UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 17-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 17 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 17 августа 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 17 August 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Қўқон университетини ташкил этиш тўғрисида

Жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда олий маълумотли рақобатбардош ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш, ўқув жараёнининг илмий-тадқиқот фаолияти билан узвий боғлиқлигини кучайтириш, олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, мамлакат ҳудудларидаги ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «Da Vinci» масъулияти чекланган жамиятининг (кейинги ўринларда Муассис деб аталади) Қўқон шаҳрида нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Қўқон университетини (кейинги ўринларда Университет деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

Университетда Ўзбекистон олий таълим дастурлари билан бирга дунёнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг олий таълим дастурларини жорий этиш;

республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш;

хорижнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;

ўқув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;

таълим жараёнига етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини кенг жалб қилиш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;

профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан уларнинг стажировкасини нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш.

3. Муассиснинг қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олиши тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

Университетни замонавий лаборатория асбоб-ускуналари, ўқув ва илмий адабиётлар, мебель, компьютер техникаси билан таъминлаш ҳамда ўқув жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Университетнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш;

Университетни танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан тўлдириш;

ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида бепул (Университет гранти асосида) 10 нафардан кам бўлмаган абитуриентларни ўқишга қабул қилиш.

4. Белгилансинки:

Университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Университет таълим жараёнини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари асосида амалга оширади;

Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасида амалда мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Университет томонидан белгиланади;

Университетга абитуриентларни қабул қилиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан белгиланади;

Университетда таълим фаолияти 2019/2020 ўқув йилидан бошланади;

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Адлия вазирлиги Университетни ташкил этиш даврида унинг фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлик ташкилий, юридик, иқтисодий, ўқув- услубий, моддий-техник ва бошқа масалаларни ҳал этишда Муассисга кўмаклашсин.

6. Қуқон шаҳри, Туркистон кўчаси, 28-а уй манзилида жойлашган Қуқон сервис ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилсин ва кейинчалик ушбу жойда Университет текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Қўкон сервис ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига берилаётган бино ва иншоотларда ўқув жараёнини давом эттирадилар.

7. Қуйидагилар Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Университетга ҳар йили янги ўқув йили бошлангунига қадар мавжуд талаб ва эҳтиёжни ҳамда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олиб, меҳнат бозори конъюнктурасининг тез ўзгарувчан шароитида юқори малакали кадрларнинг амалий тайёргарлигини таъминлайдиган янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга рухсат берилсин.

9. Қўкон шаҳар ҳокимлиги Университет фаолиятини 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйиш учун унинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш бўйича зарур лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашда, ўқитувчи ва талабалар учун турар жой биносини қуришда, зарур ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва кутубхона фондлари билан таъминлашда Муассис билан ҳамкорлик қилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Университетда таълим сифатини ва қонунчиликка риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Университет буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва маъмурий ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Университет буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва маъмурий ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун давлат божи ундирилмасдан, белгиланган тартибда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш манзиллари бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда унинг муддати узайтирилишини таъминласин.

13. 2022 йил 1 августга қадар:

Университет барча турдаги солиқларни тўлашдан;

Университетга жалб этиладиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар ягона ижтимоий тўловни ва жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқни тўлашдан;

Университетни жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар (шу жумладан лаборатория ускуналари), компьютер техникаси, электрон доскалар, проекторлар, мультимедиа маҳсулотлари, адабиётлар, қурилиш материаллари ва инвентарь божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда четдан олиб келинган товарлардан Университет томонидан мақсадли фойдаланилиши бўйича назорат ўрнатсин.

Белгилансинки, четдан олиб келинадиган товарлардан бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда, имтиёзлар берилиши муносабати билан тўланмаган божхона тўловлари суммаси қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган молиявий санкциялар қўлланилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириб олинади.

14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълими вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 17 август,

683-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.08.2019 й., 09/19/683/3588-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Qoʻqon universitetini tashkil etish toʻgʻrisida

Jahon tajribasini hisobga olgan holda oliy maʼlumotli raqobatbardosh va yuqori malakali mutaxassislar tayyorlashni tashkil etish, oʻquv jarayonining ilmiy-tadqiqot faoliyati bilan uzviy bogʻliqligini kuchaytirish, oliy taʼlim sohasidagi xalqaro hamkorlikni yanada kengaytirish, mamlakat hududlaridagi yoshlarning salohiyatini roʻyobga chiqarish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda “Da Vinci” masʼuliyati cheklangan jamiyatining (keyingi oʻrinlarda Muassis deb ataladi) Qoʻqon shahrida nodavlat taʼlim xizmatlarini koʻrsatuvchi Qoʻqon universitetini (keyingi oʻrinlarda Universitet deb ataladi) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. Quyidagilar Universitetning asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlari etib belgilansin:

Universitetda Oʻzbekiston oliy taʼlim dasturlari bilan birga dunyoning nufuzli xorijiy oliy taʼlim muassasalarining oliy taʼlim dasturlarini joriy etish;

respublika iqtisodiyoti real sektorlari tarmoqlarining ehtiyojlarini hisobga olgan holda yuqori malakali oliy maʼlumotli mutaxassislarni tayyorlash;

xorijning ilgʻor oliy taʼlim muassasalari bilan hamkorlik asosida tajriba almashish dasturlarini amalga oshirish;

oʻquv rejalariga zamonaviy fanlarni kiritib borish, innovatsion hamda ilm-fanga asoslangan texnologiyalarni tatbiq qilish;

taʼlim jarayoniga yetakchi xorijiy oliy taʼlim muassasalarining malakali professor-oʻqituvchilari, olim va mutaxassislarini keng jalb qilish;

taʼlim jarayoniga zamonaviy pedagogik va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini, ilm-fan va texnikaning yangi yutuqlarini joriy etish;

professor-oʻqituvchilar malakasini oshirish va qayta tayyorlash, shu jumladan ularning stajirovkasini nufuzli xorijiy oliy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalarida tashkil etish.

3. Muassisning quyidagi majburiyatlarni oʻz zimmasiga olishi toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin:

Universitetni zamonaviy laboratoriya asbob-uskunalari, oʻquv va ilmiy adabiyotlar, mebel, kompyuter texnikasi bilan taʼminlash hamda oʻquv jarayoniga axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish;

Universitetning bino va inshootlarini qurish, rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash hamda jihozlash;

Universitetni tanlov asosida malakali professor-oʻqituvchilar tarkibi bilan toʻldirish;

har yili ijtimoiy himoyaga muhtoj oilalarning qobiliyatli, iqtidorli hamda oʻzlashtirish koʻrsatkichlari yuqori boʻlgan farzandlari orasidan tanlov asosida bepul (Universitet granti asosida) 10 nafardan kam boʻlmagan abituriyentlarni oʻqishga qabul qilish.

4. Belgilansinki:

Universitet nodavlat oliy taʼlim tashkiloti hisoblanadi;

Universitet taʼlim jarayonini Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan kelishilgan holda xorijiy tajriba asosida ishlab chiqilgan malaka talablari, oʻquv reja va fan dasturlari asosida amalga oshiradi;

Universitetda oʻqitish Oʻzbekiston Respublikasida amalda mavjud taʼlim shakllari hamda oʻzbek, rus va ingliz tillarida toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi;

bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklariga qabul parametrlari respublika mehnat bozori ehtiyojlari hamda Universitetning moddiy-texnik imkoniyatidan kelib chiqqan holda Universitet tomonidan belgilanadi;

Universitetga abituriyentlarni qabul qilish tartibi va qoidalari Universitet tomonidan belgilanadi;

Universitetda taʼlim faoliyati 2019/2020 oʻquv yilidan boshlanadi;

Universitet bitiruvchilariga Oʻzbekiston Respublikasida oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi hujjat sifatida eʼtirof etiladigan belgilangan namunadagi diplom beriladi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi va Adliya vazirligi Universitetni tashkil etish davrida uning faoliyatini yoʻlga qoʻyish bilan bogʻlik tashkiliy, yuridik, iqtisodiy, oʻquv- uslubiy, moddiy-texnik va boshqa masalalarni hal etishda Muassisga koʻmaklashsin.

6. Quqon shahri, Turkiston koʻchasi, 28-a uy manzilida joylashgan Quqon servis va tadbirkorlik kasb-hunar kollejining bino va inshootlari tegishli hududi bilan birga Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligiga operativ boshqaruv huquqi bilan berilsin va keyinchalik ushbu joyda Universitet tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilsin.

Belgilab qoʻyilsinki, Qoʻkon servis va tadbirkorlik kasb-hunar kolleji oʻquvchilari oʻqishni bitirgunlariga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligiga berilayotgan bino va inshootlarda oʻquv jarayonini davom ettiradilar.

7. Quyidagilar Universitet faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;

xoʻjalik faoliyatidan va shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan tushumlar;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

xalqaro moliya tashkilotlarining grantlari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

8. Universitetga har yili yangi oʻquv yili boshlanguniga qadar mavjud talab va ehtiyojni hamda respublikani ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish istiqbollarini hisobga olib, mehnat bozori konyunkturasining tez oʻzgaruvchan sharoitida yuqori malakali kadrlarning amaliy tayyorgarligini taʼminlaydigan yangi bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarini ochishga ruxsat berilsin.

9. Qoʻkon shahar hokimligi Universitet faoliyatini 2019/2020 oʻquv yilidan boshlab yoʻlga qoʻyish uchun uning bino va inshootlarini rekonstruksiya qilish hamda kapital taʼmirlash boʻyicha zarur loyiha-smeta hujjatlarini tayyorlashda, oʻqituvchi va talabalar uchun turar joy binosini qurishda, zarur oʻquv-laboratoriya uskunalari, kompyuter texnikasi va kutubxona fondlari bilan taʼminlashda Muassis bilan hamkorlik qilsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi Universitetda taʼlim sifatini va qonunchilikka rioya etilishini belgilangan tartibda nazorat qilsin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Universitet buyurtmanomalariga binoan mazkur qarorni amalga oshirish doirasida jalb qilinadigan xorijiy professor-oʻqituvchilar tarkibi va maʼmuriy xodimlar hamda ularning oila aʼzolari uchun kirish vizalari konsullik hamda boshqa yigʻimlar undirilmasdan, belgilangan tartibda rasmiylashtirilishini taʼminlasin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Universitet buyurtmanomalariga binoan mazkur qarorni amalga oshirish doirasida jalb qilinadigan xorijiy professor-oʻqituvchilar tarkibi va maʼmuriy xodimlar hamda ularning oila aʼzolari uchun davlat boji undirilmasdan, belgilangan tartibda koʻp martalik vizalar berilishi va uzaytirilishini, shuningdek, ularning yashash manzillari boʻyicha vaqtinchalik roʻyxatdan oʻtkazilishi hamda uning muddati uzaytirilishini taʼminlasin.

13. 2022-yil 1-avgustga qadar:

Universitet barcha turdagi soliqlarni toʻlashdan;

Universitetga jalb etiladigan xorijiy professor-oʻqituvchilar va mutaxassislar yagona ijtimoiy toʻlovni va jismoniy shaxslarning daromadlaridan olinadigan soliqni toʻlashdan;

Universitetni jihozlash va faoliyatini tashkil etish uchun belgilangan tartibda shakllantiriladigan roʻyxatlar boʻyicha olib kelinadigan, Oʻzbekistonda ishlab chiqarilmaydigan uskunalar (shu jumladan laboratoriya uskunalari), kompyuter texnikasi, elektron doskalar, proyektorlar, multimedia mahsulotlari, adabiyotlar, qurilish materiallari va inventar bojxona toʻlovlaridan (bojxona rasmiylashtiruvi yigʻimlaridan tashqari) ozod qilinsin.

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi Davlat bojxona qoʻmitasi bilan birgalikda chetdan olib kelingan tovarlardan Universitet tomonidan maqsadli foydalanilishi boʻyicha nazorat oʻrnatsin.

Belgilansinki, chetdan olib kelinadigan tovarlardan boshqa maqsadlarda foydalanilgan taqdirda, imtiyozlar berilishi munosabati bilan toʻlanmagan bojxona toʻlovlari summasi qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan moliyaviy sanksiyalar qoʻllanilgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetiga undirib olinadi.

14. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

15. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari A.A. Abduxakimov hamda Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlimi vaziri I.U. Madjidov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 17-avgust,

683-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 17.08.2019-y., 09/19/683/3588-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son)

lex.uz