UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 1-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 1 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 1 августа 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 1 August 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

ТАРКИБИ

тартиби

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2019 — 2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 10 апрелдаги ПФ-5707-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 августдаги 641-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисида

1- боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш ҳамда фаолиятини бошқариш тартибини белгилайди.

2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади.

2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби

3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган 25 млн АҚШ доллари эквивалентидаги миллий валютадаги маблағлар;

халқаро молия институтлари ҳамда бошқа хорижий донорлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

а) фармацевтика маҳсулотларининг янги турларини яратиш бўйича илмий ишланмаларни ташкил этиш учун Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга грантлар тақдим этиш;

б) Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва фармацевтика маҳсулотларининг сифатини назорат қилувчи давлат лабораторияларини зарур асбоб-ускуна ва техника билан жиҳозлаш;

в) республикада ишлаб чиқарилмайдиган янги турлардаги фармацевтика маҳсулотларининг клиник олди ва клиник тадқиқотларини маҳаллий муассасаларда ўтказиш учун маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг сарф-харажатларини базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробари миқдорида қоплаш;

г) маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 75 фоизини улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан сўнг қоплаш;

д) маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини таклиф этиш бўйича, шу жумладан хорижда кўргазма ва ярмаркалар ташкил қилиш, семинарлар ўтказиш, тақдимот материаллари, кўргазма стендларини тайёрлаш, Агентлик ва унга идоравий мансуб ташкилотлар мутахассисларининг мазкур тадбирларда иштирок этиши;

е) Агентликнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, унинг ходимлари ва жалб этиладиган мутахассисларни моддий рағбатлантириш, шунингдек, Агентлик ходимларини ҳамда Агентлик томонидан фармацевтика соҳаси учун зарур бўлган бошқа кадрларни ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш.

Бунда 2027 йил 1 январга қадар Агентлик томонидан иқтидорли кадрларни танлаб олиш ва уларнинг етакчи хорижий муассасаларда амалиёт ўташи билан боғлиқ, шунингдек, юборилган кадрларнинг барча харажатлари, шу жумладан, яшаш ва ўқиш харажатлари жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади;

е 1 ) Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Агентлик марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари учун меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда штат тузилмасига қўшимча мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;

е 2 . Фармацевтика техник университети фаолияти билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

ж) маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан мамлакатимизда аввал ишлаб чиқарилмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган қиймати 1 млн АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган кредитларнинг фоизларини икки йил мобайнида қоплаш харажатларини молиялаштириш.

ж 1 ) «Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)»га эга маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқарувчи ҳамда «ISO:13485» сертификатига эга маҳаллий тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқарувчи ташкилотлар фармацевтика маҳсулотларининг белгиланган талабларга мувофиқлиги бўйича постмаркетинг назоратини амалга ошириш харажатларини қоплаш.

з) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган Агентлик фаолияти билан боғлиқ бошқа мақсадларда ҳам фойдаланилиши мумкин.

3-боб. Жамғарма фаолиятини бошқариш

5. Жамғарма маблағларини Агентлик директори томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ бошқарилади ва тақсимланади.

6. Ушбу Низомнинг 4-банди «а» — «г» ва «ж» кичик бандларида кўрсатилган мақсадларга Жамғармадан маблағлар ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ таркибда шакллантирилган Жамғарма маблағларини бошқариш кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) ҳулосасига кўра ажратилади.

7. Қуйидагилар Кенгаш аъзоларининг вазифалари ҳисобланади:

Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этиш;

Кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича овоз бериш.

Кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашадилар, агар қатнашиш имкони бўлмаган тақдирда, мажлис кун тартиби бўйича ўз фикрини ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидир.

8. Кенгаш раиси:

Кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва уни чақиради;

Кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;

Кенгаш аъзоларига юкланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан уларнинг ишини мувофиқлаштиради;

Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга оширади.

9. Кенгаш котиби:

Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатларни Кенгаш мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш учун Агентликнинг тегишли бўлинмасига тақсимлайди;

Кенгаш мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

мажлисни ўтказиш муддатлари ва жойи бўйича Кенгаш раисига таклифлар киритади;

кун тартибидаги масалалари бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

Кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг санаси, вақти, жойи ва кун тартиби лойиҳаси бўйича хабардор қилади;

Кенгаш баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.

Кенгаш котиби Кенгаш аъзоси ҳисобланади.

10. Кенгаш ўз мажлисларини заруратга кўра, бироқ ҳар ойда камида бир марта ўтказади.

11. Кенгаш мажлисини Кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда эса Кенгаш раисининг ўринбосари бошқаради.

12. Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда ўтказилган ҳисобланади.

13. Мажлисни ўтказиш учун кворум ёки раис ва унинг ўринбосари бўлмаганда, Кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.

14. Кенгаш мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига кўра, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вакиллари, фармацевтика соҳасида фаолият кўрсатувчи ташкилот вакиллари таклиф этилиши мумкин.

15. Кенгаш қарори Кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

16. Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.

17. Агентликнинг Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.

18. Ишчи орган қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини ишлаб чиқади;

даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди, шунингдек, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Агентлик директорининг розилиги билан Фармацевтика тармоғи моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш учун қўшимча даромадларни жалб этиш мақсадида вақтинча бўш маблағларни белгиланган тартибда тижорат банклари депозитларига жойлаштиради;

Жамғарманинг тушумлар манбалари бўйича даромадлари хамда асосий харажатлари йўналишлари бўйича ҳисобини юритади;

ҳар чорак якуни бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ҳамда Агентлик директорига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади.

19. Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда жорий хизмат кўрсатиш ишлари Агентликнинг Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси томонидан амалга оширилади.

20. Агентлик директори:

Жамғарма маблағларини ушбу Низомга ҳамда Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасига мувофиқ тасарруф этади;

ҳар йили 25 декабргача Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари сметаларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

зарур ҳолларда, тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаларига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган шартномаларни тузади;

Жамғарма томонидан ажратилган маблағлар бўйича, шу жумладан шартномани узайтириш ва ўзгартириш бўйича қарорларни қабул қилади, агар Жамғарма маблағлари Кенгаш қарорига асосан ажратилган бўлса, Кенгаш билан келишган ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;

Ташкилотлар томонидан Жамғарма уларга ажратган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши мониторингини таъминлайди;

Жамғарманинг чорак якуни бўйича даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини бажариш бўйича чораклик ва йиллик ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим қилади;

Агентлик директори Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

4-боб. Жамғарма маблағларини йўналишлар бўйича ажратишнинг умумий шартлари

21. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан маблағ ажратиш учун мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ушбу Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

1-§. Фармацевтика маҳсулотларининг янги турларини яратиш бўйича илмий ишланмаларни ташкил этиш учун Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга грантлар тақдим этиш

22. Фармацевтика маҳсулотларининг янги турларини яратиш бўйича илмий ишланмаларни ташкил этиш учун грантлар ажратишда қуйидаги талабларга жавоб берувчи лойиҳалар танлаб олинади:

фармацевтика маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош, юқори сифатли ва янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга кўмаклашишга асосланган;

республика иқтисодиётининг рақобатбардошлигини янада ошириш мақсадида илмий-тадқиқот фаолияти натижаларини жадал ва кенг жорий қилиш;

илмий-тадқиқот фаолиятини иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг аниқ вазифаларини ҳал этишга, шунингдек, ички ва ташқи бозорлар эҳтиёжларини қондиришга қаратилган амалий натижалар олишга йўналтириш;

юқори технологияли ишлаб чиқаришларни яратишга хизмат қиладиган юқори технологияларни ишлаб чиқиш соҳасида инновацион тадқиқотларни олиб бориш;

тадқиқотларни мамлакатда изчил ривожлантириш бўйича замон талабларига жавоб берадиган, талаб юқори бўлган фармацевтика маҳсулотлари ва технологияларини жадал ишлаб чиқишга йўналтириш;

доривор ўсимликларнинг янги турларини республикамиз ҳудудида маҳаллийлаштириш.

23. Доривор ўсимликлар плантациясини ташкил этиш, доривор ўсимликлар хом ашёси асосида дори воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, импорт ўрнини босувчи дори воситаларини кенг тарғиб қилиш ва сотишга кўмаклашишга асосланган илмий ишларни жорий этиш.

24. Грантлар тақдим этишда Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилган лойиҳа ва илмий-тадқиқот ишлари Агентлик илмий-техник кенгаши томонидан берилган ижобий хулоса асосида Кенгашга кўриб чиқиш учун киритилади.

2-§. Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва фармацевтика маҳсулотларининг сифатини назорат қилувчи давлат лабораторияларини зарур асбоб-ускуна ва техника билан жиҳозлаш учун маблағ ажратиш

25. Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва фармацевтика маҳсулотларининг сифатини назорат қилувчи давлат лабораторияларини зарур асбоб-ускуна ва техника билан жиҳозлаш учун маблағ ажратишда қуйидагиларга эътибор қаратилади:

таклиф этилаётган асбоб-ускуна ва техниканинг сотиб олиш зарурати асослантирилгани;

таклиф этилаётган асбоб-ускуна ва техниканинг ҳалқаро стандартлар талабига мослиги;

таклиф этилаётган асбоб-ускуна ва техниканинг ишлаб чиқариш самарадорлигига таъсирининг техник-иқтисодий асослантирилгани;

лабораториялардаги мавжуд бўлган асбоб ускуналарнинг функционал ҳолатини яхшилаш мақсадида жорий таъмирлаш зарурлиги.

26. Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва фармацевтика маҳсулотларининг сифатини назорат қилувчи давлат лабораториялари томонидан сотиб олиниши таклиф этилаётган асбоб-ускуна ва техникалар нархлари “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талабларидан келиб чиқиб, аукцион (тендер) савдолари асосида шакллантирилади ва Кенгашга тақдим этилади.

Зарур асбоб-ускуна ва техника билан жиҳозлашга маблағ ажратиш учун Кенгаш томонидан берилган ижобий қарорга асосан Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва фармацевтика маҳсулотларининг сифатини назорат қилувчи давлат лабораторияларига Агентлик томонидан маблағлар молиялаштириб берилади. Бунда нархларнинг тўғри ва шаффоф шакллантирилгани, ажратилган маблағларнинг тўғри ва мақсадли ишлатилиши бўйича Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва фармацевтика маҳсулотларининг сифатини назорат қилувчи давлат лабораториялари раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.

3-§. Республикада ишлаб чиқарилмайдиган янги турдаги фармацевтика маҳсулотларининг клиник олди ва клиник тадқиқотларини маҳаллий муассасаларда ўтказиш учун маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг сарф-харажатларини базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробаригача миқдорида қоплаш учун маблағ ажратиш

27. Республикада ишлаб чиқарилмайдиган янги турдаги фармацевтика маҳсулотларининг клиник олди ва клиник тадқиқотларини маҳаллий муассасаларда ўтказиш учун маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг сарф-харажатларини базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробаригача миқдорда қоплаш учун маблағ ажратишда ташаббускор томонидан фармацевтика маҳсулотларининг клиник-олди ва клиник тадқиқотларини (ҳар бири учун алоҳида) маҳаллий муассасаларда ўтказиш учун тузилган шартноманинг асл нусхасини тақдим этадилар.

4-§. Маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 50 фоизини улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан сўнг қоплаш

28. Маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари ўзларининг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 50 фоизини Жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаш учун Агентликка мазкур фармацевтика маҳсулотларининг хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказганлигини тасдиқловчи ҳужжат, шу жумладан хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказганлиги учун тўловни амалга оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этадилар.

5-§. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан мамлакатимизда аввал ишлаб чиқарилмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган қиймати 1 млн АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган кредитларнинг фоизларини икки йил мобайнида қоплаш харажатларини молиялаштириш

29. Агентлик томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан мамлакатимизда аввал ишлаб чиқарилмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган эквиваленти 1 млн. АҚШ долларидан ошмаган кредитларнинг фоизларни икки йил мобайнида Жамғарма маблағлари ҳисобидан, тижорат банки томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, бироқ 5 фоизли пунктдан ошмаган миқдорида қоплаб берилади.

30. Бунда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар Агентликка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси;

банк ва кредит ташкилотлари билан тузилган шартноманинг асл нусхаси.

31. Жамғарманинг жорий молия йилида фойдаланилмаган (ўзлаштирилмаган) маблағлари кейинги молия йилига ўтади.

5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилиш

32. Жамғарма маблағларининг тушуми ва улардан фойдаланишнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш, шунингдек, ҳисоботларни тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Агентлик томонидан амалга оширилади.

33. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан назорат белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан назорат қилинади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

34. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

35. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағларини бошқариш кенгаши

1. С. Кариев — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори, кенгаш раиси 2. Б. Усмонов — Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари 3. Б. Низомов — Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари 4. Б. Ашрафхонов — Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари 5. Ю. Мансуров — Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари 6. Ў. Бўтаев — Савдо саноат палатаси раисининг ўринбосари 7. Н. Бердиев — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, кенгаш котиби

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан маблағ ажратиш учун мурожаатларни кўриб чиқиш

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 нил 1 августдаги 641-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини белгилайди.

2. Агентлик ходимлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантирилади.

3. Агентлик ходимларини Жамғарма маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантириш Агентлик директори томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

2-боб. Агентлик ходимларига Жамғарма маблағлари ҳисобидан устамалар ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турларини белгилаш тартиби

4. Агентлик ходимлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги шаклларда моддий рағбатлантирилади:

кўп йиллик меҳнати учун устама;

иш ҳақига қўшимча ойлик устама тўловлар;

ҳисобот давридаги иш якунлари бўйича ва байрам кунлари билан боғлиқ мукофотлар;

бир йўла мукофотлар тўлаш;

ходимларга моддий ёрдам ва компенсациялар тўлаш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун тўловлар.

5. Агентликда кўп йиллик меҳнати учун устамалар ҳар ойда лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) қуйидаги миқдорларида тўланади:

Меҳнат стажи Фоиз миқдори 1 йилдан 3 йилгача 10 фоизи 3 йилдан 5 йилгача 20 фоиз 5 йилдан 10 йилгача 30 фоизи 10 йилдан 20 йилгача 40 фоиз 20 йилдан ортиқ 50 фоиз

Кўп йиллик меҳнати учун устамалар олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи Агентлик директори томонидан тасдиқланади.

6. Ходимларнинг ишга виждонан муносабати ва кўрсатаётган хизматлари учун ойлик устамалар тегишли ходимнинг лавозим маошидан (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) 200 фоизгача миқдорда белгиланади.

7. Агентлик директори учун ойлик устама миқдори Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 200 фоизгача миқдорда белгиланиши мумкин.

Ходимларнинг лавозим маошларига шахсий устамалар топшириқлар ўз вақтида бажарилмаган, ишлар сифати ёмонлашган ва меҳнат интизоми бузилган ҳолларда камайтирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

8. Агентликнинг ўрнак кўрсатган ходимларини бир йилда бир марта бир йўла мукофотлаш бўйича соҳани ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси ва фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришганлиги учун бир лавозим маоши миқдорда мукофот тайинланиши мумкин.

9. Қуйидаги ҳолларда Агентлик ходимларига уларнинг мурожаатига асосан касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баробари миқдорида моддий ёрдам тўланади:

яқин қариндошлари (ота-она, ака-ука, опа-сингил, эр-хотин) вафот этганда;

ходимнинг тўйи ёки юбилей тантанаси муносабати билан;

табиий офатлар оқибатлари ва бошқа шунга ўхшаш ҳолларда.

10. Жамғарма маблағлари ҳисобидан устамалар ва бошқа моддий рағбатлантириш турлар иш ҳақи билан бир вақтда тўланади.

3-боб. Ҳисобот давридаги иш якунлари бўйича ва байрам кунлари муносабати билан мукофотлар, шунингдек, бир йўла мукофотлар тўлаш

11. Агентлик ходимларини ҳисобот давридаги иш якунлари бўйича ва байрам кунлари муносабати билан мукофотлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ҳисобот давридаги иш якунлари бўйича мукофотлар топшириқлар ошириб бажарилганда, ходимларга юкланган лавозим вазифалари зарур даражада бажарилганда, амалда ишланган вақт (қонун ҳужжатларига мувофиқ унинг учун иш ҳақи ёзиладиган вақт) учун тўланади.

Йил ёки чорак якунлари бўйича ҳамда байрам кунлари муносабати билан ҳар бир ходимга лавозим маошининг икки баробаригача (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) миқдорида тўланади.

Ишда камчиликларга йўл қўйган ва меҳнат интизомини бузган ходимлар мукофотдан тўлиқ ёки қисман маҳрум этилади. Ишда камчиликларга йўл қўйишлар ва меҳнат интизомини бузишлар рўйхати ички меҳнат тартиби қоидаларида белгиланади.

4-боб. Ходимларга моддий ёрдам ва компенсация тўловлари

12. Ходим меҳнат таътилига чиққанда, унга бир лавозим маоши (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) миқдорида моддий ёрдам тўланиши мумкин.

13. Ходимларга овқатланиши учун компенсация тўловлари ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари миқдорида тўланади.

14. Ходимларга жамоат транспортида юриши учун компенсация тўловлари ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида тўланади (хизмат автотранспорти бириктирилган ходимлар бундан мустасно).

Шунингдек, бир йилда бир марта Агентлик ходимларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баробари миқдорида компенсация тўланади.

Жамғарма ҳисобидан ходимларга тўловлар тўлаш Жамғарма маблағларини тасарруф этиш бўйича Агентлик директорининг буйруғига мувофиқ тўланади. Буйруқда устамалар ёки моддий рағбатлантиришнинг аниқ турлари, унинг миқдори ва тўлаш муддатлари кўрсатилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

16. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 1 август,

641-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.08.2019 й., 09/19/641/3504-сон; 28.03.2020 й., 09/20/187/0379-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.08.2021 й., 09/21/486/0748-сон; 18.05.2022 й., 09/22/263/0427-сон; 21.09.2022 й., 09/22/519/0840-сон; 27.10.2022 й., 07/22/411/0961-сон; 22.08.2023 й., 09/23/407/0638-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

TARKIBI

tartibi

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2019 — 2021-yillarda respublikaning farmatsevtika tarmogʻini yanada jadal rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 10-apreldagi PF-5707-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari A.A. Abduxakimov hamda Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.K. Shadmanov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 1-avgustdagi 641-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisida

1- bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish hamda faoliyatini boshqarish tartibini belgilaydi.

2. Jamgʻarma yuridik shaxs hisoblanmaydi va uning mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining (keyingi oʻrinlarda Agentlik deb ataladi) Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Gʻaznachiligida ochilgan shaxsiy gʻazna hisobvaragʻida jamlanadi.

2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi

3. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi manbalar hisobidan shakllantiriladi:

Oʻzbekiston Respublikasi Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi hisobidan ajratiladigan 25 mln AQSh dollari ekvivalentidagi milliy valyutadagi mablagʻlar;

xalqaro moliya institutlari hamda boshqa xorijiy donorlar, shuningdek, qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

4. Jamgʻarma mablagʻlaridan quyidagi maqsadlarda foydalaniladi:

a) farmatsevtika mahsulotlarining yangi turlarini yaratish boʻyicha ilmiy ishlanmalarni tashkil etish uchun Agentlik qoshidagi ilmiy-tadqiqot institutlari va mahalliy ishlab chiqaruvchilarga grantlar taqdim etish;

b) Agentlik qoshidagi ilmiy-tadqiqot institutlari va farmatsevtika mahsulotlarining sifatini nazorat qiluvchi davlat laboratoriyalarini zarur asbob-uskuna va texnika bilan jihozlash;

v) respublikada ishlab chiqarilmaydigan yangi turlardagi farmatsevtika mahsulotlarining klinik oldi va klinik tadqiqotlarini mahalliy muassasalarda oʻtkazish uchun mahalliy ishlab chiqarish korxonalarining sarf-xarajatlarini bazaviy hisoblash miqdorining 100 barobari miqdorida qoplash;

g) mahalliy ishlab chiqarish korxonalarining farmatsevtika mahsulotlarini xorijiy davlatlarda roʻyxatdan oʻtkazish xarajatlarining 75 foizini ular roʻyxatdan oʻtkazilganligini tasdiqlovchi hujjat taqdim etilgandan soʻng qoplash;

d) mahalliy farmatsevtika mahsulotlarini taklif etish boʻyicha, shu jumladan xorijda koʻrgazma va yarmarkalar tashkil qilish, seminarlar oʻtkazish, taqdimot materiallari, koʻrgazma stendlarini tayyorlash, Agentlik va unga idoraviy mansub tashkilotlar mutaxassislarining mazkur tadbirlarda ishtirok etishi;

e) Agentlikning moddiy-texnika bazasini mustahkamlash, uning xodimlari va jalb etiladigan mutaxassislarni moddiy ragʻbatlantirish, shuningdek, Agentlik xodimlarini hamda Agentlik tomonidan farmatsevtika sohasi uchun zarur boʻlgan boshqa kadrlarni oʻqitish, tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni taʼminlash.

Bunda 2027-yil 1-yanvarga qadar Agentlik tomonidan iqtidorli kadrlarni tanlab olish va ularning yetakchi xorijiy muassasalarda amaliyot oʻtashi bilan bogʻliq, shuningdek, yuborilgan kadrlarning barcha xarajatlari, shu jumladan, yashash va oʻqish xarajatlari jamgʻarma mablagʻlari hisobidan qoplanadi;

e 1 ) Vazirlar Mahkamasi bilan kelishgan holda Agentlik markaziy apparati va uning hududiy boʻlinmalari uchun mehnat bozorining amaldagi konyunkturasini hisobga olgan holda shtat tuzilmasiga qoʻshimcha mutaxassislarni shartnoma asosida jalb qilish;

e 2 . Farmatsevtika texnik universiteti faoliyati bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish;

j) mahalliy ishlab chiqaruvchilar tomonidan mamlakatimizda avval ishlab chiqarilmagan dori vositalari va tibbiyot buyumlarini ishlab chiqarish boʻyicha loyihalarni amalga oshirish uchun jalb etiladigan qiymati 1 mln AQSh dollari ekvivalentidan oshmagan kreditlarning foizlarini ikki yil mobaynida qoplash xarajatlarini moliyalashtirish.

j 1 ) “Zarur ishlab chiqarish amaliyoti (GMP)”ga ega mahalliy dori vositalari ishlab chiqaruvchi hamda “ISO:13485” sertifikatiga ega mahalliy tibbiy buyumlar va tibbiy texnika ishlab chiqaruvchi tashkilotlar farmatsevtika mahsulotlarining belgilangan talablarga muvofiqligi boʻyicha postmarketing nazoratini amalga oshirish xarajatlarini qoplash.

z) Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan kelishilgan holda, qonun hujjatlarida taqiqlanmagan Agentlik faoliyati bilan bogʻliq boshqa maqsadlarda ham foydalanilishi mumkin.

3-bob. Jamgʻarma faoliyatini boshqarish

5. Jamgʻarma mablagʻlarini Agentlik direktori tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan kelishilgan holda tasdiqlanadigan daromadlar va xarajatlar smetasiga muvofiq boshqariladi va taqsimlanadi.

6. Ushbu Nizomning 4-bandi “a” — “g” va “j” kichik bandlarida koʻrsatilgan maqsadlarga Jamgʻarmadan mablagʻlar ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq tarkibda shakllantirilgan Jamgʻarma mablagʻlarini boshqarish kengashi (keyingi oʻrinlarda Kengash deb ataladi) hulosasiga koʻra ajratiladi.

7. Quyidagilar Kengash aʼzolarining vazifalari hisoblanadi:

Kengash majlislarida koʻrib chiqiladigan masalalarni muhokama qilish va hal etishda ishtirok etish;

Kengash tomonidan koʻrib chiqiladigan masalalar boʻyicha ovoz berish.

Kengash aʼzolari majlisda shaxsan qatnashadilar, agar qatnashish imkoni boʻlmagan taqdirda, majlis kun tartibi boʻyicha oʻz fikrini yozma ravishda taqdim etishga haqlidir.

8. Kengash raisi:

Kengash majlisi kun tartibini belgilaydi va uni chaqiradi;

Kengash qarorlarini tasdiqlaydi va ularning bajarilishini nazorat qiladi;

Kengash aʼzolariga yuklangan vazifalarning bajarilishi yuzasidan ularning ishini muvofiqlashtiradi;

Kengashning samarali ishlashini taʼminlash uchun boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.

9. Kengash kotibi:

Jamgʻarmadan mablagʻ ajratishga oid murojaatlarni Kengash majlisida koʻrib chiqishga tayyorlash uchun Agentlikning tegishli boʻlinmasiga taqsimlaydi;

Kengash majlisiga barcha zarur hujjatlarning oʻz vaqtida tayyorlanishini taʼminlaydi;

majlisni oʻtkazish muddatlari va joyi boʻyicha Kengash raisiga takliflar kiritadi;

kun tartibidagi masalalari boʻyicha Kengash majlislari oʻtkazilishini tashkil etadi;

Kengash aʼzolari va taklif etilgan shaxslarni majlisning sanasi, vaqti, joyi va kun tartibi loyihasi boʻyicha xabardor qiladi;

Kengash bayonnomalarini rasmiylashtiradi va tasdiqlangan bayonnomalarni Kengash aʼzolariga va boshqa manfaatdor tashkilotlarga yuboradi.

Kengash kotibi Kengash aʼzosi hisoblanadi.

10. Kengash oʻz majlislarini zaruratga koʻra, biroq har oyda kamida bir marta oʻtkazadi.

11. Kengash majlisini Kengash raisi, u boʻlmagan taqdirda esa Kengash raisining oʻrinbosari boshqaradi.

12. Kengash majlisi unda Kengash aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi qatnashganda oʻtkazilgan hisoblanadi.

13. Majlisni oʻtkazish uchun kvorum yoki rais va uning oʻrinbosari boʻlmaganda, Kengash majlisini oʻtkazishning yangi sanasi eʼlon qilinadi.

14. Kengash majlisida koʻrib chiqiladigan masalalarning xususiyatiga koʻra, manfaatdor vazirlik va idoralarning vakillari, farmatsevtika sohasida faoliyat koʻrsatuvchi tashkilot vakillari taklif etilishi mumkin.

15. Kengash qarori Kengashning majlisda qatnashgan aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan taqdirda, Kengash raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

16. Kengash qarorlari Kengash majlisining bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi. Kengash majlisining bayonnomasi Kengash raisi tomonidan tasdiqlanadi.

17. Agentlikning Buxgalteriya hisobi va hisoboti boshqarmasi Jamgʻarmaning ishchi organi hisoblanadi.

18. Ishchi organ quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:

Jamgʻarmaning daromadlari va xarajatlarining yillik moliyaviy rejasini ishlab chiqadi;

daromadlar va xarajatlar smetalarini tayyorlaydi, shuningdek, ularga qonun hujjatlarida belgilangan tartibda oʻzgartirishlar kiritadi;

Jamgʻarma tushumlarini koʻpaytirish va uning mablagʻlaridan samarali foydalanish boʻyicha takliflar tayyorlaydi;

Agentlik direktorining roziligi bilan Farmatsevtika tarmogʻi moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, xodimlarni moddiy ragʻbatlantirish uchun qoʻshimcha daromadlarni jalb etish maqsadida vaqtincha boʻsh mablagʻlarni belgilangan tartibda tijorat banklari depozitlariga joylashtiradi;

Jamgʻarmaning tushumlar manbalari boʻyicha daromadlari xamda asosiy xarajatlari yoʻnalishlari boʻyicha hisobini yuritadi;

har chorak yakuni boʻyicha Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish toʻgʻrisida hisobot tayyorlaydi hamda Agentlik direktoriga koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun taqdim etadi.

19. Jamgʻarma mablagʻlarining hisobi va hisobotini yuritish hamda joriy xizmat koʻrsatish ishlari Agentlikning Buxgalteriya hisobi va hisoboti boshqarmasi tomonidan amalga oshiriladi.

20. Agentlik direktori:

Jamgʻarma mablagʻlarini ushbu Nizomga hamda Jamgʻarmaning daromadlari va xarajatlari smetasiga muvofiq tasarruf etadi;

har yili 25-dekabrgacha Jamgʻarmaning kelgusi yil uchun daromadlari va xarajatlari smetalarini belgilangan tartibda tasdiqlaydi;

zarur hollarda, tasdiqlangan daromadlar va xarajatlar smetalariga belgilangan tartibda tegishli oʻzgartirishlar kiritadi;

qonun hujjatlarida belgilangan tartibda Jamgʻarma mablagʻlaridan moliyalashtiriladigan shartnomalarni tuzadi;

Jamgʻarma tomonidan ajratilgan mablagʻlar boʻyicha, shu jumladan shartnomani uzaytirish va oʻzgartirish boʻyicha qarorlarni qabul qiladi, agar Jamgʻarma mablagʻlari Kengash qaroriga asosan ajratilgan boʻlsa, Kengash bilan kelishgan holda tegishli oʻzgartirishlar kiritadi;

Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli va samarali foydalanilishini nazorat qiladi;

Tashkilotlar tomonidan Jamgʻarma ularga ajratgan mablagʻlarning maqsadli ishlatilishi monitoringini taʼminlaydi;

Jamgʻarmaning chorak yakuni boʻyicha daromadlari va xarajatlari toʻgʻrisidagi hisobotini koʻrib chiqadi va tasdiqlaydi;

Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari smetasini bajarish boʻyicha choraklik va yillik hisobotlarni Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga taqdim qiladi;

Agentlik direktori Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish bilan bogʻliq boshqa vakolatlarni ham amalga oshiradi.

4-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini yoʻnalishlar boʻyicha ajratishning umumiy shartlari

21. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasidan mablagʻ ajratish uchun murojaatlarni koʻrib chiqish tartibi ushbu Nizomga 2-ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

1-§. Farmatsevtika mahsulotlarining yangi turlarini yaratish boʻyicha ilmiy ishlanmalarni tashkil etish uchun Agentlik qoshidagi ilmiy-tadqiqot institutlari va mahalliy ishlab chiqaruvchilarga grantlar taqdim etish

22. Farmatsevtika mahsulotlarining yangi turlarini yaratish boʻyicha ilmiy ishlanmalarni tashkil etish uchun grantlar ajratishda quyidagi talablarga javob beruvchi loyihalar tanlab olinadi:

farmatsevtika mahsulotlarining ichki va tashqi bozorlarda raqobatbardosh, yuqori sifatli va yangi turlarini ishlab chiqarishni oʻzlashtirishga koʻmaklashishga asoslangan;

respublika iqtisodiyotining raqobatbardoshligini yanada oshirish maqsadida ilmiy-tadqiqot faoliyati natijalarini jadal va keng joriy qilish;

ilmiy-tadqiqot faoliyatini iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohani rivojlantirishning aniq vazifalarini hal etishga, shuningdek, ichki va tashqi bozorlar ehtiyojlarini qondirishga qaratilgan amaliy natijalar olishga yoʻnaltirish;

yuqori texnologiyali ishlab chiqarishlarni yaratishga xizmat qiladigan yuqori texnologiyalarni ishlab chiqish sohasida innovatsion tadqiqotlarni olib borish;

tadqiqotlarni mamlakatda izchil rivojlantirish boʻyicha zamon talablariga javob beradigan, talab yuqori boʻlgan farmatsevtika mahsulotlari va texnologiyalarini jadal ishlab chiqishga yoʻnaltirish;

dorivor oʻsimliklarning yangi turlarini respublikamiz hududida mahalliylashtirish.

23. Dorivor oʻsimliklar plantatsiyasini tashkil etish, dorivor oʻsimliklar xomashyosi asosida dori vositalarini ishlab chiqarishni tashkil etish, import oʻrnini bosuvchi dori vositalarini keng targʻib qilish va sotishga koʻmaklashishga asoslangan ilmiy ishlarni joriy etish.

24. Grantlar taqdim etishda Agentlik qoshidagi ilmiy-tadqiqot institutlari va mahalliy ishlab chiqaruvchilar tomonidan taqdim etilgan loyiha va ilmiy-tadqiqot ishlari Agentlik ilmiy-texnik kengashi tomonidan berilgan ijobiy xulosa asosida Kengashga koʻrib chiqish uchun kiritiladi.

2-§. Agentlik qoshidagi ilmiy-tadqiqot institutlari va farmatsevtika mahsulotlarining sifatini nazorat qiluvchi davlat laboratoriyalarini zarur asbob-uskuna va texnika bilan jihozlash uchun mablagʻ ajratish

25. Agentlik qoshidagi ilmiy-tadqiqot institutlari va farmatsevtika mahsulotlarining sifatini nazorat qiluvchi davlat laboratoriyalarini zarur asbob-uskuna va texnika bilan jihozlash uchun mablagʻ ajratishda quyidagilarga eʼtibor qaratiladi:

taklif etilayotgan asbob-uskuna va texnikaning sotib olish zarurati asoslantirilgani;

taklif etilayotgan asbob-uskuna va texnikaning halqaro standartlar talabiga mosligi;

taklif etilayotgan asbob-uskuna va texnikaning ishlab chiqarish samaradorligiga taʼsirining texnik-iqtisodiy asoslantirilgani;

laboratoriyalardagi mavjud boʻlgan asbob uskunalarning funksional holatini yaxshilash maqsadida joriy taʼmirlash zarurligi.

26. Agentlik qoshidagi ilmiy-tadqiqot institutlari va farmatsevtika mahsulotlarining sifatini nazorat qiluvchi davlat laboratoriyalari tomonidan sotib olinishi taklif etilayotgan asbob-uskuna va texnikalar narxlari “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi qonuni talablaridan kelib chiqib, auksion (tender) savdolari asosida shakllantiriladi va Kengashga taqdim etiladi.

Zarur asbob-uskuna va texnika bilan jihozlashga mablagʻ ajratish uchun Kengash tomonidan berilgan ijobiy qarorga asosan Agentlik qoshidagi ilmiy-tadqiqot institutlari va farmatsevtika mahsulotlarining sifatini nazorat qiluvchi davlat laboratoriyalariga Agentlik tomonidan mablagʻlar moliyalashtirib beriladi. Bunda narxlarning toʻgʻri va shaffof shakllantirilgani, ajratilgan mablagʻlarning toʻgʻri va maqsadli ishlatilishi boʻyicha Agentlik qoshidagi ilmiy-tadqiqot institutlari va farmatsevtika mahsulotlarining sifatini nazorat qiluvchi davlat laboratoriyalari rahbarlari shaxsan javobgar hisoblanadi.

3-§. Respublikada ishlab chiqarilmaydigan yangi turdagi farmatsevtika mahsulotlarining klinik oldi va klinik tadqiqotlarini mahalliy muassasalarda oʻtkazish uchun mahalliy ishlab chiqarish korxonalarining sarf-xarajatlarini bazaviy hisoblash miqdorining 100 barobarigacha miqdorida qoplash uchun mablagʻ ajratish

27. Respublikada ishlab chiqarilmaydigan yangi turdagi farmatsevtika mahsulotlarining klinik oldi va klinik tadqiqotlarini mahalliy muassasalarda oʻtkazish uchun mahalliy ishlab chiqarish korxonalarining sarf-xarajatlarini bazaviy hisoblash miqdorining 100 barobarigacha miqdorda qoplash uchun mablagʻ ajratishda tashabbuskor tomonidan farmatsevtika mahsulotlarining klinik-oldi va klinik tadqiqotlarini (har biri uchun alohida) mahalliy muassasalarda oʻtkazish uchun tuzilgan shartnomaning asl nusxasini taqdim etadilar.

4-§. Mahalliy ishlab chiqarish korxonalarining farmatsevtika mahsulotlarini xorijiy davlatlarda roʻyxatdan oʻtkazish xarajatlarining 50 foizini ular roʻyxatdan oʻtkazilganligini tasdiqlovchi hujjat taqdim etilgandan soʻng qoplash

28. Mahalliy ishlab chiqarish korxonalari oʻzlarining farmatsevtika mahsulotlarini xorijiy davlatlarda roʻyxatdan oʻtkazish xarajatlarining 50 foizini Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan qoplash uchun Agentlikka mazkur farmatsevtika mahsulotlarining xorijiy davlatlarda roʻyxatdan oʻtkazganligini tasdiqlovchi hujjat, shu jumladan xorijiy davlatlarda roʻyxatdan oʻtkazganligi uchun toʻlovni amalga oshirganligini tasdiqlovchi hujjatni taqdim etadilar.

5-§. Mahalliy ishlab chiqaruvchilar tomonidan mamlakatimizda avval ishlab chiqarilmagan dori vositalari va tibbiyot buyumlarini ishlab chiqarish boʻyicha loyihalarni amalga oshirish uchun jalb etiladigan qiymati 1 mln AQSh dollari ekvivalentidan oshmagan kreditlarning foizlarini ikki yil mobaynida qoplash xarajatlarini moliyalashtirish

29. Agentlik tomonidan mahalliy ishlab chiqaruvchilar tomonidan mamlakatimizda avval ishlab chiqarilmagan dori vositalari va tibbiyot buyumlarini ishlab chiqarish boʻyicha loyihalarni amalga oshirish uchun jalb etiladigan ekvivalenti 1 mln. AQSh dollaridan oshmagan kreditlarning foizlarni ikki yil mobaynida Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan, tijorat banki tomonidan belgilangan foiz stavkasining 25 foizi miqdorida, biroq 5 foizli punktdan oshmagan miqdorida qoplab beriladi.

30. Bunda mahalliy ishlab chiqaruvchilar Agentlikka quyidagi hujjatlarni taqdim etadilar:

loyihaning texnik-iqtisodiy asosi;

bank va kredit tashkilotlari bilan tuzilgan shartnomaning asl nusxasi.

31. Jamgʻarmaning joriy moliya yilida foydalanilmagan (oʻzlashtirilmagan) mablagʻlari keyingi moliya yiliga oʻtadi.

5-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishni hisobga olish va nazorat qilish

32. Jamgʻarma mablagʻlarining tushumi va ulardan foydalanishning buxgalteriya hisobini yuritish, shuningdek, hisobotlarni tuzish qonun hujjatlarida belgilangan tartibda Agentlik tomonidan amalga oshiriladi.

33. Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli foydalanish ustidan nazorat belgilangan tartibda vakolatli davlat organlari tomonidan nazorat qilinadi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

34. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

35. Ushbu Nizomni amalga oshirishda yuzaga keladigan nizolar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda hal qilinadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlarini boshqarish kengashi

1. S. Kariyev — Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi direktori, kengash raisi 2. B. Usmonov — Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va sanoat vazirining oʻrinbosari 3. B. Nizomov — Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining oʻrinbosari 4. B. Ashrafxonov — Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining oʻrinbosari 5. Y. Mansurov — Oʻzbekiston Respublikasi innovatsion rivojlanish vazirining oʻrinbosari 6. Oʻ. Boʻtayev — Savdo sanoat palatasi raisining oʻrinbosari 7. N. Berdiyev — Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi direktorining birinchi oʻrinbosari, kengash kotibi

Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasidan mablagʻ ajratish uchun murojaatlarni koʻrib chiqish

Vazirlar Mahkamasining 2019 nil 1-avgustdagi 641-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi (keyingi oʻrinlarda Agentlik deb ataladi) xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi.

2. Agentlik xodimlari Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligining Farmatsevtika tarmogʻini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) mablagʻlari hisobidan moddiy ragʻbatlantiriladi.

3. Agentlik xodimlarini Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan moddiy ragʻbatlantirish Agentlik direktori tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan kelishilgan holda tasdiqlanadigan daromadlar va xarajatlar smetasida nazarda tutilgan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi.

2-bob. Agentlik xodimlariga Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan ustamalar va moddiy ragʻbatlantirishning boshqa turlarini belgilash tartibi

4. Agentlik xodimlari Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan quyidagi shakllarda moddiy ragʻbatlantiriladi:

koʻp yillik mehnati uchun ustama;

ish haqiga qoʻshimcha oylik ustama toʻlovlar;

hisobot davridagi ish yakunlari boʻyicha va bayram kunlari bilan bogʻliq mukofotlar;

bir yoʻla mukofotlar toʻlash;

xodimlarga moddiy yordam va kompensatsiyalar toʻlash;

qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotib olish uchun toʻlovlar.

5. Agentlikda koʻp yillik mehnati uchun ustamalar har oyda lavozim maoshining (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini hisobga olgan holda) quyidagi miqdorlarida toʻlanadi:

Mehnat staji Foiz miqdori 1 yildan 3 yilgacha 10 foizi 3 yildan 5 yilgacha 20 foiz 5 yildan 10 yilgacha 30 foizi 10 yildan 20 yilgacha 40 foiz 20 yildan ortiq 50 foiz

Koʻp yillik mehnati uchun ustamalar olish huquqini beruvchi ish staji Agentlik direktori tomonidan tasdiqlanadi.

6. Xodimlarning ishga vijdonan munosabati va koʻrsatayotgan xizmatlari uchun oylik ustamalar tegishli xodimning lavozim maoshidan (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini hisobga olgan holda) 200 foizgacha miqdorda belgilanadi.

7. Agentlik direktori uchun oylik ustama miqdori Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan 200 foizgacha miqdorda belgilanishi mumkin.

Xodimlarning lavozim maoshlariga shaxsiy ustamalar topshiriqlar oʻz vaqtida bajarilmagan, ishlar sifati yomonlashgan va mehnat intizomi buzilgan hollarda kamaytirilishi yoki bekor qilinishi mumkin.

8. Agentlikning oʻrnak koʻrsatgan xodimlarini bir yilda bir marta bir yoʻla mukofotlash boʻyicha sohani rivojlantirishga qoʻshgan shaxsiy hissasi va faoliyatida yuqori koʻrsatkichlarga erishganligi uchun bir lavozim maoshi miqdorda mukofot tayinlanishi mumkin.

9. Quyidagi hollarda Agentlik xodimlariga ularning murojaatiga asosan kasaba uyushmasi tashkilotining tashabbusi bilan bazaviy hisoblash miqdorining oʻn barobari miqdorida moddiy yordam toʻlanadi:

yaqin qarindoshlari (ota-ona, aka-uka, opa-singil, er-xotin) vafot etganda;

xodimning toʻyi yoki yubiley tantanasi munosabati bilan;

tabiiy ofatlar oqibatlari va boshqa shunga oʻxshash hollarda.

10. Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan ustamalar va boshqa moddiy ragʻbatlantirish turlar ish haqi bilan bir vaqtda toʻlanadi.

3-bob. Hisobot davridagi ish yakunlari boʻyicha va bayram kunlari munosabati bilan mukofotlar, shuningdek, bir yoʻla mukofotlar toʻlash

11. Agentlik xodimlarini hisobot davridagi ish yakunlari boʻyicha va bayram kunlari munosabati bilan mukofotlash qonun hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

Hisobot davridagi ish yakunlari boʻyicha mukofotlar topshiriqlar oshirib bajarilganda, xodimlarga yuklangan lavozim vazifalari zarur darajada bajarilganda, amalda ishlangan vaqt (qonun hujjatlariga muvofiq uning uchun ish haqi yoziladigan vaqt) uchun toʻlanadi.

Yil yoki chorak yakunlari boʻyicha hamda bayram kunlari munosabati bilan har bir xodimga lavozim maoshining ikki barobarigacha (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini hisobga olgan holda) miqdorida toʻlanadi.

Ishda kamchiliklarga yoʻl qoʻygan va mehnat intizomini buzgan xodimlar mukofotdan toʻliq yoki qisman mahrum etiladi. Ishda kamchiliklarga yoʻl qoʻyishlar va mehnat intizomini buzishlar roʻyxati ichki mehnat tartibi qoidalarida belgilanadi.

4-bob. Xodimlarga moddiy yordam va kompensatsiya toʻlovlari

12. Xodim mehnat taʼtiliga chiqqanda, unga bir lavozim maoshi (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini hisobga olgan holda) miqdorida moddiy yordam toʻlanishi mumkin.

13. Xodimlarga ovqatlanishi uchun kompensatsiya toʻlovlari har oyda bazaviy hisoblash miqdorining ikki barobari miqdorida toʻlanadi.

14. Xodimlarga jamoat transportida yurishi uchun kompensatsiya toʻlovlari har oyda bazaviy hisoblash miqdorining bir barobari miqdorida toʻlanadi (xizmat avtotransporti biriktirilgan xodimlar bundan mustasno).

Shuningdek, bir yilda bir marta Agentlik xodimlariga qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini sotib olish uchun bazaviy hisoblash miqdorining oʻn barobari miqdorida kompensatsiya toʻlanadi.

Jamgʻarma hisobidan xodimlarga toʻlovlar toʻlash Jamgʻarma mablagʻlarini tasarruf etish boʻyicha Agentlik direktorining buyrugʻiga muvofiq toʻlanadi. Buyruqda ustamalar yoki moddiy ragʻbatlantirishning aniq turlari, uning miqdori va toʻlash muddatlari koʻrsatiladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

15. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

16. Ushbu Nizomni amalga oshirishda yuzaga keladigan nizolar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda hal qilinadi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 1-avgust,

641-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 02.08.2019-y., 09/19/641/3504-son; 28.03.2020-y., 09/20/187/0379-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 03.08.2021-y., 09/21/486/0748-son; 18.05.2022-y., 09/22/263/0427-son; 21.09.2022-y., 09/22/519/0840-son; 27.10.2022-y., 07/22/411/0961-son; 22.08.2023-y., 09/23/407/0638-son)

lex.uz