📅 2019-yil 5-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 5-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 5 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 5 сентября 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 5 September 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТУЗИЛМАСИ
ТУЗИЛМАСИ
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 17 апрелдаги ПФ-5708-сон Фармонига мувофиқ маҳсулот етиштирувчиларни қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг юқори авлодли ва сифатли уруғликлари билан етарли миқдорда таъминлаш, уруғчиликнинг миллий брендини яратиш, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида уруғчилик кластерларини ташкил этиш, соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 17 апрелдаги ПФ-5708-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази ва унинг бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази этиб қайта ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирига зарур ҳолларда Марказ тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Қуйидагилар Марказнинг вазифалари этиб белгилансин:
халқаро меъёрларга мос ҳолдаги «Миллий уруғчилик сиёсати»ни ишлаб чиқиш, уруғчиликни ривожлантиришнинг қисқа ва узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш ;
давлат-хусусий шериклик шартлари асосида уруғчилик кластерлари , шу жумладан, кичик уруғчилик ташкилотларини ташкил этиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чораларини кўриш;
жаҳон бозори конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда республика тупроқ-иқлим шароитларига мос қишлоқ хўжалиги экинлари турлари ва навларини аниқлаб, ҳудудларни ихтисослаштириш, уларнинг уруғликлари ва кўчатларини тайёрлаш, фойдаланиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш, «Uzbek seeds» миллий брендини яратиш ;
маҳаллий ва хорижий селекция навлари ҳамда биотехнологик ва ноанъанавий экин турлари навларининг бирламчи уруғчилиги ҳамда кўчатчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш;
қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги соҳасида фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаштириш;
уруғчилик бўйича халқаро ва миллий ташкилотлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш, уруғликларни экишдан олдин ишлов бериш ва қайта ишлашга оид инновацион технологиялар, ушбу соҳадаги ноу-хауларни жорий этиш;
сабзавот ва полизчиликда маҳаллий селекция навларини тиклаш ҳамда F 1 дурагай уруғчилигини йўлга қўйиш;
селекция ва уруғчилик соҳасида фаолият юритувчи субъектларнинг моддий-техника базасини модернизациялаш, хорижий инвестициялар ва давлат-хусусий шериклик тизими имкониятларини жалб этган ҳолда ресурс тежайдиган замонавий технологияларни жорий қилиш;
уруғликлар етиштиришга ихтисослашган ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, ғўза, бошоқли дон, сабзавот, полиз, мойли, дуккакли ва озиқа экинларини уларнинг турлари ҳамда навлари бўйича жойлаштириш;
уруғликлар етиштиришга ихтисослашган ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги субъектларининг ягона электрон тизимини яратиш. Бунда субъект номи, экин тури, нави ва авлоди, уруғлик майдонига берилган минерал ўғитлар тури ва миқдори, ишлатилган кимёвий воситалар номи ва меъёри, апробация комиссиясининг навдорлик бўйича хулосаси, етиштирилган ҳосил тўғрисидаги маълумотларни акс эттириш;
уруғлик етиштирувчи субъектларда вегетация даврида пахта ва бошоқли дон майдонларида камида уч марта, бошқа уруғлик майдонларида камида икки марта, уруғликларни сақлаш ва қайта ишлаш жараёнларида доимий мониторинг юритиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва фаолиятини мувофиқлаштириш;
қишлоқ хўжалиги экинлари тури ва навидан келиб чиққан ҳолда илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда экиш, парваришлаш ва ҳосилни йиғиб олиш бўйича тавсия, қўлланма, норматив ҳужжатларни тайёрлаш ва уруғчилик субъектларига етказиш;
уруғчилик субъектларида етиштирилган пахта, бошоқли дон, сабзавот, полиз, мойли, дуккакли ва озиқа экинлари уруғликларини халқаро стандартларга мос равишда тайёрлаш ва қадоқлаш ҳамда ички ва ташқи бозорга «Uzbek seeds» миллий бренди асосида сотишни ташкил этиш.
4. Белгилансинки:
элита-уруғчилик хўжаликларида юқори репродуктив (оригинал, суперэлита ва элита) уруғликларни етиштириш нав оригинаторлари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги шартномалар асосида ташкил этилади;
уруғликлар етиштиришга ихтисослашган ҳудудларда қишлоқ хўжалиги экинларининг элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик материалларини етиштириш ҳуқуқи уруғлик етиштирувчи субъектлар ўртасида танлов ўтказиш орқали берилади;
нав оригинаторлари ва уруғлик етиштирувчи субъектларни рағбатлантириш ҳамда уруғлик материаллари етиштириш учун танловни ўтказиш амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади;
қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғликлари ва кўчатларига бўлган буюртма ҳажми ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан белгиланади;
Марказ ва уруғлик етиштирувчи субъектлар томонидан уруғлик материаллари ташқи бозорга «Uzbek seeds» миллий бренди остида экспорт қилинади;
Марказ директори, директорнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
давлат харидлари учун маҳсулот етиштирувчи хўжалик субъектларига лизинг шартлари асосида қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини ва бошқа моддий ресурсларни етказиб беришда назарда тутилган имтиёзлар Марказнинг ҳудудий бўлинмаларига ҳам татбиқ этилади ;
ғўзанинг бирламчи ва элита уруғчилиги лабораторияларидаги синов намуналарининг тола сифати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳузуридаги «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази» давлат муассасасида бепул таҳлил қилиб берилади;
уруғчилик ва кўчатчилик субъектларининг экин майдонларида тупроқ унумдорлигини оширувчи қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш тизимига қатъий риоя қилинади.
5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат комплекси ва озиқ-овқат билан таъминлаш соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:
2020 йилнинг иккинчи ярмида «Uzbek seeds» миллий бренди савдо тармоғини, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида уруғчилик кластерлари, шу жумладан, кичик уруғчилик компанияларини ташкил этиш;
қишлоқ хўжалиги экинларининг бирламчи уруғчилиги элита лабораторияларини маҳсулотнинг сифат кўрсаткичларини аниқловчи ҳамда уруғлик материалларини тайёрловчи асбоб-ускуналар билан таъминлаш учун Марказга халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотларининг инвестициялари ва грантларини жалб этиш чораларини кўрсин.
Яқин истиқбол ва келажакда қишлоқ хўжалиги бўйича шаклланадиган инвестиция лойиҳаларида, қоида тариқасида, селекция, уруғчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш компонентлари назарда тутилсин.
6. Марказнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган Уруғчиликни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этилсин ва қуйидагилар уни шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
навдор уруғлар учун тўланадиган устама ҳақлардан олинадиган ўтказмалар;
кўрсатилаётган хизматлардан, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлик материалини реализация қилишдан, шу жумладан, уни экспорт қилишдан олинган даромадлар;
Марказнинг уруғчилик кластерларидаги улушидан олинган дивидендлар;
Марказнинг бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотларининг инвестициялари ва грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадлар учун сарфланади:
уруғчилик соҳасини барқарор ривожлантиришни таъминлашга қаратилган комплекс дастурларни амалга ошириш;
Марказ ҳузуридаги элита уруғчилик лабораторияларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги соҳасига хорижий мутахассислар ва консультантларни жалб этиш, шунингдек, Марказ ходимлари, элита уруғчилик хўжаликлари мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги соҳасида ноу-хауларни жорий этиш, шунингдек, сабзавот ва полиз экинларининг F 1 дурагай уруғчилигини ташкил этиш;
сабзавот, полиз, дуккакли, мойли ва озуқа экинлари нав оргинаторлари ва муаллифларини қўллаб-қувватлаш;
Марказга юкланган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа тадбирлар.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда:
қишлоқ хўжалиги экинларининг бирламчи уруғчилиги ва кўчатчилигини ташкил этиш учун Марказга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 300 гектардан суғориладиган ер майдонлари ажратилишини ;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни уруғлик материаллари билан таъминлаш мақсадида туман (шаҳар) марказларида уруғлик материалларини реализация қилиш шохобчаларини қуриш учун ер майдонлари ажратилишини ёхуд Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар ноль баланс қийматида оператив бошқарув ҳуқуқи билан Марказга ўтказилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда уруғчиликдаги илмий ишланмаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида ҳар йили қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси, уруғчилиги ва кўчатчилиги бўйича долзарб давлат илмий дастурлари доирасида фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар танловларининг эълон қилиб борилишини ҳамда грантлар ҳисобига молиялаштирилишини таъминласин.
Бунда қуйидагилар молиялаштириладиган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
жаҳон амалиётида қўлланилаётган замонавий усул ва технологиялар асосида қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги ва сифат кўрсаткичлари юқори бўлган, иқлим ўзгаришлари, қурғоқчилик ва шўрга мослашган, касаллик ва зараркунандаларга бардошли нав ва дурагайлари селекцияси ҳамда уруғчилиги жараёнларининг барқарор ривожланишини таъминлаш;
навларнинг ҳосилдорлиги ва уруғликларни кўпайиш коэффицентини ошириш ҳисобига нав алмаштириш ва янгилаш муддатларини жадаллаштириш;
нанотехнологиялар, молекуляр генетика, биокимё, биофизика ва ген-муҳандислик усулларини қўллашга асосланган уруғлик етиштиришнинг замонавий технологияларини жорий этиш ҳисобига уруғларнинг навдорлик ва унувчанлик хусусиятларини яхшилаш, экинларнинг ҳосилдорлигини ошириш;
уруғлик етиштирувчи субъектларнинг моддий-техника базасини модернизациялаш, уларни замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ва агрегатлари билан жиҳозлаш.
9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларида қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш, уруғчилик ва уруғшунослик кафедрасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
10. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бир ой муддатда Вазирлик ҳузуридаги «Уруғчиликни ривожлантириш маркази» давлат унитар корхонасига қарашли ва у томонидан фойдаланилаётган бинолар, иншоотлар, транспорт воситалари ва бошқа моддий-техник қимматликлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида қайта ташкил этилаётган Марказга ўтказилишини таъминласин.
Марказ Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Наманган кўчаси 70-уйда жойлаштирилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази уставини;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг Уруғчиликни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқласин;
бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги 733-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги 733-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 5 сентябрь,
733-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TUZILMASI
TUZILMASI
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Urugʻchilikni rivojlantirish markazi faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qishloq xoʻjaligi sohasida davlat boshqaruvi tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 17-apreldagi PF-5708-son Farmoniga muvofiq mahsulot yetishtiruvchilarni qishloq xoʻjaligi ekinlari navlarining yuqori avlodli va sifatli urugʻliklari bilan yetarli miqdorda taʼminlash, urugʻchilikning milliy brendini yaratish, davlat-xususiy sheriklik shartlari asosida urugʻchilik klasterlarini tashkil etish, sohaga toʻgʻridan-toʻgʻri investitsiyalarni jalb etishni ragʻbatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qishloq xoʻjaligi sohasida davlat boshqaruvi tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 17-apreldagi PF-5708-son Farmoniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi huzuridagi Urugʻchilikni rivojlantirish markazi va uning boʻlinmalari Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Urugʻchilikni rivojlantirish markazi etib qayta tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Urugʻchilikni rivojlantirish markazining (keyingi oʻrinlarda Markaz deb ataladi) tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq;
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Urugʻchilikni rivojlantirish markazining Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar boshqarmalari tuzilmasi 2-ilovaga muvofiq;
Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vaziriga zarur hollarda Markaz tuzilmasiga boshqaruv xodimlarining belgilangan cheklangan umumiy soni va mehnatga haq toʻlash fondi doirasida oʻzgartirishlar kiritish huquqi berilsin.
3. Quyidagilar Markazning vazifalari etib belgilansin:
xalqaro meʼyorlarga mos holdagi “Milliy urugʻchilik siyosati”ni ishlab chiqish, urugʻchilikni rivojlantirishning qisqa va uzoq muddatli strategiyasini ishlab chiqish ;
davlat-xususiy sheriklik shartlari asosida urugʻchilik klasterlari , shu jumladan, kichik urugʻchilik tashkilotlarini tashkil etish, ularning faoliyatini qoʻllab-quvvatlash va rivojlantirish choralarini koʻrish;
jahon bozori konyunkturasini hisobga olgan holda respublika tuproq-iqlim sharoitlariga mos qishloq xoʻjaligi ekinlari turlari va navlarini aniqlab, hududlarni ixtisoslashtirish, ularning urugʻliklari va koʻchatlarini tayyorlash, foydalanish va eksport qilishning zamonaviy tizimini shakllantirish, “Uzbek seeds” milliy brendini yaratish ;
mahalliy va xorijiy seleksiya navlari hamda biotexnologik va noanʼanaviy ekin turlari navlarining birlamchi urugʻchiligi hamda koʻchatchiligini tashkil etish va rivojlantirish;
qishloq xoʻjaligi ekinlari seleksiyasi va urugʻchiligi sohasida fan, taʼlim va ishlab chiqarishni integratsiyalashtirish;
urugʻchilik boʻyicha xalqaro va milliy tashkilotlar bilan oʻzaro faol hamkorlik qilish, urugʻliklarni ekishdan oldin ishlov berish va qayta ishlashga oid innovatsion texnologiyalar, ushbu sohadagi nou-xaularni joriy etish;
sabzavot va polizchilikda mahalliy seleksiya navlarini tiklash hamda F 1 duragay urugʻchiligini yoʻlga qoʻyish;
seleksiya va urugʻchilik sohasida faoliyat yurituvchi subyektlarning moddiy-texnika bazasini modernizatsiyalash, xorijiy investitsiyalar va davlat-xususiy sheriklik tizimi imkoniyatlarini jalb etgan holda resurs tejaydigan zamonaviy texnologiyalarni joriy qilish;
urugʻliklar yetishtirishga ixtisoslashgan hududlarning tuproq-iqlim sharoitidan kelib chiqqan holda, gʻoʻza, boshoqli don, sabzavot, poliz, moyli, dukkakli va oziqa ekinlarini ularning turlari hamda navlari boʻyicha joylashtirish;
urugʻliklar yetishtirishga ixtisoslashgan hududlardagi qishloq xoʻjaligi subyektlarining yagona elektron tizimini yaratish. Bunda subyekt nomi, ekin turi, navi va avlodi, urugʻlik maydoniga berilgan mineral oʻgʻitlar turi va miqdori, ishlatilgan kimyoviy vositalar nomi va meʼyori, aprobatsiya komissiyasining navdorlik boʻyicha xulosasi, yetishtirilgan hosil toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni aks ettirish;
urugʻlik yetishtiruvchi subyektlarda vegetatsiya davrida paxta va boshoqli don maydonlarida kamida uch marta, boshqa urugʻlik maydonlarida kamida ikki marta, urugʻliklarni saqlash va qayta ishlash jarayonlarida doimiy monitoring yuritish, ularga amaliy yordam koʻrsatish va faoliyatini muvofiqlashtirish;
qishloq xoʻjaligi ekinlari turi va navidan kelib chiqqan holda ilmiy-tadqiqot institutlari bilan hamkorlikda ekish, parvarishlash va hosilni yigʻib olish boʻyicha tavsiya, qoʻllanma, normativ hujjatlarni tayyorlash va urugʻchilik subyektlariga yetkazish;
urugʻchilik subyektlarida yetishtirilgan paxta, boshoqli don, sabzavot, poliz, moyli, dukkakli va oziqa ekinlari urugʻliklarini xalqaro standartlarga mos ravishda tayyorlash va qadoqlash hamda ichki va tashqi bozorga “Uzbek seeds” milliy brendi asosida sotishni tashkil etish.
4. Belgilansinki:
elita-urugʻchilik xoʻjaliklarida yuqori reproduktiv (original, superelita va elita) urugʻliklarni yetishtirish nav originatorlari va ishlab chiqaruvchilar oʻrtasidagi shartnomalar asosida tashkil etiladi;
urugʻliklar yetishtirishga ixtisoslashgan hududlarda qishloq xoʻjaligi ekinlarining elita va keyingi avlodlarga mansub urugʻlik materiallarini yetishtirish huquqi urugʻlik yetishtiruvchi subyektlar oʻrtasida tanlov oʻtkazish orqali beriladi;
nav originatorlari va urugʻlik yetishtiruvchi subyektlarni ragʻbatlantirish hamda urugʻlik materiallari yetishtirish uchun tanlovni oʻtkazish amaldagi normativ-huquqiy hujjatlarga muvofiq amalga oshiriladi;
qishloq xoʻjaligi ekinlarining urugʻliklari va koʻchatlariga boʻlgan buyurtma hajmi har yili Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi tomonidan belgilanadi;
Markaz va urugʻlik yetishtiruvchi subyektlar tomonidan urugʻlik materiallari tashqi bozorga “Uzbek seeds” milliy brendi ostida eksport qilinadi;
Markaz direktori, direktorning birinchi oʻrinbosari va oʻrinbosarlari Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vaziri tomonidan belgilangan tartibda lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod etiladi;
davlat xaridlari uchun mahsulot yetishtiruvchi xoʻjalik subyektlariga lizing shartlari asosida qishloq xoʻjaligi texnikalarini sotish, mineral oʻgʻitlar, yoqilgʻi-moylash materiallari, oʻsimliklarni kimyoviy himoya qilish vositalarini va boshqa moddiy resurslarni yetkazib berishda nazarda tutilgan imtiyozlar Markazning hududiy boʻlinmalariga ham tatbiq etiladi ;
gʻoʻzaning birlamchi va elita urugʻchiligi laboratoriyalaridagi sinov namunalarining tola sifati Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi huzuridagi “Qishloq xoʻjaligi mahsulotlari sifatini baholash markazi” davlat muassasasida bepul tahlil qilib beriladi;
urugʻchilik va koʻchatchilik subyektlarining ekin maydonlarida tuproq unumdorligini oshiruvchi qishloq xoʻjaligi ekinlarini almashlab ekish tizimiga qatʼiy rioya qilinadi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Tashqi ishlar vazirligi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat kompleksi va oziq-ovqat bilan taʼminlash sohasida loyihalarni amalga oshirish agentligi hamda Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda:
2020-yilning ikkinchi yarmida “Uzbek seeds” milliy brendi savdo tarmogʻini, davlat-xususiy sheriklik shartlari asosida urugʻchilik klasterlari, shu jumladan, kichik urugʻchilik kompaniyalarini tashkil etish;
qishloq xoʻjaligi ekinlarining birlamchi urugʻchiligi elita laboratoriyalarini mahsulotning sifat koʻrsatkichlarini aniqlovchi hamda urugʻlik materiallarini tayyorlovchi asbob-uskunalar bilan taʼminlash uchun Markazga xalqaro tashkilotlar va moliya institutlari, xorijiy hukumat tashkilotlarining investitsiyalari va grantlarini jalb etish choralarini koʻrsin.
Yaqin istiqbol va kelajakda qishloq xoʻjaligi boʻyicha shakllanadigan investitsiya loyihalarida, qoida tariqasida, seleksiya, urugʻchilik va koʻchatchilikni rivojlantirish komponentlari nazarda tutilsin.
6. Markazning yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan Urugʻchilikni rivojlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) tashkil etilsin va quyidagilar uni shakllantirish manbalari etib belgilansin:
navdor urugʻlar uchun toʻlanadigan ustama haqlardan olinadigan oʻtkazmalar;
koʻrsatilayotgan xizmatlardan, qishloq xoʻjaligi ekinlari urugʻlik materialini realizatsiya qilishdan, shu jumladan, uni eksport qilishdan olingan daromadlar;
Markazning urugʻchilik klasterlaridagi ulushidan olingan dividendlar;
Markazning boʻsh turgan mablagʻlarini tijorat banklari depozitlariga joylashtirishdan olinadigan daromadlar;
xalqaro tashkilotlar va moliya institutlari, xorijiy hukumat tashkilotlarining investitsiyalari va grantlari;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
Belgilab qoʻyilsinki, Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi maqsadlar uchun sarflanadi:
urugʻchilik sohasini barqaror rivojlantirishni taʼminlashga qaratilgan kompleks dasturlarni amalga oshirish;
Markaz huzuridagi elita urugʻchilik laboratoriyalarining moddiy-texnika bazasini mustahkamlash;
qishloq xoʻjaligi ekinlari seleksiyasi va urugʻchiligi sohasiga xorijiy mutaxassislar va konsultantlarni jalb etish, shuningdek, Markaz xodimlari, elita urugʻchilik xoʻjaliklari mutaxassislarini tayyorlash, qayta tayyorlash va malakasini oshirish;
qishloq xoʻjaligi ekinlari seleksiyasi va urugʻchiligi sohasida nou-xaularni joriy etish, shuningdek, sabzavot va poliz ekinlarining F 1 duragay urugʻchiligini tashkil etish;
sabzavot, poliz, dukkakli, moyli va ozuqa ekinlari nav orginatorlari va mualliflarini qoʻllab-quvvatlash;
Markazga yuklangan vazifalarni amalga oshirish bilan bogʻliq boshqa tadbirlar.
7. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari bir oy muddatda:
qishloq xoʻjaligi ekinlarining birlamchi urugʻchiligi va koʻchatchiligini tashkil etish uchun Markazga Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlarda 300 gektardan sugʻoriladigan yer maydonlari ajratilishini ;
qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtiruvchilarni urugʻlik materiallari bilan taʼminlash maqsadida tuman (shahar) markazlarida urugʻlik materiallarini realizatsiya qilish shoxobchalarini qurish uchun yer maydonlari ajratilishini yoxud Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan birgalikda foydalanilmayotgan bino va inshootlar nol balans qiymatida operativ boshqaruv huquqi bilan Markazga oʻtkazilishini taʼminlasin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi Fanlar akademiyasi bilan birgalikda urugʻchilikdagi ilmiy ishlanmalarni rivojlantirish va mustahkamlash maqsadida har yili qishloq xoʻjaligi ekinlari seleksiyasi, urugʻchiligi va koʻchatchiligi boʻyicha dolzarb davlat ilmiy dasturlari doirasida fundamental, amaliy va innovatsion loyihalar tanlovlarining eʼlon qilib borilishini hamda grantlar hisobiga moliyalashtirilishini taʼminlasin.
Bunda quyidagilar moliyalashtiriladigan fundamental, amaliy va innovatsion loyihalarning asosiy maqsadlari etib belgilansin:
jahon amaliyotida qoʻllanilayotgan zamonaviy usul va texnologiyalar asosida qishloq xoʻjaligi ekinlarining hosildorligi va sifat koʻrsatkichlari yuqori boʻlgan, iqlim oʻzgarishlari, qurgʻoqchilik va shoʻrga moslashgan, kasallik va zararkunandalarga bardoshli nav va duragaylari seleksiyasi hamda urugʻchiligi jarayonlarining barqaror rivojlanishini taʼminlash;
navlarning hosildorligi va urugʻliklarni koʻpayish koeffitsentini oshirish hisobiga nav almashtirish va yangilash muddatlarini jadallashtirish;
nanotexnologiyalar, molekulyar genetika, biokimyo, biofizika va gen-muhandislik usullarini qoʻllashga asoslangan urugʻlik yetishtirishning zamonaviy texnologiyalarini joriy etish hisobiga urugʻlarning navdorlik va unuvchanlik xususiyatlarini yaxshilash, ekinlarning hosildorligini oshirish;
urugʻlik yetishtiruvchi subyektlarning moddiy-texnika bazasini modernizatsiyalash, ularni zamonaviy qishloq xoʻjaligi texnikasi va agregatlari bilan jihozlash.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va sanoat vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Innovatsion rivojlanish vazirligining 2020-2021 oʻquv yilidan boshlab Toshkent davlat agrar universiteti va uning filiallarida qishloq xoʻjaligi ekinlari navlarini sinash, urugʻchilik va urugʻshunoslik kafedrasini tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi bir oy muddatda Vazirlik huzuridagi “Urugʻchilikni rivojlantirish markazi” davlat unitar korxonasiga qarashli va u tomonidan foydalanilayotgan binolar, inshootlar, transport vositalari va boshqa moddiy-texnik qimmatliklar Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzurida qayta tashkil etilayotgan Markazga oʻtkazilishini taʼminlasin.
Markaz Toshkent shahar, Yunusobod tumani, Namangan koʻchasi 70-uyda joylashtirilsin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi bir oy muddatda:
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Urugʻchilikni rivojlantirish markazi ustavini;
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Urugʻchilikni rivojlantirish markazining Urugʻchilikni rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlasin;
boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
12. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha maslahatchisi A.D. Vaxabov va Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vaziri J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 5-sentabrdagi 733-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Urugʻchilikni rivojlantirish markazining
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 5-sentabrdagi 733-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Urugʻchilikni rivojlantirish markazining Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar boshqarmalari
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 5-sentabr,
733-son