UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 12-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 12 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 12 июля 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 12 July 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

низом

Ўқувчиларни психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш ишларини янада такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, умумий ўрта ва ўрта махсус давлат таълим муассасаларида ўқувчиларни психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари (кейинги ўринларда таълим муассасалари деб аталади) ўқувчиларини психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида таълим муассасаларида психологик хизмат фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар психологик хизматнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

таълим муассасаларида психологик хизмат фаолиятини самарали ва сифатли ташкил этиш, шу жумладан, иш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ишлари самарадорлигини ошириш;

ўқувчиларнинг қобилияти, лаёқати, қизиқишлари ҳамда касб-ҳунарга мойилликлари асосида тўғри касб-ҳунар танлашларига кўмаклашиш;

турли ёш даврларида ўқувчиларнинг шахсий, ақлий ва ижтимоий ривожланишини психологик жиҳатдан кузатиб бориш, таълим-тарбиядаги психологик нуқсонларни аниқлаш, уларнинг ақлий тараққиётида содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай салбий оғишларнинг олдини олиш;

ўқувчилар таълим муассасасининг ижтимоий муҳитига мослаша олмаслиги ҳолатларини коррекциялаш, уларни ижтимоий реабилитация қилиш бўйича тадбирларни ташкил этиш ва амалга ошириш;

педагогик жамоаларда соғлом психологик муҳитни яратиш ва қўллаб-қувватлаш, жамоа аъзоларининг ҳиссий-эмоционал ҳолатлари, шахслараро муносабатлар ва зиддиятли хатти-ҳаракатларни коррекциялаш, уларнинг психологик маданиятини юксалтириш;

истеъдодли ва иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг индивидуал-психологик, физиологик хусусиятлари ва қизиқишларини ўрганиш, қобилиятларини намоён этишлари ва ривожлантиришлари учун шарт-шароитлар яратиш;

ахборот-психологик хуружларнинг хавфи, Интернет жаҳон ахборот тармоғининг салбий таъсири, ёшлар тарбиясига хавф солаётган «оммавий маданият»нинг кириб келиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тадбирларни ўтказиш;

педагог ходимлар, ўқувчилар ҳамда ота-оналарнинг психологик-педагогик билимларини оширишга кўмаклашиш, педагог ходимлар, ота-оналар ва жамоат ташкилотларининг самарали ҳамкорлигини таъминлаш.

3. Қуйидагилар:

Умумий ўрта ва ўрта махсус давлат таълим муассасаларида психологик хизмат фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда таълим муассасалари психолог кадрларининг лавозим мажбуриятлари ҳамда уларга қўйиладиган малака талабларини қайта кўриб чиқсин;

таълим муассасаларидаги психологик хизмат хоналарини жиҳозлаш меъёрларини ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарор ижросини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар учун зарур маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида «Таълим» соҳасига ажратилган маблағлар доирасида ажратилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 577-сон қарорига 1-ИЛОВА

Умумий ўрта ва ўрта махсус давлат таълим муассасаларида психологик хизмат фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом умумий ўрта ва ўрта махсус давлат таълим муассасаларида (кейинги ўринларда таълим муассасалари деб аталади) психологик хизмат фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Психологик хизматнинг фаолияти:

халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларида — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази (кейинги ўринларда Республика ташхис маркази деб аталади), Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси (кейинги ўринларда ҳудудий халқ таълими бошқармалари деб аталади) ҳамда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари (кейинги ўринларда халқ таълими бўлимлари деб аталади) томонидан;

академик лицейларда — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда идоравий мансублигига кўра тегишли олий таълим муассасаси (кейинги ўринларда олий таълим муассасаси деб аталади) томонидан;

касб-ҳунар таълими муассасаларида — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари томонидан мувофиқлаштирилади.

3. Психологик хизмат ўз фаолиятини таълим муассасаларида педагог ва тиббиёт ходимлари, ўқувчиларнинг ота-оналари ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда ота-оналар деб аталади), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этади.

2-боб. Психологик хизматнинг мақсад ва вазифалари

4. Психологик хизматнинг мақсади ўқувчиларнинг маънавий ва ақлий ривожланиши, баркамол шахс сифатида шаклланиши, фаол ижтимоий мослашуви ва уларнинг ёш даврлари бўйича ривожланишида саломатлигини муҳофаза қилиш, узлуксиз таълим жараёнида ўзлигини англаши, индивидуал психологик хусусиятлари, шахсий имкониятлари ва қобилиятларини намоён этишлари учун психологик-педагогик шарт-шароитлар яратишдан иборат.

5. Қуйидагилар психологик хизматнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

таълим муассасаларида психологик хизмат фаолиятини ташкил этиш ишларини сифатли ташкил этиш, шу жумладан, иш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ишлари самарадорлигини ошириш;

ўқувчиларнинг қобилияти, лаёқати, қизиқишлари ҳамда касб-ҳунарга мойилликлари асосида касб-ҳунарни тўғри танлашларига кўмаклашиш;

турли ёш даврларида ўқувчиларнинг шахсий, ақлий ва ижтимоий ривожланишини психологик жиҳатдан кузатиб бориш, таълим-тарбиядаги психологик нуқсонларни аниқлаш, уларнинг ақлий ривожланишида содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай салбий оғишларнинг олдини олиш;

ўқувчилар таълим муассасасининг ижтимоий муҳитига мослаша олмаслиги ҳолатларини коррекциялаш, уларни ижтимоий реабилитация қилиш бўйича тадбирларни ташкил этиш ва амалга ошириш;

педагогик жамоаларда соғлом психологик муҳитни яратиш ва қўллаб-қувватлаш, жамоа аъзоларининг ҳиссий-эмоционал ҳолатлари, шахслараро муносабатлар ва зиддиятли хатти-ҳаракатларни коррекциялаш, уларнинг психологик маданиятини юксалтириш;

истеъдодли ва иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг индивидуал-психологик, физиологик хусусиятлари ва қизиқишларини ўрганиш, қобилиятларини намоён этишлари ва ривожлантиришлари учун шарт-шароитлар яратиш;

ахборот-психологик хуружларнинг хавфи, Интернет жаҳон ахборот тармоғининг салбий таъсири, ёшлар тарбиясига хавф солаётган «оммавий маданият»нинг кириб келиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тадбирларни ўтказиш;

педагог ходимлар, ўқувчилар ҳамда ота-оналарнинг психологик-педагогик билимларини оширишга кўмаклашиш, педагог ходимлар, ота-оналар ва жамоат ташкилотларининг самарали ҳамкорлигини таъминлаш.

3-боб. Психологик хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари

6. Қуйидагилар психологик хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

психологик маърифат ва ташвиқот;

психологик-педагогик ташхис;

психологик профилактика;

психологик коррекция;

психологик маслаҳат;

касб-ҳунарга йўналтириш.

7. Психологик хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагиларни назарда тутади:

а) психологик маърифат ва ташвиқот йўналишида:

педагогик жамоа, синф раҳбарлари ва ота-оналарнинг психологик саводхонлиги ва компетентлигини оширишда дастлабки психологик-педагогик билим ва тушунчалар, ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашув орқали оилавий муносабатлар, шахсий гигиена ва соғлом турмуш бўйича тавсиялар бериш;

ўқувчилар, педагог ходимлар, ота-оналар билан якка ва жамоавий шаклдаги суҳбатлар, маслаҳатлар, семинар-тренинглар ташкил этиш, турли хил йиғилишларда маърузалар билан чиқишлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали психологик билимларни бериб бориш;

б) психологик-педагогик ташхис йўналишида:

ўқувчиларнинг таълим-тарбия жараёнидаги иштироки, уларнинг ҳар бир ҳолат, воқеа ва ҳодисага муносабатини психологик-педагогик ташхисга оид янги методикалар асосида ўрганиш, таҳлил этиш ва зарур кўрсатмалар бериш;

ўқувчиларнинг қизиқишлари, мойилликлари, истеъдоди ва иқтидоридаги асосий йўналишларни аниқлаш;

таълим муассасасига қабул қилинган ўқувчиларнинг психологик мослашуви ва ривожланиш динамикасини, ўқувчиларнинг ўқишга тайёргарлик ҳолатлари, ўзлаштириши ва ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш, ўрганиш, таҳлил қилиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

таълим муассасасининг кейинги босқичларига ўтган ўқувчиларнинг янги ижтимоий муҳитга мослашуви, ўқув фаолияти, билим, кўникма ва малакаларни эгаллаш динамикаси, шахс сифатлари, шахслараро муносабатлар шаклланишини кузатиб бориш, таҳлил этиш, коррекцион машғулотларни ташкил этиш;

психологик-педагогик ташхислар, сўровномалар, суҳбатлар орқали ўқувчиларнинг касбий қобилиятлари, қизиқишлари ва фанни ўзлаштиришга бўлган мойилликларини аниқлаш, уларнинг онгли равишда касб-ҳунар танлашларига кўмаклашиш, таълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттириш учун ўқувчилар ва ота-оналарга тавсиялар бериш ва йўналтириш;

ижтимоий-психологик муаммолари мавжуд ҳамда фанларни ўзлаштириши паст бўлган ўқувчилар билан психологик-педагогик ташхислар, сўровномалар, суҳбатлар ўтказиш орқали муаммо турини аниқлаш, гуруҳлаш ва улар билан коррекцион ишларни олиб бориш;

в) психологик профилактика йўналишида:

ўқувчилардаги барча салбий ҳолатлар ва мойилликларнинг олдини олиш бўйича педагог ходимлар ва ота-оналар учун тавсиялар ишлаб чиқиш;

ўқувчиларнинг тенгдошлари ва катталар билан ўзаро муносабатларида психологик шикаст етказувчи омилларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш;

ўқувчилар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича олиб бориладиган профилактика ишларида иштирок этиш;

ўқувчилар хулқ-атворидаги салбий ҳолатларнинг олдини олиш, руҳий зарба, низо, салбий эмоционал кечинмалар ҳолатлари юзага келишининг олдини олиш;

саломатлиги жиҳатидан имконияти чекланган ўқувчиларни психологик қўллаб-қувватлаш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, соғлиқни сақлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, ота-оналар билан учрашувлар, суҳбатлар, семинар-тренинглар, мунозаралар ва очиқ мулоқотлар ташкил этиш, тақдимотлар ва видеофильмлар намойишларини ўтказиш;

г) психологик коррекция йўналишида:

таълим олиш ва касб-ҳунар танлашда қийналаётган ўқувчилар, шахснинг мотивацион доираси билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш борасида индивидуал ва жамоавий коррекция ишларини олиб бориш;

етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг психологик реабилитациясини таъминлаш;

мутахассис сифатида ўқувчининг психологик ҳолатига оид маълумотларга муносабат билдириш, тарбиясида салбий ҳолатлар мавжуд бўлган ўқувчилар билан коррекцион ишларни амалга ошириш;

таълим олиш жараёнида ўқувчиларнинг билиш фаоллиги ҳамда қизиқишларини ривожлантириш, уларнинг интеллектуал пассивлигини коррекциялаш;

индивидуал ёки жамоавий тартибда ота-оналар ва педагог ходимларни жалб этган ҳолда ўйин, мулоқот, суҳбат, тренинг, машқ ва машғулотлар шаклида тадбирлар ташкил этиш;

д) психологик маслаҳат йўналишида:

ўқувчиларнинг индивидуал ривожланишидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича барча таълим жараёни қатнашчиларига маслаҳатлар бериш;

ўқувчиларга таълим олиш, келажагини аниқлаш, тенгдошлари ва ёши катталар билан муносабатларидаги муаммоли ҳолатлар юзасидан маслаҳатлар бериш;

ўқувчиларнинг психик ривожланиш хусусиятлари, шахс сифатида шаклланиши, шахслараро муносабат мақоми, уларнинг ёш, жинс, индивидуал-типологик хусусиятлари муаммоси бўйича амалий маслаҳатлар ташкил этиш;

е) касб-ҳунарга йўналтириш йўналишида:

ўқувчиларга турли касблар, ихтисосликлар, мансаб лавозимлари, танланган касбни, ихтисосликни эгаллаш мумкин бўлган таълим муассасалари ҳамда касбнинг инсонга, унинг жисмоний, психологик ва шахсий сифатларига, саломатлигига қўядиган талаблари ҳақида маълумотлар бериш;

ўқувчиларнинг билиш (ўқув предметларига, фанга) ва касбий (касбларга, мутахассисликларга) қизиқишларини, касб танлаш мотивлари ва касбий режаларини аниқлаш ҳамда баҳолаш;

ўқувчиларга уларнинг индивидуал хусусиятлари ва меҳнат бозори талабларини, таълим олиш ҳамда келгусида ишга жойлашиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда касб ва таълим муассасасини танлашга кўмаклашиш;

ўқувчиларда меҳнат кўникмаларини, касбларга қизиқиш, меҳнатсеварлик, ишчанлик ва масъулиятни шакллантириш ҳамда ривожлантириш.

4-боб. Психологик хизмат фаолиятини ташкил этиш

8. Таълим муассасасида психологик хизмат муассаса раҳбарининг буйруғига мувофиқ ўқувчилар сонидан келиб чиқиб 1 — 3 та штат бирлигидан иборат таркибда ташкил этилади.

Психологик хизматнинг психолог кадрлари (кейинги ўринларда психолог кадрлар деб аталади) сони бир нафардан ортиқ бўлганда улардан бирига психологик хизмат раҳбарлиги юкланади.

9. Психолог кадрлар лавозимига қўйиладиган малака талаблари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда белгиланади.

10. Таълим муассасаларида психологик хизмат фаолиятининг назорати бевосита таълим муассасаси раҳбари томонидан амалга оширилади. Психолог кадрлар ўз фаолияти доирасида бевосита таълим муассасаси раҳбарига бўйсунади.

Психолог кадрлар таълим муассасасининг педагог ходимлари билан биргаликда ўқувчиларнинг психологик ҳолати, муассасанинг психологик муҳити, коррекцион-ривожлантирувчи ва профилактик тадбирларнинг амалга оширилиши, касб-ҳунарга йўналтириш ва ташхис қўйиш фаолияти учун масъул ҳисобланади.

11. Психолог кадрлар ўз фаолиятини таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларига ҳамда ўқув дастури ва ўқув режасида белгиланган дарс машғулотлари ўтказилишини инобатга олган ҳолда амалга оширади.

12. Таълим муассасаларида психолог кадрлар учун ҳафтасига 36 соатли иш тартиби жорий этилади.

13. Таълим муассасаси раҳбарияти томонидан психолог кадрларнинг фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилади.

14. Психолог кадрлар малакасини ошириш мувофиқлиги бўйича тегишли муассасаларда ҳар уч йилда камида бир марта амалга оширилади.

15. Психолог кадрларнинг вазифалари ва функциялари таълим муассасаси уставида белгиланади.

16. Таълим муассасаларида психологик хизматнинг фаолияти тегишлилиги бўйича Республика ташхис маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган намунавий иш режа асосида ташкил этилади.

17. Психолог кадрларнинг иш режаси таълим муассасасининг педагогик кенгаши қарори асосида намунавий иш режага мувофиқ тасдиқланади.

18. Психологик хизматнинг ташкилий, илмий-методик ва дастурий таъминоти тегишли равишда Республика ташхис маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда амалга оширилади.

5-боб. Психолог кадрларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

19. Психолог кадрлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

таълим муассасасини бошқаришда қатнашиш;

таълим муассасаси педагог ходимлари учун белгиланган барча кафолатлар ва имтиёзлардан фойдаланиш, жамоат бирлашмаларига сайлаш ва сайланиш;

ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, шунингдек, таълим муассасаси педагоглари билан олиб бориладиган ишларнинг муайян йўналишларини мустақил шакллантириш;

таълим муассасаси раҳбариятидан ўзининг фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилишини талаб қилиш;

таълим муассасаси раҳбарияти билан келишган ҳолда синфдаги ва синфдан ташқаридаги машғулотларда ҳамда бошқа тадбирларда ўқувчиларнинг хулқ-атвори ҳамда индивидуал хусусиятларини, уларнинг ўқишга ва педагог ходимларга бўлган муносабатларини ўрганиш мақсадида иштирок этиш;

дарс машғулотлари, маънавий-тарбиявий тадбирлар ва спорт мусобақаларини кузатиш, таҳлил қилиш, ўқувчиларнинг шахсий ҳужжатлари билан танишиш, зарур таклиф ва маслаҳатлар бериш;

таълим муассасасининг педагогик ва методик кенгашларида иштирок этиш, ўз йўналиши бўйича таклифлар бериш;

илғор хорижий тажрибани инобатга олиб психологик-педагогик ташхисга оид янги методик дастурларни ишлаб чиқиш, тажриба-синовдан ўтказишда қатнашиш, уларни амалиётга жорий этишда иштирок этиш;

таълим муассасаси раҳбариятининг қонунчилик ҳужжатларига зид равишда берилган топшириқ ва кўрсатмаларини бажармаслик;

ўқувчиларнинг ҳаёти ва фаолиятига доир турли ишчи гуруҳлар ва комиссиялар ишида ўз ихтиёрига кўра қатнашиш, фикрлар билдириш, уларда қабул қилинган қарорлар устидан юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилиш;

давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўқувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан илтимосномалар бериш.

Психолог кадрлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

20. Психолог кадрлар:

таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларига риоя қилиш ва ўқувчиларни психологик таъсирлардан ҳимоя қилишга;

ўзининг касбий кўникмалари ва маҳоратини доимий равишда такомиллаштириш ҳамда белгиланган муддатларда ўз малакасини ошириб боришга;

психологик-педагогик ташхис натижаларини тўғри расмийлаштириш, ташхис натижалари бўйича асосланган тавсиялар беришга;

фаолиятини иш режаси асосида ташкил этишга, амалга оширишга, иш режасининг ижроси бўйича ҳисоботлар тайёрлашга;

психологик маърифат, ташхис, психологик профилактика, коррекцион-ривожлантирувчи, маслаҳат тадбирларини сифатли ташкил этиш ва муддатларига риоя қилишга;

таълим жараёни иштирокчиларининг шахсий маълумотлари ҳамда ташхис натижаларига оид маълумотларини ошкор этмасликка мажбур.

Психолог кадрлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.

6-боб. Якунловчи қоидалар

21. Психолог кадрларга иш ҳақи миқдорлари (лавозим маошлари) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Таълим муассасаси раҳбари психолог кадрларни рағбатлантириш мақсадида устамалар, қўшимча ҳақ белгилаши мумкин.

22. Психологик хизматнинг самарали ташкил этилиши ва фаолият юритиши бўйича жавобгарлик таълим муассасаси раҳбарига юкланади.

23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 12 июль,

577-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.07.2019 й., 09/19/577/3416-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 01.03.2025 й., 09/25/130/0199-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

nizom

Oʻquvchilarni psixologik-pedagogik qoʻllab-quvvatlash ishlarini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoshlarni maʼnaviy-axloqiy va jismoniy barkamol etib tarbiyalash, ularga taʼlim-tarbiya berish tizimini sifat jihatidan yangi bosqichga koʻtarish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 14-avgustdagi PQ-3907-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, umumiy oʻrta va oʻrta maxsus davlat taʼlim muassasalarida oʻquvchilarni psixologik-pedagogik qoʻllab-quvvatlash tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi hamda Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim muassasalari (keyingi oʻrinlarda taʼlim muassasalari deb ataladi) oʻquvchilarini psixologik-pedagogik qoʻllab-quvvatlash tizimini takomillashtirish maqsadida taʼlim muassasalarida psixologik xizmat faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. Quyidagilar psixologik xizmatning asosiy vazifalari etib belgilansin:

taʼlim muassasalarida psixologik xizmat faoliyatini samarali va sifatli tashkil etish, shu jumladan, ish faoliyatiga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini qoʻllash orqali oʻquvchilarni kasb-hunarga yoʻnaltirish ishlari samaradorligini oshirish;

oʻquvchilarning qobiliyati, layoqati, qiziqishlari hamda kasb-hunarga moyilliklari asosida toʻgʻri kasb-hunar tanlashlariga koʻmaklashish;

turli yosh davrlarida oʻquvchilarning shaxsiy, aqliy va ijtimoiy rivojlanishini psixologik jihatdan kuzatib borish, taʼlim-tarbiyadagi psixologik nuqsonlarni aniqlash, ularning aqliy taraqqiyotida sodir boʻlishi mumkin boʻlgan har qanday salbiy ogʻishlarning oldini olish;

oʻquvchilar taʼlim muassasasining ijtimoiy muhitiga moslasha olmasligi holatlarini korreksiyalash, ularni ijtimoiy reabilitatsiya qilish boʻyicha tadbirlarni tashkil etish va amalga oshirish;

pedagogik jamoalarda sogʻlom psixologik muhitni yaratish va qoʻllab-quvvatlash, jamoa aʼzolarining hissiy-emotsional holatlari, shaxslararo munosabatlar va ziddiyatli xatti-harakatlarni korreksiyalash, ularning psixologik madaniyatini yuksaltirish;

isteʼdodli va iqtidorli oʻquvchilarni aniqlash, ularning individual-psixologik, fiziologik xususiyatlari va qiziqishlarini oʻrganish, qobiliyatlarini namoyon etishlari va rivojlantirishlari uchun shart-sharoitlar yaratish;

axborot-psixologik xurujlarning xavfi, Internet jahon axborot tarmogʻining salbiy taʼsiri, yoshlar tarbiyasiga xavf solayotgan “ommaviy madaniyat”ning kirib kelishi holatlarining oldini olishga qaratilgan tadbirlarni oʻtkazish;

pedagog xodimlar, oʻquvchilar hamda ota-onalarning psixologik-pedagogik bilimlarini oshirishga koʻmaklashish, pedagog xodimlar, ota-onalar va jamoat tashkilotlarining samarali hamkorligini taʼminlash.

3. Quyidagilar:

Umumiy oʻrta va oʻrta maxsus davlat taʼlim muassasalarida psixologik xizmat faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

4. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi ikki oy muddatda:

Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi bilan birgalikda taʼlim muassasalari psixolog kadrlarining lavozim majburiyatlari hamda ularga qoʻyiladigan malaka talablarini qayta koʻrib chiqsin;

taʼlim muassasalaridagi psixologik xizmat xonalarini jihozlash meʼyorlarini ishlab chiqsin hamda belgilangan tartibda tasdiqlasin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi ushbu qaror ijrosini taʼminlash bilan bogʻliq xarajatlar uchun zarur mablagʻlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti parametrlarida “Taʼlim” sohasiga ajratilgan mablagʻlar doirasida ajratilishini taʼminlasin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.

7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.A. Abduxakimov, Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vaziri Sh.X. Shermatov hamda Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 12-iyuldagi 577-son qaroriga 1-ILOVA

Umumiy oʻrta va oʻrta maxsus davlat taʼlim muassasalarida psixologik xizmat faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom umumiy oʻrta va oʻrta maxsus davlat taʼlim muassasalarida (keyingi oʻrinlarda taʼlim muassasalari deb ataladi) psixologik xizmat faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Psixologik xizmatning faoliyati:

xalq taʼlimi tizimidagi taʼlim muassasalarida — Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligining Oʻquvchilarni kasb-hunarga yoʻnaltirish va psixologik-pedagogik respublika tashxis markazi (keyingi oʻrinlarda Respublika tashxis markazi deb ataladi), Qoraqalpogʻiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, viloyatlar xalq taʼlimi boshqarmalari va Toshkent shahar xalq taʼlimi bosh boshqarmasi (keyingi oʻrinlarda hududiy xalq taʼlimi boshqarmalari deb ataladi) hamda tuman (shahar) xalq taʼlimi boʻlimlari (keyingi oʻrinlarda xalq taʼlimi boʻlimlari deb ataladi) tomonidan;

akademik litseylarda — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda idoraviy mansubligiga koʻra tegishli oliy taʼlim muassasasi (keyingi oʻrinlarda oliy taʼlim muassasasi deb ataladi) tomonidan;

kasb-hunar taʼlimi muassasalarida — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar Kasbiy taʼlimni rivojlantirish va muvofiqlashtirish hududiy boshqarmalari tomonidan muvofiqlashtiriladi.

3. Psixologik xizmat oʻz faoliyatini taʼlim muassasalarida pedagog va tibbiyot xodimlari, oʻquvchilarning ota-onalari va ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar (keyingi oʻrinlarda ota-onalar deb ataladi), fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari hamda nodavlat notijorat tashkilotlar bilan hamkorlikda tashkil etadi.

2-bob. Psixologik xizmatning maqsad va vazifalari

4. Psixologik xizmatning maqsadi oʻquvchilarning maʼnaviy va aqliy rivojlanishi, barkamol shaxs sifatida shakllanishi, faol ijtimoiy moslashuvi va ularning yosh davrlari boʻyicha rivojlanishida salomatligini muhofaza qilish, uzluksiz taʼlim jarayonida oʻzligini anglashi, individual psixologik xususiyatlari, shaxsiy imkoniyatlari va qobiliyatlarini namoyon etishlari uchun psixologik-pedagogik shart-sharoitlar yaratishdan iborat.

5. Quyidagilar psixologik xizmatning asosiy vazifalari hisoblanadi:

taʼlim muassasalarida psixologik xizmat faoliyatini tashkil etish ishlarini sifatli tashkil etish, shu jumladan, ish faoliyatiga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini qoʻllash orqali oʻquvchilarni kasb-hunarga yoʻnaltirish ishlari samaradorligini oshirish;

oʻquvchilarning qobiliyati, layoqati, qiziqishlari hamda kasb-hunarga moyilliklari asosida kasb-hunarni toʻgʻri tanlashlariga koʻmaklashish;

turli yosh davrlarida oʻquvchilarning shaxsiy, aqliy va ijtimoiy rivojlanishini psixologik jihatdan kuzatib borish, taʼlim-tarbiyadagi psixologik nuqsonlarni aniqlash, ularning aqliy rivojlanishida sodir boʻlishi mumkin boʻlgan har qanday salbiy ogʻishlarning oldini olish;

oʻquvchilar taʼlim muassasasining ijtimoiy muhitiga moslasha olmasligi holatlarini korreksiyalash, ularni ijtimoiy reabilitatsiya qilish boʻyicha tadbirlarni tashkil etish va amalga oshirish;

pedagogik jamoalarda sogʻlom psixologik muhitni yaratish va qoʻllab-quvvatlash, jamoa aʼzolarining hissiy-emotsional holatlari, shaxslararo munosabatlar va ziddiyatli xatti-harakatlarni korreksiyalash, ularning psixologik madaniyatini yuksaltirish;

isteʼdodli va iqtidorli oʻquvchilarni aniqlash, ularning individual-psixologik, fiziologik xususiyatlari va qiziqishlarini oʻrganish, qobiliyatlarini namoyon etishlari va rivojlantirishlari uchun shart-sharoitlar yaratish;

axborot-psixologik xurujlarning xavfi, Internet jahon axborot tarmogʻining salbiy taʼsiri, yoshlar tarbiyasiga xavf solayotgan “ommaviy madaniyat”ning kirib kelishi holatlarining oldini olishga qaratilgan tadbirlarni oʻtkazish;

pedagog xodimlar, oʻquvchilar hamda ota-onalarning psixologik-pedagogik bilimlarini oshirishga koʻmaklashish, pedagog xodimlar, ota-onalar va jamoat tashkilotlarining samarali hamkorligini taʼminlash.

3-bob. Psixologik xizmat faoliyatining asosiy yoʻnalishlari

6. Quyidagilar psixologik xizmat faoliyatining asosiy yoʻnalishlari hisoblanadi:

psixologik maʼrifat va tashviqot;

psixologik-pedagogik tashxis;

psixologik profilaktika;

psixologik korreksiya;

psixologik maslahat;

kasb-hunarga yoʻnaltirish.

7. Psixologik xizmat faoliyatining asosiy yoʻnalishlari quyidagilarni nazarda tutadi:

a) psixologik maʼrifat va tashviqot yoʻnalishida:

pedagogik jamoa, sinf rahbarlari va ota-onalarning psixologik savodxonligi va kompetentligini oshirishda dastlabki psixologik-pedagogik bilim va tushunchalar, har bir oʻquvchiga individual yondashuv orqali oilaviy munosabatlar, shaxsiy gigiyena va sogʻlom turmush boʻyicha tavsiyalar berish;

oʻquvchilar, pedagog xodimlar, ota-onalar bilan yakka va jamoaviy shakldagi suhbatlar, maslahatlar, seminar-treninglar tashkil etish, turli xil yigʻilishlarda maʼruzalar bilan chiqishlar, shuningdek, ommaviy axborot vositalari orqali psixologik bilimlarni berib borish;

b) psixologik-pedagogik tashxis yoʻnalishida:

oʻquvchilarning taʼlim-tarbiya jarayonidagi ishtiroki, ularning har bir holat, voqea va hodisaga munosabatini psixologik-pedagogik tashxisga oid yangi metodikalar asosida oʻrganish, tahlil etish va zarur koʻrsatmalar berish;

oʻquvchilarning qiziqishlari, moyilliklari, isteʼdodi va iqtidoridagi asosiy yoʻnalishlarni aniqlash;

taʼlim muassasasiga qabul qilingan oʻquvchilarning psixologik moslashuvi va rivojlanish dinamikasini, oʻquvchilarning oʻqishga tayyorgarlik holatlari, oʻzlashtirishi va rivojlanishiga toʻsqinlik qilayotgan omillarni aniqlash, oʻrganish, tahlil qilish va tavsiyalar ishlab chiqish;

taʼlim muassasasining keyingi bosqichlariga oʻtgan oʻquvchilarning yangi ijtimoiy muhitga moslashuvi, oʻquv faoliyati, bilim, koʻnikma va malakalarni egallash dinamikasi, shaxs sifatlari, shaxslararo munosabatlar shakllanishini kuzatib borish, tahlil etish, korreksion mashgʻulotlarni tashkil etish;

psixologik-pedagogik tashxislar, soʻrovnomalar, suhbatlar orqali oʻquvchilarning kasbiy qobiliyatlari, qiziqishlari va fanni oʻzlashtirishga boʻlgan moyilliklarini aniqlash, ularning ongli ravishda kasb-hunar tanlashlariga koʻmaklashish, taʼlimning keyingi bosqichlarida oʻqishni davom ettirish uchun oʻquvchilar va ota-onalarga tavsiyalar berish va yoʻnaltirish;

ijtimoiy-psixologik muammolari mavjud hamda fanlarni oʻzlashtirishi past boʻlgan oʻquvchilar bilan psixologik-pedagogik tashxislar, soʻrovnomalar, suhbatlar oʻtkazish orqali muammo turini aniqlash, guruhlash va ular bilan korreksion ishlarni olib borish;

v) psixologik profilaktika yoʻnalishida:

oʻquvchilardagi barcha salbiy holatlar va moyilliklarning oldini olish boʻyicha pedagog xodimlar va ota-onalar uchun tavsiyalar ishlab chiqish;

oʻquvchilarning tengdoshlari va kattalar bilan oʻzaro munosabatlarida psixologik shikast yetkazuvchi omillarni bartaraf etishda yordam koʻrsatish;

oʻquvchilar oʻrtasidagi huquqbuzarlik va jinoyatchilikning oldini olish boʻyicha olib boriladigan profilaktika ishlarida ishtirok etish;

oʻquvchilar xulq-atvoridagi salbiy holatlarning oldini olish, ruhiy zarba, nizo, salbiy emotsional kechinmalar holatlari yuzaga kelishining oldini olish;

salomatligi jihatidan imkoniyati cheklangan oʻquvchilarni psixologik qoʻllab-quvvatlash;

mahalliy davlat hokimiyati organlari, sogʻliqni saqlash, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish va huquqni muhofaza qiluvchi organlar xodimlari, ota-onalar bilan uchrashuvlar, suhbatlar, seminar-treninglar, munozaralar va ochiq muloqotlar tashkil etish, taqdimotlar va videofilmlar namoyishlarini oʻtkazish;

g) psixologik korreksiya yoʻnalishida:

taʼlim olish va kasb-hunar tanlashda qiynalayotgan oʻquvchilar, shaxsning motivatsion doirasi bilan bogʻliq muammolarni hal etish borasida individual va jamoaviy korreksiya ishlarini olib borish;

yetim va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalarning psixologik reabilitatsiyasini taʼminlash;

mutaxassis sifatida oʻquvchining psixologik holatiga oid maʼlumotlarga munosabat bildirish, tarbiyasida salbiy holatlar mavjud boʻlgan oʻquvchilar bilan korreksion ishlarni amalga oshirish;

taʼlim olish jarayonida oʻquvchilarning bilish faolligi hamda qiziqishlarini rivojlantirish, ularning intellektual passivligini korreksiyalash;

individual yoki jamoaviy tartibda ota-onalar va pedagog xodimlarni jalb etgan holda oʻyin, muloqot, suhbat, trening, mashq va mashgʻulotlar shaklida tadbirlar tashkil etish;

d) psixologik maslahat yoʻnalishida:

oʻquvchilarning individual rivojlanishidagi muammolarni hal etish boʻyicha barcha taʼlim jarayoni qatnashchilariga maslahatlar berish;

oʻquvchilarga taʼlim olish, kelajagini aniqlash, tengdoshlari va yoshi kattalar bilan munosabatlaridagi muammoli holatlar yuzasidan maslahatlar berish;

oʻquvchilarning psixik rivojlanish xususiyatlari, shaxs sifatida shakllanishi, shaxslararo munosabat maqomi, ularning yosh, jins, individual-tipologik xususiyatlari muammosi boʻyicha amaliy maslahatlar tashkil etish;

e) kasb-hunarga yoʻnaltirish yoʻnalishida:

oʻquvchilarga turli kasblar, ixtisosliklar, mansab lavozimlari, tanlangan kasbni, ixtisoslikni egallash mumkin boʻlgan taʼlim muassasalari hamda kasbning insonga, uning jismoniy, psixologik va shaxsiy sifatlariga, salomatligiga qoʻyadigan talablari haqida maʼlumotlar berish;

oʻquvchilarning bilish (oʻquv predmetlariga, fanga) va kasbiy (kasblarga, mutaxassisliklarga) qiziqishlarini, kasb tanlash motivlari va kasbiy rejalarini aniqlash hamda baholash;

oʻquvchilarga ularning individual xususiyatlari va mehnat bozori talablarini, taʼlim olish hamda kelgusida ishga joylashish imkoniyatlarini hisobga olgan holda kasb va taʼlim muassasasini tanlashga koʻmaklashish;

oʻquvchilarda mehnat koʻnikmalarini, kasblarga qiziqish, mehnatsevarlik, ishchanlik va masʼuliyatni shakllantirish hamda rivojlantirish.

4-bob. Psixologik xizmat faoliyatini tashkil etish

8. Taʼlim muassasasida psixologik xizmat muassasa rahbarining buyrugʻiga muvofiq oʻquvchilar sonidan kelib chiqib 1 — 3 ta shtat birligidan iborat tarkibda tashkil etiladi.

Psixologik xizmatning psixolog kadrlari (keyingi oʻrinlarda psixolog kadrlar deb ataladi) soni bir nafardan ortiq boʻlganda ulardan biriga psixologik xizmat rahbarligi yuklanadi.

9. Psixolog kadrlar lavozimiga qoʻyiladigan malaka talablari tegishli ravishda Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi hamda Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi bilan birgalikda belgilanadi.

10. Taʼlim muassasalarida psixologik xizmat faoliyatining nazorati bevosita taʼlim muassasasi rahbari tomonidan amalga oshiriladi. Psixolog kadrlar oʻz faoliyati doirasida bevosita taʼlim muassasasi rahbariga boʻysunadi.

Psixolog kadrlar taʼlim muassasasining pedagog xodimlari bilan birgalikda oʻquvchilarning psixologik holati, muassasaning psixologik muhiti, korreksion-rivojlantiruvchi va profilaktik tadbirlarning amalga oshirilishi, kasb-hunarga yoʻnaltirish va tashxis qoʻyish faoliyati uchun masʼul hisoblanadi.

11. Psixolog kadrlar oʻz faoliyatini taʼlim muassasasining ichki tartib-qoidalariga hamda oʻquv dasturi va oʻquv rejasida belgilangan dars mashgʻulotlari oʻtkazilishini inobatga olgan holda amalga oshiradi.

12. Taʼlim muassasalarida psixolog kadrlar uchun haftasiga 36 soatli ish tartibi joriy etiladi.

13. Taʼlim muassasasi rahbariyati tomonidan psixolog kadrlarning faoliyat olib borishi uchun zarur shart-sharoitlar yaratib beriladi.

14. Psixolog kadrlar malakasini oshirish muvofiqligi boʻyicha tegishli muassasalarda har uch yilda kamida bir marta amalga oshiriladi.

15. Psixolog kadrlarning vazifalari va funksiyalari taʼlim muassasasi ustavida belgilanadi.

16. Taʼlim muassasalarida psixologik xizmatning faoliyati tegishliligi boʻyicha Respublika tashxis markazi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan tasdiqlangan namunaviy ish reja asosida tashkil etiladi.

17. Psixolog kadrlarning ish rejasi taʼlim muassasasining pedagogik kengashi qarori asosida namunaviy ish rejaga muvofiq tasdiqlanadi.

18. Psixologik xizmatning tashkiliy, ilmiy-metodik va dasturiy taʼminoti tegishli ravishda Respublika tashxis markazi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda amalga oshiriladi.

5-bob. Psixolog kadrlarning huquq va majburiyatlari

19. Psixolog kadrlar quyidagi huquqlarga ega:

taʼlim muassasasini boshqarishda qatnashish;

taʼlim muassasasi pedagog xodimlari uchun belgilangan barcha kafolatlar va imtiyozlardan foydalanish, jamoat birlashmalariga saylash va saylanish;

oʻquvchilar, ularning ota-onalari, shuningdek, taʼlim muassasasi pedagoglari bilan olib boriladigan ishlarning muayyan yoʻnalishlarini mustaqil shakllantirish;

taʼlim muassasasi rahbariyatidan oʻzining faoliyat olib borishi uchun zarur shart-sharoitlar yaratib berilishini talab qilish;

taʼlim muassasasi rahbariyati bilan kelishgan holda sinfdagi va sinfdan tashqaridagi mashgʻulotlarda hamda boshqa tadbirlarda oʻquvchilarning xulq-atvori hamda individual xususiyatlarini, ularning oʻqishga va pedagog xodimlarga boʻlgan munosabatlarini oʻrganish maqsadida ishtirok etish;

dars mashgʻulotlari, maʼnaviy-tarbiyaviy tadbirlar va sport musobaqalarini kuzatish, tahlil qilish, oʻquvchilarning shaxsiy hujjatlari bilan tanishish, zarur taklif va maslahatlar berish;

taʼlim muassasasining pedagogik va metodik kengashlarida ishtirok etish, oʻz yoʻnalishi boʻyicha takliflar berish;

ilgʻor xorijiy tajribani inobatga olib psixologik-pedagogik tashxisga oid yangi metodik dasturlarni ishlab chiqish, tajriba-sinovdan oʻtkazishda qatnashish, ularni amaliyotga joriy etishda ishtirok etish;

taʼlim muassasasi rahbariyatining qonunchilik hujjatlariga zid ravishda berilgan topshiriq va koʻrsatmalarini bajarmaslik;

oʻquvchilarning hayoti va faoliyatiga doir turli ishchi guruhlar va komissiyalar ishida oʻz ixtiyoriga koʻra qatnashish, fikrlar bildirish, ularda qabul qilingan qarorlar ustidan yuqori turuvchi tashkilotlarga murojaat qilish;

davlat va nodavlat notijorat tashkilotlarga, huquqni muhofaza qiluvchi organlarga oʻquvchilarning huquq va manfaatlarini himoya qilish yuzasidan iltimosnomalar berish.

Psixolog kadrlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

20. Psixolog kadrlar:

taʼlim muassasasining ichki tartib-qoidalariga rioya qilish va oʻquvchilarni psixologik taʼsirlardan himoya qilishga;

oʻzining kasbiy koʻnikmalari va mahoratini doimiy ravishda takomillashtirish hamda belgilangan muddatlarda oʻz malakasini oshirib borishga;

psixologik-pedagogik tashxis natijalarini toʻgʻri rasmiylashtirish, tashxis natijalari boʻyicha asoslangan tavsiyalar berishga;

faoliyatini ish rejasi asosida tashkil etishga, amalga oshirishga, ish rejasining ijrosi boʻyicha hisobotlar tayyorlashga;

psixologik maʼrifat, tashxis, psixologik profilaktika, korreksion-rivojlantiruvchi, maslahat tadbirlarini sifatli tashkil etish va muddatlariga rioya qilishga;

taʼlim jarayoni ishtirokchilarining shaxsiy maʼlumotlari hamda tashxis natijalariga oid maʼlumotlarini oshkor etmaslikka majbur.

Psixolog kadrlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarni ham olishi mumkin.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

21. Psixolog kadrlarga ish haqi miqdorlari (lavozim maoshlari) qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.

Taʼlim muassasasi rahbari psixolog kadrlarni ragʻbatlantirish maqsadida ustamalar, qoʻshimcha haq belgilashi mumkin.

22. Psixologik xizmatning samarali tashkil etilishi va faoliyat yuritishi boʻyicha javobgarlik taʼlim muassasasi rahbariga yuklanadi.

23. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 12-iyul,

577-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 13.07.2019-y., 09/19/577/3416-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 01.03.2025-y., 09/25/130/0199-son)

lex.uz