📅 2019-yil 10-avgust · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 10-avgust · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 10 август · Марказий банк ҳужжатлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 10 августа 2019 г. · Документы Центрального банка
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 10 August 2019 · Central Bank documents
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Қарори
НИЗОМ
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги тангалари ва банкнотларини муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги тангалари ва банкнотларини муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2019 йил 10 августдаги 18/3-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги тангалари ва банкнотларини муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) 25 сўмлик ва ундан кичик номиналдаги тангалари ва банкнотларини муомаладан қайтариб олиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
эски намунадаги тангалар — Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган 1994 йил намунасидаги 1 тийинлик, 3 тийинлик, 5 тийинлик, 10 тийинлик, 20 тийинлик, 50 тийинлик, 1997 йил намунасидаги 1 сўмлик, 5 сўмлик, 10 сўмлик, 1999 йил намунасидаги 5 сўмлик, 10 сўмлик, 25 сўмлик, 2000 йил намунасидаги 1 сўмлик, 10 сўмлик, 2001 йил намунасидаги 5 сўмлик, 10 сўмлик номинал қийматдаги тангалар;
эски намунадаги банкнотлар — Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган 1994 йил намунасидаги 1 сўмлик, 3 сўмлик, 5 сўмлик, 10 сўмлик, 25 сўмлик номинал қийматдаги банкнотлар.
2. Эски намунадаги тангалар ва банкнотлар 2020 йил 1 мартдан бошлаб қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.
Муомаладан қайтариб олинадиган эски намунадаги тангалар ва банкнотларнинг айирбошлаш муддати 2021 йил 1 январгача белгиланади.
2-боб. Эски намунадаги тангалар ва банкнотларни муомаладан қайтариб олиш
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бош бошқармалари (бундан буён матнда МБББ деб юритилади) Ҳисоб-китоб касса марказлари, тижорат банклари ва уларнинг филиаллари мижозлар, шу жумладан аҳоли томонидан топширилган эски намунадаги тангалар ва банкнотларни 2020 йил 1 мартга қадар алмаштириб беради.
4. 2020 йил 1 мартдан бошлаб (2020 йил 1 мартдан — 2021 йил 1 январга қадар) қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотган эски намунадаги тангалар ва банкнотлар фақат МБББ Ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан алмаштириб берилади.
5. Тижорат банклари ва уларнинг филиалларида эски намунадаги тангалар ва банкнотларни санаб-саралаш, қимматликларни ташиш ишлари Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқнома (рўйхат рақами 3028, 2018 йил 29 июнь) талабларига мувофиқ амалга оширилади.
6. МБББ Ҳисоб-китоб касса марказлари, тижорат банклари ва уларнинг филиалларида мавжуд бўлган эски намунадаги тангалар ва банкнотлар қуйидагича шакллантирилади:
Марказий банкнинг 1994 йил намунасидаги 1 тийинлик, 3 тийинлик, 5 тийинлик, 10 тийинлик, 20 тийинлик, 50 тийинлик тангалари, алоҳида, ҳар бирида 100 донадан солинган қопларда;
Марказий банкнинг 1997 йил намунасидаги 1 сўмлик, 5 сўмлик, 10 сўмлик, 1999 йил намунасидаги 5 сўмлик, 10 сўмлик, 25 сўмлик, 2000 йил намунасидаги 1 сўмлик, 10 сўмлик, 2001 йил намунасидаги 5 сўмлик, 10 сўмлик тангалари, алоҳида, ҳар бирида 1000 донадан солинган қопларда;
Марказий банкнинг 1994 йил намунасидаги 1 сўмлик, 3 сўмлик, 5 сўмлик, 10 сўмлик, 25 сўмлик банкнотлари қийматига қараб 100 донадан дасталаб, 10 та дастадан иборат бўлган боғламларда шакллантирилади.
7. Қиймати ва тоифалари бўйича тўлиқ шакллантирилган тангали қоплар ва тўлиқ боғламдаги банкнотлар тижорат банклари ва уларнинг филиаллари томонидан инкассация хизмати орқали Ҳисоб-китоб касса марказларига жўнатилади.
8. Эски намунадаги тангалар ва банкнотлар тўлов воситаси бўлиб ҳисобланиши бўйича белгиланган муддат тугаганидан сўнг тижорат банклари ва уларнинг филиалларида тўлиқ бўлмаган ҳолда шакллантирилган боғламлар ҳам МБББ Ҳисоб-китоб касса марказларига жўнатилиши лозим.
9. МБББ Ҳисоб-китоб касса марказига тижорат банклари ва уларнинг филиалларидан олиб келинган эски намунадаги тангалар ва банкнотлар тўлиқ қайта саналади.
Қайта санаш жараёнида аниқланган камомад ва ортиқча қўйилмалар бўйича далолатнома тузилади ва расмийлаштирилади.
МБББ Ҳисоб-китоб касса марказларида эски намунадаги тангалар ва банкнотлар қиймати бўйича алоҳида дасталаниб ҳамда тўлиқ боғламлар шакллантирилиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг инкассация хизмати орқали Марказий банкнинг Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Ҳисоб-китоб касса марказига олиб келиб топширилади.
10. Эски намунадаги тангалар ва банкнотларнинг айирбошлаш муддати тугаганидан сўнг 1 ой муддат ичида МБББ Ҳисоб-китоб касса марказларидаги барча эски намунадаги танга ва банкнотлар Марказий банкнинг Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Ҳисоб-китоб касса марказига юборилиши шарт.
3-боб. Банклар томонидан қабул қилинган эски намунадаги тангалар ва банкнотлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш
11. Белгиланган муддатга қадар МБББ Ҳисоб-китоб касса марказлари 2021 йил 1 январгача, барча тижорат банклари ва уларнинг филиаллари 2020 йил 1 мартгача мижозлар, шу жумладан аҳоли томонидан топширилган эски намунадаги тангалар ва банкнотларни ҳеч қандай монеликсиз, чекловларсиз қабул қилишлари ва ҳеч қандай тўлов ёки воситачилик ҳақи ундирилмаган ҳолда улар бўйича ҳисоб-китоб қилишлари шарт.
12. Марказий банкнинг эски намунадаги тангалари ва банкнотлари бўйича ҳисоб-китоблар мижозлар ва аҳолининг талабига асосан:
банк пластик картаси ҳисобварақларига кирим қилиниш орқали (тўлиқ қийматда);
муомаладаги танга ва банкнотларга айирбошлаб бериш орқали;
мижозларнинг тегишли ҳисобварақларига, фуқароларнинг аризасига асосан омонатга кирим қилиш орқали;
коммунал ва бошқа бир марталик тўловлар учун қабул қилиш орқали амалга оширилади.
13. Эски намунадаги тангалар ва банкнотлар нақд кўринишда айирбошлаб берилганда эски намунадаги тангалар ва банкнотлар миқдорининг 1 тийиндан 49 сўм 99 тийингача бўлган қисми, нақд пулдаги тўловлар учун энг кичик қийматдаги пул белгиси 2018 йил намунасидаги 50 сўмлик танга бўлиб қолаётганлиги боис, яхлитланган ҳолда айирбошланади. Бунда:
1 тийиндан 24 сўм 99 тийингача бўлган тангалар ва банкнотлар қиймати 0 сўмга тенглаштирилган ҳолда;
25 сўмдан 49 сўм 99 тийингача бўлган тангалар ва банкнотлар қиймати 50 сўмга тенглаштирилган ҳолда яхлитланади.
(Мисол учун: 257 (257-250=7≈0)≈250 сўм, 474 (474-450=24≈0)≈450 сўм, 376 (376-350=26≈50)≈400 сўм, 586 (586-550=36≈50)≈600 сўм)
Эски намунадаги тангалар ва банкнотларни яхлитланадиган қисми бўйича норози бўлган мижозлар ва аҳоли ушбу миқдорни банк пластик картасига, тегишли ҳисобварақларига ёки тўловларга (коммунал ва бошқа) ўтказишлари мумкин.
14. Эски намунадаги тангалар ва банкнотларни айирбошлаш натижасида вужудга келадиган фарқлар банкнинг бошқа активлари ёки мажбуриятларининг алоҳида ҳисобварақларида ҳисобга олинади.
4-боб. Якуний қоидалар
15. МБББ эски намунадаги тангалар ва банкнотларни айирбошлаб бериш учун ҳудудлардаги тижорат банклари ва уларнинг филиалларини етарли миқдордаги муомаладаги тангалар ёки банкнотлар билан таъминлаш чораларини кўришлари лозим.
16. Мазкур Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 10 август,
18/3-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining
Qarori
NIZOM
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining 25 soʻmlik va undan kichik nominal qiymatdagi tangalari va banknotlarini muomaladan qaytarib olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining 25 soʻmlik va undan kichik nominal qiymatdagi tangalari va banknotlarini muomaladan qaytarib olish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining 2019-yil 10-avgustdagi 18/3-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining 25 soʻmlik va undan kichik nominal qiymatdagi tangalari va banknotlarini muomaladan qaytarib olish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida”gi Qonuniga asosan Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) 25 soʻmlik va undan kichik nominaldagi tangalari va banknotlarini muomaladan qaytarib olish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
eski namunadagi tangalar — Markaziy bank tomonidan muomalaga chiqarilgan 1994-yil namunasidagi 1 tiyinlik, 3 tiyinlik, 5 tiyinlik, 10 tiyinlik, 20 tiyinlik, 50 tiyinlik, 1997-yil namunasidagi 1 soʻmlik, 5 soʻmlik, 10 soʻmlik, 1999-yil namunasidagi 5 soʻmlik, 10 soʻmlik, 25 soʻmlik, 2000-yil namunasidagi 1 soʻmlik, 10 soʻmlik, 2001-yil namunasidagi 5 soʻmlik, 10 soʻmlik nominal qiymatdagi tangalar;
eski namunadagi banknotlar — Markaziy bank tomonidan muomalaga chiqarilgan 1994-yil namunasidagi 1 soʻmlik, 3 soʻmlik, 5 soʻmlik, 10 soʻmlik, 25 soʻmlik nominal qiymatdagi banknotlar.
2. Eski namunadagi tangalar va banknotlar 2020-yil 1-martdan boshlab qonuniy toʻlov vositasi sifatida oʻz kuchini yoʻqotadi.
Muomaladan qaytarib olinadigan eski namunadagi tangalar va banknotlarning ayirboshlash muddati 2021-yil 1-yanvargacha belgilanadi.
2-bob. Eski namunadagi tangalar va banknotlarni muomaladan qaytarib olish
3. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar Bosh boshqarmalari (bundan buyon matnda MBBB deb yuritiladi) Hisob-kitob kassa markazlari, tijorat banklari va ularning filiallari mijozlar, shu jumladan aholi tomonidan topshirilgan eski namunadagi tangalar va banknotlarni 2020-yil 1-martga qadar almashtirib beradi.
4. 2020-yil 1-martdan boshlab (2020-yil 1-martdan — 2021-yil 1-yanvarga qadar) qonuniy toʻlov vositasi sifatida oʻz kuchini yoʻqotgan eski namunadagi tangalar va banknotlar faqat MBBB Hisob-kitob kassa markazlari tomonidan almashtirib beriladi.
5. Tijorat banklari va ularning filiallarida eski namunadagi tangalar va banknotlarni sanab-saralash, qimmatliklarni tashish ishlari Tijorat banklarida kassa ishini tashkil etish, naqd pul va boshqa qimmatliklarni inkassatsiya qilishga doir yoʻriqnoma (roʻyxat raqami 3028, 2018-yil 29-iyun) talablariga muvofiq amalga oshiriladi.
6. MBBB Hisob-kitob kassa markazlari, tijorat banklari va ularning filiallarida mavjud boʻlgan eski namunadagi tangalar va banknotlar quyidagicha shakllantiriladi:
Markaziy bankning 1994-yil namunasidagi 1 tiyinlik, 3 tiyinlik, 5 tiyinlik, 10 tiyinlik, 20 tiyinlik, 50 tiyinlik tangalari, alohida, har birida 100 donadan solingan qoplarda;
Markaziy bankning 1997-yil namunasidagi 1 soʻmlik, 5 soʻmlik, 10 soʻmlik, 1999-yil namunasidagi 5 soʻmlik, 10 soʻmlik, 25 soʻmlik, 2000-yil namunasidagi 1 soʻmlik, 10 soʻmlik, 2001-yil namunasidagi 5 soʻmlik, 10 soʻmlik tangalari, alohida, har birida 1000 donadan solingan qoplarda;
Markaziy bankning 1994-yil namunasidagi 1 soʻmlik, 3 soʻmlik, 5 soʻmlik, 10 soʻmlik, 25 soʻmlik banknotlari qiymatiga qarab 100 donadan dastalab, 10 ta dastadan iborat boʻlgan bogʻlamlarda shakllantiriladi.
7. Qiymati va toifalari boʻyicha toʻliq shakllantirilgan tangali qoplar va toʻliq bogʻlamdagi banknotlar tijorat banklari va ularning filiallari tomonidan inkassatsiya xizmati orqali Hisob-kitob kassa markazlariga joʻnatiladi.
8. Eski namunadagi tangalar va banknotlar toʻlov vositasi boʻlib hisoblanishi boʻyicha belgilangan muddat tugaganidan soʻng tijorat banklari va ularning filiallarida toʻliq boʻlmagan holda shakllantirilgan bogʻlamlar ham MBBB Hisob-kitob kassa markazlariga joʻnatilishi lozim.
9. MBBB Hisob-kitob kassa markaziga tijorat banklari va ularning filiallaridan olib kelingan eski namunadagi tangalar va banknotlar toʻliq qayta sanaladi.
Qayta sanash jarayonida aniqlangan kamomad va ortiqcha qoʻyilmalar boʻyicha dalolatnoma tuziladi va rasmiylashtiriladi.
MBBB Hisob-kitob kassa markazlarida eski namunadagi tangalar va banknotlar qiymati boʻyicha alohida dastalanib hamda toʻliq bogʻlamlar shakllantirilib, Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining inkassatsiya xizmati orqali Markaziy bankning Toshkent shahar Bosh boshqarmasi Hisob-kitob kassa markaziga olib kelib topshiriladi.
10. Eski namunadagi tangalar va banknotlarning ayirboshlash muddati tugaganidan soʻng 1 oy muddat ichida MBBB Hisob-kitob kassa markazlaridagi barcha eski namunadagi tanga va banknotlar Markaziy bankning Toshkent shahar Bosh boshqarmasi Hisob-kitob kassa markaziga yuborilishi shart.
3-bob. Banklar tomonidan qabul qilingan eski namunadagi tangalar va banknotlar boʻyicha hisob-kitoblarni amalga oshirish
11. Belgilangan muddatga qadar MBBB Hisob-kitob kassa markazlari 2021-yil 1-yanvargacha, barcha tijorat banklari va ularning filiallari 2020-yil 1-martgacha mijozlar, shu jumladan aholi tomonidan topshirilgan eski namunadagi tangalar va banknotlarni hech qanday moneliksiz, cheklovlarsiz qabul qilishlari va hech qanday toʻlov yoki vositachilik haqi undirilmagan holda ular boʻyicha hisob-kitob qilishlari shart.
12. Markaziy bankning eski namunadagi tangalari va banknotlari boʻyicha hisob-kitoblar mijozlar va aholining talabiga asosan:
bank plastik kartasi hisobvaraqlariga kirim qilinish orqali (toʻliq qiymatda);
muomaladagi tanga va banknotlarga ayirboshlab berish orqali;
mijozlarning tegishli hisobvaraqlariga, fuqarolarning arizasiga asosan omonatga kirim qilish orqali;
kommunal va boshqa bir martalik toʻlovlar uchun qabul qilish orqali amalga oshiriladi.
13. Eski namunadagi tangalar va banknotlar naqd koʻrinishda ayirboshlab berilganda eski namunadagi tangalar va banknotlar miqdorining 1 tiyindan 49 soʻm 99 tiyingacha boʻlgan qismi, naqd puldagi toʻlovlar uchun eng kichik qiymatdagi pul belgisi 2018-yil namunasidagi 50 soʻmlik tanga boʻlib qolayotganligi bois, yaxlitlangan holda ayirboshlanadi. Bunda:
1 tiyindan 24 soʻm 99 tiyingacha boʻlgan tangalar va banknotlar qiymati 0 soʻmga tenglashtirilgan holda;
25 soʻmdan 49 soʻm 99 tiyingacha boʻlgan tangalar va banknotlar qiymati 50 soʻmga tenglashtirilgan holda yaxlitlanadi.
(Misol uchun: 257 (257-250=7≈0)≈250 soʻm, 474 (474-450=24≈0)≈450 soʻm, 376 (376-350=26≈50)≈400 soʻm, 586 (586-550=36≈50)≈600 soʻm)
Eski namunadagi tangalar va banknotlarni yaxlitlanadigan qismi boʻyicha norozi boʻlgan mijozlar va aholi ushbu miqdorni bank plastik kartasiga, tegishli hisobvaraqlariga yoki toʻlovlarga (kommunal va boshqa) oʻtkazishlari mumkin.
14. Eski namunadagi tangalar va banknotlarni ayirboshlash natijasida vujudga keladigan farqlar bankning boshqa aktivlari yoki majburiyatlarining alohida hisobvaraqlarida hisobga olinadi.
4-bob. Yakuniy qoidalar
15. MBBB eski namunadagi tangalar va banknotlarni ayirboshlab berish uchun hududlardagi tijorat banklari va ularning filiallarini yetarli miqdordagi muomaladagi tangalar yoki banknotlar bilan taʼminlash choralarini koʻrishlari lozim.
16. Mazkur Nizom talablarini buzishda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
Markaziy bank raisi M. NURMURATOV
Toshkent sh.,
2019-yil 10-avgust,
18/3-son