📅 2019-yil 30-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 30-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 30 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 сентября 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 September 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
«Рақамли трансформация маркази» масъулияти чекланган жамиятининг электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш ва харидларни амалга ошириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида
Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда кооперацияни ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва кичик тадбиркорлик субъектларини саноат фаолиятига кенг жалб этиш, шунингдек мунтазам ўтказиладиган саноат ярмаркалари ва электрон кооперация порталини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида » 2019 йил 1 майдаги ПҚ-4302-сон ҳамда « Электрон тижорат маъмурчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида » 2021 йил 17 ноябрдаги ПҚ-14-сон қарорларига мувофиқ давлат харидлари махсус ахборот портали билан интеграциялашган «Рақамли трансформация маркази» масъулияти чекланган жамиятининг (кейинги ўринларда — Рақамли трансформация маркази) электрон кооперация портали (кейинги ўринларда — Портал) ишлаб чиқилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш ва харидларни амалга ошириш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
Рақамли трансформация марказининг фаолияти хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар, хорижий ва халқаро молия ташкилотлари грантлари, донорлик маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молияштирилади.
4. Рақамли трансформация марказига портал фаолиятига оид қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:
республикада саноат маҳсулотлари, шу жумладан маҳаллийлаштирилган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни сотиш ёки сотиб олиш бўйича шартномаларни тузиш учун порталда шароитлар яратиш;
порталда хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида муносабатларнинг эркинлигини ва шартномаларни тузиш шаффофлигини таъминловчи механизмларни татбиқ қилиш;
республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларининг турлари, техник тавсифлари ва сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни онлайн тарзда порталга жойлаштириш.
5. Ўзбекистон Республикаси Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги бюджет ва корпоратив буюртмачилар, шунингдек, стратегик харид қилувчилар билан биргаликда уларнинг келгуси давр учун давлат харидлари режа-жадвалларининг порталга мунтазам равишда киритиб борилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда ҳар уч ойда кооперация алоқаларини кенгайтириш орқали хўжалик юритувчи субъектларни харид фаолиятига жалб қилиш мақсадида республикада ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларнинг саноат ярмаркалари ўтказиб борилишини таъминласин.
Бунда ривожланган хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, маҳсулотларни замонавий дизайн асосида жойлаштиришни ҳамда буюртмачи ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги шартномаларнинг онлайн тарзда портал орқали тузилишини назарда тутсин.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
мунтазам ўтказиладиган саноат ярмаркаларида республикада ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни харид қилиш бўйича буюртмачи сифатида иштирок этадиганлар 2-иловага мувофиқ вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари томонидан таъминланади;
маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар республиканинг барча истеъмолчилари учун тендерларсиз тўғридан-тўғри электрон кооперация биржаси портали орқали харид қилинади.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналаридаги корхоналар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан саноат ярмаркаларида кўргазмали иштирок этишини таъминласинлар.
9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда саноат ярмаркаларини мунтазам равишда ўтказиб бориш жойи тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташқи бозорлар конъюнктурасини доимий ўрганган ҳолда, импорт улуши юқори бўлган маҳсулотларни келгусида республикада ишлаб чиқарилишини назарда тутувчи хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш чораларини кўрсин.
11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси саноат ярмаркалари ва электрон кооперация биржаси фаолиятини тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири Б.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 833-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Рақамли трансформация маркази» масъулияти чекланган жамиятининг электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш ва харидларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Рақамли трансформация маркази» масъулияти чекланган жамиятининг (кейинги ўринларда — Рақамли трансформация маркази) электрон кооперация портали (кейинги ўринларда — Электрон кооперация портали) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аванс — харид қилиш жараёнида буюртмачи ва етказиб берувчи томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда киритиладиган, жумладан, томонларнинг закалатлари (бюджет буюртмачилари бундан мустасно) ва операторнинг воситачилик йиғимини ўз ичига олган молиявий маблағлар суммаси;
буюртмачи — Электрон кооперация порталида товарларни харид қилувчи юридик шахс;
етказиб берувчи — таклиф этилган шартларда ўзининг Электрон кооперация порталида қатнашиб, савдоларда ғолиб чиққан тақдирда, ўзи ишлаб чиқарган тайёр товарларни (ишлар, хизматларни) етказиб бериш ниятини билдирган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ёки уларнинг дилерлари;
агент — буюртмачилар ва етказиб берувчиларга топшириқ шартномаси асосида уларнинг Электрон кооперация порталида қатнашишини таъминлашга доир профессионал хизматлар кўрсатадиган юридик шахс;
харид шартномаси — харидлар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасидаги электрон тартибда тузиладиган битим;
рақамли экотизим оператори — Рақамли трансформация маркази;
шахсий кабинет — буюртмачи ёки етказиб берувчининг электрон харидларда иштирок этиши, шунингдек, зарур ахборотни жойлаштириши ёки олиши имконияти тақдим этиладиган, индивидуал логин ва паролларни кўллаш орқали фойдаланиладиган Электрон кооперация порталидаги шахсий саҳифаси;
режа-жадвал — Электрон кооперация порталида давлат буюртмачилари томонидан жойлаштириладиган товарлар тавсифи, харидлар ҳажми ва муддатларини назарда тутувчи ҳужжат;
ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (кейинги ўринларда — ҲККП) — клиринг электрон тизими орқали Электрон кооперация порталида тузилган харид шартномалари бўйича клиринг, ҳисоб-китоб ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишни таъминловчи операторнинг таркибий бўлинмаси;
Электрон кооперация портали — операторнинг давлат харидлари махсус ахборот портали билан интеграциялашган, шу жумладан, ушбу Низомда назарда тутилган ахборотларни жойлаштириш, улардан фойдаланиш ҳамда электрон савдо ярмаркалари ва харидларни ўтказишни таъминлайдиган электрон платформаси;
ўхшаш товарлар — функционал мақсади, қўлланилиши, сифати ва техник хусусиятлари бўйича таққосланадиган, Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодининг (кейинги ўринларда — ТИФ ТН) дастлабки 4 та рақами бир хил бўлган товарлар;
давлат харидлари махсус ахборот портали — ваколатли орган томонидан юритиладиган, давлат харидлари амалга оширилиши тўғрисидаги эълонлар, давлат харидларининг якунлари, иштирокчиларнинг таклифлари ҳақидаги ахборотни ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ахборотни электрон шаклда кўздан кечиришни, шунингдек, амалга оширилган электрон давлат харидлари тўғрисида давлат харидлари электрон тизимларининг операторлари томонидан киритиладиган (юбориладиган) ахборотни тўплашни таъминловчи веб-сайтдир (махсус электрон платформа).
3. Рақамли трансформация марказининг электрон кооперация портали фаолиятини такомиллаштиришни ташкил этиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
Рақамли трансформация маркази Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда мунтазам равишда буюртмачи ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида эркин рақобат ва нарх шаффофлиги тамойиллари асосида масофадан туриб шартнома тузиш имкониятига эга электрон тижорат платформасини такомиллаштириш чораларини кўради ва доимий ишлашини таъминлайди.
4. Электрон кооперация портали (кейинги ўринларда — Портал) қуйидагиларни:
а) бир неча мезонлар ва кўрсаткичлар бўйича излаш имкониятига эга бўлган, мунтазам янгилаб бориладиган ҳамда қуйидагилар:
10 та белгидан иборат ТИФ ТН кодлари билан ўзаро боғлиқликда ҳар бир маҳсулот тури бўйича товар бозорининг ҳажми (ишлаб чиқариш, импорт, экспорт ҳажми) тўғрисидаги;
маҳаллий ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар номенклатураси, уларнинг техник ва нарх кўрсаткичлари тўғрисидаги;
буюртмачиларнинг келгуси давр учун харид режа-жадваллари тўғрисидаги;
маҳаллий ташкилотлар негизида ишлаб чиқариш тавсия этилаётган истиқболли маҳсулот турлари рўйхати тўғрисидаги маълумотларни қамраб олувчи маълумотлар базасини шакллантириш ва жойлаштиришни;
б) ташкилотлар томонидан керакли шакллар онлайн режимида мустақил тўлдирилиши орқали маҳаллий ташкилотлар учун ахборот маълумотлар базасига бепул киритилишини;
в) етказиб берувчилар билан давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари ўртасида интерактив ҳамкорлик қилиш имкониятини;
г) давлат харидлари махсус ахборот портали билан давлат харидлари бўйича интеграциясини;
д) давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари маълумотлар базалари билан интеграциясини;
е) маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва улар томонидан ишлаб чиқариладиган товарлар реестри юритилишини ва жамоатчиликка очиқланишини таъминлайди.
2-боб. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни аниқлаш тартиби
5. Маҳаллий ишлаб чиқарувчи амалдаги статистика ҳисоботларида белгиланган тартибга мувофиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қайд этилган ёки мазкур Низомнинг 6 ва 7-бандларида назарда тутилган талабларига мос келувчи юридик шахс.
Бунда Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2024 йил 28 октябрдаги 712-сон қарорига 2-иловада белгиланган муддатлардан сўнг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат асосида аниқланади.
6. Амалдаги статистика ҳисоботларида белгиланган тартибга мувофиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қайд этилмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчи қуйидагилар орқали аниқланади:
амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтганлиги;
иқтисодий фаолият турлари таснифлагичи (ИФУТ) бўйича ташкилот (икки ва ундан ортиқ фаолият тури билан шуғулланувчи юридик шахслар бундан мустасно) фаолият юритиши;
ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг мувофиқлик сертификати (агар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритилган бўлса) мавжудлиги;
лицензияланадиган фаолият тури бўлган тақдирда, ушбу фаолият учун талаб қилинган лицензиянинг мавжудлиги;
ташкилот мулки бўлган ёки ижара шартномаси асосида фойдаланишга олинган ишлаб чиқариш майдони мавжудлиги;
ташкилот мулки бўлган ёки ижара шартномаси асосида фойдаланишга олинган асбоб-ускуналар мавжудлиги;
ташкилотда меҳнат шартномаси асосида фаолият юритувчи мутахассислар, жумладан, ишлаб чиқаришда банд бўлган ходимлар мавжудлиги.
Бунда Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ҳокимларнинг ёрдамчилари, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан тегишлилиги бўйича соҳавий тармоқ хўжалик бирлашмалари мутахассисларини жалб қилган ҳолда амалдаги статистика ҳисоботларида белгиланган тартибга мувофиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қайд этилмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни аниқлаш ишлари доимий равишда амалга оширилади.
7. Порталга жойлаштириладиган маҳсулот маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатга эга бўлиши лозим.
Бунда маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 6-бандига мувофиқ берилади.
Етказиб берувчи Порталга ариза билан биргаликда етказиб бериладиган маҳсулотлар бўйича маҳаллийлаштиришнинг белгиланган минимал даражасига мувофиқлиги тўғрисидаги ҳисоб-китоблар ҳамда тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.
Етказиб бериладиган маҳсулотлар бўйича маҳаллийлаштиришнинг белгиланган минимал даражасига мувофиқлиги тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги учун жавобгарлик етказиб берувчига юкланади. Оператор етказиб берувчининг маълумотлари тўғрилигини назорат қилиш ёки текширишга ҳақли эмас.
Давлат буюртмачилари, рақобатчи-етказиб берувчилар ва давлат органларида маҳаллийлаштириш даражаси бўйича етказиб берувчи томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа туғилган тақдирда, улар маълумотларнинг ишончлилигини текшириш учун солиқ органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Етказиб берилаётган маҳсулотларнинг маҳаллийлаштиришнинг минимал даражасига мувофиқлиги тўғрисида етказиб берувчи томонидан тақдим этилган маълумотлар ишончсиз деб топилган тақдирда, бундай етказиб берувчи Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиясининг қарорига кўра инсофсиз ижрочилар (етказиб берувчилар) реестрига киритилади.
Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритилган етказиб берувчилар ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификати бекор қилинган маҳсулот автоматик равишда Порталдан чиқарилади.
Портал инсофсиз ижрочилар (етказиб берувчилар) реестрини эълон қилиниши ва мунтазам равишда янгиланиб борилишини таъминлайди.
8. Зарур бўлганда юридик шахслар муайян маҳсулотни ишлаб чиқариш учун талаб этиладиган техник ҳужжатларни (техник регламентлар, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар, санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормалари) тақдим этади.
3-боб. Электрон кооперация портали иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
9. Оператор қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Порталда жойлаштирилган маълумотларга технологик ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини белгилаш;
буюртмачи томонидан харидларни амалга ошириш тўғрисида эълон ва харидлар режа-жадваллари жойлаштирилмаган ҳолларда харидларни амалга ошириш натижалари ҳақидаги ахборотни чоп этиш.
Оператор қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Операторнинг мажбуриятлари:
Порталнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш;
ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Порталда мавжуд бўлган ахборотдан жисмоний ва юридик шахсларнинг бепул эркин фойдаланишини таъминлаш;
интеграция масалалари ҳамда давлат ахборот тизимлари ва давлат электрон ахборот ресурслари хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус ваколатли орган билан ҳамкорликни амалга ошириш;
харидлар натижалари бўйича товарлар, ишлар, хизматлар нархлари маълумотлар базасини ташкил этиш ва янгилаб бориш;
Порталда тузилган шартномалар реестрларини шакллантириш ва юритиш;
Порталда жойлаштирилган ахборотнинг яхлитлигини таъминлаш;
давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари учун ушбу Низомда назарда тутилган тартибда ахборотдан фойдаланиш имкониятини яратиш;
Портални босқичма-босқич такомиллаштириш, логистика, маркетинг ва бошқа ахборот тизимларига улаш каби хизматлар мажмуасини кенгайтириш;
маълумотлар базасида ахборотни Порталга жойлаштирилган даврдан бошлаб беш йил мобайнида сақлаш;
давлат буюртмачиларининг Портал орқали тузилган шартномалари давлат харидлари махсус ахборот порталига автоматик режимда юборилишини таъминлаш;
буюртмачилар ва етказиб берувчилар учун ҲККПда алоҳида шахсий ҳисобварақлар очиш;
буюртмачилар ва иштирокчиларга шахсий кабинетлар ташкил этиш;
маълумотлари етарли бўлмаган оферта таклифларини жойлаштириш мониторингини олиб бориш;
одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш.
Портал фаолияти доирасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Оператор давлат харидларини амалга ошириш ва нарх белгилаш жараёнига аралашишга, контрагентларни танлашда ва шартномалар тузишда давлат харидлари субъектларининг эркинлигини чеклашга, шунингдек, давлат харидлари субъектларининг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклашга ҳақли эмас.
11. Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари қуйидаги маълумотлар:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан республикада ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг ҳажми ва техник параметрлари тўғрисидаги;
Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси ва Божхона қўмитаси томонидан саноат маҳсулотларининг импорт ва экспорт ҳажми тўғрисидаги;
давлат буюртмачилари келгуси давр учун давлат харидларининг режа-жадвалларини ва давлат харидларининг ўтган йилдаги амалдаги ҳажми, шу жумладан, импорт товарлари тўғрисидаги;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маҳаллий ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариш тавсия этилаётган ўзлаштирилиши истиқболли маҳсулот турлари тўғрисидаги маълумотлар Порталга ўз вақтида киритилишини, уларнинг ишончлилиги, тўлиқлиги ва янгилаб борилишини таъминлайдилар.
Бунда Солиқ қўмитаси ҳамда Рақамли трансформация маркази электрон кооперация портали орқали тузилган шартномалар юзасидан етказиб берувчи томонидан маҳсулот етказилганлиги тўғрисида юборилган ва тасдиқланган электрон ҳисоб-фактуралар тўғрисидаги маълумотларнинг Электрон кооперация портали орқали ўзаро алмашинувини таъминлайди.
12. Барча фойдаланувчилар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш учун очиқ ахборотдан фойдаланишда ёки уларни учинчи шахсларга беришда мажбурий тарзда Порталга ҳавола қилган ҳолда унинг ишончлилигини таъминлашлари зарур.
4-боб. Электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш тартиби
13. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан Порталга ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотлари турлари ва ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш мазкур Низомга 2-иловада келтирилган жадвалларга асосан амалга оширилади.
14. Буюртмачилар (бюджет буюртмачилари бундан мустасно) ва етказиб берувчилар Порталга электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда — ЭРИ) ёрдамида электрон рўйхатдан ўтиш орқали киритилади.
15. Давлат буюртмачилари Порталга давлат харидларига оид харидлар режа-жадвалларини давлат харидлари махсус ахборот портали орқали Ўзбекистон Республикаси Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ва оператор ўртасида ахборот алмашиш йўли билан жойлаштиради.
16. Порталда жойлаштирилган харидлар режа-жадвали қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
харид предмети ва миқдори;
харид қилиш ойи;
буюртмачининг номи ва манзили;
харид предметини молиялаштириш манбалари;
товарларни етказиб бериш муддатлари ва шартлари.
17. Етказиб берувчилар Порталга ўзлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўғрисида қуйидаги маълумотларни киритади:
таклиф этилаётган товарлар (ишлар, хизматлар) номи ва 10 та белгидан иборат Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг кодлари;
сотиш нархи;
товарнинг энг кўп ва энг кам ҳажми;
товарнинг русуми ва техник параметрлари (техник паспорт ёки бошқа ҳужжат асосида);
ўзлари ишлаб чиқарган товарнинг фотосурати;
товар етказиб бериладиган ҳудуд;
кафолат шартлари ва муддати ҳақида маълумот;
товарнинг ишлаб чиқарилган йили;
товарнинг яроқлилик муддати;
етказиб бериш муддати;
зарур ҳолларда лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжат ёки сертификат мавжудлиги тўғрисидаги ахборот.
18. Буюртмачи ва етказиб берувчилар томонидан Электрон кооперация порталига жойлаштирилган маълумотларнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги ва мазмуни билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар учун оператор жавобгар бўлмайди.
19. Етказиб берувчиларнинг оферта таклифларини харидга киритиш порталга мазкур низомнинг 17-бандида кўрсатилган маълумотларни тўлиқ киритилгандан сўнг уч иш куни давомида амалга оширилади.
5-боб. Электрон кооперация портали орқали харидларни амалга ошириш тартиби
20. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги оператор учун ўзининг ахборот тизимида махсус шахсий ҳисобварақлар очади ва операторга пул маблағларини бошқариш ваколатини беради.
21. Буюртмачилар, бюджет буюртмачилардан ташқари, ва етказиб берувчилар харидларда иштирок этишдан олдин ҲККПдаги шахсий ҳисобварағига товар (иш ва хизматлар) бошланғич қийматининг 1,1 фоизи миқдорида авансни жойлаштиради.
Аванс шартнома суммасининг 1 фоизи миқдоридаги закалат ҳамда шартнома суммасининг 0,1 фоизи миқдоридаги операторнинг воситачилик йиғимини ўз ичига олади.
Бунда мунтазам ўтказиладиган саноат ярмаркалари доирасида хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузиладиган миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг бараваригача бўлган шартномалар бўйича иштирокчилардан аванс талаб этилмайди ҳамда улардан воситачилик йиғими олинмайди.
Корпоратив буюртмачилар ва етказиб берувчилар ўзларининг ҲККПдаги ҳисобварақларида аванс тўловининг миқдори етарли бўлган ҳолларда Порталда ташкил этиладиган электрон харидларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Бюджет буюртмачилари эса уларнинг ҲККПдаги ҳисобварақларида операторнинг воситачилик йиғими суммаси миқдори мавжуд бўлган тақдирда, электрон харидларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.
22. Буюртмачилар (давлат буюртмачилари бундан мустасно) Порталда товар жойлаштирган етказиб берувчилар билан автоматик равишда электрон тарзда шартнома тузади.
Порталда рўйхатдан ўтказилган иштирокчиларнинг ҳеч бири дастлабки таклифдан пастроқ нархни таклиф қилмаса, Портал буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасидаги битимни рўйхатдан ўтказади.
Бунда харидлар тўхтатилиши муддати иш куни ва иш вақтига тўғри келиши лозим.
23. Давлат буюртмачиси Порталдаги электрон тижорат платформасида етказиб берувчиларнинг оферталарини ўрганиш йўли билан ўзи учун зарур бўлган товарни танлайди ва товар танланганидан кейин нархлар сўрови механизмидан фойдаланади.
Электрон кооперация портали автоматик тарзда офертани таклиф этган етказиб берувчига ҳамда ушбу порталда ўхшаш товарни таклиф этаётган бошқа етказиб берувчиларга нарх сўровини юборади.
Етказиб берувчилар Электрон кооперация портали томонидан нарх сўрови юборилган пайтдан бошлаб қирқ саккиз соат ичида пастроқ нарх таклифларини беришга ҳақли.
Етказиб берувчилар томонидан берилган нарх бўйича таклифларни таққослаш Электрон кооперация портали томонидан автоматик тарзда амалга оширилади.
Электрон кооперация порталида шартнома давлат буюртмачиси томонидан танланган етказиб берувчининг офертасида баён этилган шартларга мувофиқ ҳамда етказиб берувчилар томонидан таклиф этилган энг паст нархда шакллантирилади.
24. Агар нарх сўрови мобайнида иштирокчи томонидан таклиф қилинган нарх буюртмачи томонидан танланган нархдан 20 ва ундан ортиқ фоизга паст бўлса, иштирокчи буюртмачи танлаган офертанинг нархи ва ўзи таклиф этган нархнинг фарқи миқдоридаги қўшимча закалатни харид предметининг ҳар бир бирлиги учун олдиндан киритиши шарт (қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно). Бунда офертанинг суммаси:
базавий ҳисоблаш миқдорининг икки минг беш юз бараваридан ошмайдиган ҳолларда, қўшимча закалат суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан;
базавий ҳисоблаш миқдорининг икки минг беш юз бараваридан ошган ҳолларда, қўшимча закалат суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваридан ошмаслиги керак.
Қўшимча закалат мавжуд бўлмаган тақдирда, ушбу таклифлар электрон тизим томонидан автоматик равишда рад этилади.
25. Порталда тузилган битим электрон рўйхатга олинади, буюртмачи ва етказиб берувчининг шахсий ҳисобварағидан операторнинг воситачилик тўлови ечиб олинади. Битимни рўйхатга олиш ушбу порталда шартномани шакллантириш ва унга ўзига хос рақам бериш билан амалга оширилади.
Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида ЭРИдан фойдаланган ҳолда Электрон кооперация порталида тузилган шартнома тегишли шаклда тузилган ҳисобланади.
26. Оператор давлат буюртмачиларининг шартномалари бўйича маълумотни автоматик режимда давлат харидлари махсус ахборот порталига юборади. Давлат харидлари махсус ахборот портали шартнома маълумотларини давлат буюртмачилари томонидан тузилган шартномалар реестрига киритади.
6-боб. Шартномавий мажбуриятлар ижросини таъминлаш тартиби
27. Буюртмачилар (бюджет буюртмачилари бундан мустасно) ҳамда электрон харидларни амалга ошириш жараёнида энг мақбул нарх таклиф этган етказиб берувчилар томонидан киритилган закалатлар тарафлар ўртасида тузилган шартномалар ижросини таъминлаш мақсадида мажбуриятлар тўлиқ бажарилгунга ёки белгиланган тартибда бекор қилингунга қадар банд қилиб қўйилади.
Шунингдек, иштирокчиларнинг киритган аванс тўловлари электрон харидларда ғолиб аниқлангунга қадар банд қилиб қўйилади.
28. Портал орқали электрон харидларни амалга ошириш жараёнида иштирокчилар ўртасида олдиндан тўлов шартларисиз шартномалар тузилган ҳолларда буюртмачилар шартнома тузилган кундан бошлаб ўн банк иш куни мобайнида ўзларининг ҲККПдаги шахсий ҳисобварағига шартнома суммасининг 100 фоизи миқдоридаги пул маблағларини ўтказишни таъминлаш мажбуриятини олади.
Портал орқали электрон харидларни амалга ошириш жараёнида иштирокчилар ўртасида олдиндан тўлов шартлари билан шартномалар тузилган ҳолларда, буюртмачилар шартнома тузилган кундан бошлаб ўн банк иш куни мобайнида ўзларининг ҲККПдаги шахсий ҳисобварағига шартномада белгиланган олдиндан тўлов миқдоридаги сумма ўтказилишини таъминлаш мажбуриятини олади.
Буюртмачилар ушбу банднинг биринчи-иккинчи хатбошиларида келтирилган мажбуриятларни белгиланган муддатларда бажармаган тақдирда, мажбуриятни бажариш муддати тугаган кундан бошлаб уч банк иш куни мобайнида электрон шаклда мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаётганлиги бўйича буюртмачига хабарнома юборади ва хабарнома юборилгандан кейинги беш банк иш кунидан сўнг буюртмачиларнинг закалат суммаси маҳсулот етказиб берувчиларнинг ҲККПсидаги ҳисобварақларига ўтказиб берилади.
29. ҲККП буюртмачидан электрон тижорат платформаси орқали тузилган шартнома бўйича тушган тўлов суммасини банд қилиб қўяди ва пул маблағлари тушган куннинг эртасидан бир иш кунидан кечикмаган муддатда электрон шаклда тўловни амалга ошириш бўйича етказиб берувчига хабарнома юборади.
Мазкур хабарнома етказиб берувчига товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Етказиб берувчи томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) ҲККП томонидан тўлов амалга оширилиши тўғрисидаги хабарномасиз етказиб берилган тақдирда, буюртмачи томонидан товарлар учун тўловни амалга оширмаслик хавфи етказиб берувчининг зиммасида бўлади.
Корпоратив буюртмачилар шартнома бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) қабул қилгандан кейин уч банк иши куни мобайнида ўзининг шахсий кабинети орқали товарларни (ишларни, хизматларни) тўлиқ ҳажмда қабул қилганлигини тасдиқлайди.
Бюджет буюртмачилари шартнома бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) қабул қилгандан сўнг уч банк иш куни мобайнида товарларни (ишларни, хизматларни) тўлиқ ҳажмда қабул қилганлик тўғрисидаги ахборотни бюджет ташкилотларининг ҳисоби ва ҳисоботлари автоматлаштирилган тизимининг дастурий комплекси (кейинги ўринларда — ЎзБТАД) орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат молиясини бошқариш ахборот тизими (кейинги ўринларда — ДМБАТ)га киритади.
Бюджет буюртмачилари шартнома асосида товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берилганлиги ҳақидаги ахборотни ДМБАТ олгандан сўнг ушбу маълумотларни бир банк иш куни мобайнида маълумотлар базаларининг электрон алмашинуви орқали Операторга юборади.
30. Портал электрон харидларнинг якунларига кўра буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг ҳар биридан битим суммасининг 0,1 фоизи миқдоридаги операторнинг воситачилик йиғимини ушлаб қолади.
31. Иштирокчилар ва корпоратив буюртмачиларнинг банди бекор қилинган пул маблағларидан уларнинг топшириқларига асосан бошқа электрон давлат харидларида аванс тўловлари сифатида фойдаланилиши мумкин ёки хизмат кўрсатадиган банклардаги уларнинг ҳисобварақларига қайтарилади.
32. Томонлар шартномани бажаришни рад этганда ёки уни бажаришдан бошқача тарзда бош тортганда, буюртмачи ёки етказиб берувчи судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
33. Портал томонидан амалга оширилган харид қилиш тартиб-таомилларининг бошқа турлари бўйича амалга оширилган харидлар юзасидан ҲККП суднинг қонуний кучга кирган қарори ёки давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия қарори асосида закалатни банддан ечишни ва/ёки тегишли ҳисобвараққа ўтказишни амалга оширади.
Бунда ҲККП етказиб берувчининг закалати жарима сифатида бюджет буюртмачисига ўтказилиши тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган қарори ёки давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия қарори асосида закалатни бюджет буюртмачисининг бюджетдан ташқари тегишли ҳисобварағига ўтказишни амалга оширади.
7-боб. Якунловчи қоида
34. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
«Рақамли трансформация маркази» масъулияти чекланган жамиятининг электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш ва харидларни амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга 1-ИЛОВА
«Рақамли трансформация маркази» масъулияти чекланган жамиятининг электрон кооперация портали фаолиятини такомиллаштиришни ташкил этиш
Босқичлар Ижрочилар Амалга ошириладиган чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари (ишлар, хизматлар) турлари, ҳажми, техник тавсифлари, сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни; импорт қилинаётган ва экспортга йўналтирилаётган маҳсулотлар турлари ва ҳажми тўғрисидаги маълумотларни; талаб юқори бўлган ва ўзлаштирилиши тавсия этилган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар рўйхатини Электрон кооперация порталига жойлаштирилади. Ҳар чоракда 2-босқич Рақамли трансформация маркази, Рақамли технологиялар вазирлиги Буюртмачи ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида эркин рақобат ва нарх шаффофлиги тамойиллари асосида масофадан туриб шартнома тузиш имкониятига эга электрон тижорат платформасини такомиллаштириш ва доимий ишлашини таъминланади. Доимий равишда 3-босқич Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, давлат буюртмачилари Келгуси давр учун давлат харидларининг режа-жадваллари ва давлат харидларининг ўтган йилдаги амалдаги ҳажми, шу жумладан, импорт товарлари хариди тўғрисидаги маълумотларни Электрон кооперация порталига жойлаштиради. Ҳисобот даври якуни бўйича 4-босқич Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари Республикада ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг ҳажми ва техник параметрлари ҳақидаги маълумотлар тўғри ва ҳаққоний киритилишини таъминлайди ва уни ўз вақтида янгилаб боради. Доимий равишда 5-босқич Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ҳокимларнинг ёрдамчилари, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари Амалдаги статистика ҳисоботларида белгиланган тартибга мувофиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қайд этилмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни аниқлайди. Доимий равишда 6-босқич Солиқ қўмитаси, Рақамли трансформация маркази Электрон кооперация портали орқали тузилган шартномалар юзасидан етказиб берувчи томонидан маҳсулот етказилганлиги тўғрисида юборилган ва тасдиқланган электрон ҳисоб-фактуралар тўғрисидаги маълумотларни Электрон кооперация порталига тақдим этади. Доимий равишда 7-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Бюджет буюртмачилари томонидан шартнома асосида товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берилганлиги ҳақидаги ахборотни ДМБАТ олгандан сўнг ушбу маълумотларни маълумотлар базаларининг электрон алмашинуви орқали Электрон кооперация порталига юборади. Доимий равишда, бир банк иш куни мобайнида 8-босқич Рақамли трансформация маркази, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси Электрон кооперация порталини такомиллаштириш ҳамда статистика, божхона, сертификатлаштириш, солиқ, молия органлари маълумотлар базаси билан интеграция қилади. Доимий равишда
«Рақамли трансформация маркази» масъулияти чекланган жамиятининг электрон кооперация порталида ахборотни жойлаштириш ва харидларни амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга 2-ИЛОВА
1-жадвал
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш тўғрисида
МАЪЛУМОТ
Маҳсулот номи ва техник параметрлар Техник регламент, стандарт ТИФ ТН коди Маҳсулотларнинг (товарлар, ишлар, хизматларнинг) статистик таснифлагич коди Маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат рақами Юридик шахснинг номи ва жойлашган жойи (почта манзили) Телефон рақами
2-жадвал
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми тўғрисида
МАЪЛУМОТ *
Маҳсулот номи ва техник параметрлар Техник регламент, стандарт Маҳсулотларнинг (товарлар, ишлар, хизматларнинг) статистик таснифлагич коди Маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат рақами Ўлчов бирлиги Ишлаб чиқариш ҳажми Ўртача йиллик ишлаб чиқариш қуввати миқдори ҳажми, минг сўм
3-жадвал
Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолияти тўғрисида МАЪЛУМОТ**
ТИФ ТН коди Маҳсулот номи Ўлчов бирлиги Экспорт ҳажми Импорт ҳажми миқдори минг АҚШ доллари миқдори минг АҚШ доллари
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 833-сон қарорига 2-ИЛОВА
Мунтазам ўтказиладиган саноат ярмаркаларида республикада ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни харид қилиш бўйича буюртмачи сифатида иштирок этувчилар
Т/р Буюртмачилар гуруҳи Буюртмачиларни саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида қатнашишини таъминлашга масъул вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари 1. Нефть, газ, кимё ва энергетика саноати ташкилотлари Энергетика вазирлиги, «Ўзкимёсаноат» АЖ 2. Соғлиқни сақлаш муассасалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги 3. Мактабгача ва мактаб таълими муассасалари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 4. Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 5. Транспорт ташкилотлари Транспорт вазирлиги 6. Қурилиш, архитектура ва лойиҳалаштириш, шунингдек, иссиқлик таъминоти, ичимлик суви таъминоти, канализация ва таъмирлаш-тиклаш ташкилотлари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 7. Ирригация-мелеорация тизими ташкилотлари Сув хўжалиги вазирлиги 8. Ахборот технологиялари ва коммуникациялари ташкилотлари Рақамли технологиялар вазирлиги 9. Мусиқа ва санъат мактаблари, маданият муассасалари Маданият вазирлиги 10. Маҳсулотларни импорт қилувчи маҳаллий ташкилотлар Божхона қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 11. Тоғ-кон ва металлургия саноати ташкилотлари «Навоий КМК» АЖ «Олмалиқ КМК» АЖ «Ўзбекистон металлургия комбинати» АЖ 12. Автомобилсозлик саноати ва қишлоқ хўжалиги техникаси ташкилотлари «Ўзавтосаноат» АЖ 13. Бошқа ташкилотлар ва саноат ташкилотлари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 30 сентябрь,
833-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
ROʻYXATI
“Raqamli transformatsiya markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyatining elektron kooperatsiya portalida axborotni joylashtirish va xaridlarni amalga oshirish tartibini tasdiqlash toʻgʻrisida
Sanoat mahsulotlarini ishlab chiqarishda kooperatsiyani rivojlantirish, xoʻjalik yurituvchi subyektlar oʻrtasida oʻzaro hamkorlik uchun qulay shart-sharoitlar yaratish orqali sanoat mahsulotlari ishlab chiqarishni yanada kengaytirish va kichik tadbirkorlik subyektlarini sanoat faoliyatiga keng jalb etish, shuningdek muntazam oʻtkaziladigan sanoat yarmarkalari va elektron kooperatsiya portalini tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Sanoat kooperatsiyasini yanada rivojlantirish va talab yuqori boʻlgan mahsulotlar ishlab chiqarishni kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2019-yil 1-maydagi PQ-4302-son hamda “ Elektron tijorat maʼmurchiligini takomillashtirish va uni yanada rivojlantirish uchun qulay sharoitlar yaratish toʻgʻrisida ” 2021-yil 17-noyabrdagi PQ-14-son qarorlariga muvofiq davlat xaridlari maxsus axborot portali bilan integratsiyalashgan “Raqamli transformatsiya markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyatining (keyingi oʻrinlarda — Raqamli transformatsiya markazi) elektron kooperatsiya portali (keyingi oʻrinlarda — Portal) ishlab chiqilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Raqamli transformatsiya markazining elektron kooperatsiya portalida axborotni joylashtirish va xaridlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Belgilansinki:
Raqamli transformatsiya markazining faoliyati xoʻjalik faoliyatidan olinadigan daromadlar, xorijiy va xalqaro moliya tashkilotlari grantlari, donorlik mablagʻlari, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyashtiriladi.
4. Raqamli transformatsiya markaziga portal faoliyatiga oid quyidagi qoʻshimcha vazifalar yuklansin:
respublikada sanoat mahsulotlari, shu jumladan mahalliylashtirilgan tayyor mahsulotlar, butlovchi buyumlar, xom ashyo va materiallarni sotish yoki sotib olish boʻyicha shartnomalarni tuzish uchun portalda sharoitlar yaratish;
portalda xoʻjalik yurituvchi subyektlar oʻrtasida munosabatlarning erkinligini va shartnomalarni tuzish shaffofligini taʼminlovchi mexanizmlarni tatbiq qilish;
respublikada ishlab chiqarilayotgan mahsulotlarining turlari, texnik tavsiflari va sifat koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni onlayn tarzda portalga joylashtirish.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Sanoat kooperatsiyasi va davlat xaridlari agentligi budjet va korporativ buyurtmachilar, shuningdek, strategik xarid qiluvchilar bilan birgalikda ularning kelgusi davr uchun davlat xaridlari reja-jadvallarining portalga muntazam ravishda kiritib borilishini taʼminlasin.
6. Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari hamda Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi bilan birgalikda har uch oyda kooperatsiya aloqalarini kengaytirish orqali xoʻjalik yurituvchi subyektlarni xarid faoliyatiga jalb qilish maqsadida respublikada ishlab chiqarilayotgan tayyor mahsulotlarning sanoat yarmarkalari oʻtkazib borilishini taʼminlasin.
Bunda rivojlangan xorijiy davlatlar tajribasidan kelib chiqib, mahsulotlarni zamonaviy dizayn asosida joylashtirishni hamda buyurtmachi va ishlab chiqaruvchilar oʻrtasidagi shartnomalarning onlayn tarzda portal orqali tuzilishini nazarda tutsin.
7. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:
muntazam oʻtkaziladigan sanoat yarmarkalarida respublikada ishlab chiqarilgan tayyor mahsulotlar, butlovchi buyumlar, xom ashyo va materiallarni xarid qilish boʻyicha buyurtmachi sifatida ishtirok etadiganlar 2-ilovaga muvofiq vazirlik, idora va xoʻjalik birlashmalari tomonidan taʼminlanadi;
mahalliy korxonalar tomonidan ishlab chiqarilgan tayyor mahsulotlar, butlovchi buyumlar, xom ashyo va materiallar respublikaning barcha isteʼmolchilari uchun tenderlarsiz toʻgʻridan-toʻgʻri elektron kooperatsiya birjasi portali orqali xarid qilinadi.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda erkin iqtisodiy va kichik sanoat zonalaridagi korxonalar ishlab chiqarilishi oʻzlashtirilgan import oʻrnini bosuvchi mahsulotlar bilan sanoat yarmarkalarida koʻrgazmali ishtirok etishini taʼminlasinlar.
9. Toshkent shahar hokimligi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va sanoat vazirligi, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, Savdo-sanoat palatasi bilan birgalikda sanoat yarmarkalarini muntazam ravishda oʻtkazib borish joyi toʻgʻrisida bir oy muddatda Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi tashqi bozorlar konyunkturasini doimiy oʻrgangan holda, import ulushi yuqori boʻlgan mahsulotlarni kelgusida respublikada ishlab chiqarilishini nazarda tutuvchi xorijiy investitsiyalar ishtirokidagi loyihalarni amalga oshirish choralarini koʻrsin.
11. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi va Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi sanoat yarmarkalari va elektron kooperatsiya birjasi faoliyatini tadbirkorlik subyektlariga yetkazish maqsadida ommaviy axborot vositalarida keng yoritilishini taʼminlasin.
12. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Oʻzbekiston Respublikasi iqtisodiyot va sanoat vaziri B.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 30-sentabrdagi 833-son qaroriga 1-ILOVA
“Raqamli transformatsiya markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyatining elektron kooperatsiya portalida axborotni joylashtirish va xaridlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom “Raqamli transformatsiya markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyatining (keyingi oʻrinlarda — Raqamli transformatsiya markazi) elektron kooperatsiya portali (keyingi oʻrinlarda — Elektron kooperatsiya portali) faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
avans — xarid qilish jarayonida buyurtmachi va yetkazib beruvchi tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda kiritiladigan, jumladan, tomonlarning zakalatlari (budjet buyurtmachilari bundan mustasno) va operatorning vositachilik yigʻimini oʻz ichiga olgan moliyaviy mablagʻlar summasi;
buyurtmachi — Elektron kooperatsiya portalida tovarlarni xarid qiluvchi yuridik shaxs;
yetkazib beruvchi — taklif etilgan shartlarda oʻzining Elektron kooperatsiya portalida qatnashib, savdolarda gʻolib chiqqan taqdirda, oʻzi ishlab chiqargan tayyor tovarlarni (ishlar, xizmatlarni) yetkazib berish niyatini bildirgan mahalliy ishlab chiqaruvchilar yoki ularning dilerlari;
agent — buyurtmachilar va yetkazib beruvchilarga topshiriq shartnomasi asosida ularning Elektron kooperatsiya portalida qatnashishini taʼminlashga doir professional xizmatlar koʻrsatadigan yuridik shaxs;
xarid shartnomasi — xaridlar boʻyicha huquq va majburiyatlarni belgilash, oʻzgartirish yoki bekor qilish toʻgʻrisida buyurtmachi va yetkazib beruvchi oʻrtasidagi elektron tartibda tuziladigan bitim;
raqamli ekotizim operatori — Raqamli transformatsiya markazi;
shaxsiy kabinet — buyurtmachi yoki yetkazib beruvchining elektron xaridlarda ishtirok etishi, shuningdek, zarur axborotni joylashtirishi yoki olishi imkoniyati taqdim etiladigan, individual login va parollarni koʻllash orqali foydalaniladigan Elektron kooperatsiya portalidagi shaxsiy sahifasi;
reja-jadval — Elektron kooperatsiya portalida davlat buyurtmachilari tomonidan joylashtiriladigan tovarlar tavsifi, xaridlar hajmi va muddatlarini nazarda tutuvchi hujjat;
hisob-kitob-kliring palatasi (keyingi oʻrinlarda — HKKP) — kliring elektron tizimi orqali Elektron kooperatsiya portalida tuzilgan xarid shartnomalari boʻyicha kliring, hisob-kitob va oʻzaro hisob-kitoblarni amalga oshirishni taʼminlovchi operatorning tarkibiy boʻlinmasi;
Elektron kooperatsiya portali — operatorning davlat xaridlari maxsus axborot portali bilan integratsiyalashgan, shu jumladan, ushbu Nizomda nazarda tutilgan axborotlarni joylashtirish, ulardan foydalanish hamda elektron savdo yarmarkalari va xaridlarni oʻtkazishni taʼminlaydigan elektron platformasi;
oʻxshash tovarlar — funksional maqsadi, qoʻllanilishi, sifati va texnik xususiyatlari boʻyicha taqqoslanadigan, Tashqi iqtisodiy faoliyat tovar nomenklaturasi kodining (keyingi oʻrinlarda — TIF TN) dastlabki 4 ta raqami bir xil boʻlgan tovarlar;
davlat xaridlari maxsus axborot portali — vakolatli organ tomonidan yuritiladigan, davlat xaridlari amalga oshirilishi toʻgʻrisidagi eʼlonlar, davlat xaridlarining yakunlari, ishtirokchilarning takliflari haqidagi axborotni va qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa axborotni elektron shaklda koʻzdan kechirishni, shuningdek, amalga oshirilgan elektron davlat xaridlari toʻgʻrisida davlat xaridlari elektron tizimlarining operatorlari tomonidan kiritiladigan (yuboriladigan) axborotni toʻplashni taʼminlovchi veb-saytdir (maxsus elektron platforma).
3. Raqamli transformatsiya markazining elektron kooperatsiya portali faoliyatini takomillashtirishni tashkil etish ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha amalga oshiriladi.
Raqamli transformatsiya markazi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda muntazam ravishda buyurtmachi va ishlab chiqaruvchilar oʻrtasida erkin raqobat va narx shaffofligi tamoyillari asosida masofadan turib shartnoma tuzish imkoniyatiga ega elektron tijorat platformasini takomillashtirish choralarini koʻradi va doimiy ishlashini taʼminlaydi.
4. Elektron kooperatsiya portali (keyingi oʻrinlarda — Portal) quyidagilarni:
a) bir necha mezonlar va koʻrsatkichlar boʻyicha izlash imkoniyatiga ega boʻlgan, muntazam yangilab boriladigan hamda quyidagilar:
10 ta belgidan iborat TIF TN kodlari bilan oʻzaro bogʻliqlikda har bir mahsulot turi boʻyicha tovar bozorining hajmi (ishlab chiqarish, import, eksport hajmi) toʻgʻrisidagi;
mahalliy tashkilotlar tomonidan ishlab chiqarilayotgan mahsulotlar nomenklaturasi, ularning texnik va narx koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi;
buyurtmachilarning kelgusi davr uchun xarid reja-jadvallari toʻgʻrisidagi;
mahalliy tashkilotlar negizida ishlab chiqarish tavsiya etilayotgan istiqbolli mahsulot turlari roʻyxati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni qamrab oluvchi maʼlumotlar bazasini shakllantirish va joylashtirishni;
b) tashkilotlar tomonidan kerakli shakllar onlayn rejimida mustaqil toʻldirilishi orqali mahalliy tashkilotlar uchun axborot maʼlumotlar bazasiga bepul kiritilishini;
v) yetkazib beruvchilar bilan davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalari oʻrtasida interaktiv hamkorlik qilish imkoniyatini;
g) davlat xaridlari maxsus axborot portali bilan davlat xaridlari boʻyicha integratsiyasini;
d) davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalari maʼlumotlar bazalari bilan integratsiyasini;
e) mahalliy ishlab chiqaruvchilar va ular tomonidan ishlab chiqariladigan tovarlar reyestri yuritilishini va jamoatchilikka ochiqlanishini taʼminlaydi.
2-bob. Mahalliy ishlab chiqaruvchilarni aniqlash tartibi
5. Mahalliy ishlab chiqaruvchi amaldagi statistika hisobotlarida belgilangan tartibga muvofiq sanoat mahsulotlari ishlab chiqarish koʻrsatkichlari qayd etilgan yoki mazkur Nizomning 6 va 7-bandlarida nazarda tutilgan talablariga mos keluvchi yuridik shaxs.
Bunda Vazirlar Mahkamasining “Mahalliy ishlab chiqarilgan tovarlarni aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2024-yil 28-oktabrdagi 712-son qaroriga 2-ilovada belgilangan muddatlardan soʻng mahalliy ishlab chiqaruvchilar mahalliy ishlab chiqarilgan tovar toʻgʻrisidagi sertifikat asosida aniqlanadi.
6. Amaldagi statistika hisobotlarida belgilangan tartibga muvofiq sanoat mahsulotlari ishlab chiqarish koʻrsatkichlari qayd etilmagan mahalliy ishlab chiqaruvchi quyidagilar orqali aniqlanadi:
amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat roʻyxatidan oʻtganligi;
iqtisodiy faoliyat turlari tasniflagichi (IFUT) boʻyicha tashkilot (ikki va undan ortiq faoliyat turi bilan shugʻullanuvchi yuridik shaxslar bundan mustasno) faoliyat yuritishi;
ishlab chiqarilayotgan mahsulotning muvofiqlik sertifikati (agar texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiqligi tasdiqlanishi majburiy boʻlgan mahsulotlar roʻyxatiga kiritilgan boʻlsa) mavjudligi;
litsenziyalanadigan faoliyat turi boʻlgan taqdirda, ushbu faoliyat uchun talab qilingan litsenziyaning mavjudligi;
tashkilot mulki boʻlgan yoki ijara shartnomasi asosida foydalanishga olingan ishlab chiqarish maydoni mavjudligi;
tashkilot mulki boʻlgan yoki ijara shartnomasi asosida foydalanishga olingan asbob-uskunalar mavjudligi;
tashkilotda mehnat shartnomasi asosida faoliyat yurituvchi mutaxassislar, jumladan, ishlab chiqarishda band boʻlgan xodimlar mavjudligi.
Bunda Ishlab chiqarishni mahalliylashtirish va sanoatda kooperatsiya aloqalarini kengaytirish masalalari boʻyicha hokimlarning yordamchilari, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Milliy statistika qoʻmitasi, Savdo-sanoat palatasi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining hududiy boʻlinmalari tomonidan tegishliligi boʻyicha sohaviy tarmoq xoʻjalik birlashmalari mutaxassislarini jalb qilgan holda amaldagi statistika hisobotlarida belgilangan tartibga muvofiq sanoat mahsulotlari ishlab chiqarish koʻrsatkichlari qayd etilmagan mahalliy ishlab chiqaruvchilarni aniqlash ishlari doimiy ravishda amalga oshiriladi.
7. Portalga joylashtiriladigan mahsulot mahalliy ishlab chiqarilgan tovar toʻgʻrisidagi sertifikatga ega boʻlishi lozim.
Bunda mahalliy ishlab chiqarilgan tovar toʻgʻrisidagi sertifikat Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 28-oktabrdagi 712-son qarori bilan tasdiqlangan Mahalliy ishlab chiqarilgan tovarlarni aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 6-bandiga muvofiq beriladi.
Yetkazib beruvchi Portalga ariza bilan birgalikda yetkazib beriladigan mahsulotlar boʻyicha mahalliylashtirishning belgilangan minimal darajasiga muvofiqligi toʻgʻrisidagi hisob-kitoblar hamda tasdiqlovchi hujjatlarni taqdim etadi.
Yetkazib beriladigan mahsulotlar boʻyicha mahalliylashtirishning belgilangan minimal darajasiga muvofiqligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning ishonchliligi uchun javobgarlik yetkazib beruvchiga yuklanadi. Operator yetkazib beruvchining maʼlumotlari toʻgʻriligini nazorat qilish yoki tekshirishga haqli emas.
Davlat buyurtmachilari, raqobatchi-yetkazib beruvchilar va davlat organlarida mahalliylashtirish darajasi boʻyicha yetkazib beruvchi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarning ishonchliligiga shubha tugʻilgan taqdirda, ular maʼlumotlarning ishonchliligini tekshirish uchun soliq organlariga murojaat qilish huquqiga ega.
Yetkazib berilayotgan mahsulotlarning mahalliylashtirishning minimal darajasiga muvofiqligi toʻgʻrisida yetkazib beruvchi tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar ishonchsiz deb topilgan taqdirda, bunday yetkazib beruvchi Davlat xaridlari sohasidagi shikoyatlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiyasining qaroriga koʻra insofsiz ijrochilar (yetkazib beruvchilar) reyestriga kiritiladi.
Insofsiz ijrochilarning yagona reyestriga kiritilgan yetkazib beruvchilar hamda mahalliy ishlab chiqarilgan tovar toʻgʻrisidagi sertifikati bekor qilingan mahsulot avtomatik ravishda Portaldan chiqariladi.
Portal insofsiz ijrochilar (yetkazib beruvchilar) reyestrini eʼlon qilinishi va muntazam ravishda yangilanib borilishini taʼminlaydi.
8. Zarur boʻlganda yuridik shaxslar muayyan mahsulotni ishlab chiqarish uchun talab etiladigan texnik hujjatlarni (texnik reglamentlar, standartlashtirishga doir normativ hujjatlar, sanitariya, veterinariya, veterinariya-sanitariya, fitosanitariya qoidalari va normalari) taqdim etadi.
3-bob. Elektron kooperatsiya portali ishtirokchilarining huquq va majburiyatlari
9. Operator quyidagi huquqlarga ega:
Portalda joylashtirilgan maʼlumotlarga texnologik va axborot xavfsizligini taʼminlash talablarini belgilash;
buyurtmachi tomonidan xaridlarni amalga oshirish toʻgʻrisida eʼlon va xaridlar reja-jadvallari joylashtirilmagan hollarda xaridlarni amalga oshirish natijalari haqidagi axborotni chop etish.
Operator qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
10. Operatorning majburiyatlari:
Portalning uzluksiz ishlashini taʼminlash;
oʻz faoliyatini qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshirish;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq Portalda mavjud boʻlgan axborotdan jismoniy va yuridik shaxslarning bepul erkin foydalanishini taʼminlash;
integratsiya masalalari hamda davlat axborot tizimlari va davlat elektron axborot resurslari xavfsizligini taʼminlash boʻyicha maxsus vakolatli organ bilan hamkorlikni amalga oshirish;
xaridlar natijalari boʻyicha tovarlar, ishlar, xizmatlar narxlari maʼlumotlar bazasini tashkil etish va yangilab borish;
Portalda tuzilgan shartnomalar reyestrlarini shakllantirish va yuritish;
Portalda joylashtirilgan axborotning yaxlitligini taʼminlash;
davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalari uchun ushbu Nizomda nazarda tutilgan tartibda axborotdan foydalanish imkoniyatini yaratish;
Portalni bosqichma-bosqich takomillashtirish, logistika, marketing va boshqa axborot tizimlariga ulash kabi xizmatlar majmuasini kengaytirish;
maʼlumotlar bazasida axborotni Portalga joylashtirilgan davrdan boshlab besh yil mobaynida saqlash;
davlat buyurtmachilarining Portal orqali tuzilgan shartnomalari davlat xaridlari maxsus axborot portaliga avtomatik rejimda yuborilishini taʼminlash;
buyurtmachilar va yetkazib beruvchilar uchun HKKPda alohida shaxsiy hisobvaraqlar ochish;
buyurtmachilar va ishtirokchilarga shaxsiy kabinetlar tashkil etish;
maʼlumotlari yetarli boʻlmagan oferta takliflarini joylashtirish monitoringini olib borish;
odob-axloq qoidalariga rioya etish.
Portal faoliyati doirasida qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.
Operator davlat xaridlarini amalga oshirish va narx belgilash jarayoniga aralashishga, kontragentlarni tanlashda va shartnomalar tuzishda davlat xaridlari subyektlarining erkinligini cheklashga, shuningdek, davlat xaridlari subyektlarining huquqlarini boshqacha tarzda cheklashga haqli emas.
11. Davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalari quyidagi maʼlumotlar:
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Milliy statistika qoʻmitasi, Savdo-sanoat palatasi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining hududiy boʻlinmalari tomonidan respublikada ishlab chiqarilayotgan sanoat mahsulotlarining hajmi va texnik parametrlari toʻgʻrisidagi;
Oʻzbekiston Respublikasi Milliy statistika qoʻmitasi va Bojxona qoʻmitasi tomonidan sanoat mahsulotlarining import va eksport hajmi toʻgʻrisidagi;
davlat buyurtmachilari kelgusi davr uchun davlat xaridlarining reja-jadvallarini va davlat xaridlarining oʻtgan yildagi amaldagi hajmi, shu jumladan, import tovarlari toʻgʻrisidagi;
Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi mahalliy tashkilotlar tomonidan ishlab chiqarish tavsiya etilayotgan oʻzlashtirilishi istiqbolli mahsulot turlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Portalga oʻz vaqtida kiritilishini, ularning ishonchliligi, toʻliqligi va yangilab borilishini taʼminlaydilar.
Bunda Soliq qoʻmitasi hamda Raqamli transformatsiya markazi elektron kooperatsiya portali orqali tuzilgan shartnomalar yuzasidan yetkazib beruvchi tomonidan mahsulot yetkazilganligi toʻgʻrisida yuborilgan va tasdiqlangan elektron hisob-fakturalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning Elektron kooperatsiya portali orqali oʻzaro almashinuvini taʼminlaydi.
12. Barcha foydalanuvchilar ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilish uchun ochiq axborotdan foydalanishda yoki ularni uchinchi shaxslarga berishda majburiy tarzda Portalga havola qilgan holda uning ishonchliligini taʼminlashlari zarur.
4-bob. Elektron kooperatsiya portalida axborotni joylashtirish tartibi
13. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi tomonidan Portalga ishlab chiqariladigan sanoat mahsulotlari turlari va hajmlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni joylashtirish mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan jadvallarga asosan amalga oshiriladi.
14. Buyurtmachilar (budjet buyurtmachilari bundan mustasno) va yetkazib beruvchilar Portalga elektron raqamli imzo (keyingi oʻrinlarda — ERI) yordamida elektron roʻyxatdan oʻtish orqali kiritiladi.
15. Davlat buyurtmachilari Portalga davlat xaridlariga oid xaridlar reja-jadvallarini davlat xaridlari maxsus axborot portali orqali Oʻzbekiston Respublikasi Sanoat kooperatsiyasi va davlat xaridlari agentligi va operator oʻrtasida axborot almashish yoʻli bilan joylashtiradi.
16. Portalda joylashtirilgan xaridlar reja-jadvali quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi kerak:
xarid predmeti va miqdori;
xarid qilish oyi;
buyurtmachining nomi va manzili;
xarid predmetini moliyalashtirish manbalari;
tovarlarni yetkazib berish muddatlari va shartlari.
17. Yetkazib beruvchilar Portalga oʻzlari tomonidan ishlab chiqarilayotgan mahsulotlar toʻgʻrisida quyidagi maʼlumotlarni kiritadi:
taklif etilayotgan tovarlar (ishlar, xizmatlar) nomi va 10 ta belgidan iborat Tashqi iqtisodiy faoliyat tovar nomenklaturasining kodlari;
sotish narxi;
tovarning eng koʻp va eng kam hajmi;
tovarning rusumi va texnik parametrlari (texnik pasport yoki boshqa hujjat asosida);
oʻzlari ishlab chiqargan tovarning fotosurati;
tovar yetkazib beriladigan hudud;
kafolat shartlari va muddati haqida maʼlumot;
tovarning ishlab chiqarilgan yili;
tovarning yaroqlilik muddati;
yetkazib berish muddati;
zarur hollarda litsenziya, ruxsat etish xususiyatiga ega boshqa hujjat yoki sertifikat mavjudligi toʻgʻrisidagi axborot.
18. Buyurtmachi va yetkazib beruvchilar tomonidan Elektron kooperatsiya portaliga joylashtirilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligi, haqqoniyligi va mazmuni bilan bogʻliq huquqiy oqibatlar uchun operator javobgar boʻlmaydi.
19. Yetkazib beruvchilarning oferta takliflarini xaridga kiritish portalga mazkur nizomning 17-bandida koʻrsatilgan maʼlumotlarni toʻliq kiritilgandan soʻng uch ish kuni davomida amalga oshiriladi.
5-bob. Elektron kooperatsiya portali orqali xaridlarni amalga oshirish tartibi
20. Iqtisodiyot va moliya vazirligi operator uchun oʻzining axborot tizimida maxsus shaxsiy hisobvaraqlar ochadi va operatorga pul mablagʻlarini boshqarish vakolatini beradi.
21. Buyurtmachilar, budjet buyurtmachilardan tashqari, va yetkazib beruvchilar xaridlarda ishtirok etishdan oldin HKKPdagi shaxsiy hisobvaragʻiga tovar (ish va xizmatlar) boshlangʻich qiymatining 1,1 foizi miqdorida avansni joylashtiradi.
Avans shartnoma summasining 1 foizi miqdoridagi zakalat hamda shartnoma summasining 0,1 foizi miqdoridagi operatorning vositachilik yigʻimini oʻz ichiga oladi.
Bunda muntazam oʻtkaziladigan sanoat yarmarkalari doirasida xususiy tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida tuziladigan miqdori bazaviy hisoblash miqdorining yigirma besh ming baravarigacha boʻlgan shartnomalar boʻyicha ishtirokchilardan avans talab etilmaydi hamda ulardan vositachilik yigʻimi olinmaydi.
Korporativ buyurtmachilar va yetkazib beruvchilar oʻzlarining HKKPdagi hisobvaraqlarida avans toʻlovining miqdori yetarli boʻlgan hollarda Portalda tashkil etiladigan elektron xaridlarda ishtirok etish huquqiga ega boʻladilar.
Budjet buyurtmachilari esa ularning HKKPdagi hisobvaraqlarida operatorning vositachilik yigʻimi summasi miqdori mavjud boʻlgan taqdirda, elektron xaridlarda ishtirok etish huquqiga ega boʻladilar.
22. Buyurtmachilar (davlat buyurtmachilari bundan mustasno) Portalda tovar joylashtirgan yetkazib beruvchilar bilan avtomatik ravishda elektron tarzda shartnoma tuzadi.
Portalda roʻyxatdan oʻtkazilgan ishtirokchilarning hech biri dastlabki taklifdan pastroq narxni taklif qilmasa, Portal buyurtmachi va yetkazib beruvchi oʻrtasidagi bitimni roʻyxatdan oʻtkazadi.
Bunda xaridlar toʻxtatilishi muddati ish kuni va ish vaqtiga toʻgʻri kelishi lozim.
23. Davlat buyurtmachisi Portaldagi elektron tijorat platformasida yetkazib beruvchilarning ofertalarini oʻrganish yoʻli bilan oʻzi uchun zarur boʻlgan tovarni tanlaydi va tovar tanlanganidan keyin narxlar soʻrovi mexanizmidan foydalanadi.
Elektron kooperatsiya portali avtomatik tarzda ofertani taklif etgan yetkazib beruvchiga hamda ushbu portalda oʻxshash tovarni taklif etayotgan boshqa yetkazib beruvchilarga narx soʻrovini yuboradi.
Yetkazib beruvchilar Elektron kooperatsiya portali tomonidan narx soʻrovi yuborilgan paytdan boshlab qirq sakkiz soat ichida pastroq narx takliflarini berishga haqli.
Yetkazib beruvchilar tomonidan berilgan narx boʻyicha takliflarni taqqoslash Elektron kooperatsiya portali tomonidan avtomatik tarzda amalga oshiriladi.
Elektron kooperatsiya portalida shartnoma davlat buyurtmachisi tomonidan tanlangan yetkazib beruvchining ofertasida bayon etilgan shartlarga muvofiq hamda yetkazib beruvchilar tomonidan taklif etilgan eng past narxda shakllantiriladi.
24. Agar narx soʻrovi mobaynida ishtirokchi tomonidan taklif qilingan narx buyurtmachi tomonidan tanlangan narxdan 20 va undan ortiq foizga past boʻlsa, ishtirokchi buyurtmachi tanlagan ofertaning narxi va oʻzi taklif etgan narxning farqi miqdoridagi qoʻshimcha zakalatni xarid predmetining har bir birligi uchun oldindan kiritishi shart (qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollar bundan mustasno). Bunda ofertaning summasi:
bazaviy hisoblash miqdorining ikki ming besh yuz baravaridan oshmaydigan hollarda, qoʻshimcha zakalat summasi bazaviy hisoblash miqdorining yuz baravaridan;
bazaviy hisoblash miqdorining ikki ming besh yuz baravaridan oshgan hollarda, qoʻshimcha zakalat summasi bazaviy hisoblash miqdorining ming baravaridan oshmasligi kerak.
Qoʻshimcha zakalat mavjud boʻlmagan taqdirda, ushbu takliflar elektron tizim tomonidan avtomatik ravishda rad etiladi.
25. Portalda tuzilgan bitim elektron roʻyxatga olinadi, buyurtmachi va yetkazib beruvchining shaxsiy hisobvaragʻidan operatorning vositachilik toʻlovi yechib olinadi. Bitimni roʻyxatga olish ushbu portalda shartnomani shakllantirish va unga oʻziga xos raqam berish bilan amalga oshiriladi.
Buyurtmachi va yetkazib beruvchi oʻrtasida ERIdan foydalangan holda Elektron kooperatsiya portalida tuzilgan shartnoma tegishli shaklda tuzilgan hisoblanadi.
26. Operator davlat buyurtmachilarining shartnomalari boʻyicha maʼlumotni avtomatik rejimda davlat xaridlari maxsus axborot portaliga yuboradi. Davlat xaridlari maxsus axborot portali shartnoma maʼlumotlarini davlat buyurtmachilari tomonidan tuzilgan shartnomalar reyestriga kiritadi.
6-bob. Shartnomaviy majburiyatlar ijrosini taʼminlash tartibi
27. Buyurtmachilar (budjet buyurtmachilari bundan mustasno) hamda elektron xaridlarni amalga oshirish jarayonida eng maqbul narx taklif etgan yetkazib beruvchilar tomonidan kiritilgan zakalatlar taraflar oʻrtasida tuzilgan shartnomalar ijrosini taʼminlash maqsadida majburiyatlar toʻliq bajarilgunga yoki belgilangan tartibda bekor qilingunga qadar band qilib qoʻyiladi.
Shuningdek, ishtirokchilarning kiritgan avans toʻlovlari elektron xaridlarda gʻolib aniqlangunga qadar band qilib qoʻyiladi.
28. Portal orqali elektron xaridlarni amalga oshirish jarayonida ishtirokchilar oʻrtasida oldindan toʻlov shartlarisiz shartnomalar tuzilgan hollarda buyurtmachilar shartnoma tuzilgan kundan boshlab oʻn bank ish kuni mobaynida oʻzlarining HKKPdagi shaxsiy hisobvaragʻiga shartnoma summasining 100 foizi miqdoridagi pul mablagʻlarini oʻtkazishni taʼminlash majburiyatini oladi.
Portal orqali elektron xaridlarni amalga oshirish jarayonida ishtirokchilar oʻrtasida oldindan toʻlov shartlari bilan shartnomalar tuzilgan hollarda, buyurtmachilar shartnoma tuzilgan kundan boshlab oʻn bank ish kuni mobaynida oʻzlarining HKKPdagi shaxsiy hisobvaragʻiga shartnomada belgilangan oldindan toʻlov miqdoridagi summa oʻtkazilishini taʼminlash majburiyatini oladi.
Buyurtmachilar ushbu bandning birinchi-ikkinchi xatboshilarida keltirilgan majburiyatlarni belgilangan muddatlarda bajarmagan taqdirda, majburiyatni bajarish muddati tugagan kundan boshlab uch bank ish kuni mobaynida elektron shaklda majburiyatlar lozim darajada bajarilmayotganligi boʻyicha buyurtmachiga xabarnoma yuboradi va xabarnoma yuborilgandan keyingi besh bank ish kunidan soʻng buyurtmachilarning zakalat summasi mahsulot yetkazib beruvchilarning HKKPsidagi hisobvaraqlariga oʻtkazib beriladi.
29. HKKP buyurtmachidan elektron tijorat platformasi orqali tuzilgan shartnoma boʻyicha tushgan toʻlov summasini band qilib qoʻyadi va pul mablagʻlari tushgan kunning ertasidan bir ish kunidan kechikmagan muddatda elektron shaklda toʻlovni amalga oshirish boʻyicha yetkazib beruvchiga xabarnoma yuboradi.
Mazkur xabarnoma yetkazib beruvchiga tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) yetkazib berish uchun asos boʻlib xizmat qiladi.
Yetkazib beruvchi tomonidan tovarlar (ishlar, xizmatlar) HKKP tomonidan toʻlov amalga oshirilishi toʻgʻrisidagi xabarnomasiz yetkazib berilgan taqdirda, buyurtmachi tomonidan tovarlar uchun toʻlovni amalga oshirmaslik xavfi yetkazib beruvchining zimmasida boʻladi.
Korporativ buyurtmachilar shartnoma boʻyicha tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) qabul qilgandan keyin uch bank ishi kuni mobaynida oʻzining shaxsiy kabineti orqali tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) toʻliq hajmda qabul qilganligini tasdiqlaydi.
Budjet buyurtmachilari shartnoma boʻyicha tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) qabul qilgandan soʻng uch bank ish kuni mobaynida tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) toʻliq hajmda qabul qilganlik toʻgʻrisidagi axborotni budjet tashkilotlarining hisobi va hisobotlari avtomatlashtirilgan tizimining dasturiy kompleksi (keyingi oʻrinlarda — OʻzBTAD) orqali Iqtisodiyot va moliya vazirligining davlat moliyasini boshqarish axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — DMBAT)ga kiritadi.
Budjet buyurtmachilari shartnoma asosida tovarlar (ishlar, xizmatlar) yetkazib berilganligi haqidagi axborotni DMBAT olgandan soʻng ushbu maʼlumotlarni bir bank ish kuni mobaynida maʼlumotlar bazalarining elektron almashinuvi orqali Operatorga yuboradi.
30. Portal elektron xaridlarning yakunlariga koʻra buyurtmachilar va yetkazib beruvchilarning har biridan bitim summasining 0,1 foizi miqdoridagi operatorning vositachilik yigʻimini ushlab qoladi.
31. Ishtirokchilar va korporativ buyurtmachilarning bandi bekor qilingan pul mablagʻlaridan ularning topshiriqlariga asosan boshqa elektron davlat xaridlarida avans toʻlovlari sifatida foydalanilishi mumkin yoki xizmat koʻrsatadigan banklardagi ularning hisobvaraqlariga qaytariladi.
32. Tomonlar shartnomani bajarishni rad etganda yoki uni bajarishdan boshqacha tarzda bosh tortganda, buyurtmachi yoki yetkazib beruvchi sudga murojaat etish huquqiga ega.
33. Portal tomonidan amalga oshirilgan xarid qilish tartib-taomillarining boshqa turlari boʻyicha amalga oshirilgan xaridlar yuzasidan HKKP sudning qonuniy kuchga kirgan qarori yoki davlat xaridlari sohasidagi shikoyatlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiya qarori asosida zakalatni banddan yechishni va/yoki tegishli hisobvaraqqa oʻtkazishni amalga oshiradi.
Bunda HKKP yetkazib beruvchining zakalati jarima sifatida budjet buyurtmachisiga oʻtkazilishi toʻgʻrisida sudning qonuniy kuchga kirgan qarori yoki davlat xaridlari sohasidagi shikoyatlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiya qarori asosida zakalatni budjet buyurtmachisining budjetdan tashqari tegishli hisobvaragʻiga oʻtkazishni amalga oshiradi.
7-bob. Yakunlovchi qoida
34. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
“Raqamli transformatsiya markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyatining elektron kooperatsiya portalida axborotni joylashtirish va xaridlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida nizomga 1-ILOVA
“Raqamli transformatsiya markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyatining elektron kooperatsiya portali faoliyatini takomillashtirishni tashkil etish
Bosqichlar Ijrochilar Amalga oshiriladigan chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Bojxona qoʻmitasi, Oʻzbekiston Respublikasi Milliy statistika qoʻmitasi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Mamlakatda ishlab chiqarilayotgan sanoat mahsulotlari (ishlar, xizmatlar) turlari, hajmi, texnik tavsiflari, sifat koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni; import qilinayotgan va eksportga yoʻnaltirilayotgan mahsulotlar turlari va hajmi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni; talab yuqori boʻlgan va oʻzlashtirilishi tavsiya etilgan import oʻrnini bosuvchi mahsulotlar roʻyxatini Elektron kooperatsiya portaliga joylashtiriladi. Har chorakda 2-bosqich Raqamli transformatsiya markazi, Raqamli texnologiyalar vazirligi Buyurtmachi va ishlab chiqaruvchilar oʻrtasida erkin raqobat va narx shaffofligi tamoyillari asosida masofadan turib shartnoma tuzish imkoniyatiga ega elektron tijorat platformasini takomillashtirish va doimiy ishlashini taʼminlanadi. Doimiy ravishda 3-bosqich Sanoat kooperatsiyasi va davlat xaridlari agentligi, davlat buyurtmachilari Kelgusi davr uchun davlat xaridlarining reja-jadvallari va davlat xaridlarining oʻtgan yildagi amaldagi hajmi, shu jumladan, import tovarlari xaridi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Elektron kooperatsiya portaliga joylashtiradi. Hisobot davri yakuni boʻyicha 4-bosqich Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Milliy statistika qoʻmitasi, Savdo-sanoat palatasi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining hududiy boʻlinmalari Respublikada ishlab chiqarilayotgan sanoat mahsulotlarining hajmi va texnik parametrlari haqidagi maʼlumotlar toʻgʻri va haqqoniy kiritilishini taʼminlaydi va uni oʻz vaqtida yangilab boradi. Doimiy ravishda 5-bosqich Ishlab chiqarishni mahalliylashtirish va sanoatda kooperatsiya aloqalarini kengaytirish masalalari boʻyicha hokimlarning yordamchilari, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Milliy statistika qoʻmitasi, Savdo-sanoat palatasi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining hududiy boʻlinmalari Amaldagi statistika hisobotlarida belgilangan tartibga muvofiq sanoat mahsulotlari ishlab chiqarish koʻrsatkichlari qayd etilmagan mahalliy ishlab chiqaruvchilarni aniqlaydi. Doimiy ravishda 6-bosqich Soliq qoʻmitasi, Raqamli transformatsiya markazi Elektron kooperatsiya portali orqali tuzilgan shartnomalar yuzasidan yetkazib beruvchi tomonidan mahsulot yetkazilganligi toʻgʻrisida yuborilgan va tasdiqlangan elektron hisob-fakturalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Elektron kooperatsiya portaliga taqdim etadi. Doimiy ravishda 7-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Budjet buyurtmachilari tomonidan shartnoma asosida tovarlar (ishlar, xizmatlar) yetkazib berilganligi haqidagi axborotni DMBAT olgandan soʻng ushbu maʼlumotlarni maʼlumotlar bazalarining elektron almashinuvi orqali Elektron kooperatsiya portaliga yuboradi. Doimiy ravishda, bir bank ish kuni mobaynida 8-bosqich Raqamli transformatsiya markazi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Adliya vazirligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi, Bojxona qoʻmitasi, Oʻzbekiston Respublikasi Milliy statistika qoʻmitasi Elektron kooperatsiya portalini takomillashtirish hamda statistika, bojxona, sertifikatlashtirish, soliq, moliya organlari maʼlumotlar bazasi bilan integratsiya qiladi. Doimiy ravishda
“Raqamli transformatsiya markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyatining elektron kooperatsiya portalida axborotni joylashtirish va xaridlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida nizomga 2-ILOVA
1-jadval
Sanoat mahsulotlari ishlab chiqarish toʻgʻrisida
MAʼLUMOT
Mahsulot nomi va texnik parametrlar Texnik reglament, standart TIF TN kodi Mahsulotlarning (tovarlar, ishlar, xizmatlarning) statistik tasniflagich kodi Mahalliy ishlab chiqarilgan tovar toʻgʻrisidagi sertifikat raqami Yuridik shaxsning nomi va joylashgan joyi (pochta manzili) Telefon raqami
2-jadval
Sanoat mahsulotlari ishlab chiqarish hajmi toʻgʻrisida
MAʼLUMOT *
Mahsulot nomi va texnik parametrlar Texnik reglament, standart Mahsulotlarning (tovarlar, ishlar, xizmatlarning) statistik tasniflagich kodi Mahalliy ishlab chiqarilgan tovar toʻgʻrisidagi sertifikat raqami Oʻlchov birligi Ishlab chiqarish hajmi Oʻrtacha yillik ishlab chiqarish quvvati miqdori hajmi, ming soʻm
3-jadval
Oʻzbekiston Respublikasining tashqi iqtisodiy faoliyati toʻgʻrisida MAʼLUMOT**
TIF TN kodi Mahsulot nomi Oʻlchov birligi Eksport hajmi Import hajmi miqdori ming AQSH dollari miqdori ming AQSH dollari
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 30-sentabrdagi 833-son qaroriga 2-ILOVA
Muntazam oʻtkaziladigan sanoat yarmarkalarida respublikada ishlab chiqarilgan tayyor mahsulotlar, butlovchi buyumlar, xom ashyo va materiallarni xarid qilish boʻyicha buyurtmachi sifatida ishtirok etuvchilar
T/r Buyurtmachilar guruhi Buyurtmachilarni sanoat yarmarkasi va kooperatsiya birjasida qatnashishini taʼminlashga masʼul vazirlik, idora va xoʻjalik birlashmalari 1. Neft, gaz, kimyo va energetika sanoati tashkilotlari Energetika vazirligi, “Oʻzkimyosanoat” AJ 2. Sogʻliqni saqlash muassasalari Sogʻliqni saqlash vazirligi 3. Maktabgacha va maktab taʼlimi muassasalari Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi 4. Oliy va oʻrta maxsus taʼlim muassasalari Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 5. Transport tashkilotlari Transport vazirligi 6. Qurilish, arxitektura va loyihalashtirish, shuningdek, issiqlik taʼminoti, ichimlik suvi taʼminoti, kanalizatsiya va taʼmirlash-tiklash tashkilotlari Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi 7. Irrigatsiya-meleoratsiya tizimi tashkilotlari Suv xoʻjaligi vazirligi 8. Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalari tashkilotlari Raqamli texnologiyalar vazirligi 9. Musiqa va sanʼat maktablari, madaniyat muassasalari Madaniyat vazirligi 10. Mahsulotlarni import qiluvchi mahalliy tashkilotlar Bojxona qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 11. Togʻ-kon va metallurgiya sanoati tashkilotlari “Navoiy KMK” AJ “Olmaliq KMK” AJ “Oʻzbekiston metallurgiya kombinati” AJ 12. Avtomobilsozlik sanoati va qishloq xoʻjaligi texnikasi tashkilotlari “Oʻzavtosanoat” AJ 13. Boshqa tashkilotlar va sanoat tashkilotlari Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 30-sentabr,
833-son