UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 23-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 23 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 23 сентября 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 23 September 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

босқичлари

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ *

НИЗОМ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида» 2019 йил 27 августдаги ПФ-5789-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг касбий билими, кўникмалари ва маҳоратини узлуксиз янгилаб бориш механизмларини жорий этиш, замонавий талабларга мувофиқ олий таълим сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий тайёргарликни ошириш, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг бевосита ҳамда касбий фаолиятга алоқадор билвосита шаклларини вариатив ва бир бирини тўлдириш тамойиллари асосида амалиётга жорий этишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар:

2019 йилнинг 1 октябридан олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш тизими амалиётга жорий этилишини;

икки ой муддатда олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларида профессор-ўқитувчиларнинг белгиланган сонидан келиб чиқиб, камида 3 та штат бирлигидан иборат Таълим технологиялари кафедраси ташкил этилишини;

икки ой муддатда олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий ва тармоқ марказлари (кейинги ўринларда минтақавий ва тармоқ марказлари деб аталади) тузилмасига халқаро ҳамкорлик бўйича мутахассис лавозими киритилишини.

2. Қуйидагилар:

Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш жараёнларини ташкил этиш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;

Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий ва тармоқ марказларининг намунавий тузилмалари тегишлича 2 ва 2а-иловаларга мувофиқ;

Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш таълим муассасаларида самарали дарс бераётган профессор-ўқитувчилар, тажрибали амалиётчи мутахассисларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар 2019 йил 1 октябрдан бошлаб:

раҳбар ва педагог кадрларнинг ўқув-методик ва илмий-педагогик фаолияти натижаларини инобатга оладиган, уларга мунтазам равишда касбий ўзини ўзи ривожлантириб бориш имкониятини берувчи узлуксиз малака ошириш тизимини амалиётга жорий этиш бўйича ташкилий-методик тайёргарликни амалга ошириш;

ўқув режалари ва дастурлари мазмунини такомиллаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда педагог кадрлар малакасини оширишнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш;

минтақавий ва тармоқ марказлари тингловчиларининг халқаро илмий маълумотлар базасидан кенг фойдаланишлари учун зарур шароитларни яратиш;

минтақавий ва тармоқ марказларини хорижий нашрлар, замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан мунтазам таъминлаб бориш, шунингдек, курсларнинг ўқув-услубий таъминотини доимий янгилаб бориш чора-тадбирларини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 5-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 сентябрдаги 797-сон қарорига 1-ИЛОВА

Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш жараёнларини ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш жараёнини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш сифатига қўйиладиган талаблар асосида қуйидагиларга йўналтирилган:

олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг касбий маҳоратини мунтазам ошириш асосида уларнинг илмий ва амалий тадқиқотлар, технологик тараққиёт ҳамда ўқитилаётган фанлар бўйича инновациялар, шунингдек ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услублари соҳаларидаги кўникмаларини ривожлантириш;

юқори самарали замонавий таълим ва инновацион технологиялар, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини доимий янгилаб бориш, олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг фаолиятини зарур даражада ташкил этиш ва самарадорлигини таъминлаш;

олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларида бутун жаҳон Интернет ахборот тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, илғор педагогика, ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларни эгаллаш, уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ этиш кўникмаларини ривожлантириш;

олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг чет тилини амалий ўзлаштириш даражасини ошириш ва ундан ўз касбий маҳоратини, педагогик ва илмий фаолиятини муттасил ошириб бориш учун кенг фойдаланиш;

малака оширишнинг билвосита шаклларини амалиётга тўлиқ жорий этиш, педагог кадрларнинг илмий ва илмий-педагогик фаолияти натижаларини инобатга оладиган, табақалаштирилган узлуксиз малака ошириш жараёнларини ривожлантириш асосида малака оширишнинг муқобил шаклларини жорий этиш.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

масофавий малака ошириш — ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолдаги масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали малака оширишнинг онлайн (видеомаърузалар, маслаҳатлар, назорат турларини масофадан туриб реал вақт режимида ўтказиш) ва оффлайн (масофавий таълим тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) шакли;

мустақил малака ошириш — таълим даражаси ва сифатига қўйиладиган Давлат таълим талабларига мувофиқ янги билимлар, малака ва кўникмаларни раҳбар ва педагог кадрлар томонидан мустақил ўзлаштириш, ўзини-ўзи касбий ривожлантириш шакли;

муқобил малака ошириш — мустақил малака ошириш шаклларидан фойдаланиб, раҳбар ва педагог кадрларнинг индивидуал касбий маҳорат натижалари тасдиғини амалдаги бевосита малака ошириш шаклларига тенглаштирилган шакли;

олий таълим муассасаларининг педагог кадрлари — олий таълим муассасасида педагогик фаолиятни амалга оширувчи ва кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ўқитувчи (ассистент) лавозимидаги шахслар;

олий таълим муассасаларининг раҳбар кадрлари — олий таълим муассасаси ректоратида ва деканатида бошқарув функциялари ва вазифаларини бажарувчи шахслар;

олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курси (қайта тайёрлаш ва малака ошириш курси) — янги касбий билим ва маҳорат, замонавий кўникмалар ҳамда бошқарув ва педагогик фаолиятни юритиш учун зарур ҳажмда ва етарли даражада ҳамда давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқув-таълим жараёнига талаб қилинадиган сифатни таъминлайдиган даражада ваколатларни назарда тутадиган олий таълимдан кейинги ўқитиш шакли;

узлуксиз малака ошириш тизими — раҳбар ва педагог кадрларнинг касбий компетентлигини замонавий талаблар билан уйғунлаштириш, мунтазам равишда ривожлантириб бориш имкониятини берувчи кўп босқичли тизим;

электрон портфолио — раҳбар ва педагог кадрларнинг касбий фаолият натижаларини баҳолашга қаратилган ўқув-методик, илмий-тадқиқот ва ижодий иш материалларни қамраб олувчи электрон ресурслар мажмуаси.

4. Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш бевосита ва билвосита шаклларнинг ўзаро бир-бирини тўлдириш тамойиллари асосида амалга оширилади.

5. Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малака ошириш тизими 1-иловадаги схемага мувофиқ, Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малака ошириш шаклларини баҳолаш мезонлари 2-иловага мувофиқ, Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш босқичлари 3-иловага мувофиқ жорий этилади.

2-боб. Узлуксиз малака ошириш жараёнларини ташкил этишнинг мақсад ва вазифалари

6. Малака оширишнинг бевосита ва билвосита шаклларини ўзаро бир-бирини тўлдириш тамойиллари асосида амалиётга жорий этиш орқали раҳбар ва педагог кадрларнинг мустақил ўзини ўзи шахсий ва касбий ривожлантириш мотивларини рағбатлантириш, шунингдек ўқув-тарбия жараёнини юқори илмий-услубий даражада таъминлаш, малакавий талаблар, ўқув режалари ва дастурлари асосида касбий ва педагогик маҳоратни доимий равишда ривожлантиришга кўмаклашиш учун зарур бўлган касбий билимлар, кўникмалар ва маҳоратларни мунтазам равишда янгилаб бориш узлуксиз малака ошириш жараёнларининг мақсади ҳисобланади.

7. Қуйидагилар узлуксиз малака ошириш жараёнларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

раҳбар ва педагог кадрларнинг касбий билимлари, кўникмалари ва маҳоратларини узлуксиз янгилаб бориш механизмларини жорий этиш, замонавий талабларга мувофиқ олий таълим сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий тайёргарликни ошириш;

малака оширишнинг тўғридан-тўғри ва касбий фаолиятга алоқадор билвосита шаклларини амалиётга тўлиқ жорий этилишини таъминлаш ва мониторингини олиб бориш;

раҳбар ва педагог кадрларнинг илмий-педагогик салоҳиятидан келиб чиқиб уларни касбий эҳтиёжларни қаноатлантиришга йўналтирилган узлуксиз малака оширишнинг шаклларини мустақил танлаш ва ўзлаштириш;

таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш орқали раҳбар ва педагог кадрларнинг тайёргарлиги сифатига қўйиладиган малакавий талабларни такомиллаштириш.

3-боб. Узлуксиз малака ошириш жараёнларини ташкил этиш шакллари ва босқичлари

8. Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш жараёнлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

мутахассислик бўйича мустақил малака ошириш;

муқобил малака ошириш;

таълим дастурлари асосида олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларида бевосита ўқиш.

9. Мутахассислик бўйича мустақил малака ошириш қуйидагиларни ўз ичига олади:

очиқ ўқув машғулотлари ва маҳорат дарсларини ташкил этиш;

иқтидорли ва истеъдодли талабалар билан ишлаш;

илмий конференцияларда маъруза билан қатнашиш;

илмий журналларда мақолалар чоп этиш;

кўргазма ва танловларда иштирок этиш;

илмий лойиҳаларда иштирок этиш;

халқаро (импакт-факторли) нашрларда мақолалар эълон қилиш;

ихтиро (патент), рационализаторлик таклифлари, инновацион ишланмаларга муаллифлик қилиш;

монография, муаллифлик ижодий ишлар каталогини тайёрлаш ва нашр қилиш;

ўқув адабиётлари (дарслик, ўқув қўлланма, методик қўлланма)ни тайёрлаш ва нашр қилиш;

фан доктори (DSc) ёки фалсафа доктори (PhD) даражасини олиш учун ҳимоя қилинган диссертацияга илмий раҳбарлик қилиш;

хорижий мамлакатларда малака ошириш ёки стажировка ўташ.

Очиқ ўқув машғулотлари ва маҳорат дарсларини ташкил этиш — замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, таълимнинг интерактив методларини қўллаган ҳолда, академик гуруҳларда жадвал бўйича машғулотлар ўтказиш ва белгиланган тартибда кенг муҳокама қилиш.

Иқтидорли ва истеъдодли талабалар билан ишлаш — дарс бераётган фанлари бўйича талабаларнинг республика ва халқаро миқёсидаги фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, санъат соҳасидаги кўрик танловлар ҳамда кўргазмаларнинг совриндорларини тайёрлаш ҳамда иқтидорли ва истеъдодли талабалар билан ишлашда фаоллик кўрсатиш.

Илмий конференцияларда маъруза билан қатнашиш — фан ва амалиёт, ўқитиш методикаси ҳамда технологиясининг долзарб муаммоларини ҳал этишга ва ўқув-тарбия жараёнининг юқори сифатини таъминлашга йўналтирилган долзарб мавзулари, инновацион йўналишлари бўйича республика ва халқаро миқёсдаги анжуманлар, давра суҳбатлари, семинарларда илмий ёки илмий-методик маърузалар (ахборотлар) қилиш.

Илмий журналларда мақолалар чоп этиш — мустақил равишда таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг долзарб масалаларига йўналтирилган (мутахассислиги доирасида) муҳим мавзулар бўйича амалга оширилган тадқиқот (эмпирик) натижалари, таҳлиллари, рационализаторлик ғоялари ва ишланмаларини диссертацияларнинг асосий илмий натижаларини эълон қилиш учун тавсия этиладиган илмий нашрлар, шу жумладан, электрон илмий-техник журналларда эълон қилиш.

Кўргазма ва танловларда иштирок этиш — машғулот олиб бораётган фанлари бўйича ижодий иш натижаларини республика ҳамда халқаро миқёсдаги кўрик-танловлар ва кўргазмаларда иштирок этиш орқали оммалаштириш, совриндор бўлиш.

Илмий лойиҳаларда иштирок этиш — халқаро лойиҳалар ва дастурлар, шунингдек, фан ҳамда технологик тараққиётнинг бугунги даражаси билан кадрлар тайёрлаш таълим мазмуни, сифатини ошириш орасидаги узвийликни ривожлантириш мақсадида фундаментал, инновацион ва амалий лойиҳаларга, хўжалик шартномалари асосида бажариладиган ишларга, шунингдек, халқаро миқёсдаги лойиҳаларга раҳбарлик қилиш ёки иштирокчи сифатида фаолият юритиш.

Халқаро (импакт-факторли) нашрларда мақолалар эълон қилиш — мустақил равишда таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг долзарб масалаларига йўналтирилган муҳим мавзулар бўйича амалга оширилган тадқиқот натижалари, таҳлиллари, рационализаторлик ва инновацион ғояларини халқаро маълумотлар базасига киритилган юқори рейтингли ёки импакт-факторли илмий журналларда эълон қилиш.

Ихтиро (патент), рационализаторлик таклифлари, инновацион ишланмаларга муаллифлик қилиш — соҳанинг долзарб масалаларига йўналтирилган тадқиқот натижалари асосида маҳсулот ва ишланмаларни яратиш.

Монография, муаллифлик ижодий ишлар каталогини тайёрлаш ва нашр қилиш — айнан илмий-тадқиқот мавзуси натижалари ёки муаллифлик ижодий ишлари асосида тайёрланган асар (каталог)ни нашр этиш.

Ўқув адабиётларини тайёрлаш — давлат таълим стандартлари, ўқув дастури, услубияти ва дидактик талаблар асосида тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича хорижий тажрибалар асосида янги авлод ўқув (электрон) адабиётлари (дарслик, ўқув қўлланмаси, методик қўлланма)ни яратиш ва белгиланган тартибда таълим амалиётига жорий этиш.

Илмий раҳбарлигида фан доктори (DSc) ёки фалсафа доктори (PhD) даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилинганлиги — илмий-педагог кадрлар тайёрлашдаги фаоллиги, раҳбарлигида фан доктори (DSc) ёки фалсафа доктори (PhD) даражасини олиш учун тайёрланган ва ҳимоя қилинган диссертация.

Хорижий мамлакатларда малака ошириш — ишдан ажралган ҳолда, тўғридан-тўғри шаклда хорижий мамлакатларда касбий ва педагогик маҳоратини ошириш, ўқув-тарбия жараёнини юқори илмий-методик даражада амалга ошириш, ахборот технологиялари ва ўқитишнинг интерактив методлари бўйича касбий билимлар, малака ва кўникмаларни ошириш.

Хорижий мамлакатларда стажировка ўташ — малака ошириш шаклларидан бири бўлиб, ишдан ажралган ҳолда тўғридан-тўғри хорижий мамлакатларда иш тажрибаси, амалий кўникмалари ва касбий билим даражасига эга бўлиш мақсадида маълум вақт давомида билим, малака ва кўникмаларини ошириш.

10. Муқобил малака ошириш шакллари қуйидагиларни ўз ичига олади:

Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги илмий унвонига эга бўлиш;

сўнгги 3 йилда хорижий мамлакатларда тўғридан-тўғри шаклда умумий давомийлиги 4 ҳафта ёки 144 соатдан кам бўлмаган малака ошириш ёки стажировка ўташ;

сўнгги 3 йилда фалсафа доктори (PhD) ёки мутахассислик бўйича фан доктори (DSc) даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилиш.

11. Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малака ошириш шакллари бўйича сўнгги уч йилдаги маълумотлари электрон портфолио тизимига шахсан раҳбар ва педагогнинг ўзи томонидан киритилади ва кўрсаткичлар электрон мониторинг тизими орқали қайд этиб борилади.

Мустақил малака ошириш шакллари бўйича раҳбар ва педагог кадрларнинг фаолиятини баҳолаш мазкур Низомнинг 2-иловасидаги Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг мустақил малака ошириш шаклларини баҳолаш мезонларига мувофиқ амалга оширилади.

12. Олий таълим муассасаларининг ҳар бир раҳбар ва педагог кадри мустақил малака ошириш шаклларига ажратилган 100 баллик тизимда камида 20 баллни тўплаган ҳолда қуйидаги иккита босқичдан бирини эгаллайди:

биринчи босқич (20 — 85 балл) — раҳбар ва педагог кадрлар таълим дастурлари асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан олий таълим муассасасининг йиллик малака ошириш режаси доирасида раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларида таълим дастурлари асосида бевосита ўқиш имкониятига эга бўлади. 20 баллдан кам балл тўплаган раҳбар ва педагог кадрлар мустақил малака ошириш курсларидан ўтмаган ҳисобланадилар ва кейинги босқичга қўйилмайдилар;

иккинчи босқич (86 — 100 балл) — раҳбар ва педагог кадрлар тўғридан-тўғри онлайн тест синовларини топширишга тавсия этилади. Онлайн тест синовларини муваффақиятли топширган раҳбар ва педагог кадрларга битирув (лойиҳа) ишини ҳимоя қилишга рухсат берилади. Онлайн тест синовларидан муваффақиятли ўтмаган раҳбар ва педагог кадрлар раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларида таълим дастурлари асосида бевосита ўқишга тавсия этилади.

13. Назорат турлари бўйича синовлардан белгиланган ўтиш балини тўплай олмаган педагог кадрлар белгиланган тартибда такрорий курслардан ўтади.

14. Муқобил малака ошириш шаклларидан ихтиёрий бирини амалга оширган раҳбар ва педагог кадрларга тўғридан-тўғри малака аттестати Аттестация комиссиясининг қарори асосида тақдим этилади.

4-боб. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиш тартиби

15. Давлат олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари, идоравий мансублигидан қатъий назар, уч йилда камида бир марта доимий асосда қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг тегишли йўналишлари бўйича қайта тайёрланиши ва малакасини ошириши шарт.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тегишли йўналишлар бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини ҳисобга олган ҳолда тингловчиларни сифатли ўқитиш учун моддий-техника базаси, педагоглар таркиби мавжуд бўлганда курслар фаолиятини ва ресурс таъминотини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари молиялаштириш асосида ташкил этилади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчилари (такрорий ўқитишдан ташқари) бепул асосда ўқитилади.

16. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курси ўқув режасининг намунавий тузилмаси асосида ишлаб чиқилган 288 соат ҳажмдаги ўқув дастурлари бўйича амалга оширилади.

Бунда, ўқув дастурининг 144 соат ҳажми ишдан ажралмаган ҳолда мустақил малака ошириш усуллари асосида, 144 соати тўғридан-тўғри (бевосита) малака ошириш шаклида ишдан ажраган ҳолда амалга оширилади.

Малака оширишнинг бевосита шаклида бир ҳафтадаги ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми 36 соатни ташкил этади.

17. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчилари ўқишни тугатгандан кейин таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган комиссияда аттестациядан ўтадилар. Аттестация комиссияси тегишли соҳалардаги етакчи олимлар ва мутахассислар, илмий кенгаш аъзолари, ўқув-услубий ишлар соҳасидаги тажрибали мутахассислардан камида 7 кишидан иборат бўлган олий таълим муассасаси ректори ёки фан доктори илмий унвони бериш бўйича илмий кенгаш раиси бошчилигида шакллантирилади.

18. Аттестациядан муваффақиятли ўтган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларига қатъий ҳисобда турадиган давлат намунасидаги ҳужжат ҳисобланадиган малака аттестати берилади.

19. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш якунлари бўйича аттестациядан муваффақиятли ўтган олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари тегишли йўналишлар бўйича бўш турган раҳбар ва педагог лавозимини танлов бўйича эгаллашда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади.

20. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш якунлари бўйича аттестациядан ўтмаган олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари бир йил мобайнида пулли асосда ўқишнинг тегишли ёки турдош йўналиши (мутахассислиги) бўйича кейинги қайта тайёрлаш ва малака ошириш курси якунида аттестациядан ўтиши шарт.

Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини такроран ўзлаштириши асосий ишдан ажралмаган ҳолда курсларнинг ўқув дастурларини мустақил равишда масофадан ўқитиш усуллари орқали ўзлаштириш асосида амалга оширилади.

Мустақил равишда масофадан ўқитиш усуллари орқали қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув дастурларини тўлиқ ўзлаштириб келган тингловчилар якуний аттестацияга киритилади. Якуний аттестация тегишли йўналишлар бўйича таянч олий таълим муассасалари ҳузуридаги аттестация комиссиялари томонидан амалга оширилади.

21. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида узрсиз сабабларга кўра дарс қолдиргани учун тингловчилар сафидан чиқарилган олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари пулли асосда, мазкур Низомнинг 16-банди талабларига мувофиқ қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсидан такроран ўтиши ҳамда ўқишнинг тегишли йўналиши (мутахассислиги) бўйича кейинги қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсида аттестациядан ўтиши шарт.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида узрли сабаблар билан дарс қолдирган тингловчига ўқишнинг тегишли йўналиши (мутахассислиги) бўйича кейинги курсларда қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтишига рухсат берилади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан такроран ўтиш 288 соат ҳажмида ташкил этилиб, унинг 144 соати мустақил малака ошириш шаклида, 144 соати масофадан ўқитиш шаклида амалга оширилади.

22. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш якунлари бўйича аттестациядан такроран ўтмаган ёки асосий иш жойи бўйича белгиланган муддатда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан такроран ўтмаган тақдирда, ушбу ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатидан ҳамда бўш турган педагог лавозимини эгаллаш танлови даврининг тугаган муддатидан қатъий назар, меҳнат шартномаси белгиланган тартибда икки ой мобайнида бекор қилинади. Улар ўз педагогик фаолиятини бошқа таълим муассасаларида (олий таълим муассасаларидан ташқари) давом эттириши ёхуд бошқа ташкилотларда ишлаши ҳамда ўзининг касбий малакасини мустақил равишда ошириши мумкин.

Бунда олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларига қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтишга ҳамда улар билан асосий иш жойи бўйича меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бир йил ўтгандан кейин пулли асосда аттестациядан ўтишга рухсат берилади. Бунинг учун улар тегишли қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасасига курслардан ва аттестациядан ўтиш тўғрисида ариза билан мурожаат қиладилар.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан, шунингдек аттестациядан муваффақиятли ўтган педагог кадрлар олий таълим муассасаларидаги бўш турган педагог лавозимларини эгаллаш учун танловда белгиланган тартибда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

23. Олий таълим муассасаларининг раҳбар кадрлари аттестациядан такроран ўтмаган тақдирда, муайян раҳбарлик лавозимига тайинлашга ваколатли бошқарув органи (ёки олий таълим муассасаси раҳбари) бундан кейин ушбу шахсларнинг раҳбарлик лавозимини эгаллаб туриши тўғрисида қарор қабул қилади.

24. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув жараёнларини мониторинг қилиш, шунингдек тингловчиларнинг касбий фаолияти натижаларини қайд этиб бориш Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг (кейинги ўринларда — Институт) ягона электрон тизими орқали амалга оширилади.

25. Ҳар йили 15 ноябрга қадар тизимида олий таълим муассасалари мавжуд вазирликлар ва идоралар буюртманомалари асосида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиш даврийлигига мувофиқ кейинги календарь йил учун ойлар ва ўқиш йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларининг контингенти шакллантирилади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиш режа-жадвали ҳар йили 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда олий таълим муассасаларига етказилади.

Тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари ўқиш йўналиши ва эгаллаб турган лавозимига боғлиқ ҳолда таянч олий таълим муассасалари, Институт ва бошқа таълим муассасаларидаги доимий ишлайдиган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига юборилади.

26. Курсларга тингловчиларни қабул қилиш тасдиқланган режа-жадвал ва жўнатувчи томонларнинг буйруғи асосида тегишли қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан амалга оширилади. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига тингловчиларни қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ курслар бошланиши санасидан бошлаб 3 кун мобайнида расмийлаштирилади.

27. Ишдан ажралмаган ҳолда масофадан ўқитиш усуллари асосида ташкил этилган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш жараёни бошлангандан кейин уч кун мобайнида белгиланган топшириқларни бажармаган ёки курсларнинг тўғридан-тўғри (бевосита) малака ошириш шаклида ишдан ажраган ҳолда амалга ошириладиган даврида ўқиш бошлангандан кейин уч кун мобайнида тегишли қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказларига етиб келмаган тингловчилар, етиб келмасликнинг сабабларидан қатъий назар курсларга қўйилмайди.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига узрсиз сабаблар бўйича иштирок этмаган тақдирда тингловчилар аттестациядан ўтмаган деб ҳисобланади ҳамда уларга ушбу Низомнинг 21-банди талаблари татбиқ этилади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасалари раҳбарлари тингловчиларнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига ўз вақтида иштирок этмаганлигининг барча ҳолатлари тўғрисида тегишли чоралар кўриш учун жўнатувчи томонга ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига хабар беради.

28. Тингловчиларнинг касаллиги тасдиқланган тақдирда уларнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ҳамда аттестациядан ўтиш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ бошқа муддатга кўчирилади.

29. Ўқиш тугалланадиган йилда олий таълим муассасаларига педагог лавозимларига қабул қилинган магистратура битирувчилари педагогик фаолиятнинг учинчи йилида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтадилар.

30. Режа-жадвалга киритилган ва қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқишдан ўтадиган тингловчилар учун ўқишнинг тўғридан-тўғри (бевосита) малака ошириш даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича эгаллаган лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади, уларнинг ўқув юкламаси эса олий таълим муассасаси кафедраларининг бошқа аъзолари ўртасида тақсимланади.

5-боб. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув жараёнини ташкил этиш

31. Узлуксиз малака ошириш тизими раҳбар ва педагогларга касбий фаолият жараёнида эришилган кўрсаткичлар асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаларида бевосита касбий ривожланишни ташкил этишнинг мақбул ва зарур йўлларини танлаш, касбий билим ва кўникмаларни доимий янгилаш имкониятини беради.

32. Тингловчиларнинг ўқув жараёнини ташкил этиш тегишли йўналишлар бўйича тасдиқланган малака талаблари, ўқув режалари ва дастурлар, машғулотлар жадвали билан тартибга солинади. Ўқув режалари ва дастурлар фан, техника, технологиялар ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари асосида ҳар йили такомиллаштирилади.

33. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари қўлланилади: маъруза (онлайн маъруза); интерактив семинарлар; амалий машғулот; кўчма машғулот; тажриба алмашиш; мустақил ўқиш, шу жумладан масофадан ўқитиш усуллари; педагогик (малакавий) амалиёт; битирув (лойиҳа) ишини ҳимоя қилиш.

Тегишли ахборот-методик ва ташкилий-техник база мавжуд бўлган тақдирда қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курслари масофадан ўқитиш усуллари қўлланилган ҳолда ташкил этилади.

Масофадан ўқитиш усуллари асосидаги курсларда ўқув машғулотлари онлайн ва оффлайн шаклларида ўтказилади.

34. Аудиторияда ўтказиладиган барча машғулотлар турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.

35. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидаги ўқув жараёни олий таълим муассасаларидан тақдим этилган йиллик буюртманомалар бўйича гуруҳларнинг тўлдирилишига боғлиқ ҳолда тингловчилар сони 15 нафардан кам бўлмаган академик гуруҳларда ташкил этилади.

Истисно тариқасида:

тингловчилар контингенти етарли бўлмаган йўналишларда, жумладан рус ёки қорақалпоқ тилида дарс олиб бориладиган гуруҳларда, тингловчилар контингенти бир гуруҳ меъёрида йиғилмайдиган кам сонли алоҳида таълим йўналишларида ўқув жараёнини ташкиллаштиришда бир гуруҳдаги тингловчилар сони камида 5 нафар этиб белгиланиши мумкин;

йил давомида 5 нафаргача педагог кадрлар йиғилмайдиган алоҳида таълим йўналишларида малака ошириш гуруҳи мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишган ҳолда қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таянч олий таълим муассасасининг буйруғи билан тингловчилар сони 5 нафардан кам гуруҳ шакллантирилиши ёки улар учун малака ошириш масофадан ўқитиш усуллари орқали амалга оширилиши мумкин;

олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари таркибидаги уч ёшга тўлмаган ёш боласи бўлган аёллар, пенсия ёшидагилар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар олий таълим муассасаси Кенгашининг тавсиясига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишган ҳолда, масофадан ўқитиш шакллари орқали амалга ошириладиган малака ошириш курсларининг режа-жадвалига киритилади.

36. Раҳбар ва педагог кадрларнинг педагогик (малакавий) амалиёти олий таълим муассасаларининг ихтисослаштирилган кафедралари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа ташкилотлари базасида ташкил этилади.

37. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларининг ўзлаштириши рейтинг баҳолаш тизими асосида назорат қилинади. Рейтинг баллини жамлашда:

раҳбар ва педагог кадрларнинг охирги 3 йиллик касбий, ўқув-методик ва илмий-методик фаолияти натижалари (электрон портфолиода қайд этилган кўрсаткичлари асосида);

курсни тамомлагандан кейинги онлайн тест синовлари натижалари;

битирув (лойиҳа) ишини ҳимоя қилиш натижалари ҳисобга олинади.

Масофадан ўқитиш усуллари асосидаги курсларда тингловчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари онлайн шаклда қайд этиб борилади ва курсларни тўлиқ ўзлаштирган тингловчиларга бевосита қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасаларида ўтказиладиган онлайн тест синовлари ҳамда битирув (лойиҳа) иши ҳимоясида онлайн иштирок этишга рухсат берилади.

Электрон портфолио кўрсаткичлари ва онлайн тест синовлари натижалари асосида тингловчиларга битирув (лойиҳа) ишини ҳимоя қилишга рухсат берилади.

38. Тўғридан-тўғри (бевосита) малака ошириш даврида узрсиз сабаблар билан 18 соат ва ундан кўп миқдорда машғулотларга қатнашмаганлиги учун курсларнинг тингловчилари қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан тингловчилар сафидан чиқарилади ва бу ҳақдаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига, шунингдек тингловчининг асосий иш жойига юборилади.

Машғулотларда қатнашмаганлиги учун курслардан четлаштирилган тингловчилар аттестациядан ўтмаган деб ҳисобланади ҳамда ушбу Низомнинг 21-банди тегишли талаблари уларга нисбатан татбиқ этилади.

Ҳужжат билан тасдиқланган узрли сабабларга кўра 18 соат ва ундан кўп ҳажмда машғулотларда қатнашмаган тингловчилар сафдан чиқарилади ва уларга навбатдаги курсларда иштирок этишларига рухсат берилади.

39. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида дарс берадиган педагоглар таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда Институтда мунтазам равишда қисқа муддатли малака ошириш курсларидан ўтадилар.

40. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида машғулотлар ўтказиш учун олий таълим муассасасининг етакчи педагог кадрлари, докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича илмий кенгаш аъзолари, шунингдек шартнома асосида мамлакатнинг бошқа олий таълим муассасаларининг юқори малакали педагог кадрлари, хорижий мутахассислар, ўқув-методик ходимлари ва амалиётчи мутахассислар жалб этилади.

41. Аттестация комиссияларининг раислари қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида мунтазам равишда фан ва техникани ривожлантиришнинг тегишли йўналишлари бўйича муаммовий маърузалар олиб борадилар.

42. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари билан тингловчиларни ўқитадиган педагоглар таркибининг ўқув юкламаси ҳажми ўқув йили мобайнида белгиланган нормативлар бўйича улар амалда бажарадиган ўқув ишларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

6-боб. Узлуксиз малака ошириш жараёнларида раҳбар ва педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш

43. Аттестация комиссияси ўз қарорини раҳбар ва педагог кадрларнинг узлуксиз малака ошириш тизими бўйича электрон мониторинг кўрсаткичлари, шунингдек қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг натижалари асосида чиқаради.

44. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчилари қуйидаги натижалар бўйича аттестациядан ўтказилади:

онлайн-тест синовлари натижалари;

педагогик (малакавий) амалиёт натижалари;

касбий фаолият, шу жумладан электрон портфолио бўйича кўрсаткичлар.

45. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларининг битирув (лойиҳа) ишини ҳимоя қилиш аттестация комиссиясида амалга оширилади.

46. Аттестация комиссиясининг қарори қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси раҳбарининг ўқитиш курсларини муваффақиятли якунлаган тингловчиларга белгиланган намунадаги малака аттестати бериш тўғрисидаги буйруғини расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.

47. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаларининг аттестация комиссиялари аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш аттестация комиссияси таркибида ишларни бажаришнинг белгиланган нормативларидан келиб чиққан ҳолда меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини аттестациядан ўтказишнинг юқори сифат даражасини таъминлаш мақсадида аттестация комиссияларининг раисларига, уларга илгари белгиланган бошқа қўшимча ҳақ ва устамалардан қатъий назар, асосий иш жойи бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида лавозим маошининг (тариф сеткасининг) 30 фоизи миқдорида устама белгиланади.

7-боб. Узлуксиз малака ошириш жараёнлари ташкилотчиларининг вазифалари

48. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

замонавий талабларга мувофиқ ўз касбий даражасининг доимий ўсишида олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг манфаатдорлигини оширишни ҳисобга олган ҳолда қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қоидаларни амалга оширишни ташкил этади ва назоратини таъминлайди;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради, уларнинг ўқув-методик ва моддий-техника базасини янада такомиллаштириш чораларини кўради;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни хорижий тажрибалар асосида доимий такомиллаштириш ишларини ташкил этади;

олий таълим муассасаларининг ихтисослаштирилган кафедраларини тегишли йўналишлар бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасаларига бириктиради;

ҳар йили аттестация комиссияларининг ҳисоботларини эшитган ва зарур бўлганда, улар таркибига ўзгартиришлар киритган ҳолда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг аттестация комиссиялари таркибини шакллантиради ва тасдиқлайди;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида таълим жараёнини такомиллаштириш механизмлари ва услубларини белгилайди, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни (масофадан ўқитиш таълим усулларини ташкил этиш ва ўтказиш, тингловчиларининг битирув (лойиҳа) ишини тайёрлаш ва ҳимояга тақдим этиш, педагогик (малакавий) амалиётни ташкил этиш ва ўтказиш тартибларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасалари педагог кадрларининг меҳнатига ҳақ тўлаш меъёрларини) тасдиқлайди ҳамда қайта тайёрлаш ва малака ошириш йўналишларининг олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлар классификатори билан мутаносиблигини таъминлайди;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан, шунингдек масофадан ўқитиш усуллари орқали курслардан ўтиши керак бўлган тингловчиларнинг прогноз қилинаётган контингентини белгилайди;

олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг талаб қилинадиган малакасини таъминлаш бўйича мақсадли топшириқларни тасдиқлайди.

49. Институт:

таълим дастурларининг узлуксизлиги ва кетма-кетлигини ҳисобга олган ҳолда олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини ўқитиш бўйича ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади;

умумэътироф этилган халқаро таълим стандартлари ва талаблари, ўқитишнинг замонавий шакллари, илғор педагогик, ахборот-коммуникация ва инновация технологиялари асосида ўқитишнинг модул тизимини қўллаган ҳолда олий таълим муассасалари раҳбар кадрларининг ўқув жараёнини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли бошқармалари ва бўлимларида, таянч олий таълим муассасаларида, давлат бошқарув органларида битирув (лойиҳа) ишлари тавсияларини амалиётда татбиқ этилишини таъминлайди;

тасдиқланган режа-жадвалга асосан ишдан ажраган, шу жумладан масофавий ўқитиш услубларини қўллаган ҳолда олий таълим муассасаларининг раҳбар кадрларини қайта тайёрлайди ва уларнинг малакасини оширади;

таянч олий таълим муассасалари томонидан тегишли йўналишларнинг ўқув дастурига мос ҳолда ишлаб чиқилган ўқув-методик ресурслар асосида масофадан ўқитишнинг онлайн ва оффлайн шаклларида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этади;

олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини тайёрлаш бўйича хорижий тажрибани ва таълим муассасаларининг эътироф этилган ютуқларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш жараёнларини, шунингдек қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув жараёнининг доимий электрон мониторингини ташкил этади;

узлуксиз малака ошириш жараёнларининг электрон мониторинг кўрсаткичлари асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаларининг истиқбол контингентини шакллантиради;

раҳбар ва педагог кадрларнинг узлуксиз малакасини ошириш тизимидаги ўзлаштириш даражаларига мос равишда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтишини назорат қилади ва мониторингини олиб боради;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув жараёни ҳамда раҳбар ва педагог кадрлар касбий фаолиятининг ягона электрон тизимлари мониторингининг ахборот ресурсларини рўйхатдан ўтказиш ва шакллантиришда олий таълим муассасалари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро электрон алоқани таъминлайди;

барча қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларининг онлайн-тест, шу жумладан ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий тиллар бўйича синовларини ташкил этади, шунингдек раҳбар ва педагог кадрларнинг электрон портфолиосида тегишли натижаларнинг рўйхатдан ўтказилишини мувофиқлаштиради;

курслар тугаллангандан кейин қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг тегишли йўналишлари бўйича онлайн-тест синовларининг натижаларини электрон тизимда рўйхатдан ўтказган, кейинчалик курсларни тугаллашдан олдин аттестация комиссияларига тест синовлари натижаларини тақдим этган ҳолда ташкил этади;

жойларда раҳбар ва педагог кадрлар томонидан ягона электрон мониторинг тизимига киритилган маълумотларнинг ишончлилигини ўрганишни ташкил этади.

50. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасалари:

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг тегишли йўналишлари бўйича доимий фаолият кўрсатадиган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этади;

курслар доирасида сифат жиҳатидан юқори ташкилий ва касбий даражада машғулотлар ўтказиш учун зарур ўқув, услубий ва моддий-техника базасини ташкил этади;

масофадан ўқитиш усуллари асосида олий таълим педагог кадрлари учун ташкил этиладиган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тегишли ўқув-методик ресурсларини ишлаб чиқади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида машғулотлар ўтказиш учун олий таълим муассасаларининг етакчи педагог кадрларини ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича илмий кенгаш аъзоларини, шунингдек шартнома асосида мамлакатнинг бошқа олий таълим муассасаларининг юқори малакали педагог кадрларини ва хорижий мутахассисларни, ўқув-услубий ходимлар ва амалиётчи мутахассисларни кенг жалб этишни таъминлайди;

қайта тайёрлаш йўналишлари бўйича зарур ахборот-маълумотлар базасини шакллантиради, қайта тайёрлаш жараёнига замонавий инновацион педагогик, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқишни ва уларни жорий этишни ташкил этади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиётганлар учун педагогик амалиёт ҳамда улар томонидан очиқ лекциялар ва амалий машғулотлар ўтказишни, кейинчалик муҳокама қилган ва танқидий таҳлил қилган ҳолда, ташкил этади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш даврида курсларнинг бошқа жойлардан келган тингловчиларига олий таълим муассасалари ётоқхоналаридан яшаш жойлари бериш чораларини кўради;

маълумотларнинг холисоналигини таъминлаган ҳолда Институт ягона электрон тизимининг тегишли ахборот ресурсларини шакллантириш бўйича тизимли ишларни ташкил этади.

51. Олий таълим муассасалари:

ҳар ўқув йилида мустақил равишда малака ошириш шакллари бўйича фаолият олиб бораётган раҳбар ва педагог кадрлар тўғрисидаги маълумотларни Институтнинг электрон портфолио тизимига киритилишини таъминлайди ҳамда мустақил малака ошириш натижаларига кўра раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш шаклларининг прогноз кўрсаткичларини белгилайди;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаларида раҳбар ва педагог кадрларни тайёрлашнинг талаб қилинадиган сифатини таъминлаш бўйича мақсадли вазифаларни тасдиқлайди;

педагог кадрларнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиш даврида уларнинг ўқув юкламаларини олдиндан қайта тақсимлашни таъминлайди;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тасдиқланган жадвали асосида ўз раҳбар ва педагог кадрларининг тегишли курсларга белгиланган муддатларда ўз вақтида келишларини таъминлайди;

олий таълим муассасаларининг кенгашлари мажлисларида қайта тайёрлаш ва малака ошириш натижаларини муҳокама қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этади;

курсларни муваффақиятли тамомлаган олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг илғор тажрибасини, янги билимлари ва кўникмаларини оммалаштиришни ташкил қилади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтган шахсларнинг касбий фаолияти бўйича доимий мониторингни ташкил этади;

ҳар ўқув йилида Институтнинг ягона электрон тизимига олий таълим муассасалари учун махсус ажратилган саҳифага раҳбар ва педагоглар тўғрисидаги маълумотлар киритилишини таъминлайди, шунингдек тегишли ўқитувчилар маълумотларининг тўғри киритилганлиги юзасидан мониторинг олиб боради;

электрон портфолио тизими кўрсаткичлари бўйича раҳбар ва педагог кадрларнинг фаолиятини тизимли таҳлил этиб боради ва ўқув йили якунлари бўйича уларнинг рейтингини аниқлашда тегишли кўрсаткичларини инобатга олади;

раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш натижаларининг ички мониторингини олиб боради, юқори кўрсаткичларга эришган олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини моддий рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, шунингдек педагог лавозимларини эгаллаш юзасидан танловлар ўтказиш жараёнида уларни асосий мезонлар сифатида ҳисобга олади.

52. Олий таълим муассасаси раҳбар ва педагог кадрлари:

шахсий иш режасида ўқув йили учун узлуксиз малака ошириш шакллари бўйича фаолиятини режалаштиради;

касбий фаолият натижаларини электрон портфолио тизимига жойлаштиради.

Бунда, раҳбар ва педагог кадрлар касбий фаолият натижаларининг тасдиқловчи ҳужжатларини электрон портфолио тизимига қуйидаги тартибда киритиб борадилар:

очиқ ўқув машғулотлари ва маҳорат дарсларини ташкил этганлиги тўғрисида таълим муассасаси кафедраси ёки илмий-методик кенгаши йиғилишидаги муҳокамасининг ўқув ишлари бўйича проректор томонидан тасдиқланган нусхаси;

дарс бераётган фанлари бўйича талабаларнинг республика ва халқаро миқёсидаги фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, санъат соҳасидаги кўрик танловлар ва кўргазмалардаги иштирокини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси (буйруқдан кўчирма, диплом, фахрий ёрлиқ);

илмий конференциялар тўпламида нашр қилинган ишларнинг тасдиқланган нусхаси;

илмий журналларда нашр қилинган ишларнинг тасдиқланган нусхаси;

кўрик танловлар ва кўргазмалардаги иштирокини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси (буйруқдан кўчирма, диплом, фахрий ёрлиқ);

илмий лойиҳаларда иштирок этишни қайд этишда лойиҳанинг номи ва қайд рақами, лойиҳани амалга оширишдаги роли (раҳбар ёки ижрочи), амалга оширилиш муддатлари ҳақидаги маълумотларнинг илмий ишлар ва инновацион фаолият бўйича проректор томонидан тасдиқланган нусхаси;

импакт-факторли нашрларда чоп этилган ишларнинг тасдиқланган нусхаси, ихтиро, рационализаторлик таклифлари, инновацион ишланмалар, муаллифлик ижодий ишларини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

олиб бораётган илмий, ижодий изланишлари асосида монография, ижодий ишлар каталогининг чоп этилганлигини тасдиқловчи Олий таълим муассасасининг Кенгаши баённомасидан кўчирма ва монография, каталог муқовасининг нусхаси;

Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги унвони нусхаси;

хорижий мамлакатларда малака ошириш ёки стажировка ўтаганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

докторлик диссертациясининг (PhD, DSc) ҳимоя қилинганлигини қайд этиш учун Олий аттестация комиссияси томонидан берилган дипломнинг нусхаси;

илмий раҳбарлигида фалсафа доктори (PhD) ёки фан докторлиги (DSc) диссертациясининг ҳимоя қилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

дарслик ёки ўқув қўлланма учун берилган гувоҳноманинг нусхаси.

53. Электрон портфолио тизимига киритилган барча маълумотларнинг ҳаққонийлигига раҳбар ва педагог кадрлар шахсан масъул ҳисобланадилар.

Электрон портфолио тизимидаги кўрсаткичларнинг ҳаққоний эмаслиги тасдиқланганда тегишли раҳбар ва педагог кадрларнинг электрон портфолио натижалари бекор қилинади.

8-боб. Якунловчи қоидалар

54. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

55. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш жараёнларини ташкил этиш тартиби тўғрисида низомга 1-ИЛОВА

Олий таълим муассасалари педагог кадрларининг узлуксиз малака ошириш тизими

Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш жараёнларини ташкил этиш тартиби тўғрисида низомга 2-ИЛОВА

Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малака ошириш шаклларини

Т/р Мустақил малака ошириш шакллари Фаолиятни баҳолаш мезонлари Балл I. Мутахассислик бўйича мустақил малака ошириш 100 1. Очиқ ўқув машғулотлари ва маҳорат дарсларини ташкил этиш. 4 Ҳар ўқув йилида камида 2 та соҳага оид «маҳорат сабоқлари» ташкил этиш — 2 Ҳар ўқув йилида камида 2 та очиқ ўқув машғулотлари — 1 2. Иқтидорли ва истеъдодли талабалар билан ишлаш. 4 Талабаларининг республика ва халқаро миқёсдаги фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, санъат соҳасидаги кўрик танловлар ва кўргазмалардаги совринли ўрин учун: халқаро миқёсда — 4 республика миқёсида — 2 3. Илмий конференцияларда маъруза билан қатнашиш. 6 Халқаро миқёсда — 2 Республика миқёсида — 1 4. Илмий журналларда мақолалар чоп этиш. 8 Ҳар бир илмий мақола учун — 2 5. Кўргазма ва танловларда иштирок этиш. 8 Халқаро миқёсда — 8 Республика миқёсида — 4 6. Илмий лойиҳаларда иштирок этиш. 10 Халқаро лойиҳалар — 8 Давлат илмий-техник дастурлари доирасидаги лойиҳалар: лойиҳа раҳбари сифатида — 8 лойиҳа иштирокчиси сифатида — 4 Хўжалик шартномаси асосида бажариладиган ишлар: раҳбар сифатида — 4 иштирокчи сифатида — 2 Давлат буюртмаси асосида яратилган ижодий ишлар: якка муаллиф сифатида — 4 ҳаммуаллиф сифатида — 2 7. Халқаро (импакт-факторли) нашрларда мақолалар эълон қилиш. 10 Халқаро маълумотлар базасига киритилган юқори рейтингли илмий журналлар ёки «импакт-фактор»га эга бўлган илмий журналларда чоп этилган ҳар бир мақола учун — 5 8. Ихтиро (патент), рационализаторлик таклифлари, инновацион ишланмаларга муаллифлик қилиш. 10 Ихтиро (патент) — 10 Рационализаторлик таклифи — 6 Инновацион ишланмаларга муаллифлик — 4 9. Монография, муаллифлик ижодий ишлар каталогини тайёрлаш ва нашр қилиш. 10 Якка муаллифликда — 10 Ҳаммуаллифликда — 5 10. Ўқув адабиётлари (дарслик, ўқув қўлланма, методик қўлланма) тайёрлаш ва нашр қилиш. 10 Якка муаллифликда: дарслик — 10 ўқув қўлланмаси — 7 Ҳаммуаллифликда: дарслик — 7 ўқув қўлланмаси — 5 Методик қўлланма: якка муаллифликда — 3 ҳаммуаллифликда — 1 11. Фан доктори (DSc) ёки фалсафа доктори (PhD) даражасини олиш учун ҳимоя қилинган диссертацияга илмий раҳбарлик қилиш . 10 Охирги 3 йилда ҳимоя қилинган диссертацияга — 10 12. Охирги 3 йилда хорижий мамлакатларда тўғридан-тўғри шаклда малака ошириш, стажировка ўташ 10 Охирги 3 йилда икки ҳафтадан — тўрт ҳафтагача — 10 Охирги 3 йилда икки ҳафтагача — 5 II. Муқобил малака ошириш шакллари 13. Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги илмий унвонига эга бўлиш. 14. Охирги 3 йилда докторлик (PhD, DSc) диссертациясини ҳимоя қилиш. 15. Охирги 3 йилда хорижий мамлакатларда тўғридан-тўғри шаклда умумий давомийлиги 4 ҳафта ёки 144 соатдан кам бўлмаган малака ошириш ёки стажировка ўташ.

Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш жараёнларини ташкил этиш тартиби тўғрисида низомга 3-ИЛОВА

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 сентябрдаги 797-сон қарорига 2-ИЛОВА

Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказининг

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 сентябрдаги 797-сон қарорига 2а-ИЛОВА

Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказининг

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 сентябрдаги 797-сон қарорига 4-ИЛОВА

Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш таълим муассасаларида самарали дарс бераётган профессор-ўқитувчилар, тажрибали амалиётчи мутахассисларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоида

1. Мазкур Низом олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш таълим муассасаларида самарали дарс бераётган профессор-ўқитувчилар, тажрибали амалиётчи мутахассисларни (кейинги ўринларда марказ педагоглари деб аталади) рағбатлантириш тартибини белгилайди.

2-боб. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси педагогларининг ўқув йили давомидаги фаолияти таҳлили

2. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси педагогларининг ўқув йили давомидаги фаолияти таҳлили қуйидаги асосий йўналишларда амалга оширилади:

ўқув-методик фаолият;

илмий-тадқиқот фаолияти.

3. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси педагоглари фаолиятини баҳолаш учун 5 — 7 кишидан иборат махсус Ишчи гуруҳ ҳар йили 15 январга қадар шакллантирилади. Ишчи гуруҳ таркиби тегишли олий таълим муассасаси ректори (Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти директори) буйруғи билан тасдиқланади ва унга мазкур таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича проректори, марказ директори, таълим сифатини назорат қилиш бўлими ходимлари, кафедра мудирлари ҳамда тажрибали педагог ходимлари киритилади. Ишчи гуруҳ фаолияти йил давомида амалга оширилади.

Ишчи гуруҳга олий таълим муассасаси ректори (Олий таълим тизими кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти директори) раҳбарлик қилади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси педагогларининг ўқув йили давомидаги фаолияти Ишчи гуруҳ томонидан мазкур Низомнинг иловасида келтирилган мезонларга мувофиқ кўриб чиқилади ва баҳоланади.

Ушбу Низомнинг иловасида келтирилган мезонларни акс эттирувчи ҳужжатлар ва материалларни тўплаш мажбурияти педагог кадрларнинг зиммасига юклатилади.

Педагог кадрлар томонидан асословчи ҳужжатлар ва материаллар Ишчи гуруҳга йил якунлари бўйича тақдим этилади.

4. Баҳолаш натижалари асосида Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси педагогларига тўплаган рейтинг балларидан келиб чиққан ҳолда рағбатлантириш фоизлари белгиланади ва ҳар йили 15 ноябрга қадар Ишчи гуруҳ баённомаси билан расмийлаштирилади.

Ишчи гуруҳ баённомаси аъзоларнинг камида 2/3 қисми томонидан қўллаб-қувватланганидан сўнг тасдиқланади.

5. Ишчи гуруҳнинг баённомаси асосида ҳар йили 25 ноябрга қадар Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси педагогларини рағбатлантириш тўғрисидаги Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси директорининг буйруғи қабул қилинади.

3-боб. Марказ педагогларини моддий рағбатлантириш тартиби

6. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси педагогларининг фаолияти таҳлилидан келиб чиқиб, уларни базавий лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик устамалар белгилаш асосида ҳамда машғулотлар ўтказиш учун соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари билан жалб этиладиган малакали педагог кадрларга соатбай ҳақ тўлаш миқдорининг 20 фоизигача кўпайтирилган ҳолда моддий рағбатлантириш амалга оширилади.

Бунда, меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида ўқув машғулотлари олиб борувчи Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси педагогларини моддий рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 20 августдаги 242-сон қарорига мувофиқ 25 фоизга оширилган соатбай ҳақ тўлаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

7. Педагоглар меҳнатининг амалдаги натижаси ва сифатини ҳисобга олган ҳолда уларни рағбатлантиришга тавсия этиш табақалаштирилган ҳолда қуйидагича амалга оширилади:

а) штатдаги педагоглар:

55 — 70 балл учун — 10 фоиз;

71 — 85 балл учун — 20 фоиз;

86 — 100 балл учун — 30 фоиз;

б) соатбай асосида дарс берадиган педагоглар:

55 — 70 балл учун — 10 фоиз;

71 — 85 балл учун — 15 фоиз;

86 — 100 балл учун — 20 фоиз.

8. Моддий рағбатлантириш тўлови навбатдаги календарь йилининг бошидан (январь ойидан) бир йил давомида ҳар ойда амалга оширилади.

9. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси педагогларини моддий рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган бошқа устамаларни белгиланишига тўсқинлик қилмайди.

4-боб. Якуний қоидалар

10. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасаси педагогларининг йил давомида мазкур Низомнинг иловасида келтирилган баҳолаш мезонлари бўйича тўплаган умумий бали 55 дан кам бўлган тақдирда рағбатлантириш келгуси календарь йил учун бекор қилинади.

11. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

12. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларида самарали дарс бераётган профессор-ўқитувчилар, тажрибали амалиётчи мутахассисларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомга ИЛОВА

Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим муассасаларида дарс бераётган профессор-ўқитувчилар, амалиётчи мутахассислар фаолиятини

Т/р Кўрсаткичлар Ажратилган максимал балл I. Ўқув-методик фаолият (65 балл) 1. Назарий билимларни, амалий кўникмаларни ва ўқитиладиган фаннинг замонавий тенденцияларини эгаллаганлик даражаси (очиқ машғулотлар натижалари бўйича) 7 балл 2. Ўқитиш сифати даражаси (марказ томонидан тингловчилар билан ўтказилган сўровнома натижалари бўйича) 8 балл 3. Йил мобайнида қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизими учун нашр этилган камида битта ўқув қўлланмасининг мавжудлиги 10 балл (балл ҳаммуаллифлар сонига тенг бўлинади) 4. Ўқитишда компьютер ва ахборот технологияларидан фойдаланиш даражаси, ўқув курсини ва ўқув-тақдимот материалларини ишлаб чиқиши 5 балл 5. Ўқув жараёнида замонавий таълим технологиялари ва тингловчилар билимларини баҳолашнинг илғор усуллари қўлланилиши даражаси 5 балл 6. Дарс берадиган модули бўйича ўқув-услубий мажмуани ишлаб чиққанлиги ёки янгилаганлиги 5 балл (балл ҳаммуаллифлар сонига тенг бўлинади) 7. Хорижий тиллардан (рус тили қамраб олинмайди) бирини яхши ўзлаштирган бўлиши ва буни тасдиқловчи тегишли сертификатларнинг мавжудлиги (IELTS (ўртача 5,5 баллдан кам бўлмаган), TOEFL (РВТ) (567 баллдан кам бўлмаган), TOEFL (iBT) (87 баллдан кам бўлмаган), В2 даражасидаги CEFR (Common European Framework of Reference), Test DaF (Test Deutsch als Fremdsprache fur auslandische Studienbewerber) ёки GOETНE-ZERTIFIKAT, DALF (Diplome approfondi de langue francaise) ёҳуд Давлат тест марказининг малакавий сертификати) 10 балл 8. Хорижий тилларда (рус тили қамраб олинмайди) материалларни ишлаб чиқиш ва фанни ўқитишда улардан амалда фойдаланиш 5 балл 9. Сўнгги уч йилда хорижий таълим ва илмий муассасаларида малака ошириш ёки стажировкадан ўтганлиги 10 балл II. Илмий-тадқиқот фаолияти (35 балл) 10. Илмий даража ва илмий унвон 5 балл 11. Йил мобайнида камида иккита илмий конференцияларда қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимига оид маъруза билан иштирок этиши 4 балл 12. Йил мобайнида илмий нашрларда қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимига оид камида битта мақола чоп этиши: - республика миқёсида - халқаро миқёсда 5 балл 8 балл (балл ҳаммуаллифлар сонига тенг бўлинади) 13. Давлат илмий дастурлари ёки халқаро илмий лойиҳалардаги иштироки (камида битта): - раҳбарлик қилиш - иштирок этиш 5 балл 3 балл 14. Патентлар, ихтиролар ва электрон дастурлар учун камида битта муаллифлик гувоҳномаларининг мавжудлиги 5 балл (балл ҳаммуаллифлар сонига тенг бўлинади) ЖАМИ (максимал балл — 100)

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 сентябрдаги 797-сон қарорига 5-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 26 сентябрдаги 278-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2012 й., 39-сон, 453-модда):

а) 1-банднинг учинчи хатбошисидаги «16» рақами «17» рақами билан алмаштирилсин;

б) 1-иловада :

«Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказлари» бўлими «Қайта тайёрлаш ва малака ошириш йўналишлари» устунининг 4-позициясидан «зоотехния» ва «ветеринария» сўзлари чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги 17-позиция қўшилсин:

« 17. Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази Зооинженерия, Ветеринария медицинаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси »;

в) 4 ва 5-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

г) «Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказлари» бўлими «Вазирликлар ва идораларга мансублиги» устуни:

4 позициясидаги «Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги» сўзи «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзига алмаштирилсин;

10-позициясидаги «Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги» сўзи «Қурилиш вазирлиги» сўзига алмаштирилсин.

д) 2-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимининг

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 20 августдаги 242-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 442-модда):

а) 1-банднинг иккинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;

б) 3-банднинг иккинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;

в) 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2017 йил 27 февралдаги 103-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 9-сон, 129-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 23 сентябрь,

797-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.09.2019 й., 09/19/797/3793-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон; 28.08.2021 й., 09/21/545/0832-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 12.07.2024 й., 09/24/415/0501-сон; 06.12.2024 й., 07/24/420/1009-сон; 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

BAHOLASH MEZONLARI

bosqichlari

NAMUNAVIY TUZILMASI

NAMUNAVIY TUZILMASI *

NIZOM

BAHOLASH MEZONLARI

TASHKILIY TUZILMASI

Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining malakasini oshirish tizimini yanada takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malakasini oshirish tizimini joriy etish toʻgʻrisida” 2019-yil 27-avgustdagi PF-5789-son Farmoni ijrosini taʼminlash hamda oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining kasbiy bilimi, koʻnikmalari va mahoratini uzluksiz yangilab borish mexanizmlarini joriy etish, zamonaviy talablarga muvofiq oliy taʼlim sifatini taʼminlash uchun zarur darajada kasbiy tayyorgarlikni oshirish, qayta tayyorlash va malaka oshirishning bevosita hamda kasbiy faoliyatga aloqador bilvosita shakllarini variativ va bir birini toʻldirish tamoyillari asosida amaliyotga joriy etishni taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Moliya vazirligi, tizimida oliy taʼlim muassasalari boʻlgan vazirlik va idoralar:

2019-yilning 1-oktabridan oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malakasini oshirish tizimi amaliyotga joriy etilishini;

ikki oy muddatda oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazlarida professor-oʻqituvchilarning belgilangan sonidan kelib chiqib, kamida 3 ta shtat birligidan iborat Taʼlim texnologiyalari kafedrasi tashkil etilishini;

ikki oy muddatda oliy taʼlim muassasalari pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish mintaqaviy va tarmoq markazlari (keyingi oʻrinlarda mintaqaviy va tarmoq markazlari deb ataladi) tuzilmasiga xalqaro hamkorlik boʻyicha mutaxassis lavozimi kiritilishini.

2. Quyidagilar:

Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malakasini oshirish jarayonlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida nizom 1-ilovaga muvofiq;

Oliy taʼlim muassasalari pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish mintaqaviy va tarmoq markazlarining namunaviy tuzilmalari tegishlicha 2 va 2a-ilovalarga muvofiq;

Oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish taʼlim muassasalarida samarali dars berayotgan professor-oʻqituvchilar, tajribali amaliyotchi mutaxassislarni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida nizom 4-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda tizimida pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha tayanch oliy taʼlim muassasalari boʻlgan vazirlik va idoralar 2019-yil 1-oktabrdan boshlab:

rahbar va pedagog kadrlarning oʻquv-metodik va ilmiy-pedagogik faoliyati natijalarini inobatga oladigan, ularga muntazam ravishda kasbiy oʻzini oʻzi rivojlantirib borish imkoniyatini beruvchi uzluksiz malaka oshirish tizimini amaliyotga joriy etish boʻyicha tashkiliy-metodik tayyorgarlikni amalga oshirish;

oʻquv rejalari va dasturlari mazmunini takomillashtirish, zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda pedagog kadrlar malakasini oshirishning innovatsion shakllari va usullarini joriy etish;

mintaqaviy va tarmoq markazlari tinglovchilarining xalqaro ilmiy maʼlumotlar bazasidan keng foydalanishlari uchun zarur sharoitlarni yaratish;

mintaqaviy va tarmoq markazlarini xorijiy nashrlar, zamonaviy oʻquv, oʻquv-metodik va ilmiy adabiyotlar bilan muntazam taʼminlab borish, shuningdek, kurslarning oʻquv-uslubiy taʼminotini doimiy yangilab borish chora-tadbirlarini ishlab chiqsin va amalga oshirsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga 5-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritilsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari A.A. Abduxakimov hamda oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 23-sentabrdagi 797-son qaroriga 1-ILOVA

Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malakasini oshirish jarayonlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malakasini oshirish jarayonini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malakasini oshirish yuqori malakali mutaxassislarni tayyorlash sifatiga qoʻyiladigan talablar asosida quyidagilarga yoʻnaltirilgan:

oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining kasbiy mahoratini muntazam oshirish asosida ularning ilmiy va amaliy tadqiqotlar, texnologik taraqqiyot hamda oʻqitilayotgan fanlar boʻyicha innovatsiyalar, shuningdek oʻquv jarayonini tashkil etishning zamonaviy uslublari sohalaridagi koʻnikmalarini rivojlantirish;

yuqori samarali zamonaviy taʼlim va innovatsion texnologiyalar, ilgʻor xorijiy tajribani keng joriy etgan holda oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining malakasini oshirish boʻyicha malaka talablari, oʻquv rejalari va dasturlarini doimiy yangilab borish, oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining faoliyatini zarur darajada tashkil etish va samaradorligini taʼminlash;

oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarida butun jahon Internet axborot tarmogʻi, multimedia tizimlari va masofadan oʻqitish usullaridan foydalangan holda, ilgʻor pedagogika, axborot-kommunikatsiya va innovatsion texnologiyalarni egallash, ularni oʻquv jarayoniga faol tatbiq etish koʻnikmalarini rivojlantirish;

oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining chet tilini amaliy oʻzlashtirish darajasini oshirish va undan oʻz kasbiy mahoratini, pedagogik va ilmiy faoliyatini muttasil oshirib borish uchun keng foydalanish;

malaka oshirishning bilvosita shakllarini amaliyotga toʻliq joriy etish, pedagog kadrlarning ilmiy va ilmiy-pedagogik faoliyati natijalarini inobatga oladigan, tabaqalashtirilgan uzluksiz malaka oshirish jarayonlarini rivojlantirish asosida malaka oshirishning muqobil shakllarini joriy etish.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

masofaviy malaka oshirish — ishlab chiqarishdan ajralmagan holdagi masofadan oʻqitish taʼlim usullari orqali malaka oshirishning onlayn (videomaʼruzalar, maslahatlar, nazorat turlarini masofadan turib real vaqt rejimida oʻtkazish) va offlayn (masofaviy taʼlim tizimidagi tegishli oʻquv-metodik resurslarni mustaqil ravishda oʻzlashtirish) shakli;

mustaqil malaka oshirish — taʼlim darajasi va sifatiga qoʻyiladigan Davlat taʼlim talablariga muvofiq yangi bilimlar, malaka va koʻnikmalarni rahbar va pedagog kadrlar tomonidan mustaqil oʻzlashtirish, oʻzini-oʻzi kasbiy rivojlantirish shakli;

muqobil malaka oshirish — mustaqil malaka oshirish shakllaridan foydalanib, rahbar va pedagog kadrlarning individual kasbiy mahorat natijalari tasdigʻini amaldagi bevosita malaka oshirish shakllariga tenglashtirilgan shakli;

oliy taʼlim muassasalarining pedagog kadrlari — oliy taʼlim muassasasida pedagogik faoliyatni amalga oshiruvchi va kafedra mudiri, professor, dotsent, katta oʻqituvchi, oʻqituvchi (assistent) lavozimidagi shaxslar;

oliy taʼlim muassasalarining rahbar kadrlari — oliy taʼlim muassasasi rektoratida va dekanatida boshqaruv funksiyalari va vazifalarini bajaruvchi shaxslar;

oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish kursi (qayta tayyorlash va malaka oshirish kursi) — yangi kasbiy bilim va mahorat, zamonaviy koʻnikmalar hamda boshqaruv va pedagogik faoliyatni yuritish uchun zarur hajmda va yetarli darajada hamda davlat taʼlim standartlariga muvofiq oʻquv-taʼlim jarayoniga talab qilinadigan sifatni taʼminlaydigan darajada vakolatlarni nazarda tutadigan oliy taʼlimdan keyingi oʻqitish shakli;

uzluksiz malaka oshirish tizimi — rahbar va pedagog kadrlarning kasbiy kompetentligini zamonaviy talablar bilan uygʻunlashtirish, muntazam ravishda rivojlantirib borish imkoniyatini beruvchi koʻp bosqichli tizim;

elektron portfolio — rahbar va pedagog kadrlarning kasbiy faoliyat natijalarini baholashga qaratilgan oʻquv-metodik, ilmiy-tadqiqot va ijodiy ish materiallarni qamrab oluvchi elektron resurslar majmuasi.

4. Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malakasini oshirish bevosita va bilvosita shakllarning oʻzaro bir-birini toʻldirish tamoyillari asosida amalga oshiriladi.

5. Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malaka oshirish tizimi 1-ilovadagi sxemaga muvofiq, Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malaka oshirish shakllarini baholash mezonlari 2-ilovaga muvofiq, Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarini tashkil etish bosqichlari 3-ilovaga muvofiq joriy etiladi.

2-bob. Uzluksiz malaka oshirish jarayonlarini tashkil etishning maqsad va vazifalari

6. Malaka oshirishning bevosita va bilvosita shakllarini oʻzaro bir-birini toʻldirish tamoyillari asosida amaliyotga joriy etish orqali rahbar va pedagog kadrlarning mustaqil oʻzini oʻzi shaxsiy va kasbiy rivojlantirish motivlarini ragʻbatlantirish, shuningdek oʻquv-tarbiya jarayonini yuqori ilmiy-uslubiy darajada taʼminlash, malakaviy talablar, oʻquv rejalari va dasturlari asosida kasbiy va pedagogik mahoratni doimiy ravishda rivojlantirishga koʻmaklashish uchun zarur boʻlgan kasbiy bilimlar, koʻnikmalar va mahoratlarni muntazam ravishda yangilab borish uzluksiz malaka oshirish jarayonlarining maqsadi hisoblanadi.

7. Quyidagilar uzluksiz malaka oshirish jarayonlarining asosiy vazifalari hisoblanadi:

rahbar va pedagog kadrlarning kasbiy bilimlari, koʻnikmalari va mahoratlarini uzluksiz yangilab borish mexanizmlarini joriy etish, zamonaviy talablarga muvofiq oliy taʼlim sifatini taʼminlash uchun zarur darajada kasbiy tayyorgarlikni oshirish;

malaka oshirishning toʻgʻridan-toʻgʻri va kasbiy faoliyatga aloqador bilvosita shakllarini amaliyotga toʻliq joriy etilishini taʼminlash va monitoringini olib borish;

rahbar va pedagog kadrlarning ilmiy-pedagogik salohiyatidan kelib chiqib ularni kasbiy ehtiyojlarni qanoatlantirishga yoʻnaltirilgan uzluksiz malaka oshirishning shakllarini mustaqil tanlash va oʻzlashtirish;

taʼlim, fan va ishlab chiqarish integratsiyasini taʼminlash orqali rahbar va pedagog kadrlarning tayyorgarligi sifatiga qoʻyiladigan malakaviy talablarni takomillashtirish.

3-bob. Uzluksiz malaka oshirish jarayonlarini tashkil etish shakllari va bosqichlari

8. Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malakasini oshirish jarayonlari quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

mutaxassislik boʻyicha mustaqil malaka oshirish;

muqobil malaka oshirish;

taʼlim dasturlari asosida oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazlarida bevosita oʻqish.

9. Mutaxassislik boʻyicha mustaqil malaka oshirish quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

ochiq oʻquv mashgʻulotlari va mahorat darslarini tashkil etish;

iqtidorli va isteʼdodli talabalar bilan ishlash;

ilmiy konferensiyalarda maʼruza bilan qatnashish;

ilmiy jurnallarda maqolalar chop etish;

koʻrgazma va tanlovlarda ishtirok etish;

ilmiy loyihalarda ishtirok etish;

xalqaro (impakt-faktorli) nashrlarda maqolalar eʼlon qilish;

ixtiro (patent), ratsionalizatorlik takliflari, innovatsion ishlanmalarga mualliflik qilish;

monografiya, mualliflik ijodiy ishlar katalogini tayyorlash va nashr qilish;

oʻquv adabiyotlari (darslik, oʻquv qoʻllanma, metodik qoʻllanma)ni tayyorlash va nashr qilish;

fan doktori (DSc) yoki falsafa doktori (PhD) darajasini olish uchun himoya qilingan dissertatsiyaga ilmiy rahbarlik qilish;

xorijiy mamlakatlarda malaka oshirish yoki stajirovka oʻtash.

Ochiq oʻquv mashgʻulotlari va mahorat darslarini tashkil etish — zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalari, taʼlimning interaktiv metodlarini qoʻllagan holda, akademik guruhlarda jadval boʻyicha mashgʻulotlar oʻtkazish va belgilangan tartibda keng muhokama qilish.

Iqtidorli va isteʼdodli talabalar bilan ishlash — dars berayotgan fanlari boʻyicha talabalarning respublika va xalqaro miqyosidagi fan olimpiadalari, sport musobaqalari, sanʼat sohasidagi koʻrik tanlovlar hamda koʻrgazmalarning sovrindorlarini tayyorlash hamda iqtidorli va isteʼdodli talabalar bilan ishlashda faollik koʻrsatish.

Ilmiy konferensiyalarda maʼruza bilan qatnashish — fan va amaliyot, oʻqitish metodikasi hamda texnologiyasining dolzarb muammolarini hal etishga va oʻquv-tarbiya jarayonining yuqori sifatini taʼminlashga yoʻnaltirilgan dolzarb mavzulari, innovatsion yoʻnalishlari boʻyicha respublika va xalqaro miqyosdagi anjumanlar, davra suhbatlari, seminarlarda ilmiy yoki ilmiy-metodik maʼruzalar (axborotlar) qilish.

Ilmiy jurnallarda maqolalar chop etish — mustaqil ravishda taʼlim, fan va ishlab chiqarishning dolzarb masalalariga yoʻnaltirilgan (mutaxassisligi doirasida) muhim mavzular boʻyicha amalga oshirilgan tadqiqot (empirik) natijalari, tahlillari, ratsionalizatorlik gʻoyalari va ishlanmalarini dissertatsiyalarning asosiy ilmiy natijalarini eʼlon qilish uchun tavsiya etiladigan ilmiy nashrlar, shu jumladan, elektron ilmiy-texnik jurnallarda eʼlon qilish.

Koʻrgazma va tanlovlarda ishtirok etish — mashgʻulot olib borayotgan fanlari boʻyicha ijodiy ish natijalarini respublika hamda xalqaro miqyosdagi koʻrik-tanlovlar va koʻrgazmalarda ishtirok etish orqali ommalashtirish, sovrindor boʻlish.

Ilmiy loyihalarda ishtirok etish — xalqaro loyihalar va dasturlar, shuningdek, fan hamda texnologik taraqqiyotning bugungi darajasi bilan kadrlar tayyorlash taʼlim mazmuni, sifatini oshirish orasidagi uzviylikni rivojlantirish maqsadida fundamental, innovatsion va amaliy loyihalarga, xoʻjalik shartnomalari asosida bajariladigan ishlarga, shuningdek, xalqaro miqyosdagi loyihalarga rahbarlik qilish yoki ishtirokchi sifatida faoliyat yuritish.

Xalqaro (impakt-faktorli) nashrlarda maqolalar eʼlon qilish — mustaqil ravishda taʼlim, fan va ishlab chiqarishning dolzarb masalalariga yoʻnaltirilgan muhim mavzular boʻyicha amalga oshirilgan tadqiqot natijalari, tahlillari, ratsionalizatorlik va innovatsion gʻoyalarini xalqaro maʼlumotlar bazasiga kiritilgan yuqori reytingli yoki impakt-faktorli ilmiy jurnallarda eʼlon qilish.

Ixtiro (patent), ratsionalizatorlik takliflari, innovatsion ishlanmalarga mualliflik qilish — sohaning dolzarb masalalariga yoʻnaltirilgan tadqiqot natijalari asosida mahsulot va ishlanmalarni yaratish.

Monografiya, mualliflik ijodiy ishlar katalogini tayyorlash va nashr qilish — aynan ilmiy-tadqiqot mavzusi natijalari yoki mualliflik ijodiy ishlari asosida tayyorlangan asar (katalog)ni nashr etish.

Oʻquv adabiyotlarini tayyorlash — davlat taʼlim standartlari, oʻquv dasturi, uslubiyati va didaktik talablar asosida tegishli taʼlim yoʻnalishlari va mutaxassisliklari boʻyicha xorijiy tajribalar asosida yangi avlod oʻquv (elektron) adabiyotlari (darslik, oʻquv qoʻllanmasi, metodik qoʻllanma)ni yaratish va belgilangan tartibda taʼlim amaliyotiga joriy etish.

Ilmiy rahbarligida fan doktori (DSc) yoki falsafa doktori (PhD) darajasini olish uchun dissertatsiya himoya qilinganligi — ilmiy-pedagog kadrlar tayyorlashdagi faolligi, rahbarligida fan doktori (DSc) yoki falsafa doktori (PhD) darajasini olish uchun tayyorlangan va himoya qilingan dissertatsiya.

Xorijiy mamlakatlarda malaka oshirish — ishdan ajralgan holda, toʻgʻridan-toʻgʻri shaklda xorijiy mamlakatlarda kasbiy va pedagogik mahoratini oshirish, oʻquv-tarbiya jarayonini yuqori ilmiy-metodik darajada amalga oshirish, axborot texnologiyalari va oʻqitishning interaktiv metodlari boʻyicha kasbiy bilimlar, malaka va koʻnikmalarni oshirish.

Xorijiy mamlakatlarda stajirovka oʻtash — malaka oshirish shakllaridan biri boʻlib, ishdan ajralgan holda toʻgʻridan-toʻgʻri xorijiy mamlakatlarda ish tajribasi, amaliy koʻnikmalari va kasbiy bilim darajasiga ega boʻlish maqsadida maʼlum vaqt davomida bilim, malaka va koʻnikmalarini oshirish.

10. Muqobil malaka oshirish shakllari quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

Oʻzbekiston Fanlar akademiyasi, Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi akademigi ilmiy unvoniga ega boʻlish;

soʻnggi 3 yilda xorijiy mamlakatlarda toʻgʻridan-toʻgʻri shaklda umumiy davomiyligi 4 hafta yoki 144 soatdan kam boʻlmagan malaka oshirish yoki stajirovka oʻtash;

soʻnggi 3 yilda falsafa doktori (PhD) yoki mutaxassislik boʻyicha fan doktori (DSc) darajasini olish uchun dissertatsiya himoya qilish.

11. Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malaka oshirish shakllari boʻyicha soʻnggi uch yildagi maʼlumotlari elektron portfolio tizimiga shaxsan rahbar va pedagogning oʻzi tomonidan kiritiladi va koʻrsatkichlar elektron monitoring tizimi orqali qayd etib boriladi.

Mustaqil malaka oshirish shakllari boʻyicha rahbar va pedagog kadrlarning faoliyatini baholash mazkur Nizomning 2-ilovasidagi Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining mustaqil malaka oshirish shakllarini baholash mezonlariga muvofiq amalga oshiriladi.

12. Oliy taʼlim muassasalarining har bir rahbar va pedagog kadri mustaqil malaka oshirish shakllariga ajratilgan 100 ballik tizimda kamida 20 ballni toʻplagan holda quyidagi ikkita bosqichdan birini egallaydi:

birinchi bosqich (20 — 85 ball) — rahbar va pedagog kadrlar taʼlim dasturlari asosida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan oliy taʼlim muassasasining yillik malaka oshirish rejasi doirasida rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazlarida taʼlim dasturlari asosida bevosita oʻqish imkoniyatiga ega boʻladi. 20 balldan kam ball toʻplagan rahbar va pedagog kadrlar mustaqil malaka oshirish kurslaridan oʻtmagan hisoblanadilar va keyingi bosqichga qoʻyilmaydilar;

ikkinchi bosqich (86 — 100 ball) — rahbar va pedagog kadrlar toʻgʻridan-toʻgʻri onlayn test sinovlarini topshirishga tavsiya etiladi. Onlayn test sinovlarini muvaffaqiyatli topshirgan rahbar va pedagog kadrlarga bitiruv (loyiha) ishini himoya qilishga ruxsat beriladi. Onlayn test sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtmagan rahbar va pedagog kadrlar rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazlarida taʼlim dasturlari asosida bevosita oʻqishga tavsiya etiladi.

13. Nazorat turlari boʻyicha sinovlardan belgilangan oʻtish balini toʻplay olmagan pedagog kadrlar belgilangan tartibda takroriy kurslardan oʻtadi.

14. Muqobil malaka oshirish shakllaridan ixtiyoriy birini amalga oshirgan rahbar va pedagog kadrlarga toʻgʻridan-toʻgʻri malaka attestati Attestatsiya komissiyasining qarori asosida taqdim etiladi.

4-bob. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan oʻtish tartibi

15. Davlat oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlari, idoraviy mansubligidan qatʼiy nazar, uch yilda kamida bir marta doimiy asosda qayta tayyorlash va malaka oshirishning tegishli yoʻnalishlari boʻyicha qayta tayyorlanishi va malakasini oshirishi shart.

Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari tegishli yoʻnalishlar boʻyicha malaka talablari, oʻquv rejalari va dasturlarini hisobga olgan holda tinglovchilarni sifatli oʻqitish uchun moddiy-texnika bazasi, pedagoglar tarkibi mavjud boʻlganda kurslar faoliyatini va resurs taʼminotini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti va budjetdan tashqari moliyalashtirish asosida tashkil etiladi.

Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari tinglovchilari (takroriy oʻqitishdan tashqari) bepul asosda oʻqitiladi.

16. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida oʻqish tizimida oliy taʼlim muassasalari boʻlgan vazirliklar va idoralar bilan kelishgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan tasdiqlangan qayta tayyorlash va malaka oshirish kursi oʻquv rejasining namunaviy tuzilmasi asosida ishlab chiqilgan 288 soat hajmdagi oʻquv dasturlari boʻyicha amalga oshiriladi.

Bunda, oʻquv dasturining 144 soat hajmi ishdan ajralmagan holda mustaqil malaka oshirish usullari asosida, 144 soati toʻgʻridan-toʻgʻri (bevosita) malaka oshirish shaklida ishdan ajragan holda amalga oshiriladi.

Malaka oshirishning bevosita shaklida bir haftadagi oʻquv yuklamasining eng yuqori hajmi 36 soatni tashkil etadi.

17. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari tinglovchilari oʻqishni tugatgandan keyin tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan komissiyada attestatsiyadan oʻtadilar. Attestatsiya komissiyasi tegishli sohalardagi yetakchi olimlar va mutaxassislar, ilmiy kengash aʼzolari, oʻquv-uslubiy ishlar sohasidagi tajribali mutaxassislardan kamida 7 kishidan iborat boʻlgan oliy taʼlim muassasasi rektori yoki fan doktori ilmiy unvoni berish boʻyicha ilmiy kengash raisi boshchiligida shakllantiriladi.

18. Attestatsiyadan muvaffaqiyatli oʻtgan qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari tinglovchilariga qatʼiy hisobda turadigan davlat namunasidagi hujjat hisoblanadigan malaka attestati beriladi.

19. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida oʻqish yakunlari boʻyicha attestatsiyadan muvaffaqiyatli oʻtgan oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlari tegishli yoʻnalishlar boʻyicha boʻsh turgan rahbar va pedagog lavozimini tanlov boʻyicha egallashda imtiyozli huquqqa ega boʻladi.

20. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida oʻqish yakunlari boʻyicha attestatsiyadan oʻtmagan oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlari bir yil mobaynida pulli asosda oʻqishning tegishli yoki turdosh yoʻnalishi (mutaxassisligi) boʻyicha keyingi qayta tayyorlash va malaka oshirish kursi yakunida attestatsiyadan oʻtishi shart.

Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarini takroran oʻzlashtirishi asosiy ishdan ajralmagan holda kurslarning oʻquv dasturlarini mustaqil ravishda masofadan oʻqitish usullari orqali oʻzlashtirish asosida amalga oshiriladi.

Mustaqil ravishda masofadan oʻqitish usullari orqali qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarining oʻquv dasturlarini toʻliq oʻzlashtirib kelgan tinglovchilar yakuniy attestatsiyaga kiritiladi. Yakuniy attestatsiya tegishli yoʻnalishlar boʻyicha tayanch oliy taʼlim muassasalari huzuridagi attestatsiya komissiyalari tomonidan amalga oshiriladi.

21. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida uzrsiz sabablarga koʻra dars qoldirgani uchun tinglovchilar safidan chiqarilgan oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlari pulli asosda, mazkur Nizomning 16-bandi talablariga muvofiq qayta tayyorlash va malaka oshirish kursidan takroran oʻtishi hamda oʻqishning tegishli yoʻnalishi (mutaxassisligi) boʻyicha keyingi qayta tayyorlash va malaka oshirish kursida attestatsiyadan oʻtishi shart.

Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida uzrli sabablar bilan dars qoldirgan tinglovchiga oʻqishning tegishli yoʻnalishi (mutaxassisligi) boʻyicha keyingi kurslarda qayta tayyorlash va malaka oshirishdan oʻtishiga ruxsat beriladi.

Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan takroran oʻtish 288 soat hajmida tashkil etilib, uning 144 soati mustaqil malaka oshirish shaklida, 144 soati masofadan oʻqitish shaklida amalga oshiriladi.

22. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida oʻqish yakunlari boʻyicha attestatsiyadan takroran oʻtmagan yoki asosiy ish joyi boʻyicha belgilangan muddatda qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan takroran oʻtmagan taqdirda, ushbu xodimlar bilan tuzilgan mehnat shartnomasining amal qilish muddatidan hamda boʻsh turgan pedagog lavozimini egallash tanlovi davrining tugagan muddatidan qatʼiy nazar, mehnat shartnomasi belgilangan tartibda ikki oy mobaynida bekor qilinadi. Ular oʻz pedagogik faoliyatini boshqa taʼlim muassasalarida (oliy taʼlim muassasalaridan tashqari) davom ettirishi yoxud boshqa tashkilotlarda ishlashi hamda oʻzining kasbiy malakasini mustaqil ravishda oshirishi mumkin.

Bunda oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlariga qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan oʻtishga hamda ular bilan asosiy ish joyi boʻyicha mehnat shartnomasi bekor qilingan kundan bir yil oʻtgandan keyin pulli asosda attestatsiyadan oʻtishga ruxsat beriladi. Buning uchun ular tegishli qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasiga kurslardan va attestatsiyadan oʻtish toʻgʻrisida ariza bilan murojaat qiladilar.

Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan, shuningdek attestatsiyadan muvaffaqiyatli oʻtgan pedagog kadrlar oliy taʼlim muassasalaridagi boʻsh turgan pedagog lavozimlarini egallash uchun tanlovda belgilangan tartibda ishtirok etish huquqiga ega.

23. Oliy taʼlim muassasalarining rahbar kadrlari attestatsiyadan takroran oʻtmagan taqdirda, muayyan rahbarlik lavozimiga tayinlashga vakolatli boshqaruv organi (yoki oliy taʼlim muassasasi rahbari) bundan keyin ushbu shaxslarning rahbarlik lavozimini egallab turishi toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

24. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarining oʻquv jarayonlarini monitoring qilish, shuningdek tinglovchilarning kasbiy faoliyati natijalarini qayd etib borish Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Oliy taʼlim tizimi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutining (keyingi oʻrinlarda — Institut) yagona elektron tizimi orqali amalga oshiriladi.

25. Har yili 15-noyabrga qadar tizimida oliy taʼlim muassasalari mavjud vazirliklar va idoralar buyurtmanomalari asosida hamda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan belgilangan qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan oʻtish davriyligiga muvofiq keyingi kalendar yil uchun oylar va oʻqish yoʻnalishlari boʻyicha qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari tinglovchilarining kontingenti shakllantiriladi.

Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan oʻtish reja-jadvali har yili 1-dekabrga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan tasdiqlanadi hamda oliy taʼlim muassasalariga yetkaziladi.

Tasdiqlangan reja-jadvalga muvofiq oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlari oʻqish yoʻnalishi va egallab turgan lavozimiga bogʻliq holda tayanch oliy taʼlim muassasalari, Institut va boshqa taʼlim muassasalaridagi doimiy ishlaydigan qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslariga yuboriladi.

26. Kurslarga tinglovchilarni qabul qilish tasdiqlangan reja-jadval va joʻnatuvchi tomonlarning buyrugʻi asosida tegishli qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi rahbarining buyrugʻi bilan amalga oshiriladi. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslariga tinglovchilarni qabul qilish toʻgʻrisidagi buyruq kurslar boshlanishi sanasidan boshlab 3 kun mobaynida rasmiylashtiriladi.

27. Ishdan ajralmagan holda masofadan oʻqitish usullari asosida tashkil etilgan qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida oʻqish jarayoni boshlangandan keyin uch kun mobaynida belgilangan topshiriqlarni bajarmagan yoki kurslarning toʻgʻridan-toʻgʻri (bevosita) malaka oshirish shaklida ishdan ajragan holda amalga oshiriladigan davrida oʻqish boshlangandan keyin uch kun mobaynida tegishli qayta tayyorlash va malaka oshirish markazlariga yetib kelmagan tinglovchilar, yetib kelmaslikning sabablaridan qatʼiy nazar kurslarga qoʻyilmaydi.

Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslariga uzrsiz sabablar boʻyicha ishtirok etmagan taqdirda tinglovchilar attestatsiyadan oʻtmagan deb hisoblanadi hamda ularga ushbu Nizomning 21-bandi talablari tatbiq etiladi.

Qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasalari rahbarlari tinglovchilarning qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslariga oʻz vaqtida ishtirok etmaganligining barcha holatlari toʻgʻrisida tegishli choralar koʻrish uchun joʻnatuvchi tomonga va Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga xabar beradi.

28. Tinglovchilarning kasalligi tasdiqlangan taqdirda ularning qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan hamda attestatsiyadan oʻtish muddatlari Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan holda tasdiqlangan reja-jadvalga muvofiq boshqa muddatga koʻchiriladi.

29. Oʻqish tugallanadigan yilda oliy taʼlim muassasalariga pedagog lavozimlariga qabul qilingan magistratura bitiruvchilari pedagogik faoliyatning uchinchi yilida qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan oʻtadilar.

30. Reja-jadvalga kiritilgan va qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida oʻqishdan oʻtadigan tinglovchilar uchun oʻqishning toʻgʻridan-toʻgʻri (bevosita) malaka oshirish davrida ularning asosiy ish joyi boʻyicha egallagan lavozimi va oʻrtacha ish haqi saqlanadi, ularning oʻquv yuklamasi esa oliy taʼlim muassasasi kafedralarining boshqa aʼzolari oʻrtasida taqsimlanadi.

5-bob. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarining oʻquv jarayonini tashkil etish

31. Uzluksiz malaka oshirish tizimi rahbar va pedagoglarga kasbiy faoliyat jarayonida erishilgan koʻrsatkichlar asosida qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasalarida bevosita kasbiy rivojlanishni tashkil etishning maqbul va zarur yoʻllarini tanlash, kasbiy bilim va koʻnikmalarni doimiy yangilash imkoniyatini beradi.

32. Tinglovchilarning oʻquv jarayonini tashkil etish tegishli yoʻnalishlar boʻyicha tasdiqlangan malaka talablari, oʻquv rejalari va dasturlar, mashgʻulotlar jadvali bilan tartibga solinadi. Oʻquv rejalari va dasturlar fan, texnika, texnologiyalar va ishlab chiqarishni rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlari asosida har yili takomillashtiriladi.

33. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida oʻquv mashgʻulotlarining quyidagi asosiy turlari qoʻllaniladi: maʼruza (onlayn maʼruza); interaktiv seminarlar; amaliy mashgʻulot; koʻchma mashgʻulot; tajriba almashish; mustaqil oʻqish, shu jumladan masofadan oʻqitish usullari; pedagogik (malakaviy) amaliyot; bitiruv (loyiha) ishini himoya qilish.

Tegishli axborot-metodik va tashkiliy-texnik baza mavjud boʻlgan taqdirda qayta tayyorlash va malaka oshirish oʻquv kurslari masofadan oʻqitish usullari qoʻllanilgan holda tashkil etiladi.

Masofadan oʻqitish usullari asosidagi kurslarda oʻquv mashgʻulotlari onlayn va offlayn shakllarida oʻtkaziladi.

34. Auditoriyada oʻtkaziladigan barcha mashgʻulotlar turlari 80 daqiqa davom etadi, oʻquv mashgʻulotlari oraligʻidagi tanaffus kamida 10 daqiqani tashkil etadi.

35. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridagi oʻquv jarayoni oliy taʼlim muassasalaridan taqdim etilgan yillik buyurtmanomalar boʻyicha guruhlarning toʻldirilishiga bogʻliq holda tinglovchilar soni 15 nafardan kam boʻlmagan akademik guruhlarda tashkil etiladi.

Istisno tariqasida:

tinglovchilar kontingenti yetarli boʻlmagan yoʻnalishlarda, jumladan rus yoki qoraqalpoq tilida dars olib boriladigan guruhlarda, tinglovchilar kontingenti bir guruh meʼyorida yigʻilmaydigan kam sonli alohida taʼlim yoʻnalishlarida oʻquv jarayonini tashkillashtirishda bir guruhdagi tinglovchilar soni kamida 5 nafar etib belgilanishi mumkin;

yil davomida 5 nafargacha pedagog kadrlar yigʻilmaydigan alohida taʼlim yoʻnalishlarida malaka oshirish guruhi mavjud holatdan kelib chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishgan holda qayta tayyorlash va malaka oshirish boʻyicha tayanch oliy taʼlim muassasasining buyrugʻi bilan tinglovchilar soni 5 nafardan kam guruh shakllantirilishi yoki ular uchun malaka oshirish masofadan oʻqitish usullari orqali amalga oshirilishi mumkin;

oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlari tarkibidagi uch yoshga toʻlmagan yosh bolasi boʻlgan ayollar, pensiya yoshidagilar hamda nogironligi boʻlgan shaxslar oliy taʼlim muassasasi Kengashining tavsiyasiga koʻra, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishgan holda, masofadan oʻqitish shakllari orqali amalga oshiriladigan malaka oshirish kurslarining reja-jadvaliga kiritiladi.

36. Rahbar va pedagog kadrlarning pedagogik (malakaviy) amaliyoti oliy taʼlim muassasalarining ixtisoslashtirilgan kafedralari, iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy soha tashkilotlari bazasida tashkil etiladi.

37. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari tinglovchilarining oʻzlashtirishi reyting baholash tizimi asosida nazorat qilinadi. Reyting ballini jamlashda:

rahbar va pedagog kadrlarning oxirgi 3 yillik kasbiy, oʻquv-metodik va ilmiy-metodik faoliyati natijalari (elektron portfolioda qayd etilgan koʻrsatkichlari asosida);

kursni tamomlagandan keyingi onlayn test sinovlari natijalari;

bitiruv (loyiha) ishini himoya qilish natijalari hisobga olinadi.

Masofadan oʻqitish usullari asosidagi kurslarda tinglovchilarning oʻzlashtirish koʻrsatkichlari onlayn shaklda qayd etib boriladi va kurslarni toʻliq oʻzlashtirgan tinglovchilarga bevosita qayta tayyorlash va malaka oshirish muassasalarida oʻtkaziladigan onlayn test sinovlari hamda bitiruv (loyiha) ishi himoyasida onlayn ishtirok etishga ruxsat beriladi.

Elektron portfolio koʻrsatkichlari va onlayn test sinovlari natijalari asosida tinglovchilarga bitiruv (loyiha) ishini himoya qilishga ruxsat beriladi.

38. Toʻgʻridan-toʻgʻri (bevosita) malaka oshirish davrida uzrsiz sabablar bilan 18 soat va undan koʻp miqdorda mashgʻulotlarga qatnashmaganligi uchun kurslarning tinglovchilari qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi rahbarining buyrugʻi bilan tinglovchilar safidan chiqariladi va bu haqdagi axborot Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligiga, shuningdek tinglovchining asosiy ish joyiga yuboriladi.

Mashgʻulotlarda qatnashmaganligi uchun kurslardan chetlashtirilgan tinglovchilar attestatsiyadan oʻtmagan deb hisoblanadi hamda ushbu Nizomning 21-bandi tegishli talablari ularga nisbatan tatbiq etiladi.

Hujjat bilan tasdiqlangan uzrli sabablarga koʻra 18 soat va undan koʻp hajmda mashgʻulotlarda qatnashmagan tinglovchilar safdan chiqariladi va ularga navbatdagi kurslarda ishtirok etishlariga ruxsat beriladi.

39. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida dars beradigan pedagoglar tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan belgilanadigan tartibda Institutda muntazam ravishda qisqa muddatli malaka oshirish kurslaridan oʻtadilar.

40. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida mashgʻulotlar oʻtkazish uchun oliy taʼlim muassasasining yetakchi pedagog kadrlari, doktorlik dissertatsiyalarini himoya qilish boʻyicha ilmiy kengash aʼzolari, shuningdek shartnoma asosida mamlakatning boshqa oliy taʼlim muassasalarining yuqori malakali pedagog kadrlari, xorijiy mutaxassislar, oʻquv-metodik xodimlari va amaliyotchi mutaxassislar jalb etiladi.

41. Attestatsiya komissiyalarining raislari qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida muntazam ravishda fan va texnikani rivojlantirishning tegishli yoʻnalishlari boʻyicha muammoviy maʼruzalar olib boradilar.

42. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida mehnatga soatbay haq toʻlash shartlari bilan tinglovchilarni oʻqitadigan pedagoglar tarkibining oʻquv yuklamasi hajmi oʻquv yili mobaynida belgilangan normativlar boʻyicha ular amalda bajaradigan oʻquv ishlaridan kelib chiqqan holda belgilanadi.

6-bob. Uzluksiz malaka oshirish jarayonlarida rahbar va pedagog kadrlarni attestatsiyadan oʻtkazish

43. Attestatsiya komissiyasi oʻz qarorini rahbar va pedagog kadrlarning uzluksiz malaka oshirish tizimi boʻyicha elektron monitoring koʻrsatkichlari, shuningdek qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarining natijalari asosida chiqaradi.

44. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari tinglovchilari quyidagi natijalar boʻyicha attestatsiyadan oʻtkaziladi:

onlayn-test sinovlari natijalari;

pedagogik (malakaviy) amaliyot natijalari;

kasbiy faoliyat, shu jumladan elektron portfolio boʻyicha koʻrsatkichlar.

45. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari tinglovchilarining bitiruv (loyiha) ishini himoya qilish attestatsiya komissiyasida amalga oshiriladi.

46. Attestatsiya komissiyasining qarori qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi rahbarining oʻqitish kurslarini muvaffaqiyatli yakunlagan tinglovchilarga belgilangan namunadagi malaka attestati berish toʻgʻrisidagi buyrugʻini rasmiylashtirish uchun asos hisoblanadi.

47. Qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasalarining attestatsiya komissiyalari aʼzolari mehnatiga haq toʻlash attestatsiya komissiyasi tarkibida ishlarni bajarishning belgilangan normativlaridan kelib chiqqan holda mehnatga soatbay haq toʻlash shartlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlarini attestatsiyadan oʻtkazishning yuqori sifat darajasini taʼminlash maqsadida attestatsiya komissiyalarining raislariga, ularga ilgari belgilangan boshqa qoʻshimcha haq va ustamalardan qatʼiy nazar, asosiy ish joyi boʻyicha mehnatga haq toʻlash fondi doirasida lavozim maoshining (tarif setkasining) 30 foizi miqdorida ustama belgilanadi.

7-bob. Uzluksiz malaka oshirish jarayonlari tashkilotchilarining vazifalari

48. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi:

zamonaviy talablarga muvofiq oʻz kasbiy darajasining doimiy oʻsishida oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining manfaatdorligini oshirishni hisobga olgan holda qayta tayyorlash va malaka oshirish tizimini yanada takomillashtirish boʻyicha qoidalarni amalga oshirishni tashkil etadi va nazoratini taʼminlaydi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasalari faoliyatini muvofiqlashtiradi, ularning oʻquv-metodik va moddiy-texnika bazasini yanada takomillashtirish choralarini koʻradi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish yoʻnalishlari boʻyicha oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni xorijiy tajribalar asosida doimiy takomillashtirish ishlarini tashkil etadi;

oliy taʼlim muassasalarining ixtisoslashtirilgan kafedralarini tegishli yoʻnalishlar boʻyicha qayta tayyorlash va malaka oshirish muassasalariga biriktiradi;

har yili attestatsiya komissiyalarining hisobotlarini eshitgan va zarur boʻlganda, ular tarkibiga oʻzgartirishlar kiritgan holda qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarining attestatsiya komissiyalari tarkibini shakllantiradi va tasdiqlaydi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida taʼlim jarayonini takomillashtirish mexanizmlari va uslublarini belgilaydi, tegishli normativ-huquqiy hujjatlarni (masofadan oʻqitish taʼlim usullarini tashkil etish va oʻtkazish, tinglovchilarining bitiruv (loyiha) ishini tayyorlash va himoyaga taqdim etish, pedagogik (malakaviy) amaliyotni tashkil etish va oʻtkazish tartiblarini, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan birgalikda qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasalari pedagog kadrlarining mehnatiga haq toʻlash meʼyorlarini) tasdiqlaydi hamda qayta tayyorlash va malaka oshirish yoʻnalishlarining oliy taʼlim yoʻnalishlari va mutaxassisliklar klassifikatori bilan mutanosibligini taʼminlaydi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan, shuningdek masofadan oʻqitish usullari orqali kurslardan oʻtishi kerak boʻlgan tinglovchilarning prognoz qilinayotgan kontingentini belgilaydi;

oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining talab qilinadigan malakasini taʼminlash boʻyicha maqsadli topshiriqlarni tasdiqlaydi.

49. Institut:

taʼlim dasturlarining uzluksizligi va ketma-ketligini hisobga olgan holda oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlarini oʻqitish boʻyicha oʻquv rejalari va dasturlarini ishlab chiqadi;

umumeʼtirof etilgan xalqaro taʼlim standartlari va talablari, oʻqitishning zamonaviy shakllari, ilgʻor pedagogik, axborot-kommunikatsiya va innovatsiya texnologiyalari asosida oʻqitishning modul tizimini qoʻllagan holda oliy taʼlim muassasalari rahbar kadrlarining oʻquv jarayonini tashkil etadi;

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining tegishli boshqarmalari va boʻlimlarida, tayanch oliy taʼlim muassasalarida, davlat boshqaruv organlarida bitiruv (loyiha) ishlari tavsiyalarini amaliyotda tatbiq etilishini taʼminlaydi;

tasdiqlangan reja-jadvalga asosan ishdan ajragan, shu jumladan masofaviy oʻqitish uslublarini qoʻllagan holda oliy taʼlim muassasalarining rahbar kadrlarini qayta tayyorlaydi va ularning malakasini oshiradi;

tayanch oliy taʼlim muassasalari tomonidan tegishli yoʻnalishlarning oʻquv dasturiga mos holda ishlab chiqilgan oʻquv-metodik resurslar asosida masofadan oʻqitishning onlayn va offlayn shakllarida qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarini tashkil etadi;

oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlarini tayyorlash boʻyicha xorijiy tajribani va taʼlim muassasalarining eʼtirof etilgan yutuqlarini tahlil qiladi va umumlashtiradi;

oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malakasini oshirish jarayonlarini, shuningdek qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari oʻquv jarayonining doimiy elektron monitoringini tashkil etadi;

uzluksiz malaka oshirish jarayonlarining elektron monitoring koʻrsatkichlari asosida qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasalarining istiqbol kontingentini shakllantiradi;

rahbar va pedagog kadrlarning uzluksiz malakasini oshirish tizimidagi oʻzlashtirish darajalariga mos ravishda qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan oʻtishini nazorat qiladi va monitoringini olib boradi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarining oʻquv jarayoni hamda rahbar va pedagog kadrlar kasbiy faoliyatining yagona elektron tizimlari monitoringining axborot resurslarini roʻyxatdan oʻtkazish va shakllantirishda oliy taʼlim muassasalari, qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasalari oʻrtasidagi oʻzaro elektron aloqani taʼminlaydi;

barcha qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari tinglovchilarining onlayn-test, shu jumladan axborot-kommunikatsiya texnologiyalari va xorijiy tillar boʻyicha sinovlarini tashkil etadi, shuningdek rahbar va pedagog kadrlarning elektron portfoliosida tegishli natijalarning roʻyxatdan oʻtkazilishini muvofiqlashtiradi;

kurslar tugallangandan keyin qayta tayyorlash va malaka oshirishning tegishli yoʻnalishlari boʻyicha onlayn-test sinovlarining natijalarini elektron tizimda roʻyxatdan oʻtkazgan, keyinchalik kurslarni tugallashdan oldin attestatsiya komissiyalariga test sinovlari natijalarini taqdim etgan holda tashkil etadi;

joylarda rahbar va pedagog kadrlar tomonidan yagona elektron monitoring tizimiga kiritilgan maʼlumotlarning ishonchliligini oʻrganishni tashkil etadi.

50. Qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasalari:

qayta tayyorlash va malaka oshirishning tegishli yoʻnalishlari boʻyicha doimiy faoliyat koʻrsatadigan qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarini tashkil etadi;

kurslar doirasida sifat jihatidan yuqori tashkiliy va kasbiy darajada mashgʻulotlar oʻtkazish uchun zarur oʻquv, uslubiy va moddiy-texnika bazasini tashkil etadi;

masofadan oʻqitish usullari asosida oliy taʼlim pedagog kadrlari uchun tashkil etiladigan qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarining tegishli oʻquv-metodik resurslarini ishlab chiqadi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida mashgʻulotlar oʻtkazish uchun oliy taʼlim muassasalarining yetakchi pedagog kadrlarini va doktorlik dissertatsiyalarini himoya qilish boʻyicha ilmiy kengash aʼzolarini, shuningdek shartnoma asosida mamlakatning boshqa oliy taʼlim muassasalarining yuqori malakali pedagog kadrlarini va xorijiy mutaxassislarni, oʻquv-uslubiy xodimlar va amaliyotchi mutaxassislarni keng jalb etishni taʼminlaydi;

qayta tayyorlash yoʻnalishlari boʻyicha zarur axborot-maʼlumotlar bazasini shakllantiradi, qayta tayyorlash jarayoniga zamonaviy innovatsion pedagogik, multimedia va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini ishlab chiqishni va ularni joriy etishni tashkil etadi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida oʻqiyotganlar uchun pedagogik amaliyot hamda ular tomonidan ochiq leksiyalar va amaliy mashgʻulotlar oʻtkazishni, keyinchalik muhokama qilgan va tanqidiy tahlil qilgan holda, tashkil etadi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish davrida kurslarning boshqa joylardan kelgan tinglovchilariga oliy taʼlim muassasalari yotoqxonalaridan yashash joylari berish choralarini koʻradi;

maʼlumotlarning xolisonaligini taʼminlagan holda Institut yagona elektron tizimining tegishli axborot resurslarini shakllantirish boʻyicha tizimli ishlarni tashkil etadi.

51. Oliy taʼlim muassasalari:

har oʻquv yilida mustaqil ravishda malaka oshirish shakllari boʻyicha faoliyat olib borayotgan rahbar va pedagog kadrlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Institutning elektron portfolio tizimiga kiritilishini taʼminlaydi hamda mustaqil malaka oshirish natijalariga koʻra rahbar va pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarida oʻqish shakllarining prognoz koʻrsatkichlarini belgilaydi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasalarida rahbar va pedagog kadrlarni tayyorlashning talab qilinadigan sifatini taʼminlash boʻyicha maqsadli vazifalarni tasdiqlaydi;

pedagog kadrlarning qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan oʻtish davrida ularning oʻquv yuklamalarini oldindan qayta taqsimlashni taʼminlaydi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarining tasdiqlangan jadvali asosida oʻz rahbar va pedagog kadrlarining tegishli kurslarga belgilangan muddatlarda oʻz vaqtida kelishlarini taʼminlaydi;

oliy taʼlim muassasalarining kengashlari majlislarida qayta tayyorlash va malaka oshirish natijalarini muhokama qilish boʻyicha tizimli ishlarni tashkil etadi;

kurslarni muvaffaqiyatli tamomlagan oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining ilgʻor tajribasini, yangi bilimlari va koʻnikmalarini ommalashtirishni tashkil qiladi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslaridan oʻtgan shaxslarning kasbiy faoliyati boʻyicha doimiy monitoringni tashkil etadi;

har oʻquv yilida Institutning yagona elektron tizimiga oliy taʼlim muassasalari uchun maxsus ajratilgan sahifaga rahbar va pedagoglar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar kiritilishini taʼminlaydi, shuningdek tegishli oʻqituvchilar maʼlumotlarining toʻgʻri kiritilganligi yuzasidan monitoring olib boradi;

elektron portfolio tizimi koʻrsatkichlari boʻyicha rahbar va pedagog kadrlarning faoliyatini tizimli tahlil etib boradi va oʻquv yili yakunlari boʻyicha ularning reytingini aniqlashda tegishli koʻrsatkichlarini inobatga oladi;

rahbar va pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish natijalarining ichki monitoringini olib boradi, yuqori koʻrsatkichlarga erishgan oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlarini moddiy ragʻbatlantirish mexanizmlarini ishlab chiqadi va amalga oshiradi, shuningdek pedagog lavozimlarini egallash yuzasidan tanlovlar oʻtkazish jarayonida ularni asosiy mezonlar sifatida hisobga oladi.

52. Oliy taʼlim muassasasi rahbar va pedagog kadrlari:

shaxsiy ish rejasida oʻquv yili uchun uzluksiz malaka oshirish shakllari boʻyicha faoliyatini rejalashtiradi;

kasbiy faoliyat natijalarini elektron portfolio tizimiga joylashtiradi.

Bunda, rahbar va pedagog kadrlar kasbiy faoliyat natijalarining tasdiqlovchi hujjatlarini elektron portfolio tizimiga quyidagi tartibda kiritib boradilar:

ochiq oʻquv mashgʻulotlari va mahorat darslarini tashkil etganligi toʻgʻrisida taʼlim muassasasi kafedrasi yoki ilmiy-metodik kengashi yigʻilishidagi muhokamasining oʻquv ishlari boʻyicha prorektor tomonidan tasdiqlangan nusxasi;

dars berayotgan fanlari boʻyicha talabalarning respublika va xalqaro miqyosidagi fan olimpiadalari, sport musobaqalari, sanʼat sohasidagi koʻrik tanlovlar va koʻrgazmalardagi ishtirokini tasdiqlovchi hujjatning nusxasi (buyruqdan koʻchirma, diplom, faxriy yorliq);

ilmiy konferensiyalar toʻplamida nashr qilingan ishlarning tasdiqlangan nusxasi;

ilmiy jurnallarda nashr qilingan ishlarning tasdiqlangan nusxasi;

koʻrik tanlovlar va koʻrgazmalardagi ishtirokini tasdiqlovchi hujjatning nusxasi (buyruqdan koʻchirma, diplom, faxriy yorliq);

ilmiy loyihalarda ishtirok etishni qayd etishda loyihaning nomi va qayd raqami, loyihani amalga oshirishdagi roli (rahbar yoki ijrochi), amalga oshirilish muddatlari haqidagi maʼlumotlarning ilmiy ishlar va innovatsion faoliyat boʻyicha prorektor tomonidan tasdiqlangan nusxasi;

impakt-faktorli nashrlarda chop etilgan ishlarning tasdiqlangan nusxasi, ixtiro, ratsionalizatorlik takliflari, innovatsion ishlanmalar, mualliflik ijodiy ishlarini tasdiqlovchi hujjatlar nusxasi;

olib borayotgan ilmiy, ijodiy izlanishlari asosida monografiya, ijodiy ishlar katalogining chop etilganligini tasdiqlovchi Oliy taʼlim muassasasining Kengashi bayonnomasidan koʻchirma va monografiya, katalog muqovasining nusxasi;

Oʻzbekiston Fanlar Akademiyasi akademigi, Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi akademigi unvoni nusxasi;

xorijiy mamlakatlarda malaka oshirish yoki stajirovka oʻtaganligini tasdiqlovchi hujjat nusxasi;

doktorlik dissertatsiyasining (PhD, DSc) himoya qilinganligini qayd etish uchun Oliy attestatsiya komissiyasi tomonidan berilgan diplomning nusxasi;

ilmiy rahbarligida falsafa doktori (PhD) yoki fan doktorligi (DSc) dissertatsiyasining himoya qilganligini tasdiqlovchi hujjat;

darslik yoki oʻquv qoʻllanma uchun berilgan guvohnomaning nusxasi.

53. Elektron portfolio tizimiga kiritilgan barcha maʼlumotlarning haqqoniyligiga rahbar va pedagog kadrlar shaxsan masʼul hisoblanadilar.

Elektron portfolio tizimidagi koʻrsatkichlarning haqqoniy emasligi tasdiqlanganda tegishli rahbar va pedagog kadrlarning elektron portfolio natijalari bekor qilinadi.

8-bob. Yakunlovchi qoidalar

54. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

55. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malakasini oshirish jarayonlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida nizomga 1-ILOVA

Oliy taʼlim muassasalari pedagog kadrlarining uzluksiz malaka oshirish tizimi

Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malakasini oshirish jarayonlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida nizomga 2-ILOVA

Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malaka oshirish shakllarini

T/r Mustaqil malaka oshirish shakllari Faoliyatni baholash mezonlari Ball I. Mutaxassislik boʻyicha mustaqil malaka oshirish 100 1. Ochiq oʻquv mashgʻulotlari va mahorat darslarini tashkil etish. 4 Har oʻquv yilida kamida 2 ta sohaga oid “mahorat saboqlari” tashkil etish — 2 Har oʻquv yilida kamida 2 ta ochiq oʻquv mashgʻulotlari — 1 2. Iqtidorli va isteʼdodli talabalar bilan ishlash. 4 Talabalarining respublika va xalqaro miqyosdagi fan olimpiadalari, sport musobaqalari, sanʼat sohasidagi koʻrik tanlovlar va koʻrgazmalardagi sovrinli oʻrin uchun: xalqaro miqyosda — 4 respublika miqyosida — 2 3. Ilmiy konferensiyalarda maʼruza bilan qatnashish. 6 Xalqaro miqyosda — 2 Respublika miqyosida — 1 4. Ilmiy jurnallarda maqolalar chop etish. 8 Har bir ilmiy maqola uchun — 2 5. Koʻrgazma va tanlovlarda ishtirok etish. 8 Xalqaro miqyosda — 8 Respublika miqyosida — 4 6. Ilmiy loyihalarda ishtirok etish. 10 Xalqaro loyihalar — 8 Davlat ilmiy-texnik dasturlari doirasidagi loyihalar: loyiha rahbari sifatida — 8 loyiha ishtirokchisi sifatida — 4 Xoʻjalik shartnomasi asosida bajariladigan ishlar: rahbar sifatida — 4 ishtirokchi sifatida — 2 Davlat buyurtmasi asosida yaratilgan ijodiy ishlar: yakka muallif sifatida — 4 hammuallif sifatida — 2 7. Xalqaro (impakt-faktorli) nashrlarda maqolalar eʼlon qilish. 10 Xalqaro maʼlumotlar bazasiga kiritilgan yuqori reytingli ilmiy jurnallar yoki “impakt-faktor”ga ega boʻlgan ilmiy jurnallarda chop etilgan har bir maqola uchun — 5 8. Ixtiro (patent), ratsionalizatorlik takliflari, innovatsion ishlanmalarga mualliflik qilish. 10 Ixtiro (patent) — 10 Ratsionalizatorlik taklifi — 6 Innovatsion ishlanmalarga mualliflik — 4 9. Monografiya, mualliflik ijodiy ishlar katalogini tayyorlash va nashr qilish. 10 Yakka mualliflikda — 10 Hammualliflikda — 5 10. Oʻquv adabiyotlari (darslik, oʻquv qoʻllanma, metodik qoʻllanma) tayyorlash va nashr qilish. 10 Yakka mualliflikda: darslik — 10 oʻquv qoʻllanmasi — 7 Hammualliflikda: darslik — 7 oʻquv qoʻllanmasi — 5 Metodik qoʻllanma: yakka mualliflikda — 3 hammualliflikda — 1 11. Fan doktori (DSc) yoki falsafa doktori (PhD) darajasini olish uchun himoya qilingan dissertatsiyaga ilmiy rahbarlik qilish . 10 Oxirgi 3 yilda himoya qilingan dissertatsiyaga — 10 12. Oxirgi 3 yilda xorijiy mamlakatlarda toʻgʻridan-toʻgʻri shaklda malaka oshirish, stajirovka oʻtash 10 Oxirgi 3 yilda ikki haftadan — toʻrt haftagacha — 10 Oxirgi 3 yilda ikki haftagacha — 5 II. Muqobil malaka oshirish shakllari 13. Oʻzbekiston Fanlar akademiyasi, Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi akademigi ilmiy unvoniga ega boʻlish. 14. Oxirgi 3 yilda doktorlik (PhD, DSc) dissertatsiyasini himoya qilish. 15. Oxirgi 3 yilda xorijiy mamlakatlarda toʻgʻridan-toʻgʻri shaklda umumiy davomiyligi 4 hafta yoki 144 soatdan kam boʻlmagan malaka oshirish yoki stajirovka oʻtash.

Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarining uzluksiz malakasini oshirish jarayonlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida nizomga 3-ILOVA

Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslarini tashkil etish

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 23-sentabrdagi 797-son qaroriga 2-ILOVA

Oliy taʼlim muassasalari pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish mintaqaviy markazining

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 23-sentabrdagi 797-son qaroriga 2a-ILOVA

Oliy taʼlim muassasalari pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tarmoq markazining

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 23-sentabrdagi 797-son qaroriga 4-ILOVA

Oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish taʼlim muassasalarida samarali dars berayotgan professor-oʻqituvchilar, tajribali amaliyotchi mutaxassislarni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoida

1. Mazkur Nizom oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish taʼlim muassasalarida samarali dars berayotgan professor-oʻqituvchilar, tajribali amaliyotchi mutaxassislarni (keyingi oʻrinlarda markaz pedagoglari deb ataladi) ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi.

2-bob. Qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi pedagoglarining oʻquv yili davomidagi faoliyati tahlili

2. Qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi pedagoglarining oʻquv yili davomidagi faoliyati tahlili quyidagi asosiy yoʻnalishlarda amalga oshiriladi:

oʻquv-metodik faoliyat;

ilmiy-tadqiqot faoliyati.

3. Qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi pedagoglari faoliyatini baholash uchun 5 — 7 kishidan iborat maxsus Ishchi guruh har yili 15-yanvarga qadar shakllantiriladi. Ishchi guruh tarkibi tegishli oliy taʼlim muassasasi rektori (Oliy taʼlim tizimi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti direktori) buyrugʻi bilan tasdiqlanadi va unga mazkur taʼlim muassasasi oʻquv ishlari boʻyicha prorektori, markaz direktori, taʼlim sifatini nazorat qilish boʻlimi xodimlari, kafedra mudirlari hamda tajribali pedagog xodimlari kiritiladi. Ishchi guruh faoliyati yil davomida amalga oshiriladi.

Ishchi guruhga oliy taʼlim muassasasi rektori (Oliy taʼlim tizimi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti direktori) rahbarlik qiladi.

Qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi pedagoglarining oʻquv yili davomidagi faoliyati Ishchi guruh tomonidan mazkur Nizomning ilovasida keltirilgan mezonlarga muvofiq koʻrib chiqiladi va baholanadi.

Ushbu Nizomning ilovasida keltirilgan mezonlarni aks ettiruvchi hujjatlar va materiallarni toʻplash majburiyati pedagog kadrlarning zimmasiga yuklatiladi.

Pedagog kadrlar tomonidan asoslovchi hujjatlar va materiallar Ishchi guruhga yil yakunlari boʻyicha taqdim etiladi.

4. Baholash natijalari asosida Qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi pedagoglariga toʻplagan reyting ballaridan kelib chiqqan holda ragʻbatlantirish foizlari belgilanadi va har yili 15-noyabrga qadar Ishchi guruh bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi.

Ishchi guruh bayonnomasi aʼzolarning kamida 2/3 qismi tomonidan qoʻllab-quvvatlanganidan soʻng tasdiqlanadi.

5. Ishchi guruhning bayonnomasi asosida har yili 25-noyabrga qadar Qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi pedagoglarini ragʻbatlantirish toʻgʻrisidagi Qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi direktorining buyrugʻi qabul qilinadi.

3-bob. Markaz pedagoglarini moddiy ragʻbatlantirish tartibi

6. Qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi pedagoglarining faoliyati tahlilidan kelib chiqib, ularni bazaviy lavozim maoshining 30 foizigacha oylik ustamalar belgilash asosida hamda mashgʻulotlar oʻtkazish uchun soatbay ish haqi toʻlash shartlari bilan jalb etiladigan malakali pedagog kadrlarga soatbay haq toʻlash miqdorining 20 foizigacha koʻpaytirilgan holda moddiy ragʻbatlantirish amalga oshiriladi.

Bunda, mehnatga soatbay haq toʻlash shartlarida oʻquv mashgʻulotlari olib boruvchi Qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi pedagoglarini moddiy ragʻbatlantirish Vazirlar Mahkamasining “Oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2015-yil 20-avgustdagi 242-son qaroriga muvofiq 25 foizga oshirilgan soatbay haq toʻlash miqdoridan kelib chiqqan holda hisoblanadi.

7. Pedagoglar mehnatining amaldagi natijasi va sifatini hisobga olgan holda ularni ragʻbatlantirishga tavsiya etish tabaqalashtirilgan holda quyidagicha amalga oshiriladi:

a) shtatdagi pedagoglar:

55 — 70 ball uchun — 10 foiz;

71 — 85 ball uchun — 20 foiz;

86 — 100 ball uchun — 30 foiz;

b) soatbay asosida dars beradigan pedagoglar:

55 — 70 ball uchun — 10 foiz;

71 — 85 ball uchun — 15 foiz;

86 — 100 ball uchun — 20 foiz.

8. Moddiy ragʻbatlantirish toʻlovi navbatdagi kalendar yilining boshidan (yanvar oyidan) bir yil davomida har oyda amalga oshiriladi.

9. Qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi pedagoglarini moddiy ragʻbatlantirish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi hamda ularga nisbatan qonunchilikda belgilangan boshqa ustamalarni belgilanishiga toʻsqinlik qilmaydi.

4-bob. Yakuniy qoidalar

10. Qayta tayyorlash va malaka oshirish taʼlim muassasasi pedagoglarining yil davomida mazkur Nizomning ilovasida keltirilgan baholash mezonlari boʻyicha toʻplagan umumiy bali 55 dan kam boʻlgan taqdirda ragʻbatlantirish kelgusi kalendar yil uchun bekor qilinadi.

11. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

12. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish markazlarida samarali dars berayotgan professor-oʻqituvchilar, tajribali amaliyotchi mutaxassislarni ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida nizomga ILOVA

Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish taʼlim muassasalarida dars berayotgan professor-oʻqituvchilar, amaliyotchi mutaxassislar faoliyatini

T/r Koʻrsatkichlar Ajratilgan maksimal ball I. Oʻquv-metodik faoliyat (65 ball) 1. Nazariy bilimlarni, amaliy koʻnikmalarni va oʻqitiladigan fanning zamonaviy tendensiyalarini egallaganlik darajasi (ochiq mashgʻulotlar natijalari boʻyicha) 7 ball 2. Oʻqitish sifati darajasi (markaz tomonidan tinglovchilar bilan oʻtkazilgan soʻrovnoma natijalari boʻyicha) 8 ball 3. Yil mobaynida qayta tayyorlash va malaka oshirish tizimi uchun nashr etilgan kamida bitta oʻquv qoʻllanmasining mavjudligi 10 ball (ball hammualliflar soniga teng boʻlinadi) 4. Oʻqitishda kompyuter va axborot texnologiyalaridan foydalanish darajasi, oʻquv kursini va oʻquv-taqdimot materiallarini ishlab chiqishi 5 ball 5. Oʻquv jarayonida zamonaviy taʼlim texnologiyalari va tinglovchilar bilimlarini baholashning ilgʻor usullari qoʻllanilishi darajasi 5 ball 6. Dars beradigan moduli boʻyicha oʻquv-uslubiy majmuani ishlab chiqqanligi yoki yangilaganligi 5 ball (ball hammualliflar soniga teng boʻlinadi) 7. Xorijiy tillardan (rus tili qamrab olinmaydi) birini yaxshi oʻzlashtirgan boʻlishi va buni tasdiqlovchi tegishli sertifikatlarning mavjudligi (IELTS (oʻrtacha 5,5 balldan kam boʻlmagan), TOEFL (RVT) (567 balldan kam boʻlmagan), TOEFL (iBT) (87 balldan kam boʻlmagan), V2 darajasidagi CEFR (Common European Framework of Reference), Test DaF (Test Deutsch als Fremdsprache fur auslandische Studienbewerber) yoki GOETNE-ZERTIFIKAT, DALF (Diplome approfondi de langue francaise) yohud Davlat test markazining malakaviy sertifikati) 10 ball 8. Xorijiy tillarda (rus tili qamrab olinmaydi) materiallarni ishlab chiqish va fanni oʻqitishda ulardan amalda foydalanish 5 ball 9. Soʻnggi uch yilda xorijiy taʼlim va ilmiy muassasalarida malaka oshirish yoki stajirovkadan oʻtganligi 10 ball II. Ilmiy-tadqiqot faoliyati (35 ball) 10. Ilmiy daraja va ilmiy unvon 5 ball 11. Yil mobaynida kamida ikkita ilmiy konferensiyalarda qayta tayyorlash va malaka oshirish tizimiga oid maʼruza bilan ishtirok etishi 4 ball 12. Yil mobaynida ilmiy nashrlarda qayta tayyorlash va malaka oshirish tizimiga oid kamida bitta maqola chop etishi: - respublika miqyosida - xalqaro miqyosda 5 ball 8 ball (ball hammualliflar soniga teng boʻlinadi) 13. Davlat ilmiy dasturlari yoki xalqaro ilmiy loyihalardagi ishtiroki (kamida bitta): - rahbarlik qilish - ishtirok etish 5 ball 3 ball 14. Patentlar, ixtirolar va elektron dasturlar uchun kamida bitta mualliflik guvohnomalarining mavjudligi 5 ball (ball hammualliflar soniga teng boʻlinadi) JAMI (maksimal ball — 100)

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 23-sentabrdagi 797-son qaroriga 5-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar va qoʻshimcha

1. Vazirlar Mahkamasining “Oliy taʼlim muassasalari pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2012-yil 26-sentabrdagi 278-son qarorida (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2012-y., 39-son, 453-modda):

a) 1-bandning uchinchi xatboshisidagi “16” raqami “17” raqami bilan almashtirilsin;

b) 1-ilovada :

“Pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tarmoq markazlari” boʻlimi “Qayta tayyorlash va malaka oshirish yoʻnalishlari” ustunining 4-pozitsiyasidan “zootexniya” va “veterinariya” soʻzlari chiqarib tashlansin;

quyidagi mazmundagi 17-pozitsiya qoʻshilsin:

“ 17. Samarqand veterinariya meditsinasi instituti huzuridagi pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tarmoq markazi Zooinjeneriya, Veterinariya meditsinasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi ”;

v) 4 va 5-ilovalar oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;

g) “Pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tarmoq markazlari” boʻlimi “Vazirliklar va idoralarga mansubligi” ustuni:

4 pozitsiyasidagi “Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi” soʻzi “Qishloq xoʻjaligi vazirligi” soʻziga almashtirilsin;

10-pozitsiyasidagi “Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi” soʻzi “Qurilish vazirligi” soʻziga almashtirilsin.

d) 2-ilovaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Oliy taʼlim muassasalari rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimining

2. Vazirlar Mahkamasining “Oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2015-yil 20-avgustdagi 242-son qarorida (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2015-y., 33-son, 442-modda):

a) 1-bandning ikkinchi xatboshisi chiqarib tashlansin;

b) 3-bandning ikkinchi xatboshisi chiqarib tashlansin;

v) 1-ilova oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

4. Vazirlar Mahkamasining “Oliy taʼlim muassasalarining rahbar va pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish kurslari toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida” 2017-yil 27-fevraldagi 103-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2017-y., 9-son, 129-modda) oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 23-sentabr,

797-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 24.09.2019-y., 09/19/797/3793-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 04.06.2021-y., 09/21/345/0522-son; 28.08.2021-y., 09/21/545/0832-son; 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 12.07.2024-y., 09/24/415/0501-son; 06.12.2024-y., 07/24/420/1009-son; 19.03.2025-y., 09/25/171/0258-son)

lex.uz