UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 3-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 3 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 3 октября 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 3 October 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

РЎЙХАТИ

Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Тошкент филиалини ташкил этиш тўғрисида

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, шунингдек, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида ветеринария хизмати ва чорвачилик тармоқларини янада ривожлантириш ҳамда наслчилик-селекция ишларини амалга ошириш учун малакали мутахассислар билан таъминлаш вазифаларини кечиктирмай ҳал этиш борасида қатор долзарб масалалар мавжуд.

Хусусан, Фарғона (148 нафар), Наманган (99 нафар), Андижон (35 нафар) ва Тошкент (136 нафар) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри (25 нафар) ветеринария хизматларида жами 450 нафардан зиёд олий маълумотли мутахассис етишмаслиги сабабли уларнинг ўрнига ўрта махсус маълумотли ёки нафақа ёшидаги мутахассислар фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, чорвачилик тармоқларини янада ривожлантириш ҳамда идоравий ва ишлаб чиқаришдаги ветеринария хизматлари кўрсатишни ташкил этишда ҳам олий маълумотли малакали кадрларга эҳтиёж юқорилиги сезилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 28 мартдаги ПҚ-4254-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда ҳудудлардаги малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қаноатлантириш, ветеринария участкаларини малакали кадрлар билан таъминлаш, соҳани илм-фан ютуқлари асосида ташкил этиш, илмий асосланган инновацион услубларни жорий этиш, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этишни янада такомиллаштириш, таълим сифатини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 28 мартдаги ПҚ-4254-сон қарорида белгиланган вазифаларга мувофиқ Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Тошкент филиали (кейинги ўринларда Филиал деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжига мувофиқ ветеринария ва чорвачилик соҳаси учун янги ва замонавий билимларга эга бўлган юқори малакали кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

ветеринария ва чорвачилик таълими мазмунида соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, инновацион ғоялар ва ишланмалар, юқори унумли ва ресурс тежамкор технологиялар асосида билим бериш, ўқув-лаборатория базасини ривожлантириш, таълим жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш;

хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини жалб этган ҳолда, ветеринария ва чорвачилик соҳалари бўйича мутахассислар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш, ўқув жараёнига замонавий таълим технологияларини ва масофадан ўқитиш усулларини жорий этиш;

профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти, касбий билим даражаси, шунингдек, амалий тажрибасини узлуксиз ривожлантириб бориш механизмларини жорий этиш, уларнинг касбий салоҳиятини ривожлантиришда хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасидан кенг фойдаланиш, хорижий илмий ва олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, илмий ва педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва тажриба орттиришини ташкил этиш;

ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган илмий изланишларни ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда соҳанинг илмий муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш;

чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, дастлабки қайта ишлаш, сотишга ихтисослашган ҳамда наслчилик-селекция фаолияти билан шуғулланадиган ташкилотлар базасида талабаларнинг амалиётларини ташкил этиш;

республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларига истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Филиалнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.

3. Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Тошкент филиалида кадрлар тайёрлаш бўйича бакалавриат таълимининг асосий йўналишлари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Филиал Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида зарур шахсий ҳисобварақларига эга бўлади;

Филиалда ўқитиш мослаштирилган ўқув режалар ва дастурлар асосида ташкил этилади;

Филиалда ўқув жараёни 2020/2021 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги фаолияти мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги йўналишидаги коллежларнинг ветеринария ва чорвачилик соҳасига оид ўқув лабораториялари, тегишли ўқув жиҳозларини Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва унинг филиалларига бериш бўйича белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

Филиалнинг уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Филиални танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Филиалда ўқув-методик жараённинг ташкил этилишини таъминлаш, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин;

Филиалда ахборот-ресурс марказини таянч олий таълим муассасаси томонидан қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

7. Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Ўртаовул ҚФЙ, Амир Темур кўчасида жойлашган Зангиота тумани агросервис касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларинитегишли ҳудуди (асосий воситалари) билан биргаликда Филиалга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

8. Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтларининг грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Филиални сақлаш харажатларини 2019 йилда «Маориф» соҳаси бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2020 йилдан бошлаб эса мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилишини назарда тутсин.

10. Филиалга 2 та енгил хизмат, шу жумладан 1 та навбатчи автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тақдим этилган асосланган ҳисоб-китобларга биноан 2022 йил ва келгуси йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурларини шакллантиришда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ Филиалнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш лойиҳалари ушбу дастурларга белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсинлар.

12. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Т. Норқобилов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 октябрдаги 840-сон қарорига ИЛОВА

Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Тошкент филиалида кадрлар тайёрлаш бўйича бакалавриат таълимининг асосий йўналишлари

Шифр Бакалавриат таълим йўналиши номи 5410600 Зооинженерия (турлари бўйича) 5440100 Ветеринария медицинаси (турлари бўйича) 5440400 Ветеринария — санитария экспертизаси 5440300 Ветеринария диагностикаси ва лаборатория ишлари

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 3 октябрь,

840-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.10.2019 й., 09/19/840/3856-сон; 28.12.2019 й., 09/19/1044/4240-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

ROʻYXATI

Samarqand veterinariya meditsinasi institutining Toshkent filialini tashkil etish toʻgʻrisida

Toshkent shahri va Toshkent viloyati, shuningdek, Fargʻona, Namangan va Andijon viloyatlarida veterinariya xizmati va chorvachilik tarmoqlarini yanada rivojlantirish hamda naslchilik-seleksiya ishlarini amalga oshirish uchun malakali mutaxassislar bilan taʼminlash vazifalarini kechiktirmay hal etish borasida qator dolzarb masalalar mavjud.

Xususan, Fargʻona (148 nafar), Namangan (99 nafar), Andijon (35 nafar) va Toshkent (136 nafar) viloyatlari hamda Toshkent shahri (25 nafar) veterinariya xizmatlarida jami 450 nafardan ziyod oliy maʼlumotli mutaxassis yetishmasligi sababli ularning oʻrniga oʻrta maxsus maʼlumotli yoki nafaqa yoshidagi mutaxassislar faoliyat yuritib kelmoqda. Shuningdek, chorvachilik tarmoqlarini yanada rivojlantirish hamda idoraviy va ishlab chiqarishdagi veterinariya xizmatlari koʻrsatishni tashkil etishda ham oliy maʼlumotli malakali kadrlarga ehtiyoj yuqoriligi sezilmoqda.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2019-yil 28-martdagi PQ-4254-son qarori ijrosini taʼminlash hamda hududlardagi malakali kadrlarga boʻlgan ehtiyojni qanoatlantirish, veterinariya uchastkalarini malakali kadrlar bilan taʼminlash, sohani ilm-fan yutuqlari asosida tashkil etish, ilmiy asoslangan innovatsion uslublarni joriy etish, xalqaro standartlar darajasiga mos oliy maʼlumotli kadrlar tayyorlash tizimini tashkil etishni yanada takomillashtirish, taʼlim sifatini yaxshilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2019-yil 28-martdagi PQ-4254-son qarorida belgilangan vazifalarga muvofiq Samarqand veterinariya meditsinasi institutining Toshkent filiali (keyingi oʻrinlarda Filial deb ataladi) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar Filialning asosiy vazifalari etib belgilansin:

ijtimoiy soha va iqtisodiyot tarmoqlari ehtiyojiga muvofiq veterinariya va chorvachilik sohasi uchun yangi va zamonaviy bilimlarga ega boʻlgan yuqori malakali kadrlarni xalqaro standartlar darajasida sifatli tayyorlashni taʼminlash;

veterinariya va chorvachilik taʼlimi mazmunida soha boʻyicha zamonaviy ishlab chiqarish jarayonlari, innovatsion gʻoyalar va ishlanmalar, yuqori unumli va resurs tejamkor texnologiyalar asosida bilim berish, oʻquv-laboratoriya bazasini rivojlantirish, taʼlim jarayonida nazariya va amaliyot uygʻunligini taʼminlash;

xorijiy ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalarining professor-oʻqituvchilari, olim va mutaxassislarini jalb etgan holda, veterinariya va chorvachilik sohalari boʻyicha mutaxassislar malakasini oshirish va ularni qayta tayyorlash kurslarini tashkil etish, oʻquv jarayoniga zamonaviy taʼlim texnologiyalarini va masofadan oʻqitish usullarini joriy etish;

professor-oʻqituvchilarning ilmiy salohiyati, kasbiy bilim darajasi, shuningdek, amaliy tajribasini uzluksiz rivojlantirib borish mexanizmlarini joriy etish, ularning kasbiy salohiyatini rivojlantirishda xorijiy ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalarining ilgʻor tajribasidan keng foydalanish, xorijiy ilmiy va oliy taʼlim muassasalarida professor-oʻqituvchilar, ilmiy va pedagog kadrlarning malakasini oshirish va tajriba orttirishini tashkil etish;

veterinariya va chorvachilik sohasidagi dolzarb muammolarni hal etishga yoʻnaltirilgan ilmiy izlanishlarni tashkil etish, soha boʻyicha ilmiy va ilmiy-pedagog kadrlar tayyorlash, ilmiy-tadqiqot muassasalari bilan hamkorlikda sohaning ilmiy muammolarini hal etishga yoʻnaltirilgan amaliy va innovatsion izlanishlarni amalga oshirish;

chorvachilik mahsulotlarini ishlab chiqarish, saqlash, dastlabki qayta ishlash, sotishga ixtisoslashgan hamda naslchilik-seleksiya faoliyati bilan shugʻullanadigan tashkilotlar bazasida talabalarning amaliyotlarini tashkil etish;

respublika va xorijiy oliy taʼlim muassasalari hamda ilmiy markazlariga istiqbolli yosh bitiruvchilarni magistratura va doktoranturaga muntazam yuborish orqali Filialning ilmiy-pedagogik salohiyatini oshirib borish.

3. Samarqand veterinariya meditsinasi institutining Toshkent filialida kadrlar tayyorlash boʻyicha bakalavriat taʼlimining asosiy yoʻnalishlari roʻyxati ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

4. Belgilab qoʻyilsinki:

Filial Samarqand veterinariya meditsinasi institutining yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan tarkibiy boʻlinmasi hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blankalarga, mustaqil balansga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Gʻaznachiligida zarur shaxsiy hisobvaraqlariga ega boʻladi;

Filialda oʻqitish moslashtirilgan oʻquv rejalar va dasturlar asosida tashkil etiladi;

Filialda oʻquv jarayoni 2020/2021 oʻquv yilidan boshlanadi hamda talabalarni qabul qilish soni belgilangan tartibda har yili tasdiqlanadigan respublika oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilish parametrlaridan kelib chiqqan holda belgilanadi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda Samarqand, Toshkent viloyatlari va Qoraqalpogʻiston Respublikasidagi faoliyati maqbullashtirilayotgan qishloq xoʻjaligi yoʻnalishidagi kollejlarning veterinariya va chorvachilik sohasiga oid oʻquv laboratoriyalari, tegishli oʻquv jihozlarini Samarqand veterinariya meditsinasi instituti va uning filiallariga berish boʻyicha belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi Toshkent shahar hokimligi bilan birgalikda ikki oy muddatda:

Filialning ustavini belgilangan tartibda tasdiqlasin va uning davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin;

Filialni tanlov asosida yuqori malakali professor-oʻqituvchilar bilan taʼminlash choralarini koʻrsin;

Filialda oʻquv-metodik jarayonning tashkil etilishini taʼminlash, shtatlar jadvali va xarajatlar smetasini tasdiqlash, uni oʻquv-laboratoriya asbob-uskunalari va kompyuter texnikasi bilan jihozlash boʻyicha aniq chora-tadbirlarni amalga oshirsin;

Filialda axborot-resurs markazini tayanch oliy taʼlim muassasasi tomonidan qoʻshimcha oʻquv, ilmiy va badiiy adabiyotlar bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.

7. Toshkent viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasining Toshkent viloyati, Zangiota tumani, Oʻrtaovul QFY, Amir Temur koʻchasida joylashgan Zangiota tumani agroservis kasb-hunar kollejining bino va inshootlarinitegishli hududi (asosiy vositalari) bilan birgalikda Filialga operativ boshqaruv huquqi asosida berish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

8. Quyidagilar Filial faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari;

toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;

xoʻjalik faoliyatidan va shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan tushumlar;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

xalqaro moliya institutlarining grantlari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Filialni saqlash xarajatlarini 2019-yilda “Maorif” sohasi boʻyicha tasdiqlangan budjet parametrlari doirasida, 2020-yildan boshlab esa mazkur sohaga har yili ajratiladigan mablagʻlar doirasida amalga oshirilishini nazarda tutsin.

10. Filialga 2 ta yengil xizmat, shu jumladan 1 ta navbatchi avtotransport vositasini saqlash uchun limit ajratilsin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va sanoat vazirligi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Moliya vazirligi bilan birgalikda Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi tomonidan taqdim etilgan asoslangan hisob-kitoblarga binoan 2022-yil va kelgusi yillarga moʻljallangan Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiya dasturlarini shakllantirishda tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlariga muvofiq Filialning bino va inshootlarini rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash hamda jihozlash loyihalari ushbu dasturlarga belgilangan tartibda kiritilishini nazarda tutsinlar.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari A.A. Abduxakimov va Oʻzbekiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi raisi B.T. Norqobilov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 3-oktabrdagi 840-son qaroriga ILOVA

Samarqand veterinariya meditsinasi institutining Toshkent filialida kadrlar tayyorlash boʻyicha bakalavriat taʼlimining asosiy yoʻnalishlari

Shifr Bakalavriat taʼlim yoʻnalishi nomi 5410600 Zooinjeneriya (turlari boʻyicha) 5440100 Veterinariya meditsinasi (turlari boʻyicha) 5440400 Veterinariya — sanitariya ekspertizasi 5440300 Veterinariya diagnostikasi va laboratoriya ishlari

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 3-oktabr,

840-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 04.10.2019-y., 09/19/840/3856-son; 28.12.2019-y., 09/19/1044/4240-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son)

lex.uz