📅 2019-yil 18-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 18-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 18 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 18 июня 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 18 June 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ПРОГНОЗ ПАРАМЕТРЛАРИ *
Сирдарё вилоятида агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Таркибий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва қишлоқ хўжалигида кластер ишлаб чиқаришини ривожлантиришга тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этиш, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотларни етиштириш ва чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда шу асосда аграр секторда иш унумдорлигини ва меҳнатга ҳақ тўлаш даражасини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва «Industrial Innovation Group LLC» компанияси (Бирлашган Араб Амирликлари) (кейинги ўринларда –»Industrial Innovation Group LLC» компанияси деб аталади) ўртасида 2019 йил 20 март куни Инвестициялар тўғрисида битим имзоланганлиги;
мазкур битимда 181,9 млн. евро миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобига Сирдарё вилоятида таркибида целлюлоза мавжуд бўлган экинлар (каннабис (Cannabis sativa L.), зиғир (Linum usitatissimum L.) ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари)ни етиштириш, қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш ва рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда «Industrial Innovation Group LLC» компаниясининг:
Сирдарё вилоятида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобига таркибида целлюлоза мавжуд бўлган экинлар ва алмашлаб экишда қатнашадиган бошқа турдаги экинларни ўрнатилган тартибда етиштириш ва қайта ишлашни тўлиқ циклини яратишни назарда тутувчи агросаноат кластерини (кейинги ўринларда агросаноат кластери деб аталади) ташкил қилиш лойиҳасини амалга ошириш;
агросаноат кластерини яратиш учун «RS Success Agro» масъулияти чекланган жамиятини (кейинги ўринларда «RS Success Agro» МЧЖ деб аталади) ташкил этиш;
«RS Success Agro» МЧЖга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун белгиланган тартибда 2019 йилда 5 минг гектар ер майдонини узоқ муддатли ижарага бериш ҳамда уни 5 йил давомида 25 минг гектарга етказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
3. Қуйидагилар агросаноат кластерининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
илғор илмий ютуқларни, целлюлоза мавжуд бўлган экинлар (каннабис, зиғир) ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришнинг замонавий ва самарали услубларини, илғор агротехник ва сув тежамкор технологияларни жорий этиш;
тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган холда каннабис ҳамда зиғир толаси ва уруғини қайта ишлашнинг самарали усулларини ва уларни чуқур қайта ишлаш технологияларини жорий этиш;
қишлоқ хўжалиги ҳомашёсини чуқур қайта ишлаш ва рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш;
илмий ва таълим муассасалари билан биргаликда каннабис ва зиғирни дастлабки қайта ишлаш, селекция ва уруғчилик йўналишида, қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навлари ва дурагай уруғларини яратиш бўйича тадқиқотлар ўтказиш.
4. «Industrial Innovation Group LLC» компанияси ва «RS Success Agro» МЧЖ томонидан 2019 — 2023 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг прогноз параметрлари иловага мувофиқ маъқуллансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, республикада техник каноп (Cannabis sativa L.)ни етиштириш, қайта ишлаш ва унинг маҳсулотларидан фойдаланишга доир тегишли норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
6. Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда хўжаликлараро суғориш ва мелиоратив тармоқларининг техник ҳолатидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга оширсин ҳамда Сирдарё вилоятига белгиланган лимит доирасида экин майдонларини сув билан таъминласин.
Белгилансинки, қабул қилинган инвестиция мажбуриятлари бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, ушбу қарорга асосан берилган ер участкаларидан фойдаланилмаганда, улардан оқилона фойдаланилмаган ёхуд тупроқ унумдорлигининг пасайишига, кимёвий ва радиоактив ифлосланишига, атроф-муҳитнинг бузилишига, республика ҳудудида карантин ўсимликлари ва объектларининг пайдо бўлиши ва тарқалишига олиб келувчи усуллардан фойдаланилганда, шунингдек, амалдаги қонунчилик талаблари бажарилмаган тақдирда ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ бекор қилинади.
7. Белгилаб қўйилсинки:
фермер хўжаликлари учун назарда тутилган лизинг бўйича қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа моддий ресурсларни етказиб бериш шартлари ва тартиб-қоидалари «RS Success Agro» МЧЖ учун ҳам татбиқ этилади;
«RS Success Agro» МЧЖ ҳудудий шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда целлюлозали ўсимликларнинг селекция навларини мустақил равишда қонунчиликда белгиланган тартибда олиб кириш ва жойлаштириш, экинларни илмий асосланган тарзда алмашлаб экиш, шунингдек, ўз маҳсулотларини эркин тасарруф қилиш, нарх сиёсати ва сотиш, шу жумладан экспорт қилиш ҳажмларини мустақил белгилаш ҳуқуқларга эга.
8. «RS Success Agro» МЧЖ томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва олиб келинадиган уруғлар, ускуналар, махсус транспорт воситалари ва техника, бутловчи қисмлар, хомашё ва материаллар, шу жумладан қурилиш материаллари, иссиқхона комплекслари 2022 йил 1 январгача божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги агросаноат кластер объектларининг электр тармоқларига уланишини, энергия истеъмол қилувчи қурилмаларни лойиҳа ташаббускорлари маблағлари ҳисобига белгиланган тартибда зарур қувват билан таъминлашни амалга оширсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳузуридаги «Геоинновация маркази» давлат унитар корхонаси «RS Success Agro» МЧЖ буюртманомаларига биноан унинг таркибига кирувчи ташкилотларга пахта хомашёси ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жараёнини учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда самарали бошқариш, назорат қилиш ва мониторинг олиб боришда белгиланган тартибда амалий кўмак берсин
11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги буюртманомаларига биноан инвестиция лойиҳасини амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга кўп марталик кириш визаларининг консуллик ва бошқа йиғимларсиз расмийлаштирилишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги «RS Success Agro» МЧЖ буюртманомаларига биноан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга давлат божи тўламасдан кўп марталик визалар расмийлаштирилишини, берилишини ва муддати узайтирилишини, шунингдек, вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш, яшаш жойида рўйхатдан ўтиш ва уларнинг муддатини узайтирилишини таъминласин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев ва Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Ғ. Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги 511-сон қарорига ИЛОВА
«Industrial Innovation Group LLC» компанияси ва «RS Success Agro» МЧЖ томонидан 2019-2023 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг
Т/р Инвестиция лойиҳасининг номи ** Амалга ошириш муддатлари Майдон, га/ миқдори, дона Ҳисобланган йиллик қувват Қиймати (евро) 1 . Каннабис, зиғир ва алмашлаб экишда қатнашадиган бошқа турдаги экинларни етиштириш (целлюлозали ва мойли экинлардан хомашё ишлаб чиқариш) 2019 йил 5 798 га 80 000 тн хомашё 19 641 481 2020 йил 10 000 га 160 000 тн хомашё 22 768 404 2021 йил 15 000 га 240 000 тн хомашё 26 362 120 2022 йил 20 000 га 320 000 тн хомашё 29 955 836 2023 йил 25 000 га 400 000 тн хомашё 33 549 552 2 . Целлюлозали хомашёга бирламчи ишлов бериш линияси (целлюлозали тола ишлаб чиқариш) 2019 йил 3 дона 76 500 тн тола 12 000 000 2020 йил 3 дона 153 000 тн тола 12 000 000 2021 йил 2 дона 204 000 тн тола 8 000 000 2022 йил 2 дона 255 000 тн тола 8 000 000 2023 йил 2 дона 306 000 тн тола 8 000 000 3 . Ёғ-мой ишлаб чиқариш линияси 2019 йил 1 дона 18 900 тн каноп ва зиғир ёғи 150 000 4 . Омухта ем ишлаб чиқариш линияси 2019 йил 1 дона 105 000 тн омухта ем 700 000 5 . Декинг ишлаб чиқариш линияси 2019 йил 1 дона 28 050 тн декинг 350 000 6 . Арболит ишлаб чиқариш линияси 2019 йил 1 дона 400 000 тн арболит 100 000 2020 йил 1 дона 800 000 тн арболит 100 000 2021 йил 1 дона 1 200 000 тн арболит 100 000 7 . Ёғоч уни ишлаб чиқариш линияси 2019 йил 1 дона 65 000 тн ёғоч уни 100 000 8 . Инвестиция лойиҳаларининг умумий қиймати 2019 — 2023 йиллар 181 877 393 шу жумладан: 2019 йил 33 041 481 2020 йил 34 868 404 2021 йил 34 462 120 2022 йил 37 955 836 2023 йил 41 549 552
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 18 июнь,
511-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
PROGNOZ PARAMETRLARI *
Sirdaryo viloyatida agrosanoat klasterini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Tarkibiy islohotlarni yanada chuqurlashtirish va qishloq xoʻjaligida klaster ishlab chiqarishini rivojlantirishga toʻgʻridan-toʻgʻri investitsiyalar jalb etish, yuqori qoʻshilgan qiymatli raqobatbardosh mahsulotlarni yetishtirish va chuqur qayta ishlashni tashkil etish hamda shu asosda agrar sektorda ish unumdorligini va mehnatga haq toʻlash darajasini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi va “Industrial Innovation Group LLC” kompaniyasi (Birlashgan Arab Amirliklari) (keyingi oʻrinlarda –”Industrial Innovation Group LLC” kompaniyasi deb ataladi) oʻrtasida 2019-yil 20-mart kuni Investitsiyalar toʻgʻrisida bitim imzolanganligi;
mazkur bitimda 181,9 mln. yevro miqdorida toʻgʻridan-toʻgʻri xorijiy investitsiyalarni jalb etish hisobiga Sirdaryo viloyatida tarkibida sellyuloza mavjud boʻlgan ekinlar (kannabis (Cannabis sativa L.), zigʻir (Linum usitatissimum L.) va boshqa qishloq xoʻjaligi ekinlari)ni yetishtirish, qishloq xoʻjaligi xomashyosini chuqur qayta ishlash va raqobatbardosh, eksportbop mahsulotlarni ishlab chiqarishni tashkil etish nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Investitsiya va tashqi savdo vazirligi, Sirdaryo viloyati hokimligi hamda “Industrial Innovation Group LLC” kompaniyasining:
Sirdaryo viloyatida toʻgʻridan-toʻgʻri xorijiy investitsiyalarni jalb etish hisobiga tarkibida sellyuloza mavjud boʻlgan ekinlar va almashlab ekishda qatnashadigan boshqa turdagi ekinlarni oʻrnatilgan tartibda yetishtirish va qayta ishlashni toʻliq siklini yaratishni nazarda tutuvchi agrosanoat klasterini (keyingi oʻrinlarda agrosanoat klasteri deb ataladi) tashkil qilish loyihasini amalga oshirish;
agrosanoat klasterini yaratish uchun “RS Success Agro” masʼuliyati cheklangan jamiyatini (keyingi oʻrinlarda “RS Success Agro” MChJ deb ataladi) tashkil etish;
“RS Success Agro” MChJga qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish uchun belgilangan tartibda 2019-yilda 5 ming gektar yer maydonini uzoq muddatli ijaraga berish hamda uni 5 yil davomida 25 ming gektarga yetkazish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.
3. Quyidagilar agrosanoat klasterining asosiy vazifalari etib belgilansin:
ilgʻor ilmiy yutuqlarni, sellyuloza mavjud boʻlgan ekinlar (kannabis, zigʻir) va boshqa qishloq xoʻjaligi ekinlarini yetishtirishning zamonaviy va samarali uslublarini, ilgʻor agrotexnik va suv tejamkor texnologiyalarni joriy etish;
toʻgʻridan-toʻgʻri xorijiy investitsiyalarni jalb etgan xolda kannabis hamda zigʻir tolasi va urugʻini qayta ishlashning samarali usullarini va ularni chuqur qayta ishlash texnologiyalarini joriy etish;
qishloq xoʻjaligi homashyosini chuqur qayta ishlash va raqobatbardosh, eksportbop mahsulotlarni ishlab chiqarish;
ilmiy va taʼlim muassasalari bilan birgalikda kannabis va zigʻirni dastlabki qayta ishlash, seleksiya va urugʻchilik yoʻnalishida, qishloq xoʻjaligi ekinlarining yangi navlari va duragay urugʻlarini yaratish boʻyicha tadqiqotlar oʻtkazish.
4. “Industrial Innovation Group LLC” kompaniyasi va “RS Success Agro” MChJ tomonidan 2019 — 2023-yillarda amalga oshiriladigan investitsiya loyihalarining prognoz parametrlari ilovaga muvofiq maʼqullansin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Innovatsion rivojlanish vazirligi hamda boshqa tegishli vazirlik va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda xalqaro tajribadan kelib chiqqan holda, respublikada texnik kanop (Cannabis sativa L.)ni yetishtirish, qayta ishlash va uning mahsulotlaridan foydalanishga doir tegishli normativ-huquqiy bazani takomillashtirish yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.
6. Sirdaryo viloyati hokimligi Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Suv xoʻjaligi vazirligi, Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi bilan birgalikda xoʻjaliklararo sugʻorish va meliorativ tarmoqlarining texnik holatidan kelib chiqib, belgilangan tartibda taʼmirlash-tiklash ishlarini amalga oshirsin hamda Sirdaryo viloyatiga belgilangan limit doirasida ekin maydonlarini suv bilan taʼminlasin.
Belgilansinki, qabul qilingan investitsiya majburiyatlari bajarilmagan yoki lozim darajada bajarilmagan taqdirda, ushbu qarorga asosan berilgan yer uchastkalaridan foydalanilmaganda, ulardan oqilona foydalanilmagan yoxud tuproq unumdorligining pasayishiga, kimyoviy va radioaktiv ifloslanishiga, atrof-muhitning buzilishiga, respublika hududida karantin oʻsimliklari va obyektlarining paydo boʻlishi va tarqalishiga olib keluvchi usullardan foydalanilganda, shuningdek, amaldagi qonunchilik talablari bajarilmagan taqdirda yer uchastkasiga egalik qilish va undan foydalanish huquqi qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq bekor qilinadi.
7. Belgilab qoʻyilsinki:
fermer xoʻjaliklari uchun nazarda tutilgan lizing boʻyicha qishloq xoʻjaligi texnikalarini xarid qilish, oʻsimliklarni kimyoviy himoya qilish vositalari va boshqa moddiy resurslarni yetkazib berish shartlari va tartib-qoidalari “RS Success Agro” MChJ uchun ham tatbiq etiladi;
“RS Success Agro” MChJ hududiy shart-sharoitlarini hisobga olgan holda sellyulozali oʻsimliklarning seleksiya navlarini mustaqil ravishda qonunchilikda belgilangan tartibda olib kirish va joylashtirish, ekinlarni ilmiy asoslangan tarzda almashlab ekish, shuningdek, oʻz mahsulotlarini erkin tasarruf qilish, narx siyosati va sotish, shu jumladan eksport qilish hajmlarini mustaqil belgilash huquqlarga ega.
8. “RS Success Agro” MChJ tomonidan oʻz ishlab chiqarish ehtiyojlari uchun belgilangan tartibda shakllantiriladigan roʻyxatlar boʻyicha respublikada ishlab chiqarilmaydigan va olib kelinadigan urugʻlar, uskunalar, maxsus transport vositalari va texnika, butlovchi qismlar, xomashyo va materiallar, shu jumladan qurilish materiallari, issiqxona komplekslari 2022-yil 1-yanvargacha bojxona toʻlovlaridan (bojxona yigʻimlaridan tashqari) ozod qilinsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi agrosanoat klaster obyektlarining elektr tarmoqlariga ulanishini, energiya isteʼmol qiluvchi qurilmalarni loyiha tashabbuskorlari mablagʻlari hisobiga belgilangan tartibda zarur quvvat bilan taʼminlashni amalga oshirsin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi huzuridagi “Geoinnovatsiya markazi” davlat unitar korxonasi “RS Success Agro” MChJ buyurtmanomalariga binoan uning tarkibiga kiruvchi tashkilotlarga paxta xomashyosi va boshqa qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish jarayonini uchuvchisiz uchish apparatlaridan foydalangan holda samarali boshqarish, nazorat qilish va monitoring olib borishda belgilangan tartibda amaliy koʻmak bersin
11. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi Qishloq xoʻjaligi vazirligi buyurtmanomalariga binoan investitsiya loyihasini amalga oshirishda ishtirok etadigan xorijiy mutaxassislarga koʻp martalik kirish vizalarining konsullik va boshqa yigʻimlarsiz rasmiylashtirilishini taʼminlasin.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi “RS Success Agro” MChJ buyurtmanomalariga binoan investitsiya loyihalarini amalga oshirishda ishtirok etadigan xorijiy mutaxassislarga davlat boji toʻlamasdan koʻp martalik vizalar rasmiylashtirilishini, berilishini va muddati uzaytirilishini, shuningdek, vaqtinchalik roʻyxatdan oʻtkazish, yashash joyida roʻyxatdan oʻtish va ularning muddatini uzaytirilishini taʼminlasin.
13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha maslahatchisi A.D. Vaxabov, Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vaziri J.A. Xodjayev va Sirdaryo viloyati hokimi Gʻ.Gʻ. Mirzayev zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 18-iyundagi 511-son qaroriga ILOVA
“Industrial Innovation Group LLC” kompaniyasi va “RS Success Agro” MChJ tomonidan 2019-2023-yillarda amalga oshiriladigan investitsiya loyihalarining
T/r Investitsiya loyihasining nomi ** Amalga oshirish muddatlari Maydon, ga/ miqdori, dona Hisoblangan yillik quvvat Qiymati (yevro) 1 . Kannabis, zigʻir va almashlab ekishda qatnashadigan boshqa turdagi ekinlarni yetishtirish (sellyulozali va moyli ekinlardan xomashyo ishlab chiqarish) 2019-yil 5 798 ga 80 000 tn xomashyo 19 641 481 2020-yil 10 000 ga 160 000 tn xomashyo 22 768 404 2021-yil 15 000 ga 240 000 tn xomashyo 26 362 120 2022-yil 20 000 ga 320 000 tn xomashyo 29 955 836 2023-yil 25 000 ga 400 000 tn xomashyo 33 549 552 2 . Sellyulozali xomashyoga birlamchi ishlov berish liniyasi (sellyulozali tola ishlab chiqarish) 2019-yil 3 dona 76 500 tn tola 12 000 000 2020-yil 3 dona 153 000 tn tola 12 000 000 2021-yil 2 dona 204 000 tn tola 8 000 000 2022-yil 2 dona 255 000 tn tola 8 000 000 2023-yil 2 dona 306 000 tn tola 8 000 000 3 . Yogʻ-moy ishlab chiqarish liniyasi 2019-yil 1 dona 18 900 tn kanop va zigʻir yogʻi 150 000 4 . Omuxta yem ishlab chiqarish liniyasi 2019-yil 1 dona 105 000 tn omuxta yem 700 000 5 . Deking ishlab chiqarish liniyasi 2019-yil 1 dona 28 050 tn deking 350 000 6 . Arbolit ishlab chiqarish liniyasi 2019-yil 1 dona 400 000 tn arbolit 100 000 2020-yil 1 dona 800 000 tn arbolit 100 000 2021-yil 1 dona 1 200 000 tn arbolit 100 000 7 . Yogʻoch uni ishlab chiqarish liniyasi 2019-yil 1 dona 65 000 tn yogʻoch uni 100 000 8 . Investitsiya loyihalarining umumiy qiymati 2019 — 2023-yillar 181 877 393 shu jumladan: 2019-yil 33 041 481 2020-yil 34 868 404 2021-yil 34 462 120 2022-yil 37 955 836 2023-yil 41 549 552
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 18-iyun,
511-son