📅 2019-yil 24-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 24-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 24 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 24 сентября 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 24 September 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Бошоқли дон етиштиришда кластер тизимини босқичма-босқич жорий этиш орқали юқори ҳосилдорликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Кейинги йилларда мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлган қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг кластср усули йўлга қўйилди, кластерларга ажратилган қишлоқ хўжалиги майдонларининг ҳажми экин турлари бўйича пахта-тўқимачиликда 62 фоизни, чорвачиликда 8 фоизни, мева-сабзавотчиликда 7,5 фоизни ташкил этмоқда.
Шунингдек, замонавий ресурс тежайдиган технологияларнинг жорий этилиши қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари томонидан ер, сув ва моддий-техник ресурслардан самарали фойдаланиш, етиштирилган хом ашёни қайта ишлаган ҳолда тайёр маҳсулот кўринишида истеъмолчига етказиб бериш имконини бермоқда.
Натижада жорий йилда бошоқли дон етиштиришда гектаридан ўртача 60 центнердан ҳосил олиниб, ялпи ишлаб чиқариш ҳажми 7 млн тоннадан ортиқни ташкил этди ҳамда давлатга 3 млн 552 минг тонна дон топширилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 140 фоизга ошди.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашда самарали бозор механизмларининг мавжуд эмаслиги тармоқнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини бермаяпти.
Қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификация қилиш орқали бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил олиш, паррандачилик, чорвачилик ва балиқчилик тармоқларининг озуқага бўлган талабини қондириш, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш хамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг иқтисодий манфаатдорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг 2020 йил ҳосилидан бошлаб бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари билан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик хўжаликлари ва бошоқли дон маҳсулотларини қайта ишловчи ташкилотлар томонидан бошоқли донни етиштириш ёки шартнома асосида харид қилиш орқали ғаллачилик кластерларини (кейинги ўринларда ғаллачилик кластери деб аталади) босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Белгилансинки, ғаллачилик кластерини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш қуйидаги шартлар асосида амалга оширилади:
ғаллачилик кластери ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш)нинг замонавий инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда, бошоқли дон етиштириш ёки уни шартнома асосида сотиб олиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, ички ва ташқи бозорга етказиб беришни таъминлайди;
ғаллачилик кластери иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарур инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган, биринчи навбатда, салоҳиятли чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик хўжаликлари ва бошоқли дон маҳсулотларини қайта ишловчи ташкилотлар томонидан ташкил этилади;
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси талабларига мувофиқ ғаллачилик кластерига ер майдони юридик ва жисмоний шахсларга ажратилмаган қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан, захирадаги ерлардан, қайта тикланадиган ҳамда фойдаланишга киритиладиган ер майдонларидан белгиланган тартибда эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга ажратилади;
келгуси йил ҳосили учун ғаллачилик кластерини ташкил этиш бўйича таклифлар хар йили 1 сентябрга қадар шакллантирилади;
ғаллачилик кластерининг фаолиятини ташкил этиш учун алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши талаб этилмайди, хорижий инвесторлар иштирок этаётган ғаллачилик кластери бундан мустасно;
ғаллачилик кластерига ажратилган ер майдонларидан бир йил мобайнида фойдаланмаслик, тупроқ унумдорлигининг пасайишига, кимёвий ва радиоактив ифлосланишига олиб келувчи усуллардан фойдаланиш ҳамда мазкур қарорда назарда тутилган мажбуриятларни бажармаслик, ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор бўлишига олиб келади.
3. Ғаллачилик кластерини давлат томонидан кўллаб-қувватлашнинг шундай тартиби белгилансинки, унга мувофиқ:
ер майдонларини фойдаланишга киритган ғаллачилик кластерига Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон Фармонида ;
қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонлар, шунингдек, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилганларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сон қарорида ;
қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 4 апрелдаги ПҚ-4268-сон қарорида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади.
4. Белгилансинки:
а) ғаллачилик кластерига ер майдони Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари ва ташаббускорлар ўртасида ёзма равишда тузиладиган битим асосида Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда ажратилади;
б) хорижий инвесторлар иштирок этаётган ғаллачилик кластерига ер майдони Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан тузиладиган инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома имзолангандан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратилади.
Бунда ғаллачилик кластерини ташкил этувчи ташаббускор томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
ғаллачилик кластерини ташкил этиш бўйича ариза;
ғаллачилик кластери фаолиятини ташкил этишда фермер хўжаликларида бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш, ғаллани қуритиш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан бизнес режа ёки техник-иқтисодий асоснома;
ташаббускорнинг банкдаги пул маблағлари айланмаси тўғрисидаги хизмат кўрсатувчи банк маълумотномасидан кўчирма;
ғаллачилик кластерини фаолият юритиши учун зарур инфратузилма объектлари (шу жумладан ижара асосида), шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳақида маълумотнома.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари ғаллачилик кластерларини ташкил этишда иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарур инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган салоҳиятли юридик шахслар танланиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, 2020 йил ғалла ҳосилидан бошлаб:
а) ғаллачилик кластери ташаббускорнинг бевосита ўзига берилган ер майдонларида ташкил этилганда:
ғаллачилик кластери томонидан етиштириладиган бошоқли донни давлат хариди учун сотиш бўйича шартнома тузилмайди;
ҳосилдорликни ошириш чораларини кўради ҳамда ҳар бир гектар суғориладиган ер майдонидан камида 70 центнер ҳосилдорликка эришишни таъминлайди;
ўзи етиштирган буғдойнинг камида 50 фоизини қайта ишлаш, шу жумладан озуқа ем маҳсулотларини ишлаб чиқариш орқали қўшилган қийматни кўпайтиради;
дастлабки 3 йилда 30 фоиз, 5 йилда 50 фоиз бошоқли дон экиладиган майдонларда сувни тежайдиган технологияларни жорий этади;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг депозит маблағлари ҳисобидан ғаллачилик кластерларида бошоқли дон етиштириш харажатларини молиялаштириш учун маҳсулот қийматининг 70 фоизигача бўлган миқдорда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасида (шу жумладан 2 фоизи банк маржаси) 12 ойгача бўлган муддатга кредитлар ажратилади, хорижий инвесторлар иштирок этаётган ғаллачилик кластери бундан мустасно;
ғаллачилик кластерига ажратилган кредитлар бўйича асосий қарзни қайтариш ва уларга ҳисобланган фоизларни тўлаш бошоқли дон қабул қилиб олингандан сўнг йил якунига кадар тўлиқ амалга оширилади;
б) ғаллачилик кластери бошоқли донни фермер хўжаликларидан шартнома бўйича харид қилиш асосида ташкил этилганда:
ғаллачилик кластери билан «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тизимидаги дон корхоналари ўртасида давлат хариди учун бошоқли дон етказиб бериш бўйича контрактация шартномалари тузилади;
ғаллачилик кластери билан фермер хўжаликлари ўртасида ғаллачилик кластери томонидан давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон миқдорини ҳисобга олган ҳолда қўшимча шартнома тузилади;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ғаллачилик кластерларига давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон қийматининг 100 фоизи миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилади ва ушбу маблағлар фермер хўжаликларида маҳсулот етиштириш харажатларини молиялаштиришга йўналтирилади;
ғаллачилик кластери ўз айланма маблағлари ҳисобидан фермер хўжаликларидан қўшимча харид қиладиган бошоқли дон учун маблағ ажратади;
ғаллачилик кластери томонидан қўшимча ажратилган маблағлар, биринчи навбатда, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, ёнилғи мойлаш маҳсулотлари, механизация хизматлари учун тўловларни амалга оширишга йўналтирилади;
ғаллачилик кластери фермер хўжалиги билан тузилган шартномага мувофиқ давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон ҳажмига нисбатан қўшимча харид қиладиган дон қисми учун маблағ ёки моддий ресурслар ажратмаган тақдирда, ушбу миқдордаги бошоқли дон тўлиқ фермер хўжалиги ихтиёрида қолдирилади;
ғаллачилик кластери фермер хўжалиги билан тузилган шартнома бўйича давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон ҳажмига нисбатан қўшимча харид қилинадиган дон қисмига кам миқдорда маблағ ажратган тақдирда, фермер хўжалиги ажратилган маблағ миқдорига тенг қийматда бошоқли дон етказиб беради;
ғаллачилик кластери томонидан қўшимча харид қилинадиган бошоқли дон нархи ҳақиқий харажатлардан келиб чиқиб, шартномага мувофиқ бозор баҳосида белгиланади;
ғаллачилик кластери томонидан фермер хўжаликларидан харид қилинадиган бошоқли дон учун якуний ҳисоб-китоблар ҳосил йилининг 1 сентябрига қадар тўлиқ амалга оширилади.
6. Ғаллачилик кластери қуйидаги мажбуриятларни бажаради:
бошоқли дон ишлаб чиқарувчи фермер хўжаликлари томонидан тупроқ унумдорлиги, ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш, янги инновацион технологияларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш борасидаги билим ва кўникмалар ошириб борилишини таъминлаш;
бошоқли дон ишлаб чиқарувчи фермер хўжаликларига маблағларнинг ўз вақтида ва етарли миқдорда ажратилишини ҳамда ҳосилдорликни ошириш учун қўшимча равишда минерал ўғитлар, ёнилғи мойлаш маҳсулотлари, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари етказиб берилишини таъминлаш;
ердан белгиланган мақсадда оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, экологияни муҳофаза қилувчи технологияларни кўллаш ва ҳудудда экологик вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик;
бошоқли дон экинлари майдонларида сувни тежайдиган технологиялар босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш;
бошоқли дон маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ресурс тежайдиган технологияларни жорий этиш юзасидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;
ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилигини йўлга қўйиш.
7. Ғаллачилик кластерига шартнома асосида бошоқли дон етказиб берувчи фермер хўжаликлари томонидан қуйидагилар амалга оширилади:
бошоқли дон етиштириш учун ғаллачилик кластери томонидан ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш;
ҳосилдорликни ошириш чораларини кўриш ҳамда ҳар бир гектар суғориладиган ер майдонидан камида 70 центнер ҳосилдорликка эришиш;
ғаллачилик кластери билан тузилган шартномада кўрсатилган бошоқли донни белгиланган миқдор, сифатда ва муддатда сотиш.
8. Белгилаб қўйилсинки, бошоқли донни дастлабки қайта ишлаш ғаллачилик кластерининг ўз корхонасида ёки улар томонидан шартнома асосида «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тизимидаги дон маҳсулотлари корхоналарида амалга оширилади.
«Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда дон маҳсулотлари корхоналари активларидан ғаллачилик кластерлари томонидан шартнома асосида фойдаланиш тартибини ва тариф ставкаларини бир ой муддатда ишлаб чиқиб тасдиқласин.
9. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 апрелдаги 300-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссиясига (А.Д. Вахабов):
бир ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йил ҳосилидан ғаллачилик кластерларини ташкил этиш бўйича салоҳиятли ташаббускорларни аниқлаш ҳамда уларнинг манзилли рўйхатини тасдиқлаш;
бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда, 2020 йил ҳосили учун ғаллачилик кластерларини ташкил этувчи ташаббускорлар билан учрашиб, улар томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури ва тармоқ жадвалини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш;
ғаллачилик кластери фаолиятини мониторинг қилиб бориш ҳамда 2020 йил ҳосили якуни билан улар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;
ҳар йили 1 сентябрга кадар келгуси йил ҳосили учун ғаллачилик кластерларини ташкил этиш бўйича таклифларни тайёрлаш вазифалари юклансин.
10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси икки ҳафта муддатда:
«Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси билан биргаликда ғаллачилик кластери билан «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тизимидаги дон корхонаси ўртасида тузиладиган контрактация шартномасининг янги намунавий лойиҳасини;
Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда ғаллачилик кластери билан фермер хўжалиги ўртасида бошоқли донни харид қилиш бўйича тузиладиган шартноманинг намунавий лойиҳасини;
Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан ғаллачилик кластери ўртасида ер майдони ажратиш бўйича тузиладиган битимнинг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқсин ва жойларга етказилишини таъминласин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 24 сентябрь,
806-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Boshoqli don yetishtirishda klaster tizimini bosqichma-bosqich joriy etish orqali yuqori hosildorlikni taʼminlashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Keyingi yillarda mamlakat iqtisodiyotining muhim tarmoqlaridan biri boʻlgan qishloq xoʻjaligini jadal rivojlantirishga qaratilgan izchil islohotlar amalga oshirildi.
Xususan, qishloq xoʻjaligida ishlab chiqarishning klastsr usuli yoʻlga qoʻyildi, klasterlarga ajratilgan qishloq xoʻjaligi maydonlarining hajmi ekin turlari boʻyicha paxta-toʻqimachilikda 62 foizni, chorvachilikda 8 foizni, meva-sabzavotchilikda 7,5 foizni tashkil etmoqda.
Shuningdek, zamonaviy resurs tejaydigan texnologiyalarning joriy etilishi qishloq xoʻjaligi mahsulotlari ishlab chiqaruvchilari tomonidan yer, suv va moddiy-texnik resurslardan samarali foydalanish, yetishtirilgan xomashyoni qayta ishlagan holda tayyor mahsulot koʻrinishida isteʼmolchiga yetkazib berish imkonini bermoqda.
Natijada joriy yilda boshoqli don yetishtirishda gektaridan oʻrtacha 60 sentnerdan hosil olinib, yalpi ishlab chiqarish hajmi 7 mln tonnadan ortiqni tashkil etdi hamda davlatga 3 mln 552 ming tonna don topshirilib, bu koʻrsatkich oʻtgan yilga nisbatan 140 foizga oshdi.
Shu bilan birga, qishloq xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlashda samarali bozor mexanizmlarining mavjud emasligi tarmoqning raqobatbardoshligini oshirish imkonini bermayapti.
Qishloq xoʻjaligi sohasini diversifikatsiya qilish orqali boshoqli don ekinlaridan yuqori hosil olish, parrandachilik, chorvachilik va baliqchilik tarmoqlarining ozuqaga boʻlgan talabini qondirish, ishlab chiqarish hajmini koʻpaytirish xamda qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtiruvchilarning iqtisodiy manfaatdorligini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Iqtisodiyot va sanoat vazirligi, Moliya vazirligi, Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi, “Oʻzdonmahsulot” aksiyadorlik kompaniyasi, Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklarining 2020-yil hosilidan boshlab boshoqli don yetishtiruvchi fermer xoʻjaliklari bilan chorvachilik, parrandachilik, baliqchilik xoʻjaliklari va boshoqli don mahsulotlarini qayta ishlovchi tashkilotlar tomonidan boshoqli donni yetishtirish yoki shartnoma asosida xarid qilish orqali gʻallachilik klasterlarini (keyingi oʻrinlarda gʻallachilik klasteri deb ataladi) bosqichma-bosqich joriy etish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.
2. Belgilansinki, gʻallachilik klasterini tashkil etish va faoliyatini yoʻlga qoʻyish quyidagi shartlar asosida amalga oshiriladi:
gʻallachilik klasteri ishlab chiqarish (xizmat koʻrsatish)ning zamonaviy innovatsion texnologiyalardan foydalangan holda, boshoqli don yetishtirish yoki uni shartnoma asosida sotib olish, saralash, saqlash, qayta ishlash, tayyor mahsulot ishlab chiqarish, ichki va tashqi bozorga yetkazib berishni taʼminlaydi;
gʻallachilik klasteri iqtisodiy jihatdan barqaror faoliyat yuritayotgan, zarur infratuzilma obyektlari, shuningdek, mol-mulk va boshqa vositalarga ega boʻlgan, birinchi navbatda, salohiyatli chorvachilik, parrandachilik, baliqchilik xoʻjaliklari va boshoqli don mahsulotlarini qayta ishlovchi tashkilotlar tomonidan tashkil etiladi;
Oʻzbekiston Respublikasi Yer kodeksi talablariga muvofiq gʻallachilik klasteriga yer maydoni yuridik va jismoniy shaxslarga ajratilmagan qishloq xoʻjaligi uchun moʻljallangan yerlardan, zaxiradagi yerlardan, qayta tiklanadigan hamda foydalanishga kiritiladigan yer maydonlaridan belgilangan tartibda ellik yilgacha boʻlgan, lekin oʻttiz yildan kam boʻlmagan muddatga ajratiladi;
kelgusi yil hosili uchun gʻallachilik klasterini tashkil etish boʻyicha takliflar xar yili 1-sentabrga qadar shakllantiriladi;
gʻallachilik klasterining faoliyatini tashkil etish uchun alohida normativ-huquqiy hujjat qabul qilinishi talab etilmaydi, xorijiy investorlar ishtirok etayotgan gʻallachilik klasteri bundan mustasno;
gʻallachilik klasteriga ajratilgan yer maydonlaridan bir yil mobaynida foydalanmaslik, tuproq unumdorligining pasayishiga, kimyoviy va radioaktiv ifloslanishiga olib keluvchi usullardan foydalanish hamda mazkur qarorda nazarda tutilgan majburiyatlarni bajarmaslik, yer uchastkasiga boʻlgan huquqni bekor boʻlishiga olib keladi.
3. Gʻallachilik klasterini davlat tomonidan koʻllab-quvvatlashning shunday tartibi belgilansinki, unga muvofiq:
yer maydonlarini foydalanishga kiritgan gʻallachilik klasteriga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qishloq xoʻjaligida yer va suv resurslaridan samarali foydalanish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 17-iyundagi PF-5742-son Farmonida ;
qayta tiklanuvchi energiya manbalari qurilmalari, energiya samarador gaz-goryelkali qurilmalar va qozonlar, shuningdek, energiya samarador boshqa uskunalarni xarid qilganlarga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohaning energiya samaradorligini oshirish, energiya tejovchi texnologiyalarni joriy etish va qayta tiklanuvchi energiya manbalarini rivojlantirishning tezkor chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 22-avgustdagi PQ-4422-son qarorida ;
qishloq xoʻjaligi texnikalarini xarid qilishda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Agrar sektorni qishloq xoʻjaligi texnikalari bilan oʻz vaqtida taʼminlashga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 4-apreldagi PQ-4268-son qarorida nazarda tutilgan imtiyozlar tatbiq etiladi.
4. Belgilansinki:
a) gʻallachilik klasteriga yer maydoni Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyat hokimliklari va tashabbuskorlar oʻrtasida yozma ravishda tuziladigan bitim asosida Vazirlar Mahkamasi bilan kelishilgan holda ajratiladi;
b) xorijiy investorlar ishtirok etayotgan gʻallachilik klasteriga yer maydoni Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan tuziladigan investitsiya kiritish toʻgʻrisidagi shartnoma imzolangandan soʻng Vazirlar Mahkamasi tomonidan ajratiladi.
Bunda gʻallachilik klasterini tashkil etuvchi tashabbuskor tomonidan tegishli ravishda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyat hokimliklariga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligiga quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:
gʻallachilik klasterini tashkil etish boʻyicha ariza;
gʻallachilik klasteri faoliyatini tashkil etishda fermer xoʻjaliklarida boshoqli don yetishtirishni moliyalashtirish, gʻallani quritish, saqlash, qayta ishlash hamda suvni tejaydigan texnologiyalarni joriy etish boʻyicha investitsiya loyihalarini amalga oshirish yuzasidan biznes reja yoki texnik-iqtisodiy asosnoma;
tashabbuskorning bankdagi pul mablagʻlari aylanmasi toʻgʻrisidagi xizmat koʻrsatuvchi bank maʼlumotnomasidan koʻchirma;
gʻallachilik klasterini faoliyat yuritishi uchun zarur infratuzilma obyektlari (shu jumladan ijara asosida), shuningdek, mol-mulk va boshqa vositalarning mavjudligi haqida maʼlumotnoma.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi raisi, viloyatlar hokimlari gʻallachilik klasterlarini tashkil etishda iqtisodiy jihatdan barqaror faoliyat yuritayotgan, zarur infratuzilma obyektlari, shuningdek, mol-mulk va boshqa vositalarga ega boʻlgan salohiyatli yuridik shaxslar tanlanishi uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.
5. Shunday tartib oʻrnatilsinki, 2020-yil gʻalla hosilidan boshlab:
a) gʻallachilik klasteri tashabbuskorning bevosita oʻziga berilgan yer maydonlarida tashkil etilganda:
gʻallachilik klasteri tomonidan yetishtiriladigan boshoqli donni davlat xaridi uchun sotish boʻyicha shartnoma tuzilmaydi;
hosildorlikni oshirish choralarini koʻradi hamda har bir gektar sugʻoriladigan yer maydonidan kamida 70 sentner hosildorlikka erishishni taʼminlaydi;
oʻzi yetishtirgan bugʻdoyning kamida 50 foizini qayta ishlash, shu jumladan ozuqa yem mahsulotlarini ishlab chiqarish orqali qoʻshilgan qiymatni koʻpaytiradi;
dastlabki 3 yilda 30 foiz, 5 yilda 50 foiz boshoqli don ekiladigan maydonlarda suvni tejaydigan texnologiyalarni joriy etadi;
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi huzuridagi Qishloq xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasining depozit mablagʻlari hisobidan gʻallachilik klasterlarida boshoqli don yetishtirish xarajatlarini moliyalashtirish uchun mahsulot qiymatining 70 foizigacha boʻlgan miqdorda Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining qayta moliyalash stavkasida (shu jumladan 2 foizi bank marjasi) 12 oygacha boʻlgan muddatga kreditlar ajratiladi, xorijiy investorlar ishtirok etayotgan gʻallachilik klasteri bundan mustasno;
gʻallachilik klasteriga ajratilgan kreditlar boʻyicha asosiy qarzni qaytarish va ularga hisoblangan foizlarni toʻlash boshoqli don qabul qilib olingandan soʻng yil yakuniga kadar toʻliq amalga oshiriladi;
b) gʻallachilik klasteri boshoqli donni fermer xoʻjaliklaridan shartnoma boʻyicha xarid qilish asosida tashkil etilganda:
gʻallachilik klasteri bilan “Oʻzdonmahsulot” aksiyadorlik kompaniyasi tizimidagi don korxonalari oʻrtasida davlat xaridi uchun boshoqli don yetkazib berish boʻyicha kontraktatsiya shartnomalari tuziladi;
gʻallachilik klasteri bilan fermer xoʻjaliklari oʻrtasida gʻallachilik klasteri tomonidan davlat xaridi uchun yetkazib beriladigan boshoqli don miqdorini hisobga olgan holda qoʻshimcha shartnoma tuziladi;
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi huzuridagi Qishloq xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi gʻallachilik klasterlariga davlat xaridi uchun yetkazib beriladigan boshoqli don qiymatining 100 foizi miqdorida imtiyozli kreditlar ajratiladi va ushbu mablagʻlar fermer xoʻjaliklarida mahsulot yetishtirish xarajatlarini moliyalashtirishga yoʻnaltiriladi;
gʻallachilik klasteri oʻz aylanma mablagʻlari hisobidan fermer xoʻjaliklaridan qoʻshimcha xarid qiladigan boshoqli don uchun mablagʻ ajratadi;
gʻallachilik klasteri tomonidan qoʻshimcha ajratilgan mablagʻlar, birinchi navbatda, mineral oʻgʻitlar, oʻsimliklarni kimyoviy himoya qilish vositalari, yonilgʻi moylash mahsulotlari, mexanizatsiya xizmatlari uchun toʻlovlarni amalga oshirishga yoʻnaltiriladi;
gʻallachilik klasteri fermer xoʻjaligi bilan tuzilgan shartnomaga muvofiq davlat xaridi uchun yetkazib beriladigan boshoqli don hajmiga nisbatan qoʻshimcha xarid qiladigan don qismi uchun mablagʻ yoki moddiy resurslar ajratmagan taqdirda, ushbu miqdordagi boshoqli don toʻliq fermer xoʻjaligi ixtiyorida qoldiriladi;
gʻallachilik klasteri fermer xoʻjaligi bilan tuzilgan shartnoma boʻyicha davlat xaridi uchun yetkazib beriladigan boshoqli don hajmiga nisbatan qoʻshimcha xarid qilinadigan don qismiga kam miqdorda mablagʻ ajratgan taqdirda, fermer xoʻjaligi ajratilgan mablagʻ miqdoriga teng qiymatda boshoqli don yetkazib beradi;
gʻallachilik klasteri tomonidan qoʻshimcha xarid qilinadigan boshoqli don narxi haqiqiy xarajatlardan kelib chiqib, shartnomaga muvofiq bozor bahosida belgilanadi;
gʻallachilik klasteri tomonidan fermer xoʻjaliklaridan xarid qilinadigan boshoqli don uchun yakuniy hisob-kitoblar hosil yilining 1-sentabriga qadar toʻliq amalga oshiriladi.
6. Gʻallachilik klasteri quyidagi majburiyatlarni bajaradi:
boshoqli don ishlab chiqaruvchi fermer xoʻjaliklari tomonidan tuproq unumdorligi, yer, suv va boshqa resurslardan samarali foydalanish, yangi innovatsion texnologiyalarni joriy etish, hosildorlikni oshirish borasidagi bilim va koʻnikmalar oshirib borilishini taʼminlash;
boshoqli don ishlab chiqaruvchi fermer xoʻjaliklariga mablagʻlarning oʻz vaqtida va yetarli miqdorda ajratilishini hamda hosildorlikni oshirish uchun qoʻshimcha ravishda mineral oʻgʻitlar, yonilgʻi moylash mahsulotlari, oʻsimliklarni himoya qilish vositalari yetkazib berilishini taʼminlash;
erdan belgilangan maqsadda oqilona foydalanish, tuproq unumdorligini oshirish, ekologiyani muhofaza qiluvchi texnologiyalarni koʻllash va hududda ekologik vaziyatning yomonlashuviga yoʻl qoʻymaslik;
boshoqli don ekinlari maydonlarida suvni tejaydigan texnologiyalar bosqichma-bosqich joriy etilishini taʼminlash;
boshoqli don mahsulotlarini qayta ishlash boʻyicha resurs tejaydigan texnologiyalarni joriy etish yuzasidan investitsiya loyihalarini amalga oshirish;
hududlarning tuproq-iqlim sharoitlarini hisobga olgan holda, boshoqli don ekinlari seleksiyasi va urugʻchiligini yoʻlga qoʻyish.
7. Gʻallachilik klasteriga shartnoma asosida boshoqli don yetkazib beruvchi fermer xoʻjaliklari tomonidan quyidagilar amalga oshiriladi:
boshoqli don yetishtirish uchun gʻallachilik klasteri tomonidan ajratiladigan mablagʻlardan maqsadli va samarali foydalanish;
hosildorlikni oshirish choralarini koʻrish hamda har bir gektar sugʻoriladigan yer maydonidan kamida 70 sentner hosildorlikka erishish;
gʻallachilik klasteri bilan tuzilgan shartnomada koʻrsatilgan boshoqli donni belgilangan miqdor, sifatda va muddatda sotish.
8. Belgilab qoʻyilsinki, boshoqli donni dastlabki qayta ishlash gʻallachilik klasterining oʻz korxonasida yoki ular tomonidan shartnoma asosida “Oʻzdonmahsulot” aksiyadorlik kompaniyasi tizimidagi don mahsulotlari korxonalarida amalga oshiriladi.
“Oʻzdonmahsulot” aksiyadorlik kompaniyasi Oʻzbekiston Respublikasi Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan birgalikda don mahsulotlari korxonalari aktivlaridan gʻallachilik klasterlari tomonidan shartnoma asosida foydalanish tartibini va tarif stavkalarini bir oy muddatda ishlab chiqib tasdiqlasin.
9. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 12-apreldagi 300-son qarori bilan tasdiqlangan Qishloq xoʻjaligida iqtisodiy islohotlarni chuqurlashtirish boʻyicha respublika komissiyasiga (A.D. Vaxabov):
bir hafta muddatda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda 2020-yil hosilidan gʻallachilik klasterlarini tashkil etish boʻyicha salohiyatli tashabbuskorlarni aniqlash hamda ularning manzilli roʻyxatini tasdiqlash;
bir oy muddatda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda joylarga chiqqan holda, 2020-yil hosili uchun gʻallachilik klasterlarini tashkil etuvchi tashabbuskorlar bilan uchrashib, ular tomonidan amalga oshiriladigan investitsiya loyihalarining manzilli dasturi va tarmoq jadvalini ishlab chiqib, tasdiqlash;
gʻallachilik klasteri faoliyatini monitoring qilib borish hamda 2020-yil hosili yakuni bilan ular faoliyatini takomillashtirishga qaratilgan takliflar ishlab chiqish;
har yili 1-sentabrga kadar kelgusi yil hosili uchun gʻallachilik klasterlarini tashkil etish boʻyicha takliflarni tayyorlash vazifalari yuklansin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Adliya vazirligi, Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi ikki hafta muddatda:
“Oʻzdonmahsulot” aksiyadorlik kompaniyasi bilan birgalikda gʻallachilik klasteri bilan “Oʻzdonmahsulot” aksiyadorlik kompaniyasi tizimidagi don korxonasi oʻrtasida tuziladigan kontraktatsiya shartnomasining yangi namunaviy loyihasini;
Oʻzbekiston fermer, dehqon va tomorqa yer egalari kengashi bilan birgalikda gʻallachilik klasteri bilan fermer xoʻjaligi oʻrtasida boshoqli donni xarid qilish boʻyicha tuziladigan shartnomaning namunaviy loyihasini;
Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi bilan birgalikda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari bilan gʻallachilik klasteri oʻrtasida yer maydoni ajratish boʻyicha tuziladigan bitimning namunaviy loyihasini ishlab chiqsin va joylarga yetkazilishini taʼminlasin.
11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha maslahatchisi A.D. Vaxabov va Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vaziri J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 24-sentabr,
806-son