UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 12-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 12 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 12 июля 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 12 July 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети таркибида хорижий олий таълим муассасаларининг қўшма факультетларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда республика таълим хизматлари соҳаси ва реал сектори тармоқлари учун юқори малакали, халқаро миқёсда рақобатбардош кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш, шунингдек, олий таълим тизимида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Беларусь Республикасининг Беларусь давлат жисмоний тарбия университети ҳамда Россия Федерациясининг П.Ф. Лесгафт номидаги Санкт-Петербург миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университетининг Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети (кейинги ўринларда университет деб аталади) таркибида:

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Беларусь давлат жисмоний тарбия университети (Беларусь Республикаси) билан ҳамкорликдаги қўшма жисмоний тарбия, спорт ва туризм факультетини;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб П.Ф. Лесгафт номидаги Санкт-Петербург миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университети (Россия Федерацияси) билан ҳамкорликда қўшма жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик факультетини (кейинги ўринларда қўшма факультетлар деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қўшма факультетларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик соҳаларида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини ташкил этиш ҳамда таълим бериш;

жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун турли даражалардаги педагог кадрлар, тренерлар, ҳакамлар жисмоний тарбия ва спорт бошқаруви бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик соҳаларида магистрантлар ва докторантларни мақсадли тайёрлашни амалга ошириш ҳамда ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш;

юқори малакали мутахассислар ҳамда илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги тамойиллари, шунингдек, жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига интеграциялашиш асосида ривожлантириш;

жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик соҳаларида хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқалар ўрнатиш, ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

қўшма факультетлар кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлари бўйича бакалавр ва магистрлар, илмий-педагог кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган университет таркибий бўлинмаси ҳисобланади;

қўшма факультетларда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида рус тилида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон Республикаси олий таълимнинг давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда тегишлича Беларусь давлат жисмоний тарбия университети (Беларусь Республикаси) ҳамда П.Ф. Лесгафт номидаги Санкт-Петербург миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университети (Россия Федерацияси) билан қўшма таълим дастурлари асосида амалга оширилади;

қўшма факультетларга абитуриентларни талабаликка қабул қилиш ва қўшма факультетлар битирувчиларининг аттестацияси тегишлича Беларусь давлат жисмоний тарбия университети (Беларусь Республикаси) ҳамда П.Ф. Лесгафт номидаги Санкт-Петербург миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университетида (Россия Федерацияси) белгиланган тартиб, талаблар ва муддатларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишган ҳолда амалга оширилади;

қўшма факультетларда бакалавр таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квотаси мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, университет ва тегишлича Беларусь давлат жисмоний тарбия университети (Беларусь Республикаси) ҳамда П.Ф. Лесгафт номидаги Санкт-Петербург миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университети (Россия Федерацияси) томонидан Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади;

қўшма факультетларда ўқиш учун тўлов-контракт маблағлари миқдори миллий валютада тегишли бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг базавий тўлов-контракт суммасидан кам бўлмаган миқдорда университет ва тегишлича Беларусь давлат жисмоний тарбия университети (Беларусь Республикаси) ҳамда П.Ф. Лесгафт номидаги Санкт-Петербург миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университети (Россия Федерацияси) томонидан Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади;

қўшма факультетларда таълим олувчи талабалар ўқув жараёнида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг спорт иншоотлари, базалар, лабораториялар ҳамда ахборот-ресурс марказларидан текин фойдаланади;

қўшма факультетлар битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ҳамда тегишлича Беларусь Республикасида ёки Россия Федерациясида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган, ўзаро келишув асосида икки томонлама эътироф этиладиган университет ва тегишлича Беларусь давлат жисмоний тарбия университети (Беларусь Республикаси) ҳамда П.Ф. Лесгафт номидаги Санкт-Петербург миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университети (Россия Федерацияси) дипломлари берилади;

қўшма факультетлар фаолиятини молиялаштириш университетга талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

4. Беларусь давлат жисмоний тарбия университети (Беларусь Республикаси) ҳамда П.Ф. Лесгафт номидаги Санкт-Петербург миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университетидан (Россия Федерацияси) жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва хизмат сафари харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон қарорининг 4-бандига мувофиқ амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, Беларусь давлат жисмоний тарбия университети (Беларусь Республикаси) ҳамда П.Ф. Лесгафт номидаги Санкт-Петербург миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университети (Россия Федерацияси) билан келишган ҳолда ўқув жараёни бошлангунига қадар:

қўшма факультетларга университет ҳудудидаги бинолардан мос жой ажратиш, уларнинг фаолиятини ташкил этиш;

қўшма факультетлар профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари таркибини юқори малакали маҳаллий ҳамда хорижий илмий-педагог кадрлар ҳисобига тўлдириш;

қўшма факультетларга тегишли бўлган низом, малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ишлари амалга оширилишини таъминлаш чораларини кўрсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг буюртмаларига асосан белгиланган тартибда (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида мавжуд бўлмаган мутахассисликлар бўйича) хорижий ишчи кучини жалб қилишга рухсатномалар берилиши (амал қилиш муддати узайтирилиши)ни, шунингдек, хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилиши (амал қилиш муддати узайтирилиши)ни таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Х. Набиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 12 июль,

574-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.07.2019 й., 09/19/574/3421-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2021 й., 07/21/60/1177-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya va sport universiteti tarkibida xorijiy oliy taʼlim muassasalarining qoʻshma fakultetlarini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 17-yanvardagi PF-5635-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Faol investitsiyalar va ijtimoiy rivojlanish yili”da amalga oshirishga oid Davlat dasturida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash hamda respublika taʼlim xizmatlari sohasi va real sektori tarmoqlari uchun yuqori malakali, xalqaro miqyosda raqobatbardosh kadrlar tayyorlashni yanada takomillashtirish, shuningdek, oliy taʼlim tizimida xalqaro hamkorlikni rivojlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Jismoniy tarbiya va sport vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Belarus Respublikasining Belarus davlat jismoniy tarbiya universiteti hamda Rossiya Federatsiyasining P.F. Lesgaft nomidagi Sankt-Peterburg milliy davlat jismoniy tarbiya, sport va salomatlik universitetining Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya va sport universiteti (keyingi oʻrinlarda universitet deb ataladi) tarkibida:

2019/2020 oʻquv yilidan boshlab Belarus davlat jismoniy tarbiya universiteti (Belarus Respublikasi) bilan hamkorlikdagi qoʻshma jismoniy tarbiya, sport va turizm fakultetini;

2020/2021 oʻquv yilidan boshlab P.F. Lesgaft nomidagi Sankt-Peterburg milliy davlat jismoniy tarbiya, sport va salomatlik universiteti (Rossiya Federatsiyasi) bilan hamkorlikda qoʻshma jismoniy tarbiya, sport va salomatlik fakultetini (keyingi oʻrinlarda qoʻshma fakultetlar deb ataladi) tashkil etish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.

2. Qoʻshma fakultetlarning asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:

jismoniy tarbiya, sport va salomatlik sohalarida bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarini tashkil etish hamda taʼlim berish;

jismoniy tarbiya va sportni rivojlantirish uchun turli darajalardagi pedagog kadrlar, trenerlar, hakamlar jismoniy tarbiya va sport boshqaruvi boʻyicha mutaxassislarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish;

jismoniy tarbiya, sport va salomatlik sohalarida magistrantlar va doktorantlarni maqsadli tayyorlashni amalga oshirish hamda hamkorlikda ilmiy tadqiqotlar olib borish;

yuqori malakali mutaxassislar hamda ilmiy-pedagog kadrlar tayyorlash tizimini ilm-fan va ishlab chiqarishning uzviyligi hamda uzluksizligi tamoyillari, shuningdek, jahon taʼlim va ilmiy hamjamiyatiga integratsiyalashish asosida rivojlantirish;

jismoniy tarbiya, sport va salomatlik sohalarida xorijiy mamlakatlarning yetakchi taʼlim muassasalari, ilmiy-tadqiqot markazlari bilan uzoq muddatli aloqalar oʻrnatish, rivojlantirish va mustahkamlash.

3. Belgilab qoʻyilsinki:

qoʻshma fakultetlar kadrlarga boʻlgan ehtiyojni inobatga olgan holda taʼlim yoʻnalishlari hamda mutaxassisliklari boʻyicha bakalavr va magistrlar, ilmiy-pedagog kadrlar tayyorlashni amalga oshiradigan, yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan universitet tarkibiy boʻlinmasi hisoblanadi;

qoʻshma fakultetlarda talabalarni oʻqitish toʻlov-kontrakt asosida rus tilida, kunduzgi taʼlim shaklida Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlimning davlat taʼlim standartlari talablari inobatga olingan holda tegishlicha Belarus davlat jismoniy tarbiya universiteti (Belarus Respublikasi) hamda P.F. Lesgaft nomidagi Sankt-Peterburg milliy davlat jismoniy tarbiya, sport va salomatlik universiteti (Rossiya Federatsiyasi) bilan qoʻshma taʼlim dasturlari asosida amalga oshiriladi;

qoʻshma fakultetlarga abituriyentlarni talabalikka qabul qilish va qoʻshma fakultetlar bitiruvchilarining attestatsiyasi tegishlicha Belarus davlat jismoniy tarbiya universiteti (Belarus Respublikasi) hamda P.F. Lesgaft nomidagi Sankt-Peterburg milliy davlat jismoniy tarbiya, sport va salomatlik universitetida (Rossiya Federatsiyasi) belgilangan tartib, talablar va muddatlarga muvofiq, Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishgan holda amalga oshiriladi;

qoʻshma fakultetlarda bakalavr taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklariga qabul kvotasi mavjud talab va ehtiyojdan kelib chiqib, universitet va tegishlicha Belarus davlat jismoniy tarbiya universiteti (Belarus Respublikasi) hamda P.F. Lesgaft nomidagi Sankt-Peterburg milliy davlat jismoniy tarbiya, sport va salomatlik universiteti (Rossiya Federatsiyasi) tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi bilan kelishgan holda belgilanadi;

qoʻshma fakultetlarda oʻqish uchun toʻlov-kontrakt mablagʻlari miqdori milliy valyutada tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarining bazaviy toʻlov-kontrakt summasidan kam boʻlmagan miqdorda universitet va tegishlicha Belarus davlat jismoniy tarbiya universiteti (Belarus Respublikasi) hamda P.F. Lesgaft nomidagi Sankt-Peterburg milliy davlat jismoniy tarbiya, sport va salomatlik universiteti (Rossiya Federatsiyasi) tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi bilan kelishgan holda belgilanadi;

qoʻshma fakultetlarda taʼlim oluvchi talabalar oʻquv jarayonida Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi va Oʻzbekiston Milliy olimpiya qoʻmitasining sport inshootlari, bazalar, laboratoriyalar hamda axborot-resurs markazlaridan tekin foydalanadi;

qoʻshma fakultetlar bitiruvchilariga Oʻzbekiston Respublikasi hamda tegishlicha Belarus Respublikasida yoki Rossiya Federatsiyasida oliy taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat sifatida eʼtirof etiladigan, oʻzaro kelishuv asosida ikki tomonlama eʼtirof etiladigan universitet va tegishlicha Belarus davlat jismoniy tarbiya universiteti (Belarus Respublikasi) hamda P.F. Lesgaft nomidagi Sankt-Peterburg milliy davlat jismoniy tarbiya, sport va salomatlik universiteti (Rossiya Federatsiyasi) diplomlari beriladi;

qoʻshma fakultetlar faoliyatini moliyalashtirish universitetga talabalarni toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari, tegishli shartnomalar asosida manfaatdor tashkilotlar tomonidan taqdim etiladigan grantlar, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobiga amalga oshiriladi.

4. Belarus davlat jismoniy tarbiya universiteti (Belarus Respublikasi) hamda P.F. Lesgaft nomidagi Sankt-Peterburg milliy davlat jismoniy tarbiya, sport va salomatlik universitetidan (Rossiya Federatsiyasi) jalb qilinadigan xorijiy professor-oʻqituvchilar va mutaxassislarning mehnatiga haq toʻlash va xizmat safari xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oliy taʼlim tizimini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 20-apreldagi PQ-2909-son qarorining 4-bandiga muvofiq amalga oshiriladi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Jismoniy tarbiya va sport vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda, Belarus davlat jismoniy tarbiya universiteti (Belarus Respublikasi) hamda P.F. Lesgaft nomidagi Sankt-Peterburg milliy davlat jismoniy tarbiya, sport va salomatlik universiteti (Rossiya Federatsiyasi) bilan kelishgan holda oʻquv jarayoni boshlanguniga qadar:

qoʻshma fakultetlarga universitet hududidagi binolardan mos joy ajratish, ularning faoliyatini tashkil etish;

qoʻshma fakultetlar professor-oʻqituvchilari va ilmiy xodimlari tarkibini yuqori malakali mahalliy hamda xorijiy ilmiy-pedagog kadrlar hisobiga toʻldirish;

qoʻshma fakultetlarga tegishli boʻlgan nizom, malaka talablari, oʻquv rejalari va fan dasturlarini ishlab chiqish va tasdiqlash ishlari amalga oshirilishini taʼminlash choralarini koʻrsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi Sport vazirligi hamda Oʻzbekiston davlat jismoniy tarbiya va sport universitetining buyurtmalariga asosan belgilangan tartibda (Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari orasida mavjud boʻlmagan mutaxassisliklar boʻyicha) xorijiy ishchi kuchini jalb qilishga ruxsatnomalar berilishi (amal qilish muddati uzaytirilishi)ni, shuningdek, xorijiy fuqarolarning Oʻzbekiston Respublikasi hududida mehnat faoliyatini amalga oshirish huquqiga tasdiqnomalar berilishi (amal qilish muddati uzaytirilishi)ni taʼminlasin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Jismoniy tarbiya va sport vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari A.A. Abduxakimov hamda Oʻzbekiston Respublikasi jismoniy tarbiya va sport vaziri D.X. Nabiyev zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 12-iyul,

574-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 13.07.2019-y., 09/19/574/3421-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 25.12.2021-y., 07/21/60/1177-son; 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 10.05.2024-y., 09/24/272/0337-son)

lex.uz