📅 2019-yil 17-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 17-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 17 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 августа 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 August 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Самарқанд давлат университети ҳузурида аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш тўғрисида
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, физика, математика, кимё, биология каби муҳим ва талаб юқори бўлган фанларни чуқурлаштирилган тарзда ўргатиш ҳамда истеъдодли ёшлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг Самарқанд давлат университети ҳузурида аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган мактаб деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар ихтисослаштирилган мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
физика, математика, кимё ва биология фанлари бўйича иқтидорли ўқувчиларни танлаш, уларга замон талаблари даражасида чуқурлаштирилган билим бериш, олий таълим тизими учун юқори интеллектуал салоҳиятли ёшларни тайёрлаш;
ҳар бир иқтидорли ўқувчининг индивидуал камол топиши хусусиятларини инобатга олиб уларга профессор-ўқитувчиларни бириктириш, мустақил таълим олиш ҳамда илмий-ижодий иш билан шуғулланиш кўникмаларини шакллантириш ва истиқболда ривожлантириш;
иқтидорли ўқувчиларнинг республика ва халқаро танловларда муваффақиятли иштирок этишини ҳамда совринли ўринларни эгаллашини таъминлаш;
ихтисослаштирилган мактабда ўқувчилар учун юқори сифатли таълим жараёнини ташкил этиш;
таълим жараёнига ўқитишнинг инновацион ва самарали усулларини, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини, илғор педагогик ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш;
юқори касб маҳоратига эга бўлган профессор-ўқитувчиларни жалб этган ҳолда ўқитиладиган умумтаълим фанлари бўйича махсус дарсликлар, электрон ўқув адабиётлари, методик ишланмалар яратиш, ўқувчиларнинг фан сирларини чуқур ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
ихтисослаштирилган мактаб Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги давлат умумтаълим муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга эга бўлади;
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган мактабнинг 7-синфига физика-математика йўналиши бўйича 60 нафар ва кимё-биология йўналиши бўйича 60 нафар ўқувчи тегишлича физика-математика ва кимё-биология фанларидан ўтказиладиган танлов асосида қабул қилинади;
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирига ихтисослаштирилган мактабнинг моддий-техник базаси, имкониятлари, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади;
ихтисослаштирилган мактаб битирувчиларига давлат намунасидаги умумий ўрта таълим тўғрисидаги расмий ҳужжатлар (шаҳодатнома, аттестат) берилади;
ихтисослаштирилган мактаб директори Самарқанд давлат университети ректорининг тавсиясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг:
Самарқанд шаҳар, Даҳбед кўчаси, 45-уй манзилида жойлашган Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалининг бино ва иншоатларини тегишли ҳудуди билан биргаликда ихтисослаштирилган мактабга;
Самарқанд шаҳар, Профессорлар кўчаси, 51-уй манзилида жойлашган Самарқанд молия ва иқтисодиёт коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Белгилаб қўйилсинки:
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалининг биноларида таҳсил олаётган Самарқанд банк коллежининг ўқувчилари ўқишни битирганларига қадар ихтисослаштирилган мактабга берилаётган биноларда;
Самарқанд молия ва иқтисодиёт коллежининг ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалининг биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тақдим этилган асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ 2020 йил ва келгуси йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ихтисослаштирилган мактабнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш лойиҳалари ушбу дастурларга белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсин.
6. Ихтисослаштирилган мактабнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси — буюртмачи этиб белгилансин;
бош лойиҳа ва бош пудратчи ташкилотлар белгиланган тартибда тендер (танлов) савдолари натижасида аниқлансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда:
икки ой муддатда ихтисослаштирилган мактабнинг уставини тасдиқласин ҳамда уни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш;
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган мактабни зарур ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар, бадиий адабиётлар билан таъминлаш;
ихтисослаштирилган мактабга олий таълим муассасаларини тамомлаган иқтидорли педагог кадрларни жалб этиш чораларини кўрсин.
8. Самарқанд вилояти ҳокимлиги 2019 йил маҳаллий бюджет параметрларида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган мактабни жорий сақлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиалини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 28 майдаги 438-сон қарорининг 8-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 17 август,
682-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Samarqand davlat universiteti huzurida aniq va tabiiy fanlarga ixtisoslashtirilgan maktab tashkil etish toʻgʻrisida
2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasida belgilangan vazifalarga muvofiq uzluksiz taʼlim tizimini yanada takomillashtirish, umumiy oʻrta taʼlim sifatini tubdan oshirish, fizika, matematika, kimyo, biologiya kabi muhim va talab yuqori boʻlgan fanlarni chuqurlashtirilgan tarzda oʻrgatish hamda isteʼdodli yoshlar uchun zarur shart-sharoitlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Samarqand viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Xalq taʼlimi vazirligining Samarqand davlat universiteti huzurida aniq va tabiiy fanlarga ixtisoslashtirilgan maktab (keyingi oʻrinlarda ixtisoslashtirilgan maktab deb ataladi) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
2. Quyidagilar ixtisoslashtirilgan maktabning asosiy vazifalari etib belgilansin:
fizika, matematika, kimyo va biologiya fanlari boʻyicha iqtidorli oʻquvchilarni tanlash, ularga zamon talablari darajasida chuqurlashtirilgan bilim berish, oliy taʼlim tizimi uchun yuqori intellektual salohiyatli yoshlarni tayyorlash;
har bir iqtidorli oʻquvchining individual kamol topishi xususiyatlarini inobatga olib ularga professor-oʻqituvchilarni biriktirish, mustaqil taʼlim olish hamda ilmiy-ijodiy ish bilan shugʻullanish koʻnikmalarini shakllantirish va istiqbolda rivojlantirish;
iqtidorli oʻquvchilarning respublika va xalqaro tanlovlarda muvaffaqiyatli ishtirok etishini hamda sovrinli oʻrinlarni egallashini taʼminlash;
ixtisoslashtirilgan maktabda oʻquvchilar uchun yuqori sifatli taʼlim jarayonini tashkil etish;
taʼlim jarayoniga oʻqitishning innovatsion va samarali usullarini, rivojlangan xorijiy mamlakatlar tajribasini, ilgʻor pedagogik va axborot texnologiyalarini keng joriy etish;
yuqori kasb mahoratiga ega boʻlgan professor-oʻqituvchilarni jalb etgan holda oʻqitiladigan umumtaʼlim fanlari boʻyicha maxsus darsliklar, elektron oʻquv adabiyotlari, metodik ishlanmalar yaratish, oʻquvchilarning fan sirlarini chuqur oʻrganishlari uchun zarur shart-sharoitlar yaratish.
3. Belgilab qoʻyilsinki:
ixtisoslashtirilgan maktab Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tizimidagi davlat umumtaʼlim muassasasi hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Gʻaznachilik boʻlinmasida shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga, shtampga, blankalarga ega boʻladi;
2019/2020 oʻquv yilidan boshlab ixtisoslashtirilgan maktabning 7-sinfiga fizika-matematika yoʻnalishi boʻyicha 60 nafar va kimyo-biologiya yoʻnalishi boʻyicha 60 nafar oʻquvchi tegishlicha fizika-matematika va kimyo-biologiya fanlaridan oʻtkaziladigan tanlov asosida qabul qilinadi;
Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziriga ixtisoslashtirilgan maktabning moddiy-texnik bazasi, imkoniyatlari, pedagog kadrlarning salohiyati hamda mavjud talab va ehtiyojdan kelib chiqqan holda keyingi yillarda oʻquvchilarni qabul qilish kvotalariga oʻzgartirishlar kiritish huquqi beriladi;
ixtisoslashtirilgan maktab bitiruvchilariga davlat namunasidagi umumiy oʻrta taʼlim toʻgʻrisidagi rasmiy hujjatlar (shahodatnoma, attestat) beriladi;
ixtisoslashtirilgan maktab direktori Samarqand davlat universiteti rektorining tavsiyasiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Samarqand viloyati hokimligining:
Samarqand shahar, Dahbed koʻchasi, 45-uy manzilida joylashgan Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti Samarqand filialining bino va inshoatlarini tegishli hududi bilan birgalikda ixtisoslashtirilgan maktabga;
Samarqand shahar, Professorlar koʻchasi, 51-uy manzilida joylashgan Samarqand moliya va iqtisodiyot kollejining bino va inshootlarini tegishli hududi bilan birgalikda Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti Samarqand filialiga operativ boshqaruv huquqi asosida berish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.
Belgilab qoʻyilsinki:
Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti Samarqand filialining binolarida tahsil olayotgan Samarqand bank kollejining oʻquvchilari oʻqishni bitirganlariga qadar ixtisoslashtirilgan maktabga berilayotgan binolarda;
Samarqand moliya va iqtisodiyot kollejining oʻquvchilari oʻqishni bitirgunlariga qadar Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti Samarqand filialining binolarida oʻquv jarayonini davom ettiradilar.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va sanoat vazirligi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Moliya vazirligi bilan birgalikda Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi tomonidan taqdim etilgan asoslangan hisob-kitoblarga muvofiq 2020-yil va kelgusi yillarga moʻljallangan Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturini shakllantirishda tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlariga muvofiq ixtisoslashtirilgan maktabning bino va inshootlarini qurish, rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash hamda jihozlash loyihalari ushbu dasturlarga belgilangan tartibda kiritilishini nazarda tutsin.
6. Ixtisoslashtirilgan maktabning bino va inshootlarini qurish, rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash hamda jihozlash ishlari boʻyicha:
Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi huzuridagi Yagona buyurtmachi xizmati injiniring kompaniyasi — buyurtmachi etib belgilansin;
bosh loyiha va bosh pudratchi tashkilotlar belgilangan tartibda tender (tanlov) savdolari natijasida aniqlansin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Xalq taʼlimi vazirligi bilan birgalikda:
ikki oy muddatda ixtisoslashtirilgan maktabning ustavini tasdiqlasin hamda uni belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazish;
2019/2020 oʻquv yilidan boshlab ixtisoslashtirilgan maktabni zarur oʻquv-metodik majmualar, oʻqituvchilar uchun metodik qoʻllanmalar, badiiy adabiyotlar bilan taʼminlash;
ixtisoslashtirilgan maktabga oliy taʼlim muassasalarini tamomlagan iqtidorli pedagog kadrlarni jalb etish choralarini koʻrsin.
8. Samarqand viloyati hokimligi 2019-yil mahalliy budjet parametrlarida 2019/2020 oʻquv yilidan boshlab ixtisoslashtirilgan maktabni joriy saqlash bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirish uchun zarur mablagʻlarni nazarda tutsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Toshkent davlat iqtisodiyot universitetining Samarqand filialini tashkil etish toʻgʻrisida” 2019-yil 28-maydagi 438-son qarorining 8-bandi oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Xalq taʼlimi vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.
11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari A.A. Abduxakimov, Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov hamda Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 17-avgust,
682-son