UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 1-iyul · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Ichki ishlar vazirligi Sogʻliqni saqlash vazirligi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 1 июль · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Ички ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 1 июля 2019 г. · Документы министерств и ведомств · Министерства внутренних дел Министерства здравоохранения

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 1 July 2019 · Ministry and agency documents · Ichki ishlar vazirligi Sogʻliqni saqlash vazirligi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг

Қарори

НИЗОМ

Ички ишлар органлари ходимларини терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат ҳавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 майдаги 375-сон «Ички ишлар органлари ходимлари фарзандларининг давлат олий таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитасининг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсиянома (тақдимнома) бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарор қилади:

1. Ички ишлар органлари ходимларини терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 1 июлдаги 52ҚҚ, 86-сон қарорига ИЛОВА

Ички ишлар органлари ходимларини терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топиш тартиби тўғрисида

Мазкур Низом ички ишлар органлари ходимларини терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган (бундан буён матнда ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб юритилади) деб топиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ички ишлар органлари ходимлари хизмат мажбуриятини бажариш вақтида («Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддаси ) ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган бўлса, бироқ уларнинг ҳалок бўлиши ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолиши терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлмаса, мазкур Низом талаблари уларга нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Ички ишлар органлари ходимларини ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топиш Ички ишлар органлари ходимларини терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топиш бўйича махсус комиссия (бундан буён матнда Махсус комиссия деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

3. Туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) ўзларига тегишли ҳудуддаги ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходимлар ва уларнинг оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари) ҳақидаги маълумотлар базасини юритади ва ундаги маълумотларни доимий равишда янгилаб боради.

2-боб. Махсус комиссияни тузиш

4. Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан 7 кишидан кам бўлмаган тоқ сондан иборат таркибда тузилади.

5. Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, Ички ишлар вазирлиги Тиббиёт бошқармаси бошлиғи ва унинг ўринбосари, Ташкилий департамент бошлиғи, Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи, Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари — Молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи, Юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи ва Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимларидан иборат таркибда шакллантирилади.

6. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи Махсус комиссия раиси ҳисобланади.

Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментининг масъул ходими Махсус комиссия котиби ҳисобланади.

7. Махсус комиссия ўз фаолиятини мазкур Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

8. Махсус комиссия раиси:

Махсус комиссия фаолиятини ва унинг иш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

Махсус комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказиладиган кун ва вақтни белгилайди;

Махсус комиссия мажлисларини ўтказади ва уларга раҳбарлик қилади.

9. Махсус комиссия раиси комиссия ишини ташкил қилиш ва унинг ўз вақтида, тўғри ва ҳаққоний ўтказилиши учун масъул ҳисобланади.

3-боб. Ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходимлар йиғма жилдини шакллантириш

10. Туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) ўзларига тегишли ҳудудда содир бўлган воқеада (ҳодисада) ички ишлар органи ходимининг ҳалок бўлиши ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолиши ҳолатлари кузатилганда ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходим ва унинг оила аъзолари ҳақидаги маълумотларни тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармаларига (бундан буён матнда ҳудудий ички ишлар органи деб юритилади) юборади.

11. Ҳудудий ички ишлар органи туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) томонидан тақдим этилган рўйхатда кўрсатилган, шунингдек ҳудудий ички ишлар органида мавжуд маълумотлар асосида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходимларнинг ҳар бири учун алоҳида йиғма жилд шакллантиради.

Йиғма жилд қуйидаги ҳужжатлардан ёки уларнинг нусхаларидан шакллантирилади:

содир бўлган воқеа (ҳодиса) юзасидан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси;

содир бўлган воқеа (ҳодиса) бўйича тузилган далолатнома;

содир бўлган воқеа (ҳодиса) оқибатида жароҳат олган ходимнинг ушбу вақтдаги соғлиғи ҳолати тўғрисидаги ҳужжатлар;

суд-тиббий экспертиза хулосаси;

содир бўлган воқеа (ҳодиса) юз берган вақтда ходимнинг хизмат вазифаси ёки мажбуриятини бажариш билан боғлиқлигини тасдиқловчи ҳужжат (агар мавжуд бўлса);

содир бўлган воқеа (ҳодиса) юзасидан тергов органи ёки суднинг қарори (агар мавжуд бўлса);

тиббий кўрик натижалари бўйича Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг хулосаси ҳамда ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома;

ички ишлар органларидан хизматдан бўшатилганлиги тўғрисидаги буйруқ кўчирмаси.

Йиғма жилдга содир бўлган воқеа (ҳодиса) билан боғлиқ ҳолатларни ифодаловчи бошқа ҳужжатлар ёки уларнинг нусхалари киритилиши мумкин.

Ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходим бўйича шакллантирилган йиғма жилддаги ҳужжатлар ёки уларнинг нусхалари тўғри ва тўлиқ шакллантирилганлиги бўйича масъулият мазкур йиғма жилдни шакллантирган ҳудудий ички ишлар органига юклатилади.

12. Ҳудудий ички ишлар органи ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходим бўйича шакллантирилган йиғма жилдларни ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи, у бўлмаганда унинг вазифасини бажарувчи томонидан имзоланган хат билан Махсус комиссияга юборади.

4-боб. Махсус комиссия ишини ташкил этиш

13. Махсус комиссия котиби ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходимларнинг келиб тушган йиғма жилдларини қабул қилиб олади ва шу куннинг ўзида йиғма жилдларни рўйхатга олиш китобига тегишли ёзув киритиш орқали қайд қилади.

Йиғма жилдларни рўйхатга олиш китоби ип ўтказилиб тикилган, Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментининг девонхонаси муҳри билан тасдиқланган ва рўйхатдан ўтказилган бўлиши лозим.

14. Махсус комиссия котиби келиб тушган йиғма жилдлардаги ҳужжатларнинг тўлиқлигини ҳамда ундаги маълумотлар тўғри кўрсатилганлигини ўрганади.

15. Махсус комиссия котиби келиб тушган йиғма жилдлардаги ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ёки ундаги маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаганлигини аниқлаган ҳолларда йиғма жилдни юборган ҳудудий ички ишлар органидан қўшимча маълумотлар тақдим этилишини талаб қилади.

Махсус комиссия котиби томонидан талаб қилинган маълумотлар 10 кун ичида тақдим этилмаган тақдирда йиғма жилд тегишли ҳудудий ички ишлар органига қайтарилади.

16. Келиб тушган йиғма жилдлардаги ҳужжатлар тўлиқ ва ундаги маълумотлар тўғри кўрсатилган ҳолларда Махсус комиссия котиби ушбу йиғма жилдларни Махсус комиссиянинг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилиши учун ҳар бир йиғма жилд бўйича алоҳида Махсус комиссиянинг барча аъзолари сонига мутаносиб равишда қисқача маълумотнома тайёрлайди.

17. Ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходимларнинг йиғма жилдлари Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментида сақланади.

18. Махсус комиссия котиби ҳудудий ички ишлар органларидан юборилган йиғма жилдларни қабул қилиб олган куннинг ўзида бу ҳақда Махсус комиссия раисини хабардор қилади.

19. Махсус комиссия раиси собиқ ходимнинг ҳалок бўлиши ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолиши терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқлигини кўриб чиқиш мақсадида Махсус комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтадиган кун ва вақтни белгилайди.

Бунда йиғма жилдлар бир ёки бир нечта бўлишидан қатъи назар, улар Махсус комиссияга келиб тушган кундан бошлаб 30 кун ичида Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиши шарт.

20. Махсус комиссия котиби комиссия йиғилиши ўтказиладиган кундан камида 3 кун олдин Махсус комиссиянинг барча аъзоларини комиссия йиғилиши ўтказиладиган кун ва вақт ҳақида хабардор қилади.

5-боб. Махсус комиссия йиғилишини ўтказиш

21. Махсус комиссия йиғилишида комиссия раиси, котиби ва унинг аъзоларидан бошқа шахсларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди, Махсус комиссия раисининг рухсати билан комиссия йиғилишида кўрилаётган масала юзасидан тегишли соҳа мутахассисларини жалб этиш ҳоллари бундан мустасно.

22. Махсус комиссия котиби йиғилишда кўриб чиқиш учун кун тартибига қўйилган собиқ ходимларнинг йиғма жилдлари асосида тайёрланган қисқача маълумотномани комиссиянинг барча аъзоларига бир нусхадан тарқатади.

23. Махсус комиссия котиби ҳар бир йиғма жилд бўйича барча маълумотларни комиссия аъзоларига алоҳида ўқиб эшиттиради.

24. Махсус комиссия ҳар бир йиғма жилд орқали тақдим этилган маълумотларни ўрганган ҳолда уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида қарор қабул қилади.

25. Йиғма жилди тақдим этилган собиқ ходимни Махсус комиссия томонидан ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топиш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

собиқ ходим терроризмга қарши курашиш билан боғлиқ тадбирлар ёхуд террористик актлар натижасида бевосита, шунингдек фаол ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлганлиги ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолганлиги ҳолати;

собиқ ходим жиноятчиликка қарши курашиш билан боғлиқ тадбирлар ёхуд фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳаракатлар, шунингдек содир этилган жиноий ҳаракат натижасида бевосита, шунингдек фаол ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлганлиги ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолганлиги ҳолати;

собиқ ходим жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ тадбирлар, амалиётлар ёхуд жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи тажовузларни бартараф этиш натижасида бевосита, шунингдек фаол ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлганлиги ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолганлиги ҳолати.

26. Махсус комиссия йиғилишида кўриб чиқилаётган йиғма жилд материаллари мазкур Низомнинг 25-бандида назарда тутилган мезонларга мувофиқ бўлмаган ҳолларда собиқ ходимни терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топишга йўл қўйилмайди.

27. Махсус комиссия томонидан тегишлилиги бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

собиқ ходим терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш (жамоат хавфсизлигини таъминлаш) чоғида ҳалок бўлган (олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган) деб топиш тўғрисида;

собиқ ходим терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш (жамоат хавфсизлигини таъминлаш) билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ҳалок бўлган (олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган) деб топиш тўғрисида.

28. Махсус комиссия қарори комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Махсус комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

29. Махсус комиссия йиғилиши баённома билан расмийлаштирилади. Бунда комиссия мажлиси баённомаларини расмийлаштириш комиссия котиби томонидан амалга оширилади.

30. Махсус комиссия йиғилиши баённомаси комиссиянинг ҳар бир аъзоси томонидан имзоланади ҳамда тасдиқлаш учун комиссия раисига тақдим этилади.

31. Махсус комиссия котиби комиссия раиси томонидан тасдиқланган баённома нусхасини комиссия йиғилиши бўлиб ўтган кундан бошлаб 7 кун ичида йиғма жилдни юборган тегишли ҳудудий ички ишлар органига етказилишини таъминлайди.

32. Ҳудудий ички ишлар органи Махсус комиссия томонидан юборилган барча баённома нусхалари асосида терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш (жамоат хавфсизлигини таъминлаш) чоғида ҳалок бўлган (олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган) деб топилган собиқ ходимлар рўйхатини юритади ва ушбу рўйхатни доимий равишда янгилаб боради.

33. Ҳудудий ички ишлар органи Махсус комиссия қарорига асосан терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш (жамоат хавфсизлигини таъминлаш) чоғида ҳалок бўлган (олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган) деб топилган собиқ ходимнинг оила аъзоларини Махсус комиссия қарори ҳамда улар учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар билан ёзма равишда таништиради.

34. Ҳудудий ички ишлар органлари ҳар чорак якуни бўйича чоракдан кейинги ойнинг 3 санасидан кечиктирмай ўзларига тегишли ҳудуддаги ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходимлар (уларнинг оила аъзолари) ҳақидаги маълумотларни хатловдан ўтказади ва хатлов натижасида аниқланган маълумотларни Махсус комиссияга тақдим этиб боради.

35. Терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш (жамоат хавфсизлигини таъминлаш) чоғида ҳалок бўлган (олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган) ходимлар фарзандларининг давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига (иккинчи таълимдан ташқари) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг олий (магистратура, иккинчи ва олий таълим муассасасидан кейинги таълимдан ташқари) ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсиянома (тақдимнома) бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 июлдаги 354-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари шахсий таркиби ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади.

Бунда терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш (жамоат хавфсизлигини таъминлаш) чоғида ҳалок бўлган (олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган) деб топилган ходимлар фарзандларининг рўйхати Махсус комиссия томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 июлдаги 354-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари шахсий таркиби ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига тақдим этиб борилади.

6-боб. Якуний қоидалар

36. Манфаатдор шахслар сўровига кўра Махсус комиссия қарорининг тегишли қисмидан кўчирма берилиши мумкин.

37. Махсус комиссия қароридан норози бўлган шахслар судга мурожаат қилишлари мумкин.

38. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Ички ишлар вазири П. БОБОЖОНОВ

Соғлиқни сақлаш вазири А. ШАДМАНОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 1 июль,

Тошкент ш.,

2019 йил 1 июль,

52ҚҚ-сон

86-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.07.2019 й., 10/19/3171/3384-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 14.03.2026 й., 10/26/3171-1/0229-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining

Qarori

NIZOM

Ichki ishlar organlari xodimlarini terrorizmga va jinoyatchilikka qarshi kurashish hamda jamoat havfsizligini taʼminlash chogʻida halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan deb topish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 6-maydagi 375-son “Ichki ishlar organlari xodimlari farzandlarining davlat oliy taʼlim muassasalari hamda Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Milliy gvardiyasi va Davlat bojxona qoʻmitasining oliy va oʻrta maxsus taʼlim muassasalariga oʻqishga kirishi uchun tavsiyanoma (taqdimnoma) berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi va Sogʻliqni saqlash vazirligi qaror qiladi:

1. Ichki ishlar organlari xodimlarini terrorizmga va jinoyatchilikka qarshi kurashish hamda jamoat xavfsizligini taʼminlash chogʻida halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan deb topish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi va Sogʻliqni saqlash vazirligining 2019-yil 1-iyuldagi 52QQ, 86-son qaroriga ILOVA

Ichki ishlar organlari xodimlarini terrorizmga va jinoyatchilikka qarshi kurashish hamda jamoat xavfsizligini taʼminlash chogʻida halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan deb topish tartibi toʻgʻrisida

Mazkur Nizom ichki ishlar organlari xodimlarini terrorizmga va jinoyatchilikka qarshi kurashish hamda jamoat xavfsizligini taʼminlash chogʻida halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan (bundan buyon matnda halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan deb yuritiladi) deb topish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ichki ishlar organlari xodimlari xizmat majburiyatini bajarish vaqtida (“Ichki ishlar organlari toʻgʻrisida”gi Qonunning 28-moddasi ) halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan boʻlsa, biroq ularning halok boʻlishi yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolishi terrorizmga va jinoyatchilikka qarshi kurashish hamda jamoat xavfsizligini taʼminlash bilan bogʻliq boʻlmasa, mazkur Nizom talablari ularga nisbatan tatbiq etilmaydi.

2. Ichki ishlar organlari xodimlarini halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan deb topish Ichki ishlar organlari xodimlarini terrorizmga va jinoyatchilikka qarshi kurashish hamda jamoat xavfsizligini taʼminlash chogʻida halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan deb topish boʻyicha maxsus komissiya (bundan buyon matnda Maxsus komissiya deb yuritiladi) tomonidan amalga oshiriladi.

3. Tuman (shahar) ichki ishlar boshqarmalari (boʻlimlari) oʻzlariga tegishli hududdagi halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan sobiq xodimlar va ularning oila aʼzolari (ota-onasi, turmush oʻrtogʻi, farzandlari) haqidagi maʼlumotlar bazasini yuritadi va undagi maʼlumotlarni doimiy ravishda yangilab boradi.

2-bob. Maxsus komissiyani tuzish

4. Maxsus komissiya Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vazirining buyrugʻi bilan 7 kishidan kam boʻlmagan toq sondan iborat tarkibda tuziladi.

5. Maxsus komissiya Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vazirining oʻrinbosari — Maʼnaviy-maʼrifiy ishlar va kadrlar bilan taʼminlash departamenti boshligʻi, Ichki ishlar vazirligi Tibbiyot boshqarmasi boshligʻi va uning oʻrinbosari, Tashkiliy departament boshligʻi, Shaxsiy xavfsizlik bosh boshqarmasi boshligʻi, Moliya va moddiy-texnika taʼminoti departamenti boshligʻining birinchi oʻrinbosari — Moliya-iqtisod boshqarmasi boshligʻi, Yuridik taʼminlash boshqarmasi boshligʻi va Ichki ishlar vazirligining masʼul xodimlaridan iborat tarkibda shakllantiriladi.

6. Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vazirining oʻrinbosari — Maʼnaviy-maʼrifiy ishlar va kadrlar bilan taʼminlash departamenti boshligʻi Maxsus komissiya raisi hisoblanadi.

Ichki ishlar vazirligi Maʼnaviy-maʼrifiy ishlar va kadrlar bilan taʼminlash departamentining masʼul xodimi Maxsus komissiya kotibi hisoblanadi.

7. Maxsus komissiya oʻz faoliyatini mazkur Nizom hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiradi.

8. Maxsus komissiya raisi:

Maxsus komissiya faoliyatini va uning ish tartibiga rioya etilishini nazorat qiladi;

Maxsus komissiyaning navbatdagi yigʻilishi oʻtkaziladigan kun va vaqtni belgilaydi;

Maxsus komissiya majlislarini oʻtkazadi va ularga rahbarlik qiladi.

9. Maxsus komissiya raisi komissiya ishini tashkil qilish va uning oʻz vaqtida, toʻgʻri va haqqoniy oʻtkazilishi uchun masʼul hisoblanadi.

3-bob. Halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan sobiq xodimlar yigʻma jildini shakllantirish

10. Tuman (shahar) ichki ishlar boshqarmalari (boʻlimlari) oʻzlariga tegishli hududda sodir boʻlgan voqeada (hodisada) ichki ishlar organi xodimining halok boʻlishi yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolishi holatlari kuzatilganda halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan sobiq xodim va uning oila aʼzolari haqidagi maʼlumotlarni tegishliligi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Toshkent shahar va Toshkent viloyati ichki ishlar bosh boshqarmalari, viloyatlar ichki ishlar boshqarmalariga (bundan buyon matnda hududiy ichki ishlar organi deb yuritiladi) yuboradi.

11. Hududiy ichki ishlar organi tuman (shahar) ichki ishlar boshqarmalari (boʻlimlari) tomonidan taqdim etilgan roʻyxatda koʻrsatilgan, shuningdek hududiy ichki ishlar organida mavjud maʼlumotlar asosida halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan sobiq xodimlarning har biri uchun alohida yigʻma jild shakllantiradi.

Yigʻma jild quyidagi hujjatlardan yoki ularning nusxalaridan shakllantiriladi:

sodir boʻlgan voqea (hodisa) yuzasidan oʻtkazilgan xizmat tekshiruvi xulosasi;

sodir boʻlgan voqea (hodisa) boʻyicha tuzilgan dalolatnoma;

sodir boʻlgan voqea (hodisa) oqibatida jarohat olgan xodimning ushbu vaqtdagi sogʻligʻi holati toʻgʻrisidagi hujjatlar;

sud-tibbiy ekspertiza xulosasi;

sodir boʻlgan voqea (hodisa) yuz bergan vaqtda xodimning xizmat vazifasi yoki majburiyatini bajarish bilan bogʻliqligini tasdiqlovchi hujjat (agar mavjud boʻlsa);

sodir boʻlgan voqea (hodisa) yuzasidan tergov organi yoki sudning qarori (agar mavjud boʻlsa);

tibbiy koʻrik natijalari boʻyicha Tibbiy-ijtimoiy ekspert komissiyasining xulosasi hamda nogironlik toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma;

ichki ishlar organlaridan xizmatdan boʻshatilganligi toʻgʻrisidagi buyruq koʻchirmasi.

Yigʻma jildga sodir boʻlgan voqea (hodisa) bilan bogʻliq holatlarni ifodalovchi boshqa hujjatlar yoki ularning nusxalari kiritilishi mumkin.

Halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan sobiq xodim boʻyicha shakllantirilgan yigʻma jilddagi hujjatlar yoki ularning nusxalari toʻgʻri va toʻliq shakllantirilganligi boʻyicha masʼuliyat mazkur yigʻma jildni shakllantirgan hududiy ichki ishlar organiga yuklatiladi.

12. Hududiy ichki ishlar organi halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan sobiq xodim boʻyicha shakllantirilgan yigʻma jildlarni hududiy ichki ishlar organi boshligʻi, u boʻlmaganda uning vazifasini bajaruvchi tomonidan imzolangan xat bilan Maxsus komissiyaga yuboradi.

4-bob. Maxsus komissiya ishini tashkil etish

13. Maxsus komissiya kotibi halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan sobiq xodimlarning kelib tushgan yigʻma jildlarini qabul qilib oladi va shu kunning oʻzida yigʻma jildlarni roʻyxatga olish kitobiga tegishli yozuv kiritish orqali qayd qiladi.

Yigʻma jildlarni roʻyxatga olish kitobi ip oʻtkazilib tikilgan, Ichki ishlar vazirligi Maʼnaviy-maʼrifiy ishlar va kadrlar bilan taʼminlash departamentining devonxonasi muhri bilan tasdiqlangan va roʻyxatdan oʻtkazilgan boʻlishi lozim.

14. Maxsus komissiya kotibi kelib tushgan yigʻma jildlardagi hujjatlarning toʻliqligini hamda undagi maʼlumotlar toʻgʻri koʻrsatilganligini oʻrganadi.

15. Maxsus komissiya kotibi kelib tushgan yigʻma jildlardagi hujjatlar toʻliq boʻlmagan yoki undagi maʼlumotlar toʻliq koʻrsatilmaganligini aniqlagan hollarda yigʻma jildni yuborgan hududiy ichki ishlar organidan qoʻshimcha maʼlumotlar taqdim etilishini talab qiladi.

Maxsus komissiya kotibi tomonidan talab qilingan maʼlumotlar 10 kun ichida taqdim etilmagan taqdirda yigʻma jild tegishli hududiy ichki ishlar organiga qaytariladi.

16. Kelib tushgan yigʻma jildlardagi hujjatlar toʻliq va undagi maʼlumotlar toʻgʻri koʻrsatilgan hollarda Maxsus komissiya kotibi ushbu yigʻma jildlarni Maxsus komissiyaning navbatdagi yigʻilishida koʻrib chiqilishi uchun har bir yigʻma jild boʻyicha alohida Maxsus komissiyaning barcha aʼzolari soniga mutanosib ravishda qisqacha maʼlumotnoma tayyorlaydi.

17. Halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan sobiq xodimlarning yigʻma jildlari Maʼnaviy-maʼrifiy ishlar va kadrlar bilan taʼminlash departamentida saqlanadi.

18. Maxsus komissiya kotibi hududiy ichki ishlar organlaridan yuborilgan yigʻma jildlarni qabul qilib olgan kunning oʻzida bu haqda Maxsus komissiya raisini xabardor qiladi.

19. Maxsus komissiya raisi sobiq xodimning halok boʻlishi yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolishi terrorizmga va jinoyatchilikka qarshi kurashish hamda jamoat xavfsizligini taʼminlash bilan bogʻliqligini koʻrib chiqish maqsadida Maxsus komissiyaning navbatdagi yigʻilishi boʻlib oʻtadigan kun va vaqtni belgilaydi.

Bunda yigʻma jildlar bir yoki bir nechta boʻlishidan qatʼi nazar, ular Maxsus komissiyaga kelib tushgan kundan boshlab 30 kun ichida Maxsus komissiya tomonidan koʻrib chiqilishi shart.

20. Maxsus komissiya kotibi komissiya yigʻilishi oʻtkaziladigan kundan kamida 3 kun oldin Maxsus komissiyaning barcha aʼzolarini komissiya yigʻilishi oʻtkaziladigan kun va vaqt haqida xabardor qiladi.

5-bob. Maxsus komissiya yigʻilishini oʻtkazish

21. Maxsus komissiya yigʻilishida komissiya raisi, kotibi va uning aʼzolaridan boshqa shaxslarning ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi, Maxsus komissiya raisining ruxsati bilan komissiya yigʻilishida koʻrilayotgan masala yuzasidan tegishli soha mutaxassislarini jalb etish hollari bundan mustasno.

22. Maxsus komissiya kotibi yigʻilishda koʻrib chiqish uchun kun tartibiga qoʻyilgan sobiq xodimlarning yigʻma jildlari asosida tayyorlangan qisqacha maʼlumotnomani komissiyaning barcha aʼzolariga bir nusxadan tarqatadi.

23. Maxsus komissiya kotibi har bir yigʻma jild boʻyicha barcha maʼlumotlarni komissiya aʼzolariga alohida oʻqib eshittiradi.

24. Maxsus komissiya har bir yigʻma jild orqali taqdim etilgan maʼlumotlarni oʻrgangan holda ularning har biri boʻyicha alohida qaror qabul qiladi.

25. Yigʻma jildi taqdim etilgan sobiq xodimni Maxsus komissiya tomonidan halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan deb topish quyidagi mezonlar asosida amalga oshiriladi:

sobiq xodim terrorizmga qarshi kurashish bilan bogʻliq tadbirlar yoxud terroristik aktlar natijasida bevosita, shuningdek faol harakatlari oqibatida halok boʻlganligi yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolganligi holati;

sobiq xodim jinoyatchilikka qarshi kurashish bilan bogʻliq tadbirlar yoxud fuqarolar hayoti va sogʻligʻiga tahdid soluvchi harakatlar, shuningdek sodir etilgan jinoiy harakat natijasida bevosita, shuningdek faol harakatlari oqibatida halok boʻlganligi yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolganligi holati;

sobiq xodim jamoat xavfsizligini taʼminlash bilan bogʻliq tadbirlar, amaliyotlar yoxud jamoat xavfsizligiga tahdid soluvchi tajovuzlarni bartaraf etish natijasida bevosita, shuningdek faol harakatlari oqibatida halok boʻlganligi yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolganligi holati.

26. Maxsus komissiya yigʻilishida koʻrib chiqilayotgan yigʻma jild materiallari mazkur Nizomning 25-bandida nazarda tutilgan mezonlarga muvofiq boʻlmagan hollarda sobiq xodimni terrorizmga va jinoyatchilikka qarshi kurashish hamda jamoat xavfsizligini taʼminlash chogʻida halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan deb topishga yoʻl qoʻyilmaydi.

27. Maxsus komissiya tomonidan tegishliligi boʻyicha quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:

sobiq xodim terrorizmga va jinoyatchilikka qarshi kurashish (jamoat xavfsizligini taʼminlash) chogʻida halok boʻlgan (olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan) deb topish toʻgʻrisida;

sobiq xodim terrorizmga va jinoyatchilikka qarshi kurashish (jamoat xavfsizligini taʼminlash) bilan bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra halok boʻlgan (olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan) deb topish toʻgʻrisida.

28. Maxsus komissiya qarori komissiya aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlib qolgan taqdirda, Maxsus komissiya raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

29. Maxsus komissiya yigʻilishi bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi. Bunda komissiya majlisi bayonnomalarini rasmiylashtirish komissiya kotibi tomonidan amalga oshiriladi.

30. Maxsus komissiya yigʻilishi bayonnomasi komissiyaning har bir aʼzosi tomonidan imzolanadi hamda tasdiqlash uchun komissiya raisiga taqdim etiladi.

31. Maxsus komissiya kotibi komissiya raisi tomonidan tasdiqlangan bayonnoma nusxasini komissiya yigʻilishi boʻlib oʻtgan kundan boshlab 7 kun ichida yigʻma jildni yuborgan tegishli hududiy ichki ishlar organiga yetkazilishini taʼminlaydi.

32. Hududiy ichki ishlar organi Maxsus komissiya tomonidan yuborilgan barcha bayonnoma nusxalari asosida terrorizmga va jinoyatchilikka qarshi kurashish (jamoat xavfsizligini taʼminlash) chogʻida halok boʻlgan (olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan) deb topilgan sobiq xodimlar roʻyxatini yuritadi va ushbu roʻyxatni doimiy ravishda yangilab boradi.

33. Hududiy ichki ishlar organi Maxsus komissiya qaroriga asosan terrorizmga va jinoyatchilikka qarshi kurashish (jamoat xavfsizligini taʼminlash) chogʻida halok boʻlgan (olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan) deb topilgan sobiq xodimning oila aʼzolarini Maxsus komissiya qarori hamda ular uchun qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan imtiyozlar bilan yozma ravishda tanishtiradi.

34. Hududiy ichki ishlar organlari har chorak yakuni boʻyicha chorakdan keyingi oyning 3 sanasidan kechiktirmay oʻzlariga tegishli hududdagi halok boʻlgan yoki olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan sobiq xodimlar (ularning oila aʼzolari) haqidagi maʼlumotlarni xatlovdan oʻtkazadi va xatlov natijasida aniqlangan maʼlumotlarni Maxsus komissiyaga taqdim etib boradi.

35. Terrorizmga va jinoyatchilikka qarshi kurashish (jamoat xavfsizligini taʼminlash) chogʻida halok boʻlgan (olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan) xodimlar farzandlarining davlat oliy taʼlim muassasalarining bakalavriatiga (ikkinchi taʼlimdan tashqari) hamda Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiyasi va Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasining oliy (magistratura, ikkinchi va oliy taʼlim muassasasidan keyingi taʼlimdan tashqari) va oʻrta maxsus taʼlim muassasalariga oʻqishga kirishi uchun tavsiyanoma (taqdimnoma) berish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 4-iyuldagi 354-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlari shaxsiy tarkibi va ularning oila aʼzolarini ijtimoiy himoya qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom asosida amalga oshiriladi.

Bunda terrorizmga va jinoyatchilikka qarshi kurashish (jamoat xavfsizligini taʼminlash) chogʻida halok boʻlgan (olgan jarohati tufayli nogiron boʻlib qolgan) deb topilgan xodimlar farzandlarining roʻyxati Maxsus komissiya tomonidan Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 4-iyuldagi 354-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlari shaxsiy tarkibi va ularning oila aʼzolarini ijtimoiy himoya qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga asosan Oʻzbekiston Respublikasi taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish boʻyicha Davlat komissiyasiga taqdim etib boriladi.

6-bob. Yakuniy qoidalar

36. Manfaatdor shaxslar soʻroviga koʻra Maxsus komissiya qarorining tegishli qismidan koʻchirma berilishi mumkin.

37. Maxsus komissiya qaroridan norozi boʻlgan shaxslar sudga murojaat qilishlari mumkin.

38. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

Ichki ishlar vaziri P. BOBOJONOV

Sogʻliqni saqlash vaziri A. SHADMANOV

Toshkent sh.,

2019-yil 1-iyul,

Toshkent sh.,

2019-yil 1-iyul,

52QQ-son

86-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 01.07.2019-y., 10/19/3171/3384-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 14.03.2026-y., 10/26/3171-1/0229-son)

lex.uz