UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 13-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 13 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 13 августа 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 13 August 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида пулли хизматлар кўрсатиш тартибини белгилаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 мартдаги ПҚ-4229-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 мартдаги ПҚ-4229-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни, шу жумладан, автотранспортда ҳаракатланиш вақтида кузатиб бориш ҳамда моддий маданий мерос объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб бориш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда:

ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан пулли хизматлар кўрсатиш тарифларини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Маданият вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда туристик фаолият субъектлари ҳамда фуқаролар орасида ушбу қарорнинг мазмуни ва моҳияти, амалий аҳамиятини тушунтириш борасида тегишли тадбирларни ташкил этсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августдаги 669-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб бориш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни (кейинги ўринларда туристлар деб аталади) кузатиб бориш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Туристларни шартнома асосида кузатиб бориш хизмати (кейинги ўринларда кузатув хизмати деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментининг Хавфсиз туризм бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида пиёда ва (ёки) махсус автотранспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

3. Кузатув хизмати туристларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини турли тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳамда улар транспорт воситаларида ҳаракатланишлари давомида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.

Туристлар транспорт воситаларида ҳаракатланаётган пайтда кузатув хизмати махсус жиҳозланган транспорт воситаларидан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда фойдаланади, бунда ҳаракатланиш давомида махсус товуш сигналлари ва чироқ-маёқчалардан фақатгина истисно ҳолатларда фойдаланилиши мумкин.

4. Кузатув хизмати Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда тасдиқланадиган тарифларга мувофиқ тўлов асосида амалга оширилади.

5. Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб бориш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Кузатув хизматини кўрсатиш учун мурожаат қилиш ва уни кўриб чиқиш тартиби

6. Кузатув хизматини кўрсатиш учун жисмоний ёки юридик шахс тегишли ҳудудий ички ишлар органининг Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига (кейинги ўринларда ХТТБ деб аталади) ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

7. Мурожаатда жисмоний ёки юридик шахс (кейинги ўринларда буюртмачи деб аталади) тўғрисидаги маълумотлар, туристлар ва транспорт воситаларининг сони, уларни кузатиб бориш вақти ва қатнов йўли кўрсатилиши лозим.

8. Мурожаат ХТТБ томонидан қабул қилинган куннинг ўзида кўриб чиқилади ва натижаси ҳақида буюртмачига ёзма равишда маълум қилинади.

9. Мурожаатни кўриб чиқишда:

туристларнинг шахсига оид маълумотлар;

туристик хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектининг мурожаати бўйича унинг бундай фаолиятни олиб бориши учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тегишли рухсатномаси мавжудлиги;

транспорт воситалари ва ҳайдовчиларнинг ҳужжатлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлиги;

кузатиб бориш қатнов йўли ва ташриф режалаштирилган ҳудудларнинг хавфсизлик талабларига жавоб бериши;

кузатув хизматини амалга ошириш учун етарли куч ва воситаларнинг мавжудлиги каби масалалар ўрганилади.

Ушбу банднинг иккинчи , учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган маълумотлар буюртмачи томонидан тақдим этилади.

10. Мурожаатни кўриб чиқиш натижасида кузатув хизматини кўрсатиш учун тўсқинлик қилувчи ҳолатлар аниқланмаса, ХТТБ ва буюртмачи ўртасида уч иш кунидан кечиктирмасдан туристлар ёки туристик гуруҳларни кузатиб бориш тўғрисида шартнома (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) тузилади.

Шартнома шартлари буюртма талабларидан келиб чиққан ҳолда кузатув хизматини кўрсатишнинг белгиланган тарифлари асосида ҳамда қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ белгиланади.

Кузатув хизмати учун тўлов суммасини ҳисоблашда махсус автотранспорт воситасида кузатиб бориш ва ХТТБга тегишли транспорт воситаларида туристларни ташиш масофаси, хизмат кўрсатиш учун зарур ходимлар сони, уларни жалб қилиш вақти ва бошқа харажатлар инобатга олинади.

Кузатув хизмати шартнома суммаси олдиндан тўлиқ тўлангандан сўнг амалга оширилади.

11. Қуйидаги ҳолларда:

ушбу Низомнинг 7-банди ҳамда 9-бандининг иккинчи , учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган маълумотлар буюртмачи томонидан тўлиқ тақдим этилмаганда;

буюртмачи томонидан тақдим этилган маълумотларни ўрганиш натижаларига кўра қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилганлиги аниқланганда;

кузатув хизматини кўрсатиш қатнов йўли ва ташриф режалаштирилган ҳудудлар хавфсизлик талабларига жавоб бермаганда;

кузатув хизматини амалга ошириш учун етарли куч ва воситаларни жалб қилиш имкони бўлмаганда;

шартномада назарда тутилган тўлов буюртмачи томонидан тўлиқ амалга оширилмаганда кузатув хизматини кўрсатиш рад этилади.

12. Мурожаатни кўриб чиқиш якунига кўра кузатув хизматини кўрсатиш рад этилганда, бу ҳақда сабаблари кўрсатилган ҳолда буюртмачига ёзма ёки электрон равишда хабар берилади.

3-боб. Кузатув хизматини кўрсатишнинг асосий шартлари

13. Кузатув хизматини кўрсатиш давомида ХТТБ ходимлари қонунчилик ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этишлари шарт.

Кузатув хизматини ташкил этишда туристлар ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари поймол қилинишига йўл қўйилмайди.

14. Кузатув хизматини кўрсатишдан олдин ХТТБ томонидан:

туристларга Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик талаблари ва умумэътироф этилган ахлоқ қоидаларига риоя этишлари ҳамда хавфсизлик талаблари бўйича тушунтириш ўтказилади;

кузатуви амалга ошириладиган туристларнинг шахси ва сони шартномага мувофиқлиги текширилади;

кузатиб бориладиган транспорт воситасининг техник созлиги кўздан кечирилади, ҳайдовчида зарур ҳужжатлар мавжудлиги текширилади ҳамда у билан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш ва кузатиб бориш қатнов йўли бўйича тегишли йўриқнома ўтказилади.

15. Кузатув хизматини кўрсатиш якунида ХТТБ ва буюртмачи ўртасида кўрсатилган хизматларнинг ҳақиқий ҳажми бўйича уч иш куни мобайнида далолатнома тузилади ва унинг асосида шартнома суммаси белгиланган тарифлар бўйича қайта ҳисобланиб, ўзаро ҳисоб-китоб амалга оширилади.

16. Кузатув хизматини кўрсатиш шартномада белгиланган асосларда ва тартибда тўхтатилиши мумкин.

4-боб. Якунловчи қоидалар

17. Кузатув хизматини кўрсатишдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармасига ўтказилади.

18. Шартномада назарда тутилмаган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

19. Ушбу Низом талабларининг бузилиши қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб бориш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб бориш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августдаги 669-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар шартнома асосида ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан туризм намойиш объекти унга мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида тегишли бўлган туристик фаолиятни ташкил этишга ваколатли юридик ёки жисмоний шахс (кейинги ўринларда ваколатли шахс деб аталади) билан тузиладиган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

3. Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш тарифлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда белгиланади.

4. Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Туризм намойиши объектида жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш тартиби

5. Туризм намойиши объектида жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) ваколатли шахснинг ҳудудий ички ишлар органининг Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига (кейинги ўринларда ХТТБ деб аталади) қилган мурожаати асосида кўриб чиқилади.

6. Мурожаат тушган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддатда ХТТБ томонидан ўрганиб чиқилади ва натижаси ҳақида мурожаат муаллифига ёзма равишда маълум қилинади.

7. Мурожаатни кўриб чиқиш давомида юридик шахснинг вакили ёки жисмоний шахс билан биргаликда туризм намойиши объектининг ҳудуди кўздан кечирилади ва бу ҳақда далолатнома тузилади.

Далолатномада объект ҳудудининг чегараси, объектда жамоат тартибини сақлаш фаолиятини ташкил этиш учун талаб этиладиган ХТТБ ходимлари сони ва хизмат хоналари, хизмат олиб бориш тартиби, ҳудуди ва патруллик йўналишлари белгиланади.

8. Шартнома тузиш ва унга мувофиқ ХТТБга қўшимча штат бирликлари ажратиш тўғрисида ҳудудий ички ишлар органи томонидан мурожаат тушган кундан бошлаб беш кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига тақдимнома киритилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тақдимномани тушган кундан бошлаб беш кун муддатда кўриб чиқади ва қўшимча штат бирликлари ажратиш ёки ажратмаслик ҳақида қарор қабул қилади.

Қўшимча штат бирликлари ажратилган тақдирда, тузилган далолатнома асосида ХТТБ ва ваколатли шахс ўртасида шартнома тузилади.

Шартнома бир йил муддатга тузилади.

Туризм намойиши объектининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда далолатнома ва шартнома лойиҳасида жамоат тартибини сақлаш фаолиятини ташкил этишнинг алоҳида шартлари кўрсатилиши мумкин.

10. Шартномада белгиланган ХТТБ мажбуриятлари қўшимча штат бирликлари ажратилган ва жамлангандан сўнг бажарилади.

3-боб. Туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш хизматини ташкил этиш

11. Туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш хизмати ХТТБ нарядларининг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида ташкил этиш орқали амалга оширилади.

12. Жамоат тартибини сақлаш хизматини кўрсатиш давомида ХТТБ ходимлари қонунчилик ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этишлари шарт.

13. Шартнома асосида хизмат олиб бораётган ХТТБ ходимларининг фаолиятини молиялаштириш ва уларни моддий-техник воситалар билан таъминлаш шартномалардан тушган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

14. Туризм намойиши объектида ХТТБ ходимларининг хизмат олиб бориш тартиби, ҳудуди ва патруллик йўналишлари ХТТБ бошлиғи томонидан ваколатли шахс билан келишган ҳолда тасдиқланади.

15. Шартнома асосида жорий этилган штат бирликлари лавозимларига ХТТБ ходимлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган кадрларни танлаш, жамлаш ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

16. ХТТБнинг шартномалар асосида киритилган штат бирликлари белгиланган тартибда қисқартирилиши мумкин.

4-боб. Якунловчи қоидалар

17. Шартнома асосида хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармасига ўтказилади.

18. Шартномада назарда тутилмаган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

19. Ушбу Низом талабларининг бузилиши қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисида низомга 1-ИЛОВА

Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартиби

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 13 август,

669-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.08.2019 й., 09/19/669/3570-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 31.01.2023 й., 09/23/37/0063-сон )

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

NIZOM

SXEMASI

Ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan shartnoma asosida pulli xizmatlar koʻrsatish tartibini belgilash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Transport va turizm obyektlarida jamoat xavfsizligini taʼminlashning samarali tizimini joriy etishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 6-martdagi PQ-4229-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Transport va turizm obyektlarida jamoat xavfsizligini taʼminlashning samarali tizimini joriy etishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 6-martdagi PQ-4229-son qarori bilan Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Xavfsiz turizmni taʼminlashni muvofiqlashtirish boshqarmasi va uning hududiy boʻlinmalariga shartnoma asosida turistlar va turistik guruhlarni, shu jumladan, avtotransportda harakatlanish vaqtida kuzatib borish hamda moddiy madaniy meros obyektlarida jamoat tartibini saqlash boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish huquqi berilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar:

Ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan shartnoma asosida turistlar va turistik guruhlarni kuzatib borish boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan shartnoma asosida turizm namoyishi obyektlarida jamoat tartibini saqlash boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi bilan birgalikda ikki oy muddatda:

ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan pulli xizmatlar koʻrsatish tariflarini belgilangan tartibda ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

Madaniyat vazirligi va boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda turistik faoliyat subyektlari hamda fuqarolar orasida ushbu qarorning mazmuni va mohiyati, amaliy ahamiyatini tushuntirish borasida tegishli tadbirlarni tashkil etsin;

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari A.A. Abduhakimov va Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 13-avgustdagi 669-son qaroriga 1-ILOVA

Ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan shartnoma asosida turistlar va turistik guruhlarni kuzatib borish boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan shartnoma asosida turistlar va turistik guruhlarni (keyingi oʻrinlarda turistlar deb ataladi) kuzatib borish boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish tartibini belgilaydi.

2. Turistlarni shartnoma asosida kuzatib borish xizmati (keyingi oʻrinlarda kuzatuv xizmati deb ataladi) Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Transport va turizm obyektlarida xavfsizlikni taʼminlash departamentining Xavfsiz turizm boshqarmasi va uning hududiy boʻlinmalari tomonidan turistlarning xavfsizligini taʼminlash maqsadida piyoda va (yoki) maxsus avtotransport vositalaridan foydalangan holda amalga oshiriladi.

3. Kuzatuv xizmati turistlarning hayoti, sogʻligʻi va mol-mulkini turli tajovuzlardan himoya qilish hamda ular transport vositalarida harakatlanishlari davomida yoʻl harakati xavfsizligini taʼminlashga qaratilgan chora-tadbirlarni amalga oshirishni nazarda tutadi.

Turistlar transport vositalarida harakatlanayotgan paytda kuzatuv xizmati maxsus jihozlangan transport vositalaridan yoʻl harakati qoidalariga qatʼiy rioya qilgan holda foydalanadi, bunda harakatlanish davomida maxsus tovush signallari va chiroq-mayoqchalardan faqatgina istisno holatlarda foydalanilishi mumkin.

4. Kuzatuv xizmati Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tomonidan Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi bilan kelishgan holda tasdiqlanadigan tariflarga muvofiq toʻlov asosida amalga oshiriladi.

5. Ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan shartnoma asosida turistlar va turistik guruhlarni kuzatib borish boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

2-bob. Kuzatuv xizmatini koʻrsatish uchun murojaat qilish va uni koʻrib chiqish tartibi

6. Kuzatuv xizmatini koʻrsatish uchun jismoniy yoki yuridik shaxs tegishli hududiy ichki ishlar organining Xavfsiz turizmni taʼminlash boshqarmasiga (keyingi oʻrinlarda XTTB deb ataladi) yozma yoki elektron shaklda murojaat qiladi.

7. Murojaatda jismoniy yoki yuridik shaxs (keyingi oʻrinlarda buyurtmachi deb ataladi) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, turistlar va transport vositalarining soni, ularni kuzatib borish vaqti va qatnov yoʻli koʻrsatilishi lozim.

8. Murojaat XTTB tomonidan qabul qilingan kunning oʻzida koʻrib chiqiladi va natijasi haqida buyurtmachiga yozma ravishda maʼlum qilinadi.

9. Murojaatni koʻrib chiqishda:

turistlarning shaxsiga oid maʼlumotlar;

turistik xizmatlar koʻrsatuvchi tadbirkorlik subyektining murojaati boʻyicha uning bunday faoliyatni olib borishi uchun qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tegishli ruxsatnomasi mavjudligi;

transport vositalari va haydovchilarning hujjatlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablarga muvofiqligi;

kuzatib borish qatnov yoʻli va tashrif rejalashtirilgan hududlarning xavfsizlik talablariga javob berishi;

kuzatuv xizmatini amalga oshirish uchun yetarli kuch va vositalarning mavjudligi kabi masalalar oʻrganiladi.

Ushbu bandning ikkinchi , uchinchi va toʻrtinchi xatboshilarida koʻrsatilgan maʼlumotlar buyurtmachi tomonidan taqdim etiladi.

10. Murojaatni koʻrib chiqish natijasida kuzatuv xizmatini koʻrsatish uchun toʻsqinlik qiluvchi holatlar aniqlanmasa, XTTB va buyurtmachi oʻrtasida uch ish kunidan kechiktirmasdan turistlar yoki turistik guruhlarni kuzatib borish toʻgʻrisida shartnoma (keyingi oʻrinlarda shartnoma deb ataladi) tuziladi.

Shartnoma shartlari buyurtma talablaridan kelib chiqqan holda kuzatuv xizmatini koʻrsatishning belgilangan tariflari asosida hamda qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq belgilanadi.

Kuzatuv xizmati uchun toʻlov summasini hisoblashda maxsus avtotransport vositasida kuzatib borish va XTTBga tegishli transport vositalarida turistlarni tashish masofasi, xizmat koʻrsatish uchun zarur xodimlar soni, ularni jalb qilish vaqti va boshqa xarajatlar inobatga olinadi.

Kuzatuv xizmati shartnoma summasi oldindan toʻliq toʻlangandan soʻng amalga oshiriladi.

11. Quyidagi hollarda:

ushbu Nizomning 7-bandi hamda 9-bandining ikkinchi , uchinchi va toʻrtinchi xatboshilarida koʻrsatilgan maʼlumotlar buyurtmachi tomonidan toʻliq taqdim etilmaganda;

buyurtmachi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni oʻrganish natijalariga koʻra qonunchilik hujjatlari talablari buzilganligi aniqlanganda;

kuzatuv xizmatini koʻrsatish qatnov yoʻli va tashrif rejalashtirilgan hududlar xavfsizlik talablariga javob bermaganda;

kuzatuv xizmatini amalga oshirish uchun yetarli kuch va vositalarni jalb qilish imkoni boʻlmaganda;

shartnomada nazarda tutilgan toʻlov buyurtmachi tomonidan toʻliq amalga oshirilmaganda kuzatuv xizmatini koʻrsatish rad etiladi.

12. Murojaatni koʻrib chiqish yakuniga koʻra kuzatuv xizmatini koʻrsatish rad etilganda, bu haqda sabablari koʻrsatilgan holda buyurtmachiga yozma yoki elektron ravishda xabar beriladi.

3-bob. Kuzatuv xizmatini koʻrsatishning asosiy shartlari

13. Kuzatuv xizmatini koʻrsatish davomida XTTB xodimlari qonunchilik hujjatlari va Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining tegishli hujjatlari talablariga qatʼiy rioya etishlari shart.

Kuzatuv xizmatini tashkil etishda turistlar hamda boshqa shaxslarning huquq va erkinliklari poymol qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

14. Kuzatuv xizmatini koʻrsatishdan oldin XTTB tomonidan:

turistlarga Oʻzbekiston Respublikasining qonunchilik talablari va umumeʼtirof etilgan axloq qoidalariga rioya etishlari hamda xavfsizlik talablari boʻyicha tushuntirish oʻtkaziladi;

kuzatuvi amalga oshiriladigan turistlarning shaxsi va soni shartnomaga muvofiqligi tekshiriladi;

kuzatib boriladigan transport vositasining texnik sozligi koʻzdan kechiriladi, haydovchida zarur hujjatlar mavjudligi tekshiriladi hamda u bilan yoʻl harakati qoidalariga rioya etish va kuzatib borish qatnov yoʻli boʻyicha tegishli yoʻriqnoma oʻtkaziladi.

15. Kuzatuv xizmatini koʻrsatish yakunida XTTB va buyurtmachi oʻrtasida koʻrsatilgan xizmatlarning haqiqiy hajmi boʻyicha uch ish kuni mobaynida dalolatnoma tuziladi va uning asosida shartnoma summasi belgilangan tariflar boʻyicha qayta hisoblanib, oʻzaro hisob-kitob amalga oshiriladi.

16. Kuzatuv xizmatini koʻrsatish shartnomada belgilangan asoslarda va tartibda toʻxtatilishi mumkin.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

17. Kuzatuv xizmatini koʻrsatishdan tushgan mablagʻlar Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Xavfsiz turizmni taʼminlash jamgʻarmasiga oʻtkaziladi.

18. Shartnomada nazarda tutilmagan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

19. Ushbu Nizom talablarining buzilishi qonunchilik hujjatlarida belgilangan javobgarlikni keltirib chiqaradi.

Ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan shartnoma asosida turistlar va turistik guruhlarni kuzatib borish boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan shartnoma asosida turistlar va turistik guruhlarni kuzatib borish boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish tartibi

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 13-avgustdagi 669-son qaroriga 2-ILOVA

Ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan shartnoma asosida turizm namoyishi obyektlarida jamoat tartibini saqlash boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan shartnoma asosida turizm namoyishi obyektlarida jamoat tartibini saqlash boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish tartibini belgilaydi.

2. Turizm namoyishi obyektlarida jamoat tartibini saqlash boʻyicha pulli xizmatlar shartnoma asosida ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan turizm namoyish obyekti unga mulk huquqi va boshqa ashyoviy huquq asosida tegishli boʻlgan turistik faoliyatni tashkil etishga vakolatli yuridik yoki jismoniy shaxs (keyingi oʻrinlarda vakolatli shaxs deb ataladi) bilan tuziladigan shartnomalarga muvofiq amalga oshiriladi.

3. Ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan shartnoma asosida turizm namoyishi obyektlarida jamoat tartibini saqlash boʻyicha xizmatlar koʻrsatish tariflari Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tomonidan Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi bilan kelishgan holda belgilanadi.

4. Ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan shartnoma asosida turizm namoyishi obyektlarida jamoat tartibini saqlash boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

2-bob. Turizm namoyishi obyektida jamoat tartibini saqlash boʻyicha xizmat koʻrsatish toʻgʻrisida shartnoma tuzish tartibi

5. Turizm namoyishi obyektida jamoat tartibini saqlash boʻyicha xizmat koʻrsatish toʻgʻrisida shartnoma (keyingi oʻrinlarda shartnoma deb ataladi) vakolatli shaxsning hududiy ichki ishlar organining Xavfsiz turizmni taʼminlash boshqarmasiga (keyingi oʻrinlarda XTTB deb ataladi) qilgan murojaati asosida koʻrib chiqiladi.

6. Murojaat tushgan kundan boshlab oʻn besh kunlik muddatda XTTB tomonidan oʻrganib chiqiladi va natijasi haqida murojaat muallifiga yozma ravishda maʼlum qilinadi.

7. Murojaatni koʻrib chiqish davomida yuridik shaxsning vakili yoki jismoniy shaxs bilan birgalikda turizm namoyishi obyektining hududi koʻzdan kechiriladi va bu haqda dalolatnoma tuziladi.

Dalolatnomada obyekt hududining chegarasi, obyektda jamoat tartibini saqlash faoliyatini tashkil etish uchun talab etiladigan XTTB xodimlari soni va xizmat xonalari, xizmat olib borish tartibi, hududi va patrullik yoʻnalishlari belgilanadi.

8. Shartnoma tuzish va unga muvofiq XTTBga qoʻshimcha shtat birliklari ajratish toʻgʻrisida hududiy ichki ishlar organi tomonidan murojaat tushgan kundan boshlab besh kun muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligiga taqdimnoma kiritiladi.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi taqdimnomani tushgan kundan boshlab besh kun muddatda koʻrib chiqadi va qoʻshimcha shtat birliklari ajratish yoki ajratmaslik haqida qaror qabul qiladi.

Qoʻshimcha shtat birliklari ajratilgan taqdirda, tuzilgan dalolatnoma asosida XTTB va vakolatli shaxs oʻrtasida shartnoma tuziladi.

Shartnoma bir yil muddatga tuziladi.

Turizm namoyishi obyektining oʻziga xos xususiyatlarini inobatga olgan holda dalolatnoma va shartnoma loyihasida jamoat tartibini saqlash faoliyatini tashkil etishning alohida shartlari koʻrsatilishi mumkin.

10. Shartnomada belgilangan XTTB majburiyatlari qoʻshimcha shtat birliklari ajratilgan va jamlangandan soʻng bajariladi.

3-bob. Turizm namoyishi obyektlarida jamoat tartibini saqlash xizmatini tashkil etish

11. Turizm namoyishi obyektlarida jamoat tartibini saqlash xizmati XTTB naryadlarining faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining tegishli hujjatlarida belgilangan talablar asosida tashkil etish orqali amalga oshiriladi.

12. Jamoat tartibini saqlash xizmatini koʻrsatish davomida XTTB xodimlari qonunchilik hujjatlari va Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining tegishli hujjatlari talablariga qatʼiy rioya etishlari shart.

13. Shartnoma asosida xizmat olib borayotgan XTTB xodimlarining faoliyatini moliyalashtirish va ularni moddiy-texnik vositalar bilan taʼminlash shartnomalardan tushgan mablagʻlar hisobiga amalga oshiriladi.

14. Turizm namoyishi obyektida XTTB xodimlarining xizmat olib borish tartibi, hududi va patrullik yoʻnalishlari XTTB boshligʻi tomonidan vakolatli shaxs bilan kelishgan holda tasdiqlanadi.

15. Shartnoma asosida joriy etilgan shtat birliklari lavozimlariga XTTB xodimlari uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan kadrlarni tanlash, jamlash va mehnatga haq toʻlash shartlari tatbiq etiladi.

16. XTTBning shartnomalar asosida kiritilgan shtat birliklari belgilangan tartibda qisqartirilishi mumkin.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

17. Shartnoma asosida xizmat koʻrsatishdan tushgan mablagʻlar Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Xavfsiz turizmni taʼminlash jamgʻarmasiga oʻtkaziladi.

18. Shartnomada nazarda tutilmagan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

19. Ushbu Nizom talablarining buzilishi qonunchilik hujjatlarida belgilangan javobgarlikni keltirib chiqaradi.

Ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan shartnoma asosida turizm namoyishi obyektlarida jamoat tartibini saqlash boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish tartibi toʻgʻrisida nizomga 1-ILOVA

Ichki ishlar organlarining xavfsiz turizmni taʼminlash boʻlinmalari tomonidan shartnoma asosida turizm namoyishi obyektlarida jamoat tartibini saqlash boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish tartibi

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 13-avgust,

669-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 14.08.2019-y., 09/19/669/3570-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 23.11.2021-y., 09/21/705/1082-son; 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 31.01.2023-y., 09/23/37/0063-son )

lex.uz