UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 19-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 19 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 19 июля 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 19 July 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

РЎЙХАТИ

ТАРКИБИ

Астрахань давлат техника университетининг Тошкент вилоятидаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида » 2018 йил 6 апрелдаги ПҚ-3657-сон ҳамда «Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3997-сон қарорлари ижросини таъминлаш, шунингдек, республикада балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, балиқчилик соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси, Тошкент давлат аграр университети ва Астрахань давлат техника университетининг (Россия Федерацияси) (кейинги ўринларда Бош муассаса деб юритилади), Астрахань давлат техника университетининг Тошкент вилоятидаги филиалини (кейинги ўринларда Филиал деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

балиқчилик тармоғи эҳтиёжларини қондириш учун ишлаб чиқариш ва энг муҳим илмий-тадқиқот вазифаларини ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

аквакультурани ривожлантириш, табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан оқилона фойдаланиш, балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш, шунингдек, балиқ етиштиришнинг илмий асосланган усуллари ва интенсив технологияларини жорий этиш, балиқларни парваришлаш, инкубациялаш, озиқлантириш, товар балиқ етиштириш, хориж технологияси асосида совуқ сувда яшовчи балиқларни республика иқлим шароитига мослаштиришнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

Бош муассасанинг бой тажрибасидан фойдаланган ҳолда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш;

инновацион ва замонавий интенсив технологияларни кенг жорий этиш, шу жумладан, қафас (садок) усулида, ёпиқ сув таъминоти қурилмаларида балиқ етиштириш, сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлигини ошириш бўйича илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш;

ўқув режаси ва фан дастурларида соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва ресурсларни тежайдиган илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш орқали битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш;

профессор-ўқитувчилар, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкасини ташкил этишда ҳамкорликни ривожлантириш;

фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Филиал Бош муассасанинг Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳуқуқлари бўлган ҳамда унинг функцияларини низом асосида амалга оширувчи алоҳида бўлинмаси сифатида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси қонунчилиги ҳамда халқаро шартномаларга мувофиқ ташкил этилади;

Филиал Бош муассаса томонидан таъсис этилади ва кадрларга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда келишилган асосий бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича мутахассислар, жумладан, илмий-педагог кадрларни тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва уларнинг малакасини оширади;

Бош муассаса ўқув жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этишга, шунингдек, Филиалнинг кутубхона фондини замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий-техник адабиётлар билан тўлдиришга кўмаклашади;

2019/2020 ўқув йилида Тошкент давлат аграр университети Бош муассаса билан ҳамкорликда «Сув биоресурслари ва аквакультура» бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги шаклда қўшма таълим дастури асосида икки томонлама тан олинадиган диплом бериш учун тўлов-контракт асосида рус гуруҳида кадрлар тайёрлашни давом эттиради;

Филиалнинг таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;

Филиалнинг ҳар йилги қабул параметрлари манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжи ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси, Бош муассаса билан келишган ҳолда тайёрланган таклифлар асосида Филиалининг Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади;

Филиалда ўқитиш Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда Бош муассаса томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлар асосида амалга оширилади;

Филиал битирувчиларининг аттестацияси Бош муассаса томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Филиал битирувчиларига ўқишни тамомлаганидан сўнг Бош муассасанинг белгиланган намунадаги дипломи берилади ва ушбу диплом Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этилади.

4. Қуйидагилар:

Астрахань давлат техника университетининг Тошкент вилоятидаги филиалида мутахассислар тайёрлашнинг бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) рўйхати 1-иловага мувофиқ;

Астрахань давлат техника университетининг Тошкент вилоятидаги филиали Васийлик кенгашининг (кейинги ўринларда Васийлик кенгаши деб юритилади) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Васийлик кенгаши икки ой муддатда Филиалнинг ташкилий тузилмаси ва штатлар жадвалини тасдиқласин.

5. Филиал Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Янги Қўйлиқ кўчаси, 2-уйда жойлашган Тошкент давлат транспорт университети Логистика факультети биносига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:

бир ой муддатда Филиал таъсис ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши, келишилиши ҳамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

2020 йил 1 августга қадар Филиал малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан танлов асосида тўлдирилишини таъминласин.

7. Белгилаб қўйилсинки:

а) Филиал фаолиятини молиялаштириш:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига талабаларни, бироқ Филиалга таълим олиш учун қабул қилинадиган талабалар умумий сонининг 40 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳолда, давлат гранти асосида ўқитишга ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда Васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган пул маблағлари;

халқаро (хорижий) молия институтлари ва ташкилотларининг грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;

б) Филиалнинг дастлабки фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатлар (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситаларини харид қилиш) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади;

в) Филиални сақлаш учун бюджет маблағлари 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижтимоий соҳа бўйича тасдиқланган харажатлари параметрлари доирасида ажратилади, 2021 йилдан бошлаб эса мазкур соҳанинг йиллик харажатлар параметрларида назарда тутилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурининг 2020 йил ва кейинги йиллар учун параметрларини шакллантиришда Филиалнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш юзасидан лойиҳалар ушбу дастурларга белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсин.

9. Филиалнинг ўқув жараёнига хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидан жалб қилинган олимлар, профессор-ўқитувчилар ва мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва хизмат сафари харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон қарорининг 4-бандига мувофиқ амалга оширилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Филиалнинг буюртманомаларига кўра мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва бошқарув ходимлари, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Филиалнинг буюртманомаларига кўра Филиалнинг хорижий профессор-ўқитувчилари ва бошқарув ходимларига, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар берилишини ва муддати узайтирилишини ҳамда уларнинг вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишини ва муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Филиалнинг буюртманомаларига кўра Филиал фаолиятини ташкил этишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (узайтирилишини), шунингдек, хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (узайтирилишини) таъминлансин.

13. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 июлдаги 608-сон қарорига 1-ИЛОВА

Астрахань давлат техника университетининг Тошкент вилоятидаги филиалида мутахассислар тайёрлашнинг бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари)

1. Сув биоресурслари ва аквакультура 2. Экология ва табиатдан фойдаланиш 3. Балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш технологияси 4. Балиқчилик хўжалиги иқтисодиёти

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 июлдаги 608-сон қарорига 2-ИЛОВА

Астрахань давлат техника университетининг Тошкент вилоятидаги филиали Васийлик кенгашининг

Ж.А. Ходжаев — Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, Васийлик кенгаши раиси У.Ш. Бегимкулов — Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари О.М. Мусаев — «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси раиси Лавозими бўйича — Астрахань давлат техника университети вакили (Россия Федерацияси) (келишув асосида) Б.Б. Ашрафханов — Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари Лавозими бўйича — Астрахань давлат техника университетининг Тошкент вилоятидаги филиали ижрочи директори — Филиал директори ўринбосари, Васийлик кенгаши котиби

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 19 июль,

608-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.07.2019 й., 09/19/608/3454-сон; 29.09.2020 й., 09/20/593/1340-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 30.09.2025 й., 06/25/177/0880-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

ROʻYXATI

TARKIBI

Astraxan davlat texnika universitetining Toshkent viloyatidagi filiali faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Baliqchilik tarmogʻini jadal rivojlantirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida ” 2018-yil 6-apreldagi PQ-3657-son hamda “Oʻzbekiston Respublikasi va Rossiya Federatsiyasi oʻrtasidagi ikki tomonlama strategik hamkorlik va ittifoqchilik munosabatlarini yanada kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 3-noyabrdagi PQ-3997-son qarorlari ijrosini taʼminlash, shuningdek, respublikada baliqchilik tarmogʻini yanada rivojlantirish va yuqori malakali kadrlar tayyorlash tizimini takomillashtirish, baliqchilik sohasida xalqaro hamkorlikni kengaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, “Oʻzbekbaliqsanoat” uyushmasi, Toshkent davlat agrar universiteti va Astraxan davlat texnika universitetining (Rossiya Federatsiyasi) (keyingi oʻrinlarda Bosh muassasa deb yuritiladi), Astraxan davlat texnika universitetining Toshkent viloyatidagi filialini (keyingi oʻrinlarda Filial deb yuritiladi) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

2. Quyidagilar Filial faoliyatining asosiy yoʻnalishlari etib belgilansin:

baliqchilik tarmogʻi ehtiyojlarini qondirish uchun ishlab chiqarish va eng muhim ilmiy-tadqiqot vazifalarini hal etishga qodir boʻlgan yuqori malakali kadrlarni xalqaro taʼlim standartlari darajasida tayyorlash;

akvakulturani rivojlantirish, tabiiy va sunʼiy suv havzalaridan oqilona foydalanish, baliq mahsulotlarini ishlab chiqarish va qayta ishlash quvvatlarini kengaytirish, shuningdek, baliq yetishtirishning ilmiy asoslangan usullari va intensiv texnologiyalarini joriy etish, baliqlarni parvarishlash, inkubatsiyalash, oziqlantirish, tovar baliq yetishtirish, xorij texnologiyasi asosida sovuq suvda yashovchi baliqlarni respublika iqlim sharoitiga moslashtirishning ilmiy asoslarini ishlab chiqish va takomillashtirish;

Bosh muassasaning boy tajribasidan foydalangan holda fan, taʼlim va ishlab chiqarish integratsiyasini taʼminlash;

innovatsion va zamonaviy intensiv texnologiyalarni keng joriy etish, shu jumladan, qafas (sadok) usulida, yopiq suv taʼminoti qurilmalarida baliq yetishtirish, sunʼiy suv havzalari hosildorligini oshirish boʻyicha ilgʻor xorijiy tajribani tatbiq etish;

oʻquv rejasi va fan dasturlarida soha boʻyicha zamonaviy ishlab chiqarish jarayonlari, yuqori unumli va resurslarni tejaydigan ilgʻor texnologiyalar boʻyicha bilimlarni aks ettirish, taʼlim berish jarayonida nazariya va amaliyot uygʻunligini taʼminlash orqali bitiruvchilarning mehnat bozoridagi raqobatbardoshligini oshirish;

professor-oʻqituvchilar, ilmiy va ilmiy-pedagog kadrlarning malakasini oshirish va stajirovkasini tashkil etishda hamkorlikni rivojlantirish;

fundamental, amaliy va innovatsion tadqiqotlar olib borish hamda ularning natijalarini amaliyotga joriy etish, ilmiy-tadqiqot institutlari bilan hamkorlikda ilmiy-texnik vazifalarni hal etishga yoʻnaltirilgan amaliy va innovatsion izlanishlarni amalga oshirish.

3. Belgilab qoʻyilsinki:

Filial Bosh muassasaning Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti huquqlari boʻlgan hamda uning funksiyalarini nizom asosida amalga oshiruvchi alohida boʻlinmasi sifatida Oʻzbekiston Respublikasi va Rossiya Federatsiyasi qonunchiligi hamda xalqaro shartnomalarga muvofiq tashkil etiladi;

Filial Bosh muassasa tomonidan taʼsis etiladi va kadrlarga boʻlgan talabni hisobga olgan holda kelishilgan asosiy bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari (magistratura mutaxassisliklari) boʻyicha mutaxassislar, jumladan, ilmiy-pedagog kadrlarni tayyorlaydi, qayta tayyorlaydi va ularning malakasini oshiradi;

Bosh muassasa oʻquv jarayoniga ilgʻor pedagogik hamda axborot texnologiyalarini, fan va texnikaning eng yangi yutuqlarini joriy etishga, shuningdek, Filialning kutubxona fondini zamonaviy oʻquv, oʻquv-metodik hamda ilmiy-texnik adabiyotlar bilan toʻldirishga koʻmaklashadi;

2019/2020 oʻquv yilida Toshkent davlat agrar universiteti Bosh muassasa bilan hamkorlikda “Suv bioresurslari va akvakultura” bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha kunduzgi shaklda qoʻshma taʼlim dasturi asosida ikki tomonlama tan olinadigan diplom berish uchun toʻlov-kontrakt asosida rus guruhida kadrlar tayyorlashni davom ettiradi;

Filialning taʼlim faoliyati 2020/2021 oʻquv yilidan boshlanadi;

Filialning har yilgi qabul parametrlari manfaatdor vazirliklar va idoralarning kadrlarga boʻlgan ehtiyoji hisobga olingan holda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, “Oʻzbekbaliqsanoat” uyushmasi, Bosh muassasa bilan kelishgan holda tayyorlangan takliflar asosida Filialining Vasiylik kengashi tomonidan tasdiqlanadi;

Filialda oʻqitish Oʻzbekiston Respublikasi davlat taʼlim standartlari talablarini eʼtiborga olgan holda Bosh muassasa tomonidan tasdiqlangan oʻquv rejalari va dasturlar asosida amalga oshiriladi;

Filial bitiruvchilarining attestatsiyasi Bosh muassasa tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishgan holda belgilanadigan talablar, tartib va muddatlarga muvofiq amalga oshiriladi;

Filial bitiruvchilariga oʻqishni tamomlaganidan soʻng Bosh muassasaning belgilangan namunadagi diplomi beriladi va ushbu diplom Oʻzbekiston Respublikasida oliy taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat sifatida eʼtirof etiladi.

4. Quyidagilar:

Astraxan davlat texnika universitetining Toshkent viloyatidagi filialida mutaxassislar tayyorlashning bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari (magistratura mutaxassisliklari) roʻyxati 1-ilovaga muvofiq;

Astraxan davlat texnika universitetining Toshkent viloyatidagi filiali Vasiylik kengashining (keyingi oʻrinlarda Vasiylik kengashi deb yuritiladi) tarkibi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

Vasiylik kengashi ikki oy muddatda Filialning tashkiliy tuzilmasi va shtatlar jadvalini tasdiqlasin.

5. Filial Toshkent shahri, Mirobod tumani, Yangi Qoʻyliq koʻchasi, 2-uyda joylashgan Toshkent davlat transport universiteti Logistika fakulteti binosiga operativ boshqaruv huquqi asosida joylashtirilsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda:

bir oy muddatda Filial taʼsis hujjatlarining ishlab chiqilishi, kelishilishi hamda uning belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini;

2020-yil 1-avgustga qadar Filial malakali professor-oʻqituvchilar tarkibi bilan tanlov asosida toʻldirilishini taʼminlasin.

7. Belgilab qoʻyilsinki:

a) Filial faoliyatini moliyalashtirish:

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligiga talabalarni, biroq Filialga taʼlim olish uchun qabul qilinadigan talabalar umumiy sonining 40 foizidan ortiq boʻlmagan holda, davlat granti asosida oʻqitishga ajratiladigan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari;

talabalarni toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari hamda Vasiylik kengashi qarorlari asosida shakllantiriladigan pul mablagʻlari;

xalqaro (xorijiy) moliya institutlari va tashkilotlarining grantlari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobiga amalga oshiriladi;

b) Filialning dastlabki faoliyatini yoʻlga qoʻyish bilan bogʻliq xarajatlar (mebel, kompyuter texnikasi, oʻquv adabiyotlari va boshqa moddiy-texnika vositalarini xarid qilish) Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Oliy taʼlim muassasalarini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobiga qoplanadi;

v) Filialni saqlash uchun budjet mablagʻlari 2020-yilda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining ijtimoiy soha boʻyicha tasdiqlangan xarajatlari parametrlari doirasida ajratiladi, 2021-yildan boshlab esa mazkur sohaning yillik xarajatlar parametrlarida nazarda tutiladi.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlariga asosan Oʻzbekiston Respublikasining rivojlanish davlat dasturining 2020-yil va keyingi yillar uchun parametrlarini shakllantirishda Filialning bino va inshootlarini rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash hamda jihozlash yuzasidan loyihalar ushbu dasturlarga belgilangan tartibda kiritilishini nazarda tutsin.

9. Filialning oʻquv jarayoniga xorijiy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalaridan jalb qilingan olimlar, professor-oʻqituvchilar va mutaxassislarning mehnatiga haq toʻlash va xizmat safari xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oliy taʼlim tizimini yanada rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 20-apreldagi PQ-2909-son qarorining 4-bandiga muvofiq amalga oshirilsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Filialning buyurtmanomalariga koʻra mazkur qarorni amalga oshirish doirasida jalb qilinadigan xorijiy professor-oʻqituvchilar tarkibi va boshqaruv xodimlari, shuningdek, ularning oila aʼzolari uchun kirish vizalari konsullik yigʻimlari va boshqa yigʻimlar undirilmasdan belgilangan tartibda rasmiylashtirilishini taʼminlasin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Filialning buyurtmanomalariga koʻra Filialning xorijiy professor-oʻqituvchilari va boshqaruv xodimlariga, shuningdek, ularning oila aʼzolariga davlat boji undirilmasdan koʻp martalik vizalar berilishini va muddati uzaytirilishini hamda ularning vaqtincha turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olinishini va muddati uzaytirilishini belgilangan tartibda taʼminlasin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Filialning buyurtmanomalariga koʻra Filial faoliyatini tashkil etishda ishtirok etuvchi xorijiy mutaxassislarni jalb qilish uchun belgilangan tartibda ruxsatnomalar berilishini (uzaytirilishini), shuningdek, xorijiy fuqarolarga Oʻzbekiston Respublikasi hududida mehnat faoliyati bilan shugʻullanish huquqini beruvchi tasdiqnomalar berilishini (uzaytirilishini) taʼminlansin.

13. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi hamda Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.

14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari A.A. Abduxakimov, Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vaziri J.A. Xodjayev hamda Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 19-iyuldagi 608-son qaroriga 1-ILOVA

Astraxan davlat texnika universitetining Toshkent viloyatidagi filialida mutaxassislar tayyorlashning bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari (magistratura mutaxassisliklari)

1. Suv bioresurslari va akvakultura 2. Ekologiya va tabiatdan foydalanish 3. Baliq mahsulotlarini ishlab chiqarish va qayta ishlash texnologiyasi 4. Baliqchilik xoʻjaligi iqtisodiyoti

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 19-iyuldagi 608-son qaroriga 2-ILOVA

Astraxan davlat texnika universitetining Toshkent viloyatidagi filiali Vasiylik kengashining

J.A. Xodjayev — Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vaziri, Vasiylik kengashi raisi U.Sh. Begimkulov — Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirining oʻrinbosari, Vasiylik kengashi raisining oʻrinbosari O.M. Musayev — “Oʻzbekbaliqsanoat” uyushmasi raisi Lavozimi boʻyicha — Astraxan davlat texnika universiteti vakili (Rossiya Federatsiyasi) (kelishuv asosida) B.B. Ashrafxanov — Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining oʻrinbosari Lavozimi boʻyicha — Astraxan davlat texnika universitetining Toshkent viloyatidagi filiali ijrochi direktori — Filial direktori oʻrinbosari, Vasiylik kengashi kotibi

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 19-iyul,

608-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 20.07.2019-y., 09/19/608/3454-son; 29.09.2020-y., 09/20/593/1340-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 30.09.2025-y., 06/25/177/0880-son)

lex.uz