📅 2019-yil 27-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 27-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 27 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 27 июня 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 27 June 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Халқаро цирк санъати фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида
Дунё халқларининг цирк санъати ютуқларидан баҳраманд бўлиш, ўзбек миллий цирк санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, унинг обрў-эътиборини, санъат соҳасидаги ўрни ва жамият тараққиётидаги аҳамиятини ошириш, халқлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ва «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 23 январдаги 55-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Халқаро цирк санъати» фестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб аталади) 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. «Халқаро цирк санъати» фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул этиб белгилансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига:
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда Фестивални ўтказиш учун ҳомийлик хайрияларини жалб этиш чораларини кўриш;
Фестиваль совриндорларига топшириладиган диплом, сертификат, статуэтка намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш вазифалари юклансин.
5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасаси биносининг атрофидаги ҳудудларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Фестиваль веб-сайтини тайёрлаб, Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштирилишини ҳамда мунтазам равишда янгиликлар, фотосуратлар, аудио ва видео материаллар билан янгилаб борилишини таъминласин.
7. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин:
50 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
50 фоизи — Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг буюртманомаларига асосан Фестивалга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун кириш визаларининг консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, «Дунё» ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Фестивални ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маърифат, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги 535-сон қарорига ИЛОВА
«Халқаро цирк санъати» фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Халқаро цирк санъати» фестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Фестиваль қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:
жаҳон цирк санъати ютуқларидан баҳраманд бўлиш, миллий цирк санъати анъаналарини асраб-авайлаш, томошабинларнинг цирк санъатига бўлган эҳтиёжларини қондириш, миллий цирк дастурларининг бадиий савияси ва қамровини кенгайтириш;
цирк санъатининг бетакрор руҳи ва қиёфасини, ўзига хослигини эътироф этиш, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, тинчлик, дўстлик ва аҳилликни, бой тарихий ва бетакрор маданиятимизни кенг тарғиб этиш, мамлакатимиз цирк санъатини жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш;
миллий цирк санъатини янада ривожлантириш, бошқа халқларнинг цирк санъати анъаналарини ўрганиш мақсадида ижодий мулоқотлар олиб боришни йўлга қўйиш;
маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, цирк санъати соҳасидаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, давра суҳбатлари, тақдимот ва маҳорат дарсларини ташкил этиш.
3. Фестиваль 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Тошкент шаҳрида ўтказилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:
Фестивални ўтказишнинг аниқ санаси ва муддатини белгилайди ҳамда Фестиваль бошланишидан уч ой олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилади;
Фестиваль дастурини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва Фестиваль ўтказилишидан уч ой аввал унинг туризм ташкилотларига тақдим этилишини, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилишини таъминлайди.
5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Фестиваль ташкилотчилари ҳисобланади.
2-боб. Фестивални ўтказиш тартиби ва шартлари
6. Фестиваль доирасида қуйидаги тадбирлар ўтказилади:
маҳаллий ва хорижий цирк усталари томонидан кўргазмали намойишлар, ижодий учрашувлар, сайиллар, матбуот конференциялари, давра суҳбатлари, тақдимот ва маҳорат дарслари, илмий-амалий конференция;
цирк усталарининг Халқаро кўрик-танлови (кейинги ўринларда кўрик-танлов деб аталади);
Фестиваль кўрик-танловнинг ғолиблари ва совриндорлари иштирокида «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасасида тантанали тақдирлаш маросими ва цирк намойишлари билан якунланади.
Фестиваль доирасида маҳаллий ва хорижий цирк усталари томонидан кўргазмали намойишлар, ижодий учрашувлар, сайиллар, матбуот конференциялари, давра суҳбатлари, тақдимот ва маҳорат дарслари, илмий-амалий конференцияни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.
7. Фестивалга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланган Халқаро ҳайъат аъзолари, фахрий меҳмонлар ва иштирокчи сифатида хорижий мамлакатлардан ижодий делегациялар таклиф этилади.
8. Кўрик-танловда намойиш этиладиган цирк дастурларининг мусиқалари фонограмма ёки оркестр орқали ижро этилади.
9. Кўрик-танловда масхарабозлар иштирок этишига йўл қўйилмайди. Масхарабозлар томонидан фақат кўргазмали чиқишлар намойиш этилиши мумкин.
10. Ташкилотчилар таклифига кўра цирк усталари, хорижий давлатлардан таниқли олимлар, мутахассислар ва фахрий меҳмонлар Фестивалда ўз ҳисобидан қатнашиши мумкин.
11. Кўрик-танловда иштирок этишни истаган цирк артистлари ва цирк жамоалари кўрик-танловни ўтказиш санасидан икки ой олдин Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига қуйидагиларни тақдим этишлари лозим:
цирк жамоаси таркиби ва сони, жамоа ҳақида маълумотнома (резюме), цирк артисти якка ўзи иштирок этганда, у ҳақида маълумотнома (резюме);
ҳайвонлар учун тегишли ветеринария хулосаси;
CD ҳамда DVD дискда тақдимот ижод намунасидан лавҳалар;
суғурта полиси.
12. Ҳар бир иштирокчи Фестивалда 1 ёки 2 та саҳна кўриниши билан чиқиши мумкин.
13. Фестиваль иштирокчилари зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланади:
«Ветеринария тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ ветеринария ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш;
Ёввойи фауна ва флоранинг йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган турларининг халқаро савдоси ҳақидаги конвенция (CITES), ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича халқаро ҳужжатлар талабларига қатъий амал қилиш;
цирк дастури ижроси ва машғулотлар давомида хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя қилиш;
Фестиваль давомида Ўзбекистон Республикаси қонунларига риоя этиш.
Ҳаво-акробат гимнастлари ўзлари фойдаланадиган чиқиш ускуна жиҳозларига жорий йилда берилган техник сертификатларга эга бўлиши лозим.
14. Махсус хавфсизлик воситаларисиз иштирокчиларнинг саломатлиги ва ҳаётига хавф туғдирадиган чиқишларни кўрсатиш тақиқланади.
15. Суғурта полисига эга бўлмаган иштирокчиларнинг цирк дастурлари кўриб чиқилмайди.
16. Танловда иштирок этиш кетма-кетлиги Фестиваль режиссёри томонидан белгиланади.
Фестиваль режиссёри Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.
17. Ўзбек, инглиз ва рус тиллари фестивалнинг ишчи тиллари этиб белгиланади.
18. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар ташкилотчилар томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:
50 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
50 фоизи — Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
19. Фестивалнинг иштирокчилари ва хорижий меҳмонлари, шунингдек, Халқаро ҳайъат аъзолари ташкилотчилар томонидан Фестиваль ўтказиладиган давр ва ҳудудда ётоқхона, овқатланиш ва белгиланган маршрут бўйича транспорт билан таъминланадилар.
Фестиваль хорижий меҳмонларининг Ўзбекистон ҳудудидаги алоҳида меҳмонхона ва транспорт харажатлари уларни таклиф этган мезбон ташкилот ва муассасалар ёки меҳмонларнинг ўзлари томонидан қопланади.
3-боб. Халқаро ҳайъат фаолиятини ташкил этиш ва Фестиваль иштирокчиларини баҳолаш тартиби
20. Кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан 7 — 9 кишидан иборат таркибда Халқаро ҳайъат ташкил этилади.
Халқаро ҳайъат таркибига цирк санъати йўналиши бўйича юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, хорижий ва маҳаллий цирк усталари, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намояндалари таклиф этилади.
Халқаро ҳайъат аъзолари раисни ўз таркибидан сайлайди.
Халқаро ҳайъат раисига — 1500 АҚШ доллари, ҳайъат аъзоларига — 1000 АҚШ доллари миқдорида гонорар пули тўланади.
21. Иштирокчилар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
жараёнида цирк санъатининг асл хусусиятлари ва ўзига хослигининг акс этиши;
ижрочиларнинг юксак ижро ва касбий маҳорати, трюк репертуарининг мураккаблиги;
чиқишларнинг ва ижрочиларнинг замонавийлиги ҳамда ўзига хослиги.
22. Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишлари тўртта йўналиш бўйича баҳоланади:
гимнастика;
акробатлар;
ҳайвонлар олами;
махсус (оригинал) чиқишлар.
4-боб. Мукофотлаш тартиби
23. Фестиваль мукофотларини бериш тўғрисидаги қарор очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади ва баённома тузилади.
24. Халқаро ҳайъат қарори Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросимида эълон қилинади.
25. Кўрик-танлов ғолиблари диплом, статуэтка ва қуйидаги пул мукофотлари билан тақдирланади:
I — ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича биттадан) 5 000 АҚШ доллари;
II — ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича биттадан) 3 500 АҚШ доллари;
III — ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича биттадан) 2 000 АҚШ доллари.
Кўрик-танлов совриндорлари Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими дастурида қатнашадилар.
Фестивалнинг ҳар бир қатнашчисига «Халқаро цирк санъати» фестивали иштирокчиси сертификати берилади.
5-боб. Ташкилотчилар ҳуқуқлари
26. Ташкилотчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Фестиваль қатнашчиларининг ижроларини эфирга узатиш ҳамда бошқа ташкилотларга трансляция қилиши учун рухсатнома бериш;
Фестивални ўтказиш ва унинг якуни давомида тайёрланган барча турдаги видео, босма ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш;
Фестивалда иштирок этишни истаган жисмоний ва юридик шахслар томонидан ташкилотчиларга юбориладиган материаллардан реклама мақсадида фойдаланилиши мумкин;
Фестивалга жаҳондаги цирк санъати бўйича етакчи соҳа мутахассислари ва санъат намоёндаларини жалб этиш.
6-боб. Якунловчи қоидалар
27. Фестивалнинг ҳар бир қатнашчиси ўз тиббий суғуртасига эга бўлиши лозим.
28. Давлат молиявий назорати инспекцияси Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши ва тўғри тўланишини назорат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 27 июнь,
535-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Xalqaro sirk sanʼati festivalini tashkil etish va oʻtkazish toʻgʻrisida
Dunyo xalqlarining sirk sanʼati yutuqlaridan bahramand boʻlish, oʻzbek milliy sirk sanʼatini asrab-avaylash va rivojlantirish, uning obroʻ-eʼtiborini, sanʼat sohasidagi oʻrni va jamiyat taraqqiyotidagi ahamiyatini oshirish, xalqlar oʻrtasida madaniy aloqalarni mustahkamlash, shuningdek, Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbek sirk sanʼatini yanada rivojlantirish va “Oʻzbek davlat sirki” davlat muassasasi faoliyatini qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 23-yanvardagi 55-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi hamda Toshkent shahar hokimligining “Xalqaro sirk sanʼati” festivalini (keyingi oʻrinlarda Festival deb ataladi) 2021-yildan boshlab har ikki yilda bir marotaba noyabr oyida Toshkent shahrida oʻtkazish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. “Xalqaro sirk sanʼati” festivalini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi va Toshkent shahar hokimligi Festivalni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha masʼul etib belgilansin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi va Toshkent shahar hokimligiga:
manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda Festivalga tayyorgarlik koʻrish va uni oʻtkazish boʻyicha tadbirlar rejasini ishlab chiqish, tasdiqlash hamda Festivalni oʻtkazish uchun homiylik xayriyalarini jalb etish choralarini koʻrish;
Festival sovrindorlariga topshiriladigan diplom, sertifikat, statuetka namunalarini ishlab chiqish va tasdiqlash;
Festivalni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq boshqa masalalarni hal etish vazifalari yuklansin.
5. Toshkent shahar hokimligi “Oʻzbek davlat sirki” davlat muassasasi binosining atrofidagi hududlarda obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish ishlari amalga oshirilishini taʼminlasin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi bilan birgalikda bir oy muddatda Festival veb-saytini tayyorlab, Internet jahon axborot tarmogʻiga joylashtirilishini hamda muntazam ravishda yangiliklar, fotosuratlar, audio va video materiallar bilan yangilab borilishini taʼminlasin.
7. Festivalni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlarning quyidagi manbalar hisobidan amalga oshirilishi belgilansin:
50 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari;
50 foizi — Toshkent shahar mahalliy budjetining qoʻshimcha manbalari, yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligining buyurtmanomalariga asosan Festivalga tashrif buyuruvchi mehmonlar uchun kirish vizalarining konsullik yigʻimlari va haqiqiy xarajatlarning oʻrnini qoplash hisobidan yigʻimlar undirilmasdan, belgilangan tartibda rasmiylashtirilishini taʼminlasin.
9. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, “Dunyo” axborot agentligi va boshqa ommaviy axborot vositalariga Festivalni oʻtkazish boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlarni keng yoritib borish tavsiya etilsin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri B.S. Sayfullayev zimmasiga hamda Oʻzbekiston Vazirlar Mahkamasining Yoshlar siyosati, madaniyat, maʼrifat, ommaviy axborot vositalari, ijodiy va jamoat tashkilotlari masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 27-iyundagi 535-son qaroriga ILOVA
“Xalqaro sirk sanʼati” festivalini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom “Xalqaro sirk sanʼati” festivalini (keyingi oʻrinlarda Festival deb ataladi) oʻtkazish tartibini belgilaydi.
2. Festival quyidagilarni nazarda tutgan holda oʻtkaziladi:
jahon sirk sanʼati yutuqlaridan bahramand boʻlish, milliy sirk sanʼati anʼanalarini asrab-avaylash, tomoshabinlarning sirk sanʼatiga boʻlgan ehtiyojlarini qondirish, milliy sirk dasturlarining badiiy saviyasi va qamrovini kengaytirish;
sirk sanʼatining betakror ruhi va qiyofasini, oʻziga xosligini eʼtirof etish, xalqlar oʻrtasida doʻstlik rishtalarini mustahkamlash, tinchlik, doʻstlik va ahillikni, boy tarixiy va betakror madaniyatimizni keng targʻib etish, mamlakatimiz sirk sanʼatini jahon hamjamiyatidagi nufuzini yanada oshirish;
milliy sirk sanʼatini yanada rivojlantirish, boshqa xalqlarning sirk sanʼati anʼanalarini oʻrganish maqsadida ijodiy muloqotlar olib borishni yoʻlga qoʻyish;
madaniy aloqalarni yanada mustahkamlash, sirk sanʼati sohasidagi ilmiy oʻrganish va izlanishlarni hamkorlikda amalga oshirish, oʻzaro tajriba almashish, davra suhbatlari, taqdimot va mahorat darslarini tashkil etish.
3. Festival 2021-yildan boshlab har ikki yilda bir marta Toshkent shahrida oʻtkaziladi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi:
Festivalni oʻtkazishning aniq sanasi va muddatini belgilaydi hamda Festival boshlanishidan uch oy oldin ommaviy axborot vositalarida eʼlon qiladi;
Festival dasturini ishlab chiqadi, tasdiqlaydi va Festival oʻtkazilishidan uch oy avval uning turizm tashkilotlariga taqdim etilishini, Internet jahon axborot tarmogʻi va ijtimoiy tarmoqlarda joylashtirilishini taʼminlaydi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi hamda Toshkent shahar hokimligi Festival tashkilotchilari hisoblanadi.
2-bob. Festivalni oʻtkazish tartibi va shartlari
6. Festival doirasida quyidagi tadbirlar oʻtkaziladi:
mahalliy va xorijiy sirk ustalari tomonidan koʻrgazmali namoyishlar, ijodiy uchrashuvlar, sayillar, matbuot konferensiyalari, davra suhbatlari, taqdimot va mahorat darslari, ilmiy-amaliy konferensiya;
sirk ustalarining Xalqaro koʻrik-tanlovi (keyingi oʻrinlarda koʻrik-tanlov deb ataladi);
Festival koʻrik-tanlovning gʻoliblari va sovrindorlari ishtirokida “Oʻzbek davlat sirki” davlat muassasasida tantanali taqdirlash marosimi va sirk namoyishlari bilan yakunlanadi.
Festival doirasida mahalliy va xorijiy sirk ustalari tomonidan koʻrgazmali namoyishlar, ijodiy uchrashuvlar, sayillar, matbuot konferensiyalari, davra suhbatlari, taqdimot va mahorat darslari, ilmiy-amaliy konferensiyani oʻtkazish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tomonidan belgilanadi.
7. Festivalga Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tomonidan tasdiqlangan Xalqaro hayʼat aʼzolari, faxriy mehmonlar va ishtirokchi sifatida xorijiy mamlakatlardan ijodiy delegatsiyalar taklif etiladi.
8. Koʻrik-tanlovda namoyish etiladigan sirk dasturlarining musiqalari fonogramma yoki orkestr orqali ijro etiladi.
9. Koʻrik-tanlovda masxarabozlar ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi. Masxarabozlar tomonidan faqat koʻrgazmali chiqishlar namoyish etilishi mumkin.
10. Tashkilotchilar taklifiga koʻra sirk ustalari, xorijiy davlatlardan taniqli olimlar, mutaxassislar va faxriy mehmonlar Festivalda oʻz hisobidan qatnashishi mumkin.
11. Koʻrik-tanlovda ishtirok etishni istagan sirk artistlari va sirk jamoalari koʻrik-tanlovni oʻtkazish sanasidan ikki oy oldin Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligiga quyidagilarni taqdim etishlari lozim:
sirk jamoasi tarkibi va soni, jamoa haqida maʼlumotnoma (rezyume), sirk artisti yakka oʻzi ishtirok etganda, u haqida maʼlumotnoma (rezyume);
hayvonlar uchun tegishli veterinariya xulosasi;
CD hamda DVD diskda taqdimot ijod namunasidan lavhalar;
sugʻurta polisi.
12. Har bir ishtirokchi Festivalda 1 yoki 2 ta sahna koʻrinishi bilan chiqishi mumkin.
13. Festival ishtirokchilari zimmasiga quyidagi majburiyatlar yuklanadi:
“Veterinariya toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni talablariga muvofiq veterinariya hujjatlarini roʻyxatdan oʻtkazish;
Yovvoyi fauna va floraning yoʻq boʻlib ketish xavfi ostida boʻlgan turlarining xalqaro savdosi haqidagi konvensiya (CITES), hayvonlarni muhofaza qilish va ulardan foydalanish boʻyicha xalqaro hujjatlar talablariga qatʼiy amal qilish;
sirk dasturi ijrosi va mashgʻulotlar davomida xavfsizlik va mehnat muhofazasi qoidalariga rioya qilish;
Festival davomida Oʻzbekiston Respublikasi qonunlariga rioya etish.
Havo-akrobat gimnastlari oʻzlari foydalanadigan chiqish uskuna jihozlariga joriy yilda berilgan texnik sertifikatlarga ega boʻlishi lozim.
14. Maxsus xavfsizlik vositalarisiz ishtirokchilarning salomatligi va hayotiga xavf tugʻdiradigan chiqishlarni koʻrsatish taqiqlanadi.
15. Sugʻurta polisiga ega boʻlmagan ishtirokchilarning sirk dasturlari koʻrib chiqilmaydi.
16. Tanlovda ishtirok etish ketma-ketligi Festival rejissori tomonidan belgilanadi.
Festival rejissori Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tomonidan belgilanadi.
17. Oʻzbek, ingliz va rus tillari festivalning ishchi tillari etib belgilanadi.
18. Festivalni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq sarf-xarajatlar tashkilotchilar tomonidan ishlab chiqilgan va belgilangan tartibda tasdiqlangan smeta asosida quyidagi tartibda:
50 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniyat va sanʼatni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari;
50 foizi — Toshkent shahar mahalliy budjetining qoʻshimcha manbalari, yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan qoplanadi.
19. Festivalning ishtirokchilari va xorijiy mehmonlari, shuningdek, Xalqaro hayʼat aʼzolari tashkilotchilar tomonidan Festival oʻtkaziladigan davr va hududda yotoqxona, ovqatlanish va belgilangan marshrut boʻyicha transport bilan taʼminlanadilar.
Festival xorijiy mehmonlarining Oʻzbekiston hududidagi alohida mehmonxona va transport xarajatlari ularni taklif etgan mezbon tashkilot va muassasalar yoki mehmonlarning oʻzlari tomonidan qoplanadi.
3-bob. Xalqaro hayʼat faoliyatini tashkil etish va Festival ishtirokchilarini baholash tartibi
20. Koʻrik-tanlov ishtirokchilarining chiqishlarini baholash maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi tomonidan 7 — 9 kishidan iborat tarkibda Xalqaro hayʼat tashkil etiladi.
Xalqaro hayʼat tarkibiga sirk sanʼati yoʻnalishi boʻyicha yuqori malakali mutaxassislar, taniqli sanʼat va madaniyat arboblari, olimlar, tadqiqotchilar, xorijiy va mahalliy sirk ustalari, shuningdek, ishtirokchi davlatlardan tegishli sohalar namoyandalari taklif etiladi.
Xalqaro hayʼat aʼzolari raisni oʻz tarkibidan saylaydi.
Xalqaro hayʼat raisiga — 1500 AQSH dollari, hayʼat aʼzolariga — 1000 AQSH dollari miqdorida gonorar puli toʻlanadi.
21. Ishtirokchilar quyidagi mezonlar asosida baholanadi:
jarayonida sirk sanʼatining asl xususiyatlari va oʻziga xosligining aks etishi;
ijrochilarning yuksak ijro va kasbiy mahorati, tryuk repertuarining murakkabligi;
chiqishlarning va ijrochilarning zamonaviyligi hamda oʻziga xosligi.
22. Xalqaro hayʼat tomonidan koʻrik-tanlov ishtirokchilarining chiqishlari toʻrtta yoʻnalish boʻyicha baholanadi:
gimnastika;
akrobatlar;
hayvonlar olami;
maxsus (original) chiqishlar.
4-bob. Mukofotlash tartibi
23. Festival mukofotlarini berish toʻgʻrisidagi qaror ochiq ovoz berish yoʻli bilan qabul qilinadi va bayonnoma tuziladi.
24. Xalqaro hayʼat qarori Festivalning tantanali yopilish marosimida eʼlon qilinadi.
25. Koʻrik-tanlov gʻoliblari diplom, statuetka va quyidagi pul mukofotlari bilan taqdirlanadi:
I — oʻrin (har bir yoʻnalish boʻyicha bittadan) 5 000 AQSH dollari;
II — oʻrin (har bir yoʻnalish boʻyicha bittadan) 3 500 AQSH dollari;
III — oʻrin (har bir yoʻnalish boʻyicha bittadan) 2 000 AQSH dollari.
Koʻrik-tanlov sovrindorlari Festivalning tantanali yopilish marosimi dasturida qatnashadilar.
Festivalning har bir qatnashchisiga “Xalqaro sirk sanʼati” festivali ishtirokchisi sertifikati beriladi.
5-bob. Tashkilotchilar huquqlari
26. Tashkilotchi quyidagi huquqlarga ega:
Festival qatnashchilarining ijrolarini efirga uzatish hamda boshqa tashkilotlarga translyatsiya qilishi uchun ruxsatnoma berish;
Festivalni oʻtkazish va uning yakuni davomida tayyorlangan barcha turdagi video, bosma va boshqa turdagi mahsulotlarni ishlab chiqarish va tarqatish;
Festivalda ishtirok etishni istagan jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan tashkilotchilarga yuboriladigan materiallardan reklama maqsadida foydalanilishi mumkin;
Festivalga jahondagi sirk sanʼati boʻyicha yetakchi soha mutaxassislari va sanʼat namoyondalarini jalb etish.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
27. Festivalning har bir qatnashchisi oʻz tibbiy sugʻurtasiga ega boʻlishi lozim.
28. Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi Festivalni tashkil etish va oʻtkazish uchun ajratilgan budjet mablagʻlarining maqsadli ishlatilishi va toʻgʻri toʻlanishini nazorat qiladi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 27-iyun,
535-son