📅 2019-yil 9-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 9-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 9 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 9 сентября 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 9 September 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Мактабгача таълим ташкилотлари учун ўқув-методик ва дидактик адабиётлар тайёрлаш, танлаш ва экспертизадан ўтказиш, уларни нашр қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 30 сентябрдаги ПҚ-3955-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда мактабгача таълим ташкилотларига сифат, самарадорлик, тезкорлик ва ошкоралик принциплари асосида ўқув-методик ва дидактик адабиётлар тайёрлаш учун муаллифлар ҳамда нашриётларни танлаш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Мактабгача таълим ташкилотлари учун ўқув-методик ва дидактик адабиётлар тайёрлаш, танлаш ва экспертизадан ўтказиш, уларни нашр қилиш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
мактабгача таълим ташкилотларида ўқув-методик ва дидактик адабиётларга бўлган эҳтиёжнинг тизимли мониторингини олиб бориш;
аниқланган эҳтиёж асосида мактабгача таълим ташкилотлари учун зарур бўлган ўқув-методик ва дидактик адабиётларни яратиш;
яратилган ўқув-методик ва дидактик адабиётларни илк ва мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари асосида тайёрланганлигини экспертизадан ўтказиш ва нашрга тайёрлаш чораларини кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири А.В. Шин зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 сентябрдаги 746-сон қарорига ИЛОВА
Мактабгача таълим ташкилотлари учун ўқув-методик ва дидактик адабиётлар тайёрлаш, танлаш ва экспертизадан ўтказиш, уларни нашр қилиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом мактабгача таълим ташкилотлари учун ошкоралик, сифат, самарадорлик ва тезкорлик принциплари асосида ўқув-методик ва дидактик адабиётлар тайёрлаш, танлаш, экспертизадан ўтказиш ва уларни нашр қилиш тартибини белгилайди.
Мактабгача таълим ташкилотлари учун ўқув-методик ва дидактик адабиётлар тайёрлаш, танлаш, экспертизадан ўтказиш ва уларни нашр қилиш тартиби иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ижодий жамоалар — Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан ўқув-методик ва дидактик адабиётларни белгиланган талаблар асосида чоп этиш учун тайёр маҳсулот (оригинал макет) кўринишида тақдим этувчилар, мактабгача таълим тизимида фаолият юритиб келаётган тажрибали мутахассислар, тузувчилар, давлат ва нодавлат ҳамда хорижий ташкилотлар, нашриёт ва матбаа ташкилотлари;
ишчи орган — Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан тасдиқланадиган Вазирлик ҳузуридаги республика ташкилотлари, тизимдаги нашриётлар ва вазирлик муассислигида ташкил этилган масъулияти чекланган жамиятлардан бири;
оригинал макет — чоп этиш учун босмахонага топширишга тўлиқ тайёр бўлган, барча матн ва график ахборотлар чоп этишгача бўлган тайёргарликдан ўтказилиб, ташқи кўриниши ва тузилиши жиҳатидан якуний босқичга етказилган маҳсулотнинг (нашрнинг) чоп этилган ёки электрон кўринишдаги асл нусхаси;
ўқув-методик ва дидактик адабиётлар — муайян йўналишнинг мавзулари тизимли, чуқур ва тўлиқ ёритилган, тегишли йўналиш мазмунини белгиланган ҳажмда мукаммал ўзлаштиришга қаратилган, мазмунан ва шаклан таълим турларига мослаштирилган, тингловчи, талаба, педагог ва тарбияланувчиларга тааллуқли билим, кўникма ва малакалар шаклланишига, ижодий қобилиятлар ривожланишига хизмат қиладиган методик қўлланмалар;
ўқув-методик қўлланма (босма ва электрон) — ўқув-методик мажмуани қисман тўлдирувчи, муайян йўналиш дастури бўйича тузилган ва мавзуларни зарурий ҳажмда тизимли ёритиб берадиган, йўналиш асосларининг мукаммал ўзлаштирилишини таъминловчи, мазмунан ва шаклан таълим турларига мослаштирилган, назарий ёки амалий машғулотларга мўлжалланган, тингловчи, педагог ва тарбияланувчиларга тааллуқли билим, кўникма ва малакалар шаклланишига хизмат қиладиган методик қўлланмалар;
экспертлар гуруҳи — Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан тасдиқланган Вазирлик ҳузуридаги республика ташкилотларининг турли йўналишлари бўйича ташкил этиладиган оригинал макетларни баҳоловчи мутахассисларидан иборат гуруҳ.
2-боб. Ўқув-методик ва дидактик адабиётларни тайёрлаш
3. Ўқув-методик ва дидактик адабиётларни тайёрлашга қўйиладиган талаблар Вазирлик (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) томонидан ишлаб чиқилади.
4. Вазирлик ҳар йили биринчи чорак якунида кейинги ўқув йилларида мактабгача таълим ташкилотларидаги таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш учун педагогларга ва тарбияланувчиларга фойдаланиш учун тавсия этиладиган ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг (босма ва электрон) рўйхатини шакллантиради.
5. Вазирлик шакллантирилган рўйхат асосида ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни (босма ва электрон) яратиш бўйича оммавий ахборот воситалари ва вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида эълон қилади.
Эълонда тайёр оригинал макетларга қўйиладиган талаблар, уларни топшириш муддатлари кўрсатилади.
6. Эълонда кўрсатилган талаблар ва муддатларда ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг (босма ва электрон) оригинал макетларини яратиш бўйича ижодий жамоалар иштирок этиш таклифини вазирликка расмий хат билан тақдим этади ва белгиланган муддатларда оригинал макетларини тайёрлайди.
Ижодий жамоалар ишлаш давомида, лекин 4 ойдан ошмаган муддатга вазирлик томонидан асосий иш ҳақининг 0,25% миқдорида қўшимча моддий рағбатлантирилади.
Муаллифлик ҳуқуқини олиш бўйича вазирлик ва ўқув-методик, дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмалар яратувчилари ўртасида нашрга ажратилган маблағларга нисбатан 1 % миқдорида муаллифлик ҳуқуқи асосида шартнома имзоланади, ўқув-методик ва дидактик адабиётларнинг оригинал макетларини яратиш бўйича тузилган ижодий жамоалар бундан мустасно.
7. Ижодий гуруҳ тайёрланган ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни (босма ва электрон) оригинал макет ҳолатида ишчи органга кўриб чиқиш учун эълонда кўрсатилган муддатларда расман тақдим этади.
8. Ишчи орган тақдим этилган оригинал макетларни қабул қилади ва ўрнатилган тартибда расмийлаштиради.
3-боб. Ўқув-методик ва дидактик адабиётларнинг оригинал макетларини экспертизадан ўтказиш
9. Ишчи орган қабул қилиб олинган оригинал макетларни қабул қилинган кундан бошлаб 3 кун давомида экспертлар гуруҳига тақдим этади.
10. Экспертлар гуруҳи тақдим этилган оригинал макетларнинг чоп этилган варианти ҳамда электрон нусхаларини қабул қилинган кундан бошлаб 2 ой муддатда экспертизадан ўтказади ҳамда тегишли хулосаларини Ишчи органга тақдим этади.
11. Ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни (босма ва электрон) яратишда мактабгача таълим тизимидаги педагоглар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш, амалдаги ўқув-методик мажмуаларни мазмунан такомиллаштириш мақсадида вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида 2 ҳафта давомида муҳокамалар ташкил қилинади.
12. Ишчи орган 10 кун давомида тақдим этилган оригинал макетларни ўрганиб чиқиб, муҳокама қилади ва танлаб олинган ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг (босма ва электрон) рўйхатини тасдиқлайди.
13. Ишчи орган рўйхат тасдиқлангандан сўнг уч кун муддат ичида нашрга тавсия этилаётган ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларга (босма ва электрон) Вазирлик грифини бериш бўйича қарор қабул қилади.
4-боб. Ўқув-методик ва дидактик адабиётларни нашрга тайёрлаш
14. Нашрга тавсия этилган ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни (босма ва электрон) нашр этиш учун Ишчи орган томонидан 2 ҳафта давомида техник топшириқлар ишлаб чиқилади ва оммавий ахборот воситалари ҳамда вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида энг мақбул нархлар таклиф этадиган нашриётларни танлаб олиш учун эълон берилади.
15. Энг мақбул нархлар таклиф этган нашриётларни танлаб олиш учун бир ой муддатда, Ишчи орган томонидан танлов ўтказилади.
16. Вазирлик томонидан танлов натижасига кўра ғолиб бўлган нашриётлар билан 10 кун давомида шартномалар имзоланади.
5-боб. Якунловчи қоида
17. Ушбу Низом юзасидан келиб чиқадиган низоли масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Мактабгача таълим ташкилотлари учун ўқув-методик ва дидактик адабиётлар тайёрлаш, танлаш ва экспертизадан ўтказиш, уларни нашр қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Мактабгача таълим ташкилотлари учун ўқув-методик ва дидактик адабиётлар тайёрлаш, танлаш, экспертизадан ўтказиш ва уларни нашр қилиш тартиби
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 1. Мактабгача таълим ташкилотларидаги таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш учун педагогларга ва тарбияланувчиларга фойдаланиш учун тавсия этиладиган ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг (босма ва электрон) рўйхатини шакллантиради. 2. Ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни (босма ва электрон) яратиш бўйича оммавий ахборот воситалари ва вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида эълон қилади. Ҳар йили биринчи чорак якунида 2-босқич Ижодий жамоалар 1. Ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг (босма ва электрон) оригинал макетларини яратишда иштирок этиш таклифини Ишчи органга расмий хат билан мурожаат этади. 2. Тайёрланган ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни (босма ва электрон) оригинал макет ҳолатида ишчи органга кўриб чиқиш учун тақдим этади. Эълонда белгиланган муддатларда 3-босқич Ишчи орган Қабул қилиб олинган оригинал макетларни экспертлар гуруҳига тақдим этади. Қабул қилинган кундан бошлаб 3 кун муддатда 4-босқич Экспертлар гуруҳи Тақдим этилган оригинал макетларини экспертизадан ўтказади ҳамда тегишли хулосаларини Ишчи органга тақдим этади. 2 ой муддатда 5-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш мақсадида вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида жойлаштиради. 2 ҳафта давомида 6-босқич Ишчи орган 1. Макетларини ўрганиб чиқиб, муҳокама қилади, уларнинг рўйхатини тасдиқлайди ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг грифини бериш бўйича қарор қабул қилади. 2. Нашрга тавсия этилган ў қув-методик ва дидактик адабиётларни нашр этиш учун техник топшириқлар ишлаб чиқади. 10 кун давомида 2 ҳафта давомида 7-босқич Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 1. Мақбул нархлар таклиф этадиган нашриётларни танлаб олиш учун оммавий ахборот воситалари ҳамда вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайти орқали эълон беради ва танловни ўтказади. 2. Танлов ўтказиш бўйича комиссия қарорига кўра ғолиб бўлган нашриётлар билан шартномалар имзолайди. 1 ой давомида 10 кун давомида
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 9 сентябрь,
746-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Maktabgacha taʼlim tashkilotlari uchun oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar tayyorlash, tanlash va ekspertizadan oʻtkazish, ularni nashr qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maktabgacha taʼlim tizimini boshqarishni takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 30-sentabrdagi PQ-3955-son qarori ijrosini taʼminlash hamda maktabgacha taʼlim tashkilotlariga sifat, samaradorlik, tezkorlik va oshkoralik prinsiplari asosida oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar tayyorlash uchun mualliflar hamda nashriyotlarni tanlash tartibini belgilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Maktabgacha taʼlim tashkilotlari uchun oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar tayyorlash, tanlash va ekspertizadan oʻtkazish, ularni nashr qilish tartibi toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi:
maktabgacha taʼlim tashkilotlarida oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlarga boʻlgan ehtiyojning tizimli monitoringini olib borish;
aniqlangan ehtiyoj asosida maktabgacha taʼlim tashkilotlari uchun zarur boʻlgan oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlarni yaratish;
yaratilgan oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlarni ilk va maktabgacha yoshdagi bolalarning rivojlanishiga qoʻyiladigan davlat talablari asosida tayyorlanganligini ekspertizadan oʻtkazish va nashrga tayyorlash choralarini koʻrsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha taʼlim vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari A.A. Abduxakimov va Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha taʼlim vaziri A.V. Shin zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 9-sentabrdagi 746-son qaroriga ILOVA
Maktabgacha taʼlim tashkilotlari uchun oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar tayyorlash, tanlash va ekspertizadan oʻtkazish, ularni nashr qilish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom maktabgacha taʼlim tashkilotlari uchun oshkoralik, sifat, samaradorlik va tezkorlik prinsiplari asosida oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar tayyorlash, tanlash, ekspertizadan oʻtkazish va ularni nashr qilish tartibini belgilaydi.
Maktabgacha taʼlim tashkilotlari uchun oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar tayyorlash, tanlash, ekspertizadan oʻtkazish va ularni nashr qilish tartibi ilovaga muvofiq sxema boʻyicha amalga oshiriladi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
ijodiy jamoalar — Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tomonidan oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlarni belgilangan talablar asosida chop etish uchun tayyor mahsulot (original maket) koʻrinishida taqdim etuvchilar, maktabgacha taʼlim tizimida faoliyat yuritib kelayotgan tajribali mutaxassislar, tuzuvchilar, davlat va nodavlat hamda xorijiy tashkilotlar, nashriyot va matbaa tashkilotlari;
ishchi organ — Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlanadigan Vazirlik huzuridagi respublika tashkilotlari, tizimdagi nashriyotlar va vazirlik muassisligida tashkil etilgan masʼuliyati cheklangan jamiyatlardan biri;
original maket — chop etish uchun bosmaxonaga topshirishga toʻliq tayyor boʻlgan, barcha matn va grafik axborotlar chop etishgacha boʻlgan tayyorgarlikdan oʻtkazilib, tashqi koʻrinishi va tuzilishi jihatidan yakuniy bosqichga yetkazilgan mahsulotning (nashrning) chop etilgan yoki elektron koʻrinishdagi asl nusxasi;
oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar — muayyan yoʻnalishning mavzulari tizimli, chuqur va toʻliq yoritilgan, tegishli yoʻnalish mazmunini belgilangan hajmda mukammal oʻzlashtirishga qaratilgan, mazmunan va shaklan taʼlim turlariga moslashtirilgan, tinglovchi, talaba, pedagog va tarbiyalanuvchilarga taalluqli bilim, koʻnikma va malakalar shakllanishiga, ijodiy qobiliyatlar rivojlanishiga xizmat qiladigan metodik qoʻllanmalar;
oʻquv-metodik qoʻllanma (bosma va elektron) — oʻquv-metodik majmuani qisman toʻldiruvchi, muayyan yoʻnalish dasturi boʻyicha tuzilgan va mavzularni zaruriy hajmda tizimli yoritib beradigan, yoʻnalish asoslarining mukammal oʻzlashtirilishini taʼminlovchi, mazmunan va shaklan taʼlim turlariga moslashtirilgan, nazariy yoki amaliy mashgʻulotlarga moʻljallangan, tinglovchi, pedagog va tarbiyalanuvchilarga taalluqli bilim, koʻnikma va malakalar shakllanishiga xizmat qiladigan metodik qoʻllanmalar;
ekspertlar guruhi — Oʻzbekiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlangan Vazirlik huzuridagi respublika tashkilotlarining turli yoʻnalishlari boʻyicha tashkil etiladigan original maketlarni baholovchi mutaxassislaridan iborat guruh.
2-bob. Oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlarni tayyorlash
3. Oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlarni tayyorlashga qoʻyiladigan talablar Vazirlik (keyingi oʻrinlarda vazirlik deb ataladi) tomonidan ishlab chiqiladi.
4. Vazirlik har yili birinchi chorak yakunida keyingi oʻquv yillarida maktabgacha taʼlim tashkilotlaridagi taʼlim-tarbiya jarayonini tashkil etish uchun pedagoglarga va tarbiyalanuvchilarga foydalanish uchun tavsiya etiladigan oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarning (bosma va elektron) roʻyxatini shakllantiradi.
5. Vazirlik shakllantirilgan roʻyxat asosida oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarni (bosma va elektron) yaratish boʻyicha ommaviy axborot vositalari va vazirlikning Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi.
Eʼlonda tayyor original maketlarga qoʻyiladigan talablar, ularni topshirish muddatlari koʻrsatiladi.
6. Eʼlonda koʻrsatilgan talablar va muddatlarda oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarning (bosma va elektron) original maketlarini yaratish boʻyicha ijodiy jamoalar ishtirok etish taklifini vazirlikka rasmiy xat bilan taqdim etadi va belgilangan muddatlarda original maketlarini tayyorlaydi.
Ijodiy jamoalar ishlash davomida, lekin 4 oydan oshmagan muddatga vazirlik tomonidan asosiy ish haqining 0,25% miqdorida qoʻshimcha moddiy ragʻbatlantiriladi.
Mualliflik huquqini olish boʻyicha vazirlik va oʻquv-metodik, didaktik adabiyotlar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalar yaratuvchilari oʻrtasida nashrga ajratilgan mablagʻlarga nisbatan 1 % miqdorida mualliflik huquqi asosida shartnoma imzolanadi, oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlarning original maketlarini yaratish boʻyicha tuzilgan ijodiy jamoalar bundan mustasno.
7. Ijodiy guruh tayyorlangan oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarni (bosma va elektron) original maket holatida ishchi organga koʻrib chiqish uchun eʼlonda koʻrsatilgan muddatlarda rasman taqdim etadi.
8. Ishchi organ taqdim etilgan original maketlarni qabul qiladi va oʻrnatilgan tartibda rasmiylashtiradi.
3-bob. Oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlarning original maketlarini ekspertizadan oʻtkazish
9. Ishchi organ qabul qilib olingan original maketlarni qabul qilingan kundan boshlab 3 kun davomida ekspertlar guruhiga taqdim etadi.
10. Ekspertlar guruhi taqdim etilgan original maketlarning chop etilgan varianti hamda elektron nusxalarini qabul qilingan kundan boshlab 2 oy muddatda ekspertizadan oʻtkazadi hamda tegishli xulosalarini Ishchi organga taqdim etadi.
11. Oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarni (bosma va elektron) yaratishda maktabgacha taʼlim tizimidagi pedagoglar, ota-onalar hamda keng jamoatchilikning fikr-mulohazalarini inobatga olish, amaldagi oʻquv-metodik majmualarni mazmunan takomillashtirish maqsadida vazirlikning Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytida 2 hafta davomida muhokamalar tashkil qilinadi.
12. Ishchi organ 10 kun davomida taqdim etilgan original maketlarni oʻrganib chiqib, muhokama qiladi va tanlab olingan oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarning (bosma va elektron) roʻyxatini tasdiqlaydi.
13. Ishchi organ roʻyxat tasdiqlangandan soʻng uch kun muddat ichida nashrga tavsiya etilayotgan oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarga (bosma va elektron) Vazirlik grifini berish boʻyicha qaror qabul qiladi.
4-bob. Oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlarni nashrga tayyorlash
14. Nashrga tavsiya etilgan oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarni (bosma va elektron) nashr etish uchun Ishchi organ tomonidan 2 hafta davomida texnik topshiriqlar ishlab chiqiladi va ommaviy axborot vositalari hamda vazirlikning Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytida eng maqbul narxlar taklif etadigan nashriyotlarni tanlab olish uchun eʼlon beriladi.
15. Eng maqbul narxlar taklif etgan nashriyotlarni tanlab olish uchun bir oy muddatda, Ishchi organ tomonidan tanlov oʻtkaziladi.
16. Vazirlik tomonidan tanlov natijasiga koʻra gʻolib boʻlgan nashriyotlar bilan 10 kun davomida shartnomalar imzolanadi.
5-bob. Yakunlovchi qoida
17. Ushbu Nizom yuzasidan kelib chiqadigan nizoli masalalar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
Maktabgacha taʼlim tashkilotlari uchun oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar tayyorlash, tanlash va ekspertizadan oʻtkazish, ularni nashr qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Maktabgacha taʼlim tashkilotlari uchun oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar tayyorlash, tanlash, ekspertizadan oʻtkazish va ularni nashr qilish tartibi
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi 1. Maktabgacha taʼlim tashkilotlaridagi taʼlim-tarbiya jarayonini tashkil etish uchun pedagoglarga va tarbiyalanuvchilarga foydalanish uchun tavsiya etiladigan oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarning (bosma va elektron) roʻyxatini shakllantiradi. 2. Oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarni (bosma va elektron) yaratish boʻyicha ommaviy axborot vositalari va vazirlikning Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi. Har yili birinchi chorak yakunida 2-bosqich Ijodiy jamoalar 1. Oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarning (bosma va elektron) original maketlarini yaratishda ishtirok etish taklifini Ishchi organga rasmiy xat bilan murojaat etadi. 2. Tayyorlangan oʻquv-metodik va didaktik adabiyotlar hamda oʻquv-metodik qoʻllanmalarni (bosma va elektron) original maket holatida ishchi organga koʻrib chiqish uchun taqdim etadi. Eʼlonda belgilangan muddatlarda 3-bosqich Ishchi organ Qabul qilib olingan original maketlarni ekspertlar guruhiga taqdim etadi. Qabul qilingan kundan boshlab 3 kun muddatda 4-bosqich Ekspertlar guruhi Taqdim etilgan original maketlarini ekspertizadan oʻtkazadi hamda tegishli xulosalarini Ishchi organga taqdim etadi. 2 oy muddatda 5-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi Jamoatchilikning fikr-mulohazalarini inobatga olish maqsadida vazirlikning Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytida joylashtiradi. 2 hafta davomida 6-bosqich Ishchi organ 1. Maketlarini oʻrganib chiqib, muhokama qiladi, ularning roʻyxatini tasdiqlaydi va Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining grifini berish boʻyicha qaror qabul qiladi. 2. Nashrga tavsiya etilgan oʻ quv-metodik va didaktik adabiyotlarni nashr etish uchun texnik topshiriqlar ishlab chiqadi. 10 kun davomida 2 hafta davomida 7-bosqich Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi 1. Maqbul narxlar taklif etadigan nashriyotlarni tanlab olish uchun ommaviy axborot vositalari hamda vazirlikning Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-sayti orqali eʼlon beradi va tanlovni oʻtkazadi. 2. Tanlov oʻtkazish boʻyicha komissiya qaroriga koʻra gʻolib boʻlgan nashriyotlar bilan shartnomalar imzolaydi. 1 oy davomida 10 kun davomida
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 9-sentabr,
746-son