatlarini qoplaydi.

7. Tanlov komissiyasi tarkibi (keyingi oʻrinlarda Komissiya deb ataladi) Vazirlik tomonidan shakllantiriladi va Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.

Komissiya ishchi organi Markaz hisoblanadi.

8. Komissiya tarkibiga Markaz, Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi, “Oʻzpaxtasanoat” AJ, “Oʻzdonmahsulot” AK, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, shuningdek, joylardagi davlat hokimiyati organlari vakillari kiritilishi mumkin.

Komissiya aʼzolari soni toq boʻlishi va toʻqqiz kishidan kam boʻlmasligi kerak. Komissiyaga Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vaziri raislik qiladi.

9. Komissiya quyidagi huquqlarga ega:

a) mustaqil tarzda oʻz ish reglamentini ishlab chiqish va tasdiqlash;

b) tanlov oʻtkazish toʻgʻrisidagi xabarnomada koʻrsatilgan tanlov muddatidan bir oydan kechiktirmasdan tanlov hujjatlarini taqdim etgan barcha ishtirokchilarni yozma ogohlantirgan holda, shuningdek, Nizomning 20-bandida koʻzda tutilgan axborot resurslarida eʼlon qilgan holda tanlov takliflarini taqdim etish muddatlarini uzaytirish yoki tanlov oʻtkazish muddatlarini oʻzgartish boʻyicha qaror qabul qilish;

v) tushunarli boʻlgan, umumqabul qilingan belgilar va nomlanishlardan foydalanib tuzilgan, ikkiyoqlama talqin etilmaydigan tanlov hujjatlarini tasdiqlash;

g) xatjild ochilgandan uch ish kunidan oshmagan muddatda tanlov takliflarini koʻrib chiqish va tanlov gʻolibini aniqlash muddatini belgilash;

d) ishtirokchilarni ogohlantirish va rad etish sababini koʻrsatgan holda tanlov hujjatlariga va tanlov oʻtkazish shartlariga muvofiq boʻlmagan ishtirokchilar takliflarini rad etish;

e) tanlovni quyidagi hollarda oʻtkazilmagan deb eʼlon qilish:

xabarnomada koʻrsatilgan muddatda ikkitadan kam soʻrovnoma kelib tushganda;

barcha taqdim etilgan tanlov takliflarining tanlov hujjatlari shartlariga muvofiq boʻlmaganda;

mazkur Nizom shartlari va boshqa normativ-huquqiy hujjatlar shartlarining buzilishi, qasddan kelishuv va tanlov oʻtkazish jarayonini buzuvchi boshqa koʻzda tutilmagan holatlar aniqlanganda.

10. Komissiya quyidagilar uchun javobgardir:

oʻz faoliyatini shaxsiy ishtirok tartibida tashkil etilishini taʼminlashga;

xatjildlar ochilishida va tanlov natijalari eʼlon qilinishida ishtirokchilar yoki ularning ishonchli vakillari va tegishli tuman (shahar) hokimliklari vakillarining ishtiroki uchun sharoitni taʼminlashga;

xatjildlarga qoʻyilgan muhrlar butunligini tekshirishni amalga oshirishga;

tanlov natijalari boʻyicha qaror qabul qilishda shartlar yakdilligini va sofdillikni taʼminlashga;

tanlov takliflarini koʻrib chiqishda maxfiylikni taʼminlashga;

belgilangan kun va soatda tanlov takliflari solingan birinchi xatjildlarni, ikkinchilarini esa tanlov hujjatlari takliflari boʻyicha nizolar vujudga kelganda ochishga;

tanlov takliflari solingan xatjildlar ochilishida tanlov shartlari va muolajalariga amal qilishni, tanlov hujjatlarida belgilangan hujjatlar borligini tekshirishga.

11. Tanlov komissiyasi qarorlari komissiya yigʻilishlarida komissiya aʼzolarining uchda ikki qismidan kam boʻlmagan hollarda haqiqiy hisoblanadi.

Qarorlar yigʻilishda ishtirok etgan komissiya aʼzolarining koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng kelgan hollarda komissiya raisining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.

Komissiya yigʻilishi oʻtkaziladigan joy, sana va vaqti haqida komissiya aʼzolari oʻz vaqtida xabardor qilinishi kerak. Komissiya aʼzolari tomonidan sirtdan ovoz berish orqali qaror qabul qilish, shuningdek, oʻz vakolatlarini boshqa shaxslarga oʻtkazishga yoʻl qoʻyilmaydi.

12. Tanlov komissiyasi qarorlari yozma bayonnoma tarzida rasmiylashtiriladi va tanlov ishtirokchilariga uch ish kuni mobaynida yetkaziladi.

2-bob. Investor tarafidan loyiha tashabbusini ilgari surish tartibi

13. Urugʻchilik klasteri tashkil etishga xohish bildirgan yuridik shaxs (keyingi oʻrinlarda — talabgor deb ataladi) Vazirlikka tegishli ariza taqdim etadi.

14. Talabgor tanlovda ishtirok etish uchun Vazirlikka arizaga ilova qilgan holda quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:

tanlovda ishtirok etish uchun taqdim etilgan ariza sanasidan bir oydan koʻp boʻlmagan, soliqlar, yigʻimlar va boshqa moliyaviy sanksiyalar boʻyicha qarzdorliklar mavjud emasligi toʻgʻrisida maʼlumotlar;

loyiha amalga oshirilishining moliyaviy imkoniyatini tasdiqlovchi investorning sof aktivlari, loyiha qiymatining 25 foizidan kam boʻlmagan miqdordagi boshqa tashkilotning kafilligi toʻgʻrisida maʼlumotlar;

urugʻchilik klasteri tashkil etish uchun dastlabki texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlar.

Tanlovda ishtirok etish uchun qayta tashkil etish, likvidatsiya yoki mol-mulkiga band solingan bankrotlik jarayonidagi talabgorlar qoʻyilmaydi.

15. Loyihani amalga oshirish boʻyicha kelib tushgan ariza tanlov komissiyasi va Markaz bilan hamkorlikda besh ish kuni mobaynida mazkur Nizom shartlariga muvofiqligi boʻyicha koʻrib chiqiladi.

16. Mazkur Nizomda koʻrsatilgan talablari buzilgan holda taqdim etilgan hujjatlar bir ish kuni mobaynida talabgorga qaytariladi.

Taqdim etilgan arizada yoʻl qoʻyilgan kamchiliklarni bartaraf etgan holda qonunchilik normalariga muvofiq Vazirlikka qayta koʻrib chiqish uchun takroriy taqdim etish muddatlari aniq koʻrsatilgan holda yozma ravishda, shuningdek, elektron axborot tizimi vositasida talabgorga xabarnoma yuboriladi.

Talabgor tomonidan kamchiliklar bartaraf etish va hujjatlarni qayta koʻrib chiqish uchun taqdim etish muddati yozma yoki elektron xabarnoma qabul qilingandan boshlab oʻn kundan muddat kam boʻlmasligi kerak.

Qayta taqdim etilgan hujjatlar qayta taqdim etilgan kuni qabul qilingan deb hisoblanadi.

3-bob. Markaz tarafidan loyiha tashabbusini ilgari surish tartibi

17. Markaz ehtiyojlardan kelib chiqib, shuningdek, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklaridan kelib tushgan takliflar oʻrganib chiqilishi natijasida loyihani amalga oshirish tashabbusini ilgari surishi mumkin.

18. Tanlov oʻtkazish mazkur Nizomning 4-bobida belgilangan tartibda va Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

4-bob. Tanlov oʻtkazish tartibi

19. Vazirlik tanlov boshlanishidan oʻn kalendar kun oldin majburiy tartibda Vazirlik rasmiy saytida, shuningdek, boshqa ommaviy axborot vositalari manbalarida, shu jumladan Internet tarmogʻida tanlov oʻtkazish toʻgʻrisida eʼlon joylashtiradi.

20. Tanlov toʻgʻrisidagi eʼlonda quyidagi maʼlumotlari boʻlishi talab etiladi:

Markazning nomi, pochta manzili, aloqa telefon raqamlari va elektron pochta manzili;

obyektning nomi, joylashuvi, miqdori va tavsifi (xarakteristikasi);

loyihani amalga oshirish shartlari;

talab etiladigan investitsion majburiyatlarning eng kam miqdori;

tanlov oʻtkazish sanasi, vaqti va joyi;

tanlov takliflari qabul qilinadigan oxirgi muddat (yil, oy, kun va soati koʻrsatilgan holda).

21. Tanlov hujjatlari yigʻmajildi quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

talabgorlar uchun qoʻllanma;

tanlovning texnik qismi;

tanlovning tijorat qismi.

Shuningdek, tanlov hujjatlariga tanlov komissiyasi tomonidan tasdiqlanadigan tanlov gʻolibini aniqlash mezonlari ham ilova qilinadi. Tanlov gʻolibini aniqlash mezonlarida tanlovning texnik va tijorat qismlariga qoʻyiladigan ballar koʻrsatiladi, bunda tanlov texnik qismiga qoʻyiladigan ballar jami toʻplangan ballning kamida 70 foizini tashkil etishi kerak.

22. Tanlov talabgorlari uchun qoʻllanma quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

tanlov oʻtkazish qoidalari bilan tanishish uchun kerak boʻladigan Markazning pochta manzili, aloqa telefoni va faks raqamlari, elektron pochta manzili;

tanlovda ishtirok etish uchun talab etiladigan hujjatlarni rasmiylashtirish tartibi;

tanlov takliflarini rasmiylashtirishga boʻlgan talablar;

tanlov takliflarini taqdim etish jarayoniga boʻlgan talablar;

tanlov takliflari solingan xatjildni ochish tartibi;

tanlov takliflarini baholash tartibi.

23. Tanlov hujjatlari texnik qismi quyidagilarni oʻz ichiga olishi kerak:

urugʻchilik klasteri tashkil etish shartlari va maqsadlari:

tanlov shartlarini bajarish boʻyicha shartnoma loyihasi;

urugʻchilik klasteri tashkil etish uchun yer maydonlari ajratish boʻyicha materiallar;

tanlov gʻolibining atrof-muhitni himoya qilish, ekologik xavfsizlik talablariga, shuningdek, sanitar va yongʻin xavfsizligi norma va qoidalariga amal qilish majburiyatlari.

24. Tanlov hujjatlari tijorat qismi urugʻchilik klasteri tashkil etish boʻyicha kiritiladigan investitsiya hajmi taklifini oʻz ichiga olishi kerak.

25. Talabgorlar eʼlon berilgandan soʻng tanlov hujjatlarini oladilar.

26. Tanlovda ishtirok etish uchun talabgor yoki uning vakili shaxsan yoki pochta orqali buyurtma xat bilan tanlov eʼlonida oʻrnatilgan muddatlarda Vazirlikka ikki nusxada quyidagi hujjatlarni ilova qilgan holda taqdim etadi:

tanlov hujjatlariga qoʻyilgan talablarga muvofiq tuzilgan tanlov taklifi;

loyihaning talabgorning oʻz mablagʻlari, shuningdek, kredit resurslari hisobidan moliyalashtirilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

loyihaning amalga oshirilishi moliyaviy imkoniyatini tasdiqlovchi, tanlov ishtirokchisining sof aktivlari, boshqa tashkilotning tanlov ishtirokchisi kiritayotgan investitsiyalarning 25 foizidan kam boʻlmagan miqdordagi kafilligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

Tanlovda ishtirok etish uchun qayta tashkil etish, likvidatsiya yoki mol-mulkiga band solingan bankrotlik jarayonidagi talabgorlar qoʻyilmaydi. Qayta tashkil etish, likvidatsiya yoki mol-mulkiga band solingan bankrotlik jarayonidagi talabgorlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar tanlov komissiyasi tomonidan tegishli tashkilot va davlat organlariga soʻrovnoma yuborish orqali tasdiqlanadi.

Tanlovda ishtirok etish uchun berilgan arizaga ilova qilingan barcha hujjatlar muhrlangan (imzo bilan tasdiqlangan) xatjildlarda taqdim etiladi.

Taqdim etilgan hujjatlarning barcha varaqlari talabgor tomonidan imzo bilan tasdiqlanishi kerak.

Tanlov takliflari amal qilish muddati tanlov hujjatlarida belgilanadi.

27. Tanlov komissiyasi tomonidan belgilangan kun va soatda tanlov takliflari solingan birinchi xatjildlar ochiladi. Ikkinchi xatjildlar Vazirlikda saqlanadi va tanlov takliflari maʼnosi boʻyicha nizolar vujudga kelgan taqdirda ochiladi.

Talabgorlar tanlov takliflari solingan xatjildlar ochilishida ishtirok etishlari mumkin.

Tanlov komissiyasi tomonidan tanlov takliflari solingan xatjildlar ochilishida tanlov shartlari va jarayonlariga amal qilish, tanlov hujjatlarida koʻrsatilgan hujjatlar mavjudligi tekshiriladi.

28. Tanlov takliflarini baholash va tanlov gʻolibini aniqlash quyidagi tartibda amalga oshiriladi:

tanlov hujjatlari texnik qismi boʻyicha talabgor taklifini baholash;

nazarda tutilayotgan investitsiyalar hajmi boʻyicha talabgor taklifini baholash;

ishlab chiqarish rejalashtiralayotgan mahsulot turi, hajmi va assortimenti yoki koʻrsatiladigan xizmatlar turi boʻyicha talabgor taklifini baholash;

kiritilayotgan investitsiyalar hajmi boʻyicha talabgor taklifini baholash;

loyiha talabgorning oʻz mablagʻlari hisobiga moliyalashtirilishi bilan taʼminlanganligi.

Tanlov takliflarini baholash uchun zarurat yuzasidan tanlov komissiyasi tomonidan quyidagi qoʻshimcha hujjatlar talab etilishi mumkin:

oxirgi yil uchun (mavjud boʻlsa) auditorlik tashkiloti xulosasi (yuridik shaxslar uchun);

oxirgi ikki yil uchun (mavjud boʻlsa) talabgor — yuridik shaxsning buxgalteriya balansi.

29. Tanlov gʻolibini aniqlash xatjildlar ochilish kunida tanlov komissiyasining yopiq majlisida oʻtkaziladi.

Qaror umumiy komissiya aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovoz berishi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng kelganda Komissiya raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

Majlisda komissiya aʼzolarining toʻrtdan uch qismidan kam boʻlmagan soni qatnashgan taqdirda haqiqiy hisoblanadi.

30. Loyihani amalga oshirishda eng maqbul deb topilgan tanlov taklifi bergan ishtirokchi tanlov gʻolibi deb tan olinadi.

31. Tanlov gʻoliblarini aniqlashda quyidagilar asosiy mezon hisoblanadi:

texnik (paxta), don, sabzavot, poliz va boshqa ekinlar urugʻini ishlab chiqarishga ixtisoslashtirilgan toʻlaqonli urugʻchilik klasterini tashkil etish kafolatlarining mavjudligi;

taklif etilgan investitsion loyihaning amalga oshirilishidan eng yuqori ijobiy samara;

loyiha amalga oshirilishiga ketadigan eng qisqa muddatlar;

loyiha amalga oshirilishiga kiritiladigan oʻz investitsiyalarining eng yuqori hajmlari;

taklif etilgan loyiha amalga oshirilishida eng kam xatar;

loyiha xarajatlarining qoplanishiga eng kam muddat;

urugʻlik materiali tayyorlashning ilgʻor agrotexnologiyalarini, zamonaviy texnologiyalarni tatbiq qilish niyati;

ilmiy-amaliy faoliyat uchun sharoit yaratish niyati.

32. Tanlov gʻoliblarini aniqlashda, boshqa teng sharoitlarda, ustunlik quyidagi investorlarga beriladi:

investitsion loyiha amalga oshirilishiga eng koʻp oʻz mablagʻlarini kiritayotganlarga;

koʻproq mahsulot sotish imkoniyatlarini asoslovchi tasdiqlangan hujjatlar taqdim etganlarga;

qishloq xoʻjaligi va urugʻlik tayyorlashda 3 yildan kam boʻlmagan amaliy tajribaga ega boʻlganlarga.

33. Tanlov talablariga muvofiq taklif parametrlari taqdim etgan, biroq tanlov hujjatlariga muvofiq tanlov taklifi taqdim etgan gʻolib parametrlaridan pastroq natijalari boʻyicha zaxiradagi gʻolib ham aniqlanadi.

34. Tanlov tanlov ishtirokchilaridan ikki yoki undan ortiq ariza kelib tushganda oʻtkaziladi.

35. Tanlov komissiyasi tanlov yakunlari boʻyicha qaror qabul qilgan kuni Markaz tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi rasmiy veb-saytida tanlov natijalari toʻgʻrisida maʼlumot joylashtirish orqali tanlov ishtirokchilarini xabardor qilishga majburdir.

36. Qabul qilingan qarorga rozi boʻlmagan tanlov ishtirokchisi sudga eʼtiroz bilan murojaat qilishga haqlidir.

5-bob. Yakuniy qoida

37. Mazkur Nizom shartlarini buzishda aybdor shaxslar qonunchilikka muvofiq javobgardirlar.

Urugʻchilik klasterlarini tashkil etish uchun tanlovlarni oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Urugʻchilik klasterlarini tashkil etish uchun tanlovlarni oʻtkazish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Ijro muddatlari 1-bosqich Qishloq xoʻjaligi vazirligi Tanlov eʼlon qilish. Zaruratga koʻra 2-bosqich Talabgor Nizom talablariga muvofiq ariza va unga ilova qilinadigan hujjatlarni (keyingi oʻrinlarda Ariza deb ataladi) Qishloq xoʻjaligi vazirligiga taqdim etish. Tanlov eʼlon qilingach 10 kalendar kunida 3-bosqich Qishloq xoʻjaligi vazirligi Arizaning nizom talablariga muvofiqligini tekshirish, nizom talablariga muvofiq boʻlmaganda arizani talabgorga qaytarish. Bir kalendar kunida 4-bosqich Tanlov komissiyasi 1. Ikkitadan kam boʻlmagan talabgordan ariza kelib tushganda, tanlov oʻtkazish, tanlov natijasiga koʻra gʻolibni aniqlash va qaror qabul qilish. 2. Bir ishtirokchidan ariza kelib tushganda arizani nizom talablari asosida koʻrib chiqish va qaror qabul qilish. Yetti kalendar kunida Besh kalendar kunida 5-bosqich Qishloq xoʻjaligi vazirligi Qishloq xoʻjaligi vazirligi rasmiy veb-saytida qabul qilingan qaror toʻgʻrisidagi axborotni joylashtirish orqali tanlov ishtirokchilarini xabardor qilib borish. Qaror qabul qilingan kunda 6-bosqich Urugʻchilikni rivojlantirish markazi , investor Urugʻchilik klasteri tashkil etish Ikki oy mobaynida

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 18-iyun,

512-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 19.06.2019-y., 09/19/512/3305-son; 27.02.2021-y., 06/21/6179/0165-son, Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 27.12.2021-y., 09/21/774/1198-son, 13.05.2022-y., 09/22/255/0412-son; 13.12.2023-y., 09/23/653/0931-son; 02.04.2025-y., 09/25/197/0299-son)

lex.uz